ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Оммавий ахборот воситалари / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 26.12.1997 й. 541-I-сон "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

26.12.1997 й.

N 541-I



ОММАВИЙ АХБОРОТ

ВОСИТАЛАРИ ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади оммавий ахборот воситаларининг фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.


2-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикасида ташкил этиладиган ва фаолият кўрсатадиган оммавий ахборот воситаларига, шунингдек чет давлатлар оммавий ахборот воситаларига улар маҳсулотининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатилишига тааллуқли қисмига нисбатан татбиқ этилади.



3-модда. Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунчилик

Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



4-модда. Оммавий ахборот воситалари

Оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг доимий номга эга бўлган ҳамда босма тарзда (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар ва бошқалар) ва (ёки) электрон тарзда (теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар) олти ойда камида бир марта нашр этиладиган ёки эфирга бериладиган (бундан буён матнда чиқариладиган деб юритилади), қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатга олинган шакли ҳамда оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа шакллари оммавий ахборот воситасидир.

Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари ўз фаолиятини "Давлат тили ҳақида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширади.


5-модда. Оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги

Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари эркиндир.

Ҳар ким, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир.

Давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.

Оммавий ахборот воситалари қонунчиликка мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ҳуқуқига эга ҳамда тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


5-1-модда. Оммавий ахборот воситаларини

давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

Давлат оммавий ахборот воситаларини қуйидаги йўллар билан қўллаб-қувватлаши мумкин:

солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар ва тарифлар бўйича имтиёзлар ҳамда преференциялар бериш;

давлат субсидиялари, давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалари тизими орқали молиявий қўллаб-қувватлаш;

моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

таҳририятлар ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш;

оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш жамғармалари фаолиятини ташкил этиш;

таҳририятлар ходимларини тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш.

Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашдан оммавий ахборот воситаларининг мустақил касбий фаолиятини чеклаб қўйиш учун фойдаланилиши мумкин эмас.



6-модда. Оммавий ахборот воситалари

эркинлигини суиистеъмол қилишга

йўл қўйилмаслиги

Оммавий ахборот воситаларидан:

Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш;

уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилиш;

давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш;

миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборот тарқатиш;

агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;

порнографияни тарғиб этиш;

қонунга мувофиқ жиноий ва ўзга жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўйилмайди.

Оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади.

Прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз суриштирув ёки дастлабки тергов материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади.


7-модда. Цензурага йўл қўйилмаслиги

Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини цензура қилишга йўл қўйилмайди. Эълон қилинаётган хабарлар ва материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек уларнинг матни ўзгартирилишини ёки бутунлай нашрдан олиб қолинишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.


2-БОБ. ОММАВИЙ АХБОРОТ

ВОСИТАЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ

8-модда. Оммавий ахборот

воситасини таъсис этиш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Оммавий ахборот воситаси бир нечта муассис томонидан ҳам таъсис этилиши мумкин.

Қуйидагилар оммавий ахборот воситасининг муассиси (бундан буён матнда муассис деб юритилади) бўлиши мумкин эмас:

ўн саккиз ёшга тўлмаган шахс;

қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган ёхуд суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс;

фаолияти қонун билан тақиқланган нодавлат нотижорат ташкилоти.

Устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши ўттиз ва ундан ортиқ фоизни ташкил этган юридик шахслар томонидан оммавий ахборот воситалари таъсис этилишига йўл қўйилмайди.



9-модда. Таъсис ҳужжатлари

Оммавий ахборот воситасининг таъсис ҳужжатлари таъсис шартномаси ва оммавий ахборот воситаси таҳририятининг (бундан буён матнда таҳририят деб юритилади) уставидан (низомидан) ёки фақат таҳририятнинг уставидан (низомидан) иборатдир.


10-модда. Таъсис шартномаси

Таъсис шартномаси бир нечта муассис ўртасида тузилади.

Таъсис шартномасида қуйидагилар назарда тутилади:

муассисларнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми) ва жойлашган ери (почта манзили);

таъсис этилаётган оммавий ахборот воситасининг тури, номи, тили, мақсади, ихтисослашуви ва даврийлиги;

таҳририятнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли;

таҳририятнинг устав фонди миқдори ва шакллантириш тартиби;

таҳририятни молиялаштириш манбалари;

муассисларнинг таҳририят фаолиятида иштирок этишга доир ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

таҳририятнинг бошқарув органларини шакллантириш тартиби;

фойдани тақсимлаш ва зарарларнинг ўрнини қоплаш тартиби;

оммавий ахборот воситаси чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тартиби;

қонунчиликка мувофиқ бошқа шартлар.


11-модда. Таҳририят устави (низоми)

Таҳририят қонунчиликка мувофиқ қабул қилинган ва муассис томонидан тасдиқланган устав (низом) асосида фаолият кўрсатади.

Таҳририят уставида (низомида) қуйидагилар белгиланади:

оммавий ахборот воситасининг тури, номи, тили, мақсади, ихтисослашуви, даврийлиги ва ҳажми;

таҳририятнинг жойлашган ери (почта манзили);

муассис ва таҳририятнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари;

таҳририятни молиялаштириш манбалари;

таҳририятнинг бошқарув органларини шакллантириш тартиби;

фойдани тақсимлаш ва зарарларнинг ўрнини қоплаш тартиби;

оммавий ахборот воситаси чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш асослари ва тартиби;

таҳририятни қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби;

уставни (низомни) қабул қилиш ва унга ўзгартишлар киритиш тартиби;

қонунчиликка мувофиқ бошқа қоидалар.


12-модда. Муассис ва таҳририят

ўртасидаги шартнома

Муассис ва таҳририят ўртасидаги шартномада қуйидагилар белгиланади:

муассис ва таҳририятнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари;

оммавий ахборот воситасини тайёрлаш ва чиқариш шартлари;

таҳририят фаолиятини молиялаштириш тартиби;

таҳририят ходимларининг ишлаб чиқариш ва ижтимоий-маиший меҳнат шароитларини ташкил этиш тартиби;

учинчи шахслар билан ўзаро муносабатлар тартиби;

тарафларнинг жавобгарлиги;

қонунчиликка мувофиқ бошқа шартлар.

Агар муассис ва таҳририят сифатида бир шахс иш юритса, шартнома тузиш талаб этилмайди.



13-модда. Муассиснинг ҳуқуқлари

Муассис:

оммавий ахборот воситасининг рўйхатда қайд этилган номидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;

таҳририятнинг бошқарув органларини шакллантиришда таъсис шартномаси, таҳририят устави (низоми) ва қонунчиликда белгиланган тартибда иштирок этиш;

фойдани тақсимлашда ва зарарларнинг ўрнини қоплашда иштирок этиш;

энг катта ҳажми ва чиқариладиган муддати таҳририят уставига (низомига) ёки муассис ва таҳририят ўртасидаги шартномага мувофиқ белгиланадиган, реклама тусида бўлмаган хабар ёки материални ўз номидан оммавий ахборот воситасида бепул жойлаштириш;

таҳририятнинг фаолияти тугатилган тақдирда, кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилинганидан кейин қолган мол-мулкни ёки унинг қийматини қонунчиликда назарда тутилган тартибда олиш ҳуқуқига эга.

Муассис қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


14-модда. Муассиснинг мажбуриятлари

Муассис:

таҳририятни ташкил этиши;

таҳририят уставини (низомини) тасдиқлаши;

таҳририят билан шартнома тузиши;

оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини таъминлаши;

оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлаши;

муассиснинг устав фонди ўзгарганлиги ҳақида, агар устав фондида чет эл инвестициялари улуши ушбу Қонун 8-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган чегарадан ортиб кетган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган ваколатли давлат органини (бундан буён матнда рўйхатдан ўтказувчи орган деб юритилади) хабардор этиши шарт.

Муассиснинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


15-модда. Таҳририят

Таҳририят оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини амалга оширувчи юридик шахс ёки юридик шахснинг таркибий бўлинмасидир.

Таҳририят қонунчиликда назарда тутилган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилиши мумкин.

Таҳририят ўз касб фаолиятида мустақилдир.

Таҳририят бош муҳаррир ва таҳририят ходимларидан иборат бўлиши мумкин.

Таҳририят оммавий ахборот воситаси давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин ўз фаолиятини бошлаши мумкин.

Таҳририят фаолиятини молиялаштириш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


16-модда. Бош муҳаррир

Бош муҳаррир муассис томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Бош муҳаррир таҳририятга раҳбарлик қилади, оммавий ахборот воситасининг чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилади ва унинг фаолияти учун қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.

Қонунчилик ва таъсис ҳужжатларига мувофиқ бош муҳаррир оммавий ахборот воситасининг муассиси, тарқатувчиси, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда, шунингдек судда таҳририят номидан иш юритади.


17-модда. Таҳририят ходими

Таҳририят штатида турган, материалларни тўплаш, таҳлил, таҳрир қилиш ҳамда тайёрлаш билан шуғулланувчи шахс таҳририят ходимидир.



18-модда. Оммавий ахборот воситасининг

чиқарилишига доир маълумотлар

Ҳар бир даврий нашрнинг чиқарилишида қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт:

даврий нашрнинг номи;

давлат рўйхатидан ўтказилган санаси ва рақами;

муассиснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

бош муҳаррирнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

ҳар бир даврий нашр чиқарилиши учун масъул бўлган таҳририят ходимининг фамилияси, исми, отасининг исми;

тартиб рақами ва чиқарилган санаси, даврий босма нашрлар учун эса босишга рухсат берилиб, имзо қўйилган вақт (жадвалда белгилангани ва амалдагиси);

даврий босма нашрлар учун - индекси, адади, баҳоси ёки "Келишилган нархда", "Бепул" деган ёзувлар;

таҳририят ва босмахонанинг жойлашган ери (почта манзили).

Даврий босма нашрнинг электрон шаклида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

даврий нашрнинг номи;

давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг санаси ва рақами;

муассиснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

бош муҳаррирнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

индекс, таҳририятнинг жойлашган ери (почта ва электрон манзили).

Теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурларга ва оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа электрон шаклларига доир маълумотлар қонунчилик билан белгиланади.


3-БОБ. ОММАВИЙ АХБОРОТ

ВОСИТАЛАРИНИ ДАВЛАТ

РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ

19-модда. Оммавий ахборот воситасини

давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби

Оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади (бундан буён матнда рўйхатдан ўтказиш деб юритилади). Оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза рўйхатдан ўтказувчи органга белгиланган тартибда муассис томонидан берилади.

Муассиснинг оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризаси рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан ўн кунлик муддатда кўриб чиқилиши керак.

Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказганлик ҳамда қайта рўйхатдан ўтказганлик учун қонунчиликда белгиланган тартибда ва миқдорларда рўйхатдан ўтказиш йиғими олинади.


20-модда. Оммавий ахборот воситасини

рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза

Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

муассис тўғрисидаги маълумотлар;

оммавий ахборот воситасининг номи, тили ва тури;

мақсад ва вазифалари;

ихтисослашуви;

тарқатилиш ҳудуди;

даврийлиги;

молиялаштириш манбалари;

таҳририятнинг жойлашган ери (почта манзили) ва таҳририят тўғрисидаги бошқа маълумотлар;

ҳажми;

муассис ва таҳририят бошқа қайси оммавий ахборот воситаларига нисбатан муассис, ишончли бошқарувчи, ношир, тарқатувчи эканлиги ҳақидаги (барча аффилланган шахсларнинг ва улардан ҳар бирининг таҳририят устав фондидаги улуши миқдорлари кўрсатилган) маълумотлар.

Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризага оммавий ахборот воситасининг таъсис ҳужжатлари илова қилинади.

Агар муассис битта шахсдан иборат бўлса, рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этиладиган оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризага фақат таҳририят устави (низоми) илова қилинади.

Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган тақдирда веб-сайтнинг домен номи кўрсатилади, бунда ушбу модда биринчи қисмининг олтинчи ва ўнинчи хатбошиларида назарда тутилган маълумотларни тақдим этиш талаб қилинмайди.

Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказишда ушбу моддада назарда тутилганидан бошқа талаблар қўйиш тақиқланади.

Ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи-бешинчи хатбошиларида, шунингдек иккинчи қисмида кўрсатилган маълумотлар ва ҳужжатларга оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилганидан сўнг ўзгартишлар киритилган тақдирда, у белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтиши шарт. Қолган ҳолларда муассис ёки таҳририят киритилган ўзгартишлар тўғрисида рўйхатдан ўтказувчи органни бир ой муддатда ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.


21-модда. Рўйхатдан ўтказилмайдиган

оммавий ахборот воситалари

Қуйидагиларнинг рўйхатдан ўтказилиши талаб этилмайди:

фақат ўз расмий хабарлари ва материалларини, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини эълон қилиш учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан таъсис этиладиган оммавий ахборот воситалари;

корхона, муассаса, ташкилотнинг (шу жумладан ўқув ва илмий муассасанинг) ўз эҳтиёжларини қондириш учун адади юзтагача нусхада чоп этиладиган даврий босма нашрлар;

кабель тармоқлари орқали олиб бериладиган (кўрсатиладиган) теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, шунингдек тарқатилиши бир корхона, муассаса, ташкилот (шу жумладан ўқув ва илмий муассаса) биноси ва (ёки) ҳудуди билан чекланадиган аудио-, аудиовизуал хабар ва материаллар.


22-модда. Оммавий ахборот воситасини

рўйхатдан ўтказишни рад этиш

Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:

оммавий ахборот воситасининг мақсад ва вазифалари қонунчиликка зид бўлса;

оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза ушбу Қонунга мувофиқ оммавий ахборот воситасини таъсис этиш ҳуқуқига эга бўлмаган юридик ёки жисмоний шахс номидан берилган бўлса;

оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризада кўрсатилган маълумотлар ҳақиқатга мос келмаса;

бундан аввал айнан бир хил ёки адаштириб юбориш даражасида ўхшаш номдаги оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилган бўлса.

Оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган тақдирда, қарор чиқарилгандан кейин бир кун ичида аризачига ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда билдириш юборилади (топширилади), унда рад этиш сабаблари, шунингдек аризачи кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилади.

Муассис рўйхатдан ўтказувчи органнинг оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиши мумкин.


23-модда. Оммавий ахборот воситаси рўйхатдан

ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани

ҳақиқий эмас деб топиш

Оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома фақат суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлади. Бунда рўйхатдан ўтказувчи орган оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилиши шарт.

Оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги маълумот оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши керак.



24-модда. Оммавий ахборот воситасининг

чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш

Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш рўйхатдан ўтказувчи органнинг аризаси асосида суднинг қарорига кўра амалга оширилади.

Муассис оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини таҳририят уставида (низомида) ёки муассис ва таҳририят ўртасида тузилган шартномада назарда тутилган ҳолларда ҳамда тартибда тўхтатиб туриш ёки тугатишга ҳақлидир.

Муассис оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилганидан кейин ўз қарори ҳақида рўйхатдан ўтказувчи органни уч кун ичида ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор этиши шарт. Мазкур хабарнома ушбу оммавий ахборот воситаси чиқарилишининг тўхтатиб турилиши ёки тугатилишидан олдинги сўнгги чиқарилишларидан бирига жойлаштирилиши керак.

Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини суд қарорига кўра тўхтатиб туриш рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан таҳририятга нисбатан чиқарилган огоҳлантиришга сабаб бўлган қонунчилик бузилиши такрорий ёзма огоҳлантиришдан кейин бир ой ичида бартараф этилмаган тақдирда амалга оширилади.

Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини қайта бошлаш рўйхатдан ўтказувчи орган аниқлаган қонунчилик бузилишлари бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар муассис ва (ёки) таҳририят томонидан судга тақдим этилганидан кейин суд қарорига асосан амалга оширилади.

Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тугатиш тўғрисида суд томонидан қарор чиқариш учун қуйидагилар асос бўлиши мумкин:

оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунчилик талаблари таҳририят томонидан мунтазам равишда бузиб келинганлиги, бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан муассис ва (ёки) таҳририят номига илгари ёзма огоҳлантиришлар юборилганлиги;

суднинг оммавий ахборот воситасини чиқаришни тўхтатиб туриш ҳақидаги қарори бажарилмаганлиги;

оммавий ахборот воситасининг олти ойдан зиёд вақт мобайнида чиқарилмаганлиги;

қонунчиликда белгиланган бошқа ҳоллар.

Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тугатиш унинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилишига сабаб бўлади.

Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тугатиш тўғрисида муассис томонидан қарор қабул қилинган тақдирда, таҳририят муассиснинг рухсати билан худди шундай номдаги оммавий ахборот воситасини белгиланган тартибда таъсис этишга ҳақлидир. Бундай ҳолда оммавий ахборот воситасини қайта рўйхатдан ўтказиш талаб қилинади.



4-БОБ. ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ МАҲСУЛОТИНИ

ТАРҚАТИШ. ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ БОЗОРИНИ

МОНОПОЛЛАШТИРИШГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАСЛИГИ

25-модда. Оммавий ахборот

воситалари маҳсулоти

Даврий босма нашр алоҳида сонининг адади ёки ададининг бир қисми ёхуд теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурларнинг ва оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа электрон тарздаги алоҳида чиқарилиши оммавий ахборот воситаларининг маҳсулотидир.


26-модда. Оммавий ахборот воситалари

маҳсулотини тарқатиш

Оммавий ахборот воситаси маҳсулотини тарқатиш бевосита таҳририят томонидан, шунингдек белгиланган тартибда юридик ва жисмоний шахслар томонидан шартнома асосида амалга оширилиши мумкин.

Босма оммавий ахборот воситалари маҳсулотини тарқатиш уларга обуна ташкил этиш, шунингдек чакана савдо тармоғи орқали амалга оширилади. Рўйхатдан ўтказилган даврий босма нашрлар ададини чакана савдо орқали, шу жумладан қўлда сотиш нашрлар таҳририятларининг штатдаги тарқатувчилари томонидан ёки савдо тармоғига эга бўлган юридик шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан, қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Оммавий ахборот воситасининг ҳар бир алоҳида чиқарилишининг тарқатилишига бош муҳаррир унинг чиқарилиши учун рухсат берганидан кейингина йўл қўйилади.

Кўрсатув ва эшиттириш узлуксиз давом этганда оммавий ахборот воситаси маҳсулотининг тарқатилишига бош муҳаррир дастлабки рухсат берган пайтдан эътиборан ҳамда кўрсатув ва эшиттиришдаги танаффусга қадар йўл қўйилади.



27-модда. Даврий босма нашрнинг электрон шакли

Ахборот ташувчи жисмларга ёзилган, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштирилган, электрон техник қурилмалар ёрдамида фойдаланишга мўлжалланган газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар ва бошқа даврий босма нашрлар даврий босма нашрнинг электрон шаклидир.

Даврий босма нашрнинг электрон шакли даврий босма нашрни тарқатиш усулларидан биридир.

Тегишли даврий босма нашрнинг босма ва электрон шаклларининг мазмуни айнан бир хил бўлган ҳамда қонунчилик талабларига риоя этилган тақдирда, даврий босма нашр таҳририяти даврий босма нашрнинг электрон шаклини мустақил оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказмасдан тарқатишга ҳақлидир.

Даврий босма нашрнинг босма шаклида мавжуд бўлган реклама хабарларининг электрон шаклдан олиб ташланиши ва (ёки) бутунлай ёки қисман алмаштирилиши, шунингдек электрон шаклда ифодаланган материаллар ҳажмининг босма шаклидагига нисбатан қисқартирилиши мазмуннинг айнан бир хиллиги бузилиши деб қаралмайди.

Даврий босма нашр таҳририяти даврий босма нашрнинг электрон шакли тарқатилиши тўғрисида рўйхатдан ўтказувчи органни ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.



27-1-модда. Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги

веб-сайт тарзидаги оммавий ахборот воситаси

Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт тарзидаги оммавий ахборот воситаси Интернет тармоғидаги таҳририй-ноширлик жиҳатидан ишлов берилган, ўзгартирилмаган тарзда тарқатиш учун мўлжалланган, электрон шаклдаги ҳужжатлар ва маълумотларни ўз ичига олган ахборот ресурсидир.

Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт тарзидаги оммавий ахборот воситасининг мазкур веб-сайти бош саҳифасида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

даврий нашрнинг номи;

давлат рўйхатидан ўтказилган санаси ва гувоҳнома рақами;

муассиснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

бош муҳаррирнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

индекс, таҳририятнинг жойлашган ери (почта ва электрон манзили).



28-модда. Даврий босма нашрларга иловалар

Даврий босма нашрлар иловалар билан чиқарилиши мумкин. Иловалар қайси даврий нашрга тааллуқли бўлса, уларда ўша асосий даврий босма нашрнинг номи кўрсатилиши керак.

Даврий босма нашрнинг алоҳида номга эга бўлган иловаларига мустақил оммавий ахборот воситаси сифатида қаралади ва улар умумий асосларда рўйхатдан ўтказилиши керак.


29-модда. Назорат нусхалари

ва мажбурий нусхалар

Даврий босма нашрларнинг назорат нусхалари таҳририятга, муассисга ва рўйхатдан ўтказувчи органга бепул юборилади.

Даврий босма нашрларнинг мажбурий нусхалари юбориладиган муассасалар ва ташкилотларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


30-модда. Оммавий ахборот воситалари бозорини

монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги

Оммавий ахборот воситалари бозорини монополлаштиришга йўл қўйилмайди.

Биронта ҳам юридик ёки жисмоний шахс оммавий ахборот воситаларининг тегишли марказий ёки маҳаллий бозорига чиқариладиган оммавий ахборот воситаларининг йигирма беш фоизидан ортиғига муассис (ҳаммуассис) бўлишга ва (ёки) уларни шунча миқдорда ўз мулкида, эгалигида, фойдаланишида, тасарруфида, юритувида ёхуд бошқарувида (бевосита ёки аффилланган шахслар орқали) сақлашга ҳақли эмас.



31-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет давлатлар

оммавий ахборот воситалари маҳсулотини тарқатиш

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет давлатлар оммавий ахборот воситалари маҳсулотини тарқатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибга, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Чет давлатларнинг оммавий ахборот воситалари томонидан қонунчилик талаблари бузилган тақдирда, уларнинг маҳсулотини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш тугатилиши мумкин.


5-БОБ. ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИНИНГ

ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВА БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ,

БОШҚА ТАШКИЛОТЛАР ВА ФУҚАРОЛАР БИЛАН

МУНОСАБАТЛАРИ

32-модда. Муаллиф материалларидан

ва хатлардан фойдаланиш

Оммавий ахборот воситаларида муаллиф материалларидан, фан, адабиёт ва санъат асарларидан қонунчиликка мувофиқ фойдаланилишига йўл қўйилади.

Таҳририятга келган хатларни эълон қилишга тайёрлаш чоғида уларнинг мазмунини бузмаган ҳолда матнини қисқартириш ҳамда таҳрир қилишга йўл қўйилади.

Таҳририят қонуний асосларда рад этган материални оммавий ахборот воситасида мажбуран эълон қилдиришга ҳеч ким ҳақли эмас.



33-модда. Ахборот манбаини ошкор этмаслик

Таҳририят ўз номини ошкор этмаслик шарти билан берилган ахборот, маълумотлар, фактлар ёки далиллар манбаининг номини, шунингдек тахаллусини қўйган муаллифнинг номини уларнинг ёзма розилигисиз ошкор этишга ҳақли эмас.

Таҳририят ахборот манбаининг ёки тахаллусини қўйган муаллифнинг талабига биноан уларнинг номидан судда иштирок этиши мумкин.



34-модда. Раддия бериш ва жавоб қайтариш ҳуқуқи

Юридик ёки жисмоний шахс оммавий ахборот воситасида эълон қилинган, ҳақиқатга мос келмайдиган ҳамда ўзининг шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини таҳқирловчи маълумотлар учун раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақлидир.

Эълон қилинган материал туфайли ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган юридик ва жисмоний шахслар мазкур оммавий ахборот воситасида раддия ёки жавобни эълон қилишга ҳақлидир. Раддия ёки жавоб жавоб берилишига сабаб бўлган материал босилган айни ўша саҳифада махсус рукн остида эълон қилиниши керак.

Раддия ёки жавоб газеталарда улар олинган кундан эътиборан бир ой ичида, бошқа даврий нашрларда навбатдаги сонда эълон қилиниши шарт.

Теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар ва оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа электрон шакллари таҳририяти томонидан олинган раддия ёки жавоб айнан ўша дастур ёки туркумда, келган кунидан эътиборан бир ойдан кечиктирмай эфирга берилади.

Агар раддия ёки жавобни эълон қилиш ҳажми ва вақти оммавий ахборот воситасининг фаолиятига зарар етказиши мумкин бўлса, матнни ахборот манбаи ёки муаллиф билан келишилган ҳолда асосланган таҳрир қилишга йўл қўйилади.

Оммавий ахборот воситаси раддияни, жавобни эълон қилишдан бўйин товласа ёхуд уларни эълон қилиш учун белгилаб қўйилган муддатни бузса, юридик ёки жисмоний шахс даъво аризаси билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.



35-модда. Расмий хабарлар ва ахборотни эълон қилиш

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан таъсис этилган оммавий ахборот воситалари шу органларнинг расмий хабарлари ва материалларини, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини эълон қилиши шарт.

Фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги шошилинч хабарлар ёки ваколатли давлат органлари томонидан жамоатчиликка тезкорлик билан етказиш мақсадида берилган хабарлар барча оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Суднинг айнан шу оммавий ахборот воситасида эълон қилиш тўғрисидаги кўрсатмаси бўлган, қонуний кучга кирган қарорини таҳририят суд қарорида кўрсатилган муддатда бепул эълон қилиши шарт.

Ушбу модданинг биринчи - учинчи қисмларида назарда тутилганидан бошқа ҳар қандай ахборот, хабар ва эълон таҳририят билан тузиладиган шартнома асосида эълон қилинади.



35-1-модда. Оммавий ахборот воситасининг давлат

ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти

тўғрисида ахборот олишга доир сўрови

Оммавий ахборот воситаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров билан уларга оғзаки ёки ёзма шаклда (шу жумладан электрон ҳужжат шаклида) мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кун муддатда кўриб чиқилади. 

Агар оммавий ахборот воситасининг сўровини кўриб чиқиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари жумласига кирмаса, сўров сўралаётган ахборотни тақдим этиш ўзининг ваколатига киритилган органга рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан уч иш куни ичида юборилади, оммавий ахборот воситаси эса бу ҳақда хабардор қилинади.

Сўров рад этилган тақдирда, оммавий ахборот воситасига асослантирилган жавоб юборилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

36-модда. Ахборот агентликлари

Ушбу Қонун ахборот агентликларига нисбатан қўлланилган тақдирда, уларга бир вақтнинг ўзида оммавий ахборот воситасининг таҳририяти, ношири, тарқатувчиси мақоми ҳамда ҳуқуқий режими татбиқ этилади.

Ахборот агентлиги томонидан таъсис этиладиган, доимий номга эга бўлган ахборотнома, хабарнома, бошқа нашр ёки дастур ушбу Қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.

Ахборот агентлигининг хабарлари ва материаллари бошқа оммавий ахборот воситаси томонидан тарқатилган тақдирда, ахборот агентлигининг номи кўрсатилиши шарт.



37-модда. Халқаро ҳамкорлик

Оммавий ахборот соҳасидаги халқаро ҳамкорлик халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва қонунчилик асосида амалга оширилади.



38-модда. Чет давлатлар оммавий ахборот

воситаларининг ваколатхоналари ва

вакилларини аккредитация қилиш

Чет давлатлар оммавий ахборот воситаларининг ваколатхоналари ва вакиллари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинганидан кейин Ўзбекистон Республикасида ўз фаолиятини амалга оширади.

Чет давлатлар оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган ваколатхоналари ва вакилларининг ҳуқуқий мақоми ҳамда касбий фаолиятини амалга ошириш шартлари қонунчилик билан белгиланади.


39-модда. Низоларни ҳал этиш

Оммавий ахборот воситаларининг ташкил этилиши, фаолият кўрсатиши ва фаолиятининг тугатилиши соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


40-модда. Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Бош муҳаррир, шунингдек журналист оммавий ахборот воситаларида ҳақиқатга мос келмайдиган материалларни тарқатганлик учун қуйидаги ҳолларда жавобгар бўлмайди:

агар бу маълумотлар расмий хабарлардан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан ёки расмий статистика ҳисоботлари маълумотларидан ёхуд ахборот агентликлари ёки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг матбуот хизматлари, шунингдек уларнинг расмий веб-сайтлари орқали олинган бўлса;

агар бу маълумотлар олдиндан ёзиб олинмасдан эфирга бериладиган муаллифлик чиқишларида мавжуд бўлса ёки чиқишларнинг сўзма-сўз такрорланиши (стенография, аудио-, видеоёзуви) бўлса.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 3-сон, 20-модда.






































Время: 0.1354
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск