Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


Внимание!

NB! Мазкур кодекс ЎзР 24.01.2018 й. ЎРК-461-сон Конуни билан тасдикланган Иктисодий процессуал кодекси 2018 йил 1 апрелдан амалга киритилганлиги сабабли ўз кучини йўкотган


Юрист Предприятия

Корхона юристи / Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар / Ўзбекистон Республикаси кодекслари / Кучини йўқотган ҳужжатлар /

Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодекси (ЎзР 30.08.1997 й. 478-I-сон Қонуни билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ХЎЖАЛИК ПРОЦЕССУАЛ

КОДЕКСИ


I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Иқтисодий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи

Ҳ ар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб иқтисодий судга ушбу Кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли.

Иқтисодий судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан воз кечиш ҳақиқий эмас.

Иқтисодий судга мурожаат қилиш ушбу Кодексда белгиланган шаклларда амалга оширилади. Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар иқтисодий судга ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.

Хўжалик судларининг ушбу Кодексда белгиланган барча ваколатлари иқтисодий судлар томонидан амалга оширилади.



2-модда. Хўжалик судининг одил судловни амалга ошириши


Хўжалик суди иқтисодиёт соҳасида вужудга келадиган, ушбу Кодекс ва бошқа қонунлар билан ўзининг ваколатига киритилган низолар ҳамда бошқа ишларни ҳал қилиш йўли билан одил судловни амалга оширади.


3-модда. Хўжалик судида суд ишларини юритиш вазифалари


Хўжалик судида суд ишларини юритиш вазифалари қуйидагилардан иборат:

1) иқтисодиёт соҳасида корхона,муассаса, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш;

2) иқтисодиёт соҳасида қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш.


4-модда. Хўжалик судларида суд ишларини

юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Хўжалик судларида суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодексдан ҳамда унга мувофиқ қабул қилинадиган бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


5-модда. Хўжалик суди судьяларининг мустақиллиги


Одил судловни амалга оширишда хўжалик судининг судьялари мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар.

Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.


6-модда. Хўжалик судида иш қўзғатиш


Хўжалик суди:

1) манфаатдор шахсларнинг;

2) прокурорнинг;

3) қонун бўйича давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида хўжалик судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда давлат органлари ва бошқа органларнинг аризалари бўйича иш қўзғатади.

Агар қонунда айрим тоифадаги низолар учун уларни судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби белгиланган ёхуд бу тартиб шартномада назарда тутилган бўлса, тарафлар ўзаро муносабатларини ихтиёрий равишда ҳал қилиш чораларини кўрганларидан сўнггина хўжалик судида иш қўзғатиш мумкин. Бунда прокурор, давлат органлари ва бошқа органларнинг аризалари бўйича иш қўзғатиш тарафлар юқоридаги чораларни кўрган-кўрмаганликларидан қатъи назар амалга оширилади.


7-модда. Қонун ва суд олдида тенглик


Хўжалик судида низоларни ҳал қилиш корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мулкчилик шаклидан, қаерда жойлашганлиги, кимга бўйсунишидан қатъи назар, фуқароларнинг эса - жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади.


8-модда. Ишларни кўришнинг ошкоралиги


Хўжалик судларида ишлар ошкора кўрилади.

Давлат сирини ёки тижорат сирини сақлаш зарур бўлган тақдирда ишни ёпиқ мажлисда кўришга йўл қўйилади. Ишни ёпиқ мажлисда видеоконференцалоқа режимида кўришга йўл қўйилмайди.

Ёпиқ мажлисда кўрилган ишни электрон шаклда шакллантиришга йўл қўйилмайди.

Ишни ёпиқ мажлисда кўриш тўғрисида ажрим чиқарилади.


9-модда. Тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги


Хўжалик судида суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади.


10-модда. Суд ишлари юритиладиган тил


Хўжалик судида суд ишлари ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади.

Суд ишлари олиб борилаётган тилни билмайдиган суд иштирокчиларининг таржимон ёрдамида ишга тааллуқли материаллар билан тўла танишиш ва суд ишларида иштирок этиш ҳамда ўз она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.

Турли давлатларнинг корхона, муассаса ва ташкилотлари ўртасидаги хўжалик низолари суднинг ажримига биноан тарафлар учун мақбул тилда олиб борилади.


11-модда. Судда ишни кўришнинг бевоситалиги


Хўжалик суди ишни кўришда иш бўйича барча далилларни бевосита текшириши шарт.


12-модда. Низоларни қонун ҳужжатлари асосида ҳал қилиш


Хўжалик суди низоларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилади.

Хўжалик суди ишни кўриш чоғида давлат органи ёки бошқа органнинг ҳужжати қонунга тўғри келмаслигини, шу жумладан у ваколат доирасидан четга чиққан ҳолда чиқарилганини аниқласа, қонунга мувофиқ қарор қабул қилади.

Низоли муносабатни тартибга солувчи ҳуқуқ нормалари бўлмаган тақдирда хўжалик суди шунга ўхшаш муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқ нормаларини татбиқ этади, борди-ю бундай нормалар ҳам бўлмаса, қонунларнинг умумий асослари ва мазмунига таяниб низони ҳал қилади.

Тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек банклар ўртасидаги низолар бўйича ишларни кўриб чиқишда қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъектининг фойдасига талқин этилади.

Хўжалик суди қонунга ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига мувофиқ чет давлатларнинг ҳуқуқ нормаларини қўллайди.


13-модда. Чет давлат ҳуқуқини қўллаш


Чет давлат ҳуқуқи қўлланган тақдирда хўжалик суди бу ҳуқуқ нормаларининг мавжудлиги ва мазмунини уларнинг тегишли давлатдаги шарҳланишига ва амалда қўлланишига мувофиқ ҳолда аниқлайди.

Чет давлатнинг ҳуқуқ нормалари мавжудлигини ва уларнинг мазмунини аниқлаш мақсадида хўжалик суди ёрдам беришни ёки тушунтириб беришни сўраб, Ўзбекистон Республикасининг ҳамда хорижий давлатнинг ваколатли органлари ва ташкилотларига мурожаат қилиши ёхуд мутахассисларни жалб этиши мумкин.

Агар кўрилган чораларга қарамай чет давлатнинг ҳуқуқ нормалари мавжудлиги ёки уларнинг мазмуни аниқланмаса, хўжалик суди Ўзбекистон Республикасининг тегишли ҳуқуқ нормаларини қўллайди.



14-модда. Суд ҳужжатларининг мажбурийлиги


Хўжалик суди ҳал қилув қарори, ажрим, қарор, суд буйруғи шаклидаги суд ҳужжатларини қабул қилади.

Суднинг қонуний кучга кирган ҳужжати барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт.

Хўжалик суди қабул қилган суд ҳужжатларини бажармаслик ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.


2-БОБ. ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ ТАРКИБИ.

РАД ҚИЛИШ


15-модда. Хўжалик судининг таркиби


Хўжалик судларида биринчи инстанция бўйича ишлар судьянинг якка ўзи томонидан, Ўзбекистон Республикаси Олий судида эса уч нафар судьядан иборат таркибда кўрилади.

Суд раисининг қарори билан ҳар қандай иш ҳайъатда кўрилиши мумкин.

Апелляция, кассация, назорат инстанцияларида барча ишлар хўжалик суди томонидан ҳайъатда кўрилади.

Иш ҳайъатда кўрилаётганда суднинг таркиби уч ёки ундан ортиқ тоқ нафар судьядан иборат бўлиши керак.

Ишни кўриш чоғида ҳамма судьялар тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар.

Ушбу Кодексга мувофиқ судьяга ишни ва айрим масалаларни якка тартибда ҳал қилиш ҳуқуқи берилган бўлса, у хўжалик суди номидан ҳаракат қилади.


16-модда. Хўжалик судида масалаларни ҳал қилиш тартиби


Хўжалик судида иш ҳайъатда кўрилаётганда ва ҳал қилинаётганда келиб чиқадиган масалалар судьяларнинг кўпчилик овози билан ечилади. Судьялардан бирортаси овоз беришда бетараф қолишга ҳақли эмас. Мажлисга раислик қилувчи ҳаммадан кейин овоз беради.

Бошқа судьяларнинг қарорига қўшилмаган судья бу қарорга имзо чекишга мажбур бўлиб, у ўзининг алоҳида фикрини ёзма равишда баён қилишга ҳақли. Алоҳида фикр ишга қўшиб қўйилади, лекин эълон қилинмайди. Ишда иштирок этувчи шахслар судьянинг алоҳида фикри билан таништирилмайдилар.


17-модда. Судьяни рад қилиш


Судья қуйидаги ҳолларда ишни кўришда иштирок этиши мумкин эмас ва у рад қилиниши лозим:

1) ишда иштирок этувчи шахсларнинг ёки улар вакилларининг қариндоши бўлса;

2) шу иш илгари кўрилганида эксперт, таржимон, прокурор, суд мажлиси котиби, вакил ёки гувоҳ сифатида иштирок этган бўлса;

3) ишнинг пировард натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса.

Ишни кўраётган хўжалик суди таркибига бир-бирига қариндош бўлган судьялар кириши мумкин эмас.


18-модда. Прокурор, эксперт, суд мажлиси

котиби ва таржимонни рад қилиш

Ушбу Кодекс 17-моддасининг 1 ва 3 бандларида кўрсатилган асосларга мувофиқ прокурор, эксперт, суд мажлиси котиби ва таржимон ишни кўришда иштирок этиши мумкин эмас ва улар рад қилиниши лозим.

Бундан ташқари экспертни рад қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

1) унинг ишда иштирок этувчи шахслар ёки уларнинг вакилларига ишни кўриш пайтида ёки ўтмишда хизмат вазифаси юзасидан ёки бошқа томондан қарам бўлганлиги;

2) у ўтказган тафтиш материаллари хўжалик судига мурожаат қилиш учун асос бўлиб хизмат қилган ёки ишни кўришда улардан фойдаланилаётган бўлса.


19-модда. Ишни кўришда судьянинг такрор

иштирок этишига йўл қўйилмаслиги

Ишни биринчи инстанция судида кўришда иштирок этган судья, агар суднинг ҳал қилув қарори апелляция ёки кассация инстанцияси томонидан ёхуд назорат тартибида бекор қилинган бўлса, шу ишни биринчи инстанция судида янгидан кўришда иштирок эта олмайди, янги очилган ҳолатлар бўйича ишларни кўриш ҳоллари бундан мустасно.

Ишни биринчи инстанция судида кўришда иштирок этган судья шу ишни апелляция ёки кассация инстанцияси судида ёхуд назорат тартибида кўришда иштирок эта олмайди.

Ишни апелляция инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция ёки кассация инстанцияси судида ёхуд назорат тартибида кўришда иштирок эта олмайди.

Ишни кассация инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция ёки апелляция инстанцияси судида ёхуд назорат тартибида кўришда иштирок эта олмайди.

Ишни назорат тартибида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судида кўришда иштирок эта олмайди.


20-модда. Рад қилиш ҳақида ариза бериш


Ушбу Кодекснинг 17 ва 18 моддаларида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлса, судья, прокурор, эксперт, суд мажлиси котиби, таржимон ўзини ўзи рад қилиш ҳақида ариза беришлари шарт. Ишда иштирок этувчи шахслар ҳам шу асосларга кўра рад қилиш ҳақида ариза беришлари мумкин.

Рад қилиш ҳақидаги арз асослантирилган бўлиши ҳамда иш мазмунан кўрилишидан олдин маълум қилиниши лозим. Иш кўрилаётган пайтда рад қилиш ҳақида арз қилишга рад қилиш учун асослар хўжалик судига ёки рад қилиш ҳақида арз қилаётган шахсга ишни кўриш бошлаб юборилгандан кейин маълум бўлиб қолган ҳоллардагина йўл қўйилади.


21-модда. Рад қилиш тўғрисидаги аризани ҳал қилиш тартиби


Рад қилиш тўғрисида арз қилинган тақдирда, хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахсларнинг фикрини эшитиши, шунингдек агар рад қилиниши талаб этилаётган шахс тушунтириш беришни хоҳласа, уни эшитиши керак.

Ишни якка ўзи кўраётган судьяни рад қилиш масаласини хўжалик судининг раиси ёки суд ҳайъатининг раиси ҳал қилади.

Иш ҳайъатда кўрилаётганда судьяни рад қилиш тўғрисидаги масала рад қилиниши талаб этилаётган судья иштирокисиз хўжалик суди таркиби томонидан ҳал қилинади. Рад қилишни ёқлаб ва унга қарши берилган овозлар сони тенг бўлиб қолса, судья рад қилинган ҳисобланади.

Бир неча судьяни ёки ишни кўраётган суд таркибини бутунлай рад қилиш масаласи шу суднинг тўлиқ таркибида оддий кўпчилик овоз билан ҳал қилинади.

Прокурор, эксперт, суд мажлиси котиби ва таржимонни рад қилиш масаласини ишни кўраётган суд ҳал қилади.

Рад қилиш масаласини кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.


22-модда. Рад қилиш тўғрисидаги аризани

қаноатлантириш оқибатлари


Судья ёки бир неча судьялар ёхуд бутун суд таркиби рад қилинган тақдирда иш ўша судда, бироқ бошқа таркибда кўрилади.

Агар рад қилишни қаноатлантириш натижасида ишни ўша хўжалик судида кўриш учун суднинг янги таркибини тузиш мумкин бўлмаса, иш бошқа хўжалик судига ўтказилиши лозим.


3-БОБ. СУДГА ТААЛЛУҚЛИ ИШЛАР ВА

СУДЛОВГА ТЕГИШЛИЛИК


23-модда. Судга тааллуқли ишлар


Хўжалик судига қуйидаги ишлар тааллуқлидир:

1) иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади), юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар;

2) иқтисодиёт соҳасида ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари вужудга келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш (бундан буён матнда юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш деб юритилади) тўғрисидаги ишлар;

3) ташкилотлар ва фуқароларнинг банкротлиги тўғрисидаги ишлар;

4) ушбу Кодекснинг 155-19-моддасида кўрсатилган корпоратив низолар бўйича ишлар, бундан меҳнатга оид низолар мустасно.

Хўжалик судига шунингдек якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган фуқаролар иштирокидаги низоларга доир ишлар, агар тегишли талаблар уларнинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиқса, тааллуқлидир.

Қонун билан хўжалик судига тааллуқли ишлар жумласига бошқа ишлар ҳам киритилиши мумкин.

Хўжалик суди ўзига тааллуқли ишларни, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси ташкилотлари ва фуқаролари, шунингдек чет эл ташкилотлари, чет эл инвестициялари иштирокидаги ташкилотлар, халқаро ташкилотлар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокида кўради.

Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари хўжалик судига, бошқалари эса умумий юрисдикция судига тааллуқли бўлган бир неча талаб бирлаштирилган тақдирда, ҳамма талаблар умумий юрисдикция судида кўрилиши керак.

Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари иқтисодий судга, бошқалари эса маъмурий судга тааллуқли бўлган бир неча талаб бирлаштирилган тақдирда, ҳамма талаблар иқтисодий судда кўрилиши керак.

Ушбу модда биринчи қисмининг 4-бандида кўрсатилган ишлар низо вужудга келган ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси ташкилотлар ёки жисмоний шахслар бўлишидан қатъи назар, хўжалик суди томонидан кўриб чиқилади.


24-модда. Хўжалик суди томонидан ҳал этиладиган низолар


Хўжалик суди қуйидагиларни ҳал этади:

1) тузилиши қонунда назарда тутилган шартнома юзасидан чиққан келишмовчиликлар ёки шартнома юзасидан чиққан бўлиб, ҳал этиш учун хўжалик судига топшириш ҳақида тарафлар ўзаро келишган ихтилофлар;

2) шартнома шартларини ўзгартириш ёки шартномани бекор қилиш ҳақидаги низолар;

3) мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги низолар;

4) мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки тегишли даражада бажарилмаганлиги тўғрисидаги низолар;

5) мулкдор ёки мулкнинг бошқа қонуний эгаси томонидан мол-мулкни бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги низолар;

6) мулкдорнинг ёки мол-мулкнинг бошқа қонуний эгасининг ҳуқуқлари эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда бузилганлиги тўғрисидаги низолар;

7) етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги низолар;

8) шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги низолар;

10) ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжатини ёки бошқа ҳужжатни ижро этилиши мумкин эмас деб топиш тўғрисидаги низолар;

11) давлат рўйхатига олишни рад этганлик ёки белгиланган муддатда давлат рўйхатига олишдан бош тортганлик устидан берилган шикоят;

12) агар қонунда сўзсиз (акцептсиз) тартибда жарима ундирилиши назарда тутилмаган бўлса назорат қилувчи органлар томонидан ташкилотлар ва фуқаролардан жарималар ундириш тўғрисидаги низолар;

13) назорат қилувчи органлар томонидан қонун ҳужжатларининг талабларини бузган ҳолда сўзсиз (акцептсиз) тартибда ҳисобдан чиқарилган пул маблағларини бюджетдан қайтариш тўғрисидаги низолар.

Хўжалик суди ўзининг ваколат доирасига киритилган бошқа низоларни ҳам ҳал қилади.


25-модда. Низоларни ҳал этишни ҳакамлар судига топшириш


Фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган ёки келиб чиқиши мумкин бўлган ҳамда хўжалик судига тааллуқли бўлган низо тарафларнинг келишувига биноан, хўжалик суди қарор чиқаргунга қадар ҳакамлик судига кўриш учун топширилиши мумкин.

25-1-модда. Хўжалик суди томонидан кўриладиган,

ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишлар

Хўжалик суди томонидан кўриладиган, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишларга қуйидагилар киради:

1) ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги аризалар бўйича ишлар;

2) ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақалари бериш тўғрисидаги аризалар бўйича ишлар.

Хўжалик судлари ушбу модданинг биринчи қисмида санаб ўтилган ишларни ушбу Кодекснинг 20-1-20-2-бобларида кўрсатилган истисно ва қўшимчалар билан биргаликда хўжалик судлов ишларини юритишнинг умумий қоидаларига биноан кўриб чиқади.



26-модда. Ишларнинг судловга тегишлилиги

Иқтисодий судга тааллуқли ишлар туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари томонидан кўрилади, бундан Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига тегишли ишлар мустасно.

Республика бошқарув органлари билан маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимияти органлари ўртасидаги иқтисодий битимлардан келиб чиқадиган низолар Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан кўрилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди алоҳида ҳолатларни эътиборга олган ҳолда ҳар қандай ишни исталган суддан олиб қўйиш ва уни биринчи инстанция бўйича ўзининг иш юритишига қабул қилишга, ишни бир суддан бошқасига ўтказишга ҳақли.



27-модда. Даъвони жавобгар жойлашган ерда тақдим этиш


Даъволар жавобгар жойлашган ердаги хўжалик судига тақдим этилади.

Юридик шахсга нисбатан унинг алоҳида бўлинмаси фаолиятидан келиб чиқадиган даъволар алоҳида бўлинма жойлашган ерда тақдим этилади.


28-модда. Даъвогарнинг танлаши бўйича судловга тегишлилик


Турли ерларда жойлашган бир неча жавобгарга нисбатан даъволар даъвогарнинг танлаши бўйича жавобгарларнинг бири жойлашган ердаги хўжалик судига тақдим этилади.

Қаердалиги номаълум бўлган жавобгарга нисбатан даъволар унинг мол-мулки жойлашган ердаги ёки Ўзбекистон Республикасидаги маълум бўлган охирги турар жойидаги хўжалик судига тақдим этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг ташкилоти ёки фуқароси бўлган ва айни пайтда бошқа давлат ҳудудида турган жавобгарга нисбатан даъволар даъвогар жойлашган ердаги ёки жавобгарнинг мол-мулки жойлашган ердаги хўжалик судига тақдим этилиши мумкин.

Ижро этиш жойи кўрсатилган шартномадан келиб чиқадиган даъволар шартнома ижро этиладиган ерда тақдим этилиши мумкин.



29-модда. Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш

тўғрисидаги ишларнинг судловга тегишлилиги


Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар аризачи турган жойда кўрилади. Бинога, иншоотга, ер участкасига эгаликни аниқлаш тўғрисидаги ишлар бундан мустасно бўлиб, улар бино, иншоот, ер участкаси жойлашган ерда кўрилади.


30-модда. Банкротлик тўғрисидаги

ишларнинг судловга тегишлилиги


Ташкилот ва фуқароларнинг банкротлиги тўғрисидаги ишлар қарздор турган жойда кўрилади.


31-модда. Алоҳида судловга тегишлилик


Бино, иншоот, ер участкаларига нисбатан мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги, бино, иншоот, ер участкасини бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олиш, мулкдор ёки мол-мулкнинг бошқа қонуний эгасининг ҳуқуқлари эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда бузилишини бартараф этиш тўғрисидаги даъволар бино, иншоот, ер участкаси жойлашган ерда тақдим этилади.

Йўловчи, багаж ва юк ташиш шартномасидан келиб чиқадиган йўловчи, багаж ва юк ташувчига нисбатан даъволар, шу жумладан йўловчи, багаж ва юк ташувчи жавобгарлардан бири бўлган ҳолларда ҳам, транспорт ташкилотининг органи жойлашган ерда тақдим этилади.

Корпоратив низолар бўйича даъволар юридик шахс жойлашган жойда тақдим этилади.


32-модда. Шартнома бўйича судловга тегишлилик


Ушбу Кодекснинг 27 ва 28-моддаларида белгиланган судловга тегишлилик тарафларнинг розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.


33-модда. Ишни бир хўжалик судидан бошқасига ўтказиш


Хўжалик суди томонидан судловга тегишлилик қоидаларига риоя қилган ҳолда қабул қилиб олинган иш, гарчи кейинчалик бошқа хўжалик судининг судловига тегишли бўлиб қолса-да, аввалги хўжалик суди томонидан мазмунан кўрилиши лозим.

Хўжалик суди ишни бошқа хўжалик судига қуйидаги ҳолларда ўтказади:

1) агар иш судловга тегишлилик қоидасини бузиб қабул қилинганлиги шу судда ишни кўриш вақтида маълум бўлса;

2) агар бир ёки бир неча судьялар рад қилинганидан кейин уларни ушбу судда алмаштириш мумкин бўлмай қолса, шунингдек ишни ушбу судда кўриш мумкин бўлмай қолган бошқа ҳолларда.

Ишни бошқа хўжалик судида кўришга ўтказиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Бир суддан бошқа судга юборилган иш у юборилган судда кўриш учун қабул қилиб олиниши керак.

Ўзбекистон Республикаси хўжалик судлари ўртасида судловга тегишлилик тўғрисида низоларга йўл қўйилмайди.



4-БОБ. ИШДА ИШТИРОК ЭТУВЧИ ШАХСЛАР ҲАМДА

ХЎЖАЛИК СУДЛОВ ИШЛАРИНИ ЮРИТИШНИНГ

БОШҚА ИШТИРОКЧИЛАРИ


34-модда. Ишда иштирок этувчи шахслар


Тарафлар, учинчи шахслар, прокурор, давлат органлари ва бошқа органлар ўз зиммаларига юклатилган ваколатга кўра, шунингдек аризачилар ҳамда юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ва ташкилотлар ҳамда фуқаролар банкротлиги тўғрисидаги ишлардан манфаатдор бошқа шахслар ишда иштирок этувчи шахслар деб ҳисобланадилар.


35-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Ишда иштирок этувчи шахслар иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусха кўчириш, рад қилиш тўғрисида арз қилиш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, саволлар бериш, илтимосномалар киритиш, арз қилиш, хўжалик судига оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, ишни кўриш давомида туғиладиган барча масалалар бўйича ўз важларини, хулосаларини тақдим қилиш, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномалари, важларига эътироз билдириш, суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳамда ушбу Кодексда уларга берилган бошқа процессуал ҳуқуқлардан фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.

Ишда иштирок этувчи шахслар ушбу Кодексда назарда тутилган процессуал мажбуриятларга эгадир ва улар ўзларига тегишли барча процессуал ҳуқуқлардан инсофли равишда фойдаланишлари шарт.


36-модда. Тарафлар


Даъвогар ва жавобгар хўжалик судлов ишларини юритишда тарафлардир.

Ўзларининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида даъво тақдим этаётган ёки манфаатларини кўзлаб даъво тақдим этилган ташкилотлар ва фуқаролар даъвогардир.

Даъво ёки ариза талаби қаратилган ташкилотлар ва фуқаролар жавобгардир.

Тарафлар тенг процессуал ҳуқуқлардан фойдаланадилар.


37-модда. Ишда бир неча даъвогар ва жавобгарнинг иштироки


Даъво бир неча даъвогар томонидан биргаликда ёки бир неча жавобгарга нисбатан тақдим этилиши мумкин. Ҳар бир даъвогар ёки жавобгар процессда мустақил қатнашади. Биргаликда иштирок этувчилар ишни олиб боришни шерик иштирокчилардан бирига топширишлари мумкин.

Бошқа жавобгарни жалб этиш зарур бўлган ҳолларда хўжалик суди ҳал қилув қарори қабул қилгунига қадар даъвогарнинг розилиги билан ўша жавобгарни жалб қилади.


38-модда. Ишга дахлдор бўлмаган тарафни алмаштириш


Хўжалик суди даъво тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёки даъво бўйича жавоб бериши лозим бўлмаган шахсга нисбатан тақдим этилганини аниқласа, ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар, даъвогарнинг розилиги билан дастлабки даъвогар ёки жавобгарнинг ишга дахлдор даъвогар ёки жавобгар билан алмаштирилишига йўл қўйиши мумкин.

Ишга дахлдор бўлмаган тараф хўжалик судининг ташаббуси билан алмаштирилиши мумкин, бироқ даъвогар ўзининг бошқа шахс билан алмаштирилишига рози бўлмаса, бу шахс ишда низо юзасидан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида қатнашишга ҳақли ва бу ҳақда суд ушбу шахсни хабардор қилади.

Агар даъвогар жавобгарни бошқа шахс билан алмаштиришга рози бўлмаса, суд даъвогарнинг розилиги билан бу шахсни иккинчи жавобгар сифатида ишга жалб қилиши мумкин.

Ишга дахлдор бўлмаган тараф алмаштирилганлиги тўғрисида суд ажрим чиқаради.

Ишга дахлдор бўлмаган тараф алмаштирилганидан сўнг ишни кўриш янгидан бошланади.


39-модда. Процессуал ҳуқуқий ворислик


Тарафлардан бири низоли ёки хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳуқуқий муносабатдан чиқиб кетган тақдирда (қайта ташкил этилиш, талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш, қарзнинг бошқа шахсга ўтказилиши, фуқаронинг ўлими ва бошқа ҳолларда) суд бу тарафни унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштириб, бу ҳақда ўз ажрими, ҳал қилув қарори ёки қарорида кўрсатади. Ҳуқуқий ворислик процесснинг ҳар қандай босқичида амалга оширилиши мумкин.

Ҳуқуқий ворис процессга киришгунига қадар амалга оширилган барча ҳаракатлар ҳуқуқий ворисга ўрнини бўшатиб берган шахсга қай даражада мажбурий бўлган бўлса, ҳуқуқий ворис учун ҳам шу даражада мажбурийдир.


40-модда. Даъвонинг асоси ёки предметини ўзгартириш, даъво

талаблари миқдорини ўзгартириш, даъводан воз кечиш,

даъвони тан олиш, келишув битими


Даъвогар хўжалик низоси бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар даъвонинг асоси ёки предметини ўзгартириш, даъво талабларининг миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, ёхуд даъводан воз кечишга ҳақли.

Жавобгар даъвони қисман ёки тўла тан олиши мумкин.

Тарафлар ҳар қандай инстанцияда ишни келишув битими билан тамомлашлари мумкин.

Агар даъвогарнинг даъводан воз кечиши, жавобгарнинг даъвони тан олиши ва тарафларнинг келишув битими қонун ҳужжатларига хилоф бўлса ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, хўжалик суди даъводан воз кечишни, даъво талаблари миқдорини камайтиришни, даъвони тан олишни қабул қилмайди, келишув битимини тасдиқламайди. Бундай ҳолларда хўжалик суди ишни мазмунан кўради.

41-модда. Низонинг предметига нисбатан мустақил

талаблар билан арз қилувчи учинчи шахслар


Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахслар хўжалик суди ҳал қилув қарори қабул қилгунга қадар ишга киришиши мумкин. Улар даъвогарнинг барча ҳуқуқларидан фойдаланадилар ва барча мажбуриятларини бажарадилар, шу тоифадаги низолар учун қонунда назарда тутилган ёки шартномада белгиланган жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этиш мажбурияти бундан мустаснодир.


42-модда. Низонинг предметига нисбатан мустақил

талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар


Низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахслар, агар иш бўйича ҳал қилув қарори уларнинг тарафлардан бирига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, хўжалик суди ҳал қилув қарори қабул қилгунга қадар даъвогар ёки жавобгар томонида ишга киришиши мумкин. Учинчи шахслар ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномаси билан ёки суднинг ташаббуси билан ҳам ишда иштирок этишга жалб қилиниши мумкин.

Низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахслар тарафнинг ҳуқуқларидан фойдаланадилар ва процессуал мажбуриятларини бажарадилар, даъвонинг асоси ёки предметини ўзгартириш, даъво талабининг миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, шунингдек даъводан воз кечиш, даъвони тан олиш ёки келишув битими тузиш, суд ҳужжатининг мажбурий тарзда бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқи бундан мустасно.

Хўжалик суди бир жараёнда дастлабки даъвони кўриб чиқишга ва мансабдор шахс томонидан ташкилотга етказилган зарарни ундан ундириш масаласини регресс тартибда ҳал этишга ҳақлидир.


43-модда. Ишда прокурорнинг иштироки


Прокурор ҳамма ишлар бўйича суд мажлисида иштирок этишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Олий судига даъво аризасини Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларга эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ёки уларнинг ўринбосарлари тақдим этади.

Даъво тақдим этган прокурор келишув битими тузишдан ташқари даъвогарнинг барча ҳуқуқларидан фойдаланади ва мажбуриятларини бажаради.

Прокурорнинг ўз даъвосидан воз кечиши даъвогарни ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

Прокурор томонидан ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида тақдим этилган даъводан даъвогарнинг воз кечиши аризани кўрмасдан қолдиришга олиб келади.

Қонунда назарда тутилган ёки суд ишда прокурор қатнашиши зарур деб топган ҳолларда ишни кўришда прокурор иштирок этиши шарт.


44-модда. Ишда давлат органлари

ва бошқа органларнинг иштироки


Давлат органлари ва бошқа органлар қонунларда назарда тутилган ҳолларда давлат ва жамиятнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида даъво тақдим этишлари мумкин. Даъво тақдим этган мазкур органлар даъвогарнинг келишув битими тузиш ҳуқуқидан ташқари барча ҳуқуқларидан фойдаланади ва мажбуриятларини бажаради. Ушбу органларнинг тақдим этилган даъволардан воз кечиши даъвогарни низони мазмунан кўришни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

Давлат органи ёки бошқа орган томонидан даъвогарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қўзғатилган даъводан даъвогарнинг воз кечиши аризани кўрмасдан қолдиришга олиб келади.


45-модда. Хўжалик судлов ишларини юритишнинг

бошқа иштирокчилари


Ишда иштирок этувчи шахслардан ташқари хўжалик судлов ишларини юритишда вакиллар, гувоҳлар, экспертлар, таржимонлар иштирок этишлари мумкин.


46-модда. Гувоҳ


Хўжалик суди низони тўғри ҳал этиши учун аҳамиятга эга бўлган маълумотлар ва ҳолатлардан хабардор ҳар қандай шахс гувоҳ бўлиши мумкин.

Гувоҳ хўжалик судининг чақируви бўйича у ерга келиши ва иш юзасидан ўзи хабардор бўлган маълумот ва ҳолатларни маълум қилиши шарт.

Гувоҳ тўғри кўрсатувлар бериши, судьянинг, ишда иштирок этувчи шахсларнинг саволларига жавоб бериши шарт.

Гувоҳ била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлиги ва кўрсатув беришдан бош тортганлиги ёки бўйин товлаганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилади.


47-модда. Эксперт

Хулоса бериш учун зарур фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларга эга бўлган жисмоний шахс эксперт сифатида тайинланиши мумкин.

Эксперт сифатида давлат суд-экспертиза муассасаси эксперти, бошқа корхона, муассаса, ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс иштирок этиши мумкин.

Белгиланган тартибда, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар, шунингдек қасддан содир этган жиноятлари учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар эксперт сифатида жалб этилиши мумкин эмас.

Эксперт: ушбу Кодекснинг 17 ва 18-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда ўзини ўзи рад этиши ҳақида дарҳол арз қилиши; ўзига тақдим этилган текшириш объектларини ҳар томонлама ва тўлиқ текширишдан ўтказиши, ўз олдига қўйилган саволлар юзасидан асосли ва холисона ёзма хулоса бериши; хўжалик судининг чақирувига биноан суд мажлисида шахсан иштирок этиш учун келиши; ўзи ўтказган экспертиза хусусида кўрсатувлар бериши ва ўзи берган хулосани тушунтириш учун қўшимча саволларга жавоб бериши; экспертизани ўтказиши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор қилмаслиги; тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материалларининг сақланишини таъминлаши; суд муҳокамаси вақтида тартибга риоя қилиши шарт.

Эксперт: экспертиза предметига оид иш материаллари билан танишиш, улардан зарур маълумотларни ёзиб олиш ёки кўчирма нусхалар олиш; жойида кўздан кечиришда иштирок этиш ва экспертизани ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча материаллар ва текшириш объектлари тақдим этилиши ҳақида илтимосномалар бериш; суд муҳокамасида экспертиза предметига оид далилларни текширишда иштирок этиш ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларга ва гувоҳларга хўжалик судининг рухсати билан саволлар бериш; ашёвий далиллар ва ҳужжатларни кўздан кечириш; ўз хулосасида нафақат ўзининг олдига қўйилган саволлар бўйича, балки экспертиза предметига оид ва иш учун аҳамиятга молик бошқа масалалар бўйича ҳам фикрларини баён этиш; унинг хулосаси ёки кўрсатувлари ишда иштирок этувчи шахслар ва гувоҳлар томонидан нотўғри талқин қилинганлиги хусусида суд мажлиси баённомасига киритилиши лозим бўлган баёнотлар бериш; агар у суд муҳокамаси юритилаётган тилни билмаса ёки етарлича билмаса, ўз она тилида хулоса тақдим этиш ва кўрсатувлар бериш ҳамда бундай ҳолда таржимон хизматидан фойдаланиш; агар ишни юритаётган хўжалик судининг қарорлари, судьянинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) экспертнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган бўлса, бу қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.

Эксперт била туриб нотўғри хулоса берганлиги, шунингдек узрсиз сабабларга кўра хулоса беришни рад этганлиги ёки бу ишдан бўйин товлаганлиги учун жиноий жавобгар бўлади.

Агар эксперт қўйилган саволларни унинг махсус билимлари асосида ҳал қилиш мумкин бўлмаслигига ёки унга тақдим этилган текшириш объектларининг ёхуд материалларнинг яроқсизлигига ёки хулоса бериш учун етарли эмаслигига ва уларни тўлдириб бўлмаслигига ёхуд фан ва суд-экспертлик амалиётининг ҳолати қўйилган саволларга жавоб топиш имкониятини бермаслигига ишонч ҳосил қилса, у хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисида асослантирилган ҳужжат тузади ҳамда уни экспертизани тайинлаган хўжалик судига юборади.


48-модда. Таржимон


Таржима қилиш учун зарур бўлган тилларни биладиган ҳамда ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда хўжалик суди томонидан тайинланган шахс таржимондир.

Хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари, гарчи таржима қилиш учун зарур бўлган тилларни билсалар ҳам, таржимонлик вазифаларини ўз зиммаларига олишга ҳақли эмаслар.

Таржимон суд чақирувига биноан келиши ва таржимани тўла, тўғри ҳамда ўз вақтида амалга ошириши шарт.

Таржимон аниқ таржима қилиш мақсадида таржима чоғида ҳозир бўлганларга саволлар беришга ҳақли.

Таржимон била туриб нотўғри таржима қилганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилади.


5-БОБ. ХЎЖАЛИК СУДИДА ВАКИЛЛИК


49-модда. Вакиллар орқали иш юритиш


Хўжалик судида ташкилотларнинг ишларини уларнинг қонун ҳужжатларида ёки таъсис ҳужжатларида берилган ваколатлар доирасида иш кўрадиган органлари ҳамда вакиллари олиб боради.

Ташкилотларнинг раҳбарлари, бошқа шахслар таъсис ҳужжатларига мувофиқ хўжалик судига уларнинг хизмат мавқеларини ёки ваколатини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этадилар.

Фуқаролар ўз ишларини хўжалик судида шахсан ўзлари ёки вакиллари орқали юритишлари мумкин. Фуқаронинг ишда шахсан иштирок этиши уни иш бўйича вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.


50-модда. Хўжалик судида вакиллик

қилиши мумкин бўлган шахслар


Хўжалик судида иш юритиш учун тегишли тарзда расмийлаштирилган ваколатга эга бўлган ҳар қандай фуқаро хўжалик судида вакил бўлиши мумкин.

Тўла муомала лаёқатига эга бўлмаган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини хўжалик судлов ишларини юритишда уларнинг қонуний вакиллари - ота-онаси, фарзандликка олганлар, васий ёки ҳомийлари ҳимоя қиладилар. Қонуний вакиллар хўжалик судида иш юритишни ўзлари танлаган бошқа вакилга топширишлари мумкин.


51-модда. Вакилнинг ваколатларини расмийлаштириш


Вакилнинг ваколатлари қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномада ифода этилган бўлиши керак.

Ташкилот номидан берилган ишончномага унинг раҳбари ёки таъсис ҳужжатларида шундай ваколат берилган бошқа шахс имзо чекади ва бу имзо ташкилотнинг муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланади.

Фуқаро томонидан берилаётган ишончнома нотариал тартибда, шунингдек ишончномани берувчи ишлаётган ёки ўқиётган ташкилот томонидан, яшаб турган жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, уй-жойлардан фойдаланиш ташкилоти томонидан ва у даволанаётган стационар даволаш муассасасининг маъмурияти томонидан, агар ишончнома ҳарбий хизматчи томонидан берилаётган бўлса - тегишли ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан тасдиқланиши мумкин. Жазони ижро этиш муассасаларидаги шахсларнинг ишончномаси тегишли муассасанинг бошлиғи томонидан тасдиқланади.

Адвокатнинг ваколати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланади.


52-модда. Вакилнинг ваколатлари


Хўжалик судида иш юритиш ваколатлари вакилга уни вакил қилган шахс номидан барча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини беради, даъво аризасини имзолаш, ишни ҳакамлик судига топшириш, даъво талабларидан қисман ёки бутунлай воз кечиш ва даъвони тан олиш, даъво предметини ёки асосини ўзгартириш, келишув битимини тузиш, ваколатларни бошқа шахсга топшириш (ишониб топшириш), суд ҳужжати устидан шикоят қилиш, протест келтириш тўғрисидаги аризани имзолаш, суд ҳужжатининг мажбурий тартибда ижро этилишини талаб қилиш, ундирилган мол-мулк ёки пулни олиш бундан мустасно. Вакилнинг ушбу моддада кўрсатиб ўтилган ҳаракатларнинг ҳар бирини амалга оширишга бўлган ваколатлари вакил қилаётган шахс берган ишончномада махсус назарда тутилган бўлиши керак.


53-модда. Хўжалик судида вакил бўла олмайдиган шахслар


Тўла муомала лаёқатига эга бўлмаган ёхуд васийлик ёки ҳомийлик белгиланган шахслар хўжалик судида вакил бўла олмайдилар.

Судьялар, терговчилар, прокурорлар хўжалик судида вакил бўла олмайдилар. Кўрсатиб ўтилган шахслар процессда тегишли судлар, прокуратуранинг вакили сифатида ёки қонуний вакил сифатида қатнашаётган бўлсалар, бу қоида татбиқ этилмайди.



6-БОБ. ДАЛИЛЛАР


54-модда. Далиллар тушунчаси ва уларнинг турлари


Ушбу Кодекс ва бошқа қонунларда назарда тутилган тартибда олинган маълумотлар иш бўйича далиллар бўлиб, улар асосида хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахсларнинг талаблари ва эътирозларини асословчи ҳолатлар, шунингдек низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар бор ёки йўқлигини аниқлайди. Бундай маълумотлар ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг хулосалари, гувоҳларнинг кўрсатувлари, ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари билан аниқланади.

Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.


55-модда. Исботлаш мажбурияти


Ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Давлат органлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар кўрилганда ушбу ҳужжатларнинг қабул қилинишига асос бўлган ҳолатларни исботлаш мажбурияти ҳужжатни қабул қилган орган зиммасига юклатилади. Ташкилотлар ва фуқароларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини (бундан буён матнда ҳуқуқий таъсир чоралари деб юритилади) қўллаш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш учун асос бўлган ҳолатларни исботлаш мажбурияти назорат қилувчи орган зиммасига юклатилади.

Хўжалик суди, агар ишни кўриб чиқиш учун мавжуд материаллар етарли эмас деб ҳисобласа, ишда иштирок этувчи шахсларга қўшимча далиллар тақдим этишни таклиф қилишга ҳақлидир.


56-модда. Далилларни тақдим этиш ва талаб қилиб олиш


Далиллар ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилади.

Ишда иштирок этувчи шахс ишда иштирок этувчи ёки иштирок этмайдиган шахсдаги зарур далилни мустақил олиш имконига эга бўлмаса, ўша далилни талаб қилиб олиш тўғрисида хўжалик судига илтимоснома билан мурожаат қилишга ҳақли. Илтимосномада шу далил билан иш учун аҳамиятли қандай ҳолатлар аниқланиши мумкинлиги, далилнинг аломатлари ва унинг жойлашган жойи кўрсатилиши зарур. Суд зарур ҳолларда ишда иштирок этувчи шахсга далилни олиш учун сўров беради. Суд талаб қилаётган далилни сақлаётган шахс уни бевосита судга юборади ёки судга топшириш учун тегишли сўровга эга бўлган шахсга беради.

Агар шахс хўжалик суди талаб қилаётган далилни тақдим этиш имкониятига бутунлай эга бўлмаса ёки суд белгилаган муддатда тақдим эта олмаса, у суднинг сўровини олганидан сўнг беш кунлик муддат ичида бу ҳақда сабабини кўрсатиб судни хабардор қилиши шарт.

Агар далилни сақлаётган шахс сўралаётган далилни тақдим этиш мажбуриятини хўжалик суди узрсиз деб топган сабабларга кўра бажармаса, бу шахсга энг кам иш ҳақининг икки юз баравари миқдорида жарима солинади.

Жарима солиниши талаб қилинаётган далилни сақлаётган шахсни далилни хўжалик судига тақдим этиш мажбуриятидан озод қилмайди.


57-модда. Далилларни улар турган жойда

кўздан кечириш ва текшириш


Судга олиб келиш мумкин бўлмаган ёки қийин бўлган далилларни, шунингдек тез бузиладиган ашёвий далилларни хўжалик суди улар жойлашган ерда кўздан кечириши ва текшириши мумкин.

Далилларни кўздан кечириш ва текшириш хўжалик суди томонидан ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган ҳолда амалга оширилади, уларнинг келмаслиги кўздан кечириш ва текшириш ўтказишга тўсқинлик қилмайди. Зарур ҳолларда далилларни кўздан кечириш ва текширишда иштирок этиш учун экспертлар ва гувоҳлар чақирилиши мумкин.

Тез бузиладиган ашёвий далиллар ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан хўжалик суди томонидан дарҳол кўздан кечирилиши ва текширилиши мумкин.

Далиллар турган жойида кўздан кечириб ва текшириб бўлиниши биланоқ баённома тузилади.


58-модда. Далилларнинг дахлдорлиги


Хўжалик суди кўрилаётган ишга дахлдор бўлган далилларнигина қабул қилади.


59-модда. Далилларга йўл қўйилиши


Ишнинг ҳолатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ муайян далиллар билан тасдиқланиши керак бўлса, бошқа далиллар билан тасдиқланиши мумкин эмас.


60-модда. Исботлашдан озод қилиш асослари


Ишнинг хўжалик суди ҳаммага маълум деб топган ҳолатлари исботлашга муҳтож эмас.

Хўжалик судининг илгари кўрилган иш бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар, худди шу шахслар иштирокчиси бўлган бошқа ишни суд кўраётганда янгидан исбот қилинмайди.

Умумий суднинг фуқаролик иши бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бошқа ишни кўраётган хўжалик суди учун умумий суднинг ҳал қилув қарорида аниқланган ва ишда иштирок этувчи шахсларга алоқадор ҳолатларга доир масалалар бўйича мажбурийдир.

Жиноят иши бўйича умумий суднинг қонуний кучга кирган ҳукми муайян ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича хўжалик суди учун мажбурийдир.


61-модда. Далилларга баҳо бериш


Хўжалик суди ишдаги мавжуд далилларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холис текширишга асосланган ўз ички комил ишончи бўйича баҳолайди.

Ҳеч қандай далил хўжалик суди учун олдиндан белгилаб қўйилган кучга эга эмас.


62-модда. Ёзма далиллар


Иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар, шартномалар, маълумотномалар, амалий ёзишмалар, шу жумладан, факсимил, электрон ёки бошқа алоқа воситасида ёхуд ҳужжатнинг тўғрилигини аниқлаш имконини берувчи бошқа усулда олинган ўзга ҳужжатлар ва материаллар ёзма далиллар ҳисобланади.

Ёзма далиллар асл нусхада ёки тегишлича тасдиқланган нусха шаклида тақдим этилади. Агар кўрилаётган ишга ҳужжатнинг фақат бир қисми алоқадор бўлса, унинг тасдиқланган нусхаси тақдим этилади.

Иш ҳолатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳужжатларнинг фақат асл нусхалари билан тасдиқланиши лозим бўлса, шунингдек бошқа зарур ҳолларда хўжалик судининг талаби билан уларнинг асл нусхалари тақдим этилади.

Ишда иштирок этувчи шахс томонидан хўжалик судига топширилган ёзма далилларнинг нусхалари хўжалик суди томонидан ишда иштирок этувчи, қўлида шундай нусхалар бўлмаган бошқа шахсларга юборилади (берилади).


63-модда. Ҳужжатларнинг аслини қайтариш


Ишда мавжуд бўлган ҳужжатларнинг асли уларни тақдим этган шахсларнинг илтимосномасига кўра хўжалик судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин, агар суд ҳужжатни қайтариш низонинг тўғри ҳал қилинишига зарар етказмайди деган хулосага келса, ишни юритиш жараёнида ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунга қадар уларга қайтариб берилиши мумкин. Илтимоснома билан бир вақтда мазкур шахслар ҳужжат аслининг тегишлича тасдиқланган нусхасини тақдим этадилар ёки ишда қолаётган нусханинг аслига тўғрилиги суд томонидан тасдиқланишини илтимос қиладилар.


64-модда. Ашёвий далиллар


Ўзининг ташқи кўриниши, ички хусусиятлари, турган жойи ёки бошқа белгилари билан иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни аниқлаш воситаси бўлиб хизмат қила оладиган ашёлар ашёвий далиллар ҳисобланади.



65-модда. Ашёвий далилларни сақлаш


Ашёвий далиллар хўжалик судида сақланади.

Хўжалик судига келтириб бўлмайдиган ашёвий далиллар турган жойида сақланади. Улар батафсил тасвирланиши, муҳрлаб қўйилиши, зарур ҳолларда эса фотосуратга ёки видеотасвирга олиниши лозим.

Хўжалик суди ва сақловчи ашёвий далилларни ўзгармайдиган ҳолатда сақлаш чораларини кўрадилар.



66-модда. Ашёвий далилларни қайтариш


Хўжалик судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач ашёвий далиллар кимдан олинган бўлса, ўша шахсларга қайтариб берилади ёхуд суд шу ашёларга кимнинг ҳуқуқи бор деб топган бўлса, ўша шахсларга берилади ёки суд белгилайдиган бошқа тартибда реализация қилинади.

Айрим ҳолларда хўжалик суди ашёвий далилларни кўздан кечириб ва текшириб чиққанидан кейин башарти, ашёвий далилларни тақдим этган шахслар уларни қайтариб беришни илтимос қилган бўлсалар ва бундай илтимосноманинг қаноатлантирилиши низонинг тўғри ҳал этилишига зарар келтирмаса, улар кимдан олинган бўлса, ўша шахсларга иш юритиш жараёнида қайтариб берилиши мумкин.

Хўжалик суди ашёвий далилларни қайтариш масалалари юзасидан ажрим чиқаради.

Қонунга мувофиқ айрим шахсларнинг эгалигида туриши мумкин бўлмаган ашёлар тегишли ташкилотларга топширилади.



67-модда. Экспертиза тайинлаш


Ишни кўриш вақтида келиб чиқадиган, фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларни талаб қиладиган саволларни тушунтириб бериш учун хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосига кўра экспертиза тайинлайди.

Ишда иштирок этувчи шахслар хўжалик судига экспертиза ўтказиш вақтида тушунтириб берилиши керак бўлган саволлари ва экспертларнинг номзодлари бўйича таклифларини тақдим этишга ҳақлидирлар.

Экспертизанинг хулосаси талаб қилинадиган саволларнинг узил-кесил мазмунини хўжалик суди белгилайди. Ишда иштирок этувчи шахслар таклиф этган саволларни рад этишни суд асослаб бериши шарт.

Экспертиза тайинлаш тўғрисида хўжалик суди ажрим чиқаради.


68-модда. Экспертизани ўтказиш тартиби

Экспертиза хўжалик судининг мажлисида ёки, агар текширишнинг хусусиятига кўра зарур бўлса ёхуд текшириш объектларини мажлисга олиб келиш имкони бўлмаса, мажлисдан ташқарида ўтказилади. Ишда иштирок этувчи шахслар экспертиза ўтказилаётганда ҳозир бўлишга ҳақлидир, бундай иштирок этиш экспертнинг нормал ишлашига ҳалақит бериши мумкин бўлган ҳоллар бундан мустасно.

68-1-модда. Қўшимча ва қайта экспертизалар

Қўшимча экспертиза эксперт (экспертлар комиссияси) хулосасидаги бўшлиқларнинг ўрнини тўлдириш учун тайинланади ва шу ёки бошқа эксперт (экспертлар комиссияси) томонидан ўтказилади.

Эксперт (экспертлар комиссияси) хулосаси асослантирилмаганда ёки унинг тўғрилигига шубҳа туғилганда ёхуд унга асос қилиб олинган далиллар ишончли эмас деб топилганда ёки экспертизани ўтказишнинг процессуал қоидалари жиддий бузилганда қайта экспертиза тайинланади.

Қайта экспертиза тайинланганда эксперт (экспертлар комиссияси) олдига илгари қўлланилган текшириш усулларининг илмий асосланганлиги тўғрисидаги масала қўйилиши мумкин.

Қайта экспертизани тайинлаш тўғрисидаги ажримда қайта экспертизани тайинлаган хўжалик судининг биринчи (олдинги) экспертиза хулосасига қўшилмаганлиги сабаблари кўрсатилиши лозим.

Қайта экспертизани ўтказиш бошқа экспертга (экспертлар комиссиясига) топширилади. Биринчи (олдинги) экспертизани ўтказган эксперт (экспертлар комиссияси) қайта экспертизани ўтказишда ҳозир бўлиши ва тушунтиришлар бериши мумкин, лекин у текшириш ўтказиш ва хулоса тузишда иштирок этмайди.

68-2-модда. Экспертизанинг экспертлар

комиссияси томонидан ўтказилиши

Экспертиза бир хил (комиссиявий экспертиза) ёки турли хил (комплекс экспертиза) суд-эксперт ихтисослигидаги бир неча эксперт томонидан ўтказилиши мумкин.

Экспертизанинг экспертлар комиссияси томонидан ўтказилиши

...
Время: 0.0397
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск