ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Жиноий ишлари бўйича / Айрим тоифадаги жиноий ишлар бўйича қарорлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 17.04.1998 й. 11-сон "Иқтисодиёт соҳасидаги жиноий ишлар бўйича суд амалиётида юзага келган айрим масалалар тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

17.04.1998 й.

N 11


ИҚТИСОДИЁТ СОҲАСИДАГИ ЖИНОИЙ ИШЛАР

БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИДА ЮЗАГА КЕЛГАН

АЙРИМ МАСАЛАЛАР ТЎҒРИСИДА


Иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар мамлакатимизда амалга оширилаётган бозор ислоҳотларига жиддий хавф туғдиради, бозор иқтисодига хос бўлган хусусий мулкчиликнинг, бошқа турдаги мулкий муносабатларнинг шаклланишига ва ривожланишига тўсқинлик қилади.

Суд амалиётини ўрганиш талон-торож қилишлар, мансабдор шахслар томонидан содир этилаётган суиистеъмолликлар, порахўрлик, шунингдек солиқ тўғрисидаги қонунларни, банклар фаолиятини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларни бузиш ҳолларининг камаймаётганини кўрсатди.

Пленум ушбу тоифадаги ишлар бўйича суд амалиётини муҳокама қилиб, уларнинг кўпчилиги судлар томонидан қонунларга қатъий риоя этилган ҳолда тўғри ҳал этилганлигини қайд этади. Шу билан бирга тергов ва суд амалиётида, солиқ органлари фаолиятида қонун меъёрларини нотўғри қўллаш, уларнинг мазмунини нотўғри талқин қилиш, иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларнинг ижтимоий хавфлилигига етарлича баҳо бермаслик ҳоллари мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва солиқ органларининг эътибори иқтисодиёт соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонунларни бузиш жамият учун жиддий хавф туғдиришини, бозор муносабатларининг, қонуний тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишига тўсқинлик қилишини, фуқаролар ўртасида қонунларнинг нуфузига путур етказишини эътиборга олган ҳолда, бу қонунларга оғишмай амал қилиш зарурлигига қаратилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасига мувофиқ мамлакат иқтисодиётининг негизини турли шакллардаги мулк ташкил этади. Мулк ҳуқуқи мутлақ ҳуқуқ ҳисобланадики, у бу ҳуқуқни бузадиган ҳар қандай ҳаракатларни тақиқлашни тақозо қилади.

Жамиятда мулк ҳуқуқини эъзозлаш вазияти вужудга келтирилиши лозимлигини, унга нисбатан ҳар қандай тажовузларнинг содир этилиши муқаррар жавобгарликка ва жазога тортилиши кераклигини таъкидлаш лозим.

3. Амалдаги жиноят қонунларига биноан, ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мулкка тажовуз қилишнинг энг хавфлиси ҳисобланади.

Мансаб вазифалари ёхуд шартномавий муносабатларга кўра, ўзганинг мулкини тасарруф қилиш, бошқариш, етказиб бериш ёки сақлаш бўйича қонуний ваколатларни амалга оширувчи шахснинг мазкур мулкни қонунга хилоф равишда текинга ўзининг мулкига ёки бошқа шахснинг мулкига айлантириши айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш деб (ЖКнинг 167-моддаси) тавсифланиши лозим.

Юқорида кўрсатилган қонуний ваколатларга эга бўлмаган, аммо топширилган ишни ёхуд хизмат вазифаларини бажариши туфайли мулк сақланадиган жойга кириш ҳуқуқига эга бўлган шахс томонидан ўзгалар мулкининг талон-торож қилиниши ўғрилик деб тавсифланиши керак.


4. Мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини талон-торож қилиш, агар бу ўзганинг мулкини қонунга хилоф равишда текинга ўзининг ёки бошқа шахсларнинг мулкдорлигига айлантиришида ифодаланган бўлса, ЖК 167-моддаси иккинчи қисмининг "г" банди билан квалификация қилиниши лозим ва ЖК 192-11, 205-моддалари билан қўшимча квалификация қилишни талаб этмайди.

Бу ўринда шуни назарда тутиш лозимки, агар ўзгалар мулкининг ғайриқонуний равишда текинга айбдорнинг мулкига айлантириш мақсади билан олиб қўйилганлиги аниқланмаган бўлиб, лекин бошқа ғайриқонуний ҳаракатлар мавжуд бўлган тақдирда бундай ҳаракатлар (масалан, товар-моддий бойликларининг камомади ёки уни яшириш ҳолатининг ўзигина; ўзганинг мулкидан ўзиникига айлантириб олиш мақсадисиз вақтинча фойдаланиш; ўзганинг мулкини қарзга бериб юбориш ва ҳ.к.) талон-торож қилиш деб тавсифланиши мумкин эмас. Етарли асослар мавжуд бўлганда, кўрсатилган ҳаракатлар мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш деб тавсифланиши керак.


5. Судларга тушунтирилсинки, шахсни ўзганинг мулкини ЖК муайян моддасининг турли қисмларида назарда тутилган талон-торож жиноятини содир этишда айбдор деб топганда, унинг ҳаракатлари ЖК тегишли моддасининг оғирроқ жавобгарликни назарда тутувчи қисми билан квалификация қилиниши лозим ва ушбу модданинг бошқа қисмлари билан қўшимча квалификация қилишни талаб этилмайди (масалан, жиноят ЖК 167-моддасининг учинчи қисми билан, шу жумладан жуда кўп миқдорда талон-торож қилиш белгиси бўйича квалификация қилинганда, ЖК мазкур моддасининг биринчи ва иккинчи қисмлари билан қўшимча квалификация талаб этилмайди).

Давомли талон-торож содир этилган ҳолларда айбдорнинг ҳаракатлари талон-торож қилинган умумий суммани ҳисобга олган ҳолда тавсифланиши зарур.

Агар шахснинг ҳаракатлари давомли жиноят хусусиятига эга бўлмасдан бир неча мустақил эпизодлардан, мисол учун, ўғрилик, талончилик, фирибгарлик ва бошқалардан иборат бўлса, бу ҳаракатлар талон-торож қилинган умумий суммадан келиб чиққан ҳолда тавсифланиши мумкин эмас. Бундай ҳолларда жиноятни ўзганинг мулкини талон-торож қилганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи Жиноят кодекси моддасининг диспозициясига мувофиқ, жумладан, такрорийлик белгиси билан тавсифлаш лозим.


6. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 66-моддасига мувофиқ мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш бўйича субъектив ҳуқуқ - фақат шу мулкнинг эгасига тааллуқли эканлиги судларга тушунтирилсин. Шунинг учун мулкий ҳуқуқни амалга оширишга қонунга асосланмаган ҳолда ҳар қандай аралашиш ушбу ҳуқуқни жиддий бузиш деб ҳисобланади. Масалан, фермернинг, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бошқа шахснинг, бошқа юридик ёки жисмоний шахсларнинг мулкларини қонунга хилоф равишда тасарруф қилишда ифодаланган мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари, шундай ҳаракатлар содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор чиқарилган пайтдан бошлаб бир йил мобайнида такроран содир этилган бўлса, Жиноят кодекси 192-1-моддасида назарда тутилган - хусусий мулк ҳуқуқини бузиш жинояти аломатларини ташкил этади. Бу ўринда мулкига нисбатан ноқонуний ҳаракат қилинган мулкнинг эгасида айбдордан моддий зарарни, шу жумладан, бой берилган фойдани ҳам, шунингдек маънавий зиённи ундириб олиш ҳуқуқи пайдо бўлади.

Айбдор шахс ҳаракатларида Жиноят кодекси 192-1-моддасининг иккинчи ёки учинчи қисмларида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлганда, жиноий жавобгарлик унга нисбатан муқаддам маъмурий жазо қўлланилганидан қатъи назар, келиб чиқади.

7. Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан назорат ишларини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг доираси қатъий чегараланганлигига, мулк шаклидан қатъи назар, юридик ва жисмоний шахсларнинг фаолиятини текшириш тартиби аниқ белгилаб қўйилганлигига суддарнинг эътибори қаратилсин. Ушбу қонун меъёрлари мулкдорлар фаолиятига уларнинг эркинлигини чекловчи, асоссиз аралашувни бартараф қилишга қаратилган. Ўзбекистон Республикасининг "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунида мулкдорнинг манфаатларини ноқонуний аралашувдан ҳимоя қилувчи ҳуқуқий кафолатлар мавжуд.

Шу сабабли судлар бу масала бўйича қонунларнинг бузилишига лозим даражада ўз муносабатларини билдиришлари керак. Бундай аралашувнинг ғараз ёки паст ниятда эканлиги аниқланган тақдирда айбдорларнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, ноқонуний аралашиш билан боғлиқ ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузишга қаратилган жиноятлар, шунингдек бошқарув тартибига қарши жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи тегишли моддалари билан тавсифланмоғи лозим. Шунингдек, суд процесснинг тегишли иштирокчисига айбдордан, масалан, унинг фаолиятига ноқонуний аралашув натижасида ишлаб чиқаришнинг тўхтаганлиги сабабли келиб чиққан барча зарарларни ундириб олиш ҳуқуқини тушунтириши лозим.

8. Иқтисодиёт соҳасидаги жиноят ишларини кўраётганда судлар ҳар бир фуқаронинг тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқини қатъий белгилаб берувчи қонунларнинг бажарилишига алоҳида эътибор қаратишлари керак. Қонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга тўсқинлик қилаётган мансабдор шахснинг ҳаракатлари тегишлича ҳуқуқий баҳоланиши зарур. Бундай ғайриқонуний ҳаракатларга, жумладан, хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш ва тафтиш қилиш тартибини бузиш, фаолиятини ёки уларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни қонунга хилоф равишда тўхтатиб туриш, ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш, муайян фаолият билан шуғулланиш учун махсус рухсатнома (лицензия) беришни рад қилиш ёки уни беришдан бош тортиш, имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилиш ва ҳ.к. киритилиши мумкин.

Бу каби ғайриқонуний ҳаракатларнинг юқори хавфлилиги иқтисодиёт соҳасидаги ҳуқуқий тартиботнинг бузилишидан, мансабдор шахсларнинг ўрнатилган давлат интизомини сусайтириб юборишидан иборат бўлади ва булар давлат ҳокимиятидан шахсий манфаатларда фойдаланиш ва ҳ.к.га олиб келади. Айбдорларнинг қайд этилган ҳаракатлари иш ҳолатларига ва келиб чиққан оқибатларга қараб, Жиноят кодекси ХIII-1-бобидаги тегишли моддалар билан (Жиноят кодекси 205 ёки 207-моддаси билан эмас), ғаразли мақсадлар аниқланганда эса, бу ҳаракатлар товламачилик йўли билан пора берилишини талаб қилишнинг ниқобланган шакли деб тавсифланиши лозим.

10. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 96-моддасига биноан мулкий ҳуқуқларни белгиланган шаклга ва мажбурий реквизитларга амал қилган ҳолда тасдиқловчи ҳужжатлар қимматли қоғозлар ҳисобланиб, уларни тақдим этган тақдирдагина мазкур ҳуқуқларни амалга ошириш ёки бошқа шахсларга бериш мумкин бўлади. Қимматли қоғозлар қаторига, жумладан, облигация, вексель, чек, депозит ва жамғарма сертификатлари, коносамент, акция ҳамда қонун ҳужжатлари билан қимматли қоғозлар жумласига киритилган бошқа ҳужжатлар киради.

Қимматли қоғозларни текинга олиб қўйиш ва ўзлаштириш ўзганинг мулкини талон-торож қилиш тариқасида тавсифланиши керак. Агар иш бўйича қимматли қоғозларни чиқариш ва улар билан муомала қилишни тартибга солувчи амалдаги қонунларни бузганлик аниқланиб, Жиноят кодексининг 192-11-моддаси ёки 205-моддаси диспозицияларида кўрсатилган белгилар мавжуд бўлганда, бундай ҳаракатлар ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш тариқасида тавсифланиши лозим. Бундай қонун бузишлар жумласига, масалан, фуқароларга ва чет эллик инвесторларга эркин сотиш учун мўлжалланган акция пакетларини сотишга тўсқинлик қилиш киритилиши мумкин.

Қалбаки пул ёки қимматли қоғозларни ўтказиш мақсадида ясаш ёки ўтказиш Жиноят кодексининг 176-моддаси билан тавсифланиши лозим.


11. Судларга тушунтирилсинки, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига зид битим тузиш деганда, мансабдор шахснинг ўзи тузаётган битимнинг Ўзбекистон Республикаси манфаатлари учун наф келтирмаслигини олдиндан била туриб содир этган ҳаракатлари, масалан, маҳсулот етказиб бериш баҳосининг аниқ пасайтирилганлиги ёки маҳсулотларни олиш, уни транспортда ташиш нархларини аниқ ошириб кўрсатиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига илгари фойдаланилган, жисман ишлатиб бўлинган, маънавий эскирган ёки замон талабларига жавоб бермайдиган асбоб-ускунани ёхуд технологияларни олиб киришга, шунингдек, уларни ўрнатиш ва жорий этишга олиб келган битимни тузиш ҳаракатлари ва ҳ.к. тушунилмоғи керак.

Бу ўринда Жиноят кодексининг 175-моддасида кўзда тутилган жиноятнинг оқибатлари сифатида республика манфаатларига кўп ёки жуда кўп миқдорда зарар етказилганлиги ҳар доим аниқланган бўлиши шарт. Бу зарарнинг кўп ёки жуда кўп миқдорда эканлиги ҳар бир муайян иш бўйича тергов органи ва суд томонидан асослантирилган бўлиши зарур.

Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зид тузилган битимлар қаторига, масалан, давлат мулкини бошқа мулкдорларга анча пасайтирилган нархда сотиш ҳолати ҳам киритилиши мумкин. Битимнинг давлат манфаатларига зид тузилганлиги тўғрисидаги суднинг хулосаси тегишли экспертиза фикрини инобатга олган ҳолда тузилиши мумкин.

Ушбу тоифадаги ишларни тергов қилишда ва судда кўришда бу жиноятларнинг келиб чиқишига имкон берган сабаблар ва шарт-шароитлар албатта аниқланиши зарур. Агар қайд этилган битимларни тузишда айбдорда ғараз ва бошқа паст ниятлар бўлганлиги аниқланса, бундай ҳаракатлар Жиноят кодексининг ҳокимият ёки мансаб мавқеидан фойдаланиб содир этиладиган тегишли жиноятлар учун жавобгарликни белгиловчи моддалари билан тавсифланиши лозим.


12. Товламачилик (рэкет) нафақат фуқароларнинг, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини қўпол бузувчи, балки иқтисодиёт соҳасида ҳам катта зарар келтирувчи жиноят бўлиб, жиддий ижтимоий хавф туғдириши судларга кўрсатилсин. Бу билан бирга, қонунга биноан (ЖКнинг 165-моддаси) товламачилик ўзганинг мулкини ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни тақозо қилишини судлар эътиборга олишлари керак. Шу сабабли, қарздордан қарзни талаб қилиш Жиноят кодексининг 165-моддаси билан тавсифланиши мумкин эмас, лекин айрим ҳолларда ўзбошимчалик (ЖКнинг 229-моддаси) тариқасида баҳоланиши лозим. Қарздор ва қарз берувчи ўртасида фоизлар тўлаш бўйича олдиндан келишув бўлмаган бўлса, берилган қарз учун фоиз талаб қилиш товламачилик жинояти таркибини ташкил қилади.

14. Сохта тадбиркорлик тўғрисидаги (ЖКнинг 179-моддаси) ишларни кўришда шахснинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган фаолиятни амалга оширмай туриб ноқонуний кредитлар олиш, солиқлардан озод бўлиш, эгаллашга ҳуқуқи бўлмаган бошқа мулкий фойдани олиш мақсадини кўзлаганлиги ҳисобга олиниши лозим. Бундай мақсаднинг аниқланиши шахснинг ҳаракатини Жиноят кодексининг 179-моддаси ҳамда талон-торож қилишга суиқасд қилиш ва солиқ тўловлари тўлашдан бўйин товлаш ва ҳ.к. учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалари мажмуи билан тавсифлаш учун асос бўлиши мумкин.

Бу ўринда судлар ушбу қонун меъёрининг мақсади хўжалик айланма маблағининг ишончлилигини таъминлашдан, бозорда фаолият олиб бориш қоидаларини қўриқлашдан, жамият, давлат, фуқаронинг иқтисодий манфаатларини муҳофазалашдан, жумладан, уларга солиқ ва кредит соҳаларида мулкий зарар етказилишидан ҳимоялашдан иборат эканлигини эътиборга олишлари керак.


15. Судлар хўжалик фаолияти соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 15 мартдаги "Савдо соҳасидаги жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида"ги қарорига ҳам амал қилишлари лозим.

16. Қонунни бузган ҳолда акциз маркаларисиз савдо фаолиятини амалга ошираётган шахсларнинг ҳаракатларини тавсифлашда судлар Ўзбекистон Республикасининг солиқ қонунчилигига биноан акциз солиқнинг бир тури эканлиги ва шу сабабли айбдорлар Жиноят кодексининг 184 ва 189-моддалари бўйича жавобгарликни кўзда тутувчи жиноятлар мажмуи билан жавобгар қилинишлари кераклигидан келиб чиқишлари лозим.

Акцизсиз савдо қилиш оқибатида келтирилган зарар миқдорини аниқлашда нафақат акциз маркаларисиз ҳақиқатан сотилган маҳсулотнинг суммасидан, балки сотувда бўлган акциз маркаларисиз барча маҳсулотлар миқдоридан, гарчанд бу маҳсулотлар бир хил бўлмаса-да, келиб чиқиш зарур.

18. Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш (ЖК 184-моддаси) иқтисодиёт соҳасида содир этилаётган энг хавфли жиноятлардан ҳисобланади ва бу ҳар бир фуқаро томонидан қонун билан белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдек конституциявий бурчларини қасддан бажармасликда ифодаланади. Қайд этилган тоифадаги ишлар бўйича одил судловни амалга ошириш давлат солиқ органлари ва шахслар (жисмоний ва юридик шахслар) ўртасида вужудга келадиган солиқ соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларнинг қонунийлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиши лозим. Ушбу ҳуқуқий муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

19. Жиноят кодексининг 184-моддаси диспозицияси бланкет (ҳавола қилувчи) диспозиция бўлиб, "даромадлар", "фойда", "солиқ тўланадиган объектлар", "солиқлар", "мажбурий тўловлар" каби тушунчаларнинг мазмунини аниқлаш учун Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мурожаат қилиш лозим. Жумладан, Солиқ кодексининг 12 ва 23-моддалари солиқ ва мажбурий тўловлар тушунчасини, 22-моддаси фойда тушунчасини ёритиб беради ва ҳ.к.

20. Фойдани, даромадни ёки солиқ солинадиган бошқа оқибатларни яшириш, камайтириб кўрсатиш бу фуқароларнинг ёки мансабдор шахсларнинг солиқ тўлашдан бўйин товлаш усулларидир.

Фойдани, даромадни ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни яшириш - бу солиқ органларига тақдим этиладиган тегишли ҳисобот ҳужжатларида уларни олганлик тўғрисида ҳақиқий маълумотларни қасддан кўрсатмаслик, шунингдек уларнинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотни яшириб қолиш мақсадида уларнинг келиб тушишини ҳисобга олиш тартибини бузганликдир.

Фойдани, даромадни ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни камайтириб кўрсатиш солиқ органларига тақдим қилинадиган ҳисобот ҳужжатларига била туриб солиқнинг миқдори тўғрисида ҳақиқатга тўғри келмайдиган, балки уни пасайтириш ва камайтириш томонига маълумотлар киритишда ифодаланади.


21. Жиноят кодекси 184-моддасида жавобгарлик назарда тутилган жиноятнинг субъекти қонунга биноан фойда, даромад ва солиқ солинадиган бошқа объектлар тўғрисида тўлиқ маълумот бериш ва белгиланган суммани давлат фойдасига ўтказиш вазифаси зиммасига юклатилган шахслар бўлиши мумкин. Булар қаторига мулк шаклидан қатъи назар корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг солиқларни ҳисоблаб чикариш ва тўлаш билан боғлиқ бухгалтерия ҳисоботини олиб бориш, ҳужжатлар тақдим қилиш зиммасига юклатилган (корхона, муассаса ва ташкилотларнинг раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, бош ҳисобчилари ва ҳисобхонанинг мансабдор шахслари) мансабдор шахслари киради.

Қонунга биноан белгиланган ҳисобот шаклида ҳужжатлар тақдим этишга ва солиқ тўлашга мажбур бўлган жисмоний (солиқ тўловчилар) шахслар ҳам, ушбу жиноятнинг субъектлари бўлиши мумкин, ўзларининг ҳаракатлари билан фойдани (даромадни) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларнинг камайтирилишига кўмаклашган бошқа шахслар эса ушбу жиноятнинг ижрочилари эмас, балки иштирокчилари (ташкилотчи, далолатчи ёки ёрдамчи) бўлиши мумкин.


22. Агар фойда ва даромад тўғрисида кўриниб турган ёлғон маълумотли тегишли ҳисобот ҳужжатларини солиқ органига тақдим қилиш ҳамда солиқларни кўп ёки жуда кўп миқдорда (битта, бир нечта ёки барча солиқлар бўйича) ҳақиқатдан кам тўлаганлик ҳолати мавжуд бўлса, солиқ ва бошқа тўловларни кўп ёки жуда кўп миқдорда тўлашдан бўйин товлаш тугалланган жиноят ҳисобланади.


23. Судлар моддий зарарнинг миқдори айбдор томонидан яширилган ёки камайтирилган солиқ тўланадиган объектнинг бутун миқдоридан эмас, балки унинг мазкур солиқ тўланадиган объектдан тўлаши лозим бўлган солиқ суммасидан келиб чиқиб белгиланишини инобатга олган ҳолда синчиклаб аниқлашга мажбурдирлар.

Солиқ тўлашдан бўйин товлаш, фойдани, даромадни ва солиқ тўланадиган бошқа объектларни яшириш, камайтириб кўрсатиш давомли жиноят ҳисобланади. Шу сабабли зарар миқдори солиқ тўланмаган барча муддат учун кам тўланган суммалар йиғиндиси билан белгиланиши керак.


24. Тергов органлари ва судлар тўланмаган солиқ, даромад ва солиқ тўланадиган бошқа объектларнинг миқдорини аниқлашда Солиқ кодексининг йигирма биринчи боби (чегирмалар ва зарарлар) талабларини ҳисобга олишга мажбурдирлар, яъни, бунга биноан фойдани (даромадни) аниқлашда, масалан, ходимларнинг иш ҳақи, асосий фондларни таъмирлаш, ижара тўлови бўйича ва бошқа харажатлар чегирилиб ташланади.

25. Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш айбдор томонидан солиқ тўғрисидаги қонунларнинг белгиланган меъёрларини бажармаслигини тақозо этади. Шу сабабли ушбу тоифадаги ишлар бўйича айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш қарорларида, айблов хулосасида ва ҳукмда айбланувчи, судланувчи томонидан солиқ қонунларининг айнан қайси меъёрлари бузилганлиги кўрсатилиши шартлигига судларнинг эътибори қаратилсин.


26. Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш учун жавобгарлик фақат тўғри қасд бўлганда ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказиш тарзидаги оқибат юз бергандагина келиб чиқиши судларга тушунтирилсин.

Мансабдор шахснинг эгаллаб турган лавозими туфайли унга юклатилган хизмат мажбуриятларидан келиб чиқадиган вазифалари мансабдорлик ваколатлари ҳисобланади.


27. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига жиддий зиён етказиш моддий зарар тарзида ҳам, бой берилган фойда тарзида ҳам, шунингдек турли хил манфаатларга бошқача зарар етказишда, ҳокимият органларининг обрўсига путур етказишда, оғир жиноятларни яширишда ва ҳ.к.да ифодаланиши мумкин.


28. Мансаб ваколати доирасидан четга чиқишнинг (ЖКнинг 206-моддаси) асосий кўринишлари деганда: мансабдор шахс томонидан бошқа шахснинг ваколати доирасига кирувчи ҳаракатларнинг содир этилиши; мансабдор шахс томонидан фақат қонунда ёки қонун ости ҳужжатида кўрсатилган алоҳида ҳолатлар мавжуд бўлгандагина содир этилиши мумкин бўлган ҳаракатларнинг содир этилиши; коллегиал орган ваколатига кирувчи ҳаракатнинг мансабдор шахс томонидан якка тартибда содир этилиши; ҳеч ким ва ҳеч қандай ҳолатда амалга оширишга ҳаққи бўлмаган ҳаракатларнинг мансабдор шахс томонидан содир этилиши ва б.қ. ҳисобланмоғи лозим.


29. Судлар, жазо тайинлашга индивидуал ёндашиш тамойилларига риоя қилган ҳолда товламачиларга, ўзганинг мулкини талон-торож қилувчиларга, солиқ тўлашдан ашаддий бўйин товловчиларга, ўзларининг ҳаракатлари билан давлат ва жамоат манфаатларига ёки фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига жиддий зиён етказган мансабдор шахсларга, жиноий гуруҳларнинг ташкилотчилари ва фаол иштирокчиларига нисбатан қаттиқ жазоларнинг қўлланилишини таъминлашга мажбурдирлар. Шунинг билан бирга, иқтисодиёт соҳасидаги ишларни кўраётганда судлар моддий санкцияларни, шунингдек муайян мансабни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тариқасидаги қўшимча жазоларни кенгроқ қўллашлари лозим бўлади. Давлатга ва фуқароларга етказилган зарарни тўлиқ ундиришга эришилсин.

30. Ушбу тоифадаги ишларни кўраётганда судлар иқтисодиёт соҳасида жиноятларнинг ёки бошқа қонунбузарликларнинг содир этилишига имкон берган барча сабаб ва шарт-шароитларни аниқлашлари ва уларга лозим даражада муносабат билдиришлари керак.


31. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига жиноят ишларини апелляция, кассация тартибида кўраётганда биринчи босқич судлари томонидан иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар учун жавобгарлик тўғрисидаги қонунларга риоя қилинишига алоҳида эътибор қаратиш, уларни қўллашда йўл қўйилган хатоларни мунтазам таҳлил қилиб бориш ва бартараф этиш тавсия этилсин.






























Время: 0.1919
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск