язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Хорижий инвестициялар. Хориждан маблағ жалб қилиш/ Ўзбекистон Республикасининг 05.05.1994 й. 1052-XII-сон "Чет эл инвестициялари ва чет эллик инвесторлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

05.05.1994 й.

N 1052-XII



ЧЕТ ЭЛ ИНВЕСТИЦИЯЛАРИ ВА ЧЕТ

ЭЛЛИК ИНВЕСТОРЛАР ФАОЛИЯТИНИНГ

КАФОЛАТЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл инвестицияларини амалга оширишнинг ҳуқуқий, ташкилий-иқтисодий асосларини ҳамда тартибини белгилаб беради. Қонун чет эллик инвесторлар самарали фаолият юритишининг кафолатларини таъминлаб беради, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини ривожлантириш, унинг жаҳон иқтисодий тизимига қўшилишига кўмаклашиш мақсадида чет элнинг молиявий, моддий, интеллектуал ва бошқа ресурсларини, хорижнинг замонавий технологияси ва бошқарув соҳасидаги тажрибасини жалб этишга ва улардан омилкорлик билан фойдаланишга қаратилгандир.



1-модда. Чет эллик инвесторлар


Ўзбекистон Республикасида:

хорижий давлатлар;

ажнабий юридик шахслар;

халқаро ташкилотлар;

ажнабий фуқаролар, фуқароларнинг уюшмалари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

чет элда доимий яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари чет эллик инвесторлар бўлишлари мумкин.



2-модда. Чет эл инвестициялари


Чет эллик инвесторлар фойда (даромад) олиш мақсадида тадбиркорлик фаолияти ва бошқа турдаги фаолият объектларига қўшаётган мулкий бойликларнинг ва уларга нисбатан ҳуқуқларнинг, шунингдек интеллектуал мулкка нисбатан ҳуқуқларнинг барча турлари чет эл инвестициялари ҳисобланади.

Бойликларни бирламчи ёки такрор қўшиш шаклининг бирон-бир тарзда ўзгартирилиши уларнинг инвестиция сифатидаги моҳияти ўзгаришига олиб келмайди.



3-модда. Чет эл инвестицияларини амалга ошириш шакллари


Чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:

Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари билан биргаликда барпо этилган хўжалик жамиятлари ва ширкатларида, банклар, суғурта ташкилотлари ва бошқа корхоналарда улуш қўшиб қатнашиш;

бутунлай инвесторларга қарашли бўлган хўжалик жамиятлари ва ширкатлари, банклар, суғурта ташкилотлари ва бошқа корхоналарни барпо қилиш;

мол-мулк, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар сотиб олиш;

мустақил равишда ёки юридик ва жисмоний шахслар иштирокида мулкий ҳуқуқларни, шу жумладан, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, шунингдек турар жой бинолари билан бирга улар жойлашган ер участкаларига мулкдорлик, ерга (хусусан ижара асосида) ва табиий ресурсларга эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқларини эгаллаш йўли билан инвестицияларни амалга оширишлари мумкин.


4-модда. Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар


Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар деганда акциялар (улушлар, пайлар) ёки устав фондининг камида 30 фоизини чет эл инвестициялари ташкил этадиган корхоналар тушунилади. Улар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид келмайдиган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклларда амал қилади.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона уни таъсис этиш орқали, ёки чет эл инвестори томонидан илгари чет эл инвестициялари иштирокисиз таъсис этилган корхонада иштирок этиш улушини (пайини, акцияларини) ёки шундай корхонани бутунлай, шу жумладан, хусусийлаштириш жараёнида сотиб олиш орқали тузилиши мумкин.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона иштирочиларидан бири албатта чет эл юридик шахси бўлади.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтмоғи лозим ва рўйхатга олинган пайтдан бошлаб юридик шахс ҳуқуқига эга бўлади.


5-модда. Чет эл инвестициялари иштирокидаги

корхоналарнинг филиал ва ваколатхоналари


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона ушбу Қонун талабларига риоя этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган шўъба корхоналар, филиаллар, шунингдек юридик шахс бўлмаган ваколатхоналар ва бошқа алоҳида бўлимлар очиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг филиаллари, ваколатхоналари ва бошқа алоҳида бўлинмалари очилиши мумкин.



6-модда. Корхоналарнинг хўжалик уюшмалари


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ихтиёрий асосларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хўжалик уюшмалари, концернлари, консорциумлари ва бошқа бирлашмалар тузишлари мумкин.



7-модда. Чет эл инвестицияларининг ҳуқуқий шароити


Ўзбекистон Республикасида чет эл инвестициялари давлат ҳуқуқий ҳимояси билан таъминланадилар. Чет эл инвестицияларининг ҳуқуқий шароити Ўзбекистон Республикасининг шунга ўхшаш юридик ва жисмоний шахслари учун белгиланган тегишли шароитга қараганда ноқулайроқ бўлиши мумкин эмас.

Инвестицияларини устувор иқтисодиёт тармоқлари ва минтақаларга йўллайдиган чет эл инвесторлари учун Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан қўшимча имтиёзлар белгиланиши мумкин.



8-модда. Фаолият турлари


Чет эллик инвесторлар ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан тақиқланмаган ва бундай корхоналарнинг уставларида назарда тутилган мақсадларга жавоб берадиган фаолиятнинг ҳар қандай турларини амалга оширишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ лицензия олиш керак бўлган фаолият турлари билан шуғулланиш учун чет эллик инвестор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаб берадиган тартибда лицензия олиши шарт.



9-модда. Чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқлари


Чет эллик инвестор амалга ошириладиган инвестицияларнинг ҳажми, тури ва йўналишини мустақил белгилайди ҳамда инвестицияларни амалга ошириш учун юридик ва жисмоний шахсларни ўз хоҳишига кўра жалб этади.

Чет эллик инвестор Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамда унинг ташқарисида инвестиция объектлари ва натижаларига, шу жумладан, такрорий инвестициялар ҳамда савдо операциялари объектлари ва натижаларига халқаро ҳуқуқ нормалари ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этишга ҳақлидир.

Чет эллик инвесторнинг қарорига биноан инвестицияларга, уларнинг натижаларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш, уларни тасарруф этиш ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда бошқа юридик ва жисмоний шахсларга берилиши мумкин. Ҳуқуқлар ўзгага ўтказилган тақдирда томонларнинг ўзаро муносабатлари шартномалар асосида тартибга солинади.

Чет эллик интесторлар ва чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар қонун хужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва шартларда ер участкаларини сотиб олишлари мумкин.


10-модда. Чет эллик инвесторларнинг мажбуриятлари


Чет эллик инвесторлар инвестиция фаолиятини амалга ошириш чоғида:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган қонун ҳужжатларига риоя этишлари;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар тўлашлари ва ўзга тўловларни бажаришлари;

инвестиция лойиҳаларида санитария-гигиена, экология талаблари ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларидан келиб чиқадиган ўзга талабларга риоя этилганлиги хусусида экспертиза хулосасини олишлари шарт.



11-модда. Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари


Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида инвестиция фаолиятини амалга ошираётган чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқлари умум эътироф этган халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ҳимоя қилинишига кафолат беради.

Ўзбекистон Республикасининг кейинчалик қабул қилинган қонун ҳужжатлари инвестициялаш шартларини ёмонлаштирадиган бўлса, чет эл инвестицияларига нисбатан инвестициялаш пайтида амалда бўлган қонун ҳужжатлари узоғи билан ўн йил давомида қўлланилади. Бу талаб мудофаани, миллий хавфсизликни ва жамоат тартибини таъмин этиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатлари ўзгаришига нисбатан татбиқ этилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқларини камситувчи норматив ҳужжатлар қабул қилган тақдирда етказилган зарар ана шу идоралардан суд йўли билан ундирилади.

Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари чет эллик инвесторларнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган хўжалик фаолиятига аралашишга ҳақли эмаслар.



12-модда. Национализация ва реквизиция қилинишдан кафолат


Ўзбекистон Республикасида чет эл инвестициялари национализация қилиниши мумкин эмас.

Чет эл инвестициялари реквизиция қилиниши мумкин эмас, табиий офатлар, авариялар, эпидемиялар, эпизоотиялар бундан мустасно. Реквизиция қилиш ҳақидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади. Бундай ҳолларда чет эллик инвесторга тўланадиган товон кўрилган зарарга мутаносиб бўлиши керак.



13-модда. Фойданинг чет эл валютасида

ўтказилишининг кафолатлари


Чет эллик инвесторларнинг қонуний фаолиятлари натижасида олган фойда ва бошқа маблағларини чет эл валютасида чет элга ҳеч қандай чеклашсиз ўтказишлари кафолатланади.



14-модда. Фойдани ишлатиш кафолатлари


Чет эллик инвесторларнинг Ўзбекистон Республикасида олган фойдаси республика ҳудудида такрор инвестиция қилиниши ёки мулк эгасининг ихтиёрига кўра ўзгача тарзда ишлатилиши мумкин. Чет эллик инвесторлар республика банкларида ҳеч қандай чеклашсиз ҳар қандай валютада ҳисоб рақамларига эга бўлишлари мумкин.

Чет эллик инвесторлар ўз ҳисоб рақамларидаги миллий пул бирлигидаги маблағдан ички валюта бозорида чет эл валютаси харид қилиб олишда фойдаланишлари мумкин;



15-модда. Чет эл инвестицияларининг суғурта ҳимояси


Чет эллик инвесторларнинг инвестицияларини ва таваккал ҳаракатларини суғурталаш ихтиёрийлик асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасида чет эл инвестицияларининг суғурта ҳимояси суғурта тизими воситасида таъминланиб, унинг таркибига давлатнинг расмий суғурта агенти бўлмиш Ўзбекистон Республикаси Миллий суғурта компанияси ҳамда чет эл суғурта ташкилотлари иштирокидаги қўшма суғурта компаниялари киради.

Чет эл инвестицияларини суғурталовчи суғурта ташкилотлари Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар. Ўзбекистон Республикаси суғурта ташкилотларининг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайди, томонларнинг шартномасида қайд этилган ҳоллар бундан мустасно.

Чет эл инвестицияларини суғурталаш тизими чет эллик инвесторларни:

мол-мулк экспроприацияланишидан (тортиб олинишидан), шунингдек мол-мулк тортиб олинишига, мол-мулкнинг ўзини ёки ундан орттириладиган даромадни назорат қилишдан маҳрум бўлишга олиб келадиган ҳар қандай қонуний ёки маъмурий чоралардан (ўз ҳудудида иқтисодий фаолиятни тартибга солиш мақсадларида мамлакат томонидан умумий қўллаш учун жорий этиладиган, ҳуқуқни камситмайдиган чоралар бундан мустасно);

уруш ёки фуқаролар ғалаёнларидан;

суғурта ташкилоти билан инвестор ўртасидаги шартнома муносабатларига мамлакат маъмурларининг аралашувидан;

миллий валютани бошқа валюталарга конвертациялаш ва уни мамлакатдан ташқарига чиқаришга доир мамлакат маъмурлари томонидан чеклашлар жорий этилишидан;

инвесторларнинг айрим гуруҳлари учун ҳуқуқни камситадиган руҳдаги янги қонун-қоидалар жорий этилишидан;

бошқа турдаги таваккаллардан суғурталашни таъминлайди.

Чет эл инвесторларининг фаолиятини суғурта воситасида ҳимоялаш суғурта ташкилотларининг активлари билан таъминланади, бу активларнинг бир қисми чет эл банкларига қўйилиши мумкин ва чет эл инвесторларига уларнинг инвестициялари ҳар тарафлама ҳимояланишини кафолатлайди.



16-модда. Ўз валюта харажатларини ўзи қоплаш


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг чет эл валютасидаги барча харажатлари уларнинг ўз валюта тушумлари ҳисобидан, шунингдек чет эл валютасини олишнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида рухсат этилган бошқа манбалари ҳисобидан таъминланиши керак. Уларнинг валюта билан ўз харажатларини ўзи қоплаши тузилаётган бирлашмалар, консорциумлар ва бошқа ташкилий тузилмалар доирасида ҳам таъминланиши мумкин.



17-модда. Маҳсулотни экспорт ва импорт қилиш


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни лицензиясиз экспорт қилишга ва ўзининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун маҳсулот импорт қилишга ҳақлидир. Ўзи ишлаб чиқарган, экспортга етказиб бериладиган маҳсулотлар ҳамда ўзининг эҳтиёжлари учун корхона томонидан импорт қилинадиган маҳсулотлар рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.

Ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни экспорт қилишдан олинган валюта тушумлари белгиланган солиқлар ва ўзга тўловлар тўланганидан кейин бутунлай корхонанинг эгалигида қолади.



18-модда. Бож олиш


Ўзбекистон Республикасига чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонанинг ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун ва ажнабий ходимларнинг шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулк бож пошлинаси тўлашдан озод қилинади.



19-модда. Солиқ солиш


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, шунингдек чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа тўловлар тўлайдилар.



20-модда. Чет эл инвестициялари иштирокидаги

корхоналар фаолиятини назорат қилиш


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этаётганлигини махсус назорат вазифаларини бажарувчи солиқ органлари ва давлатнинг бошқа органлари ўз ваколатлари доирасида назорат қиладилар.

Корхоналар мазкур органларга назорат қилиш учун ўз фаолиятлари тўғрисидаги зарур ахборотларни тақдим этадилар. Назорат қилувчи орган тижорат сири сақланишини таъминлаши шарт. Тижорат сирини ошкор қилиш қонун билан жазоланади.



21-модда. Ҳисобга олиш ва ҳисобот


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисоб ва ҳисобот юритади.



22-модда. Мажбуриятларнинг таъминланиши


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона ўзига қарашли мол-мулқдан ўзининг барча турдаги мажбуриятларини, шу жумладан, қарз маблағларини жалб этишини таъминловчи восита сифатида фойдаланиши мумкин. Унинг савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, шунингдек турар жой бинолари билан бирга улар жойлашган ер участкаларига мулкдорлик ҳуқуқи, биноларга, иншоотларга, асбоб-ускуналарга нисбатан мулкий ҳуқуқлари, шунингдек бошқа мулкий ҳуқуқлари унинг ўз мажбуриятларини таъминловчи восита сифатида амал қилиши мумкин, ерга ва бошқа табиат ресурсларига эгалик қилиш ҳамда улардан фойдаланиш ҳуқуқи бундан мустасно.


23-модда. Интеллектуал мулк


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар корхона ҳужжатлари билан тасдиқланган топшириқларга мувофиқ яратиладиган интеллуктуал мулк объектлари хусусида ўз ходимлари билан шартномалар тузади.

Ихтироларни патентлаш ва саноат намуналарини жорий этиш чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



24-модда. Меҳнат муносабатлари


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ходимларининг меҳнат муносабатлари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.



25-модда. Ажнабий ходимларни жалб этиш


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг ишчи ва хизматчилари, маъмурияти, назорат кенгаши аъзолари таркибига ажнабий фуқаролар кириши мумкин.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонанинг ажнабий ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашга, уларга меҳнат таътили беришга, уларнинг пенсия таъминотига доир масалалар ҳар бир ходим билан якка тартибда тузилган меҳнат шартномаларида (контрактларда) ҳал этилиши лозим. Бу ходимлар оладиган иш ҳақлари ва қонуний йўл билан топилган бошқа даромадларини ҳеч қандай чеклашсиз бошқа давлатларга ўтказишлари мумкин.



26-модда. Ижтимоий суғурта ва таъминот


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг ходимларини ижтимоий суғурта қилиш ва уларнинг ижтимоий таъминоти (ажнабий ходимларнинг пенсия таъминоти бундан мустасно) Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона ажнабий ходимларнинг пенсия таъминоти учун ана шу ходимлар доимий истиқомат қиладиган мамлакатларнинг тегишли фондларига валютада маблағлар ўтказади.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона Ўзбекистон Республикаси ходимларининг ва ажнабий ходимларнинг давлат ижтимоий суғуртаси бўйича ажратмаларни ҳамда Ўзбекистон Республикаси ходимларининг пенсия таъминотига ажратмаларни амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тўлайди.



27-модда. Чет эл инвестициялари иштирокидаги

корхоналарнинг фондлари


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар корхона фондларининг рўйхати, уларни тузиш ва тасарруф этиш тартибини мустақил тарзда белгилайди.



28-модда. Қайта ташкил этиш ва тугатиш


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона мустақил равишда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.

Давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб белгиланган тартибда бир йил давомида ўз устав фондини таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорларда бўлишини таъминламаган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона ташкил этилмаган деб ҳисоблансин.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона активларига корхона тугатилган вақтда уларнинг реал қийматига қараб солиқ солиниши керак. Активларнинг қолган қисми, агар таъсис ҳужжатларида бошқача тартиб кўзда тутилган бўлмаса, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонанинг қатнашчилари ўртасида уларнинг корхона мол-мулкидаги улушларига мутаносиб равишда тақсимланади.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона қайта ташкил этилган ёки тугатилган тақдирда ишдан бўшатилаётган ходимларга қонун ҳужжатларига мувофиқ уларнииг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этилиши кафолатланади.



29-модда. Чет эл инвестициялари иштирокидаги

корхонадан чиқишда мол-мулкни тақсимлаш


Чет эллик инвестор чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонадан чиққанда ёки бу корхона тугатилган тақдирда корхона мол-мулкидаги ўз улушини бозор қийматига мувофиқ пул ёки товар шаклида қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда бошқа қатнашчиларга чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонадан чиқаётган ажнабий қатнашчининг улушини сотиб олиш ҳуқуқи берилади.



30-модда. Чет эллик инвесторларнинг ердан

фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши


Чет эллик инвесторларга ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга шартнома шартларида кўрсатилган муддатга ижарага ер берилиши мумкин.

Бинолар ва иншоотларга эгалик қилиш ҳуқуқи бошқа шахсга ўтганда, шу объектлар билан бирга ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи ҳам Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартиб ва шартлар асосида ўтади.



31-модда. Ижара


Чет эллик инвесторларга мол-мулкни ижарага бериш ижарага берувчи томонидан шартномалар асосида ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



32-модда. Концессия шартномалари


Чет эллик инвесторларга табиат ресурсларини қидириш, олиш ва улардан фойдаланиш ҳамда бошқа хўжалик фаолиятини амалга ошириш учун концессия бериш чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарувининг ваколатли органлари билан қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда тузадиган концессия шартномалари асосида амалга оширилади.

Концессияларга Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ман этилмаган ҳамда тузилаётган концессия шартномалари мақсадларига жавоб бера оладиган фаолиятнинг барча соҳалари ва турларида йўл қўйилади.



33-модда. Низоларни қараб чиқиш тартиби


Чет эллик инвесторлар билан Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари ўртасидаги низолар, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва битимларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси судларида кўрилиши керак.

Чет эллик инвесторлар ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар билан Ўзбекистон Республикаси корхоналари, жамоат бирлашмалари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахслари ўртасидаги, инвесторлар билан чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ўртасидаги улар фаолияти билан боғлиқ масалаларга доир низолар Ўзбекистон Республикаси хўжалик судларида, шунингдек томонларнинг келишувига мувофиқ ҳакамлар ва холислар текшируви тартибида чет элда қараб чиқилиши керак.



34-модда. Халқаро шартномалар ва битимлар


Башарти, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ёки битимларида чет эл инвестициялари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларидагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартноманинг ёки битимнинг қоидалари қўлланилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                 И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Ахборотномаси", 1994 й., N 5, 128-модда