Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Прокуратура /

Нобанк кредит ташкилотларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат Қоидалари (АВ томонидан 28.10.2009 й. 2027-сон билан рўйхатга олинган 13.10.2009 й. Марказий банки Бошқарувининг 23/5-сон, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг 31-сон Қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 28 октябрда 2027-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг ва

Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ,

валютага оид жиноятларга ва жиноий

даромадларни легаллаштиришга

қарши курашиш департаментининг

2009 йил 13 октябрдаги

23/5, 31-сон қарорига

ИЛОВА



Нобанк кредит ташкилотларида жиноий фаолиятдан

олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни

молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат

ҚОИДАЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда), "Микрокредит ташкилотлари тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 й., 37-38-сон, 372-модда), "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 й., 9-сон, 160-модда) қонунларига мувофиқ нобанк кредит ташкилотларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида ички назоратни ташкил қилиш ҳамда амалга ошириш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


нобанк кредит ташкилот - Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган ва тегишли фаолият турини амалга ошириш лицензиясига эга бўлган ломбард ёки микрокредит ташкилоти;

ички назорат - нобанк кредит ташкилотининг махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши лозим бўлган операцияларни аниқлашга доир фаолиятидир;


Ички назорат хизмати - нобанк кредит ташкилотининг ички назоратнинг амалга оширилиши бўйича масъул бўлган махсус бўлинмаси;


масъул ходим - ички назоратнинг амалга оширилиши учун масъул шахс;


ички назорат тизими - мазкур Қоидалар ва ички қоидаларда белгиланган мақсадларга эришиш ва вазифаларни бажаришга қаратилган масъул ходим ёки Ички назорат хизматининг нобанк кредит ташкилотининг бошқа бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширадиган ҳаракатлари йиғиндиси;


ички қоидалар - нобанк кредит ташкилотларида ва унинг филиалларида ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилаб берувчи ички ҳужжатдир;


махсус ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш Департаменти номидан Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш Бошқармаси (кейинги ўринларда - Департамент);


мижоз - пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияни амалга ошириш тўғрисида нобанк кредит ташкилотига ариза билан мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахс;


мижознинг ҳақиқий эгаси - юридик шахс - мижознинг мулкдори ёки уни назорат қилувчи шахс, яъни мижоз ва (ёки) амалга оширилаётган операциядан манфаат кўрадиган шахсга нисбатан мулкий ёки назорат ҳуқуқига эга бўлган бир ёки бир неча шахслар;


операция иштирокчилари - мижозлар, уларнинг вакиллари ҳамда мижознинг операцияда иштирок этувчи ҳамкорлари;


гумонли операция - мазкур Қоидаларни жорий қилиш жараёнида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва (ёки) терроризмни молиялаштириш мақсадида амалга оширилганлиги тўғрисида нобанк кредит ташкилотида гумон уйғотувчи, уни шубҳали операциялар туркумига киритиш (киритмаслик) ҳақида қарор қабул қилгунга қадар бўлган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операция;


шубҳали операция - пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ, тайёрлаш, содир этиш жараёнида бўлган ёки содир этиб бўлинган, мазкур Қоидаларни жорий қилиш жараёнида нобанк кредит ташкилотида уни жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва (ёки) терроризмни молиялаштириш мақсадида амалга оширилганлиги тўғрисида шубҳа пайдо бўлган операция;


хабар қилиниши лозим бўлган операциялар - мазкур Қоидалар билан белгиланган шубҳалилик мезонлари ва аломатларидан фойдаланган ҳолда комплекс таҳлил асосида аниқланадиган ҳамда Департаментга хабар қилиниши лозим бўлган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар;


бир маротабалик операциялар - жисмоний шахслар томонидан бир маротабалик тартибда амалга ошириладиган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар;


мунтазам равишда амалга ошириладиган операциялар - таҳлил қилинадиган давр мобайнида мижоз томонидан мунтазам равишда амалга ошириладиган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар;


таҳлил қилинадиган давр - кейинги текширув босқичида нобанк кредит ташкилоти мижознинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларини таҳлил қиладиган ҳамда давомийлиги мижоз томонидан бажарилган операция турига кўра бир неча кундан бир неча ойгача бўлиши мумкин бўлган давр;


мижозларни лозим даражада текшириш - мижознинг ва қайси шахслар номидан иш кўраётган бўлса ўша шахсларнинг шахсини ҳамда ваколатларини текшириш, таъсис ҳужжатлари асосида мулк ва бошқарув тузилмасини ўрганиш орқали мижознинг ҳақиқий эгасини идентификациялаш, шунингдек мижоз томонидан амалга ошириладиган амалий иш муносабатлари ва операцияларни, уларнинг бундай мижоз ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида, доимий асосда ўрганишларни ўтказиш;


мижозни идентификациялаш - нобанк кредит ташкилоти томонидан мижозни лозим даражада текшириш мақсадида мижозлар ҳақидаги маълумотларни улар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида аниқлаш;


мижознинг ҳақиқий эгасини идентификациялаш - нобанк кредит ташкилоти томонидан қонун ҳужжатлари билан белгиланган таъсис ҳужжатлари (устав ва (ёки) таъсис шартномаси, низом) асосида мулк ва бошқарув тузилмасини ўрганиш орқали юридик шахс бўлган мижознинг мулкдори ёки уни назорат қилувчи шахсни аниқлаш;


жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатлар - Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чораларни ишлаб чиқиш гуруҳининг расмий баёнотларида халқаро молиявий тизимга хавф туғдирувчи ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тизимларида стратегик камчиликлари мавжуд деб белгиланган давлатлар ёки ҳудудлар;

оффшор ҳудуд - имтиёзли солиқ режимини тақдим қилувчи ва (ёки) молиявий операцияларни амалга оширишда улар ҳақидаги маълумотларни ошкор этмасликни ва тақдим қилмасликни кўзда тутувчи давлатлар ва ҳудудлар;


жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишда иштирок этувчи органлар - пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар фаолияти устидан контроль ва назорат қилиш функцияларига эга бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат қилувчи, лицензияловчи, рўйхатдан ўтказувчи ва бошқа давлат органлари.


3. Ички назорат тизими мақсади қуйидагилар ҳисобланади:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга йўналтирилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни самарали аниқлаш ва олдини олиш;

нобанк кредит ташкилотининг қасддан ёки қасддан бўлмаган ҳолда жиноий фаолиятга жалб қилинишига, унинг устав фонди (капитали)га жиноий фаолият натижасида олинган капиталнинг, шунингдек нобанк кредит ташкилотини бошқаришга жиноятчи шахсларнинг кириб келишига йўл қўймаслик;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш.


4. Ички назорат тизимининг асосий вазифалари:

қонун ҳужжатлари, мазкур Қоидалар ва ички қоидаларга мувофиқ мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

мижозларнинг ҳақиқий эгасини аниқлаш ва ўрганиш, шунингдек операцияни амалга оширишда фойдаланиладиган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкларнинг манбасини аниқлаш бўйича асосли ва кўрилиши мумкин бўлган чораларни амалга ошириш;

мазкур Қоидалар ва ички қоидалар билан белгиланган мезонлар асосида гумонли ва шубҳали операцияларни аниқлаш;

ички назоратни амалга ошириш давомида аниқланган шубҳали операциялар тўғрисидаги ахборотлар (ҳужжатлар)ни Департаментга ўз вақтида тақдим этиш;

алоҳида ҳолларда хабар қилиниши лозим бўлган операцияларни юридик ёки жисмоний шахс ҳисобварағига тушган пул маблағларини ҳисобга киритиш бўйича операцияларни истисно этганда, бу операция бажарилиши лозим бўлган санадан эътиборан уч иш кунига тўхтатиб туриш ҳамда бундай операция ҳақида операция тўхтатиб турилган куннинг ўзида Департаментни хабардор қилиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ маълумотларнинг маҳфийлигини таъминлаш;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек, идентификациялаш маълумотларини ва мижозларни лозим даражада текширишга доир материалларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар давомида сақланишини таъминлаш;

тегишли қарорлар қабул қилиш учун нобанк кредит ташкилоти раҳбариятини зарур бўлган аниқ ахборотлар ва материаллар билан оператив ва мунтазам равишда таъминлаб бориш;

шубҳали операциялар амалга оширилган ёки амалга оширишга бўлган уринишлар, шубҳали операцияларни амалга оширган мижозлар билан алоқадор шахслар (раҳбарлар, таъсисчилар) тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш, шунингдек бундай маълумотларни бошқа кредит ташкилотлари ҳамда давлат органлари билан қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзаро алмашиб бориш;

операцияларнинг анонимлигини оширувчи янги технологиялар ёрдамида қонунга хилоф иш қилиш, хусусан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва (ёки) терроризмни молиялаштириш учун нобанк кредит ташкилотлари хизматларидан фойдаланиш таҳдидининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилиши мақсадида зарур бўлган тадбирлар қўллаш;

нобанк кредит ташкилотлари фаолиятидаги жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга оид хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича тегишли чораларни кўриш;

сўровномалар бўйича мижозлар базасидан террорчилик фаолиятини молиялаштиришга алоқадор шахсларни аниқлашдан иборат.


5. Ички назорат тизими мақсад ва вазифаларига эришиш учун масъул ходим ёки Ички назорат хизмати қуйидагилар бўйича функцияларни бажаради:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва (ёки) терроризмни молиялаштириш учун нобанк кредит ташкилоти хизматларидан фойдаланиш таҳдидининг олдини олиш учун қонун ҳужжатларида, мазкур Қоидаларда ва ички қоидаларда кўзда тутилган чораларни кўриш;

нобанк кредит ташкилоти томонидан қонун ҳужжатлари ва ички қоидалар талабларига риоя этиш мониторингини амалга ошириш;

нобанк кредит ташкилоти фаолиятидаги қонун ҳужжатлари ва ички қоидалар талабларига риоя қилинмаганлиги бўйича аниқланган камчилик ва хатоларни бартараф этиш юзасидан раҳбарият кўриб чиқиши учун таклифлар тайёрлаш ва киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади), Департаментнинг ваколатли ходимлари, нобанк кредит ташкилотининг ички аудит хизмати ходимлари ва ташқи аудиторлар томонидан ўтказилган текширув жараёнида ички назорат тизимини ташкиллаштириш ва унинг фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этилишини мониторинг қилиш;

ички назоратни ташкил этиш, ходимлар томонидан қонун ҳужжатлари, мазкур Қоидалар ва ички қоидалар талаблари бузилиш ҳолатларини огоҳлантириш ва бартараф этиш масалалари бўйича Марказий банк ва Департамент билан ҳамкорлик қилиш.


6. Нобанк кредит ташкилотлари мазкур Қоидалар талабларидан келиб чиққан ҳолда, ички қоидаларни, қуйидагиларни акс эттирган ҳолда, ишлаб чиқиши лозим:

ички назорат тизимини ташкил этиш тартиби ва унинг тузилмаси;

мижозларни лозим даражада текшириш, шу жумладан, мижозларни ва уларнинг ҳақиқий эгасини идентификациялаш, шунингдек мижозларнинг операциялари устидан доимий мониторингни амалга ошириш қоидалари;

зарур бўлган ахборотни расмийлаштириш ва унинг маҳфийлигини таъминлаш тартиби;

Департаментга хабар қилиниши лозим бўлган операциялар тўғрисида ахборот тақдим этиш тартиби;

кадрларни тайёрлаш ва ўқитишга доир малака талаблари;

гумонли операцияларни аниқлашнинг қўшимча мезонлари ва уларнинг аломатлари;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга оид хатарларни аниқлаш, баҳолаш, уларни камайтириш ва расмийлаштириш бўйича тегишли чораларни кўриш тартиби ҳамда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар.

Нобанк кредит ташкилотининг ички қоидалари мазкур Қоидаларга мувофиқ бўлиши ҳамда аниқланган хатарлар ва уларнинг баҳосидан келиб чиқиб тузилиши керак. Ички қоидалар, уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар нобанк кредит ташкилотининг олий бошқарув органи ёки кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади.


II. ИЧКИ НАЗОРАТ ТИЗИМИНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШ


7. Ички назорат тизими нобанк кредит ташкилоти фаолиятининг жиҳатлари, асосий йўналиши, мижозлар базаси ва мижозлар ҳамда уларнинг операциялари билан боғлиқ хатарлар даражасини ҳисобга олган ҳолда ташкиллаштирилади.


8. Ички назорат тизими тузилмаси, шу жумладан, нобанк кредит ташкилотининг филиалларидаги тузилмаси ташкилотнинг юқори ёки кузатув бошқарув органининг қарори билан белгиланади ва Марказий банкнинг талабларига мувофиқ қайта кўриб чиқилиши лозим.


9. Ички назорат нобанк кредит ташкилотининг юқори ёки кузатув органи томонидан тайинланадиган масъул ходим ёки нобанк кредит ташкилотининг Ички назорат хизмати раҳбари ва ходимлари, шунингдек ташкилотнинг ҳар бир филиалидаги масъул ходим томонидан амалга оширилади.


10. Ички назорат хизмати ички назорат мақсадларига самарали эришиш ва вазифаларни унумли бажариш учун етарли миқдорда ходимлар билан шакллантирилади.

Ходимларининг ўртача йиллик сони 25 кишидан ортиқ бўлмаган ва филиалларга эга бўлмаган нобанк кредит ташкилотида масъул ходим функциялари ташкилот раҳбарига ёки бош бухгалтерга юклатилиши мумкин.


11. Масъул ходим ёки Ички назорат хизматининг раҳбари лавозимига тайинланувчи шахсдан қуйидагилар талаб қилинади:

нобанк кредит ташкилотлари фаолияти соҳасидаги жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини билиш;

бухгалтерия ҳисоби қоидалари ҳақидаги билимга эга бўлиш, шунингдек мунтазам равишда малакани ошириш бўйича махсус ўқув курсларида иштирок этиш.


12. Масъул ходим ёки Ички назорат хизмати раҳбари лавозимига қуйидаги шахслар тайинланиши мумкин эмас:

ўз фаолияти ва ахлоқида ишониб топширилган бўлинмани нотўғри бошқаргани ёки ишни виждонан юритмаганини намоён этган шахслар;

иқтисодиёт соҳасидаги жинояти учун аввал суд томонидан жиноий жавобгарликка тортилган шахслар.


13. Нобанк кредит ташкилоти ички назорат тизими тузилмасини шакллантириш, нобанк кредит ташкилотининг масъул ходимини ёки Ички назорат хизмати раҳбарини тайинлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилгандан сўнг 10 (ўн) кун муддат мобайнида, тайинланган шахслар тўғрисидаги сўровнома маълумотларини илова қилган ҳолда бу ҳақда Марказий банкка хабар бериши лозим.


14. Масъул ходим ёки Ички назорат хизмати раҳбари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ички назоратни амалга ошириш мақсадида нобанк кредит ташкилоти бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларидан керакли фармойиш берувчи ва бухгалтерия ҳужжатларини талаб қилиб олиш;

ички назоратни амалга ошириш мақсадида олинган ҳужжатлардан нусха кўчириш, нобанк кредит ташкилотининг электрон маълумотлар базаларида, локал ҳисоблаш тармоқлари ва автоном компьютер тизимларида сақланадиган файллар ва бошқа ёзувлардан нусхалар олиш;

нобанк кредит ташкилотининг бошқа бўлинмалари мутахассисларидан ёрдам сўраш ва олиш;

нобанк кредит ташкилоти бўлинмаларининг хоналарига кириш, шунингдек нобанк кредит ташкилоти ижро этувчи органи раҳбарининг ёзма рухсатномаси билан ҳужжатлар сақланиши учун фойдаланиладиган (архивлар), нақд пул ва қимматликлар сақланадиган (пул омбори), компьютер маълумотларини қайта ишлаш ва маълумотларни электрон шаклда ташувчи қурилмаларда сақлаш хоналарига кириш;

ижро этувчи орган раҳбарининг ёзма розилиги билан терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ бўлган операцияларни тўхтатиб туриш ҳақида нобанк кредит ташкилоти филиаллари раҳбарларига кўрсатмалар бериш;

мижозларнинг операцияларига нисбатан келгуси ҳаракатлари, жумладан, қонун ҳужжатларига мувофиқ мижоз ёки операция тўғрисида қўшимча маълумот олиш ёки мавжуд маълумотларни текшириш юзасидан нобанк кредит ташкилотининг ижро этувчи органига таклифлар тақдим этиш;

мазкур Қоидалар ва ички қоидаларга мувофиқ бошқа тадбирларни амалга ошириш.


15. Масъул ходим ёки Ички назорат хизмати раҳбари ва ходимлари нобанк кредит ташкилоти номидан тўлов (ҳисоб-китоб) ва бухгалтерия, шунингдек нобанк кредит ташкилоти зиммасига хатарлар келтирадиган бошқа ҳужжатларни имзолаш ёки ушбу ҳужжатларга имзо қўйиш орқали розилик билдириш (визалаш) ҳуқуқига эга эмас, мазкур Қоидаларнинг 10-бандининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолатлардан ташқари.


16. Масъул ходим ёки Ички назорат хизматининг раҳбари ва ходимлари ўз вазифаларини бажаришда қуйидагиларга мажбурдирлар:

ўз ваколати доирасида мазкур Қоидалар ва ички қоидалар билан юклатилган мақсадларга эришиш ва вазифаларни бажариш учун зарур чораларни кўриш;

нобанк кредит ташкилотининг тегишли бўлинмаларидан олинган ҳужжатларнинг сақланишини ва қайтарилишини таъминлаш;

ўз вазифаларини амалга оширишда олинган маълумотларнинг маҳфийлигига риоя қилиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга оид хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, уларни расмийлаштириш ва камайтириш бўйича тегишли чораларни кўриш;

мазкур Қоидалар ва ички қоидаларга мувофиқ бошқа мажбуриятларни амалга ошириш.


17. Масъул ходим ёки Ички назорат хизмати раҳбари бевосита нобанк кредит ташкилотининг ижро этувчи органи раҳбарига ҳисобдор ва нобанк кредит ташкилотининг бошқа бўлинмаларидан мустақилдир.

Нобанк кредит ташкилотининг филиали масъул ходими бевосита нобанк кредит ташкилотининг Ички назорат хизмати раҳбарига ҳисобдордир.


18. Нобанк кредит ташкилоти бўлинмаларининг ходимлари масъул ходимга ёки Ички назорат хизматига унинг вазифаларининг амалга оширилишида мазкур Қоидалар ва ички қоидаларга мувофиқ кўмаклашадилар.


19. Нобанк кредит ташкилотининг бўлинмалари ходимларининг масъул ходим ёки Ички назорат хизмати раҳбари ва ходимлари ўртасидаги ўзаро муносабат тартиби ички қоидалар билан белгиланади.


20. Ходимларнинг сўнгги янгиликларга, жумладан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришнинг ва терроризмни молиялаштиришнинг замонавий усуллари, услублари ва йўналишлари ҳақидаги ахборотга эга бўлишларини таъминлаш ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги қонун ҳужжатлари ва мажбуриятларнинг барча жиҳатларини аниқ тушунтириб бериш мақсадида нобанк кредит ташкилотлари мунтазам равишда ходимларни қайта тайёргарликдан ўтказишлари шарт.



III. МИЖОЗЛАРНИ ЛОЗИМ ДАРАЖАДА ТЕКШИРИШ


21. Нобанк кредит ташкилотлари қуйидаги ҳолларда мижозларни лозим даражада текшириш бўйича мустақил равишда чора-тадбирларни кўришлари керак:

а) фуқаровий-ҳуқуқий муносабатларга киришишда, жумладан:

грант ва текин тақдим қилинувчи бошқа маблағларни олганда;

қарз ва кредитларни олганда (жалб қилганда);

таъсисчилар (иштирокчилар, акциядорлар) таркибига янги шахслар кирганда;

мижоз операцияларни амалга ошириш бўйича ариза билан мурожаат қилганда;

учинчи шахслар мижознинг нобанк кредит ташкилоти олдидаги энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 10 бараварига тенг ёки ундан ортиқ бўлган суммадаги мажбуриятларини бажариш учун мурожаат қилганида;

б) мижоз энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 10 бараварига тенг ёки ундан ортиқ бўлган суммада бир марталик маслаҳат ёки ахборот хизматларидан фойдаланишни сўраб ариза билан мурожаат қилганда;

в) шубҳали операциялар ёки алоҳида ҳолларда хабар қилиниши лозим бўлган операциялар амалга оширилганда;

г) мижознинг шахси тўғрисида аввал олинган маълумотларнинг тўғрилигига шубҳалар мавжуд бўлганда.

22. Мижозни лозим даражада текшириш бўйича кўриладиган чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:

тегишли ҳужжатлар асосида мижознинг ва у қайси шахслар номидан иш кўраётган бўлса, ўша шахсларнинг шахсини ҳамда ваколатларини текширишни;

мижознинг ҳақиқий эгасини идентификациялашни;

мижоз томонидан амалга ошириладиган амалий иш муносабатлари ва пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни уларнинг бундай мижоз ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида доимий асосда ўрганиш ўтказишни.


23. Нобанк кредит ташкилоти томонидан мижоз ва мижознинг ҳақиқий эгасининг идентификацияси мазкур Қоидаларнинг 1 ва 2-иловаларида кўзда тутилган маълумотлар, шунингдек, операциялар ва бошқа битимларнинг бажарилиши учун асос ҳисобланувчи ҳужжатлар ва бошқа зарур маълумотлар асосида амалга оширилади.

Олинган ахборотларнинг (ҳужжатларнинг) ишончлилигига шубҳалар мавжуд бўлса, нобанк кредит ташкилотлари ушбу ахборотларни (ҳужжатларни) текшириш (верификациялаш) бўйича чораларни кўришлари лозим. Бундай ҳолатларда, нобанк кредит ташкилотлари мижозлар ҳақидаги ахборотларнинг (ҳужжатларнинг) ишончлилигини (ҳақиқийлигини) аниқлаштириш учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилишга ҳақли.

24. Мижозни ва операциянинг бошқа иштирокчиларини идентификациялаш имконини берувчи барча ҳужжатлар улар тақдим этилган санада кучини йўқотмаган бўлиши шарт.


25. Нобанк кредит ташкилоти томонидан жисмоний шахс - мижозни идентификациялаш шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки унинг ўрнини босадиган ҳужжат) асосида амалга оширилади. Бунда, нобанк кредит ташкилоти мустақил равишда бундай ҳужжатнинг асли билан танишиб чиқиши ва ушбу ҳужжатдан нусха олиши шарт.

26. Юридик шахс - мижозларга нисбатан мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирлар бажарилаётганда нобанк кредит ташкилотлари улардан давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатларни, раҳбарияти ҳақидаги, шунингдек таъсис ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларни олишлари лозим.

Агар мижоз ёки мижознинг ҳақиқий эгаси мулкчилик таркиби тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари татбиқ қилинувчи юридик шахс ҳисобланса, бундай юридик шахснинг таъсисчилари (акциядорлари, иштирокчилари)ни аниқлаш ва тасдиқлаш талаб этилмайди.


27. Нобанк кредит ташкилоти юридик шахс - мижозни батафсил ўрганиш мақсадида қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиши лозим:

мижознинг таъсисчилари (акциядорлари, иштирокчилари) таркибига, мижознинг устав фонди (капитали)нинг 10 фоиздан ортиқ улушига эгалик қилаётган шахсларни аниқлашга;

мижоз бошқаруви органлари тузилмасига ва уларнинг ваколатларига;

мижоз устав фонди (капитали)нинг рўйхатга олинган миқдорига.


28. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига нисбатан мижозларни лозим даражада текшириш чора-тадбирларининг ўтказилиши талаб қилинмайди.


29. Мижозни ва мижознинг ҳақиқий эгасини қайта идентификациялаш мажбурий ҳисобланмайди, агар ушбу мижоз ва мижознинг ҳақиқий эгаси мазкур Қоидаларга мувофиқ нобанк кредит ташкилоти томонидан аввал индентификацияланган бўлса.

Мижоз ва мижознинг ҳақиқий эгасини қайта идентификациялаш аввалги идентификациялаш натижасида олинган маълумотлар аниқлигига гумон туғилган ҳолларда амалга оширилиши лозим.


30. Мижоз ва мижознинг ҳақиқий эгасини идентификациялашда нобанк кредит ташкилоти олинган маълумотларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Департамент томонидан шакллантириладиган ва нобанк кредит ташкилотларига тақдим қилинадиган, мазкур Қоидаларнинг 37-бандида кўрсатилган шахслар рўйхати (кейинги ўринларда - Рўйхат) ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатлар рўйхати билан солиштириб чиқиши шарт.

Мижоз ва мижознинг ҳақиқий эгасини идентификациялаш жараёнида Рўйхатга киритилган шахслар аниқланган тақдирда нобанк кредит ташкилоти мазкур Қоидаларнинг VIII бобида ўрнатилган чора-тадбирларни амалга ошириши шарт.


31. Нобанк кредит ташкилотлари қуйидаги ҳолларда мижозга пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширишни рад этишга ҳақлидирлар:

юридик шахс бошқарув органи ёки юридик шахс номидан ишончномасиз фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган шахс ўзининг жойлашган ери (почта манзили) бўйича мавжуд бўлмаганида;

шак-шубҳасиз нотўғри бўлган ҳужжатлар тақдим этилганда ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ сўралаётган ҳужжатлар тақдим этилмаганда;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.


32. Нобанк кредит ташкилотларига қуйидагилар тақиқланади:

мижознинг шахсан ўзи ёки унинг вакили бўлмаган ҳолларда хизмат кўрсатиш;

сохта номдаги шахсларга хизматлар кўрсатиш;

мижознинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларисиз кредит ва қарз бериш ҳамда факторинг хизматларини амалга ошириш;

ломбардларда - мижознинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларисиз мулкларни сақлаш учун қабул қилиш.

33. Мижозни лозим даражада текширишни амалга оширишнинг имкони мавжуд бўлмаган тақдирда нобанк кредит ташкилоти Департаментга хабар бериш масаласини кўриб чиқиши ва иш муносабатларига киришишни ёки бундай мижознинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларини амалга оширишни рад этишга ёхуд у билан ҳар қандай иш муносабатларини тўхтатишга мажбур.

Нобанк кредит ташкилотлари:

юридик шахсларни лозим даражада текшириш жараёнида охир натижада мижознинг мулкдори бўлган ёки мижозни назорат қилувчи мижознинг ҳақиқий эгаси - жисмоний шахсни идентификациялаш бўйича, шу жумладан мижознинг ҳамда унинг таъсисчилари (акциядорлари, иштирокчилари)нинг мулк ва бошқарув тузилмасини ўрганиш орқали асосли ва имкони мавжуд бўлган чораларни кўришлари лозим;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатларда жойлашган ўзларининг шўъба ташкилотлари, филиаллари ва ваколатхоналари томонидан тегишли халқаро стандартларга риоя қилиниши устидан назоратни кучайтиришлари керак;

чет элдаги шўъба корхоналари, филиаллари ва ваколатхоналаридан улар жойлашган мамлакатлар қонунчилигида тегишли чоралар тақиқланганлиги сабабли, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича тегишли чораларни татбиқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, нобанк кредит ташкилотининг бош офисига ахборот берилишини талаб қилишга мажбурдирлар. Ўз навбатида нобанк кредит ташкилотлари бу ҳақда Марказий банкка ва Департаментга хабар бериши шарт.

Нобанк кредит ташкилотларининг чет элдаги шўъба корхоналари, филиаллари ва ваколатхоналари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишда халқаро стандартлар ва улар жойлашган мамлакат талабларига риоя қилишлари лозим.


IV. ГУМОНЛИ ВА ШУБҲАЛИ ОПЕРАЦИЯЛАР

МЕЗОНЛАРИ ВА АЛОМАТЛАРИ


34. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар қуйидаги мезон ва аломатларнинг бири мавжуд бўлганда гумонли операция деб тан олинади:

1) учинчи шахслар томонидан мижознинг нобанк кредит ташкилоти олдидаги энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараварига тенг ёки ундан ортиқ бўлган суммадаги мажбуриятларининг бажарилиши (мажбуриятларда шахсларнинг ўзгариши);

3) энг кам иш ҳақининг 1000 бараварига тенг бўлган ёки ундан ошадиган суммада нақд пул кўринишида кредит ёки қарз олиниши;

4) жисмоний ёки юридик шахслар - Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг операцияда иштирок этишлари;

5) операцияни амалга ошириш учун тақдим қилинган ҳужжатларнинг ҳақиқийлигига (ишончлилигига) гумон туғилиши ва (ёки) операция тўғрисидаги, шу жумладан, операция бажарувчи томонлардан бири ҳақидаги маълумотлар нобанк кредит ташкилотида мавжуд бўлган маълумотларга мувофиқ келмаслиги;

6) операцияни амалга ошириш учун ариза билан мурожаат қилинганда мижознинг хатти-ҳаракатларининг ғайриоддийлиги, масалан: асабийлашиши, иккиланиш, мижознинг хатти-ҳаракатларини бошқариб турувчи шахсларнинг мавжудлигида унинг агрессивлиги ёки унинг бошқа шахсларга арзимас сабаб юзасидан телефон орқали маслаҳат учун мурожаат қилиши;

7) мижознинг маҳфийлик масалалари юзасидан ғайриоддий ташвишланиши ёки нобанк кредит ташкилоти томонидан операция ҳақида сўралган маълумотларнинг мижоз томонидан асоссиз рад этилиши ёхуд тақдим этилишида ноўрин кечиктирилиши;

8) амалга оширилаётган операция бўйича мижоз ҳамкорларини аниқлаш имкони йўқлиги;

9) операция иқтисодий моҳиятга эга эмаслиги ҳамда юридик шахс ва (ёки) якка тартибдаги тадбиркор - мижоз фаолиятининг тавсифига ва турига мувофиқ келмаслиги;

10) мижоз томонидан операция амалга оширилишини асосланмаган ҳолда тезлаштиришни талаб қилиниши;

11) нобанк кредит ташкилоти иштирокида мижоз томонидан бажарилаётган операцияларнинг операцияларни амалга оширишнинг умумқабул қилинган амалиётига аниқ номувофиқлиги;

12) мижоз томонидан операциянинг аввал келишилган амалга ошириш схемасига унинг ижро қилиниши бевосита бошланишидан олдин, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулклар ҳаракат йўналишига тааллуқли бўлган жиддий ўзгартиришлар киритилиши.


35. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар қуйидаги мезон ва аломатларнинг бири мавжуд бўлганда шубҳали операция деб тан олинади:

1) операция бажарувчи томонлардан бири жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахс бўлса;

2) нобанк кредит ташкилоти томонидан хабар қилиниши лозим бўлган операциялар тоифасига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган гумонли операция.

3) мазкур банднинг 1 ва 2-кичик бандларида назарда тутилган мезон ва аломатларга эга бўлмаган, мазкур Қоидалар ва нобанк кредит ташкилотининг ички қоидалари билан белгиланган гумонли операциялар тоифасига кирмайдиган, бироқ жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва (ёки) терроризмни молиялаштиришга алоқадорлигига нобанк кредит ташкилотида шубҳа мавжуд бўлган операциялар.

36. Ички қоидалар билан гумонли операцияларнинг қўшимча мезонлари ва аломатлари белгиланиши мумкин.



V. АЛОҲИДА ҲОЛЛАРДА ХАБАР ҚИЛИНИШИ

ЛОЗИМ БЎЛГАН ОПЕРАЦИЯЛАР МЕЗОНЛАРИ


37. Операция бажарувчи томонларидан бири қуйидаги шахслар ҳисобланиши тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олинган ахборот мавжуд бўлганида ҳар қандай операция алоҳида ҳолларда хабар қилиниши лозим:

террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган юридик ёки жисмоний шахс;

террорчилик фаолиятини амалга ошираётган ёхуд амалга оширишда гумон қилинаётган ташкилотнинг бевосита ёки билвосита мулкдори бўлган ёхуд уни назорат қилаётган юридик ёки жисмоний шахс;

террорчилик фаолиятини амалга ошираётган ёки амалга оширишда гумон қилинаётган жисмоний шахснинг ёхуд ташкилотнинг мулкидаги ёки назорати остидаги юридик шахс.



VI. ХАТАР ДАРАЖАСИНИ АНИҚЛАШ ВА БАҲОЛАШ

38. Нобанк кредит ташкилоти мижоз томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ёки терроризмни молиялаштириш мақсадида операцияларни амалга оширилиши бўйича хатар даражасини (бундан буён матнда хатар даражаси деб юритилади) аниқлаш, баҳолаш ва уни камайтириш бўйича тегишли чоралар кўриши керак.

Хатар даражаси мижоз тақдим қилган тегишли ҳужжатлар асосида, мижознинг амалга оширадиган операциялари турлари ва мазкур Қоидаларда белгиланган мезонлар ҳамда мижозни лозим даражада текшириш натижаларини инобатга олган ҳолда масъул ходим томонидан аниқланади ва баҳоланади.

39. Нобанк кредит ташкилоти аввалдан қуйидаги мезонларга жавоб берадиган мижозларни юқори даражадаги хатар тоифасига киритиши ва уларга нисбатан кучайтирилган эътибор қаратиши лозим:

а) террорчилик фаолиятида иштирок этаётганлиги ёхуд террорчилик фаолияти билан шуғулланаётган шахсларнинг назорати остида эканлиги ёхуд террорчилик фаолияти билан шуғулланаётган ёки шуғулланишда гумон қилинаётган ташкилотнинг бевосита ёки билвосита мулкдори эканлиги ёхуд уни назорат қилаётганлиги тўғрисида мавжуд бўлган маълумотга тегишли шахслар;

б) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда ёхуд оффшор ҳудудда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахслар;

в) ҳақиқатда жойлашган жойи таъсис ёки рўйхатга олиш ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларга мувофиқ бўлмаган ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;

г) фаолият даври молиявий йилнинг бир чорагидан ошмаган ташкилот ва якка тартибдаги тадбиркорлар;

д) ҳақиқий эгаси мазкур банднинг "а" ва "б" кичик бандларида кўрсатилган шахслар ҳисобланган ташкилотлар;

е) мунтазам равишда (масалан, 3 ой давомида кетма-кет) шубҳали ёки гумонли операцияларни амалга оширувчи мижозлар;

е-1) мижозларнинг нобанк кредит ташкилоти олдидаги энг кам иш ҳақининг 10 бараварига тенг ёки ундан ортиқ бўлган суммадаги мажбуриятларини бажармоқчи бўлган шахслар;

ж) ички қоидаларда белгиланадиган бошқа шахслар.


40. Нобанк кредит ташкилоти қуйидаги мезонларга жавоб берадиган операцияларни юқори даражадаги хатар тоифасига киритиши ва уларга нисбатан кучайтирилган эътибор қаратиши лозим:

а) иштирокчилари мазкур Қоидаларнинг 39-бандининг "а" ва "б" кичик бандларида кўрсатилган шахслар ҳисобланган операциялар;

б) ички қоидаларда белгиланадиган бошқа операциялар.


41. Мижоз томонидан амалга оширилаётган операцияларнинг тавсифи ўзгарилишига қараб, нобанк кредит ташкилоти, зарур ҳолларда, у билан ишлаш бўйича хатар даражасини қайта кўриб бориши лозим. Нобанк кредит ташкилотлари барча мураккаб, ғайриоддий йирик миқдордаги операцияларга, шунингдек иқтисодий ёки қонуний мақсадсизлиги аниқ бўлган операцияни ғайриоддий амалга ошириш схемаларига кучайтирилган эътибор қаратишлари керак.



VII. ГУМОНЛИ ВА ШУБҲАЛИ ОПЕРАЦИЯЛАРНИ АНИҚЛАШ


42. Идентификациялаш жараёнида олинган маълумотлар, шунингдек мижоз билан ишлаш бўйича белгиланган хатар даражаси операцияларнинг мижоз фаолиятининг асосий йўналишларига мувофиқлигига ишонч ҳосил қилиш учун ва зарур ҳолларда маблағлар манбаларини ўрганиш учун ўтказиладиган мижозлар томонидан амалга ошириладиган (оширилган) операцияларнинг мониторингига асос бўлиб ҳисобланади.


43. Мижозлар операцияларининг жорий текшируви нобанк кредит ташкилотининг мижозларга бевосита хизмат кўрсатувчи (масъул ижрочилар, кассирлар ва шу каби) тегишли ходимлари томонидан, лавозим мажбуриятларига мувофиқ амалга оширилади. Мазкур ходимлар, гумонли операциялар аниқланган тақдирда бундай операциялар ҳақида бевосита ўз раҳбарига, масъул ходимга ёки Ички назорат хизматига ёзма равишда зудлик билан хабар беришлари шарт.

Мижозлар операцияларининг кейинги текшируви масъул ходим ёки Ички назорат хизмати томонидан жорий текширув жараёнида аниқланмайдиган шубҳали операцияларни аниқлаш мақсадида, мижознинг ўтган давр мобайнида бажарган операцияларини таҳлил қилиш орқали амалга оширилади.


44. Гумонли операциялар аниқланганда нобанк кредит ташкилотининг мижозларга бевосита хизмат кўрсатувчи ходимлари Ички назорат хизматининг топшириғига биноан зарур ҳолларда ўтказилаётган операция ҳақидаги қўшимча маълумотлар юзасидан мижозга мурожаат қиладилар.


45. Мижоз ва гумонли операция тўғрисидаги маълумотлар янада ўрганиб чиқилиши учун масъул ходимга ёки Ички назорат хизмати раҳбарига ёхуд нобанк кредит ташкилотининг филиали масъул ходимига тақдим этилади.

Нобанк кредит ташкилотининг филиали масъул ходими мижоз ва операция тўғрисидаги маълумотларни ўрганади ҳамда уларни Ички назорат хизмати раҳбарига юборади.


46. Асосли шубҳалар мавжуд бўлган тақдирда масъул ходим ёки Ички назорат хизмати раҳбари мижоз операциясини шубҳали деб ҳисоблаш тўғрисида қарор қилади.


47. Операцияларни шубҳали деб тан олиш ҳар бир алоҳида ҳолда мазкур Қоидаларда белгиланган шубҳали операцияларнинг мезонлари ва аломатларидан фойдаланган ҳолда комплекс таҳлил асосида амалга оширилади.


48. Мижоз операцияси шубҳали деб тан олингандан сўнг, масъул ходим ёки Ички назорат хизмати раҳбари нобанк кредит ташкилотининг мижозга нисбатан келгуси ҳаракатлари юзасидан, шу жумладан:

Департаментга шубҳали операция тўғрисида хабар бериш;

нобанк кредит ташкилотининг тегишли раҳбарларини ва унинг мижозлар билан бевосита фаолият юритадиган мутасадди бўлинмалари раҳбарларини операция шубҳали деб тан олинганлиги тўғрисида маълум қилиш;

мижоз тўғрисида қўшимча маълумот олиш;

мижоз билан ишлаш хатар даражасини қайта кўриб чиқиш;

мижоз билан операциялар амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратиш зарурияти;

қонун ҳужжатларига ва мижоз билан тузилган шартномага мувофиқ шартнома муносабатларини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилади.

Шубҳали операция ҳақидаги хабар нобанк кредит ташкилоти томонидан у аниқланган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ Департаментга берилади.


49. Ҳар бир хабар берилиши тўғрисидаги маълумот масъул ходим ёки Ички назорат хизматининг махсус журналида қайд этиб борилади.


50. Нобанк кредит ташкилотлари, шунингдек тегишли операциянинг шубҳали эканлигини тасдиқловчи ёки шубҳалилигини олиб ташловчи ҳар қандай маълумот юзасидан дарҳол Департаментга хабар беришлари зарур.



VIII. АЛОҲИДА ҲОЛЛАРДА ХАБАР БЕРИЛИШИ ЛОЗИМ

БЎЛГАН ОПЕРАЦИЯЛАР АНИҚЛАНГАНДА АМАЛГА

ОШИРИЛАДИГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР


51. Агар мижоз билан муносабатларни ўрнатиш даврида ёки ушбу муносабатларни амалга оширишда, ёхуд бир маротабалик операцияларни ўтказишда масъул ходимда ёки Ички назорат хизматида мазкур Қоидаларга мувофиқ операция алоҳида ҳолларда хабар қилиниши лозимлиги тўғрисида шубҳалар пайдо бўлса, масъул ходим ёки Ички назорат хизмати раҳбари қуйидагилар бўйича чора-тадбирларни кўришлари лозим:

мижоз ва мижознинг ҳақиқий эгасини батафсил идентификациялаш;

юридик ёки жисмоний шахс ҳисобварағига тушган пул маблағларини ҳисобга киритиш бўйича операцияларни истисно этганда, бу операция бажарилиши лозим бўлган санадан эътиборан уч иш кунига тўхтатиб туриш тўғрисида асослантирилган фармойиш қабул қилиш;

операция тўхтатиб турилган куннинг ўзида операция тўғрисидаги хабарни Департаментга юбориш учун тайёрлаш;

операция ҳақидаги маълумотни масъул ходим ёки Ички назорат хизматининг махсус журналига киритиш.


52. Операцияни тўхтатиш фақатгина нобанк кредит ташкилотида мижоз тўғрисидаги мавжуд ахборотлар Рўйхатдаги маълумотлар билан тўлиқ мос келган тақдирда амалга оширилади.


53. Операция тўхтатилган тақдирда мижознинг топшириғи асосида ҳисобварақлардан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш амалга оширилмайди.

Мижоз топшириғи операциялари тўхтатилган мижозларнинг топшириқлари рўйхатга олинадиган алоҳида журналда рўйхатга олиниши, шунингдек операция тўхтатилиши муддати тугагунига қадар махсус жилдга жойлаштирилиши лозим.

Операциялари тўхтатилган мижозларнинг топшириқларини рўйхатга олиш учун алоҳида журналда тўхтатилган операцияни, шунингдек ушбу операция иштирокчиларини идентификациялаш имконини берувчи маълумотлар қайд этиб борилади.


54. Департаментнинг операцияни икки иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ҳақидаги кўрсатмаси мавжуд бўлганда, нобанк кредит ташкилоти уни кўрсатилган муддатгача тўхтатади.



IX. НОБАНК КРЕДИТ ТАШКИЛОТЛАРИ ТОМОНИДАН

ДЕПАРТАМЕНТ СЎРОВЛАРИНИНГ БАЖАРИЛИШИ


55. Департамент жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни, шу жумладан, нобанк кредит ташкилотининг автоматлаштирилган ахборот, маълумотнома тизимларидан ҳамда маълумотлар базаларидан сўраш ва бепул олиш ҳуқуқига эга.


56. Нобанк кредит ташкилотлари Департаментнинг сўровлари бўйича қўшимча маълумотларни тақдим қиладилар.


57. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишда иштирок этувчи хорижий органлар сўров билан Департаментга мурожаат қиладилар. Департамент Марказий банк орқали тегишли сўровни нобанк кредит ташкилотларига тақдим этади. Нобанк кредит ташкилотлари бундай сўров асосида сўралаётган барча маълумотни Департаментга тақдим этадилар.



X. ИЧКИ НАЗОРАТНИ АМАЛГА ОШИРИШ НАТИЖАСИДА

ОЛИНГАН МАЪЛУМОТЛАР ВА ҲУЖЖАТЛАРНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ, САҚЛАШ ВА

МАҲФИЙЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ


58. Мижозларни лозим даражада текшириш билан боғлиқ бўлган, тўлиқ ёки қисман хорижий тилда тузилган ҳужжатлар, зарур ҳолларда, нобанк кредит ташкилоти томонидан давлат тилига ёки рус тилига таржимаси билан талаб этилиши шарт.


59. Тақдим қилинган ҳужжатлар нусхаларининг тўғрилигига гумон ва бошқа зарурат пайдо бўлган тақдирда, нобанк кредит ташкилоти танишиш учун ҳужжатларнинг асл нусхаларининг тақдим қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.


60. Мижозни лозим даражада текшириш жараёнида олинган мижоз тўғрисидаги маълумотлар мазкур Қоидаларнинг 3-иловасига мувофиқ шакл бўйича тузиладиган мижоз сўровномасида қайд этилади. Нобанк кредит ташкилоти ички қоидаларга мувофиқ мижоз сўровномасига бошқа маълумотларни киритиш ҳуқуқига эга.


61. Сўровномалар махсус дастурлар ёрдамида барча мижозлар бўйича электрон шаклда тўлдирилади. Шубҳали операцияларни амалга оширувчи ва юқори даражадаги хатар тоифасига киритилган мижозлар бўйича сўровномалар қоғоз шаклида ҳам тўлдирилади.

Электрон шаклда тўлдирилган мижоз сўровномаси қоғоз шаклида чиқарилганда нобанк кредит ташкилотининг бош бухгалтери ёки у бўлмаган тақдирда, унинг муовини томонидан тасдиқланади.

62. Мижозлар сўровномалари мижозлар мақоми бўйича (юридик ва жисмоний шахслар бўйича) хронологик тартибда алоҳида жилдларда тикиб борилади ва масъул ходим ёки Ички назорат хизмати томонидан сақлаб борилади.

Электрон шаклда тўлдирилган сўровномалар нобанк кредит ташкилотининг мижозларнинг идентификациясини амалга оширувчи ходимларига мижоз тўғрисидаги маълумотларни текшириш учун доимий режимда тезкор фойдаланиш имкониятини берувчи электрон базада сақланади.


63. Мижоз сўровномаси нобанк кредит ташкилотида мижоз билан муносабатлар тўхтатилган кундан бошлаб беш йилдан кам бўлмаган муддат давомида сақланади.


64. Мижоз сўровномасида кўрсатиладиган маълумотларнинг ўзгаришига, шунингдек у томонидан амалга оширилаётган молиявий операцияларнинг тавсифи ўзгаришига қараб, нобанк кредит ташкилотлари зарур ҳолларда мижоз билан ишлаш бўйича хатар даражасини қайта кўриб бориши лозим.


65. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги ахборот зарурат туғилган тақдирда операция тафсилотларини қайта тиклаш мумкин бўлган тарзда расмийлаштирилиши лозим.


66. Нобанк кредит ташкилотлари пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек идентификациялаш маълумотларини ва мижозларни лозим даражада текширишга доир материалларни ҳамда хизмат ёзишмаларини қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар давомида, лекин операциялар амалга оширилганидан ёки мижозлар билан амалий иш муносабатлари тўхтатилганидан кейин камида беш йил мобайнида сақлашлари шарт.

Масъул ходим ёки Ички назорат хизмати фаолиятида фойдаланилган барча ҳужжатларга (Марказий банк ва Департамент билан ёзишмалар, жумладан тақдим этилган хабарларнинг қоғоз ва электрон шаклдаги нусхалари, мижозларнинг қоғоз ва электрон сўровномалари, журналлар ва бошқа) кириш имкониятини чеклаш мақсадида бундай ҳужжатлар ва уларнинг рўйхати бевосита масъул ходим томонидан махсус жиҳозланган хонада ёки ёнмайдиган ва муҳрланадиган сейфда сақланиши керак.

Электрон шаклдаги ҳужжатлар дастурлаш йўли асосида архивлаштирилиши, электрон ахборот ташувчи воситаларга ёзилиши ва масъул ходим томонидан уларнинг рўйхати билан бирга ёнмайдиган ва муҳрланадиган сейфда сақланиши керак.

66-1. Масъул ходим ёки Ички назорат хизмати фаолиятида фойдаланилган ҳужжатлар қуйидаги муддатлар мобайнида сақланиши керак:

Департаментга тақдим этилган хабарларнинг қоғоз ва электрон шаклдаги нусхалари - 5 йил;

гумонли ва шубҳали операцияларни рўйхатга олиш китоблари - улар янгиси билан алмаштирилгандан кейин 5 йил;

Марказий банк, Департамент ва нобанк кредит ташкилотининг бошқа бўлинмалари билан ёзишмалар - 5 йил.

67. Нобанк кредит ташкилотлари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган ахборотга кириш имкониятини чеклайдилар, унинг тарқалиб кетмаслигини таъминлайдилар ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг операциялари ҳақида Департаментга хабар берилганлиги тўғрисида маълум қилиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Нобанк кредит ташкилоти ички назорат вазифаларини бажариш жараёнида олинган маълумотларни нобанк кредит ташкилоти ходимлари томонидан ошкор қилинмаслигини (ёки улардан шахсий мақсадда ёхуд учинчи шахслар манфаатларида фойдаланмаслигини) таъминлайди.


68. Учинчи шахсларга маълумотлар, шу жумладан, мижознинг идентификация маълумотлари таркибидан иборат бўлган сўровномадан маълумотлар тақдим қилиниши қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


69. Мижозни лозим даражада текшириш ва идентификациялаш натижасида олинган маълумотлар, нобанк кредит ташкилоти мижоз томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришни амалга ошириш хатари юқори деб баҳолаган тақдирда камида бир йилда бир маротаба ҳамда бошқа ҳолларда камида уч йилда бир маротаба янгиланиб борилиши лозим.



XI. НОБАНК КРЕДИТ ТАШКИЛОТИНИНГ, МАСЪУЛ

ХОДИМНИНГ, ИЧКИ НАЗОРАТ ХИЗМАТИ ВА БОШҚА

БЎЛИНМАЛАР РАҲБАР ВА ХОДИМЛАРИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ


70. Нобанк кредит ташкилотлари, масъул ходим, Ички назорат хизмати ва ташкилотнинг бошқа бўлинмаларининг раҳбар ва ходимлари мазкур Қоидаларни бузганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.


71. Қонун ҳужжатлари, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини нобанк кредит ташкилоти ходимлари томонидан операцияларни амалга ошириш жараёнида бузиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги тўғрисида далиллар маълум бўлиб қолган нобанк кредит ташкилоти ходимлари ушбу далилларни дарҳол масъул ходимга ёки Ички назорат хизматига ёзма равишда етказадилар.



XII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


72. Нобанк кредит ташкилотлари томонидан мазкур Қоидалар талабларига риоя этилиши устидан мониторинг ва назорат Марказий банк томонидан ва зарур ҳолларда Департамент билан биргаликда амалга оширилади.


73. Нобанк кредит ташкилотининг ижро этувчи органи ички ва ташқи вазиятларнинг ўзгаришини инобатга олган ҳолда, нобанк кредит ташкилотининг ички назорат тизимини доимий равишда мониторинг қилиб боради ва самарадорлигини баҳолаб боради, шунингдек зарур ҳолда самарали ишлашини таъминлаш учун унинг фаолиятини кучайтиради.

Нобанк кредит ташкилотида ички аудит хизмати мавжуд бўлганда, масъул ходим ёки Ички назорат хизматининг фаолияти самарадорлигини мониторинги ички аудит хизмати томонидан амалга оширилади.

74. Нобанк кредит ташкилотининг ижро этувчи органи раҳбари ички назорат тизими камчиликлари аниқланган тақдирда ушбу камчиликларнинг ўз вақтида бартараф қилинишини таъминлаши лозим.






Қоидаларга

1-ИЛОВА



Жисмоний шахсларни

идентификациялашда зарур бўлган

МАЪЛУМОТЛАР


1. Фамилияси, исми, отасининг исми.


2. Туғилган санаси ва жойи.


3. Фуқаролиги.


4. Доимий ва (ёки) вақтинчалик яшаш жойи.


5. Паспорт ёки унинг ўрнини босадиган ҳужжат реквизитлари: ҳужжат серияси ва рақами, ҳужжат берилган сана, ҳужжатни берган орган номи.


6. Солиқ тўловчининг идентификацион рақами (агар мавжуд бўлса).


7. Уй телефони рақами (агар мавжуд бўлса).






Қоидаларга

2-ИЛОВА



Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни

идентификациялашда зарур бўлган

МАЪЛУМОТЛАР


1. Юридик шахсларни идентификациялашда зарур бўлган маълумотлар.

а) тўлиқ, шунингдек агар, давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномасида кўрсатилган бўлса, қисқартирилган номи;

б) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумот: сана, рақам, рўйхатга олувчи орган номи;

в) солиқ тўловчининг идентификацион рақами;

г) жойлашган ери (почта манзили);

д) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган бошқа маълумотлар;

е) лицензияланиши лозим бўлган фаолият турларини амалга ошириш учун мавжуд бўлган лицензиялар тўғрисида маълумотлар: фаолият тури, лицензиянинг рақами ва берилган санаси, ким томонидан берилганлиги, амал қилиш муддати;

ж) юридик шахс номидан иш кўрувчи жисмоний шахснинг идентификацияси тўғрисидаги маълумотлар;

з) юридик шахс таъсисчилари (акциядорлари, иштирокчилари) ҳақидаги ҳамда уларнинг устав фонди (капитали)даги улушлари тўғрисидаги маълумотлар;

и) рўйхатга олинган ва тўланган устав фонди (капитали) миқдори тўғрисидаги маълумотлар;

к) юридик шахс бошқарув органлари (юридик шахснинг бошқарув органларининг тузилмаси ва шахсий таркиби) тўғрисидаги маълумотлар;

л) телефон рақамлари.


2. Якка тартибдаги тадбиркорларни идентификациялашда зарур бўлган маълумотлар:

а) мазкур Қоидаларнинг 1-иловасида кўзда тутилган маълумотлар;

б) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумот: сана, рақам, рўйхатга олувчи орган номи;

в) фаолият амалга ошириладиган жой;

г) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган бошқа маълумотлар;

д) фаолият турларини амалга ошириш учун мавжуд гувоҳномалар ва лицензиялар тўғрисидаги маълумотлар: фаолият тури, лицензия рақами, берилган санаси, ким томонидан берилганлиги, амал қилиш муддати;

е) телефон рақамлари.






Қоидаларга

3-ИЛОВА



Мижоз сўровномасида кўрсатиладиган

МАЪЛУМОТЛАР


1. Мижозни идентификациялаш жараёнида олинган, мазкур Қоидаларнинг 1, 2-иловаларида кўрсатилган маълумотлар.


2. Хатар даражаси ҳақида маълумот, шу жумладан, хатарни баҳолаш асослари.


3. Нобанк кредит ташкилоти томонидан мижозни идентификациялашда амалга оширилган қўшимча чора-тадбирлар натижалари.


4. Мижоз билан муносабатлар ўрнатилган сана.

5. Мижоз сўровномаси тўлдирилган ва ўзгартириш киритилган сана.


6. Мижоз билан ишлашга масъул ходим фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими.

7. Қоғоз шаклидаги мижоз сўровномасини тўлдирган ходим имзоси (фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими кўрсатилган ҳолда) ва электрон кўринишдаги мижоз сўровномасини тўлдирган ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими.


8. Ички қоидаларда белгиланадиган бошқа маълумотлар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 44-сон, 476-модда.










































Время: 0.1394
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск