Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Транспорт /

Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг ҳисобини олиб бориш, миллий давлат рақами белгиларини бериш ва уларни алмаштириш Қоидалари (ЎзР ВМ 26.05.1997 й. 256-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

1997 йил 26 майдаги

256-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт

воситаларини рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан

ўтказиш  ва  уларнинг  ҳисобини  олиб  бориш,

миллий давлат рақами белгиларини бериш

ва уларни алмаштириш

ҚОИДАЛАРИ


Механик транспорт воситалари ва тиркамаларни рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг ҳисобини олиб бориш автомототранспорт воситаларининг йўлларда ҳаракатланишда, шу жумладан, халқаро йўлларда ҳаракатланишда иштирок этишига давлат томонидан рухсат берилиши тадбири ҳисобланади. Транспорт воситаларини қайд этиш транспорт воситаларининг конструкциялари, техник ҳолати ва жиҳозланганлиги ҳаракатланиш хавфсизлигининг белгиланган талабларига мувофиқ келиши устидан назоратни таъминлаш, транспорт воситалари харид қилиш, олиш, улардан фойдаланиш, уларни ўзгаларга ўтказиш, яроқсиз деб топиш тартибига риоя қилиш мажбуриятларининг бажарилишини, йиғимларни тўлашга доир қонунларга лозим даражада риоя этилишини, транспорт воситаларининг марказлашган ва ҳудудий ҳисобини таъминлаш, жиноятчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш мақсадида амалга оширилади.

Механик транспорт воситалари ва тиркамаларни давлат томонидан қайд этиш қоидалари учун Ўзбекистон Республикасида қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


"транспорт воситаларини давлат томонидан рўйхатдан ўтказиш" деганда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг транспорт воситаларига қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган йўлларда ҳаракатланишда иштирок этишини тасдиқлайдиган давлат қайд этиш белгиларини ва расмий ҳужжатларни бериш, транспорт воситаларини ҳисобга олиш борасидаги фаолияти тушунилади;


"қайта рўйхатдан ўтказиш" деганда тегишли юридик асослар мавжуд бўлганида транспорт воситаларининг ҳисобга олишга доир маълумотлари ва ҳужжатларига ўзгартиришлар ҳамда қўшимчалар киритиш тушунилади;


"рўйхатдан ўтказиш жойи" деганда транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш бўйича юридик аҳамиятга эга бўлган ишларни бажарувчи давлат автомобиль назоратининг бўлинмаси тушунилади;


"транспорт воситасининг эгаси (транспорт воситаси эгасининг вакили)" деганда транспорт воситасининг мулкдори ёки қонун ҳужжатларида белгиланган асослар ва доирада транспорт воситасига эгалик қилувчи ёки ундан фойдаланувчи ёхуд уни тасарруф этувчи фуқаро ёки юридик шахс тушунилади;


"қайд этиш ҳужжатлари" деганда у транспорт воситалари учун расмий ҳужжат ҳисобланиб, уларнинг йўлларда ҳаракатланишда иштирок этишини тасдиқловчи қайд этишга доир гувоҳнома, техник паспорт, техник талон, халқаро йўлларда ҳаракатланишда иштирок этиш учун қайд қилиш тўғрисидаги белгиланган намунадаги гувоҳнома тушунилади.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу қоидалар транспорт воситаларини қайд этиш, қайд этиш гувоҳномалари ва давлат рақами белгиларини бериш тартибини белгилаб беради, улар Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида амал қилади.


2. Транспорт воситаларини қайд этиш Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари ДЙҲХХ бошқармаларининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлим (бўлинма) лари, туманлараро рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлим (бўлинма) лари томонидан амалга оширилади.


3. Ушбу қоидалар транспорт воситаларини шилаб чиқариш, сотиш ва улардан фойдаланиш билан шуғулланувчи барча юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурийдир.


4. Двигателининг иш ҳажми 50 куб см ва ундан ортиқ ҳамда конструкциясида кўрсатилган тезлиги соатига 50 км ва ундан ортиқ транспорт воситалари, улар учун ишлаб чиқарилган тиркамлар ва ярим тиркамлар ДЙҲХХ органлари томонидан рўйхатга олинади.


5. Юридик ва жисмоний шахслар томонидан сотиб ёки қабул қилиб олинганда ва ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш лозим бўлганда, транспорт воситасининг техник ҳолатидан қатъи назар, 10 кун мобайнида жойлардаги ДЙҲХХ органларига мурожаат этилиши шарт.

Нотариуслар томонидан тасдиқланган автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга бериш шартномалари, шунингдек автомототранспорт воситаларини ихтисослаштирилган савдо корхоналари ва кимошди савдолари орқали сотиш шартномаси (баённомаси) бир вақтнинг ўзида автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказган ва ҳисобдан чиқарган ҳолда сотиб олувчининг яшаш жойидаги (турган жойидаги) ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилиши керак.

Нотариуслар томонидан тасдиқланган автомототранспорт воситалари билан боғлиқ ишончномалар, уларни бошқа шахсга бериш ва ижарага бериш шартномалари нотариал тартибда тасдиқланган вақтдан бошлаб 10 кун мобайнида рўйхатга олиш (ҳисобга қўйиш) учун тақдим этилади. Ишончномаларни ва ижара шартномасини ҳисобга қўйиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда, тўлов ундирилмасдан амалга оширилади.

6. Рўйхатга олинаётган транспорт воситаларининг конструкциялари хавфсизлик талабларига, Ўзбекистон Республикасида амал қилаётган техник регламентларнинг ҳаракатланиш хавфсизлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқ келиши лозим.

7. Транспорт воситалари фақат юридик шахс ҳисобланган ташкилотлар, муассасалар, корхоналар, фирмалар, уюшмалар, ширкатлар ва ҳ.к. номига рўйхатдан ўтказилади.

Фуқароларнинг шахсий мулки бўлган транспорт воситалари фақат бир киши, яъни эгаси номига рўйхатдан ўтказилади.


8. Рўйхатдан ўтказилган автомобилларга бир жуфт давлат рақами белгиси ва қайд этиш гувоҳномаси;

мототранспорт воситалари, тиркама ва ярим тиркамаларга бир дона давлат рақами белгиси ва қайд этиш гувоҳномаси берилади.


9. Транспорт воситаларини қайд этиш ва бошқа ўзгартиришлар киритиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳужжатлар тўплами ДЙҲХХ органларида камида 3 йил муддатда давомида сақланади (қайд этиш, қатъий ҳисобдаги ДЙҲХХ бланклари ва рақам белгиларининг кирим-чиқим дафтарлари бундан мустасно).


10. Транспорт воситаларини қайд этиш (шу жумладан, вақтинча ҳисобга олиш) ни ташкил этиш ва амалга ошириш, уларнинг конструкцияларига мувофиқлиги ва техник ҳолатининг хавфсизлик талабларига мувофиқлигини баҳолаш, қайд этишга тегишли йиғимлар ундириш, иш юритиш Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг ушбу қоидаларни қўллашга оид йўриқномалари билан белгиланади.


11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ҳукуматнинг қарор ва фармойишлари асосида ушбу қоидаларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиб бориш ҳуқуқи берилади.


12. Ҳисобга олинган транспорт воситалари ва уларнинг эгаларига доир маълумотларни олиш ҳуқуқига эга бўлган корхоналарнинг рўйхати, ана шундай маълумотларни ҳисобга олиш жойида бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси ИИВ томонидан белгиланади.


13. Транспорт воситаларини қайд этишга доир белгиланган тартибни бузганлик учун транспорт воситалари эгалари ва мансабдор шахслар амалдаги қонунларга мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.



II. ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ

РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ


1. Автотранспорт воситалари 18 ёшга тўлган, мототранспорт воситалари 16 ёшга тўлган, мототранспорт воситалари эса 16 ёшга тўлган шахслар номига рўйхатдан ўтказилади (лоторея ва шунга ўхшаш бошқа оммавий ўйинларда ютуққа чиққан, васиятнома ва қонун билан белгиланган тартибда мерос асосида ўтган автомототранспорт воситалари бундан мустасно).

Мустасно тарзида автотранспорт воситаларини 18 ёшга, мототранспорт воситаларини 16 ёшга тўлмаган шахслар номига рўйхатдан ўтказилганда, транспорт воситаларининг қайд этиш гувоҳномаси шу шахсларнинг номига расмийлаштирилади ва гувоҳномага ҳамда автомототранспорт воситаларини ҳисобга олиш карточкасига "Транспорт воситаси эгаси 18 (16) ёшга тўгунга қадар ҳомийлик ёки васийлик қилувчи идораларнинг рухсатисиз ҳисобдан чиқариш тақиқланади" деб ёзиб қўйилади.


2. Жисмоний шахсларга қарашли транспорт воситалари уларнинг доимий турар-жойларига, доимий турар-жойи бўлмаган тақдирда вақтинчалик турар-жойларига Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ муомала лаёқатига эга бўлган фуқаролар номига рўйхатдан ўтказилади.

Транспорт воситалари муомала лаёқатига эга бўлмаган фуқаролар номига ҳам рўйхатдан ўтказилиши мумкин, башарти анна шу транспорт воситалари эгалик қилиш ҳуқуқи мерос қолдириш, қонунда назарда тутилган ҳадя этиш ёки бошқа ҳоллар оқибатида юзага келса,


3. Республикада ташқарига ўқишга, ишга, ҳарбий хизматга, узоқ муддатли хизмат сафарига кетган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ёзма аризалари асосида уларга қарашли транспорт воситаларини уларнинг розилиги билан қариндошларнинг турар-жойларига, шунингдек, эгасининг аввалги турар-жой майдони яшаш учун унинг номида сақланиб қолган бўлса, аввалги турар-жойига рўйхатдан ўтказиш учун рухсат этилади.

Айрим сабабларга кўра транспорт воситасининг эгаси рўйхатдан ўтказиш бўлимларига кела олмаса, транспорт воситаси эгасининг вакили томонидан нотариал идораларидан берилган ишонч қоғози ва қонуний сотиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида рўйхатдан ўтказилади.

Транспорт воситаларини ҳарбий хизматчилар номига рўйхатдан ўтказиш турар-жойга рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ички ишлар органи ёки уй-жой ажратилганлиги тўғрисида ҳарбий қисм томонидан берилган маълумотномаларга асосан амалга оширилади.


4. Транспорт воситалари юридик шахслар амалда яшаётган манзилда рўйхатдан ўтказилади. Агар маҳаллий ҳокимиятларнинг қарорларида кўрсатилган бўлса, корхоналарга қарашли транспорт воситаларини уларнинг юридик шахс ҳисобланмаган филиаллари, бир тизимдаги бошқа бўлим ва бўлинмалари жойлашган ерда транспорт воситасини ижарага олган корхона жойлашган ерда рўйхатдан ўтказишга рухсат этилади. Бундай ҳолларда қайд этиш гувоҳномасида транспорт воситаси эгасининг номи, унинг манзили ва қўшимча равишда транспорт воситаси турадиган жой кўрсатилади.


5. Техник жиҳатдан соз деб рўйхатдан ўтказилган транспорт воситаларига қайд этиш гувоҳномаси ва давлат рақами белгилари билан биргаликда давлат техника кўригидан ўтганлиги тўғрисида махсус талон берилади. Техник носоз деб топилган транспорт воситалари рўйхатдан ўтказилганда қайд этиш гувоҳномаси ва давлат рақами белгилари берилади, лекин махсус талон берилмайди, Техник носозлик бартараф этилгач, махсус талон ҳудудий ДЙҲХХ органлари томонидан берилади.


6. Бир транспорт воситасига бириктирилган давлат рақами белгиларини бошқа транспорт воситасига ўрнатиб фойдаланиш қатъиян ман этилади.


