язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Конституциялар ва кодекслар/ Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси/ Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси (ЎзР 22.09.1994 й. 2013-XII-сон Қонуни билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ

КОДЕКСИ

УМУМИЙ ҚИСМ


БИРИНЧИ БЎЛИМ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


1-БОБ. ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ


1-модда. Жиноят ишларини юритиш тартиби


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноят ишларини юритиш тартиби Жиноят-процессуал кодекси билан белгиланади.

Жиноят ишларини юритишнинг ушбу Кодексда белгиланган тартиби барча судлар, прокуратура, тергов, суриштирув органлари, адвокатура, шунингдек фуқаролар учун ягона ҳамда мажбурийдир.



2-модда. Жиноят-процессуал

қонун ҳужжатларининг вазифалари


Жиноят-процессуал қонун ҳужжатларининг вазифалари жиноятларни тез ва тўла очишдан, жиноят содир этган ҳар бир шахсга адолатли жазо берилиши ҳамда айби бўлмаган ҳеч бир шахс жавобгарликка тортилмаслиги ва ҳукм қилинмаслиги учун айбдорларни фош этишдан ҳамда қонуннинг тўғри татбиқ этилишини таъминлашдан иборатдир.

Жиноят ишларини юритишнинг жиноят-процессуал қонунларда белгиланган тартиби қонунийликни мустаҳкамлашга, жиноятларнинг олдини олишга, шахс, давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя этишга ёрдам қилмоғи лозим.



3-модда. Жиноят-процессуал қонун ҳужжатларининг

вақт ва ҳудуд бўйича амал қилиши


Жиноят ишларини юритиш, жиноят содир этилган жойдан қатъи назар, башарти Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан тузилган шартнома ва битимларида ўзгача қоидалар белгиланмаган бўлса, иш юзасидан суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамаси юритилаётган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб борилади.


4-модда. Жиноят-процессуал қонун ҳужжатларининг

ажнабий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган

шахсларга нисбатан амал қилиши


Ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ишларни юритиш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ушбу Кодексга мувофиқ олиб борилади.

Иммунитетга эга бўлган шахсларга нисбатан ушбу Кодекс Ўзбекистон Республикаси иштирок этадиган халқаро шартномалар ва битимларга зид келмайдиган ҳолларда қўлланилади.


2-БОБ. ЖИНОЯТ ПРОЦЕССИ ПРИНЦИПЛАРИ


11-модда. Қонунийлик


Судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, ҳимоячи, шунингдек жиноят ишини юритишда иштирок этувчи барча шахслар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Кодекс ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига аниқ риоя этишлари ва уларнинг талабларини бажаришлари шарт.

Қонунларни аниқ бажаришдан ва уларга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, қандай сабабларга кўра юз берганидан қатъи назар, жиноят процессида қонунийликни бузиш ҳисобланади ва белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.


12-модда. Одил судловнинг фақат

суд томонидан амалга оширилиши


Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ жиноят ишлари бўйича одил судловни фақат суд амалга оширади.


13-модда. Жиноят ишларини ҳайъатда

ва якка тартибда кўриб чиқиш


Жиноят ишлари ҳайъатда кўрилади, Жиноят кодекси 15-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган жиноятлар тўғрисидаги ишлар эса, судья томонидан якка тартибда кўрилади.

Агар судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилаётган жиноят иши бўйича суд муҳокамаси вақтида Жиноят кодекси 15-моддасининг тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган жиноятлар содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, ишнинг кўрилиши уни якка тартибда кўриб чиқишни бошлаган судья томонидан давом эттирилади.

Иш биринчи инстанция суди томонидан ҳайъатда кўрилганда суд таркибига судья ва икки нафар халқ маслаҳатчиси киради. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ишларни уч нафар судьядан иборат таркибда кўриб чиқади.

Одил судловни амалга оширишда халқ маслаҳатчилари судьянинг барча ҳуқуқларидан фойдаланадилар. Улар суд мажлисида ишни кўриш жараёнида келиб чиқадиган ҳамма масалаларни ҳал қилишда ва ҳукм чиқаришда раислик қилувчи билан тенг ҳуқуққа эгадирлар.

Тегишли суд ҳайъатларида апелляция, кассация ва назорат тартибида ишларни кўриш уч нафар судьядан иборат таркибда амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳукмларига апелляция ва кассация шикоятлари (протестлари) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли судлов ҳайъатларида беш нафар судьядан иборат таркибда кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати ишларни раёсат аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлгандагина кўриб чиқади.


14-модда. Судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат

қонунга бўйсуниши


Одил судловни амалга оширишда судьялар ва халқ маслаҳатчилари мустақилдирлар ҳамда фақат қонунга бўйсунадилар. Судьялар ва халқ маслаҳатчилари жиноят ишларини қонун асосида кўриб чиқадилар ва ҳал қиладилар.

Судьялар ва халқ маслаҳатчиларининг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.


15-модда. Жиноят ишини қўзғатишнинг муқаррарлиги

Прокурор, терговчи ва суриштирувчи жиноят аломатлари топилган ҳар бир ҳолда, ўз ваколатлари доирасида жиноят ишини қўзғатишлари, жиноий ҳодисани, жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсларни аниқлаш ва уларни жазолаш учун қонунда назарда тутилган барча чораларни кўришлари шарт.



16-модда. Одил судловни фуқароларнинг қонун ва суд олдида

тенглиги асосида амалга ошириш


Жиноят ишлари бўйича одил судлов фуқароларнинг, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади.


17-модда. Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш


Судья, прокурор, терговчи ва суриштирувчи ишда қатнашаётган шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишлари шарт.

Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.

Инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар тарқалиб кетишига олиб келадиган, соғлиғини хавф остига қўядиган, асоссиз равишда унга жисмоний ва маънавий азоб-уқубат етказадиган ҳаракатлар қилиш ёки қарорлар чиқариш тақиқланади.


18-модда. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва

эркинликларини муҳофаза қилиш


Жиноят ишини юритиш учун масъулиятли барча давлат органлари ва мансабдор шахслар жиноят процессида қатнашаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишлари шарт.

Ҳеч ким суд қарорига асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас.

Суд ва прокурор қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум этилган ёки қонун ёхуд суд ҳукмида назарда тутилганидан ортиқ муддат ҳибсда ушлаб турилган ёки қамоқда сақланган ҳар қандай шахсни дарҳол озод қилиши шарт.

Фуқароларнинг шахсий ҳаёти, уларнинг турар жойлари дахлсизлиги, ўзаро ёзишмалари, телеграф алоқалари ва телефон орқали сўзлашувларининг сир сақланиши қонун билан қўриқланади.

Шахс эгаллаб турган турар жой ёки бошқа бино ва ҳудудда тинтув ўтказиш, олиб қўйиш, кўздан кечириш, алоқа муассасаларида почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва уларни олиб қўйиш, телефонлар ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб борилаётган сўзлашувларни эшитиб бориш фақат ушбу Кодексда белгиланган ҳолларда ва тартибда амалга оширилиши мумкин.

Ишни юритиш жараёнида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш оқибатида унга етказилган зарар ушбу Кодексда белгиланган асослар ва тартибда ундирилиши лозим.


19-модда. Судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши


Барча судларда, давлат сирларини қўриқлаш манфаатларига зид келадиган, шунингдек жинсий жиноятлар тўғрисидаги ишлар кўриладиган ҳолларни истисно қилганда, жиноят ишлари ошкора кўрилади.

Бундан ташқари ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг жиноятлари тўғрисидаги ишларни, шунингдек фуқароларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотларни ошкор қилмаслик мақсадида жабрланувчининг, гувоҳнинг ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг, худди шунингдек уларнинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг хавфсизлигини таъминлаш тақозо этган ҳолларда бошқа ишларни ҳам суд томонидан ажрим чиқариб, ёпиқ суд мажлисида кўришга йўл қўйилади.

Шахсий ёзишма ва шахсий телеграф хабарномалари очиқ суд мажлисида фақат бу хат ва хабарларни жўнатган ҳамда олган шахсларнинг розилиги билан ошкор қилиниши мумкин. Акс ҳолда улар ёпиқ суд мажлисида ўқиб эшиттирилади ва текширилади.

Ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш барча процессуал қоидаларга риоя қилган ҳолда ўтказилади. Ишни ёпиқ мажлисда кўриш тўғрисидаги суднинг ажрими буткул муҳокамага нисбатан ёки унинг алоҳида бир қисмига нисбатан чиқарилиши мумкин. Бу ажрим суд мажлисига йиғилганларга тааллуқли бўлиб, процесс иштирокчиларига дахли йўқ.

Суд судланувчининг ва жабрланувчининг яқин қариндошларини, шунингдек бошқа шахсларни мазкур мажлисда текшириладиган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантириб, уларнинг ёпиқ мажлисда иштирок этишларига рухсат беришга ҳақлидир.

Суд залида тартибни сақлаб туриш учун зарур бўлган ҳолларда суд айрим шахсларнинг суднинг очиқ мажлисларида қатнашишларини тақиқлаб қўйишга ҳақлидир.

Суд залида овозларни ёзиб олиш, фотосуратга, видеоёзувга, кинога олишга фақат суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилади.

Суд ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари барча ҳолларда ошкора эълон қилинади.

Судлов фаолиятида ошкораликни кенгайтириш учун зарур ҳолларда судлар оммавий ахборот воситалари ходимларига, тегишли жамоат бирлашмалари ва жамоаларга бўладиган процесслар тўғрисида хабар бериши, шунингдек процессларни бевосита корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ўтказиши мумкин.



20-модда. Жиноят ишлари юритиладиган тил


Жиноят ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади.

Иш юритилаётган тилни билмайдиган ёки етарли даражада тушунмайдиган процесс иштирокчиларига ўз она тилида ёки ўзи биладиган бошқа тилда оғзаки ёки ёзма арз қилиш, кўрсатув ва тушунтиришлар бериш, илтимоснома ва шикоятлар билан мурожаат қилиш, судда сўзлаш ҳуқуқи таъминланади. Бундай ҳолларда, шунингдек иш материаллари билан танишиш вақтида процесс иштирокчилари қонунда белгиланган тартибда таржимон хизматидан фойдаланишлари мумкин.

Айбланувчига, судланувчига ёки процессда иштирок этувчи бошқа шахсларга тақдим этилиши лозим бўлган тергов ва суд ҳужжатлари уларнинг она тилига ёки улар биладиган бошқа тилга таржима қилиб берилиши лозим.


21-модда. Жиноят ишларини юритишда

жамоатчиликнинг иштироки


Жиноят иши бўйича тергов олиб бориш ва ишни судда кўриш чоғида суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят содир этилган ҳолатларни аниқлаб олиш, айбдорларни қидириш ва фош этиш, адолатли ҳукм чиқариш, шунингдек жиноятнинг содир этилиш сабаблари ва унга имкон берган шароитларни аниқлаш учун ўз ваколатлари доирасида жамоатчилик ёрдамидан фойдаланишга ҳақлидир.

Жамоат бирлашмалари ва жамоаларнинг вакиллари жиноят ишини юритишда жамоат айбловчилари ҳамда жамоат ҳимоячилари тариқасида қатнашишга ҳақлидир.


22-модда. Ҳақиқатни аниқлаш


Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шарт.

Иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун фақат ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда топилган, текширилган ва баҳоланган маълумотлардан фойдаланиш мумкин. Гумон қилинувчидан, айбланувчидан, судланувчидан, жабрланувчидан, гувоҳдан ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслардан зўрлаш, қўрқитиш, ҳуқуқларини чеклаш ва қонунга хилоф бўлган ўзгача чоралар билан кўрсатувлар олишга ҳаракат қилиш ман этилади.

Иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши керак. Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим.


23-модда. Айбсизлик презумпцияси


Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас.

Айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.


24-модда. Гумон қилинувчи, айбланувчи ва

судланувчини ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминлаш


Гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Ҳимояланиш ҳуқуқи суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд зиммасидаги гумон қилинувчига, айбланувчига ва судланувчига унга берилган ҳуқуқларни тушунтириб бериш ҳамда у ўзига қўйилган айбловдан ҳимояланиш учун қонунда назарда тутилган барча восита ва усуллардан фойдаланишда ҳақиқий имкониятга эга бўлишига қаратилган чора-тадбирлар кўриш мажбурияти билан таъминланади.


25-модда. Судда ишларни юритишда тортишув


Биринчи инстанция судининг суд мажлисида, шунингдек ишлар юқори судларда кўрилаётганда иш юритиш тарафларнинг ўзаро тортишуви асосида амалга оширилади.

Иш судда кўрилаётганда айблаш, ҳимоя қилиш ва ишни ҳал қилиш вазифалари бир-биридан алоҳида бажарилиб, айнан бир орган ёки айнан бир мансабдор шахс зиммасига юклатилиши мумкин эмас.

Биринчи инстанция судида иш юритиш фақат айблов хулосаси ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш учун ишни судга юбориш тўғрисидаги қарор мавжуд бўлганда бошланиши мумкин.

Давлат ва жамоат айбловчилари, судланувчи, вояга етмаган судланувчининг қонуний вакили, ҳимоячи, жамоат ҳимоячиси, шунингдек жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари суд мажлисида тарафлар сифатида иштирок этадилар ва далиллар тақдим этиш, уларни текширишда қатнашиш, илтимос билан мурожаат қилиш, ишнинг тўғри ҳал этилиши учун аҳамиятга молик ҳар қандай масала бўйича ўз фикрларини билдиришда тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар.

Суд айблов ёки ҳимоя тарафида турмайди ҳамда уларнинг бирон-бир манфаатларини ифодаламайди.

Суд холислик ва беғаразликни сақлаган ҳолда тарафлар процессуал мажбуриятларини бажаришлари ва берилган ҳуқуқларини амалга оширишлари учун зарур шароитлар яратиб беради.


26-модда. Далилларни бевосита ва оғзаки усулда текшириш


Жиноят ишини юритишни амалга оширишда суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд далилларни бевосита текширишлари: гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларни сўроқ қилишлари, эксперт хулосаларини эшитишлари, ашёвий далилларни кўздан кечиришлари, баённома ва бошқа ҳужжатларни ўқиб эшиттиришлари шарт. Ушбу Кодексда назарда тутилган алоҳида ҳоллардагина бу қоидалардан четга чиқишга йўл қўйилиши мумкин.

Суд фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиб ҳукм чиқаради.


27-модда. Процессуал ҳаракатлар ва

қарорлар устидан шикоят қилиш ҳуқуқи


Процесс иштирокчилари ва бошқа шахслар, шунингдек жиноят ишини юритишдан манфаатдор бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг вакиллари ушбу Кодексда белгилаб қўйилган тартибда ва муддатда суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья ва суднинг процессуал ҳаракати ёки қарори устидан шикоят беришга ҳақлидир.

Маҳкум (оқланган шахс), унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар, уларнинг вакиллари биринчи инстанция судининг ҳукми (ажрими) устидан апелляция ёки кассация тартибида шикоят беришга, прокурор протест билдиришга ҳақлидир.

Процесснинг исталган пайтида илтимоснома билдириш ва шикоят бериш мумкин.


ИККИНЧИ БЎЛИМ. ЖИНОЯТ

ПРОЦЕССИ ИШТИРОКЧИЛАРИ


3-БОБ. ЖИНОЯТ ИШИНИ ЮРИТИШГА МАСЪУЛ

БЎЛГАН ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ

ВА МАНСАБДОР ШАХСЛАР


28-модда. Суд

Ўзбекистон Республикасида жиноят ишлари бўйича одил судловни Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) судлари ва ҳарбий судлар амалга оширади.

Биринчи инстанция суди жиноят иши бўйича ҳукм ёки ажрим чиқариш ҳуқуқига эга. Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳукмлари ва ажримлари устидан берилган шикоят ва протестлар бўйича ишларни кўриб, ажрим чиқаради. Кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган ҳукмлари ва ажримлари устидан берилган шикоят ва протестлар бўйича ишларни кўриб, ажрим чиқаради. Назорат инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳукмлари ва ажримлари устидан берилган протестлар бўйича ишларни улар апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилганидан кейин кўриб, қарор (ажрим) чиқаради.



29-модда. Суднинг ваколатлари


Суднинг ваколатларига: қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёхуд қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлиқ илтимоснома, шикоят ва протестни эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида ажрим чиқарган судни албатта хабардор қилган ҳолда кўриб чиқиш; айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги ёки айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги, мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш; прокурорнинг амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги ёхуд маҳкумни жазодан озод қилиш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқиш; жиноят ишини суд муҳокамасига тайёрлаш; ишни муҳокама қилиш ва ҳукм чиқариш ёки бошқа қарор қабул қилиш; ишни апелляция, кассация, назорат тартибида кўриб чиқиш; ҳукмни ижро эттириш киради.

Юқори судлар, бундан ташқари, ўз ваколатлари доирасида қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назоратни амалга оширадилар.



30-модда. Судьялар ва халқ маслаҳатчилари


Жиноят ишини кўришда ушбу суд таркибига тайинланган ёки сайланган судьялар ва халқ маслаҳатчилари қатнашадилар.



31-модда. Судьянинг ваколатлари


Судья якка ўзи ёки суд таркибида иш тутиб, ушбу Кодекснинг 29-моддада назарда тутилган ваколатларни амалга оширади. Бундан ташқари, судья ишни суд муҳокамасига тайёрлаш билан боғлиқ ҳаракатларни бажаради, суд мажлисида раислик қилади ва ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларни амалга оширади.



32-модда. Суд мажлиси котиби


Суд мажлиси котиби раислик қилувчининг топшириғига биноан жиноят ишини суд мажлисида кўриш учун тайёрлайди; суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида процесс иштирокчиларига хабар беради; судга чақирилган процесс иштирокчиларининг келган-келмаганлигини текширади ва ҳозир бўлмаган шахсларнинг келмаганлиги сабабини аниқлаб, бу ҳақда судга маълум қилади; суд мажлислари баённомасини ёзиб боради; раислик қилувчининг суд муҳокамасини тайёрлаш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа топшириқларини бажаради.

Котиб баённомада суднинг ҳаракатлари ва қарорларини, шунингдек суд мажлиси барча иштирокчиларининг ҳаракатлари, ариза, илтимос ва кўрсатувларини тўла ва тўғри баён қилиб бориши шарт.



33-модда. Прокурор


Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар суриштирув ва дастлабки тергов босқичларида Ўзбекистон Республикаси қонунларининг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади.

Прокурор суриштирув ва дастлабки тергов босқичларида қонуннинг бузилишини, ким томонидан содир этилганлигидан қатъи назар, бартараф этиш учун қонунда назарда тутилган чора-тадбирларни ўз вақтида кўриши шарт.

Прокурор ўз ваколатларини ҳар қандай орган ва мансабдор шахсдан мустақил равишда, фақат қонунга бўйсуниб ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори кўрсатмаларига таянган ҳолда амалга оширади.


34-модда. Прокурорнинг ваколатлари


Прокурор суриштирув ва дастлабки тергов босқичларида ушбу Кодекснинг 243, 382-388, 558, 589-моддаларида назарда тутилган ваколатларни амалга оширади.

Прокурор суд муҳокамасида қатнашиб, ушбу Кодекснинг 409-моддада назарда тутилган ваколатларни амалга оширади.


35-модда. Терговчи


Жиноят иши бўйича дастлабки терговни прокуратура, ички ишлар органларининг ва миллий хавфсизлик хизматининг терговчилари олиб борадилар.


36-модда. Терговчининг ваколатлари


Терговчи: жиноят ишини қўзғатишга ва тугатишга, ишни қўзғатишни рад этишга; жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахсларни ушлаш ва сўроқ қилишга; ушбу Кодексда назарда тутилган тергов ҳаракатларини олиб боришга; шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок қилиш учун жалб этиш тўғрисида ва унга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш ҳақида қарор қабул қилишга, қамоққа олиш ёки уй қамоғи бундан мустасно; ўз юритувига қабул қилган ишлар бўйича суриштирув органларига тергов ҳаракатларини ва тезкор-қидирув тадбирларини бажариш тўғрисида ёзма топшириқлар беришга; суриштирув органларидан айрим тергов ҳаракатларини юритишда кўмаклашишни талаб қилишга; қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома беришга, шунингдек эҳтиёт чорасини ушбу Кодекснинг 240-моддасига мувофиқ бекор қилиш ёки ўзгартиришга; айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақида илтимосномалар беришга, шунингдек мазкур процессуал мажбурлов чораларини ушбу Кодексда белгиланган тартибда бекор қилишга; мурдани эксгумация қилиш тўғрисида, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш ҳақида илтимосномалар беришга; амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида прокурорга тақдимнома киритишга ҳақлидир.

Терговчи терговнинг йўналиши ва тергов ҳаракатларини юритишга оид барча қарорларни, прокурор рухсатини олиш қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, мустақил равишда қабул қилади.

Терговчи прокурорнинг шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш ҳақидаги, жиноятни тавсиф қилиш ва айблов ҳажми ҳақидаги, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисида ёки жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида прокурорга тақдимнома киритиш ҳақидаги ишни судга юбориш ёки ишни тугатиш ҳақидаги, тугалланган ишни қўшимча терговга қайтариш ҳақидаги кўрсатмаларига рози бўлмаса, ўз эътирозларини ёзма равишда баён қилган ҳолда ишни юқори турувчи прокурорга тақдим этишга ҳақлидир. Бундай ҳолларда қуйи турувчи прокурорнинг кўрсатмасини юқори турувчи прокурор ўз қарори билан ё бекор қилади ёки иш бўйича тергов юритишни бошқа терговчига топширади.

Терговчининг ўз юритишидаги иш юзасидан қонунга мувофиқ берган ёзма топшириқлари ва чиқарган қарорлари барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.



37-модда. Тергов бошқармаси, бўлими, бўлинмаси, гуруҳи

бошлиғининг ва унинг ўринбосарининг ваколатлари


Тергов бошқармаси, бўлими, бўлинмаси, гуруҳининг бошлиғи ва унинг ўринбосари ўз ваколатлари доирасида жиноятларни очиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан терговчиларнинг ўз вақтида ҳаракат қилишини назорат этадилар, жиноят ишлари бўйича дастлабки терговни тўла, ҳар томонлама ва холисона олиб бориш чораларини кўрадилар.

Тергов бошқармаси, бўлими, бўлинмаси, гуруҳининг бошлиғи ва унинг ўринбосари ишларни текшириб кўришга, шунингдек дастлабки тергов ўтказиш, шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок қилиш учун жалб этиш, жиноятни тавсиф қилиш ва айбловнинг ҳажми, ишнинг йўналишини белгилаш, айрим тергов ҳаракатларини ўтказиш ҳақида терговчига кўрсатмалар беришга, ишни бир терговчидан иккинчи терговчига олиб беришга, ишни тергов қилишни бир неча терговчига топширишга, шунингдек терговчи ваколатларидан фойдаланиб, дастлабки тергов олиб боришда қатнашишга ва дастлабки терговни шахсан ўзи олиб боришга ҳақлидир.

Тергов бошқармаси, бўлими, бўлинмаси, гуруҳи бошлиғининг ва унинг ўринбосарининг иш юзасидан кўрсатмалари терговчига ёзма тарзда берилади ва уларнинг ижро этилиши мажбурийдир.

Олинган кўрсатмалар устидан прокурорга шикоят қилиниши, ушбу Кодекс 36-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, уларнинг ижро этилишини тўхтатиб қўймайди.


38-модда. Суриштирув органлари


Қуйидагилар суриштирув органлари ҳисобланади:

1) милиция;

2) ҳарбий қисмлар, қўшилмаларнинг командирлари, ҳарбий муассасалар ва ҳарбий ўқув юртларининг бошлиқлари - уларга бўйсунувчи ҳарбий хизматчилар, шунингдек ўқув машқлари ўтказилаётган вақтда ҳарбий хизматга мажбурлар томонидан содир этилган жиноятларга доир ишлар бўйича; Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ходимларининг хизмат мажбуриятини бажариш билан боғлиқ жиноятлари ёки қисм, қўшилма, муассаса ё ўқув юрти жойлашган ерда содир этган жиноятларига доир ишлар бўйича;

3) миллий хавфсизлик хизмати органлари - қонунга кўра уларнинг юритишига берилган ишлар бўйича;

4) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш тизимини бошқариш органларининг бошлиқлари, жазони ижро этиш колониялари, тарбия колониялари, тергов ҳибсхоналари ҳамда турмаларнинг бошлиқлари - шу муассасалар ходимлари хизматни ўташнинг белгиланган тартибига қарши қилган жиноятларга доир ишлар, худди шунингдек мазкур муассасалар ҳудудида содир этилган бошқа жиноятларга доир ишлар бўйича;

5) давлат ёнғиндан назорат қилиш органлари - ёнғинларга доир ва ёнғинга қарши қоидаларни бузганликка доир ишлар бўйича;

6) чегарани қўриқлаш органлари - давлат чегарасини бузганликка доир ишлар бўйича;

7) олис сафарда бўлган денгиз кемаларининг капитанлари;

8) давлат божхона хизмати органлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ва унинг жойлардаги бўлинмалари - тегишинча божхона, солиқ ва валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликка доир ишлар бўйича;

9) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари - вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни, ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлашга, суд қарорини бажармасликка, шунингдек банд солинган мол-мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этишга доир ишлар бўйича;

10) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари - бозорлар, савдо комплекслари ҳудудларида ва уларга туташ бўлган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида акиқланган молиявий-иқтисодий ва солиқ соҳаларидаги ҳуқуқбузарликларга доир ишлар бўйича.


39-модда. Суриштирув органи бошлиғининг

ва суриштирувчининг ваколатлари


Ушбу Кодекснинг 38-моддасида санаб ўтилган ҳар бир органнинг раҳбарлари суриштирув органининг бошлиғи сифатида жиноят ишини қўзғатишга, бу ишни ўзининг иш юритишига қабул қилиш ва суриштирувни бошлашга ёки ўзига бўйсунувчи бошқа ходимга суриштирув юритишни топширишга ёхуд иш қўзғатишни рад этишга ёки аризани, хабарни терговга тегишлилигига кўра ўтказишга ҳақлидир.

Суриштирув органи бошлиғининг топшириғига биноан ва унинг раҳбарлигида ишлаётган суриштирувчи иш бўйича ушбу Кодекснинг 339-моддасида назарда тутилган вазифаларни бажариш учун зарур, кечиктириб бўлмайдиган барча тергов ҳаракатларини амалга ошириши шарт.

Суриштирувчи зиммасига, шунингдек терговчи юритаётган иш бўйича унинг айрим тергов ҳаракатларини ва тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш тўғрисидаги топшириқларини бажариш ҳамда терговчига унинг тергов ҳаракатларини бажаришида кўмаклашиш мажбурияти юклатилади.

Суриштирувни амалга ошираётганда, худди шунингдек терговчининг топшириғини бажараётганда суриштирувчи дастлабки тергов ўтказиш учун белгиланган қоидаларга амал қилиб, тергов ҳаракатлари олиб боради ва қарорлар чиқаради. Суриштирув органининг бошлиғи ҳам, башарти у суриштирувчининг вазифаларини бажараётган бўлса, худди шу қоидаларга амал қилади.

Суриштирувчининг қарори суриштирув органининг бошлиғи томонидан тасдиқланиши лозим. Суриштирув органи бошлиғининг ёзма кўрсатмаси суриштирувчи учун мажбурийдир.Суриштирувчи кўрсатмага норози бўлса, кўрсатмани бажаришни тўхтатмай туриб, бу кўрсатма устидан прокурорга шикоят қилишга ҳақлидир.

Прокурорнинг ёзма кўрсатмаси суриштирув органининг бошлиғи ва суриштирувчи учун мажбурийдир. Суриштирув органининг бошлиғи ва суриштирувчи прокурор кўрсатмасига рози бўлмаган тақдирда, кўрсатмани бажаришни тўхтатмай туриб, унинг устидан юқори турувчи прокурорга шикоят қилишга ҳақлидир.



4-БОБ. ЖИНОЯТ ИШИНИ ЮРИТИШДА ИШТИРОК

ЭТУВЧИ ЖАМОАТ БИРЛАШМАЛАРИ,

ЖАМОАЛАР ВА УЛАРНИНГ ВАКИЛЛАРИ


40-модда. Жамоат бирлашмалари ва жамоаларнинг жиноят

процессида кўрилиши лозим бўлган ариза ва илтимослари


Жамоат бирлашмалари ва жамоалар, уларнинг раҳбар органлари ҳамда вакиллари содир этилган ёки тайёрланаётган жиноят тўғрисидаги хабар билан суриштирув органига, терговчига, прокурорга ёки судга мурожаат этишлари мумкин. Улар:

айбланувчига ёки судланувчига нисбатан эҳтиёт чораси сифатида жамоат бирлашмаси ёки жамоа кафиллигига беришни танлаш ҳақида;

маҳкумни муддатидан илгари шартли равишда жазодан озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш ҳақида;

озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганларнинг жазони ўташ шароитларини ўзгартириш ҳақида;

судланганликни олиб ташлаш ҳақида ва бошқа масалалар бўйича ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда ҳамда тартибда илтимос қилишга ҳақлидирлар.



41-модда. Жамоат бирлашмалари ва жамоаларни

жиноят ҳақида хабардор қилиш


Суриштирувчи ва терговчи фуқаронинг оғир ва ўта оғир жиноятлар тўғрисидаги ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилингани ҳақида унинг иш, ўқиш ёки яшаш жойидаги жамоага хабар беради, суд эса уларга шу иш бўйича суд муҳокамаси қачон ва қаерда ўтказилиши ҳақида хабар беради.


42-модда. Жамоат айбловчилари

ва жамоат ҳимоячилари


Жамоат бирлашмалари ва жамоалар суд муҳокамасида жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси тариқасида иштирок этиш учун ўз вакилларини юборишлари мумкин.

Жамоат айбловчилари ва жамоат ҳимоячиларини жамоат бирлашмасининг ёки корхона, муассаса, ташкилот жамоасининг йиғилиши кўрсатади. Йиғилиш қарори судга тақдим этилиши лозим.

Жамоат бирлашмаси, жамоа ўзи йўллаган жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячисини хоҳлаган вақтда чақириб олишга ёки уни бошқа вакил билан алмаштиришга ҳақлидир.



43-модда. Жамоат айбловчисининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Суд муҳокамасида иштирок этаётган жамоат айбловчиси:

иш материаллари билан танишишга;

далиллар тақдим этишга ва уларни текширишда иштирок этишга;

илтимоснома беришга;

тарафларнинг музокараларида сўзга чиқиб, айбловнинг исботлангани ҳақида судга фикр билдиришга ҳақлидир. Жамоат айбловчиси айбловдан воз кечишга ҳақли.

Жамоат айбловчиси:

суд муҳокамасида иштирок этиши;

жамоат бирлашмаси ёки жамоанинг фикрини судда баён қилиши ва иш ҳолатларини аниқлашга кўмаклашиши шарт.



44-модда. Жамоат ҳимоячисининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Суд муҳокамасида иштирок этаётган жамоат ҳимоячиси:

иш материаллари билан танишишга, далиллар тақдим этишга ва уларни текширишда иштирок этишга;

илтимоснома беришга;

тарафларнинг музокараларида сўзга чиқиб, судланувчини оқлайдиган ёки унинг жавобгарлигини енгиллаштирадиган ҳолатлар хусусида судга фикр билдиришга ҳақлидир.

Жамоат ҳимоячиси:

суд муҳокамасида иштирок этиши;

жамоат бирлашмаси ёки жамоанинг фикрини судда баён қилиши ва ишнинг судланувчининг аҳволини енгиллаштирувчи ҳолатларини аниқлашга кўмаклашиши шарт.


5-БОБ. ЖИНОЯТ ПРОЦЕССИДА ЎЗ МАНФААТЛАРИНИ

ҲИМОЯ ҚИЛАДИГАН ШАХСЛАР.

ҲИМОЯЧИЛАР ВА ВАКИЛЛАР


45-модда. Айбланувчи


Айбланувчи ушбу Кодексда белгиланган тартибда айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниши ҳақида қарор чиқарилган шахсдир.

Айбланувчи судда судланувчи деб, ҳукм чиқарилганидан кейин эса, маҳкум ёки оқланган деб аталади.



46-модда. Айбланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Айбланувчи: ўзининг нимада айбланаётганлигини билиш; қамоққа олинганлиги ва турган жойи тўғрисида адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёхуд хабар бериш; ҳимоячига эга бўлиш ҳамда учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда у билан холи учрашиш, ушбу Кодекс 230-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно; ўзига қўйилган айблов юзасидан ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари бўйича кўрсатувлар бериш ёхуд кўрсатувлар беришдан бош тортиш ва кўрсатувларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиш; ўз она тилидан ҳамда таржимон хизматидан фойдаланиш; ўзининг ҳимояланиш ҳуқуқини шахсан ўзи амалга ошириш; илтимоснома бериш ва рад қилиш; далиллар тақдим этиш; суриштирувчи ёки терговчининг рухсати билан тергов ҳаракатларида иштирок этиш; дастлабки тергов тамом бўлганидан сўнг ишнинг барча материаллари билан танишиб чиқиш ҳамда ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш, материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалари ёрдамида ўз ҳисобидан кўчирма нусхалар олиш ёки улардаги маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш; жиноят ишининг терговчи ёки прокурор томонидан тугатилганлигига қарши эътироз билдириш ҳамда суд муҳокамаси ўтказилишини талаб қилиш; ярашув тўғрисидаги, амнистия актини кўллаш ҳақидаги ишлар бўйича, биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси судининг мажлисларида, суднинг рухсати билан эса, кассация ва назорат инстанциялари судининг мажлисларида иштирок этиш; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар бериш; суд мажлисининг баённомаси билан танишиш ҳамда у ҳақда ўз мулоҳазаларини билдириш; иш бўйича келтирилган протестлар, апелляция, кассация шикоятларидан хабардор бўлиш ва уларга нисбатан эътирозлар билдириш ҳуқуқига эга.

Судланувчи охирги сўз билан чиқиш ҳуқуқига эга.

Айбланувчи: суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши; дастлабки тергов ва суд муҳокамасида иштирок этишдан бош тортмаслиги; ҳақиқатни аниқлашга далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва бошқа қонунга хилоф ҳаракатлар билан тўсқинлик қилмаслиги; ўзига нисбатан танланган эҳтиёт чорасидан келиб чиқадиган талабларни бажариши; гувоҳлантириш, эксперт текшируви учун намуналар олиш, экспертиза ўтказиш учун тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарорлари ва суднинг ажримлари ҳамда ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа процессуал қарорлар ижро этилишига тўсқинлик қилмаслиги; ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.

Айбланувчи зиммасига кўрсатув бериш, шунингдек ўзининг айбдор эмаслигини ёки ишнинг бошқа бирор ҳолатларини исботлаш мажбурияти юкланиши мумкин эмас.



47-модда. Гумон қилинувчи


Гумон қилинувчи жиноят содир этгани тўғрисида маълумотлар бор бўлса-да, бу маълумотлар уни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш учун етарли бўлмаган шахсдир. Шахсни гумон қилинувчи тариқасида эътироф этиш тўғрисида суриштирувчи, терговчи ёки прокурор қарор чиқаради.


48-модда. Гумон қилинувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Гумон қилинувчи: ўзининг нимада гумон қилинаётганлигини билиш; ушлаб турилганлиги ва турган жойи тўғрисида адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёхуд хабар бериш; у ушланган ёки гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб ҳимоячига эга бўлиш ҳамда учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда у билан холи учрашиш, ушбу Кодекснинг 230-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно; ушланганидан кейин йигирма тўрт соатдан кечиктирмай сўроқ қилинишини талаб қилиш; ўзига нисбатан қўйилган гумон хусусида ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари тўғрисида кўрсатувлар бериш ёхуд кўрсатувлар беришдан бош тортиш ва кўрсатувларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиш; ўз она тилидан ҳамда таржимон хизматидан фойдаланиш; ўзининг ҳимояланиш ҳуқуқини шахсан ўзи амалга ошириш; илтимоснома бериш ва рад қилиш; далиллар тақдим этиш; суриштирувчи ёки терговчининг рухсати билан тергов ҳаракатларида иштирок этиш; ярашув тўғрисидаги, амнистия актини қўллаш ҳақидаги ишлар бўйича суд мажлисларида иштирок этиш; суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар бериш ҳуқуқига эга.

Гумон қилинувчи: суриштирувчи, терговчи ва прокурорнинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши, суриштирувда ва дастлабки терговда иштирок этишдан бош тортмаслиги; ҳақиқатни аниқлашга далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар билан тўсқинлик қилмаслиги; суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг гувоҳлантириш, эксперт текшируви учун намуналар олиш, экспертиза ўтказиш учун тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги қарорлари ва ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа процессуал қарорлар ижро этилишига тўсқинлик қилмаслиги; ишни тергов қилишда тартибга риоя этиши шарт.

Гумон қилинувчи зиммасига кўрсатув бериш, шунингдек ўзининг жиноятга алоқадор эмаслигини ёки ишнинг бошқа бирор ҳолатларини исботлаш мажбурияти юкланиши мумкин эмас.



49-модда. Ҳимоячи

Ҳимоячи гумон қилинувчиларнинг, айбланувчиларнинг, судланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қонунда белгиланган тартибда ҳимоя қилишни амалга ошириш ҳамда уларга зарур юридик ёрдам кўрсатиш ваколатига эга бўлган шахсдир.

Ишда ҳимоячилар сифатида адвокатлар иштирок этишлари мумкин. Адвокатнинг ишда иштирок этишига у адвокат гувоҳномасини кўрсатганидан ва муайян ишни юритишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ордерни тақдим этганидан кейин йўл қўйилади.

Гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари ёки қонуний вакилларидан бирининг адвокат билан бир қаторда ҳимоячи сифатида иштирок этишига гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг илтимосномаси бўйича суриштирувчининг, терговчининг қарори ёки суд ажримига биноан йўл қўйилиши мумкин.

Ҳимоячининг ишда иштирок этишига жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлигига бўлган ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан бошлаб рухсат этилади.



50-модда. Ҳимоячини таклиф этиш


Ҳимоячи гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, уларнинг қонуний вакиллари, шунингдек гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг илтимоси ёки розилиги билан бошқа шахслар томонидан таклиф этилади.

Гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг илтимосига кўра суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд ишда ҳимоячининг иштирок этишини таъминлайди.

Танланган ҳимоячининг йигирма тўрт соат ичида ишда иштирок этишга киришишга имконияти бўлмаган ҳолларда, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига ёхуд уларнинг қариндошларига бошқа ҳимоячини таклиф этишни ёки ҳимоячи тайинлашни сўраб Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан белгиланадиган адвокатлик тузилмаларига мурожаат қилишни тавсия этади. Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи танлаган ҳимоячи исталган вақтда ишда иштирок этишга киришишга ҳақлидир.

Ишни юритаётган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд гумон қилинувчини, айбланувчини, судланувчини юридик ёрдам учун тўловдан батамом ёки қисман озод этишга ҳақлидир. Бундай ҳолларда адвокат меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда давлат ҳисобидан бўлади.


51-модда. Ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳоллар


Қуйидаги ишлар бўйича:

1) вояга етмаганларнинг иши бўйича;

2) соқовлар, карлар, кўрлар, жисмоний нуқсони ёки руҳий касаллиги сабабли ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқини амалга оширишга қийналадиган бошқа шахсларнинг иши бўйича;

3) судлов иши олиб борилаётган тилни билмайдиган шахсларнинг иши бўйича;

4) жазо чораси сифатида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноятларни содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларнинг иши бўйича;

5) шахсларнинг манфаатлари ўзаро қарама-қарши бўлиб, улардан ақалли бири ҳимоячига эга бўлган ишлар бўйича;

6) давлат айбловчиси ёки жамоат айбловчиси иштирок этаётган ишлар бўйича;

7) жабрланувчининг вакили сифатида адвокат иштирок этаётган ишларда;

8) тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларда;

9) апелляция, кассация ва назорат инстанцияси суди томонидан кўриладиган ишларда ҳимоячининг иштирок этиши шарт.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд ишнинг мураккаблиги ва бошқа ҳолатлари туфайли гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўз ҳуқуқларини амалга оширишда қийналиши мумкин деган хулосага келса, бошқа ишлар бўйича ҳам ҳимоячининг иштирок этишини шарт деб топишга ҳақлидир.

Агар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган ҳолларда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг илтимосига кўра ёхуд уларнинг розилиги билан бошқа шахслар томонидан ҳимоячи таклиф қилинмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан белгиланадиган адвокатлик тузилмаси раҳбари суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ҳимоячи тайинлаш тўғрисидаги қарори ёки суднинг ажримига биноан қарор ёхуд ажрим Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармасига келиб тушган пайтдан эътиборан тўрт соатдан кечиктирмай жиноят иши бўйича ҳимоячининг иштирокини таъминлаши шарт.


52-модда. Ҳимоячидан воз кечиш


Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи иш юритилаётган даврда исталган вақтда ҳимоячидан воз кечишга ҳақлидир. Бундай воз кечишга фақат гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ташаббуси билан ва ҳимоячининг ишда иштирок этишига суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан адвокат таклиф этиш орқали таъминланадиган реал имкониятлар мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади, бунда адвокат ўз ҳимояси остидаги шахс билан холи учрашганидан кейин ҳимоядан воз кечилганлигини тасдиқлайди. Бу ҳақда гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, шунингдек адвокат, суриштирувчи ёки терговчи имзолайдиган баённома тузилади ёхуд суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилади.

Ушбу Кодекс 51-моддаси биринчи қисмининг 1-4 ва 8 ва 9-бандларида назарда тутилган ҳолларда ҳимоячидан воз кечиш суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд учун мажбурий эмас.

Ҳимоячидан воз кечиш гумон қилинувчини, айбланувчини ёки судланувчини кейинчалик ишда ҳимоячи иштирок этишига рухсат бериш ҳақида илтимос қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Бундай илтимос барча ҳолларда қаноатлантирилиши керак. Суд тергови давомида ҳимоячининг иштирок этиши ҳақида берилган илтимоснома ишнинг ҳолатларини ҳисобга олиб ва судланувчига ҳимоя ҳуқуқини таъминлаш манфаатларини кўзлаб суд томонидан ҳал этилади. Ҳимоячининг суд мажлиси давомида ишга киришиши суд терговини қайта бошлаш учун асос бўлмайди.


53-модда. Ҳимоячининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Ҳимоячи: манфаатларини ҳимоя қилаётган шахснинг нимада гумон қилинаётганлиги ёки айбланаётганлигини билиш; адвокатлик гувоҳномасини кўрсатганидан ва муайян ишни юритишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ордерни тақдим этганидан сўнг ишда иштирок этиш; гумон қилинувчи сўроқ қилинаётганда иштирок этиш, шахсга айблов эълон қилинаётганда ҳозир бўлиш ҳамда айбланувчи сўроқ қилинаётганда, шунингдек уларнинг иштирокида ўтказиладиган бошқа тергов ҳаракатларида иштирок этиш ва гумон қилинувчиларга, айбланувчиларга, гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга саволлар бериш; бошқа тергов ҳаракатлари юргизилаётганда суриштирувчи ёки терговчининг рухсати билан иштирок этиш; ўзи иштирок этган тергов ҳаракатининг юритилиши хусусида ёзма мулоҳазалар бериш; илтимоснома бериш ва рад этиш; ушбу Кодекс 87-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ далиллар сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган маълумотларни тўплаш ва тақдим этиш; гумон қилинувчи ёки айбланувчи иштирокида ўтказилган процессуал ҳаракатларга оид ҳужжатлар билан, дастлабки тергов тамом бўлганидан кейин эса жиноят ишининг барча материаллари билан танишиш ҳамда ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш, материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалар ёрдамида ўз ҳисобидан кўчирма нусхалар олиш ёки уларда кўрсатилган маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш; агар ҳимояни амалга ошириш учун зарур бўлса, давлат сирлари, тижорат сири ёки бошқа сирни ўз ичига олган ахборот билан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда танишиш; суд муҳокамасида тараф сифатида иштирок этиш; суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар келтириш; суд мажлисининг баённомаси билан танишиш ва бу ҳақда ўз мулоҳазаларини билдириш; иш бўйича келтирилган шикоятлар, протестлар тўғрисида билиш ҳамда уларга нисбатан эътирозлар билдириш; апелляция, кассация ва назорат инстанцияси суди мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Агар гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи қамоқда сақланаётган ёки уй қамоғида бўлса, ҳимоячи у билан жиноят ишини юритишга масъул бўлган давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг рухсатисиз, учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда холи учрашишга ҳақли.

Ҳимоячи ўз вазифасини амалга ошириши муносабати билан билган маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас.

Ҳимоячи: гумонни ёки айбловни рад этадиган ёхуд жавобгарликни енгиллаштирадиган ҳолатларни аниқлаш учун қонунда назарда тутилган барча восита ва усулларни қўллаши ҳамда гумон қилинувчига, айбланувчига ёки судланувчига зарур юридик ёрдам кўрсатиши; ҳақиқатни аниқлашга далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар билан тўсқинлик қилмаслиги; ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.

Ишда иштирок этиш ҳақида битим тузилган ёки тайинланган вақтидан бошлаб адвокат ҳимоячи вазифасини бажаришни рад этишга ҳақли эмас.


54-модда. Жабрланувчи


Жиноят, худди шунингдек ақли норасо шахснинг ижтимоий хавфли қилмиши шахсга маънавий, жисмоний ёки мулкий зарар етказган деб ҳисоблаш учун далиллар бўлган тақдирда, бундай шахс жабрланувчи деб эътироф этилади. Жабрланувчи деб эътироф этиш ҳақида суриштирувчи, терговчи, прокурор қарор, суд эса ажрим чиқаради.

Жабрланувчи вояга етмаган ёки белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган шахс бўлса, ишда у билан биргаликда ёки унинг ўрнига қонуний вакили иштирок этади.


55-модда. Жабрланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Жабрланувчи: кўрсатув бериш; далиллар тақдим қилиш; илтимоснома бериш ва рад қилиш; ўз она тилидан ва таржимон хизматидан фойдаланиш; ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун вакил олиш; суриштирувчи ёки терговчининг рухсати билан тергов ҳаракатларида иштирок этиш; дастлабки тергов тамом бўлганидан сўнг ишнинг барча материаллари билан танишиш ва ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш, материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалари ёрдамида ўз ҳисобидан кўчирма нусхалар олиш ёки улардаги маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш; қонунда назарда тутилган ҳолларда ярашув тўғрисида аризалар бериш ҳамда ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича, биринчи инстанция, апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судининг мажлисларида иштирок этиш; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар келтириш; шахсан ўзи ёки вакили орқали судда айбловни қувватлаш; суд мажлисининг баённомаси билан танишиш ва у ҳақда ўз мулоҳазаларини билдириш; иш бўйича келтирилган шикоятлар, протестлардан хабардор бўлиш ва уларга нисбатан эътирозлар билдириш ҳуқуқига эгадир.

Жабрланувчи: суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши; ҳаққоний кўрсатувлар бериши; ҳақиқатни аниқлашга далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар билан тўсқинлик қилмаслиги; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг талаби бўйича далиллар тақдим қилиши; ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.

Жабрланувчи узрсиз сабабга кўра келмаган тақдирда ушбу Кодекснинг 261-264-моддаларида назарда тутилган тартибда мажбурий олиб келиниши мумкин.

Жабрланувчи кўрсатув беришдан бош тортганлик ва била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлик учун қонунда белгиланган тарзда жавобгар бўлади.

Жабрланувчининг ўлимига олиб келган жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича ушбу моддада кўрсатилган ҳуқуқ ва мажбуриятларни дастлабки тергов органлари ёки суд томонидан марҳумнинг қонуний вакили деб эътироф этилган яқин қариндошлари ёки бошқа шахслар амалга оширадилар.


56-модда. Фуқаровий даъвогар


Жиноят, худди шунингдек ақли норасо шахснинг жамоат учун хавфли қилмиши шахсга, корхонага, муассасага ёки ташкилотга мулкий зарар етказган деб ҳисоблаш учун далиллар бўлса, улар фуқаровий даъвогар деб эътироф этилади. Фуқаровий даъвогар деб эътироф этиш ҳақида суриштирувчи, терговчи, прокурор қарор, суд эса ажрим чиқаради.

Вояга етмаганларнинг, шунингдек муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун фуқаровий даъво уларнинг қонуний вакиллари ва прокурор томонидан қўзғатилиши мумкин.


57-модда. Фуқаровий даъвогарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Фуқаровий даъвогар: фуқаровий даъво қўзғатиш ва уни қувватлаш; далиллар тақдим қилиш; қўзғатилган даъво бўйича тушунтиришлар бериш; ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун вакил олиш; илтимоснома бериш ва рад қилиш; суриштирувчидан, терговчидан, прокурордан ёки суддан даъвони таъминлаш чораларини кўриш ҳақида илтимос қилиш; дастлабки тергов тамом бўлганидан сўнг ишнинг барча материаллари билан танишиш ва ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш, материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалари ёрдамида ўз ҳисобидан кўчирма нусхалар олиш ёки улардаги маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш; биринчи инстанция, апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судининг мажлисларида иштирок этиш; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар бериш; суд ҳукми ва ажримининг фуқаровий даъвога тегишли қисми устидан шикоят қилиш; иш бўйича келтирилган шикоятлар, протестлардан хабардор бўлиш ва уларга нисбатан эътирозлар билдириш ҳуқуқига эгадир.

Фуқаровий даъвогар: суриштирувчи, терговчи, прокурор, суднинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши ва уларнинг талабларига асосан фуқаровий даъвога тегишли бўлган далиллар тақдим этиши; ҳақиқатни аниқлашга далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар билан тўсқинлик қилмаслиги; ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.

Фуқаровий даъвогар деб эътироф этилган шахс айни вақтда жабрланувчининг барча ҳуқуқларидан фойдаланади ва унинг мажбуриятларини бажаради.


58-модда. Фуқаровий жавобгар


Айбланувчи томонидан ёки ижтимоий хавфли қилмиш содир этган ақли норасо шахс томонидан етказилган зарар учун қонунга кўра мулкий жавобгар шахс, корхона, муассаса ёки ташкилот ишда фуқаровий жавобгар сифатида иштирок этиш учун жалб қилиниши мумкин. Фуқаровий жавобгар сифатида жалб қилиш ҳақида суриштирувчи, терговчи, прокурор қарор, суд эса ажрим чиқаради.


59-модда. Фуқаровий жавобгарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Фуқаровий жавобгар: айблов ва фуқаровий даъвонинг мазмунини билиш; даъвога эътироз билдириш; тушунтириш бериш; ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун вакил олиш; далиллар тақдим қилиш; илтимоснома бериш ва рад қилиш; дастлабки тергов тамом бўлганидан сўнг ишнинг барча материаллари билан танишиш ва ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш, материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалари ёрдамида ўз ҳисобидан кўчирма нусхалар олиш ёки улардаги маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш; биринчи инстанция, апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судининг мажлисларида иштирок этиш; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар келтириш; суд ҳукми ва ажримининг фуқаровий даъвога тегишли қисми устидан шикоятлар бериш; иш бўйича келтирилган шикоят ва протестлардан хабардор бўлиш ва уларга нисбатан эътирозлар билдириш ҳуқуқига эгадир.

Фуқаровий жавобгар: суриштирувчи, терговчи, прокурор, суднинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши ва уларнинг талабларига асосан фуқаровий даъвога тегишли бўлган далиллар тақдим қилиши; ҳақиқатни аниқлашга далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар билан тўсқинлик қилмаслиги; ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.


60-модда. Гумон қилинувчининг, айбланувчининг,

судланувчининг, жабрланувчининг қонуний вакиллари


Қонуний вакил ишда иштирок этишга вояга етмаган ёхуд белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки жабрланувчининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун жалб қилинади.

Ишда қонуний вакил сифатида ота-оналар, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар, вояга етмаганга ёки белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган иштирокчига ҳомийлик қилувчи муассасалар ва ташкилотларнинг вакиллари қатнашишлари мумкин. Гумон қилинувчининг, айбланувчининг ва судланувчининг қонуний вакили ишда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи билан бирга, жабрланувчининг қонуний вакили эса жабрланувчи билан бирга, шунингдек унинг ўрнида ҳам иштирок этади.

Қонуний вакилнинг ишда иштирок этишига йўл қўйилганлиги ҳақида суриштирувчи, терговчи, прокурор қарор, суд эса ажрим чиқаради. Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки жабрланувчининг манфаатлари билан қонуний вакилнинг манфаатлари ўзаро мос келмаса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки жабрланувчи тарафида ишда иштирок этиш учун қарор ёхуд ажрим билан адвокат тайинланади.



61-модда. Қонуний вакилнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Қонуний вакил: ўзи вакиллик қилаётган шахснинг суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судга чақирилганидан хабардор бўлиш; суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суднинг рухсати билан шу шахснинг сўроқ қилинишида иштирок этиш; ўзи вакиллик қилаётган қамоқдаги шахс билан ҳоли учрашиш; ўзи вакиллик қилаётган шахс ушбу Кодексга мувофиқ эга бўлган процессуал ҳуқуқларни амалга ошириш ҳуқуқига эгадир.

Қонуний вакил: суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши; ҳақиқатни аниқлашга далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар билан тўсқинлик қилмаслиги; ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.

Қонуний вакил гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши, шунингдек ҳимоячи, фуқаровий даъвогар ёки фуқаровий жавобгар тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниши мумкин. Бундай ҳолларда қонуний вакил юқорида айтиб ўтилган процесс иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларига эга бўлади.


62-модда. Жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг

ва фуқаровий жавобгарнинг вакиллари


Жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг вакиллари тариқасида адвокатлар, вакил сифатида иштирок этишга махсус рухсатномалари бўлган шахслар, суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажримига кўра ишда қатнашишга рухсат берилган яқин қариндошлар ва бошқа шахслар иштирок этишлари мумкин.

Вакилнинг ишда иштирок этиши учун унинг жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ёки фуқаровий жавобгар билан тузган топшириқ шартномаси асос бўлади. Юридик шахснинг вакили сифатида унинг раҳбари иштирок этиши учун алоҳида ваколатнома керак эмас. Раҳбар томонидан берилган ишонч қоғози бўйича юридик шахсларнинг вакиллари сифатида унинг штатдаги ходимларига ва адвокатларга рухсат этилади.

Жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг ёки фуқаровий жавобгарнинг вакили ишда ўзи вакиллик қилаётган шахс билан бирга, шунингдек унинг ўрнида ҳам иштирок этади. Жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ва фуқаровий жавобгар иш юритишнинг исталган вақтида вакилдан воз кечишга ёки бошқа шахсни вакил қилиб олишга ҳақлидир.



63-модда. Вакилнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг вакили тегишинча жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар эга бўлган процессуал ҳуқуқлардан фойдаланади. Вакил иш юритишнинг исталган вақтида ўз мажбуриятларини бажаришни давом эттиришдан воз кечишга ҳақлидир.

Вакил: ўзи вакиллик қилаётган шахсларнинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши; уларнинг ишончини суиистеъмол қилмаслиги; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши; ҳақиқатни аниқлашга далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар билан тўсқинлик қилмаслиги; ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.


64-модда. Процесс иштирокчиларининг ҳуқуқларини

тушунтириб бериш ва бу ҳуқуқларни амалга

оширишни таъминлаш мажбурияти


Суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судья гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, шунингдек жабрланувчига, фуқаровий даъвогарга, фуқаровий жавобгарга ва уларнинг вакилларига берилган ҳуқуқларини тушунтириб бериши ва бу ҳуқуқларни амалга ошириш имкониятларини таъминлаши шарт. Шу билан бирга процесс иштирокчиларига юкланган мажбуриятлар ва уларни бажармаслик оқибатлари тушунтирилиши лозим.


6-БОБ. ЖИНОЯТ ПРОЦЕССИДА ИШТИРОК

ЭТУВЧИ БОШҚА ШАХСЛАР


65-модда. Гувоҳ


Жиноят иши бўйича аниқланиши лозим бўлган бирор ҳолатни билиши мумкин бўлган ҳар қандай шахс гувоҳ сифатида кўрсатув бериш учун чақирилиши мумкин.



66-модда. Гувоҳнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Гувоҳ: адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланиш; тергов ҳаракатларида адвокат билан бирга иштирок этиш; сўроқ юритилаётган тилни билмаса ёки етарлича билмаса, ўз она тилида кўрсатувлар бериш ва бу ҳолда таржимон хизматидан фойдаланиш; унинг сўроқ қилинишида иштирок этувчи таржимонни рад қилиш; кўрсатувларини ўз қўли билан ёзиб бериш; ўзига қарши кўрсатув бермаслик; сўроқ баённомаси билан танишиш, унга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш; кўрсатувлар беришда ёзма белгилар ва ҳужжатлардан фойдаланиш; ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар келтириш ҳуқуқига эга.

Гувоҳ: суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши; иш бўйича ўзига маълум ҳамма нарса ҳақида ҳаққоний сўзлаб бериши; берилган саволларга жавоб қайтариши; иш бўйича ўзига маълум бўлган ҳолатларни сўроқ қилувчининг рухсатисиз ошкор этмаслиги; ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.

Гувоҳ узрсиз сабабга кўра келмаган тақдирда ушбу Кодекснинг 261, 264-моддаларида назарда тутилган тартибда мажбурий равишда олиб келиниши мумкин.

Гувоҳ кўрсатув беришдан бош тортганлик, шунингдек била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун қонунда белгиланган тарзда жавобгар бўлади.

66-1-модда. Гувоҳнинг адвокати

Гувоҳнинг адвокати белгиланган тартибда гувоҳнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда унга зарур юридик ёрдам кўрсатиш ваколатига эга бўлган шахсдир.

Жиноят ишида тарафлар манфаатини ҳимоя қилаётган шахс мазкур иш бўйича гувоҳнинг адвокати бўлиши мумкин эмас.

Гувоҳнинг адвокати ишда иштирок этишга у адвокатлик гувоҳномасини кўрсатганидан ва ордерни тақдим этганидан сўнг, гувоҳ чақирилган пайтдан эътиборан қўйилади.

Гувоҳнинг адвокати: ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилаётган шахснинг қайси жиноят иши бўйича чақирилганлигини билиш; гувоҳнинг сўроқ қилинишида, шунингдек у иштироки билан ўтказилаётган бошқа тергов ҳаракатларида иштирок этиш, унга қисқа маслаҳатлар бериш; сўроқ қилаётган шахснинг рухсати билан гувоҳга саволлар бериш; гувоҳни сўроқ қилишда иштирок этаётган таржимонни рад қилиш ҳақида қонунда белгиланган тартибда арз қилиш; сўроқ тугаганидан сўнг гувоҳнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги, сўроқ баённомасига киритилиши лозим бўлган арзларини баён этиш ҳуқуқига эга.

Гувоҳнинг адвокати: гувоҳга зарур юридик ёрдам кўрсатиши; далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва бошқа қонунга хилоф ҳаракатлар орқали ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилмаслиги; ишни тергов қилишда ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя қилиши шарт.


67-модда. Эксперт


Хулоса бериш учун зарур фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларга эга бўлган ҳар қандай жисмоний шахс эксперт сифатида чақирилиши мумкин.

Эксперт чақириш, экспертиза тайинлаш ва ўтказиш ушбу Кодекснинг 172, 187-моддаларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


68-модда. Экспертнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Эксперт: экспертиза предметига оид иш материаллари билан танишиш, улардан зарур маълумотларни ёзиб олиш ёки кўчирма нусхалар олиш; экспертизани ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча материаллар ва текшириш объектлари тақдим этилиши ҳақида илтимосномалар бериш; тергов ҳаракатлари ўтказилаётганда суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг рухсати билан ҳозир бўлиш ҳамда шу тергов ҳаракатларида иштирок этувчи шахсларга экспертиза предметига оид саволлар бериш; суд муҳокамасида экспертиза предметига оид далилларни текширишда иштирок этиш ва сўроқ қилинаётган шахсларга суднинг рухсати билан саволлар бериш; ашёвий далиллар ва ҳужжатларни кўздан кечириш; ўз хулосасида нафақат ўзининг олдига қўйилган саволлар бўйича, балки экспертиза предметига оид ва иш учун аҳамиятга молик бошқа масалалар бўйича ҳам фикрларини баён этиш; унинг хулосаси ёки кўрсатувлари процесс иштирокчилари томонидан нотўғри талқин қилинганлиги хусусида тергов ҳаракати ёки суд мажлиси баённомасига киритилиши лозим бўлган баёнотлар бериш; агар у иш юритилаётган тилни билмаса ёки етарлича билмаса, ўз она тилида хулоса тақдим этиш ва кўрсатувлар бериш ҳамда бундай ҳолда таржимон хизматидан фойдаланиш; агар ишни юритаётган суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) экспертнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган бўлса, бу қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан шикоятлар қилиш ҳуқуқига эгадир.

Эксперт: ушбу Кодекснинг 76 ва 78-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда ўзини ўзи рад этиши ҳақида дарҳол арз қилиши; ўзига тақдим этилган текшириш объектларини ҳар томонлама ва тўлиқ текширишдан ўтказиши, ўз олдига қўйилган саволлар юзасидан асосли ва холисона ёзма хулоса бериши; суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суднинг чақирувига биноан суриштирувда, дастлабки терговда ёки суд мажлисида шахсан иштирок этиш учун келиши; ўзи ўтказган экспертиза хусусида кўрсатувлар бериши ва ўзи берган хулосани тушунтириш учун қўшимча саволларга жавоб бериши; экспертизани ўтказиши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор қилмаслиги; тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материалларининг сақланишини таъминлаши; иш тергов қилинаётганда ва суд муҳокамаси вақтида тартибга риоя қилиши шарт.

Эксперт узрсиз сабабларга кўра келмаган тақдирда қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилиши мумкин.

Эксперт била туриб нотўғри хулоса берганлиги, суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини суриштирувчи, терговчи ёхуд прокурорнинг рухсатисиз ошкор қилганлиги, шунингдек узрсиз сабабларга кўра хулоса беришни рад этганлиги ёки бу ишдан бўйин товлаганлиги учун жиноий жавобгар бўлади.


69-модда. Мутахассис


Тергов ва суд муҳокамасини ўтказишда далилларни топиш ва мустаҳкамлашда суриштирувчига, терговчига, прокурорга ва судга ёрдам бериш учун мутахассис чақирилади. Мутахассис сифатида шифокор, педагог ҳамда зарур билим ва малакага эга бўлган бошқа шахслар чақирилиши мумкин.

Ҳимоячининг илтимосномасига кўра суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан мутахассис тушунтириш бериш учун чақирилиши мумкин.

Тергов ва суд муҳокамасини ўтказишда илмий-техника воситаларини (магнитофон, видеомагнитофон, кинога олиш аппаратлари ва бошқа аппаратларни) қўллаш учун мутахассис чақирилиши мумкин.

Тергов ва суд муҳокамасига мутахассис чақириш ҳамда унинг иштирок этиши тартиби ушбу Кодекснинг 91, 92, 136-138, 146, 147, 149, 151, 156-моддаларида, 22-1-бобида ва 193-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


70-модда. Мутахассиснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Мутахассис: ўзининг қандай мақсадда чақирилганлигини билиш; башарти тегишли билимларга эга бўлмаса, иш юритишда иштирок этишдан бош тортиш; ўзи иштирок этаётган процессуал ҳаракатларга оид иш материаллари билан танишиш; ўзи иштирок этаётган процессуал ҳаракатларга алоқадор арз ва мулоҳазалар билдириш; тергов ҳаракатлари ва суд муҳокамасида иштирок этаётган шахсларга суриштирувчининг, терговчининг, прокурор ва суднинг рухсати билан саволлар бериш; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг ҳаракатлари устидан шикоятлар келтириш ҳуқуқига эгадир.

Мутахассис: суриштирувчи, терговчи, прокурор, суднинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши; тергов ҳаракатлари ва суд муҳокамасини юритишда далилларни топиш ва мустаҳкамлаш учун илмий-техника воситалари, махсус билим ва малакасидан фойдаланган ҳолда иштирок этиши; иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларга суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг эътиборини қаратиши; ўзи бажараётган ҳаракатлар бўйича тушунтиришлар бериши; жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини, содир қилинишига имкон берган шароитларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқишда суриштирувчига, терговчига, прокурорга ва судга ёрдам бериши; суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг рухсатисиз суриштирув ва дастлабки тергов материалларини ошкор этмаслиги; ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.


71-модда. Таржимон


Таржимон қуйидаги ҳолларда чақирилади:

1) гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ёхуд уларнинг вакиллари, гувоҳ, эксперт, мутахассис иш юритилаётган тилни билмаса ёки етарли даражада билмаса ёинки кар ёки соқов бўлса;

2) бирор матнни бошқа тилдан таржима қилишга зарурат бўлса.

Таржимонга тегишли қоидалар иш юритишда иштирок этиш учун таклиф қилинган, кар ёки соқовнинг имо-ишораларини тушунадиган шахсга нисбатан ҳам қўлланилади.



72-модда. Таржимоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Таржимон: таржимани аниқлаштириш мақсадида процесс иштирокчиларига саволлар бериш; ўзи қатнашган тергов ҳаракатлари баённомаси, шунингдек суд мажлиси баённомаси билан танишиш ҳамда баённомага киритилиши лозим бўлган мулоҳазалар билдириш; башарти таржима қилиш учун зарур билим ва малакага эга бўлмаса, иш юритишда иштирок этишдан воз кечиш; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоят келтириш ҳуқуқига эгадир.

Таржимон: суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг, суднинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши; ўзига топширилган таржимани аниқ ва тўлиқ бажариши; таржиманинг тўғрилигини ўзининг иштирокида ўтказилган тергов ҳаракати баённомаси ва суд мажлисининг баённомасига, шунингдек процесс иштирокчиларига уларнинг она тилига ёки улар биладиган бошқа тилга таржима қилиб топшириладиган процессуал ҳужжатларга имзо чекиш билан тасдиқлаши; суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг рухсатисиз суриштирув ва дастлабки тергов материалларини ошкор қилмаслиги; ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.

Таржимон била туриб нотўғри таржима қилган тақдирда қонунда белгиланган жавобгарликка тортилади.


73-модда. Холислар


Холислар суриштирувчи, терговчи, прокурор томонидан тергов ёки бошқа ҳаракатлар ўтказилганини, уни ўтказиш жараёни ва натижаларини тасдиқлаш учун ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда чақирилади.

Тергов ҳаракатларини юритишда иштирок этиш учун ишнинг оқибатидан манфаатдор бўлмаган, камида икки нафар вояга етган фуқаро чақирилиши лозим. Тергов ҳаракатини бошлашдан олдин суриштирувчи, терговчи ёки прокурор холисларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради.


74-модда. Холисларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Холис: тергов ҳаракатида иштирок этиш; тергов ҳаракати бўйича баённомага киритилиши лозим бўлган арз ва мулоҳазалар бериш; ўзи иштирок этган тергов ҳаракатининг баённомаси билан танишиш; суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоят келтириш ҳуқуқига эгадир.

Холис: суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши; тергов ҳаракатини юритишда иштирок этиши; тергов ҳаракати ўтказилгани, уни ўтказиш жараёни ва натижаларини тергов ҳаракати баённомасида имзо чекиб тасдиқлаши; суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг рухсатисиз суриштирув ва дастлабки тергов материалларини ошкор қилмаслиги шарт.

Холис узрсиз сабабга кўра ўз вазифасини бажаришдан бош тортганлик учун қонунда белгиланган жавобгарликка тортилади.

Холис ўзи иштирок этган тергов ҳаракатини юритиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича гувоҳ тариқасида сўроқ қилиниши мумкин. У бундай ҳолларда ушбу Кодекснинг 66-моддасида назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланади ва мажбуриятларни бажаради.



75-модда. Жабрланувчиларга ва уларнинг вакилларига, гувоҳларга,

экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ва холисларга

уларнинг сарф-харажатларини тўлаш


Жабрланувчи ёки унинг вакили, гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимон ёки холис сифатида чақирилган шахснинг иш жойидаги ўртача ойлик маоши унинг суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд ҳузурига чақирилиши муносабати билан кетган ҳамма вақт учун сақланади. Ишламайдиган шахсларга улар кундалик машғулотлари билан шуғуллана олмаганликлари учун ҳақ тўланади. Бундан ташқари кўрсатилган ҳамма шахслар чақирилиш муносабати билан қилган сарф-харажатларини ундириш ҳуқуқига эгадирлар.

Эксперт, мутахассис ва таржимон ўз мажбуриятларини бажарганликлари учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга. Ушбу мажбуриятлар хизмат топшириғи тарзида бажарилган ҳоллар бундан мустасно.

Сарф-харажатлар қонунда белгиланган тартибда ва миқдорда тўланади.


7-БОБ. ЖИНОЯТ ПРОЦЕССИДА ИШТИРОК ЭТИШГА

МОНЕЛИК ҚИЛАДИГАН ҲОЛАТЛАР. РАД ҚИЛИШЛАР


76-модда. Судьянинг, прокурорнинг, терговчининг,

суриштирувчининг ва суд мажлиси котибининг ишда

иштирок этишига монелик қиладиган ҳолатлар


Қуйидаги ҳолларда судья, шунингдек халқ маслаҳатчиси, прокурор, терговчи, суриштирувчи, суд мажлисининг котиби жиноят ишини юритишда иштирок этишга ҳақли эмас ва уни рад қилиш лозим, башарти:

1) у шу иш бўйича жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар, эксперт, мутахассис, таржимон, холис, гувоҳ, ҳимоячи сифатида, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг қонуний вакили ёки жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг вакили сифатида иштирок этаётган ёки илгари иштирок этган бўлса;

2) у ушбу ишни юритиш учун масъул бўлган бирор мансабдор шахснинг ёки ушбу модда биринчи қисмининг 1-бандида кўрсатилган ўзга шахсларнинг қариндоши бўлса;

3) унинг холислигига ва беғаразлигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса.

Судья илгари шу ишни юритишда суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд мажлисининг котиби сифатида иштирок этган бўлса, ўша ишни келгусида кўришда қатнаша олмайди.

Биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судида ёхуд назорат тартибида ишни кўришда иштирок этган судья унинг иштирокида чиқарилган ҳукм, ажрим (қарор) бекор қилинганидан кейин ўша ишни кўришда иштирок эта олмайди.

Жиноят ишини биринчи инстанция судида кўришда иштирок этган судья шу жиноят ишини апелляция ёки кассация инстанциясида ёхуд назорат тартибида кўришда иштирок эта олмайди.

Жиноят ишини апелляция инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу жиноят ишини биринчи инстанция ёки кассация инстанцияси судида ёхуд назорат тартибида кўришда иштирок эта олмайди.

Жиноят ишини кассация инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу жиноят ишини биринчи инстанция ёки апелляция инстанцияси судида ёхуд назорат тартибида кўришда иштирок эта олмайди.

Жиноят ишини назорат тартибида кўришда иштирок этган судья шу жиноят ишини биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судида кўришда иштирок эта олмайди.

Суриштирувчининг, терговчининг, шунингдек суд мажлиси котибининг ўз процессуал мажбуриятини бажариши, башарти ушбу иш қўшимча тергов юритиш ёки судда янгидан кўриш учун юборилган бўлса, улар томонидан тегишлича суриштирув, дастлабки тергов юритишга, шунингдек суд мажлиси баённомасини тузишга монелик қилмайди.


77-модда. Жамоат бирлашмаси ёки жамоа вакилининг ишда

иштирок этишига монелик қиладиган ҳолатлар


Жамоат айбловчиси, жамоат ҳимоячиси ва жамоат бирлашмаси ёки жамоанинг бошқа вакиллари ушбу Кодекснинг 76-моддасида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда ишда иштирок этишга ҳақли эмаслар ва рад қилинишлари лозим.



78-модда. Экспертнинг, мутахассиснинг, таржимоннинг, холиснинг

ишда иштирок этишига монелик қиладиган ҳолатлар


Эксперт, мутахассис, таржимон, холис ушбу Кодекснинг 76-моддасида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, шунингдек ишда иштирок этаётган шахслардан бирортасига хизмат юзасидан ёки бошқа жиҳатдан тобе бўлса, жиноят ишини юритишда иштирок этишга ҳақли эмас ва рад қилиниши лозим.

Бундан ташқари, башарти эксперт, мутахассис, таржимоннинг ўз касбига нолойиқлиги аён бўлиб қолса, холислар эса, ички ишлар органи, миллий хавфсизлик хизмати, прокуратура, адлия ёки суд ходими бўлсалар, рад қилинишлари лозим.

Материаллари ишнинг қўзғатилишига асос бўлган тафтиш ёки ўзга идоравий текширув ўтказган шахс ушбу ишда эксперт ёки мутахассис сифатида иштирок этишга ҳақли эмас.

Ишда мутахассис сифатида иштирок этган шахс келгусида ушбу иш бўйича эксперт қилиб тайинланиши мумкин.



79-модда. Ҳимоячининг, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ёки

фуқаровий жавобгар вакилининг ишда иштирок этишига

монелик қиладиган ҳолатлар


Ҳимоячи, шунингдек жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг ёки фуқаровий жавобгарнинг вакили қуйидаги ҳолларда жиноят ишини юритишда иштирок этишга ҳақли эмас, башарти у:

1) илгари шу иш бўйича судья, халқ маслаҳатчиси, прокурор, терговчи, суриштирувчи, суд мажлисининг котиби, гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимон ёки холис сифатида иштирок этган бўлса;

2) ушбу ишнинг терговида ёки судда кўрилишида иштирок этган ёхуд иштирок этаётган судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи ёки суд мажлисининг котиби билан қариндошлик муносабатида бўлса ёхуд юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида у билан битим тузган процесс иштирокчисининг манфаатларига манфаати қарама-қарши бўлган шахс билан қариндошлик муносабатида бўлса;

3) судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи лавозимида бўлса, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно: башарти у муомалага лаёқатсиз шахсларнинг вакили бўлса ёки ўзи ишлайдиган ва фуқаровий даъвогар деб эътироф этилган ёки фуқаровий жавобгар тариқасида ишга жалб қилинган муассасанинг вакили сифатида қатнашса;

4) ўз ҳимоясидаги гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки ўзи вакиллик қилаётган жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг манфаатларига манфаати қарама-қарши бўлган шахсга юридик ёрдам кўрсатаётган ёки муқаддам шундай ёрдам кўрсатган бўлса.


80-модда. Рад қилиш ва ўзини ўзи рад этиш

ҳамда уларни ҳал қилиш тартиби


Ушбу Кодекснинг 76-79-моддаларида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда судья, халқ маслаҳатчиси, прокурор, терговчи, суриштирувчи, суд мажлисининг котиби, жамоат бирлашмасининг ёки жамоанинг вакили, ҳимоячи, жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг ёки фуқаровий жавобгарнинг вакили, эксперт, мутахассис, таржимон, холис ўзини ўзи рад этиши шарт. Агар ўзлари бундай қилмасалар, улар шу асосга кўра гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, шунингдек жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари, ҳимоячи томонидан, суд мажлисида эса, бундан ташқари давлат айбловчиси, жамоат бирлашмаси ёки жамоанинг вакили томонидан рад қилиниши мумкин.

Ишни тергов қилиш чоғида рад этиш масаласи прокурор, терговчи, суриштирувчи томонидан, суд мажлисида эса, суд томонидан ҳам қўйилиши мумкин.

Рад қилиш ҳақидаги арз асослантирилган бўлиши керак.

Рад қилинган шахс рад этиш ҳақидаги масала кўрилгунига қадар тушунтириш беришга ҳақли.

Судьяни рад қилиш масаласи қолган судьялар томонидан рад қилинган шахснинг иштирокисиз кўриб чиқилади. Овозлар тенг бўлинганда судья рад қилинган ҳисобланади. Кўпчилик судьяларни ёки суднинг буткул таркибини ёхуд суд мажлисининг котибини рад қилиш ҳақидаги масала тўла таркибдаги суд томонидан оддий кўпчилик овоз билан ҳал этилади. Ишни якка ўзи кўраётган судьяни рад қилиш масаласини унинг ўзи ҳал қилади.

Прокурорни рад қилиш масаласи ишни тергов қилиш чоғида юқори турувчи прокурор томонидан, суд мажлисида эса, ишни кўраётган суд томонидан ҳал этилади.

Жамоат бирлашмаси ёки жамоа вакилини рад қилиш масаласи ишни кўраётган суд томонидан ҳал этилади.

Суриштирувчи ёки терговчини рад қилиш масаласи суриштирув ва дастлабки тергов устидан назорат олиб борувчи прокурор томонидан ҳал этилади.

Экспертни, мутахассисни, таржимонни, ҳимоячини, жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг вакилларини рад қилиш масаласи ишни тергов қилиш чоғида суриштирувчи ёки терговчи томонидан, суд мажлисида эса, ишни кўраётган суд томонидан ҳал этилади.

Холисни рад қилиш масаласи суриштирувчи ёки терговчи томонидан ҳал этилади.

Ишни тергов қилиш чоғида қўйилган рад қилиш масаласи суриштирувчи, терговчи, прокурор томонидан йигирма тўрт соат ичида ҳал этилади. Рад қилиш суд мажлисида қўйилган бўлса, бу масала шу мажлисда дарҳол ҳал этилади.

Рад қилишни қаноатлантириш ёки қаноатлантирмаслик ҳақида суриштирувчи, терговчи, прокурор қарор, суд эса ажрим чиқаради.


УЧИНЧИ БЎЛИМ. ДАЛИЛЛАР ВА ИСБОТ

ҚИЛИНИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН ҲОЛАТЛАР


8-БОБ. ДАЛИЛЛАР


81-модда. Далилларнинг турлари


Ижтимоий хавфли қилмишнинг юз берган-бермаганлигини, шу қилмишни содир этган шахснинг айбли-айбсизлигини ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни суриштирувчининг, терговчининг ва суднинг қонунда белгиланган тартибда аниқлашига асос бўладиган ҳар қандай ҳақиқий маълумотлар жиноят иши бўйича далил ҳисобланади.

Бу маълумотлар гувоҳнинг, жабрланувчининг, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг кўрсатувлари, экспертнинг хулосаси, ашёвий далиллар, овозли ёзувлар, видеоёзувлар, кинотасвир ва фотосуратлардан иборат материаллар, тергов ва суд ҳаракатларининг баённомалари ва бошқа ҳужжатлар билан аниқланади.

Қ онунда белгиланган талабларга риоя этилган ҳолда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирларининг натижалари ушбу Кодекс нормаларига мувофиқ текширилганидан ва баҳоланганидан сўнг жиноят иши бўйича далиллар деб эътироф этилиши мумкин.


82-модда. Айблаш ва ҳукм қилиш учун асослар


Ишни айблов хулосаси билан судга юбориш ва айблов ҳукми чиқариш учун қуйидагилар исботланган бўлиши керак:

1) жиноят объекти; жиноят туфайли етказилган зиённинг хусусияти ва миқдори, жабрланувчининг шахсини тавсифловчи ҳолатлар;

2) содир этилган жиноятнинг вақти, жойи, усули, шунингдек Жиноят кодексида кўрсатиб ўтилган бошқа ҳолатлари; қилмиш ва рўй берган ижтимоий хавфли оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланиш;

3) жиноятнинг ушбу шахс томонидан содир этилганлиги;

4) жиноят тўғри ёки эгри қасд билан ёхуд бепарволик ёки ўз-ўзига ишониш оқибатида содир этилганлиги, жиноятнинг сабаблари ва мақсадлари;

5) айбланувчининг, судланувчининг шахсини тавсифловчи ҳолатлар.


83-модда. Реабилитация учун асослар


Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи қуйидаги ҳолларда айбсиз деб топилади ва реабилитация этилиши лозим:

1) иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса;

2) унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса;

3) унинг содир этилган жиноятга дахли бўлмаса.


84-модда. Айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай

туриб жиноят ишини тугатиш учун асослар


Қуйидаги ҳолларда шахснинг жиноят содир этилишида айблилиги тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят иши тугатилиши лозим, башарти:

1) шахсни жавобгарликка тортиш муддати ўтган бўлса;

2) эълон қилинган амнистия акти содир этилган жиноят ёки шахсга дахлдор бўлса;

3) айбланувчи, судланувчи вафот этган бўлса;

4) шахсга нисбатан айнан шу айблов бўйича суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўлса;

5) шахсга нисбатан айнан шу айблов бўйича ишни тугатиш ҳақида суднинг қонуний кучга кирган ажрими (қарори) ёки ваколатли мансабдор шахснинг жиноят иши қўзғатишни рад этиш ёхуд ишни тугатиш ҳақида бекор қилинмаган қарори бўлса;

6) иш фақат жабрланувчининг шикояти билан қўзғатиладиган ҳолларда унинг шикояти бўлмаса, ушбу Кодекснинг 325-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

7) шахс ижтимоий хавфли қилмиш содир этган пайтда жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган бўлса;

8) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида шахснинг ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги туфайли, ёхуд белгиланган муддат ичида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланганлиги ва (ёки) жиноят оқибатлари бартараф этилганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиниши назарда тутилган бўлса.

Ушбу модда биринчи қисмининг 1, 2, 3 ва 8-бандларида назарда тутилган ҳолларда, агар айбланувчи, судланувчи ёки вафот этган айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари талаб қилса, ишни юритиш умумий тартибда давом эттирилиши мумкин. Бундай ҳолларда ҳукм қилиш учун асослар мавжуд бўлса, айблов ҳукми жазо тайинланмасдан чиқарилади.

Жиноят содир этилганидан кейин ўз ҳаракатларининг моҳиятини идрок этиш ёки уларни идора қилиш имкониятидан маҳрум этадиган руҳий касалликка чалиниб қолган шахс тўғрисидаги жиноят иши ушбу Кодекснинг 61-бобида белгиланган тартибда айблилик ҳақидаги масала ҳал қилинмасдан тугатилади.

Жабрланувчи Жиноят кодексининг 66-1-моддасида назарда тутилган жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи билан ярашган тақдирда жиноят иши ушбу Кодекснинг 62-бобида белгиланган тартибда суд томонидан айблилик ҳақидаги масала ҳал қилинмасдан тугатилиши мумкин.

Жиноят иши қуйидаги ҳолларда шахснинг розилиги билан унинг айблилиги ҳақидаги масалани ҳал қилмай туриб тугатилиши мумкин, башарти:

1) ишни тергов қилиш ёки судда кўриб чиқиш пайтига келиб, қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган ёхуд вазият ўзгариши оқибатида бу шахс ижтимоий жиҳатдан хавфли бўлмай қолган деб эътироф этилса;

2) ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган бўлса;

3) содир этилган қилмишнинг хусусиятини, биринчи марта ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этганнинг шахсини ҳисобга олиб, материалларни вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга қараб чиқиш учун бериш мақсадга мувофиқ бўлса.


9-БОБ. ИСБОТ ҚИЛИШНИНГ УМУМИЙ ШАРТЛАРИ


85-модда. Исбот қилиш


Исбот қилиш ишни қонуний, асосланган ва адолатли ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги ҳақиқатни аниқлаш мақсадида далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашдан иборатдир.


86-модда. Исбот қилиш иштирокчилари


Исбот қилишни суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд амалга оширади.

Исбот қилишда гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, ҳимоячи, жамоат айбловчиси, жамоат ҳимоячиси, шунингдек жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Исбот қилишда иштирок этишга гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, холислар, шунингдек бошқа фуқаролар ва мансабдор шахслар жалб этилади. Улар ушбу Кодексда белгиланган тартибда далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолаш билан боғлиқ ҳуқуқларни амалга оширадилар ҳамда мажбуриятларни бажарадилар.


87-модда. Далиллар тўплаш


Далиллар тергов ва суд ҳаракатларини юритиш: гумон қилинувчини, айбланувчини, судланувчини, гувоҳни, жабрланувчини, экспертни сўроқ қилиш; юзлаштириш; таниб олиш учун кўрсатиш; кўрсатувни ҳодиса рўй берган жойда текшириш; олиб қўйиш; тинтув; кўздан кечириш; гувоҳлантириш; мурдани эксгумация қилиш; эксперимент ўтказиш; экспертиза тадқиқотларини ўтказиш учун намуналар олиш; экспертиза ва тафтиш тайинлаш; тақдим этилган ашёлар ва ҳужжатларни қабул қилиш; телефонлар ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб борилган сўзлашувларни эшитиш, шунингдек тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш йўли билан тўпланади.

Ҳимоячи далиллар сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган маълумотларни: ишга тааллуқли ахборотга эга бўлган шахсларни сўровдан ўтказиш ҳамда уларнинг розилиги билан ёзма тушунтиришлар олиш; давлат органларига ва бошқа органларга, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга сўров юбориш ҳамда улардан маълумотномалар, тавсифномалар, тушунтиришлар ва бошқа ҳужжатларни олиш орқали тўплашга ҳақли.

Ҳимоячининг ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ тўпланган материалларни ишга қўшиб қўйиш тўғрисидаги илтимосномаси суриштирувчи, терговчи, прокурор томонидан албатта қаноатлантирилиши керак.


88-модда. Исбот қилиш жараёнида фуқаролар, корхоналар,

муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқ ва қонуний

манфаатларини қўриқлаш


Далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолаш жараёнида фуқароларнинг, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қўриқлаш таъминланиши керак.

Исбот қилишда қуйидагилар тақиқланади:

1) шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи хатти-ҳаракатлар содир этиш;

2) зўрлик, пўписа қилиш, алдаш ва қонунга хилоф бошқа йўллар билан кўрсатув, тушунтириш, хулосалар олишга, экспериментал ҳаракатларни бажаришга, ҳужжатлар ёки буюмлар тайёрланишига ва берилишига эришиш;

3) тунги вақтда, яъни кеч соат 22-00 дан эрталаб соат 6-00 гача тергов ҳаракатлари олиб бориш. Тайёрланаётган ёки содир этилаётган жиноятнинг олдини олиш, жиноят изи йўқолишига ёки гумон қилинувчининг қочиб кетишига йўл қўймаслик, эксперимент жараёнида текширилаётган ҳодисанинг ҳолатини қайтадан тиклаш зарурати бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Тергов ёки суд ҳаракатлари билан боғлиқ ишларни бажараётганда, суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья ва ишда мутахассис ёки эксперт сифатида иштирок этаётган шифокорлардан бошқа шахсларнинг ўзга жинсдаги шахсни яланғоч қилиб ечинтириш чоғида ҳозир бўлишлари тақиқланади.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья тергов ва суд муҳокамаси жараёнида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчи ва бошқаларнинг шахсий ҳаётига доир аниқланган маълумотларни ошкор қилмаслик чора-тадбирларини кўриши шарт. Бунинг учун шундай маълумотлар аниқланиши мумкин бўлган тергов ёки суд ҳаракатлари олиб борилаётганда иштирок этадиган шахслар доираси чекланади, иштирокчилар эса уларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилади.

Тергов ёки суд ҳаракатлари жараёнида олиб қўйиладиган нарсалар ва ҳужжатлар тегишли баённомаларда аниқ кўрсатилиши керак. Шу билан бирга нарса ёки ҳужжат эгасига баённома нусхаси ёки унинг кўчирмаси топширилиб, тилхат олинади. Ишга алоқаси бўлмаган нарса ва ҳужжатлар қонуний эгасига дарҳол қайтарилиши керак. Фуқаролар сақлаши тақиқланган нарса ва ҳужжатлар йўқ қилиниши ёхуд уларни сақлашга ваколати бўлган ва уларни тасарруф этадиган муассасалар ёки ташкилотларга берилиши лозим.



89-модда. Давлат сирларини қўриқлаш


Давлат сирлари бўлган ҳужжатлар ёки нарсаларни кўздан кечириш, олиб қўйиш ва унга доир бошқа ҳаракатлар фақат суриштирувчи ёки терговчининг прокурор санкция берган қарорига биноан ёхуд суд ажримига кўра амалга оширилиши мумкин.

Прокурор ёки суд мажлисида раислик қилувчи бундай ҳаракатларни ўтказиш вақти, жойи ва бошқа шартларини шу ҳужжатлар ёки нарсаларни сақлаш учун жавобгар бўлган корхона, муассаса ёки ташкилот раҳбари билан келишиб олади.

Бундай ҳаракатларни юритишда эксперт, мутахассис, холис сифатида фақат давлат сирлари бўлган ҳужжатлар ва нарсалар билан танишишга рухсат берилган шахслар иштирок этадилар.


90-модда. Далилларни баённомада қайд этиш


Маълумотлар ва нарсалардан, улар тергов ҳаракати баённомаси ёки суд мажлиси баённомасида қайд этилганидан кейингина далил сифатида фойдаланиш мумкин.

Баённомалар юритиш учун масъулият суриштирув ва дастлабки тергов босқичида суриштирувчи ва терговчи, судда эса, раислик қилувчи ва суд мажлиси котиби зиммасига юклатилади.

Баённомаларга: тергов ёки суд ҳаракатининг иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар, бу шахсларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилгани; тергов ёки суд ҳаракатининг ўтказилиш жойи ва вақти, шарт-шароитлари, жараёни ва натижалари, бунда топилган моддий объектлар тавсифи ва уларнинг иш учун аҳамиятли бўлган белгилари; тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси иштирокчилари тасдиқлашни сўраган фактлар; уларнинг юз бераётган ҳодиса сабаблари хусусидаги кўрсатувлари, тушунтиришлари, мулоҳазалари; улар томонидан берилган илтимосномалар, шикоятлар, рад этишлар; тергов ҳаракатини олиб бориш ёки суд муҳокамаси жараёнидаги тартиббузарлик ҳоллари, шунингдек бу тартиббузарликларни бартараф этиш ва олдини олиш учун кўрилган чора-тадбирлар киритилади.


91-модда. Далилларни қайд этишда ёрдамчи усуллар.

Баённомага иловалар


Далилларни қайд этиш учун баённома тузиш билан бир қаторда овоз ёзиш, видеоёзув, кинотасвир, фотосуратга тушириш, қолиплар тайёрлаш, нусхалар олиш, режалар, схемалар тайёрлаш ва ахборотни акс эттиришнинг бошқа усуллари қўлланилиши мумкин. Суриштирувчи, терговчи, суд далилларни мустаҳкамлашнинг бу усулларини қўлланишга кўмаклашиш учун мутахассисларни жалб этиши мумкин.

Суриштирувчи, терговчи, суд томонидан далилларни қайд этишнинг қандай усуллари қўллангани, фойдаланилган аппаратлар, асбоблар, ускуналар, материалларнинг техникавий тавсифи келтирилиб, тегишлича тергов ҳаракати баённомаси ёки суд мажлиси баённомасида акс эттирилади.

Тергов ёки суд ҳаракатининг бориши ва натижалари акс эттирилган фотосуратлар, фонограммалар, видеоёзувлар, кинотасвирлар, қолиплар, нусхалар, режалар, схемалар ва бошқалар баённомага илова қилинади. Ҳар қайси иловада тергов ёки суд ҳаракатининг номи, ўтказилган жойи, санаси кўрсатилган изоҳловчи матн бўлиши лозим. Бу изоҳловчи матнни суриштирув ва дастлабки тергов босқичида суриштирувчи ёки терговчи ва холислар, судда эса, раислик қилувчи ва суд мажлиси котиби ўз имзолари билан тасдиқлайдилар.


92-модда. Далилларни қайд этишнинг

тўғрилигини тасдиқлаш


Тергов ҳаракатлари иштирокчиларининг, шунингдек суд муҳокамасидаги тарафларнинг бу ҳаракатлар жараёни ва натижалари акс эттирилган баённома билан танишиш, худди шунингдек баённомага қўшимча ва тузатишлар киритиш ҳуқуқлари таъминланиши керак.

Суриштирувчи ёки терговчи тергов ҳаракатлари тамом бўлиши биланоқ бу ҳаракат иштирокчиларига баённомани ўқиб чиқишга имкон беради ёхуд илтимосларига кўра уларга ўқиб беради. Шундай тартибда раислик қилувчи ёки унинг топшириғига биноан суд мажлиси котиби суд залидан ташқарида бажарилган суд ҳаракати иштирокчиларини, шунингдек тарафларни суд мажлиси баённомасидаги ушбу суд ҳаракатига тааллуқли ёзувлар билан таништиради.

Оғзаки билдирилган қўшимчалар, тузатишлар, фикр-мулоҳазалар, эътирозлар, илтимослар ва шикоятлар баённомага киритилади, ёзма равишда ифода этилганлари эса баённомага илова қилинади. Ўчиришлар ёки киритилган қўшимча сўзлар ёхуд бошқа тузатишлар хусусида баённома охиридаги имзолар олдидан изоҳот берилади.

Тергов ҳаракати баённомаси билан таништирилган шахслар баённоманинг ҳар бир саҳифаси остига ва унинг охирига имзо чекадилар.


93-модда. Баённомага имзо чекишдан бош тортиш

ёки имзо чека олмаслик ҳолларини тасдиқлаш


Суриштирувчи ёки терговчи процесс иштирокчиларидан биронтасининг ёки бошқа шахсларнинг ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда тергов ҳаракатлари баённомасига имзо чекишдан бош тортганлиги тўғрисида баённомага ёзиб қўйиб, уни ўз имзоси билан тасдиқлайди.

Юқорида назарда тутилган ҳолларда суд мажлиси баённомасининг суд ҳаракатлари тўғрисидаги ёзувларини имзолашдан бош тортилганлиги ҳақида шу баённомага ёзилади ҳамда уни раислик қилувчи ва суд мажлиси котиби ўз имзоси билан тасдиқлайдилар.

Баённомага имзо чекишдан бош тортган шахс бош тортиш сабабини тушунтиришга ҳақли. Бу тушунтириш баённомага киритилиши лозим.

Тергов ёки суд ҳаракати иштирокчиси ўзининг жисмоний нуқсони туфайли баённомани ўқиб, имзолай олмаса, баённомани унинг розилиги билан ҳимоячи, вакил ёки мазкур шахс ишонадиган бошқа фуқаро ўқиб беради ва имзо чекади. Бу ҳақда баённомага ёзиб қўйилади.


94-модда. Далилларни текшириш


Иш бўйича қабул қилинадиган қарор синчковлик билан, тўла, ҳар томонлама ва холисона текширилган далилларгагина асосланган бўлиши лозим. Текширув қўшимча далилларни тўплашдан иборат бўлиб, улар текширилаётган далилларни тасдиқлаши ёки рад этиши мумкин.



95-модда. Далилларга баҳо бериш


Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд ишдаги барча ҳолатларни синчковлик билан, тўла, ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқишга асосланган ҳолда қонунга ва ҳуқуқий онгга амал қилиб ўзларининг ички ишончлари бўйича далилларга баҳо берадилар. Ҳар бир далил ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозим.

Далиллар жиноят иши учун аҳамиятли бўлган мавжуд ҳолатлар ҳақидаги хулосаларни тасдиқловчи, рад этувчи ёки шубҳа остига олувчи фактлар ёки нарсалар тўғрисидаги маълумотларни акс эттирган тақдирдагина ишга алоқадор деб эътироф этилади.

Далиллар белгиланган тартибда тўпланган ва ушбу Кодекснинг 88, 90, 92-94-моддаларида назарда тутилган шартларга мувофиқ бўлсагина, улар мақбул деб эътироф этилади.

Текширув натижасида ҳақиқатга мувофиқ эканлиги аниқланган далиллар ишончли деб ҳисобланади.

Исботланиши керак бўлган барча ва ҳар бир ҳолатнинг ҳақиқийлигини сўзсиз тасдиқловчи ишга оид барча ишончли далиллар тўпланган бўлса, уларнинг жами ишни ҳал қилиш учун етарли деб ҳисобланади.


10-БОБ. ТЕРГОВНИНГ УМУМИЙ ҚОИДАЛАРИ


96-модда. Сўроқ қилиш жойи


Суриштирувчи ёки терговчи гувоҳни, жабрланувчини, гумон қилинувчини ва айбланувчини суриштирув, дастлабки тергов ўтказиладиган жойда ёки сўроқ қилинувчи қаерда бўлса, ўша жойда, суд эса суд муҳокамаси юритилаётган жойда сўроқ қилади.



97-модда. Сўроқ қилиш учун чақирув


Гувоҳ, жабрланувчи, шунингдек озодликда юрган гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи суриштирувчига, терговчига, прокурорга ва судга чақирув қоғози билан чақирилади. Чақирув қоғози почта орқали жўнатилади ёки чопар орқали топширилади. Чақирув телефонограмма, телеграмма, радиограмма билан ёки телефакс орқали ҳам бўлиши мумкин.

Чақирув қоғозида шахс ким сифатида, қайси манзилга ва кимнинг ҳузурига чақирилаётганлиги, қайси кунда ва қайси соатга келиши кераклиги, шунингдек узрсиз сабабларга кўра келмай қолган тақдирда қандай оқибатлар рўй бериши кўрсатилган бўлиши лозим.

Чақирув қоғози чақирилувчига топширилиб, тилхат олинади. Чақирув қоғози олиб борилганда чақирилувчи вақтинча йўқ бўлса, унга бериб қўйиш учун чақирув қоғози у билан бирга яшовчи вояга етган оила аъзоларидан бирига, ётоқхона маъмуриятига, уй эгасига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакилига топширилиб, тилхат олинади.

Қамоқда сақлаш жойларида, реабилитация марказларида, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар сўроқ қилиш учун мазкур жойлар ва муассасаларнинг маъмурияти орқали чақиртирилади.


98-модда. Сўроқ қилинувчининг шахсини аниқлаш


Суриштирувчи, терговчи ва суд сўроқ қилиш олдидан сўроқ қилинувчидан унинг фамилияси, исми ва отасининг исмини, туғилган вақти (йили, ойи, куни) ва туғилган жойини, яшаш жойи ва иш жойини, мансаби, машғулот тури, маълумоти, оилавий аҳволини, судланганлиги ёки судланмаганлигини аниқлаши ҳамда бу маълумотларни жиноят ишидаги ёки сўроқ қилинувчининг шахсий ҳужжатларидаги маълумотлар билан солиштириб кўриши ёхуд сўроқ қилинувчи ўзини ким деб таништирган бўлса, айнан ўша шахс эканлигига бошқа йўллар билан ишонч ҳосил қилиши лозим.



99-модда. Сўроқ қилинувчининг қайси тилда кўрсатув бера

олишини аниқлаш


Сўроқ қилинувчи иш юритилаётган тилни биладими, у қайси тилда кўрсатув бера олиши мумкин, деган саволлар туғилиб қолса, бу масала аниқланиши лозим. Ушбу Кодекснинг 71-моддасида назарда тутилган ҳолларда таржимон чақирилади ва у келгунча сўроқ қилиш тўхтатиб турилади.



100-модда. Ҳуқуқ ва мажбуриятларни тушунтириш


Сўроқ қилинувчининг шахси аниқлангандан кейин унга ушбу Кодексда назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилади. Бу ҳуқуқ ва мажбуриятлар тушунтирилганлиги сўроқ баённомаси ёки суд мажлиси баённомасида қайд этилади.



101-модда. Ишнинг ҳолатлари

тўғрисида эркин сўзлаб бериш


Сўроқ қилинувчига ишнинг унга маълум бўлган ҳолатлари тўғрисида сўзлаб бериш таклиф қилинмоғи лозим. Сўроқ қилинувчи эркин сўзлаб берганидан кейин унинг кўрсатувларини тўлдириш ва аниқлашга қаратилган саволлар берилиши мумкин.



102-модда. Ишора қилувчи саволлар

беришга йўл қўйилмаслиги


Кутилаётган жавобга бевосита ёки билвосита йўналтириш мазмунидаги саволлар ишора қилувчи саволлар деб ҳисобланади. Ишора қилувчи саволлар бериш тақиқланади.



103-модда. Сўроқ қилинувчининг ҳужжатлар ва бошқа

ёзувлардан фойдаланиши


Сўроқ қилинувчининг кўрсатувлари рақамлар ёки хотирада сақланиши қийин бошқа маълумотларга тааллуқли бўлса, у сўроқ жараёнида ўзидаги ёки ишга қўшиб қўйилган ҳужжатлардан ёхуд бошқа ёзувлардан фойдаланиши мумкин.

Сўроқ қилинувчига сўроқ қилиш жараёнида ўзидаги ҳужжатлар ва бошқа ёзувларни ўқиб эшиттиришга рухсат этилиши мумкин.

Суриштирувчи, терговчи ва суд сўроқ қилинувчидан сўроқ қилиш жараёнида у фойдаланаётган ҳужжатлар ва бошқа ёзувларни талаб қилиши, уларни кейин қайтариб бериши ёки ишга қўшиб қўйиши мумкин.



104-модда. Сўроқ қилинувчининг илгариги сўроқларда берган

кўрсатувларини ўқиб эшиттириш


Сўроқ қилинувчининг илгариги сўроқда берган кўрсатувлари фақат унинг ҳозирги сўроқда берган кўрсатувлари тингланиб, қайд қилиниб, у имзо чекканидан кейин ва қуйидаги ҳолларда ўқиб эшиттирилиши мумкин:

1) ҳозирги ва илгариги сўроқларда берилган кўрсатувлар ўртасида жиддий қарама-қаршиликлар бўлганда;

2) сўроқ қилинувчи судда кўрсатув беришдан бош тортганда;

3) иш сўроқ қилинувчининг иштирокисиз кўриб чиқилаётганда.


105-модда. Сўроқ қилинувчига нарсалар

ва ҳужжатларни кўрсатиш


Сўроқ жараёнида суриштирувчи, терговчи ва суд, шунингдек суд муҳокамасида тарафлар ишга қўшиб қўйилган ёки тарафлар ихтиёрида бўлган нарсалар ва ҳужжатларни сўроқ қилинувчига кўрсатишлари, шунингдек бу ҳужжатларни ўқиб эшиттиришлари мумкин.

Сўроқ баённомасида ёки суд мажлиси баённомасида қайси нарса ёки ҳужжат кўрсатилганлиги, ҳужжат матнининг қайси қисми ва унинг ким томонидан ўқиб эшиттирилганлиги, нарса ёки ҳужжатни кўрсатиш вақтида қандай саволлар берилганлиги ва бунга жавобан сўроқ қилинувчи қандай кўрсатувлар берганлиги аниқ акс эттирилиши керак.



106-модда. Сўроқ жараёни ва натижаларини қайд қилиш


Сўроқ жараёни ва натижалари суриштирув ва дастлабки тергов босқичида сўроқ баённомасида, суд муҳокамасида эса суд мажлиси баённомасида қайд қилинади.

Сўроқ жараёнида баённома юритиш билан бир қаторда овозни ёзиб олиш, видеоёзув ва кинотасвирга олиш ҳам қўлланилиши мумкин.

Кўрсатувлар баённомага биринчи шахс номидан, имкон борича сўзма-сўз ёзиб борилади. Савол-жавоб сўроқ жараёнида қандай олиб борилган бўлса, шундай изчилликда қайд қилинади. Суриштирувчи, терговчи ёки суд мажлисида раислик қилувчи томонидан четлатилган, шунингдек сўроқ қилинувчи жавоб беришдан бош тортган саволлар ҳам баённомага киритилиши керак.

Баённомада бундан ташқари, сўроқ қилинувчи томонидан аввалги сўроқларда берилган кўрсатувларнинг ўқиб эшиттирилгани, кўрсатув бериш жараёнида сўроқ қилинувчининг ҳужжат ёки бошқа ёзувлардан фойдалангани, сўроқ қилинувчига сўроқ давомида нарса ва ҳужжатлар кўрсатилгани, сўроқ пайтида овоз ёзиш, видеоёзув, кинотасвирга олиш ўтказилгани қайд қилинади. Фонограмма, видеоёзув ва кинотасма баённомага илова қилинади.

Сўроқ тугаганидан кейин баённома ўқиб чиқиш учун сўроқ қилинувчига кўрсатилади ёхуд унинг илтимосига кўра суриштирувчи, терговчи томонидан унга ўқиб берилади.

Сўроқ қилинувчи кўрсатувни ўз қўли билан ёзма равишда баён қилишга ҳақли. Ўз қўли билан ёзилган кўрсатув баённомага илова қилиниб, бу ҳақда баённомага ёзиб қўйилади.

Сўроқ қилинувчи ёки тарафларнинг илтимосига кўра суд мажлисида баённомага имзо қўйилгунига қадар ёзилган овоз, видеоёзув ёки кинотасвир намойиш қилиниши мумкин. Улар билан баённома ўртасида жиддий тафовут бўлган ҳолларда, тафовут сабабини аниқлаш учун янгитдан сўроқ қилиниши мумкин.

Сўроқ қилинувчи баённомани ўқиб бўлгач, кўрсатувлари тўғри ёзилганлиги ва у билан танишганлигини имзо чекиб, тасдиқлайди. Имзо баённоманинг охирига қўйилади, башарти кўрсатувлар бир неча саҳифага ёзилган бўлса, ҳар қайси саҳифага алоҳида имзо чекилади.

Сўроқ қилишда таржимон қатнашаётган бўлса, у сўроқ қилинаётган шахснинг баённомадаги кўрсатувини унга оғзаки таржима қилади, сўроқ қилинувчининг ўз қўли билан ёзиб берган кўрсатувларини эса, ёзма равишда таржима қилади. Таржимон кўрсатувлар ёзилган баённоманинг охирига ва ҳар бир саҳифасига алоҳида, шунингдек сўроқ қилинувчининг ўз қўли билан ёзиб берган кўрсатувларининг таржимасига имзо чекади.



107-модда. Сўроқнинг давом этиш вақти


Сўроқнинг умумий давом этиш вақти бир кунда саккиз соатдан ошмаслиги лозим. Дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган бир соат танаффус бу ҳисобга кирмайди.



108-модда. Қўшимча сўроқ


Қўшимча сўроқ қуйидаги ҳолларда ўтказилади:

1) сўроқ қилинувчи ишнинг ўзига маълум бўлган барча ҳолатлари тўғрисида кўрсатув бера олиши учун ушбу Кодекснинг 107-моддасида назарда тутилган сўроқнинг умумий давом этиш вақти етарли бўлмаса;

2) сўроқ қилинган шахс илгари берган кўрсатувларини тўлдириш ёки ўзгартириш истагини билдирса;

3) айбланувчига янги ёки ўзгартирилган ёхуд қўшимча айблов эълон қилинса;

4) суриштирувчи ёки терговчи томонидан илгари сўроқ қилинган шахснинг кўрсатувлари тўғри ёзилганлигини прокурор қўшимча сўроқ қилиш йўли билан текшириб кўришни лозим топса;

5) суриштирувчи ёки бошқа терговчи томонидан илгари сўроқ қилинган шахснинг кўрсатувлари тўғри ёзилганлигини ишни юритиш учун қабул қилган терговчи қўшимча сўроқ қилиш йўли билан текшириб кўришни лозим топса;

6) илгари сўроқ қилинган шахсга берилиши керак бўлган иш учун муҳим янги саволлар туғилса;

7) шахс сўроқ қилинганидан кейин ишга киришган захирадаги халқ маслаҳатчиси ушбу шахсни янгитдан сўроқ қилишни талаб қилса.



11-БОБ. ГУМОН ҚИЛИНУВЧИНИ ВА

АЙБЛАНУВЧИНИ СЎРОҚ ҚИЛИШ


109-модда. Гумон қилинувчини ва айбланувчини

сўроқ қилиш тартиби


Гумон қилинувчини ва айбланувчини сўроқ қилиш ушбу Кодекснинг 96-108-моддаларида назарда тутилган умумий қоидаларга, шунингдек, ушбу бобнинг қуйидаги моддаларига риоя қилган ҳолда олиб борилади.



110-модда. Сўроқ қилиш муддатлари


Суриштирув ва дастлабки тергов ўтказиш жараёнида гумон қилинувчи, айбланувчи ушланган, сўроқ қилиш учун чақирилган, қамоққа олинган ёки мажбурий келтирилгандан кейин дарҳол ёки йигирма тўрт соатдан кечиктирмай, сўроқ қилиниши керак.

Суд тергови кетаётганда судланувчига истаган вақтида кўрсатув бериш ҳуқуқи судья томонидан таъминланиши шарт. Агар судланувчи бирор суд ҳаракати ўтказилаётган пайтда кўрсатув бериш тўғрисида истак билдирса, суд унга шу ҳаракатлар тугаши биланоқ кўрсатув бериш учун имконият яратади.



111-модда. Гумон қилинувчи ёки айбланувчини биринчи

марта сўроқ қилишдан олдинги ҳаракатлар


Гумон қилинувчини, шунингдек айбланувчини биринчи марта сўроқ қилишдан бевосита олдин суриштирувчи, терговчи ушбу Кодекснинг  98-100-моддаларида назарда тутилган ҳаракатларни бажариши шарт.

Шундан сўнг суриштирувчи, терговчи:

1) гумон қилинувчига, айбланувчига унинг ушбу Кодекснинг 46 ва 48-моддаларида назарда тутилган процессуал ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради;

2) гумон қилинувчи, айбланувчи шартнома тузган ҳимоячининг ёхуд, агар гумон қилинувчи, айбланувчи шартнома тузишга улгурмаган ёки туза олмаган бўлса, бошқа ҳимоячининг сўроқда иштирок этишини таъминлайди;

3) гумон қилинувчига унинг қандай жиноят содир этишда гумон қилинаётганлигини эълон қилади;

4) гумон қилинувчига ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинганлиги тўғрисидаги қарорни тақдим қилади ва айбловнинг моҳиятини тушунтиради.

Суриштирувчи, терговчи айбланувчини биринчи марта сўроқ қилишдан олдин у ўзини айбли ҳисоблаши-ҳисобламаслигини ёки ўз айбини тўла ёхуд қисман рад этиши ёки этмаслигини аниқлаши шарт.

Суриштирувчи, терговчи ушбу моддада санаб ўтилган ҳаракатларнинг бажарилишини гумон қилинувчи ёки айбланувчининг сўроқ баённомасида, суд эса суд мажлиси баённомасида қайд қилади.


112-модда. Гумон қилинувчи ва айбланувчининг

кўрсатувларини баҳолаш


Гумон қилинувчининг у содир этган жиноят ҳақидаги кўрсатувлари ва айбланувчининг ўз айбига иқрор бўлиши, бу иқрор бўлиш мавжуд далиллар мажмуи билан тасдиқланган тақдирдагина, уни айблаш учун асос қилиб олиниши мумкин.

Гумон қилинувчи ва айбланувчининг берган кўрсатувлари билан аниқланган ҳолатлар, айбланувчи ўз айбига иқрор бўлган тақдирда ҳам, ўзининг айбдор эканлигини инкор қилган тақдирда ҳам ишнинг ҳамма ҳолатлари билан боғланган ҳолда бошқа далиллар каби текшириб чиқилиши ва баҳоланиши лозим.



113-модда. Айбини бўйнига олиш тўғрисидаги арз


Айбини бўйнига олиш тўғрисидаги арз - ариза берувчининг ўзи содир этган жинояти тўғрисида у шу жиноятни содир этишда гумон қилинмасдан ва унга айблов эълон этилмасдан олдин берган хабаридир.

Айбини бўйнига олиш тўғрисидаги арз оғзаки ёки ёзма бўлиши мумкин. Суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд оғзаки хабарни баённомада акс эттиради, унга арз қилувчининг шахсига доир маълумотлар киритилади ва унда арзнинг мазмуни биринчи шахс номидан баён қилинади. Баённомага арз қилувчи ва суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судья имзо чекади.

Айбини бўйнига олиш тўғрисидаги арз суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан ушбу Кодекснинг 112-моддасида кўрсатилган қоидаларга мувофиқ баҳоланади.


12-БОБ. ГУВОҲ ВА ЖАБРЛАНУВЧИНИ СЎРОҚ ҚИЛИШ


114-модда. Гувоҳ ва жабрланувчини сўроқ қилиш тартиби


Гувоҳ ва жабрланувчини сўроқ қилиш ушбу Кодекснинг 96-108-моддаларида назарда тутилган умумий қоидаларга, шунингдек ушбу бобнинг қуйидаги моддаларига риоя қилган ҳолда олиб борилади.

Сўроққа ўз адвокати билан ҳозир бўлган гувоҳни ёки жабрланувчини сўроқ қилиш адвокат иштирокида амалга оширилади. Сўроқ тугаганидан сўнг адвокат гувоҳнинг ёки жабрланувчининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги, сўроқ баённомасига киритилиши лозим бўлган арзларини баён этишга ҳақли.


115-модда. Гувоҳ ва жабрланувчи тариқасида

сўроқ қилиниши мумкин бўлмаган шахслар


Гувоҳ ва жабрланувчи тариқасида:

1) ҳукм ва ажрим чиқариш жараёнида келиб чиққан масалаларни маслаҳатхонада муҳокама қилишга оид ҳолатлар тўғрисида - судьяни ва халқ маслаҳатчисини;

2) жиноят иши юзасидан ўз вазифаларини бажаришлари натижасида ўзларига маълум бўлган ҳолатлар тўғрисида - ҳимоячини, шунингдек жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг вакилини;

3) руҳий ёки жисмоний нуқсони сабабли иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатни тўғри идрок этиш ва бу ҳақда кўрсатув бера олиш лаёқатига эга бўлмаган шахсни сўроқ қилиш мумкин эмас.



116-модда. Гувоҳ ёки жабрланувчи тариқасида фақат

ўз розилиги билан сўроқ қилиниши мумкин бўлган шахслар


Гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари гумон қилинувчига, айбланувчига тааллуқли ҳолатлар ҳақида гувоҳ ёки жабрланувчи тариқасида фақат ўзларининг розиликлари билан сўроқ қилинишлари мумкин.


117-модда. Гувоҳ ва жабрланувчини процессуал мажбуриятларни

бузганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантириш


Гувоҳ ёки жабрланувчининг шахси аниқлангандан ва унга процессуал ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тушунтирилгандан кейин у кўрсатув беришдан бош тортганлик ва била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилиб, бу ҳақда сўроқ баённомаси ёки суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилади.

Гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари кўрсатув беришдан бош тортганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилмайдилар.


118-модда. Алоҳида ҳолатларни баҳона қилиб кўрсатув

беришдан бош тортишга йўл қўйилмаслиги


Суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан аниқланаётган ҳолатлар ўзида давлат сирларини ёки касб сирини ёхуд гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёхуд бошқа шахслар ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирганлигини баҳона қилиб, гувоҳ ва жабрланувчи кўрсатув беришдан бош тортишга ҳақли эмас.

Аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар ўзида давлат сирини ёки касб сирини акс эттиради ёхуд шахслар ҳаётининг сир тутиладиган томонларига тегишли деб ҳисоблаш учун асос бўлганда, суриштирувчи, терговчи ва суд гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилиш чоғида бу ҳолатларнинг ошкор этилишига йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўриши шарт.



119-модда. Гувоҳ ва жабрланувчининг кўрсатувлари


Гувоҳ ёки жабрланувчи процессуал мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилганидан кейин жабрланувчи гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар билан ўзаро муносабатлари, гувоҳ эса, шунингдек жабрланувчи билан ўзаро муносабатлари тўғрисидаги саволларга жавоб беради. Шундан сўнг сўроқ қилувчининг таклифига кўра гувоҳ ёки жабрланувчи иш бўйича ўзлари билган барча маълумотларни айтиб берадилар. Улар иш учун аҳамиятли бўлган ёки аҳамиятли бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолат тўғрисида, шу жумладан гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ва процесс бошқа иштирокчиларининг шахси ҳақида ҳам кўрсатувлар беришлари мумкин.



120-модда. Гувоҳни ва жабрланувчини уларнинг

илтимосига кўра сўроқ қилиш


Тергов олиб борилаётган жойда ёки судда бўлган гувоҳ ёки жабрланувчи кўрсатув беришга хоҳиш билдирса, улар қоида тариқасида ўша куннинг ўзида ёки кейинги кундан кечиктирмай сўроқ қилиниши керак.

Гувоҳ ёки жабрланувчининг кўрсатув беришга хоҳиши тўғрисидаги хабар терговчи ёки судга почта орқали келса, унга сўроқ ўтказиладиган жой ва вақт дарҳол хабар қилинади ва у келиши биланоқ сўроқ ўтказилади.



121-модда. Вояга етмаган гувоҳ ёки жабрланувчини

сўроқ қилишнинг ўзига хос жиҳатлари


Ўн олти ёшгача бўлган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилиш қонуний вакили ёки катта ёшдаги яқин қариндоши, педагог ёки жабрланувчининг вакили иштирокида уларнинг розилиги билан ўтказилади. Кўрсатилган шахслар сўроқ қилувчининг рухсати билан гувоҳ ёки жабрланувчига саволлар беришлари мумкин.

Ўн олти ёшгача бўлган гувоҳлар ва жабрланувчилар кўрсатув беришдан бош тортганлик ва била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилмайдилар, бироқ суриштирувчи, терговчи ёки суд мажлисида раислик қилувчи шу гувоҳ ва жабрланувчиларга уларнинг процессуал ҳуқуқи ва мажбуриятларини тушунтириш чоғида ҳаққоний кўрсатув бериш ва бу билан жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлашга кўмаклашиш маънавий бурч эканлигини эслатиб ўтади.


13-БОБ. ЮЗЛАШТИРИШ


122-модда. Юзлаштириш учун асослар


Юзлаштириш илгари сўроқ қилинган икки шахс кўрсатувлари ўртасида жиддий қарама-қаршиликлар бўлганда бу қарама-қаршиликларнинг сабабини аниқлаш учун ўтказилади.

Юзлаштиришда гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳ сўроқ қилиниши мумкин.


123-модда. Юзлаштириш ўтказишнинг тартиби


Юзлаштириш ўтказиш чоғида ушбу Кодекснинг 96-108-моддаларида назарда тутилган сўроқ қилишнинг умумий қоидаларига, шунингдек ушбу бобнинг қуйидаги қоидаларига риоя қилинади.

Юзлаштириб сўроқ қилиш олдидан суриштирувчи, терговчи ёки суд мажлисида раислик қилувчи ҳар бир сўроқ қилинувчидан навбат билан уларнинг ўзаро танишлиги ёки таниш эмаслигини, ўзаро муносабатлари қандай эканлигини сўрайди ва жавобларини тинглайди. Шундан сўнг ҳар бир сўроқ қилинувчига навбат билан қарама-қаршилик келиб чиққан ҳолатлар тўғрисидаги саволларга жавоб бериш таклиф қилинади. Башарти қарама-қаршилик бир нечта масалага ёки бир нечта ҳолатга тааллуқли бўлса, юзлаштиришда ҳар икки сўроқ қилинувчи бир масала ёки бир ҳолат бўйича кўрсатув бергач, уларга кейинги масала ёки кейинги ҳолат тўғрисидаги саволлар берилиши мумкин.

Юзлаштириш чоғида сўроқ қилинаётган шахс суриштирувчи, терговчи ёки суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан бошқа сўроқ қилинувчига савол бериши мумкин. Суд мажлисида сўроқ қилинувчиларнинг ҳар иккаласига халқ маслаҳатчилари, шунингдек тарафлар савол беришлари мумкин. Суриштирувчи, терговчи ва суд мажлисида раислик қилувчи иш учун жиддий аҳамиятга эга бўлмаган ёки юзлаштиришда аниқлаштирилаётган қарама-қаршиликка тааллуқли бўлмаган саволларни четлатишга ҳақлидир.


124-модда. Юзлаштириш чоғида илгариги

кўрсатувларни ўқиб эшиттириш


Юзлаштириш чоғида сўроқ баённомаси ёки сўроқ қилинаётган шахслар аввалги сўроқларда берган кўрсатувларнинг фонограммалари шу шахслар юзлаштирилиб, уларнинг кўрсатувлари баённомага киритилганидан кейингина ўқиб берилиши ёки эшиттирилишига йўл қўйилади.


14-БОБ. ТАНИБ ОЛИШ УЧУН КЎРСАТИШ


125-модда. Таниб олиш учун кўрсатиш асослари


Таниб олиш учун кўрсатиш гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг бирор шахс ёки нарса тўғрисидаги кўрсатувини текшириб кўриш учун қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

1) бу кўрсатув муайян бир шахс ёки муайян бир нарсага оид эканлигини аниқлаш зарур бўлганда;

2) суриштирувчи, терговчи ёки судга маълум бўлган кўплаб шахс ёки нарсалар орасидан кўрсатувда тасвирлаб берилган шахс ёки нарсани топиш зарур бўлганда.



126-модда. Таниб олиш учун

кўрсатишдан олдин сўроқ қилиш


Таниб олувчи таниб олиш лозим бўлган шахс ёки нарсанинг белгилари, аломатлари, хусусиятлари тўғрисида олдиндан сўроқ қилиниши лозим.



127-модда. Шахсни таниб олиш

учун кўрсатиш тартиби


Шахс таниб олиш учун тергов олиб борилаётган ишга алоқаси бўлмаган, ташқи белгилари билан ўзига ўхшайдиган шахслар гуруҳи орасида холислар ҳузурида кўрсатилади. Таниб олиш учун кўрсатилаётган шахсларнинг умумий сони уч нафардан кам бўлмаслиги керак.

Таниб олинувчига таниб олиш учун кўрсатиладиган шахслар гуруҳи орасида истаган жойни эгаллаш таклиф қилинади.

Таниб олинувчи кийими, соч қирқтириши ёки тараши ёхуд бошқа белгилари билан таниб олиш учун кўрсатиладиган ўзга шахслар орасида яққол ажралиб турмаслиги лозим.

Шахсни таниб олиш учун кўрсатишнинг иложи бўлмаганда ёхуд хавфсизликни таъминлаш мақсадида унинг фотосуратидан фойдаланиш мумкин.

Таниб олиш учун жадвал қоғозга яхшилаб ёпиштирилиб, муҳрланган ва рақамланган, лекин суратга олинган шахсларнинг исми ва фамилиялари кўрсатилмаган камида учта фотосурат кўрсатилади.



128-модда. Кўчар нарсаларни таниб

олиш учун кўрсатиш тартиби


Тергов олиб борилаётган жойга, судга ёки бошқа жойга олиб борилиши мумкин бўлган нарсалар, нарсаларнинг бўлаги ва ҳайвонлар ушбу ишга алоқаси бўлмаган бошқа турдош нарсалар орасида таниб олиш учун кўрсатилади.

Таниб олувчи сўроқ қилинганда тасвирлаганидан ташқи белгилари, аломатлари, хусусиятлари бўйича жиддий фарқ қилмайдиган нарсалар турдош деб ҳисобланади. Таниб олиш учун кўрсатилаётган нарсаларни жойлаштириш тартиби суриштирувчи, терговчи томонидан холислар ҳузурида белгиланади.

Турдош объектлар орасидан таниб олиш тўғрисидаги қоида мурдани таниб олишда қўлланилмайди.



129-модда. Кўчмас объектни таниб

олиш учун кўрсатиш тартиби


Жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи жой, бино, бинодаги алоҳида хона ёки бошқа кўчмас объект номини айтиб ва тасвирлаб берса-да, бироқ унинг жойлашган ўрнини аниқ айтиб бера олмаса, бирор аниқ жойдан объектга бориш йўлини кўрсатишга истак билдирса, унга шу объектни кўрсатишига имкон берилади.

Суриштирувчи ёки терговчи ва холислар ёхуд суд таркиби ва тарафлар таниб олувчи билан биргаликда у айтган жойга келадилар. Таниб олиш учун кўрсатиш иштирокчилари шу жойдан бошлаб таниб олувчининг кўрсатуви бўйича юра бошлайдилар. Бунда таниб олувчига таниб олиш учун кўрсатишнинг бошқа иштирокчилари ёки ёт шахслар тарафидан йўналиш айтиб қўйилишининг олдини олиш чоралари кўрилиши лозим.



130-модда. Таниб олиш учун кўрсатиш

чоғида таниб олувчининг кўрсатуви


Таниб олиш учун бир гуруҳ шахслар ёки бир нечта нарсани кўрсатилганидан кейин таниб олувчига у илгари тасвирлаган шахс ёки нарсани кўрсатиш таклиф этилади.

Таниб олувчи кўрсатилган шахслардан ёки нарсалардан бирини кўрсатса, унга кўрсатилган бошқа шахслар ёки нарсалар орасидан бу шахсни ёки нарсани қайси белгилари ёки хусусиятларига кўра таниганлигини тушунтириб бериш таклиф қилинади.

Таниб олувчи таниб олиш учун унга кўрсатилган шахслар ёки нарсаларни илгари кўрмаганлигини айтса, унга қидирилаётган шахс ёки қидирилаётган нарса улардан нимаси билан фарқ қилишини тушунтириб бериш таклиф қилинади.



131-модда. Таниб олиш учун кўрсатиш

ҳолатини мустаҳкамлаш


Суриштирув ёки дастлабки тергов вақтида ўтказилган таниб олиш учун кўрсатиш тўғрисида баённома тузилади. Суд муҳокамасида ўтказилган таниб олиш учун кўрсатиш суд мажлиси баённомасида қайд қилинади.

Барча ҳолларда баённомага: таниб олувчи, таниб олиш учун кўрсатиш шароити, жараёни ва натижалари, таниб олиш учун кўрсатилган шахслар, уларнинг ёши, бўйи, миллати, турар жойи, кўзга ташланувчи белгилари, кийимлари; таниб олиш учун кўрсатилган нарсалар тавсифи; таниб олиш учун кўчмас объектлар кўрсатилганда эса, шунингдек таниб олувчи кўрсатган йўналишлар ва изланаётган объектга бирор аниқ жойдан бориш йўллари тўғрисидаги маълумотлар киритилиши лозим.

Таниб олиш учун фотосуратлар кўрсатилган бўлса, баённомага фотожадвал илова қилиниши лозим.

Таниб олувчининг кўрсатувлари, шунингдек унга суриштирувчи, терговчи, суд, тарафлар ёки бошқа шахслар томонидан берилган саволлар ва қайтарилган жавоблар ушбу Кодекснинг 106-моддасида назарда тутилган қоидаларга риоя қилинган ҳолда баённомага ёзиб борилади.



15-БОБ. КЎРСАТУВЛАРНИ ҲОДИСА СОДИР

БЎЛГАН ЖОЙДА ТЕКШИРИШ


132-модда. Кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда

текшириш учун асослар


Суриштирувчи, терговчи, суд гумон қилинувчилар, айбланувчилар, судланувчилар, гувоҳлар ҳамда жабрланувчиларнинг кўрсатувларини текширилаётган ҳодиса содир бўлган жойда ҳолатларни қайта тиклаш йўли билан текшириб кўришга ҳақлидир.

Кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текширишдан мақсад: кўрсатувлари текширилаётган шахсга маълум, суриштирувчи, терговчи ва судга эса номаълум бўлган нарсалар, ҳужжатлар, излар ва белгиларни топиш; шахснинг тергов ёки суд муҳокамаси давомида топилган нарсалар, ҳужжатлар, излар қаерда бўлганлигини кўрсатиб бериши; бир неча шахснинг айни бир ҳодиса тўғрисида берган кўрсатувларидаги ўхшашлик ва фарқларни аниқлаш учун ишда аҳамиятли бўлган жой ёки йўналишни шахс кўрсатиб бериши; ҳолатларни қайта тиклаш ва ҳодиса содир бўлган жойдаги шароит билан қиёслаш орқали кўрсатувларнинг тўғри ёки нотўғрилигини аниқлашдан иборат.

Кўрсатуви текширилаётган шахс ҳодиса содир бўлган жойда бир вақтнинг ўзида кўрсатиш, кўздан кечириш ёки баъзи нарсаларни, ҳужжатларни, изларни олиш ёхуд муайян ҳаракатларни намойиш қилиш орқали тушунтириш беради ёки ўзининг аввал берган кўрсатувларига аниқлик киритади.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг кўрсатувларини ҳодиса содир бўлган жойда текшириш натижалари, бу шахсларнинг муайян ҳодисалар ҳақида билганлари фақат уларнинг жиноят содир этишга дахлдорлигидан дарак берсагина, далил кучига эга бўлади.



133-модда. Кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган

жойда текшириш тартиби


Кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текширишни суриштирувчи ёки терговчи холислар иштирокида, суд эса тарафлар иштирокида ўтказади. Кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текширишга мутахассислар ва экспертлар жалб қилиниши мумкин.

Суриштирувчи, терговчи ёки суд тарафлар ва бу тергов ҳаракатининг бошқа қатнашчилари иштирокида текшириладиган кўрсатувларни эълон қилади, кўрсатув берган шахсдан уларнинг тўғри ёки нотўғрилигини, қўшимча ва ўзгартиришлар киритишга эҳтиёж бор ёки йўқлигини сўрайди, текширишнинг мақсади ва тартибини тушунтиради. Башарти гувоҳ ёки жабрланувчининг кўрсатувлари текширилаётган бўлса, улар, ўн олти ёшга тўлмаган шахсларни истисно қилганда, кўрсатув беришдан бош тортганлик ва била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун жиноий жавобгарликка тортилиш ҳақида огоҳлантирилиши лозим.

Бир вақтнинг ўзида бир неча шахснинг кўрсатувларини ҳодиса содир бўлган жойда текширишга йўл қўйилмайди.

Кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин: кўрсатув берган шахс текширилаётган ҳодисанинг шароит ва ҳолатини жойида тиклайди; иш учун аҳамиятли бўлган нарсаларни, ҳужжатларни, изларни қидириб топади ва кўрсатади; айрим ҳаракатларни намойиш қилади; текширилаётган ҳодисада у ёки бу нарсанинг қандай аҳамияти бўлганлигини кўрсатади; ҳодиса содир бўлган жойда шароитнинг ўзгарганлигига эътиборни қаратади; ўзининг аввалги кўрсатувларини аниқлаштиради ва уларга ойдинлик киритади. Бу ҳаракатлар вақтида четдан аралашишга, гап ўргатишга ва ишора қилувчи саволлар беришга йўл қўйилмайди.

Кўрсатуви текширилаётган шахс эркин сўзлаб бергач ва ҳаракатларни эркин намойиш қилиб бўлгач, унга саволлар берилиши мумкин. Кўрсатувни ҳодиса содир бўлган жойда текширишда қатнашаётган шахслар суриштирувчи, терговчи ва суднинг эътиборини, уларнинг фикрича иш ҳолатларини аниқлаштиришга ёрдам берадиган барча нарсаларга қаратишга, баъзи ҳаракатларнинг такрорланишини талаб қилишга ҳақлидир. Кўрсатувлари ҳодиса содир бўлган жойда текширилаётган шахс ва тергов ҳаракатининг бошқа иштирокчилари ўтказилаётган тергов ҳаракати юзасидан уларни қўшимча равишда сўроқ қилишни талаб этишга ҳақлидир.



134-модда. Кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган

жойда текшириш баённомаси


Кўрсатувлар ҳодиса содир бўлган жойда текширилгани ҳақида ушбу Кодекснинг 90-92-моддаларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ суриштирувчи ёки терговчи баённома тузади, суд эса текширувнинг бориши ва натижаларини суд мажлиси баённомасига киритади.

Бундан ташқари баённомада: кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш қаерда, қачон, қандай шароитда ўтказилганлиги; қандай жойлар ва нарсалар кўздан кечирилганлиги; ҳодиса содир бўлган жойда берилган кўрсатувларнинг мазмуни қандайлиги; ҳодисанинг шароити ва ҳолатларини тиклаш нимада ўз аксини топганлиги; шахс ўзининг аввалги кўрсатувларига қандай аниқликлар киритганлиги кўрсатилиши лозим.



16-БОБ. КЎЗДАН КЕЧИРИШ


135-модда. Кўздан кечириш учун асослар


Жиноят излари, ашёвий далилларни топиш, ҳодиса содир бўлган вазиятни ва иш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатларни аниқлаштириш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки суд ҳодиса содир бўлган жойни, мурдани, ҳайвонларни, теварак-атрофни, биноларни, нарсалар ва ҳужжатларни кўздан кечиради.

Одам баданини кўздан кечириш гувоҳлантириш ёки экспертиза ўтказиш қоидаларига асосланган ҳолда (ушбу Кодекснинг 142-147 ва 172-187-моддалари) амалга оширилади. Почта-телеграф жўнатмаларини кўздан кечириш ушбу Кодекснинг 167-моддасида назарда тутилган тартибда ўтказилади.

Нарсаларни олиб қўйиш ва тинтув ўтказиш чоғида топилган нарса ва ҳужжатлар шу тергов ҳаракатларини ўтказиш учун белгиланган қоидаларга риоя қилган ҳолда кўздан кечирилиши лозим.


136-модда. Кўздан кечириш тартибининг умумий қоидалари


Суриштирув ёки дастлабки тергов босқичида кўздан кечириш холислар иштирокида ўтказилади. Жиноят иши кўрилаётган вақтда кўздан кечиришга зарурат туғилса, суд бу ҳақда ажрим чиқаради ва кўздан кечиришни тарафлар иштирокида ўтказади.

Зарур ҳолларда суриштирувчи, терговчи ёки суд кўздан кечириш чоғида ўлчов ўтказади, фотосуратга, кинотасвирга, видеоёзувга туширади, режалар, схемалар, чизмалар тузади, излардан қолиплар ва нусхалар олади. Бу ишларни бажаришга ёрдам бериш учун кўздан кечиришга мутахассислар жалб қилиниши мумкин.

Кўздан кечириш чоғида топилган ва олиб қўйилган барча нарсалар холисларга, тарафларга ва кўздан кечиришнинг бошқа иштирокчиларига кўрсатилиши лозим.

Кўздан кечиришда иштирок этаётган шахслар суриштирувчи, терговчи ва суднинг эътиборини ўзларининг фикрича иш ҳолатларини ойдинлаштиришга ёрдам бериши мумкин бўлган барча ҳолларга қаратишга ҳақлидирлар.



137-модда. Ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш


Ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш айнан ана шу жойда жиноят содир этилганлиги ёки унинг излари борлиги ҳақида маълумотлар бўлган тақдирда ўтказилади.

Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда ҳодиса содир бўлган жой жиноят иши қўзғатилишидан олдин ҳам кўздан кечирилиши мумкин.

Катта майдонларни ва биноларни кўздан кечириш бир неча суриштирувчи ёки терговчи томонидан амалга оширилиши мумкин, бунда уларнинг ҳар бири камида икки нафар холис иштирокида кўздан кечириши лозим.

Ҳодиса содир бўлган жойдан олинган нарсалар, ҳужжатлар ва излар ўралади ва муҳрланади. Катта ҳажмдаги нарсалар олинмайди ва муҳрланмайди, лекин суриштирувчи ёки терговчи уларни сақлаш чораларини кўриши лозим.



138-модда. Мурдани кўздан кечириш


Суриштирувчи ёки терговчи мурданинг ташқи кўринишини у топилган жойда холислар ва суд-тиббиёт соҳасидаги мутахассис шифокор иштирокида кўздан кечиради. Бундай мутахассис шифокор иштирок этишига имконият бўлмаган тақдирда, бошқа шифокор иштирок этади. Зарур ҳолларда мурдани кўздан кечириш учун бошқа мутахассислар, шунингдек экспертлар жалб қилинади.

Эксгумация вақтида мурдани кўздан кечириш ушбу Кодекснинг 148-152-моддаларида назарда тутилган қоидаларга риоя қилган ҳолда ўтказилади.

Мурда топилган жойда уни таниб олиш учун кўрсатиш чоғида ушбу Кодекснинг 126 ва 131-моддаларида назарда тутилган қоидаларга риоя қилинади. Таниб олинмаган мурдаларнинг бармоқ излари олиниши шарт. Ушбу Кодекснинг 188-191, 193 ва 197-моддалари талабларига риоя қилган ҳолда мурдадан текшириш учун бошқа хил намуналар ҳам олиниши мумкин.

Таниб олинмаган мурдани фақат прокурор рухсати билангина кўмилади.



139-модда. Теварак-атроф ва биноларни кўздан кечириш


Суриштирувчи, терговчи ва суд теварак-атроф ва биноларни қуйидаги қоидаларга риоя қилган ҳолда кўздан кечирадилар.

Фуқаронинг уйи ёки хизмат жойини кўздан кечириш зарурати бўлса, суриштирувчи ёки терговчи бу ҳақда қарор, суд эса ажрим чиқаради. Турар жойи кўздан кечирилаётган шахс ёки тегишли корхона, муассаса, ташкилотнинг вакили чиқарилган қарор ёки ажрим билан таништирилиб, бу ҳақда имзо чектирилади.

Кўздан кечириш корхонада, муассасада, ташкилотда ўтказилса - маъмурият вакилининг, ҳарбий қисмда, штабда ва муассасада ўтказилса - қўмондонлик вакилининг, зарур ҳолларда эса, моддий жавобгар шахснинг қатнашиши шарт. Биноларни кўздан кечиришда ушбу Кодекснинг 160 ва 161-моддаларида назарда тутилган қоидаларга риоя қилиниши лозим.



140-модда. Нарса ва ҳужжатларни кўздан кечириш


Суриштирувчи, терговчи ва суд нарса ва ҳужжатларни улар топилган жойда, башарти кўздан кечириш кўп вақт ёки қўшимча техник воситалар талаб қилса, кейинчалик суриштирув, дастлабки тергов ёки суд муҳокамаси ўтказилаётган жойда кўздан кечирадилар.

Кўздан кечириш техник воситалардан фойдаланилган ҳолда, башарти нарса ёки ҳужжатларнинг йўқолишига ёхуд шикастланишига олиб келмаса, ўтказилиши мумкин.



141-модда. Кўздан кечириш баённомаси


Ушбу Кодекснинг 90-92-моддаларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ суриштирувчи ёки терговчи кўздан кечириш ўтказилганлиги тўғрисида баённома тузади, суд эса кўздан кечириш жараёнини ва унинг натижаларини суд мажлиси баённомасида қайд этади.

Баённомада кўздан кечириш давомида топилган барча нарсалар, улар қандай тартибда кўздан кечирилган бўлса, худди шу тартибда, кўздан кечириш пайтида қандай ҳолатда кузатилган бўлса, худди шу ҳолатда қайд этилади. Кўздан кечириш чоғида топилган ва олинган барча излар, нарсалар ва ҳужжатлар санаб ўтилади. Олинган буюмнинг эгасига тегишли маълумотнома ёки баённоманинг нусхаси берилади.

Бундан ташқари, баённомада: кўздан кечириш қайси вақтда, қандай об-ҳавода ва қандай ёруғликда ўтказилганлиги; қандай илмий-техника воситалари қўлланилганлиги ва қандай натижалар олинганлиги; кўздан кечиришда кўмаклашиш учун кимлар жалб қилинганлиги ва кўмаклашиш нимада ўз аксини топганлиги; қандай нарсалар ва ҳужжатлар қай тартибда ва қандай муҳр билан муҳрланганлиги; кўздан кечирилганидан кейин мурда ва иш учун аҳамиятли бўлган нарсаларнинг қаерга юборилганлиги кўрсатилган бўлиши лозим.



17-БОБ. ГУВОҲЛАНТИРИШ


142-модда. Гувоҳлантириш учун асослар


Гувоҳлантириш:

1) одамнинг баданидаги иш учун аҳамиятга молик хусусият ёки аломатларни, алоҳида белгиларни, унинг жисмоний ривожланганлиги тўғрисидаги маълумотларни, доғларни, тирналган, шилинган, қонталаш жойларни топиш зарурати туғилган ҳолларда, агар бунинг учун экспертиза ўтказиш лозим бўлмаса;

2) экспертиза ўтказишни талаб қилмайдиган усулларни қўллаш йўли билан шахснинг мастлик ва бошқа физиологик ҳолатини аниқлаш зарурати туғилган ҳолларда ўтказилади.



143-модда. Гувоҳлантириладиган шахслар


Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва жабрланувчи гувоҳлантирилишлари мумкин. Гувоҳ унинг кўрсатувлари тўғрилигини текшириш учунгина гувоҳлантирилиши мумкин.



144-модда. Гувоҳлантиришни ўтказиш тўғрисидаги

қарор ёки ажрим


Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки жабрланувчининг баданида жиноят излари, иш учун аҳамиятга молик бошқа белгилар ёки унинг ғайритабиий физиологик ҳолати тўғрисида етарли маълумотлар бўлса, гувоҳлантиришни ўтказиш ҳақида суриштирувчи ёки терговчи қарор, суд эса ажрим чиқаради.

Қарорда ёки ажримда: гувоҳлантиришни ким ва қандай мақсадда ўтказиши; кимни гувоҳлантириш кераклиги; гувоҳлантирилиши учун шахс кимнинг ҳузурига ва қачон етиб келиши кўрсатилган бўлиши лозим.



145-модда. Гувоҳлантириш ҳақидаги қарорнинг ёки

ажримнинг мажбурийлиги


Суриштирувчининг, терговчининг гувоҳлантириш ўтказиш тўғрисидаги қарори ёки суднинг шу тўғридаги ажрими қайси шахс хусусида чиқарилган бўлса, ўша шахсга нисбатан мажбурийдир.

Гувоҳлантиришдан бош тортаётган шахслар мажбурий келтирилиши ва гувоҳлантирилиши мумкин.


146-модда. Гувоҳлантиришни ўтказиш тартиби


Гувоҳлантиришни ўтказиш ҳақидаги қарор ёки ажрим гувоҳлантирилувчига эълон қилинади. Гувоҳлантиришнинг барча иштирокчиларига уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари тушунтирилиши лозим.

Шахсни ечинтириб яланғочлаш, шунингдек унинг баданидаги тирналган, шилинган, қонталаш жойларни аниқлаш билан боғлиқ бўлмаган гувоҳлантириш суриштирувчи ёки терговчи томонидан холислар иштирокида, зарур ҳолларда эса, шифокор ёки бошқа мутахассис иштирокида ўтказилади. Ушбу турдаги гувоҳлантириш тарафлар иштирокида суд томонидан ҳам ўтказилиши мумкин.

Шахсни ечинтириб яланғочлаш ёки унинг баданидаги тирналган, шилинган, қонталаш жойларни аниқлаш билан боғлиқ бўлган, шунингдек ушбу Кодекс 142-моддани иккинчи бандида назарда тутилган гувоҳлантириш суриштирувчи, терговчи ёки суднинг топшириғига биноан шифокор ёхуд бошқа мутахассис тиббий ходим томонидан ўтказилади.



147-модда. Гувоҳлантириш баённомаси


Гувоҳлантириш ўтказилганлиги ҳақида ушбу Кодекснинг 90-92-моддаларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ суриштирувчи ёки терговчи баённома тузади, суд эса гувоҳлантириш жараёни ва натижаларини суд мажлиси баённомасида қайд этади. Баённомада гувоҳлантириш ўтказган шахснинг ҳамма ҳаракатлари ва гувоҳлантириш давомида аниқланган барча излар, хусусиятлар ва белгилар қайд этилган бўлиши лозим.

Гувоҳлантириш шифокор ёки бошқа мутахассис томонидан ўтказилган бўлса, у баённома тузади ва имзолайди, гувоҳлантирилган шахс ва холислар ҳам имзолаганидан сўнг баённомани тегишинча суриштирувчи, терговчи ёки судга тақдим этади.



18-БОБ. МУРДАНИ ЭКСГУМАЦИЯ ҚИЛИШ


148-модда. Мурдани эксгумация қилиш асослари ва тартиби

Кўздан кечириш, таниб олиш, текшириш ёки экспертизага намуналар олиш учун мурдани қабрдан чиқариб олиш зарур бўлган тақдирда прокурор, терговчи ёки суриштирувчи мурдани эксгумация қилиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида мазкур тергов ҳаракатини ўтказиш асосларини баён этган ҳолда қарор чиқаради. Қарорга илтимосномани асословчи зарур материаллар илова қилинади.

Терговчининг ёки суриштирувчининг мурдани эксгумация қилиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарори ва зарур материаллар прокурорга юборилади.

Прокурор мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги илтимосноманинг асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, мурдани эксгумация қилиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорни ва зарур материалларни судга юборади.

Суд мурдани эксгумация қилишни суриштирув органларига ёки терговчига топширади, бу ҳақда ажрим чиқаради.

148-1-модда. Мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги

илтимосномани кўриб чиқиш

Мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги илтимоснома дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, округ, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан, мазкур судларнинг судьяси бўлмаган ёхуд мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда эса, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги илтимоснома материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соатдан кечиктирмай ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

Суд мажлисида прокурор, терговчи, суриштирувчи, қонуний вакил ёки мурдаси эксгумация қилиниши лозим бўлган вафот этган шахснинг яқин қариндошларидан бири, зарур ҳолларда гумон қилинувчи, айбланувчи, шунингдек, агар ишда иштирок этаётган бўлса, ҳимоячи ва қонуний вакил иштирок этади.

Суд мажлисининг ўтказилиш жойи, санаси ва вақти ҳақида лозим даражада хабардор қилинган шахсларнинг суд мажлисига келмаганлиги мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш учун монелик қилмайди.

Мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш прокурорнинг маърузаси билан бошланади, у мазкур тергов ҳаракатини ўтказиш заруратини асослаб беради, сўнгра тақдим қилинган материаллар текширилади. Шундан кейин судья ажрим чиқариш учун алоҳида хонага киради.

148-2-модда. Суд ажрими

Судья мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиб, мурдани эксгумация қилиш тўғрисида ёки мурдани эксгумация қилишни рад этиш ҳақида ажрим чиқаради.

Судьянинг мурдани эксгумация қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрими асослантирилган бўлиши керак.

Судьянинг мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги ажрими ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради. Судьянинг ажрими прокурорга ижро учун, гумон қилинувчига, айбланувчига, ҳимоячига эса маълумот учун юборилади.

Судьянинг мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги ёки мурдани эксгумация қилишни рад этиш ҳақидаги ажрими устидан у чиқарилган кундан эътиборан етмиш икки соат ичида апелляция тартибида шикоят берилиши, протест билдирилиши мумкин. Апелляция шикояти, протести ажримни чиқарган суд орқали берилади, мазкур суд йигирма тўрт соат ичида уларни материаллар билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт. Апелляция инстанцияси суди ушбу материалларни шикоят ёки протест билан бирга улар келиб тушган пайтдан эътиборан етмиш икки соатдан кечиктирмай кўриб чиқиши керак.

Апелляция шикояти ёки протести берилиши суднинг мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги ажрими ижросини тўхтатиб туради.

Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини, протестини кўриб чиқиб, ўз ажрими билан:

судьянинг ажримини ўзгаришсиз, шикоятни ёки протестни эса қаноатлантирмай қолдиришга;

судьянинг ажримини бекор қилишга ва мурдани эксгумация қилишга рухсат беришга ёки мурдани эксгумация қилишни рад этишга ҳақли.

Мурдани эксгумация қилиш рад этилган тақдирда, айнан ўша мурдага нисбатан мазкур масала бўйича такроран судга мурожаат қилишга мурдани эксгумация қилишни тақозо этадиган янги ҳолатлар юзага келганда йўл қўйилади.



149-модда. Мурдани эксгумация қилиш тартиби


Суриштирувчи, терговчи ёки суд мурдани эксгумация қилишни соғлиқни сақлаш органлари билан келишган ҳолда ва мурда кўмилган жой вакилининг иштирокида амалга оширади. Эксгумация суриштирув ёки дастлабки тергов вақтида амалга оширилаётган бўлса, холисларнинг иштирок этиши шарт. Суд эксгумацияни тарафлар иштирокида амалга оширади.

Мурдани эксгумация қилишда суд тиббиёти соҳасидаги мутахассис шифокор, зарур бўлса, бошқа мутахассислар ҳам қатнашадилар. Агар экспертиза тайинланган бўлса, эксгумация ўтказишда суд тиббиёти экспертининг иштирок этиши шарт.

Зарур ҳолларда, эксгумацияни ўтказишга гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, шунингдек мурдани таниб олиши мумкин бўлган шахслар жалб қилиниши мумкин.



150-модда. Мурдани эксгумация қилиш билан боғлиқ

процессуал ҳаракатлар


Эксгумация экспертиза қилиш мақсадида ўтказилаётган бўлса, экспертиза ўтказиш ҳақида қарор ёки ажрим чиқарилиши лозим. Бунда мурда экспертиза муассасасига жўнатилади ёки экспертиза мурда кўмилган жойнинг ўзида ўтказилади.

Мурдани кўздан кечириш, таниб олиш ва эксперт текшируви учун намуналар олиш ушбу Кодекснинг 125, 126, 131, 138, 188-191, 193 ва 197-моддаларида назарда тутилган қоидалар асосида амалга оширилади.



151-модда. Мурдани эксгумация қилиш баённомаси


Мурдани эксгумация қилиш тўғрисида ушбу Кодекснинг 90-92-моддаларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ суриштирувчи ёки терговчи баённома тузади, суд эса эксгумация жараёни ва натижаларини суд мажлисининг баённомасида қайд этади. Баённомага қабр, тобут ва мурданинг фотосуратлари, кинотасвир ва видеоёзувлари илова қилиниши мумкин.

Мурда эксгумация қилинганидан сўнг кўздан кечириш, таниб олиш ёки эксперт текшируви учун намуналар олиш амалга оширилган бўлса, мазкур тергов ҳаракатлари тўғрисида баённома тузилади.



152-модда. Мурдани эксгумациядан сўнг кўмиш


Эксгумациядан ва бошқа процессуал ҳаракатлардан сўнг мурдани кўмиш мурдани эксгумация қилиш тўғрисида қарор ёки ажрим чиқарган шахснинг иштирокида амалга оширилади. Мурда кўмилганлиги тўғрисида баённома тузилади.



19-БОБ. ЭКСПЕРИМЕНТ


153-модда. Эксперимент ўтказиш учун асослар


Суриштирувчи, терговчи ва суд гувоҳлар, жабрланувчилар, гумон қилинувчилар, айбланувчилар, судланувчиларнинг кўрсатувларини, бошқа далилларни, шунингдек иш юзасидан қилинган тусмол, текширилаётган ҳодисага оид муайян ҳаракатлар, шароит ва ҳолатларни тиклаш ҳамда зарурий тажрибалар ўтказиш орқали текширишга ҳақлидир.

Эксперимент бирор ҳодисани идрок қилиш, муайян ҳаракатларни бажариш, бирор ҳодисанинг содир бўлиш имкониятини текшириш, шунингдек ҳодисанинг юз бериш ва изларнинг қолиш йўсинларини аниқлаш учун ўтказилади.



154-модда. Эксперимент ўтказиш тўғрисидаги қарор ёки ажрим


Эксперимент ўтказиш тўғрисида суриштирувчи, терговчи қарор, суд эса ажрим чиқаради. Эксперимент натижасида фуқаролар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга мулкий зарар етказилиши, ишлаб чиқариш тартиботининг, транспорт воситалари ҳаракати жадвалининг бузилиши ва бошқа нохуш оқибатларнинг келиб чиқиши эҳтимол бўлса, суриштирувчининг, терговчининг бундай эксперимент ўтказиш тўғрисидаги қарорига прокурор санкция бериши лозим.

Эксперимент жамоат тартиби ёки ахлоқ нормаларининг бузилишига олиб келадиган бўлса, уни ўтказишга йўл қўйилмайди.

Эксперт томонидан ўтказиладиган эксперимент суд экспертизасининг таркибий қисми ҳисобланади.



155-модда. Экспериментни ўтказиш тартиби


Суриштирувчи ёки терговчи экспериментни холислар, суд эса тарафлар иштирокида ўтказади.

Эксперимент ўтказишга мутахассис ва эксперт, шунингдек тажриба ҳаракатларини олиб борувчи шахслар жалб қилиниши мумкин. Мураккаб экспериментлар камида икки нафар холис ва бир неча мутахассис иштирокида ўтказилиши мумкин. Эксперимент ўтказишга, шунингдек кўрсатувлари текширилиши лозим бўлган шахслар ҳам жалб қилиниши лозим. Бунда гувоҳлар ва жабрланувчилар кўрсатув беришдан бўйин товлаганлик ва била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилиши лозим. Эксперимент иштирокчиларига унинг мақсади ва ўтказилиш тартиби тушунтирилади.

Тажриба ҳаракатларини ўтказишдан олдин ўрганилаётган ҳодиса шароитлари текширилаётган кўрсатув ёки тусмолларга тўла мувофиқ ҳолда тикланган бўлиши лозим. Бунинг учун гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчи, гувоҳларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида ўзи қатнашган ёки шоҳид бўлган ҳодисанинг шароит ва ҳолатларини тиклаш таклиф қилиниши мумкин. Шундан кейин суриштирувчи, терговчи ёки суд тегишли тажриба ҳаракатларини ўтказади, шу мақсадда ўлчаш, фотосуратга тушириш, кинотасвирга олиш, овоз ёзиш, видеоёзув, режа, схема ва чизмалар тузиш, экспериментал қолиплар ва изларнинг нусхаларини тайёрлаш мумкин.

Эксперимент ўтказиш шароити тикланаётган ҳаракат ёки ҳодисалар юз берган шароитга иложи борича ўхшаш бўлиши лозим. Тажрибалар имкон борича бир неча марта ўтказилади. Тажрибаларнинг шароитлари ўзгартирилиши мумкин.

Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, мутахассис ва экспертга эксперимент юзасидан савол берилиши мумкин. Суднинг ижозати билан экспериментда иштирок этаётган шахсларга тарафлар ҳам савол бериши мумкин. Тарафлар ва экспериментда иштирок этаётган бошқа шахслар суриштирувчининг, терговчининг ва суднинг эътиборини, уларнинг фикрича иш ҳолатини аниқлашга ёрдам бериши мумкин бўлган барча ҳолатларга қаратишга, эксперимент шароитига аниқлик киритишни ва тажриба ҳаракатларини такрорлашни талаб қилишга ҳақлидир. Кўрсатуви текширилаётган шахс эксперимент муносабати билан ўзининг қўшимча сўроқ қилинишини талаб қилиши мумкин.



156-модда. Эксперимент баённомаси


Эксперимент ўтказилганлиги ҳақида ушбу Кодекснинг 90-92-моддаларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ суриштирувчи, терговчи баённома тузади, суд эса экспериментнинг бориши ва натижаларини суд мажлиси баённомасида акс эттиради. Бундан ташқари, баённомада: эксперимент қандай мақсадда, қачон, қаерда ва қандай шароитда ўтказилганлиги; ҳодисанинг шароитини ва ҳолатини тиклаш айнан нималарда ўз аксини топганлиги; қандай тажриба ҳаракатлари қай тартибда, ким томонидан ва неча марта ўтказилганлиги; қандай натижалар олинганлиги кўрсатилган бўлиши лозим.



20-БОБ. ОЛИБ ҚЎЙИШ ВА ТИНТУВ


157-модда. Олиб қўйиш учун асослар


Жиноят иши учун аҳамиятга молик нарса ва ҳужжатларнинг айнан кимда ва қаерда эканлиги маълум бўлиб, уларни қидиришнинг ҳожати бўлмаса, суриштирувчи, терговчи ва суд уларни олиб қўйишга ҳақлидир.



158-модда. Тинтув ўтказиш учун асослар


Суриштирувчи ва терговчи бирор турар жой, хизмат, ишлаб чиқариш биносида ёки ўзга жойда ёхуд бирор шахсда иш учун аҳамиятли бўлган нарса ёки ҳужжатлар бор деб ўйлаш учун етарли маълумотга эга бўлган тақдирда тинтув ўтказишга ҳақлидир.

Тинтув қидирилаётган шахсни, шунингдек мурдани топиш учун ҳам ўтказилиши мумкин.



159-модда. Олиб қўйиш ёки тинтув ўтказиш

тўғрисида қарор ёки ажрим


Олиб қўйиш ёки тинтув суриштирувчи ёки терговчининг қарори ёхуд суднинг ажримига кўра ўтказилади, бунда улар олиб қўйиш ёки тинтув ўтказишни суриштирув органига ёки терговчига топширишга ҳақлидирлар.

Олиб қўйиш ёки тинтув ўтказиш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда бу ҳаракатлар қаерда ва кимникида ўтказилиши зарурлиги, қайси нарса ёки ҳужжатларнинг қидириб топилиши ва олиб қўйилиши лозимлиги кўрсатилган бўлиши керак.



160-модда. Олиб қўйиш ёки тинтув ўтказиш вақтида ҳозир

бўладиган шахслар


Олиб қўйиш ёки тинтув ўтказишда холислар, зарурат бўлган тақдирда мутахассис ва таржимон ҳам иштирок этадилар.

Олиб қўйиш ёки тинтув ўтказиш жараёнида бу ҳаракатлар уйида ўтказилаётган шахснинг ўзи ёки ҳеч бўлмаганда унинг вояга етган оила аъзоларидан бирининг иштирок этиши таъминланиши лозим. Башарти уларнинг иштирок этишини таъминлашга имкон бўлмаса, тегишли ҳокимлик ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг вакили таклиф қилинади.

Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, ҳарбий қисмлар жойлашган биноларда олиб қўйиш ёки тинтув уларнинг вакиллари иштирокида ўтказилади.

Тинтув қилинаётганларга, холисларга, мутахассисларга, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, ҳарбий қисмларнинг вакилларига тинтув ёки олиб қўйиш ўтказилишидан аввал уларнинг суриштирувчи ёки терговчининг барча ҳаракатлари чоғида ҳозир бўлиш ҳамда ана шу ҳаракатлар хусусида арз қилиш ҳуқуқлари тушунтирилиши керак. Бундай арз баённомага киритилиши шарт.



161-модда. Олиб қўйиш ва тинтув ўтказиш тартиби


Тинтув суриштирувчи ёки терговчининг асослантирилган қарорига биноан, прокурорнинг санкцияси билан ўтказилади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда тинтув прокурорнинг санкциясисиз ўтказилиши мумкин, лекин бундай ҳолда кейинчалик шу ўтказилган тинтув ҳақида йигирма тўрт соат ичида прокурорга хабар қилинади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар суриштирувчи ёки терговчининг прокурорга юборган хабарномасида асослантирилиши лозим. Хабарноманинг нусхаси ишга қўшиб қўйилади.

Суриштирувчи ёки терговчи олиб қўйиш ёки тинтув ўтказиш ҳақидаги қарорга ёки ажримга асосан иш учун аҳамиятли бўлган нарса ва ҳужжатларни қидириб топиш мақсадида турар жойга ёки бошқа бинога киришга ҳақлидир.

Суриштирувчи, терговчи олиб қўйиш ёки тинтув ўтказишга киришишдан олдин олиб қўйиш ёки тинтув ўтказилаётган шахсни қарор ёки ажрим билан таништириб имзо қўйдириши шарт.

Суриштирувчи, терговчи олиб қўйиш ёки тинтув ўтказилаётган бинода ёки ўзга жойда турган шахсларнинг олиб қўйиш ёки тинтув тамом бўлгунга қадар шу бино ёки жойдан чиқиб кетишини, шунингдек уларнинг бир-бирлари билан ёки бошқа шахслар билан гаплашишини тақиқлаб қўйишга ҳақлидир.

Суриштирувчи, терговчи олиб қўйиш чоғида қарор ёки ажрим билан таништирганидан сўнг олиниши лозим бўлган нарса ва ҳужжатларни ихтиёрий равишда беришни таклиф қилади, таклиф рад этилган тақдирда мажбурий равишда олади. Башарти бу нарса ва ҳужжатлар олиб қўйишни амалга ошириш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда кўрсатилган жойдан топилмаса, у ҳолда тинтув ўтказилади.

Суриштирувчи, терговчи тинтув ўтказишга киришаётганида қарор ёки ажрим тақдим этганидан сўнг, олиб қўйилиши керак бўлган нарса ва ҳужжатларни беришни таклиф қилади. Башарти улар ихтиёрий равишда берилса, олиб қўйиш баённомаси тузилади. Агар қидирилаётган нарса ёки ҳужжатлар берилмаса ёхуд тўлиқ ҳолда топширилмаган бўлса, тинтув ўтказилади. Тинтув чоғида бу хусусдаги қарорда ёки ажримда кўрсатилган нарса ёки ҳужжатлар қидирилади ва олинади. Иш учун аҳамиятга молик бошқа нарса ёки ҳужжатлар, шунингдек сақланиши тақиқланган ашёлар топилган тақдирда, улар ҳам олиб қўйилиши лозим. Суриштирувчини, терговчини бу нарса ёки ҳужжатларни олиб қўйишга ундаган асослар тинтув ўтказилганлиги ҳақидаги баённомада акс эттирилади.

Олинаётган нарса ва ҳужжатларнинг ҳаммаси холисларга, олиб қўйиш ёки тинтув ўтказишда иштирок этган бошқа шахсларга кўрсатилади, баённомада тўлиқ акс эттирилади, зарурат бўлган тақдирда ўралиб, муҳрланади. Ўралган ва муҳрланган нарса ва ҳужжатларни кейинги тергов давомида очишга фақат холислар иштирокида йўл қўйилади.

Олиб қўйиш ёки тинтув ўтказиш вақтида ёпиқ биноларни ёки буюмлар сақланадиган жойни унинг эгаси ўз ихтиёри билан очиб беришдан бош тортса, суриштирувчининг, терговчининг ўзи уларни очишга ҳақлидир. Бунда зарурат бўлмаганда қулфлар, эшиклар ва бошқа нарсаларнинг шикастлантирилишига йўл қўйилмаслиги ҳамда уйдаги саранжомлик бузилмаслиги лозим.


162-модда. Шахсий тинтув ва олиб қўйиш


Ушбу Кодекснинг 157 ва 158-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда суриштирувчи ёки терговчи шахснинг кийимлари, унинг ёнидаги буюмлари ичидан ёки баданидан топилган, иш учун аҳамиятга молик нарса ва ҳужжатларни олиб қўйиши мумкин.

Шахсий тинтув ва олиб қўйиш ушбу Кодекснинг 157-161-моддаларида кўрсатилган қоидалар асосида ўтказилади. Аммо шахсий тинтув ва олиб қўйиш қуйидаги ҳолларда алоҳида қарор ёки ажрим чиқарилмасдан ўтказилиши мумкин:

1) жамоат тартибини сақлашга доир бурчини бажараётган милиция ходими томонидан гумон қилинувчини ушлаш чоғида ушланувчининг ёнида қурол борлигига ёхуд жиноят содир этганлигини фош қиладиган далиллардан қутулмоқчи эканлигига етарли асослар бўлганда (ушбу Кодекснинг 224-моддаси);

2) гумон қилинувчи милицияга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб келиниб, уни ушлаш ҳақида ушбу Кодекснинг 225-моддасига асосан баённома тузилганда;

3) айбланувчига нисбатан қамоқда сақлаш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилаётганида, башарти унинг ёнида қурол, шунингдек сақланиши ман этилган буюмлар ёхуд иш учун аҳамиятга молик нарса ва ҳужжатлар бўлиши мумкин деб ўйлашга етарли асослар бўлганида;

4) олиб қўйиш ёки тинтув ўтказилаётган бинода ёки бошқа жойда турган шахс олиб қўйиш ва тинтув ўтказиш ҳақидаги қарорга ёки ажримга кўра олиниши зарур бўлган нарса ёки ҳужжатларни ўз ёнида яширинча сақламоқда деб ўйлаш учун етарли асослар бўлганида.

Шахсий тинтув ҳамда нарса ва ҳужжатларни олиб қўйиш тинтилаётган шахс билан бир жинсдаги суриштирувчи ёки терговчи томонидан мутахассис ҳамда холислар иштирокида ўтказилиши мумкин.



163-модда. Олиб қўйиш ёки тинтув баённомаси


Суриштирувчи, терговчи олиб қўйиш ёки тинтув ўтказилгани тўғрисида ушбу Кодекснинг 90-92-моддаларида назарда тутилган талабларга риоя қилган ҳолда баённома тузади. Суд томонидан ўтказилган нарса ва ҳужжатларни олиб қўйиш натижалари суд мажлиси баённомасида акс эттирилади.

Баённомада нарса ва ҳужжатларнинг айнан қаерда ва қандай шароитда топилганлиги, ихтиёрий равишда берилганлиги ёки мажбурий равишда олинганлиги кўрсатилиши лозим. Барча олинган нарса ва ҳужжатлар баённомада бирма-бир қайд қилиниб, уларнинг миқдори, ўлчови, оғирлиги, ҳар қайсисининг ўзига хос белгилари кўрсатилиши, зарурат бўлган тақдирда ўралиши ва муҳрланиши лозим.

Олиб қўйиш ёки тинтув вақтида изланаётган нарса ва ҳужжатларни йўқ қилишга ёки яширишга уриниш ҳоллари содир бўлган тақдирда, бу ҳол суриштирувчи ёки терговчи томонидан кўрилган чоралар ҳам кўрсатилиб баённомада акс эттирилиши лозим.



164-модда. Олиб қўйиш ёки тинтув тўғрисидаги қарор ва

баённоманинг нусхасини топшириш шартлиги


Олиб қўйиш ёки тинтув тўғрисидаги қарор ва баённоманинг нусхаси ё суд мажлисининг олиб қўйишни ўтказиш тўғрисидаги баённомасидан кўчирма тинтилган шахсга ёки унинг вояга етган оила аъзоларига, улар бўлмаган тақдирда эса, тегишли ҳокимлик ёхуд фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакилига топширилиб, тилхат олинади. Зарур ҳолларда мазкур шахсларга олиб қўйилаётган ҳужжатларнинг нусхалари берилади.



165-модда. Дипломатия ваколатхоналарининг биноларидан ва

дипломатия вакилларидан олиб қўйиш ёки уларда тинтув

ўтказиш


Олиб қўйиш ёки тинтув дипломатия ваколатхонаси ҳудудида ўтказилаётганда дипломатия ваколатхоналари ва уларнинг дипломатия дахлсизлигига эга бўлган ходимлари, шунингдек уларнинг оила аъзолари эгаллаб турган биноларда фақат дипломатия ваколатхонаси бошлиғининг илтимосига кўра ёки унинг розилиги билан ўтказилиши мумкин, дипломатия ваколатхонаси ходимларининг ёки уларнинг вояга етган оила аъзоларининг истиқомат жойларида ёхуд улар эгаллаб турган бошқа биноларда олиб қўйиш ва тинтув уларнинг илтимосларига кўра ёки розиликлари билан ўтказилиши мумкин. Кўрсатилган имтиёзлар Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинмаган бўлса-да дипломатия дахлсизлигига эга бўлган ажнабий вакилларга ва уларнинг оила аъзоларига ҳам берилади.

Дипломатия дахлсизлигига эга бўлган шахсга ва унинг оила аъзоларига нисбатан шахсий тинтув ёки олиб қўйиш ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган талабларга риоя қилган ҳолда ўтказилиши мумкин.

Дипломатия вакили ёки унинг оила аъзоларининг олиб қўйишга ёки тинтув ўтказишга розилиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали сўралади.

Дипломатия ваколатхоналари ва дипломатия дахлсизлигидан фойдаланадиган вакиллар, шунингдек уларнинг оила аъзолари жойлашган биноларда тинтув ёки олиб қўйиш ўтказиш чоғида прокурор ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг вакили ҳозир бўлиши шарт.



166-модда. Почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш

Гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг бошқа шахсларга юборган ёхуд бошқа шахсларнинг гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига юборган почта-телеграф жўнатмаларида содир этилган жиноятга доир маълумотлар ёки иш учун аҳамиятга молик ҳужжатлар, буюмлар бор деб гумон қилиш учун етарлича асослар мавжуд бўлганда, прокурор, терговчи ёки суриштирувчи мазкур шахсларнинг барча почта-телеграф жўнатмаларини ёки уларнинг айримларини хатлаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида мазкур тергов ҳаракатини ўтказиш асосларини баён этган ҳолда қарор чиқаради.

Хатлаб қўйилиши мумкин бўлган почта-телеграф жўнатмалари жумласига барча турдаги хатлар, телеграммалар, радиограммалар, бандероллар, посилкалар, почта контейнерлари киради.

Прокурорнинг, терговчининг ёки суриштирувчининг почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорида: хат-хабарлари ушлаб турилиши лозим бўлган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми; бу шахснинг доимий яшаш жойи манзили; хатланаётган почта-телеграф жўнатмаларининг турлари; хатлаш чорасининг муддати; жўнатмаларни ушлаб туриш ва бу ҳақда прокурорга, терговчига ёки суриштирувчига маълум қилиш мажбурияти юклатилган алоқа муассасасининг номи кўрсатилади.

Қарорга илтимосномани асословчи зарур материаллар илова қилинади.

Терговчининг ёки суриштирувчининг почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарори ва зарур материаллар прокурорга юборилади.

Прокурор почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимосноманинг асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорни ва зарур материалларни судга юборади.

Гумон қилинувчининг, айбланувчининг бошқа шахсларга ёки бошқа шахсларнинг гумон қилинувчига, айбланувчига юборган почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги масала ушбу бобда белгиланган тартибда, судланувчининг бошқа шахсларга ёки бошқа шахсларнинг судланувчига юборган почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш эса ушбу Кодекснинг 423, 438-моддаларида назарда тутилган тартибда суд томонидан ҳал этилади.

166-1-модда. Почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш

тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш

Почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, округ, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан, мазкур судларнинг судьяси бўлмаган ёхуд почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда эса, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соатдан кечиктирмай ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

Суд мажлисида прокурор, зарурат бўлган ҳолларда терговчи, суриштирувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, шунингдек, агар ишда қатнашаётган бўлса, ҳимоячи ва қонуний вакил ҳам иштирок этади.

Суд мажлисининг ўтказилиш жойи, санаси ва вақти ҳақида лозим даражада хабардор қилинган шахсларнинг суд мажлисига келмаганлиги почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш учун монелик қилмайди.

Почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш прокурорнинг маърузаси билан бошланади, у мазкур тергов ҳаракатини ўтказиш заруратини асослаб беради, сўнгра тақдим қилинган материаллар текширилади. Шундан кейин судья ажрим чиқариш учун алоҳида хонага киради.

166-2-модда. Суд ажрими

Судья почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиб, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисида ёки почта-телеграф жўнатмаларини хатлашни рад этиш ҳақида ажрим чиқаради.

Судьянинг почта-телеграф жўнатмаларини хатлашни рад этиш ҳақидаги ажрими асослантирилган бўлиши керак.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган суд ажрими ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради. Почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги ажрим тегишли алоқа муассасасининг бошлиғига юборилади ва уни бажариш мазкур бошлиқ учун мажбурийдир. Бу ажримни бажармаганлик ёки унинг мазмунини ошкор этганлик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Алоқа муассасасининг бошлиғи суд ажримида кўрсатилган хат-хабарлар ва бошқа жўнатмаларни ушлаб туради ҳамда бу ҳақда прокурорга, терговчига, суриштирувчига ёки судга дарҳол маълум қилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган суд ажрими устидан мазкур ажрим чиқарилган кундан эътиборан етмиш икки соат ичида гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили томонидан апелляция тартибида шикоят берилиши ёхуд прокурор томонидан протест билдирилиши мумкин. Апелляция шикояти, протест ажримни чиқарган суд орқали берилади, мазкур суд уларни қирқ саккиз соат ичида материаллар билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт. Шикоят ёки протест берилиши суднинг почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги ажрими ижросини тўхтатиб турмайди. Апелляция инстанцияси суди ушбу материалларни шикоят ёки протест билан бирга улар келиб тушган пайтдан эътиборан етмиш икки соатдан кечиктирмай кўриб чиқиши керак.

Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини, протестини кўриб чиқиб, ўз ажрими билан:

судьянинг ажримини ўзгаришсиз, шикоятни ёки протестни эса қаноатлантирмай қолдиришга;

судьянинг ажримини бекор қилишга ва почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйишга ёки почта-телеграф жўнатмаларини хатлашни рад этишга ҳақли.

Почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш рад этилган тақдирда, айнан ўша гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан мазкур масала бўйича такроран судга мурожаат қилишга почта-телеграф жўнатмаларини хатлашни тақозо этадиган янги ҳолатлар юзага келганда йўл қўйилади.



167-модда. Почта-телеграф жўнатмаларини

кўздан кечириш ва олиб қўйиш


Суриштирувчи ёки терговчи алоқа муассасасига бориб, ушланган почта-телеграф жўнатмаларини холислар иштирокида, зарурат бўлганда эса, тегишли мутахассис иштирокида очиб, кўздан кечиради. Иш учун аҳамиятга молик маълумотлар, ҳужжатлар, нарсалар топилган тақдирда, суриштирувчи, терговчи почта-телеграф жўнатмаларини олиб қўяди ёхуд улардан нусха кўчириш билан чегараланади. Агар кўздан кечирилган жўнатмаларда иш учун аҳамиятга молик маълумотлар, ҳужжатлар, нарсалар бўлмаса, суриштирувчи, терговчи уларни эгаларига етказиш ёки ўзи белгилаган муддатгача ушлаб туриш ҳақида кўрсатма беради.

Ушланган жўнатмалар кўздан кечирилган ҳар бир ҳолда баённома тузилиб, унда қайси почта-телеграф жўнатмалари кўздан кечирилганлиги, нималар олинганлиги ва нималар эгаларига юборилиши, нималар эса вақтинча ушлаб қолиниши кераклиги, қайси жўнатмалардан нусхалар олинганлиги кўрсатилиши лозим. Баённома ушбу Кодекснинг 90-92-моддаларида назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда тузилади.



168-модда. Почта-телеграф жўнатмаларини

хатлаб қўйишни бекор қилиш

Почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш қарор чиқарган судни албатта хабардор этган ҳолда, суриштирувчи, терговчи томонидан прокурорнинг розилиги билан ёки бу чорани қўллашга зарурат қолмаса, суд томонидан бекор қилинади. Дастлабки тергов давомида иш тугатилганда, биринчи инстанция судида эса, ишни тугатиш ҳақида ажрим чиқарилганда ёхуд ҳукм қонуний кучга киргач, хатлаб қўйиш чораси бекор қилиниши лозим.

Почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш чорасининг бекор қилинганлиги айнан бир шахсга нисбатан почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш тўғрисидаги илтимоснома билан судга такроран мурожаат этишга монелик қилмайди.



21-БОБ. ТЕЛЕФОН ВА БОШҚА СЎЗЛАШУВ ҚУРИЛМАЛАРИ

ОРҚАЛИ ОЛИБ БОРИЛАДИГАН СЎЗЛАШУВЛАРНИ

ЭШИТИБ ТУРИШ


169-модда. Телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали

олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш асослари


Иш бўйича тўпланган далиллар иш учун аҳамиятга молик хабарларни олиш мумкинлигига етарли даражада асос бўла олса, суриштирувчи, терговчи телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали сўзлашувларни эшитиб туриш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақлидир.


170-модда. Телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали

олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш тартиби


Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш суриштирувчи, терговчи прокурорнинг санкциясини олиб чиқарган қарорга биноан ёки суд ажримига кўра амалга оширилади.

Жабрланувчига, гувоҳга, шунингдек уларнинг қариндошлари ва яқинларига нисбатан куч ишлатиш, товламачилик ёки бошқа қонунга хилоф ҳаракатлар содир этиш хавфи мавжуд бўлса, бу шахсларнинг аризалари бўйича ёки уларнинг ёзма розилиги ва прокурорнинг санкцияси билан ёхуд суднинг ажримига кўра уларнинг телефон ёки бошқа сўзлашув қурилмалари орқали бўладиган сўзлашувларини эшитиб туриш амалга оширилиши мумкин.

Суриштирувчи, терговчи кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда, прокурорни кейинчалик дарҳол билан ёзма равишда хабардор этиш шарти билан, унинг санкциясисиз сўзлашувларни эшитиб туриш тўғрисидаги қарорни миллий хавфсизлик хизмати органларига юборишга ҳақлидир. Прокурорнинг санкциясисиз сўзлашувларни эшитиб туриш тўғрисидаги қарор бир сутка давомида қонуний кучга эга бўлади.

Телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш тўғрисидаги қарор ёки ажрим унда эшитиладиган ахборотлар хусусияти ва ҳажми, шунингдек, сўзлашувларни эшитиб туришнинг боришини ва натижаларини қайд этиш шакли белгиланиб, миллий хавфсизлик хизмати органларига ижро этиш учун юборилади. Сўзлашувларни эшитиб туриш олти ойдан ортиқ давом этиши мумкин эмас.

Телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш чоғида овоз ёзиш мосламалари қўлланилиши лозим. Сўзлашув фонограммаси акс эттирилган магнит тасмаси тергов ҳаракати баённомасига қўшиб қўйилиши лозим.



171-модда. Телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб

бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш баённомаси


Эшитиб туриш ва овоз ёзишни амалга оширган шахс ишга алоқадор сўзлашувлар фонограммаси мазмунининг қисқача баённомасини тузади. Фонограмма муҳрланади ва баённомага қўшиб қўйилади, унинг иш учун аҳамиятли бўлмаган қисми ҳукм қонуний кучга кирганидан кейин йўқ қилинади.

Эшитиб туриш ва овоз ёзиш баённомасида абонент рақами, эшитиб туриш ва овоз ёзиш вақти ва жойи, фойдаланилган техникавий воситалар тури ва модели, бу ишларни амалга оширган шахсларга оид маълумотлар ҳамда иш учун аҳамияти бўлиши мумкин деб ҳисобланган бошқа маълумотлар акс эттирилади.



22-БОБ. ЭКСПЕРТИЗА


172-модда. Экспертиза тайинлаш учун асослар


Иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни фан, техника, санъат ёки касб соҳаси бўйича билими бўлган шахс ўтказадиган махсус текшириш орқали олиш мумкин бўлганда экспертиза тайинланади. Суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья, мутахассислар, холисларнинг бундай билимларга эга бўлиши экспертиза тайинлаш заруратидан озод этмайди.

Эксперт олдига қўйилган саволлар ва унинг берган хулосаси экспертнинг махсус билимлари доирасидан ташқари чиқиши мумкин эмас.

Экспертизани ушбу Кодексда белгиланган тартибга хилоф равишда ўтказиладиган текширув билан алмаштиришга йўл қўйилмайди. Идоравий текширув хулосаси, тафтиш ҳужжатлари, мутахассислар маслаҳати экспертиза ўтказиш заруратини истисно этмайди.


173-модда. Экспертиза тайинлаш ва ўтказишнинг шартлиги


Башарти, иш бўйича:

1) ўлимнинг сабабини, етказилган тан жароҳатларининг хусусияти ва оғирлик даражасини;

2) жинсий алоқада бўлганликни, ҳомиладорлик ҳолатини ва ҳомилани сунъий йўл билан тушириш белгиларини;

3) гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчининг ёшини, агар бу ҳақда ҳужжатлар бўлмаса ёки ҳужжатлар шубҳа туғдирса;

4) гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг, устидан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллашга доир иш юритилаётган шахснинг руҳий ва жисмоний аҳволини ҳамда уларнинг ғайриҳуқуқий қилмишни содир этаётган пайтда ўз ҳаракатларини идрок этиш ва идора қилиш лаёқатини, шунингдек жиноий жавобгарликнинг аҳамиятини тушуниш, жиноят процессида кўрсатувлар бериш ҳамда ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини мустақил ҳимоя қила олиш лаёқатини;

5) жабрланувчининг, гувоҳнинг руҳий ва жисмоний ҳолатини ҳамда улар иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларни идрок қилиш, эсда сақлаш ва сўроқ қилганда ифодалаб бериш лаёқатига эга эканликларини, шунингдек жабрланувчининг жиноят процесси чоғида ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини мустақил ҳимоя қила олиш лаёқатини;

6) таносил ва бошқа юқумли касалликларга чалинган, сурункали ичкиликбозликка ва гиёҳвандликка дучор бўлган шахсларни даволаш зарурлигини ва имкониятларини;

7) гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг турлари мавжудлигини;

8) пул белгилари, қимматли қоғозлар ва бошқа ҳужжатлар қалбакилаштирилганлигини;

9) портлашлар, ҳалокатлар ва бошқа фавқулодда ҳодисаларнинг техникавий сабабларини аниқлаш зарур бўлганда экспертиза тайинлаш ва ўтказиш шарт.

Иш учун аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни аниқлашда ҳам, агар бунинг учун махсус билимларни қўллаш зарур бўлса ва бу ҳолатлар исботлашнинг бошқа воситалари билан пухта аниқланмаган бўлса, экспертиза ўтказиш шарт.


174-модда. Эксперт этиб тайинланадиган шахслар

Эксперт сифатида давлат суд-экспертиза муассасаси эксперти, бошқа корхона, муассаса, ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс иштирок этиши мумкин.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар, шунингдек қасддан содир этган жиноятлари учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар эксперт сифатида жалб этилиши мумкин эмас.

Суд-тиббиёт, суд-психиатрия, суд-психология, суд-автотехника, суд-иқтисодий, криминалистика экспертизаларини фақат давлат суд-экспертиза муассасаларининг мутахассислари, алоҳида ҳолларда эса, бошқа корхона, муассаса, ташкилотларнинг мутахассислари ўтказади. Алоҳида ҳол экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда асослантирилиши лозим.

Суриштирувчи, терговчи, суднинг эксперт этиб тайинланган шахсни чақириш ва унинг экспертиза ўтказиши тўғрисидаги талаби ушбу шахс ишлаётган корхона, муассаса ёки ташкилот раҳбари учун мажбурийдир.


175-модда. Текшириш объектлари

Ашёвий далиллар, эксперт текшируви учун намуналар, бошқа моддий объектлар, мурдалар ва уларнинг қисмлари, ҳужжатлар, шунингдек экспертиза ўтказилаётган иш материаллари текшириш объектлари бўлиши мумкин. Эксперт текширувлари тирик одамга нисбатан ҳам ўтказилади.

Экспертизани ўтказишда текшириш объектлари (тирик одамдан ташқари) эксперт текширувини ўтказиш учун қай даражада зарур бўлса, шу даражада шикастланиши ёки ишлатилиши мумкин. Бунда текшириш объектининг қисман шикастланиши ёки ишлатилишига экспертизани тайинлаган органнинг (шахснинг) ёзма рухсати олиниши зарур, тайинланган экспертизанинг ўзига хос хусусиятлари объектнинг шикастланишини (бузилишини) ёки ишлатилишини тақозо этувчи ҳоллар бундан мустасно.

Текшириш объектларининг экспертизани тайинлаган органнинг (шахснинг) ёзма рухсати билан ёхуд тайинланган экспертизанинг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ ҳолда шикастланганлиги ёки ишлатилганлиги давлат суд-экспертиза муассасаси, бошқа корхона, муассаса, ташкилот ёки эксперт томонидан мазкур объектларнинг мулкдорига зарарнинг ўрни қоплаб берилишига сабаб бўлмайди.

Текшириш объектлари, агар уларнинг ўлчамлари ва хоссалари имкон берса, ўралган ва муҳрланган ҳолда экспертга топширилиши керак.

Текшириш объектини экспертнинг иш жойига етказиб беришнинг иложи бўлмаганда, экспертизани тайинлаган орган (шахс) унга мазкур объектни монеликсиз кириб кўришни ва уни текшириш имкониятини таъминлайди.

Текшириш объектлари давлат суд-экспертиза муассасаларида, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органларида ва судларда ашёвий далилларни сақлаш қоидаларига риоя қилинган ҳолда сақланади.

Экспертиза тугалланганидан кейин текшириш объектлари, агар улар тўла ишлатилган бўлмаса, экспертизани тайинлаган органга (шахсга) қайтарилади.


176-модда. Қўшимча ва қайта экспертизалар

Қўшимча экспертиза эксперт (экспертлар комиссияси) хулосасидаги бўшлиқларнинг ўрнини тўлдириш учун тайинланади ва шу ёки бошқа эксперт (экспертлар комиссияси) томонидан ўтказилади.

Эксперт (экспертлар комиссияси) хулосаси асослантирилмаганда ёки унинг тўғрилигига шубҳа туғилганда ёхуд унга асос қилиб олинган далиллар ишончли эмас деб топилганда ёки экспертизани ўтказишнинг процессуал қоидалари жиддий бузилганда қайта экспертиза тайинланади.

Қайта экспертиза тайинланганда эксперт (экспертлар комиссияси) олдига илгари кўпланилган эксперт текшируви усулларининг илмий асосланганлиги тўғрисидаги масала қўйилиши мумкин.

Қайта экспертизани тайинлаш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда қайта экспертизани тайинлаган органнинг (шахснинг) биринчи (олдинги) экспертиза хулосасига қўшилмаганлиги сабаблари кўрсатилиши лозим.

Қайта экспертизани ўтказиш бошқа экспертга (экспертлар комиссиясига) топширилади. Биринчи (олдинги) экспертизани ўтказган эксперт (экспертлар комиссияси) қайта экспертизани ўтказишда ҳозир бўлиши ва тушунтиришлар бериши мумкин, лекин у эксперт текширувини ўтказиш ва хулоса тузишда иштирок этмайди.

176-1-модда. Экспертизанинг экспертлар

комиссияси томонидан ўтказилиши

Экспертиза бир хил (комиссиявий экспертиза) ёки турли хил (комплекс экспертиза) суд-эксперт ихтисослигидаги бир неча эксперт томонидан ўтказилиши мумкин.

Экспертизанинг экспертлар комиссияси томонидан ўтказилиши экспертизани тайинлаган орган (шахс) ёки мазкур экспертизанинг ўтказилишини ташкил этувчи давлат суд-экспертиза муассасаси ёхуд бошқа корхона, муассаса, ташкилот раҳбари томонидан белгиланади.

Экспертизани ўтказиш топширилган экспертлар комиссияси ўз олдига қўйилган масалаларни ҳал этиш зарурлигидан келиб чиқиб, ўтказиладиган эксперт текширувларининг мақсади, кетма-кетлиги ва ҳажмини келишиб олади.

Экспертизани ўтказиш топширилган экспертлар комиссияси таркибидаги ҳар бир эксперт эксперт текширувларини мустақил ва алоҳида олиб боради, шахсан ўзи ва комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан олинган натижаларни баҳолайди ҳамда қўйилган саволлар юзасидан ўз махсус билимлари доирасида фикрларини шакллантиради.

Эксперт текширувларининг экспертлар комиссияси таркибига киритилмаган шахслар томонидан тўлиқ ёки қисман ўтказилишига йўл қўйилмайди.



177-модда. Комиссиявий экспертиза

Комиссиявий экспертиза ўтказилаётганда экспертларнинг ҳар бири эксперт текширувларини тўлиқ ҳажмда ўтказади ва улар олинган натижаларни биргаликда таҳлил қилади.

Экспертлар умумий фикрга келганидан сўнг биргаликдаги хулосани ёки хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги ҳужжатни тузади ва имзолайди.

Экспертлар ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, уларнинг ҳар бири келишмовчиликлар келиб чиққан барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради.


178-модда. Комплекс экспертиза

Комплекс экспертиза иш учун аҳамиятга молик ҳолатларни турли илм соҳаларидан фойдаланган ҳолда бир неча эксперт текширувини ўтказиш йўли билангина аниқлаш мумкин бўлган ҳолларда тайинланади.

Комплекс экспертизани ўтказишда экспертларнинг ҳар бири ўз ваколати доирасида эксперт текширувларини олиб боради. Комплекс экспертизанинг хулосасида экспертларнинг ҳар бири қайси эксперт текширувларини ва қанча ҳажмда олиб борганлиги, қайси ҳолатларни шахсан ўзи аниқлаганлиги ҳамда қандай фикрларга келганлиги кўрсатилади. Экспертларнинг ҳар бири хулосанинг ушбу эксперт текширувлари баён этилган қисмини имзолайди ва улар учун жавобгар бўлади.

Умумий фикрни (фикрларни), олинган натижаларни баҳолашга ва ушбу фикрни (фикрларни) шакллантиришга ваколатли бўлган экспертлар қилади. Агар экспертлар комиссияси якуний фикрининг ёки унинг бир қисмининг асоси сифатида экспертлардан бирининг (алоҳида экспертларнинг) аниқлаган ҳолатлари олинган бўлса, бу ҳақда хулосада кўрсатилиши керак.

Экспертлар ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, уларнинг ҳар бири келишмовчиликлар келиб чиққан барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради.

Агар комплекс экспертизани ўтказиш давлат суд-экспертиза муассасасига топширилган бўлса, унда ушбу экспертизани ташкил қилиш унинг раҳбари зиммасига юклатилади.


179-модда. Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг

экспертиза тайинлаш ва ўтказишдаги ҳуқуқлари


Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи экспертиза тайинлаш ва ўтказишда:

1) экспертиза ўтказилгунга қадар экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарор ёки ажрим билан танишиб чиқиш ва ўзига берилган ҳуқуқлар тушунтирилишини талаб қилиш. Бу ҳақда баённома тузилади ёки суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилади;

2) экспертни рад этиш;

3) ўзи кўрсатган шахслар орасидан эксперт тайинланишини илтимос қилиш;

4) эксперт хулоса бериши учун унинг олдига қўшимча саволлар қўйиш, қўшимча материаллар тақдим этиш;

5) экспертиза ўтказилаётганда суриштирувчи, терговчи, суднинг рухсати билан ҳозир бўлиш, экспертдан текширув вақтида қўллаётган усулларининг ва олинган натижаларнинг моҳиятини тушунтириб беришни талаб қилиш, экспертга тушунтиришлар бериш;

6) эксперт хулосаси билан танишиб чиқиш ва қўшимча ёки қайта экспертиза ўтказиш тўғрисида илтимос қилиш ҳуқуқига эга.

Санаб ўтилган ҳуқуқл