Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари /

Фуқаролар йиғинининг "Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 04.03.2014 й. 47-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2014 йил 4 мартдаги

47-сон қарорига

ИЛОВА



Фуқаролар йиғинининг "Маҳалла посбони"

жамоатчилик тузилмаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, Фуқаролар йиғинининг "Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмасининг (кейинги ўринларда Жамоатчилик тузилмаси деб аталади) асосий вазифаларини, унинг фаолиятини ташкил этиш, Жамоатчилик тузилмаси раҳбари ва аъзоларининг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.


2. Жамоатчилик тузилмаси мамлакатимизда тинчлик, осойишталик, хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларда огоҳлик ва фаолликни ошириш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликдаги ишларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида барча фуқаролар йиғинларида ташкил этилади.


3. Жамоатчилик тузилмаси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Фуқаролар йиғини тўғрисидаги низомга, фуқаролар йиғини ва унинг кенгаши қарорларига ҳамда ушбу Низомга мувофиқ амалга оширади.


4. Жамоатчилик тузилмаси фаолияти ихтиёрийлик, ошкоралик, ижтимоий адолат, инсонпарварлик, қонунийлик, жамоатчилик йўли билан ўзаро ёрдам кўрсатиш тамойиллари асосида ташкил этилади.


5. Жамоатчилик тузилмаси раҳбарига тегишли фуқаролар йиғини раисининг лавозим маошига тенг миқдорда маош белгиланади ҳамда уларнинг таъминоти учун зарур бўлган маблағлар маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратилади.

Жамоатчилик тузилмаси аъзолари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадилар.


6. Фуқаролар йиғини раиси ва ички ишлар органларининг ҳудудий профилактика инспектори Жамоатчилик тузилмаси фаолиятига умумий раҳбарликни ўзаро ҳамкорликда амалга оширадилар.



II. ЖАМОАТЧИЛИК ТУЗИЛМАСИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


7. Қуйидагилар Жамоатчилик тузилмасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

тегишли ҳудудда хавфсизликни ва жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар огоҳлигини ошириш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг қуйи тизимлари билан ҳамкорликда иш олиб бориш;

жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга кўмаклашиш, ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, диний экстремизм ва терроризмга қарши курашда фуқаролар фаоллигини ошириш ишларида қатнашиш;

аҳолида, биринчи навбатда, ёшларда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқаролар йиғинларида ҳуқуқий тарбия ва ҳуқуқий тарғибот ишларини тизимли амалга оширишда иштирок этиш;

халқимиз маънавиятига зид бўлган турли салбий таъсирларнинг олдини олиш юзасидан тушунтириш ишларини самарали ташкил этиш ва ўтказишда қатнашиш;

мамлакатимизда қарор топган тинчлик, осойишталик ва барқарорлик натижасида аҳоли фаровонлиги таъминланаётганлиги, бу борада ўзининг фаол иштироки билан муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаронинг ватанпарварлик ва фуқаролик бурчи эканлигини тушунтиришда қатнашиш;

фуқаролар йиғини ҳудудидаги экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари талаблари, умумдавлат ҳамда ҳудудий дастурларда белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш ва ушбу жараёнда кенг жамоатчилик кўмагини шакллантириш ишларини ташкил этиш ва амалга оширишда иштирок этиш.


8. Жамоатчилик тузилмаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қуйидаги йўналишлардаги фаолиятида бевосита иштирок этади ва ёрдам кўрсатади:

фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш;

ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, бу борада аҳоли билан турли профилактика тадбирлари ўтказиш;

фуқаролар томонидан паспорт тизими, санитария, экология, ёнғин ва ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши юзасидан тегишли ҳудудда тушунтириш ишларини ташкил қилиш;

ичкиликбозлик ва гиёҳвандликка ружу қўйганларни, оила-турмуш доирасида мунтазам ҳуқуқбузарликлар содир этувчиларни, ўзларининг жамиятга зид хатти-ҳаракатлари билан фарзандлари тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ёки улар тарбияси билан шуғулланмайдиган ота-оналарни, нотинч оилаларни, вояга етмаганларни турли ҳуқуқбузарликлар содир этишга ундовчи шахсларни, ёшлар онгини заҳарлаб, уларни турли диний экстремистик ғоялар таъсирига олиш мақсадида бундай ташкилотларга аъзо бўлишга даъват этувчи, турли ноқонуний тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борувчи шахсларни, ўсмирларга қонунга хилоф равишда диний таълим берувчиларни, конституциявий тизимга қарши турли ахборотларни тарқатувчи шахсларни аниқлаш ҳамда улар билан профилактик-тарбиявий ишлар олиб бориш;

муқаддам судланган ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштиришда кўмаклашиш;

жисмоний шахсларнинг ҳуқуқбузарликдан жабрланувчига айланиши хавфини камайтиришга доир чора-тадбирларни амалга ошириш.

9. Жамоатчилик тузилмаси ўз вазифаларини амалга оширишда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ходимлари билан яқиндан ҳамкорликда фаолият олиб боради.


10. Жамоатчилик тузилмаси табиий офатлар, оммавий тартиббузарликлар ва бошқа фавқулодда вазиятларда жамоат тартибини сақлашда, фавқулодда вазият хавфи туғилганда аҳолини ўз вақтида хабардор этишда, аҳоли ўртасида бундай вазиятларда тўғри ҳаракат қилишни тарғиб қилишда ва ушбу ҳолатларни бартараф этишда тегишли давлат органларига яқиндан ёрдам беради.



III. ЖАМОАТЧИЛИК ТУЗИЛМАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Жамоатчилик тузилмаси фуқаролар йиғини кенгаши томонидан фуқаролар йиғини раисининг тақдимномасига асосан ҳудудий ички ишлар органларининг профилактика инспектори билан келишган ҳолда ҳудудда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик ҳолатларининг олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ихтиёрий равишда ёрдам бериш истагини билдирган фуқаролардан иборат таркибда шакллантирилади.


12. Жамоатчилик тузилмаси аъзолари сони тегишли ҳудуднинг табиий-географик, ижтимоий-иқтисодий, демографик, криминоген хусусиятларидан келиб чиқиб, ички ишлар органларининг профилактика инспектори билан келишган ҳолда, фуқаролар йиғини кенгашининг қарорига мувофиқ белгиланади ва ўзгартирилади. Жамоатчилик тузилмаси аъзолари сони 6 - 16 нафар бўлиши лозим.


13. Давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари Жамоатчилик тузилмасининг шаклланиши ва фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратадилар.


14. Жамоатчилик тузилмаси учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари жойлашган биноларда алоҳида хоналар ажратилади. Ажратилган хоналарнинг моддий-техника таъминотини яхшилашда маҳаллий ҳокимликлар томонидан ёрдам кўрсатилади.



IV. ЖАМОАТЧИЛИК ТУЗИЛМАСИ АЪЗОЛИГИГА

ҚАБУЛ ҚИЛИШ


15. Жамоатчилик тузилмаси аъзолигига жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга доир профилактика тадбирларида ихтиёрий равишда иштирок этиш истагини билдирган, жисмоний ва маънавий соғлом, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қиладиган, юксак инсоний ва ахлоқий фазилатларга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.


16. Жамоатчилик тузилмасига ўз турмуш тарзи билан фуқаролар йиғини аъзолари ўртасида салбий тавсифланганлар, ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турганлар, руҳий касаллиги, гиёҳвандликка, сурункали ичкиликбозликка ружу қўйганлиги учун тегишли тиббиёт муассасалари ҳисобида турганлар, қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаганлар, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганлар, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари қабул қилинмайди.


17. Жамоатчилик тузилмаси аъзолигига номзоднинг ушбу Низомнинг 15 ва 16-бандларида кўрсатилган талабларга мувофиқлигини ўрганиб чиқиш учун фуқаролар йиғини раиси ва тегишли ҳудуддаги ички ишлар органларининг профилактика инспектори шахсан масъулдирлар.


18. Фуқаролар йиғини раиси ва ҳудуддаги ички ишлар органларининг профилактика инспектори томонидан фуқароларни Жамоатчилик тузилмаси аъзолигига қабул қилиш ва аъзоликдан чиқаришни қайд этиш бўйича махсус дафтар юритилади ҳамда аъзолар фаолияти мониторинги олиб борилади. Ушбу дафтар тегишли ҳудуддаги ички ишлар органлари таянч пунктида сақланади.

19. Ўз вазифасини бажармаган, фаолияти салбий баҳоланган, қонунга зид хатти-ҳаракатлар қилган шахсларни Жамоатчилик тузилмаси аъзолари сафидан чиқариш фуқаролар йиғини раиси ҳамда ҳудудий ички ишлар органининг профилактика инспектори тавсиясига асосан фуқаролар йиғини кенгашининг қарори билан амалга оширилади.


V. ЖАМОАТЧИЛИК ТУЗИЛМАСИ РАҲБАРИНИ ТАЙИНЛАШ

ТАРТИБИ, УНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


20. Жамоатчилик тузилмаси раҳбари лавозимига номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотли, бевосита тайинлангунгача камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида, таълим муассасаларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёхуд хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.


21. Жамоатчилик тузилмаси раҳбари лавозимига фуқаролар йиғини раиси ва ҳудудий ички ишлар органининг профилактика инспектори тавсияномаси асосида 3 нафардан кам бўлмаган номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгаши ва ҳудудий ички ишлар органи раҳбари билан келишиш учун тақдим этилади. Келишилган номзодлар орасидан фуқаролар йиғини кенгаши томонидан Жамоатчилик тузилмаси раҳбари танланади ва кенгаш қарорига асосан лавозимга тайинланади.

22. Фуқаролар йиғини раиси фуқаролар йиғини кенгаши қарори билан тайинланган жамоатчилик тузилмаси раҳбари билан меҳнат шартномаси тузади.


23. Жамоатчилик тузилмаси раҳбарига, белгиланган тартибда гувоҳнома ва кўкрак нишони берилади.


24. Жамоатчилик тузилмаси раҳбари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Жамоатчилик тузилмаси аъзоларидан ўзларига юкланган вазифаларни бажаришни талаб қилиш;

ўзига юкланган вазифаларни бажармаётган жамоатчилик тузилмаси аъзоларини аъзоликдан чиқариш юзасидан фуқаролар йиғини раисига таклиф киритиш;

ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан ҳамда фуқаролар йиғини раисидан Жамоатчилик тузилмаси аъзоларини ушбу Низомда кўрсатилмаган вазифалар ва топшириқларни бажаришга жалб этмасликни талаб қилиш.


25. Қуйидагилар Жамоатчилик тузилмаси раҳбарининг Жамоатчилик тузилмаси фаолиятини ташкил этишдаги мажбуриятлари ҳисобланади:

Жамоатчилик тузилмасининг тегишли ҳужжатларини юритиш;

Жамоатчилик тузилмаси ишини режалаштириш, аъзоларини тегишли ҳудуд ва йўналишлар бўйича тақсимлаш;

йилнинг ҳар чорагида ушбу Низомда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юзасидан фуқаролар йиғинига (вакиллар йиғилишига) ҳисобот бериш;

Жамоатчилик тузилмаси аъзолари билан уларнинг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича машғулотлар ўтказиш;

Жамоатчилик тузилмаси аъзолари томонидан ўзларига юкланган вазифаларнинг белгиланган тартибда бажарилиши ҳолатини назорат қилиб бориш;

Жамоатчилик тузилмаси аъзоларига вазифаларни бажаришга жалб этишдан олдин қонунийликка ва шахсий хавфсизликни таъминлаш қоидаларига риоя қилиш бўйича тушунтиришлар бериш;

жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига кўмаклашиш бўйича белгиланган вазифаларни Жамоатчилик тузилмаси аъзоларига ўз вақтида етказиш ҳамда уларнинг бажарилишини таъминлаш;

ички ишлар органларининг профилактика инспектори ва фуқаролар йиғини раиси билан биргаликда Жамоатчилик тузилмаси аъзолари фаолиятида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш.



VI. ЖАМОАТЧИЛИК ТУЗИЛМАСИ АЪЗОЛАРИНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ, ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


26. Жамоатчилик тузилмаси аъзолари тегишли ҳудудда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан ҳамкорликда қуйидаги вазифаларни бажарадилар:

фуқароларнинг, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, тегишли ҳудудда қонун устуворлигини ва осойишталикни таъминлаш, жамиятда юриш-туриш қоидаларига ва ахлоқ-одоб мезонларига риоя қилинишини, ҳудудда тартиб ўрнатишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига кўмаклашиш;

ички ишлар органлари ҳисобида турувчи, тарбияси оғир вояга етмаган шахслар билан аниқ мақсадли профилактика тадбирларини ташкиллаштириш ва ўтказишда иштирок этиш;

фуқаролар томонидан паспорт тизими, санитария, ёнғин ва ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши юзасидан тегишли ҳудудда тушунтириш ишларини олиб боришда иштирок этиш;

ҳудудда хавфсизликни ва жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар огоҳлигини ошириш, жиноят содир бўлганда айбдор шахсларни аниқлаш тадбирларида қатнашиш;

конституциявий тизимга қарши турли ахборотларни тарқатувчи шахсларни аниқлаш ҳамда улар билан профилактик-тарбиявий ишлар олиб бориш;

жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга кўмаклашиш, экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ҳудудий дастурларда белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш;

тегишли ҳудудда ноқонуний истиқомат қилаётган, узоқ муддатдан буён уйига келмаётган шахслар ҳамда ўзларига маълум бўлган, содир этиш учун тайёргарлик кўрилаётган жиноятлар тўғрисида тузилма раҳбарини ва ички ишлар органларининг ҳудудий профилактика инспекторини ёки тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини хабардор қилиш;

Жамоатчилик тузилмасига юклатилган бошқа вазифаларни амалга оширишда фаол иштирок этиш.


27. Жамоатчилик тузилмаси аъзолари ўзларига юкланган вазифаларни бажариш жараёнида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

жамоат тартиби, хавфсизлик, жамиятда юриш-туриш ва ахлоқ-одоб ҳамда паспорт тизими, санитария ва экология, ёнғин ва ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига фуқаролар томонидан риоя қилинмаган ҳолларда тегишли органлар билан биргаликда тушунтириш ишларини олиб бориш ва ташкил этишда қатнашиш;

тегишли ҳудудда содир этилаётган ҳар қандай ҳуқуқбузарликларни тўхтатишни фуқаролардан талаб қилиш;

тегишли ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролар ўртасидаги турли низоларни ҳал этишда, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни муҳокама қилишда, ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этишга мойил шахслар билан ҳуқуқий-тарбиявий мазмундаги суҳбатларда ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа профилактика чора-тадбирларида бевосита иштирок этиш;

ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ва жамоат тартибини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган фаолият самарадорлигини оширишга доир таклифларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига киритиш;

жамоатчилик тузилмаси раҳбари, ички ишлар органларининг профилактика инспектори ва фуқаролар йиғини раисидан ўз хизмат вазифаларини бажариш учун шарт-шароит яратишни ҳамда амалий ёрдам кўрсатишни талаб қилиш.


28. Қуйидагилар Жамоатчилик тузилмаси аъзоларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришдаги мажбуриятлари ҳисобланади:

фуқаролар билан муносабатда оғир, вазмин ва хушмуомала бўлиш;

шахсий хавфсизликни таъминлаш қоидаларига риоя этиш;

ўзининг умумий дунёқарашини, хусусан, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий билимларини ошириб бориш;

жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарликлар ёки бахтсиз ҳодисалар содир этилганда бу ҳақда зудлик билан Жамоатчилик тузилмаси раҳбарига, ички ишлар органларига ва бошқа тегишли ташкилотларга хабар бериш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари келгунга қадар жиноят содир этилган жойларга бошқа шахсларнинг кирмаслиги, жиноят излари ва жиноятга алоқадор бўлган барча ашёвий далилларнинг йўқолмаслиги чораларини кўриш;

Жамоатчилик тузилмаси раҳбарига ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимларига ушбу Низомда кўрсатилган вазифаларни бажаришда кўмаклашиш ва уларнинг қонуний талабларини бажариш;

ўз фаолияти ҳақида Жамоатчилик тузилмаси раҳбарига, фуқаролар йиғини раисига ва ички ишлар органларининг профилактика инспекторига ҳисобот бериш ҳамда ахборот тақдим этиш.


29. Жамоатчилик тузилмаси аъзоларига ўзларига юкланган вазифаларни бажариш вақтида спиртли ичимликлар, гиёҳванд воситалар, психотроп ёки одамнинг ақл-иродасига таъсир этувчи бошқа моддалар истеъмол қилиш, қурол ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари хизмат фаолияти давомида фойдаланиладиган бошқа махсус воситаларни ишлатиш тақиқланади.



VII. ЖАМОАТЧИЛИК ТУЗИЛМАСИ РАҲБАРИНИ

ВА АЪЗОЛАРИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ


30. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси ўз тизимидаги органларда хизмат қилишга номзодларни Жамоатчилик тузилмаси аъзолари ҳамда раҳбарлари орасидан танлашга ва қабул қилишга алоҳида эътибор қаратади.


31. Жиноятчиликнинг олдини олишда, фуқаролар осойишталигини таъминлашда, жамоат тартибини сақлашда, шунингдек жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни аниқлашда ҳамда ўзига юкланган бошқа вазифаларни бажаришда ўрнак кўрсатган Жамоатчилик тузилмаси раҳбари ва аъзолари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат мукофотларига тавсия этилиши мумкин.


32. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тузилмалар фаолиятида намуна ва ибрат кўрсатаётган Жамоатчилик тузилмаси раҳбари ва аъзоларини, ҳомийларни жалб қилган ҳолда, моддий-маънавий рағбатлантириб боришлари мумкин.



VII-1. ЖАМОАТЧИЛИК ТУЗИЛМАСИ РАҲБАРЛАРИНИ ИЧКИ

ИШЛАР ОРГАНЛАРИ КАДРЛАР ЗАХИРАСИГА КИРИТИШ

32-1. Жамоатчилик тузилмаси раҳбари фуқаролар йиғини раиси ва ҳудудий ички ишлар органининг профилактика инспектори тавсияномасига асосан ички ишлар органлари томонидан кадрлар захирасига киритилади.


32-2. Ички ишлар органлари кадрлар захирасига:

Жамоатчилик тузилмаси сафида камида бир йил мобайнида раҳбарлик қилган;

30 ёшдан ошмаган;

соғлиғининг ҳолати ва жисмоний тайёргарлиги бўйича ички ишлар органи ходимининг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлган;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ёхуд олий таълим муассасаларида ҳарбий тайёргарликни ўтаган Жамоатчилик тузилмаси раҳбарлари лавозимида фаолият олиб бораётган шахслар киритилади.



VIII. ЖАМОАТЧИЛИК ТУЗИЛМАСИ БИЛАН ИШЛАШ

ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ


33. Тегишли ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқаролар осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва ушбу ҳудудда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга доир вазифаларни амалга ошириш, фуқаролар билан муомала маданияти, ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришга қаратилган ва бошқа масалалар юзасидан ҳар бир ички ишлар органининг профилактика инспектори Жамоатчилик тузилмаси билан ҳамкорликда иш олиб боради.


34. Ички ишлар органларининг профилактика инспектори Жамоатчилик тузилмаси билан биргаликда тегишли ҳудудда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш билан боғлиқ вазифаларни бажаришда, биринчи навбатда, қонун устуворлигини таъминлаш, қонунчиликка, жамиятда юриш-туриш қоидаларига ва ахлоқ-одоб мезонларига риоя этиш зарурлиги юзасидан тушунтириш ишларини олиб боради.


35. Тегишли ҳудудда жойлашган давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда, фуқаролар осойишталигини таъминлашда ва жамоат тартибини сақлашда Жамоатчилик тузилмасига ёрдам беришлари лозим.


36. Ички ишлар органларининг профилактика инспектори фуқаролар йиғини раиси билан биргаликда:

Жамоатчилик тузилмасига юкланган вазифаларни бажариш тартиби тўғрисида аниқ кўрсатмалар беради, ўзаро алоқа ва ҳамкорлик қилиш йўлларини белгилаб беради;

Жамоатчилик тузилмасининг олиб бораётган ишларини, берилган вазифаларни бажариш жараёнидаги хатти-ҳаракатларини мунтазам назорат қилиб боради;

Жамоатчилик тузилмасидан олинган маълумотлар асосида қарор қабул қилишда ушбу маълумотларнинг тўғрилигини текшириб кўради.


37. Жамоатчилик тузилмаси фаолиятини ўрганиш, таҳлил қилиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, унинг фаолиятини такомиллаштириш ва уни рағбатлантириш ҳақидаги масалалар Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлардаги ҳудудий кенгашлари томонидан ҳар йили камида бир марта муҳокама этиб борилади.



IX. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


38. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Жамоатчилик тузилмаси ёрдамидан фақат ушбу Низомда белгиланган вазифалар доирасида, ички ишлар органларининг профилактика инспектори, фуқаролар йиғини раиси, Жамоатчилик тузилмаси раҳбари билан келишган ҳолда фойдаланиши мумкин.

Жамоатчилик тузилмасини ушбу Низомда кўрсатилмаган вазифаларни бажаришга жалб этиш тақиқланади.


39. Жамоатчилик тузилмасига қонунга хилоф топшириқларни бериш, таркибида жиноят аломатлари бўлган ёки жиноятга алоқадор маълумотлар бўлган ҳамда бевосита ички ишлар органлари ваколати доирасига кирувчи ишларни кўриб чиқиш ва ҳал этишни топшириш, уларни давлат ва хизмат сирига эга бўлган ҳужжатлар билан таништириш тақиқланади.


40. Мазкур Низом талабларини бузган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 10 март, 10-сон, 106-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2014 йил, 3-сон, 17-модда












































Время: 0.1674
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск