ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Умумий қоидалар /Ўзбекистон Республикасининг 03.07.1992 й. 641-XII-сон "Мудофаа тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ
ҚОНУНИ
03.07.1992 й.
N 641-ХII
МУДОФАА ТЎҒРИСИДА
(Эски таҳрирда)
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик декларацияси, "Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида"ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қоидаларидан келиб чиқиб, барча давлатлар билан тинч-тотув яшаш сиёсатини ўтказа бориб ўз мудофаа қудратини қуролли тажовуздан ҳимояланиш учун етарли даражада сақлаб туради.
Ушбу Қонун давлат идоралари ва маҳаллий бошқарув идораларининг Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилиятини таъминлаш борасидаги ишларни йўлга қўйиш, бошқариш асосини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб беради.
1. Ўзбекистон Республикасининг мудофааси - давлат мустақиллигини, ҳудудий яхлитликни, республика манфаатлари ҳимоя қилинишини ва аҳолининг тинч ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ва ижтимоий-ҳуқуқий тадбирлар мажмуидан иборатдир.
2. Мудофаанинг мақсадларига Ўзбекистон Республикасига қарши четдан қилинадиган ҳужумнинг олдини олиш ва ҳар қандай тажовуз қилиниши мумкин бўлган шароитда қуролли ҳимояланишни уюшган ҳолатда қўллашнинг барча зарур шарт-шароитини яратиш орқали эришилади.
3. Ўзбекистон Республикасини мудофаа қилиш Қуролли Кучларнинг, иқтисодиётнинг, аҳолининг, ҳудуднинг Ўзбекистон Республикаси ҳарбий доктринасига мувофиқ тажовузни даф этишга доим тайёрлигига асосланади.
4. Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий доктринаси Қуролли Кучлар тузилишида мудофааланиш кифоя қиларли даражада бўлиши қоидасига амал қилади ва Ўзбекистон Республикаси:
урушни халқаро муаммоларни ҳал этишнинг усули сифатида тан олмаслигидан;
бетарафлик йўлини тутишга интилишидан ва ядро қуролларини яқинлаштирмаслик: ядро қуролларини жойлаштирмаслик, ишлаб чиқармаслик ва сотиб олмаслик қоидасига риоя этишга ҳаракат қилишидан;
биронта ҳам давлатга ҳудудий масалада даъво қилмаслигидан ва биронта ҳам халқни душман деб билмаслигидан;
башарти ўзи тажовуз объекти бўлиб қолмаган тақдирда бирон-бир давлатга қарши жанговар ҳаракатларни биринчи бўлиб бошламаслигидан иборатдир.
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг мудофаасини ташкил этиш
Ўзбекистон Республикасининг мудофаасини ташкил этиш:
- ҳарбий сиёсатни, ҳарбий доктринани ишлаб чиқишни ва ҳарбий фанни ривожлантиришни;
- тажовузларнинг олдини олиш юзасидан халқаро майдонда тегишли тадбирларни амалга оширишни; хавфсизликнинг жамоа бўлиб амалга ошириладиган тадбирларини ишлаб чиқиш ва ўтказишда қатнашиш имкониятларини;
- давлат чегараларини қўриқлашни;
- ҳарбий-техника сиёсатини, ҳарбий-иқтисодий тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишни ва Қуролли Кучларни қурол-яроғ, ҳарбий техника билан, ҳарбий-техника ашёлари, озиқ-овқат ҳамда бошқа моддий-техника воситалари билан тўла-тўкис таъминлаб туришни;
- халқ хўжалигини, давлат идораларини, бошқарув тизимини сафарбарликка тайёрлашни;
- аҳолини ва республика ҳудудини мудофаага тайёрлашни;
- Қуролли Кучларнинг керакли тузилмаларини ҳозирлаш, тайёргарлик даражасини кучайтириш ҳамда зарур таркибини ва миқдорини таъминлаш, уларнинг жанговарлик қобилияти, жанговар ва сафарбарлик тайёргарлиги Ўзбекистон Республикасига қарши қаратилган ҳарбий иғвогарликларнинг пайини қирқишни ва тажовузларни даф этишни таъминлайдиган даражада бўлишини;
- мудофаа ва ҳарбий қурилишга доир масалаларни қонун йўли билан тартибга солиб боришни ўз ичига олади.
3-модда. Ўзбекистон Республикасининг мудофаа
тўғрисидаги қонунлари
Ўзбекистон Республикасининг мудофаа тўғрисидаги қонунлари ушбу Қонундан ҳамда унга мувофиқ чиқариладиган Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
4-модда. Ўзбекистон Республикаси
Олий Кенгашининг ваколатлари
Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгаши:
- мудофаа, ҳарбий қурилиш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш масалаларига доир қонунлар ҳақиқатда бажарилиши устидан парламент назоратини амалга оширади.
- Мудофаа концепциясини, ҳарбий қасамёдни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирини;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг сафарбар этиш ва сафарбарликдан бўшатиш тўғрисидаги, қуролли ҳужум қилинган тақдирда ҳарбий ҳолат эълон қилиш ҳақидаги, уруш ҳолати эълон қилиш тўғрисидаги, ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилгач сулҳ тузиш хусусидаги, тинчлик ва хавфсизликни сақлаш бўйича халқаро шартномаларга доир мажбуриятларни бажариш зарур бўлиб қолганда Қуролли Кучларни қўллаш тўғрисидаги, шунингдек Республика манфаатлари учун бошқа вазифаларни ҳал этишга доир фармонларини тасдиқлайди;
- Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий масалаларга доир халқаро шартномаларини ратификация қилади ва бекор қилади;
- Қуролли Кучларнинг Бош қўмондонига олий ҳарбий унвон беради.
5-модда. Ўзбекистон Республикаси
Президентининг ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти:
- Ўзбекистон Республикаси давлат манфаатларига қуролли хуруж қилинган тақдирда республика мудофаасини таъминлаш, унинг мустақиллигини, ҳудудий яхлитлигини, эркинлигини ҳимоялашнинг зарур чора-тадбирларини кўради;
- Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирини тайинлаб, сўнгра уни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши тасдиғига тақдим этади;
- муайян муддатга Қуролли Кучлар тузиш, уларнинг стратегик вазифалари режасини, шунингдек сафарбарлик режасини тасдиқлайди;
- давлат идораларининг мудофаа соҳасидаги фаолиятини тартибга солиб туради;
- ҳарбий масалага доир умумий кўламда музокаралар олиб боради ва халқаро шартномаларни имзолайди;
- Ўзбекистон Республикасига қуролли ҳужум қилинган тақдирда умумий ёки қисман сафарбарлик, уруш ҳолати эълон қилади, айрим ҳудудларда ҳарбий ҳолат жорий этади, ҳарбий вақтнинг норматив ҳужжатларини амалга киритади ва уларнинг амал қилишини тўхтатади. Қабул қилган қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши тасдиғига киритади;
- қарорлар қабул қилади ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига жанговар ҳаракатлар юритиш тўғрисида, шунингдек фавқулодда ҳолларда улардан фойдаланиш ҳақида буйруқ беради;
- юқори офицерлар составини лавозимларга тайинлайди, уларга ҳарбий ҳамда махсус унвонлар беради, шунингдек уларнинг лавозимлари ва унвонларини пасайтиради.
6-модда. Ўзбекистон Республикаси
Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
- ўзига бўйсунадиган тузилмаларнинг мудофаани таъминлаш, Қуролли Кучларни қурол-яроғ, ҳарбий техника ва бошқа моддий воситалар билан таъмин этиш борасидаги фаолиятига раҳбарлик қилади;
- мудофаа ва Қуролли Кучлар эҳтиёжлари учун зарур бўладиган моддий-техника ресурслари, озиқ-овқат, буюм ва бошқа ашёлар меъёри ва ҳажмини, ҳарбий хизматга ва муқобил хизматга чақирилиши лозим бўладиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг миқдорини ҳамда уларнинг ҳарбий хизматни ва муқобил хизматни ўташи тартибини, ҳарбий хизмат ёшидагилар ва чақирилувчиларни ҳарбий ҳисобга олиш ишини юритиш тартибини белгилаб беради;
- ҳарбий хизматчиларни муддатли ҳақиқий ҳарбий хизматга чақириш ҳамда ҳарбий хизматдан захирага бўшатиш ва ҳарбий хизмат ёшидагиларни йиғинга чақириш, уруш даврида сафарбар этиш ва сафарбарликдан бўшатиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;
- давлат ва сафарбарлик захираларининг моддий бойликларини тўплаш режаларини тасдиқлайди;
- халқ хўжалигини сафарбарликка тайёрлаш, сафарбарликни кучайтириш ва уни уруш ҳолати шароитидаги иш тартибига ўтказишга раҳбарлик қилади;
- ҳарбий хизматчилар, истеъфодаги ҳарбий хизмат ёшидагилар ва улар оилаларининг, шунингдек хизмат бурчини ўтаётганда ҳалок бўлган, вафот этган, бедарак йўқолган ёки асирликка тушиб қолган ҳарбий хизматчилар оилаларининг ижтимоий-ҳуқуқий кафолатлари, уларнинг моддий, маиший ва пенсия таъминоти масалаларини ҳал этади;
- мудофаа соҳасидаги халқаро шартномалар бажарилишини таъминлайди;
- ҳарбий-ҳунар таълимига ихтисослашган олий ва ўрта ҳарбий-ўқув юртларини тузади ва уларни тугатади.
7-модда. Ўзбекистон Республикаси
Мудофаа вазирлигининг ваколатлари
Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа вазирлиги республика Қуролли Кучларининг давлат бошқарув идораси ҳисобланади ва Қуролли Кучларнинг ҳолати ҳамда уларни янада ривожлантириш учун, жанговар тайёргарлиги ва ҳарбий интизоми учун тўла жавобгар бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа вазирлиги:
- Қуролли Кучларда мудофаа соҳасидаги ва ҳарбий қурилиш жабҳасидаги давлат сиёсати ўтказилишини таъминлайди;
- мудофаа, Қуролли Кучларни тузиш ва ривожлантириш режалари ва концепцияларининг, қурол-яроғларни ва ҳарбий техникани ривожлантириш давлат дастурининг лойиҳаларини, мудофаа эҳтиёжларига пул ажратишга доир таклифларни ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси муҳокамасига киритади;
- ҳарбий қурилиш соҳасида илмий тадқиқотларни йўлга қўяди ва олиб боради;
- ҳарбий техника ва бошқа ҳарбий ашёлар яратиш, ишлаб чиқариш ва ремонт қилишга оид давлат буюртмалари бажарилишини назорат қилади;
- Қуролли Кучлар шахсий состави билан ҳарбий, ҳуқуқий, ахлоқий тарбия, шунингдек маънавий-психологик тайёргарлик, ҳарбий кадрларни жой-жойига қўйиш ишларини олиб боради;
- ҳарбий хизматдан бўшатилганларга пенсиялар тўланишини, ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини амалдаги қонунларга мувофиқ равишда таъминлайди;
- халқ хўжалигининг сафарбарлик даражасида тайёрлигини ташкил этишда иштирок этади;
- сафарбарлик захираларини ҳозирлаш ва қайта тайёрлаш, фуқароларни ҳарбий ва муқобил хизматга чақириш ҳамда белгиланган хизмат муддатини тугатган ҳарбий хизматчиларни ва муқобил хизматдаги хизматчиларни захирага бўшатиш, ҳарбий хизмат ёшидагиларни йиғинга чақириш, шунингдек сафарбарликка чақириш ва сафарбарликдан бўшатиш ишларини режалаштиради ва амалга оширишни ташкил этади;
- бошқа давлатларнинг Қуролли Кучлари билан ҳарбий, маданий ва илмий алоқалар ўрнатади.
8-модда. Бошқа вазирликлар ва идораларнинг
ваколатлари
ҳарбий буюртмаларни бажараётган вазирликлар ва идоралар бошқарувнинг топширилган тармоқларида мудофаа эҳтиёжларига мўлжалланган зарур маҳсулотларнинг етказиб берилиши учун, тармоқнинг сафарбарлик тайёрлиги учун жавобгар бўлади, тармоқ ҳарбий даврда сафарбарлик тайёрлиги режасига мувофиқ барқарор ишлашини таъминлашга доир чора-тадбирларни амалга оширади.
9-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви маҳаллий
идораларининг ваколатлари
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви маҳаллий идоралари:
- корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар мудофаани, халқ хўжалигининг сафарбарлик тайёргарлигини таъминлаш соҳасидаги қонунларнинг бажаришлари учун масъул бўладилар;
- ҳарбий қисмларга ва муассасаларга зарур маҳаллий маҳсулотлар етказилиб берилишини, улар сув, иссиқлик ва электр энергияси билан таъминланишини амалга оширадилар, алоқа воситаларини берадилар, коммунал-маиший ва бошқа хизматлар кўрсатадилар;
- мудофаа манфаатларини кўзлаб қонунларга мувофиқ ер ажратиб берадилар ва улардан фойдаланишни назорат қилиб борадилар;
- қонунларда белгиланган тартибда ҳарбий қисмларга, Қуролли Кучларнинг муассасаларига, ҳарбий ўқув юртлари, корхона ва ташкилотларига хизмат бинолари ва турар жойлар ажратиб берадилар, ҳарбий объектларга, ҳарбий хизматчиларга, уларнинг оилаларига нисбатан қонунга зид хатти-ҳаракатлар қилинишига йўл қўймаслик юзасидан чора-тадбирлар кўрадилар.
10-модда. Корхоналар, муассасалар
ва ташкилотларнинг вазифалари
Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар кимнинг тасарруфида эканликлари ва мулкчиликнинг шаклидан қатъи назар, давлатнинг ҳарбий буюртмалари ва шартномалар бажарилиши учун қонунда белгиланган тартибда жавоб берадилар, сафарбарлик учун керакли кучларни ва захираларни яратадилар ва шай қилиб турадилар.
Ўзбекистон Республикаси, унинг ҳудудий яхлитлигини, мустақиллигини ҳимоя қилиш республика фуқароларининг Конституциявий бурчи ҳисобланади.
Бошқа давлатларнинг Ўзбекистонда доимий яшаб турган ёки вақтинча турган фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасида ҳарбий хизматга ва ҳарбий тайёргарлик кўришга мажбур эмас.
1. Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари республика манфаатларини, аҳолининг тинч турмушини, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун барпо этилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари:
- қонуннинг устунлиги;
- марказлашган раҳбарлик ва яккабошчилик;
- доимий жанговар тайёргарлик ва сафарбарликка шайлик;
- фуқароларнинг умумий ҳарбий мажбурияти;
- умумий хавфсизлик тизимини яратиш;
- ҳарбий интизомга риоя этиш; партиядан холилик;
- ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояланишини таъмин этиш асосида қурилади ва ўз фаолиятини амалга оширади.
3. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Қуруқликдаги қўшинлар, ҳарбий-ҳаво кучлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва махсус қўшинлардан иборат бўлади.
Уруш бўлган тақдирда Қуролли Кучлар ўз вазифаларини Миллий хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари билан, Ички ишлар вазирлигининг ички қўшинлари билан ҳамкорликда бажарадилар.
4. Қуролли Кучларни жойлаштириш Ўзбекистон Республикаси ҳудудини, чегараларини ва ҳаво теграларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашдек стратегик режалар асосида белгиланади ва ҳарбий доктрина талабларига, стратегик ва оператив режалар асосида, шунингдек қўшинларни сафарбар этиб жойлаштириш режасига мувофиқ амалга оширилади.
5. Қуролли Кучларни тузиш "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ амалга оширилади.
Қуролли Кучларни тузиш - ҳарбий хизматга шу ҳудуддан ва ҳудуд ташқарисидан чақиришни уйғун ҳолда бажариш орқали амалга оширилади.
6. Қуролли Кучларни моддий-техникавий жиҳатдан таъминлаш давлат томонидан амалга оширилади.
Ҳарбий объектлар ва иншоотлар, қурол-яроғларнинг, ҳарбий техниканинг ва бошқа ҳарбий мол-мулкнинг барча турлари давлат мулки ҳисобланади, Қуролли Кучлар тасарруфида бўлади, улар қонунларда белгиланган асосларга биноан ва ваколатлари доирасида бу нарсаларга эгалик қиладилар, улардан фойдаланадилар ва уларни тасарруф этадилар.
Қурол-яроғни, ҳарбий техникани, бутловчи буюмларни ва бошқа мол-мулкни ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва таъмирлаш, мудофаа эҳтиёжлари учун озиқ-овқатни етказиб бериш, шунингдек мудофаа манфаатлари йўлида илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва қурилиш ишларини бажариш, давлат сафарбарлик захираларида сафарбарлик бойликларини яратиш, ривожлантириш ва сақлаб қолиш тўла ҳажмда давлат буюртмасига киритилади.
Мудофаа эҳтиёжлари учун давлат буюртмаларининг бажарилиши солиқ, ижара имтиёзлари ва бошқа имтиёзлар билан рағбатлантирилади.
Қуролли Кучларнинг бинолари, иншоотлари, ҳарбий техникаси, қурол-яроғлари ва бошқа мол-мулки давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин.
Уруш ҳолати Ўзбекистон Республикасига ҳарбий ҳужум қилинган тақдирда эълон қилинади ва бу ҳолат бир-бирига қарши уришаётган томонлар сулҳ тузганларидан кейингина бекор қилинади.
Уруш ҳолати эълон қилиниши биланоқ ёки ҳарбий ҳаракатлар амалда бошлаб юборилган дақиқадан эътиборан ҳарбий давр амал қилади ҳамда у ҳарбий ҳаракатлар амалда тўхтатилган кунда ва соатда тугайди.
Республика ҳудудига қўшинлар ёки қуролли гуруҳлар қўққисдан ҳужум қилган ёки бостириб кирган тақдирда ҳарбий бошқарувнинг маҳаллий идоралари уруш эълон қилинишини кутмай ҳужумни қайтаришнинг барча чораларини кўришлари шарт.
Ҳарбий хуруж хавфи бўлганида республиканинг айрим ерларида ёки бутун ҳудудида ҳарбий ҳолат жорий этилади.
Олий Бош қўмондоннинг вазифалари ҳарбий ҳолат эълон қилиниши биланоқ Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юкланади. Унинг ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Қарори билан Мудофаа Кенгаши тузилади, Кенгаш ҳарбий даврда Қуролли Кучларга ва халқ хўжалигига раҳбарлик қилади.
Ҳарбий ҳолат тартиби қонунлар билан белгиланади.
Уруш ҳолати эълон қилиниши ёки ҳарбий ҳолат жорий этилиши биланоқ Қуролли Кучларни сафарбар этиб жойларга тарқатиш ва иқтисодиётни уруш даври иш тартибига ўтказиш мақсадида умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилинади.
Сафарбарликни ўтказиш тартиби қонунлар билан белгиланади.
Ҳудудий мудофаа давлат чегараларини, ҳарбий объектлар ва иншоотларни душман ҳужумидан ҳимоя қилиш, душманнинг десантчи ва қўпорувчи кучларига қарши кураш, шунингдек ҳарбий ҳолат тартибини сақлаб туриш мақсадида ташкил этилади ва амалга оширилади.
Ҳудудий мудофаани таъминлашга жалб этилаётган кучларнинг вазифалари, уларни ташкил этиш ва ҳамкорликда ҳаракат қилиш тартиби Қуролли Кучларнинг сафарбарлик режасида белгилаб қўйилади.
17-модда. Фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг мудофаа
тўғрисидаги қонунларни бузганлик учун жавобгарлиги
Фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг мудофаа тўғрисидаги қонунларни бажармаслиги амалдаги қонунларга мувофиқ жиноий, маъмурий, интизомий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов
"Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 йил, 10-сон, 398-модда