7. ДЙҲХХ органларида юридик ёки жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситалари эгаси (корхона) нинг ёзма аризаси ҳамда қонуний сотиб олинганлигини, рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган йиғимлар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида рўйхатдан ўтказилади.


8. Кредитга берилган транспорт воситасининг қайд этиш гувоҳномасига ҳамда унинг ҳисоб карточкасига "Кредитга олинган" белгиси қўйилади ва кредитга берган ташкилотнинг розилигисиз у ДЙҲХХ ҳисобидан чиқарилмайди.


9. Транспорт воситаларини, уларнинг рақамли агрегатларини рўйхатдан ўтказишда, эгаси ўзгариши билан қайта рўйхатдан ўтказишда, ҳисобдан чиқариш вақтида транспорт воситаси ҳақидаги маълумотлар ДЙҲХХ РИБ (ТРИБ) лари томонидан Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ва вилоятлар ИИБ ахборот марказларидаги олиб қочилган ёки ўғирланган транспорт воситалари рўйхати билан солиштирилади.


10. Фуқароларга қарашли юк, юк-йўловчи ташувчи автомобиллар, автобус ва мўъжаз автобуслар тегишли ҳудудий солиқ органлари ва мудофаа ишлари бўйича бўлимларда ҳисобга қўйилганидан сўнг рўйхатдан ўтказилади.


11. Қайд этиш ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш зарурати бўлган вақтда техник кўрикдан ўтказиш ҳамда рақамли агрегатларнинг техник ҳужжатларга мос келишини солиштириш учун транспорт воситалари жойлардаги ДЙҲХХ РИБ (ТРИБ) ларига келтирилиши шарт. Транспорт воситаси носозлиги туфайли олиб келишнинг иложи бўлмаганда ҳудудий ДЙҲХХ органи томонидан муҳр билан тасдиқланган транспорт воситасини якка тартибда техник кўрикдан ўтказиш далолатномаси тақдим этилади.


12. Мустақил равишда тайёрланган транспорт воситаси унинг чизмаси, конструкциясининг ҳаракатланиш хавфсизлиги талабларига жавоб бериши ҳақидаги хулоса, ИИВ ДЙҲХХ бошқармасининг рухсати ва агрегатларнинг қонуний харид этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида рўйхатга олинади.


13. Мотоциклга ён кажавани ўрнатиш двигатели цилиндрининг иш ҳажми 35 куб см дан ортиқ бўлган ҳамда уни ишлаб чиқарувчи завод томонидан кўзда тутилган бўлса рухсат этилади.


14. Транспорт воситасининг Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази томонидан бепул ёки имтиёзли шартларда берилган гувоҳномасига "Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказларининг рухсатисиз ҳисобдан чиқарилмайди" деб ёзиб қўйилади.

15. Ногиронлар томонидан бошқариладиган транспорт воситаларига қўл бошқаруви мосламасини, "Ногирон" белгисини ўрнатиш ногироннинг ёзма аризасига мувофиқ рухсат этилади ва бу ҳақда қайд этиш гувоҳномасига ёзиб қўйилади.


16. Юридик шахслар транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишда юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини тақдим этадилар.

Транспорт воситалари уларни қайд этишдан олдин ҳудудий мудофаа ишлари бўйича бўлимларда рўйхатдан ўтказилади ёки рўйхатдан чиқарилади.

Янги ташкил этилган автохўжаликларни рўйхатдан ўтказиш вақтида транспорт воситаларини сақлаш учун етарли жой майдони (гараж, автосарой) мавжудлиги ёки бундай жой ижарага олинганлиги ҳақидаги шартномадан нусха, ҳудудий ДЙҲХХ органи томонидан шу жойнинг кўрикдан ўтказилгани тўғрисидаги даллолатнома тақдим этилади.


17. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ДЙҲХХ бошқармаси томонидан автомобиллар ишлаб чиқарувчи ёки уларни тузатувчи заводларнинг техник шартлари бўйича тажриба синовидан ўтаётган транспорт воситаларига заводнинг ёзма мурожаати ва автотранспортнинг техник регламентларга мувофиқлиги тўғрисидаги экспертиза хулосасига асосан маълум муддатга (ой, чорак, йил) "Тажриба" давлат рақами белгилари ва қайд этиш гувоҳномаси берилади.

18. Синовдан ўтаётган транспорт воситаларининг тажриба намуналари ишлаб чиқариш корхонасининг ёзма мурожаати ва транспорт воситалари ҳаракатланиш хавфсизлиги ва техник регламентларга мувофиқлиги тўғрисидаги экспертиза хулосаси асосида бир йилгача бўлган муддатга рўйхатдан ўтказилиб, уларга "Синов" белгиси қўйилган қайд этиш гувоҳномаси ва амалдаги давлат рақами белгилари берилади.

19. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида махсус жиҳоз ва мосламалар ўрнатилган ёки конструкциясига ўзгартиришлар киритилган транспорт воситаларини рўйхатга олишда унга асос бўладиган ҳужжатларга қўшимча равишда қайта жиҳозлаган завод (корхона) томонидан берилган ҳужжатлар (паспорт, қабул қилиш-топшириш далолатномаси) ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ДЙҲХХ бошқармалари томонидан берилган конструкциясининг ҳаракатланиш хавфсизлиги талабларига мослиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси тақдим этилади.


20. Қуйидаги транспорт воситалари:

ушбу қоидаларнинг 7-бандида белгиланган ҳужжатлари бўлмаган;

агрегатлардан ва эҳтиёт қисмлардан йиғилган;

яроқсизлиги учун ДЙҲХХ ҳисобидан чиқарилгандан сўнг қайта тикланган;

ёпиқ жойларда фойдаланиладиган технологик транспорт воситалари;

конларда, шахталарда ва карьерларда ишлатиладиган махсус транспорт воситалари;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқармаси билан келишилмаган ҳолда мустақил тайёрланган ёки техник шартларга хилоф равишда қайта жиҳозланган транспорт воситалари;

руль бошқаруви ўнг томонда бўлган автомобиллар ДЙҲХХ томонидан рўйхатдан ўтказилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва ИИВ ички қўшинларга тегишли ҳарбий транспорт воситалари, юридик ва жисмоний шахсларга тегишли тракторлар, трактор тиркамалари ва ўзиюрар механизмлар, умумфойдаланиш йўлларида ишлатилмайдиган "БелАЗ", "МоАЗ" русумли автомобиллар, шунингдек, трамвай, троллейбуслар ДЙҲХХ органлари томонидан рўйхатдан ўтказилмайди. Уларни рўйхатдан ўтказиш тегишли вазирлик, "Ўздавтехназорат" инспекцияси ва бошқа идоралар томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


III. ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ ВАҚТИНЧАЛИК

РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бошқа давлатлардан вақтинчалик фойдаланиш учун олиб келинган транспорт воситалари вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши шарт.


2. Вақтинчалик рўйхатдан ўтказишда транспорт воситасининг аввалги техник ҳужжатлари (техпаспорт, техталон, қайд этиш гувоҳномаси) ва давлат рақами белгилари олиб қолиниб, улар РИБ (ТРИБ) ларида сақланади. Уларнинг ўрнига қайд этиш гувоҳномаси ва илгари фойдаланиладиган миллий давлат рақами белгилари берилади. Транспорт воситасидан фойдаланувчининг номига қайд этиш гувоҳномаси тўлдирилади. Қайд этиш гувоҳномасининг орқа томонига ҳақиқий эгаси (ташкилот) нинг номи, манзили ва техник ҳужжати, давлат рақами белгиси тўғрисидаги маълумотлар ҳамда вақтинчалик рўйхатдан ўтганликнинг амал қилиш муддати ёзиб қўйилади.


3. Транспорт воситалари 2 йилгача муддатга вақтинчалик рўйхатдан ўтказилади ва зарур бўлган ҳолларда эгасининг илтимосига кўра бу муддат узайтириб берилиши мумкин, лекин узайтириш муддати 6 ойдан ошмаслиги керак.


4. Транспорт воситаларини вақтинчалик рўйхатдан ўтказишдан олдин улар ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ва вилоятлар ИИБ ахборот марказларидаги ўғирланган ва олиб қочилган транспорт воситалари рўйхати билан солиштирилади.


5. Ўзбекистон Республикасининг бошқа ҳудудларидан келган транспорт воситаларини вақтинчалик рўйхатдан ўтказишда транспорт воситаларининг вақтинчалик рўйхатдан ўтказишда транспорт воситаларининг давлат рақами белгилари ва техник ҳужжатлари олинмайди, балки қайд этиш гувоҳномаси (техпаспорт, техталонга) га вақтинчалик рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақида белги қўйилади. Вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш учун нотариал идораси томонидан берилган ишонч қоғози, ижара шартномаси, меҳнат шартномаси, хизмат сафари гувоҳномаси нусхалари асос бўлиб хизмат қилади.

Шахсий транспорт воситасида 6 ойдан ортиқ муддатга келган фуқаролар паспортида яшаш жойи бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтганлиги (прописка) ҳақида белги бўлиши шарт.


6. Республикага ташқаридан олиб келинган транспорт воситаси ҳужжатларининг қонуний эканлигига шубҳа туғилганда ёки бошқа бирор аниқлик киритиш зарур бўлган вазият вужудга келганда, транспорт воситаси вақтинчалик рўйхатдан ўтказилади ҳамда унга вақтинчалик қайд этиш гувоҳномаси ва илгари фойдаланишда бўлган давлат рақами белгилари берилиб, транспорт воситаси аввал ҳисобда турган ДЙҲХХ органларига ёки савдо ташкилотларига сўров хати юборилади.



IV. ҚАЙТА ЖИҲОЗЛАШ


1. Енгил автомобилларни қуйидаги тартибда қайта жиҳозлашга рухсат этилади:

"Москвич" нинг 401 моделидан кейинги барча модель ва модификацияларига;

М-20 ва М-72 "Победа" дан - ГАЗ-21, 22, 24, 2401, 2417, 31, 3102, 31029, 3105 ва кейинги енгил тоифадаги модель модификацияларига;

ГАЗ-21 ва ГАЗ-22 дан - ГАЗ-24 ва унинг кейинги модификацияларидан ГАЗ-31 ва унинг енгил тоифадаги модификацияларига;

ГАЗ-67 ГАЗ-69 ёки ГАЗ-69 "а" ёки - УАЗ-469 ва унинг кейинги енгил тоифадаги модификацияларига;


2. "Жигули" автомобилининг "ВАЗ-2101" русумидан ВАЗ заводи томонидан ишлаб чиқарилган (ВАЗ-2108, ВАЗ-2109, ВАЗ-2121дан ташқари) бурча турларига.


3. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан ташқарида ишлаб чиқарилган автомобилларнинг двигателларини ёки кузовларини алмаштириш, бир русумдан бошқасига қайта жиҳозлаш ишлаб чиқарувчи завод томонидан кўзда тутилган ҳоллардагина Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ДЙҲХХ бошқармаси рухсат билан амалга оширилади.


4. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган "ДЭУ" русумли автомобилларни "ЎзДЭУавтоКО" қўшма корхонаси тавсияномаси асосида қайта жиҳозлашга рухсат этилади.


5. Кузовнинг ташқи кўринишида сезиларли ўзгаришлар бўлмаган қуйидаги автомобиллар кузовининг ўзаро алмашиши қайта жиҳозлаш деб ҳисобланмайди:

М-408 дан 412 га ва аксинча;

М-2136 дан М-2137 га ва аксинча;

М-2138 дан М-2140 га ва аксинча;

ВАЗ-2101 дан ВАЗ 21011 га ва аксинча;

ВАЗ-2103 дан ВАЗ-2106 га ва аксинча;

ВАЗ-2105 дан ВАЗ-2107 га ва аксинча;

ВАЗ-2108 дан ВАЗ-2109 га ва аксинча;

ГАЗ-24 дан ГАЗ-2401, ГАЗ-2410, ГАЗ-2417 га ва аксинча;

ГАЗ-31029 дан ГАЗ-3102, ГАЗ-3105 га ва аксинча;

ЗАЗ 966 дан ЗАЗ 968 га ва аксинча;

ЛУАЗ-969 дан ЛУАЗ-969А, 969М ва аксинча.

Бундай кузовларни юридик шахсларга тегишли транспорт воситалари учун автотеххизмат шохобчалари ёки автокорхона устахоналари шароитида, шахсий автомобиллар эгаларига эса автотеххизмат шохобчаларида ёки мустақил равишда алмаштиришга рухсат этилади.

Мустақил равишда алмаштирилган кузовларни қайта рўйхатдан ўтказишда эгаси томонидан кузовнинг қонуний харид этилганлигини тасдиқловчи ҳужжат ва техник хизмат кўрсатиш шохобчасининг шу автомобилнинг йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги ҳақидаги маълумотномаси тақдим этилади.


6. Қайта жиҳозлангандан ва алмаштирилганда сўнг бўшаган кузов ва бошқа рақамли агрегатларни ДЙҲХХ томонидан берилган маълумотнома асосида нотариал идоралари орқали ҳадя қилиш, айирбошлаш ёки сотиш мумкин.


7. Агар шахсий транспорт воситаси эгасининг номида шу транспорт воситаси русумига мос келувчи қўшимча двигатель бўлса, двигателнинг тури ва рақам белгилари қайд этиш гувоҳномасининг орқа томонига ёзилиб, РИБ (ТРИБ) бошлиғи ёки унинг ўринбосари имзоси ва муҳр билан тасдиқлаб берилади.


8. ногиронларга тегишли бўлган транспорт воситалари уларнинг соғлиги тўғрисидаги тиббий хулосага кўра автотеххизмат корхоналари орқа қўл бошқарувига ўтказилишига ёки унинг аксига қайта жиҳозлашга рухсат этилади.


9. Мотоцикл ва мотороллёрларни, уларга бошқа турдаги рама, двигатель ўрнатиш Билан, қайта жиҳозлаш тақиқланади.


10. Жойлардаги РИБ, ТРИБ лари корхоналарга тегишли бўлган юк автомобиллари ва тиркамларни мураккаб бўлмаган қайта жиҳозлашга ИИВ томонидан белгиланган тартибда автокорхоналарнинг устахоналари шароитида амалга оширишга рухсат беради.


11. Жойлардаги РИБ, ТРИБ лари фуқароларга тегишли бўлган транспорт воситаларини мураккаб бўлмаган қайта жиҳозлашга ИИВ томонидан белгиланган тартибда автотузатиш заводлари ёки автокорхоналарнинг устахоналари шароитида амалга оширишга рухсат беради.


12. Газ ёнилғиси билан ишловчи мослама ўрнатилиб қайта жиҳозланган автомобилларни қайта рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда бундай қайта рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда бундай қайта жиҳозлаш ишларига рухсати бўлган корхоналар томонидан берилган қабул қилиш-топшириш ва синовдан ўтказиш далолатномаси (паспорти), Ўзбекистон Республикаси ИИВ ДЙҲХХ бошқармасидан берилган конструкциясининг ҳаракатланиш хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги ҳақидаги гувоҳнома асос бўлиб хизмат қилади.


13. Ўзбекистон Республикаси ИИВ ДЙҲХХ бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ва вилоятлар ИИБ ДЙҲХХ бошқарма-бўлимлари бошлиқлари томонидан давлараро иқтисодий ҳамкорлик алоқаларида иштирок этаётган ва узоқ (1000 км дан ортиқ) масофага қатнайдиган юк автомобилларига қўшимча ёнилғи идишини ўрнатишга рухсат этилади.


14. Юк автомобилларининг корхонаси тент билан жиҳозлаш ва бортини кўтариш ИИВ ДЙҲХХ бошқармаси белгиланган тартибда амалга оширилади.


15. Транспорт воситаларининг конструкциясига ушбу қоидаларда кўзда тутилмаган ўзгартиришлар киритиб қайта жиҳозлаш Ўзбекистон Республикаси ИИВ ДЙҲХХ бошқармаси рухсати асосида амалга оширилади.



V. ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ

ҚАЙТА РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ


1. Транспорт воситалари ушбу ҳолларда қайта рўйхатдан ўтказилади:

а) Транспорт воситаларининг турган ўрни ёки эгасининг яшаш жойи ўзгарганда, қуйидаги ҳужжатлар асосида:

- белгиланган тартибдаги ариза;

- техник ҳужжат (қайд этиш гувоҳномаси, техник паспорт, техник талон);

- корхона ва ташкилотлар транспорт воситаларининг турган ўрни ўзгаришига асос бўлган ҳужжат (буйруқ, ижара шартномаси, ҳокимлик қарори);

- транспортларнинг турган ўрнини ҳудудлардаги ДЙҲХХ органлари томонидан кўрикдан ўтказилганлиги ҳақидаги далолатнома;

- фуқаролар учун шахсий паспорт ёки унинг ўрнига берилган ҳужжат.

б) Ташкилотнинг номи, эгасининг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарганда, қуйидаги ҳужжатлар асосида:

- белгиланган тартибдаги ариза;

- номи ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжат (буйруқ, фармойиш, қарор);

- фуқаролар учун шахсий паспорт, фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжат (фуқаролик ҳолатини қайд этиш органи ёки суд органи томонидан берилган ҳужжат).

в) Эгаси ўзгарганда, қуйидаги ҳужжатлар асосида:

- белгиланган тартибдаги ариза;

- нотариал идоралари томонидан берилган олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш, лизинг, сублизинг шартномалари, ворислик, мерос ва мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномалар;

- суд қарори;

- Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси идоралари томонидан берилган ордер;

- четдан келтирилган ва божхона назорати остида турган транспорт воситалари учун божхона идораси томонидан бериладиган махсус гувоҳнома;

- бир вазирликка қарашли ва бир молиявий тизимдаги ташкилотлар учун юқори органларнинг ДЙҲХХ рўйхатида бўлган транспорт воситаларини балансдан балансга бепул ажратилганлиги тўғрисидаги буйруғидан кўчирма.

г) Қайта жиҳозлаш, ранги, рақамли агрегатлари ўзгарганда, қуйидаги ҳужжатлар асосида:

- белгиланган тартибдаги ариза;

- рақамли агрегатлар қонуний сотиб олинганлиги тўғрисида ҳужжат (ҳисоб-маълумотнома, олди-сотди шартномаси, божхона гувоҳномаси) кирим касса ордер ива юк хати (накладной), автотузатиш заводининг паспорти, қабул қилиш-топшириш далолатномаси);

- бир завода ишлаб чиқарилган, бир-бирига мос келадиган транспорт воситаларининг (ВАЗ-2101-21011, М-408-412, ГАЗ-24-2410, шунга ўхшаш) баъзи қисмлари (бампер, фара, огоҳлантириш ёритгичлари, олд ва орқа панели, капот ва қанотлари) ўзгарганда, техник хизмат кўрсатиш шохобчалари томонидан берилган буюртма-наряд, маълумотномалар (агар шу эҳтиёт қисмлар бозордан сотиб олинган бўлса, бундан ташқари, эгасининг тушунтириш хати);

- транспорт воситаси уй шароитида мустақил равишда бўялганда эгасининг тушунтириш хати.

д) Қайта жиҳозланган транспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказиш, қуйидаги ҳужжатлар асосида амалга оширилади:

- юридик шахслар учун:

- белгиланган тартибдаги ариза;

- давлат ташкилотлари учун юқори ташкилотнинг буйруғи, нодавлат ташкилотлари учун умумий мажлис баёни ёки қарори (буйруғи);

- яроқсиз, кераксиз эҳтиёт қисмлар ёки махсус мосламалар хўжалик ҳисобидан чиқарилганлиги ёки ечиб олинганлиги тўғрисидаги далолатнома;

- ҳудудий ДЙҲХХ бошқармалари РИБ (ТРИБ) ларидан берилган хулоса;

- давлат ташкилотига тегишли транспорт воситалари ва шахсий юк автомобиллари; автобус, мўъжаз автобуслар учун ҳудудлардаги мудофаа ишлари бўйича бўлимнинг ёзма рухсатномаси;

- қайта жиҳозланган транспорт воситасига РИБ (ТРИБ) лари томонидан техник ҳолат тўғрисида тузилган далолатнома;

- ўрнатилган двигателга автоузатиш корхонаси томонидан берилган паспорт;

- қайта жиҳозланган автомобилни қабул қилиш-топшириш далолатномаси;

- махсус мослама ўрнатилган транспорт воситалари учун Ўзбекистон Республикаси ИИВ ДЙҲХХ бошқармаси томонидан конструкцияси келишилганлиги тўғрисида берилган гувоҳнома нусхаси.

Транспорт воситаси автотузатиш корхонаси томонидан қайта жиҳозланган бўлса, қайд этиш гувоҳномасида унинг қайта жиҳозланган вақти, ўрнатилган агрегат рақамлари ҳақида шу корхонанинг белгиси бўлиши лозим.

Шахсий фойдаланишдаги автомобиллар учун:

- белгиланган тартибдаги ариза;

- рақамли агрегатлар ва транспорт воситасига ўрнатилгн эҳтиёт қисмлар қонуний равишда сотиб олинганлиги тўғрисидаги ҳужжат (олди-сотди шартномаси, ҳисоб-маълумотнома), агар бозордан сотиб олинган бўлса (рақамли агрегатлардан ташқари), эгасининг тушунтириш хати;

- қайта жиҳозланган транспорт воситасига РИБ (ТРИБ) лари томонидан техник ҳолат тўғрисида тузилган далолатнома;

- ҳудудий ДЙҲХХ бошқармалари РИБ (ТРИБ) ларидан берилган хулоса;

- техник хизмат кўрсатиш шохобчаларининг буюртма-наряди ёки автотузатиш заводларидан берилган қабул қилиш-топшириш далолатномаси;

- ўрнатилган двигателга паспорт.

Мустақил равишда қайта жиҳозланган транспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказишда эгасининг ёзма тушунтириш хати ва техник хизмат кўрсатиш шохобчасининг шу автомобиль қай даражада тўғри қайта жиҳозланганлиги ҳамда йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлиги талабларига мос келиши ҳақидаги маълумотномаси тақдим этилади.


2. Қайта жиҳозланган транспорт воситалари қай этиш гувономасининг "ишлаб чиқарилган йили" бандига ( - ) чизиб қўйилади ва гувоҳноманинг "Алоҳида белгилар" бўлимига "Автомобиль _____________ русумдан ___________ русумга қайта жиҳозланган, кузовнинг рақами ________________" деб ёзилади ва РИБ (ТРИБ) лари бошлиғи имзоси ва муҳр билан тасдиқланади.


3. Транспорт воситасининг ҳадя шартномасида ёки мерос ҳуқуқи гувоҳномасида бир неча шахс кўрсатилган бўлса, барча мулк эгаларининг ёзма розилигига асосан транспорт воситаси улардан фақат биттасининг номига қайта рўйхатдан ўтказилади. 18 ёшга тўлмаган меросхўр номидан ёзма рухсатномани васийлик ва хомийлик идоралари беради.


4. Бир вазирлик, идора, ташкилотларга қарашли ва бир молиявий тизимдаги бир ташкилот балансидан иккинчи ташкилот балансига транспорт воситалари юқори идораларнинг бепул ажратилганлиги тўғрисидаги буйруғидан кўчирма асосида қайта рўйхатдан ўтказилади.


5. Суд ёки божхона идоралари қарорлари билан мусодара қилинган транспорт воситаларини маҳаллий ҳокимият қарори билан махсус ажратилган савдо шохобчалари орқали сотишга рухсат этилади. Бундай транспорт воситалари ҳисоб-маълумотнома, суд ёки божхона идораси қарори нусхаси асосида техник ҳужжат (тех-паспорт, қайд этиш гувоҳномаси) ларсиз рўйхатдан ўтказилади.

Мусодара қилинган транспорт воситаларини солиқ, молия, божхона, прокуратура, суд, ички ишлар, адлия органлари ҳамда уни сотган ташкилотнинг ходимлари сотиб олиши тақиқланади.


6. Ички ишлар органлари томонидан белгиланган жойларда сақлаш муддати тугаган ва эгасиз деб топилган, жойлардаги ҳокимликлар қарорлари билан давлат ҳисобига ўтказилган ва 5-бандда кўрсатилган савдо шохобчалари орқали сотилган транспорт воситалари уларнинг янги эгалари номига ҳисоб-маълумотнома ва ҳокимлик қароридан кўчирма асосида техник ҳужжат (қайд этиш гувоҳномаси, техник паспорт, техник талон)ларсиз белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.


7. Яроқсиз ҳолга келиб қолган, шикастланган ёки бузилган давлат рақами белгилари таъмирланмайди. Яроқсиз ҳолга келиб қолган, шикастланган ёки бузилган, шунингдек йўқолган давлат рақами белгилари ва қайд этиш гувоҳномалари ўрнига янгилари транспорт воситаси эгасининг аризасига асосан тегишли тўловлар ундирилгандан ва рақамли агрегатлар текширилгандан сўнг берилади. Йўқолган қайд этиш гувоҳномаси (техпаспорт) ўрнига янгиси ҳисоб карточкасидаги маълумотлар асосида тўлдирилади ҳамда гувоҳноманинг "Алоҳида белгилар" бўлимига "Такрорий" деган белги қўйилади.

Яроқсиз ҳолга келиб қолган, шикастланган ёки бузилган давлат рақами белгилари ўрнига транспорт воситаси эгасининг аризасига асосан уларнинг дубликати берилиши мумкин. Дубликатлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати ҳудудий органларининг буюртманомаси асосида тайёрланади. Дубликат олингунгача бўлган даврга йиғим ундирилмасдан илгари фойдаланилган яроқли давлат рақами белгилари берилади.

8. Эгаси ўзгарганлиги туфайли ҳисобдан чиқарилиб олиб келинган транспорт воситасининг қайд этиш гувоҳномаси (техпаспорт, техталон) рўйхатдан ўтказиш бўлимига мурожаат этгунга қадар йўқолган бўлса, у ҳолда транспорт воситаси аввалги ҳисобда турган жойдаги ДЙҲХХ РИБ (ТРИБ) ларидан олинган таасдиқнома асосида рўйхатдан ўтказилади.


9. Фуқаролар томонидан 1991 йил 1 октябрга қадар сотиб олинган ва рўйхатдан ўтказилмаган кажавасиз мототранспорт воситасининг ҳужжатлари йўқолган бўлса, унинг нусхасини тиклашнинг ёки тасдиқномасини олишнинг иложи бўлмаса, мототранспорт эгасининг манзили бўйича ИИБ бошлиғи томонидан тасдиқланган участка вакилининг хулосаси асосида ҳамда ИИВ (ИИБ) ахборот марказидаги олиб қочилган ва ўғирланган мототранспортлар рўйхатидан текширилгандан сўнг рўйхатдан ўтказилади.


10. Эски намунадаги қайд этиш гувоҳномалари (техник паспортлар, техник талонлар) транспорт воситалари эгаларининг аризаларига асосан умумий белгиланган тартибда янги намунадаги қайд этиш гувоҳномаларига алмаштирилади.



VI. ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ

ҲИСОБДАН ЧИҚАРИШ


1. Транспорт воситалари қуйидаги ҳолларда ДЙҲХХ ҳисобидан чиқарилади:

транспорт воситалари фойдаланишга яроқсиз деб топилганда;

транспорт воситалари эгаси,эгасининг доимий турар-жойи ўзгарганда, РИБ (ТРИБ) хизмат кўрсатувчи ҳудуд (шаҳар, вилоят, республика) дан ташқарига олиб чиқиб кетиш зарурати туғилганда.


2. Юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларининг барча турлари ва фуқароларга тегишли юк, юк-йўловчи ташувчи, автобус ва мўъжаз автобуслар ДЙҲХХ ҳисобидан чиқарилишидан олдин ҳудудий мудофаа ишлари бўйича бўлимлар ҳисобидан чиқарилиши лозим.


3. Транспорт воситаларини ҳисобдан чиқаришда уларнинг агрегат рақами белгилари қайд этиш ҳужжатларига мос келишини аниқлаш учун улар РИБ (ТРИБ) ларида ёки жойлардаги ДЙҲХХ бўлим (бўлинма) ларида техник кўрикдан ўтказилади (яроқсиз ҳолга келган транспорт воситалари бундан мустасно).


4. Транспорт воситаларининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлар ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши муносабати билан ҳисобдан чиқаришда уларни давлат рақами белгилари топширилиб, ўрнига "Транзит" рақами белгилари берилади ва транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасига ҳисобдан чиқариш сабаблари, кимнинг номига берилганлиги, қаерга кетаётганлиги ва қачон ҳисобдан чиқарилганлиги ёзиб берилади.


5. Фойдаланишга яроқсиз деб топилган транспорт воситаларининг қайд этиш гувоҳномалари, давлат рақами белгилари РИБ (ТРИБ) ларига топширилади.


6. Давлат рақами белиглари йўқолган транспорт воситасини ҳисобдан чиқаришда, ҳудудий ДЙҲХХ органларида текширилганидан сўнг бу ҳақда қайд этиш гувоҳномасига ва ҳисоб карточкасига ёзиб қўйилади.

Қайд этиш гувоҳномаси (техпаспорти, техталони) йўқолган транспорт воситасини ҳисобдан чиқаришда аризага ҳудудий ДЙҲХХ органларида текширилганлиги ҳақида белги қўйилганидан сўнг эгаси номига махълумотнома ёзиб берилади.


7. Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан бепул ёки имтиёзли равишда берилган, турли ташкилотлар томонидан кредитга сотилган транспорт воситалари шу идоралар ва ташкилотларнинг рухсати асосида ҳисобдан чиқарилади.

8. Қуйидаги ҳолларда транспорт воситалари ҳисобдан чиқарилмайди:

юридик шахсларга тегишли транспорт воситалари бошқа вилоят, шаҳар, республикага хизмат юзасидан сафарга юборилаётган ёки фойдаланиш учун ижарага берилаётган бўлса;

юридик ва жисмоний шахсларнинг транспорт воситаларини суриштирув органлари ҳисобдан чиқаришни тақиқлаган бўлса.



VII. ЛИЗИНГ ОБЪЕКТИ ҲИСОБЛАНГАН ТРАНСПОРТ

ВОСИТАЛАРИНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ

1. Жисмоний шахс ёки юридик шахс томонидан мулк сифатида сотиб олинган ва жисмоний шахс ёки юридик шахсга вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи билан лизинг шартномаси ёки сублизинг шартномаси асосида берилган транспорт воситалари, лизингга берувчи номига ёки лизингга олувчи номига томонларнинг ёзма битими бўйича (белгиланган намунадаги бланкаларда) рўйхатдан ўтказилади.


2. Лизингга берувчи номига транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш умумий асосларда лизинг берувчи жойлашган жойда амалга оширилади.


3. Лизингга берувчи томонидан лизингга олувчига лизингга олувчи номига рўйхатдан ўтказишни назарда тутувчи лизинг ёки сублизинг шартномасига асосан вақтинчалик эгалик ва фойдаланиш ҳуқуқи берилган транспорт воситалари шартнома амал қилиш муддатига лизингга олувчининг жойлашган жойи бўйича қуйидагиларга асосан рўйхатдан ўтказилади:

- лизингга берувчининг транспорт воситаларига мулк эгаси ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (олди-сотди шартномаси, маълумотнома-ҳисоб рақами ва/ёки давлат ордери ва бошқалар);

- лизинг ёки сублизинг шартномаси;

- транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси (агар транспорт воситаси илгари Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган тақдирда);

- транспорт воситалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кирилганда - божхона органлари томонидан берилган тегишли ҳужжатлар;

- лизингга олувчининг, агар у юридик шахс бўлса, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси.


4. Транспорт воситаларини лизингга олувчи номига рўйхатдан ўтказиш лизинг ёки сублизинг шартномасида ёхуд транспорт воситалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кирилганда божхона органлари томонидан берилган ҳужжатларда кўрсатилган муддатга рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси берилган ҳолда амалга оширилади. Бунда лизингга берувчининг рухсатисиз транспорт воситалари ҳисобдан чиқарилмайди.


5. Транспорт воситаларини лизингга олувчи номига рўйхатдан ўтказишда бериладиган рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасининг "Муҳим белгилар" устунига "Лизинг, вақтинча ҳисобда туриши ____ гача" ёзуви ёзилади ва транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш муддатининг тамом бўлиш санаси кўрсатилади, лизинг (сублизинг) шартномасининг тартиб рақами ва шартноманинг тузилган санаси қўйилади.


6. Лизинг шартномаси муддати тугагач лизингга олувчи номига рўйхатдан ўтказилган транспорт воситаси белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилади. Транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек транспорт воситаларини ҳисобдан чиқаришга асос бўлган ҳужжатлар тикиб қўйилади ва ҳужжатлар белгиланган тартибда сақланади.


7. Транспорт воситаларига мулк эгаси ҳуқуқи лизингга олувчига ўтишини назарда тутувчи лизинг шартномаси асосида лизингга берувчи ёки лизингга олувчи номига рўйхатдан ўтказилган транспорт воситалари транспорт воситасига мулк эгаси ҳуқуқи лизингга олувчига ўтиши тўғрисида лизингга берувчининг ёзма тасдиғи ва лизинг шартномаси асосида лизингга олувчи номига қайта рўйхатдан ўтказилади.


8. Транспорт воситаларига мулк эгаси ҳуқуқининг лизингга олувчига ўтишини назарда тутмайдиган лизинг шартномасининг амал қилиш муддати тугагач транспорт воситалари ҳисобдан чиқарилиши ва фақат кўрсатилган транспорт воситаларига мулк эгаси ҳуқуқи лизингга олувчига ўтишини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар асосида лизингга олувчи номига рўйхатдан ўтказилиши мумкин.


9. Лизинг шартномаси бекор қилинганда ва лизингга олувчи номига рўйхатдан ўтказилган транспорт воситалари лизингга берувчига қайтарилганда, кўрсатилган транспорт воситалари лизингга берувчи ва лизингга олувчининг биргаликдаги ёзма аризаси ёки суд органлари ёки бошқа органларнинг ижро ҳужжати нусхаси илова қилинган ҳолда лизингга берувчининг ёзма аризаси асосида лизингга берувчига қайта расмийлаштирилади. Лизинг шартномасининг муддати тугаганда уни ўз вақтида қайта рўйхатдан ўтказилиши учун лизингга берувчи ҳам, лизингга олувчи ҳам жавоб беради.


VIII. ИШ ЮРИТИШ


Иш юритиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган тартибга асосан олиб борилади.








































Время: 0.1420
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск