Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ташқи иқтисодий фаолият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Эркин индустриал-иқтисодий зоналар. Махсус индустриал зоналар /

"Навоий" эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудидаги алоҳида божхона режими тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.04.2009 й. 120-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2009 йил 23 апрелдаги

120-сон қарорига

1-ИЛОВА


"Навоий" эркин индустриал-иқтисодий зонаси

ҳудудидаги алоҳида божхона режими тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Навоий" эркин индустриал-иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда "Навоий" ЭИИЗ деб аталади) ҳудудидаги алоҳида божхона режимининг қўлланиш тартибини белгилайди.


2. "Навоий" ЭИИЗ ҳудуди божхона назорати зонаси ҳисобланади. Божхона назорати божхона қонун ҳужжатларига мувофиқ божхона органлари томонидан амалга оширилади.


3. Ушбу Низомнинг амал қилиши фақат "Навоий" ЭИИЗ ҳудудида "Навоий" ЭИИЗ қатнашчилари томонидан амалга ошириладиган фаолиятга татбиқ этилади.


4. Ушбу Низом мақсадлари учун қонун ҳужжатларида фойдаланиладиган тушунчалар қўлланилади.


5. Ҳар қандай товарларни ҳам "Навоий" ЭИИЗ ҳудудидаги хўжалик фаолияти қатнашчилари (кейинги ўринларда "Навоий" ЭИИЗ қатнашчилари деб аталади), ҳам "Навоий" ЭИИЗ қатнашчилари ҳисобланмайдиган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан "Навоий" ЭИИЗ ҳудудига олиб кириш ва "Навоий" ЭИИЗ ҳудудидан олиб чиқиб кетиш давлат божхона хизмати органларининг (кейинги ўринларда божхона органлари деб аталади) рухсати билан амалга оширилади.


6. "Навоий" ЭИИЗ қатнашчилари томонидан "Навоий" ЭИИЗ ҳудудига олиб кириладиган экспорт қилинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар, хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар (кейинги ўринларда ишлаб чиқариш учун товарлар деб аталади), келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар, эркин божхона зонасининг божхона режимида расмийлаштирилади. Бунда:

ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун хорижий товарларга нисбатан божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш учун йиғимлардан ташқари) ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланмайди;

Ўзбекистон товарлари божхона экспорт режимига мувофиқ товарларни олиб чиқиб кетишга нисбатан қўлланадиган шартларда жойлаштирилади.


7. Ишлаб чиқариш учун товарлар "Навоий" ЭИИЗ ҳудудида у фаолият кўрсатадиган муддат мобайнида туриши мумкин.


8. Ишлаб чиқариш учун товарлар билан ҳар қандай операцияларни, агар бундай операциялар "Навоий" ЭИИЗ ҳудудида инвестициялаш тўғрисидаги битим (кейинги ўринларда инвестициялаш тўғрисидаги битим деб аталади) шартларига мувофиқ бўлса, амалга оширишга йўл қўйилади.


9. Ишлаб чиқариш учун товарлар ва улардан фойдаланган ҳолда "Навоий" ЭИИЗ қатнашчилари томонидан ишлаб чиқарилган товарлар ҳисобланмайдиган, Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудида эркин муомалада турган товарлар "Навоий" ЭИИЗ ҳудудида эркин ҳаракат қилади ва унинг ҳудудидан эркин олиб чиқиб кетилади.



II. "НАВОИЙ" ЭИИЗ ҲУДУДИГА ОЛИБ КИРИЛАДИГАН

ВА УШБУ ҲУДУДДАН ОЛИБ ЧИҚИБ КЕТИЛАДИГАН

ТОВАРЛАРНИ БОЖХОНАДА НАЗОРАТ ҚИЛИШ ВА

БОЖХОНАДА РАСМИЙЛАШТИРИШ ХУСУСИЯТЛАРИ


10. Хорижий товарлар ҳисобланадиган ишлаб чиқариш учун товарлар:

уларга нисбатан божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш учун йиғимдан ташқари) ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланмасдан Ўзбекистон Республикаси ташқарисига олиб чиқиб кетиладиган тақдирда - қайта экспорт қилиш божхона режимида;

товарлар "Навоий" ЭИИЗ қатнашчилари бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш учун, тўланиши керак бўлган барча божхона тўловларини тўлатган ҳолда, берилган (бегоналаштирилган) тақдирда - эркин муомалага чиқариш божхона режимига жойлаштирилиши мумкин.


11. Ўзбекистон товарлари ҳисобланадиган ишлаб чиқариш учун товарлар "Навоий" ЭИИЗ қатнашчилари ҳисобланмайдиган шахсларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш учун берилганда (бегоналаштирилганда) белгиланган тартибда, божхона режимига ушбу режимда белгиланган шартларда жойлаштирилади.


12. "Навоий" ЭИИЗ қатнашчилари томонидан ишлаб чиқариладиган товарлар (кейинги ўринларда маҳсулотлар деб аталади) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқиб кетишда экспорт божхона режимига жойлаштирилади.

Бунда экспорт статистикасида уларни ишлаб чиқаришда фойдаланилган Ўзбекистон товарлари ҳисобланадиган товарлар ҳисобга олинмайди.


13. "Навоий" ЭИИЗ қатнашчилари ҳисобланмайдиган шахсларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш учун бериладиган (бегоналаштириладиган) маҳсулот белгиланган тартибда, эркин муомалага чиқариш режимига жойлаштирилади. Бунда:

сотиладиган миқдорда маҳсулот ишлаб чиқариш учун фойдаланилган хорижий товарларга (хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмларга) нисбатан божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш учун йиғимлардан ташқари) юкнинг божхона декларацияси қабул қилинган санада белгиланган ставкаларнинг 50 фоизи миқдорида тўланади;

сотиладиган миқдорда маҳсулот ишлаб чиқариш учун фойдаланилган Ўзбекистон товарларига (хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмларга) нисбатан ушбу товарлар эркин божхона зонаси божхона режимига жойланиши муносабати билан озод қилинган қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи тўланади.

Ушбу тўловлар, агар қонун ҳужжатларида янада имтиёзлироқ режим белгиланмаган бўлса, божхонада расмийлаштирилган санадан бошлаб 180 кун мобайнида тўланиши мумкин.


14. "Навоий" ЭИИЗнинг бир қатнашчиси ишлаб чиқариш учун ўз товарларини ва маҳсулотини "Навоий" ЭИИЗнинг бошқа қатнашчисига берган (бегоналаштирган) тақдирда божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш учун йиғимлардан ташқари) тўланмайди, лекин бу ҳолда ушбу товарларни божхонада расмийлаштириш уларнинг янги эгаси - "Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси учун амалга оширилади.


15. "Навоий" ЭИИЗ ҳудудида эркин божхона зонаси режимида турган ишлаб чиқариш учун товарлар эркин муомалага чиқариш режимига жойлаштирилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудининг ёки хорижий давлатларга экспортнинг қолган қисми учун товарларнинг келиб чиқиш мамлакатига қараб божхона тўловлари ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланади.


16. "Навоий" ЭИИЗ ҳудудида ишлаб чиқарилган товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш мақсадлари учун товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлашнинг Ўзбекистон Республикасида белгиланган қоидалари қўлланади.


17. "Навоий" ЭИИЗ қатнашчилари ҳар бир календарь йил бошлангунгача ўн беш кундан кечикмай ёзма шаклда божхона органига:

ишлаб чиқариш учун "Навоий" ЭИИЗ ҳудудига олиб кирилиши мўлжалланаётган товарлар тўғрисидаги маълумотларни (товарнинг номи, миқдори, Ўзбекистон Республикаси ТИФ ТН бўйича коди, қиймати, келиб чиқиш мамлакати);

ишлаб чиқариш учун товарлар (хорижий товарлар ва Ўзбекистон товарлари) ҳамда маҳсулотлар билан амалга ошириладиган операциялар ва бундай операцияларни амалга ошириш натижасида олинадиган маҳсулотни ишлаб чиқаришдаги уларнинг сарфлаш нормалари тўғрисидаги маълумотларни;

Ўзбекистон Республикаси ташқарисига олиб чиқиб кетишга, "Навоий" ЭИИЗнинг бошқа қатнашчисига ёки "Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси ҳисобланмайдиган шахсга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш учун бериш (бегоналаштириш) мўлжалланаётган маҳсулот тўғрисидаги (товарнинг номи, миқдори, Ўзбекистон Республикаси ТИФ ТН бўйича коди, хорижий товарлар ва Ўзбекистон товарларининг маҳсулот бирлигидаги таркиби, маҳсулот бирлигининг қиймати) маълумотларни маълум қилади.


18. "Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси ушбу Низомнинг 17-бандида назарда тутилган маълумотларни ўзгартиришга ҳақлидир, у бу тўғрида божхона декларацияси берилгунгача 15 кундан кечикмай божхона органига ёзма равишда хабар қилади.


19. "Навоий" ЭИИЗ ҳудудига олиб кирилаётган ишлаб чиқариш учун товарларнинг биринчи туркумига нисбатан "Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси ушбу Низомнинг 17-бандида назарда тутилган маълумотларни божхона декларацияси берилгунгача ўн беш кундан кечикмай маълум қилиши керак.


20. "Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси божхона органига тақдим этилгунгача ушбу Низомнинг 17-19-бандларида кўрсатилган маълумотларни "Навоий" ЭИИЗ бошқарув органлари билан товарлар тури, уларнинг миқдори ва улар билан амалга ошириладиган операцияларнинг инвестициялаш тўғрисидаги битим шартларига мувофиқлигини келишиб олади.


21. "Навоий" ЭИИЗ қатнашчисининг аризасида кўрсатилмаган ишлаб чиқариш учун товарлар эркин божхона режимига жойлаштирилмайди.


22. "Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси аризасининг шакли ва унда кўрсатиладиган маълумотларга қўйиладиган талаблар Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.


23. "Навоий" ЭИИЗ қатнашчилари ишлаб чиқариш учун олиб кириладиган, олиб чиқиб кетиладиган, сақланаётган, тайёрланаётган, қайта ишланаётган, сотиб олинадиган ва сотиладиган товарларнинг ҳамда "Навоий" ЭИИЗ ҳудудида улардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган товарларнинг ҳисобини олиб боришлари ва ушбу товарларга доир маълумотларни божхона органларига тақдим этишлари шарт.


24. Ишлаб чиқариш учун товарлар бўйича ва "Навоий" ЭИИЗ доирасида улардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариладиган товарлар бўйича содир бўлган ҳар қандай ўзгаришлар ҳисобга олиш ҳужжатларида акс эттирилади. Ҳисобга олиш ва ҳисобот шакли, шунингдек ҳисоботларни тақдим этиш тартиби ва муддатлари белгиланган тартибда:

бухгалтерия ҳисоботи бўйича - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан;

статистик ҳисобот бўйича - Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.


25. Эркин божхона зонаси божхона режимига жойлаштирилган товарлар, ушбу товарлар тижорат қимматини йўқотган тақдирда, божхона органи назорати остида йўқ қилиниши ёки "Навоий" ЭИИЗнинг бошқа қатнашчиси фойдасига бегоналаштирилиши мумкин, бу ҳолда йўқ қилиш ёки бегоналаштириш факти божхона органига тақдим этиладиган ҳисоботда акс эттирилади.


26. Товарларни божхонада баҳолаш учун Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини белгилашнинг умумий тартиби қўлланади, бунда қуйидаги хусусиятлар ҳисобга олинади:

олиб кириладиган товарларнинг битимдаги қийматини аниқлаш методи бўйича божхона қиймати аниқланган тақдирда битим қиймати, яъни, уларни "Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси ҳисобланадиган шахс томонидан "Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси ҳисобланмайдиган шахсга сотишда товар учун амалда тўланган ёки тўланиши керак бўлган нарх божхона қиймати ҳисобланади;

"Навоий" ЭИИЗ ҳудудида ишлаб чиқарилган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш мақсадлари учун товарларнинг "Навоий" ЭИИЗ ҳудудидан Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб чиқилиши ёки товарларни "Навоий" ЭИИЗ қатнашчилари ҳисобланмайдиган шахслар фойдасига бегоналаштирилиши муносабати билан божхона томонидан божхона декларацияси қабул қилинган кун баҳоланаётган товарларнинг божхона чегарасидан ўтказилган санаси ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига товарлар келтирилган жой "Навоий" ЭИИЗ ҳудудидан олиб чиқилган жой сифатида ёки товарларни Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан олиб чиқмасдан, товарларни "Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси ҳисобланмайдиган шахсга сотишда "Навоий" ЭИИЗ ҳудуди сифатида белгиланади.



III. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


27. "Навоий" ЭИИЗнинг фаолият кўрсатиши тўхтатилган тақдирда унинг ҳудудида бўлган ишлаб чиқариш учун товарлар бошқа эркин зонага ўтказилади ёхуд "Навоий" ЭИИЗнинг фаолият кўрсатиши тўхтатилган вақтдан бошлаб икки ой мобайнида бошқа божхона режимига ўтказилади.


28. Ушбу Низомнинг 27-бандида назарда тутилган муддат мобайнида кўрсатиб ўтилган товарлар божхона мақсадлари учун вақтинчалик сақлаш учун божхона режимида турган товарлар ҳисобланади.


29. Шахс "Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этилган тақдирда, шу жумладан, инвестициялаш тўғрисидаги битимнинг амал қилиши муддатидан олдин тўхтатилганлиги муносабати билан қатнашчи мақомидан маҳрум этилганда қатнашчига тегишли бўлган ишлаб чиқариш учун товарлар "Навоий" ЭИИЗнинг бошқа қатнашчиси фойдасига бегоналаштирилади ёхуд "Навоий" ЭИИЗ қатнашчилари реестрига шахснинг "Навоий" ЭИИЗнинг қатнашчиси мақомидан маҳрум этилгани тўғрисидаги ёзув киритилган санадан бошлаб икки ой мобайнида бошқача божхона режимига ўтказилади.


30. "Навоий" ЭИИЗ қатнашчиси мақомини йўқотган шахс ўзининг мулки бўлган ишлаб чиқариш учун товарларни бегоналаштирмаганда ёхуд уларни бошқача божхона режимига жойлаштирмаганда ушбу Низомнинг 29-бандида назарда тутилган муддат ўтиб бўлгач божхона органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ чора-тадбирлар кўради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 17-сон, 215-модда.





















































Время: 0.1687
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск