язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Конституциялар ва кодекслар/ Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси/ Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси (ЎзР 26.12.2013 й. ЎРҚ-360-сон Қонуни билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

БЮДЖЕТ КОДЕКСИ


УМУМИЙ ҚИСМ


I БЎЛИМ.

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Кодекс билан тартибга

солинадиган муносабатлар


Ушбу Кодекс Ўзбекистон Республикасининг бюджет тизими бюджетларини (бундан буён матнда бюджет тизими бюджетлари деб юритилади) шакллантириш, тузиш, кўриб чиқиш, қабул қилиш, тасдиқлаш, ижро этиш, давлат томонидан маблағ жалб қилиш ва бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.



2-модда. Бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бошқа қонун ҳужжатларида кўрсатилган нормалари ушбу Кодексга мувофиқ бўлиши керак.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Ушбу Кодексда қўлланиладиган асосий тушунчалар


Ушбу Кодексда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


айланма касса маблағи - молия йилида Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг шахсий ғазна ҳисобварақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори;

бюджетдан ажратиладиган маблағлар - Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан бюджет ташкилотлари ҳамда бюджет маблағлари олувчилар учун назарда тутиладиган пул маблағлари;


бюджет жараёни - бюджет тизими бюджетларини шакллантириш, тузиш, кўриб чиқиш, қабул қилиш, тасдиқлаш ва ижро этиш, уларнинг ижросини назорат қилиш, бюджет тизими бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тайёрлаш ва тасдиқлаш, шунингдек улар ўртасидаги ўзаро муносабатлар жараёни;


бюджет жараёни иштирокчилари - давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат молиявий назорат органлари, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар;


бюджет маблағларини тақсимловчи - ўз тасарруфида Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан маблағ оладиган ташкилотларга эга бўлган юридик шахс, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилоти ёки бюджет маблағлари олувчи;


бюджет соҳасидаги ваколатлар - бюджет жараёни иштирокчиларининг бюджет муносабатлари соҳасидаги ваколатлари;


бюджет ссудаси - қайтариш шарти билан юқори турувчи бюджетдан қуйи турувчи бюджетга, шунингдек давлат мақсадли жамғармаларига, резидент-юридик шахсга ажратиладиган пул маблағлари;


бюджет сўрови - келгуси давр учун бюджетдан ажратиладиган маблағларни олишга бўлган эҳтиёжни асослашни назарда тутувчи ҳужжат;

бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари - қонун ҳужжатларида назарда тутилган манбалар ҳисобидан бюджет ташкилоти тасарруфига келиб тушадиган маблағлар;


бюджет тизими бюджетлари - Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари;


бюджетлараро трансфертлар - Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига, давлат мақсадли жамғармаларига ҳамда бунинг аксича ўтказиладиган, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ҳамда бунинг аксича ўтказиладиган маблағлар;


вақтинчалик касса узилиши - жорий молия йилининг муайян даврида бюджет тизими бюджетларининг харажатлари даромадларидан вақтинчалик ошиб кетиши;


вақтинчалик харажатлар сметаси - бюджет ташкилотининг ёки бюджет маблағлари олувчининг харажатлар сметаси тасдиқлангунига ва рўйхатдан ўтказилгунига қадар амал қиладиган ҳужжат бўлиб, унда қонун ҳужжатларидаги ўзгартиришлар ҳисобга олинган ҳолда унинг учун назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳар ой учун акс эттирилади;


Давлат бюджети профицити - муайян даврда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети даромадларининг унинг харажатларидан ошиб кетиши;

Давлат бюджети тақчиллиги - муайян даврда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети харажатларининг унинг даромадларидан ошиб кетиши;


давлат молиявий назорати - бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижроси устидан назоратни амалга ошириш мақсадида молиявий назорат объектларининг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларини ўрганиш ҳамда таққослаш;

давлат томонидан маблағ жалб қилиш - активларни жалб этиш, бу бўйича Ўзбекистон Республикасининг қарз олувчи сифатидаги ёки қарз олувчи-резидентларнинг кредитларини (қарзларини) тўлашга кафил сифатидаги мажбуриятлари юзага келиши;


давлат харидлари - бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) харидлари;

давлат қарзи - Ўзбекистон Республикасининг ички ва ташқи маблағларни жалб қилиш натижасида вужудга келган мажбуриятлари;


даромадлар ва харажатлар сметаси - бюджет ташкилотлари бюджетдан ташқари жамғармаларининг тегишли йил чораги ёки молия йили учун кутилаётган тушумлари ва харажатлари акс эттириладиган ҳужжат;


донорлар - Ўзбекистон Республикасига, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, фаолияти Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган юридик ва жисмоний шахсларга беғараз асосда маблағлар ажратадиган давлатлар, давлатларнинг ҳукуматлари, халқаро ва чет эл ҳукумат ташкилотлари, чет эл фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхатга киритилган халқаро ва чет эл ноҳукумат ташкилотлари;


дотация - бюджет тизими бюджетларига уларнинг ўз даромадлари етишмаган тақдирда даромадлар билан харажатлар ўртасидаги фарқни қоплаш учун қайтармаслик шарти билан ажратиладиган пул маблағлари;

жамланма харажатлар сметаси - бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметалари асосида тузиладиган харажатлар сметаси;


молия йили - биринчи январдан ўттиз биринчи декабрь куни охиригача бўлган вақтни ўз ичига олувчи давр;


молиявий мажбуриятлар - бюджет ташкилотларида ва бюджет маблағлари олувчиларда уларга пул маблағларини ўтказиш мажбуриятини юкловчи ҳужжатлар, шу жумладан, ижро ҳужжатлари асосида юзага келадиган мажбуриятлар;


молиявий назорат объектлари - Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, бюджет маблағларини тақсимловчилар, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар, давлат мақсадли жамғармалари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари;


субвенция - муайян мақсадларга сарфлаш шарти билан юқори турувчи бюджетдан қуйи турувчи бюджетга қайтармаслик шарти билан ажратиладиган пул маблағлари;

субсидия - товарлар ишлаб чиқариш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш ва уларни реализация қилишни молиялаштириш ёки биргаликда молиялаштириш ёхуд мақсадли харажатларнинг ўрнини қисман қоплаш учун бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан юридик ва жисмоний шахсларга бериладиган пул маблағлари;


тартибга солувчи даромадлар - бюджет тизими бюджетлари ўртасида ажратмалар нормативлари белгиланадиган умумдавлат солиқлари ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек солиқ бўлмаган тўловлар. Солиқ бўлмаган тўловларга бюджет тизими бюджетларига келиб тушадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўлмаган тўловлар киради;


харажатлар моддаси - бюджет тизими бюджетлари харажатларини иқтисодий йўналиши ва тўловларнинг аниқ турлари бўйича белгиловчи бюджет таснифининг бир қисми;


харажатлар сметаси - бюджет ташкилоти ёки бюджет маблағлари олувчи томонидан молия йили учун тузиладиган ва тасдиқланадиган, унинг учун назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағлар харажатлар моддалари бўйича акс эттириладиган ҳужжат;


штат жадвали - доимий ходимлар лавозимлари ва бўш ўринлар номларининг сони ва лавозим маошларининг миқдорлари кўрсатилган рўйхатни ўз ичига оладиган, бюджет ташкилоти томонидан тузиладиган ҳужжат;


шахсий ғазна ҳисобварақлари - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ахборот тизимида очиладиган, бюджет тизими бюджетлари ижроси билан боғлиқ операцияларни акс эттириш учун мўлжалланган таҳлилий ҳисоб регистрлари;


юридик мажбуриятлар - тузилган шартномалар, шунингдек тегишли давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қарорлари асосида бюджет ташкилотларида ва бюджетдан маблағ олувчиларда юзага келадиган мажбуриятлар;


ўтказиб бериладиган даромадлар - тегишли маъмурий-ҳудудий бирликда шаклланадиган ва юқори турувчи бюджетга ўтказиладиган, улар қаерда шаклланган бўлса, кейинчалик ўша маъмурий-ҳудудий бирлик бюджетига ўтказиб бериладиган даромадлар;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети (Давлат бюджети) - давлатнинг давлат вазифалари ва функцияларини молиявий жиҳатдан таъминлаш учун мўлжалланган марказлаштирилган пул жамғармаси;


ғазначилик бўлинмалари - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича Ғазначилик бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар бўйича Ғазначилик бўлинмалари;


ғазначилик мемориал ордери - маблағларни бир шахсий ғазна ҳисобварағидан бошқа шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказиш учун фойдаланиладиган тўлов ҳужжати;


ҳудудий молия органлари - Қорақалпоғистон Республикасининг Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари.



4-модда. Бюджет ташкилоти


Давлат функцияларини амалга ошириш учун белгиланган тартибда давлат ҳокимияти органларининг қарорига кўра ташкил этилган, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сақлаб туриладиган нотижорат ташкилот бюджет ташкилотидир.

Бюджет ташкилотларини молиялаштириш шартлари ва уларнинг бюджет ҳисобини юритиш тартиби бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



5-модда. Бюджет маблағлари олувчи


Давлат бюджетидан ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан маблағлар оладиган юридик ёки жисмоний шахс бюджет маблағлари олувчидир.

Бюджет маблағлари олувчи бюджет ташкилоти мақомига эга бўла олмайди.

Бюджет маблағлари олувчини Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириш шартлари бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



2-БОБ. БЮДЖЕТ ТИЗИМИ ТУШУНЧАСИ

ВА ПРИНЦИПЛАРИ


6-модда. Бюджет тизими тушунчаси


Бюджет тизими барча даражадаги бюджетлар, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари, бюджет тизими бюджетларини тузиш ва ташкил этиш принциплари, улар ўртасида бюджет жараёни мобайнида юзага келадиган ўзаро муносабатлар йиғиндисини ўзида ифодалайди. Молия йили учун бюджет тизими бюджетларини шакллантириш, тузиш, кўриб чиқиш, қабул қилиш, тасдиқлаш ва ижро этиш Ўзбекистон Республикасининг миллий валютаси - сўмда амалга оширилади.



7-модда. Бюджет тизими принциплари


Бюджет тизими қуйидаги принципларга асосланади:

бюджет тизимининг ягоналиги;

бюджет тизимининг Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий тузилишига мувофиқлиги;

бюджет тизими бюджетларининг баланслилиги ва ўзаро боғлиқлиги;

бюджет тизими бюджетлари даромадларини прогноз қилиш ва харажатларини режалаштириш;

бюджет тизими бюджетлари маблағларидан фойдаланишнинг аниқ йўналтирилганлиги ва мақсадлилик хусусияти;

бюджет тизими бюджетларининг мустақиллиги;

бюджет тизими бюджетлари маблағларидан фойдаланишнинг натижадорлиги;

кассанинг ягоналиги;

бюджет жараёни иштирокчиларининг жавобгарлиги;

очиқлик.


8-модда. Бюджет тизимининг ягоналиги принципи


Бюджет ҳужжатлари ва бюджет ҳисоботларининг шакллари, бюджет таснифи ягона бўлиши ҳамда бюджет тизими бюджетларининг даромадлари ва харажатларини шакллантириш ҳамда ижро этиш, бюджет ҳисобини юритиш ва бюджет ҳисоботини тузишнинг ягона тартибини назарда тутиши лозим.



9-модда. Бюджет тизимининг Ўзбекистон Республикаси

маъмурий-ҳудудий тузилишига мувофиқлиги принципи


Бюджет тизими Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилишига мувофиқ бўлиши лозим.


10-модда. Бюджет тизими бюджетларининг баланслилиги

ва ўзаро боғлиқлиги принципи


Бюджет тизими бюджетларида назарда тутилган харажатлар ҳажми уларнинг даромадлари ва тақчилликни қоплаш манбалари йиғиндисининг ҳажмига мувофиқ бўлиши керак.

Бюджет тизими бюджетларини тузиш ва ижро этишда бюджетларнинг маблағлари мазкур бюджетларнинг баланслилигини таъминлаш учун улар ўртасида қайта тақсимланиши мумкин.



11-модда. Бюджет тизими бюджетлари даромадларини

прогноз қилиш ва харажатларини режалаштириш принципи


Бюджет тизими бюджетларини тузишда бюджет таснифига мувофиқ, даромадлар уларнинг аниқ манбалари бўйича прогноз қилинади, харажатлар эса йўналишлар бўйича режалаштирилади.



12-модда. Бюджет тизими бюджетлари маблағларидан

фойдаланишнинг аниқ йўналтирилганлиги

ва мақсадлилик хусусияти принципи


Бюджет тизими бюджетларининг маблағлари муайян бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларга ушбу маблағлардан белгиланган мақсадларни молиялаштиришда фойдаланиш учун ажратилади.



13-модда. Бюджет тизими бюджетларининг

мустақиллиги принципи


Бюджет тизими бюджетлари мустақилдир.



14-модда. Бюджет тизими бюджетлари маблағларидан

фойдаланишнинг натижадорлиги принципи


Бюджет жараёни иштирокчилари бюджет тизими бюджетларини тузиш ва ижро этишда ўзларига берилган ваколатлар доирасида бюджет тизими бюджетларининг белгиланган ҳажмдаги маблағларидан фойдаланган ҳолда натижага эришиш заруриятидан келиб чиқади.



15-модда. Кассанинг ягоналиги принципи


Бюджет тизими бюджетларининг барча даромадлари Ягона ғазна ҳисобварағига киритилади ва уларнинг харажатларини тўлаш ушбу ҳисобварақдан амалга оширилади.



16-модда. Бюджет жараёни иштирокчиларининг

жавобгарлиги принципи


Бюджет жараёни иштирокчиларининг жавобгарлиги принципи бюджет жараёнининг ҳар бир иштирокчиси бюджет жараёнининг ҳар бир босқичида ўз ҳаракатлари учун жавобгар бўлишидан иборатдир.



17-модда. Очиқлик принципи


Очиқлик принципи:

Давлат бюджетини ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини кўриб чиқиш ҳамда қабул қилиш тартиб-таомилларининг жамият ва оммавий ахборот воситалари учун очиқлигини;

тасдиқланган Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари тўғрисидаги ахборотнинг оммавий ахборот воситаларида ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинишини (чоп этилишини);

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижросининг бориши тўғрисидаги ахборот оммавий ахборот воситаларида чоп этилишини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши ва янгилаб борилишини англатади.



3-БОБ. БЮДЖЕТ ТАСНИФИ


18-модда. Бюджет таснифи тушунчаси


Бюджет таснифи бюджет тизими бюджетларининг даромадлари ва харажатлари, шунингдек Давлат бюджети тақчиллигини қоплаш манбаларини гуруҳлашдан иборат бўлиб, бюджет тизими бюджетларини шакллантириш, тузиш ва ижро этишни тизимлаштириш учун фойдаланилади.

Бюджет таснифи халқаро тасниф тизимларига мувофиқ ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланади.



19-модда. Бюджет таснифининг таркиби


Бюджет таснифи:

бюджет тизими бюджетлари даромадларининг таснифини;

бюджет тизими бюджетлари харажатларининг таснифини;

Давлат бюджети тақчиллигини қоплаш манбалари таснифини ўз ичига олади.


20-модда. Бюджет таснифининг асосий принциплари


Бюджет таснифининг асосий принциплари тўлиқлик, ягоналик ва ўзаро мувофиқликдан иборатдир.

Бюджет таснифининг тўлиқлик принципи бюджет жараёнининг барча иштирокчилари қамраб олинишини назарда тутади.

Бюджет таснифининг ягоналик принципи бюджет жараёнининг барча иштирокчилари томонидан ягона бюджет таснифи қўлланилишини англатади.

Бюджет таснифининг ўзаро мувофиқлиги принципи бюджет таснифининг кодлари бир вақтнинг ўзида бюджет жараёнининг турли хил операцияларини ҳисобга олиш учун қўлланилмаслигини англатади.



21-модда. Бюджет тизими бюджетлари

даромадларининг таснифи


Бюджет тизими бюджетлари даромадларининг таснифи даромадларни уларнинг турлари ва манбалари бўйича кодлашдан иборат бўлади.

Бюджет тизими бюджетлари даромадларининг таснифи тузилмаси қуйидагилардан иборат:

бюджет тизими бюджетлари маблағларининг манбалари ва даражалари таснифи;

даромадларнинг турлари;

ташкилий тасниф;

ҳудудий тасниф.

Бюджет тизими бюджетлари маблағларининг манбалари ва даражалари таснифи келиб тушаётган даромадларнинг тегишли маблағлар манбаларига ва ушбу бюджетлар даражаларига мансублигини аниқлаш учун қўлланилади.

Даромадларнинг тури бўлим, параграф ва даромад типидан иборатдир.

Даромадлар бўлими даромадларни уларни олиш манбалари бўйича кодлашдан иборат бўлади.

Даромадлар параграфи солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, шунингдек солиқ бўлмаган тўловларни уларни ундириш базаси бўйича кодлашдан иборат бўлади.

Даромад типи бюджет тизими бюджетлари даромадининг аниқ туридан иборат бўлади.

Ташкилий тасниф келиб тушаётган даромадларнинг ана шу даромадларни маъмурий жиҳатдан идора қилувчи тегишли органга мансублигини идентификациялаш мақсадида қўлланилади.

Ҳудудий тасниф келиб тушаётган даромадларнинг ушбу даромадлар шакллантирилаётган ёхуд ўтказиб берилаётган тегишли маъмурий-ҳудудий бирликка мансублигини идентификациялаш мақсадида қўлланилади.



22-модда. Бюджет тизими бюджетлари

харажатларининг таснифи


Бюджет тизими бюджетлари харажатларининг таснифи бюджет тизими бюджетлари харажатларини кодлашдан иборат бўлади ва уларнинг йўналишини акс эттиради.

Бюджет тизими бюджетлари харажатлари таснифининг тузилмаси қуйидагилардан иборат:

бюджет тизими бюджетлари маблағларининг манбалари ва даражалари таснифи;

вазифа жиҳатидан тасниф;

ташкилий тасниф;

иқтисодий тасниф;

ҳудудий тасниф.

Бюджет тизими бюджетлари маблағларининг манбалари ва даражалари таснифи амалга оширилаётган харажатларнинг тегишли маблағлар манбалари ва бюджетлар даражаларига мансублигини аниқлаш учун қўлланилади.

Харажатларнинг вазифа жиҳатидан таснифи давлат функцияларини бажариш учун маблағлар йўналишини акс эттирувчи харажатларни гуруҳлашдир.

Харажатларнинг ташкилий таснифи бюджет тизими бюджетларининг маблағларини тақсимловчилар бўйича кодлашдан иборат бўлади.

Харажатларнинг иқтисодий таснифи харажатларни иқтисодий йўналишига кўра кодлашдан иборат бўлади.

Ҳудудий тасниф бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг тегишли маъмурий-ҳудудий бирликка мансублигини аниқлаш мақсадида қўлланилади.



23-модда. Бюджет тизими бюджетларининг

иқтисодий белгилар бўйича харажатлари


Бюджет тизими бюджетларининг иқтисодий белгилар бўйича харажатлари қуйидаги харажатлар гуруҳларини ўз ичига олади:

биринчи гуруҳ - иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар, компенсация тўловлари ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам;

иккинчи гуруҳ - ижтимоий эҳтиёжларга ажратмалар;

учинчи гуруҳ - капитал қўйилмалар (Давлат инвестиция дастурида назарда тутилган аниқ йўналтирилган рўйхатларга мувофиқ);

тўртинчи гуруҳ - бошқа харажатлар.

Харажатлар гуруҳлари бўйича аниқ моддалар бюджет таснифига мувофиқ белгиланади.



24-модда. Давлат бюджети тақчиллигини

қоплаш манбалари таснифи


Давлат бюджети тақчиллигини қоплаш манбалари таснифи уларни ички ва ташқи манбалар бўйича гуруҳлашдан иборат бўлади.



4-БОБ. БЮДЖЕТ СОҲАСИДАГИ ВАКОЛАТЛАР


25-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг бюджет соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнини ташкил этади ҳамда мувофиқлаштириб боради;

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларини кўриб чиқиш ҳамда тегишли хулоса тақдим этиш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига юборади;

бюджетнома лойиҳасини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

бюджетномани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига тақдим этади;

давлат бошқаруви органларининг Давлат бюджетини ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ижро этиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради ҳамда назорат қилади;

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни ҳар чоракда кўриб чиқади;

ўтган молия йили учун Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни ташқи аудит ўтказиш ҳамда баҳолаш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига юборади;

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига тақдим этади;

ушбу Кодекснинг 144, 145 ва 149-моддаларида назарда тутилган ҳолларда молия йили мобайнида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари параметрларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тўғрисида қарорлар қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджет соҳасида бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



26-модда. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг

бюджет соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси:

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хулоса тақдим этади;

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот бўйича ташқи аудит ва баҳолашни амалга оширади ҳамда улар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хулоса тақдим этади;

вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда банкларнинг бюджет тизими бюджетлари даромадлари ва харажатлари моддаларининг мақсадли ижросини бошланғич маълумотлар бўйича назорат қилиш имконини берувчи ахборот тизимлари ва ресурсларига кириш имкониятига эга бўлади;

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари даромад қисмининг ижроси юзасидан мониторинг ўтказади;

бюджет тизими бюджетлари маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджет соҳасида бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



27-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг,

халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар

ва шаҳарлар Кенгашларининг бюджет

соҳасидаги ваколатлари


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари:

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетини, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини, туманлар ва шаҳарлар бюджетларини тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига мувофиқ кўриб чиқади ва қабул қилади;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига мувофиқ ҳар чоракда кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорлар доирасида белгилайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджет соҳасида бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



28-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар

ҳокимларининг бюджет соҳасидаги ваколатлари


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари:

тегишли бюджет лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни ижро этиш жараёнини ташкил этади ҳамда мувофиқлаштириб боради;

бюджет сўрови олинишига қараб тегишли бюджетларнинг лойиҳаларини тузиш тўғрисида қарорлар қабул қилади, уларни тайёрлаш тартиби ва муддатларини белгилайди;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети лойиҳасини, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, туманлар ва шаҳарлар бюджетлари лойиҳаларини тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига кўриб чиқиш ва қабул қилиш учун тақдим этади;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг қарорларига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, туманлар ва шаҳарлар бюджетлари параметрларини тасдиқлайди;

ушбу Кодекснинг 146 - 148-моддаларида назарда тутилган тартибда молия йили мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, туманлар ва шаҳарлар бюджетлари параметрларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқади;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига тасдиқлаш учун тақдим этади;

Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларига тушумлар тўлиқ ва ўз вақтида тушиши устидан назоратни ташкил этади;

бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан назоратни ташкил этади;

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ваколатлар билан бир қаторда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира жамғармалари маблағларидан фойдаланиш тўғрисида қарорлар қабул қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджет соҳасида бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



29-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг

бюджет соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Давлат бюджети ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларини тайёрлайди;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари лойиҳаларини кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бюджетнома лойиҳасини кўриб чиқиш учун тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадлари прогнозини ҳар чоракда етказади;

бюджет маблағларини тақсимловчиларга ва давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органларга улар учун назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳажмларини етказади;

бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг харажатлар сметалари ва жамланма харажатлар сметалари, штат жадвалларини, шунингдек уларга киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказади;

ушбу Кодекснинг 145-моддасида назарда тутилган тартибда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг харажатлари ёйилмасига молия йили мобайнида ўзгартиришлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ушбу Кодекснинг 144, 145 ва 149-моддаларида назарда тутилган тартибда Давлат бюджети, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари параметрларига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тақдим этади;

ушбу Кодекснинг 146-моддасида назарда тутилган тартибда молия йили мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг тасдиқланган параметрларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифларини кўриб чиқади;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни уларнинг манбалари кесимида тўлиқ ва ўз вақтида тушиши устидан мониторингни амалга оширади;

бюджет тизими бюджетларининг маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар, шунингдек бюджет ташкилотлари ҳамда бюджет маблағлари олувчиларнинг молиявий ҳисоботлари шаклларини ва уларни тақдим этиш тартибини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг тегишли даврдаги ижроси тўғрисида ҳисобот тақдим этади;

бюджетдан ташқари махсус ҳисобварақларда захиралар ташкил этади;

Давлат бюджетини ижро этиш жараёнида унга тушумларни кўпайтириш бўйича қўшимча захираларни аниқлайди;

бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатларини мақбуллаштиришни амалга оширади;

бюджет ссудаларини беради;

давлат томонидан маблағлар жалб қилиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг шартномалари ва давлат кафолатларини рўйхатдан ўтказади;

давлат қарзининг ҳисобини ва мониторингини юритади;

бюджет тизими бюджетларининг касса ижросини юритади;

бюджет тизими бюджетларининг Ягона ғазна ҳисобварағидаги ва бошқа банк ҳисобварақларидаги маблағларини бошқаради;

бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан тузилган шартномаларини рўйхатдан ўтказади;

бюджет тизими бюджетларида маблағлар назарда тутилган юридик ёки жисмоний шахслар номидан ва уларнинг топшириғига кўра тўловларни амалга оширади;

бюджет тизими бюджетлари ижросининг бюджет ҳисобини юритади ва бюджет ҳисоботини қабул қилади;

давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатади, Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатларини бажаради;

Ўзбекистон Республикасига келаётган инсонпарварлик ёрдами ҳамда техник кўмаклашиш маблағлари ҳисобини юритади;

бюджет тизими бюджетлари даромадлари ва харажатларининг баланслилигига таъсир кўрсатувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни молиявий ҳамда иқтисодий экспертизадан ўтказади;

ўз ваколатига кирадиган масалаларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджет соҳасида бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



30-модда. Ҳудудий молия органларининг

бюджет соҳасидаги ваколатлари


Ҳудудий молия органлари:

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, туманлар ва шаҳарлар бюджетлари лойиҳаларини тайёрлайди ҳамда уларни тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига кўриб чиқиш учун киритади;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни уларнинг манбалари кесимида тўлиқ ва ўз вақтида тушиши устидан мониторингни амалга оширади;

тегишли бюджетнинг ижро этилиши жараёнида унга тушумларни кўпайтириш бўйича қўшимча захираларни аниқлайди;

бюджет ташкилотларига ва бюджет маблағлари олувчиларга улар учун назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳажмларини етказади;

бюджет ташкилотларининг харажатлар сметалари ва штат жадвалларини ҳамда бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаларини, шунингдек уларга киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказади;

ушбу Кодекснинг 146 - 148-моддаларида назарда тутилган тартибда тегишли бюджетлар параметрларига молия йили мобайнида ўзгартиришлар киритади;

тегишли бюджетларнинг маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;

юқори турувчи молия органларига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига тегишли бюджетнинг ижроси тўғрисида ҳар чораклик ҳисоботларни тақдим этади;

бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар харажатларини мақбуллаштиришни амалга оширади;

тегишли бюджетлар ижросининг бюджет ҳисобини юритади ва бюджет ҳисоботини қабул қилади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тегишли бюджетлар даромадлари ва харажатлари баланслилигига таъсир кўрсатувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини молиявий ва иқтисодий экспертизадан ўтказади.

Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари молия бошқармалари ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ваколатлар билан бир қаторда:

Давлат бюджети даромадлари прогнозини давлат солиқ хизмати органлари ва божхона органларига ҳар чоракда тегишли маъмурий-ҳудудий бирликлар бўйича етказади;

бюджет ссудаларини беради.

Ҳудудий молия органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджет соҳасида бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



31-модда. Бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг

бюджет соҳасидаги ваколатлари


Бюджет маблағларини тақсимловчилар:

бюджетдан ажратиладиган маблағларни олиш учун бюджет сўровларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади;

бюджет буюртмаларини тузиш учун кўрсаткичларни ва материалларни ўз тасарруфидаги ташкилотларга етказади;

харажатлар сметалари ва штат жадвалларини тузиш учун ўз тасарруфидаги ташкилотларга уларнинг тегишли молия йилига бюджетдан ажратиладиган маблағлари ҳажмларини етказади;

ўз тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметалари ва штат жадвалларини, шунингдек уларга киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказади;

тасдиқланган харажатлар сметаларини ва жамланма харажатлар сметаларини, штат жадвалларини, шунингдек уларга киритилган ўзгартиришларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этади;

харажатлар сметалари ва штат жадвалларидаги ўзгартиришлар тўғрисида ўз тасарруфидаги ташкилотларни хабардор қилади;

ўз тасарруфидаги ташкилотларда бюджет ҳисоби юритилишини ташкил этиш ва назорат қилишни таъминлайди;

ўз тасарруфидаги ташкилотлардан молиявий ҳисоботларни қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тегишли давр учун жамланма молиявий ҳисоботлар тақдим этади.

Бюджет маблағларини тақсимловчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджет соҳасида бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



32-модда. Бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари

олувчиларнинг бюджет соҳасидаги ваколатлари


Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар:

бюджет буюртмасини бюджет маблағларини тақсимловчига, бюджет маблағларини тақсимловчи бўлмаганда эса, тегишли ҳудудий молия органига ушбу Кодекснинг 89-моддасида белгиланган тартибга мувофиқ киритади;

харажатлар сметаларини тасдиқлайди ҳамда уларни бюджет маблағларини тақсимловчига, бюджет маблағларини тақсимловчи бўлмаганда эса, тегишли ҳудудий молия органига бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида рўйхатдан ўтказиш учун киритади;

харажатлар сметаларида назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағларни мўлжалланган мақсадга мувофиқ тасарруф этади;

бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилар билан шартномалар тузади;

ушбу Кодекснинг 150-моддасида белгиланган тартибда харажатлар сметаларига ўзгартиришлар киритади;

тегишли давр учун молиявий ҳисоботларни бюджет маблағларини тақсимловчига, бюджет маблағларини тақсимловчи бўлмаганда эса, тегишли ҳудудий молия органига тақдим этади.

Бюджет ташкилотлари ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ваколатлар билан бир қаторда, шунингдек:

штат жадвалларини тасдиқлайди ва уларни бюджет маблағларини тақсимловчига, бюджет маблағларини тақсимловчи бўлмаганда эса, тегишли ҳудудий молия органига бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида рўйхатдан ўтказиш учун киритади;

ушбу Кодекснинг 150-моддасида белгиланган тартибда штат жадвалларига ўзгартиришлар киритади;

муддати ўтган дебиторлик ва кредиторлик қарзларга йўл қўймаслик мақсадида тегишли ҳужжатларни судларга, ғазначилик бўлинмаларига ўз вақтида тақдим этади, шунингдек шартномавий мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлайди;

бюджет ҳисобини юритади ва молиявий ҳисоботларни тузади;

бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларини шакллантиради ва улардан фойдаланади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджет соҳасида бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



33-модда. Давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи

органларнинг бюджет соҳасидаги ваколатлари


Давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар:

давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳаларини тайёрлайди ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига киритади;

давлат мақсадли жамғармаларининг маблағлари бўйича харажатлар сметаларини, шунингдек уларга киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказади;

давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари даромадлари прогнозини давлат солиқ хизмати органлари ва божхона органларига йилнинг ҳар чорагида етказади;

ушбу Кодекснинг 149-моддасида назарда тутилган тартибда давлат мақсадли жамғармалари бюджетларига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлайди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлар ва бошқа тушумлар тўлиқ ҳамда ўз вақтида тушиши устидан мониторингни амалга оширади;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади;

давлат мақсадли жамғармалари маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ижро этиш жараёнида тушумларни кўпайтириш бўйича қўшимча захираларни аниқлайди;

давлат мақсадли жамғармаларининг харажатлари мақбуллаштирилишини амалга оширади;

давлат мақсадли жамғармаларининг Ягона ғазна ҳисобварағи ва бошқа банк ҳисобварақларидаги маблағларини бошқаради;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижросининг бюджет ҳисобини юритади;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг даромадлари ва харажатлари баланслилигига таъсир кўрсатувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни молиявий ва иқтисодий экспертизадан ўтказади.

Давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджет соҳасида бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



II БЎЛИМ.

БЮДЖЕТ ТИЗИМИ БЮДЖЕТЛАРИ


5-БОБ. ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ


34-модда. Давлат бюджети тузилмаси


Давлат бюджети қуйидаги даражадаги бюджетлардан иборат:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари.



35-модда. Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий

бюджетларининг тузилмаси


Қорақалпоғистон Республикаси бюджети тузилмасига Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси туманлари ва шаҳарларининг бюджетлари киради.

Вилоятлар маҳаллий бюджетлари тузилмасига вилоят бюджети, тегишли вилоятлар туманлари ва шаҳарларининг бюджетлари киради.

Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети тузилмасига шаҳар бюджети ва шаҳар таркибига кирувчи туманларнинг бюджетлари киради.



6-БОБ. ДАВЛАТ МАҚСАДЛИ ЖАМҒАРМАЛАРИ

ВА БЮДЖЕТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ

БЮДЖЕТДАН ТАШҚАРИ ЖАМҒАРМАЛАРИ


36-модда. Давлат мақсадли жамғармалари


Давлат мақсадли жамғармалари қуйидагилардир:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси;

Давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар жамғармаси;

Ўзбекистон Республикасининг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси.


37-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти, ижтимоий нафақалар тўлаш, компенсация тўловлари ва бошқа тўловлар бўйича харажатларни молиялаштиришга йўналтириладиган мажбурий тўловлар, бадаллар, шунингдек бошқа манбалардан тушадиган маблағларни жамлайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг юқори бошқарув органи Жамғарманинг Кузатув кенгашидир.


38-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси мажбурий тўловлардан ва бошқа манбалардан тушадиган маблағларни жамлайди, кейинчалик улардан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш ва такомиллаштириш дастурларини (лойиҳаларини) ҳамда уларнинг лозим даражадаги техник ҳолати ва ўтказиш қобилиятига эришишга қаратилган тадбирларни молиялаштириш учун фойдаланилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасининг юқори бошқарув органи Жамғарма кенгашидир.


39-модда. Давлат мулкини хусусийлаштиришдан

тушган маблағлар жамғармаси


Давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар жамғармаси давлат активларини хусусийлаштиришдан ва ушбу Кодекснинг 55-моддасида назарда тутилган бошқа манбалардан тушадиган, белгиланган тартибда тақсимланадиган маблағларни жамлайди.


40-модда. Ўзбекистон Республикасининг

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси


Ўзбекистон Республикасининг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги харажатлар молиялаштирилишини таъминлаш учун ягона ижтимоий тўловдан ажратмалар ва ушбу Кодекснинг 56-моддасида назарда тутилган бошқа манбалардан тушадиган маблағларни жамлайди.


41-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари,

касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт

муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал

таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ҳамда тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, жиҳозлашга (тўлиқ жиҳозлашга) йўналтириладиган, ушбу Кодекснинг 57-моддасида назарда тутилган мажбурий тўловлар ва бошқа манбалардан тушадиган маблағларни жамлайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасининг юқори бошқарув органи Жамғармани бошқариш кенгашидир.


42-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив

ҳолатини яхшилаш жамғармаси


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси ушбу Кодекснинг 58-моддасида назарда тутилган ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга доир дастурларни (лойиҳаларни) ҳамда мелиоратив объектларнинг лозим даражадаги техник ҳолатини таъминлаш бўйича тадбирларни молиялаштиришга, шунингдек мелиоратив техника олишга йўналтириладиган мақсадли молиявий ресурсларни жамлайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасининг юқори органи Жамғарма кенгашидир.


43-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги Олий ўқув юртларининг моддий-техника

базасини ривожлантириш жамғармаси


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси ушбу Кодекснинг 59-моддасида белгиланган ва олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини модернизация қилиш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини яхшилаш бўйича тадбирларни молиялаштиришга йўналтириладиган мақсадли молиявий ресурсларни жамлайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағларини бошқариш ваколатли орган томонидан амалга оширилади.



44-модда. Бюджет ташкилотларининг

бюджетдан ташқари жамғармалари


Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари қуйидагилардир:

Бюджет ташкилотининг ривожлантириш жамғармаси;

Тиббиёт ташкилотларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари;

бюджет ташкилотларининг ундириладиган тўловлар ҳисобига шакллантириладиган бюджетдан ташқари маблағлари.



III БЎЛИМ.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

КОНСОЛИДАЦИЯЛАШГАН БЮДЖЕТИ.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ

ЖАМҒАРМАСИ


7-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

КОНСОЛИДАЦИЯЛАШГАН БЮДЖЕТИ


45-модда. Ўзбекистон Республикасининг

консолидациялашган бюджетини

тузиш мақсадлари


Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан молия йили якунлари бўйича таҳлилий мақсадлар учун ҳамда бюджет тизими бюджетларининг (бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари бундан мустасно) барча тушумлари ва харажатларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларини, улар ўртасидаги трансфертларни ҳисобга олмаган ҳолда ҳисобга олиб бориш учун тузилади.



46-модда. Ўзбекистон Республикасининг

консолидациялашган бюджети таркиби


Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети таркибига қуйидагилар киради:

Давлат бюджети;

давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари;

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари.


8-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ ЖАМҒАРМАСИ


47-модда. Умумий қоидалар


Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги молиявий муассасадир ва у устувор инвестиция лойиҳаларини ҳамда иқтисодиётнинг базавий тармоқларини модернизация қилиш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлашга, мамлакатни муттасил, барқарор ва мутаносиб равишда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга эришилишига, шунингдек самарали таркибий ва инвестиция сиёсати амалга оширилишига доир лойиҳаларни молиялаштириш учун ушбу Кодексда белгиланган маблағларни жамлайди.

Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармасини бошқариш Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг юқори бошқарув органи бўлиб, унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ижро этувчи дирекцияси Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ижро этувчи органи ва маблағларини тақсимловчидир.

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ижро этувчи дирекцияси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига:

ҳар йили 1 июлгача Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари лойиҳасини;

йилнинг ҳар чорагида ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-кунигача Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси даромадлари ва харажатларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этади.


48-модда. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш

ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари


Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари:

асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ва Давлат бюджети параметрларини тасдиқлашда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари билан стратегик ресурсларга белгиланадиган чегара нархидан жаҳон нархининг ошиши натижасида тушадиган тушумлар;

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг активларини бошқаришдан, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларининг бўш турган қолдиқларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари ўзининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида очилган ҳисобварақларида чет эл валютасида шакллантирилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ҳисобварақларига тушадиган миллий валютадаги маблағларнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг маблағлар тушган санадаги алмашув курси бўйича чет эл валютасига конвертациясини амалга ошириб, уларни кейинчалик мазкур жамғарманинг валюта ҳисобварағига киритади.


49-модда. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт

жамғармасининг маблағларидан фойдаланиш йўналишлари


Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағларидан:

Давлат инвестиция дастурига киритилган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш;

янги саноат ишлаб чиқаришларини бундан буён жойлаштириш учун ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини молиялаштириш учун имтиёзли кредитлар бериш;

янгидан ташкил этилаётган молиявий институтларнинг ҳамда иқтисодиётнинг базавий тармоқларидаги чет эл инвестициялари иштирокидаги стратегик аҳамиятга молик корхоналарнинг устав капиталига инвестиция киритиш;

давлат томонидан ташқи маблағларни жалб қилиш бўйича халқаро молия институтлари ва чет эллик кредиторлар олдидаги мажбуриятларни муддатидан олдин тўлаш;

Ўзбекистон Республикасининг Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш дастурлари доирасида тижорат банклари учун чет эл валютасида очиладиган кредит линиялари орқали инвестиция лойиҳаларини жадал молиялаштириш ва амалга ошириш;

грант асосида ёки фоизсиз кредитлар бериш йўли билан айрим лойиҳаларнинг дастлабки ёки узил-кесил техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишни молиялаштириш;

тасдиқланган давлат дастурларига мувофиқ янги замонавий хорижий технологиялар, техника ва асбоб-ускуналар, стратегик аҳамиятга молик бошқа товарлар харид қилиш учун имтиёзли кредитлар бериш;

ижтимоий жиҳатдан аҳамиятга молик миллий давлат дастурларини ҳамда ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш инфратузилмасини шакллантиришга доир лойиҳаларни грант асосида молиялаштириш;

қарз олувчи корхоналарнинг инвестиция дастурларини (бизнес-режаларини), шу жумладан, ишлаб чиқаришни техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқариш қувватларининг ишлатилишини кўпайтириш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни экспорт қилиш ҳажмларини ошириш, қўшилган қиймат ўсишини таъминлашга имкон берадиган инвестиция дастурларини (бизнес-режаларини) тижорат банклари билан биргаликда молиялаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ижро этувчи девонини сақлаб туриш ҳамда уни бошқариш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун фойдаланилади.


IV БЎЛИМ.

БЮДЖЕТ ТИЗИМИ БЮДЖЕТЛАРИНИНГ

ДАРОМАДЛАРИ


9-БОБ. ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ДАРОМАДЛАРИ


50-модда. Давлат бюджети даромадларини шакллантириш


Давлат бюджети даромадлари:

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар;

давлат активларини жойлаштириш, фойдаланишга бериш ва сотишдан олинган даромадлар;

мерос, ҳадя ҳуқуқи бўйича давлат мулкига ўтган пул маблағлари;

юридик ва жисмоний шахслардан, шунингдек чет давлатлардан тушадиган қайтарилмайдиган пул тушумлари;

резидент-юридик шахсларга берилган бюджет ссудаларини ва чет давлатларга ажратилган кредитларни тўлаш ҳисобидан тўловлар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа даромадлар ҳисобидан шакллантирилади.



51-модда. Ўзбекистон Республикасининг республика

бюджети даромадларини шакллантириш


Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети даромадлари:

1) умумдавлат солиқлари, шу жумладан:

юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи;

ягона солиқ тўлови;

жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

қўшилган қиймат солиғи;

акциз солиғи;

ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;

2) божхона божлари;

3) қўшимча фойда солиғи;

4) маҳсулот тақсимотига оид битимлар бўйича фойда келтирадиган маҳсулотдаги давлат улуши;

5) бошқа даромадлар ҳисобидан шакллантирилади. Бошқа даромадларга имзоли бонус ва тижоратбоп топилма бонуси тўланишидан тушган тушумлар, қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига йўналтириладиган давлат божлари, йиғимлар, товон пуллари, компенсация тўловлари ва жарима санкциялари, давлат активларини жойлаштириш, фойдаланишга бериш ва сотишдан белгиланган нормативлар бўйича олинган даромадлар, мерос, ҳадя ҳуқуқи бўйича давлат мулкига ўтказилган пул маблағлари, юридик ва жисмоний шахслардан, шунингдек чет давлатлардан тушган қайтарилмайдиган пул тушумлари, резидент-юридик шахсларга берилган бюджет ссудаларини, чет давлатларга берилган кредитларни тўлаш ҳисобидан тўловлар, акцияларнинг давлат улуши (пайи) бўйича дивидендлар (даромадлар), бундан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг улуши бўйича дивидендлар (даромадлар) мустасно, мобиль алоқа хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўлов, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фойдаси ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа даромадлар киради.


52-модда. Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг

даромадларини шакллантириш


Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлари:

1) белгиланган нормативларга мувофиқ умумдавлат солиқлари, шу жумладан:

юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи;

ягона солиқ тўлови;

жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ;

қўшилган қиймат солиғи;

акциз солиғи;

ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;

сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;

2) маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан:

ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи;

транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ;

мол-мулк солиғи;

ер солиғи;

ягона ер солиғи;

айрим турдаги товарлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи ва айрим турдаги хизматларни кўрсатиш учун йиғим;

3) юридик ва жисмоний шахслардан, шунингдек чет давлатлардан тушган қайтарилмайдиган пул тушумлари;

4) бозорлардан тушадиган даромадлар;

5) бошқа даромадлар ҳисобидан шакллантирилади. Бошқа даромадларга давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни реализация қилишдан тушган тушумлар, давлат активларини жойлаштиришдан, фойдаланишга беришдан ва сотишдан белгиланган нормативлар бўйича олинган даромадлар, қонун ҳужжатларига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига йўналтириладиган давлат божлари, йиғимлар, товон пуллари ва жарима санкциялари, эгасиз мол-мулкни, мерос ҳуқуқи бўйича давлат ихтиёрига ўтган мол-мулкни, ҳуқуқ бўйича давлат даромадига ўтказилиши лозим бўлган хазиналарни реализация қилишдан тушган тушумлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг улуши бўйича дивидендлар (даромадлар) ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа даромадлар киради.

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган субвенциялар, ўтказиб бериладиган даромадлар ва дотациялар Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг даромадлари ҳисобланади.

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган пиво ва ўсимлик ёғи учун акциз солиғи Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари даромадларига ўтказиб берилади.



10-БОБ. ДАВЛАТ МАҚСАДЛИ

ЖАМҒАРМАЛАРИНИНГ ДАРОМАДЛАРИ


53-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг

даромадларини шакллантириш


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг даромадлари:

ягона ижтимоий тўловнинг белгиланган миқдордаги тушумлари;

фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари;

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар;

бошқа даромадлар ҳисобидан шакллантирилади. Бошқа даромадларга меҳнатда майиб бўлганлик ёки касб касаллигига чалинганлик туфайли тайинланган ногиронлик пенсияларини тўлаш харажатларининг ўрнини қоплаш учун тақдим этиладиган регресс талаблар (даъволар) бўйича иш берувчилар ва фуқаролар томонидан ўрни қопланадиган маблағлар тушумининг бир қисми, Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг муддатидан олдин тайинланган ёшга доир пенсияларни тўлаш харажатларини қоплаш ҳисобидан киритиладиган маблағлари, юридик шахсларнинг имтиёзли пенсияларни тўлаш харажатларини қоплаш ҳисобидан киритиладиган маблағлари, фуқароларнинг ихтиёрий тартибда тўланадиган суғурта бадаллари, мажбурий тўловлар, бадаллар ўз вақтида тўланмаганлиги учун ҳисобланган жарималар ва пенялар суммасининг бир қисми, меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда майиб бўлган, касб касаллигига чалинган ёхуд соғлиғига бошқача шикаст етказилган ходимга юридик шахс тугатилганда, қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги), фермер ва деҳқон хўжалиги қайта ташкил этилганда ёки тугатилганда зарарнинг ўрнини қоплаш учун тўланадиган назарда тутилган маблағлар, вақтинчалик бўш турган маблағларни жойлаштиришдан олинган даромадлар ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар киради.


54-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги Республика йўл жамғармасининг

даромадларини шакллантириш


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасининг даромадлари:

Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар;

Республика йўл жамғармасига йиғимлар;

вақтинчалик бўш турган маблағларни жойлаштиришдан олинган даромадлар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.


55-модда. Давлат мулкини хусусийлаштиришдан

тушган маблағлар жамғармасининг

даромадларини шакллантириш


Давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар жамғармасининг даромадлари:

давлат мулки бўлган корхоналарни, хўжалик жамиятларининг устав жамғармаларидаги акцияларни (улушларни), ер участкалари ва бошқа мол-мулкни реализация қилиш;

устав жамғармаларида давлат улуши бўлган хўжалик жамиятларини тугатишдан тушган тушумлар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.



56-модда. Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш

давлат жамғармасининг даромадларини шакллантириш


Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг даромадлари:

белгиланган миқдордаги ягона ижтимоий тўлов тушумлари;

вақтинча бўш турган маблағларни жойлаштиришдан олинган даромадлар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.


57-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари,

касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт

муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал

таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасининг

даромадларини шакллантириш


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасининг даромадлари:

Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар;

вақтинча бўш турган маблағларни жойлаштиришдан олинган даромадлар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.


58-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини

яхшилаш жамғармаси даромадларини шакллантириш


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси даромадлари:

ҳар йили тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасининг асосий параметрлари доирасида қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланадиган ягона ер солиғи бўйича тушумларга мувофиқ бюджетдан ажратиладиган маблағлар;

бюджетдан ажратиладиган мақсадли маблағлар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.


59-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги Олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини

ривожлантириш жамғармаси даромадларини шакллантириш


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси даромадлари:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари;

вақтинча бўш турган маблағларни жойлаштиришдан олинган даромадлар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.



11-БОБ. БЮДЖЕТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ БЮДЖЕТДАН

ТАШҚАРИ ЖАМҒАРМАЛАРИ ДАРОМАДЛАРИ


60-модда. Бюджет ташкилотининг ривожлантириш

жамғармаси даромадларини шакллантириш


Бюджет ташкилотининг ривожлантириш жамғармаси даромадлари:

ҳисобот чорагининг сўнгги иш куни охирида харажатлар сметаси бўйича тежалган маблағлар, капитал қўйилмаларни молиялаштириш учун назарда тутилган маблағлар бундан мустасно;

фаолият ихтисослиги бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадлар;

бюджет ташкилоти балансида турган мол-мулкни ижарага беришдан олинган маблағларнинг бир қисми;

белгиланган тартибда бюджет ташкилотлари тасарруфида қолдириладиган маблағлар;

ҳомийликдан олинган маблағлар ҳисобидан шакллантирилади.

Бюджет ташкилотининг ривожлантириш жамғармасига бюджет ташкилотларининг товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадлари товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумлар ва уларни ишлаб чиқариш бўйича харажатлар ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланади.



61-модда. Тиббиёт ташкилотларининг моддий

рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси

даромадларини шакллантириш


Тиббиёт ташкилотларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси даромадлари:

тиббиёт ташкилотига ажратиладиган бюджет маблағлари умумий ҳажмининг 5 фоизигача бўлган миқдорда бюджетдан ажратиладиган маблағлар;

фаолият ихтисослиги бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадлар;

ҳисобот чорагининг сўнгги иш куни охирида харажатлар сметаси бўйича тежалган маблағлар, капитал қўйилмаларни молиялаштириш учун назарда тутилган маблағлар бундан мустасно;

тиббиёт ташкилоти балансида турган мол-мулкни ижарага беришдан олинган маблағларнинг бир қисми;

белгиланган тартибда бюджет ташкилотлари тасарруфида қолдириладиган маблағлар;

ҳомийликдан олинган маблағлар ҳисобидан шакллантирилади.

Тиббиёт ташкилотларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармасига тиббиёт ташкилотларининг товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадлари товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумлар ва уларни ишлаб чиқариш бўйича харажатлар ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланади.



62-модда. Вазирликлар, давлат қўмиталари

ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари

даромадларини шакллантириш


Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари даромадлари белгиланган тартибда давлат божлари, йиғимлар ва солиқ бўлмаган тўловлар, маъмурий жарималар ҳамда молиявий санкциялардан ажратмалар ҳисобидан шакллантирилади.



63-модда. Бюджет ташкилотларининг бюджетдан

ташқари маблағларини ундириладиган тўловлар

ҳисобидан шакллантириш


Бюджет ташкилотлари томонидан бюджетдан ташқари маблағлар:

ўқувчилар ва тарбияланувчилар давлат мактабгача таълим муассасаларида, умумтаълим мактабларининг куни узайтирилган гуруҳларида, мактаб-интернатларда, олимпия захиралари коллежлари ва бошқа таълим муассасаларида сақлаб турилганлиги учун;

ўқувчилар болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда мактабдан ташқари таълим муассасаларида таълим олганлиги учун;

олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим олганлик учун;

стационар даволаш-профилактика муассасаларида даволанаётганлар таркиби овқатланиши учун;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа турдаги ундириладиган тўловлар ҳисобидан шакллантирилади.

Ундириладиган тўловларнинг миқдорлари, уларни киритиш ва улардан фойдаланиш тартиби, шунингдек ундириладиган тўловлар бўйича имтиёзлар қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



12-БОБ. БЕҒАРАЗ ЁРДАМ


64-модда. Беғараз ёрдам турлари


Беғараз ёрдам инсонпарварлик ёрдами ва техник кўмаклашиш маблағлари тарзида берилади.

Инсонпарварлик ёрдами аҳолининг ижтимоий ночор гуруҳларига тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий соҳа муассасаларини қўллаб-қувватлаш, табиий офатлар, авариялар ва ҳалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг оқибатларини тугатиш учун дори воситалари ва тиббий буюмлар, озиқ-овқат, халқ истеъмоли товарлари, бошқа товарлар, шу жумладан асбоб-ускуналар, транспорт ва техника, шунингдек ихтиёрий хайриялар, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш, шу жумладан, инсонпарварлик ёрдами юкларини ташиш, кузатиб бориш ва сақлаш тарзида берилади. Тамаки маҳсулотлари, алкоголь маҳсулотлари, ҳарбий мақсад учун мўлжалланган товарлар, шунингдек олиб кирилиши тақиқланган товарлар инсонпарварлик ёрдами сирасига киритилиши мумкин эмас.

Техник кўмаклашиш маблағлари асбоб-ускуналар ва технологияларни сотиб олиш, тажриба-конструкторлик ишларини, илмий ёки бошқа тадқиқотларни ўтказиш, ходимларни даволаш, ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, маслаҳат хизматлари кўрсатиш ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мақсадлар учун натура кўринишдаги ва пул шаклидаги грантлар тарзида берилади.

Ўзбекистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек фаолияти фойда олишга қаратилмаган юридик ва жисмоний шахслар инсонпарварлик ёрдами ва техник кўмаклашиш маблағларини олувчилар бўлиши мумкин.

Инсонпарварлик ёрдами ва техник кўмаклашиш маблағларини олувчилар тегишли донорлар билан келишувлар ёки қонун ҳужжатлари асосида аниқланади.

Ўзбекистон Республикасига беғараз ёрдам доирасида келган товарлардан тижорат мақсадларида фойдаланиш тақиқланади.

Маблағлар, товарлар, ишлар ва хизматларнинг беғараз ёрдамга мансублиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда аниқланади.



65-модда. Инсонпарварлик ёрдамини жалб этиш


Инсонпарварлик ёрдамини жалб этишга доир таклифлар инсонпарварлик ёрдами бўйича ҳудудий ва тармоқ комиссиялари томонидан ҳар йили 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги инсонпарварлик ёрдами бўйича ҳудудий ва тармоқ комиссияларининг таклифлари асосида келгуси йилда инсонпарварлик ёрдамини жалб этиш учун жамланма буюртмани 31 июлдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритади.

Инсонпарварлик ёрдамини жалб этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган инсонпарварлик ёрдамини жалб этишга доир жамланма буюртма асосида амалга оширилади.



66-модда. Техник кўмаклашиш маблағларини жалб этиш


Келгуси йил учун техник кўмаклашиш бўйича устувор лойиҳаларнинг рўйхати вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг (лойиҳа ташаббускорларининг) таклифлари асосида жорий йилнинг 31 майига қадар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан тузилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилади.

Келгуси йил учун техник кўмаклашиш маблағларини жалб қилишни донорлар билан ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Техник кўмаклашиш бўйича устувор лойиҳалар рўйхати асосида амалга оширилади.

Техник кўмаклашиш бўйича устувор лойиҳаларнинг ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун донорлар билан ишлаб чиқилган рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан келгуси йилнинг 10 февралигача тасдиқланади.



67-модда. Беғараз ёрдам олувчиларнинг мажбуриятлари


Беғараз ёрдам олувчилар:

беғараз ёрдам лойиҳалари бўйича донорлар билан келишувларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан келишиб олиши ҳамда уларда назарда тутилган, ўз зиммасига олган мажбуриятларини ўз вақтида бажариши;

олинган беғараз ёрдамдан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлаши;

олинган беғараз ёрдамнинг ҳисоб ва ҳисоботларда акс эттирилишини таъминлаши;

беғараз ёрдам доирасида келган товарларнинг божхона расмийлаштирувини ўз вақтида амалга ошириши;

беғараз ёрдам келганлиги ва фойдаланилганлиги юзасидан ҳисобот тақдим этиши шарт.

Техник кўмаклашиш маблағларини олувчилар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган мажбуриятлар билан бир қаторда, шунингдек:

техник кўмаклашиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича тадбирлар режасини ва уни ўзлаштириш жадвалини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиши;

техник кўмаклашиш маблағлари келиб тушиши учун ваколатли банкларда махсус ҳисобварақлар очиши;

техник кўмаклашиш лойиҳаси амалга оширилганлиги тўғрисидаги якуний ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этиши шарт.



68-модда. Ўзбекистон Республикаси томонидан

кўрсатиладиган беғараз ёрдам


Ўзбекистон Республикасининг беғараз ёрдам кўрсатиши тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси номидан беғараз ёрдам кўрсатган ваколатли орган ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 мартигача Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига молиявий ҳисоботлар тақдим этади.



V БЎЛИМ.

БЮДЖЕТ ТИЗИМИ БЮДЖЕТЛАРИНИНГ

ХАРАЖАТЛАРИ


13-БОБ. ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ХАРАЖАТЛАРИ


69-модда. Давлат бюджети харажатларининг таркиби


Давлат бюджетининг харажат қисми қуйидагилардан иборат:

ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари;

нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш харажатлари;

иқтисодиёт харажатлари;

марказлаштирилган инвестицияларни молиялаштириш харажатлари;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини сақлаб туриш харажатлари;

судларни, адлия ва прокуратура органларини сақлаб туриш харажатлари;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаб туриш харажатлари;

бошқа харажатлар.

Давлат бюджетининг харажат қисми таркибида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира жамғармалари ҳисобга олинади.



70-модда. Ўзбекистон Республикаси республика

бюджетининг харажатлари


Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан қуйидаги харажатлар амалга оширилади:

1) ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари, шу жумладан:

мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим, олий ўқув юртидан кейинги таълим, мактабдан ташқари таълим, кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш муассасалари, болалар уйлари, таълим муассасаларини ахборот-услубий жиҳатдан таъминлаш муассасалари, вазирликлар ва идоралар тасарруфидаги таълим муассасалари, бошқа ёрдамчи муассасаларни сақлаб туриш, шунингдек қонун ҳужжатларида Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилиши назарда тутилган таълим тизими тадбирларининг харажатлари;

республика шошилинч тиббий ёрдам маркази, ОИТСга қарши курашиш республика маркази, Давлат санитария-эпидемиология назорати, карантин ва ўта хавфли инфекциялар профилактикаси, Саломатлик ва тиббиёт статистикаси институти, илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртларининг клиникалари, қон қуйиш хизмати ва суд-тиббиёт экспертизаси республика муассасалари, республика вазирликлари ва идоралари тасарруфидаги бошқа даволаш-профилактика муассасалари ҳамда ёрдамчи ташкилотларни сақлаб туриш, шунингдек қонун ҳужжатларида Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилиши назарда тутилган хизматлар ҳақини тўлаш харажатлари;

қонун ҳужжатларига мувофиқ айрим тоифадаги фуқароларга тиббий хизматлар кўрсатилганлиги учун республика ихтисослаштирилган марказлари харажатларининг ўрнини қоплаш (субсидиялар);

қабул қилинган давлат дастурларига мувофиқ фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тадбирларини амалга ошириш харажатлари;

республика вазирликлари ва идоралари тасарруфидаги маданият, жисмоний тарбия ва спорт муассасаларини сақлаб туриш, теле- ва радиодастурлар яратиш ҳамда уларни тарқатишга доир хизматлар таъминоти ва уларга ҳақ тўлаш, ҳукуматнинг алоҳида қарорларига кўра оммавий ахборот воситаларини сақлаб туриш, кино- ва видеомаҳсулотлар яратиш, маданий мерос объектларида реставрация ишларини бажариш, тасдиқланган календарь режаларга мувофиқ маданият ва спортни ривожлантириш бўйича қонун ҳужжатларида Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилиши назарда тутилган мақсадли тадбирлар харажатлари;

фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновация ишларининг давлат илмий-техник дастурлари доирасида грантлар бўйича амалга ошириладиган илмий-техник лойиҳалар, ноёб илмий объектларни ва фанга хизмат кўрсатувчи муассасаларни сақлаб туриш, илмий лойиҳалар экспертизасини ўтказиш ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳисобидан амалга ошириладиган фанга доир алоҳида тадбирлар харажатлари;

давлат архивларини сақлаб туриш харажатлари;

республика вазирликлари ва идоралари тасарруфидаги уруш ҳамда меҳнат фахрийлари учун пансионатлар ва санаторийларни, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаларини сақлаб туриш, шунингдек қонун ҳужжатларида Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилиши назарда тутилган, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга доир мақсадли тадбирлар харажатлари;

давлат мукофотлари, давлат пул мукофотлари билан тақдирланганлиги муносабати билан бир йўла бериладиган давлат пул мукофотлари ва мукофотларини тўлаш харажатлари;

болаликдан ногиронларга ва бола туғилганда бериладиган нафақаларни, қонун ҳужжатларида айрим тоифадаги шахсларга белгиланган компенсацияларни тўлаш учун ваколатли органга маблағлар ажратиш харажатлари;

Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатларини тугатишда иштирок этган шахсларни ва радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, айрим тоифадаги шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ва компенсацияларни тўлаш харажатлари;

2) давлат грантлари, субсидиялар ва ижтимоий буюртма шаклида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш харажатлари;

3) иқтисодиёт харажатлари, шу жумладан:

қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги республика назорат органларининг харажатлари, сув, қишлоқ, ўрмон хўжалиги харажатлари, қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандаларига қарши курашиш муассасаларининг хизматларига ҳақ тўлаш ва уларни сақлаб туриш харажатлари;

ҳосилдорлиги паст ерларда давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи фермер хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш харажатлари;

қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланадиган ягона ер солиғи бўйича тушумларга мувофиқ бюджетдан ажратиладиган маблағлар ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасининг ҳар йили тасдиқланадиган асосий параметрлари доирасида бюджетдан ажратиладиган мақсадли маблағлар;

қонун ҳужжатларида Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилиши назарда тутилган стандартлаштириш ва сертификатлаштириш, топография-геодезия, картография ва кадастр, шунингдек геология қидирув ишлари, давлат шаҳарсозлик кадастрини юритиш харажатлари, чегарадош давлатларга ҳақ эвазига ердан фойдаланиш тўлови, гидрометеорология хизмати муассасаларини сақлаб туриш харажатлари;

атроф-муҳит ва ландшафтнинг муҳофаза қилинишини, биологик хилма-хилликнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар;

4) республика вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари буюртмачи бўлган марказлаштирилган инвестицияларни молиялаштириш харажатлари;

5) давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини сақлаб туриш харажатлари, шу жумладан:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарини;

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонини;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасини;

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини;

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясини;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) котибиятини;

қонун ҳужжатларида Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағларидан сақлаб турилиши назарда тутилган давлат бошқаруви органларини;

Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги муассасаларини сақлаб туриш харажатлари;

6) судларни, адлия ва прокуратура органларини сақлаб туриш харажатлари;

7) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасини шакллантириш харажатлари;

8) бошқа харажатлар:

сиёсий партияларга уларнинг уставида белгиланган фаолиятини молиялаштириш учун ажратиладиган маблағлар;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплаш;

Ўзбекистон Республикаси иштирокчи бўлган халқаро ташкилотларга аъзолик бадалларини тўлаш ва уларни молиялаштиришда иштирок этиш харажатлари;

давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатиш ва Ўзбекистон Республикасининг кафолатланган мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ харажатлар;

давлат буюртмаси бўйича статистика ишларига ҳақ тўлаш;

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг сайловлар ва референдумларга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш бўйича харажатлари, шу жумладан округ ва участка сайлов комиссияларини, сиёсий партияларни молиялаштириш;

хўжалик жамиятларидаги давлат улушини бошқариш бўйича давлат ишончли вакилларининг хизматларига ҳақ тўлаш;

давлат захиралари ва стратегик захираларни вужудга келтириш, сақлаб ва янгилаб туриш билан боғлиқ харажатлар;

мудофаага, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашга, божхона органларига ажратиладиган маблағлар, шу жумладан ҳарбий хизматни, ички ишлар органларида, божхона органларида хизматни ўтаган шахслар ҳамда уларнинг оилаларига пенсиялар ва нафақалар учун харажатлар, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ фаолияти Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштириладиган муассасалар, ташкилотлар ва идораларга ажратиладиган маблағлар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа харажатлар.

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан:

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига субвенциялар, ўтказиб бериладиган даромадлар ва дотациялар;

давлат мақсадли жамғармаларига бюджет ссудалари ва дотациялар;

юридик шахсларга бюджет ссудалари ва кредит линиялари ҳамда чет давлатларга кредитлар белгиланган тартибда ажратилиши мумкин.



71-модда. Қорақалпоғистон Республикаси республика

бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва

Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг харажатлари


Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан қуйидаги харажатлар амалга оширилади:

1) ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари, шу жумладан:

умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, мактабдан ташқари таълим, педагог кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, бошқа ёрдамчи ва услубий таълим муассасаларини сақлаб туриш харажатлари;

болалар уйлари, давлат болалар шаҳарчаларини сақлаб туриш, қонун ҳужжатларида Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштирилиши назарда тутилган таълим тизимидаги ёрдамчи хизматлар ва мақсадли тадбирлар харажатлари;

Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази филиалини, кўп тармоқли ва ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини, ихтисослаштирилган касалхоналар ва диспансерларни, туғруқхоналар ва акушерлик мажмуаларини, тиббий ташхис қўйиш ва давлат санитария-эпидемиология назорати марказларини, қон қуйиш хизмати ва суд-тиббиёт экспертизаси муассасаларини, Саломатлик ва тиббиёт статистикаси институти филиалини, ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари тасарруфидаги бошқа даволаш-профилактика муассасалари ва ёрдамчи ташкилотларни сақлаб туриш, шунингдек қонун ҳужжатларида Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштирилиши назарда тутилган хизматларга ҳақ тўлаш харажатлари;

қабул қилинган давлат дастурларига мувофиқ фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тадбирларини амалга ошириш харажатлари;

ҳудудий маданият, жисмоний тарбия ва спортни бошқариш органлари тасарруфидаги маданият, жисмоний тарбия ва спорт муассасаларини сақлаб туриш, шунингдек маданият ва спортни ривожлантиришга доир мақсадли тадбирларни амалга ошириш харажатлари;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тасарруфидаги архивларни сақлаб туриш харажатлари;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тасарруфидаги қариялар ва ногиронларнинг интернат-уйлари, пансионатлари ва санаторийлари, ногиронларни реабилитация қилиш марказларини, бошқа муассасаларни сақлаб туриш харажатлари, шунингдек аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга доир мақсадли тадбирлар харажатлари;

шаҳар йўловчилар транспорти ташувчиларининг йўловчиларни ва багажни чекланган тарифлар бўйича ташиш, шунингдек алоҳида тоифадаги фуқароларни имтиёзли ташиш хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ зарарларнинг ўрнини қоплаш харажатлари;

2) иқтисодиёт харажатлари, шу жумладан:

қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат органларини сақлаб туриш, шу жумладан, ҳайвонлар касалликларига қарши курашувчи муассасалар хизматларига ҳақ тўлаш, шунингдек ерларни рекультивация қилиш ишларини бажариш;

уй-жой-коммунал хўжалиги объектларида таъмирлаш ишларини олиб бориш;

сув йўлларининг айрим техник участкаларини сақлаб туриш;

аҳоли пунктларини ободонлаштириш;

шаҳарларнинг, бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларини ва хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини таъмирлаш, шунингдек айрим ташкилотлар харажатлари;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ўрмон хўжалигини сақлаб туриш харажатлари;

3) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари буюртмачи бўлган марказлаштирилган инвестицияларни молиялаштириш харажатлари;

4) маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини, шу жумладан:

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесини;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, уларнинг бошқармалари ва бўлимларини сақлаб туриш харажатлари;

5) Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира жамғармаларини шакллантириш харажатлари;

6) давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш харажатлари;

7) Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ташкилотлар ва тадбирларнинг харажатлари.

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига бюджет ссудалари, дотациялар, субвенциялар ва ўтказиб бериладиган даромадлар ажратилиши мумкин.



72-модда. Туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг харажатлари


Туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан қуйидаги харажатлар амалга оширилади:

1) ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари, шу жумладан:

туманлар (шаҳарлар) халқ таълими муассасалари фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлаш ва ташкил этиш бўлимларини, шунингдек улар тасарруфидаги мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, мактабдан ташқари таълим муассасаларини сақлаб туриш ҳамда қонун ҳужжатларида туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштирилиши назарда тутилган таълим тизимидаги тадбирлар харажатлари;

туманлар (шаҳарлар) тиббиёт бирлашмалари тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларини ҳамда давлат санитария-эпидемиология назорати туман, шаҳар муассасаларини сақлаб туриш харажатлари;

қабул қилинган давлат дастурларига мувофиқ фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тадбирларини амалга ошириш харажатлари;

туманлар (шаҳарлар) маданият бўлимлари тасарруфидаги маданият муассасаларини, жисмоний тарбия ва спорт муассасаларини сақлаб туриш, шунингдек маданиятни, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга доир мақсадли тадбирлар харажатлари;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан кам таъминланган оилаларга тайинланадиган ҳамда тўланадиган ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам ҳамда табиий офатлардан жабрланган оилаларга моддий ёрдам, уйда ижтимоий ёрдам кўрсатиш, Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатларини тугатишда иштирок этган шахсларни ва радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари;

2) иқтисодиёт харажатлари, шу жумладан:

туманлар ва шаҳарлар давлат ветеринария бўлимларини, лабораторияларини сақлаб туриш;

шаҳарларнинг ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларини, шунингдек хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини таъмирлаш;

уй-жой-коммунал хўжалиги объектларида таъмирлаш ишларини олиб бориш;

аҳоли пунктларини ободонлаштириш харажатлари;

3) туман ва шаҳар ҳокимликларини ҳамда уларнинг бўлимларини сақлаб туриш харажатлари;

4) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаб туриш харажатлари;

5) бошқа харажатлар, шу жумладан, қонун ҳужжатларида туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштирилиши назарда тутилган айрим ташкилотлар ва тадбирларнинг харажатлари.



73-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг,

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг,

вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри

шаҳар бюджетининг захира жамғармалари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира жамғармалари молия йили мобайнида иқтисодий, ижтимоий-маданий ва бошқа соҳалардаги қўшимча, кўзда тутилмаган харажатлар ўз вақтида ҳамда узлуксиз молиялаштирилишини таъминлаш учун ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира жамғармалари маблағлари тегишинча Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига тушадиган даромадлар ҳисобидан шакллантирилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира жамғармалари миқдори асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ҳамда Давлат бюджетининг асосий параметрлари тасдиқланаётганда белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира жамғармалари маблағларининг тақсимловчилари тегишинча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларидир.

Агар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира жамғармаларидан қўшимча маблағлар ажратилиши таклиф этилаётган мақсадлар учун Давлат бюджетида ҳам маблағлар назарда тутилган бўлса, у ҳолда тегишли захира жамғармаларининг маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги таклифлар фақат илгари тегишли бюджетда назарда тутилган маблағлар сарфлаб бўлинганидан кейингина киритилади.

Агар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира жамғармаларидан маблағлар ажратилган тадбирлар муайян муддатга эга бўлса, у ҳолда фойдаланилмай қолган маблағлар тадбирларни ўтказиш муддати тугаганидан кейин ўн иш куни ичида тегишли захира жамғармасига тикланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира жамғармасидан ажратилиб, молия йили давомида фойдаланилмай қолган бюджетдан ажратилган маблағлар молия йили тугагач тегишли бюджетга тикланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира жамғармасидан маблағлар олувчилар ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва тегишли ҳудудий молия органларига тегишли захира жамғармасидан ажратилган маблағлардан фойдаланилиши тўғрисида ҳисобот тақдим этади.



14-БОБ. ДАВЛАТ МАҚСАДЛИ

ЖАМҒАРМАЛАРИНИНГ ХАРАЖАТЛАРИ


74-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия

жамғармасининг харажатлари


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг маблағларидан:

ишлаётган пенсионерларга давлат пенсияларини тўлаш;

ишламайдиган пенсионерларга давлат пенсияларини тўлаш;

давлат пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлмаган қариялар ва меҳнатга қобилиятсиз фуқароларга нафақалар;

дафн этиш маросими учун нафақалар;

белгиланган тартибда аниқланадиган бошқа харажатлар учун фойдаланилади.


75-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси харажатлари


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасининг маблағларидан:

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, сақлаш, шу жумладан, жиҳозлаш (технологик асбоб-ускуналар, техника ва машина-механизмлар олиш);

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари соҳасидаги махсус ваколатли орган, унинг ҳудудий йўл-эксплуатация ташкилотлари бошқарув аппарати ходимларининг ҳамда муҳандис-техник ходимларининг ва Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси ходимларининг малакасини ошириш;

Жамғарманинг ижро этувчи дирекциясини, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари соҳасидаги махсус ваколатли органнинг ижро этувчи девонини ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий йўл-эксплуатация ташкилотларини сақлаб туриш;

белгиланган тартибда аниқланадиган бошқа харажатлар учун фойдаланилади.


76-модда. Давлат мулкини хусусийлаштиришдан

тушган маблағлар жамғармасининг харажатлари


Давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар жамғармасининг маблағларидан:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра бир йўла тўланадиган тўловлар;

давлат активларини олиш бўйича белгиланган тартибда бекор қилинган шартномалар юзасидан маблағларни сотиб олувчиларга қайтариш;

давлат активларини реализация қилиш билан боғлиқ харажатлар;

давлат корхоналарини хусусийлаштиришда акцияларни чиқариш, сақлаш ва реализация қилиш билан боғлиқ харажатлар;

баҳолаш, илмий-тадқиқот, аудиторлик, молиявий, консалтинг ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар, мустақил экспертларнинг амалий тадқиқотларни бажариш, тегишли экспертизани ўтказиш, норматив-услубий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, давлат активларини сотишдан олдинги тайёргарликни ўтказиш хизматлари ҳақини тўлаш харажатлари;

юридик шахсларнинг акциялари, улушлари, пайларини, шунингдек бошқа активларни давлат манфаатларини кўзлаб олиш билан боғлиқ харажатлар;

давлат активларини бошқариш бўйича хизматлар ҳақини тўлаш харажатлари;

белгиланган тартибда аниқланадиган бошқа мақсаддаги харажатлар учун фойдаланилади.

Давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар жамғармасининг маблағлари, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган харажатлар чегириб ташланган ҳолда, қуйидагича тақсимланади ва йўналтирилади:

1) хусусийлаштиришдан тушган маблағларга, давлат активлари юзасидан тузилган ҳамда бекор қилинган олди-сотди шартномалари бўйича жарималар ва пенялар суммаларига, берилган кредитлар ва қарзлардан тушган маблағларга тааллуқли қисми:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига;

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш, бозор инфратузилмаси институтларини шакллантириш учун Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига;

бундай маблағларни мақсадли равишда фақат бозор инфратузилмасини ривожлантириш ва тадбиркорларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга йўналтириш учун Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига;

тақсимлаш ва бошқариш вазифаларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун, шу жумладан Хусусийлаштириш, давлат активларини хусусийлаштириш жараёнини ахборот жиҳатидан таъминлаш ва қўллаб-қувватлаш бўйича давлат дастурини амалга ошириш, шунингдек қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш харажатлари учун давлат активларини бошқарувчи ваколатли органнинг ҳисобварақларига йўналтирилади;

2) резидентлар томонидан ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушган маблағларга тааллуқли қисми:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига инфратузилмани ривожлантириш ҳамда ҳудудларни ободонлаштириш учун мақсадли равишда фойдаланиш учун йўналтирилади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган йўналишлар бўйича тақсимланадиган маблағлар улуши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланади.



77-модда. Ўзбекистон Республикаси Бандликка

кўмаклашиш давлат жамғармасининг харажатлари


Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағларидан:

ишсиз деб топилган шахсларни касбий тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш харажатлари;

ишсизлик бўйича нафақалар, бандликка кўмаклашиш марказлари таклифига биноан ишлаш учун бошқа жойга ихтиёрий равишда кўчиб ўтиш муносабати билан компенсациялар тўлаш ҳамда ишсизларга моддий ёрдам бериш;

ишсиз деб топилган шахсларга муддатидан илгари пенсия тайинланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси харажатларининг ўрнини қоплаш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жамоат ишларига ҳақ тўлаш;

ногиронлар, фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган бошқа тоифалари меҳнатидан фойдаланиш учун ихтисослаштирилган иш ўринларини ва ишлаб чиқаришларни ташкил этишга доир тадбирларни қисман молиялаштириш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бандликка кўмаклашиш марказларининг алоҳида бўлинмаларини сақлаб туриш, шунингдек уларни моддий-техник жиҳатдан таъминлаш;

республика миқёсида ва ҳудудий миқёсда социологик кузатувларни ташкил этиш ва ўтказиш, бандлик масалалари бўйича аҳолининг айрим гуруҳларида анкета сўровларини ўтказиш;

меҳнат бозорининг республика ва ҳудудий ахборот тизимларини яратиш ва уларнинг дастурий таъминотини ишлаб чиқиш, шу жумладан, техника воситалари олиш;

иш билан банд бўлмаган аҳолига ёрдам кўрсатиш, шу жумладан, ишга жойлаштиришга кўмаклашиш ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар;

аҳоли бандлиги билан боғлиқ масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни ҳамда халқаро лойиҳалар ва шартномаларни амалга оширишни молиялаштириш;

чет элга ишга юборилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ишга жойлаштирилишини ташкил этиш ва уларнинг ижтимоий муҳофаза қилинишини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар;

белгиланган тартибда аниқланадиган бошқа мақсадлар учун фойдаланилади.


78-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари,

касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт

муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал

таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасининг харажатлари


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасининг маблағларидан:

умумий ўрта таълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, ўқув-лаборатория ва ишлаб чиқариш ускуналари, компьютер техникаси ҳамда ахборот-коммуникация технологияларининг таълимга кўмаклашувчи бошқа элементлари, ўқув мебели ва анжомлари билан тизимли равишда қайта жиҳозлаш ишларини молиялаштириш;

соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларини молиялаштириш;

соғлиқни сақлаш муассасаларини энг янги лаборатория, ташхис қўйиш ва даволаш асбоб-ускуналари, компьютер техникаси ҳамда бошқа тиббий аппаратлар, махсус мебель ва анжомлар билан жиҳозлаш ҳамда тизимли равишда қайта жиҳозлашни молиялаштириш;

белгиланган тартибда аниқланадиган бошқа мақсадлар учун фойдаланилади.


79-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив

ҳолатини яхшилаш жамғармаси харажатлари


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасининг маблағларидан:

суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастурлари доирасида магистрал (вилоятлараро), туманлараро, хўжаликлараро очиқ коллекторларни ва улардаги иншоотларни, ёпиқ горизонтал дренаж тармоқларини, вертикал дренаж қудуқларни, мелиоратив насос станцияларини ҳамда кузатиш тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тозалаш;

суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастурларига киритиладиган лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ лойиҳа-қидирув ҳужжатларини ихтисослаштирилган лойиҳалаш ташкилотлари томонидан ишлаб чиқиш;

ихтисослаштирилган қурилиш ва фойдаланиш ташкилотлари, сув истеъмолчилари уюшмаларининг мелиоратив техника паркини маблағларни қайтариш асосида янгилашни, шу жумладан, узоқ муддатли имтиёзли лизинг шартлари асосида янгилашни молиялаштириш тадбирлари;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини бошқариш департаментини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг қурилаётган корхоналар бирлашган дирекцияларининг мелиорацияга тааллуқли қисмини сақлаб туриш;

суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастурларида назарда тутилган бошқа ишлар учун фойдаланилади.


80-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги Олий ўқув юртларининг моддий-техника

базасини ривожлантириш жамғармаси харажатлари


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағларидан:

олий ўқув юртларининг ўқув-лаборатория корпусларини, спорт залларини ва талабалар яшаб турган жойларни ҳамда бошқа инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларини молиялаштириш;

олий ўқув юртларининг ўқув-лаборатория корпусларини, спорт залларини, талабалар яшаб турган жойларни ҳамда биргаликда фойдаланиладиган олий ўқув юртлариаро илмий-лаборатория комплексларини мебель, замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари ва илмий асбоб-ускуналар, ахборот-коммуникация техникаси ва спорт анжомлари билан жиҳозлашни молиялаштириш;

белгиланган тартибда аниқланадиган бошқа мақсадлар учун фойдаланилади.



15-БОБ. БЮДЖЕТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ БЮДЖЕТДАН

ТАШҚАРИ ЖАМҒАРМАЛАРИ ХАРАЖАТЛАРИ


81-модда. Бюджет ташкилотининг ривожлантириш жамғармаси

ҳамда Тиббиёт ташкилотларининг моддий рағбатлантириш

ва ривожлантириш жамғармаси харажатлари


Бюджет ташкилотининг ривожлантириш жамғармаси ҳамда Тиббиёт ташкилотларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси маблағларидан:

вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаларини ва мавжуд кредиторлик қарзларини тўлаш;

бюджет ташкилотининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тадбирлари;

бюджет ташкилоти ходимларини моддий рағбатлантириш тадбирлари учун фойдаланилади.

Бюджет ташкилотида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича тўланмаган нафақалар ва муддати ўтган кредиторлик қарз мавжуд бўлган тақдирда, Бюджет ташкилотининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари биринчи навбатда ушбу қарзларни тўлаш учун сарфланади.

Ушбу модда биринчи қисмининг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган йўналишлар бўйича тақсимланадиган маблағлар улуши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланади.

Юридик ва жисмоний шахслар томонидан бюджет ташкилотларига кўрсатилган ҳомийлик маблағларининг жами суммаси, агар ҳомий томонидан бошқача қоида белгиланмаган бўлса, бюджет ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун сарфланади.



82-модда. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг

бюджетдан ташқари жамғармалари харажатлари


Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларидан:

моддий-техник базани мустаҳкамлаш;

ходимларни моддий рағбатлантириш;

бошқа харажатларни қоплаш учун фойдаланилади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан ходимларнинг қўшимча сонини сақлаб туриш тақиқланади, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган ҳоллар бундан мустасно.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



МАХСУС ҚИСМ


VI БЎЛИМ.

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИНИ ВА ДАВЛАТ МАҚСАДЛИ

ЖАМҒАРМАЛАРИ БЮДЖЕТЛАРИНИ ТУЗИШ,

КЎРИБ ЧИҚИШ, ҚАБУЛ ҚИЛИШ

ҲАМДА ТАСДИҚЛАШ


16-БОБ. ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ВА ДАВЛАТ МАҚСАДЛИ

ЖАМҒАРМАЛАРИ БЮДЖЕТЛАРИНИНГ

ЛОЙИҲАСИНИ ТУЗИШ ТАРТИБИ

83-модда. Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари

бюджетларининг лойиҳасини тузиш


Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳаси ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва молия йили учун мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози асосида тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига бир молия йилидан ортиқ муддатга тузилган Давлат бюджетини ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини қабул қилиш тўғрисида таклиф киритишга ҳақли.

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳасини тузиш:

бюджет сўровини тузиш тартибини юборишни;

бюджет сўровларини ҳамда асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозларини тайёрлаш ва тақдим этишни;

бюджет сўровларини кўриб чиқиш ва жамлашни;

бюджетномани ишлаб чиқишни назарда тутади.


84-модда. Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари

бюджетлари лойиҳаларини тузиш учун масъул органлар


Давлат бюджети лойиҳасини тузиш учун масъул органлар қуйидагилардир:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бюджетлар лойиҳаларини тузиш, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан сўралган ахборот ва маълумотларни тақдим этишга тааллуқли қисми бўйича.

Давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳаларини тузиш учун масъул органлардир.



85-модда. Бюджет сўрови


Бюджет сўрови:

бюджет ташкилотининг, бюджет маблағлари олувчининг ва бюджет маблағларини тақсимловчининг бюджет тизими бюджетлари маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ фаолиятининг миқдор ва сифат кўрсаткичларини ўз ичига олувчи, ўтган йилда эришилган натижалар ва жорий йилда кутилаётган натижалар тўғрисидаги таҳлилий ҳисоботни;

харажат мажбуриятларининг уларни киритиш (ижро этиш) учун асос бўладиган ҳамда молиялаштириш манбалари ва амал қилиш муддатларини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шартномалар ва (ёки) уларнинг алоҳида қоидалари кўрсатилган реестрини;

бюджет маблағларини тақсимловчининг ривожлантириш дастурини;

бюджет маблағларини тақсимловчининг ривожлантириш дастури билан узвий боғлиқ ҳолда тузилган келгуси давр учун бюджет буюртмасини ўз ичига олади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар бюджет сўрови билан бир вақтда тегишли бюджетлар ва давлат мақсадли жамғармалари даромадларининг келгуси давр учун прогнозларини тақдим этади.

Бюджет сўровини тузиш тартиби:

Давлат бюджети бўйича - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан;

давлат мақсадли жамғармалари бўйича - уларнинг тақсимловчи органлари томонидан белгиланади.



86-модда. Ўтган йилда эришилган натижалар ва жорий йилда

кутилаётган натижалар тўғрисидаги таҳлилий ҳисобот


Ўтган йилда эришилган натижалар ва жорий йилда кутилаётган натижалар тўғрисидаги таҳлилий ҳисобот бюджет ташкилоти, бюджет маблағлари олувчи ва бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан тузилади ҳамда бюджет ташкилоти, бюджет маблағлари олувчи ва бюджет маблағларини тақсимловчининг фаолиятини баҳолаш, бундан буён уни бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ҳисобидан молиялаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида таклифлар тайёрлаш учун фойдаланилади.

Ўтган йилда эришилган натижалар ва жорий йилда кутилаётган натижалар тўғрисидаги таҳлилий ҳисобот бюджет ташкилоти, бюджет маблағлари олувчи ва бюджет маблағларини тақсимловчининг ҳар бир фаолият тури бўйича ўтган йилда эришилган ва жорий йилда кутилаётган натижаларининг асосий миқдор ва сифат кўрсаткичлари ҳақидаги ахборотни ўз ичига олади.

Ўтган йилда эришилган натижалар ва жорий йилда кутилаётган натижалар тўғрисидаги таҳлилий ҳисобот қисқа ва аниқ шаклда баён этилиши ҳамда у мазкур фаолият соҳасида касбий билимларга эга бўлмаган шахсларнинг уни тушунишини қийинлаштирадиган махсус атамаларни ўз ичига олмаслиги керак.



87-модда. Харажат мажбуриятларининг реестри


Харажат мажбуриятларининг реестри бюджет ташкилоти, бюджет маблағлари олувчи ва бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан амалга ошириладиган фаолият турлари ва тадбирларнинг бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ҳисобидан уни молиялаштириш учун асос бўлган тегишли қонун ҳужжати кўрсатилган рўйхатидир.

Харажат мажбуриятларининг реестри бюджет ташкилоти, бюджет маблағлари олувчи ва бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан ўзлари амалга ошираётган харажатларни асосланганлиги нуқтаи назаридан таҳлил қилиш учун бюджет таснифига мувофиқ тузилади.



88-модда. Бюджет маблағларини тақсимловчининг

ривожлантириш дастури


Бюджет маблағларини тақсимловчининг ривожлантириш дастури бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан уч йилдан кам бўлмаган давр учун тузилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:

бюджет маблағларини тақсимловчи фаолиятининг барча соҳалари бўйича ривожланишнинг асосий йўналишлари, мақсадлари ва вазифаларини;

мақсадларга эришиш ва вазифаларни бажаришга қаратилган ўзаро боғлиқ ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий ва техник тадбирлар мажмуини;

мақсадларга эришиш ва вазифаларни бажаришни таъминлайдиган, муддатлари ва турлари бўйича келишилган кутилаётган натижалар кўрсаткичлари тизимини.

Бюджет маблағларини тақсимловчининг ривожлантириш дастури Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан белгиланган мақсад ва вазифаларга асосланади.

Бюджет маблағларини тақсимловчининг ривожлантириш дастури бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан юқори турувчи орган билан келишилган ҳолда тасдиқланади.



89-модда. Бюджет буюртмаси


Бюджет буюртмаси бюджет ташкилоти, бюджет маблағлари олувчи ва бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан тузилади.

Бюджет ташкилоти ёхуд бюджет маблағлари олувчи томонидан тузилган бюджет буюртмаси тегишли бюджет маблағларини тақсимловчига бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан белгиланган муддатда, бироқ тегишли молия органи ва давлат мақсадли жамғармасини тақсимловчи органга бюджет сўровини тақдим этиш муддатидан кечиктирмасдан тақдим этилади.

Бюджет буюртмасида ўтган ва жорий йиллар учун ҳамда келгуси уч йил учун бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган харажатлар бюджет таснифига мувофиқ акс эттирилади.

Бюджет маблағларини тақсимловчи ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджет буюртмалари асосида жамланма бюджет буюртмасини тузади.

Бюджет маблағларини тақсимловчининг жамланма бюджет буюртмаси бюджет маблағларини тақсимловчининг ривожлантириш дастури билан узвий боғлиқ ҳолда тузилади.

Бюджет буюртмасида харажатлар ҳажмларини ўтган йилларга нисбатан кўпайтиришга фақат асословчи қонун ҳужжати бўлган тақдирда ва мазкур кўпайтириш бюджет маблағларини тақсимловчининг ривожлантириш дастурида назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.



90-модда. Бюджет сўровини тузиш тартибини юбориш


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили 15 апрелга қадар келгуси давр учун бюджет сўровини тузиш тартибини:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети лойиҳасини тайёрлаш учун - бюджет маблағларини тақсимловчиларга;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари лойиҳаларини тайёрлаш учун - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддатларда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идоралардан Давлат бюджети лойиҳасининг даромад қисми бўйича таклифлар сўрайди.

Бюджет маблағларини тақсимловчилар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар келгуси давр учун бюджет сўровини тузиш тартибини олгандан сўнг уч иш куни ичида тегишли бюджет сўровларини тузиш тўғрисида ва уларни тайёрлаш муддатларини белгилаш ҳақида қарорлар қабул қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган қарорлар қабул қилинганидан сўнг уч иш куни ичида келгуси давр учун бюджет сўровини тузиш тартибини:

тегишли бюджетлар лойиҳаларини тайёрлаш учун - туман ва шаҳар ҳокимларига;

бюджет сўровларини тузиш учун - Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ҳамда бюджет маблағлари олувчиларга юборади.

Туман ва шаҳар ҳокимлари келгуси давр учун бюджет сўровини тузиш тартибини олгандан сўнг уч иш куни ичида тегишли бюджетлар лойиҳаларини тузиш тўғрисида ва уларни тайёрлаш муддатларини белгилаш ҳақида қарорлар қабул қилади.

Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари ушбу модданинг бешинчи қисмида кўрсатилган қарорлар қабул қилинганидан сўнг уч иш куни ичида келгуси давр учун бюджет сўровини тузиш тартибини туманлар ва шаҳарлар бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотларига ва бюджет маблағлари олувчиларга бюджет сўровларини тузиш учун юборади.



91-модда. Бюджет сўровларини кўриб чиқиш тартиби


Бюджет сўровларини кўриб чиқиш:

туманлар ва шаҳарлар бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар бўйича - туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари томонидан;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар бўйича, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетлари лойиҳалари бўйича - Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари томонидан;

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштириладиган тасарруфдаги бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар бўйича - бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан;

бюджет маблағларини тақсимловчилар, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари лойиҳалари, шунингдек давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари лойиҳалари бўйича - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идораларнинг Давлат бюджети лойиҳасининг даромад қисми бўйича таклифларини кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Бюджет сўровлари кўриб чиқилаётганда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига бюджет сўровлари олинганидан кейин ўн иш куни ичида қуйидагиларга ёзма билдиришлар юбориш ҳуқуқи берилади:

бюджет маблағларини тақсимловчиларга ва давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органларга - амалга ошириш учун асослар мавжуд бўлмаган, ижтимоий-иқтисодий самарадорлиги паст бўлган, бюджет даромадларининг тегишли ўсиши билан таъминланмаган харажатларни камайтириш тўғрисида, шунингдек бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичлари пасайган ҳолларда харажатларни мақбуллаштириш ҳақида;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органларга - тегишли бюджетлар ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари даромадлари ҳамда харажатларининг прогнозлари асоссиз равишда пасайтирилган ёки оширилган ҳолларда, мазкур прогнозларга тузатиш киритиш тўғрисида.

Ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган ҳолларда бюджет маблағларини тақсимловчилар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ёзма билдиришларини олгандан кейин уч иш куни ичида мазкур ёзма билдиришларда кўрсатилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда янгиланган бюджет сўровларини тақдим этиши шарт.



92-модда. Бюджет сўровларини тақдим этиш муддатлари


Келгуси давр учун бюджет сўровлари:

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан, туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар томонидан тегишли молия органларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштириладиган тасарруфдаги бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар томонидан бюджет маблағларини тақсимловчиларга - жорий йилнинг 1 июнигача;

бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига - жорий йилнинг 1 июлигача;

давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига - жорий йилнинг 1 июлигача тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идоралар Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари даромадларининг прогнози бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ва давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органларга - жорий йилнинг 15 июнигача тақдим этади.



93-модда. Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг

ҳамда давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг

лойиҳаларини тайёрлаш муддатлари


Келгуси молия йили учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ҳамда давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари:

туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармаларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган муддатларда, бироқ жорий йилнинг 25 июнидан кечиктирмай;

Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари, давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига жорий йилнинг 1 июлидан кечиктирмай тақдим этилади.

Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳаларини тайёрлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



94-модда. Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг

лойиҳаларини ишлаб чиқиш


Туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг лойиҳалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари томонидан:

даромадлар бўйича - Давлат бюджетига киритиладиган даромадлар прогнозига доир таклифлар ҳамда давлат солиқ инспекциялари, ҳокимликларнинг бўлимлари ва давлат бошқаруви органларининг бошқа туман ҳамда шаҳар бўлинмалари томонидан маъмурий-ҳудудий бирлик иқтисодиётини ривожлантиришнинг макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнозига мувофиқ тақдим этиладиган бошқа ахборот асосида;

харажатлар бўйича - туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджет сўровлари асосида ишлаб чиқилади.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг лойиҳалари Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари томонидан:

даромадлар бўйича - Давлат бюджетига киритиладиган даромадлар прогнозига доир таклифлар ҳамда давлат солиқ бошқармалари ва ҳокимликларнинг бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат бошқаруви органларининг бўлинмалари томонидан маъмурий-ҳудудий бирлик иқтисодиётини ривожлантиришнинг макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнозига мувофиқ тақдим этиладиган бошқа ахборот асосида;

харажатлар бўйича - Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджет сўровлари ҳамда тегишли туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг лойиҳалари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириладиган айрим тадбирлар учун харажатларнинг прогноз қилинаётган ҳажми асосида ишлаб чиқилади.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари лойиҳаларини тақчиллик билан ишлаб чиқишга йўл қўйилмайди.



95-модда. Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли

жамғармалари бюджетларининг лойиҳасини

ишлаб чиқиш


Давлат бюджетининг лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан:

макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози;

даромадларнинг ташкил топиш манбалари бўйича Давлат бюджети даромадлари прогнози;

бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджет сўровлари ва Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳисобидан айрим тадбирлар учун харажатлар ҳажмининг прогнози;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетлари лойиҳалари асосида ишлаб чиқилади.

Давлат бюджетининг лойиҳасида харажатлар даромадларнинг прогноз қилинаётган ҳажмидан келиб чиқиб Давлат бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори ҳисобга олинган, уни қоплаш манбалари белгиланган ҳолда назарда тутилади.

Давлат бюджетининг лойиҳаси:

ушбу Кодекснинг 50 ва 69-моддаларига мувофиқ Давлат бюджетининг даромадлар манбалари бўйича даромадлари ва йўналишлар бўйича харажатлари прогнозидан;

Давлат бюджети тақчиллигининг энг юқори миқдори ва уни қоплаш манбаларидан таркиб топади.

Давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан ишлаб чиқилган давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари тушумлар манбалари бўйича даромадлар ва йўналишлар бўйича харажатлар прогнозидан таркиб топади.

Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳаларини тақчиллик билан ишлаб чиқишга йўл қўйилмайди.



96-модда. Бюджетнома


Бюджетнома - эришилган натижалар ҳисобга олинган ҳолда мамлакатни келгуси давр учун ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларини назарда тутадиган ҳужжат бўлиб, ушбу йўналишлар асосида Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари шакллантирилади.

Бюджетнома:

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ўтган йилги асосий якунлари ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг жорий йилги якунларининг прогноз баҳосини;

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозини;

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари жорий йилдаги ижросининг прогноз баҳосини;

солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳасини;

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳасини;

давлат қарзининг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни;

солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳасига доир тушунтириш хатини ўз ичига олади.

Бюджетнома:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига - жорий йилнинг 15 сентябрига қадар киритилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига хулоса тақдим этиши учун - жорий йилнинг 20 сентябрига қадар киритилади. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари бўйича икки ҳафталик муддатда хулоса тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига - Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосаси билан жорий йилнинг 15 октябридан кечиктирмай киритилади.



17-БОБ. ДАВЛАТ БЮДЖЕТИНИ ВА ДАВЛАТ

МАҚСАДЛИ ЖАМҒАРМАЛАРИ БЮДЖЕТЛАРИНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ, ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ


97-модда. Бюджетномани кўриб чиқиш ва Давлат бюджетини,

давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ҳамда солиқ

ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини қабул қилиш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган бюджетнома Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари навбатдаги йил учун Давлат бюджетини, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини қабул қилади.


98-модда. Асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозини

ва Давлат бюджетининг асосий параметрларини тасдиқлаш


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг навбатдаги йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қарорларини ижро этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинади, унда:

асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози;

Давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг асосий параметрлари;

Давлат бюджети тақчиллигининг энг юқори миқдори ва уни қоплаш манбалари;

давлат мақсадли жамғармаларининг асосий параметрлари;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкалари миқдорлари;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлари ва харажатлари ҳажмлари, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан субвенциялар, ўтказиб бериладиган даромадлар ва дотацияларнинг чекланган миқдорлари;

умумдавлат солиқлари тушумларидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига ажратмаларнинг нормативлари;

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари айланма касса маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдорлари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира жамғармалари миқдорлари тасдиқланади.



99-модда. Қорақалпоғистон Республикаси бюджетини, вилоятлар

ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини тасдиқлаш


Ўзбекистон Республикаси Президентининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ва Давлат бюджетининг асосий параметрларини тасдиқлашга доир қарорига мувофиқ, қарор қабул қилингандан сўнг бир ҳафталик муддатда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари даромадлари ҳамда харажатларининг ҳажмлари қабул қилинади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қабул қилган қарорларга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўн иш куни ичида:

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг даромадлари ва харажатлари ҳажмларини, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан субвенциялар, ўтказиб бериладиган даромадлар ва дотацияларнинг чекланган миқдорларини;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари таркибига кирадиган туманлар ва шаҳарлар бюджетларига умумдавлат солиқ тушумларидан ажратмаларнинг нормативларини. Умумдавлат солиқларидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари таркибига кирувчи туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ажратмаларнинг нормативлари айни шу солиқлардан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига ажратмаларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан белгиланган нормативларидан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланади;

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира жамғармалари миқдорларини;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари таркибига кирадиган туманлар ва шаҳарлар бюджетлари айланма касса маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдорларини тасдиқлаш бўйича қарорлар қабул қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси бюджетини, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорларига мувофиқ халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг даромадлари ҳамда харажатлари ҳажмлари уч иш куни ичида қабул қилинади.

Халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг қарорларига мувофиқ туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг даромадлари ҳамда харажатлари ҳажмларини тасдиқлаш бўйича уч иш куни ичида қарорлар қабул қилади.


100-модда. Давлат бюджетини ва давлат мақсадли

жамғармалари бюджетларини етказиш


Давлат бюджетининг, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг асосий параметрлари тасдиқланганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари даромадлари ва харажатлари ҳажмларини, шунингдек уларга Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан бериладиган субвенциялар, ўтказиб бериладиган даромадлар ва дотациялар ҳажмларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари эътиборига - уч иш куни ичида;

бюджет маблағларини тақсимловчилар ва давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар учун белгиланган даромадлар ва харажатларнинг ҳажмларини уларнинг эътиборига - ўн иш куни ичида етказади.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари тасдиқлангандан кейин Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари:

туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг даромадлари ва харажатлари ҳажмларини, шунингдек уларга тегишинча Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан бериладиган субвенциялар, ўтказиб бериладиган даромадлар ҳамда дотациялар ҳажмларини туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари эътиборига - уч иш куни ичида;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ҳамда бюджет маблағлари олувчилар эътиборига улар учун назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳажмларини - бир ҳафталик муддатда етказади.

Туманлар ва шаҳарлар бюджетлари тасдиқланганидан кейин туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ҳамда бюджет маблағлари олувчилар эътиборига улар учун назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг ҳажмларини бир ҳафталик муддатда етказади.


101-модда. Ўзбекистон Республикасининг

Фавқулодда Давлат бюджети


Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда Давлат бюджети Ўзбекистон Республикасининг Президенти қарорига кўра фавқулодда ҳолат шароитларида қабул қилинадиган бюджетдир.

Ижро этувчи ҳокимият органлари фавқулодда ҳолат шароитларида бюджет соҳасидаги ваколатларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда Давлат бюджетининг амал қилиши даврида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисидаги қарорларининг, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг Қорақалпоғистон Республикасининг бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари даромадлари ва харажатлари ҳажми ҳақидаги қарорларининг амал қилиши тўхтатиб турилади.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда Давлат бюджетининг амал қилиши тугатилиши билан Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари параметрларига аниқлик киритилади.



18-БОБ. ХАРАЖАТЛАР СМЕТАЛАРИНИ ВА ШТАТ

ЖАДВАЛЛАРИНИ ТУЗИШ ҲАМДА ТАСДИҚЛАШ,

УЛАРНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


102-модда. Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари

олувчиларнинг харажатлар сметаларини тузиш


Харажатлар сметалари бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар томонидан, йил ойлари бўйича тақсимланган ҳолда:

харажатларнинг биринчи - учинчи гуруҳлари бўйича харажатларнинг моддаларига кўра ажратиб;

харажатларнинг тўртинчи гуруҳи бўйича харажатларнинг моддаларига кўра ажратмасдан тузилади.

Харажатлар сметасига харажатларнинг моддалари бўйича тўртинчи гуруҳ харажатлари ёйилмаси, шунингдек давлат эҳтиёжлари учун устувор равишда кичик тадбиркорлик субъектларидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) гуруҳларининг рўйхати бўйича харажатлар ёйилмаси илова қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг дипломатик муассасалари бўйича харажатлар сметалари ҳар бир дипломатик муассаса бўйича алоҳида-алоҳида хорижий ва миллий валюталарда тузилади.

Бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметалари икки нусхада, бюджет маблағларини тақсимловчи тасарруфидаги бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар бўйича уч нусхада тузилади.

Молия органлари ва бюджет маблағларини тақсимловчилар бюджет ташкилотлари ҳамда бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаларига доир ҳисоб-китобларни талаб қилишга ҳақлидир.

Бюджет маблағларини тақсимловчи ўз тасарруфидаги ташкилотлардан келиб тушган харажатлар сметаларини молия йили учун бюджет маблағларини тақсимловчига бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳажми доирасида кўриб чиқади ва бюджет маблағларини тақсимловчининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этиладиган жамланма харажатлар сметасини тузади.

Харажатлар сметасининг, жамланма харажатлар сметасининг ва уларга доир иловаларнинг шакллари, шунингдек уларни тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланади.


103-модда. Бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари

олувчиларнинг харажатлар сметаларини тасдиқлаш


Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаси ташкилот бош бухгалтери (унинг ўринбосари) ва молия-иқтисод бўлинмаси бошлиғи (штат жадвалига мувофиқ молиявий-иқтисодий масалалар бўйича мутахассис) томонидан имзоланади ҳамда ташкилот раҳбари ёки у ваколат берган шахс томонидан тасдиқланади.

Бюджет маблағларини тақсимловчининг жамланма харажатлар сметаси бюджет маблағларини тақсимловчининг бош бухгалтери (унинг ўринбосари) ва молия-иқтисод бўлинмаси бошлиғи (штат жадвалига мувофиқ молиявий-иқтисодий масалалар бўйича мутахассис) томонидан имзоланади ҳамда бюджет маблағларини тақсимловчининг раҳбари ёки у ваколат берган шахс томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг дипломатик муассасалари бўйича харажатлар сметалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг бош бухгалтери ва молия-иқтисод бошқармаси бошлиғи томонидан имзоланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ва Ўзбекистон Республикаси молия вазири ёки улар ваколат берган шахслар томонидан тасдиқланади.

Капитал қурилиш объектлари бўйича харажатларнинг сметалари буюртмачи томонидан тасдиқланган қурилишларнинг манзилли рўйхатлари ва объектларнинг титул рўйхатлари асосида тузилади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаларини, бюджет маблағларини тақсимловчининг жамланма харажатлар сметаларини тасдиқлаш жорий молия йилининг 10 мартидан кечиктирмай амалга оширилади.



104-модда. Бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари

олувчиларнинг вақтинчалик харажатлар сметаларини тузиш,

тасдиқлаш ҳамда рўйхатдан ўтказиш


Келгуси молия йилининг биринчи чораги учун бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг вақтинчалик харажатлар сметалари жорий молия йилининг 25 декабригача тузилади, тасдиқланади ва рўйхатдан ўтказилади.

Вақтинчалик харажатлар сметасида назарда тутиладиган бюджетдан ажратиладиган маблағлар ўтган молия йилининг охирги чорагидаги бюджетдан ажратиладиган маблағлардан ортиқ бўлмаслиги лозим. Вақтинчалик харажатлар сметасида назарда тутиладиган бюджетдан ажратиладиган маблағлар қонун ҳужжатларида белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун харажатлар суммасига аниқлаштирилиши мумкин.

Рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган харажатлар сметасида биринчи чорак учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар вақтинчалик харажатлар сметасида назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағлардан кам бўлмаслиги керак.

Вақтинчалик харажатлар сметасини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш ушбу Кодекснинг 102, 103 ва 107-моддаларида белгиланган харажатлар сметаларини тузиш, тасдиқлаш ҳамда рўйхатдан ўтказиш талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Рўйхатдан ўтказилган харажатлар сметаси мавжуд бўлмаган тақдирда, жорий молия йилининг 1 апрелидан эътиборан бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчининг бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан харажатлари харажатлар сметаси рўйхатдан ўтказилгунига қадар тўхтатиб турилади.



105-модда. Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари

жамғармалари бўйича даромадлар ва харажатлар сметаларини

тузиш, тасдиқлаш ҳамда рўйхатдан ўтказиш


Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари бўйича даромадлар ва харажатлар сметаларини тузиш ҳамда тасдиқлаш бюджет ташкилотларининг харажатлар сметалари учун белгиланган тартибга ўхшаш тартибда амалга оширилади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари бўйича жамланма даромадлар ва харажатлар сметалари ушбу Кодекснинг 107-моддасида харажатлар сметалари учун белгиланган муддатларда ва тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари бўйича даромадлар ва харажатлар сметасининг даромад қисми молия йили бошидаги маблағлар қолдиғи ҳамда даромадларнинг манбалар кесимидаги прогнозидан ташкил топади.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан ходимлар сони сақлаб турилган тақдирда, бюджетдан ташқари жамғармалар бўйича даромадлар ва харажатлар сметасига кўрсатилган ходимлар сони бўйича рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган штат жадвали илова қилинади.



106-модда. Бюджет ташкилотининг штат

жадвалини тузиш ва тасдиқлаш


Бюджет ташкилотининг штат жадвали 1 январь ҳолатига кўра ҳар бир бюджет ташкилоти бўйича мазкур ташкилот учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича тузилади.

Янгидан тузилаётган бюджет ташкилотининг штат жадвали, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, бюджет ташкилоти фаолият кўрсата бошлашидан икки ой олдин тузилади ва кучга киради.

Лавозимларнинг номлари ва ходимлар сони, меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича разрядлар, базавий ставкалар:

Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторида, намунавий штатларда ҳамда қонун ҳужжатлари билан тасдиқланган меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича тариф разрядларида, базавий ставкаларда назарда тутилган лавозимларга;

тасдиқланган намунавий штатларда назарда тутилган ходимлар сонига;

ходимларнинг тасдиқланган умумий чекланган сонига, шу жумладан, бюджет ташкилотларининг бюджет маблағлари ва бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан сақлаб турилган бошқарув ходимлари сонига;

давлат бошқаруви органларининг белгиланган тартибда тасдиқланган бошқарув, хизматлар кўрсатувчи ва техник ходимлари сонининг ўзаро нисбати нормативларига мувофиқ бўлиши керак.

Иш ҳақининг ҳисоб-китоби тарификация рўйхатларига мувофиқ амалга ошириладиган лавозимлар штат жадвалига лавозимларнинг ҳар бир гуруҳи бўйича ставкалар сони, ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси кўрсатилган, тарификация рўйхати штат жадвалига илова қилинган ҳолда киритилади.

Айрим бюджет ташкилотлари учун тасдиқланган намунавий штат нормативлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича разрядлар, базавий ставкалар мавжуд бўлмаганда, уларнинг штат жадвалларига киритиладиган лавозимларнинг номи ва ходимлар сони ҳамда уларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича разрядлари, базавий ставкалари ушбу ташкилотлар томонидан ташкилотнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишувга кўра белгиланади.

Амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш шартларида назарда тутилган, устамалар, қўшимча ҳақ тўлаш ва ходимларни моддий рағбатлантиришга йўналтириладиган, бир йил учун ҳисоб-китоб қилинган меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси бюджет ташкилотининг штат жадвалида алоҳида сатр билан кўрсатилади.

Бюджет маблағлари олувчилар - капитал қурилиш бўйича буюртмачилар хизматларининг штат жадвали ушбу моддага мувофиқ тузилади.

Бюджет ташкилотининг штат жадвали ташкилотнинг бош бухгалтери (унинг ўринбосари) ва молия-иқтисод бўлинмаси бошлиғи (штат жадвалига мувофиқ молиявий-иқтисодий масалалар бўйича мутахассис) томонидан имзоланади ҳамда ташкилот раҳбари ёки у ваколат берган шахс томонидан тасдиқланади.

Бюджет ташкилотларининг штат жадвалларини тасдиқлаш жорий молия йилининг 10 мартидан кечиктирмай амалга оширилади.


107-модда. Харажатлар сметаларини ва штат

жадвалларини рўйхатдан ўтказиш тартиби


Ташкилотларнинг ушбу Кодексда белгиланган тартибда тасдиқланган харажатлар сметалари ва штат жадваллари улар молия органларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин амалга киритилади.

Жорий йилнинг 1 апрелигача:

бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг тасдиқланган жамланма харажатлар сметалари ва жамланма штат жадваллари, шунингдек харажатлар сметалари ва штат жадваллари - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларнинг тасдиқланган харажатлар сметалари ва штат жадваллари - Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигида, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармаларида;

туманлар ва шаҳарлар бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларнинг тасдиқланган харажатлар сметалари ва штат жадваллари - туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимларида рўйхатдан ўтказилиши керак.

Ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира жамғармалари, шунингдек тегишли бюджетнинг қўшимча манбалари маблағлари ҳисобидан харажатлари тегишли молия органи томонидан рўйхатдан ўтказилган харажатлар сметаси асосида амалга оширилади.

Харажатлар сметаларини ва штат жадвалларини рўйхатдан ўтказишдан олдин молия органлари:

бюджет ташкилотлари ходимларининг харажатлар сметалари бўйича тасдиқланган иш ҳақи суммаларининг штат жадваллари бўйича тасдиқланган иш ҳақига мувофиқлигини;

штат жадвалида назарда тутилган лавозимлар номларининг ва ходимлар сонининг, меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларининг, базавий миқдорларининг белгиланган нормативларга мувофиқлигини;

Бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармасининг тўғри шакллантирилганлигини;

Умумтаълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг директор жамғармаси тўғри шакллантирилганлигини;

харажатлар сметасида тасдиқланган стипендиялар учун харажатлар суммасининг харажатлар сметасига доир ҳисоб-китобларга мувофиқлигини;

тўртинчи гуруҳнинг моддалар бўйича ёйилмасидаги харажатлар суммасининг харажатлар сметасида тасдиқланган суммага мувофиқлигини текширади.


108-модда. Давлат мақсадли жамғармаларининг маблағлари

бўйича харажатлар сметаларини тузиш, тасдиқлаш

ва рўйхатдан ўтказиш


Давлат мақсадли жамғармаларининг маблағлари бўйича харажатлар сметаси давлат мақсадли жамғармалари маблағларини олувчилар томонидан уларнинг бир йил учун тасдиқланган параметрлари доирасида ойма-ой бўлинган ҳолда тузилади ва тасдиқланади.

Давлат мақсадли жамғармаларининг маблағлари бўйича харажатлар сметасининг ва унга доир иловаларнинг шакллари, шунингдек сметани тузиш тартиби давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан тасдиқланади.

Давлат мақсадли жамғармаларининг маблағлари бўйича харажатлар сметаларини тасдиқлаш жорий йилнинг 10 мартидан кечиктирмай амалга оширилади.

Давлат мақсадли жамғармаларининг маблағлари бўйича тасдиқланган харажатлар сметаларини рўйхатдан ўтказиш давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан жорий йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай амалга оширилади.



VII БЎЛИМ.

БЮДЖЕТ ТИЗИМИ БЮДЖЕТЛАРИНИНГ ИЖРОСИ


19-БОБ. БЮДЖЕТ ТИЗИМИ БЮДЖЕТЛАРИНИ

ИЖРО ЭТИШ ТАРТИБИ


109-модда. Умумий қоидалар


Бюджет тизими бюджетларининг ижроси бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бюджет тизими бюджетлари даромадларининг тушишини таъминлаш ва харажатларини амалга оширишни, шунингдек уларнинг ижроси билан боғлиқ операцияларни ҳисобга олишни назарда тутади.

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан таъминланади.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан таъминланади.

Бюджет ташкилотлари бюджетдан ташқари жамғармаларининг ижроси бюджет ташкилотлари томонидан таъминланади.

Бюджет тизими бюджетларининг ижроси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ғазна ижроси йўли билан амалга оширилади. Ғазна ижроси фаолиятни чет элда амалга ошираётган бюджет ташкилотларига ва бюджет маблағлари олувчиларга татбиқ этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ахборот тизимида бюджет тизими бюджетлари, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар учун шахсий ғазна ҳисобварақлари очилади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар ўз харажатлар сметаларида назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағларни молия йили тугагунига қадар сарфлашга ҳақли.

Мамлакатда мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш, ички тартибни сақлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.



110-модда. Бюджет тизими бюджетларини

ижро этиш муддатлари


Бюджет тизими бюджетларининг ижроси молия йили мобайнида ва қўшимча вақт даврида амалга оширилади.

Кейинги йилнинг январь ойи молия йилига қўшимча вақт даври бўлиб, бу давр мобайнида ўтган йил учун бюджет тизими бюджетларининг ижроси амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бюджет тизими бюджетларининг қўшимча вақт давридаги ижроси бўйича операцияларни ўтказиш тартибини ва охирги муддатларини белгилайди.



111-модда. Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлигининг банк ҳисобварақлари


Ягона ғазна ҳисобварағи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан бошқариладиган махсус банк ҳисобварағи бўлиб, унга бюджет тизими бюджетларининг даромадлари ва бошқа тушумлари киритилади ҳамда ундан мазкур бюджетларнинг харажатлари тўланади. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида ва бошқа банкларда ўзга банк ҳисобварақлари очиш ҳуқуқига эга.

Ягона ғазна ҳисобварағи Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида очилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг банк ҳисобварақларидан маблағларнинг сўзсиз тартибда ҳисобдан чиқарилишига йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг банк ҳисобварақларига хизмат кўрсатилганлиги учун ҳақ олинмайди.



112-модда. Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари

бюджетлари даромадлари ва харажатларининг ёйилмаси


Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари даромадлари ва харажатларининг ёйилмаси (бундан буён матнда даромадлар ва харажатлар ёйилмаси деб юритилади):

бюджет таснифига мувофиқ тузилган даромадлар ва харажатлар прогнози уларнинг тасдиқланган параметрларига мувофиқлигини;

даромадлар ва харажатлар параметрлари ижросининг мониторингини таъминлаш мақсадида тузилади.

Даромадлар ва харажатлар ёйилмасининг даромад қисми тегишли бюджет даромадларининг бюджет таснифига мувофиқ ойма-ой бўлинган йиллик ҳажмларидан ташкил топади.

Даромадлар ва харажатлар ёйилмасининг харажат қисми тегишли бюджет харажатларининг молия йили учун тасдиқланган жамланма харажатлар сметалари, харажатлар сметалари асосида тузиладиган, бюджет таснифига мувофиқ ойма-ой бўлинган йиллик ҳажмларидан ташкил топади.

Даромадлар ва харажатлар ёйилмасининг якуний маълумотлари, бюджетлараро трансфертлар бундан мустасно, тасдиқланган йиллик бюджетда қабул қилинган суммаларга мос келиши лозим.

Даромадлар ва харажатлар ёйилмаси:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети бўйича - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети бўйича - Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари томонидан;

туманлар ва шаҳарлар бюджетлари бўйича - туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари томонидан;

давлат мақсадли жамғармалари бўйича - давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан тузилади.

Даромадлар ва харажатлар ёйилмасининг харажат қисмига харажатлар сметаларини тузиш талаб қилинмайдиган қуйидаги:

бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаларини рўйхатдан ўтказиш ҳамда ижро этиш жараёнида бўшайдиган;

товар-моддий қимматликларнинг нормативдан ортиқ захиралари бўйича ҳисобга олинган;

адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам учун давлат ҳисобидан тўланиши назарда тутиладиган;

қўшилган қиймат солиғи суммасини солиқ тўловчиларга қайтариш учун назарда тутиладиган;

давлат органлари ёки улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида жисмоний ёки юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун назарда тутиладиган;

бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш учун назарда тутиладиган, бюджет ташкилотларининг харажатлар сметаларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритилган ҳоллар бундан мустасно;

бир йўла бериладиган давлат пул мукофотлари ва мукофотларини тўлаш учун назарда тутиладиган;

Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатларини тугатиш иштирокчиларига компенсациялар тўлаш учун назарда тутиладиган;

транспортда имтиёзли юришни қоплаш учун назарда тутиладиган;

давлат қарзини тўлаш ва унга хизмат кўрсатиш, Ўзбекистон Республикаси иштирокчи бўлган халқаро ташкилотларга аъзолик бадалларини тўлаш ва уларни молиялаштиришда иштирок этиш учун мўлжалланган;

давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштираётган қишлоқ хўжалиги корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш учун назарда тутиладиган;

сайлов ва референдумлар ўтказиш учун назарда тутиладиган;

бюджетлараро трансфертлар ажратиш учун назарда тутиладиган;

тижорат банклари ва бошқа молия институтларининг устав капиталини шакллантириш ва кўпайтириш учун назарда тутиладиган;

резидент-юридик шахсларга бюджет ссудалари ажратиш ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг кредит линияларини очиш учун назарда тутиладиган;

солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларида назарда тутилган тадбирлар ҳамда молия йили мобайнида амалга оширилиши назарда тутилган ва Давлат бюджети харажатларини кўпайтиришни талаб қиладиган бошқа тадбирлар учун мўлжалланган;

давлат мақсадли жамғармаларига ўтказиб бериладиган;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира жамғармаларини шакллантириш учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар киритилади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг тасдиқланган ҳамда рўйхатдан ўтказилган вақтинчалик харажатлар сметалари асосида тегишли бюджетларнинг молия йилининг биринчи чораги учун вақтинчалик харажатлари ёйилмаси тузилади.


113-модда. Шахсий ғазна ҳисобварақларининг турлари


Шахсий ғазна ҳисобварақлари қуйидаги турлар бўйича очилади:

бюджет тизими бюджетларининг даражалари бўйича шахсий ғазна ҳисобварақлари;

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари бўйича шахсий ғазна ҳисобварақлари;

бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг шахсий ғазна ҳисобварақлари.

Шахсий ғазна ҳисобварақларини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.



114-модда. Бюджет тизими бюджетларининг даражалари

бўйича шахсий ғазна ҳисобварақлари


Бюджет тизими бюджетларининг даражалари бўйича шахсий ғазна ҳисобварақлари:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети бўйича - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети бўйича - Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари томонидан;

туманлар ва шаҳарлар бюджетлари бўйича - туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари томонидан;

давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари бўйича - давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан очилади.



115-модда. Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли

жамғармаларининг даромадлари бўйича шахсий

ғазна ҳисобварақлари


Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари бўйича шахсий ғазна ҳисобварақлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан очилади.



116-модда. Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари

олувчиларнинг шахсий ғазна ҳисобварақлари


Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг шахсий ғазна ҳисобварақлари:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлар учун - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлар учун - Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари томонидан;

туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган ташкилотлар учун - туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари томонидан;

давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлар учун - давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан очилади.



117-модда. Бюджет тизими бюджетлари

даромад қисмининг ижроси


Бюджет тизими бюджетлари даромад қисмининг ижроси:

тушумларни Ягона ғазна ҳисобварағига ва бошқа банк ҳисобварақларига киритишни;

тушумларни бюджет тизимининг бюджетлари ўртасида тақсимлашни;

ортиқча ёки нотўғри тўланган тушум суммаларини қайтаришни ёхуд уларни қарзни тўлаш эвазига ҳисобга олишни;

ҳисоб ва ҳисоботни назарда тутади.

Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларига даромадларни йиғишга ваколатли бўлган органлар ва ташкилотлар, давлат солиқ хизмати органлари ва божхона органлари бундан мустасно, даромадларнинг тўғри ҳисоблаб чиқилиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши устидан назоратни амалга ошириши, шунингдек агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, давлат солиқ хизмати органига ҳисобот тақдим этиши шарт.



118-модда. Бюджет тизими бюджетлари

ўртасида тушумларни тақсимлаш


Тартибга солувчи даромадлардан тушган тушумлар бюджет тизими бюджетлари ўртасида тақсимланади.

Бюджет тизими бюджетлари ўртасидаги тартибга солувчи даромадлардан ажратмаларнинг нормативлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки у ваколат берган орган томонидан белгиланади.

Тартибга солувчи даромадлардан Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ажратмаларнинг нормативлари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан тасдиқланади.

Тартибга солувчи даромадларни бюджет тизимининг бюджетлари ўртасида тақсимлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Ушбу Кодекснинг 51-моддасида кўрсатилган қайси даромадлар бўйича тартибга солувчи даромадлардан ажратмаларнинг нормативлари белгиланмаган бўлса, ўша даромадлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига тўлиқ ҳажмда киритилиши лозим, ушбу Кодекснинг 52-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тегишли молия органларининг таклифига кўра маҳаллий солиқлар тўлиқ ҳажмда киритиладиган бюджет даражасини белгилайди.



119-модда. Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли

жамғармалари бюджетларининг қўшимча манбалари


Давлат бюджетининг қўшимча манбалари Давлат бюджетининг ҳар бир даражасидаги бюджетларида алоҳида-алоҳида шакллантирилади ва қуйидагилардан ташкил топади:

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг ҳар йил бошида аниқланадиган эркин қолдиқ маблағларидан;

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети, туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадларининг биринчи - учинчи ҳисобот чораклари якунлари бўйича аниқланадиган прогноздан ошириб бажарилишидан;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига давлат активларини хусусийлаштиришдан тушган маблағлардан;

ушбу Кодекснинг 120-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ бюджетдан ажратиладиган маблағлар камайтирилиши натижасида бўшаб қолган маблағлардан.

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг эркин қолдиқ маблағлари уларнинг шахсий ғазна ҳисобварақларидаги бюджет маблағлари қолдиғининг (давлат активларини хусусийлаштиришдан тушган маблағларнинг йил бошидаги қолдиқлари суммаси бундан мустасно) ушбу бюджетлар учун жорий молия йилига тасдиқланган айланма касса маблағлари миқдоридан ошган суммаси сифатида аниқланади.

Ўзбекистон Республикаси республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳри шаҳар бюджети, туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадлари прогнозининг ошириб бажарилиши биринчи - учинчи ҳисобот чораклари учун ҳақиқатда тушган тушумларнинг тегишли ҳисобот чораклари учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича даромадларнинг аниқланган прогнозидан ортиқ суммаси сифатида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.

Қуйи турувчи бюджетлар даромадлари прогнозининг ошириб бажарилиши суммаларини юқори турувчи бюджетда марказлаштиришга йўл қўйилмайди.

Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг қўшимча манбалари қуйидагилардир:

йил бошидаги ҳолатга кўра давлат мақсадли жамғармаларининг шахсий ғазна ҳисобварақларидаги маблағларнинг йил бошига тасдиқланган маблағлар миқдоридан ортиқ бўлган қолдиқлари;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ижро этиш жараёнида жорий йил даромадлари прогнозининг биринчи - учинчи ҳисобот чораклари якунлари бўйича, ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган тартибда аниқланадиган ошириб бажарилиши;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ижро этиш жараёнида уларнинг харажатлари иқтисод қилиниши натижасида бўшаб қолган маблағлар.



120-модда. Бюджет тизими бюджетлари

харажатлар қисмининг ижроси


Бюджет тизими бюджетлари харажатлар қисмининг ижроси:

юридик ва молиявий мажбуриятларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олишни;

касса харажатларини амалга оширишни, шу жумладан, бюджетлараро трансфертларни ўтказишни;

ҳисоб ва ҳисоботни назарда тутади.

Бюджет тизими бюджетларининг харажатлари даромадлар ва харажатлар ёйилмасида назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида ҳамда бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар фаолият кўрсатишини таъминлайдиган муддатларда, даромадларнинг тушиши ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

Бюджет ташкилотларига ва бюджет маблағлари олувчиларга турли даражадаги бюджетлардан бюджетдан ажратиладиган маблағларни ажратишга йўл қўйилмайди, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Бюджет тизими бюджетларининг ижроси жараёнида бюджетдан ажратиладиган маблағлар:

1) қуйидагилар муносабати билан фойдаланилмай қолган бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг:

бюджет ташкилотларининг тармоғи, штатлари ва контингентлари бўйича режа бажарилмаганлиги;

бюджет ташкилотларининг тасдиқланган штат жадвалида назарда тутилган штат бирликлари тўлдирилмаганлиги;

капитал қўйилмаларни молиялаштириш учун назарда тутилган маблағлар молия йили якуни бўйича тўлиқ ўзлаштирилмаганлиги;

бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчилар фаолияти тўхтатиб турилганлиги - тўхтатиб турилган давр учун;

2) бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг тасдиқланган харажатлар сметаларида назарда тутилган, давлат молиявий назорати бўйича тадбирлар давомида аниқланган ортиқча ва қонунга хилоф равишда бюджетдан ажратилган маблағларнинг суммаларига;

3) қонун ҳужжатлари қабул қилиниши муносабати билан бюджетдан ажратиладиган маблағлар миқдорларининг қисқартирилиши суммаларига;

4) молия йили бошига товар-моддий қимматликларнинг нормативдан ортиқ захираларининг суммаларига;

5) дотациялар ва субсидияларни тўлаш учун мўлжалланиб, аммо зарурати қолмаган суммаларига камайтирилади.

Бюджетдан ажратиладиган маблағларни ушбу модданинг тўртинчи қисмига мувофиқ камайтириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.



121-модда. Давлат харидлари


Давлат харидлари товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчиларнинг рақобати ва очиқликни таъминлаш асосида амалга оширилади.

Давлат харидлари амалга оширилиши ва уларнинг якунлари тўғрисидаги эълонлар белгиланган тартибда махсус ахборот порталида (Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржасининг махсус веб-сайтида) жойлаштирилиши керак.

Давлат харидлари амалга оширилиши тўғрисидаги эълонлар махсус ахборот порталида ушбу харидлар амалга оширилишидан камида ўн кун олдин, бироқ жорий молия йилининг 10 декабридан кечиктирмасдан жойлаштирилиши керак.

Рақобат ва очиқлик чекланган ҳолдаги давлат харидлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда амалга оширилиши мумкин.



122-модда. Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари

олувчилар томонидан юридик мажбуриятларни қабул қилиш,

уларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳисобга олиш


Юридик мажбуриятлар иқтисодий тасниф кодлари бўйича бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар томонидан қабул қилинади ҳамда ғазначилик бўлинмалари томонидан рўйхатдан ўтказилади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан ижро этилиши лозим бўлган юридик мажбуриятлар ғазначилик бўлинмалари томонидан даромадлар ва харажатлар сметаларида назарда тутилган ажратилган маблағлар доирасида ҳисобга олиш учун қабул қилинади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлар бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан тузган шартномалари, шунингдек уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар улар ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин кучга киради.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар юридик мажбуриятлар юзага келишини тасдиқловчи ҳужжатларни ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказиш учун жорий молия йилининг 25 декабридан кечиктирмай тақдим этади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш тўғрисида тузиладиган шартномаларида 15 фоиз миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш назарда тутилади, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг товарларни (ишларни, хизматларни) импорт қилиш бўйича шартномалари, уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ушбу шартномалар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ваколатли органларда тегишли экспертизадан ўтганидан ва ҳисобга қўйилганидан сўнг ғазначилик бўлинмалари томонидан рўйхатдан ўтказилади. Бунда шартномаларда кўрсатилган суммалар ғазначилик бўлинмалари томонидан Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида ҳисобга олинади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг биринчи ҳамда иккинчи гуруҳ харажатлари бўйича юридик мажбуриятлари ғазначилик бўлинмалари томонидан буюртмалар шаклида рўйхатдан ўтказилади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан шартномалари жорий молия йили доирасида амал қилиш муддати билан тузилиши лозим, капитал қўйилмалар бўйича шартномалар ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган амал қилиш муддати бир неча йилни ташкил этиши мумкин бўлган ҳоллар бундан мустасно. Шартноманинг амал қилиш муддати тугагач, агар шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида қўшимча битим тузилмаган бўлса, етказиб берувчи (пудратчи) томонидан товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш бўйича юридик мажбуриятларни бажариш тугатилади.

Бюджетдан ажратиладиган маблағлар асосида белгиланган юридик мажбуриятларни қабул қилиш учун лимит биринчи навбатда тегишли моддалар бўйича молия йили бошида мавжуд бўлган, бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан тўланиши лозим бўлган ва ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилган шартномалар бўйича юзага келган кредиторлик қарзи суммасига банд қилиб қўйилади.

Маблағларни:

бюджет ташкилотининг иқтисод қилинган бюджетдан ажратиладиган маблағлари ҳисобидан ўз бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармасига, шунингдек тиббиёт муассасаси томонидан - харажатлар сметасида назарда тутилган мақсадли бюджетдан ажратиладиган маблағлари ҳисобидан ўзининг тиббиёт ташкилотларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармасига;

ҳар бир объект бўйича келишилган манзилли ва титул рўйхатларда ҳамда шахсий ғазна ҳисобварақларида ушбу мақсадлар учун назарда тутилган суммалар доирасида капитал қўйилмалар бўйича буюртмачи хизматини сақлаб туришга;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг хизматлари учун ҳақ тўлашга;

юридик мажбуриятлар мавжудлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар асосида амалга ошириладиган харажатларни тўлашга ўтказиш шартнома тузилмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.



123-модда. Молиявий мажбуриятларни

қабул қилиш ва рўйхатдан ўтказиш


Молиявий мажбуриятлар қабул қилинган юридик мажбуриятлар ва харажатларни тўлаш учун берилган рухсатномалар доирасида ҳисобварақ-фактуралар ҳамда молиявий мажбуриятлар мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида ғазначилик бўлинмалари томонидан қабул қилинади ҳамда рўйхатдан ўтказилади.

Биринчи ва иккинчи гуруҳ харажатлари, шунингдек ушбу Кодекснинг 122-моддаси ўнинчи қисмида кўрсатилган харажатлар бўйича молиявий мажбуриятлар юридик мажбуриятларни қабул қилишга доир буюртмалар асосида, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича эса, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномалари асосида ғазначилик бўлинмалари томонидан рўйхатдан ўтказилади.

Амал қилиш муддати тугаган шартномалар бўйича етказиб берилган товарлар (кўрсатилган хизматлар, бажарилган ишлар) ҳақини тўлаш бўйича молиявий мажбуриятларни рўйхатдан ўтказиш жорий молия йили доирасида ҳамда ушбу Кодекс 122-моддасининг саккизинчи қисмида кўрсатилган ҳолларда ҳисобварақ-фактура ва ўзаро мажбуриятларни солиштириш далолатномаси асосида амалга оширилади.



124-модда. Касса харажатларини амалга ошириш


Ғазначилик бўлинмалари бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг буюртмалари бўйича тўловларни уларда бюджетдан ажратиладиган маблағлар, юридик ва молиявий мажбуриятлар мавжуд бўлган тақдирда, шунингдек бюджет ташкилотлари бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларининг қолдиқлари доирасида амалга оширади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар харажатларни тўлаш учун тўлов ҳужжатларини ғазначилик бўлинмаларига тўлов амалга ошириладиган санадан кечи билан бир иш куни олдин тақдим этади.

Ғазначилик бўлинмалари томонидан хизмат кўрсатиладиган бюджет ташкилотлари (бюджет маблағлари олувчилар) ўртасидаги, бюджет тизими бюджетларининг турли даражалари ўртасидаги, шунингдек давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ўртасидаги тўловлар ғазна мемориал ордерлари асосида амалга оширилади.

Бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг чет эл валютасидаги тўловлари ҳамда пул ўтказмалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари фойдасига амалга оширилади.

Товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчи томонидан шахсий ғазна ҳисобварағига жорий ёки келгуси йилда қайтариладиган Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг маблағлари ҳисобидан ўтган молия йилида ҳосил бўлган дебиторлик қарзининг суммаси, тегишли молия йилига қўшимча даврда қайтариладиганидан ташқари, тегишли бюджет даромадларига ўтказилади.



125-модда. Ягона ғазна ҳисобварағидаги

маблағларни бошқариш


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ягона ғазна ҳисобварағидаги маблағларни бошқаришни Давлат бюджети даромадлари тушумлари ва харажатларининг қисқа муддатли прогнозларини тузиш йўли билан амалга оширади.

Қабул қилинган молиявий мажбуриятларни бажариш учун Ягона ғазна ҳисобварағида маблағлар етишмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат бюджети харажатларининг чекланган ҳажмини белгилайди ҳамда унинг асосида бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларга харажатларни тўлаш учун рухсатномалар беради.

Харажатларни тўлаш учун рухсатномалар бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг вақтинча бўш турган маблағлари мавжуд бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тижорат банкларида депозитларга жойлаштирилиши мумкин бўлган маблағларнинг ҳажмини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштириш ва уларни тижорат банкларида депозитларга жойлаштиришдан олинган даромадлардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



126-модда. Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг

қўшимча манбаларидан фойдаланиш


Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча манбалари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети тақчиллигини қоплашга, жорий молия йили учун белгиланган айланма касса маблағларининг миқдорини тўлдиришга, қолган қисми эса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан белгиланадиган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбалари биринчи навбатда жорий молия йили учун белгиланган айланма касса маблағларининг миқдорини тўлдиришга йўналтирилади.

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбалари тегишли бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши назарда тутилмаган ташкилотларни сақлаб туришга йўналтирилиши мумкин эмас.

Қўшимча манбаларнинг маблағларини йўналтириш тўғрисидаги қарорлар:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети бўйича - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети бўйича - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан;

туманлар ва шаҳарлар бюджетлари бўйича - туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан қабул қилинади.

Давлат мақсадли жамғармаларининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида давлат мақсадли жамғармаларининг фаолият йўналиши билан боғлиқ харажатлар учун амалга оширилади.



127-модда. Давлат бюджетининг даромадлари

ва харажатларини бошқариш


Жорий молия йили учун мўлжалланган Давлат бюджети тақчиллигининг тасдиқланган чекланган миқдори ортган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига Давлат бюджети харажатларини қисқартириш тўғрисида таклифлар киритади.

Давлат бюджети харажатларини қисқартиришда харажатларнинг устуворлиги ва ижтимоий йўналтирилганлиги бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг қабул қилинган юридик ҳамда молиявий мажбуриятлари ҳисобга олинган ҳолда баҳоланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари ўз бюджетларининг баланслилиги бузилишига ва Давлат бюджети тақчиллигининг тасдиқланган чекланган миқдори ошишига олиб келадиган тегишли бюджет даромадларини қисқартиришга ёки харажатларини кўпайтиришга қаратилган бирор-бир қарор қабул қилишга ҳақли эмас.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари қабул қилинганидан кейин молия йили мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг тегишли бюджет даромадлари қисқаришига олиб келадиган қарорлари тегишли бюджет харажатлари қисқартирилган тақдирдагина қабул қилиниши мумкин.

Агар Давлат бюджети қабул қилинганидан кейин молия йили мобайнида тегишли бюджетларнинг даромадлари ва харажатлари параметрларини кўпайтириш ёки камайтириш тўғрисида қарорлар қабул қилинса, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия органлари томонидан тегишли даражадаги бюджетлар ҳажмларига ўзгартиришлар киритилади. Харажатларни кўпайтириш ёки қисқартириш барча даражадаги бюджетлар ўртасида ўзаро ҳисоб-китоблар йўли билан амалга оширилади.



128-модда. Ижро ҳужжатлари бўйича ундирувни Давлат бюджети

ва давлат мақсадли жамғармалари маблағларига қаратиш


Ундирувни Давлат бюджети маблағларига қаратишни назарда тутувчи ижро ҳужжатларини ижро этиш молия органлари томонидан тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ижро ҳужжатлари бўйича тегишли бюджетдан маблағлар олиш учун ижро ҳужжатида кимнинг фойдасига бюджет маблағлари ўтказилиши назарда тутилган бўлса, ўша шахслар ёхуд уларнинг вакиллари (бундан буён матнда ундирувчилар деб юритилади) тегишли молия органларига ижро ҳужжатининг асл нусхасини илова қилган ҳолда ариза тақдим этади. Аризада бюджет маблағлари ўтказилиши талаб қилинаётган ундирувчининг банк ҳисобварағи кўрсатилган бўлиши лозим.

Ижро варақаси ёки суд буйруғи судьянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида ахборот тизими орқали тақдим этилиши мумкин.

Молия органи ижро ҳужжати келиб тушган кундан эътиборан белгиланган тартибда унинг ижро этилишини таъминлайди.

Ундирувни давлат мақсадли жамғармалари маблағларига қаратишни назарда тутувчи ижро ҳужжатларини ижро этиш давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда амалга оширилади.


129-модда. Ижро ҳужжатлари бўйича бюджет ташкилотларининг

молиявий мажбуриятларини бажариш


Бюджет ташкилотларининг молиявий мажбуриятлари бўйича ундирувни назарда тутувчи ижро ҳужжатларини ижро этиш суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, ушбу моддада белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда суд ижрочилари томонидан амалга оширилади. Бюджет ташкилотларидан ижро йиғими ундирилишига йўл қўйилмайди.

Бюджет ташкилотларининг молиявий мажбуриятлари бўйича ундирувни назарда тутувчи ижро ҳужжатларини ижро этиш:

биринчи навбатда бюджет ташкилотининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан;

тўланиши лозим бўлган қарз бюджет ташкилотининг харажатлар сметаси бўйича харажатлар моддасига мувофиқ бўлганда - бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳажми доирасида амалга оширилади.


130-модда. Қабул қилинган Давлат бюджети ва давлат

мақсадли жамғармаларининг бюджетлари мавжуд

бўлмаганда бюджетни ижро этиш тартиби


Агар келгуси молия йили учун Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари йил бошлангунига қадар қабул қилинмаган бўлса, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари қуйидаги шартларга риоя этилган ҳолда ижро этилади:

ўтган молия йилида амалда бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тақсимлаш нормативлари сақлаб қолинади;

бошланаётган молия йилида харажатлар тасдиқланган вақтинчалик харажатлар сметаларига мувофиқ амалга оширилади.

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари молия йили бошланганидан кейин қабул қилинган тақдирда, молия йили мобайнида харажатларнинг умумий суммаси қабул қилинган Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларига мувофиқлаштирилиши керак.



131-модда. Жорий молия йилини якунлаш


Жорий молия йилининг бюджет тизими бюджетларига тушумларни киритиш билан боғлиқ бўлган барча операциялари жорий молия йилининг охирги иш кунида якунланади.

Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетларига келгуси йилда киритилган даромадлар янги бошланган йил даромадлари ҳисобланади.

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари даромадлари бўйича транзит ҳисобварақларига жорий йилнинг охирги иш куни тугагунига қадар киритилган ва янги бошланган йилнинг уч иш куни мобайнида Ягона ғазна ҳисобварағига ўтказилган даромадлар ўтган йилнинг даромадлари ҳисобланади.

Жорий йилнинг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан барча тўловлар молия йилига қўшимча вақт даври тугаганидан сўнг якунланади.

Қўшимча вақт даврида жорий молия йили учун Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ижро этиш бўйича операциялар, шу жумладан:

бюджетлараро муносабатларни тартибга солиш;

бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг кредиторлик қарзларини тўлаш;

бюджет ташкилотлари томонидан иқтисод қилинган маблағлар суммаларини бюджет ташкилотларининг ривожлантириш жамғармаларига (тиббиёт ташкилотларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаларига) ўтказиш;

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари маблағлари ҳисобидан бошқа рухсат этилган тўловлар амалга оширилади.

Бюджетлараро муносабатларни тартибга солиш юқори ва қуйи турувчи бюджетлар, шунингдек давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ўртасидаги ўзаро қарздорликнинг жами суммаси тўланишини назарда тутади.

Ўтган йилни якунлаш бўйича қўшимча вақт даврида муайян тўловларни амалга ошириш тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.



20-БОБ. БЮДЖЕТЛАРАРО МУНОСАБАТЛАР


132-модда. Бюджетлараро муносабатлар тушунчаси


Бюджетлараро муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети, туманлар, шаҳарлар бюджетлари, шунингдек давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ўртасидаги ушбу Кодекс билан тегишли бюджетларга бириктирилган харажатларни амалга ошириш учун зарур бўлган тегишли бюджетларни молиявий ресурслар билан таъминлашга доир муносабатлардир.

Бюджет жараёнида:

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг туманлар ва шаҳарлар бюджетлари билан;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг туманлар ва шаҳарлар бюджетлари билан;

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг бир-бири билан, шунингдек бошқа маъмурий-ҳудудий бирликнинг туманлари ва шаҳарлари бюджетлари билан;

туманлар ва шаҳарлар бюджетлари ўртасида ўзаро муносабатларига йўл қўйилмайди.



133-модда. Бюджетларнинг даражалари ўртасида

даромадлар ва харажатларни ўтказиш


Даромадларни компенсация қилиш ёки харажатларни қоплаш Давлат бюджетини ижро этиш жараёнида ушбу Кодекснинг 138-моддасида назарда тутилган, қуйи турувчи бюджетларнинг даромадларини ва (ёки) харажатларини камайтиришга ёхуд кўпайтиришга олиб келадиган ҳолларда ўзаро ҳисоб-китоблар бўйича маблағларни ажратиш ёки олиб қўйиш орқали мажбурий тартибда амалга оширилади.



134-модда. Бюджетлараро трансфертларнинг шакллари


Бюджетлараро трансфертлар субвенциялар, ўтказиб бериладиган даромадлар, дотациялар, бюджет ссудаси ва ўзаро ҳисоб-китоблар бўйича маблағлар шаклида амалга оширилади.

Бюджетлараро трансфертларнинг ҳажмлари:

жорий молия йилида турли даражадаги бюджетлар даромадлари ва харажатлари ўзгаришига сабаб бўлувчи қонун ҳужжатлари қабул қилинганда;

тегишли барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушишидан ҳамда бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг ўзлаштирилишидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Юқори турувчи молия органи ташаббуси билан юқори турувчи бюджет қуйи турувчи бюджет олдидаги бюджетлараро трансфертнинг бир шакли бўйича мажбуриятлари қуйи турувчи бюджетнинг юқори турувчи бюджет олдидаги бюджетлараро трансфертнинг бошқа шакли бўйича мажбуриятларини камайтириш эвазига ҳисобга олиниши мумкин.



135-модда. Субвенциялар


Субвенциялар асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ва Давлат бюджетининг асосий параметрлари тасдиқланаётганда белгиланган харажатларни амалга ошириш учун ажратилади.

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига бериладиган субвенцияларнинг миқдорлари асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ва Давлат бюджетининг асосий параметрлари тасдиқланаётганда белгиланади.

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига бериладиган субвенцияларнинг миқдорлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан белгиланади.

Фойдаланилмаган субвенциялар жорий молия йили охирида тегишли юқори турувчи бюджетга қайтарилиши керак.



136-модда. Ўтказиб бериладиган даромадлар


Тегишли маъмурий-ҳудудий бирликлар ҳудудида шакллантириладиган ва юқори турувчи бюджетга ўтказиладиган даромадлар улар қайси маъмурий-ҳудудий бирликда шакллантирилган бўлса, ўша маъмурий-ҳудудий бирлик бюджетига ўтказиб берилиши мумкин.

Ўтказиб бериладиган даромадларнинг умумий ҳажми:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан қуйи турувчи бюджетларга - асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ва Давлат бюджетининг асосий параметрлари тасдиқланаётганда;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан қуйи турувчи бюджетларга тушумлари ўтказиб бериладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳамда улар томонидан тўланадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг турлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда тасдиқланади.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетидан, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига тушумлари ўтказиб бериладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳамда улар томонидан тўланадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг турлари рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бошқармалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари билан биргаликда тасдиқланади.

Юқори турувчи бюджетдан қуйи турувчи бюджетга ўтказиб бериладиган даромадларнинг суммаси тегишли қуйи турувчи бюджетга тушиши лозим бўлган даромадлар ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Ўтказиб бериладиган даромадларни ўтказиш улар бўйича ҳақиқатда тушган тушумлар доирасида, бироқ уларнинг тасдиқланган ҳажмидан ортиқ бўлмаган миқдорда амалга оширилади.



137-модда. Дотация


Юқори турувчи бюджетдан қуйи турувчи бюджетга дотация қуйи турувчи бюджет харажатларининг режалаштирилган ҳажми субвенциялар ва ўтказиб бериладиган даромадлар ҳисобга олинган ҳолда мазкур бюджет даромадларининг прогноз қилинган ҳажмидан ошиб кетган тақдирда ажратилади.

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетларига дотация жамғармалар харажатларининг режалаштирилган ҳажми йил бошидаги қолдиқ ҳисобга олинган ҳолда жамғармалар даромадларининг прогноз қилинган ҳажмидан ошиб кетган тақдирда ажратилиши мумкин.

Дотациянинг миқдори:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан қуйи турувчи бюджетларга ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларига ажратилганда - асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ва Давлат бюджетининг асосий параметрлари тасдиқланаётганда;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ажратилганда - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан белгиланади.



138-модда. Бюджетлараро ўзаро ҳисоб-китоблар


Бюджетлараро ўзаро ҳисоб-китоблар молия йили мобайнида бюджетлар параметрлари ўзгарганда юқори ва қуйи турувчи бюджетлар ўртасида юзага келадиган ўзаро пул муносабатларидир.

Бюджетлараро ўзаро ҳисоб-китоблар:

қонун ҳужжатлари қабул қилинганлиги;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари даромадларининг прогнози аниқлаштирилганлиги;

бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бўйсунуви ўзгарганда харажатлар бир бюджетдан бошқа бюджетга ўтказилганлиги;

капитал қўйилмалар лимитлари бюджетлар даражалари ўртасида қайта тақсимланганлиги муносабати билан юзага келади.

Бюджетлараро ўзаро ҳисоб-китобларга киритилиши лозим бўлган сумма юқори турувчи молия органи томонидан аниқланади.



139-модда. Бюджетлараро трансфертларни ўтказиш тартиби


Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан бюджетлараро трансфертлар Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг шахсий ғазна ҳисобварағидан Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, шунингдек давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказилади.

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан бюджетлараро трансфертлар уларнинг шахсий ғазна ҳисобварақларидан туманлар, шаҳарлар бюджетларининг шахсий ғазна ҳисобварақларига, шунингдек давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказилади.

Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан бюджетлараро трансфертлар уларнинг шахсий ғазна ҳисобварақларидан Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказилади.

Бюджетлараро трансфертларни ўтказиш ғазна мемориал ордерлари асосида амалга оширилади.

Бюджетлараро трансфертлар бўйича ҳисоб-китоблар жорий молия йилида қўшимча вақт даври ҳисобга олинган ҳолда тугалланиши керак.



140-модда. Бюджет ссудаси шаклидаги бюджетлараро трансферт


Бюджет ссудаси шаклидаги бюджетлараро трансферт (бюджет ссудаси) бюджет манбаларининг тўлиқ сафарбар қилиниши тегишли бюджетларда назарда тутилган харажатлар қопланишини таъминламаган тақдирда, қайтариш шарти билан ва фоизсиз берилади.

Бюджет ссудаси:

прогноз қилинган даромадлар ва режалаштирилган харажатлар ўртасидаги режали вақтинчалик касса узилишини қоплаш учун - тўққиз ойгача бўлган муддатга;

даромадлар тушумлари ва харажатларни амалга ошириш ўртасида кутилаётган вақтинчалик касса узилишларини қоплаш учун - олти ойгача бўлган муддатга берилади.

Режали бюджет ссудаси даромадларнинг прогноз қилинган тушумлари, назарда тутилган субвенция, ўтказиб бериладиган даромадларнинг суммаси, айланма касса маблағларидан ва йил бошидаги эркин қолдиқлардан вақтинчалик маблағ жалб қилиш, дотация тасдиқланган тегишли бюджетларда назарда тутилган айрим чораклардаги харажатлар қопланишини таъминламаган ҳолларда берилади.

Бюджет ссудаси:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан - Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларига;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети маблағлари ҳисобидан - туманлар ва шаҳарлар бюджетларига уларнинг даромадлари ҳамда харажатлари ўртасидаги режали ёки кутилаётган вақтинчалик касса узилишини қоплаш учун берилади.

Бюджет ссудаларини беришнинг мажбурий шарти улардан белгиланган мақсадда фойдаланиш, шунингдек жорий молия йили мобайнида уларни ўз вақтида қоплашдан иборатдир.

Бюджет ссудаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва тегишли ҳокимликларнинг, давлат мақсадли жамғармасини тақсимловчи орган раҳбарининг бюджет ссудасига бўлган эҳтиёжни асословчи ҳисоб-китоблар илова қилинган ёзма сўрови асосида берилади. Бюджет ссудаси бериш тўғрисидаги ёзма сўровни кўриб чиқишда молия органи қарор қабул қилиш учун зарур бўлган ахборот ва ҳисоб-китобларни сўраб олиш ҳуқуқига эга.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва тегишли ҳокимликларнинг, давлат мақсадли жамғармасини тақсимловчи орган раҳбарининг ёзма сўровини кўриб чиқиш якунлари бўйича бюджет ссудасини бериш тўғрисидаги қарор:

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан - Ўзбекистон Республикаси молия вазири томонидан;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан - тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси молия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бошқармалари бошлиқлари томонидан беш иш куни ичида қабул қилинади.

Бюджет ссудасини ажратиш бюджет ссудасини бераётган молия органи ва бюджет ссудасини олувчи молия органи (давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи орган) ўртасида бюджет ссудаси бериш тўғрисидаги шартнома билан расмийлаштирилади.

Бюджет ссудасини қайтариш муддатларини узайтириш бюджет ссудасини олувчида уни белгиланган муддатларда ўз вақтида тўлаш имкониятини истисно этадиган молиявий қийинчиликлар юзага келган ҳолларда амалга оширилади.

Бюджет ссудасини қайтариш муддатларини узайтириш бюджет ссудасини бериш учун ушбу моддада белгиланган тартибда ва шартлар асосида амалга оширилади.

Бюджет ссудасини олувчи тегишли молия органига бюджет ссудасини тўлаш муддатларини узайтириш тўғрисидаги ёзма сўров билан тўлаш муддати тугашидан камида беш иш куни олдин мурожаат этади.

Бюджет ссудасини тўлаш бюджет ссудасини бериш тўғрисидаги шартномада белгиланган муддатларда:

маблағларни ўтказиш;

қуйи турувчи бюджетларга ва давлат мақсадли жамғармаларига ўтказилиши керак бўлган субвенциялар, ўтказиб бериладиган даромадлар, бюджетлараро ўзаро ҳисоб-китоблар ва дотациялар эвазига ўзаро ҳисобга олиш;

иш ҳақини тўлаш, ижтимоий эҳтиёжларга ажратмалар, стипендиялар, пенсиялар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам, компенсация тўловлари ва нафақалар тўлаш харажатлари қопланганидан сўнг қуйи турувчи бюджетларнинг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг шахсий ғазна ҳисобварақларидан маблағларни сўзсиз ундириб олиш йўли билан амалга оширилади.



141-модда. Айланма касса маблағлари


Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, шунингдек туманлар, шаҳарлар бюджетларининг айланма касса маблағлари уларнинг даромадлари билан харажатлари ўртасидаги вақтинчалик касса узилишини қоплаш мақсадида шакллантирилади.

Айланма касса маблағларининг миқдорлари:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари учун - асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ва Давлат бюджетининг асосий параметрлари тасдиқланаётганда;

туманлар ва шаҳарлар бюджетлари учун - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан белгиланади.

Йил мобайнида айланма касса маблағларидан жалб қилинган суммалар йил охиригача тикланиши лозим. Айланма касса маблағларининг йил охиридаги миқдори белгиланган суммага мос келиши керак.

Келгуси молия йили учун белгиланган айланма касса маблағлари:

тегишли бюджетларнинг шахсий ғазна ҳисобварақларидаги маблағларнинг йил бошидаги қолдиқлари;

жорий йилнинг биринчи - учинчи чораклари якунлари бўйича даромадлар прогнозининг ошириб бажарилиши суммалари ҳисобидан тўлдирилади.

Туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатилган манбалари етарли бўлмаганда туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг айланма касса маблағларини тўлдириш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан қарор қабул қилиниши мумкин.



142-модда. Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига

қўлланиладиган чекловлар


Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари баланслаштирилган даромадлар ва харажатларга эга бўлиши лозим. Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари тақчиллигига йўл қўйилмайди.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини қабул қилиш ва ижро этишда:

маблағлар жалб қилишни амалга оширишга, юқори турувчи бюджетлардан бюджет ссудалари олиш бундан мустасно;

тасдиқланган бюджетдан ажратилган маблағлардан ортиқ харажатларни амалга оширишга, ушбу Кодекснинг 143-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

тегишли бюджетлар маблағлари ҳисобидан бошқа юридик ва жисмоний шахслар фойдасига молиявий кафолатлар ва кафилликлар беришга;

юридик ва жисмоний шахсларга бюджет ссудалари ва кредит линиялари беришга йўл қўйилмайди.



21-БОБ. БЮДЖЕТ ТИЗИМИ БЮДЖЕТЛАРИГА

ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ


143-модда. Бюджет тизими бюджетларига

ўзгартиришлар киритиш тартиби


Молия йили мобайнида бюджет тизими бюджетларига ўзгартиришлар киритиш:

бюджет тизими бюджетлари даромадлари ва (ёки) харажатларини камайтиришни ёки кўпайтиришни назарда тутувчи қонун ҳужжатлари ўзгарган;

бир бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчи учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар камайтирилиб, мос равишда бошқа бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчи учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар кўпайтирилган;

бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларда бюджетдан ажратиладиган маблағлар харажатларнинг бир моддасидан бошқа моддасига ўтказиш зарурияти юзага келган;

Давлат бюджети маблағларининг молия йили бошидаги эркин қолдиқлари ушбу Кодекснинг 126-моддасида назарда тутилган тартибда харажатларни молиялаштиришга йўналтирилган;

бюджет таснифига ўзгартиришлар киритилган;

ушбу Кодекс 120-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда амалга оширилади.

Давлат бюджети даромадлари прогнозининг ошириб бажарилиши, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига давлат активларини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар ҳисобидан харажатлар Давлат бюджетига ўзгартиришлар киритилмасдан амалга оширилади.

Бюджет тизими бюджетларини ижро этишда бюджет тизими бюджетларининг даромадлари ва харажатларига киритилган ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ахборот тизимида ҳисобга олинади.

Молия йили мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари харажатларига уларнинг тасдиқланган параметрлари доирасида биринчи ва иккинчи гуруҳ харажатлари, шунингдек озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар сотиб олиш харажатлари бўйича бюджетдан ажратиладиган маблағларни кўпайтириш ёки камайтиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар фақат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилгандан кейин амалга оширилади.

Давлат бюджети даромадлари ва харажатларига тасдиқланган параметрлар доирасида унинг ижроси жараёнида қонун ҳужжатлари асосида ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан киритилади ва унинг ахборот тизимида ҳисобга олиб борилади.



144-модда. Давлат бюджети харажатларига

ўзгартиришлар киритиш тартиби


Давлат бюджети харажатларига унинг ижроси жараёнида Давлат бюджетининг тасдиқланган параметрларига нисбатан Давлат бюджети харажатларини 10 ва ундан ортиқ фоизга кўпайтиришни ёки камайтиришни назарда тутадиган ўзгартиришлар киритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан амалга оширилади.

Давлат бюджети харажатларига Давлат бюджетининг тасдиқланган параметрларига нисбатан Давлат бюджети харажатларини 10 фоиздан кам кўпайтириш ёки камайтиришни назарда тутадиган ўзгартиришлар киритиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.



145-модда. Ўзбекистон Республикаси республика

бюджетининг харажатлар ёйилмасига

ўзгартиришлар киритиш тартиби


Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг харажатлар ёйилмасига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг тасдиқланган харажатлар ёйилмасига нисбатан республика бюджети харажатларини 10 ва ундан ортиқ фоизга кўпайтиришни ёки камайтиришни назарда тутадиган ўзгартиришларни киритиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг харажатлар ёйилмасига республика бюджети харажатларини Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг тасдиқланган харажатлар ёйилмасига нисбатан 10 фоиздан кам кўпайтириш ёки камайтиришни назарда тутадиган ўзгартиришларни киритиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг харажатлар ёйилмасига бир бюджет маблағларини тақсимловчи учун бюджетдан ажратилган маблағларни камайтиришни мос равишда бошқа бюджет маблағларини тақсимловчи учун бюджетдан ажратилган маблағларни кўпайтиришни назарда тутадиган Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг тасдиқланган харажатлар ёйилмаси доирасида ўзгартиришлар киритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг харажатлар ёйилмасига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг тасдиқланган харажатлар ёйилмаси доирасида бир бюджет маблағларини тақсимловчи ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар ўртасида ўзгартиришлар киритиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишувга кўра ушбу бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан амалга оширилади.



146-модда. Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг

харажатларига ўзгартиришлар киритиш тартиби


Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг харажатларига тегишли бюджетларнинг тасдиқланган параметрларига нисбатан уларнинг харажатларини 10 ва ундан ортиқ фоизга кўпайтиришни ёки камайтиришни назарда тутадиган ўзгартиришлар киритиш ушбу Кодекснинг 144-моддаси талабларига риоя этилган ҳолда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тақдимномасига кўра тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг харажатларига тегишли бюджетларнинг тасдиқланган параметрларига нисбатан уларнинг харажатларини 10 фоиздан кам кўпайтириш ёки камайтиришни назарда тутадиган ўзгартиришлар киритиш тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бошқармалари тақдимномасига кўра тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг харажатларига ўзгартиришлар киритишга доир қарорлар, ушбу Кодекснинг 143-моддаси биринчи қисмининг бешинчи хатбошисида кўрсатилган ҳоллардан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишувга кўра ёки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ёзма билдиришлари асосида қабул қилинади.



147-модда. Қорақалпоғистон Республикаси республика

бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва

Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг харажатлари

ёйилмасига ўзгартиришлар киритиш тартиби


Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг харажатлари ёйилмасига бир бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчи учун бюджетдан ажратиладиган маблағларни камайтиришни мос равишда бошқа бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчи учун бюджетдан ажратиладиган маблағларни кўпайтиришни назарда тутадиган Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг тасдиқланган харажатлари параметрлари доирасида ўзгартиришлар киритиш тегишли молия органларининг тақдимномасига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорлари асосида амалга оширилади.



148-модда. Туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг харажатлари

ёйилмасига ўзгартиришлар киритиш тартиби


Туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг харажатлари ёйилмасига бир бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчи учун бюджетдан ажратиладиган маблағларни камайтиришни мос равишда бошқа бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчи учун бюджетдан ажратиладиган маблағларни кўпайтиришни назарда тутадиган туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг тасдиқланган харажатлар параметрлари доирасида ўзгартиришлар киритиш туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари тақдимномасига кўра туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қарорлари асосида амалга оширилади.



149-модда. Давлат мақсадли жамғармаларининг

бюджетларига ўзгартиришлар киритиш тартиби


Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг харажатларига давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг тасдиқланган параметрларига нисбатан уларнинг харажатларини 10 ва ундан ортиқ фоизга кўпайтиришни ёки камайтиришни назарда тутадиган ўзгартиришлар киритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан амалга оширилади.

Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг харажатларига уларнинг тасдиқланган параметрларига нисбатан 10 фоиздан кам кўпайтириш ёки камайтиришни назарда тутадиган ўзгартиришлар киритиш давлат мақсадли жамғармалари тақсимловчи органларининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг харажатларини уларнинг тасдиқланган параметрларига нисбатан кўпайтириш уларни қоплаш манбалари мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.

Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг харажатларига уларнинг тасдиқланган умумий параметрларини кўпайтирмасдан ёки камайтирмасдан ўзгартиришлар киритиш давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишувга кўра амалга оширилади.



150-модда. Харажатлар сметасига ва штат жадвалига

ўзгартиришлар киритиш тартиби


Бюджет ташкилотининг ёки бюджет маблағлари олувчининг сўровига кўра молия йилида унинг учун назарда тутилган харажатларнинг айрим моддалар бўйича бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг ҳажмлари харажатларнинг бошқа моддалари бўйича бюджетдан ажратиладиган маблағлар тенг миқдорда камайтирилган ҳамда бюджет ташкилоти ёки бюджет маблағлари олувчи учун назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тасдиқланган умумий ҳажми сақлаб қолинган ҳолда кўпайтирилиши мумкин. Мазкур ўзгартиришлар бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар томонидан харажатлар сметасига йилига кўпи билан тўрт марта киритилади ва:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар бўйича - бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан;

бюджет маблағларини тақсимловчилар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар бўйича - Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари томонидан;

туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар бўйича - туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари томонидан;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан молиялаштириладиган бюджет маблағлари олувчилар бўйича - давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан рўйхатдан ўтказилади.

Бюджет ташкилотларининг харажатлар сметасига киритиладиган ўзгартиришлар сони ҳисобга олинаётганда бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаш учун бюджет ташкилотининг тасдиқланган харажатлар сметаси доирасида бюджетдан ажратиладиган маблағларни бир моддадан бошқа моддага кўпайтиришни ёки камайтиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар ҳисобга олинмайди.

Бюджет ташкилотининг ва бюджет маблағлари олувчининг сўровига кўра камайтириш томонга ўзгартиришлар киритишга йўл қўйилмайдиган харажатлар моддалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ иш ҳақи миқдорлари оширилиши муносабати билан бюджет ташкилотининг штат жадвалига киритиладиган ўзгартиришлар молия органи томонидан рўйхатдан ўтказилмайди.

Бюджет ташкилотининг штат жадвалига киритилган ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган шакл бўйича тегишли молия органида рўйхатдан ўтказилиши лозим, ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.



22-БОБ. ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ТАҚЧИЛЛИГИ ВА ПРОФИЦИТИ.

ДАВЛАТ ТОМОНИДАН МАБЛАҒ ЖАЛБ ҚИЛИШ


151-модда. Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш.

Давлат бюджети профицити


Давлат бюджети тақчиллиги:

Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағларининг молия йили бошидаги қолдиқлари;

давлат томонидан маблағ жалб қилиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг кредитларини Давлат бюджети тақчиллигини қоплаш манбаси сифатида жалб қилишга йўл қўйилмайди.

Давлат бюджетининг даромадлари унинг харажатларидан ортиши Давлат бюджети профицитидир.

Давлат бюджети профицити фақат Давлат бюджети бўйича аниқланади.



152-модда. Давлат томонидан маблағ жалб қилиш


Давлат томонидан маблағ жалб қилиш ички ва хориждан маблағ жалб қилишдан иборат.

Давлат томонидан ички маблағни жалб қилиш Ўзбекистон Республикаси резидентларидан маблағларни жалб этиш бўлиб, бу маблағлар бўйича Ўзбекистон Республикасининг қарз олувчи ёки қарз олувчи-резидентларнинг кредитларини (қарзларини) тўлашга кафил сифатидаги мажбуриятлари юзага келади.

Чет эл манбаларидан (чет давлатлар, халқаро ташкилотлардан, халқаро молия ва иқтисодий институтлардан, чет эл ҳукуматларининг молия ташкилотлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа норезидентларидан) маблағларни жалб этиш давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш бўлиб, бу маблағ бўйича Ўзбекистон Республикасининг қарз олувчи ёки қарз олувчи-резидентларнинг кредитларини (қарзларини) тўлашга кафил сифатидаги мажбуриятлари юзага келади.

Давлат томонидан маблағ жалб этиш бўйича қарорлар белгиланган тартибда қабул қилинади.

Давлат томонидан маблағ жалб қилиш:

иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини, шу жумладан, давлат инвестиция дастурларини молиялаштириш;

давлат қарзини қайта молиялаштириш;

Давлат бюджети тақчиллигини қоплаш учун амалга оширилади.

Давлат қарзининг энг юқори миқдори ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан навбатдаги йил учун Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари қабул қилинаётганда белгиланади.



153-модда. Давлат томонидан маблағ жалб қилиш турлари


Давлат томонидан маблағ жалб қилиш:

Ўзбекистон Республикаси томонидан қарз олувчи сифатида чет давлатлардан, халқаро ташкилотлардан, халқаро молия ва иқтисодий институтлардан, чет эл ҳукуматларининг молия ташкилотларидан ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа резидентлари ва норезидентларидан жалб қилинган кредитлар (қарзлар) бўйича;

Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатлари бўйича;

Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилган давлат қимматли қоғозлари бўйича қарз мажбуриятлари тарзида амалга оширилиши мумкин.

Қарз мажбуриятлари қисқа муддатли (бир йилгача бўлган муддатга), ўрта муддатли (бир йилдан беш йилгача муддатга) ва узоқ муддатли (беш йил ва ундан ортиқ муддатга) бўлиши мумкин.

Давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.



154-модда. Ўзбекистон Республикаси томонидан

жалб қилинадиган кредитлар (қарзлар)


Ўзбекистон Республикаси томонидан хорижий банклардан, давлатлардан, халқаро молия ва иқтисодий институтлардан, чет эл ҳукуматларининг молия ташкилотларидан жалб қилинадиган кредитлар (қарзлар) давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш жумласига киради.

Ўзбекистон Республикаси томонидан жалб қилинадиган кредитлар (қарзлар) белгиланган тартибда:

давлат инвестиция дастурини молиялаштиришга ёки биргаликда молиялаштиришга;

тармоқларни, иқтисодиёт соҳаларини ва минтақаларни ривожлантириш дастурларини амалга ошириш бўйича тадбирларни молиялаштириш учун кредитларни (қарзларни) қайтадан кредитлашга йўналтирилади.

Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган кредитларни (қарзларни) қайтадан кредитлашда кредит (қарз) бўйича хизмат кўрсатиш юзасидан эҳтимолдаги таваккалчиликларни қоплашда фойдаланиш учун жалб қилинаётган кредит (қарз) ставкасининг 50 фоизидан ошмайдиган миқдорда Ўзбекистон Республикаси маржаси белгиланиши мумкин. Кредит (қарз) бўйича қарздорлик тўлиқ тўланган тақдирда кредит (қарз) бўйича Ўзбекистон Республикаси маржасининг фойдаланилмай қолган суммаси Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг даромадига киритилади.



155-модда. Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатлари


Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолати қарз олувчи-резидент ўзидан ундириладиган суммани қарз (кредит) бўйича битимларда белгиланган муддатда тўламаган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг қарз берувчи олдидаги қарзни тўлиқ ёки қисман тўлаб бериш мажбуриятидир.

Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатлари қарз берувчиларга қарз олувчи-резидентлар ўзи олган кредитлар (қарзлар) бўйича мажбуриятларни бажаришининг таъминоти сифатида берилади. Жисмоний шахсларнинг мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатлари берилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра берилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатларини расмийлаштириш бўйича ваколатли органдир.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг берилган давлат кафолатлари билан шарт қилиб қўйилган тўловларни амалга оширгач, амалга оширилган тўловлар ва улар билан боғлиқ харажатлар суммасини қарз олувчи-резидентдан сўзсиз ундириб олиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатларини расмийлаштириш, тақдим этиш, рўйхатдан ўтказиш ва улар бўйича мажбуриятларни бажариш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


156-модда. Ўзбекистон Республикаси номидан

чиқариладиган давлат қимматли қоғозлари


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси номидан давлат қимматли қоғозларини чиқаради. Давлат қимматли қоғозларини чиқариш ва уларнинг чекланган ҳажми тўғрисидаги қарор белгиланган тартибда қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан эмиссия қилинган давлат қимматли қоғозларини жойлаштиришда;

давлат қимматли қоғозлари бўйича қийматни, фоизларни ва бошқа тўловларни тўлашда;

давлат қимматли қоғозлари бўйича бошқа операцияларни амалга оширишда фискал агент сифатида иштирок этиши мумкин.

Давлат қимматли қоғозларини чиқаришдан олинган тушумлар Давлат бюджети тақчиллигини қоплаш манбаидир.



23-БОБ. БЮДЖЕТ ССУДАЛАРИ, КРЕДИТ

ЛИНИЯЛАРИ ВА КРЕДИТЛАР


157-модда. Бюджет ссудалари, кредит линиялари

ва кредитлар бериш


Бюджет ссудалари, кредит линиялари ва кредитлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан берилиши мумкин.

Бюджет ссудалари, кредит линиялари ва кредитларни бериш қонун ҳужжатлари ҳамда шартнома билан белгиланадиган муддатлилик, қайтариш, мақсадли фойдаланиш шартларига ва бошқа шартларга асосланади.



158-модда. Резидент-юридик шахсларга бериладиган

(очиладиган) бюджет ссудалари ва кредит линиялари


Бюджет ссудалари ва кредит линиялари резидент-юридик шахсларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида берилиши (очилиши) мумкин.

Бюджет ссудалари бюджет ташкилотларига бевосита Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан берилади.

Кредит линиялари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан резидент-юридик шахсларга уларга хизмат кўрсатадиган тижорат банклари орқали, шунингдек бевосита тижорат банкларига очилади.



159-модда. Бюджет ссудаси ва кредит линиясини

ўз вақтида қайтармаслик


Бюджет ссудаси ёки кредит линияси, шу жумладан, фоизлар бюджет ссудасини бериш ёки кредит линиясини очиш тўғрисидаги шартномада белгиланган муддатларда ва ҳажмларда ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

қарзни қарздордан сўзсиз тартибда ундиради;

ҳар бир кечиктирилган кун учун муддати ўтказиб юборилган қарз суммасининг 0,033 фоизи миқдорида пеня ҳисоблайди.



160-модда. Чет давлатларга бериладиган кредитлар


Чет давлатларга кредитлар белгиланган тартибда берилади.



VIII БЎЛИМ.

БЮДЖЕТ ҲИСОБИ ВА ҲИСОБОТИ


24-БОБ. БЮДЖЕТ ҲИСОБИ ВА ҲИСОБОТИНИ

ЮРИТИШ ТАРТИБИ


161-модда. Умумий қоидалар


Бюджет ҳисоби бюджет тизими бюджетларини ижро этишда ҳисобга олинадиган, пулда ифодаланган активлар ва мажбуриятларнинг, шунингдек мазкур активлар ва мажбуриятларни ўзгартирувчи операцияларнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотни тўплаш, рўйхатдан ўтказиш ва умумлаштиришнинг тартибга солинган тизимидир.

Бюджет ҳисоботи бюджет ҳисоби маълумотлари асосида белгиланган шакллар бўйича тузиладиган активлар ва мажбуриятларнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотларнинг умумлаштирилган тизимидир.

Бюджет ҳисоби ва бюджет ҳисоботининг ягона услубияти Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ушбу Кодекс, бюджет ҳисобининг стандартларига, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади. Бюджет ҳисобининг стандартлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Бюджет ташкилотлари томонидан бюджет ҳисоби ва бюджет ҳисоботининг ягона услубиятига риоя этилган ҳолда бюджет ҳисобининг батафсил бўлишини таъминлайдиган ички идоравий ҳужжатлар қўлланилиши мумкин.

Бюджет тизими бюджетлари ижросининг бюджет ҳисоби:

молия органлари;

ғазначилик бўлинмалари;

давлат солиқ хизмати органлари ва божхона органлари;

бюджет ташкилотлари;

давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан юритилади.

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси бўйича бюджет ҳисоби касса усули бўйича юритилади.



162-модда. Бюджет ҳисоботи турлари


Бюджет ҳисоботи қуйидаги ҳисобот турларини ўз ичига олади:

бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг молиявий ҳисоботлари;

Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларига даромадларнинг тушумлари тўғрисидаги ҳисобот;

Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот.


163-модда. Бюджет ташкилотларининг ва бюджет

маблағлари олувчиларнинг молиявий ҳисоботлари


Бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг чораклик молиявий ҳисоботлари ҳисобот йилининг 1 апрель, 1 июль ва 1 октябрь ҳолатига, йиллик молиявий ҳисоботлар эса, келгуси ҳисобот йилининг 1 январь ҳолатига кўра тузилади.

Бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг молиявий ҳисоботлари мазкур ташкилотларнинг раҳбари ҳамда бош бухгалтери томонидан имзоланади.

Чораклик ва йиллик молиявий ҳисоботлар:

бюджет маблағларини тақсимловчилар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига;

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар бўйича - Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармаларига;

туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар бўйича - туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимларига тақдим этилади.

Бюджет маблағларини тақсимловчилар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштириладиган ўз тасарруфидаги ташкилотларнинг молиявий ҳисоботлари асосида чораклик ва йиллик жамланма молиявий ҳисоботларни тузади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади.

Тасарруфдаги ташкилотлар учун молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан ўзи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига жамланма молиявий ҳисоботларни тақдим этадиган муддатлар ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг жамланма молиявий ҳисоботлари бюджет маблағларини тақсимловчининг раҳбари ёки у ваколат берган шахс ва бош бухгалтер томонидан имзоланади.

Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан бюджет маблағлари олувчилар давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан белгиланган тартибда чораклик ва йиллик молиявий ҳисоботларни тузади ҳамда давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органларга тақдим этади.

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган тегишли молия органларига молиявий ҳисоботларни улар белгилаган муддатларда, лекин Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган муддатлардан кечиктирмай тақдим этади.

Туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган тегишли молия органларига молиявий ҳисоботларни улар белгилаган муддатларда, лекин юқори турувчи молия органи томонидан белгиланган муддатлардан кечиктирмай тақдим этади.

Электрон ҳужжат тарзида тақдим этилган молиявий ҳисоботлар бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар раҳбарларининг ёки улар ваколат берган шахсларнинг ва бош бухгалтерларининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг чораклик ҳамда йиллик молиявий ҳисоботларни тузиш, тасдиқлаш ва тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.



164-модда. Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармалари

бюджетларига даромадларнинг тушумлари тўғрисидаги ҳисобот


Туманлар ва шаҳарлар давлат солиқ инспекциялари тегишли туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимларига ҳисобот даври учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ҳисобланиши ҳамда тушуми тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари ҳамда Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, шу жумладан, ихтисослаштирилган бўлинмалари Қорақалпоғистон Республикаси молия вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармаларига ҳисобот даври учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ҳисобланиши ҳамда тушуми тўғрисида ҳисоботлар тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳисобот даври учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ҳисобланиши ҳамда тушуми тўғрисида ҳисоботлар тақдим этади.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ҳисобланиши ва тушуми тўғрисидаги ҳисоботларнинг шакллари ҳамда уларни тақдим этиш муддатлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органларга Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган шакллар ва муддатларда Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари даромадларининг тушумлари тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тушумлари бўйича солиштириш далолатномалари банк муассасалари, тегишли давлат солиқ хизмати органлари ва божхона органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари, давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар ҳамда тегишли ғазначилик бўлинмалари ўртасида тузилади.



165-модда. Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот


Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот бюджет таснифига мувофиқ муайян давр учун Давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг ижроси натижаларидан иборат бўлади.

Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот қуйидаги ҳисобот шаклларини ўз ичига олади:

Давлат бюджети ижросининг балансини;

Давлат бюджети даромадларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни;

Давлат бюджети харажатларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни;

бюджет ташкилотларининг дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрисидаги маълумотномани;

Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари бўйича тармоқ, штатлар ва контингентга доир режанинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни.

Туманлар ва шаҳарлар бўйича ғазначилик бўлинмалари тегишли туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимларига туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг касса ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этади.

Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари ҳисобот даври учун туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган шакллар бўйича:

юқори турувчи молия органларига - улар белгилаган муддатларда;

тегишли ҳокимликларга - туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот юқори турувчи молия органларига тақдим этилганидан сўнг уч иш куни ичида тақдим этади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича ғазначилик бошқармалари Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг касса ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармаларига тақдим этади.

Ғазначилик бўлинмалари томонидан тегишли бюджетларнинг касса ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни молия органларига тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари ҳисобот даври учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган шакллар бўйича:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига - у белгилаган муддатларда;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ва тегишли ҳокимликларга - Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилганидан сўнг уч иш куни ичида тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган шакллар бўйича Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни тузади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисидаги чораклик ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган муддатларда;

Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелигача тақдим этади.



166-модда. Давлат мақсадли жамғармалари

бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот


Давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига таҳлилий мақсадлар учун давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этади.

Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларнинг шакллари, тақдим этиш тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.

Давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги чораклик ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган муддатларда;

давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелигача тақдим этади.


25-БОБ. ДАВЛАТ БЮДЖЕТИНИНГ ВА ДАВЛАТ

МАҚСАДЛИ ЖАМҒАРМАЛАРИ БЮДЖЕТЛАРИНИНГ

ИЖРОСИ ТЎҒРИСИДАГИ ҲИСОБОТЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ


167-модда. Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли

жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги

йиллик ҳисоботнинг ташқи аудити ҳамда уни баҳолаш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига ташқи аудит ўтказиш ва баҳолаш учун ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 5 апрелигача юборади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботга доир хулосани ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 10 майидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосаси билан бирга ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 майидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига тақдим этади.



168-модда. Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг,

шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг

ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб

чиқиш ҳамда тасдиқлаш

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари томонидан ҳисобот даври учун тақдим этилган тегишли бюджетларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни ўз партиялар гуруҳларида ва доимий комиссияларида (қўмиталарида) дастлабки тарзда муҳокама қилиш асосида кўриб чиқади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари тегишли бюджетлар ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботларни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 10 майидан сўнг тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига тақдим этади.

Тегишли бюджетларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан белгиланади.

Тегишли бюджетларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари қарорлари билан тасдиқланади.



169-модда. Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли

жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги

ҳисоботларни кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишли ҳисобот даври учун тақдим этилган Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар гуруҳлари ва қўмиталарида муҳокама қилиш асосида кўриб чиқади.

Тегишли ҳисобот даври учун Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар гуруҳлари ва қўмиталарида кўриб чиқилгандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қарори билан тасдиқланади.

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқлангандан сўнг ҳисобот йили учун Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.



IX БЎЛИМ.

БЮДЖЕТ ТИЗИМИ БЮДЖЕТЛАРИНИНГ

ИЖРОСИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


26-БОБ. ДАВЛАТ МОЛИЯВИЙ НАЗОРАТИ


170-модда. Умумий қоидалар


Давлат молиявий назорати бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг молиявий назорат объектлари томонидан бузилиши ҳолларини аниқлаш, бартараф этиш ва унга йўл қўймаслик мақсадида давлат молиявий назорат органлари томонидан амалга оширилади.

Давлат молиявий назорати:

республика даражасида - Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ва Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари бюджетдан ташқари жамғармаларининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан;

маҳаллий даражада - Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетидан, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари бюджетдан ташқари жамғармаларининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан амалга оширилади.

Давлат молиявий назорат органлари давлат молиявий назоратини давлат молиявий назорат органлари ёки ваколатли орган томонидан тасдиқланадиган назорат қилиш йиллик режаларига мувофиқ амалга оширади.

Айрим ҳолларда режадан ташқари давлат молиявий назоратини амалга оширишга:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг;

давлат молиявий назорат органига бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисида маълумотлар келиб тушган ҳолларда давлат молиявий назорат органлари раҳбарларининг қарорлари асосида йўл қўйилади.



171-модда. Давлат молиявий назорат органлари


Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва унинг тасарруфидаги ваколатли органлар давлат молиявий назорат органларидир.

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг даромадлари қисми бўйича давлат молиявий назорати берилган ваколатлар доирасида давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.



172-модда. Давлат молиявий назорати принциплари


Давлат молиявий назоратини ўтказишнинг қонунийлиги ва мустақиллиги, шунингдек давлат молиявий назорати натижаларининг ишончлилиги ва холислиги давлат молиявий назоратининг принципларидир.



173-модда. Давлат молиявий назоратининг

шакллари, турлари ва усуллари


Давлат молиявий назорати тафтиш, текшириш (шу жумладан, бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг аввалги тафтишда ёки текширишда аниқланган бузилиши ҳолларини бартараф этиш юзасидан назорат тартибидаги текшириш) ва ўрганиш шаклида амалга оширилади.

Давлат молиявий назоратининг турлари қуйидаги:

дастлабки назорат - молиявий операциялар бажарилгунига қадар ғазначилик бўлинмалари ва молия органлари томонидан амалга ошириладиган;

жорий назорат - молиявий операциялар бажарилиши жараёнида ғазначилик бўлинмалари, молия органлари ва давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга ошириладиган;

якуний назорат - молиявий операциялар бажарилганидан сўнг ушбу Кодекснинг 171-моддасида кўрсатилган давлат молиявий назорат органлари томонидан амалга ошириладиган назоратлардир.

Давлат молиявий назоратининг усуллари қуйидагилардир:

ҳужжатларни текшириш ҳажмига қараб:

ёппасига назорат - текширилаётган давр учун барча бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни назорат қилиш;

танлов асосидаги назорат - муайян давр учун бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларнинг айрим қисмларини назорат қилиш;

назоратнинг мақсадга йўналтирилганлиги ва предметига қараб:

комплекс назорат - молиявий назорат объектининг муайян давр учун молиявий-хўжалик фаолиятининг барча йўналишларини назорат қилиш;

мавзули назорат - молиявий назорат объектининг муайян давр учун айрим масалалар бўйича фаолиятини назорат қилиш;

муқобил назорат - операциялар ягоналиги билан ўзаро боғлиқ бўлган ва турли молиявий назорат объектларида турган ҳужжатларни солиштиришни ўз ичига олган текшириш, бундан тадбиркорлик субъектлари мустасно.


174-модда. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб

палатаси томонидан амалга ошириладиган

давлат молиявий назорати


Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси қуйидагиларни амалга оширади:

макроиқтисодий кўрсаткичларни, бюджет-солиқ ва пул-кредит параметрларини шакллантириш жараёнларини, уларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигига риоя этилишини тизимли ўрганиш;

бюджет тизими бюджетларининг даромадларини шакллантириш ва маблағлари сарфланишини умумий, моддалар бўйича, тармоқлар ҳамда ҳудудлар кесимида назорат қилиш ва текшириш;

давлат мақсадли дастурлари амалга оширилишининг тўлиқлиги ва самарадорлигини баҳолаш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг банк ҳисобварақларидаги маблағларининг қонуний шакллантирилганлигини, мақсадли ҳамда самарали сарфланганлигини назорат қилиш ва текшириш;

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ва Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ўртасида мақбул нисбатга эришишга доир таклифларни таҳлил қилиш ҳамда баҳолаш;

давлат активлари шакллантирилишини, улардан самарали ва мақсадли фойдаланилишини текшириш;

даромад келтирувчи тармоқлар корхоналари фаолиятини бюджет тизими бюджетларига қўшимча тушумлар захираларини аниқлашга йўналтирилган тарзда таҳлил ва назорат қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ҳисоб-китоблар жамғармаси, Қишлоқларни қишлоқ хўжалик техникаси билан таъминлашни давлат томонидан рағбатлантириш жамғармаси ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг маблағлари тушуми ва даромадларининг шакллантирилиши, уларнинг маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан таҳлил ва назорат қилиш;

валюта, экспорт ва импорт операциялари ўтказишнинг қонунийлигини, шунингдек бюджет тизими бюджетларига товарлар (ишлар, хизматлар) экспорти ва импортидан мажбурий тўловлар бўйича маблағлар тушумини назорат қилиш;

мамлакат олтин-валюта захираларининг ўрни қайта тўлдирилиши ва улар билан амалга ошириладиган операциялар устидан назорат қилиш;

ички ва ташқи активларни бошқариш бўйича ҳисоботлар ва баланс ҳисоб-китобларини таҳлил қилиш, маблағлар ва олтин-валюта захираларини чет эл банкларига ва бошқа банкларга жойлаштириш ҳамда қайта жойлаштиришнинг асосли ва самарали эканлигини назорат қилиш;

давлат қарзини бошқариш самарадорлигини таҳлил қилиш, унга ўз вақтида хизмат кўрсатилиши устидан назорат қилиш, Ўзбекистон Республикаси номидан ёки унинг кафолати остида жалб қилинган чет эл кредитлари маблағларидан самарали фойдаланиш масалалари бўйича предметли текширувлар ташкил этиш;

давлат мулки реализация қилиниши билан боғлиқ масалаларни таҳлил қилиш ва улар бўйича назоратни таъминлаш;

бюджет тизими бюджетлари маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан назорат қилишга доир вазифалар молия органлари, шу жумладан, ғазначилик бўлинмалари томонидан бажарилиши самарадорлигини таҳлил қилиш;

давлат мулки улуши бўлган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолиятини дивидендлар тўғри ҳисобланиши ва тўланиши юзасидан текшириш.