язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Хорижий инвестициялар. Хориждан маблағ жалб қилиш/ Ўзбекистон Республикасининг 14.06.1991 й. 287-XII-сон "Ўзбекистон Республикасида чет эл инвестициялари тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

14.06.1991 й.

N 287-XII



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ЧЕТ

ЭЛ ИНВЕСТИЦИЯЛАРИ ТЎҒРИСИДА*


Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл инвестицияларини амалга оширишнинг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини ҳамда тартибини белгилаб беради. Қонун чет эл капиталига кафолатларни таъминлаб беради, Ўзбекистон Республикаси халқ хўжалигини ривожлантиришга, республика иқтисодиётининг жаҳон иқтисодий системасига қўшилишига кўмаклашиш мақсадида чет элнинг молиявий, моддий, интеллектуал ва бошқа ресурсларини, хорижнинг замонавий технологияси ва бошқарув соҳасидаги тажрибасини жалб этишга ва улардан самарали фойдаланишга қаратилгандир.


I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Чет эллик инвесторлар


Ўзбекистон Республикасида:

хорижий давлатлар;

ажнабий юридик шахслар;

халқаро ташкилотлар;

ажнабий фуқаролар, фуқароларнинг уюшмалари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

чет элда доимий яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари чет эллик инвесторлар бўлишлари мумкин.


2-модда. Чет эл инвестициялари


Чет эл инвестициялари деганда тадбиркорлик фаолияти ва бошқа турдаги фаолият объектларига чет эллик инвесторлар қўшадиган барча турдаги мулкий, молиявий ва интеллектуал бойликлар тушунилади.

Бундай бойликлар:

пул маблағлари, аниқ мақсадли банк омонатлари, улушлар, акциялар, суғурта полислари ва бошқа қимматбаҳо қоғозлардан;

кўчар ва кўчмас мол-мулкдан (бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар ва бошқа моддий бойликлардан);

муаллифлик ҳуқуқларидан келиб чиқадиган мулкий ва мулкка оид бўлмаган ҳуқуқлар ва бошқа интеллектуал бойликларидан;

Ўзбекистон Республикасининг, унинг юридик шахслари ва фуқароларнинг эгалигидан ердан, мол-мулкдан ҳамда табиий бойликлардан фойдаланишга чет эллик инвесторлар сотиб олган ижара ҳуқуқидан;

ўзга бойликлардан иборат бўлиши мумкин.



3-модда. Чет эл инвестицияларини амалга ошириш шакллари


Чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:

Ўзбекистон Республикаси ва ССР Иттифоқининг юридик шахслари ҳамда фуқаролари билан биргаликда барпо этилган корхоналар, банклар, суғурта компаниялари ва бошқа ташкилотларда улуш қўшиб қатнашиш;

бутунлай чет эллик инвесторларга қарашли бўлган корхоналар, банклар, суғурта компаниялари ва бошқа ташкилотларни барпо қилиш;

мол-мулк, акциялар ва бошқа қимматбаҳо қоғозлар сотиб олиш;

мустақил равишда ёки юридик ва жисмоний шахслар иштирокида мулкий ҳуқуқларни, шу жумладан ердан ва табиий ресурслардан фойдаланиш, шунингдек ижара асосида фойдаланиш ҳуқуқларини сотиб олиш йўли билан инвестицияларни амалга оширишлари мумкин.


4-модда. Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар деганда чет эллик инвесторларнинг улушбай иштирокидаги (қўшма корхоналар) ва бутунлай чет эллик инвесторларга қарашли корхоналар ( чет эл корхоналари) тушунилади. Бундай корхоналар Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид келмайдиган ҳар қандай шаклларда амал қилади.



5-модда. Чет эл инвестицияларининг ҳуқуқий режими


Ўзбекистон Республикасида чет эл инвестициялари давлат-ҳуқуқий ҳимояси билан таъминланадилар. Чет эл инвестицияларининг ҳуқуқий режими Ўзбекистон Республикасининг шунга ўхшаш корхоналари, ташкилотлари ва фуқаролари учун белгиланган тегишли режимга қараганда ноқулай бўлиши мумкин эмас.

Иқтисодиётнинг нуфузли тармоқларига йўлланадиган чет эл инвестициялари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси қўшимча имтиёзлар белгилаши мумкин.


6-модда. Фаолият турлари


Чет эллик инвесторлар ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан тақиқланмаган ва бундай корхоналарнинг уставларида назарда тутилган мақсадларга жавоб берадиган фаолиятнинг ҳар қандай турини амалга оширишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ лицензия олиш керак бўлган фаолият турлари билан шуғулланиш учун чет эллик инвестор Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси белгилаб берадиган тартибда лицензия олиши шарт.


II БЎЛИМ. ЧЕТ ЭЛЛИК ИНВЕСТОРЛАРНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


7-модда. Чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқлари


1. Чет эллик инвестор амалга ошириладиган инвестицияларнинг ҳажмини, турини, йўналишини мустақил белгилайди ҳамда инвестицияларни амалга ошириш учун юридик ва жисмоний шахсларни ўз хоҳишига кўра жалб этади.


2. Чет эллик инвестор инвестиция объектлари ва натижаларига, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамда унинг ташқарисида такрорий инвестициялар ҳамда савдо операциялари натижаларига Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ эгалик қилишга, улардан фойдаланишга ва уларни тасарруф қилишга ҳақлидир.

Чет эллик инвесторнинг қарорига биноан инвестицияларга, уларнинг натижаларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш, уларни тасарруф этиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда бошқа юридик ва жисмоний шахсларга берилиши мумкин. Уқтириб ўтилган ҳуқуқларни ўтказиш вақтида томонларнинг ўзаро муносабатлари шартномалар асосида тартибга солинади.


8-модда. Чет эллик инвесторларнинг мажбуриятлари


Чет эллик инвесторлар инвестиция фаолиятини амалга ошириш чоғида:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган қонунларга риоя этишлари;

Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ солиқлар тўлашлари, валюта ажратмалари ва ўзга тўловларни амалга оширишлари;

инвестиция лойиҳаларида санитария-гигиена, экология ва Ўзбекистон Республикаси қонунларидан келиб чиқадиган ўзга талабларга риоя этилганлиги хусусида экспертиза хулосасини олишлари шарт.



III БЎЛИМ. ЧЕТ ЭЛ ИНВЕСТИЦИЯЛАРИНИНГ

КАФОЛАТЛАРИ


9-модда. Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари


Ўзбекистон Республикаси республика ҳудудида инвестиция фаолияти амалга оширилаётганда чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқлари ҳамма томонидан эътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ҳимоя қилинишига кафолат беради.

Ўзбекистон Республикасининг кейин қабул қилинган қонунлари инвестициялаш шароитларини ёмонлаштирган тақдирда чет эл инвестицияларига нисбатан ўн йилдан ортиқ бўлмаган муддат давомида инвестицияни рўёбга чиқариш пайтида амал қилиб турган қонунлар қўлланилади.

Ўзбекистон Республикасининг давлат идоралари чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқларини камситувчи норматив ҳужжатлар қабул қилган тақдирда, уларга етказилган зарар ана шу идоралар томонидан суд йўли билан тўланади.

Давлат идоралари ва уларнинг мансабдор шахслари чет эллик инвесторларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ҳолда амалга ошираётган хўжалик фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.


10-модда. Национализация ва реквизиция қилинишдан кафолат


Ўзбекистон Республикасида чет эл инвестициялари национализация қилинмайди.

Чет эл инвестициялари реквизиция қилинмаслиги керак, табиий офат, авариялар, эпидемиялар, эпизоотиялар бундан мустасно. Реквизиция қилиш ҳақидаги қарорни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси қабул қилади. Шунақа ҳолларда чет эллик инвесторга тўланадиган товон пули бошқаларга тўланадиган товон пули билан баб-баравар бўлиши лозим.

11-модда. Фойдани ва пулни чет эл валютасида

ўтказилишининг кафолатлари


Чет эллик инвесторларга уларнинг қонуний фаолият натижасида олган фойдаси ва бошқа пулларининг чет элга ўтказилиши кафолатланади.


12-модда. Фойдани тасарруф этиш кафолатлари


Чет эллик инвесторларнинг Ўзбекистон Республикасида олган фойдаси республика ҳудудида такрор инвестиция қилиниши ёки мулк эгасининг ихтиёрига кўра ўзгача тарзда фойдаланилиши мумкин. Чет эллик инвесторлар республика банкларида исталган валютада юритиладиган ҳисоб рақамларига ҳеч қандай чеклашсиз эга бўлишлари мумкин.

Чет эллик инвесторлар ўз ҳисоб рақамларидаги сўмлардан валюта олди-сотдисининг рухсат этилган шакллари доирасида қарор топадиган курслар бўйича чет эл валютаси харид қилиб олишда фойдаланишлари мумкин.


IV БЎЛИМ. ЧЕТ ЭЛ ИНВЕСТИЦИЯЛАРИ

ИШТИРОКИДА КОРХОНАЛАР БАРПО ЭТИШ


13-модда. Қўшма корхона тузиш


Қўшма корхоналар янги юридик шахс ташкил этиш йўли билан ёки чет эллик инвесторнинг Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатиб турган корхонада улуш сотиб олиши йўли билан барпо этилади.

Қўшма корхона ташкил этиш тўғрисидаги қарорни чет эллик инвестор ва Ўзбекистон Республикасидаги корхона эгаси қабул қиладилар.


14-модда. Қўшма корхонанинг устав фондига улуш қўшиш


Қўшма корхонанинг устав фондига ҳар бир қатнашчининг улуш қўшиш муддатлари, ҳажмлари, бу улушни қўшиш ва баҳолаш тартиби таъсис ҳужжатларида назарда тутилади. Қўшма корхонанинг қатнашчилари томонидан корхона устав фондига улуш сифатида қўшиладиган мол-мулкнинг қиймати қатнашчилар ўртасидаги келишувга мувофиқ белгиланади.

Қўшма корхонанинг қатнашчилари ушбу корхонанинг таъсис ҳужжатларида белгиланган муддатларда корхона устав фондига улуш тўлиқ ўтказилишини таъминлашлари керак.

Қўшма корхона рўйхатга олинганидан кейин бир йил ўтгач ҳар бир қатнашчи томонидан таъсис ҳужжатларида кўрсатилган улушнинг 50 фоизи устав фондига ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлмаса, ушбу қўшма корхонани рўйхатга олган идора корхонани рўйхатга олинмаган деб топади ва уни қўшма корхоналарнинг реестридан чиқаради. Қўшма корхона реестрдан чиқарилганлиги тўғрисидаги ахборот матбуотда эълон қилинади.


15-модда. Чет эл корхонасини очиш


Бир ёки бир нечта чет эл инвестори Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл корхонасини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ очиши мумкин.


16-модда. Чет эл инвестициялари иштирокидаги

корхоналарни рўйхатга олиш


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида рўйхатга олиниши лозим ва у рўйхатга олинган вақтдан бошлаб юридик шахс ҳуқуқига эга бўлади.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонанинг рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги хабар матбуотда эълон қилинади.


V БЎЛИМ. ЧЕТ ЭЛ ИНВЕСТИЦИЯЛАРИ ИШТИРОКИДАГИ

КОРХОНАЛАР ФАОЛИЯТИНИНГ УМУМИЙ ҚОИДАЛАРИ


17-модда. Филиаллар ва ваколатхоналар


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона ушбу Қонун талабларига риоя этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик шахс ҳуқуқига эга бўлмаган филиаллар, ваколатхоналар ва бошқа алоҳида бўлинмалар очиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг филиаллари, ваколатхоналари ва бошқа алоҳида бўлинмалари очилиши мумкин.


18-модда. Корхоналарнинг хўжалик уюшмалари


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ихтиёрий асосларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида уюшмалар, концернлар, консорциумлар ва бошқа бирлашмалар тузишлари мумкин.


19-модда. Валюта билан ўз харажатларини ўзи қоплаш


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг чет эл валютасидаги барча харажатлари уларнинг ўз валюта тушумлари ҳисобидан, шунингдек чет эл валютасини олишнинг Ўзбекистон Республикаси қонунларида рухсат этилган бошқа манбалари ҳисобидан таъминланиши керак. Уларнинг валюта билан ўз харажатларини ўзи қоплаши ташкил этилаётган бирлашмалар, консорциумлар ва бошқа ташкилий структуралар доирасида ҳам таъминланиши мумкин.


20-модда. Маҳсулотни экспорт ва импорт қилиш


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни лицензиясиз экспорт қилишга ва ўзининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари ҳамда ички бозорда реализация қилиш учун маҳсулот импорт қилишга ҳақлидир. Ўзи ишлаб чиқарган, экспортга етказиб бериладиган маҳсулотни ҳамда ўзининг эҳтиёжлари учун корхона томонидан импорт қилинадиган маҳсулотни аниқлаш тартибини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси товар яратилишининг жаҳон амалиётига монанд қоидалари асосида белгилаб беради.

Ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни экспорт қилишдан олинган валюта тушумлари белгиланган солиқлар ва ажратмалар тўланганидан кейин тўлиқ корхонанинг тасарруфида қолади.


21-модда. Бож олиш


Инвесторнинг қўшадиган ҳиссаси сифатида Ўзбекистон Республикасига олиб келинадиган мол-мулк божхона пошлиналари тўлашдан озод қилинади ва унга импорт солиғи солинмайди.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонанинг ажнабий ходимлари Ўзбекистон Республикасига ўз эҳтиёжлари учун олиб кирадиган мол-мулк божхона пошлиналари тўлашдан озод қилинади.


22-модда. Суғурта


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонанинг мол-мулкини ва таваккал ҳаракатини суғурта қилиш унинг хоҳишига қараб амалга оширилади.


23-модда. Солиқ солиш


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, шунингдек чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ солиқлар ва бошқа тўловлар тўлайдилар. Солиқларга доир қонунларда назарда тутилган имтиёзлардан ташқари уларга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси солиқ соҳасида қўшимча имтиёзлар бериши мумкин.


24-модда. Чет эл инвестициялари иштирокидаги

корхоналар фаолиятини назорат қилиш


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари талабларига риоя этишини назорат қилиш бўйича махсус вазифаларни бажарувчи солиқ ва бошқа давлат идоралари ўз ваколатлари доирасида назорат қиладилар.

Корхоналар мазкур идораларга назорат қилиш учун ўз фаолиятлари тўғрисида зарур ахборот берадилар. Назорат қилувчи идора тижорат сири сақланишини таъминлаши шарт. Тижорат сирини ошкор қилиш қонун билан таъқиб этилади.

Солиқ солиш мақсадида чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ инспекцияси бундай текширишни ўтказиш учун вакил қилган аудитор ташкилотлар томонидан амалга оширилади.


25-модда. Ҳисобга олиш ва ҳисобот


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларида белгиланган тартибда ҳисоб ва ҳисоботни олиб боради.


26-модда. Мажбуриятларнинг таъминланиши


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона ўзига қарашли мол-мулкдан ўзининг барча турдаги мажбуриятларини, шу жумладан қарз маблағларини жалб этишни таъминловчи сифатида фойдаланиши мумкин. Унинг биноларга, иншоотларга, асбоб-ускуналарга нисбатан мулкий ҳуқуқлари, шунингдек бошқа мулкий ҳуқуқлари ўз мажбуриятларини таъминловчи сифатида амал қилиши мумкин, ерга ва бошқа табиат ресурсларига эгалик қилиш ҳамда улардан фойдаланиш ҳуқуқи бундан мустасно.


27-модда. Интеллектуал мулк


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар корхона ҳужжатлари билан тасдиқланган топшириқларга мувофиқ яратилаётган интеллектуал мулк объектлари хусусида ўз ходимлари билан шартномалар тузади.

Ўзбекистон Республикасидаги чет эл корхоналари ва қўшма корхоналар ихтироларга патент олиш ҳамда саноат намуналарини жорий этишни Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгилаб қўйилган тартибда амалга оширадилар.


28-модда. Меҳнат муносабатлари


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонада ишлаб чиқариш ва меҳнат муносабатлари, шу жумладан ишга ёллаш ва ишдан бўшатиш, меҳнат ва дам олиш режими, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, кафолатлар ва товонлар жамоа шартномаси (битими) ва (ёки) якка тартибдаги меҳнат шартномалари (контрактлари) билан тартибга солинади.

Жамоа ва (ёки) якка тартибдаги меҳнат шартномаларида кўзда тутилган шартлар ушбу корхона ходимларининг аҳволини Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган шартларга қараганда ёмонлаштириш мумкин эмас.


29-модда. Ажнабий ходимларни жалб этиш


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг ишчи ва хизматчилари, маъмурияти, назорат кенгаши аъзолари таркибига ажнабий фуқаролар кириши мумкин.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонанинг ажнабий ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашга, уларга отпускалар беришга, уларнинг пенсия таъминотига доир масалалар ҳар бир ходим билан якка тартибда тузилган меҳнат шартномаларида (битимларида) ҳал этилиши лозим. Бу ходимлар оладиган иш ҳақларини ва қонуний йўл билан топилган бошқа даромадларини чет давлатларга ўтказишлари мумкин.


30-модда. Ижтимоий суғурта ва таъминот


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг ходимларини ижтимоий суғурта қилиш ва уларнинг ижтимоий таъминоти (ажнабий ходимларнинг пенсия таъминотидан ташқари) Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан тартибга солинади.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона ажнабий ходимларнинг пенсия таъминоти учун ана шу ходимлар доимий истиқомат қилувчи мамлакатнинг тегишли фондларига валютада тўловлар ўтказади.

Корхона Ўзбекистон Республикаси ходимларининг ва чет эллик ходимларнинг давлат ижтимоий суғуртаси бўйича ажратмаларни ҳамда Ўзбекистон Республикаси ходимларининг пенсия таъминотига ажратмаларни амалдаги қонунларга мувофиқ тўлайди.


31-модда. Қўшма корхонанинг фондлари


Қўшма корхоналарда уларнинг фаолияти, жамоани ижтимоий ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш учун захира фонди ва бошқа фондлар яратилади. Захира фонди устав фондининг 25 фоизигача миқдорда тузилади. Захира фонди ҳар йили ҳам рубль, ҳам чет эл валютасида пул ажратиш ҳисобига ташкил этилади. Захира фондига йиллик ажратмаларнинг миқдори ва валютанинг тури қўшма корхона томонидан мустақил белгиланади.

Бошқа фондларнинг рўйхати, уларни тузиш ва харажат қилиш тартиби қўшма корхона томонидан мустақил тарзда белгиланади.


32-модда. Қайта ташкил этиш ва тугатиш


Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона мустақил равишда ёки Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган тартибда қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона тўплаган активларга корхона тугатилган вақтда уларнинг реал қиймати бўйича солиқ солиниши керак.

Мол-мулкнинг қолган қисми, агар таъсис ҳужжатларида бошқача тартиб кўзда тутилган бўлмаса, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонанинг қатнашчилари ўртасида корхона мол-мулкидаги улушларига мутаносиб равишда тақсимланади.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона қайта ташкил этилган ёки тугатилган тақдирда ишдан бўшатилаётган ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига қонунларга мувофиқ риоя этиш кафолатланади.


33-модда. Қўшма корхонадан чиқишда мол-мулкни тақсимлаш


Чет эллик инвестор қўшма корхонадан бутунлай чиққанда ёки бу корхона тугатилган тақдирда корхона мол-мулкидаги ўз улушини бозор қийматига мувофиқ пул ёки товар шаклида қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда бошқа қатнашчиларга қўшма корхонадан чиқаётган ажнабий қатнашчининг улушини сотиб олиш ҳуқуқи берилади.


VI БЎЛИМ. ЧЕТ ЭЛЛИК ИНВЕСТОРЛАРНИНГ

ҚИММАТБАҲО ҚОҒОЗЛАРНИ СОТИБ ОЛИШИ


34-модда. Давлатнинг қимматбаҳо қоғозларини сотиб олиш


Чет эллик инвестор давлатнинг қимматбаҳо қоғозларини қонунларда белгилаб қўйилган тартибда сотиб олади.


35-модда. Юридик шахсларнинг қимматбаҳо

қоғозларини сотиб олиш


Чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикаси юридик шахсларининг акциялари ва бошқа қимматбаҳо қоғозларини сотиб олишга ҳақлидирлар. Уларни сотиб олиш тартиби ва шартлари қонунлар билан белгилаб қўйилади.


VII БЎЛИМ. ЧЕТ ЭЛЛИК ИНВЕСТОРЛАРНИНГ

ЕРДАН ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚЛАРИНИ ОЛИШИ,

ИЖАРА ВА КОНЦЕССИЯ ШАРТНОМАЛАРИ

36-модда. Ердан фойдаланиш ҳуқуқини олиш


Чет эллик инвесторларга ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга шартнома шартларида кўрсатилган муддатга ер ижарага берилиши мумкин.

Бинолар ва иншоотларга эгалик қилиш ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган вақтда шу объектлар билан бирга ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи ҳам Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланадиган тартибда ва шартлар билан бошқа шахсга ўтади.


37-модда. Ижара


Чет эллик инвесторларга мол-мулкни ижарага бериш ижарага берувчи томонидан шартномалар асосида ҳамда қонунларга мувофиқ амалга оширилади.


38-модда. Концессия шартномалари


Чет эллик инвесторларга табиат ресурсларини қидириш, олиш ва улардан фойдаланиш ҳамда бошқа хўжалик фаолиятини амалга ошириш учун концессия бериш чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарувининг ваколатли идоралари билан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда тузадиган концессия шартномалари асосида амалга оширилади.

Башарти, шартномада бошқача ҳол қайд этилган бўлмаса, концессия шартномаси талабларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди.


VIII БЎЛИМ. НИЗОЛАРНИ ҚАРАБ ЧИҚИШ

ВА ХАЛҚАРО ШАРТНОМАЛАР

39-модда. Низоларни қараб чиқиш тартиби


Чет эллик инвесторлар билан Ўзбекистон Республикасининг давлат идоралари ўртасидаги низолар, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси судларида кўрилиши керак.

Чет эллик инвесторлар ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг Ўзбекистон Республикаси корхоналари, жамоат ташкилотлари ҳамда юридик ва жисмоний шахслари билан низолари, инвесторлар билан чет эл инвестициялари интирокидаги корхоналар ўртасидаги улар фаолияти билан боғлиқ масалаларга доир низолар Ўзбекистон Республикаси ҳакамлик судларида, шунингдек томонларнинг келишувига мувофиқ - холислар текшируви тартибида, шу жумладан чет элда, қараб чиқилиши лозим.


40-модда. Халқаро шартномалар


Башарти, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ушбу Қонундагига қараганда бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартноманинг қоидалари қўлланилади.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                   И. Каримов



-------------------------

*) Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 30 сентябрдаги 364-XII-сон  Қонунига асосан "Ўзбекистон ССР" деган сўзлар "Ўзбекистон Республикаси" деган сўзлар билан алмаштирилган.



Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 й., 8-сон, 184-модда; 11-сон, 273-модда; 1992 й., 9-сон, 336-модда