Юрист Предприятия

Корхона юристи / Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар / Ўзбекистон Республикаси кодекслари / Фуқаролик кодекси /

Фуқаролик кодекси. (59-65 боблар. 1031-1111 моддалар)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИК КОДЕКСИ



59-65-боблар


IV БЎЛИМ. ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛК


59-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1031-модда. Интеллектуал мулк объектлари

Интеллектуал мулк объектлари жумласига қуйидагилар киради:

1) интеллектуал фаолият натижалари:

фан, адабиёт ва санъат асарлари;

ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари;

электрон ҳисоблаш машиналари (бундан буён матнда ЭҲМ деб юритилади) учун дастурлар ва маълумотлар базалари;

ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари;

селекция ютуқлари;

ошкор этилмаган ахборот, шу жумладан ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау);

2) фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар, ишлар ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалар:

фирма номлари;

товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари);

географик кўрсаткичлар;

товарлар чиқарилган жой номи;

3) ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда интеллектуал фаолиятнинг бошқа натижалари ҳамда фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалар.



1032-модда. Интеллектуал мулк

объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш

Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш уларнинг яратилганлиги туфайли ёхуд ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ваколат берилган давлат органи томонидан ҳуқуқий муҳофаза берилиши натижасида юзага келади.

Ошкор этилмаган ахборотга ҳуқуқий муҳофаза бериш шартлари қонун билан белгиланади.


1033-модда. Интеллектуал мулк объектларига

шахсий номулкий ва мулкий ҳуқуқлар

Интеллектуал фаолият натижаларининг муаллифлари ана шу натижаларга нисбатан шахсий номулкий ва мулкий ҳуқуқларга эга бўладилар.

Шахсий номулкий ҳуқуқлар муаллифга унинг мулкий ҳуқуқларидан қатъи назар тегишли бўлади ва унинг интеллектуал фаолият натижаларига бўлган мулкий ҳуқуқлари бошқа шахсга ўтган тақдирда унинг ўзида сақланиб қолади.

Фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар, ишлар ёки хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалар (бундан буён матнда - хусусий аломатларни акс эттирувчи воситалар)га нисбатан ҳуқуқ эгаларига бу воситалар борасида мулкий ҳуқуқлар тегишли бўлади.

Муаллифлик ҳуқуқи (интеллектуал фаолият натижасининг муаллифи деб эътироф этилиш ҳуқуқи) шахсий номулкий ҳуқуқ ҳисобланади ва ижодий меҳнати билан интеллектуал фаолият натижасини яратган шахсгагина тегишли бўлади.

Муаллифлик ҳуқуқи бошқа шахсга ўтказилмайди ва берилмайди.

Агар натижа икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликдаги ижодий меҳнати билан яратилган бўлса, улар ҳаммуаллифлар ҳисобланадилар. Интеллектуал мулкнинг айрим объектларига нисбатан қонунда асарнинг тўлалигича ҳаммуаллифлари деб ҳисобланадиган шахслар доираси чеклаб қўйилиши мумкин.


1034-модда. Интеллектуал мулк

объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқлар

Интеллектуал фаолият натижасига ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи воситага нисбатан мулкий ҳуқуқлар эгасига ана шу интеллектуал мулк объектидан ўз хоҳишига кўра ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда мутлақ қонуний фойдаланиш ҳуқуқи тегишли бўлади.

Ҳуқуқ эгасига мутлақ ҳуқуқ асосида тегишли бўлган интеллектуал мулк объектларидан бошқа шахсларнинг фойдаланишига фақат ҳуқуқ эгасининг рухсати билан йўл қўйилади.

Интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқ эгаси бу ҳуқуқни бошқа шахсга тўлиқ ёки қисман ўтказишга, интеллектуал мулк объектидан бошқа шахс фойдаланишига рухсат беришга ҳақли ва, агар бу ушбу Кодекс ва бошқа қонунларнинг қоидаларига зид бўлмаса, уларни бошқача тарзда тасарруф этишга ҳақли.

Мутлақ ҳуқуқларни чеклашга, шу жумладан интеллектуал мулк объектидан бошқа шахслар фойдаланишига имконият бериш йўли билан чеклашга, бу ҳуқуқларни ҳақиқий эмас деб топишга ва уларни тугатишга (бекор қилишга) ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда белгиланган ҳолларда, доираларда ва тартибда йўл қўйилади.

Мутлақ ҳуқуқларни чеклаш бундай чеклаш интеллектуал мулк объектидан нормал фойдаланилишига ўринсиз зиён етказмаган ва ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларини асоссиз камситмаган тақдирдагина татбиқ этилади.


1035-модда. Мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа шахсга ўтиши

Интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқлар эгасига тегишли мулкий ҳуқуқлар, агар ушбу Кодексда ёки бошқа қонунда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқ эгаси томонидан шартнома бўйича бошқа шахсга тўлиқ ёки қисман ўтказилиши мумкин, шунингдек бу мутлақ ҳуқуқлар мерос бўлиб ва юридик шахс - ҳуқуқ эгаси қайта ташкил этилганда ҳуқуқий ворислик тартибида ўтади.

Мулкий ҳуқуқларнинг шартнома бўйича ўтказилиши ёхуд уларнинг универсал ҳуқуқий ворислик тартибида ўтиши муаллифлик ҳуқуқининг ва бошқа бегоналаштирилмайдиган ҳамда ўзгага ўтказилмайдиган мутлақ ҳуқуқларнинг ўтказилишига ёки чекланишига сабаб бўлмайди. Бундай ҳуқуқларнинг ўтказилиши ёки чекланиши тўғрисидаги шартнома шартлари ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Шартнома бўйича ўтказиладиган мутлақ ҳуқуқлар унда аниқлаб қўйилиши лозим. Шартномада бошқа шахсга ўтказиладиган ҳуқуқ сифатида кўрсатилмаган ҳуқуқлар, агар бошқача ҳол исботланмаган бўлса, ўтказилмаган деб ҳисобланади.

Мутлақ ҳуқуқни унинг амал қилиш даврида чекланган вақтга бошқа шахсга беришни назарда тутувчи шартномага нисбатан лицензия шартномаси тўғрисидаги қоидалар қўлланилади.


1036-модда. Лицензия шартномаси

Лицензия шартномаси бўйича интеллектуал фаолият натижасига ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи воситага нисбатан мутлақ ҳуқуққа эга бўлган тараф (лицензиар) бошқа тарафга (лицензиатга) тегишли интеллектуал мулк объектидан фойдаланишга рухсатнома беради.

Лицензия шартномаси бериладиган ҳуқуқларни, фойдаланиш чегаралари ва муддатларини аниқлаши лозим.

Лицензия шартномаси пуллик ҳисобланади.

Лицензия шартномаси лицензиатга қуйидагиларни беришни назарда тутиши мумкин:

интеллектуал мулк объектидан, лицензиарнинг ундан фойдаланиш ҳуқуқи ва бошқа шахсларга лицензия бериш ҳуқуқи сақланиб қолган ҳолда (оддий номутлақ лицензия) фойдаланиш ҳуқуқини;

интеллектуал мулк объектидан, лицензиарнинг ундан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолган ҳолда, бироқ бошқа шахсларга лицензияни бериш ҳуқуқисиз (мутлақ лицензия) фойдаланиш ҳуқуқини;

қонунда йўл қўйиладиган бошқа турдаги лицензияларни.

Агар лицензия шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, лицензия оддий (номутлақ) деб ҳисобланади.

Лицензияни олувчи томонидан интеллектуал мулк объектидан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсга бериш тўғрисидаги шартнома сублицензия шартномаси ҳисобланади. Лицензияни олувчи фақат лицензия шартномасида назарда тутилган ҳолларда сублицензия шартномаси тузишга ҳақли.

Қўшимча лицензиатнинг ҳаракатлари учун, агар лицензия шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, лицензиар олдида лицензиат жавобгар бўлади.



1037-модда. Интеллектуал фаолият натижаларини

яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома

Муаллиф интеллектуал фаолият натижаларини яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома бўйича келгусида асар, ихтиро ёки бошқа интеллектуал фаолият натижасини яратиш ва ўзининг иш берувчиси бўлмаган буюртмачига бу натижадан фойдаланиш учун мутлақ ҳуқуқлар бериш мажбуриятини ўз зиммасига олиши мумкин.

Ушбу модданинг

биринчи қисмида назарда тутилган шартнома яратилиши лозим бўлган интеллектуал фаолият натижасининг хусусиятини, шунингдек ундан фойдаланиш мақсадлари ёхуд усулларини белгилаши лозим.

Муаллиф зиммасига ушбу муаллиф келгусида яратадиган ҳар қандай интеллектуал фаолият натижаларидан фойдаланиш учун мутлақ ҳуқуқларни бирорта шахсга бериш мажбуриятини юклайдиган шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Интеллектуал фаолият натижаларини яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги шартноманинг муаллифнинг келгусида муайян турдаги ёхуд муайян соҳадаги интеллектуал фаолият натижаларини яратишини чеклайдиган шартлари ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.



1038-модда. Мутлақ ҳуқуқ ва мулк ҳуқуқи

Интеллектуал фаолият натижасига ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи воситага нисбатан мутлақ ҳуқуқ бундай натижа ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи восита ифодаланган моддий объектга нисбатан мулк ҳуқуқидан қатъи назар мавжуд бўлади.



1039-модда. Интеллектуал мулк объектларига

нисбатан мутлақ ҳуқуқнинг амал қилиш муддати

Интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқ ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган муддат мобайнида амал қилади.

Интеллектуал мулк объектларига нисбатан шахсий номулкий ҳуқуқлар муддатсиз амал қилади.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқнинг амал қилиши ундан муайян вақт мобайнида фойдаланилмаслиги оқибатида бекор қилиниши мумкин.


1040-модда. Интеллектуал мулк объектларига нисбатан

мутлақ ҳуқуқларни ҳимоя қилиш усуллари

Интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ушбу Кодекснинг 11-моддасида назарда тутилган усуллар билан амалга оширилади. Мутлақ ҳуқуқларни ҳимоя қилиш шунингдек:

мутлақ ҳуқуқлар қайси моддий объектлар ёрдамида бузилган бўлса, ўша моддий объектларни ҳамда бундай бузиш натижасида яратилган моддий объектларни олиб қўйиш орқали;

йўл қўйилган бузиш ҳақидаги маълумотни мажбурий суратда эълон қилиб, унга бузилган ҳуқуқ кимга тегишлилиги тўғрисидаги маълумотларни киритиш орқали;

қонунда назарда тутилган бошқа усулларда амалга оширилиши мумкин.

Интеллектуал фаолият натижаларини ва хусусий аломатларни акс эттирувчи воситаларни яратиш ҳамда улардан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома бузилганда мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги умумий қоидалар қўлланилади.


60-БОБ. МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚИ


1041-модда. Муаллифлик ҳуқуқи объекти

Муаллифлик ҳуқуқи ижодий фаолият натижаси бўлмиш фан, адабиёт ва санъат асарларига нисбатан, уларнинг мақсади ва қадр-қиммати, шунингдек ифодаланиш усулидан қатъи назар, татбиқ этилади.

Муаллифлик ҳуқуқи қуйидаги бирон-бир объектив шаклда бўлган ошкор қилинган асарларга ҳам, ошкор қилинмаган асарларга ҳам татбиқ этилади:

ёзма (қўлёзма, машинкаланган ёзув, нотали ёзув ва ҳоказо);

оғзаки (омма олдида сўзлаш, омма олдида ижро этиш ва ҳоказо);

овозли ёки видео ёзув (механик, магнитли, рақамли, оптик ва ҳоказо);

тасвир (расм, эскиз, манзара, тарҳ, чизма, кино, теле-, видео- ёки фотокадр ва ҳоказо);

ҳажмли-фазовий (ҳайкал, модель, макет, иншоот ва ҳоказо);

бошқа шакллардаги.

Муаллифлик ҳуқуқи ғоялар, принциплар, услублар, жараёнлар, тизимлар, усуллар ёки концепцияларга эмас, балки ифода шаклига нисбатан татбиқ этилади.


1042-модда. Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг турлари

Муаллифлик ҳуқуқи объектлари жумласига қуйидагилар киради:

адабий асарлар (адабий-бадиий, илмий, ўқув, публицистик ва бошқа асарлар);

драматик ва сценарий асарлар;

матнли ва матнсиз мусиқа асарлари;

мусиқали-драматик асарлар;

хореография асарлари ва пантомималар;

аудиовизуал асарлар;

рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика, дизайн асарлари ва бошқа тасвирий санъат асарлари;

манзарали-амалий ва саҳна безаги санъати асарлари;

архитектура, шаҳарсозлик ва боғ-парк барпо этиш санъати асарлари;

фотография асарлари ва фотографияга ўхшаш усулларда яратилган асарлар;

жўғрофия, геология хариталари ва бошқа хариталар, жўғрофия, топография ва бошқа фанларга тааллуқли тарҳлар, эскизлар ва асарлар;

барча турдаги электрон-ҳисоблаш машиналари (ЭҲМ) учун дастурлар, шу жумладан амалий дастурлар ва операция тизимлари;

ушбу Кодекснинг

1041-моддасида белгилаб қўйилган талабларга жавоб берувчи бошқа асарлар.


1043-модда. Муаллифлик ҳуқуқи объектлари

ҳисобланувчи асарнинг қисмлари,

ҳосила ва жамлама асарлар

Ушбу Кодекснинг 1041-моддасида белгиланган талабларга жавоб берадиган:

асарнинг мустақил равишда фойдаланилиши мумкин бўлган қисмлари (шу жумладан унинг номи);

ҳосила асарлар (таржималар, ишланма асарлар, аннотациялар, рефератлар, мухтасар хулосалар, шарҳлар, инсценировкалар, аранжировкалар, соддалаштиришлар ҳамда фан, адабиёт ва санъат асарларининг бошқа қайта ишланмалари);

тўпламлар (энциклопедиялар, антологиялар, маълумотлар базалари) ва материалларнинг танланганлиги ёки жойлаштирилганлигига кўра ижодий меҳнат натижаси бўлган бошқа жамлама асарлар муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳисобланади.

ҳосила ва жамлама асарлар, уларнинг яратилиши учун асос бўлган ёки уларнинг таркибига кирган асарлар муаллифлик ҳуқуқи объектлари бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, муаллифлик ҳуқуқи билан муҳофаза қилинади.


1044-модда. Муаллифлик ҳуқуқи

объектлари ҳисобланмайдиган материаллар

Қуйидагилар муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳисобланмайди:

расмий ҳужжатлар (қонунлар, қарорлар ва шу кабилар), шунингдек уларнинг расмий таржималари;

расмий рамзлар ва белгилар (байроқлар, герблар, орденлар, пул белгилари ва шу кабилар);

халқ ижодиёти асарлари;

оддий матбуот ахбороти тусидаги кундалик янгиликларга доир ёки жорий воқеалар ҳақидаги хабарлар;

инсоннинг бевосита индивидуал асар яратишга қаратилган ижодий фаолияти амалга оширилмасдан, муайян турдаги ишлаб чиқариш учун мўлжалланган техника воситалари ёрдамида олинган натижалар.


1045-модда. Расмий ҳужжатлар, рамзлар ва

белгиларнинг лойиҳаларига бўлган ҳуқуқлар

Расмий ҳужжат, рамз ёки белгининг лойиҳасига бўлган муаллифлик ҳуқуқи лойиҳани яратган (ишлаб чиққан) шахсга тегишлидир.

Расмий ҳужжатлар, рамзлар ва белгиларнинг лойиҳаларини ишлаб чиққан шахслар, башарти бундай лойиҳани ишлаб чиқиш тўғрисида топшириқ берган орган томонидан тақиқланмаган бўлса, ўзлари яратган лойиҳаларни эълон қилишга ҳақлидирлар. Лойиҳани эълон қилишда уни ишлаб чиққан шахслар ўз исмларини кўрсатишга ҳақлидирлар.

Ваколатли орган расмий ҳужжат тайёрлаш учун лойиҳадан, башарти лойиҳа уни ишлаб чиққан шахс томонидан эълон қилинган ёки тегишли органга юборилган бўлса, мазкур шахснинг розилигисиз фойдаланиши мумкин.

Лойиҳа асосида расмий ҳужжатлар, рамзлар ва белгилар тайёрлаш чоғида расмий ҳужжат, рамз ёки белги тайёрлаётган органнинг хоҳишига кўра лойиҳага қўшимчалар ва ўзгартишлар киритилиши мумкин.

Ваколатли орган лойиҳани маъқуллаганидан кейин лойиҳадан уни ишлаб чиққан шахснинг исми-шарифини кўрсатмаган ҳолда фойдаланиш мумкин.


1046-модда. Асар муаллифи.

Муаллифлик ҳуқуқининг

...
Время: 0.0400
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск