язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Конституциялар ва кодекслар/ Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси/ Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси (ЎзР 30.04.1998 й. 598-I-сон Қонуни билан тасдиқланган)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ЕР КОДЕКСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ер тўғрисидаги қонун

ҳужжатларининг асосий вазифалари


Ер умум миллий бойликдир, Ўзбекистон Республикаси халқи ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари ҳозирги ва келажак авлодларнинг манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ва яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ер муносабатларини тартибга солишдан, шунингдек бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашдан иборат.



2-модда. Ер тўғрисидаги қонун

ҳужжатларининг асосий принциплари


Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қуйидаги асосий принципларга асосланади:

энг муҳим табиий ресурс, фуқаролар ҳаётий фаолиятининг асоси тариқасида ер фондини асраш, тупроқ сифатини яхшилаш ҳамда унинг унумдорлигини ошириш;

ерлардан оқилона, самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларнинг, энг аввало суғориладиган ерларнинг алоҳида муҳофаза этилишини, кенгайтириб борилишини ҳамда улардан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини ошириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда ерларни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширишни давлат йўли билан ва бошқа тарзда қўллаб-қувватлаш;

ерга ва бутун атроф табиий муҳитга зарар етказилишининг олдини олиш, экологик хавфсизликни таъминлаш;

ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш шаклларининг хилма-хиллиги, ер муносабатлари иштирокчиларининг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш ҳамда уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этиш;

ердан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш;

ерларнинг ҳолати ҳақидаги ахборотнинг тўлиқ бўлишини ҳамда ундан эркин фойдаланишга йўл қўйилишини таъминлаш.



3-модда. Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодексдан ва ер муносабатларини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Қорақалпоғистон Республикасида ер муносабатлари Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

Тоғ, ўрмон ва сув билан боғлиқ муносабатлар, тупроқ, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан, шунингдек атмосфера ҳавосидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга оид муносабатлар махсус қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларидагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

ер муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари


Ер муносабатларини тартибга солиш соҳасида қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколатларига киради:

ерлардан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

ушбу Кодексга, бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ер муносабатларини тартибга солиш тўғрисида норматив ҳужжатлар қабул қилиш;

тупроқ унумдорлигини ошириш, ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш юзасидан давлат дастурларини тасдиқлаш; 

қишлоқ хўжалигининг табиий мослашуви жиҳатидан ерларни районлаштириш, ер тузишни, ер мониторинги ўтказилишини ва давлат ер кадастри юритилишини ташкил этиш;

давлат мулкидаги ерларни тасарруф этиш;

ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишда вазирликлар ҳамда идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқларини ҳамда ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини белгиланган тартибда ушбу Кодекснинг 36-моддасига мувофиқ бекор қилиш;

ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини ташкил этиш;

ер муносабатларини тартибга солиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколатларига кирадиган бошқа масалаларни ҳал қилиш.



5-модда. Вилоятлар, Тошкент шаҳар давлат ҳокимияти

органларининг ер муносабатларини тартибга солиш

соҳасидаги ваколатлари


Ер муносабатларини тартибга солиш соҳасида қуйидагилар вилоятлар, Тошкент шаҳар давлат ҳокимияти органларининг ваколатларига киради:

тупроқ унумдорлигини ошириш, ерлардан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий дастурлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ер ресурсларидан белгиланган мақсадда, оқилона ва самарали фойдаланиш, ерларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш;

ер тузишни, ер мониторинги ўтказилишини ва давлат ер кадастри юритилишини ташкил этиш;

юридик шахсларга қишлоқ хўжалик эҳтиёжлари ҳамда бошқа давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага ер бериш;

ўлчамидан қатъи назар барча ерларни олиб қўйиш, алоҳида қимматга эга бўлган унумдор суғориладиган ерлар, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар ва тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар, шаҳар атрофи ерлари ва шаҳарларнинг яшил зоналари ерлари, илмий-тадқиқот ташкилотлари ва ўқув юртларининг тажриба майдонлари, ўрмон ўсимликлари билан қопланган ерлар бундан мустасно;

дипломатия ваколатхоналари ҳамда уларга тенглаштирилган, Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган халқаро ташкилотларга мазкур ваколатхоналарнинг биноларини, шу жумладан ваколатхона бошлиғи қароргоҳини қуриш учун ер участкаларини мулк этиб реализация қилиш;

ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқларини ҳамда ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини белгиланган тартибда ушбу Кодекснинг 36-моддасига мувофиқ бекор қилиш;

ер муносабатларини тартибга солиш соҳасида вилоятлар, Тошкент шаҳар давлат ҳокимияти органларининг ваколатларига кирадиган бошқа масалаларни ҳал қилиш.


6-модда. Туманлар давлат ҳокимияти органларининг ер

муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари


Ер муносабатларини тартибга солиш соҳасида қуйидагилар туманлар давлат ҳокимияти органларининг ваколатларига киради:

тупроқ унумдорлигини ошириш, ерлардан оқилона ва самарали фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш тадбирларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш;

фуқароларга, юридик шахсларга эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага ер бериш, шунингдек тубдан яхшилаш ишлари амалга оширилган суғориладиган ерлар, пичанзорлар ва яйловлардан, табиатни муҳофаза қилиш мақсадларига мўлжалланган ерлардан ташқари ерларни, ўрмон ўсимликлари билан қопланган ерлардан ташқари ўрмон фонди ерларини, саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадлар учун мўлжалланган ерларни, сув фонди ерларини олиб қўйиш - ҳар бир ер эгасига ва ердан фойдаланувчига ўн гектаргача ўлчамда;

фуқароларга фермер хўжалиги юритиш учун ерларни ижарага бериш;

фуқароларга, юридик шахсларга захира ерлардан ер участкасининг ўлчамидан қатъи назар, эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага ер бериш;

ер участкаларини савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари билан биргаликда юридик ва жисмоний шахсларга мулк этиб реализация қилиш;

ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини кимошди савдоси асосида фуқароларга реализация қилиш;

ер тузишни, ер мониторинги ўтказилишини ва давлат ер кадастри юритилишини ташкил этиш;

ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар ҳамда уларга оид битимларнинг давлат рўйхатига олинишини ташкил этиш;

ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқларини ҳамда ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини белгиланган тартибда ушбу Кодекснинг 36-моддасига мувофиқ бекор қилиш;

қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ташкил этилган, қайта ташкил этилган ва тугатилган ҳолларда, уларнинг ерга эгалик қилиши ва ердан фойдаланиши масалаларини ҳал этиш;

ер муносабатларини тартибга солиш соҳасида туманлар давлат ҳокимияти органларининг ваколатларига кирадиган бошқа масалаларни ҳал қилиш.


7-модда. Шаҳарлар давлат ҳокимияти органларининг ер

муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари


Ер муносабатларини тартибга солиш соҳасида қуйидагилар шаҳарлар давлат ҳокимияти органларининг ваколатларига киради:

ерлардан оқилона ва самарали фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш тадбирларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш;

ер участкасининг ўлчамидан қатъи назар, шаҳар чегараси доирасида эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага ер бериш, шунингдек ерни олиб қўйиш, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ерлари бундан мустасно;

ер участкаларини савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари билан биргаликда юридик ва жисмоний шахсларга мулк этиб реализация қилиш;

ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини кимошди савдоси асосида фуқароларга реализация қилиш;

ер тузишни, ер мониторинги ўтказилишини ва давлат ер кадастри юритилишини ташкил этиш;

ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар ҳамда уларга оид битимларнинг давлат рўйхатига олинишини ташкил этиш;

ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқларини ҳамда ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини белгиланган тартибда ушбу Кодекснинг 36-моддасига мувофиқ бекор қилиш;

ер муносабатларини тартибга солиш соҳасида шаҳарлар давлат ҳокимияти органларининг ваколатларига кирадиган бошқа масалаларни ҳал қилиш.


2-БОБ. ЕР ФОНДИ


8-модда. Ер фонди тоифалари


Ўзбекистон Республикасида ер фонди ерлардан фойдаланишнинг белгиланган асосий мақсадига кўра қуйидаги тоифаларга бўлинади:

1) қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар - қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ёки ана шу мақсадга мўлжалланган ерлар. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар суғориладиган ва суғорилмайдиган (лалмикор) ерлар, ҳайдаладиган ерлар, пичанзорлар, яйловлар, кўп йиллик мевали дов-дарахтлар ва токзорлар эгаллаган ерларга бўлинади;

2) аҳоли пунктларининг (шаҳарлар, посёлкалар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг) ерлари - шаҳарлар ва посёлкалар, шунингдек қишлоқ аҳоли пунктлари чегараси доирасидаги ерлар;

3) саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар - кўрсатилган мақсадларда фойдаланиш учун юридик шахсларга берилган ерлар;

4) табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар - муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эгаллаган, устувор экологик, илмий, маданий, эстетик, рекреация ва санитария-соғломлаштириш аҳамиятига молик ерлар;

5) тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар - моддий маданий мерос объектлари жойлашган ерлар;

6) ўрмон фонди ерлари - ўрмон билан қопланган, шунингдек ўрмон билан қопланмаган бўлса ҳам, ўрмон хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ерлар;

7) сув фонди ерлари - сув объектлари, сув хўжалиги иншоотлари эгаллаган ерлар ва сув объектларининг қирғоқлари бўйлаб ажратилган минтақадаги ерлар;

8) захира ерлар.



9-модда. Ерларни тоифаларга бўлиш ва

бир тоифадан бошқасига ўтказиш


Ерлар асосий фойдаланиш мақсадига қараб ер фонди тоифаларига бўлинади.

Ерлардан асосий фойдаланиш мақсади - ерлардан ер-кадастр ҳужжатларида акс эттириладиган аниқ мақсадларни кўзлаб фойдаланишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартиби ва шартларидир.

Ерларни ер фондининг бир тоифасидан бошқасига ўтказиш ерлардан асосий фойдаланиш мақсади ўзгарган тақдирда амалга оширилади.

Ерларни ер фонди тоифаларига бўлиш ва бир тоифадан бошқасига ўтказиш ер участкаларини бериш ҳуқуқига эга бўлган органлар томонидан амалга оширилади.

Ер фондининг тоифаси ер участкаларини бериш ҳуқуқига эга бўлган органлар томонидан қабул қилинадиган ер участкаларини бериш тўғрисидаги қарорларда, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи гувоҳномаларда, шартномаларда, бошқа ҳужжатларда, давлат ер кадастри ҳужжатларида кўрсатилади.

Ерларни бир тоифадан бошқасига ўтказишнинг белгиланган тартибини бузиш бундай ўтказиш фактларини ғайриқонуний деб ва улар асосида тузилган ер участкаларига доир битимларни ҳақиқий эмас деб топишга, шунингдек ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олишни рад этишга асос бўлади.


10-модда. Ер участкаси


Ер участкаси - ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа хусусиятларига эга бўлган қисмидир.

Ер участкасининг чегараси планларда (чизмаларда) қайд этилади ва натурада (жойнинг ўзида) белгиланади. Ер участкасининг майдони натурада (жойнинг ўзида) чегара белгиланганидан кейин аниқланади.

Ер участкаси бўлинадиган ва бўлинмайдиган бўлиши мумкин.

Ўзининг асосий фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ва ёнғинга қарши, санитария, экологияга оид, шаҳарсозлик ҳамда бошқа мажбурий нормалар ва қоидаларни бузмаган ҳолда қисмларга бўлиш мумкин бўлган ва бу иш амалга оширилганидан кейин ҳосил бўлган қисмларнинг ҳар бири мустақил ер участкасини ташкил этиши мумкин бўлган ер участкаси бўлинадиган ер участкаси ҳисобланади.

Фойдаланиш мақсадига кўра мустақил ер участкаларига бўлиниши мумкин бўлмаган ер участкаси бўлинмайдиган ер участкаси ҳисобланади.


3-БОБ. ЕР ТУЗИШ


11-модда. Қишлоқ хўжалигининг табиий

мослашуви жиҳатидан ерларни районлаштириш


Қишлоқ хўжалигининг табиий мослашуви жиҳатидан ерларни районлаштириш - ҳудудларнинг табиий шароитларни ва қишлоқ хўжалиги ўсимликлари агробиологик талабларини ҳисобга олган ҳолда бўлинишидир.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш қишлоқ хўжалигининг табиий мослашуви жиҳатидан ерларни районлаштиришга мувофиқ амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалигининг табиий мослашуви жиҳатидан ерларни районлаштириш тўғрисидаги норматив ҳужжатларнинг талаблари ер участкаларини қонуний сақлаш вазифаларига тааллуқли бўлиб, юридик ва жисмоний шахсларга ана шу участкаларни бериш шартлари жумласига киритилади.


12-модда. Ер тузишнинг

вазифалари ва мазмуни


Ер тузиш ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни ташкил этишга, ер ресурсларини ҳисобга олиш ва баҳолашга, қулай экологик муҳитни вужудга келтиришга ва табиий ландшафтларни яхшилашга, ер тузишнинг ҳудудий ва ички хўжалик режаларини тузишга қаратилган тадбирлар тизимини ўз ичига олади.

Ер тузиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органи қарорига ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг талабномаларига мувофиқ ер тузиш хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

Ер тузиш истиқболга мўлжалланган, лойиҳалаш олдидан, хўжаликлараро ҳамда ички хўжалик ер тузиш турларига бўлинади.

Истиқболга мўлжалланган ва лойиҳалаш олдидан амалга ошириладиган ер тузишга қуйидагилар киради:

1) республика ва унинг минтақаларининг ер-сув ресурсларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш чизмаларини ишлаб чиқиш;

2) туманлар ва вилоятларнинг ер тузилиши чизмаларини ишлаб чиқиш;

3) тупроқ унумдорлигини ошириш, ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ истиқбол режаларини, республика миқёсидаги ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш;

4) муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг жойлашиши ва чегаралари белгиланишини асослаш.

Хўжаликлараро ер тузишга қуйидагилар киради:

1) жойнинг ўзида овуллар, қишлоқлар, посёлкалар, туманлар, шаҳарлар, вилоятларнинг чегараларини белгилаш;

2) ерларнинг жойлашишидаги ноқулайликларни бартараф этган ҳолда ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачиларнинг ва мулкдорларнинг янги ер участкаларини ташкил этиш ҳамда мавжуд ер участкаларини тартибга солиш лойиҳаларини тузиш;

3) янги ташкил этилаётган, қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалик корхоналари, муассасалари ҳамда ташкилотларига ер ажратиб бериш лойиҳаларини тузиш;

4) корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиладиган ерларни ажратиб бериш лойиҳаларини тузиш;

5) ер участкаларини натурада (жойнинг ўзида) ажратиб бериш, ерга эгалик қилиш ҳуқуқини ва ердан фойдаланиш ҳуқуқини, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини ҳамда ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тайёрлаш;

6) янги ерларни ўзлаштириш, қишлоқ хўжалик ерларини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, бузилган ерларни рекультивация қилиш, тупроқни сув ва шамол эрозиясидан, селлардан, кўчкилардан, сув босишдан, захлашдан, қақраб қолишдан, заранглашишдан, ишлаб чиқариш чиқиндилари, радиоактив ва кимёвий моддалар билан ифлосланишдан ҳимоя қилиш бўйича ишчи лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

7) барча ерларни рўйхатга олиш ҳамда фойдаланилмаётган, самарасиз фойдаланилаётган ёки белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган ерларни доимий аниқлаб бориш;

8) ерларни ресурс жиҳатидан баҳолаш, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш юзасидан ер тузиш ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

9) ерларни баҳолаш тадбирларини ўтказиш.

Хўжаликлараро ер тузиш туманлар ёки бир-бирлари билан ўзаро боғлиқ қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари гуруҳларининг маъмурий чегаралари доирасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Хўжаликлараро ер тузиш лойиҳалари бошқа туманлар ёки шаҳар ва посёлкалар ҳудудига тегишли бўлган ҳолларда, уларнинг чегараларини ўзгартириш масалалари маъмурий-ҳудудий бирликларнинг чегараларини жойнинг ўзида белгилаш тартибида ҳал қилинади.

Хўжаликлараро ер тузиш лойиҳалари тасдиқланганидан кейин натурага (жойнинг ўзига) кўчирилиб, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорлар ер участкаларининг чегаралари белгиланган намунадаги марза белгилари билан ажратилади.

Ички хўжалик ер тузиш тури қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ҳудудини ички хўжалик негизида белгилаб олиб, илмий асосланган алмашлаб экишни жорий қилишни, барча қишлоқ хўжалик ерларини (пичанзорлар, яйловлар, боғлар, токзорлар ва бошқаларни) жойлаштиришни, тупроқ эрозиясига қарши кураш тадбирларини ишлаб чиқишни, шунингдек суғориладиган ерларни тўла реконструкциялашни ўз ичига олади.

Ички хўжалик ер тузиш тури лойиҳаларининг амалга оширилиши устидан ер тузишнинг таркибий қисми бўлган муаллифлик назорати олиб борилади.

Ер тузиш тартибида ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ бошқа лойиҳалар ҳам ишлаб чиқилиши мумкин.

Ер тузиш таркибида топография-геодезия, картография, тупроқ, агрокимё, геоботаника жиҳатидан, тарихий-маданий ва бошқа йўналишда текширишлар ҳамда изланишлар олиб бориш назарда тутилади.



13-модда. Ер тузиш лойиҳасини

кўриб чиқиш ва тасдиқлаш


Маъмурий-ҳудудий бирликларнинг чегараларини жойнинг ўзида белгилашга доир материаллар, шунингдек истиқболга мўлжалланган ҳамда лойиҳалаш олдидан ер тузиш ишларига доир бошқа материаллар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади ва тасдиқланади.

Хўжаликлараро ва хўжалик ичидаги ер тузиш лойиҳалари қишлоқ хўжалиги ҳамда ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари мол-мулкининг мулкдорлари ёки улар ваколат берган органлар томонидан кўриб чиқилади ва қабул қилинади, шунингдек манфаатдор ташкилотлар билан келишилади.

Хўжаликлараро ер тузиш лойиҳалари вилоят ҳокими томонидан тасдиқланади. Юридик ва жисмоний шахсларга ер ажратиб бериш лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан тасдиқланади.

Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ички хўжалик ер тузиш лойиҳалари туман ҳокими томонидан тасдиқланади. Ер тузиш лойиҳаларига ўзгартишлар ушбу лойиҳаларни тасдиқлаган органларнинг рухсати билан киритилади.

Ер тузишни ер тузиш хизмати органлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширади. Қишлоқ хўжалик экинзорларини жойлаштириш, ерларни яхшилаш ва муҳофаза қилиш, эрозияга қарши ва мелиорация тадбирларини амалга ошириш борасидаги ер тузиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш юридик ва жисмоний шахсларнинг талабномаларига мувофиқ улар ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.



14-модда. Ер мониторинги


Ер мониторинги ер таркибидаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш, ерларга баҳо бериш, салбий жараёнларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш учун ер фондининг ҳолатини кузатиб туриш тизимидан иборат.

Давлат ер кадастрини юритишни, ердан фойдаланишни, ер тузишни, ер фондидан белгиланган мақсадда ва оқилона фойдаланиш устидан давлат назоратини амалга оширишни, ерларни муҳофаза қилишни ахборот билан таъминлаш ер мониторинги асосида амалга оширилади.

Ер мониторингини ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


15-модда. Давлат ер кадастри


Давлат ер кадастри ерларнинг табиий, хўжалик ва ҳуқуқий режими, уларнинг тоифалари, сифат кўрсаткичлари ва баҳоси, ер участкаларининг жойлашган манзили ва ўлчамлари, уларни ер эгаларига, ердан фойдаланувчиларга, ижарачиларга ҳамда мулкдорларга тақсимлаш тўғрисидаги зарур, ишончли маълумотлар ва ҳужжатлар тизимидан иборат.

Давлат ер кадастри Ўзбекистон Республикаси давлат кадастрларининг ягона тизимига кирувчи давлат ва тармоқ табиат ресурслари кадастрларининг асосидир.

Давлат ер кадастри ер муносабатларини тартибга солиш, ердан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, ер тузишни ташкил этиш, ер учун тўланадиган ҳақ миқдорини асослаш, хўжалик фаолиятига баҳо бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларни ер тўғрисидаги маълумотлар билан таъминлашга мўлжаллангандир.

Давлат ер кадастри ернинг қиймат баҳосини аниқлаш учун асос бўлади.

Давлат ер кадастрининг маълумотлари ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишда, ер участкалари бериш (реализация қилиш) ва уларни олиб қўйишда, ер учун тўланадиган ҳақ миқдорларини белгилашда, ер тузиш ишларини ўтказишда, хўжалик фаолиятига баҳо беришда ҳамда ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш юзасидан бошқа тадбирларни амалга оширишда мажбурий тартибда татбиқ этилади.

Давлат ер кадастри бутун республика учун ягона тизим асосида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан давлат кадастри ва ер тузиш хизмати органлари томонидан юритилади.

Давлат ер кадастрини юритиш топография-геодезия, картография, тупроқ, агрокимё, геоботаника жиҳатидан ва бошқа йўналишда текшириш ва изланишлар олиб бориш, ерларни ҳисобга олиш ва уларга баҳо бериш, ер эгаларининг, ердан фойдаланувчиларнинг, ижарачиларнинг ҳамда мулкдорларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини рўйхатга олиш билан таъминланади.

Давлат ер кадастрини юритиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


4-БОБ. ЕРГА БЎЛГАН МУЛКЧИЛИК.

ЮРИДИК ВА ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ

ЕР УЧАСТКАЛАРИГА БЎЛГАН ҲУҚУҚЛАРИ


16-модда. Ўзбекистон Республикасида

ерга бўлган мулкчилик


Ер давлат мулки - умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланиш зарур, у давлат томонидан муҳофаза этилади ҳамда олди-сотди қилинмайди, айирбошланмайди, ҳадя этилмайди, гаровга қўйилмайди, Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.


17-модда. Юридик ва жисмоний шахсларнинг

ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари


Юридик шахслар ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, ижарага олиш ва мулк ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлишлари мумкин.

Жисмоний шахслар ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, ижарага олиш ва мулк ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлишлари мумкин.


18-модда. Юридик ва жисмоний шахсларнинг

ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқининг вужудга келиши


Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари улар жойлашган ер участкалари билан бирга хусусийлаштирилганда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда вужудга келади.

Дипломатия ваколатхоналари ва уларга тенглаштирилган, Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган халқаро ташкилотларнинг ер участкаларига мулк ҳуқуқи уларга ўзлари ваколатхона биноси сифатида фойдаланаётган иморат ёки иморатнинг қисмлари, шу жумладан ваколатхона бошлиғининг қароргоҳи улар жойлашган ер участкалари билан бирга, шунингдек мазкур ваколатхоналарнинг иморатларини қуриш учун ер участкалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда реализация қилинганда вужудга келади.

Чет эллик юридик ва жисмоний шахсларнинг - дипломатия корпуси ходимларининг, Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган матбуот вакилларининг, фирмалар, компаниялар ва халқаро ташкилотлар доимий ваколатхоналари ходимларининг, чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналарда доимий асосда ишловчи шахсларнинг, шунингдек республикада доимий истиқомат қилувчи ва яшаш учун гувоҳномаси бўлган шахсларнинг ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи уларга уй-жой бинолари шу бинолар жойлашган ер участкалари билан бирга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда реализация қилинганда вужудга келади.


19-модда. Ер участкаларига мерос қилиб

қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи


Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари:

деҳқон хўжалиги юритиш учун;

якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун;

жамоа боғдорчилиги ва узумчилиги юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга ер участкаси олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам берилиши мумкин.

Фуқароларнинг ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи Ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати билан тасдиқланади.

Ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжатининг шакли, уни рўйхатга олиш ва бундай ҳужжатни бериш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



20-модда. Ер участкаларига доимий ва муддатли (вақтинча)

эгалик қилиш ҳамда улардан доимий ва муддатли

(вақтинча) фойдаланиш ҳуқуқи


Ер участкалари юридик ва жисмоний шахсларга доимий ва муддатли (вақтинча) эгалик қилишга ҳамда улардан доимий ва муддатли (вақтинча) фойдаланишга берилиши мумкин.

Ер участкалари корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга қишлоқ ва ўрмон хўжалиги юритиш учун, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса, бошқа мақсадлар учун ҳам доимий эгалик қилишга берилади.

Доимий ёки муддатли (вақтинча) фойдаланиш учун ер участкалари:

Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига;

саноат, транспорт ҳамда бошқа ноқишлоқ хўжалик корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига;

чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга;

чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга берилади.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ер участкалари фойдаланиш учун бошқа ташкилотлар ва шахсларга ҳам берилади.

Ер участкасига доимий эгалик қилиш ҳуқуқи Ер участкасига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати билан тасдиқланади.

Ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи Ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати билан тасдиқланади.

Давлат ҳужжатларининг шакллари, уларни рўйхатга олиш ва бундай ҳужжатларни бериш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Ер участкаларидан муддатли фойдаланиш қисқа муддатли-уч йилгача ва узоқ муддатли-уч йилдан ўн йилгача бўлиши мумкин. Ишлаб чиқариш зарурияти тақозо этганда бу муддатлар тегишинча қисқа муддатли ёки узоқ муддатли вақтинча фойдаланиш муддатларидан ортиқ бўлмаган даврга узайтирилиши мумкин. Ер участкаларидан вақтинча фойдаланиш муддатларини узайтириш шу участкаларни берган органлар томонидан амалга оширилади.

Яйлов чорвачилиги учун ер участкалари қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига йигирма беш йилгача муддатга берилиши мумкин.



21-модда. Биргаликда эгалик қилинадиган

ёки фойдаланиладиган ер участкалари


Ер участкасини ушбу Кодекс 10-моддасининг бешинчи қисмига асосан бўлишнинг имконияти бўлмаса, бундай ер бир неча юридик ва жисмоний шахслар томонидан биргаликда эгалик қилинадиган ва фойдаланиладиган ер участкаси деб эътироф этилади, бу ҳол ер участкаларига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини ёки ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ҳужжатларида акс эттирилади.


22-модда. Ер участкасига эгалик қилиш ва ундан

доимий фойдаланиш ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши


Корхона, бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки уларни оператив бошқариш ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ана шу объектлар билан биргаликда мазкур объектлар жойлашган ҳамда улардан фойдаланиш учун зарур бўлган ер участкасига эгалик қилиш ва ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқи ҳам ўтади.

Уй-жойга, чорбоғга бўлган мулк ҳуқуқи (сотиб олиш, ҳадя ёки мерос бўйича олиш ва бошқа ҳолларда) жисмоний шахсга ўтган тақдирда, ана шу иморатларга мулк ҳуқуқи билан биргаликда мазкур иморатлар жойлашган барча ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқлари ҳам ўтади.

Корхона, бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мол-мулк жойлашган ер участкасига эгалик қилиш ва ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши мулкдорларнинг ёки улар ваколат берган органлар ҳамда шахсларнинг тегишинча шартномалари, қарорлари асосида туман, шаҳар ер-кадастр дафтарига ернинг янги эгаси ёки ердан янги фойдаланувчи тўғрисидаги маълумотларни киритиш ва уларга ер участкасига доимий эгалик қилиш, ундан доимий фойдаланиш ёки ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжатларини топшириш йўли билан расмийлаштирилади.

Корхонанинг, бинонинг, иншоотнинг ёки бошқа кўчмас мол-мулкнинг бир қисмига нисбатан мулк ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи, уларни оператив бошқариш ҳуқуқи янги мулкдорга ёки бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг эгасига ўтган тақдирда, унга ер участкасининг корхонанинг, бинонинг, иншоотнинг ёки бошқа кўчмас мол-мулкнинг улушига мутаносиб бўлган қисмига эгалик қилиш ва ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқи ҳам ўтади, ер участкасини бундай ажратиш мумкин бўлмаган ҳолларда, шунингдек ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган масалалар юзасидан низолашилган ҳолларда ер участкасининг бўлиниши давлат кадастри ва ер тузиш хизмати органлари томонидан амалга оширилиб, туман, шаҳар ҳокимининг қарори билан тасдиқланади ва шундан кейин ер участкасига эгалик қилиш ва ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқи давлат рўйхатига олиниб, тегишли давлат ҳужжатлари берилади.


23-модда. Ер участкалари бериш (реализация қилиш)

Ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) ер ажратиш тариқасида амалга оширилади.

Ер участкаларини ажратиб бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар, шаҳарлар ҳокимлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

Эгаликдаги, фойдаланишдаги, ижарадаги ва мулк қилиб берилган ер участкасини бошқа шахсларга бериш (реализация қилиш) фақат шу участка белгиланган тартибда олиб қўйилганидан (сотиб олинганидан) кейин амалга оширилади.

Саноат корхоналари, темир йўллар ва автомобиль йўллари, алоқа ва электр ўтказиш линиялари, магистрал трубопроводлар қуриш учун, шунингдек қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ёки қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз бўлган ерлар ёхуд қишлоқ хўжалигининг сифати ёмон ерлари берилади (реализация қилинади). Ўрмон фондига қарашли ерлардан мазкур мақсадлар учун ер участкалари бериш (реализация қилиш) асосан ўрмон билан қопланмаган майдонлар ёки бута ва арзонбаҳо дов-дарахтлар билан қопланган майдонлар ҳисобидан амалга оширилади.

Берилган (реализация қилинган) ер участкасининг чегараларини тегишли ер тузиш хизмати натурада (жойнинг ўзида) белгилагунига ва ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатлар берилгунига қадар мазкур ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга киришиш тақиқланади.

Ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


24-модда. Ер участкаси ижараси


Ер участкасининг ижараси ер участкасига ижара шартномаси шартларида муддатли, ҳақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланишдан иборатдир.

Ер участкасини шартнома асосида қуйидагилар ижарага берадилар:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ва юридик шахсларига - туман ва шаҳар ҳокимлари;

чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси.

Қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ер участкаларини ички хўжалик ижараси тартибида фақат қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун ижарачиларга бириктириб қўйиши мумкин.

Ижарага берилган ер участкаси ёки унинг бир қисмини иккиламчи ижарага бериш тақиқланади, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ижарага берилган ер участкалари олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас. Ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи кредитлар олиш учун гаровга қўйилиши мумкин. Ижарачи фақат қонунда ёки ижара шартномасида назарда тутилган ҳоллардагина ер участкасига бўлган ўзининг ижара ҳуқуқларини ижарага берувчининг розилигисиз гаровга қўйишга ҳақлидир.

Ер участкалари ижарасининг шартлари ва муддатлари тарафларнинг келишувига биноан белгиланади ва шартномада мустаҳкамлаб қўйилади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ижарага эллик йилгача бўлган, бироқ ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга берилиши мумкин.

Ижарачи ер участкалари ижара шартномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин шартномани янгилашда бошқа тенг шароитларда устун ҳуқуққа эга.

Ер участкаларини ижарага олганлик учун ҳақ тўлаш тартиби ва унинг миқдори ижара шартномасида қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади.

Ер участкаларини ижарага бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


25-модда. Ер участкаларидан

қидирув ишлари учун фойдаланиш


Геология-суратга олиш, қидириш, геодезия ва бошқа қидирув ишларини амалга оширувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар бу ишларни белгиланган тартибда қабул қилинган қарорлар ва тузилган шартномалар асосида барча тоифадаги ерларда ер эгаларидан, ердан фойдаланувчилардан, ижарачилардан ҳамда мулкдорлардан ер участкаларини олиб қўймаган ҳолда амалга оширишлари мумкин.

Суғориладиган ҳайдов ерларида, боғларда, токзорлар, тутзорлар, мевазорлар, тубдан яхшилаш ишлари амалга оширилган пичанзорлар ва яйловларда, ўрмон ўсимликлари билан қопланган ерларда, қидирув ишларини амалга ошириш учун рухсатномани вилоят ҳокими, бошқа ерларда эса, туман ва шаҳар ҳокимлари бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берадилар, зарур ҳолларда бу муддатни узоғи билан яна бир йилга узайтиришга йўл қўйилади.

Табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадларига мўлжалланган ерларда ва тарихий-маданий аҳамиятга молик ерларда қидирув ишларини амалга оширишга рухсатнома қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва ваколатли органлар томонидан берилади.

Қидирув ишларини олиб борувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар иш давомида бузилган ер участкаларини белгиланган мақсадларда фойдаланиш учун ўз ҳисобларидан яроқли ҳолатга келтиришлари ва ер эгаларига, ердан фойдаланувчиларга, ер участкаларининг ижарачиларига ҳамда мулкдорларига топширишлари, ерлар, экинзорлар, дов-дарахтлар, ўрмонлар, сувлар ва бошқа табиат объектларининг, трубопроводлар, канализация, мелиорация тармоқлари ва бошқа иншоотларнинг яроқли ҳолда сақланишини таъминлаш чораларини кўришлари, шунингдек ер участкаларини вақтинча эгаллаб туриш муносабати билан ер эгаларига, ердан фойдаланувчиларга, ер участкаларининг ижарачиларига ҳамда мулкдорларига етказилган зарарни (шу жумладан бой берилган фойдани) қоплашлари шарт.



26-модда. Ер участкаларидан

иморат қуриш учун фойдаланиш


Ер участкаларини (ҳайдаладиган ерлар бундан мустасно) доимий эгалик қилишга ва фойдаланишга, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга, узоқ муддатли вақтинча фойдаланишга, ижарага ва мулк қилиб олган юридик ва жисмоний шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ ер участкасини сақлаш вазифасига оид мажбуриятлар бажарилган тақдирда ўзлари олган корхоналар, бинолар, иморатлар, иншоотларни белгиланган тартибда қуриш, бузиш ёки реконструкция қилишга ҳақлидир.


27-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка

тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш

учун ер участкалари бериш ёки реализация қилиш


Шаҳарлар ва посёлкаларда, шунингдек қишлоқ хўжалиги ҳамда ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг эгалигидаги ерлар таркибига кирмаган қишлоқ аҳоли пунктларида доимий яшаб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар бир оилага 0,06 гектаргача ер участкалари берилади.

Якка тартибда уй-жой қуриш учун 0,04 гектаргача доирада ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланган тартибда кимошди савдоси асосида реализация қилинади.


28-модда. Ер учун ҳақ тўлаш


Ўзбекистон Республикасида ердан фойдаланганлик учун ҳақ тўланади.

Ўз эгалигида ва фойдаланишида ҳамда мулкида ер участкалари бўлган юридик ва жисмоний шахслар ер учун ҳақ тўлайдилар. Ер учун ҳақ ҳар йили тўланадиган ер солиғи шаклида олинади, унинг миқдори ер участкасининг сифатига, жойлашишига ва сув билан таъминланиш даражасига қараб белгиланади.

Ер солиғининг ставкалари, уни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Ер участкалари ижарага берилганда ер учун ҳақ ижара ҳақи шаклида олинади. Ижара ҳақи ер солиғига тенглаштирилади. Ер участкаларини ижарага олган шахслар ер учун ижара ҳақини ер солиғи тўловчилар учун белгиланган тартибга мувофиқ бюджетга тўлайдилар.


29-модда. Ер участкасини

сақлаш вазифаси


Эгалик қилишга, фойдаланишга, ижарага берилган ёки бошқа асосларга биноан олинган ер участкасини сақлаш вазифаси қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидаги мажбуриятлар билан таъминланиши мумкин:

ер участкасини сотиш ёки ўзгача тарзда бошқаларга ўтказишни тақиқлаш;

ер участкасини иккиламчи ижарага ва ёрдамчи пудратга, ушбу Кодекс 51-моддасининг ўнинчи қисмида назарда тутилган ҳолатда эса, ижарага беришни тақиқлаш;

ер участкасидан асосий фойдаланиш мақсадини ўзгартиришни тақиқлаш;

фаолиятнинг айрим турларини тақиқлаш;

белгиланган тартибда келишувсиз кўчмас мол-мулкнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни, иморат, бино, иншоотни реконструкция қилиш ёки бузишни тақиқлаш;

ер унумдорлигини сақлаш ва ошириш, ирригация ва мелиорация тизимларини соз ҳолатда сақлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;

ер участкасида қурилиш қилишни ёки уни ўзлаштиришни белгиланган муддатлар мобайнида бошлаш ва тугаллаш;

табиатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилиш ёки муайян ишларни бажариш, шу жумладан ер участкасидаги тупроқ қатламини, ноёб ўсимликларни, давлат табиат ёдгорликларини, шунингдек моддий маданий мерос объектларини асраш.

Ер участкасини сақлаш вазифаси қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятлар, чеклашлар ёки шартлар билан ҳам таъминланиши мумкин.

Ер участкасини сақлаш вазифаси шартлари унинг ҳуқуқий мақомига киритилиб, давлат рўйхатига олиниши лозим ва у ер участкаси бошқа шахсга ўтганида сақлаб қолинади.

Ер участкасини сақлаш вазифасининг тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



30-модда. Ўзганинг ер участкасидан чекланган

тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (сервитут)


Ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (сервитут) - қўшни бўлган бир ёки бир неча ер участкаларидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқидир.

Сервитут қуйидаги мақсадларда белгиланиши мумкин:

ўзганинг ер участкаси орқали пиёда ёки транспортда ўтиш;

ўзганинг ер участкасида дренаж ишлари ўтказиш;

ўзганинг ер участкасидан электр узатиш, алоқа линиялари ва трубопроводлар, ирригация, муҳандислик ва бошқа линиялар ҳамда тармоқлар ўтказиш ва улардан фойдаланиш;

ўзганинг ер участкасидан экинзор ва молларни суғориш учун сув олиш;

молларни ўзганинг ер участкаси орқали ҳайдаб ўтиш;

ўзганинг ер участкасидан қидирув, тадқиқот ва бошқа ишларни бажариш учун вақтинча фойдаланиш;

ўзганинг ер участкасида иҳота дарахтлари экиш ва табиатни муҳофаза қилишга тааллуқли бошқа объектлар барпо этиш.

Сервитут бошқа мақсадларда ҳам белгиланиши мумкин.

Сервитут, уни белгилашни талаб қилган шахслар билан ўзга ер участкасининг эгалик қилувчиси, фойдаланувчиси, ижарачиси ва мулкдори ўртасидаги келишувга мувофиқ, келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарорига биноан белгиланади.

Сервитут тўғрисидаги келишув давлат рўйхатига олиниши лозим ва у ер участкаси бошқа шахсга ўтган вақтда сақланиб қолади. Сервитут тўғрисидаги келишув уни белгилашга сабаб бўлган асослар барҳам топса, бекор қилиниши мумкин.


31-модда. Ер участкасига бўлган

ҳуқуқнинг вужудга келиши


Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.


32-модда. Ер участкасининг плани.

Ер участкасининг чегараларини

жойнинг ўзида белгилаш


Ер участкасининг плани - ер участкасининг топографик плани бўлиб, қабул қилинган белгиларга мувофиқ унда муайян ер участкасининг чегараларида вақт жиҳатидан энг сўнгги ер тузилиши лойиҳасига мувофиқ сўнгги бор суратга олинган пайтдаги бутун вазият ва рельеф кўрсатилади.

Ер участкасининг чегараларини жойнинг ўзида ва хариталарда дастлабки тарзда белгилаш ажратиб бериш учун ер участкаси танланган вақтда уни бериш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар амалга оширилади.

Ер участкасининг планини ва тавсифини тузиш, жойнинг ўзида унинг чегараларини белгилаш ишлари ер тузиш хизмати органлари томонидан бажарилади ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланади.

Ер участкасининг тасдиқланган плани ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларнинг ажралмас қисми бўлиб қолади. Ер участкалари планларининг асли кадастр ишига доир ҳужжатлар орасида сақланади, нусхалари эса ер участкаси олувчига берилади.

Ер участкасининг плани ва тавсифини тайёрлаш, марза белгиларини ўрнатиш, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, ер участкаси олувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.



33-модда. Ер участкасига бўлган

ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар

Ер участкасига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати, Ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати, Ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати, Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордери, ер участкаси ижараси шартномаси ёки ер участкасидан муддатли фойдаланиш шартномаси, ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлардир. Бу ҳужжатларда ер участкаси қайси ҳуқуққа асосан берилаётганлиги, ер участкасидан фойдаланишнинг белгиланган мақсади, уни ўзлаштириш муддатлари, ер участкасини сақлаш вазифалари ва сервитутлар кўрсатилади.


34-модда. Ер участкалари бериш (реализация қилиш)

масалаларини кўриб чиқиш комиссиялари

Ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга, ижарага бериш ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳузурида ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиялар тузилади. Комиссиялар таркибига ер ресурслари ва давлат кадастри (комиссия котиби), қишлоқ ва сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш, архитектура ва курилиш, геология ва минерал ресурслар, давлат мулкини бошқариш, санитария-эпидемиология хизмати органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари ва бошқа шахслар киритилади.

Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиялар ўз фаолиятини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади.


35-модда. Ер участкаларига бўлган

ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш


Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари давлат рўйхатига олиниши керак.

Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш ер участкалари жойлашган ерда амалга оширилади. Давлат реестрига қуйидагилар киритилади:

1) ер участкасига бўлган ҳуқуқни олган шахс тўғрисидаги маълумотлар;

2) ер участкасининг тавсифи (ерларнинг тоифаси, фойдаланиш мақсади, майдонининг тури, сатҳи, биргаликда эгалик қилиш ёки фойдаланиш улуши, чегаралари, кадастр тартиб рақами ва бошқа тавсифномалари);

3) ер участкаси бериш тўғрисидаги шартнома талабларига, ер участкасини сақлаш вазифалари ва сервитутларга оид маълумотлар;

4) ваколатли органларнинг ер участкасини давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун ажратиб олиш зонасига киритиш тўғрисидаги қарорлари;

5) қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа маълумотлар.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатига олиш ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги зарур ҳужжатлар ҳам илова этилган ариза келиб тушган пайтдан эътиборан ўн кунлик муддатда тегишли ваколатли орган томонидан амалга оширилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатига олингани тўғрисида рўйхатга олинган сана ва тартиб рақами кўрсатилган ҳолда гувоҳнома берилади.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

давлат рўйхатига олиш органида мазкур ер участкаси кимга тегишли эканлиги тўғрисида низо борлигидан далолат берувчи ҳужжатлар мавжудлиги;

давлат рўйхатига олиш органида мазкур ер участкаси қонунда белгиланган тартибда олиб қўйилганлиги тўғрисида маълумотлар мавжудлиги.

Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


36-модда. Ер участкаларига бўлган

ҳуқуқларнинг бекор қилиниши


Бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

1) ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда;

2) ер участкаси берилган муддат тугаганда;

3) юридик шахс тугатилганда;

5) хизматда фойдаланиш учун чек ер бериб қўйишга асос бўлган меҳнатга оид муносабатлар бекор бўлганда, агар қонун ҳужжатларида бошқача ҳол назарда тутилган бўлмаса;

6) ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганида;

7) ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, бу қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлишида ифодаланганда;

8) ер участкасидан тупроқ унумдорлиги пасайишига, унинг кимёвий ва радиоактив моддалар билан ифлосланишига, экологик вазиятнинг ёмонлашувига олиб келадиган усуллар билан фойдаланилган тақдирда;

9) қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ер солиғи, шунингдек ижарага олиш шартномасида белгиланган муддатларда ижара ҳақи мунтазам тўланмай келинганда;

10) қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун бериб қўйилган ер участкасидан бир йил мобайнида ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун бериб қўйилган ер участкасидан уч йил мобайнида фойдаланилмаганида;

11) мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ордер кимошди савдоси асосида сотиб олинганидан кейин ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида, ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи гаровда бўлган тақдирда эса, - гаров шартномаси муддати мобайнида фойдаланилмаганида. Фойдаланилмаётган ер участкалари аввалги эгаларидан улар тўлаган ҳақ қиймати қопланган ҳолда олиб қўйилади;

12) ер участкаси ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда олиб қўйилганида.

Қонун ҳужжатларида ер участкаларига эгалик қилиш ҳуқуқи, ер участкаларидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи ва ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини бекор қилишнинг бошқа ҳоллари ҳам назарда тутилиши мумкин.

Ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи белгиланган тартибда қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

1) савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, шунингдек уй-жой бинолари ва бошқа бинолар ёки биноларнинг бир қисми шу бинолар жойлашган ер участкалари билан бирга сотилганда;

2) давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, шунингдек уй-жой бинолари ва бошқа бинолар ёки биноларнинг бир қисми улар жойлашган ер участкалари билан биргаликда қайта сотиб олинганда;

3) қонунда белгиланган ҳолларда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, шунингдек уй-жой бинолари ва бошқа иморатлар ёки иморатларнинг бир қисми улар жойлашган ер участкалари билан бирга мусодара этилганда;

4) ижро ҳужжатлари бўйича ундирув ер участкасига қаратилганда.

Ушбу модда биринчи қисмининг 1-11-бандларида кўрсатилган ҳолларда ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини ёки ер участкасидан доимий ёхуд вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини тугатиш ердан фойдаланиш ҳамда уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи органларнинг тақдимномасига мувофиқ ҳуқуқлар тугатилишининг асосли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларга асосан тегишинча туманлар, шаҳарлар, вилоятлар ҳокимларининг қарорлари ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилади. Ер участкаларига эгалик қилиш ҳуқуқини, ер участкаларидан доимий ёки вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини тугатиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳамда мазкур мансабдор шахсларнинг қарорларидан норози бўлган юридик ва жисмоний шахслар ушбу қарорлар устидан судга шикоят қилишлари мумкин. Ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини ёки ер участкасидан доимий ёхуд вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ушбу модда биринчи қисмининг 3-бандида назарда тутилган ҳолларда ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини тугатиш ижара шартномасини бекор қилиш йўли билан амалга оширилади. Ушбу модда биринчи қисмининг 1, 2, 6-10, 12-бандларида назарда тутилган ҳолларда ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини тугатиш ушбу Кодекснинг 24-моддасида назарда тутилган тартибда ер участкасининг ижара шартномасини бекор қилиш йўли билан амалга оширилади.

Ер участкасининг эгалик қилувчиси, фойдаланувчиси, ижарачиси ҳамда мулкдори ер участкасига бўлган ҳуқуқлардан воз кечишидан яққол далолат берувчи хатти-ҳаракатлар (чет элга жўнаб кетганлик, ер участкасидан белгиланганидан кўпроқ муддат давомида фойдаланмаслик) содир этган тақдирда, бу ер участкаси қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда эгасиз мол-мулк тариқасида ҳисобга олинади.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқлардан воз кечиш мазкур ер участкасининг эгалик қилувчиси, фойдаланувчиси, ижарачиси ҳамда мулкдори мажбуриятларининг, ер участкаси бошқа шахсга берилгунга қадар, бироқ воз кечилган пайтдан ёки эгасиз мол-мулк тариқасида давлат рўйхатига олинган кундан эътиборан узоғи билан бир йил мобайнида, бекор қилинишига сабаб бўлмайди.


37-модда. Ер участкасини давлат ва жамоат

эҳтиёжлари учун олиб қўйиш, қайта сотиб олиш


Ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда тегишинча туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан олиб қўйилади.

Ер эгаси, ердан фойдаланувчи ва ижарачи ер участкасини олиб қўйиш ҳақидаги тегишинча туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига рози бўлмаган тақдирда, бу қарорлар устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Корхоналар, бинолар ва иншоотлар қуриш учун ер участкаларини олиб қўйишдан манфаатдор бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар лойиҳалаш бошлангунга қадар ҳудудни комплекс ривожлантиришни таъминлашни инобатга олган ҳолда объект қуриладиган жойни, участканинг тахминий ўлчами ва уни ажратиш шартларини ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар, шунингдек тегишинча туман, шаҳар, вилоят ҳокими ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан олдиндан келишиб олишлари шарт. Бундай тарзда олдиндан келишиб олинмагунга қадар лойиҳа ишларини молиялашга йўл қўйилмайди.

Ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ҳамда объект қуриладиган жойни олдиндан келишиб олиш, шунингдек ер ажратиб беришни расмийлаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан чет эллик юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки бўлган ер участкасини савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объекти ёки уй-жой биноси ва бошқа бино ёки бинонинг бир қисми билан бирга давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун қайта сотиб олиш ушбу Кодекснинг 41-моддасида назарда тутилган кафолатлар таъминланган ҳолда тегишинча туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан амалга оширилади.


38-модда. Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

бузилганда ер участкасини олиб қўйиш


Ушбу Кодекс 36-моддаси биринчи қисмининг 6-11-бандларида назарда тутилган ҳолларда, шунингдек ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган бошқа ҳолларда ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи орган ер эгасини ёки ердан фойдаланувчини олдиндан огоҳлантирганидан кейин ер участкасини берган органга ер участкасини олиб қўйиш ҳақида тақдимнома киритади. Ер участкасини берган орган тақдимнома асосида бир ойлик муддатда ер участкасини олиб қўйиш ҳақида қарор чиқаради. Ер участкасини олиб қўйиш масаласини ҳал қилиш ваколат доирасига кирувчи орган, зарур ҳолларда, ер участкасининг ҳолатини ҳамда ер эгаси ёки ердан фойдаланувчи томонидан ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг сифатини қўшимча равишда текширишни тайинлашга ҳақли.



5-БОБ. ЕР ЭГАСИ, ЕРДАН ФОЙДАЛАНУВЧИ,

ИЖАРАЧИ ВА ЕР УЧАСТКАСИ МУЛКДОРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


39-модда. Ер эгаси, ердан фойдаланувчи,

ижарачи ва ер участкаси мулкдорининг ҳуқуқлари


Ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори қуйидаги ҳуқуқларга эга:

1) ер участкасида ундан фойдаланиш мақсадига мувофиқ мустақил хўжалик юритиш;

2) қишлоқ хўжалик экинзорлари ва кўчатзорлари ҳамда дов-дарахтларга, етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулоти ва уни реализация қилишдан олинган даромадга бўлган мулк ҳуқуқи;

3) ер участкасидаги мавжуд кенг тарқалган фойдали қазилмалар, ўрмонзорлар, сув объектларидан хўжалик эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда фойдаланиш, шунингдек ернинг бошқа фойдали хоссаларини ишга солиш;

4) ерларни суғориш ва уларнинг захини қочириш, агротехника ва бошқа мелиорация ишлари ўтказиш;

5) қишлоқ хўжалик экинларини, дов-дарахтларни суғориш ҳамда бошқа мақсадлар учун суғориш манбаларидан лимитларга мувофиқ сув олиш;

6) белгиланган тартибда уй-жой бинолари, ишлаб чиқариш, маданий-маиший ҳамда бошқа иморатлар ва иншоотларни барпо этиш, ер участкаларидан фойдаланиш мақсади ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ уларни қайта қуриш ва бузиб ташлаш. Ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар бу ишларни ер эгалари билан келишиб амалга оширишга ҳақли;

7) ер участкаси олиб қўйилган тақдирда унга етказилган зарарнинг (шу жумладан бой берилган фойданинг) қопланишини ёки ер участкасидан ихтиёрий равишда воз кечилганида сарфланган харажатларнинг тўланишини талаб қилиш;

8) ер участкасини ёки унинг бир қисмини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда вақтинча фойдаланишга ва ички хўжалик ижарасига бериш.

Ер эгаси бўлган фуқаро ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини, шу жумладан кимошди савдоси асосида олинган шундай ҳуқуқни деҳқон хўжалиги юритиш, якка тартибда уй-жой қуриш мақсадида кредитлар олиш учун гаровга қўйиши мумкин.

Ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



40-модда. Ер эгаси, ердан фойдаланувчи,

ижарачи ва ер участкаси мулкдорининг мажбуриятлари


Ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори қуйидагиларни бажариши шарт:

1) ердан белгиланган мақсадга мувофиқ оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, ишлаб чиқаришнинг табиатни муҳофаза қилувчи технологияларини қўллаш, ўз хўжалик фаолияти натижасида ҳудудда экологик вазиятнинг ёмонлашувига йўл қўймаслик;

2) ишлаб турган ирригация ва мелиорация тармоқлари, муҳандислик коммуникацияларини соз ҳолатда сақлаб туриш;

3) ерларни муҳофаза қилишга оид, ушбу Кодекснинг 79-моддасида назарда тутилган туркум тадбирларни амалга ошириш;

4) ер солиғини ёки ер учун ижара ҳақини ўз вақтида тўлаш;

5) бошқа ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқларини бузмаслик;

6) фойдали қазилма конларини ишлатиш, қурилиш ва бошқа ишларни амалга ошириш учун берилган қишлоқ хўжалик ерлари ва ўрмонзорларни уларга эҳтиёж қолмаганидан кейин ўз ҳисобидан қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги ёки балиқ хўжалигида фойдаланиш учун яроқли ҳолатга, мазкур ишлар бошқа ерларда амалга оширилган ҳолларда эса, белгиланган мақсадда фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш;

7) фойдали қазилма конларини ишлатиш чоғида, шунингдек бошқа ишларни амалга ошириш пайтида ўзларига эгалик қилишга ва фойдаланишга ҳамда мулк этиб берилган (реализация қилинган) ер участкалари ҳудудидан ташқаридаги қишлоқ хўжалик экинзорлари, ўрмонзорлар ва бошқа ерларга салбий таъсир кўрсатишнинг олдини олиш ёки уни мумкин қадар чеклаш чора-тадбирларини амалга ошириш;

8) маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ердан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш;

9) бошқа ер эгаларига, ердан фойдаланувчиларга, ер участкаларининг ижарачиларига ва мулкдорларига етказилган зарарни белгиланган тартибда қоплаш.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкаларининг ижарачилари ва мулкдорлари бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


41-модда. Ер участкаларига

бўлган ҳуқуқларнинг кафолатлари


Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкаларининг ижарачилари ва мулкдорлари фаолиятига давлат, хўжалик органлари ва бошқа органлар ҳамда ташкилотларнинг, шунингдек улар мансабдор шахсларининг аралашуви тақиқланади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг бузилган ҳуқуқлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тикланиши керак.

Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқларининг бузилиши натижасида етказилган зарар (шу жумладан бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланиши керак.

Жисмоний шахсларга берилган ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун мазкур шахсларнинг хоҳишига кўра туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарори билан аввалги ер участкаси билан айнан бир хил ер участкаси ажратилгач, шу ер участкаси олиб берилаётган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар олиб қўйилаётган ер участкасининг ўрнига янги жойда уй-жой, ишлаб чиқариш бинолари ва бошқа иморатларни қуриб берганидан кейин ҳамда ушбу Кодекснинг 86-моддасига мувофиқ бошқа барча зарарлар (шу жумладан бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланганидан кейин олиб қўйилиши мумкин.

Давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги корхоналарининг, қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот муассасаларининг, тажриба ва ўқув хўжаликларининг ерлари уларнинг хоҳишига кўра олиб қўйилаётган иморатлар ўрнига уй-жойлар, ишлаб чиқариш бинолари ва бошқа иморатлар қуриб берилганидан кейин ҳамда ушбу Кодекснинг 86-моддасига мувофиқ бошқа барча зарар (шу жумладан бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланганидан кейин олиб қўйилиши мумкин.

Юридик ва жисмоний шахслар мулкида бўлган савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектини, шунингдек уй-жой бинолари ҳамда бошқа биноларни ёки биноларнинг бир қисмини улар жойлашган ер участкаси билан бирга давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун қайта сотиб олиш, шунингдек уларни мусодара қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


42-модда. Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари

ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқларининг чекланиши


Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқлари давлат манфаатларини, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, муҳандислик коммуникациялари қуриш ва улардан фойдаланиш манфаатларини, бошқа ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг манфаатларини, шунингдек фуқаролар хавфсизлигини кўзлаб фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда чекланиши мумкин.


6-БОБ. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИГА

МЎЛЖАЛЛАНГАН ЕРЛАР


43-модда. Қишлоқ хўжалигига

мўлжалланган ерларнинг таркиби


Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун бериб қўйилган ёки ана шу мақсадлар учун белгиланган ерлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар қишлоқ хўжалигини юритиш учун зарур бўлган қишлоқ хўжалиги ерлари ва дарахтзорлар, ички хўжалик йўллари, коммуникациялар, ўрмонлар, ёпиқ сув ҳавзалари, бинолар, иморатлар ва иншоотлар эгаллаган ерларга ажралади.

Ҳайдаладиган ерлар, пичанзорлар, яйловлар, ташландиқ ерлар, кўп йиллик дов-дарахтлар (боғлар, токзорлар, тутзорлар, мевали дарахт кўчатзорлари, мевазорлар ва бошқалар) эгаллаган ерлар қишлоқ хўжалиги ерлари жумласига киради. Қишлоқ хўжалиги ерлари махсус муҳофаза қилиниши лозим.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни қишлоқ хўжалигидан ўзга эҳтиёжлар учун бошқа тоифадаги ерларга ўтказишга алоҳида ҳолларда ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ йўл қўйилади.

Қишлоқ хўжалиги ерларини ирригация сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тизимига асосланган сунъий суғориш қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг асоси ва ерлардан самарали фойдаланиш ҳамда уларнинг унумдорлигини ошириш шартидир. 


44-модда. Суғориладиган ерлар


Қишлоқ хўжалигида фойдаланиш ва суғориш учун яроқли бўлган, сув ресурслари шу ерларни суғоришни таъминлай оладиган суғориш манбаи билан боғланган доимий ёки муваққат суғориш тармоғига эга бўлган ерлар суғориладиган ерлар жумласига киради.

Қишлоқ ва сув хўжалиги органлари суғориладиган ери бўлган ер эгалари ва ердан фойдаланувчиларни суғориш ишлари учун манбаларнинг серсувлигини ҳисобга олган ҳолда жорий этилган лимитлар бўйича сув тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган тартибда сув билан таъминлашлари шарт.

Суғориладиган ерлар махсус муҳофаза қилиниши лозим. Бундай ерларни суғорилмайдиган ерлар сирасига ўтказиш алоҳида ҳолларда, тупроқ-мелиоратив ва иқтисодий шароитларни ҳамда ерларнинг сув билан таъминланганлигини, улардаги мавжуд сув ресурсларини ва бу сувларга белгиланган лимитларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда вилоят ҳокими қарорига биноан амалга оширилади.



45-модда. Алоҳида қимматга эга бўлган

унумдор суғориладиган ерлар


Кадастр баҳоланишига кўра ўртача туман бонитет баллидан 20 фоиздан кўп бўлган суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари алоҳида қимматга эга бўлган унумдор суғориладиган ерлар жумласига киради.

Алоҳида қимматга эга бўлган унумдор суғориладиган ерлар махсус муҳофаза қилиниши лозим ва уларнинг суғорилмайдиган ерлар жумласига ўтказилишига йўл қўйилмайди.

Алоҳида қимматга эга бўлган унумдор суғориладиган қишлоқ хўжалик ерларини корхоналар, бинолар ва иншоотлар қурилиши учун беришга алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан йўл қўйилади.



46-модда. Қишлоқ хўжалигига

мўлжалланган ерларни бериш


Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар қуйидагиларга берилади:

1) қишлоқ хўжалиги кооперативларига (ширкат хўжаликларига), бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига - товар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини юритиш учун;

2) тажриба-ишлаб чиқариш, ўқув, ўқув-тажриба ва ўқув-ишлаб чиқариш хўжаликлари, илмий-тадқиқот ва бошқа қишлоқ хўжалик муассасалари ва ташкилотларига - илмий-тадқиқот ва таълим мақсадлари, товар қишлоқ хўжалигини юритиш ва илғор тажрибани тарғиб қилиш учун;

3) Ўзбекистон Республикаси фуқароларига - фермер хўжаликларини юритиш учун;

4) Ўзбекистон Республикаси фуқароларига - деҳқон хўжаликларини, якка тартибда боғдорчилик, полизчилик ва чорвачиликни юритиш учун;

5) Ўзбекистон Республикаси фуқароларига - жамоа боғдорчилиги, полизчилиги ва узумчилиги учун;

6) қишлоқ хўжалиги билан шуғулланмайдиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга - ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда юридик ва жисмоний шахсларга қишлоқ хўжалигини юритиш, шунингдек ўзга мақсадлар учун берилиши мумкин.

Қишлоқ хўжалиги ерлари ўзга мақсадларда, қоида тариқасида, кейинчалик қишлоқ хўжалик мақсадларида фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтириш шарти билан вақтинча фойдаланишга берилади.




48-модда. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан

фойдаланиш соҳасида ер эгалари, ердан

фойдаланувчилар ва ижарачиларнинг мажбуриятлари


Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланувчи ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар:

1) бизнес-режаларда тупроқ унумдорлигини ошириш ва ерлардан оқилона фойдаланиш юзасидан аниқ тадбирларни назарда тутишлари;

2) зона шароити ва хўжаликнинг ихтисослашувига мувофиқ илмий асосланган алмашлаб экишни, деҳқончиликнинг энг самарали ва иқтисодий жиҳатдан оқилона тизимларини жорий этишлари;

3) ҳайдаладиган ерлар асралиши ва кенгайтирилишини таъминлашлари;

4) мелиоратив жиҳатдан нобоп суғориладиган ерларни комплекс реконструкция қилишлари, пичанзор ва яйловларга сув чиқаришлари ҳамда уларнинг ҳолатини яхшилашлари;

5) хўжаликнинг бутун ички суғориш ва коллектор-дренаж тармоғини ҳамда ундаги иншоотларни техникавий жиҳатдан соз ҳолатда сақлашлари;

6) қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини суғориладиган ерларнинг шўр босиши ва захланишига, ерларнинг ва сув манбаларининг ифлосланиши ва зарарланишига йўл қўймайдиган усуллар билан амалга оширишлари;

7) қишлоқ хўжалик экинлари ва дов-дарахтларни парвариш қилишнинг сув тежаладиган технологияларини, суғоришнинг илғор усулларини жорий этишлари;

8) ушбу Кодексга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига биноан ерларни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини кўришлари шарт.


49-модда. Қишлоқ хўжалиги кооперативларига

(ширкат хўжаликларига), бошқа қишлоқ хўжалиги

корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига

ер участкалари бериш

Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) - товар қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш мақсадида пай усулига асосланган қишлоқ хўжалиги корхонасининг ташкилий-ҳуқуқий шакли.

Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) кооперативнинг (ширкатнинг) ишлаб чиқариш фаолиятида, асосан оила (жамоа) пудрати асосида шахсан иштирок этувчи мулкий пай эгалари бўлган аъзоларини бирлаштиради.

Қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларда (акциядорлик жамиятлари, масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар ҳамда хўжалик ширкатлари шаклида) ҳам тузилиши мумкин.

Қишлоқ хўжалиги кооперативларига (ширкат хўжаликларига) ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ҳамда ташкилотларига қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини юритиш мақсадида ер участкалари ижарага ёки доимий эгалик қилиш учун берилади, мазкур ер участкаларидан оқилона ва самарали фойдаланилган тақдирда эса улар ижарага ёки вақтинча фойдаланишга қўшимча ер участкалари олишлари мумкин.

Қишлоқ хўжалиги кооперативларига (ширкат хўжаликларига) ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ҳамда ташкилотларига берилган ерлар жамоат эгалигидаги ерлардан ва фуқароларга деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ерлардан иборат бўлади ҳамда улардан фақат белгиланган мақсадда фойдаланилади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар туман ёки вилоят ҳокимининг қарори билан қишлоқ хўжалиги кооперативларига (ширкат хўжаликларига) ижарага, бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига эса доимий эгалик қилиш учун ёки ижарага берилади. Ер участкасининг ижара шартномаси қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) раиси, бошқа қишлоқ хўжалиги корхонаси, муассасаси, ташкилоти раҳбари билан туман ҳокими ўртасида тузилади. Ер участкаларини доимий эгалик қилиш учун олган қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари, ташкилотларига Ер участкасига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати берилади.

Қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари) ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ҳамда ташкилотларининг ер участкаларига бўлган ҳуқуқи улар уюшмалар ва бошқа агросаноат бирлашмалари таркибига кирганида сақланиб қолади.



51-модда. Ер участкаларини хўжалик ичида тақсимлаш.

Оила (жамоа) пудрати


Қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари) ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ҳамда ташкилотларида ер участкалари, қоида тариқасида, оилаларга қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш учун камида беш йил муддатга фойдаланишга оила пудрати шартномаси шартлари асосида берилади.

Ер участкалари муайян турдаги қишлоқ хўжалиги ишларини бажариш учун қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари) аъзоларининг ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ҳамда ташкилотлари ходимларининг гуруҳларига ҳам камида беш йил муддатга фойдаланишга жамоа пудрати шартномаси шартлари асосида берилиши мумкин.

Оила пудрати - қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхонаси, муассасаси ҳамда ташкилоти томонидан оилага вақтинча фойдаланишга оила пудрати шартномаси шартлари асосида берилган ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиришда оила аъзоларининг бевосита иштирок этишига асосланган ишлаб чиқариш ва меҳнатни хўжалик ичида ташкил этиш шаклидир.

Оила (жамоа) пудрати шартномаси ҳар йили қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги), бошқа жамоа қишлоқ хўжалиги корхонаси бошқарув органлари орқали шу кооператив (ширкат), жамоа корхонаси билан ёки бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ҳамда ташкилотларининг иш берувчиси (маъмурияти) билан оила бошлиғи (жамоанинг ваколат берилган вакили) ўртасида тузилади.

Оила (жамоа) пудрати шартномасида қуйидагилар назарда тутилади:

ер участкасининг ўлчами, жойлашган ери ва ҳолати;

ер участкасидан фойдаланиш шартлари, тарафларнинг алмашлаб экиш схемасига мувофиқ ернинг ҳосилдорлиги ва сифатини ошириш борасидаги, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш борасидаги мажбуриятлари;

етиштириладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотининг миқдори ва турлари, унинг сифати;

етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотининг баҳоси, унга ҳақ тўлаш ва уни реализация қилиш шартлари;

суғориш учун сув ва моддий-техника ресурслари билан пудратчини таъминлаш;

тарафларнинг шартнома мажбуриятларини бажармаганлик учун жавобгарлиги ва уларнинг хоҳишига кўра бошқа шартлар.

Оила (жамоа) пудрати шартлари асосида бериладиган ер участкаларидан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланилади, бунда ҳайдаладиган ерлар майдони ўлчамларининг камайтирилишига йўл қўйилмайди.

Ер участкасининг ўлчамлари ва унинг чегаралари тарафларнинг келишувига кўра ўзгартирилиши мумкин.

Оила (жамоа) пудратида меҳнатга ҳақ тўлаш якуний натижаларга кўра - етиштирилган маҳсулотнинг шартномада назарда тутилган миқдори, сифати ва баҳосига кўра амалга оширилади. Шу билан бирга оила аъзолари (пудратчилар) - пай эгалари хўжаликнинг йил давомидаги фаолияти якуний натижаларига кўра аниқланадиган дивидендлар оладилар.

Оила (жамоа) пудрати шартлари асосида берилган ер участкаси учун пудратчидан ер ҳақи ундирилмайди. Бу участкалардан олинадиган ер солиғини қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ҳамда ташкилотлари белгиланган тартибда тўлайди.

Пудрат шартномаси шартлари асосида олинган ер участкасини ижарага ёки ёрдамчи пудратга бериш тақиқланади.

Ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган тақдирда пудратчи зарар ва бошқа харажатлар ушбу Кодекс 86-моддасига мувофиқ қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.


52-модда. Хўжаликлараро корхоналар

ва ташкилотларга ер бериш


Қишлоқ хўжалигига ихтисослашган хўжаликлараро корхоналар ва ташкилотларга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги), бошқа жамоа қишлоқ хўжалиги корхонаси юқори бошқарув органининг, бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ҳамда ташкилотлари иш берувчисининг (маъмуриятининг) қарорига биноан, ушбу Кодекснинг 58-моддасида белгиланган тартиб ва шартларда берилади.



53-модда. Фермер хўжалигини юритиш учун

ер участкалари бериш


Фермер хўжалиги ўзига ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда товар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши билан шуғулланувчи, юридик шахс ҳуқуқларига эга мустақил хўжалик юритувчи субъектдир.

Фермер хўжалигини юритиш учун:

захирадаги ерлардан ер участкалари;

юридик ва жисмоний шахсларга берилмаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ер участкалари;

қайта ташкил этилаётган ва тугатилаётган қишлоқ хўжалиги кооперативларининг (ширкат хўжаликларининг) ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ер участкалари;

қишлоқ хўжалиги кооперативларининг (ширкат хўжаликларининг) ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ер участкалари берилади.

Илмий-тадқиқот муассасаларига, олий ўқув юртларига, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларига ва умумтаълим мактабларига ўқув, тажриба, нав синаш мақсадлари учун берилган ерлар ҳамда сув фонди ерлари фермер хўжаликларига берилмайди.

Фермер хўжаликларига ер участкалари эллик йилгача бўлган, лекин ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага очиқ танлов асосида берилади.

Фермер хўжалиги юритиш учун ер участкасининг ўлчами ер участкасини берадиган орган томонидан ҳар бир муайян ҳолатда маҳаллий шароитларни, шунингдек фермер хўжалигида ишловчилар сонини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Фермер хўжалиги ишлаб чиқариш мақсадлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартларда ер участкаларини қўшимча ижарага олиши мумкин.

Фермер хўжалиги юритиш учун фуқароларга ер участкалари бериш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Фермер хўжалигига берилган ер участкалари хусусийлаштирилиши ва олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас.

Кредитлар олиш учун фермер хўжалиги ўз мол-мулкини, шунингдек ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини гаровга қўйишга ҳақли. Фермер хўжалиги ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқларини ижарага берувчининг розилигисиз фақат қонунда ёки ижара шартномасида назарда тутилган ҳолларда гаровга қўйишга ҳақли.


54-модда. Қишлоқ хўжалиги корхоналари ва ташкилотларининг

бўлинмалари негизида ташкил этиладиган кооперативларга

(ширкатларга) ер участкалари бериш


Қишлоқ хўжалиги корхоналари ва ташкилотларининг (илмий-тадқиқот, ўқув, ёрдамчи қишлоқ хўжалик корхоналари ва ташкилотларидан ташқари) бўлинмалари негизида ташкил этиладиган ҳамда улар таркибидан чиқадиган кооперативларга (ширкатларга) хўжалик юритишнинг тенг шароитлари яратилиши зарурлигини эътиборга олган ҳолда ўзлари илгари фойдаланиб келган ерлардан вилоят ёки туман ҳокимининг қарорига биноан ер участкалари берилади. Бу участкалар мазкур корхоналар ва ташкилотларнинг ерлари таркибидан олиб қўйилиши лозим. Ер участкаларини бериш тартиби ва шартлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



55-модда. Деҳқон хўжалиги юритиш учун

фуқароларга ер участкалари бериш

Оилали ва қишлоқ жойларда камида уч йил мобайнида яшаб турган фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга томорқа ер участкаси суғориладиган ерларда 0,35 гектаргача ва суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда 0,5 гектаргача ўлчамда, чўл ва саҳро минтақасида эса суғорилмайдиган яйловлардан 1 гектаргача ўлчамда берилади. Қишлоқ жойларда камида уч йил яшаб турганлик тўғрисидаги талаб янги суғориладиган ер массивлари учун қўлланилмайди. Бунда деҳқон хўжалиги юритиш учун бериладиган ер участкасининг ўлчами якка тартибда уй-жой қуриш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга илгари берилган ёки бериладиган ер участкасини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.

Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкалари иморатлар ва иншоотлар қуриш ҳуқуқисиз берилади. Мазкур қоида якка тартибда уй-жой қуриш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга илгари берилган ёки бериладиган ер участкаларига татбиқ этилмайди.

Деҳқон хўжалиги юритиш учун бериладиган ер участкаларининг аниқ ўлчамлари ер ресурсларининг мавжудлиги, аҳолининг зичлигига қараб белгиланади. Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаси бериш тўғрисидаги қарор туман (шаҳар) ҳокими томонидан ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг ижобий хулосаси асосида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади.

Фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун 0,06 гектар доирасида томорқа ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи кимошди савдоси асосида реализация қилиниши мумкин.

Деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкасини олишга муҳтож бўлган фуқаролар яшаш жойидаги туман (шаҳар) ҳокимига оиласининг таркибини ва ер участкасининг мўлжалланган жойини кўрсатган ҳолда ариза беради.

Туман (шаҳар) ҳокими ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг хулосаси асосида деҳқон хўжалигини юритиш учун фуқароларга ер участкалари бериш тўғрисида қарор қабул қилади ёки аризачига ер участкаси бериш бўйича асослантирилган рад жавобини юборади.

Қишлоқ жойларда яшовчи ва ўз мулкида чорва моллари бўлган фуқароларга пичан ўриш ва чорва молларини ўтлатиш учун вақтинча фойдаланишга ер участкалари берилиши мумкин.

Деҳқон хўжалиги юритиш учун фуқароларга ер участкаларини бериш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



56-модда. Жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги

юритиш учун фуқароларга ер участкалари бериш


Шаҳарлар ва посёлкаларда, шунингдек қишлоқ аҳоли пунктларида яшовчи, деҳқон хўжалиги юритиш учун томорқа ер участкаларига эга бўлмаган фуқароларга корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг илтимосномасига биноан жамоа боғдорчилиги ва узумчилиги юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга ёки жамоа полизчилиги учун вақтинча фойдаланишга ер участкаси туман ҳокими томонидан берилади.

Жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилигини ташкил этиш учун фуқаролар боғдорчилик-узумчилик ёки полизчилик ширкатларига бирлашадилар.

Боғдорчилик ва узумчилик учун ер участкалари шаҳарларнинг кўкаламзор зонасидан ёки бошқа аҳоли пунктлари чегарасидан ташқарида аҳоли пунктлари ҳудудининг кенгайиш истиқболларини эътиборга олиб, сув ресурслари ҳамда уларга лимитлар ажратиш имконияти мавжуд бўлган тақдирда захира ерлардан ва ўрмон фондининг дарахтзорга айлантириш мўлжалланмаган ерларидан ажратиб берилади. Жамоа боғдорчилиги ва узумчилиги учун яроқли захира ерлар ҳамда ўрмон фонди ерлари бўлмаган тақдирда, қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ҳамда ташкилотларининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ёрдамчи қишлоқ хўжалиги ерлари истисно тариқасида берилиши мумкин.

Жамоа полизчилиги учун вақтинча фойдаланишга ер участкалари сув ресурслари ҳамда уларга лимит ажратиш имконияти мавжуд бўлган тақдирда аҳоли пунктларининг ерларидан, яқин йиллар ичида бошқа мақсадларда фойдаланишга мўлжалланмаган захира ерлардан ва ўрмон фонди ерларидан берилади. Жамоа полизчилиги учун ноқишлоқ хўжалик корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг вақтинча фойдаланилмаётган ерлари, бундай ерлар бўлмаган тақдирда эса - қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ҳамда ташкилотларининг унумдорлиги паст ерлари берилиши мумкин.

Жамоа полизчилиги учун берилган ер участкаларидан сабзавот, картошка ва полиз экинлари етиштиришда фойдаланилади. Улардан уй-жой бинолари ва бошқа капитал иншоотлар қуриш учун фойдаланиш тақиқланади. Бундай участкаларда умумий фойдаланишдаги муваққат иморатлар ва иншоотларни қуришга ер участкаларини берган туман ҳокими рухсат бериши мумкин.

Жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги учун бериладиган ер участкалари кўчалар очиш, жамоат иморатлари ва иншоотлари қуриш зарурлиги ҳисобга олинган ҳолда боғдорчилик-узумчилик ширкатининг ҳар бир аъзосига 0,06 гектаргача ва полизчилик ширкатининг ҳар бир аъзосига 0,08 гектаргача ўлчамда белгиланади.

Жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги учун ер бериш ҳамда ундан фойдаланиш тартиби ва шартлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


57-модда. Ёрдамчи қишлоқ

хўжалигини юритиш учун ер бериш


Ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун саноат, транспорт ҳамда бошқа ноқишлоқ хўжалик корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига ана шу корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ходимларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашни яхшилаш, шунингдек ошхоналар, болалар муассасалари, мактаблар, касалхоналар, кексалар ва ногиронлар уйларини, санаторийлар, дам олиш уйлари ва шу кабиларни таъминлаш мақсадида вилоят ҳокими фойдаланилмаётган ёки самарасиз фойдаланилаётган ерларни, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа ерларни ҳам доимий эгалик қилишга бериши мумкин.



58-модда. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган

ерларни қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишдаги корхоналар,

муассасалар ҳамда ташкилотларга бериш тартиби ва шартлари

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа йўналишдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ерлари олиб қўйилаётган ер эгаларининг розилигига кўра ва ердан фойдаланувчилар билан келишувга мувофиқ ер участкаларини ажратиш лойиҳаларига асосан туман ёки вилоят ҳокимининг қарори билан берилади.

Янги ташкил этилаётган, қайта ташкил этилаётган ёки тугатилаётган қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа йўналишдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари улар туман ёки вилоят ҳокимининг қарори асосида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилган, қайта ташкил этилган ёки тугатилган пайтдан эътиборан вужудга келади ёки тугатилади.

Қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни бериш хўжалик фаолияти учун қулай чегараларда амалга оширилади. Қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фойдаланишидаги ер участкаларининг тарқоқ, ўзга ерларга суқилиб кирган бўлишига ва бошқа камчиликларга эга бўлишига, қоида тариқасида, йўл қўйилмайди.

Қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фойдаланишидаги ерларнинг тарқоқ, ўзга ерларга суқилиб кирган бўлишини ва бошқа камчиликларни бартараф этиш хўжаликлараро ер тузиш тартибида амалга оширилади.



7-БОБ. АҲОЛИ ПУНКТЛАРИНИНГ (ШАҲАРЛАР,

ПОСЁЛКАЛАР ВА ҚИШЛОҚ АҲОЛИ

ПУНКТЛАРИНИНГ) ЕРЛАРИ


59-модда. Шаҳарлар ва посёлкалар

ерларининг таркиби


Шаҳарлар ва посёлкаларнинг маъмурий чегараларидаги барча ерлар шаҳарлар ва посёлкаларнинг ерлари жумласига киради. Бу ерлар таркибига қуйидагилар киради:

1) шаҳар ва посёлка қурилиши ерлари;

2) умумий фойдаланишдаги ерлар;

3) қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар ва бошқа ерлар;

4) дарахтзорлар эгаллаган ерлар;

5) саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар;

6) муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ерлари;

7) сув фонди ерлари;

8) захира ерлар.



60-модда. Аҳоли пунктларининг чегараси.

Шаҳар атрофи зоналари


Аҳоли пунктларининг чегараси - шаҳар, посёлка, қишлоқ аҳоли пункти ерларининг ташқи чегаралари бўлиб, улар ана шу ерларни бошқа ерлардан ажратиб туради.

Аҳоли пунктларининг чегарасини белгилаш тасдиқланган шаҳарсозлик ва ер тузиш ҳужжатлари асосида амалга оширилади. Аҳоли пунктларининг чегараси юридик ва жисмоний шахслар ер участкаларининг чегаралари бўйича белгиланиши лозим.

Шаҳар атрофи зоналари шаҳар билан ягона ижтимоий, табиий ва хўжалик ҳудудини ташкил этувчи шаҳар чегарасидан ташқаридаги ерларни ўз ичига олади. Шаҳар атрофи зоналарида шаҳар атрофидаги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ҳудуди, аҳоли дам олиш зоналари, шаҳарни ривожлантириш учун захира ерлар ажратилади.

Шаҳар атрофи зоналарининг чегаралари ва ҳуқуқий режими қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


61-модда. Шаҳарлар ва посёлкаларда ер участкаларини

бериш, олиб қўйиш ва қайта сотиб олиш тартиби


Шаҳарлар ва посёлкаларда ер участкалари туман ёки шаҳар ҳокимининг қарорига асосан берилади, бу қарорларда режалаштириш ва қурилиш олиб боришнинг тасдиқланган лойиҳаларига мувофиқ ерларни эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага бериш шартлари белгиланади.

Юридик шахслар ўзларига бириктириб қўйилган ерлардан туман ёки шаҳар ҳокимининг қарорига мувофиқ бошқа юридик шахсларга, фуқароларга ер участкаларини вақтинча фойдаланишга беришлари мумкин.

Шаҳарларда ва посёлкаларда ер участкаларини олиб қўйиш, қайта сотиб олиш ушбу Кодекснинг 37-моддасига мувофиқ амалга оширилади.

Шаҳарларда, посёлкаларда қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун фойдаланиладиган ерлари ва бошқа ерларини олиб қўйиш ушбу Кодекснинг 37-моддасида белгиланган тартибда туман, шаҳар ва вилоят ҳокимининг қарорлари билан тасдиқланади.

Фуқаролар эгалигидаги, кўп йиллик дов-дарахтлар эгаллаган ер участкаларини олиб қўйиш ёки фуқароларга мулк ҳуқуқи асосида қарашли бўлган уй-жойларни бузиш билан боғлиқ ҳолда ер участкаларини олиб қўйиш ушбу Кодекснинг 86-моддасига мувофиқ амалга оширилади.



62-модда. Шаҳар ва посёлка қурилиши ерлари


Шаҳар ва посёлка қурилиши ерларига уй-жой, коммунал-маиший, маданий-маърифий, саноат, савдо, маъмурий ва бошқа бинолар ҳамда иншоотлар қурилган ёки шундай бино ва иншоотлар қуриш учун берилган ҳамма ерлар киради.

Шаҳар ва посёлка қурилиши ерлари корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга уй-жой, маданий-маиший, саноат объектлари қуриш ва капитал қурилишнинг бошқа турлари учун фойдаланишга, фуқароларга эса, якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга берилади.

Шаҳар ва посёлканинг қурилиш учун ажратилган, лекин вақтинча шу мақсадда фойдаланилмаётган ерлари енгил турдаги объектлар (савдо чодирлари, дўкончалар, реклама иншоотлари ва шу кабилар) қуриш ва ўзга эҳтиёжлар учун вақтинча фойдаланишга шаҳар ёки туман ҳокими қарори билан берилиши мумкин.

Ер участкасининг ёхуд ундаги иморатнинг у ёки бу қисми коммунал хизматдан (ёритиш, канализация, трубопровод, суғориш қурилмалари ва шу кабилар), ер участкаларининг эгалари ёки ундан фойдаланувчилар эса, мустақил равишда ўзича ёки транспортда кириб-чиқиш имконидан маҳрум бўлиб қоладиган бўлса, ер участкасининг бўлинишига йўл қўйилмайди.

Агар ер участкасига хўжалик бинолари (гараж, отхона, оғилхона, омборхона, ертўла ва шу кабилар) қуриш ушбу участкада жойлашган юридик шахслар ёки уй-жойларда яшовчи жисмоний шахсларнинг манфаатларига зарар келтирса, бундай қурилишни амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Табиий офат ёки бошқа сабаблар билан иморат бузилган тақдирда бузилган иморатнинг мулкдори иморат бузилган кундан бошлаб икки йилдан кечиктирмасдан иморатни тиклашга ёки ана шу участкада янги иморат қуришга киришса, бузилган иморат мулкдорининг ер участкасига эгалик қилиш ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади, шаҳарни ёки посёлкани режалаштириш ва уни қуриш лойиҳасида ана шу ер участкасидан бошқача тарзда фойдаланиш назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Бундай ҳолларда бузилган иморатнинг мулкдорига ушбу шаҳар, посёлка чегараси доирасида бошқа ер участкаси ёки бошқа обод уй-жой берилади.


63-модда. Кўп квартирали уйлар

атрофидаги ер участкалари


Кўп квартирали уйлар атрофидаги ер участкалари мазкур уйлар бошқарувини амалга оширувчи ташкилотларга доимий фойдаланиш учун берилади.

Кўп квартирали уйлар атрофидаги ер участкаларидан фойдаланиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


64-модда. Аҳоли пунктларининг

умумий фойдаланишдаги ерлари


Аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерларига қуйидагилар киради:

майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, суғориш тармоғи, соҳилбўйи ерлари ва шу каби ерлар;

аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерлар (дарахтзорлар, боғлар, сайилгоҳлар, хиёбонлар, шунингдек ариқ тармоқлари эгаллаган ерлар);

коммунал-маиший аҳамиятга молик ерлар (қабристонлар, чиқиндиларни зарарсизлантириш ва улардан фойдаланиш жойлари ва бошқа шу каби жойлар).

Умумий фойдаланишдаги ерлар муайян юридик ва жисмоний шахсларга бириктириб қўйилмайди ҳамда бевосита шаҳар, туман давлат ҳокимияти органларининг ихтиёрида бўлади.

Аҳоли пунктларидаги сув ҳавзаларининг соҳилбўйи ерлари ва қирғоқ минтақасидан биринчи навбатда дам олиш ва спорт мақсадларида фойдаланилади.

Умумий фойдаланишдаги ерларда бу ер қайси мақсадга хизмат қилса, фақат шунга мос келадиган иморат ва иншоотлар қуришга рухсат берилади.

Йўллар ва ариқ тармоқлари эгаллаган ерлардан ташқари умумий фойдаланишдаги ерлардан туман ёки шаҳар ҳокимининг қарорига биноан юридик шахслар ва фуқароларга енгил иморат ва иншоотлар (савдо чодирлари, дўкончалар, реклама иншоотлари ва шу кабилар) қуришда вақтинча фойдаланишга ижара шартлари асосида ер участкалари берилиши мумкин.



65-модда. Шаҳарлар ва посёлкалардаги қишлоқ

хўжалигида фойдаланиладиган ва бошқа ерлар


Шаҳарлар ва посёлкалардаги қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ва бошқа ерларга қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ҳамда ташкилотларининг эгалигидаги ҳайдаладиган ерлар, боғлар, узумзорлар, тутзорлар, мевазорлар, полизлар, питомниклар, яйловлар, пичанзорлар, суғориш, зах қочириш ва йўл тармоғи, иморатлар, ҳовлилар, майдонлар эгаллаб турган ва бошқа ерлар киради.

Шаҳарлар ва посёлкаларнинг чегарасидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ва бошқа ерларга қишлоқ хўжалиги ҳамда ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари уй-жойлар, маданий-маиший ҳамда ишлаб чиқариш иморатлари қуришни шаҳар ёки туман ҳокими билан келишилган ҳолда амалга оширадилар.



66-модда. Шаҳарлардаги

дарахтзорлар эгаллаган ерлар


Шаҳарлардаги дарахтзорлар эгаллаган ерлар аҳолининг дам олишини ташкил этишга, шаҳардаги микроиқлимни, атмосфера ҳавосининг ҳолатини ва санитария-гигиена шароитларини яхшилашга, аҳолининг маданий-эстетик эҳтиёжларини қондиришга, шаҳар ҳудудини сув ва шамол эрозиясидан муҳофаза қилишга мўлжалланади. Улар таркибидаги, дарахтзорлар эгалламаган ер участкаларидан спорт майдончалари ташкил этиш ва бошқа эҳтиёжлар учун фойдаланилади.



67-модда. Шаҳарлар ва посёлкалардаги саноат, транспорт, алоқа,

мудофаа ҳамда бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар


Шаҳарлар ва посёлкалардаги саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ҳамда бошқа мақсадларга мўлжалланган ерларга тегишли вазифаларни бажариш учун корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ва фуқароларга берилган ерлар киради.

Фойдаланиш учун бериладиган ер участкасида жойлаштирилиши лозим бўлган иморат ва иншоотлар рўйхати ер участкаси ажратиш учун талабнома бериш чоғидаги бошланғич маълумотларда белгиланади. Фойдаланиш даврида қўшимча иморатлар ва иншоотларни жойлаштириш шаҳар ёки туман ҳокими ана шу ишлар хусусида қўшимча қарор қабул қилганидан кейин амалга оширилади.



68-модда. Қишлоқ аҳоли

пунктларининг ерлари


Қишлоқ аҳоли пунктларининг ерларига ер тузиш тартибида ана шу пунктлар учун белгилаб қўйилган чегаралар доирасидаги ҳамма ерлар киради.

Қишлоқ аҳоли пунктларининг ерлари жумласига қуйидагилар киради:

1) қишлоқ аҳоли пунктларининг қишлоқлар ва овуллар ҳудудидаги ерлари;

2) қишлоқ аҳоли пунктларининг қишлоқ хўжалиги ҳамда ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ҳудудидаги ерлари.

Қишлоқ аҳоли пунктларининг чегараси туманларнинг давлат ҳокимияти органлари томонидан уларни режалаштириш, қуриш ҳамда ички хўжалик ер тузиш лойиҳаларига мувофиқ белгиланади ва ўзгартирилади.

Қишлоқ аҳоли пунктларининг ерларидан фойдаланиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Қишлоқ аҳоли пунктларининг қишлоқ хўжалиги ҳамда ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ҳудудидаги ерлари шаҳар чегарасига киритилган тақдирда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар таркибидан чиқарилади ва шаҳарнинг тегишли ерлари таркибига киритилади. Бунда айрим бинолар ва иншоотлар, уларни ободонлаштириш учун зарур бўлган ер участкалари билан бирга, қишлоқ хўжалиги ҳамда ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг хоҳишига кўра ўзларида доимий фойдаланиш учун қолдирилиши мумкин, қолган бинолар ва иншоотларнинг қиймати ҳамда шу аҳоли пунктлари ҳудудида қилинган бошқа харажатлар эса ер эгаларига ва ердан фойдаланувчиларга маҳаллий бюджетдан тўланади.



8-БОБ. САНОАТ, ТРАНСПОРТ, АЛОҚА, МУДОФАА

ВА БОШҚА МАҚСАДЛАРГА МЎЛЖАЛЛАНГАН ЕРЛАР


69-модда. Саноат, транспорт, алоқа, мудофаа

ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерларнинг таркиби


Саноат мақсадларига мўлжалланган ерлар жумласига саноат корхоналарига, шу жумладан кон саноати, энергетика корхоналарига ишлаб чиқариш ва ёрдамчи бинолар ҳамда иншоотлар қуриш учун доимий фойдаланишга берилган ерлар киради.

Транспорт мақсадларига мўлжалланган ерлар жумласига темир йўл, ички сув транспорти, автомобиль, ҳаво ва трубопровод транспорти корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига транспорт иншоотлари, қурилмалари ва бошқа объектларидан фойдаланиш, сақлаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, такомиллаштириш ва ривожлантириш соҳасида улар зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун доимий фойдаланишга берилган ерлар киради.

Алоқа мақсадларига мўлжалланган ерлар жумласига алоқа линияларини ҳамда уларга тегишли иншоотларни жойлаштириш учун алоқа, радиоэшиттириш, телевидение ва ахборот корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига доимий фойдаланишга берилган ерлар киради.

Транспорт мақсадларига мўлжалланган ерларга, кабель, радиореле ва алоқа ҳаво линиялари ва электр узатиш линиялари ўтган ерларга туташ ерларда қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган тартибда муҳофаза зоналари ўрнатилади.

Қуролли Кучлар, чегара, ички ишлар ва темир йўл қўшинларининг ҳарбий қисмлари, ҳарбий ўқув юртлари, корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг жойлашуви ҳамда доимий фаолияти учун берилган ерлар мудофаа эҳтиёжлари учун мўлжалланган ерлар деб эътироф этилади.

Бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар жумласига корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фойдаланиб келаётган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, аҳоли пунктларининг ерлари, саноат, транспорт, алоқа, мудофаа, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадларига мўлжалланган ва тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар, шунингдек ўрмон ва сув фондлари ерлари таркибига кирмаган қолган барча ерлар киради.

Саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлардан фойдаланиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



70-модда. Саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа

йўналишдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ер бериш


Саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа йўналишдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга фойдаланиш учун ер бериш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Саноат, транспорт, алоқа ва ҳалқ хўжалиги бошқа тармоқларининг корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ўзлари фойдаланмаётган ерларни туман ва шаҳар ҳокимларининг қарорига биноан қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда ва шартларда юридик ва жисмоний шахсларга вақтинча фойдаланишга берадилар.

9-БОБ. ТАБИАТНИ МУҚОФАЗА ҚИЛИШ, СОҒЛОМЛАШТИРИШ,

РЕКРЕАЦИЯ МАҚСАДЛАРИГА МЎЛЖАЛЛАНГАН ЕРЛАР

ВА ТАРИХИЙ-МАДАНИЙ АҲАМИЯТГА МОЛИК ЕРЛАР

71-модда. Табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш,

рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар

ва тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар таркиби

Табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эгаллаган ерлардан иборат бўлади.

Тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар моддий маданий мерос объектлари жойлашган ерлардан иборат бўлади.

Ерларни табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар ва тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар жумласига киритиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

72-модда. Табиатни муҳофаза қилиш

мақсадларига мўлжалланган ерлар

Табиатни муҳофаза қилиш мақсадларига мўлжалланган ерлар жумласига давлат қўриқхоналарининг, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналарининг, табиат боғларининг, давлат табиат ёдгорликларининг, айрим табиий объектлар ҳамда мажмуаларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган ҳудудларнинг, муҳофаза этиладиган ландшафтларнинг, айрим табиий ресурсларни бошқариш учун мўлжалланган ҳудудларнинг, давлат биосфера резерватларининг, миллий боғларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юридик ва жисмоний шахсларга табиатни муҳофаза қилиш мақсадлари учун берилган ерлари киради. Мазкур ерларда уларнинг белгиланган мақсадига зид бўлган ҳар қандай фаолият тақиқланади.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга салбий таъсирнинг олдини олиш мақсадида давлат қўриқхоналари, буюртма қўриқхоналар ва давлат табиат ёдгорликлари атрофида уларнинг режимига риоя этилишини таъминлашга зарарли таъсир этадиган хўжалик фаолияти ва бошқа фаолият чекланган ёки тақиқланган ҳолда муҳофаза зоналари ташкил этилади.

Миллий боғларнинг ерлари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига йўл қўйилмайди.

Табиатни муҳофаза қилиш мақсадларига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

73-модда. Соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерлар

Соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерлар жумласига касалликларнинг олдини олишни ва уларни даволашни ташкил этиш учун қулай табиий омилларга, шифобахш ҳамда соғломлаштириш хоссаларига эга бўлган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли юридик шахсларга фойдаланишга берилган ерлар киради. Мазкур ерларда уларнинг белгиланган мақсадига зид бўлган ҳар қандай фаолият тақиқланади.

Аҳолининг даволаниши ва дам олиши учун зарур шароитларни, шунингдек табиий шифобахш ҳамда соғломлаштириш хоссалари муҳофаза қилинишини таъминлаш мақсадида соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерларда курорт табиий ҳудудларнинг режими белгиланади.

Соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

74-модда. Рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар

Рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар жумласига туризмни ва аҳолининг оммавий дам олишини ташкил этиш учун яроқли географик ва иқлим шароитларига эга бўлган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юридик ва жисмоний шахсларга доимий фойдаланишга ёки ижарага берилган ерлар киради. Мазкур ерларда уларнинг белгиланган мақсадига зид бўлган ҳар қандай фаолият тақиқланади.

Рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

75-модда. Тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар

Тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар жумласига тегишли юридик шахсларга доимий фойдаланишга берилган моддий маданий мерос объектларининг ерлари киради. Мазкур ерларда уларнинг белгиланган мақсадига зид бўлган ҳар қандай фаолият тақиқланади.

Моддий маданий мерос объектининг ўзгартирилиши мумкин бўлмаган ўзига хос хусусиятларини ва унинг тарихий муҳитини сақлаб қолиш мақсадида унга туташ ҳудудда муҳофаза зоналари, иморатлар қуришни ва хўжалик фаолиятини тартибга солиш зоналари, муҳофаза этиладиган табиий ландшафт зоналар белгиланади.

Тарихий-маданий аҳамиятга молик ерларни ажратиш ва улардан фойдаланиш, уларга туташ ҳудудларда муҳофаза зоналарини, иморатлар қуришни ва хўжалик фаолиятини тартибга солиш зоналарини, муҳофаза этиладиган табиий ландшафт зоналарни белгилаш ва уларни муҳофаза қилиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

10-БОБ. ЎРМОН ФОНДИ, СУВ ФОНДИ

ЕРЛАРИ ВА ЗАХИРА ЕРЛАР


76-модда. Ўрмон фонди ерлари


Ўрмон хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ерлар ўрмон фонди ерлари деб эътироф этилади.

Бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар ўрмонзорлар барпо этиш, жарликларнинг кенгайишини тўхтатиш, шаҳарлар ва саноат марказлари атрофида иҳота ўрмонзорлар ва кўкаламзор зоналар яратиш учун белгиланган тартибда ўрмон фонди ерлари таркибига ўтказилиши мумкин.

Туман ҳокими ўрмон хўжалиги давлат органлари билан келишиб, ўрмон фонди ерларини қишлоқ хўжалиги юритиш учун қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига вақтинча фойдаланишга ижара шартлари асосида бериши мумкин.

Ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш тартиби махсус қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


77-модда. Сув фонди ерлари


Сув ҳавзалари (дарёлар, кўллар, сув омборлари ва шу кабилар), гидротехника ва бошқа сув хўжалиги иншоотлари эгаллаб турган, шунингдек сув ҳавзаларининг ва бошқа сув объектларининг қирғоқлари бўйлаб ажратилган минтақадаги сув хўжалиги эҳтиёжлари учун корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга белгиланган тартибда берилган ерлар сув фонди ерлари жумласига киради.

Дарёлар, магистрал каналлар ва коллекторлар, сув омборлари ва бошқа сув ҳавзаларининг, шунингдек ичимлик ва рўзғор сув таъминоти, аҳолининг даволаш ҳамда маданий-соғломлаштириш эҳтиёжларига хизмат қиладиган манбалар қирғоғи бўйлаб қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда сувни муҳофаза қилиш зоналари ва қирғоқбўйи минтақалари ажратилади.

Дарёлар, магистрал каналлар, коллекторлар, сув омборлари ва бошқа сув ҳавзаларининг қирғоқбўйи минтақалари табиатни муҳофаза қилиш эҳтиёжлари учун ер эгаларидан ва ердан фойдаланувчилардан олиб қўйилиши мумкин.

Сув фонди ерларида сув объектларига салбий таъсир кўрсатадиган хўжалик фаолияти юритиш ва қурилиш ишлари олиб бориш тақиқланади.

Сув фонди ерларидан фойдаланиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


78-модда. Захира ерлар

Ушбу Кодекс 8-моддасининг 1-7-бандларида кўрсатилган ер фонди тоифаларига киритилмаган ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб берилмаган (реализация қилинмаган) барча ерлар захира ерлардир.

Захира ерлар туман, шаҳар давлат ҳокимияти органларининг тасарруфида бўлади ва ушбу Кодексга мувофиқ асосан қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага беришга мўлжалланади.


11-БОБ. ЕРЛАРНИ

МУҲОФАЗА ҚИЛИШ


79-модда. Ерларни муҳофаза

қилишнинг мазмуни ва тартиби


Ерларни муҳофаза қилиш улардан белгиланган мақсадда, оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини, ўрмон фонди ерларининг самарадорлигини тиклаш ва ошириш, қишлоқ хўжалик оборотидан ва табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар ва тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар таркибидан ерларнинг асоссиз равишда олиб қўйилиши олдини олиш, уларни зарарли антропоген таъсирдан ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий, ташкилий, иқтисодий, технологик ва бошқа тадбирлар тизимини қамраб олади.

Ерларни муҳофаза қилиш ерларга мураккаб табиий ҳосилалар (экотизимлар) тариқасида, уларнинг зона ва минтақа хусусиятларини эътиборга олган ҳолда атрофлича ёндашиш асосида амалга оширилади.

Ерлардан оқилона фойдаланиш тизими табиатни муҳофаза қилиш ва ресурсларни тежаш тарзида бўлиши ҳамда тупроқнинг сақланишини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига, геология жинсларига ва атроф муҳитнинг бошқа таркибий қисмларига таъсир ўтказишни чеклашни назарда тутиши керак.

Ерларнинг муҳофаза қилинишини таъминлаш мақсадида ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар:

ҳудудни оқилона ташкил этадилар;

тупроқ унумдорлигини, шунингдек ернинг бошқа хоссаларини тиклайдилар ва оширадилар;

ерларни сув ва шамол эрозиясидан, селлардан, сув босишдан, захлашдан, қайта шўр босишдан, қақраб қолишдан, заранглашишдан, ишлаб чиқариш чиқиндилари, кимёвий ва радиоактив моддалар билан ифлосланишдан, хароб қиладиган бошқа жараёнлардан ҳимоя қиладилар;

қишлоқ хўжалик ерларини бута ва майда дов-дарахтлар, ёввойи ўтлар босиб кетишидан ва ерларнинг маданий-техникавий ҳолатини ёмонлаштирувчи бошқа жараёнлардан ҳимоя қиладилар;

ҳосилдан қолган қишлоқ хўжалик ерларидаги тупроқ унумдорлигини бошқа усуллар билан қайта тиклашнинг иложи бўлмаса, бу ерларни консервация қиладилар;

бузилган ерларни қайтадан экинзорга айлантирадилар, уларнинг унумдорлигини ва бошқа фойдали хоссаларини оширадилар;

ерларни бузиш билан боғлиқ бўлган ишларни амалга ошириш чоғида тупроқнинг унумдор қатламини сидириб оладилар, ундан фойдаланадилар ва уни сақлаб қоладилар.

Давлат органлари ерларни муҳофаза қилиш юзасидан республика дастури ва ҳудудий дастурлар доирасида зарур чора-тадбирларни кўрадилар.

Ҳосилдан қолган қишлоқ хўжалик ерларини консервация қилиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


80-модда. Объектлар, иморатлар ва иншоотларни жойлаштириш,

лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланишга оид

экологик талаблар


Объектлар, иморатлар ва иншоотларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланишга оид экологик талаблар табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Янги ҳамда реконструкция қилинадиган объектларни, иморатлар ва иншоотларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш ва ишга тушириш, шунингдек ерларнинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган янги технологияларни жорий этиш чоғида ерларни муҳофаза қилиш тадбирлари назарда тутилади ва амалга оширилади.

Ерларнинг ҳолатига ишга туширилаётган объект ёки жорий этилаётган технологиянинг салбий таъсирини ҳамда ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш юзасидан назарда тутилган тадбирларнинг самарадорлигини баҳолаш экология экспертизаси асосида ўтказилади.

Ерларни ҳосилдан қолишдан ёки бузилишдан ҳимоя қилиш чоралари билан таъминланмаган ҳамда экология экспертизасининг ижобий хулосаси бўлмаган объектларни фойдаланишга топшириш ва бундай технологияларни қўллаш тақиқланади.

Ерларнинг ҳолатига таъсир кўрсатадиган объектларни жойлаштириш қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда ер тузиш, табиатни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа органлар билан келишиб олинади.


81-модда. Кимёвий ёки радиоактив моддалар

билан ифлосланган ерлардан фойдаланиш


Кимёвий ёки радиоактив моддалар билан ифлосланиш натижасида экология ва санитария-гигиенага оид белгиланган талабларга жавоб берадиган маҳсулот олиш таъминланмаётган ер участкалари қишлоқ хўжалиги оборотидан чиқарилиши лозим ва консервация қилиш учун уларни захира ерлар жумласига ўтказиш мумкин. Бундай ерларда қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш ва реализация қилиш тақиқланади.

Кимёвий ёки радиоактив моддалар билан ифлосланган ерлардан фойдаланиш, муҳофаза зоналари белгилаш, бундай ерларда уй-жойларни, ишлаб чиқариш ва ижтимоий-маданий аҳамиятга молик объектларни сақлаш, уларда мелиорация ва агротехника ишларини ўтказиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



82-модда. Ерлардан оқилона фойдаланишни ва

уларни муҳофаза қилишни иқтисодий рағбатлантириш


Ерлардан оқилона фойдаланишни ва уларни муҳофаза қилишни иқтисодий рағбатлантириш ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачиларнинг тупроқ унумдорлиги сақланиши ва тикланишидан, ерларни ишлаб чиқариш фаолиятининг салбий оқибатларидан ҳимоя этилишидан манфаатдорлигини оширишга қаратилган бўлиб, ўз ичига қуйидагиларни олади:

янги ўзлаштирилаётган ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш жараёнида турган мавжуд суғориладиган ерларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ер солиғи бўйича имтиёзлар бериш;

ерларни муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш бўйича фаолиятни амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахсларга камчиқит ва ресурсларни тежовчи технологияларни жорий этишда солиққа, кредитга оид ва бошқа имтиёзлар бериш;

ерларнинг сифатини яхшилашни, илмий асосланган алмашлаб экишни жорий этишни, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалигига мўлжалланган ерларнинг унумдорлигини оширишни, экологик соф маҳсулот етиштиришни рағбатлантириш;

ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачиларнинг айби бўлмаган ҳолда бузилган ерларни қайта тиклаш учун, зарурат бўлган тақдирда, республика бюджетидан ёки маҳаллий бюджетдан маблағлар ажратиш, агротехника, ўрмон мелиорацияси тадбирлари ва тупроқни ҳимоя қилиш юзасидан бошқа тадбирлар ўтказиш;

ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачиларнинг айби бўлмаган ҳолда бузилган ер участкаларини вақтинча консервация қилиш натижасида улардан келадиган даромаднинг камайишини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қисман қоплаш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тадбирлар.

Ерлардан оқилона фойдаланишни ва уларни муҳофаза қилишни иқтисодий рағбатлантириш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



12-БОБ. ЕРЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ҲАМДА

УЛАРНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ УСТИДАН НАЗОРАТ


83-модда. Ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза

қилиш устидан назоратни амалга оширишнинг асосий вазифалари


Ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан назоратни амалга оширишнинг асосий вазифалари юридик ва жисмоний шахслар, давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишларини таъминлашдан иборатдир.



84-модда. Ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза

қилиш устидан назоратни амалга оширувчи органлар


Ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек махсус ваколатга эга бўлган давлат органлари амалга оширадилар.

Ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан жамоатчилик назоратини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўз ваколатлари доирасида амалга оширадилар.

Табиатни муҳофаза қилиш жамиятлари, илмий жамиятлар ва бошқа жамоат бирлашмалари, шунингдек фуқаролар ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан назоратни амалга оширишда давлат органларига ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига кўмаклашадилар.  (ЎзР 20.01.2014 й. ЎРҚ-365-сон Қонуни таҳриридаги қисм)



85-модда. Ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза

қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш тартиби


Ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи давлат органлари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ерлардан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш масалалари юзасидан текширувлар ўтказиш, мазкур масалалар бўйича барча зарур ҳужжатларни ва материалларни олиш, тупроқнинг кадастр маълумотларига мослигини аниқлаш мақсадида тупроқни текшириш;

ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган, барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши шарт бўлган кўрсатмалар (ёзма буйруқлар) бериш;

айбдор мансабдор шахслар ва фуқароларни маъмурий жавобгарликка тортиш, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича даъволар тақдим этиш, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш учун тегишли корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдимномалар юбориш;

ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун ер участкаларини олиб қўйиш, шу жумладан ерларни ижарага бериш шартномаларини муддатидан олдин бекор қилиш ҳақидаги, шунингдек ерлардан фойдаланишни чеклаш ва тўхтатиб қўйишга доир материалларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тақдим этиш;

ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш масалалари бўйича юридик ва жисмоний шахслардан зарур ахборотлар олиш, мазкур масалалар юзасидан давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари ва ахборотларини эшитиш;

ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини олиб бориш ишларида қатнашиш учун мутахассисларни белгиланган тартибда жалб қилиш.

Ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи давлат органлари ва мансабдор шахслар:

ер участкаларидан белгиланган мақсадда фойдаланилишини, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан ерларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини белгиланган тартибда текширишлари;

йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш ҳамда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўришлари;

ерлардан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ тадбирлар юзасидан ўз ваколатлари доирасида кўрсатмалар беришлари шарт.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш борасидаги фаолияти бир йилда кўпи билан бир марта текширилиши мумкин. Агар орган ерлардан оқилона фойдаланмаслик ва уларни муҳофаза қилмаслик сабабларини бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берган бўлса, у белгиланган муддатда мазкур тадбирларни текширишга ҳақлидир.

Ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан назоратни амалга оширувчи органлар ва мансабдор шахслар ўз фаолиятларининг тўғри ташкил этилиши ва амалга оширилиши учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.


13-БОБ. ЕР ЭГАЛАРИ, ЕРДАН ФОЙДАЛАНУВЧИЛАР,

ЕР УЧАСТКАЛАРИ ИЖАРАЧИЛАРИГА ВА МУЛКДОРЛАРИГА

ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАР ҲАМДА ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВА

ЎРМОН ХЎЖАЛИГИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШИ

НОБУДГАРЧИЛИКЛАРИНИНГ ЎРНИНИ ҚОПЛАШ


86-модда. Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар,

ер участкалари ижарачиларига ва мулкдорларига

етказилган зарар ўрнини қоплаш


Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачиларига ва мулкдорларига етказилган зарарнинг ўрни (шу жумладан бой берилган фойда) қуйидаги ҳолларда тўла ҳажмда қопланиши керак:

ерлар олиб қўйилган, қайта сотиб олинган ёки вақтинча эгаллаб турилганда;

сувни муҳофаза қилиш зоналари, қирғоқбўйи минтақалари, сув объектларининг санитария муҳофазаси зоналари, ер усти ва ер ости сувларининг ҳосил бўлиш зоналари, курорт табиий ҳудудлар зоналари, давлат биосфера резерватлари зоналари, давлат қўриқхоналари, буюртма қўриқхоналар, давлат табиат ёдгорликлари, моддий маданий мерос объектлари, сув ташламалари, йўллар, трубопроводлар, алоқа ва электр узатиш линиялари атрофида муҳофаза зоналари белгиланиши муносабати билан уларнинг ҳуқуқлари чекланганда;

сув ҳавзалари, каналлар, коллекторлар, шунингдек қишлоқ хўжалиги экинлари ва дов-дарахтлар учун зарарли моддалар чиқарадиган бошқа объектлар қуриш ва улардан фойдаланишнинг таъсири ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳосил камайишига ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг сифати ёмонлашувига олиб борадиган бошқа хатти-ҳаракатлари оқибатида ерларнинг сифати ёмонлашган тақдирда.

Зарарнинг ўрни олиб қўйилаётган ер участкалари ажратиб бериладиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан, шунингдек фаолияти ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқлари чекланишига ёки яқин атрофдаги ерларнинг сифати ёмонлашувига олиб борган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.


87-модда. Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги

ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш


Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон ерларини, шу жумладан жисмоний шахслар эгалигидаги ва фойдаланишидаги қишлоқ хўжалиги ерларини қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалигини юритиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда фойдаланиш учун олиб қўйиш, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачиларнинг ҳуқуқлари чекланиши ёки корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолиятининг таъсири оқибатида ерларнинг сифати ёмонлашуви туфайли қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрни ушбу Кодекснинг 86-моддасида назарда тутилган зарарлар ўрнини қоплашдан ташқари қопланади.

Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқаришининг нобудгарчиликлари қуйидагилар томонидан қопланади:

қишлоқ ва ўрмон хўжалигини юритиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёжлар учун олиб қўйилаётган қишлоқ хўжалиги ва ўрмон ерлари ажратиб бериладиган юридик ва жисмоний шахслар;

ерларини қишлоқ хўжалиги ва ўрмон ерлари оборотидан чиқариб ёки у қадар қийматга эга бўлмаган ерлар қаторига ўтказган ҳолда объектлари атрофига муҳофаза, санитария ва иҳота зоналари ўрнатиладиган юридик ва жисмоний шахслар.

Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқаришининг нобудгарчиликлари қуйидаги ҳолларда қопланмайди:

ер участкалари якка тартибдаги уй-жой қурилиши ҳамда уй-жойни ободонлаштириш учун олиб қўйилганда;

ер участкалари мактаблар, интернатлар, болалар уйлари, мактабгача тарбия ва даволаш муассасалари қуриш учун олиб қўйилганда;

ер участкалари сув хўжалигига мелиоратив объектлар ва гидротехник иншоотлар қурилиши учун ажратилганда;

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этиш учун ер участкалари берилганда.

Қонунларда юридик ва жисмоний шахслар қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқаришининг нобудгарчиликларини қоплашдан озод қилинадиган ўзга ҳоллар ҳам белгиланиши мумкин.

Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг қопланиши лозим бўлган ўрни миқдори ва уни аниқлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


88-модда. Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши

нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш тартибида

тушадиган маблағлардан фойдаланиш


Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш тартибида тушадиган маблағлардан қуйидаги белгиланган мақсадга кўра фойдаланилади:

янги ерларни ўзлаштириш ва суғориладиган ерларни комплекс реконструкция қилиш;

тупроқ унумдорлигини ошириш;

коллектор-дренаж тармоқларини қуриш ва қайта қуриш, суғориладиган ерларни капитал режалаштириш ва уларнинг сув билан таъминланиш даражасини ошириш;

пичанзорлар ва яйловларни тубдан яхшилаш;

ерлар олиб қўйилиши ва ажратилиши муносабати билан бузилган ер тузиш бўйича лойиҳа ва бошқа ҳужжатларни тузатиш ёки тайёрлаш.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маблағлардан вилоят ҳокимининг қарорига биноан қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиришни кўпайтиришга қаратилган бошқа тадбирларни амалга оширишда ҳам фойдаланилиши мумкин.

Ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш тартибида тушадиган маблағлар алоҳида ҳисобга олиб борилади ҳамда улардан ўрмонлар ва ўрмон-мевали дарахтзорларни барпо этиш ва тиклаш, қумли ерлар, сув ҳавзалари ҳамда дарёларнинг қирғоқбўйи минтақаларида дарахтзорлар барпо этиш, шунингдек ўрмон ерлари ҳолатини яхшилашга қаратилган бошқа тадбирларни амалга ошириш учун фойдаланилади.



14-БОБ. ЕР ХУСУСИДАГИ НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ

ҲАМДА ЕР ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


89-модда. Ер хусусидаги

низоларни ҳал этиш


Юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги ер хусусидаги низолар суд томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


90-модда. Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини

бузганлик учун жавобгарлик


Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан амалга оширилган ер участкалари олди-сотдиси, уларни ҳадя қилиш, гаровга қўйиш (ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини, шу жумладан, кимошди савдоси асосида олинган шундай ҳуқуқни, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйиш бундан мустасно), ер участкаларини ўзбошимчалик билан айирбошлаш ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Бундай битимларни амалга оширишда айбдор шахслар қонунга биноан жавобгар бўладилар.

Қуйидаги ҳолатларда ҳам айбдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар:

ерлардан белгиланган мақсадда фойдаланмаганликда;

ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганликда;

қишлоқ хўжалиги ерларини ва бошқа ерларни яроқсиз ҳолга келтирганликда, уларни кимёвий ва радиоактив моддалар, ишлаб чиқариш чиқиндилари ва оқава сувлар билан ифлослантирганликда;

ерларнинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган объектларни жойлаштирганликда, қурганликда, лойиҳалаштирганликда, фойдаланишга топширганликда;

ерлардан фойдаланишнинг табиатни муҳофаза қилишга оид талабларини бажармаганликда;

вақтинча эгаллаб турилган ерларни қайтариш муддатини бузганликда ёки ерларни белгиланган мақсадда фойдаланишга яроқли ҳолатга келтиришга оид мажбуриятларни бажармаганликда;

ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачиларга ва мулкдорларга қарашли ер участкаларининг марза белгиларини йўқ қилганликда;

давлат ер кадастри маълумотларини бузиб кўрсатганликда;

ўзбошимчалик билан пичан ўрганликда ва чорва моллар боққанликда;

ёввойи ўтлар ва зараркунандаларга қарши кураш чораларини кўрмаганликда;

ерлардан хўжасизларча фойдаланганликда, ерларнинг ҳолатини яхшилаш ҳамда тупроқни сув ва шамол эрозиясидан ва тупроқ ҳолатининг ёмонлашувига олиб келадиган бошқа жараёнлардан сақлаш мажбуриятларини бажармаганликда;

ер участкалари бериш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқишнинг белгиланган муддатлари ва тартибини бузганликда.


91-модда. Ўзбошимчалик билан

эгаллаб олинган ерларни қайтариш


Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади.

Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.