ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Савдо. Умумий овқатланиш. Маиший хизмат кўрсатиш / Истеъмол моллари ва бошқа турдаги маҳсулотлар савдоси /

Ўзбекистон Республикасининг 06.05.2006 й. ЎРҚ-33-сон "Истеъмол кредити тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 22.12.2005 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 24.02.2006 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

06.05.2006 й.

N ЎРҚ-33



ИСТЕЪМОЛ КРЕДИТИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2005 йил 22 декабрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2006 йил 24 февралда маъқулланган


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади истеъмол кредити бериш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Истеъмол кредити тўғрисидаги қонунчилик

Истеъмол кредити тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг истеъмол кредити тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Истеъмол кредити тушунчаси ва шакллари


Истеъмол кредити жисмоний шахсга (истеъмолчига) унинг истеъмол эҳтиёжларини қондириш мақсадида товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олиш учун бериладиган кредитдир.

Молиявий истеъмол кредити ва товар истеъмол кредити истеъмол кредитининг шаклларидир.


4-модда. Молиявий истеъмол кредити

ва уни берувчи ташкилотлар


Молиявий истеъмол кредити сотиб олинган товарлар (хизматлар) ҳақини тўлаш учун пул маблағлари тарзида истеъмолчига бериладиган кредитдир.

Банклар ва нобанк кредит ташкилотлари, шунингдек микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи тўлов ташкилотлари молиявий истеъмол кредити берувчи ташкилотлардир.


5-модда. Товар истеъмол кредити

ва уни берувчи ташкилотлар


Товар истеъмол кредити сотиб олинган товарлар, бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш тарзида истеъмолчига бериладиган кредитдир.

Истеъмол товарларини (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқарувчи корхоналар ёки реализация қилувчи ташкилотлар товар истеъмол кредити берувчи ташкилотлардир.



6-модда. Истеъмол кредити объекти


Жисмоний шахснинг истеъмол эҳтиёжлари учун мўлжалланган товарлар (ишлар, хизматлар) истеъмол кредити объекти бўлиши мумкин.

Кўчмас мулк, шунингдек қонунга мувофиқ муомаладан чиқарилган ёки муомалада бўлиши чекланган бошқа мол-мулк истеъмол кредити объекти бўлиши мумкин эмас.


7-модда. Истеъмол кредити бериш


Истеъмол кредити истеъмол кредити бериш қоидаларига мувофиқ истеъмол кредити шартномаси (бундан буён матнда шартнома деб юритилади) бўйича тўловлилик, муддатлилик ва таъминланганлик шартлари билан берилади.

Истеъмол кредити ўз фаолияти натижасида олинган даромадларга, пенсия ва бошқа даромадларга (бундан буён матнда даромадлар деб юритилади) эга бўлган жисмоний шахсларга берилади.

Истеъмол кредити бериш қоидалари истеъмол кредити берувчи ташкилот томонидан ушбу Қонунга мувофиқ белгиланади.

Истеъмол кредити бериш қоидалари ҳамма танишиб чиқиши учун очиқ бўлиши ва уларда истеъмол кредити бериш шартлари, шунингдек кредит миқдори, уни бериш муддати, фоиз ставкаси, истеъмолчи тўлаши лозим бўлган тўловлар жадвали тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

Товарларни (ишларни, хизматларни) кредитга сотиш сотув кунида амалда бўлган нархлар бўйича амалга оширилади. Реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг кейинчалик ўзгариши шартнома тарафларининг мажбуриятларига таъсир этмайди.



8-модда. Истеъмол кредити олиш учун

тақдим этиладиган ҳужжатлар


Истеъмол кредити бериш қоидаларига мувофиқ истеъмолчи истеъмол кредити олиш учун кредит буюртмасини ва ўз даромадлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бошқа ҳужжатларни истеъмол кредити берувчи ташкилотга тақдим этади.

Кредит буюртмасида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

истеъмолчининг фамилияси, исми, отасининг исми, паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси (шахсини тасдиқловчи ҳужжати) серияси ва рақами ҳамда яшаш жойи;

истеъмол кредитининг объекти;

истеъмол кредитининг муддати;

истеъмолчининг фаолият тури ва даромадлари;

истеъмолчи томонидан шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш усули.

Кредит буюртмаси буюртма берилган сана кўрсатилган ҳолда истеъмолчи томонидан имзоланади.



9-модда. Кредит буюртмасини кўриб чиқиш тартиби


Истеъмол кредити берувчи ташкилот кредит буюртмасини олганидан сўнг кредит бериш тўғрисида ёки кредит беришни асослантирилган ҳолда рад этиш ҳақида беш иш куни ичида қарор қабул қилади.

Истеъмол кредити бериш асослантирилган ҳолда рад этилган тақдирда, истеъмол кредити берувчи ташкилот истеъмолчига бу ҳақда ёзма шаклда маълум қилиши шарт.

Кредит буюртмаси истеъмол кредити берувчи ташкилот томонидан кўриб чиқилаётганда қуйидагиларнинг таҳлили амалга оширилади:

истеъмолчининг даромадлари етарлилигини ва кредит тарихини аниқлаш;

кредит буюртмасида баён этилган маълумотларнинг бир-бирига зид бўлмаслиги;

истеъмол кредити суммасини қайтаришнинг мақбул истиқболлари мавжудлиги.



10-модда. Шартнома шартлари


Шартномада қуйидагилар назарда тутилган бўлиши лозим:

истеъмолчининг фамилияси, исми, отасининг исми, паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси (шахсини тасдиқловчи ҳужжати) серияси ва рақами ҳамда яшаш жойи;

истеъмол кредити берувчи ташкилотнинг номи ва бошқа реквизитлари;

истеъмол кредитининг объекти ҳақидаги маълумотлар;

истеъмол кредитининг умумий суммаси;

истеъмолчи томонидан шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш усули;

фоиз ставкаси;

истеъмол кредити берувчи ташкилот талаб қилган тақдирда, сотиб олинган товарнинг (ишнинг, хизматнинг) қийматини олдиндан тўлаш учун бўнак миқдори;

истеъмол кредити бериш ҳамда унинг суммасини қайтариш тартиби ва муддатлари;

тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда тарафларнинг жавобгарлиги;

шартноманинг амал қилиш муддати;

шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби;

қонунчиликка мувофиқ бошқа шартлар.


11-модда. Шартноманинг шакли ва

шартномани рўйхатдан ўтказиш


Шартнома ёзма шаклда тузилади.

Шартнома қуйидаги ҳолларда нотариал тартибда тасдиқланади:

тарафлардан бирининг талаби бўйича;

истеъмол кредити объекти бўлган мол-мулк бўйича битимлар қонунга мувофиқ нотариал тартибда тасдиқланиши талаб этилган тақдирда.

Шартнома қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.


12-модда. Шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш


Шартнома шартлари, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши мумкин.

Тегишли даражада сифатли бўлмаган товар (иш, хизмат) сотиб олинган ва уни сифати тегишли даражада бўлган бошқа шунга ўхшаш товарга (ишга, хизматга) алмаштириш имконияти бўлмаган тақдирда, шартнома товар истеъмол кредити берган ташкилот шартномани бекор қилиш ҳақида ёзма равишда хабардор этилган кундан эътиборан бир ой ичида истеъмолчи томонидан бекор қилиниши мумкин. Шартнома бекор қилинган тақдирда, товар истеъмол кредити берган ташкилот сотиб олинган товар (иш, хизмат) учун тўланган пул суммасини истеъмолчига қайтариб беради.

Истеъмолчи фойдаланилмаган молиявий истеъмол кредитидан воз кечиш ҳақида молиявий истеъмол кредити берган ташкилотни шартнома тузилган кундан эътиборан икки ҳафта ичида ёзма равишда хабардор этиш орқали мазкур кредитдан воз кечишга ҳақли.

Истеъмолчи шартнома тузилган кундан эътиборан бир ой ичида истеъмол кредитидан фойдаланмаган тақдирда, истеъмол кредити берган ташкилот шартномани бекор қилиш ҳақида истеъмолчини ёзма равишда хабардор этиш орқали шартномани бир томонлама тартибда бекор қилишга ҳақли.

Ёзма хабар топширилган ёки почта орқали жўнатилган сана мазкур ёзма хабар юборилган сана ҳисобланади.


13-модда. Истеъмолчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Истеъмолчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

истеъмол кредити бериш қоидалари билан танишиб чиқиш;

ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида, шу жумладан истеъмол кредити бериш билан боғлиқ барча харажатлар ҳақида ишончли ҳамда тўлиқ ахборот олиш;

шартнома шартларининг шартномада белгиланган тартибда ва муддатларда бажарилишини талаб қилиш;

тегишли даражада сифатли бўлмаган сотиб олинган товарнинг (ишнинг, хизматнинг) алмаштирилишини талаб қилиш ёки уни сифати тегишли даражада бўлган бошқа шунга ўхшаш товарга (ишга, хизматга) алмаштириш имконияти бўлмаганида шартномани бекор қилиш;

истеъмол кредити берувчи ташкилотдан шартнома бўйича мажбуриятларни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги натижасида етказилган зарарларнинг ўрнини қоплашни талаб қилиш.

Истеъмолчи:

истеъмол кредити олиш учун зарур ҳужжатларни тақдим этиши;

банк ёки бошқа кредит ташкилотидан олинган молиявий истеъмол кредитидан шартномага мувофиқ белгиланган мақсадда фойдаланиши;

товар (иш, хизмат) ҳақини шартномага мувофиқ ўз вақтида тўлаши;

олинган молиявий истеъмол кредитини қайтаришни ва мазкур кредит бўйича ҳисобланган фоизларни тўлашни шартномада белгиланган тартибда ҳамда муддатларда амалга ошириши шарт.

Истеъмолчи қонунчиликка ҳамда шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


14-модда. Истеъмол кредити берувчи ташкилотнинг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Истеъмол кредити берувчи ташкилот қуйидаги ҳуқуқларга эга:

истеъмолчига истеъмол кредити бериш ёки истеъмол кредити беришни асослантирилган ҳолда рад этиш;

истеъмол кредити бериш ва шартнома бўйича мажбуриятларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатларни истеъмолчидан сўраб олиш;

тўлов ўз вақтида амалга оширилмаган тақдирда, берилган истеъмол кредити суммаси муддатидан илгари қайтариб берилишини ва мазкур кредит бўйича ҳисобланган фоизлар тўланишини талаб қилиш.

Истеъмол кредити берувчи ташкилот:

истеъмолчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида, шу жумладан истеъмол кредити бериш билан боғлиқ барча харажатлар ҳақида истеъмолчига ишончли ҳамда тўлиқ ахборотни маълум қилиши;

молиявий истеъмол кредитини ёки товарни (ишни, хизматни) шартномада белгиланган тартибда ва муддатда бериши;

истеъмол кредити бериш қоидаларини ҳамма танишиб чиқиши учун қулай бўлган жойга жойлаштириши;

товар истеъмол кредити берилганда, товарни (ишни, хизматни) сифати тегишли даражада бўлган бошқа шунга ўхшаш товарга (ишга, хизматга) алмаштириши, бунда нархларда фарқ бўлган тақдирда, истеъмолчи билан зарур ҳисоб-китобни амалга ошириши;

шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки тегишли даражада бажарилмаганлиги натижасида етказилган зарарларнинг ўрнини истеъмолчига қоплаши шарт.

Истеъмол кредити берувчи ташкилот қонунчиликка ҳамда шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


15-модда. Молиявий истеъмол кредитининг хусусиятлари

Молиявий истеъмол кредитидан фойдаланишда шартнома товарни (хизматни) истеъмолчи томонидан сотиб олишга доир шартнома кучга киргунига қадар ёки кучга кирганидан кейин тузилиши мумкин.

Молиявий истеъмол кредити бериш истеъмол товарларини (хизматларни) ишлаб чиқарувчининг ёки реализация қилувчи субъектнинг (юридик ва жисмоний шахснинг) банкдаги ҳисобварағига банк ёхуд бошқа кредит ташкилоти томонидан пул маблағлари ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Молиявий истеъмол кредитининг нақд пулда берилишига йўл қўйилмайди.



16-модда. Истеъмол кредитини муддатидан илгари қайтариш


Истеъмолчи олинган истеъмол кредити суммасини қайтаришни ва мазкур кредит бўйича ҳисобланган фоизларни тўлашни муддатидан илгари амалга оширишга ҳақли. Бундай ҳолда истеъмолчи фақат истеъмол кредитидан ҳақиқатда фойдаланилган муддат учун фоизлар тўлайди.



17-модда. Истеъмолчи томонидан шартнома бўйича

мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш


Истеъмолчи томонидан шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши:

банк ёки суғурта ташкилотининг кафолати;

учинчи шахсларнинг кафиллиги;

мол-мулк ва қимматли қоғозлар гарови, шу жумладан гаров депозити, банкларнинг омонат сертификатлари;

қонунчиликда ва шартномада назарда тутилган бошқа усуллар билан таъминланиши мумкин.

Истеъмолчининг даромадлари ҳажми, шунингдек шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилишининг истеъмолчи томонидан тақдим этилган таъминоти истеъмол кредити суммасини қайтариш ва мазкур кредит бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш учун етарли бўлиши керак.

Истеъмол кредити бериш шартномаси ва унинг қарз олувчи томонидан бажарилиши тўғрисидаги маълумотлар кредит тарихини шакллантириш учун кредит бюроларига тақдим этилади ҳамда улардан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланилади. Молия истеъмол кредити бериш шартномаси тўғрисидаги маълумотлар Кредит ахборотининг давлат реестрига ҳам тақдим этилади.

Истеъмолчи шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда, кафолат берувчи ёки кафил истеъмол кредитини қайтариш муддати тугагач, истеъмол кредити берувчи ташкилотнинг биринчи талабига биноан қонунчиликка ва шартномага мувофиқ истеъмол кредити суммасини қайтариши ҳамда мазкур кредит бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаши шарт.


18-модда. Низоларни ҳал этиш


Истеъмол кредити бериш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


19-модда. Истеъмол кредити тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Истеъмол кредити тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


20-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин, давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



21-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                              И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 19-сон, 160-модда.




































Время: 0.1905
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск