ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Хорижий кредитлар ва қарзлар /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 26.02.2002 й. 67-сон "Бухоро вилоятини сув билан таъминлашни яхшилаш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
26.02.2002 й.
N 67
"БУХОРО ВИЛОЯТИНИ СУВ БИЛАН
ТАЪМИНЛАШНИ ЯХШИЛАШ"
ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, республикада ичимлик сувдан оқилона фойдаланилиши устидан назорат қилишнинг замонавий тизимларини жорий этиш, Бухоро вилояти аҳолисини сифатли ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Қуйидагилар:
Испания Қироллиги Ҳукумати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида "Бухоро вилоятини сув билан таъминлашни яхшилаш" лойиҳасини амалга ошириш учун Испания Қироллиги Тараққиётга кўмаклашиш жамғармасининг Вазирликлараро комиссияси томонидан тасдиқланган маблағ билан таъминлаш шартлари асосида 16,175 млн евро миқдорида кредит бериш юзасидан аҳдлашувга эришилганлиги;
Бухоро вилояти "Сувоқава" ишлаб чиқариш бошқармаси томонидан замонавий сувнасоси, тақсимлагич, лаборатория ва ҳисобга олиш асбоб-ускуналарини харид қилиш, шунингдек хизмат кўрсатувчи ходимларни ўқитиб бериш юзасидан "Дегремон Медио Амбьенте С.А." компанияси (Испания) билан Испания Қироллиги ҳукуматининг кўрсатилган кредити доирасида 16,175 млн евро миқдорида контракт тузилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Бухоро вилояти ҳокимлиги ва "Сувоқава" вилоят ишлаб чиқариш бошқармаси мазкур лойиҳа бўйича буюртмачи ва ижрочи этиб белгилансин.
3. Белгилаб қўйилсинки, лойиҳанинг импорт қисмини маблағ билан таъминлаш қуйидаги тартибда:
лойиҳа импорт қисми қийматининг "CESCE" агентлиги суғурта мукофоти миқдорининг 50 фоизига кўпайтирилган 50 фоизи (кўпи билан 8,0875 млн евро) Испаниянинг "Instituto de Credito Oficial" (ICO) давлат кредит агентлигининг 31 йил муддатга, шу жумладан 10 йиллик имтиёзли даврга бериладиган имтиёзли кредит маблағларини қайта молиялаштириш йўли билан "Асака" банкининг кредити ҳисобига;
лойиҳа импорт қисми қийматининг "CESCE" агентлиги суғурта мукофоти миқдорининг 50 фоизига кўпайтирилган 50 фоизи (кўпи билан 8,0875 млн евро) "Сосьете Женераль" банкининг (Испания) 10,5 йил муддатга, шу жумладан икки йиллик имтиёзли даврга "CESCE" агентлигининг суғурта қопламаси остида бериладиган кредит маблағларини қайта молиялаштириш йўли билан "Асака" банкининг кредити ҳисобига амалга оширилади.
4. Белгилаб қўйилсинки, асосий қарз, фоизлар ва кўрсатилган кредитлар бўйича бошқа молиявий харажатлар 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ, шу жумладан:
инвестиция даврида (бироқ 2007 йилнинг биринчи чорагидан кечикмай) бюджет маблағлари ҳисобига;
инвестиция даври тугагандан кейин Бухоро вилояти ҳокимлиги "Сувоқава" ишлаб чиқариш бошқармасининг ўз маблағлари етмайдиган қисми - маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига қайтарилади.
Бухоро вилояти ҳокимлиги жалб этилаётган кредит маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши, шунингдек асосий қарз, фоизлар ва "Асака" банки кредитлари бўйича бошқа молиявий чиқимлар қайтарилиши устидан назоратни таъминласин.
5. "Асака" банки Испаниянинг "Instituto de Credito Oficial" (ICO) давлат кредит агентлиги ва "Сосьете Женераль" (Испания) банки билан "CESCE" агентлигининг суғурта қопламаси остида белгиланган тартибда кредит битимлари тузсин ҳамда ушбу маблағларни Бухоро вилояти ҳокимлигининг "Сувоқава" ишлаб чиқариш бошқармасига қайта молиялаштирсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазири "Асака" банкининг хорижий кредиторлар олдидаги тўлов мажбуриятлари бўйича, шунингдек "Асака" банкига Бухоро вилояти ҳокимлиги "Сувоқава" ишлаб чиқариш бошқармасининг тўлов мажбуриятлари бўйича белгиланган тартибда кафолатлар беришга вакил қилинсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг хорижий банклар кредиторлар олдидаги кафолатлари юзасидан кредит битимларига иловаларда белгиланган шаклда белгиланган тартибда юридик хулосалар берсин.
8. "Ўзкоммунхизмат" агентлиги Бухоро вилояти ҳокимлиги билан биргаликда кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга ошириш бўйича тадбирлар ишлаб чиқилишини, уларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминласин, ишларни мувофиқлаштирсин ва масалаларни идоралараро даражада ҳал этсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги билан биргаликда "Бухоро вилоятини сув билан таъминлашни яхшилаш" лойиҳаси 2002-2007 йиллар учун марказлаштирилган капитал қўйилмалар ҳисобига Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурининг аниқ йўналтирилган қисмига киритилишини назарда тутсин.
10. Хорижий кредиторларнинг даромадлари ва мазкур лойиҳани маблағ билан таъминлашда қатнашувчи экспорт-кредит агентликлари Ўзбекистон Республикасидаги тўлов манбаида даромад (фойда) солиғи тўлашдан озод қилинсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Бухоро вилояти ҳокимлигининг буюртманомасига биноан мазкур лойиҳанинг хорижий қатнашчиларига кўп марталик визалар ўз вақтида берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек уларнинг вақтинча рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини, уларни давлат божлари тўлашдан озод қилган ҳолда таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги мазкур лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассислар ва консультантларга келиш визалари консуллик йиғимлари ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари К.Н. Тўлаганов ва Бухоро вилояти ҳокими С.Қ. Хусенов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. Каримов
*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.