язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилган ҳужжатлар/ Эркин иқтисодий зоналар. Махсус индустриал зоналар/ Ўзбекистон Республикасининг 23.09.2009 й. ЎРҚ-224-сон "Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 26.05.2009 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 28.08.2009 й. маъқулланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

23.09.2009 й.

N ЎРҚ-224



"ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАЛАР ТЎҒРИСИДА"ГИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА

ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ

ҲАҚИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2009 йил 26 майда қабул қилинган

Сенат томонидан 2009 йил 28 августда маъқулланган



1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 25 апрелда қабул қилинган "Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида"ги 220-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, N 5-6, 58-модда; 2003 йил, N 5, 67-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 12, 410-модда; 2006 йил, N 10, 536-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 2-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Эркин иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг эркин иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади";


2) 3-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Эркин иқтисодий зона Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан ташкил этилади. Эркин иқтисодий зонанинг мақоми, шунингдек унинг қанча муддатга ташкил этилиши мазкур зонани ташкил этиш тўғрисидаги қарор билан белгиланади.

Эркин иқтисодий зонанинг чегаралари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Эркин иқтисодий зонанинг фаолият кўрсатиш муддатини узайтириш белгиланган муддат тугашидан камида уч йил олдин Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан амалга оширилади";


3) 4-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Эркин иқтисодий зонанинг мақоми:

уни ташкил этиш тўғрисидаги қарорда белгиланган муддат тугаганидан кейин;

уни ташкил этиш тўғрисидаги қарорда назарда тутилган вазифалар бажарилмаганда ва мақсадларга эришилмаганда тугатилади.

Эркин иқтисодий зонанинг мақомини тугатиш тўғрисидаги қарор белгиланган муддат тугашидан камида уч йил олдин Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинади";


4) 7-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Эркин ишлаб чиқариш зоналари экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш зоналарини, агрополисларни, тадбиркорлик зоналарини, индустриал-иқтисодий зоналарни ва бошқа зоналарни ўз ичига олади";


5) 9-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"9-модда. Юридик ва жисмоний шахслар ҳуқуқлари

ҳамда манфаатларининг кафолатлари


Ўзбекистон Республикаси эркин иқтисодий зона ҳудудида фаолият юритаётган юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилишини кафолатлайди.

Эркин иқтисодий зоналарда инвесторларнинг Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган барча кафолатлари ва имтиёзларига риоя этилиши таъминланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан қўшимча кафолатлар ва имтиёзлар назарда тутилиши мумкин.

Давлат органлари ва бошқа органлар ёхуд мансабдор шахсларнинг юридик ва жисмоний шахслар фаолиятига асоссиз аралашуви натижасида уларга етказилган зарарнинг ўрни, шунингдек бой берилган фойда ҳамда етказилган маънавий зиён суд тартибида қопланиши ёки компенсация қилиниши керак";


6) 10-модданинг:

биринчи қисми "Эркин иқтисодий зона" деган сўзлардан кейин "Ўзбекистон Республикаси" деган сўзлар билан тўлдирилсин;

иккинчи қисмидаги "юридик шахслар ва фуқаролар (жисмоний шахслар)нинг" деган сўзлар "юридик ва жисмоний шахсларнинг" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


7) 11-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Юридик ва жисмоний шахсларнинг алоҳида ҳуқуқий тартиботни бузиш йўли билан олган даромади (фойдаси) қонун ҳужжатларига мувофиқ ундириб олинади";


8) 12-модданинг иккинчи қисмидаги "божхона хизмати" деган сўзлар "божхона органлари" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


9) 14-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"14-модда. Солиқлар ва бошқа мажбурий

тўловлар бўйича имтиёзлар


Эркин иқтисодий зона ҳудудидаги хўжалик фаолияти қатнашчилари (юридик ва жисмоний шахслар) мамлакат инвесторлари ва чет эллик инвесторлар учун тенг шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлардан фойдаланади";


10) 15-модданинг иккинчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Эркин иқтисодий зонага меҳнат ресурсларини жалб этиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади";


11) 17-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Эркин иқтисодий зонанинг бюджети эркин иқтисодий зонанинг Маъмурий кенгаши (бундан буён матнда Маъмурий кенгаш деб юритилади) фойдаланиши ва бошқарувида бўлган ер, бинолар ва иншоотларни ижарага беришдан, хизматлар кўрсатишдан келадиган тушумлардан ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлардан шакллантирилади";


12) 18-модданинг:

номидагиқтисодий зонадан" деган сўзлар "эркин иқтисодий зонадан" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

матнидаги "Низомда" деган сўз "қонун ҳужжатларида" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


13) 19-модданинг иккинчи қисмидаги "Ўзбекистон Республикасининг тегишли суғурта органлари ва чет эл суғурта компаниялари томонидан" деган сўзлар "қонун ҳужжатларига мувофиқ" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


14) 20-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Эркин иқтисодий зонанинг фаолияти Маъмурий кенгаш томонидан мувофиқлаштирилади.

Эркин иқтисодий зона дирекцияси (бундан буён матнда дирекция деб юритилади) эркин иқтисодий зонанинг оператив бошқарув органидир";


15) 21-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Маъмурий кенгаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тузилади.

Маъмурий кенгашга раис бошчилик қилади. Эркин иқтисодий зонанинг чегаралари Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирлиги (туман, шаҳар, шаҳардаги туман) чегарасига тўғри келган тақдирда, Маъмурий кенгаш раисининг вазифаларини ижро этиш тегишли ҳоким зиммасига юкланади";


16) 22-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Маъмурий кенгаш:

алоҳида ҳуқуқий тартиботга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

эркин иқтисодий зонани ривожлантириш дастурини ишлаб чиқади;

эркин иқтисодий зонада жойлаштириш учун инвесторлар танловини амалга оширади;

эркин иқтисодий зонанинг фаолият кўрсатиши билан боғлиқ масалалар бўйича давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

эркин иқтисодий зонага инвестицияларни жалб этиш учун қўшимча шартлар белгилайди;

эркин иқтисодий зонанинг ҳар йилги бюджетини кўриб чиқади ва тасдиқлайди.

Маъмурий кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Маъмурий кенгашнинг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари эркин иқтисодий зона ҳудудидаги хўжалик фаолияти қатнашчилари (юридик ва жисмоний шахслар) ижро этиши учун мажбурийдир";


17) 23-модданинг биринчи ва иккинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Эркин иқтисодий зона чегараларида жойлашган давлат мулки объектлари (ер, сув, ер ости бойликлари ва бошқа табиий ресурслар, бинолар, иншоотлар) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўз ваколатлари доирасидаги қарорига кўра оператив бошқариш ёки хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида Маъмурий кенгашга топширилиши мумкин.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Маъмурий кенгашга топширилган ер, сув, ер ости бойликлари бошқа табиий ресурслар ва объектларидан оқилона фойдаланилиши ҳамда уларнинг муҳофаза қилиниши устидан назоратни таъминлайди";


18) 24 ва 25-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"24-модда. Эркин иқтисодий зона дирекцияси


Дирекция юридик шахс бўлиб, у қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади.

Дирекция:

алоҳида ҳуқуқий тартиботнинг амал қилишини таъминлайди;

Маъмурий кенгаш томонидан танлаб олинган инвесторлар мажбуриятлари лозим даражада бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

эркин иқтисодий зонани ривожлантириш дастури амалга оширилишини таъминлайди;

эркин иқтисодий зона ҳудудида хўжалик фаолияти қатнашчиларининг (юридик ва жисмоний шахсларнинг) рўйхатдан ўтказилишини амалга оширади;

экологик ҳолатнинг яхшиланиши устидан назоратни таъминлайди, шунингдек тарихий-маданий бойликларнинг бут сақланиши учун жавобгар бўлади.

Дирекция қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Дирекция юридик ва жисмоний шахсларнинг оператив хўжалик, молиявий фаолиятига ҳамда бошқа фаолиятига аралашишга ҳақли эмас, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.


25-модда. Эркин иқтисодий зона ҳудудида хўжалик

фаолияти қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш


Эркин иқтисодий зона ҳудудида хўжалик фаолиятини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар дирекцияда рўйхатдан ўтади.

Эркин иқтисодий зона ташкил этилиши пайтида унинг ҳудудида хўжалик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар дирекцияга давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг кўчирма нусхасини тақдим этади.

Дирекция рўйхатдан ўтказилган юридик ёки жисмоний шахсга эркин иқтисодий зонада рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома беради ва бу ҳақда тегишли давлат бошқаруви органларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хабар қилади.

Юридик ва жисмоний шахслар қонун ҳужжатларини бузган тақдирда, дирекция эркин иқтисодий зона ҳудудида юридик ёки жисмоний шахснинг фаолиятини тугатиш ҳамда унга берилган гувоҳномани бекор қилиш тўғрисида судга мурожаат қилишга ҳақли";


19) 26-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Корхоналар, муассасалар ёки ташкилотлар қайта ташкил этилган ва тугатилган тақдирда, меҳнат шартномаси (контракт) бекор қилинаётган ходимда қонун ҳужжатларида белгиланган кафолатлар сақланиб қолади";


20) 27-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"27-модда. Низоларни ҳал этиш


Эркин иқтисодий зоналар соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади".


2-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            И. Каримов



“Халқ сўзи”, 2009 йил 24 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 39-сон, 424-модда.