ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Солиқлар. Мажбурий тўловлар / Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар / Якка тартибдаги хусусиятга эга бўлган имтиёзлар / Фаолият турлари ва субъектлар бўйича / Соғлиқни сақлаш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.09.2007 й. ПФ-3923-сон "Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

19.09.2007 й.

N ПФ-3923



СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТИЗИМИНИ ИСЛОҲ

ҚИЛИШНИ ЯНАДА ЧУҚУРЛАШТИРИШ

ВА УНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ДАВЛАТ

ДАСТУРИНИ АМАЛГА ОШИРИШНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ ТЎҒРИСИДА


1998 йилда қабул қилинган соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастурининг энг муҳим қоидалари ва мақсадли вазифалари умуман муваффақиятли амалга оширилаётгани қайд этиб ўтилсин. Тиббий хизмат кўрсатиш тизими амалда тўлиқ қайта кўриб чиқилди, республикада соғлиқни сақлаш тизимини барпо этишнинг принципиал янгича ёндашувлари ишлаб чиқилди.

Аҳолига юқори малакали бепул шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ягона тизим яратилдики, бу тизим туман ва шаҳарларда энг юқори талаблар ва халқаро стандартларга жавоб берадиган ихтисослаштирилган вилоят шифохоналари ва 173 та бўлимлардан ҳамда тез тиббий ёрдам хизматларидан иборат бўлиб, уларнинг фаолиятига раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш ишлари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази томонидан амалга оширилмоқда.

Жарроҳлик, кардиология, кўз микрохирургияси ва урология соҳаларида энг замонавий диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозланган республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ташкил этилди. Ушбу марказларда юқори малакали мутахассислар мураккаб, юқори технологик ноёб операцияларни амалга оширмоқдалар.

Соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинида, айниқса, қишлоқ жойларда жиддий ўзгаришлар содир бўлди - кам самарали фельдшерлик-акушерлик пунктлари ва амбулаториялар ўрнига замонавий тиббий техника билан жиҳозланган 3,1 мингтадан кўпроқ қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этилиб, уларда малакали умумий амалиёт шифокорлари бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишмоқда.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш тизимида муҳим ўзгаришлар рўй берди. Бўлғуси оналарнинг саломатлигини мунтазам назорат қилувчи ҳамда соғлом болалар туғилишига кўмаклашувчи скрининг-марказларнинг кенг тармоғи вужудга келтирилганлиги ниҳоятда муҳим аҳамиятга эгадир. Туғруқ муассасаларининг моддий-техник базаси сезиларли даражада мустаҳкамланди.

Шифокорлар ҳамда тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш ва меҳнатига ҳақ тўлаш тизими тубдан ўзгартирилди - уларнинг иш ҳақи миқдорлари ва рағбатлантириш механизми бажарилаётган ишнинг мураккаблиги ва оғирлик даражасига, кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатига бевосита боғлиқ қилиб қўйилди. Ҳар бир тиббиёт муассасасида моддий рағбатлантириш ва тиббий муассасани ривожлантириш жамғармалари ташкил қилинган. Натижада кейинги икки йил ичида тиббиёт ходимларининг иш ҳақи миқдорлари 2,2 баравар кўпайди.

Республикада соғлиқни сақлаш соҳасидаги хусусий сектор изчиллик билан шакллантириб борилмоқда - 1,7 мингдан кўпроқ юридик шахсларга хусусий тиббий амалиёт билан шуғулланиш ва 2,1 минг нафардан кўпроқ жисмоний шахсларга якка тартибдаги шифокорлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензиялар берилди.

Тиббий кадрларни тайёрлаш тизими ислоҳ қилинмоқда - олий тиббий таълимнинг замонавий икки босқичли тизими жорий этилди, Тошкент тиббиёт академияси ташкил қилинди. Олий ўқув юртларида олий маълумотли ҳамшираларни тайёрлаш ташкил қилинганлиги принципиал янгилик ҳисобланади.

Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш борасида қабул қилинган чора-тадбирлар инсонларга тиббий хизмат кўрсатиш даражасини янада ошириш, аҳоли турмушини яхшилаш имконини берди. Натижада 1990 йилдан 2006 йилгача бўлган даврда Ўзбекистонда аҳолининг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 72,5 ёшгача, шу жумладан, эркакларнинг ўртача умр кўриши - 66 ёшдан 72 ёшгача, аёлларнинг ўртача умр кўриши эса 70 ёшдан 74,6 ёшгача узайди. Чечак, ич терлама, полиомиелит, бўғма, куйдирги, ўлат, вабо каби ва бошқа ижтимоий хавфли ҳамда юқумли касалликлар батамом тугатилди.

Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш ва инсонлар саломатлигини муҳофаза қилиш тизимининг биринчи навбатда вилоят ва туман бўғинларида профилактика ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш сифати даражасини ошириш билан боғлиқ кўпгина масалалар ҳамон ўз ечимини топган эмас.

Ҳанузгача стационар даволаш муассасалари улуши кўпчиликни ташкил этган соғлиқни сақлашни бошқаришнинг ташкилий тузилмаси бесўнақай ва самарасизлигича қолмоқда. Соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқарув органлари тиббиёт муассасалари фаолияти устидан етарлича ташкилий-услубий раҳбарликни таъминламаяптилар, юқумли касалликлар профилактикаси ва улар тарқалишининг олдини олиш бўйича тегишли санитария-эпидемиология назорати таъминланмаяпти.

Республикада нейрохирургия, кардиохирургия, онкология, гинекология ва акушерлик, ўткир ошқозон-ичак касалликлари ҳамда бошқа соҳаларда мураккаб, юқори технологик операцияларни ўтказиш бўйича алоҳида ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини ривожлантириш ниҳоятда зарур бўлиб, уларга нисбатан талаб-эҳтиёж юқори даражада қолмоқда.

Республика ҳудуди бўйича касалликларни ўз вақтида аниқлаш, олдини олиш ва самарали даволашнинг ғоят муҳим воситаси сифатида диагностика хизматлари тармоғи ниҳоятда суст ташкил қилинган.

Скрининг-марказларнинг кенг тармоғи ташкил этилганига қарамай, бўлғуси оналарнинг соғлиғи ва ҳомиладорликнинг кечиши ҳолатини назорат қилиш тизими, айниқса, қишлоқ жойларда, сифат жиҳатдан яхшиланишни тақозо этади.

Юқумли ва вирусли касалликларнинг олдини олиш, аҳолини ОИВ/ОИТСдан ишончли ҳимоя қилиш бўйича санитария-эпидемиология тизими доимий, жиддий эътиборни ва унинг фаолиятини ташкил этишни тубдан яхшилашни талаб қилади.

Малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими янада такомиллаштиришга муҳтождир. Тиббиёт коллежларида кадрлар тайёрлаш сифати жиддий эътирозларга сабаб бўлмоқда, ана шу коллежларни замонавий ўқув-услубий ва лаборатория ускуналари билан мустаҳкамлаш талаб этилади.

Илмий-тиббиёт мактаби анча заифлашди, илмий тадқиқотлар ҳамда уларни даволаш-диагностика амалиётига татбиқ этиш ўртасида мустаҳкам алоқа йўқ. Кўпгина республика тиббиёт муассасаларининг барпо этилган юқори технологик моддий ва илмий базасидан тиббиёт ходимларининг малакасини оширишда суст фойдаланилмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳасида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, замон талабларига жавоб берадиган ташкилий тузилмани шакллантириш, касалликлар тарқалишининг зарур профилактикасини таъминлаш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва сифатини, ундан барчанинг баҳраманд бўлишини тубдан ошириш, шунингдек тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида:


1. Қуйидагилар соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштиришнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ягона ташкилий-услубий раҳбарликни ҳамда аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифати устидан назоратни таъминлайдиган соғлиқни сақлашнинг замонавий ташкилий тузилмасини шакллантириш;

замонавий диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозланган, юқори малакали кадрлар салоҳияти билан таъминланган ҳамда аҳолига ихтисослаштирилган юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатадиган республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари тармоғини янада ривожлантириш ва шундай янги марказлар ташкил қилиш;

тиббий диагностика тизимини тубдан такомиллаштириш, республика ҳудудида замонавий, халқаро стандартларга мос бўлган ускуналар билан жиҳозланган ҳамда юқори малакали мутахассислар билан таъминланган диагностика хизматлари тармоғини кенг ривожлантириш;

аҳолини вирусли ва юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш, ОИВ/ОИТС касаллигининг олдини олиш тизими самарадорлиги ва ишончлилигини, аввало, зарарланиш манбаларини профилактика қилиш ва тугатишга қаратилган чора-тадбирлар ҳисобига ошириш;

аёллар ва болалар соғлиғини сақлаш, бўлғуси оналар соғлиғи ҳолати устидан назорат қилиш тизими сифатини тубдан ошириш, скрининг-марказлар, педиатрия ва туғруқ муассасаларининг моддий-техника базасини, айниқса, қишлоқ жойларда, янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш;

тиббиёт муассасаларининг умумий амалиёт шифокорлари ва тор ихтисослашган шифокорларга нисбатан талаб-эҳтиёжларини қондиришни ҳисобга олган ҳолда кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, тиббиёт ходимларининг малакаси ва касб маҳоратини муттасил ошириб бориш учун шарт-шароитларни таъминлаш;

замонавий диагностика ва даволаш ускуналарига, юқори малакали тиббиёт ходимларига эга бўлган ҳамда аҳолига даволаш жараёнининг тасдиқланган стандартларига мувофиқ равишда сифатли, ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатадиган хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантиришга кўмаклашиш.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 22 январдаги Ф-2658-сонли Фармойиши билан тузилган Ишчи гуруҳининг 2007-2008 йилларда қуйидагиларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин:

а) ишлаб турган вилоят шифохоналари ва алоҳида ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари негизида даволашнинг асосий йўналишлари (режали хирургия, терапия, кардиология, урология ва бошқалар) бўйича тиббий хизматлар кўрсатувчи вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказлари;

б) ишлаб турган вилоят болалар тиббиёт муассасалари негизида болалар касалликларини даволаш учун вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари;

в) Нукус ва Тошкент шаҳарларида, шунингдек ҳар бир вилоят марказида пуллик асосда фаолият юритадиган тиббий диагностика марказлари;

г) марказий туман (шаҳар) шифохоналари, тегишли ҳудудлардаги болалар ва катталар поликлиникалари негизида туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари ташкил этилиб, уларнинг зиммасига қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларга профилактика, санитария-маърифий тадбирларни ўтказиш ҳамда соғлиқни тиклашга оид тиббий хизматлар кўрсатишда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий ёрдам бериш вазифалари юкланади;

д) қуйидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларини ташкил этиш:

Акушерлик ва гинекология илмий-текшириш институти ҳамда даволаш базаси ва аёлларнинг репродуктив саломатлик марказлари негизида акушерлик ва гинекология маркази;

Педиатрия илмий-текшириш институти ҳамда даволаш базаси негизида педиатрия маркази;

Терапия ва тиббий реабилитация илмий-текшириш институти ва Гастроэнтерология илмий маркази ҳамда даволаш базаси негизида терапия ва тиббий реабилитация маркази;

Республика Дерматология ва венерология илмий-текшириш институти ҳамда даволаш базаси негизида дерматология ва венерология маркази;

Фтизиатрия ва пульмонология илмий-текшириш институти ҳамда даволаш базаси негизида фтизиатрия ва пульмонология маркази;

даволаш базаси билан эндокринология илмий-текшириш институти негизида академик Ё.Х. Тўрақулов номидаги Эндокринология маркази.

Юқорида кўрсатиб ўтилган Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларини амалдаги талабларга мувофиқ шакллантириш, жиҳозлаш ҳамда молиявий таъминлаш учун масъулият Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юклансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг Марказлар Кенгашлари билан биргаликда бир ой муддатда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси ва кардиология марказлари 2007 йилда, Республика ихтисослаштирилган урология маркази 2008 йилда ҳамда Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази 2011 йилда ўз-ўзини молиялаштириш ва ўзини ўзи қоплаш шароитига тўлиқ ўтишнинг аниқ жадвалларини тасдиқласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Давархитектқурилиш" қўмитаси билан биргаликда ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганишни ҳисобга олган ҳолда, халқаро стандартларнинг энг юқори талаблари ва қоидаларига жавоб берувчи вилоят диагностика марказларининг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқсин ҳамда уларни уч ой муддатда кўриб чиқиш учун ҳукуматга тақдим этсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси маъқулланган намунавий лойиҳаларга мувофиқ вилоят диагностика марказлари қурилиши ёки реконструкция қилиниши, уларни зарур диагностика жиҳозлари, малакали кадрлар ва молиялаш манбалари билан таъминлаш бўйича қарор қабул қилсин.


5. Қуйидагилар муҳим фаолият йўналишлари ҳисоблансин:

а) туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида - касалликлар, энг аввало юқумли ва вирусли касалликларнинг олдини олиш бўйича профилактика ишларини ўтказиш, аҳолига сифатли бирламчи амбулатория-поликлиника ёрдами кўрсатиш, бирламчи шошилинч, кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам бериш, беморларни стационарларда даволаш, шунингдек қишлоқ врачлик пунктларига, бошқа туман (шаҳар) муассасаларига ташкилий-услубий жиҳатдан раҳбарлик қилиш;

б) вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида - беморларни текширувдан ўтказиш, уларга юқори малакали тиббий-маслаҳат ёрдами кўрсатиш, касалликларнинг асосий йўналишлари (режали хирургия, терапия, кардиология, гинекология ва бошқалар) бўйича стационарларда даволашни ташкил этиш, шунингдек вилоят тиббиёт муассасаларида тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий усуллари ва технологияларини татбиқ этишни услубий жиҳатдан таъминлаш;

в) соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органларида:

тиббий хизматлар кўрсатишда диагностика ва даволашнинг ягона стандартларини жорий этиш, шунингдек, тиббиёт муассасаларининг уларга риоя этиши устидан назоратни амалга ошириш;

тегишли ҳудудларда жойлашган тиббиёт муассасалари фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарликни амалга ошириш;

самарали санитария-эпидемиология назоратини таъминлаш, юқумли ва ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича амалий чоралар кўриш;

оилада тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича аҳоли ўртасида профилактика ишлари ўтказилишини ташкил этиш.


6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда соғлиқни сақлаш муассасаларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


7. 2007 йилнинг 1 октябридан 2018 йилнинг 1 январигача аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатувчи (стоматология ва косметология хизматлари бундан мустасно) тиббиёт муассасалари тиббий хизматлар қисмида барча турдаги солиқлар тўлашдан ҳамда Республика йўл жамғармасига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинсин, бўшайдиган маблағлар тиббиёт муассасасини замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлашга мақсадли йўналтирилсин.

Ушбу банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган солиқ имтиёзларини қўлланиш мақсадида, ҳисобот даври якунлари бўйича тиббий хизматлар кўрсатиш (стоматология ва косметология хизматлари бундан мустасно) асосий фаолият тури бўлмиш юридик шахслар тиббиёт муассасалари жумласига киради. Бунда юқорида айтиб ўтилган имтиёзлар, агарда тиббий хизматлар кўрсатиш асосий фаолият тури бўлса, бошқа даромадларга ҳам жорий этилади.

8. Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб келинадиган янги тиббий жиҳозлар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва тиббиёт ускуналарининг сарфланадиган материаллари 2018 йилнинг 1 январигача бўлган муддатда божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда ушбу Фармонни амалга ошириш юзасидан ҳукумат қарорини тайёрласин.

10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С. Қосимов ва Р.С. Азимов зиммаларига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                          И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 37-38-сон, 382-модда.




















Время: 0.1612
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск