язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Фавқулодда вазиятлар, уларнинг оқибатларини бартараф этиш/ Ўзбекистон Республикасининг 20.08.1999 й. 824-I-сон "Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

20.08.1999 й.

N 824-I



АҲОЛИНИ ВА ҲУДУДЛАРНИ ТАБИИЙ ҲАМДА

ТЕХНОГЕН ХУСУСИЯТЛИ ФАВҚУЛОДДА

ВАЗИЯТЛАРДАН МУҲОФАЗА

ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонун аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан (бундан буён матнда фавқулодда вазиятлар деб юритилади) муҳофаза қилиш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солади ҳамда фавқулодда вазиятлар рўй бериши ва ривожланишининг олдини олиш, фавқулодда вазиятлар келтирадиган талафотларни камайтириш ва фавқулодда вазиятларни бартараф этишни мақсад қилиб қўяди.



2-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


фавқулодда вазият - одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш - фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш чоралари, усуллари, воситалари тизими, саъй-ҳаракатлари мажмуи;


фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш - олдиндан ўтказиладиган ҳамда фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфини имкон қадар камайтиришга, бундай вазиятлар рўй берган тақдирда эса, одамларнинг ҳаётини асраб қолиш ва соғлиғини сақлашга, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талафотлар миқдорини камайтиришга қаратилган тадбирлар комплекси;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш - фавқулодда вазиятлар рўй берганда ўтказиладиган ҳамда одамларнинг ҳаётини асраб қолиш ва соғлиғини сақлашга, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талафотлар миқдорини камайтиришга, шунингдек фавқулодда вазиятлар рўй берган зоналарнинг кенгайишига йўл қўймасликка ҳамда хавфли омиллар таъсирини тугатишга қаратилган қутқарув ишлари ва кечиктириб бўлмайдиган ишлар комплекси.


3-модда. Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза

қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари


Аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Қорақалпоғистон Республикасида аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



4-модда. Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза

қилишнинг асосий принциплари


Аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

инсонпарварлик, инсон ҳаёти ва соғлиғининг устуворлиги;

ошкоралик;

ахборотнинг ўз вақтида берилиши ва ишончли бўлиши;

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш чораларининг олдиндан кўрилиши.



5-модда. Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза

қилиш соҳасидаги ахборот


Аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги ахборот, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, ошкора бўлади.

Давлат ҳокимият ва бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек корхона, муассаса ва ташкилотлар раҳбарлари аҳолининг ва ҳудудларнинг фавқулодда вазиятлардан муҳофазаланиш ҳолати ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кўрилган чоралар ҳақида, олдиндан башорат қилинаётган ва рўй берган фавқулодда вазиятлар тўғрисида, улардан аҳолини муҳофаза қилишнинг усул ва йўллари ҳақида оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа каналлар орқали аҳолини ўз вақтида ва ишончли тарзда хабардор этишлари шарт.

Мансабдор шахслар томонидан аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги ахборотнинг яширилиши, ўз вақтида тақдим этилмаслиги ёки била туриб ёлғон ахборот тақдим этилиши уларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлигига сабаб бўлади.

Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги ахборот билан таъминлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


II. ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРДАН МУҲОФАЗА

ҚИЛИШНИ ТАЪМИНЛАШ ТИЗИМИ


6-модда. Фавқулодда вазиятларнинг олдини

олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат

қилиш давлат тизими


Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг, вазирлик ва идораларнинг, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг бошқарув органлари, кучлари ҳамда воситаларидан иборат.

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими таркиби ва фаолият кўрсатиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш

соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар давлат резервлари яратилишини таъминлайди ҳамда улардан фойдаланиш тартибини белгилайди;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишга оид кучлар ва воситаларни молия ҳамда ресурс жиҳатидан таъминлашни, уларни махсус техника ва бошқа моддий-техника воситалари билан жиҳозлашни амалга оширади;

Фавқулодда вазиятлар таснифини тасдиқлайди ҳамда уларни бартараф этишда ижро ҳокимияти органлари иштироки даражасини белгилайди;

вазирликлар, идоралар, ижро ҳокимияти маҳаллий органларининг аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларини амалга оширади.



8-модда. Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза

қилиш бўйича махсус ваколатли давлат

бошқарув органи


Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича махсус ваколатли давлат бошқарув органи Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигидир.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, бундай вазиятларда одамларнинг ҳаётини асраб қолиш ва соғлиғини сақлаш, моддий ва маданий бойликларни муҳофаза қилиш, шунингдек фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ва зарарини камайтириш юзасидан чоралар ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида махсус дастурлар ишлаб чиқилиши ва илмий тадқиқотлар амалга оширилишини ташкил этади;

ўз ваколати доирасида вазирлик ва идоралар, корхона, муассаса ва ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилади;

бошқарув органларининг, аҳолини ва ҳудудларни муҳофаза қилиш кучлари ва воситаларининг фавқулодда вазиятлар шароитида ҳаракат қилишга тайёр бўлишини ташкил этади;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш кучлари ва воситалари бошқарувини амалга оширади, бошқарув пунктлари, хабар бериш ва алоқа тизимларини тузади;

фавқулодда вазиятлар шароитида авария-қутқарув ишлари ва кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишлар ўтказилишини ташкил этади;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тадбирлари бажарилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектлар бўйича лойиҳалар ва қарорлар юзасидан давлат экспертизаси ўтказилишида иштирок этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


9-модда. Вазирликлар ва идораларнинг

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза

қилиш соҳасидаги мажбуриятлари


Вазирликлар ва идоралар фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида:

ўз тасарруфидаги корхона, муассаса ва ташкилотларнинг фавқулодда вазиятлар шароитида ҳаракат қилишга шай бўлиб туришини таъминлашлари;

тармоқнинг ва ўз тасарруфидаги объектларнинг фавқулодда вазиятлар шароитида барқарор ишлаш имкониятини ошириш тадбирларини ишлаб чиқишлари ва амалга оширишлари;

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича ҳаракатлар режасини, низомлар, қоидалар ва йўриқномаларни келишиб олиш учун Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тақдим этишлари;

ўз тасарруфидаги объектлар ходимларини қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари таркибида фавқулодда вазиятларда муҳофазаланиш усулларига ва ҳаракат қилишга ўргатишлари;

фавқулодда вазиятлар тўғрисида хабар бериш маҳаллий тизимларини яратишлари ва уларни доимо шай ҳолатда сақлаб туришлари;

аҳолининг ва ҳудудларнинг муҳофазаланиш ҳолати тўғрисида белгиланган тартибда ахборот беришлари, шунингдек тармоқ ходимларини фавқулодда вазият таҳдиди борлиги тўғрисида хабардор қилишлари;

моддий ва молиявий ресурслар резервларини яратишлари;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш режаларига мувофиқ ўз тасарруфидаги ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектларда ҳамда уларга туташ ҳудудларда авария, қутқарув ишлари ва кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишлар ташкил этилиши, молияланиши ва ўтказилишини таъминлашлари;

ўта муҳим объектлар ва уларнинг ходимларини фавқулодда вазиятлар шароитида ўз фаолиятларини давом эттиришлари таъминланадиган пунктларга эвакуация қилиш тадбирларини амалга оширишлари;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш махсус кучлари ва воситалари ташкил этилишини, тайёргарликдан ўтказилишини ва шай бўлиб туришини таъминлашлари;

ўз тасарруфидаги объектлар лойиҳаланиши, қурилиши ва реконструкция қилиниши чоғида аҳолини ва ҳудудларни муҳофаза қилиш масалаларига оид талаблар бажарилишини назорат қилиб боришлари;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширишлари шарт.

Вазирликлар ва идоралар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан рўйхати белгилаб қўйиладиган, потенциал хавф манбаи бўлган объектларда аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича мутахассислар штат лавозимларини жорий этадилар. Бошқа объектларда эса масъул шахслар тайинланади.


10-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш

соҳасидаги ваколатлари


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида:

фавқулодда вазиятлар чоғида аҳолини ва ҳудудларни муҳофаза қилиш бўйича ҳаракатлар режасини ишлаб чиқадилар;

аҳолининг ва ҳудудларнинг муҳофазаланишига оид ахборотлар белгиланган тартибда тўпланиши ва алмашинилишини, шунингдек фавқулодда вазиятлар таҳдиди борлиги ёки рўй берганлиги тўғрисида аҳоли ўз вақтида воқиф ва хабардор этилишини амалга оширадилар;

моддий ва молиявий ресурслар резервларини яратадилар, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тадбирларини молиялашни амалга оширадилар;

идоравий мансублигидан қатъи назар, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг фавқулодда вазиятларда барқарор ишлаш имкониятини оширишга ёрдамлашадилар;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича корхона, муассаса ва ташкилотлар кучлари ва воситаларининг шай ҳолда туриши устидан назоратни амалга оширадилар;

авария, ҳалокат, табиий офатлар содир бўлган зоналарда қутқарув ишлари ва кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишларни амалга ошириш учун авария-қутқарув кучлари (шу жумладан, тезкор ҳаракат бўлинмалари) ва махсус тузилмаларнинг доимо шай бўлиб туришини ташкил этадилар;

авария-қутқарув ишлари ва кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишларни ташкил этадилар ҳамда амалга оширадилар, шунингдек бундай ишлар ўтказилиши чоғида жамоат тартиби сақланишига кўмаклашадилар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширадилар.


11-модда. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш

соҳасидаги мажбуриятлари


Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида:

ходимлар ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича зарур чораларни режалаштиришлари, молиялашлари ва амалга оширишлари;

хавф манбаи юқори бўлган объектлар хавфсизлиги тўғрисида белгиланган тартибда декларация тақдим этишлари;

ходимларни фавқулодда вазиятлар шароитида қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари таркибида муҳофазаланиш усулларига ва ҳаракат қилишга ўргатишлари;

хабар бериш маҳаллий тизимларини яратишлари ва доимо шай ҳолатда сақлаб туришлари ҳамда фавқулодда вазиятлар таҳдиди борлиги ёки рўй берганлиги тўғрисида ходимларни ўз вақтида хабардор қилишлари;

фавқулодда вазиятлар шароитида объектлар иши ҳамда ходимлар ҳаёт фаолияти барқарор кечишини таъминлашлари;

муҳандислик-ҳимоя иншоотлари, заруратга қараб, олдиндан барпо этилишини таъминлашлари ҳамда уларни доимо шай ҳолатда сақлаб туришлари;

фавқулодда вазиятлар рўй бериши эҳтимолини назарда тутиб, белгиланган тартибда моддий ва молиявий ресурслар резервларини яратишлари;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш кучлари ва воситалари яратилишини, тайёргарликдан ўтказилишини ҳамда шай бўлиб туришини таъминлашлари;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш режаларига мувофиқ ўз тасарруфидаги объектларда авария-қутқарув ишлари ўтказилишини таъминлашлари;

белгиланган тартибда ихтисослашган хизматлар ва тузилмаларни яратишлари, уларни шахсий таркиб, техника ва анжом билан тўлдиришлари;

белгиланган тартибда эвакуацияга оид тадбирларни ўтказишлари ва одамларни жойлаштириш учун олдиндан базалар тайёрлаб қўйишлари;

белгиланган тартибда фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида ахборотлар тақдим этишлари шарт.


12-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва

уларни бартараф этишдаги иштироки


Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

тегишли ҳудуд, сув таъминоти манбалари, уй-жойлар, таълим муассасаларининг санитария ва экологик ҳолати устидан назорат амалга оширилишига кўмаклашадилар;

фуқароларни фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишга жалб қиладилар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чораларни амалга оширадилар.


13-модда. Жамоат бирлашмаларининг фавқулодда

вазиятларнинг олдини олиш ва уларни

бартараф этишдаги иштироки


Жамоат бирлашмалари фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иштирок этишлари мумкин.

Жамоат бирлашмалари фавқулодда вазиятлар манбалари ва уларни бартараф этиш чоралари тўғрисида давлат ҳокимият ва бошқарув органларидан, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда ахборот олиш ҳуқуқига эга.



14-модда. Фавқулодда вазиятлар мониторинги

ва уларни олдиндан башорат қилиш


Фавқулодда вазиятлар мониторинги ва уларни олдиндан башорат қилиш табиий офатларни, техноген авариялар ва ҳалокатларни текшириш ва назорат қилиш махсус хизматлари томонидан амалга оширилади.

Фавқулодда вазиятлар мониторингини ўтказиш ва уларни олдиндан башорат қилиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


III. ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


15-модда. Фуқароларнинг фавқулодда вазиятлардан

муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқлари


Фуқаролар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фавқулодда вазият рўй берганда ҳаётлари, соғлиқлари ва шахсий мол-мулклари муҳофазаланиши;

умумий ва якка муҳофазаланиш воситаларидан, маҳаллий ҳокимият органларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг фавқулодда вазиятларда аҳолини муҳофаза қилиш учун мўлжалланган бошқа мол-мулкидан фойдаланиш;

мамлакат ҳудудининг муайян жойларида бўлганда улар дуч келиши мумкин бўлган хавф-хатар даражаси тўғрисида ҳамда зарур хавфсизлик чоралари ҳақида хабардор бўлиш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш масалалари юзасидан давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига мурожаат этиш;

фавқулодда вазиятлар рўй берган зоналарда ишлаганлиги учун бепул тиббий хизмат, компенсациялар ва бошқа имтиёзлар олиш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш мобайнида мажбуриятларини бажариш чоғида соғлиғига етказилган зарар учун компенсациялар ҳамда имтиёзлар олиш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш мажбуриятларини бажариш чоғида орттирган касаллиги муносабати билан меҳнат қобилиятини йўқотганда, ногиронлиги меҳнатда майиб бўлиш оқибатида келиб чиққан ходимларга белгиланган тартибда пенсия олиш;

боқувчисини аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш мажбуриятларини бажариш чоғида орттирган майиблик ёки касалликдан ҳалок бўлганлиги ёки вафот этганлиги муносабати билан йўқотганда, меҳнатда майиб бўлиш туфайли ҳалок бўлган шахснинг оила аъзолари учун белгиланган тартибда пенсия олиш.

Давлат ижтимоий суғуртаси тартиби ва шартлари, компенсациялар ва имтиёзлар турлари ва миқдорлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади. Буйруғи билан тасдиқланган "Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида" ги Низом



16-модда. Фуқароларнинг фавқулодда вазиятлардан

муҳофаза қилиш соҳасидаги мажбуриятлари


Фуқаролар:

хавфсизлик чораларига риоя этишлари, ишлаб чиқариш ва технология интизоми, экологик хавфсизлик талаблари фавқулодда вазиятлар рўй беришига олиб келиши мумкин бўлган тарзда бузилишига йўл қўймасликлари;

муҳофазаланишнинг асосий усулларини, жабрланганларга бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш йўлларини ўрганишлари ҳамда ўз билим ва амалий кўникмаларини такомиллаштиришлари;

фавқулодда вазиятлар рўй беришига олиб келиши мумкин бўлган авариялар, офатлар ва ҳалокатлар таҳдидидан дарак берувчи аломатлар борлиги тўғрисида тегишли органларга хабар беришлари;

фавқулодда вазиятлар таҳдид солган ва бошланган шароитларда огоҳлантириш белгиларини, юриш-туриш қоидалари ва ҳаракат қилиш тартибини, умумий ва якка муҳофазаланиш воситаларидан фойдаланиш усулларини билишлари;

зарурат бўлганда авария-қутқарув ишлари ва кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишларни ўтказишда ёрдамлашишлари шарт.


17-модда. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган

шахсларнинг фавқулодда вазиятлардан муҳофаза

қилиш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл давлатларининг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқларга эга бўладилар ва мажбуриятларни бажарадилар.


18-модда. Аҳолини ва мутахассисларни фавқулодда

вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш


Умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртларида, ишлаб чиқариш ва турар жойларда аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ўргатиш умумий ва мажбурийдир.

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими раҳбарлари ва мутахассисларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва олий ўқув юртларида, малака ошириш муассасаларида, курсларда, махсус ўқув-услубият марказларида ва иш жойида амалга оширилади.

Аҳолини ва мутахассисларни фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


19-модда. Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза

қилиш соҳасидаги билимларни тарғиб этиш


Аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги билимларни тарғиб этиш давлат органлари, шунингдек одамларни муҳофаза қилиш ва қутқариш борасидаги тегишли жамоат бирлашмалари томонидан таъминланади.

Билимларни тарғиб этиш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш мумкин.


IV. ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШ


20-модда. Фавқулодда вазиятларни бартараф

этишга қаратилган ҳаракатлар


Фавқулодда вазиятларни бартараф этишга қаратилган ҳаракатлар ҳудуди ва объектларида бундай вазият рўй берган корхона, муассаса ва ташкилотларнинг, вазирлик, идора ва ҳокимликларнинг кучлари ҳамда воситалари билан амалга оширилади. Зарурат бўлганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда қўшимча кучлар ва воситалар ажратилади.


21-модда. Фавқулодда вазиятлар рўй берган

зоналарнинг чегараларини белгилаш


Фавқулодда вазиятлар рўй берган зоналарнинг чегаралари давлат органларининг, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг тегишли раҳбарлари томонидан Фавқулодда вазиятлар таснифига мувофиқ белгиланади.


22-модда. Фавқулодда вазиятларни бартараф

этиш ишларининг тугатилиши


Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича қутқарув, авария ишлари ва бошқа ишлар тегишли органлар қарорига биноан тугатилади.

Фавқулодда вазият бартараф этилганидан сўнг давлат ҳокимият ва бошқарув органлари, вазирлик ва идоралар, корхона, муассаса ва ташкилотлар фуқароларнинг ҳаёт фаолиятини, ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектларнинг ишини тиклаш ҳамда атроф табиий муҳитни соғломлаштириш тадбирларини амалга оширишлари шарт.


23-модда. Фавқулодда вазиятларни бартараф

этишга қаратилган кучлар таркиби


Фавқулодда вазиятларни бартараф этишга қаратилган кучлар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳарбий ихтисослашган авария-қутқарув бўлинмалари, давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларининг тегишли тузилмалари ҳамда бўлинмаларидан иборат. Мазкур бўлинмалар таркиби ҳамда уларни қўллаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


24-модда. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш

учун ички ишлар органлари кучлари

ва воситаларининг қўлланилиши


Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун ички ишлар органларининг кучлари ва воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ қўлланилади.



25-модда. Фавқулодда вазиятларни бартараф

этиш учун қўшинлар ва ҳарбий

тузилмаларни жалб этиш


Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан Қуролли Кучларнинг, бошқа қўшинлар ва ҳарбий тузилмаларнинг кучлари ва воситалари жалб этилиши мумкин.


V. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


26-модда. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш

учун молиявий ва моддий ресурслар резервлари


Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар резервлари олдиндан, фавқулодда вазиятлар рўй берган тақдирда уларни шошилинч тарзда жалб этиш мақсадида яратилади.

Молиявий ва моддий ресурслар резервларини яратиш, улардан фойдаланиш ва уларни тўлдириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


27-модда. Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш

соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик

учун жавобгарлик


Аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                И. Каримов



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”, 1999 йил, 9-сон, 221-модда