ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Ташқи иқтисодий фаолият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Инсонпарварлик ва техник ёрдам /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.02.2002 й. 54-сон "Япония Ҳукумати томонидан берилаётган нолойиҳа тусдаги беғараз ёрдамдан самарали фойдаланиш тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
15.02.2002 й.
N 54
ЯПОНИЯ ҲУКУМАТИ ТОМОНИДАН
БЕРИЛАЁТГАН НОЛОЙИҲА ТУСДАГИ
БЕҒАРАЗ ЁРДАМДАН САМАРАЛИ
ФОЙДАЛАНИШ ТЎҒРИСИДА
Япония Ҳукумати томонидан берилаётган нолойиҳа тусдаги 950 млн йен миқдоридаги беғараз ёрдамдан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазири Э.М. Ғаниев Алмашув нотасини ва бошқа қўшимча ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан имзолашга вакил қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига - нолойиҳа тусдаги беғараз ёрдам маблағларини олиш ва уларга хизмат кўрсатиш учун Алмашув ноталари ва қўшимча ҳужжатларда назарда тутилган барча тартиботларни Япония томони билан келишилган муддатларда расмийлаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига - юқорида кўрсатиб ўтилган беғараз ёрдамга воситачилик йиғимлари ундирмасдан ҳисоб-китоб хизмати кўрсатиш;
нолойиҳа тусдаги беғараз ёрдамни олувчи Ўзбекистон Республикаси ташкилотларига - Алмашув ноталари ва қўшимча ҳужжатларда назарда тутилган қоидалар ва тартиботларни сўзсиз бажариш юклансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда, Алмашув ноталари имзолангандан кейин икки ҳафта муддатда Япония томони билан бирга беғараз ёрдам доирасида томонлар маъқуллаган номенклатура бўйича товарлар ва асбоб-анжомлар олувчи Ўзбекистон Республикаси ташкилотлари рўйхатини белгиласин.
4. Юқорида кўрсатиб ўтилган беғараз ёрдам доирасида импорт товарлар ва асбоб-анжомлар олувчи Ўзбекистон Республикаси ташкилотлари:
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг "Ўзсаноатмашимпэкс" давлат-акциядорлик ташқи савдо компанияси билан грант маблағларни ўзлаштириш юзасидан шартнома тузсинлар;
харид қилинаётган товарлар ва асбоб-анжомларнинг Алмашув ноталари имзоланган кундаги биржадан ташқари валюта бозори курси бўйича ҳисоблаб чиқилган қийматига тенг бўлган миллий валютадаги сумманинг Япония томони билан келишилган муддатларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкидаги махсус ҳисоб рақамига ўтказилишини таъминласинлар;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига ҳар ойда юқорида кўрсатиб ўтилган беғараз ёрдам доирасидаги лойиҳаларнинг амалга оширилиши тўғрисида ахборот тақдим этсинлар.
5. Беғараз ёрдам доирасида Ўзбекистон Республикасига олиб келинаётган асбоб-ускуналар, маҳсулотлар ва хизматлар божхона тўловлари, солиқлар ва йиғимлар тўлашдан озод қилинсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги беғараз ёрдам олувчиларнинг буюртманомаларига кўра лойиҳаларнинг хорижий иштирокчилари учун кириш визаларининг консуллик йиғимларини ундирмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги беғараз ёрдам олувчиларнинг буюртманомаларига кўра хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар берилиши ва уларнинг муддатлари узайтирилиши, шунингдек уларни яшаш жойларида вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш ва вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддатининг узайтирилишини давлат божи ундирмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
8. Нолойиҳа тусдаги беғараз ёрдам маблағларининг Алмашув нотаси имзоланган кундан эътиборан 12 ой мобайнида фойдаланилмаган қисми ва уларга қўшилган фоизлар Япония Ҳукуматининг билдиришномасига мувофиқ равишда кечиктирмай Япония томонига қайтарилиши шартлиги маълумот учун қабул қилинсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. Каримов