язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Конституциялар ва кодекслар/ Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси/ Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси (ЎзР 22.09.1994 й. 2015-XII-сон Қонуни билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК

ТЎҒРИСИДАГИ КОДЕКСИ


БИРИНЧИ БЎЛИМ.

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

I БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Маъмурий жавобгарлик

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодекс, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ва Вазирлар Кенгашининг қарорлари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорларидан иборатдир.

Ушбу Кодекс қоидалари мазкур Кодексга киритилмаган қонун ҳужжатларида содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларга ҳам тааллуқлидир.



2-модда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги

қонун ҳужжатларининг вазифалари


Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари инсон ва жамият фаровонлиги йўлида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, мулкни, давлат ва жамоат тартибини, табиий муҳитни муҳофаза қилишни, ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлашни, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг ўз вақтида ва объектив кўриб чиқилишини, шунингдек бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишни, фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига риоя этиш руҳида тарбиялашни ўз олдига вазифа қилиб қўяди.

Бу вазифаларни амалга ошириш учун ушбу Кодекс қандай ҳаракат ёки ҳаракатсизлик маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланишини, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга нисбатан қайси орган (мансабдор шахс) томонидан қай тартибда қанақа маъмурий жазо қўлланилиши ва ижро этилишини белгилайди.


3-модда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги

қонун ҳужжатларининг принциплари


Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қонунийлик, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, демократизм, инсонпарварлик, одиллик ва айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига асосланади.



4-модда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги

қонун ҳужжатлари соҳасида Ўзбекистон

Республикасининг ваколатлари


Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари соҳасида қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси ихтиёрига берилади:

маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг принципларини аниқлаш ва умумий қоидаларини белгилаб бериш;

маъмурий жавобгарликка сабаб бўладиган ҳаракат ёки ҳаракатсизликни, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган органлар тизимини (мансабдор шахсларни), мазкур ишларни юритиш ва чиқарилган қарорларнинг ижроси тартибини белгилаш;

маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари соҳасида Қорақалпоғистон Республикасининг ваколатларини белгилаш;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимият вакиллик органлари ҳамда ҳокимлари маъмурий жавобгарлик назарда тутиладиган қарор қабул қилишлари мумкин бўлган масалалар доирасини белгилаш.


5-модда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги

қонун ҳужжатлари соҳасида Қорақалпоғистон

Республикасининг ваколатлари


Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари соҳасида қуйидагилар Қорақалпоғистон Республикаси ихтиёрига берилади:

жамоат тартибини сақлаш масалалари бўйича, башарти бу масалалар ушбу Кодекс билан тартибга солинмаган бўлса, шунингдек табиий офатлар ва эпидемияларга қарши кураш масалалари бўйича маъмурий жавобгарлик белгилаш;

ушбу Кодекснинг 90, 109, 110, 161, 162-моддаларига, 164-моддасининг иккинчи қисмига, 168-моддасига биноан бузилиши маъмурий жавобгарликка сабаб бўладиган қоидаларни белгилаш.



6-модда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисида қарорлар қабул қилиш

борасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари


Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари қуйидаги ваколатларга эгадирлар:

жамоат тартибини сақлашга доир масалалар юзасидан, башарти бу масалалар ушбу Кодекс билан тартибга солинмаган бўлса, шунингдек табиий офатлар ва эпидемияларга қарши кураш масалалари бўйича уларни бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган қарорлар қабул қилиш;

ушбу Кодекснинг 90, 109, 110, 161, 162-моддаларига, 164-моддасининг иккинчи қисмига, 168-моддасига биноан бузилиши маъмурий жавобгарликка сабаб бўладиган қоидаларни белгилаш.



7-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш


Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг содир этилишига олиб келувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга, фуқароларни онгли, интизомли бўлиш, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига риоя қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган тадбирлар ишлаб чиқадилар ва уларни амалга оширадилар.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида эса Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига ҳам мувофиқ қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъмин эта бориб, ўз ҳудудларида барча давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишларини мувофиқлаштириб турадилар, ички ишлар органлари, вояга етмаганлар иши билан шуғулланувчи комиссиялар ҳамда уларга ҳисобдор маъмурий ҳуқуқбузарлик билан кураш олиб борувчи бошқа органлар фаолиятига раҳбарлик қиладилар.



8-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун таъсир кўрсатиш

чораларини қўлланиш вақтида қонунийликни таъминлаш


Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун ҳеч ким қонун ҳужжатларида белгиланган асослар ва тартибдан бошқача тарзда таъсир кўрсатиш чорасига тортилиши мумкин эмас. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш қонунийликка риоя қилиш асосида олиб борилади.

Тегишли ваколат берилган органлар ва мансабдор шахслар маъмурий таъсир кўрсатиш чораларини ўз ваколатлари доирасида қўллайдилар.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун таъсир кўрсатиш чораларини қўлланиш чоғида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши ваколатли юқори турувчи органлар ва мансабдор шахслар томонидан мунтазам равишда назорат қилиб турилиши билан, прокурор назорати билан, шикоят бериш ҳуқуқи билан таъминланади.


9-модда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги

қонун ҳужжатларининг амал қилиши


Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс бу ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жойда амал қилиб турувчи қонун ҳужжатлари асосида жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистон Республикасининг байроғи остидаги ёки Ўзбекистон Республикасининг портида рўйхатга олинган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида очиқ ҳаво ёки сув бўшлиғида бўлган кемада маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки бекор қилувчи ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эгадир, яъни ушбу ҳужжатлар чиққунга қадар содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолларига ҳам тааллуқлидир. Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни белгиловчи ёки жавобгарликни кучайтирувчи ҳужжатлар эса орқага қайтиш кучига эга бўлмайди.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўрилаётган вақт ва жойда амал қилиб турган қонун ҳужжатлари асосида юритилади.



ИККИНЧИ БЎЛИМ. МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК

ВА МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК


УМУМИЙ ҚИСМ


II БОБ. МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК


10-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тушунчаси


Маъмурий ҳуқуқбузарлик деганда қонун ҳужжатларига биноан маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган, шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, айбли (қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида) содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилади.

Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик, башарти бу ҳуқуқбузарлик ўз хусусиятига кўра жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлмаган тақдирда, амалга оширилади.

11-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарликни қасддан содир этиш


Башарти маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги ғайриҳуқуқий эканлигини билган бўлса, унинг зарарли оқибатларига кўзи етган, юз беришини истаган бўлса ёки бу оқибатларнинг келиб чиқишига онгли равишда йўл қўйган бўлса, бундай маъмурий ҳуқуқбузарлик қасддан содир этилган деб ҳисобланади.



12-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарликни

эҳтиётсизлик орқасида содир этиш


Башарти маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги зарарли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини олдиндан кўра билган бўлса ҳам, лекин калтабинлик билан уларнинг олдини олиш мумкин деб ўйлаган бўлса, ёхуд бундай оқибатларнинг келиб чиқиши мумкинлигини олдиндан кўриши лозим ва мумкин бўлгани ҳолда олдиндан кўра билмаган бўлса, бундай маъмурий ҳуқуқбузарлик эҳтиётсизлик орқасида содир этилган деб ҳисобланади.



13-модда. Маъмурий жавобгарликка тортилиш ёши


Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган пайтда ўн олти ёшга тўлган шахслар маъмурий жавобгарликка тортиладилар.



14-модда. Вояга етмаганларнинг маъмурий

ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлиги


Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга нисбатан Вояга етмаганлар иши билан шуғулланувчи комиссиялар тўғрисидаги низомда назарда тутилган чоралар қўлланилади.

Ана шу шахслар мазкур Кодекснинг 61, 116-1, 116-2, 125, 125-1, 126, 127, 128, 128-1, 128-2, 128-3, 128-4, 128-5, 128-6, 129, 130, 131, 132, 133, 134, 135, 135-1, 136, 138, 183, 185, 194, 218, 220, 221-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган тақдирда, улар умумий асосларда маъмурий жавобгарликка тортилади. Содир этилган ҳуқуқбузарлик хусусиятини ва ҳуқуқбузарнинг шахсини ҳисобга олган ҳолда мазкур шахсларга нисбатан (ушбу Кодекснинг 194-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар бундан мустасно) ишлар вояга етмаганлар иши билан шуғулланувчи шаҳар, туман, шаҳарлардаги туман комиссиялари ихтиёрига берилиши мумкин, ушбу Кодекснинг 61-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган шахсларнинг ишлари эса шу комиссияларга берилиши лозим.


15-модда. Мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги


Мансабдор шахслар бошқарув тартибини, давлат ва жамоат тартибини сақлаш, табиий муҳитни, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш соҳасида белгиланган қоидаларга ва бажарилишини таъминлаш ўз хизмат вазифаларига кирадиган бошқа қоидаларга риоя этмаганлик билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликлари учун маъмурий жавобгарликка тортилишлари лозим.

Доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёхуд давлат органларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, мулк шаклидан қатъи назар, корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахс, худди шунингдек халқаро ташкилотда ёхуд чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органида мазкур вазифаларни амалга оширувчи шахс мансабдор шахс деб эътироф этилади.

Давлатнинг бирон-бир ҳокимият органи номидан иш кўриб, муайян вазифаларни доимий ёки вақтинча амалга оширувчи ва ўз ваколатлари доирасида кўпчилик ёхуд барча фуқаро ёки мансабдор шахслар учун мажбурий бўлган ҳаракатларни содир этиш ёки фармойишлар бериш ҳуқуқига эга бўлган шахс ҳокимият вакили деб эътироф этилади.


16-модда. Ҳарбий хизматчилар ва интизом уставлари

татбиқ этиладиган бошқа шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги


Ҳарбий хизматчилар ва йиғинга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар, шунингдек ички ишлар органларининг оддий аскарлар ва бошлиқлар таркибига мансуб шахслар маъмурий ҳуқуқбузарлик учун интизом уставларига мувофиқ жавобгар бўладилар. Мазкур шахслар йўл ҳаракати қоидаларини, ов қилиш, балиқ тутиш ва балиқ захираларини сақлаш қоидаларини, божхона қоидаларини бузганликлари учун умумий асосларда маъмурий жавобгар бўладилар. Юқорида кўрсатилган шахсларга нисбатан маъмурий қамоққа олиш чоралари қўлланилиши мумкин эмас. Муддатли ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчиларга жарима солиниши мумкин эмас.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар жумласига кирмайдиган, интизом уставлари ёки интизом тўғрисидаги махсус қоидалар татбиқ этиладиган бошқа шахслар, ана шу устав ёки қоидаларда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳолларда, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликлари учун интизомий жавобгар бўладилар, бошқа ҳолларда эса умумий асосларда маъмурий жавобгар бўладилар.



17-модда. Ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги

бўлмаган шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар умумий асосларда маъмурий жавобгарликка тортилишлари лозим.

Иммунитетга эга бўлган шахсларга нисбатан ушбу Кодекснинг Ўзбекистон Республикаси қатнашчи бўлган халқаро шартномалар ва битимларга зид бўлмаган қисми қўлланилади.


17-1-модда. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео

қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл

ҳаракати қоидаларини бузганлик учун шахсларнинг

маъмурий жавобгарлиги

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори тортилади.

Юридик шахсга тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка юридик шахснинг транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахси тортилади.

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, ҳуқуқбузарликнинг такрорийлиги ҳисобга олинмайди, ушбу Кодекс 321-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно.

Агар маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор устидан берилган шикоятни кўриб чиқиш жараёнида тегишли транспорт воситасига ҳуқуқбузарлик қайд этилган пайтда эгалик қилган шахс аниқланса ёхуд мазкур транспорт воситаси бошқа шахсларнинг ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлари натижасида транспорт воситаси мулкдорининг эгалигидан чиқиб кетганлиги аниқланса, транспорт воситасининг мулкдори ўзига тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун маъмурий жавобгарликдан озод этилади.

18-модда. Зарурий мудофаа


Ушбу Кодексда ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик белгиловчи бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган, лекин зарурий мудофаа ҳолатида, яъни шахсни ёки мудофааланувчининг ёхуд бошқа шахснинг ҳуқуқларини, жамият ёки давлат манфаатларини ғайриҳуқуқий тажовузлардан шундай тажовуз қилаётган шахсга зарар етказиш йўли билан ҳимоя қилиш вақтида, башарти бунда зарурий мудофаа чегарасидан чиқиб кетилишига йўл қўйилмаган бўлса, содир этилган ҳаракатлар маъмурий ҳуқуқбузарлик деб ҳисобланмайди.



19-модда. Охирги зарурат


Ушбу Кодексда ёки бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган, ҳуқуқларга ҳамда қонун билан ҳимоя этиладиган манфаатларга зарар етказган, охирги зарурат ҳолатида, яъни шахсга ёки мазкур шахснинг ёхуд бошқа шахснинг ҳуқуқларига, жамият ёки давлат манфаатларига таҳдид этаётган хавфни, башарти бу хавфни ўша ҳолатда бошқача чоралар билан бартараф этиб бўлмаса ҳамда етказилган зарар олди олинган зарарга қараганда камроқ бўлса, бартараф этиш учун содир этилган ҳаракатлар маъмурий ҳуқуқбузарлик деб ҳисобланмайди.



20-модда. Ақли норасолик


Ғайриҳуқуқий ҳаракат ёки ҳаракатсизлик содир этган вақтида ақли норасолик ҳолатида бўлган шахс, яъни сурункали руҳий касаллик, руҳий фаолияти вақтинча бузилганлиги, ақли заифлиги ёхуд бошқа хил касаллик оқибатида ўз ҳаракатининг (ҳаракатсизлигининг) аҳамиятини идрок эта олмаган ёки бошқара олмаган шахс маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.



21-модда. Ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги

сабабли маъмурий жавобгарликдан озод қилиш

Содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик кам аҳамиятли бўлган тақдирда, суд ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод этиб, уни огоҳлантириш билан кифояланиши мумкин. Агар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи бошқа орган (мансабдор шахс) содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги ҳақида хулосага келса, иш ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш ҳақидаги масалани ҳал этиш учун ушбу Кодекснинг 308-1-моддасида белгиланган тартибда судга юборилади.


III БОБ. МАЪМУРИЙ ЖАЗО


22-модда. Маъмурий жазонинг мақсади


Маъмурий жазо жавобгарликка тортиш чораси бўлиб, у маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни қонунларга риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, шунингдек ана шу ҳуқуқбузарнинг ўзи томонидан ҳам, бошқа шахслар томонидан ҳам янги ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади.


23-модда. Маъмурий жазонинг турлари


Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун қуйидаги маъмурий жазо чоралари қўлланилиши мумкин:

1) жарима;

2) маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш;

3) маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш;

4) муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан (транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан, ов қилиш ҳуқуқидан) маҳрум этиш;

5) маъмурий қамоққа олиш.

6) чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш.

Ушбу модда биринчи қисмининг 2-6-бандларида санаб ўтилган маъмурий жазо чоралари фақат Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгиланиши мумкин.


24-модда. Асосий ва қўшимча маъмурий жазо чоралари


Ашёларни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш ёки мусодара қилиш ҳам асосий, ҳам қўшимча маъмурий жазо тариқасида; ушбу Кодекснинг 23-моддасида назарда тутилган бошқа маъмурий жазо чоралари эса фақат асосий жазо тариқасида қўлланилиши мумкин.

Битта маъмурий ҳуқуқбузарлик учун ё асосий ёки ҳам асосий, ҳам қўшимча жазо чораси қўлланилиши мумкин.



25-модда. Жарима


Жарима маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишда айбдор шахсдан давлат ҳисобига пул ундиришдир.

Жариманинг миқдори маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган вақтдаги, давом этаётган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун эса бу ҳуқуқбузарлик аниқланган вақтдаги белгилаб қўйилган энг кам ойлик иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Фуқароларга солинадиган жариманинг энг кам миқдори энг кам иш ҳақининг элликдан бир қисмидан, мансабдор шахсларга эса - ўндан бир қисмидан кам бўлмаслиги керак.

Фуқаро ва хизматчиларга солинадиган жариманинг энг кўп миқдори энг кам иш ҳақининг беш бараваридан, мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан ошмаслиги керак. Баъзи ҳуқуқбузарликлар учун энг кам иш ҳақининг икки юз бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари билан белгиланадиган жариманинг энг кўп миқдори ушбу Кодекснинг 6-моддасига биноан фуқароларга - энг кам иш ҳақининг уч бараваридан, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан ошмаслиги керак.



26-модда. Ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш


Маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш шу ашёни мажбурий тарзда тортиб олиб, уни кейинчалик сотиб юбориш ҳамда сотишдан тушган пулни ашёнинг собиқ эгасига тортиб олинган ашёни сотиш харажатларини чегириб ташлаган ҳолда топширишдан иборатдир.

Ўқотар қуроллар ва ўқ-дориларни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш асосий тирикчилик манбаи овчилик бўлган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин эмас.

Ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш чорасини қўлланиш тартиби ва тортиб олинадиган ашёларнинг турлари ушбу Кодекс ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.


27-модда. Мусодара қилиш


Маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш бу ашёни ҳақ тўламасдан мажбурий тарзда давлат мулкига ўтказишдан иборат бўлиб, бу чора туман (шаҳар) судининг маъмурий ишлар бўйича судьяси томонидан қўлланилади. Агар Ўзбекистон Республикасининг қонунларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқбузарнинг шахсий мулки бўлган ашёгина мусодара қилиниши мумкин.

Ўқотар қуроллар ва ўқ-дориларни, бошқа ов қуролларини мусодара қилиш асосий тирикчилик манбаи овчилик бўлган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин эмас.

Мусодара қилиш чорасини қўлланиш тартиби ушбу Кодекс ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.


28-модда. Махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш


Муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан (транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан, ов қилиш ҳуқуқидан) маҳрум қилиш чораси туман (шаҳар) судининг маъмурий ишлар бўйича судьяси томонидан уч йилгача муддатга қўлланилади. Бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати ўн беш кундан кам бўлмаслиги керак.

Ногиронлиги сабабли транспорт воситаларидан фойдаланадиган шахсларга нисбатан транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш чораси қўлланилиши мумкин эмас, ушбу Кодекс 128-3-моддасининг бешинчи қисмида, 128-4-моддасининг учинчи қисмида, 131-моддасининг биринчи қисмида, 136-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилган ҳоллар бундан мустасно.

Асосий тирикчилик манбаи овчилик бўлган шахсларга нисбатан ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш чораси қўлланилиши мумкин эмас.



29-модда. Маъмурий қамоққа олиш


Маъмурий қамоққа олиш уч суткадан ўн беш суткагача муддатга, фавқулодда ҳолат тартиби шароитида эса, жамоат тартибига тажовуз қилганлиги учун - ўттиз суткагача муддатга қўлланилади.

Маъмурий қамоққа олиш туман (шаҳар) судининг маъмурий ишлар бўйича судьяси томонидан, фавқулодда ҳолат тартиби шароитида эса, шунингдек ҳарбий комендант ёки ички ишлар органи бошлиғи томонидан белгиланади.

Маъмурий қамоққа олиш чораси ҳомиладор аёлларга, уч ёшгача боласи бўлган аёлларга, ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахсларга, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига нисбатан қўлланилиши мумкин эмас.

29-1-модда. Чет эл фуқароларини ва фуқаролиги

бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан

маъмурий тарзда чиқариб юбориш

Чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш уларнинг Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқи кейинчалик бир йилдан уч йилгача муддатга чекланган ҳолда, мажбурий ёки назорат остида мустақил равишда чиқиб кетишидан иборат. Маъмурий тарзда чиқариб юбориш туман (шаҳар) судининг маъмурий ишлар бўйича судьяси томонидан қўлланилади.

Чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш ушбу Кодекснинг 51-2, 51-8, 51-9, 56, 57, 58-моддаларида, 61-1-моддаси биринчи қисмида, 94, 165-1, 184-2, 184-3, 189, 189-1, 201, 202-1, 224-1-моддаларида, 225-моддаси биринчи қисмида, 239, 240, 241-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда қўлланилиши мумкин.


IV БОБ. МАЪМУРИЙ ЖАЗОНИНГ ҚЎЛЛАНИЛИШИ


30-модда. Маъмурий жазо қўлланилишининг умумий қоидалари


Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жазо ушбу Кодекс ва бошқа норматив ҳужжатларда белгилаб қўйилган доирада ва тартибда қўлланилади.

Жазони қўлланиш чоғида содир этилган ҳуқуқбузарлик хусусияти, ҳуқуқбузарнинг шахси, унинг айбдорлик даражаси, мулкий аҳволи, жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олинади.


31-модда. Маъмурий жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар


Маъмурий жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар жумласига қуйидагилар киради:

1) айбдорнинг ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиши;

2) айбдорнинг ҳуқуқбузарликнинг зарарли оқибатлари олдини олиши, етказилган зиённи ихтиёрий равишда тўлаши ёки келтирилган зарарни бартараф қилиши;

3) ҳуқуқбузарликнинг кучли руҳий ҳаяжон таъсири остида ёки оғир шахсий, оилавий ёхуд бошқа шароитлар юзага келганлиги оқибатида содир этилиши;

4) ҳуқуқбузарликнинг таҳдид ёки мажбурлов таъсирида ёхуд хизмат юзасидан, моддий ёки бошқа жиҳатдан қарамлиги таъсири остида содир этилиши;

5) ҳуқуқбузарликнинг вояга етмаган шахс томонидан содир этилиши;

6) ҳуқуқбузарликнинг ҳомиладор аёл ёки ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахс томонидан содир этилиши.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) бошқа ҳолатларни ҳам жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолат деб топиши мумкин.


32-модда. Маъмурий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар


Маъмурий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар жумласига қуйидагилар киради:

1) ғайриҳуқуқий ҳаракатларни тўхтатиш ваколати бор шахслар томонидан қўйилган талабга қарамай, бундай ҳаракатларни давом эттириш;

2) маъмурий жазо чорасига тортилган шахснинг бир йил мобайнида яна ўша хилдаги ҳуқуқбузарликни содир этиши, худди шунингдек ҳуқуқбузарликнинг илгари судланган шахс томонидан содир этилиши;

3) вояга етмаган шахсни ҳуқуқбузарликка тортиш;

4) ҳуқуқбузарликнинг бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилиши;

5) ҳуқуқбузарликнинг табиий офат шароитида ёки бошқа фавқулодда ҳолатларда содир этилиши;

6) ҳуқуқбузарликнинг маст ҳолда содир этилиши. Маъмурий жазо чорасини қўлланувчи орган (мансабдор шахс) содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликнинг хусусиятига қараб мазкур ҳолатни айбни оғирлаштирувчи ҳолат деб топмаслиги мумкин.


33-модда. Енгилроқ маъмурий жазо чорасининг қўлланилиши

Суд маъмурий жазо чорасини қўллаётганда жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олган ҳолда сабаблар ва асосларни албатта кўрсатиб, ушбу Кодекснинг Махсус қисмидаги моддаларнинг санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо чорасини қўллаши мумкин. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи бошқа орган (мансабдор шахс) жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олган ҳолда, енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун ишни ушбу Кодекснинг 308-1-моддасида белгиланган тартибда судга юборади.


34-модда. Бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик

учун маъмурий жазо қўлланиш


Битта шахс икки ёки ундан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган тақдирда, маъмурий жазо ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун алоҳида-алоҳида қўлланилади.

Башарти шахс бир неча маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган бўлиб, шу ҳақдаги ишлар бир вақтнинг ўзида айни бир орган (мансабдор шахс) томонидан кўриб чиқилаётган бўлса, бу шахсга нисбатан қўлланиладиган узил-кесил жазо оғирроқ маъмурий жазони назарда тутувчи санкция доирасида қўлланилади.

Башарти шахс ушбу Кодекснинг Махсус қисмидаги бир неча модда билан маъмурий жавобгарлик белгиланган ва улар тўғрисидаги ишларни ҳар хил орган (мансабдор шахс) кўрадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этган бўлса, унга нисбатан жазо оғирроқ маъмурий жазони назарда тутувчи санкция доирасида қўлланилади.

Башарти шахс ушбу Кодекснинг Махсус қисмидаги тегишли модда билан маъмурий жавобгарлик назарда тутилган ҳаракатни (ҳаракатсизликни) вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга жалб қилган ҳолда (ушбу Кодекснинг 188-1-моддаси) содир этган бўлса, иш материаллари кўриб чиқиш учун судга топширилади.

Ушбу модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда асосий жазога содир этилган ҳуқуқбузарликлардан исталган биттаси учун жавобгарлик тўғрисидаги моддаларда назарда тутилган қўшимча жазо чораларидан бири қўшилиши мумкин.


35-модда. Маъмурий қамоқ ва махсус ҳуқуқдан

маҳрум этиш муддатларини ҳисоблаш


Маъмурий қамоқ муддати суткалар билан, махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш муддати эса - кунлар, ойлар, йиллар билан ҳисобланади.



36-модда. Маъмурий жазо қўлланиш муддатлари


Маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб, давом этаётган ҳуқуқбузарликлар учун эса, ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан бошлаб бир йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин.

Жиноят ишини қўзғатиш рад этилган ёки жиноят иши тугатилган бўлса-ю, лекин ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлса, маъмурий жазо чораси жиноят иши қўзғатишни рад этиш ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин.

Ушбу моддада назарда тутилган муддатлар ашёларни божхона муносабатларини тартибга соладиган қонун ҳужжатлари асосида мусодара қилиш ҳолларига нисбатан татбиқ этилмайди.


37-модда. Тугаганидан сўнг шахс маъмурий

жазога тортилмаган деб ҳисобланадиган муддат


Башарти маъмурий жазога тортилган шахс шу жазони ўташ муддати тугаган кундан бошлаб бир йил мобайнида янги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмаган бўлса, мазкур шахс маъмурий жазога тортилмаган деб ҳисобланади.


38-модда. Етказилган зарарни қоплаш мажбуриятини юклаш


Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида келтирилган зарарни қоплаши шарт.

Башарти маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиш оқибатида жисмоний шахсга, корхона, муассаса, ташкилотга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки давлатга етказилган мулкий зарар белгилаб қўйилган энг кам иш ҳақидан кўп бўлмаса, орган (мансабдор шахс) жазо қўлланиш пайтида айбдор бу зарарни қоплаши тўғрисидаги масалани ҳам ҳал этишга ҳақлидир, маъмурий ишлар бўйича судья эса - бу масалани етказилган зарар миқдоридан қатъи назар ҳал қилаверади.

Бошқа ҳолларда маъмурий ҳуқуқбузарлик натижасида етказилган мулкий зарарни қоплаш фуқаролик-ҳуқуқий тартибида ҳал қилинади.


39-модда. Бажарилмаганлиги учун маъмурий

жазо қўлланилган вазифани ижро этиш


Маъмурий жазони қўлланиш маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни бажарилмаганлиги учун маъмурий жазо қўлланилган вазифани бажаришдан озод этмайди.



МАХСУС ҚИСМ


V БОБ. ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИГА

ТАЖОВУЗ ҚИЛАДИГАН ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР

УЧУН МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК


40-модда. Туҳмат


Туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш, -

энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


41-модда. Ҳақорат қилиш


Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш, -

энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


42-модда. Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш


Фуқароларнинг тарбия ва таълим беришда тилни эркин танлашдан иборат ҳуқуқларини бузиш, тилдан фойдаланишда тўсқинлик қилиш ва чеклаш, давлат тилини, шунингдек Ўзбекистон Республикасида яшовчи бошқа миллатлар ва элатларнинг тилларини менсимаслик, -

энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


43-модда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг

мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



44-модда. Ҳужжатлар билан танишиб

чиқишни асоссиз равишда рад этиш


Фуқарога унинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини беришни асоссиз равишда рад этиш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


45-модда. Фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш


Турар жойга унда истиқомат қилувчиларнинг хоҳиш-иродасига хилоф равишда ноқонуний тарзда кириш, мансабдор бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


46-модда. Фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши

мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш


Тиббий ёки тижорат сирларини, ёзишма ва бошқа хабарлар, нотариал ҳаракатлар, банк операциялари ва жамғармалар сирларини, худди шунингдек фуқарога, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига маънавий ёхуд моддий зарар етказиши мумкин бўлган бошқа маълумотларни ошкор этиш, башарти ушбу Кодекснинг 46-1-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмаса -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан икки бараваригача, мансабдор шахсларга эса - икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

46-1-модда. Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш

Шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш, -

энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



47-модда. Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим

бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик


Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши, -

энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш -

энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

47-1-модда. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган

болалар тўғрисидаги маълумотларни васийлик ва

ҳомийлик органига хабар қилмаслик

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги маълумотларни шундай болалар турган муассаса раҳбари ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахси томонидан васийлик ва ҳомийлик органига хабар қилмаслик, худди шунингдек улар томонидан ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳақида атайин нотўғри маълумотлар бериш -

мансабдор шахсга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

47-2-модда. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган

болаларни жойлаштиришда қонун

ҳужжатлари талабларини бузиш

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага тарбияга (патронат), фарзандликка беришда, уларга васийлик (ҳомийлик) белгилашда ёхуд уларни етим болалар ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун тайинланган тегишли давлат муассасасига жойлаштиришда қонун ҳужжатлари талабларини бузиш -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

47-3-модда. Никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, -

энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш, -

энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, -

энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

48-модда. Васийлик ҳуқуқини суиистеъмол қилиш


Васийликка олинганнинг зарарига ғаразли мақсадларни кўзлаб васийликдан ёки ҳомийликдан фойдаланиш ёки уни назоратсиз ва зарур моддий ёрдамсиз қолдириш, -

энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


49-модда. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш


Мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши, -

энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

49-1-модда. Вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан

фойдаланишга йўл қўймаслик тўғрисидаги

талабларни бузиш

Вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

49-2-модда. Иш берувчининг ўз фуқаролик

жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш

бўйича мажбуриятини бажармаслиги

Иш берувчининг ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши муносабати билан унинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича қонун билан белгиланган ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича мажбуриятини бажармаслиги -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

49-3-модда. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик,

ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш

бўйича мажбуриятдан бўйин товлаш

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


50-модда. Аҳолини иш билан таъминлаш

тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат қўшимча кафолатларни таъминлайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдорини яратишга доир қарорларини бажармаслик, худди шунингдек аввал талабнома берилган, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим олган, шунингдек касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва малакасини оширишга юборилган шахсларни ишга қабул қилишни рад этиш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маҳаллий меҳнат органлари томонидан корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ишга юборилган шахсларни ишга қабул қилишни бўш иш ўринлари (вакант лавозимлар) бўлгани ҳолда асоссиз рад этиш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


51-модда. Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлов


Қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлов, -

энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

51-1-модда. Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш

тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Ногиронлар ижтимоий инфратузилма объектларига тўсқинликсиз кириши учун, шунингдек темир йўл, ҳаво, сув, шаҳарлараро автомобиль транспортидан, шаҳар ва шаҳар атрофига қатнайдиган йўловчилар транспортининг барча турларидан, транспорт коммуникацияларидан, умумий фойдаланишдаги алоқа ва ахборот воситаларидан тўсқинликсиз фойдаланиши учун шароитлар яратиш бўйича талабларни бажармаслик -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

V-1 БОБ. САЙЛОВ ВА РЕФЕРЕНДУМНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ҲАМДА ЎТКАЗИШ СОҲАСИДАГИ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР

УЧУН МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК

51-2-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов

комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум

ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, худди шунингдек уларнинг ишига тўсиқларни юзага келтириш, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

51-3-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов

комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум

ўтказувчи комиссияларнинг қарорларини ижро этмаслик

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорларини ижро этмаслик, худди шунингдек уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриҳуқуқий равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

51-4-модда. Номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг

ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш

Номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

51-5-модда. Сайловолди ташвиқотини, референдумга

қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш

шартлари ва тартибини бузиш

Сайловолди ташвиқотини, референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини номзод, ишончли вакил, сиёсий партия вакили, мансабдор шахс томонидан бузиш, -

энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

51-6-модда. Номзодлар, сиёсий партиялар тўғрисида

ёлғон маълумотларни тарқатиш

Сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод, сиёсий партия тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш ёки бошқа усуллар орқали тарқатиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

51-7-модда. Сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш

ва сайлов ёки референдум ўтказиш жараёнида ахборот

ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб

юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш

Биноларга, иншоотларга ёки бошєа жойларга жойлаштирилган ахборот, ташвиқот материалларини сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва сайлов ёки референдум ўтказиш жараёнида қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш, -

энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

51-8-модда. Сайловни ёки референдумни

молиялаштириш тартибини бузиш

Сайловни ёки референдумни молиялаштириш тартибини бузиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

51-9-модда. Жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини,

сайлов ёки референдум натижалари тахминларини чоп

этиш (эълон қилиш) тартибини бузиш

Жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов ёки референдум натижалари тахминларини, шунингдек сайлов ёки референдум билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этиш (эълон қилиш) тартибини бузиш, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


VI БОБ. АҲОЛИ СОҒЛИҒИНИ САҚЛАШ СОҲАСИДАГИ

ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР УЧУН МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК


52-модда. Енгил тан жароҳати етказиш


Эҳтиётсизлик орқасида енгил тан жароҳати етказиш, -

энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қасддан енгил тан жароҳати етказиш, бу ҳаракат соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятини унча кўп давом этмайдиган турғун тарзда йўқотишга олиб келмаган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг икки бараваридан тўрт бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


53-модда. Санитария қонун ҳужжатларини бузиш


Санитария қонун ҳужжатларини, санитария нормаларини, қоидаларини ва гигиена нормативларини бузиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


54-модда. Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш


Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


55-модда. Радиацион хавфсизликка доир қоидалар,

нормалар, йўриқномалар ва бошқа талабларни бузиш


Радиацион хавфсизликка доир қоидалар, нормалар, йўриқномалар ва бошқа талабларни бузиш, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

56-модда. Гиёҳвандлик воситаларини ёки психотроп моддаларни

оз миқдорда ғайриқонуний тарзда тайёрлаш, олиш, сақлаш,

ташиш ёки жўнатиш


Гиёҳвандлик воситаларини ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай оз миқдорда ғайриқонуний тарзда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, -

гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга ёхуд гиёҳвандлик воситаларини ёки психотроп моддаларни мусодара қилиб, ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоқ жазосига сабаб бўлади.

56-1-модда. Жамоат жойларида тамаки

маҳсулотини истеъмол қилиш

Иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, шу жумладан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида ва бошқа жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш, бундан тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ва (ёки) хоналар мустасно, -

энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


57-модда. Таносил касаллиги ёки ОИВ касаллиги/ОИТС

юқадиган манбани яшириш

Таносил касаллигига ёки ОИВ касаллиги/ОИТСга учраган беморнинг касаллик юқтирилган манбани, шунингдек ўзи билан алоқа қилиб таносил касаллиги ва ОИВ касаллиги/ОИТС юқиши хавфини туғдирган шахсларни яшириши, -

энг кам иш ҳақининг икки бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



58-модда. Таносил касаллигига ёки ОИВ касаллиги/ОИТСга

учраган шахсларнинг текширишдан бўйин товлаши

Таносил касаллигига ёки ОИВ касаллиги/ОИТСга учраганлиги ҳақида етарли маълумотлар бўлган шахсларнинг соғлиқни сақлаш органлари томонидан огоҳлантирилганидан кейин ҳам текширишдан бўйин товлаши, -

энг кам иш ҳақининг икки бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


59-модда. ОИВ касаллиги/ОИТС юққан-юқмаганлигини

аниқлаш учун тиббий кўрикдан ўтказишда, шунингдек

тиббий ва косметик муолажаларни ўтказишда

хавфсизликни етарли даражада таъминламаганлик

ОИВ касаллиги/ОИТС юққан-юқмаганлигини аниқлаш учун тиббий кўрикдан ўтказишда, шунингдек ОИВ касаллиги/ОИТСни юқтиришга олиб келадиган тиббий ва косметик муолажа ўтказишда хавфсизликни етарли даражада таъминламаганлик, - 

энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



VII БОБ. МУЛККА ТАЖОВУЗ ҚИЛУВЧИ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР

УЧУН МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК


60-модда. Табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бузиш

Ердан, ер ости бойликларидан, сувдан, ўсимлик ёки ҳайвонот дунёсидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ёхуд ерга ва бошқа табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бевосита ёки яширин шаклда бузувчи битимлар тузиш ёки бошқа ҳаракатлар содир этиш, табиатдан махсус фойдаланиш ҳуқуқини бошқаларга бериш, худди шунингдек ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.


61-модда. Оз миқдорда талон-торож қилиш

Мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса, ташкилотларнинг мол-мулкини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан оз миқдорда талон-торож қилиш -

энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса -

энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Башарти талон-торож қилинган мулкнинг қиймати энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан ошмаса, бундай талон-торож оз миқдордаги талон-торож қилиш деб ҳисобланади.

Устав фондида давлат улуши бўлмаган корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг мол-мулкини уларнинг ходими томонидан ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан содир этилган оз миқдорда талон-торож қилиш фақат мазкур корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра жавобгарликка сабаб бўлади.


61-1-модда. Нодавлат тижорат ташкилотининг ёки

бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини

пора эвазига оғдириб олиш

Нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисига мазкур хизматчининг ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни уни пора эвазига ўзига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш, -

энг кам иш ҳақининг йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Нодавлат тижорат ташкилоти ёки бошқа нодавлат ташкилоти хизматчисининг ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни уни пора эвазига ўзига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши, -

энг кам иш ҳақининг йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчиси деганда меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи, мансабдор шахс аломатларига эга бўлмаган шахс тушунилади.

62-модда. Топиб олинган мол-мулкни яшириш


Топиб олинган ёки тасодифан қўлига тушиб қолган қиймати энг кам иш ҳақининг уч бараваридан ортиқ бўлган ўзганинг мол-мулкини яшириш, -

энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


63-модда. Ғайриқонуний ов маҳсулотларини қабул қилиш


Ғайриқонуний ов маҳсулотларининг тайёрлов ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан қабул қилиб олиниши, -

энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


64-модда. Тарих ёки маданият ёдгорликларини

муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш


Тарих ёки маданият ёдгорликларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини қасддан бузиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


VIII БОБ. ЭКОЛОГИЯ, АТРОФ-МУІИТНИ МУІОФАЗА

ҚИЛИШ ВА ТАБИАТДАН ФОЙДАЛАНИШ СОҲАСИДАГИ

ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР УЧУН МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК


65-модда. Ерлардан хўжасизларча фойдаланиш

ёки уларни яроқсиз ҳолга тушириш


Ерлардан хўжасизларча фойдаланиш, объектлар қуриш пайтида унумдор қатламни олмаслик, ер майдонларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш, ерларни фойдаланишдан чиқаришга, ҳосилдорлик пасайишига, тупроқнинг бузилиши ёки йўқ бўлиб кетишига олиб келадиган бошқа ҳаракатларни содир этиш, шунингдек таназзулга юз тутган қишлоқ хўжалиги ерларини консервациялашнинг белгиланган тартибини бузиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қишлоқ хўжалиги ва бошқа ерларни яроқсиз ҳолга тушириш, уларни ишлаб чиқариш чиқитлари ва бошқа чиқиндилар, кимёвий ва радиоактив моддалар ҳамда оқова сувлар билан ифлослантириш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


66-модда. Ер бериш тартибини бузиш


Ер бериш тартибини бузиш, худди шунингдек фермер ёки деҳқон хўжалиги юритиш учун, якка тартибда уй-жой қуриш ва турар-жой биносига хизмат кўрсатиш, жамоа боғдорчилиги ва полизчилиги учун фуқароларга ер берилишига тўсқинлик қилиш, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


67-модда. Вақтинча эгаллаб турилган ерларни ўз вақтида қайтариб

бермаслик ёки уларни ўз ўрнида фойдаланиш учун яроқли ҳолга

келтирмаслик


Вақтинча эгаллаб турилган ерларни ўз вақтида қайтариб бермаслик ёки уларни ўз ўрнида фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтириш юзасидан мажбуриятларни бажармаслик, -

энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


68-модда. Хўжалик ичидаги ер тузиш лойиҳаларидан

ўзбошимчалик билан четга чиқиш, давлат ер кадастри

юритиш қоидаларини бузиш


Тасдиқланган ер тузилиши лойиҳа ҳужжатларидан тегишли рухсат бўлмай туриб четга чиқиш, худди шунингдек тегишли органлар билан келишмай туриб объектларни жойлаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш ва уларни фойдаланишга топшириш, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузиш, ерлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни бузиб кўрсатиш, ахборотларни беришдан бўйин товлаш ёки нотўғри ахборот бериш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



69-модда. Чегара ва чеклов белгиларини

йўқ қилиш ёки шикастлантириш


Эгаликдаги ва фойдаланишдаги ерларнинг чегара белгиларини, ўрмонлардаги чеклов белгиларини йўқ қилиш ёки шикастлантириш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


70-модда. Ер ости бойликларини муҳофаза қилиш

ва улардан фойдаланиш талабларини бузиш


Фойдали қазилмалар жойлашган майдонларга ўзбошимчалик билан иморатлар қуриш, фойдали қазилма конларини экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда кон назорати органлари билан келишмай туриб ишга солиш, ер ости бойликларидан фойдаланиш талаблари ва тартибини бузиш, ер ости бойликларини муҳофаза қилиш қоидаларини ва табиий муҳитни, бинолар ва иншоотларни ер ости бойликларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ишларнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш талабларини бажармаслик, ер ости сувлари режимини кузатиш учун қазилган қудуқларни, маркшейдерлик ва геологик белгиларни йўқ қилиш ёки шикастлантириш, худди шунингдек ерга эгалик қилувчилар ва ердан фойдаланувчилар томонидан умумтарқалган фойдали қазилмалардан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Конларнинг бой участкаларини танлаб ишлатиш, минерал хом ашёни қазиб олаётганда ва қайта ишлашда фойдали қазилмаларни нормативдан ортиқ нобуд қилиш, фойдали қазилма конларини яроқсиз ҳолга келтириш ва фойдали қазилма захираларидан оқилона фойдаланиш талабларини бошқача тарзда бузиш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маркшейдерлик ҳужжатларини йўқотиш, тугатилаётган ёки консервация қилинаётган конларни ва бурғиланган қудуқларни аҳолининг хавфсизлигини таъминловчи ҳолатга келтириб қўйиш талабларини, шунингдек консервация вақтида конларни, қазилаётган жойларни ва бурғиланган қудуқларни муҳофаза этиш талабларини бажармаслик, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи, иккинчи ёки учинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


71-модда. Ер ости бойликларини геологик жиҳатдан

ўрганиш ишларини олиб бориш қоидалари ва талабларини бузиш


Ер ости бойликларини геологик жиҳатдан ўрганиш ишларини олиб бориш қоидалари ва талабларини топилган фойдали қазилмалар захираларига ёки фойдали қазилмалар қазиб олиш корхоналари, шунингдек фойдали қазилмалар қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган ер ости иншоотлари қуриш ва улардан фойдаланиш шароитларига нотўғри баҳо берилишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган тарзда бузиш, ер ости бойликларини кейинги геологик жиҳатдан ўрганишда ва конларни ишга солишда зарур бўлган геологик ҳужжатларни, фойдали қазилма намуналари дубликатларини ва кернларини йўқотиб қўйиш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


72-модда. Сув захираларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш


Сувларни ифлослантириш ёки булғатиш, сувтўплагич иншоотларида сувни муҳофаза қилиш режимини бузиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Корхоналар, коммунал ва бошқа объектларни сувларнинг ифлосланиши ва булғаниши ёки уларнинг зарарли оқибатлари олдини олувчи иншоотлар ва қурилмаларсиз фойдаланишга топшириш, шунингдек сув объектларининг табиий ҳолатини бузувчи бошқа ҳаракатлар қилиш, -


мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Сув қудуқларини қазишнинг белгиланган қоидаларини ва технологиясини бузиш, ишлатилаётган ва кузатув қудуқларини йўқ қилиб юбориш ёки шикастлантириш, сув ўзи чиқадиган қудуқларни уларни тартибга соладиган қурилмалар билан жиҳозлаш, шунингдек ишлатишга яроқсиз қудуқларни консервациялаш ёки йўқ қилиш чораларини кўрмаслик, сифатли ер ости сувлари ҳосил бўладиган теграда ер ости сувларининг ифлосланиши ёки уларнинг сифати ёмонлашиши манбаи бўлиб қолиши мумкин бўлган саноат, қишлоқ хўжалик иншоотлари ва бошқа объектларни жойлаштириш -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи, иккинчи ёки учинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса - етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


73-модда. Зарарли моддалар ва қоришмаларга оид

операцияларни кема ҳужжатларида қайд этиш

мажбуриятларини бажармаслик


Кема ёки бошқа сузиш воситаси капитани ёки бошлиқлар таркибига мансуб бошқа шахслар томонидан зарарли моддалар ёки қоришмаларга оид операцияларни кема ҳужжатларида қайд этиш юзасидан амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган мажбуриятларнинг бажарилмаслиги, -

энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



74-модда. Сувдан фойдаланиш ва сув

истеъмоли қоидаларини бузиш

Табиий сув оқимлари (жилғалар, сойлар, дарёлар ва бошқалар), сув ҳавзалари (кўллар, денгизлар, ер ости сувли қатламлари) ва бошқа табиий сув объектларидан олинадиган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини, сув олиш лимитларини бузиш, шунингдек лойиҳада назарда тутилган балиқларни муҳофаза қилиш иншоотлари ва қурилмалари бўлмаган ҳолда улардан сув олишни амалга ошириш -

фуқароларга энг кам иш хақининг бир бараваридан икки бараваригача, мансабдор шахсларга эса - икки бараваридан олти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Сунъий сув оқимлари (очиқ ва ёпиқ каналлар, коллектор-дренаж тармоқлари), сув ҳавзалари (сув омборлари, сел сувлари тўпланадиган жойлар, ҳовузлар ва бошқалар) ҳамда бошқа сунъий сув объектларидан олинадиган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш, яъни сувдан хўжасизларча фойдаланиш, сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи гидротехника ишларини ва бошқа ишларни ўзбошимчалик билан бажариш, сув объектларидан белгиланган сув олиш лимитлари, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режаларини бузиш -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан икки қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан тўрт бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан олти бараваригача, мансабдор шахсларга эса - олти бараваридан ўн тўрт бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


75-модда. Сувларнинг давлат ҳисобини юритиш қоидаларини бузиш


Сув объектларидан олинадиган ва уларга қуйиладиган сув миқдорининг дастлабки ҳисобини юритиш ва оқиб келиб қўшилаётган сувлар сифатини аниқлаш қоидаларини бузиш, шунингдек давлат сув кадастри юритишнинг белгиланган тартибини бузиш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


76-модда. Сув хўжалиги иншоотлари ва қурилмаларини

шикастлантириш, улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш


Сув хўжалиги иншоотлари ва қурилмаларини шикастлантириш, -

энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Сув хўжалиги иншоотлари ва қурилмаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


77-модда. Ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш


Тегишли рухсат олмай туриб иморат солиш, ёғочни қайта ишлаш, омборлар ва бошқа иншоотлар қуриш мақсадида ўрмон фонди ерларидаги дарахтни кундаков қилиш, ўрмон фонди ерларида пичанзорлар ва яйловларни шикастлантириш, ўзбошимчалик билан пичан ўриш ва мол боқиш, дренаж тизимларини ва йўлларни йўқ қилиш ёки шикастлантириш -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


78-модда. Кесиладиган ўрмон фондидан

фойдаланиш тартибини бузиш


Кесиладиган ўрмон фондидан фойдаланиш, ёғоч тайёрлаш ва ташиб олиб кетиш тартибини, шунингдек ўрмон кесиш чиптаси (ордери)да ёки ўрмон чиптасида белгиланган бошқа талабларни бузиш -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


79-модда. Дарахтлар, буталар, бошқа ўрмон ўсимликлари

ва ниҳолларни ғайриқонуний равишда кесиш,

шикастлантириш ёки йўқ қилиш


Дарахтлар, буталарни, бошқа ўрмон ўсимликлари ва ниҳолларни ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



80-модда. Ўрмонларни тиклаш қоидаларини бузиш


Ўрмонларни тиклаш, уларнинг ҳолатини ва тури таркибини яхшилашга, уларнинг маҳсулдорлигини оширишга, шунингдек етилган ёғоч захираларидан фойдаланишга оид қоидалар ва йўриқномаларни бузиш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


81-модда. Қизил китобга киритилган ўсимликларни йиғиш


Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ўсимликларни ёхуд шундай ўсимликларнинг илдизлари, поялари, шохлари, барглари, гуллари, мевалари ва уруғларини ўзбошимчалик билан йиғиш -

фуқароларга энг кам иш ҳақини иккидан бир қисмидан икки бараваригача, мансабдор шахсларга эса - икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


82-модда. Муҳофаза этиладиган табиий

ҳудудларнинг режимини бузиш

Давлат қўриқхонаси режимини бузиш -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари, табиат боғлари, давлат табиат ёдгорликлари, айрим табиий объектлар ҳамда мажмуаларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган ҳудудлар, муҳофаза этиладиган ландшафтлар, айрим табиий ресурсларни бошқариш учун мўлжалланган ҳудудлар, давлат биосфера резерватлари ҳамда давлатлараро муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар режимини бузиш -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



83-модда. Ўрмон учун фойдали фаунани йўқ қилиб юбориш


Ўрмон учун фойдали фаунани йўқ қилиб юбориш -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


84-модда. Ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги

талабларини бузиш


Ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



85-модда. Ифлослантирувчи моддалар ва биологик организмларни

атмосфера ҳавосига чиқариб ташлаш, унга зарарли физикавий таъсир

кўрсатиш ёки атмосфера ҳавосидан белгиланган талабларни бузган

ҳолда фойдаланиш

Ифлослантирувчи моддаларни ва биологик организмларни йўл қўйиладиган нормативдан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқариб ташлаш; атмосфера ҳавосига йўл қўйиладиган энг юқори нормативдан ортиқ даражада зарарли физикавий таъсир кўрсатиш; махсус ваколат берилган давлат органларининг рухсатисиз атмосферага ифлослантирувчи моддалар ва биологик организмларни чиқариб ташлаш; қонун ҳужжатларига мувофиқ махсус ваколат берилган давлат органларининг рухсатини олиш талаб этиладиган ҳолларда бундай рухсатни олмай туриб атмосфера ҳавосига зарарли физикавий таъсир кўрсатиш, худди шунингдек ноқулай метеорологик шароит даврида атмосферанинг ифлосланганлик даражаси ортиб кетишига сабаб бўлувчи ифлослантирувчи моддалар ва биологик организмларни чиқариб ташлашни камайтириш чора-тадбирларини тўлиқ ҳажмда бажармаганлик; бундай моддаларни ёппасига чиқариб ташлашларнинг олдини олиш чора-тадбирларини амалга оширмаслик, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун атмосфера ҳавосидан белгиланган нормативлардан ортиқча фойдаланиш, худди шунингдек атмосфера ҳавосидан тасдиқланган нормативларсиз ёки махсус ваколат берилган давлат органларининг рухсатисиз фойдаланиш, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


86-модда. Атмосферага чиқариладиган зарарли моддаларни тозалаш

иншоотидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, шунингдек ундан

фойдаланмаслик


Атмосферага чиқариладиган зарарли моддаларни тозалаш учун ўрнатилган иншоотлар, ускуналар, аппаратуралардан, шунингдек чиқариб ташланадиган зарарли моддалар миқдори ва тартибини назорат қилувчи воситалардан фойдаланиш қоидаларини бузиш ёки улардан фойдаланмаслик -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



87-модда. Чиқиндиларда ифлослантирувчи моддалар нормативдан

ортиқ бўлган транспорт ва бошқа ҳаракатланувчи воситалар

ва қурилмаларни тайёрлаш ҳамда фойдаланишга чиқариш


Чиқиндиларда ифлослантирувчи моддалар, шунингдек ишлаб турган вақтда шовқин ва бошқа физик таъсир даражаси белгиланган нормативдан ортиқ бўлган автомобиллар, самолётлар, кемалар ва бошқа ҳаракатланувчи воситалар ва қурилмаларни тайёрлаш ҳамда фойдаланишга чиқариш ёхуд ҳаракатланувчи воситалар ва қурилмаларни тайёрлаш ҳамда уларга техник хизмат кўрсатиш чоғида ишлатиб чиқарилган газлардаги ифлослантирувчи моддаларнинг таркиби ҳамда улар физикавий омилларининг зарарли таъсири тегишли нормативларга мувофиқлигини текшириш ва тартибга солиб туришни таъминламаслик -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Чиқиндиларда ифлослантирувчи моддалар, шунингдек ишлаб турган вақтида шовқин даражаси белгиланган нормативдан ортиқ бўлган ҳаракатланувчи қурилмалардан фойдаланиш, -

энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисмидан иккидан бир қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



88-модда. Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш

талабларига риоя қилмаслик


Қурилиш ишларини ва бошқа ишларни бажариш чоғида ёнилғи моддалар ва бинокорлик материалларини тўплаш, махсус техник қурилмаларсиз очиқ аланга олдириб уларни ёқиш, битум эритишда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Дала ва аҳоли пунктларида анғиз, хазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш, атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришга олиб келса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


89-модда. Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва

бошқа дориларни ташиш, сақлаш ва қўлланиш қоидаларини бузиш


Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини, уларнинг ўсишини тезлаштирувчи воситаларни, минерал ўғитлар ва бошқа дориларни ташиш, сақлаш ва қўлланиш қоидаларини тупроқ, сув, атмосфера ҳавосининг ифлосланишига ёки ўсимликлар, ҳайвонот дунёсини йўқ қилиб юборилишига олиб келиши мумкин бўлган тарзда бузиш -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд тупроқ, сув, атмосфера ҳавосининг ифлосланишига, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етишига олиб келса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

89-1-модда. Ишлатиш тақиқланган ва ишга яроқсиз бўлиб

қолган кимёвий моддаларни зарарсизлантириш қоидаларини бузиш

Ишлатиш тақиқланган ва ишга яроқсиз бўлиб қолган кимёвий моддаларни тегишли рухсатномасиз, худди шунингдек рухсатномада кўрсатилган шартларни бузган ҳолда зарарсизлантириш, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



90-модда. Ов қилиш ёки балиқ тутиш қоидаларини, шунингдек

ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа

турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш

Ов қилиш, балиқ тутиш ёки балиқ захираларини муҳофаза этиш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача, мансабдор шахсларга эса  икки бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Тегишли рухсати бўлмай туриб ёки тақиқланган жойларда ёхуд тақиқланган муддатларда, тақиқланган қуроллар ёки усуллар билан ов қилиш ёки балиқ тутиш, шунингдек ов қилиш ёки балиқ тутишнинг бошқа қоидаларини мунтазам равишда бузиш, -

шу ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли ва ашёларини мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса  уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга, ёхуд шу ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли ва ашёларини мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, уч йилгача муддатга ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этишга сабаб бўлади.


91-модда. Саноат, рўзғор чиқиндилари ва бошқа чиқиндиларни

ташиш, жойлаштириш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиб

ташлаш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузиш

Саноат, рўзғор чиқиндилари ва бошқа чиқиндиларни ташиш, жойлаштириш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиб ташлаш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузиш -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд табиий муҳитга зарар етказган бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



92-модда. Ҳайвонлар яшайдиган муҳитни муҳофаза

қилиш қоидаларини, зоологик ва ботаник коллекцияларни

вужудга келтириш ва улар билан савдо қилиш қоидаларини бузиш,

худди шунингдек ҳайвонларни ўзбошимчалик билан бошқа

жойга кўчириш, иқлимлаштириш ёки чатиштириш


Ҳайвонлар яшайдиган муҳитни ва уларнинг кўчиш йўлларини муҳофаза қилиш қоидаларини, зоологик ва ботаник коллекцияларни вужудга келтириш, тўлдириш, сақлаш, улардан фойдаланиш ва уларни ҳисобга олиш қоидаларини, зоологик ва ботаник коллекциялари билан савдо қилиш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларини, зоологик ва ботаник коллекцияларини бошқа жойга жўнатиш ва чет элга олиб кетиш қоидаларини бузиш, худди шунингдек ҳайвонларни ўзбошимчалик билан бошқа ерга кўчириш, иқлимлаштириш ёки чатиштириш -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


93-модда. Қизил китобга киритилган ҳайвонлар

ва ўсимликлар турларини сақлашга зарар келтиради

деб топилган ҳайвонлар ёки ўсимликларни қонунга хилоф

равишда олиб келиш


Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳайвонлар ва ўсимликлар турларини сақлашга зарар келтиради деб топилган ҳайвонлар ёки ўсимликларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


94-модда. Ноёб ёки йўқ бўлиб кетиш хавфида турган ҳайвонларни йўқ

қилиб юбориш, ўлжа қилиш ёхуд шундай ҳайвонларнинг қирилиб

кетишига, сони камайиб кетишига ёки яшаш муҳити бузилишига

сабаб бўлиши мумкин бўлган бошқа ҳаракатлар содир этиш


Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳайвон турларига мансуб ноёб ёки йўқ бўлиб кетиш хавфида турган ҳайвонларни йўқ қилиб юбориш, ўлжа қилиш ёхуд уларнинг тухум, увилдириқ қўядиган инларини, бошпаналарини йўқ қилиш, инларини, уяларини ва бошқа яшаш жойларини бузиш ёхуд шундай ҳайвонларнинг қирилиб кетишига, сони камайиб кетишига ёки яшаш муҳити бузилишига сабаб бўладиган бошқа ҳаракатлар содир этиш ёхуд бундай ҳайвонларни овлаш рухсатномасида кўрсатилган шартларни бузган ҳолда ўлжа қилиш -

шу ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли бўлган ашёларни мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан икки бараваригача, мансабдор шахсларга эса - икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

шу ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли бўлган ашёларни мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



95-модда. Табиий муҳитни тиклаш, табиий захираларни қайта

ҳосил қилиш ва табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатиш

оқибатларини бартараф этиш чораларини кўрмаганлик


Табиий муҳитни тиклаш, табиий захираларни қайта ҳосил қилиш ва табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатиш оқибатларини бартараф этиш чораларини кўрмаганлик -

фуқароларнинг энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


96-модда. Лойиҳаларни давлат экологик (санитария-экологик)

экспертизасининг ижобий хулосасисиз рўёбга чиқариш


Лойиҳаларни давлат экологик (санитария-экологик) экспертизасининг ижобий хулосасисиз ёхуд унга риоя қилмаган ҳолда рўёбга чиқариш, шунингдек бундай хулосаси бўлмай туриб объектларни маблағ билан таъминлашни бошлаш ёки маблағ билан таъминлаш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



IХ БОБ. САНОАТДАГИ, ҚУРИЛИШДАГИ ВА ИССИҚЛИК

ҲАМДА ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИДАН ФОЙДАЛАНИШ

СОҲАСИДАГИ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР УЧУН

МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК


97-модда. Саноатда ҳамда Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш,

саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг

бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси

органлари назорати остидаги бошқа объектларда ишларни

бехатар олиб боришга оид қоидалар, нормалар

ва йўриқномаларни бузиш

Саноатда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси органлари назорати остидаги бошқа объектларда ишларни бехатар олиб боришга оид қоидалар, нормалар ва йўриқномаларни бузиш -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



98-модда. Портловчи ҳамда радиоактив

материалларни (манбаларни) ҳисобга олиш,

сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш


Саноатда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси органлари назорати остидаги бошқа объектларда портловчи ҳамда радиоактив материалларни (манбаларни) ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини, нормалари ҳамда йўриқномаларини бузиш -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



99-модда. Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш талабларини, бинокорлик материаллари, конструкциялари ва буюмларини ишлаб чиқаришда техник регламентлар талабларини бузиш, шунингдек давлат архитектура-қурилиш назорати органларининг кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаш ёки ўз вақтида бажармаслик -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қурилиши тугалланган бинолар ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш қоидаларини, аҳоли пунктларини ва аҳоли пунктлариаро ҳудудни режалаштириш ва қуриш бош режаларини, лойиҳаларини, тарихий иморатлар жойлашган туманларни реконструкция қилиш режаларини, даҳаларни, мавзеларни ва шаҳарларнинг саноат зоналарини, қишлоқ аҳоли пунктларини қуриш ва ободонлаштириш сифатини, шунингдек бинолар ва иншоотларнинг архитектура ечимларини бузиш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Объектларни давлат экспертизасининг лойиҳа-смета ҳужжатлари хусусидаги, шу жумладан иш ҳужжатлари хусусидаги ижобий хулосасисиз, шунингдек давлат архитектура-қурилиш назорати органлари рўйхатидан ўтказмасдан ва уларнинг рухсатномасисиз қуриш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга тақиқлар (чекловлар) белгиланган зоналарда ушбу ишларни бажариш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


100-модда. Электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш


Электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш, яъни электр двигателларидан, электр печлари ва бошқа электр ҳамда иссиқлик ускуналаридан мунтазам равишда, ишлаб чиқариш зарурати бўлмаган ҳолда тўлиқ фойдаланмаслик ёки уларни бекорга ишлатиб қўйиш, зичланган ҳаво, сув ва иссиқликнинг мунтазам равишда нобуд бўлиши, энергия билан таъминловчи ташкилотларнинг рухсатисиз хизмат бинолари ва бошқа биноларни иситиш учун, шунингдек ишлаб чиқариш жараёнида назарда тутилмаган бошқа мақсадлар учун электр энергиясидан фойдаланиш, ёритиш учун электр энергиясидан хўжасизларча фойдаланиш, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


101-модда. Электр, иссиқлик энергияси,

газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш

Умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш ёхуд электр, иссиқлик энергияси, табиий газни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёки бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


102-модда. Электр тармоқларини муҳофаза қилиш

қоидаларини бузиш


1000 вольтгача кучланишли электр тармоқларини (ҳаво, ер ости ва сув ости электр узатиш, киритма ва тақсимлаш қурилмаларини) муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, башарти бу ҳол истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлашда узилишга, электр тармоқларининг шикастланишига ёки халқ хўжалигига бошқа хил зиён етишига олиб келса ёки олиб келиши мумкин бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисмидан иккидан бир қисмигача, мансабдор шахсларга эса - иккидан бир қисмидан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

1000 вольтдан ортиқ кучланишли электр тармоқларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, башарти бу ҳол истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлашда узилишга, электр тармоқларининг шикастланишига ёки халқ хўжалигига бошқа хил зиён етишига олиб келса ёки олиб келиши мумкин бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


103-модда. Газдан ёқилғи ёки хом ашё сифатида

фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарликлар


Газдан фойдаланиш қурилмасига газни рухсатсиз очиб бериш ёки газ истеъмол қилишнинг белгиланган тартибига риоя қилмаслик ёхуд газдан фойдаланиш қурилмаларида газ сарфлашнинг тасдиқланган солиштирма нормаларисиз газ сарфлаш ёки бундай нормалардан ортиқча сарфлаш, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Газдан фойдаланиш қурилмаларини газ сарфини ҳисобга олмай туриб ёки газ қўлланиб ҳосил қилинадиган иссиқлик энергияси ва маҳсулотларни ҳисобга олмай туриб ишлатиш ёхуд газдан фойдаланиш қурилмаси лойиҳасида назарда тутилган газ ёниш жараёнини автомат тарзда бошқариб турувчи воситаларнинг, иссиқлик техникаси назорати асбобларининг ёки газдан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминловчи иссиқликдан фойдаланиш ускуналарининг бўлмаслиги (бузуқлиги), -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Газ истеъмол қилувчи корхона, муассаса ва ташкилотлар учун назарда тутилган резерв ёқилғи хўжалигининг ишга тайёр эмаслиги ёки газдан фойдаланиш қурилмаларининг белгиланган резерв ёқилғи турларида ишлашга тайёр эмаслиги, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


Х БОБ. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДАГИ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК,

ВЕТЕРИНАРИЯ, ВЕТЕРИНАРИЯ-САНИТАРИЯ

ҚОИДАЛАРИ ВА НОРМАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК

УЧУН МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК


104-модда. Экинзорларни пайҳон қилиш, қишлоқ хўжалик

экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиш

ёки уни йўқ қилиб  юбориш, кўчатларга шикаст етказиш


Чорва моллар ёки паррандаларнинг хўжалик экинзорларини пайҳон қилиши, қишлоқ хўжалик экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиши ёки уни йўқ қилиб юбориши, кўчатларга шикаст етказиши, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Экинзорларни ёки кўчатзорларни ҳамма турдаги ҳаракатланувчи техника воситаларида босиб ўтиш, -

энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

104-1-модда. Қишлоқ хўжалик экинларининг навини янгилаш

ва нав жойлаштириш тартибини бузиш

Қишлоқ хўжалик экинларининг навини янгилаш ва нав жойлаштириш тартибини бузиш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


105-модда. Таркибида гиёҳванд моддалар бўлган экинларни

қўриқлашни таъминлаш чораларини кўрмаганлик


Таркибида гиёҳванд моддалар бўлган наша ва мойли кўкнор экинларини, мазкур экинлар ҳосилини сақлаш ва қайта ишлаш жойларини қўриқлаш юзасидан белгиланган тартибни таъминлаш чораларини кўрмаганлик, шунингдек таркибида гиёҳванд моддалар бўлган шундай экинларнинг анғизлари ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини йўқ қилиб ташлаш чораларини кўрмаганлик, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



106-модда. Ёввойи нашани йўқ қилиб

юбориш чораларини кўрмаганлик


Тасарруфида ер майдонлари бўлган шахслар томонидан ёввойи нашани йўқ қилиб юбориш чораларини кўрмаганлик, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



107-модда. Карантин эълон қилинган зараркунандаларга,

ўсимликлар касалликлари ва бегона ўтларга

қарши кураш қоидаларини бузиш


Карантин эълон қилинган зараркунандаларга, ўсимликлар касалликларига ва бегона ўтларга қарши курашнинг санитария қоидаларини ва бошқа хил қоидаларни бузиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ер эгалари ва ердан фойдаланувчилар томонидан заҳарли бегона ўтларга қарши кураш чораларини кўрмаганлик, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


108-модда. Карантин текширувидан ва тегишли тартибда

ишлов беришдан ўтказилмаган материалларни ташиб чиқиб кетиш


Чет мамлакатлардан келтирилиб, карантин текширувидан ва тегишли ишлов беришдан ўтказилмаган материалларни чегарадаги дарё портларидан (пристанларидан), темир йўл станцияларидан, автовокзаллардан (автостанциялардан), аэропортлардан ва бошқа чегара пунктларидан ташиб чиқиб кетиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан икки бараваригача, мансабдор шахсларга эса - икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


109-модда. Ветеринария, ветеринария-санитария

қоидалари ва нормаларини бузиш

Ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузганлик, эпизоотияларга қарши курашиш чораларини кўрмаганлик, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмигача, мансабдор шахсларга эса - иккидан бир қисмидан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


110-модда. Ит ва мушук боқиш қоидаларини бузиш


Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ит ва мушук боқишнинг қоидаларини бузиш, худди шунингдек мансабдор шахслар томонидан эгасиз ҳайвонларни туттириш чораларини кўрмаганлик -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисмидан иккидан бир қисмигача, мансабдор шахсларга эса - иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик фуқароларнинг соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етишига олиб келса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



111-модда. Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш


Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш, -

энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


112-модда. Механизаторлар томонидан қишлоқ хўжалик

машиналаридан техник жиҳатдан фойдаланиш ва

техника хавфсизлиги қоидаларини қўпол равишда бузиш


Механизаторлар томонидан тракторлар, комбайнлар ва бошқа хил ўзиюрар қишлоқ хўжалик машиналаридан техник жиҳатдан фойдаланиш ва техника хавфсизлиги қоидаларини қўпол равишда бузиш, -

энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга ёки механизаторларни ушбу машиналарни бошқариш ҳуқуқидан бир йилгача муддатга маҳрум қилишга сабаб бўлади.



ХI БОБ. ТРАНСПОРТДАГИ, ЙЎЛ ХЎЖАЛИГИ ВА АЛОҚА

СОҲАЛАРИДАГИ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР УЧУН

МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК


113-модда. Темир йўл транспортида ҳаракат

хавфсизлиги қоидаларини бузиш


Темир йўл изларига поездлар қатновининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ашёларни қўйиш, шунингдек темир йўлни, иҳота дарахтларини ва қор тўсиш ғовларини ҳамда бошқа йўл объектларини, сигнал бериш ва алоқа иншоотлари ва қурилмаларини шикастлантириш, -

энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Темир йўлдан от-арава ҳайдаб ўтиш ва чорва молларни ҳайдаб ўтиш, чорва молларни темир йўл яқинида боқиш қоидаларини бузиш, -

энг кам иш ҳақининг бешдан бир қисмидан иккидан бир қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Темир йўл транспортига юк ортиш вақтида белгиланган габаритларга риоя қилмаслик, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бешдан бир қисмидан иккидан бир қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Темир йўлларни белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиш, -

энг кам иш ҳақининг йигирмадан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан темир йўл изини белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш, -

энг кам иш ҳақининг икки бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


114-модда. Темир йўл транспорти воситаларидан

фойдаланиш қоидаларини бузиш


Зарурат бўлмай туриб, ўзбошимчалик билан поездни тўхтатиш, -

энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Юк поездларида ўзбошимчалик билан юриш, поезд юриб кетаётганда поездга чиқиш ва поезддан тушиш, вагонларнинг зинапояларида ва томларида кетиш, -

энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


115-модда. Метрополитендан фойдаланиш қоидаларини бузиш


Метрополитендан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларини бузиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисмидан иккидан бир қисмигача, мансабдор шахсларга эса - иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



116-модда. Учиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш


Аэродром минтақасида аэродромларни аниқлаш учун қабул қилинган белгилар ва қурилмаларга ўхшаш бирон бир белги ва қурилмалар ўрнатиш ёки аэропорт, аэродром маъмуриятининг рухсатисиз пиротехника буюмларини ёқиш ёхуд ҳаво кемаларининг учиши учун хавфли бўлган ва паррандаларнинг кўплаб йиғилишига сабаб бўлувчи объектлар қуриш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бинолар ва иншоотларда тунги ва кундузги аниқлаш белгилари ёки қурилмаларини ўрнатиш қоидаларини бажармаганлик, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Аэродром ускуналарини, аэродром белгиларини, ҳаво кемаларини ва уларнинг ускуналарини шикастлантириш, -

энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Тегишли рухсати бўлмай туриб аэропортлар (аэровокзаллардан ташқари), аэродромлар, учишни радио ва ёруғлик билан таъминлаб турувчи объектлар ҳудудида пиёда ёки транспортда юриш, -

энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисмидан иккидан бир қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маст ҳолдаги экипаж аъзоларининг ҳаво кемасини бошқаришига ижозат бериш, -

экипаж аъзоларини ҳаво кемасини бошқаришга ижозат бериш учун масъул бўлган мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

116-1-модда. Ҳаво кемасидан фойдаланиш вақтида

лазер нурини йўналтириш орқали халақит бериш

Ҳаво кемасидан фойдаланиш вақтида ҳаво кемасига лазер нурини йўналтириш орқали халақит бериш -

ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

116-2-модда. Ўзбекистон Республикасининг самовий ҳудудидан

қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш

Ўзбекистон Республикасининг самовий ҳудудидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш, шу жумладан учувчисиз учадиган аппаратлардан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш, -

ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.



117-модда. Ҳаво кемасида юриш-туриш қоидаларини бузиш


Ҳаво кемасида бўлган шахсларнинг кема командири фармойишларини бажармаслиги, -

энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳаво кемаси бортида туриб фотосуратга, кинога, видеога олиш, шунингдек радиоалоқа воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, -

фото-киноплёнка ёки видеокассеталар мусодара қилиниб, энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


118-модда. Сув транспортида ҳаракат

хавфсизлиги қоидаларини бузиш


Сув транспорти соҳасида кемаларнинг портга кириши ва портдан чиқиши, порт сувларида кемаларнинг ҳаракати ва туриши ҳамда шатакка олиниши қоидаларини ёхуд сигнал чироқлари бериш, товуш сигналлар, шунингдек кўрилма ва кундузги сигналлар алмашинишнинг белгиланган тартибини бузиш ёки кема йўлига балиқ тутиш қурилмаларини ўрнатиш, -

энг кам иш ҳақининг бешдан бир қисмидан иккидан бир қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Порт сувларида тегишли рухсати бўлмай туриб ғаввослик ишларини бажариш, шундай ишларни олиб борган чоғда сигналлар бериш қоидаларига риоя қилмаслик, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бешдан бир қисмидан иккидан бир қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Сув транспортида хавфсизликни таъминловчи сигнал ва алоқа иншоотлари ҳамда қурилмаларини шикастлантириш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисмигача, мансабдор шахсларга эса - бешдан бир қисмидан иккидан бир қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



119-модда. Кичик ҳажмли кемаларни рўйхатдан ўтказиш

ва ҳисобга олиш қоидаларини, шунингдек бундай кемалардан

ва улар турадиган базалардан (иншоотлардан)

фойдаланиш қоидаларини бузиш


Кичик ҳажмли кемалар давлат инспекцияси назоратидаги кичик ҳажмли кемаларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш қоидаларини бузиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисмидан иккидан бир қисмигача, мансабдор шахсларга эса - иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Кичик ҳажмли кемалар ва улар турадиган базалардан (иншоотлардан) фойдаланиш қоидаларини бузиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга ёхуд кема ҳайдовчиларини кемани бошқариш ҳуқуқидан бир йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.



120-модда. Портларда юкларни ортиш, тушириш

ва тахлаш қоидаларини бузиш


Портларда юкларни ортиш, тушириш ва тахлаш қоидаларини бузиш, -

энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


121-модда. Транспорт воситаларининг ички

жиҳозларига шикаст етказиш


Локомотивлар, вагонлар, дарё ва ҳаво кемалари, худди шунингдек ҳамма турдаги махсус транспортларнинг ойналари ва ички жиҳозларига шикаст етказиш, -

энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Автобусларнинг, таксиларнинг, маршрут таксиларининг, шаҳар электр транспортининг ва метрополитен вагонларининг ойналари ва ички жиҳозларига шикаст етказиш, -

энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


122-модда. Тамаки маҳсулотини транспортда

белгиланмаган жойларда истеъмол қилиш

Маҳаллий ва узоқ масофага қатнайдиган поездларда, дарё кемаларида белгиланмаган жойларда, шаҳар атрофига қатнайдиган поездларнинг вагонларида (шу жумладан тамбурларида), шаҳар ичида, шаҳар атрофига, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда қатнайдиган автобусларда, шунингдек таксиларда, йўналишли таксиларда ҳамда шаҳар электр транспортида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш, -

энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳаво кемаларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш, -

энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.



123-модда. Транспорт воситаларидан ахлат

ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш


Поездларнинг вагонлари, автомобиль ва шаҳар электр транспортидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш, -

энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисмидан иккидан бир қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



124-модда. Транспортда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш


Транспортда белгиланган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


125-модда. Транспорт воситаларидан

фойдаланиш қоидаларини бузиш


Ҳ айдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариш ва йўловчилар ташишда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига, худди шунингдек мотоцикл ва мопедлар ҳайдовчиларининг мотошлемлардан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги, -

энг кам иш ҳақининг бешдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳ айдовчиларнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган ёки мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаган ёхуд фойдаланиш ман этиладиган даражада носозлиги бўлган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фавқулодда вазиятда ойнани синдириш учун фойдаланиладиган болғача билан жиҳозланмаган, ўт ўчиргич, тиббиёт қутичаси, авария ҳолатида тўхтаганлигини билдирувчи белги ва нур қайтаргичли камзул билан бутланмаган, худди шунингдек ишлаётганида ташқарига чиқараётган ифлослантирувчи моддаларнинг миқдори, шунингдек шовқин даражаси белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспорт воситаларини бошқариши, -

энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳайдовчиларнинг тормоз тизимида, руль бошқарувида ёки уловчи қурилмада носозлиги бўлган ёхуд тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспорт воситаларини бошқариши, -

энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳайдовчиларнинг шаҳарлараро ва халқаро йўловчи ташишни амалга оширадиган автобусларни назорат асбобларисиз (тахографларсиз) ёки тахографларни ўчирган ҳолда бошқариши, -

энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Фойдаланиш белгиланган тартибда ман этилган транспорт воситаларини, худди шунингдек давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситаларини бошқариш, -

энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Давлат рақам белгиси ясама ёки ўзга усулларда ўзгартирилган транспорт воситаларини, худди шунингдек давлат рақам белгиси айни шу транспорт воситасига тегишли бўлмаган транспорт воситасини бошқариш -

энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга қарашли транспорт воситаларини ишдан ташқари вақтда улардан фойдаланиш шартларига мувофиқ келадиган тарзда махсус жиҳозланмаган жойда сақлаш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир баравари, мансабдор шахсларга эса - икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу Кодекснинг 125 (мопедлардан ташқари), 125-1, 126, 127, 128, 128-1, 128-2, 128-3, 128-4, 128-5, 128-6, 129, 130, 131, 133, 134, 135, 135-1, 136, 139, 140, 141-моддаларида транспорт воситалари дейилганда барча турдаги автомобиллар ва тракторлар, бошқа хил ўзиюрар машиналар, трамвай ва троллейбуслар, шунингдек мотоцикллар ва бошқа механик транспорт воситаларини тушунмоқ керак.

125-1-модда. Юк ташиш қоидаларини,

шатакка олиш қоидаларини бузиш

Юк ташиш қоидаларини, худди шунингдек шатакка олиш қоидаларини бузиш, -

энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Тегишли рухсатномасиз оғир вазнли, йирик габаритли, хавфли юкларни ташиш ва юк билан ёки юксиз ҳолдаги габарит ўлчамлари белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспорт воситаларида йўлга чиқиш, худди шунингдек рухсатномада кўрсатилган ҳаракат йўналишидан четга чиқиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойгача муддатга маҳрум этишга, юк ташиш учун масъул бўлган мансабдор шахсларга эса - энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


126-модда. Кўзгусимон ва туси ўзгартирилган (қорайтирилган)

ностандарт ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни

чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан

фойдаланиш

Давлат стандарти нормаларига мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ёки туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан, худди шунингдек ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланиш, -

энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


127-модда. Транспорт воситаларининг товуш чиқарувчи,

ёритувчи ва бошқа қурилмаларидан фойдаланиш,

уларни ўрнатиш қоидаларини бузиш

Товуш сигналини сабабсиз бериш, транспорт воситаларига уни ишлаб чиқарган корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек уларни ўзгартириб ўрнатиш, -

энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Тегишли рухсат олмай туриб транспорт воситаларига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш, -

ана шу қурилмаларни мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


128-модда. Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини

пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари

ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари

талабларига риоя этмаслиги

Ҳ айдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ёки йўлнинг қатнов қисмидаги чизиқлар билан белгилаб қўйилган талабларга риоя этмаслиги (ушбу Кодекснинг 128-3, 128-5, 128-6 ва 130-моддаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), одам ташиш, транспорт воситаларини қувиб ўтиш, йўналишли транспорт воситалари тўхтайдиган бекатлардан ёки пиёдалар ўтиш жойларидан юриш, ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузиши, худди шунингдек йўловчиларга лойқа сачратиши, -

энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, -

энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарликни икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, -

энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарликни уч марта ва ундан ортиқ маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, -

энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ой муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

128-1-модда. Транспорт воситасини бошқариш

вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланиши

Транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланиши, -

энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

128-2-модда. Транспорт воситасини бошқариш пайтида

монитордан (дисплейдан) теле-, видеодастурларни

томоша қилиш учун фойдаланиш ва транспорт воситасига

ўзбошимчалик билан монитор (дисплей) ўрнатиш

Транспорт воситасини бошқариш пайтида транспорт воситаси салонининг олд қисмига ишлаб чиқарувчи корхона томонидан ўрнатилган монитордан (дисплейдан) теле-, видеодастурларни томоша қилиш учун фойдаланиш -

энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситаси салонининг олд қисмига ўзбошимчалик билан монитор (дисплей) ўрнатиш -

энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойдан бир йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

128-3-модда. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг

белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юбориши, -

энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан ортиқ, лекин 40 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юбориши ёки транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориши, -

энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ катталикда ошириб юбориши, -

энг кам иш ҳақининг етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан ортиқ, лекин 40 километрдан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориши ёхуд транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориши, -

энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориши ёки транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан ортиқ, лекин 40 километрдан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориши ёхуд транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат-тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун уч марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориши, -

транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан икки йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

128-4-модда. Транспорт воситалари хайдовчиларининг

светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини

тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига

бўйсунмасдан ўтиши

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиши, -

энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

128-5-модда. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг

халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши,

йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган

томонига ёки бўлагига чиқиши

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўсқинликсиз ҳаракат қилиш ҳуқуқидан фойдаланадиган транспорт воситаларининг ўтиб кетишига халақит бериши, -

энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чиқиши, худди шунингдек авария ҳолати юзага келишига сабаб бўлган, яъни йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини тезликни, ҳаракат йўналишини кескин ўзгартиришга ёки ўз хавфсизлигини ёхуд бошқа фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ўзга чораларни кўришга мажбур қилувчи ҳуқуқбузарликни содир этиши, -

энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, -

энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

128-6-модда. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг

тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши, -

энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, -

энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарликни икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, -

энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарликни уч марта ва ундан ортиқ маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, -

энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


129-модда. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг

йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи гуруҳ

бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиши

Мотоцикллар ва бошқа транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлларда йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки авария ҳолатини келтириб чиқарувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиши, -

энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойдан бир йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.


130-модда. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг

темир йўлнинг ўтиш жойларидан ўтиш қоидаларини бузиши


Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг темир йўлнинг ўтиш жойларидан ўтиш қоидаларини бузиши, -

энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойдан бир йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.


131-модда. Транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш


Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши, -

транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш, -

энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан икки йилдан уч йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.


132-модда. Кема ҳайдовчиларининг кичик

ҳажмли кемаларни маст ҳолда бошқариши


Кема ҳайдовчиларининг кичик ҳажмдаги кемаларни маст ҳолда бошқариши, шунингдек кичик ҳажмли кемаларни бошқаришни алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолдаги шахсларга топшириш, -

энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга ёки кема ҳайдовчиларини кемани бошқариш ҳуқуқидан олти ойгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.



133-модда. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати

қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча

миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши


Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келса, -

энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан бир йилдан уч йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

Анча миқдордаги моддий зарар деганда, энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдоридан ошиб кетган зарар тушунилади.



134-модда. Ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини

бузиши транспорт воситаларининг ёки бошқа

мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши


Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситалари, йўл ҳаракатини тартибга солувчи воситалар ёки бошқа мол-мулк шикастланишига олиб келса, лекин анча миқдорда моддий зарар етказмаса, -

энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойдан бир йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.



135-модда. Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган

ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт

воситаларини бошқариши

Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик ҳақидаги, шунингдек транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси (ушбу Кодекс 135-1-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно), қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса лицензия карточкаси ёки йўл варақаси ёнида бўлмаган ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариши, худди шунингдек ишончномаларни, транспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ва ижарага бериш шартномаларини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказмасдан (ҳисобга қўймасдан) транспорт воситаларини бошқариши, -

энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг шу воситаларни бошқариши, худди шунингдек бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга транспорт воситаларини бошқаришнинг топширилиши, -

энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларнинг бундай воситаларни бошқариши, -

энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

135-1-модда. Транспорт воситалари эгаларининг

фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш

тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини бузиш

Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисларида назарда тутилмаган фойдаланиш даврида транспорт воситаларини бошқариш, худди шунингдек фақат мазкур суғурта полисларида кўрсатилган ҳайдовчилар айни шу транспорт воситаларини бошқариши тўғрисида мазкур суғурта полисларида назарда тутилган шартларни бузган ҳолда транспорт воситаларини бошқариш, -

энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича қонунда белгиланган мажбуриятнинг транспорт воситалари эгалари томонидан бажарилмаслиги, худди шунингдек, агар бундай мажбурий суғурта қилинмаганлиги олдиндан аён бўлса, транспорт воситаларини бошқариш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир баравари, мансабдор шахсларга эса - энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


136-модда. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг

ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги

ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан

ўтишдан бўйин товлаши

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлиги ёки маст эмаслигини белгиланган тартибда аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши, -

транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликнинг мопед, велосипед ҳайдовчи, уловли аравани бошқариб борувчи шахс томонидан содир этилиши, -

энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


137-модда. Йўл-транспорт ҳодисаси

юз берган жойдан кетиб қолиш


Йўл-транспорт ҳодисаси қатнашчиларининг белгиланган қоидаларни бузган ҳолда ҳодиса юз берган жойдан кетиб қолиши, -

энг кам иш ҳақининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан икки йил муддатга маҳрум этишга ёхуд ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.


138-модда. Пиёдалар ва йўл ҳаракати бошқа

иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши

Пиёдаларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, уларнинг йўлнинг ҳаракат қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиши, пиёдалар йўлнинг қатнов қисмида, шу жумладан пиёдалар ўтиш жойида ҳаракатланаётганда телефондан фойдаланиши, китобларни ёки даврий нашрларни ўқиши, видеоматериалларни томоша қилиши ҳамда аудиоматериалларни эшитиши, шунингдек эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиши, шунингдек мопед ва велосипед ҳайдовчиларининг, уловли аравани бошқариб борувчи ва йўлдан фойдаланувчи бошқа шахсларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги, -

энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳайдовчиларга ҳар хил хизмат кўрсатиш мақсадида йўлнинг қатнов қисмида фуқароларнинг туриши, йўлларга ажратилган минтақа теграсида мол боқиш, -

энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши авария ҳолатини вужудга келтирса, -

энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда йўловчи томонидан тана қисмларини (қўлдан ташқари) салондан чиқариш, -

энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Мопед, велосипед ҳайдовчининг, уловли аравани бошқариб борувчи шахснинг алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст бўлган ҳолда йўл ҳаракати қоидаларини бузиши, -

энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


139-модда. Носоз транспорт воситаларини йўлга

чиқариш ва транспорт воситаларидан фойдаланиш

қоидаларини бошқача тарзда бузиш

Белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган ёки мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаган транспорт воситаларини йўлга чиқариш, -

транспорт воситаларининг техник ҳолати ва улардан фойдаланилиши учун масъул бўлган мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Носозлиги бўлган ёки муайян шартлар туфайли транспорт воситасидан фойдаланиш тақиқланган ёки тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспорт воситаларини йўлга чиқариш, -

транспорт воситаларининг техник ҳолати ва улардан фойдаланилиши учун масъул бўлган мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


140-модда. Маст ҳолдаги ҳайдовчиларнинг ёки транспорт

воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган

шахсларнинг транспорт воситаларини

бошқаришига йўл қўйиш


Алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст бўлган ҳайдовчиларнинг ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқаришига йўл қўйиш, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


141-модда. Транспорт воситаларидан шахсий бойлик

орттириш мақсадида фойдаланиш


Ҳайдовчиларнинг корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга қарашли транспорт воситаларидан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланиши, -

энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



142-модда. Хавфли моддалар ва ашёларни

транспортда ташиш қоидаларини бузиш


Темир йўл, ҳаво ва сув транспортида қўл юки сифатида ёнувчан, заҳарловчи, тез алангаланувчи, портловчи ҳамда заҳарли моддалар ва ашёларни олиб юриш қоидаларини бузиш, -

энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Юк сақлаш камерасига портловчи, тез алангаланувчи, заҳарли ва бадбўй моддалар ва ашёларни топшириш, -

ана шу моддалар ва ашёларни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиб ёки олиб қўймай ёхуд мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Троллейбусда, трамвайда, метрополитенда, автобусда, маршрут таксисида портловчи, тез алангаланувчи, заҳарловчи ҳамда заҳарли моддалар ва ашёларни олиб юриш, -

энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


143-модда. Кира ҳақи тўламасдан юк олиб юриш


Троллейбусда, трамвайда, шаҳар ичида ва шаҳар атрофига қатнайдиган автобусда, маршрут таксисида кира ҳақи тўламасдан юк олиб юриш, -

ҳар бир юк жойи учун энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


144-модда. Транспортда чиптасиз юриш


Йўловчининг транспортда чиптасиз юриши, ўн ёшдан ўн олти ёшгача бўлган болаларни чиптасиз олиб юриш:

а) шаҳар атрофига қатнайдиган поездларда, -

энг кам иш ҳақининг бешдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади;

б) маҳаллий ва узоқ масофага қатнайдиган поездларда, -

энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Шаҳар атрофига қатнайдиган поездларда, маҳаллий ва узоқ масофага қатнайдиган поездларда беш ёшдан ўн ёшгача бўлган болаларни чиптасиз олиб юриш, -

энг кам иш ҳақининг бешдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Йўловчиларнинг самолётда чиптасиз юриши, -

энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Шаҳарлараро қатнайдиган автобусда чиптасиз юриш, -

энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Йўловчининг троллейбусда, трамвайда, шаҳар ичида ва шаҳар атрофига қатнайдиган автобусда чиптасиз юриши, -

энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


145-модда. Йўловчиларни чиптасиз ташиш


Ҳаво, темир йўл транспортида йўловчиларни чиптасиз ташиш, -

энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Сув, автомобиль транспортида ва шаҳар электр транспортида йўловчиларни чиптасиз ташиш, -

энг кам иш ҳақининг икки бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


146-модда. Ҳаво, темир йўл, сув ва автомобиль транспортида

юкларнинг сақланишини таъминлаш қоидаларини бузиш


Темир йўлнинг юк ташиш учун мўлжалланган қатнов таркибига, контейнерларга, сузувчи ва бошқа транспорт воситаларига, шунингдек юк ташувчи мосламаларга шикаст етказиш, -

энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳаво кемалари, юк вагонлари, автомобиллар, автомобиль тиркамалари, контейнерларнинг, сузувчи воситалар трюмлари ва бошқа юкхоналарининг пломбаларига ва бекиткич қурилмаларига шикаст етказиш, уларнинг пломбаларини бузиш, айрим юк ўринларига ва юк ўрамаларига, пакетларига, юк қўраларининг, темир йўл станцияларининг, юк автомобиллари станцияларининг, контейнер пунктларининг (майдончаларининг), портларнинг (пристанларнинг) ва юк ташиш билан боғлиқ бўлган операцияларни бажариш учун фойдаланиладиган омборларнинг тўсиқларига шикаст етказиш, шунингдек тегишли рухсати бўлмай туриб юк қўраларига, контейнер пунктларига (майдончаларига), портлар (пристанлар), шлюзларнинг юк турган ҳудудларига (жойларига) ва юқорида зикр этилган омборларга кириш, -

энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳаво, темир йўл, сув ва автомобиль транспортида юкларнинг бут сақланишини таъминлаш қоидаларини бузиш -

мансабдор шахсларга энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

146-1-модда. Ташувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий

суғурта қилиш бўйича мажбуриятини бажармаслиги

Ташувчининг йўловчилар ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказганлик учун қонунда белгиланган ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича мажбуриятини бажармаслиги, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


147-модда. Йўлларга, йўл иншоотларига, йўл ҳаракатини

тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказиш,

уларни сақлаш қоидаларини бузиш


Йўлларга, темир йўлдан ўтиш жойларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи бошқа иншоотлар ёки техник воситаларга шикаст етказиш, шунингдек йўл ҳаракатига қасддан ҳалал бериш, шу жумладан, йўл қопламасини ифлослантириш йўли билан ҳалал бериш, -

энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Йўл белгиларини ўрнатиш, йўлларни, темир йўлдан ўтиш жойлари ва бошқа йўл иншоотларини ҳаракат учун хавфсиз ҳолда сақлаш қоидаларини бузиш ёки йўлнинг айрим қисмларидан фойдаланиш ҳаракат хавфсизлигига таҳдид этадиган пайтда уларда ҳаракатни ўз вақтида тақиқлаш ёки чеклаш чораларини кўрмаслик, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


148-модда. Темир йўллар ва автомобиль йўллари учун ажратилган

минтақаларни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш


Темир йўллар ва автомобиль йўллари учун ажратилган минтақаларда темир йўл органлари ва йўл органлари билан келишмай туриб ерни ҳайдаш, ўт ўриш, дарахт кесиш ва уларга шикаст етказиш, чимларни олиб ташлаш ва тупроқ олиш, канализация, саноат, мелиорация сувларини ва оқова сувларни сув қочириш иншоотларига ва резервларига оқизиш, шунингдек ажратилган минтақаларда ва ёғоч кўприклардан 100 метргача бўлган масофада олов ёқиш, ёғоч кўприклар ва тахта тўшамали кўприкларда чекиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг тўртдан бир қисмидан иккидан бир қисмигача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


149-модда. Ер эгалари ёки ердан фойдаланувчиларнинг

автомобиль йўлларини ва йўл иншоотларини

муҳофаза қилиш қоидаларини бузиши


Автомобиль йўлларига ажратилган минтақага туташ жойлардаги ер эгалари ёки ердан фойдаланувчиларнинг умум фойдаланишдаги йўллардаги аҳоли пунктлари доирасида, ўзларига бириктириб қўйилган ер майдони чегарасида пиёдалар юрадиган йўлкалар ва улар ўтадиган кўприкчалар қуриш, уларни таъмирлаш ва мунтазам орасталаб туриш мажбуриятларини, шунингдек ўзларига бириктирилган ер майдонидан чиқиш йўлларини ёки умум фойдаланишдаги автомобиль йўлларига келиб туташадиган йўлларни, шу жумладан, кесиб ўтиладиган кўприкларни техник жиҳатдан соз ҳолда ва озода сақлаш мажбуриятларини бажармаслик, -

энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


150-модда. Магистрал қувурларни

муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш


Магистрал қувурларни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми, мансабдор шахсларга эса - бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.



151-модда. Рухсатсиз радиоузаткич шохобчаси ўрнатиш

ва (ёки) ундан фойдаланиш, шунингдек абонентлик

қурилмасини электр алоқа тармоқларига улаш

Қувватидан қатъи назар радиоузаткич шохобчасини рухсатсиз ўрнатиш ва (ёки) ундан фойдаланиш, -

фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Абонентлик қурилмасини рўйхатдан ўтказмай ёки рухсатсиз электр алоқа тармоқларига улаш, -

абонентлик қурилмасини мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


152-модда. Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали

қурилмалардан фойдаланиш тартибини бузиш

Радиоэлектрон воситалар ёки юқори частотали қурилмаларни лойиҳалаш, қуриш (ўрнатиш) ва улардан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларини, радиоайирбошлаш ва радиочастоталардан фойдаланиш қоидаларини бузиш, радионурланишнинг давлат стандартлари, нормалари ва белгиланган тартибда ўрнатилган параметрларига риоя этмаслик, -

фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Радиоэлектрон воситалари ёки юқори частотали қурилмаларни тайёрлаш, олиш, сотиш ёки ўзгага доимий ёхуд вақтинча фойдаланиш учун бериш тартибини бузиш, -

радиоэлектрон воситаларни ёки юқори частотали қурилмаларни мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

радиоэлектрон воситаларни ёки юқори частотали қурилмаларни мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.




153-модда. Алоқа хизматининг сифатига доир нормалар

ва давлат тармоқ стандартларини бузиш


Алоқа хизматининг сифатига доир нормалар ва давлат тармоқ стандартларини, давлат алоқа тармоғи билан боғланадиган симли электр алоқа воситаларининг, радионурланишларининг параметрларини бузиш, мансабдор шахсларга -

энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


154-модда. Алоқа йўллари ва иншоотларини

муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш

Алоқа йўллари ва иншоотларини, шунингдек алоқа йўли ва кабель иншоотларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, -

фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, -

фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



155-модда. Ахборотдан фойдаланиш қоидаларини бузиш


Ахборот тизимидан фойдаланиш мақсадида унга рухсатсиз кириб олишда ифодаланган ахборот ва ахборот тизимларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ахборот тизимларининг ишини бузишга олиб келган худди шундай ҳуқуқбузарлик, худди шунингдек кириш чекланган ахборот тизимларини ахборот-ҳисоблаш тармоқларига улаш чоғида тегишли ҳимоя чораларини кўрмаганлик, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг ахборот тизимларини халқаро ахборот тармоқларига қонунга хилоф равишда улаш, бу тармоқларга тегишли ҳимоя чораларини кўрмасдан уланиш, худди шунингдек улардан маълумотларни қонунга хилоф равишда олиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзганинг электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастури ёки маълумотлар базасини ўз номидан чиқариш ёхуд қонунга хилоф равишда ундан нусха олиш ёки бундай асарларни тарқатиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

155-1-модда. Компьютер тизимидан

фойдаланиш қоидаларини бузиш

Компьютер тизимидан фойдаланишга рухсати бўлган шахснинг ушбу тизимдан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларини бузиши компьютер ахборотининг йўқ қилиб юборилишига, тўсиб қўйилишига, модификациялаштирилишига, компьютер ускунаси ишлашининг бузилишига сабаб бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса - етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик ўта муҳим ахборот мавжуд бўлган компьютер тизимидан фойдаланиш вақтида содир этилса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



156-модда. Автомат телефонларни шикастлантириш


Автомат телефонларни шикастлантириш, -

энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


ХII БОБ. ФУҚАРОЛАРНИНГ ТУРАР ЖОЙ ҲУҚУҚЛАРИГА

ТААЛЛУҚЛИ, КОММУНАЛ ХИЗМАТ ВА ОБОДОНЛАШТИРИШ

СОҲАСИДАГИ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР УЧУН

МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК


157-модда. Ҳисобга олиш тартибини ҳамда уйларга ва

турар жой биноларига кўчиб кириш муддатларини бузиш


Турар жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва фуқароларга турар жой бериш тартибини бузиш, уйларга ва турар жойларга кўчиб киришнинг белгиланган муддатларига риоя қилмаслик, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


158-модда. Давлат уй-жой фондини

хусусийлаштириш қоидаларини бузиш


Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш қоидаларини бузиш, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


159-модда. Турар жойлардан фойдаланиш қоидаларини, уй-жой

фондидан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларини бузиш

Турар жойларни сақлаш ва улардан фойдаланиш, умум фойдаланадиган жойларни санитария ҳолатида сақлаш қоидаларини бузиш, уй-жой фондидан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларини бузиш, кўп квартирали уйлардаги турар жойларда чорва молларни, худди шунингдек одамларнинг саломатлигига хавф солувчи ҳайвонларни боқиш -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

159-1-модда. Фуқаролар ўртасида бинони, иншоотни ёки

уларнинг бир қисмини, турар жойни ижарага бериш шартномасининг,

текин фойдаланишга бериш шартномасининг мавжуд эмаслиги

ёхуд ижарага бериш шартномасининг, текин фойдаланишга

бериш шартномасининг мажбурий нотариал

тасдиқланишига риоя этмаслик

Фуқаролар ўртасида бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни ижарага бериш шартномасининг, текин фойдаланишга бериш шартномасининг мавжуд эмаслиги ёхуд ижарага бериш шартномасининг, текин фойдаланишга бериш шартномасининг мажбурий нотариал тасдиқланишига риоя этмаслик, -

энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


160-модда. Уй-жойларни қуриш қоидаларини бузиш ёки уй-жойларга

доир мулк ҳуқуқларини кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат

рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида

расмийлаштирмаслик

Қаранг: ФКнинг 574, 603, 626-1-моддалари; УЖКнинг 86-моддаси


Фуқароларнинг уй-жойларни, хўжалик ва рўзғор биноларини қуриш қоидаларини бузиши, -

энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Фуқароларнинг уй-жойга доир мулк ҳуқуқини кўчмас мулк ка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида расмийлаштирмаслиги, -

энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


161-модда. Шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини

ободонлаштириш қоидаларини бузиш


Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ҳудудларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш, шунингдек тозалик ва санитария тартибини таъминлаш қоидаларига риоя қилмаслик, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


162-модда. Шаҳарлардаги дарахтларни шикастлантириш

ёки уларни ўзбошимчалик билан кесиб ташлаш


Айрим жойларда иморат қураётганда шу ерда ўсиб турган дов-дарахтларга шикаст етказиш, уларни ўзбошимчалик билан кесиб ташлаш ёки бошқа жойга кўчириш, шунингдек фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг ўз ихтиёрларидаги дов-дарахтларни муҳофаза қилиш чораларини кўрмаслиги, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса - бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


163-модда. Водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш

Водопровод тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳамда водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш, ер ишлари ва бошқа ишларни бажараётганда водопровод тармоқларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, башарти бу ҳол уларнинг шикастланишига сабаб бўлса ёхуд совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

163-1-мoддa. Канализация тармоқларидан

фойдаланиш қоидаларини бузиш

Уй-жойларни, жамоат, ишлаб чиқариш объектлари ва бошқа объектларни, шунингдек ер участкаларини канализация тармоқларига ўзбошимчалик билан улаб олиш, таркибидаги ифлослантирувчи моддалар йўл қўйиладиган даражадан ортиқ бўлган оқова сувларни канализацияга оқизиш ҳамда канализациядан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш, ер ишлари ва бошқа ишларни бажараётганда канализация тармоқларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, башарти бу ҳол уларнинг шикастланишига сабаб бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


ХIII БОБ. САВДО, ТАДБИРКОРЛИК ВА МОЛИЯ СОҲАЛАРИДАГИ

ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР УЧУН МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК


164-модда. Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш


Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини анча миқдордаги қийматда бузиш -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини кўп миқдордаги қийматда бузиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан эллик бараваригача, мансабдор шахсларга эса - қирқ бараваридан саксон бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ёнилғи-мойлаш материаллари билан, дори-дармон воситалари ёки тиббий буюмлар билан қўлда савдо қилиш ёхуд шаҳарларда белгиланмаган жойларда қўлда савдо қилиш, -

сотилаётган ашёларни мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Дори-дармон воситалари ёки тиббий буюмлар ёхуд ёнилғи-мойлаш материаллари сотиш қоидаларини бузиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса - етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


165-модда. Фаолият билан лицензиясиз ва бошқа

рухсат берувчи ҳужжатларсиз шуғулланиш

Лицензия олиниши ёки бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар олиниши шарт бўлган фаолият билан лицензиясиз ёки бошқа рухсат берувчи ҳужжатларсиз шуғулланиш -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

165-1-модда. Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори

воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш

мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш,

сақлаш, ташиш ёки ўтказиш

Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш -

шу ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


166-модда. Молларни уларнинг сифатини ва ишлаб

чиқариш маркасини тасдиқлайдиган ҳужжатларсиз сотиш


Хўжалик юритувчи субъектларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари ва саноат молларини уларнинг сифатини ва ишлаб чиқариш маркасини тасдиқлайдиган ҳужжатларсиз сотиши, худди шунингдек сотиш мақсадида олиши, -

молларни мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

молларни мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ишлаб чиқариш маркасида ёки товар белгисида ишлаб чиқарувчининг номи ва жойлашган ери тўғрисида ахборот бўлмаган товарларни реализация қилиш, шунингдек реализация қилиш мақсадида сотиб олиш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


167-модда. Видеоёзувли кассеталарни сотиш ва

видео муассасаларнинг ишлаш қоидаларини бузиш


Эксперт комиссияси баҳоламаган видеоёзувли кассеталарни сотиш, -

видео кассеталарни мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Тегишли рухсат олмай туриб видео муассасаларни (видеоёзувли кассеталарни ижарага бериш пунктлари, видеозаллар, кабель телевидениеси студияларини) очиш ёки бундай муассасаларни ёпиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин ҳам уларнинг фаолиятни давом эттириши, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Видео муассасаларда эксперт комиссияси баҳоламаган видеоёзувли кассеталардан фойдаланиш, -

видеоёзувли кассеталарни мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи, иккинчи ёки учинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

видеоёзувли кассеталарни ва видео аппаратурани мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


168-модда. Бозорларда савдо қилиш қоидаларини бузиш


Бозорларда савдо қилиш қоидаларини бузиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисми, мансабдор шахсларга эса - иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


169-модда. Таркибида кимёвий моддаларнинг қолдиғи

йўл қўйиладиган даражадан ортиқ бўлган қишлоқ

хўжалик маҳсулотларини сотиш


Таркибида одамлар ва ҳайвонлар саломатлиги учун зарарли бўлган пестицидлар, минерал ўғитлар ва бошқа кимёвий моддаларнинг қолдиқ миқдори йўл қўйилиши мумкин деб белгиланган даражадан ортиқ эканлигини била туриб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, худди шунингдек заҳарли ёввойи ўсимликларни, уларнинг ҳосилини, меваларини, уруғларини, барглари ва илдизларини бозорларда сотиш, -

маҳсулотларни мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

маҳсулотларни мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг икки бараваридан тўрт бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



170-модда. Валюта бойликларини қонунга

хилоф равишда олиш ёки ўтказиш


Валюта бойликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш, -

валюта бойликларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


171-модда. Валюта ва экспорт-импорт операцияларини

амалга ошириш тартибини бузиш

Валюта операцияларини амалга оширувчи корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва банклар ходимларининг чет эл валютасини Ўзбекистон Республикасининг ваколат берилган банклардаги валюта счётларига яшириб қолиш мақсадини кўзламай туриб вақтида ёхуд тўлиқ ўтказилмаслик -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг саккиз бараваридан ўн икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Валюта тушумининг бир қисмини қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда ва миқдорларда мажбурий сотишдан бўйин товлаш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг саккиз бараваридан ўн икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишнинг белгиланган тартибини бузиш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг саккиз бараваридан ўн икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн икки бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

171-1-модда. Ўзбекистон Республикасининг

манфаатларига хилоф равишда битим тузиш

Наф келтирмаслиги аён бўлган битимни тузиш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига илгари фойдаланилган, жисман ишлатиб бўлинган, маънавий эскирган ёки замон талабларига жавоб бермайдиган асбоб-ускунани ёхуд технологияларни олиб киришга, шунингдек уларни ўрнатиш ва жорий этишга олиб келган битимни тузиш, республика манфаатларига анча миқдорда зарар етказган бўлса, худди шунингдек бундай битим тузилишига сабаб бўлган эксперт хулосасини ёки бошқа ҳужжатни ваколатли давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг мансабдор шахси томонидан бериш -

энг кам иш ҳақининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



172-модда. Ёнилғи-мойлаш материалларини қабул қилиш,

ҳисобга олиш, сақлаш, бериш, олиш қоидаларини бузиш


Ёнилғи-мойлаш материалларини қабул қилиш, ҳисобга олиш, сақлаш, бериш, олиш қоидаларини бузиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


173-модда. Стандарт талабларига ёки техник шартларга жавоб

бермайдиган ёнилғи-мойлаш материалларини реализация қилиш


Стандарт талабларига ёки техник шартларга жавоб бермайдиган ва кўплаб заҳарли моддалар чиқишига олиб келадиган ёнилғи-мойлаш материалларини реализация қилиш, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



174-модда. Солиқлар ёки бошқа мажбурий

тўловларни тўлашдан бўйин товлаш

Солиқ олинадиган фойдани (даромадни) ёки бошқа объектларни қасддан яшириш (камайтириб кўрсатиш) ёхуд солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлашдан қасддан бўйин товлаш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик анча миқдорда содир этилган бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Даромадлар тўғрисида декларация тақдим этишдан бўйин товлаш, декларацияни ўз вақтида тақдим этмаслик ёки унда атайин нотўғри маълумотларни тақдим этиш, -

энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

174-1-модда. Қимматли қоғозлар бозори

тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Эмитентлар ва қимматли қоғозлар тўғрисидаги ахборотни, ҳисоботларни эълон қилмаслик ёки ўз вақтида эълон қилмаслик, шунингдек давлат назорати органларига ҳисоботлар ёхуд ахборотни топширмаслик ёки ўз вақтида топширмаслик, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Эмитентлар томонидан қимматли қоғозлар чиқариш тартибини бузиш инвесторлар манфаатларига зарар етказмаган бўлса, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қимматли қоғозларни чиқаришнинг белгиланган тартибини эмитентлар томонидан бузиш инвесторларга зарар етказилишига олиб келган бўлса, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қимматли қоғозларга доир битимлар тузиш ва уларни рўйхатдан ўтказишнинг белгиланган тартибини қимматли қоғозлар бозорининг иштирокчилари томонидан бузиш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 

Инвесторлар, қимматли қоғозлар билан амалга ошириладиган операциялар бўйича ҳисоб ва ҳисоботнинг белгиланган тартибини бузиш, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Тегишли даромадларни инвесторларга тўламаслик ёки тўлиқ тўламаслик, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ваколатли давлат органининг ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш тўғрисидаги кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаш ёки ўз вақтида бажармаслик, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари томонидан инвесторлар ва давлат назорати органларини атайин нотўғри маълумотлар тарқатиш (тақдим этиш) орқали чалғитиш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг учинчи, тўртинчи, еттинчи ва саккизинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


175-модда. Солиқ солинадиган объектларнинг ҳисобини

олиб бормаслик ёки касса операцияларини юритиш

тартибини, шунингдек тўлов интизомини бузиш

Фойда (даромад) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик ёхуд бундай ҳисобни белгиланган тартибни бузган ҳолда олиб бориш, башарти бу ҳаракатлар тўланиши лозим бўлган солиқнинг ёки бошқа мажбурий тўловларнинг суммасини камайтиришга олиб келса, шунингдек бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқларни, бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун зарур бўлган солиқ ҳисоботларини, ҳисоб-китобларини ҳамда бошқа ҳужжатларни, дебиторлар билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаларини ёхуд тўлов муддати ўтган дебиторлик қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисидаги ёзма билдиришни тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки белгиланмаган шаклда тақдим этиш, худди шунингдек камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутларнинг асосларини ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини белгиланган муддатда тақдим этмаслик, -

энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг уч бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Касса операцияларини юритиш тартиби ва тўлов интизомини бузиш, шу жумладан, қарздор корхоналардан тўловларни ундириш бўйича солиқ органларининг инкассо топшириқларини бажармаслик, шунингдек дебиторлик ва кредиторлик қарзи муддатларини ўтказиб юбориш ҳамда корхоналарнинг ҳисобварақларида тегишли маблағлар бўлган ҳолда тўловларни амалга оширишнинг белгиланган муддатларини бузиш, шунингдек пул маблағларини ҳисобдан чиқариш навбатини бузиш, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Солиқ органларида рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи маълумотномасиз корхоналар ва ташкилотларга ҳисоб-китоб ёки бошқа ҳисобварақларини очиш, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бюджетга тўловлар бўйича қарзи бўлган корхоналарга ўз вақтида инкассо топшириқномасини тақдим этмаслик, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Солиқ тўловчи томонидан бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатаётган банкка тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик, -

энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг олтинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, -

энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

175-1-модда. Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини

юритиш тартибини бузиш

Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини бузиш, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима сабаб бўлади.

175-2-модда. Бюджет ва смета-штат интизомини бузиш

Молия йилида бюджет ва смета-штат интизомини бузиш унча кўп бўлмаган миқдорда содир этилган бўлса, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд анча миқдорда содир этилган бўлса, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Унча кўп бўлмаган миқдор деганда энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлган миқдор тушунилади.

175-3-модда. Солиқ тўловчиларнинг идентификация

рақамларини қўлланиш тартибини бузиш

Солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини қўлланиш тартибини бузиш -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

175-4-модда. Иш ҳақини тақиқланган шаклларда тўлаш

Иш ҳақини тақиқланган шаклларда тўлаш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

175-5-модда. Ходимлар сонини яшириш

Ходимлар сонини яшириш -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

175-6-модда. Бюджет сўровини, рўйхатдан ўтказиш учун

харажатлар сметаларини ва штат жадвалларини, шунингдек

молиявий ҳисоботни тақдим этиш тартибини бузиш

Бюджет сўровини, рўйхатдан ўтказиш учун харажатлар сметаларини ва штат жадвалларини, шунингдек молиявий ҳисоботни тақдим этиш тартибини бузиш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



176-модда. Ноқонуний тадбиркорлик фаолияти

Тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга ошириш, -

ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни анча миқдордаги назорат қилинмайдиган даромад олган ҳолда содир этиш, -

ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни кўп миқдордаги назорат қилинмайдиган даромад олган ҳолда содир этиш, -

ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан элликбараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъектининг рўйхатдан ўтказилишини таъминлаган ва зарур бўлган рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштирган бўлса, ҳуқуқбузарлик нарсаларини мусодара қилмасдан жавобгарликдан озод этилади.

176-1-модда. Шартнома интизомини бузиш

Шартнома мажбуриятларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик оқибатида хўжалик юритувчи субъектларга мулкий зарар етказиш, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

176-2-модда. Хўжалик юритувчи субъектнинг манзили,

банк реквизитлари ўзгарганлиги ёки қайта рўйхатдан

ўтганлиги тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмаслик

ёки ёлғон маълумотларни тақдим этиш

Хўжалик юритувчи субъект томонидан почта манзили (жойлашган ери), банк реквизитлари ўзгарганлиги тўғрисидаги ёки ўзи қайта рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотларни ўн кунлик муддат ичида ваколатли давлат органларига тақдим этмаслик ёхуд ёлғон маълумотларни тақдим этиш, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

176-3-модда. Автомобиль транспортида йўловчилар

ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш

Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса - эллик бараваридан юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

176-4-модда. Таксиларни ягона таниш белгилари

билан жиҳозлашга доир талабларни бузиш

Ягона таниш белгилари билан жиҳозланмаган ёки белгиланган талаблар бузилган ҳолда жиҳозланган таксиларни йўлга чиқариш, -

транспорт воситаларининг техник ҳолати ва улардан фойдаланиш учун масъул бўлган мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Белгиланган тартибда ягона таниш белгилари билан тўлиқ жиҳозланган таксиларнинг ҳайдовчилари томонидан мазкур белгилардан қасддан фойдаланмаслик ёки улар шикастланганлигига қарамай йўловчиларни ташиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



177-модда. Маҳсулот белгиси ёки хизмат

кўрсатиш белгиси эгасининг ҳуқуқларини бузиш


Бир хил маҳсулотларни белгилаш учун маҳсулот белгисидан ёки хизмат кўрсатиш белгисидан ёхуд унга ўхшаш белгидан маҳсулот белгиси эгасининг ҳуқуқларини бузган ҳолда фойдаланиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса -

уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


178-модда. Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини,

табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини

ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Монополияга қарши органга ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи органларга ахборот тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд уларга била туриб ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тақдим этиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Монополияга қарши органнинг қоидабузарликларни тугатиш тўғрисидаги, дастлабки ҳолатни тиклаш ҳақидаги, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишларини бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаш, ўз вақтида ёки лозим даражада бажармаслик -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Тайёрловчининг товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсизлиги ва сифати устидан назоратни амалга оширувчи давлат бошқаруви органларининг кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаши, уларни ўз вақтида ёки лозим даражада бажармаслиги -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юборишда, қўшиб олишда ҳамда акцияларни (улушларни) ва бошқа мулкий ҳуқуқларни олиш бўйича битимлар тузишда монополияга қарши талабларни бузиш -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларни келишиб олинган ҳолда содир этиш ва битимларни тузиш, шунингдек товар ёки молия бозорида устун мавқени суиистеъмол қилиш, худди шунингдек танлов (тендер) ёки биржа савдоларига доир монополияга қ