язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Конституциялар ва кодекслар/ Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси/ Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси (ЎзР 25.12.2007 й. ЎРҚ-136-сон Қонуни билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

СОЛИҚ КОДЕКСИ


УМУМИЙ ҚИСМ


I БЎЛИМ.

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг

Солиқ кодекси билан тартибга

солинадиган муносабатлар


Ушбу Кодекс солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни белгилаш, жорий этиш, ҳисоблаб чиқариш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига (бундан буён матнда бюджет деб юритилади) ва давлат мақсадли жамғармаларига тўлаш билан боғлиқ муносабатларни, шунингдек солиқ мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.



2-модда. Солиқ тўғрисидаги

қонун ҳужжатлари


Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодексдан ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ушбу Кодекс билан белгиланади, ўзгартирилади ёки бекор қилинади.

Солиқ солиш масалаларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу Кодекс қоидаларига мувофиқ бўлиши керак. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу Кодекснинг қоидаларига мувофиқ бўлмаган тақдирда, ушбу Кодекс қоидалари қўлланилади.

Солиқ солиш масалаларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжат қуйидаги ҳолларда ушбу Кодексга мувофиқ эмас деб топилади, агар ҳужжат:

1) ушбу Кодексга мувофиқ бундай ҳужжатни қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган орган томонидан қабул қилинган бўлса ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишнинг белгиланган тартиби бузилган ҳолда қабул қилинган бўлса;

2) солиқ муносабатлари субъектларининг ҳуқуқларини бекор қилса ёки чекласа, солиқ муносабатлари субъектларининг ушбу Кодексда белгиланган мажбуриятларининг мазмунини, улар ҳаракатларининг асослари, шартлари, кетма-кетлиги ёки тартибини ўзгартирса;

3) ушбу Кодекс билан тақиқланган ҳаракатларга рухсат берса ёки йўл қўйса;

4) ушбу Кодексда белгиланган тушунчалар мазмунини ўзгартирган ёки бу тушунчалар ушбу Кодексда қўлланилганидан бошқача маънода қўлланилган бўлса.

Ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлардан лоақал биттаси мавжуд бўлган тақдирда, солиқ солиш масалаларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу Кодексга мувофиқ эмас деб топилади.

Ушбу Кодексга мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган ёки унинг юқори турувчи органлари мазкур ҳужжатни бекор қилишга ёки унга зарур ўзгартишлар киритишга ҳақли. Бу органлар ушбу Кодексга мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни бекор қилишни ёки унга зарур ўзгартишлар киритишни рад этган тақдирда, бу ҳужжат суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.


3-модда. Солиқ тўғрисидаги қонун

ҳужжатларининг вақт бўйича амал қилиши


Солиқ солиш солиқ мажбуриятлари юзага келган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган муносабатларга нисбатан қўлланилади.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни бекор қиладиган ёки енгиллаштирадиган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни бекор қилиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини камайтириш, солиқ тўловчиларнинг мажбуриятларини бекор қилишни ёки уларнинг аҳволини бошқача тарзда енгиллаштиришни назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга бўлиши мумкин, агар бу солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бўлса, ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Янги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар белгиланишини, имтиёзлар тўлиқ ёки қисман бекор қилинишини, солиқ солинадиган база оширилишини назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари улар расмий эълон қилинган пайтдан эътиборан камида уч ой ўтгач, амалга киритилади.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкалари ўзгартирилишини назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, агар уларда кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, улар расмий эълон қилинган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан эътиборан амалга киритилади.

Ушбу модданинг бешинчи ва олтинчи қисмларида кўрсатилмаган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


4-модда. Солиқ тўғрисидаги қонун

ҳужжатлари ва халқаро шартномалар


Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


5-модда. Солиқ тўғрисидаги қонун

ҳужжатларининг принциплари


Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари солиқ солишнинг мажбурийлиги, аниқлиги, адолатлилиги, солиқ тизимининг ягоналиги, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ошкоралиги ва солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципларига асосланади.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қоидалари ушбу Кодексда белгиланган принципларга зид бўлиши мумкин эмас.


6-модда. Солиқ солишнинг

мажбурийлиги принципи


Ҳар бир шахс ушбу Кодексда белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаши шарт.

Ҳеч кимнинг зиммасига ушбу Кодексда назарда тутилмаган ёки унинг нормалари бузилган ҳолда белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти юклатилиши мумкин эмас.


7-модда. Солиқ солишнинг

аниқлиги принципи


Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар аниқ бўлиши керак. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳар бир солиқ тўловчи қайси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, қачон, қанча миқдорда ҳамда қай тартибда тўлаши кераклигини аниқ биладиган тарзда ифодаланган бўлиши керак.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни белгилашда, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчилар, шунингдек солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг элементлари аниқланган бўлиши керак.


8-модда. Солиқ солишнинг

адолатлилиги принципи


Солиқ солиш умумийдир.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзларни белгилаш ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши керак. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича якка тартибдаги хусусиятга эга бўлган имтиёзлар берилишига йўл қўйилмайди.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар камситиш хусусиятига эга бўлиши мумкин эмас ҳамда ижтимоий, ирқий, миллий, диний ва бошқа шу каби мезонлардан келиб чиққан ҳолда қўлланилиши мумкин эмас.



9-модда. Солиқ тизимининг

ягоналиги принципи


Солиқ тизими Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида барча солиқ тўловчиларга нисбатан ягонадир.

Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудуди доирасида товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ёки молиявий маблағларнинг эркин муомалада бўлишини бевосита ёки билвосита чеклаб қўядиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар белгиланишига йўл қўйилмайди.



10-модда. Солиқ тўғрисидаги қонун

ҳужжатларининг ошкоралиги принципи


Солиқ солиш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий нашрларда эълон қилиниши шарт. Барчанинг эътибори учун расмий эълон қилинмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар кучга киритилмаган ҳужжат сифатида ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди ва солиқ соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга, улардаги кўрсатмалар бажарилмаганлиги учун бирон бир санкцияни қўллашга асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.



11-модда. Солиқ тўловчининг

ҳақлиги презумпцияси принципи


Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин қилинади.


2-БОБ. УШБУ КОДЕКСДА ҚЎЛЛАНИЛАДИГАН

АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР


12-модда. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар


Солиқлар деганда ушбу Кодексда белгиланган, муайян миқдорларда ундириладиган, мунтазам, қайтариб берилмайдиган ва беғараз хусусиятга эга бўлган, бюджетга йўналтириладиган мажбурий пул тўловлари тушунилади.

Бошқа мажбурий тўловлар деганда ушбу Кодексда белгиланган давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий пул тўловлари, божхона тўловлари, шунингдек ваколатли органлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни тўловчиларга нисбатан амалга ошириш учун, шу жумладан муайян ҳуқуқларни ёки лицензиялар ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларни бериш учун тўланиши лозим бўлган йиғимлар, давлат божи тушунилади.


13-модда. Солиқ тўловчилар. Солиқ агентлари.

Солиқ тўловчининг вакиллари


Солиқ тўловчилар ушбу Кодексга мувофиқ зиммасига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти юклатилган жисмоний шахслар, юридик шахслар ва уларнинг алоҳида бўлинмаларидир.

Солиқ агентлари ушбу Кодексга мувофиқ зиммасига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш, солиқ тўловчидан ушлаб қолиш ҳамда бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига ўтказиш мажбурияти юклатилган шахслардир.

Солиқ тўловчининг вакиллари қонунга ёки таъсис ҳужжатига мувофиқ солиқ тўловчининг вакили бўлишга ваколатли шахслардир.

Ушбу Кодексда "солиқ тўловчи" тушунчасининг қўлланилиши унинг "солиқ агенти", "солиқ тўловчининг вакили" маъносида ҳам ишлатилишини назарда тутади.



14-модда. Ваколатли органлар


Ваколатли органлар қуйидагилардир:

1) давлат солиқ хизмати органлари - Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари, шунингдек туманлар, шаҳарлар ва шаҳардаги туманлар давлат солиқ инспекциялари;

2) божхона органлари - Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, божхона комплекслари ва божхона постлари;

3) молия органлари - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари, туман ва шаҳар ҳокимликларининг молия бўлимлари;

4) бошқа мажбурий тўловларни ундириш вазифасини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлари.



15-модда. Солиқ муносабатларининг субъектлари


Солиқ тўловчилар ва ваколатли органлар солиқ муносабатларининг субъектларидир.



16-модда. Юридик ва жисмоний шахслар


Юридик шахс деб қуйидагилар эътироф этилади:

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилган, ўз мулкида, хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида алоҳида мол-мулкка эга бўлган ҳамда ўз мажбуриятлари юзасидан ушбу мол-мулк билан жавоб берадиган, мустақил балансига ёки сметасига эга бўлган, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўла оладиган ҳамда уларни амалга ошира оладиган, мажбуриятларни бажара оладиган, судда даъвогар ва жавобгар бўла оладиган ташкилот;

чет давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилган чет эл ташкилоти;

Ўзбекистон Республикасининг, чет давлатнинг қонун ҳужжатларига ёки халқаро шартномага мувофиқ ташкил этилган халқаро ташкилот.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет давлатлар фуқаролари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар жисмоний шахслар деб эътироф этилади.


17-модда. Нотижорат ташкилотлари


Нотижорат ташкилотлари деганда фойда олишни фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ва олинган даромадларни ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган юридик шахслар тушунилади.

Нотижорат ташкилотларига бюджет ташкилотлари, шу жумладан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ташкилотлар киради.


18-модда. Якка тартибдаги тадбиркор

Якка тартибдаги тадбиркор тадбиркорлик фаолиятини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, мустақил равишда, ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулк негизида, шунингдек мол-мулкка эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланишга йўл қўядиган ўзга ашёвий ҳуқуқ асосида амалга оширувчи жисмоний шахсдир.

Якка тартибдаги тадбиркор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ходимларни ёллашга ҳақли.


19-модда. Резидентлар ва норезидентлар


Ўзбекистон Республикасининг резиденти деб қуйидагилар эътироф этилади:

Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтган юридик шахс;

Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган ёки жорий солиқ даврида якунланаётган ҳар қандай кетма-кетликдаги ўн икки ойлик давр ичида жами бир юз саксон уч кун ва ундан ортиқ муддат Ўзбекистон Республикасида турган жисмоний шахс.

Чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг қуйидагилар сифатида турган даври унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳақиқатда турган вақтига киритилмайди:

1) дипломатик ёки консуллик мақомига эга бўлган шахс сифатида;

2) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига кўра тузилган халқаро ташкилотнинг ходими сифатида;

3) ушбу қисмнинг 1-бандида кўрсатилган шахсларнинг оила аъзоси сифатида, бундай жисмоний шахс тадбиркорлик фаолиятини амалга оширмаган тақдирда;

4) фақат бир чет давлатдан бошқа чет давлатга Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали ўтиш (транзит ўтиш) учун;

5) агар бу жисмоний шахс Ўзбекистон Республикасида фақат турист сифатида, даволаниш ёки дам олиш мақсадлари билан турган бўлса.

Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган мезонларга жавоб бермайдиган шахс Ўзбекистон Республикасининг норезиденти деб эътироф этилади.



20-модда. Доимий муассаса


Норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасаси деганда норезидент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган, шу жумладан фаолиятни ваколатли шахс орқали амалга ошираётган ҳар қандай жой эътироф этилади. Норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасаси деганда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳар қандай кетма-кетликдаги ўн икки ойлик давр ичида бир юз саксон уч календарь кунидан ортиқ давом этадиган тадбиркорлик фаолиятининг амалга оширилиши ҳам эътироф этилади.

"Доимий муассаса" тушунчаси фақат солиқ соҳасидаги мақомни аниқлаш учун қўлланилади ва ташкилий-ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.

"Доимий муассаса" тушунчаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

1) товарларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, бутлаш, қадоқлаш, ўраш-жойлаш, реализация қилиш билан боғлиқ фаолият амалга ошириладиган ҳар қандай жойни;

2) ҳар қандай бошқарув жойи, ваколатхона, филиал, бўлим, бюро, идора, офис, хона, агентлик, фабрика, устахона, цех, лаборатория, дўкон, омборни;

3) табиий ресурсларни қазиб олиш билан боғлиқ фаолият амалга ошириладиган ҳар қандай жойни: шахта, кон, нефть ва (ёки) газ қудуғини, карьерни;

4) қувур, газ қувури, табиий ресурсларни қидириш ва (ёки) ишлатиш, асбоб-ускуналарни ўрнатиш, монтаж қилиш, йиғиш, созлаш, ишга тушириш ва (ёки) уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фаолият (шу жумладан назорат ёки кузатув фаолияти) амалга ошириладиган ҳар қандай жойни;

5) ўйин автоматлари (шу жумладан приставкалар), компьютер тармоқлари ва алоқа каналлари, аттракционлар, транспорт ёки бошқа инфратузилмадан фойдаланиш билан боғлиқ фаолият амалга ошириладиган ҳар қандай жойни;

6) қурилиш майдонини (қурилиш, монтаж қилиш ёки йиғиш объектини), шунингдек ушбу объектларда ишларнинг бажарилишини кузатиб бориш билан боғлиқ хизматларни. Ҳар бир қурилиш майдони ишлар бошланган кундан эътиборан алоҳида доимий муассасани ташкил этувчи сифатида қаралади. Агар ёрдамчи пудратчилар Ўзбекистон Республикасининг бошқа норезидентлари бўлса, уларнинг фаолияти ҳам шу қурилиш майдонида ишлар бошланган кундан эътиборан ёрдамчи пудратчиларнинг алоҳида доимий муассасаси сифатида қаралади;

7) Ўзбекистон Республикасининг норезиденти билан шартнома муносабатлари асосида Ўзбекистон Республикасида унинг манфаатларини ифода этувчи, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг ушбу норезиденти номидан фаолият кўрсатувчи, Ўзбекистон Республикасининг шу норезиденти номидан контрактлар тузиш ваколатига эга бўлган ва ундан мунтазам фойдаланувчи шахс орқали фаолиятни амалга оширишни;

8) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ва Ўзбекистон Республикасининг норезидентига тегишли бўлган, у томонидан ижарага олинаётган ёки бошқача тарзда фойдаланилаётган омборлардан (шу жумладан божхона омборларидан) товарларни реализация қилишни;

9) бошқа ишларни амалга оширишни, ўзга хизматлар кўрсатишни, бошқа фаолиятни олиб боришни, ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган фаолият бундан мустасно.

Йўллар қурилиши ёки фойдали қазилмаларни қидириш каби муайян ҳолларда, яъни фаолият олиб бориладиган жой мунтазам ўзгариб турадиган ҳолларда, доимий жойни белгилашнинг бошқа мезонларидан фойдаланилади. Бундай ҳолларда бутун лойиҳа унинг кўчма хусусиятидан қатъи назар, доимий муассаса сифатида қаралади.

"Доимий муассаса" тушунчаси қуйидагиларни ўз ичига олмайди:

1) тайёргарлик ва ёрдамчи хусусиятга эга бўлган фаолиятни амалга оширишни, улар жумласига, хусусан, қуйидагилар киради:

Ўзбекистон Республикасининг норезидентига тегишли товарларни реализация қилиш бошлангунига қадар бинолардан фақат мазкур товарларни сақлаш, намойиш этиш ва (ёки) етказиб бериш мақсадларида фойдаланиш;

Ўзбекистон Республикасининг норезидентига тегишли товарлар захираларини товарлар реализация қилингунига қадар мазкур захираларни фақат сақлаш, намойиш этиш ва (ёки) етказиб бериш мақсадида сақлаб туриш;

доимий фаолият жойини фақат Ўзбекистон Республикасининг норезиденти томонидан товарларни харид қилиш мақсадлари учун сақлаб туриш;

доимий фаолият жойини фақат ахборот тўплаш, уларга ишлов бериш ва (ёки) тарқатиш (сотиш ҳуқуқисиз), Ўзбекистон Республикаси норезидентининг товарлари (ишлари, хизматлари) маркетингини олиб бориш, уларни реклама қилиш ёки уларнинг бозорини ўрганиш учун, агар бундай фаолият норезидентнинг асосий фаолияти бўлмаса, сақлаб туриш;

доимий фаолият жойини фақат ушбу бандда санаб ўтилган фаолият турларининг ҳар қандай комбинациясини амалга ошириш учун, бундай комбинация натижасида вужудга келган фаолият мажмуи тайёргарлик ёки ёрдамчи хусусиятга эга бўлиши шарти билан сақлаб туриш;

2) мустақил воситачи: брокер, воситачи, ишончли вакил, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси ёки воситачилик, топшириқ шартномаси ёки шунга ўхшаш бошқа шартнома асосида фаолият кўрсатувчи ва Ўзбекистон Республикасининг норезиденти номидан контрактларга имзо қўйиш ваколати берилмаган ҳар қандай бошқа шахс орқали фаолиятни амалга оширишни. Мустақил воситачи деганда ўзининг одатий (асосий) фаолияти доирасида иш олиб борадиган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг норезидентидан юридик ва иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлган шахс тушунилади; 

3) товарларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ёки Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш операцияларини, шу жумладан фақат Ўзбекистон Республикасининг норезиденти номидан тузиладиган ва Ўзбекистон Республикасида товарларни харид қилиш, шунингдек товарларни Ўзбекистон Республикасига экспорт қилиш бўйича операциялар билан боғлиқ ташқи савдо контрактлари доирасида операцияларни амалга оширишни;

4) Ўзбекистон Республикаси норезиденти томонидан қимматли қоғозларга, юридик шахслар - Ўзбекистон Республикаси резидентлари устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги бошқа мол-мулкка эгалик қилишни. Агар Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бундай юридик шахс зиммасига вакиллик вазифаларини ҳам юкласа, ушбу қисмнинг 1-бандига мувофиқ тайёргарлик ёки ёрдамчи хусусиятга эга бўлган вазифалар бундан мустасно, бундай юридик шахс мустақил солиқ тўловчи бўлиши билан бирга бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси норезидентининг доимий муассасаси сифатида ҳам қаралади;

5) ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган доимий муассасанинг белгилари мавжуд бўлмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси норезиденти томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаш учун юридик шахс - Ўзбекистон Республикасининг резидентига ёки Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса орқали фаолиятини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикасининг бошқа норезидентига ходимлар ажратишни, агар бундай ходимлар фақат улар ўзлари юборилган ташкилот номидан ва унинг манфаатларини кўзлаб иш кўрсалар.

Ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш бошланган кунни қатъий белгилаш мумкин бўлса, доимий муассаса шу кунда ташкил этилган деб ҳисобланади. Агар бундай кунни қатъий белгилаш мумкин бўлмаса, қуйида келтирилаётган кунлардан бири доимий муассаса ташкил этилган кун деб ҳисобланади:

ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш бошланадиган, контрактда кўрсатилган кун;

агар лицензия муайян контракт бўйича бирон бир ишни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш мақсадида олинган бўлса, лицензиянинг амал қилиши бошланадиган кун.

Ушбу модда олтинчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳаракатлардан энг олдингиси содир этилганда, доимий муассаса ташкил этилган деб ҳисобланади.

Қурилиш майдони (қурилиш, монтаж қилиш ёки йиғиш объекти) пудратчига майдонни топшириш тўғрисидаги далолатнома имзоланган пайтдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси норезидентининг доимий муассасасини ташкил этади.

Доимий муассаса шу муассаса орқали олиб борилаётган фаолият тугатилган пайтдан эътиборан тугатилган ҳисобланади. Агар мазкур пайтни қатъий аниқлаб бўлмаса, қуйида келтирилаётган кунларнинг энг кейингиси доимий муассасанинг фаолияти тугатилган кун деб ҳисобланади:

бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар далолатномаси имзоланган кун;

Ўзбекистон Республикаси норезидентининг доимий муассасаси томонидан бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматларга ҳақ тўлаш учун охирги ҳисобварақ берилган кун;

юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг якуний ҳисоб-китоби Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати органларига амалда тақдим этилган кун.



21-модда. Молиявий ижара


Молиявий ижара мол-мулкни (молиявий ижара объектини) эгалик қилиш ва фойдаланишга ўн икки ойдан ортиқ муддатга шартнома бўйича топширишда вужудга келадиган ижара муносабатларидир. Бунда молиявий ижара шартномаси қуйидаги талаблардан бирига жавоб бериши керак:

молиявий ижара шартномасининг муддати тугагач, молиявий ижара объекти ижара олувчининг мулкига ўтса;

молиявий ижара шартномасининг муддати молиявий ижара объекти хизмат муддатининг 80 фоизидан ортиқ бўлса ёки молиявий ижара объектининг молиявий ижара шартномаси тугаганидан кейинги қолдиқ қиймати унинг бошланғич қийматининг 20 фоизидан кам бўлса;

молиявий ижара шартномасининг муддати тугагач, ижарага олувчи молиявий ижара объектини шу ҳуқуқни амалга ошириш санасидаги бозор қийматидан паст нарх бўйича сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлса;

молиявий ижара шартномасининг амал қилиши даврида ижара тўловларининг жорий дисконтланган қиймати молиявий ижара объектининг молиявий ижарага топшириш пайтидаги жорий қийматининг 90 фоизидан ошиб кетса. Жорий дисконтланган қиймат бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


22-модда. Ушбу Кодексда қўлланиладиган

бошқа тушунчалар


Ушбу Кодексда қўлланиладиган бошқа тушунчалар:


асосий иш жойи - иш берувчи меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ходимнинг меҳнат дафтарчасини юритиши шарт бўлган иш жойи;

асосий фаолият тури - юридик шахснинг ҳисобот даври якунлари бўйича умумий реализация қилиш ҳажмидаги соф тушум улуши устунлик қиладиган фаолияти;

биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулот - биргаликдаги фаолият натижаси бўлган товарлар (ишлар, хизматлар);

бюджетдан ажратиладиган субсидия - давлат томонидан муайян мақсадлар учун бюджет ҳисобидан бериладиган пул маблағлари; солиқ тўловчига муайян мақсадларга йўналтириш шарти билан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича берилган имтиёзлар ҳисобига бўшайдиган маблағлар;

грант - давлатлар, давлатларнинг ҳукуматлари, халқаро ва чет эл ҳукуматга қарашли ташкилотлар томонидан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати белгилайдиган рўйхатга киритилган халқаро ва чет эл ноҳукумат ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикасига, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, юридик ва жисмоний шахсларга беғараз асосда бериладиган мол-мулк, шунингдек чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига беғараз асосда бериладиган мол-мулк;


дивидендлар - акциялар бўйича тўланиши лозим бўлган даромад; юридик шахс томонидан унинг муассислари ўртасида (иштирокчилари, аъзолари ўртасида уларнинг улушлари, пайлари, ҳиссалари бўйича) тақсимланадиган соф фойданинг ва (ёки) ўтган йиллардаги тақсимланмаган фойданинг бир қисми; юридик шахс тугатилганда мол-мулкни тақсимлашдан олинган, шунингдек муассис (иштирокчи, аъзо) томонидан юридик шахсда иштирок этиш улушини (пайини, ҳиссасини) олгандаги даромадлар, бундан муассис (иштирокчи, аъзо) устав фондига (устав капиталига) ҳисса сифатида киритган мол-мулкнинг қиймати чегирилади, тақсимланмаган фойда устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш учун йўналтирилган тақдирда, юридик шахс акциядорининг, муассисининг (иштирокчисининг, аъзосининг) қўшимча акциялар қиймати, улуш (пай, ҳисса) қийматининг ошиши тарзида олинган даромадлари;

ижара (лизинг) тўлови - ижарачи (лизинг олувчи) тузилган ижара (лизинг) шартномаси асосида ижарага берувчига (лизинг берувчига) тўлайдиган сумма;

ижарага берувчининг (лизинг берувчининг) фоизли даромади - бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланадиган ижара (лизинг) тўлови суммаси билан ижара (лизинг) объектининг қийматини қоплаш суммаси ўртасидаги фарқ кўринишидаги ижара (лизинг) тўловининг бир қисми;

инсонпарварлик ёрдами - аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ночор гуруҳларига тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий соҳа муассасаларини қўллаб-қувватлаш, табиий офатлар, фалокатлар ва ҳалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш учун аниқ мақсадли беғараз кўмаклашиш. Инсонпарварлик ёрдами дори воситалари ва тиббий аҳамиятга молик буюмлар, халқ истеъмоли товарлари, бошқа товарлар, шу жумладан асбоб-ускуналар, транспорт ва техника, шунингдек ихтиёрий равишдаги хайр-эҳсонлар, бажарилган ишлар ва хизматлар, шу жумладан инсонпарварлик ёрдами юкларини ташиш, кузатиб бориш ва сақлаш тариқасида берилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан ваколатли ташкилотлар орқали тақсимланади;

ишларни (хизматларни) экспорт қилиш - ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) жойидан қатъи назар Ўзбекистон Республикасининг юридик ёки жисмоний шахси томонидан чет давлатнинг юридик ёки жисмоний шахси учун ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш;

кредит ташкилотлари - тегишли лицензияга эга бўлган банклар, микрокредит ташкилотлари, ломбардлар ва бошқа кредит ташкилотлари;

курс бўйича фарқ - миллий валютага нисбатан чет эл валютаси курсининг ўзгариши муносабати билан чет эл валютасида амалга оширилган операцияларда вужудга келадиган (ижобий, салбий) фарқ;


мол-мулк - эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш объектлари бўла оладиган моддий объектлар, шу жумладан пул маблағлари, қимматли қоғозлар, улушлар (пайлар, ҳиссалар) ҳамда номоддий объектлар;

оила аъзолари - эр (хотин), ота-оналар ёки фарзандликка олувчилар ва болалар, шу жумладан фарзандликка олинганлар;


оператив ижара - молиявий ижара шартномаси бўлмаган мулкий ижара (ижарага бериш) шартномаси асосида мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланишга бериш;

реализация қилиш - сотиш, айирбошлаш, беғараз бериш мақсадида товарларни жўнатиш (топшириш), ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш, шунингдек гаровга қўйилган товарларга бўлган мулк ҳуқуқини гаровга қўювчи томонидан гаровга олувчига топшириш. Ҳисобварақ-фактуралар, ишлар бажарилганлиги ёки хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисидаги далолатномалар, товарлар жўнатилганлигини (топширилганлигини), ишлар бажарилганлигини, хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи квитанциялар, чеклар ва бошқа ҳужжатлар реализация қилганликни тасдиқловчи ҳужжатлардир;


роялти - қуйидагилар учун ҳар қандай турдаги тўловлар:

фан, адабиёт ва санъат асарларидан, шу жумладан электрон-ҳисоблаш машиналари учун дастурлар, аудиовизуал асарлардан ҳамда турдош ҳуқуқлар объектларидан, жумладан ижролар ва фонограммалардан фойдаланганлик ёхуд улардан фойдаланиш ҳуқуқини берганлик учун;

саноат мулки объектига, товар белгисига (хизмат кўрсатиш белгисига), савдо маркасига, дизайн ёки моделга, режага, махфий формула ёки жараёнга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи патентдан (гувоҳномадан) ёхуд саноат, тижорат ёки илмий тажрибага тааллуқли ахборотдан (ноу-хаудан) фойдаланганлик учун;

савдо фаолияти - қайта сотиш мақсадида олинган товарларни сотишга доир фаолият;


солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби - солиқ солишнинг айрим тоифадаги солиқ тўловчилар учун белгиланадиган ҳамда айрим турдаги солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг, шунингдек улар юзасидан солиқ ҳисоботини тақдим этишнинг махсус қоидалари қўлланилишини назарда тутувчи алоҳида тартиби;

солиқ қарзи - солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз суммаси, шу жумладан ушбу Кодексда белгиланган муддатида тўланмаган молиявий санкциялар;


соф тушум - товарлар (ишлар, хизматлар) нархида ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи ҳамда транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ суммаларини киритмаган ҳолда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушум;

соф фойда - солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин юридик шахс ихтиёрида қоладиган фойда;


таннарх - маҳсулот ишлаб чиқариш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатишда фойдаланиладиган моддий ресурсларнинг, асосий фондларнинг, меҳнат ресурсларининг, шунингдек товарлар ишлаб чиқариш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш жараёнини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа турдаги харажатларнинг қиймат баҳоси. Таннарх бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади;

товар обороти - муайян давр ичида савдо фаолиятини амалга ошириш чоғида товарларни сотишдан олинган (олиниши лозим бўлган), пулда ифодаланган маблағлар;


товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушум - реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) учун олинган (олиниши лозим бўлган) маблағлар суммаси, шу жумладан реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) учун ҳақ тўлаш ёки қарзни узиш ҳисобига тушадиган мол-мулк қиймати;


товарларни экспорт қилиш - Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан товарларни, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, қайта олиб кириш мажбуриятисиз олиб чиқиш;

тўлов манбаи - солиқ тўловчига тўловларни амалга оширувчи юридик шахс;


умидсиз қарз - суд қарорига биноан мажбуриятларнинг тугатилиши, қарздорнинг банкротлиги, тугатилиши ёки вафот этиши оқибатида ёхуд даъво қилиш муддати ўтиши оқибатида узиш мумкин бўлмаган қарз;


фавқулодда ҳолатлар - тарафларнинг хоҳиш-иродаси ва ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган, табиат ҳодисалари (зилзила, кўчкилар, бўрон, қурғоқчилик ва бошқалар), бошқа табиий офатлар ёки ижтимоий-иқтисодий вазиятлар (уруш ҳолати, қамал ҳолати, давлат манфаатларини кўзлаб импортни ҳамда экспортни тақиқлаш ва бошқалар) келтириб чиқарган муайян шароитлардаги фавқулодда, олдини олиб бўлмайдиган ва кутилмаган ҳолатлар бўлиб, қабул қилинган мажбуриятлар шулар туфайли бажарила олмайди;


фоизлар - ҳар қандай турдаги қарз талабларидан олинган даромад, шу жумладан облигациялар ва бошқа қимматли қоғозлар, шунингдек депозит қўйилмалар ва бошқа қарз мажбуриятларидан олинган даромад;


ютуқ - лотереялар, ўйинлар, танловлар, мусобақалар (олимпиадалар), фестиваллар ва шу каби бошқа тадбирларда олинган, натура ҳолида ёки пулда ифодаланган тўловлар, совринлар ва бошқа даромадлар;


яқин қариндошлар - эр, хотин, ота-она, болалар, туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, боболар, бувилар, неваралар;


Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестри - солиқ тўловчиларга оид давлат маълумотлар базаси тизими;


қайта ишлашга берилган хом ашё ва материаллар - буюртмачига тегишли хом ашё ва материаллар бўлиб, буюртмачи уларни маҳсулот ишлаб чиқариш учун бошқа шахсга саноат асосида қайта ишлашга беради ҳамда тузилган шартномага мувофиқ маҳсулот кейинчалик буюртмачига қайтарилади;


ҳужжат билан тасдиқланган харажатлар - операция санасини, суммасини, хусусиятини аниқлаш ва унинг иштирокчиларини идентификация қилиш имконини берадиган ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатлар.



3-БОБ. СОЛИҚЛАР ВА БОШҚА

МАЖБУРИЙ ТЎЛОВЛАР ТИЗИМИ


23-модда. Солиқлар ва бошқа

мажбурий тўловларнинг турлари


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ушбу Кодексда назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар амал қилади.

Солиқларга қуйидагилар киради:

1) юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи;

2) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

3) қўшилган қиймат солиғи;

4) акциз солиғи;

5) ер қаъридан фойдаланувчилар учун солиқлар ва махсус тўловлар;

6) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;

7) мол-мулк солиғи;

8) ер солиғи;

9) ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи;

10) транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ.

Бошқа мажбурий тўловларга қуйидагилар киради:

1) ижтимоий жамғармаларга мажбурий тўловлар:

ягона ижтимоий тўлов;

фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари;

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар;

2) Республика йўл жамғармасига мажбурий тўловлар:

Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар;

Республика йўл жамғармасига йиғимлар;

2-1) бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар;

3) давлат божи;

4) божхона тўловлари;

5) айрим турдаги товарлар билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматларни кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғим.

Ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар умумбелгиланган солиқлардир.

Ушбу Кодексда белгиланган ҳолларда ва тартибда солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибида тўланадиган қуйидаги солиқлар қўлланилиши мумкин:

ягона солиқ тўлови;

ягона ер солиғи;

тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ.

Ушбу модда иккинчи қисмининг 1-6-бандларида, учинчи қисмининг 1-4-бандларида, бешинчи қисмининг иккинчи ва тўртинчи хатбошларида назарда тутилган солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар умумдавлат солиқлари ва бошқа мажбурий тўловлардир. Ушбу модда иккинчи қисмининг 7-10-бандларида, учинчи қисмининг 5-бандида, бешинчи қисмининг учинчи хатбошисида назарда тутилган солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар жумласига киради.

Давлат умуммиллий дастурларини амалга ошириш даврида тегишли жамғармалар ташкил этилиши мумкин бўлиб, уларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда мажбурий тўловлар белгиланади.


24-модда. Солиқлар ва бошқа мажбурий

тўловларнинг элементлари


Солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида солиқ тўловчилар, шунингдек ушбу солиқ ёки бошқа мажбурий тўловни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун зарур элементлар белгилаб қўйилган тақдирдагина белгиланган деб ҳисобланади.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг элементлари қуйидагилардир:

солиқ солиш объекти;

солиқ солинадиган база;

ставка;

ҳисоблаб чиқариш тартиби;

солиқ даври;

солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартиби;

тўлаш тартиби.

Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда, солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов белгиланаётганда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида солиқ имтиёзлари, шунингдек уларнинг солиқ тўловчи томонидан қўлланилиши учун асослар назарда тутилиши мумкин.

Солиқ тўловчилар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг элементлари ҳар бир солиқ ёки бошқа мажбурий тўловга татбиқан белгиланади.



25-модда. Солиқ солиш объекти


Солиқ солиш объекти солиқ тўловчида солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов ҳисоблаб чиқарилиши ва (ёки) тўланиши юзасидан мажбурият келтириб чиқарувчи мол-мулк, ҳаракат, ҳаракат натижасидир.


26-модда. Солиқ солинадиган база


Солиқ солинадиган база солиқ солиш объектининг солиқ ёки бошқа мажбурий тўловнинг ставкаси татбиқан белгиланган кўрсаткичлардаги қиймат, миқдор, физик ва бошқа тавсифларини ифодалайди.


27-модда. Ставка


Ставка солиқ солинадиган базанинг ўлчов бирлигига нисбатан ҳисобланадиган фоизлардаги ёки мутлақ суммадаги миқдорни ифодалайди.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкалари, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан белгиланади.


28-модда. Ҳисоблаб чиқариш тартиби


Солиқ ва бошқа мажбурий тўловни ҳисоблаб чиқариш тартиби солиқ даври учун солиқ солинадиган базадан, ставкадан, шунингдек имтиёзлар мавжуд бўлса, шу имтиёзлардан келиб чиқиб, солиқ ва бошқа мажбурий тўлов суммасини ҳисоблаш қоидаларини белгилайди.

Солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда амалга оширилади.

Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда, солиқ ва бошқа мажбурий тўловни ҳисоблаб чиқариш мажбурияти давлат солиқ хизмати органи ёки солиқ агенти зиммасига юклатилиши мумкин.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда айрим турдаги солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқаришда уларнинг тўланиши лозим бўлган энг кам миқдори белгиланади.


29-модда. Солиқ даври


Солиқ даври у тугаганидан кейин солиқ солинадиган база аниқланадиган ҳамда солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов суммаси ҳисоблаб чиқариладиган даврдир.

Солиқ даври бир неча ҳисобот даврига бўлиниши мумкин бўлиб, уларнинг якунлари бўйича ҳисоб-китобларни тақдим этиш ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўланиши лозим бўлган суммаларини тўлаш мажбурияти юзага келади.

Жорий тўловларни тўлаш бўйича мажбурият юзага келган давр ҳисобот даври бўлмайди.



30-модда. Солиқлар ва бошқа мажбурий

тўловлар бўйича имтиёзлар


Ушбу Кодексда, бошқа қонунларда ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида назарда тутилган, бошқа солиқ тўловчиларга нисбатан айрим тоифадаги солиқ тўловчиларга бериладиган афзалликлар, шу жумладан солиқ ва (ёки) бошқа мажбурий тўлов тўламаслик ёхуд уларни камроқ миқдорда тўлаш имконияти солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар деб эътироф этилади.

Мол-мулк солиғи, ер солиғи, ягона ер солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича имтиёзларни бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилиши мумкин.

Солиқ тўловчи солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлардан тегишли ҳуқуқий асослар вужудга келган пайтдан эътиборан улар амал қиладиган бутун давр мобайнида фойдаланишга ҳақли.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар бўшаган маблағларни муайян мақсадларга йўналтириш шарти билан берилиши мумкин. Бундай маблағлардан белгиланмаган мақсадда фойдаланилган тақдирда, белгиланмаган мақсадда фойдаланилган сумма ўрнатилган тартибда пеня ҳисобланган ҳолда бюджетга ундириб олинади. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича берилган имтиёзлар муносабати билан бўшаган ҳамда ушбу имтиёзларнинг амал қилиш муддати ичида фойдаланилмаган маблағларнинг суммаси имтиёзлар берилаётган чоғда белгиланган мақсадларга мазкур имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин бир йил мобайнида йўналтирилиши мумкин. Бунда кўрсатилган муддатда фойдаланилмаган маблағлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бош бошқармалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг муассасалари ушбу Кодексда назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан озод қилинади, ягона ижтимоий тўлов бундан мустасно.


4-БОБ. СОЛИҚ МУНОСАБАТЛАРИ

СУБЪЕКТЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


31-модда. Солиқ тўловчиларнинг

ҳуқуқлари


Солиқ тўловчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат солиқ хизмати органлари ва бошқа ваколатли органлардан амалдаги солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар ҳақида ахборот олиш;

ўз солиқ мажбуриятларини бажариш юзасидан давлат солиқ хизмати органлари ҳамда бошқа ваколатли органлардаги мавжуд маълумотларни олиш;

солиқ муносабатлари масалалари юзасидан ўз манфаатларини шахсан ёки ўз вакили орқали ифода этиш;

ушбу Кодексда, бошқа қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида белгилаб қўйилган асослар мавжуд бўлган тақдирда ҳамда тартибда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлардан фойдаланиш;

солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар, пеня ва жарималарнинг ортиқча тўланган ёки ундирилган суммаларини ҳисобга олиш ёки қайтариб олиш;

ушбу Кодексда ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган шартларда ва тартибда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш;

солиқ солиш объектини ҳисобга олишда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашда ўзлари йўл қўйган хатоларни мустақил равишда тузатиш;

солиқ текширувлари материаллари билан танишиш ва текширув далолатномаларини олиш;

солиқ текширувларини амалга ошираётган давлат солиқ хизмати органларига солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бажаришга доир масалалар юзасидан тушунтиришлар бериш;

давлат солиқ хизмати органларининг, бошқа ваколатли органлар ва улар мансабдор шахсларининг ушбу Кодексга ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлмаган ҳужжатлари ҳамда талабларини бажармаслик;

давлат солиқ хизмати органларининг ва бошқа ваколатли органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш;

давлат солиқ хизмати органларининг ва бошқа ваколатли органларнинг қонунга хилоф қарорлари ёки улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланишини белгиланган тартибда талаб қилиш.

Солиқ тўловчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Солиқ тўловчининг солиқ муносабатларида шахсан иштирок этиши уни вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди, худди шунингдек вакилнинг иштирок этиши солиқ тўловчини бундай муносабатларда шахсан иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Солиқ тўловчи вакилларининг мазкур солиқ тўловчининг солиқ муносабатларидаги иштироки муносабати билан содир этилган ҳаракати (ҳаракатсизлиги) солиқ тўловчининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) деб эътироф этилади.



32-модда. Солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари


Солиқ тўловчилар:

ўз солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажариши;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бухгалтерия ҳисобини юритиши, молиявий ва солиқ ҳисоботини тузиши;

давлат солиқ хизмати органларига ва бошқа ваколатли органларга имтиёзлар олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши;

солиқ текширувлари ўтказилаётган вақтда давлат солиқ хизмати органларига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш, тўлаш билан боғлиқ ҳужжатлар ҳамда маълумотларни тақдим этиши;

давлат солиқ хизмати органларининг ва бошқа ваколатли органларнинг ҳамда улар мансабдор шахсларининг қонуний талабларини бажариши, шунингдек мазкур органларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги шарт.

Солиқ агентлари ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари:

солиқ тўловчиларга тўланадиган маблағлардан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўғри ва ўз вақтида ҳисоблаб чиқариши, ушлаб қолиши ҳамда бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига ўтказиши;

солиқ тўловчиларга тўланган даромадларнинг, ушлаб қолинган ҳамда бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига ўтказилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ҳисобини юритиши, шу жумладан ҳар бир солиқ тўловчи бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиши шарт.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ тўловчилар зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



33-модда. Ваколатли органларнинг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Ваколатли органларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ушбу Кодекс ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.


II БЎЛИМ.

СОЛИҚ МАЖБУРИЯТИНИ БАЖАРИШ


5-БОБ. СОЛИҚ МАЖБУРИЯТИНИ

БАЖАРИШНИНГ УМУМИЙ ҚОИДАЛАРИ


34-модда. Солиқ мажбурияти


Солиқ тўловчининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ юзага келадиган мажбурияти солиқ мажбурияти деб эътироф этилади.

Солиқ мажбуриятини бажариш учун солиқ тўловчи:

ушбу Кодексда белгиланган ҳолларда давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга туриши;

солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни аниқлаши ҳамда уларнинг ҳисобини юритиши;

молиявий ва солиқ ҳисоботини тузиши ҳамда уни давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиши;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида ҳамда тўлиқ миқдорда тўлаши шарт.


35-модда. Солиқ мажбуриятини бажариш тартиби


Солиқ мажбуриятини бажариш бевосита солиқ тўловчи томонидан амалга оширилади, ушбу Кодексга ва бошқа қонунларга мувофиқ солиқ мажбуриятини бажариш бошқа шахсга юклатиладиган ҳоллар бундан мустасно.

Юридик шахснинг алоҳида бўлинмалари бўйича солиқ мажбурияти мазкур алоҳида бўлинмалар томонидан, агар уларга алоҳида мол-мулк ажратилган бўлса ва улар мустақил балансга эга бўлса, мустақил равишда бажарилади.

Мол-мулк ишончли бошқарувга топширилганда бошқарув муассиси бўлган солиқ тўловчининг солиқ мажбурияти, агар бу мажбурият унга бошқарув муассиси томонидан юклатилган бўлса, ишончли бошқарувчи томонидан бажарилиши мумкин.

Солиқ мажбурияти бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда, солиқ тўловчига нисбатан ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда унинг бажарилишини таъминлаш чоралари қўлланилади.


36-модда. Солиқ мажбуриятини бажариш муддатлари


Солиқ мажбурияти ушбу Кодексда белгиланган муддатларда солиқ тўловчи томонидан бажарилиши керак.

Солиқ тўловчи солиқ мажбуриятини муддатидан илгари бажаришга ҳақли.

Солиқ мажбуриятини бажариш муддатлари календарь сана ёки вақт даври (йил, йил чораги, ой, ўн кунлик ва кун) ўтиши билан белгиланади.

Муддатнинг ўтиши календарь санадан ёки муддатнинг бошланиши белгилаб қўйилган воқеа юз берганидан кейинги кундан бошланади. Солиқ мажбурияти бу мажбуриятни бажариш муддатининг сўнгги куни соат йигирма тўртга қадар бажарилиши керак.

Агар солиқ мажбуриятини бажариш муддатининг сўнгги куни дам олиш (ишланмайдиган) кунига тўғри келиб қолса, шундан кейинги биринчи иш куни муддатнинг тугаш куни ҳисобланади.



37-модда. Солиқ мажбуриятининг тугатилиши


Жисмоний шахснинг солиқ мажбурияти қуйидаги ҳолларда тугатилади:

унинг вафот этиши билан;

уни вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суд қарори қонуний кучга кириши билан.

Юридик шахснинг солиқ мажбурияти қуйидаги ҳолларда тугатилади:

у тугатилганидан кейин;

у қўшиб олиш (қўшиб олинган юридик шахсга нисбатан), қўшиб юбориш, бўлиш ва ўзгартириш орқали қайта ташкил этилганидан кейин.


38-модда. Солиқ мажбурияти бўйича

даъво қилиш муддати


Давлат солиқ хизмати органи солиқ даври тугаганидан кейин беш йил ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаши ёки уларнинг ҳисобланган суммасини қайта кўриб чиқиши мумкин.

Солиқ тўловчи солиқ даври тугаганидан кейин беш йил ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ортиқча тўланган суммаларини ҳисобга олишни ёки қайтаришни талаб қилишга ҳақли.

Солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддатининг ўтиши фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ тўхтатиб турилади, узилади ва тикланади.


6-БОБ. СОЛИҚ СОЛИШ ОБЪЕКТЛАРИНИ ВА

СОЛИҚ СОЛИШ БИЛАН БОҒЛИҚ ОБЪЕКТЛАРНИ

АНИҚЛАШ ҲАМДА УЛАРНИНГ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ


39-модда. Солиқ солиш объектларини ва

солиқ солиш билан боғлиқ объектларни

аниқлаш ҳамда уларнинг ҳисоби


Солиқ ва бошқа мажбурий тўловнинг ҳар бир тури бўйича солиқ солиш объекти ҳамда солиқ солиш билан боғлиқ объектлар ушбу Кодекснинг Махсус қисмига мувофиқ белгиланади.

Солиқ тўловчиларнинг даромадлари ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун улар бўйича тегишли чегирмалар тўлов тўланган вақт ва пул келиб тушган санадан қатъи назар, улар тааллуқли бўлган ҳисобот даврида акс эттирилади (ҳисоблаб ёзиш усули).

Мол-мулкни ҳисобга олиш бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


40-модда. Айрим ҳолларда солиқ солиш

объектларини ва солиқ солиш билан

боғлиқ объектларни аниқлаш


Солиқ тўловчи томонидан ҳисоб ҳужжатлари йўқотилган ёки йўқ қилинган тақдирда, давлат солиқ хизмати органлари бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тўланиши керак бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини солиқ тўловчи тўғрисида, шунингдек шунга ўхшаш бошқа солиқ тўловчилар тўғрисида ўзларида мавжуд бўлган маълумотлар асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда ҳисоб-китоб қилиш орқали аниқлаши мумкин.

Агар ўзаро алоқадор юридик шахслар ўз тижорат ва молиявий муносабатларида ўзаро алоқадор бўлмаган юридик шахслар ўртасида қўлланилиши мумкин бўлган нархлардан фарқ қиладиган нархларни қўлласа, солиқ солинадиган база товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш нархлари асосида ҳисоблаб чиқариладиган солиқ солиш объектини аниқлашда давлат солиқ хизмати органлари ўзаро алоқадор бўлмаган юридик шахслар ўртасида қўлланиладиган нархлардан фойдаланади.

Ўзаро алоқадор юридик шахслар қуйидагилардир:

Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар ва уларнинг чет давлатлар юридик шахслари бўлган муассислари (иштирокчилари, аъзолари);

чет давлатларнинг юридик шахслари ва уларнинг Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар бўлган муассислари (иштирокчилари, аъзолари);

муассислари (иштирокчилари, аъзолари) айни бир юридик ёки жисмоний шахслар бўлган Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар ва чет давлатларнинг юридик шахслари.


41-модда. Ҳисоб ҳужжатлари.

Ҳисоб ҳужжатларини тузиш ва сақлаш


Ҳисоб ҳужжатлари солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни аниқлаш, шунингдек солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун асос бўлган бирламчи ҳужжатлар, бухгалтерия ҳисоби регистрлари ҳамда бошқа ҳужжатлардан иборатдир.

Ҳисоб ҳужжатлари қоғозда ва (ёки) электрон шаклда тузилади ҳамда ушбу Кодекснинг 38-моддасида белгиланган солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати тугагунига қадар сақланади.

Юридик шахс қайта ташкил этилганда қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳисоб ҳужжатларини сақлаш мажбуриятлари унинг ҳуқуқий вориси зиммасига юклатилади.

Юридик шахс тугатилганда ҳисоб ҳужжатлари тегишли давлат архивига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда топширилади.


42-модда. Алоҳида-алоҳида ҳисоб ва уни

юритиш қоидалари


Ушбу Кодексда солиқ солишнинг турли тартиби назарда тутилган фаолият турларини амалга ошираётган солиқ тўловчилар солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритишлари шарт.

Солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларнинг алоҳида-алоҳида ҳисоби солиқ тўловчилар томонидан бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида юритилади.

Фаолиятнинг муайян турига тааллуқли барча даромадлар ва харажатлар тегишли ҳисоб ҳужжатлари билан тасдиқланиши керак.

Солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларнинг алоҳида-алоҳида ҳисоби мутаносиб усул ёки тўғридан-тўғри ҳисобга олиш усули орқали юритилиши мумкин.

Солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиш усули юридик шахснинг бутун календарь йилга мўлжалланган ҳисоб сиёсати билан белгиланади ҳамда йил мобайнида ўзгартирилиши мумкин эмас.

Ҳисобга олишнинг мутаносиб усулида даромадлар, харажатлар ва солиқ солишнинг бошқа объектлари ёки солиқ солиш билан боғлиқ объектлар реализация қилишдан олинган соф тушумнинг умумий суммасидаги фаолиятнинг муайян турлари бўйича реализация қилишдан олинган соф тушум улушига мутаносиб тарзда шу муайян фаолият турига киритилади.

Тўғридан-тўғри ҳисобга олиш усули қўлланилганда даромадлар, харажатлар ва солиқ солишнинг бошқа объектлари ёки солиқ солиш билан боғлиқ объектлар фаолиятнинг қайси тури амалга оширилиши билан боғлиқ бўлса, шу турга киритилади. Бунда фаолиятнинг бирон турига киритиш мумкин бўлмаган даромадлар, харажатлар ва солиқ солишнинг бошқа объектлари ёки солиқ солиш билан боғлиқ объектлар ҳисобга олишнинг мутаносиб усули орқали фаолиятнинг муайян турига киритилади.



7-БОБ. СОЛИҚ ҲИСОБОТИ


43-модда. Солиқ ҳисоботи тушунчаси


Солиқ ҳисоботи солиқ тўловчининг солиқ ва бошқа мажбурий тўловнинг ҳар бир тури бўйича ёки тўланган даромадлар бўйича ҳисоб-китоблар ҳамда солиқ декларацияларини, шунингдек ҳисоб-китобларга ва солиқ декларацияларига доир иловаларни ўз ичига оладиган ҳужжати бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклда тузилади.


44-модда. Солиқ ҳисоботини тузиш


Солиқ ҳисоботи қоғозда ва (ёки) электрон ҳужжатга доир талабларга риоя этилган ҳолда электрон ҳужжат тарзида тузилади.

Солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи томонидан имзоланиши керак, шунингдек агар у кичик тадбиркорлик субъекти бўлмаган юридик шахс бўлса, унинг муҳри билан тасдиқланади. Электрон ҳужжат тарзида тақдим этилган солиқ ҳисоботи солиқ тўловчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Юридик шахс - солиқ тўловчи қайта ташкил этилаётганда ёки тугатилаётганда, ҳар бир қайта ташкил этилаётган ёки тугатилаётган солиқ тўловчига солиқ даври бошланганидан эътиборан қайта ташкил этиш ёки тугатиш тугалланган кунга қадар бўлган давр юзасидан тегишинча топшириш далолатномаси, тақсимлаш баланси ёхуд тугатиш баланси асосида алоҳида-алоҳида солиқ ҳисоботи тузилади. Мазкур ҳисобот топшириш далолатномаси, тақсимлаш баланси ёки тугатиш баланси тасдиқланган кундан эътиборан уч иш куни ичида тақдим этилади. Ушбу қисмнинг қоидалари ўзгартириш, шунингдек бошқа юридик шахсни қўшиб олиш орқали қайта ташкил этилаётган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Тадбиркорлик субъекти - юридик шахс ихтиёрий тугатилган тақдирда, унга солиқ даври бошланганидан то юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган тугатиш тартиб-таомили бошланганлиги ҳақида хабардор қилинган санагача бўлган муддат учун алоҳида солиқ ҳисоботи тузилади.

Солиқ ҳисоботида кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик солиқ тўловчининг зиммасига юклатилади.



45-модда. Солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартиби


Солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи томонидан ушбу Кодексда белгиланган муддатларда тақдим этилади.

Солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи ҳисобга қўйилган жойдаги давлат солиқ хизмати органига тақдим этилади. Айрим турдаги солиқлар бўйича солиқ ҳисоботи ҳам ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда объектлар бўйича ҳисобга қўйилган жой бўйича солиқ тўловчи томонидан тақдим этилади.

Жисмоний шахслар солиқ декларациясини яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига тақдим этадилар.

Солиқ тўловчилар, агар ушбу модданинг бешинчи қисмида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ ҳисоботини ўз хоҳишларига кўра қуйидагича тақдим этишга ҳақли:

шахсан олиб бориб бериш тартибида;

почта орқали буюртма хат билан;

телекоммуникация каналлари орқали электрон ҳужжат тарзида.

Тадбиркорлик субъектлари солиқ ҳисоботини телекоммуникация каналлари орқали электрон ҳужжат тарзида тақдим этади.

Солиқ ҳисоботини давлат солиқ хизмати органига тақдим этиш санаси қуйидагилардир:

солиқ ҳисоботи шахсан олиб бориб бериш тартибида тақдим этилганда - солиқ ҳисоботи давлат солиқ хизмати органи томонидан қабул қилиб олинган сана;

солиқ ҳисоботи почта орқали буюртма хат билан тақдим этилганда - алоқа ташкилотининг тамғасида кўрсатилган, почта жўнатмаси жўнатилган сана;

солиқ ҳисоботи электрон ҳужжат тарзида тақдим этилганда - электрон ҳужжат давлат солиқ хизмати органи томонидан олинган сана.

Давлат солиқ хизмати органи шахсан олиб бориб бериш тартибида тақдим этиладиган солиқ ҳисоботини қабул қилиб олишни рад этишга ҳақли эмас ҳамда солиқ тўловчининг талабига биноан солиқ ҳисоботининг нусхасига ҳисобот қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйиши шарт.

Солиқ ҳисоботи телекоммуникация алоқа каналлари орқали электрон ҳужжат тарзида қабул қилиб олинганда давлат солиқ хизмати органи солиқ тўловчига электрон тарзидаги ҳисобот қабул қилиб олинганлиги тўғрисида тасдиқнома юбориши шарт.

Солиқ ҳисоботи дастлабки тарзда камерал назорат қилинмасдан ва унинг мазмуни муҳокама этилмасдан қабул қилинади.

Солиқ ҳисоботи қуйидаги ҳолларда давлат солиқ хизмати органига тақдим этилмаган деб ҳисобланади, агар унда:

солиқ тўловчининг идентификация рақами кўрсатилмаган ёки нотўғри кўрсатилган бўлса;

солиқ даври ва (ёки) солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов суммаси кўрсатилмаган бўлса;

ушбу Кодекснинг 43 ва 44-моддаларида солиқ ҳисоботини тузишга доир белгиланган талаблар бузилган бўлса.

Белгиланмаган шаклдаги солиқ ҳисоботи тақдим этилганда давлат солиқ хизмати органи ҳисобот олинган кундан эътиборан уч кун ичида бу ҳақда солиқ тўловчига ёзма билдириш юборади ва аниқ фикр-мулоҳазаларни кўрсатган ҳолда уни маромига етказиш учун қайтаради.

Камчиликлари тузатилган солиқ ҳисоботи уни тақдим этишнинг белгиланган муддати тугагунига қадар тақдим этилган тақдирда, солиқ тўловчига нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилмайди.


46-модда. Аниқлаштирилган солиқ

ҳисоботини тақдим этиш


Давлат солиқ хизмати органларига солиқ ҳисоботи тақдим этилган даврга тааллуқли хатоларни ўзи мустақил равишда аниқлаган солиқ тўловчи ушбу Кодекснинг 38-моддасида белгиланган солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати ичида ўша давр юзасидан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш ҳуқуқига эга. Мазкур норма давлат солиқ хизмати органлари томонидан молия-хўжалик фаолияти текшируви (тафтиши) доирасида текшириш ўтказилган давр учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасининг камайишини назарда тутувчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этиладиган ҳолларда қўлланилмайди.

Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи бўйича ҳисоблаб чиқарилган солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов суммаси илгари тақдим этилган солиқ ҳисоботи бўйича ҳисоблаб чиқарилган ва тўланган солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов суммасидан ортиқ бўлса, тегишли солиқ ёки бошқа мажбурий тўловни тўлаш бўйича солиқ мажбуриятларига пеня ҳисобланган ҳолда мазкур тафовут қўшилади.

Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи бўйича ҳисоблаб чиқарилган солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов суммаси илгари тақдим этилган солиқ ҳисоботи бўйича ҳисоблаб чиқарилган ва тўланган солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов суммасидан кам бўлса, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилган кундан эътиборан шахсий варақада солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов суммаси тафовут миқдорига камайтирилганлиги акс эттирилади. Солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар, пеняларнинг ортиқча тўланган суммаси ушбу Кодексда белгиланган тартибда ҳисобга олинади ёки қайтарилади.


47-модда. Солиқ ҳисоботини сақлаш муддати


Солиқ ҳисоботи давлат солиқ хизмати органларида ва солиқ тўловчида ушбу Кодекснинг 38-моддасида белгиланган солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати мобайнида сақланади.


8-БОБ. СОЛИҚЛАР ВА БОШҚА

МАЖБУРИЙ ТЎЛОВЛАРНИ ТЎЛАШ


48-модда. Солиқлар ва бошқа мажбурий

тўловларни тўлаш мажбурияти


Солиқ тўловчининг муайян солиқ ёки бошқа мажбурий тўловни тўлаш, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолатлар бўлган тақдирда, мавжуд солиқ қарзини узиш мажбурияти солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти деб ҳисобланади.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти солиқ тўловчининг ҳисобварағида етарлича пул маблағлари бўлган тақдирда, тегишли солиқ ёки бошқа мажбурий тўловни тўлаш учун банкка тўлов топшириқномаси тақдим этилган пайтдан эътиборан, солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов нақд пул маблағлари билан тўланганда эса пул суммаси банкка ёки ваколатли орган кассасига топширилган пайтдан эътиборан бажарилган деб ҳисобланади. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаси тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг депозит ҳисобварақларига ўтказилганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатларининг кўчирма нусхалари солиқ тўловчи томонидан давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилган тақдирда ҳам бажарилган деб ҳисобланади.

Солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов суммасини ўтказиш учун тўлов топшириқномаси солиқ тўловчи томонидан чақириб олинган ёки банк томонидан солиқ тўловчига қайтарилган тақдирда, шунингдек агар солиқ тўловчи банкка тўлов топшириқномасини тақдим этган пайтда бу солиқ тўловчининг ҳисобварағига қўйилган, қонун ҳужжатларига мувофиқ биринчи навбатда бажарилиши лозим бўлган, бажарилмаган талаблар мавжуд бўлса ҳамда солиқ тўловчи барча талабларни қаноатлантириш учун ҳисобварақда етарлича пул маблағларига эга бўлмаса, солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов тўланган деб ҳисобланмайди.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти ушбу Кодекснинг 10-бобида белгиланган тартибда ҳисобга олиш орқали ҳам бажарилиши мумкин.

Солиқ агентининг ушлаб қолинган суммаларни бюджетга ёки давлат мақсадли жамғармаларига ўтказишга доир мажбурияти ушбу модданинг иккинчи ва тўртинчи қисмларига мувофиқ бажарилган деб ҳисобланади.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш миллий валютада, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса чет эл валютасида амалга оширилади.

Солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов суммаси солиқ тўловчи томонидан ушбу Кодексда белгиланган муддатларда тўланади. Ушбу Кодекснинг 9-бобида назарда тутилган ҳолларда солиқ тўловчига солиқ ва (ёки) бошқа мажбурий тўловни, шунингдек пеняни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилиши мумкин.

Солиқ мажбуриятининг солиқ тўловчи томонидан бажарилмаганлиги ёки ушбу Кодексда белгиланган тартиб бузилган ҳолда бажарилганлиги унга нисбатан солиқ мажбуриятининг бажарилишини таъминлаш чораларини қўллаш учун асос бўлади.

Солиқ солинадиган базани ҳисоблаб чиқариш давлат солиқ хизмати органлари томонидан ушбу Кодексда белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилган ҳолларда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти давлат солиқ органининг ёзма талабномаси олинган санадан эътиборан юзага келади.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек молиявий санкциялар бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига қуйидаги тартибда ўтказилади:

асосий сумма;

ҳисобланган пеня;

жарималар.



49-модда. Солиқлар ва бошқа

мажбурий тўловлар тўлашни ҳисоби


Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлашни ҳисоби солиқ тўловчилар томонидан бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ юритилади.

Солиқ тўловчи давлат солиқ хизмати органи билан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича солиқ мажбуриятлари бажарилишига доир солиштирма далолатнома тузишни талаб қилишга ҳақли. Давлат солиқ хизмати органи солиқ тўловчига солиштирма далолатнома тузишни рад этишга ҳақли эмас.



50-модда. Юридик шахс тугатилганда солиқлар

ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш


Юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, ихтиёрий тугатиш ҳоллари бундан мустасно, тугатувчи беш кунлик муддат ичида бу ҳақда давлат солиқ хизмати органига ёзма шаклда маълум қилади. Юридик шахсни ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган бу ҳақда давлат солиқ хизмати органини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хабардор этади.

Юридик шахс давлат солиқ хизмати органига тугатиш балансини тақдим этиш билан бир вақтда ҳисоботларни ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни тақдим этиши шарт.

Юридик шахс тугатилган тақдирда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича солиқ мажбурияти ушбу юридик шахснинг пул маблағлари, шу жумладан унинг мол-мулкини реализация қилишдан олинган пул маблағлари ҳисобидан қонун ҳужжатларида белгиланган навбат тартибида тугатувчи томонидан бажарилади.

Юридик шахсни тугатиш даврида юзага келадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, шунингдек пеня ва жарималарни тўлаш бўйича солиқ мажбурияти юзага келишига қараб, ушбу Кодексда белгиланган муддатларда ҳамда тартибда бажарилади.

Тугатилаётган юридик шахснинг ушбу модданинг тўртинчи қисмига мувофиқ узилмаган солиқ қарзи умидсиз деб эътироф этилади.

Агар тугатилаётган юридик шахсда ортиқча тўланган солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловлар суммаси бўлса, мазкур суммалар ушбу Кодекснинг 10-бобида белгиланган тартибда ҳисобга олиниши ёки қайтарилиши лозим.

Юридик шахс хўжалик суди томонидан банкрот деб топилган тақдирда, тугатишга доир иш юритишнинг бутун даврида мол-мулк солиғи, ер солиғи, шунингдек аввал ҳисобланган ва ундирилмаган солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар бўйича пеня ва жарималар ҳисоблаш тўхтатиб турилади.

Хўжалик судининг юридик шахсни банкрот деб топиш тўғрисидаги қарори мол-мулк солиғи, ер солиғи, шунингдек аввал ҳисобланган ва ундирилмаган солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар бўйича пеня ва жарималар ҳисоблашни тўхтатиш учун асос бўлади.

Юридик шахс банкротлиги тўғрисидаги ишни юритиш тугатилган ва унинг тўлов қобилияти тикланган тақдирда, хўжалик судининг банкротлик тўғрисидаги ишни юритишни тугатиш ҳақидаги қарори қабул қилинган санадан эътиборан, ушбу модданинг еттинчи қисмида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш амалга оширилади.


51-модда. Юридик шахс қайта ташкил этилганда

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш


Қайта ташкил этилган юридик шахснинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича солиқ мажбурияти ушбу моддада белгиланган тартибда унинг ҳуқуқий вориси (ҳуқуқий ворислари) томонидан бажарилади.

Қайта ташкил этилган юридик шахснинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича солиқ мажбуриятини бажариш, қайта ташкил этиш тугаллангунига қадар ҳуқуқий ворисга (ҳуқуқий ворисларга) қайта ташкил этилаётган юридик шахс солиқ мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги фактлари ва (ёки) ҳолатлари маълум бўлганлиги ёхуд маълум бўлмаганлигидан қатъи назар, унинг ҳуқуқий вориси (ҳуқуқий ворислари) зиммасига юклатилади.

Юридик шахснинг қайта ташкил этилиши унинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича солиқ мажбуриятларининг бажарилиши муддатларини шу юридик шахснинг ҳуқуқий вориси (ҳуқуқий ворислари) учун ўзгартирмайди.

Ҳуқуқий ворисни (ҳуқуқий ворисларни), шунингдек ҳуқуқий ворисларнинг юридик шахснинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича солиқ мажбуриятларини бажаришдаги иштироки улушини белгилаш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Юридик шахс қайта ташкил этилгунига қадар у ортиқча тўлаган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг суммалари шу юридик шахс ҳуқуқий ворисининг (ҳуқуқий ворисларининг) шахсий карточкасига юридик шахсни қайта ташкил этиш тугалланган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай ўтказилиши керак.

Юридик шахснинг солиқ қарзи ёки у қайта ташкил этилгунига қадар ортиқча тўланган солиқ ёки мажбурий тўлов суммаларини қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳуқуқий ворислари ўртасида тақсимлаш ҳар бир ҳуқуқий вориснинг улушига мувофиқ амалга оширилади.



52-модда. Солиқ тўловчи вафот этган, бедарак йўқолган

ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган ҳолларда

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш


Вафот этган жисмоний шахснинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти унинг мерос қилинган мол-мулкини қабул қилган меросхўри (меросхўрлари) томонидан, мерос қилинган мол-мулкнинг қиймати доирасида ва меросдаги улушга мутаносиб равишда, мерос қабул қилиб олинган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмасдан бажарилади. Вафот этган жисмоний шахс тўлаши лозим бўлган пеня ва (ёки) жарималарни тўлаш мажбурияти меросхўрга (меросхўрларга) нисбатан татбиқ этилмайди.

Вафот этган жисмоний шахснинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича солиқ мажбурияти суммаси мерос қилинган мол-мулк қийматидан ортиқ бўлган тақдирда, вафот этган жисмоний шахснинг солиқ ёки бошқа мажбурий тўловни тўлаш бўйича қарзининг қолган суммаси умидсиз қарз деб эътироф этилади.

Меросхўр бўлмаган тақдирда, вафот этган жисмоний шахснинг солиқ қарзи умидсиз қарз ҳисобланади.

Солиқ қарзига эга бўлган жисмоний шахс вафот этган тақдирда, жисмоний шахс ҳисобга қўйилган ва (ёки) унинг мол-мулки турган жойдаги давлат солиқ хизмати органи вафот этган шахснинг меросхўри (меросхўрлари) тўғрисида ахборот олинган пайтдан эътиборан ўттиз кун ичида унга (уларга) солиқ қарзи борлигини маълум қилиши шарт.

Суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган жисмоний шахснинг солиқ қарзи қонун ҳужжатларига мувофиқ бедарак йўқолган шахснинг мол-мулкини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган шахс томонидан бедарак йўқолган шахснинг мол-мулки ҳисобидан бажарилади.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган жисмоний шахснинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти унинг васийси томонидан муомалага лаёқатсиз шахснинг мол-мулки ҳисобидан бажарилади.

Белгиланган тартибда бедарак йўқолган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган жисмоний шахснинг мол-мулки етарли бўлмаган (йўқ бўлган) тақдирда, унинг солиқ қарзининг кўрсатилган мол-мулк қийматидан ортиқ қисми умидсиз қарз деб эътироф этилади.

Жисмоний шахснинг бедарак йўқолган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлигини бекор қилиш тўғрисида белгиланган тартибда қарор қабул қилинган ёки жисмоний шахсни муомалага лаёқатли деб топиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, илгари ҳисобдан чиқарилган солиқ қарзининг амал қилиши, даъво қилиш муддатидан қатъи назар, қайта тикланади.

Вафот этган жисмоний шахснинг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қатъий белгиланган солиқни ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш бўйича қарзи умидсиз қарз деб эътироф этилади.


53-модда. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни

ўтказишга доир тўлов топшириқномаларининг,

шунингдек солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни

ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномаларининг

банклар томонидан бажарилиши


Банклар солиқ тўловчининг солиқни ва (ёки) бошқа мажбурий тўловни ўтказишга доир тўлов топшириқномаларини, шунингдек тегишли ваколатли органнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қонун ҳужжатларида белгиланган навбат тартибида ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномаларини ушбу Кодексда белгиланган тартибда бажариши шарт.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларини тегишли бюджет ёки давлат мақсадли жамғармасининг ҳисобварағига киритиш солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларини ўтказиш деб эътироф этилади.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларини ўтказишга доир тўлов топшириқномаси ёки уларни тегишли бюджет ёхуд давлат мақсадли жамғармасига ундириш тўғрисидаги тегишли ваколатли органнинг инкассо топшириқномаси, тўлов топшириқномаси ёки инкассо топшириқномаси олинганидан кейинги операция кунидан кечиктирмай ушбу модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмлари қоидалари банк томонидан инобатга олинган ҳолда бажарилади. Инкассо топшириқномасига доир бундай операциялар бўйича хизмат кўрсатганлик учун ҳақ олинмайди.

Солиқ тўловчининг ҳисобварағида пул маблағлари бўлган тақдирда, банклар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларини ўтказиш тўлов топшириқномаларини ёки тегишли ваколатли органнинг уларни тегишли бюджетга ёки давлат мақсадли жамғармаларига ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномаларини бажаришни кечиктиришга ҳақли эмас.

Солиқ тўловчининг ҳисобварақларида пул маблағлари бўлмаган ёки улар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини ўтказиш тўлов топшириқномасини ёки тегишли ваколатли органнинг уларни тегишли бюджетга ёки давлат мақсадли жамғармасига ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномасини бажариш учун етарли бўлмаган тақдирда, бундай топшириқномалар мазкур ҳисобварақларга пул маблағлари келиб тушишига қараб, ҳар бир шундай келиб тушишдан кейинги операция кунидан кечиктирмай қонун ҳужжатларида белгиланган навбат тартибида бажарилади.

Банкнинг айби билан солиқ тўловчининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини ўтказиш топшириқномаси, тегишли ваколатли органнинг уларни ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномаси бажарилмаган (бажарилиши кечиктирилган) тақдирда, банкдан ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўтказилмаган суммасини 0,5 фоизи миқдорида белгиланган тартибда пеня ундирилади.


9-БОБ. СОЛИҚ ҚАРЗИНИ ТЎЛАШНИ

КЕЧИКТИРИШ ВА (ЁКИ) БЎЛИБ-БЎЛИБ ТЎЛАШ


54-модда. Солиқ қарзини тўлашни

кечиктиришнинг ва (ёки) бўлиб-бўлиб

тўлашнинг умумий шартлари


Солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш вақтинчалик молиявий қийинчиликка эга бўлган корхоналарга давлат томонидан ёрдам кўрсатиш мақсадида тўлаш муддатини солиқ тўловчи қарз суммасини бир йўла ёки босқичма-босқич тўлаган ҳолда кейинроқ муддатга кўчиришдан иборатдир.

Солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки у ваколат берган орган томонидан бир ойдан йигирма тўрт ойгача муддатга берилади.

Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар давлат солиқ хизмати органига ёзма билдириш юбориб, текширувлар натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек молиявий санкциялар суммаларини тўлашни ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ой мобайнида тенг улушларда амалга оширишга ҳақли.

Тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш солиқ қарзининг ҳаммасига ёки унинг бир қисмига нисбатан амалга оширилиши мумкин.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича пеня ҳисоблаш тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлашнинг амал қилиш даври бошланишидан эътиборан тўхтатиб турилади.

Солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ушбу модданинг қоидалари божхона тўловларини ва давлат божини тўлашга татбиқ этилмайди. Божхона тўловларини ва давлат божини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва асосларда амалга оширилади.


55-модда. Солиқ қарзини тўлашни

кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб

тўлашнинг амал қилишини тугатиш


Солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлашнинг амал қилиши у (улар)берилган муддат ўтганидан кейин тугайди.

Солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлашнинг амал қилиши солиқ тўловчи кечиктирилган ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўланадиган солиқ қарзининг жами суммасини кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш муддати ўтгунига қадар тўлаган ёки солиқ тўловчи кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш шартларини бузган ҳолларда муддатидан илгари тугатилади.



10-БОБ. СОЛИҚЛАР ВА БОШҚА МАЖБУРИЙ

ТЎЛОВЛАРНИНГ ОРТИҚЧА ТЎЛАНГАН

СУММАЛАРИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ

ҲАМДА ҚАЙТАРИБ БЕРИШ


56-модда. Солиқнинг ортиқча тўланган

суммаларини ҳисобга олиш


Солиқнинг бюджетга тўланган ҳамда тўлаш учун ҳисобланган суммаси ўртасидаги ижобий фарқ солиқнинг ортиқча тўланган суммаси деб эътироф этилади.

Ортиқча тўланган сумма солиқ қарзини қуйидаги кетма-кетликда узиш ҳисобига ҳисобга олиниши керак:

1) солиқнинг мазкур тури бўйича пеня ва жарималарни узиш ҳисобига;

2) бошқа турдаги солиқлар бўйича қарзни узиш ҳисобига;

3) бошқа турдаги солиқлар бўйича пеня ва жарималарни узиш ҳисобига;

4) мазкур солиқ бўйича келгуси тўловлар ҳисобига;

5) бошқа турдаги солиқлар бўйича келгуси тўловлар ҳисобига.

Ортиқча тўланган солиқ суммасини мазкур солиқ тури бўйича пеня ва жарималарни узиш ҳисобига ҳисобга олиш давлат солиқ хизмати органи томонидан мустақил равишда солиқ тўловчининг аризасисиз амалга оширилади, солиқ тўловчи бу ҳақда ҳисобга олиш амалга оширилган кундан эътиборан уч кунлик муддатда ёзма равишда хабардор этилади.

Ушбу модда иккинчи қисмининг 2, 3 ва 5-бандларида назарда тутилган ҳолларда ортиқча тўланган солиқни ҳисобга олиш солиқ тўловчининг ёзма аризаси асосида давлат солиқ хизмати органи томонидан ҳисобга олишни амалга ошириш тўғрисида хулоса тақдим этилган тақдирда тегишли молия органлари томонидан амалга оширилади. Давлат солиқ хизмати органи солиқ тўловчи ёзма ариза берган санадан эътиборан уч кунлик муддатда ҳисобга олишни амалга ошириш тўғрисидаги хулосани молия органларига тақдим этиши шарт.

Солиқ тўловчи солиқ ҳисоботи тақдим этилган санадан эътиборан ўн кун ичида ёзма ариза бермаган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи тегишли молия органларига ушбу модда иккинчи қисмининг 2 ва 3-бандларида назарда тутилган ҳисобга олишни амалга ошириш тўғрисида мустақил равишда хулоса тақдим этиши мумкин.

Ортиқча тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш бу хусусда хулоса берилган санадан эътиборан ўн иш куни ичида амалга оширилади.

Ортиқча тўланган солиқ суммаси бошқа солиқ тўловчининг солиқ қарзини узиш ҳисобига ҳисобга олиниши мумкин эмас.


57-модда. Ортиқча тўланган солиқлар

суммаларини қайтариш


Ушбу Кодекснинг 56-моддасида назарда тутилган тартибда ҳисобга олиш амалга оширилганидан кейин ортиқча тўланган солиқларнинг қолган суммаси солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағига пул маблағларини ўтказиш орқали қайтарилиши керак.

Ортиқча тўланган солиқ суммаларини қайтариш давлат солиқ хизмати органи қайтариш учун солиқ тўловчининг ёзма аризаси асосида хулоса тақдим этган тақдирда, қайтариш тўғрисидаги ариза топширилган санадан эътиборан ўттиз иш куни ичида тегишли молия органлари томонидан амалга оширилади.


58-модда. Бошқа мажбурий тўловларнинг

ортиқча тўланган суммаларини

ҳисобга олиш ва қайтариш


Бошқа мажбурий тўловларнинг тўланган ва тўлаш учун ҳисобланган суммаси ўртасидаги ижобий фарқ бошқа мажбурий тўловларнинг ортиқча тўланган суммаси деб эътироф этилади.

Бошқа мажбурий тўловларни ҳисобга олиш ҳамда қайтариш ушбу Кодексда ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартибда тегишли ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.

Божхона тўловларининг ортиқча тўланган суммаларини ҳисобга олиш ва қайтариш божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда божхона органлари томонидан амалга оширилади.

Ортиқча тўланган бошқа мажбурий тўловлар суммаларини қайтариш ортиқча тўланган сумма қайси бюджетга ёки давлат мақсадли жамғармасига ўтказилган бўлса, ўша бюджет ёки давлат мақсадли жамғармаси маблағларидан солиқ тўловчининг ёзма аризаси асосида, зиммасига мажбурий тўловларни ундириб олиш мажбурияти юклатилган органларга тегишли ариза берилган санадан эътиборан ўттиз иш куни ичида амалга оширилади.


11-БОБ. СОЛИҚЛАР ВА БОШҚА

МАЖБУРИЙ ТЎЛОВЛАРНИ ТЎЛАШ

МАЖБУРИЯТЛАРИНИ БАЖАРИШ


59-модда. Солиқлар ва бошқа мажбурий

тўловларни тўлаш мажбуриятлари

бажарилишини таъминлаш


Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича бажарилмаган мажбуриятлари бўлган солиқ тўловчи ўзининг банк ҳисобварағида пул маблағлари мавжуд бўлишидан қатъи назар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ушбу Кодексда белгиланган тўлаш муддатидан кечиктирмай уларни хизмат кўрсатаётган банкка тўлаш учун тўлов топшириқномасини тақдим этиши шарт.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш чоралари жумласига қуйидагилар киради:

юридик шахслар, шунингдек тадбиркорлик фаолиятига доир қисм бўйича якка тартибдаги тадбиркорлар учун - солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддати тугаганидан кейин уч иш кунидан кечиктирмасдан давлат солиқ хизмати органи томонидан уларга юбориладиган солиқ қарзини тўлаш тўғрисидаги талабнома;

жисмоний шахслар учун, бундан тадбиркорлик фаолиятига доир қисм бўйича якка тартибдаги тадбиркорлар мустасно, - солиқ мажбуриятларини бажариш муддатлари тугаганидан кейин давлат солиқ хизмати органининг жисмоний шахсдан солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши, бундан солиқ қарзининг суммаси ундирувни мол-мулкка қаратиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдордан оз бўлган ҳоллар мустасно. Бунда солиқ қарзининг суммаси ундирувни мол-мулкка қаратиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдордан оз бўлган, бироқ тўлаш муддати тугаганидан кейин бир йил ичида тўланмаган тақдирда ҳам солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбуриятларининг бажарилишини таъминлаш чоралари қўлланилади.


60-модда. Солиқ қарзини узиш

тўғрисидаги талабнома


Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома ёзма шаклда расмийлаштирилади ва унда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) солиқ тўловчининг фамилияси, исми, отасининг исми ёки тўлиқ номи;

2) солиқ тўловчининг идентификация рақами;

3) талабнома тузилган сана;

4) талабномани юбориш вақтида ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, пеня, жарималар бўйича қарз суммаси;

5) талабнома олинганидан сўнг солиқ мажбурияти бажарилмаган тақдирда қўлланиладиган мажбурий ундириш чоралари ва муддатлари;

6) дебиторлар билан ўзаро ҳисоб-китоблар солиштирма далолатномасини тақдим этиш тўғрисидаги кўрсатма.

Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома солиқ тўловчига ёки унинг вакилига бу талабномани солиқ тўловчи олганлигини ва талабнома олинган санани тасдиқловчи усулда топширилиши лозим.

Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома почта орқали буюртма хат билан юборилган тақдирда, у буюртма хат почта жўнатмаси топширилганлиги тўғрисидаги билдириш бланкасида кўрсатилган санада олинган деб ҳисобланади.

Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабноманинг шакли Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланади.



61-модда. Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги

талабномани бажариш муддатлари


Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома юридик шахс томонидан олинган кундан эътиборан ўн кун ичида юридик шахс, шунингдек тадбиркорлик фаолиятига доир қисм бўйича якка тартибдаги тадбиркор солиқ қарзини узмаган тақдирда ва ушбу Кодекснинг 63-моддасида назарда тутилган чораларни қўллаш натижасида солиқ қарзи узилмай қолаверса, давлат солиқ хизмати органлари ундирувни ушбу Кодекснинг 64-моддасида белгиланган тартибда солиқ тўловчига унинг дебиторлари ўтказиши лозим бўлган суммаларга қаратади.

Юридик шахс, шунингдек тадбиркорлик фаолиятига доир қисм бўйича якка тартибдаги тадбиркор солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабномани олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида солиқ қарзини узмаган тақдирда ва агар ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган чораларни қўллаш натижасида мол-мулкка қаратиш учун, қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдордан кўп бўлган суммадаги солиқ қарзи узилмай қолса, давлат солиқ хизмати органлари ундирувни ушбу Кодекснинг 65-моддасида белгиланган тартибда солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратади.

Солиқ қарзининг суммаси ундирувни мол-мулкка қаратиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдордан оз бўлган, бироқ тўлаш муддати тугаганидан кейин бир йил ичида тўланмаган ҳолларда ҳам ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш чоралари қўлланилади.


62-модда. Солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари


Солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларига қуйидагилар киради:

солиқ қарзини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақларидан сўзсиз ундириш;

ундирувни солиқ тўловчига унинг дебиторлари ўтказиши лозим бўлган суммаларга қаратиш;

ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш.

Юридик шахс, шунингдек тадбиркорлик фаолиятига доир қисм бўйича якка тартибдаги тадбиркор солиқ қарзини ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган барча чоралар кўрилганидан кейин узмаган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи уни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этади.

Солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари жисмоний шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суд ҳужжатлари асосида суд ижрочилари томонидан қўлланилади ва уларга ушбу Кодекс 63-65-моддаларининг қоидалари татбиқ этилмайди, бундан тадбиркорлик фаолиятига доир қисм бўйича якка тартибдаги тадбиркорлар мустасно.

Солиқ текшируви натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқ қарзи суммаларини мажбурий ундириш чоралари солиқ тўловчи томонидан унинг натижалари бўйича берилган шикоят даврига ушбу Кодекснинг 18-бобига мувофиқ тўхтатиб турилади.



63-модда. Солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақларидан

солиқ қарзини сўзсиз ундириш


Солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақларидан солиқ қарзини сўзсиз ундириш, агар ушбу Кодекс 62-моддасининг учинчи қисмида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчининг талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит ҳисобварағига хизмат кўрсатаётган банкка давлат солиқ хизмати органининг солиқ қарзи суммасини тегишли бюджетга ёки давлат мақсадли жамғармасига ўтказиш тўғрисидаги инкассо топшириқномасини тақдим этиш орқали амалга оширилади.

Солиқ қарзи суммасини ўтказиш тўғрисидаги инкассо топшириқномалари солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддати тугаганидан кейин уч иш кунидан кечиктирмай давлат солиқ хизмати органлари томонидан тақдим этилади.

Солиқ тўловчининг ҳисобварағида пул маблағлари бўлмаганлиги ёки етарли бўлмаганлиги туфайли давлат солиқ хизмати органининг инкассо топшириқномаси тўлиқ ёки қисман бажарилмаган тақдирда, инкассо топшириқномаси олинган кундан эътиборан уч кунлик муддатда унинг нусхаси банкнинг белгиси қўйилиб, давлат солиқ хизмати органига ва солиқ тўловчига юборилади. Агар инкассо топшириқномасини тақдим этиш пайтида солиқ тўловчи солиқ қарзининг суммасини ўтказиш учун тўлов топшириқномасини банкка топширган бўлса, банк тақдим этилган инкассо топшириқномасини солиқ тўловчининг тўлов топшириқномаси нусхасини илова қилган ҳолда давлат солиқ хизмати органига қайтаради.

Солиқ қарзи суммасини ундириш солиқ тўловчининг барча банк ҳисобварақларида турган пул маблағларидан амалга оширилади, қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратиш мумкин бўлмаган ҳисобварақлар бундан мустасно.


64-модда. Ундирувни солиқ тўловчига унинг дебиторларидан

ўтказилиши лозим бўлган суммаларга қаратиш


Ушбу Кодекс 61-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган муддат ичида солиқ қарзини узмаган юридик шахслар солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабномани олган кундан эътиборан ўн кун ичида давлат солиқ хизмати органларига дебиторлар билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаларини ёхуд тўлов муддати ўтган дебиторлик қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисида ёзма билдириш тақдим этиши шарт.

Давлат солиқ хизмати органлари дебиторлар билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаларини олган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай ундирувни солиқ тўловчига унинг дебиторларидан ўтказилиши лозим бўлган суммага қаратади.

Дебиторлар ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаларига имзо қўйишни асоссиз рад этган тақдирда, солиқ тўловчи бир томонлама имзоланган солиштирма далолатномаларни дебиторлик қарзи мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Солиқ тўловчи бир томонлама имзоланган ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномасини тақдим этган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи солиқ тўловчининг дебиторига унинг кредиторлик қарзи борлиги ҳақида имзолаш учун солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиштирма далолатномани ва кредиторлик қарзи мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини илова қилган ҳолда ёзма билдириш юборади.

Солиқ тўловчининг дебитори ёзма билдириш олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномасини имзолаш ёки солиштирма далолатномада кўрсатилган қарзнинг мавжуд эмаслигини асослаган ҳолда рад жавобини тақдим этиши шарт. Агар солиқ тўловчининг дебитори томонидан тан олинган қарз суммаси солиштирма далолатномада кўрсатилганидан фарқ қилса, дебитор худди шу муддатда давлат солиқ хизмати органига ўзи тан олган суммани кўрсатган ҳолда солиштирма далолатномани тақдим этиши шарт.

Солиқ тўловчининг дебитори томонидан имзоланган ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаси кредиторнинг имзоси мавжуд бўлишидан қатъи назар, унинг кредитори солиқ қарзини ундирувни унга қаратиши учун асос бўлади. Ушбу модданинг бешинчи қисмида белгиланган мажбурият солиқ тўловчининг дебитори томонидан бажарилмаган тақдирда, ундирув солиқ тўловчи тақдим этган солиштирма далолатнома асосида амалга оширилади.

Солиқ тўловчи билан унинг дебитори ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномасида қуйидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак:

солиқ тўловчи ва унинг дебиторининг номи, уларнинг идентификация рақами;

солиқ тўловчи ва унинг дебитори солиқ ҳисобида турган жойдаги давлат солиқ хизмати органининг номи;

солиқ тўловчи ва унинг дебиторининг банкдаги ҳисобварақлари реквизитлари;

дебиторнинг солиқ тўловчи олдидаги қарз суммаси;

солиқ тўловчи ва унинг дебиторининг тарафлар муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланган имзолари, ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

солиқ тўловчи ва унинг дебитори ўртасида ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаси тузилган сана.

Солиқ тўловчи ва унинг дебитори ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаси солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома давлат солиқ хизмати органи томонидан юборилган санадан кейин келадиган санада тузилган бўлиши лозим.

Давлат солиқ хизмати органи ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаси асосида дебиторларнинг банк ҳисобварақларига солиқ тўловчининг солиқ қарзи суммасини солиқ тўловчи олдидаги қарзидан ошмайдиган миқдорда ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномасини тақдим этади.

Давлат солиқ хизмати органининг ушбу моддага мувофиқ тақдим этилган инкассо топшириқномасини бажариш ушбу Кодекснинг 63-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.



65-модда. Ундирувни солиқ тўловчининг

мол-мулкига қаратиш


Ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш давлат солиқ хизмати органининг даъво аризаси асосида суд тартибида амалга оширилади.

Ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги даъво аризаси солиқ тўловчи солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги давлат солиқ хизмати органининг раҳбари ёки раҳбар ўринбосари томонидан имзоланади. Даъво аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

солиқ қарзи борлиги тўғрисида солиқ тўловчининг мавжуд шахсий карточкаларидан кўчирма;

солиқ тўловчининг банк ҳисобварақларида пул маблағлари йўқлиги тўғрисидаги банк маълумотномаси;

солиқ текшируви натижалари бўйича (бундай текширув ўтказилган тақдирда) солиқ қарзи тўғрисидаги маълумотнома;

солиқ тўловчининг охирги ҳисобот даврига доир бухгалтерия балансининг кўчирма нусхаси, бундан молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддати ҳали келмаган, янги ташкил этилган юридик шахслар мустасно.

Ундирувни суд ҳужжатлари асосида солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суд ижрочилари томонидан амалга оширилади.

Солиқ қарзини ундириш учун суд ижрочилари томонидан инкассо топшириқномалари қўйилаётганда давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ қарзининг шунга ўхшаш суммасига қўйилган инкассо топшириқномаларининг ижроси бекор қилинади. 


66-модда. Умидсиз солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш


Умидсиз солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


III БЎЛИМ.

СОЛИҚ НАЗОРАТИ


12-БОБ. СОЛИҚ НАЗОРАТИНИНГ АСОСЛАРИ


67-модда. Солиқ назоратининг шакллари


Солиқ назорати қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

солиқ тўловчиларни ҳисобга олиш;

солиқ солиш объектларини ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни ҳисобга олиш;

бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тушаётган тушумларни ҳисобга олиш;

камерал назорат;

нақд пул тушумлари келиб тушишининг хронометражи;

солиқ текширувлари;

фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш;

акциз тўланадиган айрим турдаги товарларни маркалаш, шунингдек айрим корхоналарда молия инспектори лавозимини жорий этиш;

давлат даромадига қаратилган мол-мулкни реализация қилишдан тушадиган пул маблағлари давлат даромадига ўз вақтида ва тўлиқ тушишини назорат қилиш;

бошқа мажбурий тўловларни ундириш вазифасини амалга оширадиган давлат органлари ва ташкилотлар устидан назорат қилиш.

Божхона органлари товарларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан олиб ўтилиши муносабати билан тўланиши лозим бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш бўйича солиқ назоратини ўз ваколатлари доирасида ушбу Кодексга ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.

Солиқ назорати амалга оширилаётганда ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларининг қоидаларини бузган ҳолда солиқ тўловчи тўғрисида ахборот тўплаш, сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга, шунингдек солиқ сирини ошкор қилишга йўл қўйилмайди.

Қонун ҳужжатларининг талабларини бузган ҳолда олинган солиқ тўловчи тўғрисидаги ҳужжатлар ёки бошқа ахборот солиқ тўловчини солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликка тортишга асос бўла олмайди.


68-модда. Солиқ солиш объектларини ва солиқ солиш

билан боғлиқ объектларни ҳисобга олиш


Солиқ солиш объектларини ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни ҳисобга олиш давлат солиқ хизмати органи томонидан ҳар бир солиқ тўловчи бўйича ҳамда у тўлаётган барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича, солиқ солиш объектлари ҳамда солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш, шу жумладан электрон шаклда шакллантириш ва юритиш орқали амалга оширилади.

Солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги маълумотлар базаси солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган молиявий ва солиқ ҳисоботларининг маълумотлари, ушбу Кодекснинг 84-моддасида назарда тутилган органлар, ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган маълумотлар, шунингдек давлат солиқ хизмати органлари бошқа манбалардан тўплаган, шу жумладан солиқ текширувлари вақтида тўплаган ахборотлар асосида шакллантирилади.

Солиқ солиш объектлари ҳамда солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланади.

Ушбу модданинг қоидалари товарларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилиши муносабати билан тўланиши лозим бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларга, шунингдек ундирилиши тегишли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган бошқа мажбурий тўловларга татбиқ этилмайди.


69-модда. Бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига

тушумларни ҳисобга олиш


Давлат солиқ хизмати органлари, божхона органлари ҳамда зиммасига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш вазифаси юклатилган бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотлари бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тушумлар ҳисобини юритиши керак.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тушумини ҳисобга олиш бюджет классификациясига мувофиқ юритилади.

Давлат солиқ хизмати органлари бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тушумлар ҳисобини солиқ тўловчининг шахсий карточкасида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг, шунингдек пеня ва жарималарнинг ҳисобланган ҳамда тўланган суммаларини акс эттириш орқали юритади.

Солиқ тўловчининг шахсий карточкаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ҳар бир тури бўйича очилади.

Солиқ тўловчининг шахсий карточкасини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланади.

Божхона органлари товарларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилиши муносабати билан тўланиши лозим бўлган бошқа мажбурий тўловлар бўйича бюджетга ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига тушумлар ҳисобини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланган тартибда юритади.

Ундирилиши бошқа давлат органлари ва ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган айрим турдаги бошқа мажбурий тўловлар бўйича бюджетга тушумларни ҳисобга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланади.



70-модда. Камерал назорат


Камерал назорат солиқ тўловчи томонидан белгиланган тартибда тақдим этилган молиявий ва солиқ ҳисоботини, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида давлат солиқ хизмати органидаги мавжуд бошқа ҳужжатларни ўрганиш ҳамда таҳлил этиш асосида амалга ошириладиган назоратдир.

Камерал назорат солиқ тўловчининг ҳузурига бормасдан давлат солиқ хизмати органи жойлашган ерда амалга оширилади.

Агар давлат солиқ хизмати органи томонидан камерал назорат жараёнида солиқ ҳисоботини тўлдиришда хатоликларга йўл қўйилганлиги ёки тақдим этилган солиқ ҳисоботидаги ва давлат солиқ хизмати органларидаги маълумотлар ўртасида зиддиятлар борлиги аниқланса, бу ҳақда солиқ тўловчига тегишли тузатишлар киритиш талаб қилинган ҳолда ёзма шаклда хабар қилинади.

Солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш учун назарда тутилган тартибда тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича тузатилган солиқ ҳисоботини ёхуд аниқланган тафовутларнинг асосини талабнома олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда тақдим этиши шарт.



71-модда. Нақд пул тушуми келиб

тушишининг хронометражи


Солиқ тўловчининг нақд пул тушуми келиб тушишининг хронометражи хронометраж ўтказилган даврда ҳақиқатда келиб тушган нақд пул тушумини аниқлаш мақсадида ўтказилади.

Нақд пул тушуми келиб тушишининг хронометражи нақд ҳисоб-китоб асосида товарлар реализация қиладиган ёки хизматлар кўрсатадиган солиқ тўловчи ҳузурида бевосита товарлар реализация қилинадиган, хизматлар кўрсатиладиган жойда давлат солиқ хизмати органи томонидан ўтказилади.

Нақд пул тушуми келиб тушишининг хронометражини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ солиқ солиш объектларини ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни ҳисобга олиш жараёнида солиқ тўловчи томонидан тушум миқдори камайтирилганлигини тахмин қилиш имконини берадиган тафовутлар аниқланган тақдирда, давлат солиқ хизмати органининг раҳбари ёки раҳбар ўринбосари томонидан қабул қилинади.

Нақд пул тушуми келиб тушишининг хронометражини ўтказиш тўғрисидаги буйруқда хронометраж ўтказиладиган солиқ тўловчи, хронометражни ўтказиш жойи ва муддати, хронометраж ўтказиладиган давр, хронометраж ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинишига сабаб бўлган тафовут, шунингдек давлат солиқ хизмати органининг хронометраж ўтказадиган мансабдор шахслари албатта кўрсатилади.

Нақд пул тушуми келиб тушишининг хронометражи келиб тушаётган пул тушумини давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари томонидан кузатиш ва қайд этиш орқали ўтказилади. Хронометражни ўтказишга бошқа шахсларни, шу жумладан экспертларни жалб этишга йўл қўйилмайди.

Нақд пул тушуми келиб тушишининг хронометражини амалга ошириш жараёнида текширув ўтказишга, солиқ тўловчидан бирон бир ахборот ёки тушунтиришлар талаб қилишга, солиқ тўловчига нисбатан талаблар тақдим этишга ёки унинг фаолиятига бошқача тарзда аралашишга йўл қўйилмайди, бундан фискал хотирали назорат-касса машинасида сақланаётган хронометраж ўтказилаётган вақтга доир маълумотларни олиш мустасно.

Давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахси нақд пул тушуми келиб тушишининг хронометражи натижалари юзасидан маълумотнома тузади. Маълумотноманинг кўчирма нусхаси солиқ тўловчига топширилади.

Нақд пул тушуми келиб тушишининг хронометражи натижаларидан фақат тақдим этилаётган солиқ ҳисоботи тўғрилигини таҳлил этиш учун, шунингдек солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги маълумотлар базасини юритиш учун фойдаланилади. Хронометраж натижаси солиқ тўловчини жавобгарликка тортиш учун асос бўла олмайди.

Нақд пул тушуми келиб тушишининг хронометражини ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланади.


72-модда. Фискал хотирали назорат-касса

машиналарининг қўлланилиши


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд пулда ҳисоб-китоб қилиш билан товарларни реализация қилиш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш Назорат-касса машиналарининг давлат реестрига киритилган фискал хотирали назорат-касса машиналари мажбурий қўлланилган ҳолда амалга оширилади, бундан нақд пул билан ҳисоб-китоб қилишни, фаолиятининг ўзига хос хусусияти сабабли назорат-касса машиналарини қўлламасдан амалга ошириши мумкин бўлган айрим тоифадаги юридик ва жисмоний шахслар мустасно.

Фаолиятининг ўзига хос хусусияти сабабли нақд пул билан ҳисоб-китоб қилишни назорат-касса машиналарини қўлламасдан амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган айрим тоифадаги юридик ва жисмоний шахсларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланишга рухсат этилган Назорат-касса машиналарининг давлат реестри Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тартибда шакллантирилади.

Фискал хотирали назорат-касса машинаси техник жиҳатдан вақтинча носоз бўлган ёки электр энергияси бўлмаган тақдирда нақд пул билан ҳисоб-китоб қилишни харидорларга квитанциялар, чипталар, талонлар ёки чекка тенглаштирилган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланадиган шаклдаги қатъий ҳисобдаги бошқа ҳужжатларни бериш орқали амалга оширишга йўл қўйилади.

Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллашда қуйидагилар мажбурий ҳисобланади:

1) фискал хотирали назорат-касса машинасини фаолият амалга оширилаётган жойдаги давлат солиқ хизмати органларида фискал хотирали назорат-касса машинасининг рўйхатдан ўтказиш карточкаси берилган ҳолда рўйхатдан ўтказиш;

2) фискал хотирали назорат-касса машиналарига техник хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш;

3) фискал хотирали назорат-касса машиналарининг чекини истеъмолчига бериш;

4) давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг фискал хотирали назорат-касса машинасини текширишига рухсат этиш.

Фискал хотирали назорат-касса машиналарининг қўлланилиш тартибига риоя этилиши устидан назорат давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

Солиқ текширувлари ўтказилаётганда давлат солиқ хизмати органлари фискал хотирали назорат-касса машиналарида сақланаётган маълумотлардан фойдаланишга ҳақли.

Фискал хотирали назорат-касса машиналарининг қўлланилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


73-модда. Акциз тўланадиган айрим турдаги товарларни тамғалаш.

Молия инспектори лавозимини жорий этиш


Тамаки ва алкоголли маҳсулотлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда ҳамда шартларда акциз маркаси билан тамғаланиши керак, пиво бундан мустасно.

Акциз тўланадиган товарларни ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган акциз тўланадиган товарларни акциз маркаси билан тамғалаш учун масъулдир.

Акциз тўланадиган айрим турдаги товарларни тамғалаш қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни давлат солиқ хизмати органлари ва давлат божхона хизмати органлари амалга оширади.

Акциз солиғини тўловчи корхоналарда ва бошқа айрим корхоналарда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг молия инспектори лавозими жорий этилиши мумкин. Молия инспектори лавозими жорий этиладиган корхоналар рўйхати ва унинг фаолиятини амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


74-модда. Давлат даромадига қаратилган мол-мулкни

реализация қилишдан тушадиган пул маблағларининг

давлат даромадига ўз вақтида ва тўлиқ тушишини

назорат қилиш


Давлат солиқ хизмати органлари давлат даромадига қаратилган мол-мулкни реализация қилишдан тушадиган пул маблағларининг давлат даромадига ўз вақтида ва тўлиқ тушиши устидан назоратни амалга оширади.



75-модда. Бошқа мажбурий тўловларни

ундириш вазифасини амалга ошираётган давлат

органлари ва ташкилотлари устидан назорат қилиш


Давлат солиқ хизмати органлари бошқа мажбурий тўловларни ундириш вазифасини амалга ошираётган давлат органлари ва ташкилотлари устидан бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, тўлиқ ундириб олиниши ҳамда бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига ўз вақтида ўтказилиши бўйича назоратни амалга оширади.



76-модда. Солиқ сири


Давлат солиқ хизмати органи томонидан солиқ тўловчи тўғрисида олинган ҳар қандай маълумот солиқ сирини ташкил этади, қуйидаги маълумотлар бундан мустасно:

1) солиқ тўловчининг ўзи ошкор этган ёки унинг ёзма розилиги билан ошкор этилган маълумотлар;

2) солиқ тўловчининг номи ва идентификация рақами тўғрисидаги маълумотлар;

3) юридик шахснинг устав фонди (устав капитали) тўғрисидаги маълумотлар;

4) солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги ва бу қонунбузарлик учун қўлланилган жавобгарлик чоралари тўғрисидаги маълумотлар;

5) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа давлатларнинг солиқ ёки тегишли бошқа органларига тақдим этиладиган маълумотлар (ушбу органларга тақдим этилган маълумотларга доир қисми).

Солиқ сири ошкор этилмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Солиқ сирини ошкор этишга, хусусан, солиқ тўловчининг давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахсига, жалб этилган экспертга ёки таржимонга улар ўз вазифаларини бажараётганда маълум бўлиб қолган ишлаб чиқариш ёки тижорат сиридан фойдаланиш ёхуд уни бошқа шахсга бериш киради.

Давлат солиқ хизмати органларига келиб тушган, солиқ сирини ташкил этувчи маълумотлар сақлаш ва фойдаланишнинг махсус режимига эга бўлади.

Давлат солиқ хизмати органларининг Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатдаги мансабдор шахслари солиқ сирини ташкил этувчи маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Солиқ сирини ташкил этувчи маълумотлари бўлган ҳужжатларнинг йўқотилганлиги ёки бундай маълумотларнинг ошкор этилганлиги қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.


13-БОБ. СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАРНИ

ҲИСОБГА ҚЎЙИШ


77-модда. Солиқ тўловчиларни ҳисобга

қўйишнинг умумий қоидалари


Давлат солиқ хизмати органлари солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритади. Солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритиш уларни ҳисобга қўйиш ва улар тўғрисидаги ҳисоб маълумотларини юритиш орқали амалга оширилади.

Солиқ тўловчи ҳисобга қўйилаётганда унга солиқ тўловчининг идентификация рақами берилади ҳамда солиқ тўловчи тўғрисидаги ҳисобга қўйиш маълумотлари Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестрига киритилади.

Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестри Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан юритилади.

Давлат солиқ хизмати органи томонидан солиқ тўловчига берилган идентификация рақами берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёки солиқ тўловчи бир вақтнинг ўзида давлат солиқ хизмати органларида ва давлат статистикаси органларида ҳисобга қўйилган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказилган тақдирда, давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлигини тасдиқловчи ҳужжатдир.



78-модда. Солиқ тўловчининг идентификация рақами


Солиқ тўловчининг идентификация рақами муайян солиқ тўловчи ҳисобга қўйилганда унга бериладиган рақамдир.

Солиқ тўловчининг идентификация рақами муайян солиқ тўловчига бир марта берилади. Солиқ тўловчининг идентификация рақами ўзгармайди ва бекор қилинганидан кейин бошқа солиқ тўловчига берилмайди.

Ушбу Кодекс 35-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган юридик шахснинг алоҳида бўлинмаларига мазкур алоҳида бўлинмани ташкил этган юридик шахснинг - солиқ тўловчининг идентификация рақами назорат белгилари қўшилган ҳолда берилади.

Солиқ тўловчининг идентификация рақами қуйидагиларда албатта ёзиб қўйилиши керак:

юридик ва жисмоний шахсларнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада, рўйхатдан ўтказиш давлат солиқ хизмати органларида ва давлат статистикаси органларида уларни ҳисобга қўйиш билан бир вақтда амалга оширилади;

фаолиятнинг айрим турлари билан шуғулланишга доир лицензиясида;

чеклардан ташқари, пул билан ҳисоб-китоб қилинадиган тўлов ҳужжатларида, шунингдек уларнинг электрон шаклида;

давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиладиган молиявий ва солиқ ҳисоботи ҳужжатларида;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан тузиладиган хўжалик, фуқаролик-ҳуқуқий ҳамда меҳнат шартномаларида;

юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар битимлар тузганлигини белгиловчи ёки тасдиқловчи ҳужжатларда, шу жумладан ҳисобварақ-фактуралар ҳамда транспорт ҳужжатларида;

юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларда қиймат ифодасига эга бўлган молиявий, мулкий ҳамда бошқа мажбуриятлар юзага келганлигини, шунингдек уларнинг бажарилишини белгиловчи ёки тасдиқловчи ҳужжатларда.


79-модда. Солиқ тўловчини ҳисобга қўйиш


Солиқ тўловчи сифатида қуйидагилар ҳисобга қўйилади:

юридик шахслар - Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ўзлари жойлашган ердаги (почта манзилидаги) давлат солиқ хизмати органида;

юридик шахснинг солиқ мажбуриятини ушбу Кодекс 35-моддасининг иккинчи қисми асосида мустақил равишда бажарадиган алоҳида бўлинмалари - алоҳида бўлинманинг жойлашган еридаги ёки фаолиятни амалга ошираётган жойидаги давлат солиқ хизмати органида;

жисмоний шахслар - Ўзбекистон Республикасининг резидентлари жисмоний шахснинг яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органида;

юридик шахслар - Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари - доимий муассасанинг жойлашган еридаги ва (ёки) фаолиятни амалга ошираётган жойидаги давлат солиқ хизмати органида;

ушбу Кодексга мувофиқ мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўловчилар бўлган юридик ва жисмоний шахслар - Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари - солиқ солиш объекти жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органида.

Солиқ тўловчида у ҳисобга қўйилганидан кейин ер солиғи, мол-мулк солиғи ёки сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш бўйича солиқ мажбурияти ҳисобга қўйилган жойдан ташқарида юзага келган тақдирда, солиқ тўловчи ушбу Кодекснинг 81-моддасига мувофиқ солиқ солиш объекти жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органида объект бўйича ҳисобга қўйилиши керак.


80-модда. Солиқ тўловчини ҳисобга қўйиш тартиби


Бир вақтнинг ўзида давлат солиқ хизмати органларида ва давлат статистикаси органларида ҳисобга қўйилган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказиладиган юридик ва жисмоний шахслар давлат рўйхатидан ўтказилган жойда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобга қўйилиши керак.

Юридик шахслар - Ўзбекистон Республикасининг резидентлари, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилганлар бундан мустасно, давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан ўн кун ичида давлат солиқ хизмати органига ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризани тақдим этиши шарт. Аризага юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг кўчирма нусхаси илова қилинади.

Ушбу Кодекс 35-моддасининг иккинчи қисми асосида солиқ мажбуриятларини мустақил равишда бажарадиган алоҳида бўлинмани ҳисобга қўйиш учун мазкур алоҳида бўлинмани ташкил этган юридик шахс уни ташкил этиш тўғрисида ва (ёки) мустақил балансга ажратиш ҳақида қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида давлат солиқ хизмати органига ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризани тақдим этиши шарт. Аризада мазкур алоҳида бўлинмани ташкил этган юридик шахснинг - солиқ тўловчининг идентификация рақами албатта кўрсатилади. Аризага юридик шахснинг алоҳида бўлинмани ташкил этиш тўғрисидаги қарори, шунингдек унинг раҳбарига берилган ишончнома илова қилинади.

Жисмоний шахслар - Ўзбекистон Республикасининг резидентлари, мазкур Кодекс ушбу моддасининг биринчи қисмида кўрсатилганлар бундан мустасно, солиқ солиш объекти вужудга келган кундан эътиборан ўн кун ичида ушбу Кодексга мувофиқ давлат солиқ хизмати органига ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризани тақдим этиши шарт.

Юридик шахслар - Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари мазкур фаолиятни амалга ошириш бошланган кундан эътиборан бир юз саксон уч кундан кечиктирмасдан давлат солиқ хизмати органига доимий муассаса сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризани тақдим этиши шарт. Доимий муассаса орқали фаолиятни амалга ошираётган юридик шахснинг - Ўзбекистон Республикаси норезидентининг ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризасига шартнома ёки юридик шахс - Ўзбекистон Республикасининг норезиденти номидан Ўзбекистон Республикасида иш юритиш учун берилган ишончнома, шунингдек мажбуриятларининг бажарилиши доимий муассаса ташкил топишига олиб келадиган шартнома мавжуд бўлса, шу шартнома илова қилинади.

Ушбу Кодексга мувофиқ ер солиғи, шунингдек кўчмас мулкка тааллуқли қисмида мол-мулк солиғи тўловчилари бўлган юридик ва жисмоний шахслар - Ўзбекистон Республикаси норезидентлари ер участкасига, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан ўн кун ичида давлат солиқ хизмати органига ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризани тақдим этиши шарт. Аризага унда кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Транспорт воситалари учун бензин, дизель ёқилғиси ва газни автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали реализация қилувчи юридик шахслар автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органига транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризани автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан ўн кун ичида тақдим этиши шарт. Аризага унда кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Давлат солиқ хизмати органи ҳисобга қўйиш тўғрисидаги ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар асосида солиқ тўловчига солиқ тўловчининг идентификация рақамини беради, солиқ тўловчи ҳақидаги ҳисобга қўйиш маълумотларини Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестрига киритади ва тегишли ариза берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай солиқ тўловчи ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳнома беради.

Солиқ тўловчини ҳисобга қўйиш тўғрисидаги ариза ва гувоҳноманинг шакли Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланади.

Агар юридик шахс - Ўзбекистон Республикасининг резиденти ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган алоҳида бўлинмалардан бир нечтасига эга бўлса, ҳисобга қўйиш ҳар бир алоҳида бўлинма бўйича тегишли давлат солиқ хизмати органларида амалга оширилади.

Агар юридик шахс - Ўзбекистон Республикасининг норезиденти Ўзбекистон Республикасида бир нечта доимий муассасага эга бўлса, у ҳар бир доимий муассаса бўйича тегишли давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга туриши шарт. Битта юридик шахснинг - Ўзбекистон Республикаси норезидентининг бир нечта доимий муассаса бўйича солиқ ҳисоботини жамлашга йўл қўйилмайди.



81-модда. Солиқ тўловчини объектлар

бўйича ҳисобга қўйиш


Солиқ тўловчини объектлар бўйича ҳисобга қўйиш солиқ солиш объекти жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

Солиқ тўловчини объектлар бўйича ҳисобга қўйиш у ушбу Кодекснинг 80-моддасида белгиланган тартибда ҳисобга қўйилганидан кейин, агар ушбу Кодексга мувофиқ солиқ тўловчида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилмаган жойдаги ер солиғи, мол-мулк солиғи ёки сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш мажбурияти юзага келган бўлса, амалга оширилади.

Ҳ исобга қўйилмаган жойдаги ер солиғини, мол-мулк солиғини ёки сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш мажбурияти юзага келган солиқ тўловчи тегишли ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан ёхуд мол-мулк солиғи ёки сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ солиш объекти вужудга келган кундан эътиборан ўн кун ичида солиқ солиш объектларини улар жойлашган ерда ҳисобга қўйиш учун давлат солиқ хизмати органларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мурожаат этиши керак.

Объектлар бўйича ҳисобга қўйилиши давлат солиқ хизмати органлари томонидан мустақил равишда амалга ошириладиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўловчи - жисмоний шахсларга нисбатан ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган мажбурият татбиқ этилмайди.

Давлат солиқ хизмати органи солиқ тўловчининг илгари берилган идентификация рақамига мувофиқ солиқ тўловчи мурожаат этган кундан уч кундан кечиктирмай уни объектлар бўйича ҳисобга қўяди.



82-модда. Солиқ тўловчи тўғрисидаги

ҳисоб маълумотлари


Юридик шахс - солиқ тўловчи тўғрисидаги асосий ҳисоб маълумотлари қуйидагилардан иборат:

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

номи (тўлиқ ва қисқартирилган номи);

жойлашган ери (почта манзили).

Юридик шахслар - Ўзбекистон Республикасининг резидентлари учун ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган асосий ҳисоб маълумотларига қўшимча равишда қуйидагилар ҳам ҳисоб маълумотлари ҳисобланади:

ташкилий-ҳуқуқий шакли;

ушбу Кодекс 35-моддасининг иккинчи қисми асосида солиқ мажбуриятларини мустақил равишда бажарадиган алоҳида бўлинмалар, шунингдек хўжалик бошқаруви органларининг таркибига кирувчи юридик шахслар учун - солиқ тўловчи қайси ташкилотнинг таркибига кирса, шу ташкилот;

давлат рўйхатидан ўтказилган сана, жой ва тартиб рақами;

тижорат ташкилотлари учун - устав фондининг (устав капиталининг) миқдори;

тижорат ташкилотлари учун, акциядорлик жамиятлари бундан мустасно, муассисларнинг - Ўзбекистон Республикасининг резидентларининг солиқ тўловчи тариқасидаги идентификация рақамини ҳамда ҳар бир муассиснинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушини ҳам кўрсатган ҳолда муассисларнинг тўлиқ таркиби.

Жисмоний шахс - солиқ тўловчи тўғрисидаги ҳисоб маълумотлари қуйидагилардан иборат:

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

фамилияси, исми ва отасининг исми;

фуқаролиги;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун - фуқаронинг идентификация рақами (шахсий коди);

паспортининг серияси ва рақами, берилган санаси ва жойи;

яшаш жойи (манзили).

Якка тартибдаги тадбиркорлар учун қуйидагилар ҳам солиқ тўловчи тўғрисидаги ҳисоб маълумотларидир:

давлат рўйхатидан ўтказилган сана, жой ва тартиб рақами;

фаолият тури;

фаолият амалга ошириладиган жой.



83-модда. Солиқ тўловчилар тўғрисидаги

ҳисоб маълумотларини юритиш


Солиқ тўловчилар тўғрисидаги ҳисоб маълумотларини юритиш солиқ тўловчилар ҳамда ушбу Кодекснинг 84-моддасида назарда тутилган органлар ва ташкилотлар томонидан, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа органлар томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида солиқ тўловчи тўғрисидаги ҳисоб маълумотларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали амалга оширилади.

Давлат солиқ хизмати органларида ҳисобда турмаган солиқ тўловчилар аниқланган тақдирда, давлат солиқ хизмати органлари уларга белгиланган тартибда ҳисобга туриш тўғрисида талабнома тақдим этади. Бундай талабнома олинганлиги шахсни қонунда белгиланган жавобгарликдан озод этмайди.

Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестрига киритилган юридик ва жисмоний шахслар - Ўзбекистон Республикаси норезидентлари ҳисобга қўйилган жойдаги давлат солиқ хизмати органига ҳисоб маълумотларидаги ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида бундай ўзгаришлар юзага келган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда маълум қилишлари шарт.

Жисмоний шахснинг доимий яшаш жойи ўзгарган тақдирда давлат солиқ хизмати органи мазкур солиқ тўловчига тааллуқли барча материалларни унинг янги яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига топшириши шарт. Бундай материалларни топшириш-қабул қилиб олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланади.

Солиқ тўловчининг талаби бўйича давлат солиқ хизмати органи мазкур солиқ тўловчи ҳисобга қўйилганлигини тасдиқловчи маълумотномани, шу жумладан ўзгаришлар киритилган ҳисоб маълумотларини ҳам кўрсатган ҳолда бериши шарт.

Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестридан чиқариш қуйидагича амалга оширилади:

жисмоний шахслар - Ўзбекистон Республикасининг резидентлари - улар вафот этганидан кейин, башарти солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти уларнинг меросхўрлари томонидан тўлиқ узилган ёки солиқ қарзи белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилган бўлса;

юридик шахслар - Ўзбекистон Республикасининг резидентлари - улар тугатилганидан кейин, башарти солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти тўлиқ узилган ёки солиқ қарзи белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилган бўлса;

Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари - уларнинг Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестрига киритилишини белгилаган ҳолатлар бекор бўлган, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти тўлиқ узилган тақдирда.



84-модда. Солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари

юзага келганлиги тўғрисида ахборот тақдим

этадиган органлар ва ташкилотлар

ҳамда уларнинг мажбуриятлари


Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар, ушбу Кодекс 80-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилганлар бундан мустасно, рўйхатдан ўтказилган жойдаги давлат солиқ хизмати органига ушбу юридик шахслар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай тегишли юридик шахсларнинг давлат реестридан кўчирма топшириши шарт. Мазкур органлар давлат солиқ хизмати органига тегишли юридик шахсларга тааллуқли давлат реестрига киритилган ҳар қандай ўзгартишлар тўғрисида ҳам бундай ўзгартишлар киритилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай маълум қилиши шарт.

Лицензия ва (ёки) бошқа рухсат этувчи ҳужжатлар берадиган органлар бундай ҳужжатлар берилган шахслар жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига шундай ҳужжатлар берилганлиги ҳоллари ҳақида маълум қилиши, шунингдек мазкур ҳужжатлар бекор қилинганлиги, уларнинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги ёки тугатилганлиги тўғрисида маълумот бериши шарт.

Ички ишлар органлари паспортлар берилганлиги, шу жумладан, йўқотилган ёки амал қилиш муддати ўтган паспортлар ўрнига паспортлар берилганлиги фактлари ҳақида, бекор қилинган паспортлар тўғрисида ўзлари жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига ҳар ойда, шунингдек турар жойни ижарага бериш шартномаси, текин фойдаланишга бериш шартномаси мавжуд эмаслигининг ёки турар жойни ижарага бериш шартномасининг, текин фойдаланишга бериш шартномасининг мажбурий нотариал тасдиқланишига риоя этилмаганлигининг аниқланган фактлари ҳақида ўзлари жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига уч иш куни ичида маълум қилиши шарт.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар ҳар йили 1 февралгача ўзлари жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига тегишли ҳудудда жойлашган ер участкаси ва бошқа кўчмас мулк, унинг мулкдорлари (эгалари) тўғрисида 1 январь ҳолатига кўра маълумот бериши, шунингдек ер участкаси ва бошқа кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар йил давомида юзага келганда - мазкур кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан ўн кун ичида маълум қилиши шарт.

Сув ресурсларини ҳисобга олувчи органлар сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли жойидаги давлат солиқ хизмати органларига 1 февралдан кечиктирмасдан ўтган йил якунлари бўйича ўлчов асбобларисиз фойдаланилган сув ҳажмлари тўғрисида хабар қилиши шарт.

Давлат нотариал идоралари тегишинча кўчмас мулк олди-сотди шартномалари, мол-мулк ижараси шартномалари тасдиқланганлиги ва ижара ҳақи миқдори, шунингдек мерос қилиб олиш ёки ҳадя тарзида фуқароларнинг мулкига ўтаётган мол-мулк қиймати тўғрисида кўрсатилган нотариал ҳаракатлар амалга оширилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ўзлари жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига маълум қилиши шарт.

Ер ресурсларини ҳисобга олувчи ва (ёки) баҳоловчи органлар ер участкасига нисбатан ҳуқуқи юзага келган (тугатилган) шахсларни кўрсатган ҳолда ер участкасига нисбатан ҳуқуқ берилганлиги (тугатилганлиги) ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қиймати тўғрисида ер участкаси жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига маълум қилиши шарт.

Фойдаланишга берилган ер қаъри участкаларининг давлат ҳисоби юритилишини амалга оширувчи ва (ёки) ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар ўзлари жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига ер қаъри участкаси жойлашган ер ҳамда мазкур ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган шахс тўғрисидаги ахборотни ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи рўйхатдан ўтказилган (ҳисобга олинган) кундан эътиборан ўн кун ичида маълум қилиши шарт.

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмасдан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига ўзи ва инвестиция воситачилари томонидан рўйхатга олинган акцияларга доир битимлар тўғрисидаги ахборотни тақдим этиши шарт.

Банклар юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга фақат улар давлат солиқ хизматининг тегишли органида ҳисобга қўйилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатган тақдирда банк ҳисобварақлари очиши мумкин ва ҳисобварақлар очилганлиги тўғрисида ўша органга кейинги кундан кечиктирмай маълум қилиши шарт. Қонунда назарда тутилган ҳолларда банклар давлат солиқ хизмати органларига бошқа маълумотларни ҳам тақдим этади.

Божхона органлари ҳар ойда экспорт-импорт операциялари, шунингдек товарлар ҳаракати ҳақидаги маълумотни давлат солиқ хизмати органларига маълум қилиши шарт.

Солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари юзага келганлиги тўғрисида ахборот тақдим этиш тартиби ушбу моддада назарда тутилган органлар билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланади. 


14-БОБ. СОЛИҚ ТЕКШИРУВЛАРИ


85-модда. Солиқ текшируви тушунчаси ва шакллари


Солиқ текшируви давлат солиқ хизмати органлари томонидан, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса, прокуратура органлари томонидан амалга ошириладиган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бажарилишини текширишдир.

Солиқ текшируви солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолияти текшируви (тафтиши) ва қисқа муддатли текширув шаклида амалга оширилади.

Солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолияти текшируви (тафтиши) солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида солиқ тўловчининг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ҳамда бошқа ҳужжатларини ўрганиш ва таққослашдир.

Қисқа муддатли текширув солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш билан боғлиқ бўлмаган, унинг айрим операцияларининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги текширувидир.


86-модда. Солиқ текширувларининг турлари

Солиқ текширувлари қуйидаги турларга бўлинади:

режали солиқ текшируви;

режадан ташқари солиқ текшируви.

Солиқ тўловчи молия-хўжалик фаолиятининг режали солиқ текшируви (тафтиши) - текширувларни амалга оширишнинг назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли орган томонидан тасдиқланган мувофиқлаштириш режаси асосида ўтказиладиган текширувдир.

Режадан ташқари солиқ текшируви - юридик шахс тугатилиши муносабати билан ўтказиладиган солиқ тўловчи молия-хўжалик фаолиятининг солиқ текшируви (тафтиши), шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли орган қарорига кўра ўтказиладиган қисқа муддатли текширувдир.



87-модда. Солиқ текширувларининг иштирокчилари


Давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахслари ва солиқ тўловчи солиқ текширувларининг иштирокчиларидир. Солиқ текширувларида солиқ тўловчининг вакили иштирок этиши мумкин.

Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда солиқ текширувига солиқ текшируви натижасидан манфаатдор бўлмаган эксперт, таржимон ва холислар жалб этилиши мумкин.

Тадбиркорлик фаолияти субъектлари бирлашмаларининг аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг солиқ текширувлари тадбиркорлик фаолияти субъектлари сўровига кўра мазкур бирлашмалар вакилларининг иштирокида амалга оширилиши мумкин. 


88-модда. Солиқ текширувини ўтказиш учун асос


Режали солиқ текширувини ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:

текширувларни амалга оширишнинг мувофиқлаштириш режасидан олинган, назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли орган ёки унинг тегишли ҳудудий бўлинмаси томонидан берилган кўчирма. Бунда кўчирма унинг аслига тўғри эканлиги кўрсатилган ҳолда тегишли имзо ва муҳр билан тасдиқланган бўлиши лозим;

текширувларни амалга оширишнинг мувофиқлаштириш режаси асосида давлат солиқ хизмати органининг текширувни мақсадлари, текширувчи мансабдор шахслар таркиби, текшириладиган давр ва текширув ўтказиш муддатлари кўрсатилган буйруғи.

Ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, режадан ташқари солиқ текширувини ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:

назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли органнинг текшириладиган объектнинг номи, солиқ тўловчининг идентификация рақами, текширувнинг мақсадлари, текширув ўтказиш муддатлари ва уни асословчи сабаблар кўрсатилган текширув ўтказиш тўғрисидаги қарори;

давлат солиқ хизмати органининг назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли орган қарори асосида чиқарган текширувни ўтказиш мақсадлари, муддатлари ва текширувчи мансабдор шахслар таркиби кўрсатилган ҳолдаги буйруғи.

Бозорларнинг, савдо комплексларининг ҳудудларида ва уларга туташ бўлган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида бир марталик йиғимлар, ижара ҳақи тўлиқ тушишига ва топширилиши ҳисобга олинишига, фискал хотирали назорат-касса машиналаридан, тўловларни пластик карточкалар асосида қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланилишига, шунингдек савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишига тааллуқли қисқа муддатли текширувлар ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:

назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли органнинг текширув ўтказиш тўғрисидаги текшириладиган объектнинг номи, солиқ тўловчининг идентификация рақами, текширувнинг мақсадлари, текширув ўтказиш муддатлари ва уни асословчи сабаблар кўрсатилган қарори;

давлат солиқ хизмати органининг қонун ҳужжатларида ваколат берилган бўлинмаси бошлиғининг назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли органнинг қарори асосида чиқарилган, текширув ўтказиш мақсадлари, муддатлари ва текширувчи мансабдор шахсларнинг таркиби кўрсатилган ҳолдаги буйруғи.

Тугатилаётган юридик шахсни режадан ташқари солиқ текширувидан ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:

тугатувчининг ёки юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг юридик шахс тугатилиши тўғрисидаги ёзма билдириши;

давлат солиқ хизмати органининг текширув мақсадлари, текширув ўтказиладиган муддатлар ва текширувчи мансабдор шахслар таркиби кўрсатилган буйруғи.



89-модда. Солиқ текширувларини ўтказиш муддатлари


Солиқ текширувини ўтказиш муддати ўттиз календарь кунидан ошмаслиги керак. Алоҳида ҳолларда бу муддат назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли органнинг қарори билан узайтирилиши мумкин, бунда ушбу қоида микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари - кичик тадбиркорлик субъектларига нисбатан татбиқ этилиши мумкин эмас.

Солиқ текшируви муддатларини узайтириш давлат солиқ хизмати органининг қўшимча буйруғи билан расмийлаштирилиб, унда олдинги буйруқнинг рўйхатдан ўтказиш рақами ҳамда санаси, текширув ўтказишга илгари жалб қилинган мансабдор шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилади.

Қисқа муддатли текширув ўтказиш муддати бир иш кунидан ошмаслиги керак.

Қисқа муддатли текширув ўтказиш муддатини узайтиришга йўл қўйилмайди.

Солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруқнинг ижроси суд томонидан тўхтатилган тақдирда, солиқ текширувини ўтказиш муддатини ҳисоблаш ҳам тўхтатилади.


90-модда. Солиқ текширувларини ўтказиш даврийлиги


Солиқ тўловчилар молия-хўжалик фаолиятининг режали солиқ текширувлари (тафтишлари) бир йилда кўпи билан бир марта, белгиланган нормалар ва қоидаларга ўз вақтида ҳамда тўлиқ ҳажмда риоя этаётган солиқ тўловчилар молия-хўжалик фаолиятининг режали солиқ текширувлари эса, икки йилда кўпи билан бир марта амалга оширилади, ушбу модданинг иккинчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Хусусий банк ва бошқа хусусий молия институтлари молия-хўжалик фаолиятининг режали солиқ текширувлари (тафтишлари) беш йилда кўпи билан бир марта, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари молия-хўжалик фаолиятининг режали солиқ текширувлари (тафтишлари) тўрт йилда кўпи билан бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятининг режали солиқ текширувлари (тафтишлари) уч йилда кўпи билан бир марта амалга оширилади.

Янги ташкил этилган микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки уч йил мобайнида режали солиқ текширувларидан ўтказилмайди, ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. 

Акциз тўланадиган товарлар ишлаб чиқарувчи янги ташкил этилган микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолияти, шунингдек микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларининг бюджет ҳамда марказлаштирилган маблағлар ва ресурслардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки икки йил мобайнида режали солиқ текширувларидан ўтказилмайди. 

Ушбу моддада кўрсатилган тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар молия йили мобайнида мунтазам равишда тўланмаган тақдирда, режали текширувлардан ўтказилиши мумкин. (ЎзР 29.12.2016 й. ЎРҚ-418-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)


91-модда. Солиқ текширувларини ўтказишга

доир қўшимча шартлар


Солиқ текширувлари фақат ушбу Кодекснинг 88-моддасида кўрсатилган асослар мавжуд бўлган тақдирда ўтказилади.

Давлат солиқ хизмати органи режали солиқ текшируви ўтказишнинг бошланиши ҳақида текширувни ўтказиш бошланишидан камида ўттиз календарь кун олдин тадбиркорлик субъектини текширувдан ўтказиш муддатлари ва предметини кўрсатган ҳолда, ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.

Тадбиркорлик субъекти томонидан белгиланган тартибда тақдим этилган молия ва солиқ ҳисоботини, шунингдек тадбиркорлик субъектининг фаолияти тўғрисида давлат солиқ хизмати органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатларни ўрганиш ҳамда таҳлил этиш асосида ўтказиладиган камерал назорат натижалари бўйича қоидабузарликлар аниқланган ҳоллардагина давлат солиқ хизмати органлари тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиши мумкин.

Солиқ текшируви ўтказилиши солиқ тўловчининг фаолиятини тўхтатиб қўймаслиги керак, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан бошқа туманларда (шаҳарларда) давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлик субъектларида солиқ текширувлари ўтказиш, уларнинг ишлаб чиқариш бинолари, савдо нуқталари ва хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш) жойи қаерда жойлашганлигидан қатъи назар, такрорлашга йўл қўйилмаган ҳолда, тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги тегишли давлат солиқ хизмати органлари билан бир вақтда амалга оширилади.

Солиқ текшируви давлат солиқ хизмати органи раҳбари ёки раҳбар ўринбосари томонидан тасдиқланган солиқ текшируви ўтказиш дастурига мувофиқ амалга оширилади.

Солиқ текширувини ўтказиш дастурида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

солиқ текшируви ўтказилаётганда ўрганиладиган масала ёки масалалар доираси;

солиқ текшируви солиқ тўғрисидаги қайси қонун ҳужжатларига риоя этилишини ўрганиш учун ўтказиладиган бўлса, шу қонун ҳужжатларининг рўйхати;

текширув туридан келиб чиққан ҳолда бошқа маълумотлар.

Солиқ текширувини ўтказиш дастурини тузиш қоидалари назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли орган билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланади.

Солиқ текшируви солиқ тўловчининг текширув ўтказилаётган йилдан бевосита олдинги кўпи билан беш календарь йилдаги фаолиятини қамраб олиши мумкин. Бунда тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар фақат охирги режали текширишдан кейинги, лекин янги текшириш ўтказилаётган йилдан бевосита олдинги беш календарь йилдан кўп бўлмаган даврни қамраб олади.

Солиқ текширувлари ўтказилаётганда давлат солиқ хизмати органлари ушбу Кодексда белгиланган тартибда солиқ тўловчининг ҳудуди ва жойларини текширишга, мол-мулкни инвентаризация қилишга, ҳужжатларни талаб қилиб олишга, ҳужжатлар ва предметларни олиб қўйишга, солиқ тўловчидан, шунингдек солиқ тўловчининг раҳбарлик вазифаларини ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарувини амалга ошираётган шахслардан, бошқа моддий жавобгар ходимларидан тушунтиришлар олишга, банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш чораларини кўришга, экспертни жалб этиш ва экспертиза тайинлашга, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишлари бартараф этилишини талаб қилишга, ушбу Кодексда ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга оширишга ҳақлидир.

Солиқ текширувлари ўтказилаётган даврда текширилаётган даврнинг солиқ ҳисоботига солиқ тўловчи томонидан ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.



15-БОБ. СОЛИҚ ТЕКШИРУВЛАРИНИ

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


92-модда. Солиқ текширувини ўтказишнинг бошланиши.

Давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахсларининг

солиқ текшируви ўтказиладиган ҳудудга ва жойга кириши


Давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахси солиқ текширувини ўтказишни бошлашдан олдин, нақд пул тушумларига тааллуқли масалалар юзасидан қисқа муддатли текширув ўтказилаётганда эса солиқ текшируви тугаллангунига қадар:

солиқ тўловчини солиқ текширувининг мақсади билан таништириши;

ўз хизмат гувоҳномасини, шунингдек текширишларни ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳномасини кўрсатиши; 

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширишларни қайд этиш дафтарини тўлдириши;

солиқ тўловчига хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишларни амалга оширишнинг мувофиқлаштириш режасидан кўчирма нусхасини ёки назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли органнинг режадан ташқари солиқ текшируви (ушбу Кодекс 88-моддасининг тўртинчи қисмида кўрсатилган асослар бўйича ўтказиладиган режадан ташқари солиқ текшируви бундан мустасно) ўтказиш тўғрисидаги қарори кўчирма нусхасини, шунингдек давлат солиқ хизмати органининг тегишли солиқ текшируви тайинланганлиги тўғрисидаги буйруғининг ҳамда солиқ текширувини ўтказиш дастурининг кўчирма нусхаларини топшириб, тилхат олиши шарт.

Ушбу модда биринчи қисмининг бешинчи хатбошисида кўрсатилган ҳужжатлар солиқ тўловчига топширилган пайт солиқ текширувини ўтказиш бошланган пайт деб ҳисобланади. Солиқ тўловчининг мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортганлиги солиқ текширувини бекор қилиш учун асос бўлмайди. Солиқ тўловчи мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахси томонидан унинг ўзи ва солиқ тўловчи имзолайдиган далолатнома тузилади. Солиқ тўловчи ушбу далолатномани имзолашдан бош тортган тақдирда, бу ҳақда далолатномага тегишли ёзув киритилади. Бундай ҳолда далолатнома имзоланган пайт солиқ текширувини ўтказишнинг бошланиши ҳисобланади.

Солиқ тўловчи давлат солиқ хизмати органининг солиқ текширувини ўтказаётган мансабдор шахсларини солиқ текширувини ўтказиш учун ҳудудга ва жойларга қўйиши шарт, ушбу модданинг тўртинчи ва саккизинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Солиқ тўловчи давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахсларини қуйидаги ҳолларда солиқ текширувини ўтказиш учун ҳудудга ва жойларга қўймасликка ҳақли, агар:

ушбу модда биринчи қисмининг бешинчи хатбошисида кўрсатилган ҳужжатлар топширилмаган ёки белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган бўлса, солиқ тўловчи уларни олишдан бош тортган ҳоллар бундан мустасно;

текширувчи мансабдор шахс текширувни тайинлаш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилмаган, ўз хизмат гувоҳномасини ва текширишларни ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳномасини кўрсатмаган бўлса;

солиқ текширувини ўтказишнинг буйруқда кўрсатилган муддатлари бошланмаган ёки ўтиб кетган бўлса;

текширувчи мансабдор шахс текширувларни қайд этиш дафтарини тўлдиришдан бош тортса.

Солиқ текширувини ўтказувчи давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахсига солиқ текширувини ўтказиш учун ҳудудга ва жойларга киришига тўсқинлик қилинганда, унинг ўзи ва солиқ тўловчи томонидан имзоланадиган далолатнома тузилади. Солиқ тўловчи мазкур далолатномани имзолашдан бош тортганда далолатномага тегишли ёзув киритилади.

Давлат солиқ хизмати органининг солиқ текширувини ўтказаётган мансабдор шахсларига солиқ тўловчининг ҳудудига ва жойига (турар жой бинолари бундан мустасно) киришига тўсқинлик қилганлик, худди шунингдек давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахсларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.

Давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахсларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликка тортилганлик солиқ текширувини бекор қилиш учун асос бўлмайди.

Солиқ текширувини ўтказаётган давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахсларининг қонунда белгиланган ҳоллардан ёки суд қарори асосида амалга ошириладиган ҳоллардан бошқа ҳолларда турар жойларга уларда яшовчи жисмоний шахсларнинг хоҳиш-иродасидан ташқари ёки унга қарши тарзда киришига йўл қўйилмайди.



93-модда. Ҳудудлар ва жойларни кўздан кечириш.

Мол-мулкни инвентаризациядан ўтказиш


Солиқ текширувини ўтказаётган давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари, зарурат бўлганда, солиқ тўловчи томонидан даромадлар олиш учун фойдаланилаётган ёки солиқ солиш объектлари билан боғлиқ ҳудудларни, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини ҳамда бошқа бинолар, шу жумладан жойларни кўздан кечириши, шунингдек солиқ тўловчининг мол-мулкини инвентаризациядан ўтказиши мумкин. Кўздан кечириш ўтказилаётганда солиқ текшируви қайси шахсга нисбатан амалга оширилаётган бўлса, ўша шахс ёки унинг вакили қатнашишга ҳақли. Кўздан кечириш ўтказилаётганда зарур ҳолларда фото ва киносуратга олиниши, видеоёзувга туширилиши, ҳужжатлардан кўчирма нусхалар олиниши мумкин, бу ҳақда баённомада кўрсатилади. Кўздан кечириш натижалари бўйича ушбу Кодекснинг 100-моддасида назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда баённома тузилади.

Солиқ текширувларини ўтказиш вақтида мол-мулкни инвентаризациядан ўтказиш бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


94-модда. Ҳужжатларни талаб қилиб олиш


Давлат солиқ хизмати органининг солиқ текширувини ўтказаётган мансабдор шахслари текширилаётган солиқ тўловчидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш, тўлаш билан боғлиқ, текширув мақсадларига тегишли ва текширилаётган даврга тааллуқли ҳужжатларни талаб