язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг Ўзбекистондан чет элга чиқиши ва кириши/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.03.2014 й. ПҚ-2142-сон "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида"ги Қарори

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

05.03.2014 й.

N ПҚ-2142



МАНСАБДОР ШАХСЛАРНИНГ ХОРИЖИЙ

МАМЛАКАТЛАРГА ЧИҚИШ ТАРТИБИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРАЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш, хизмат сафарларининг самарадорлигини ошириш, Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлиги ва давлат сирлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида:


1. Қуйидагилар тасдиқлансин:

Хорижий мамлакатларга хизмат сафарига чиқиши Ўзбекистон Республикаси Президенти билан махсус келишувни талаб қиладиган мансабдор шахслар рўйхати 1-иловага мувофиқ;

Хорижий мамлакатларга хизмат сафарига чиқиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан махсус келишувни талаб қиладиган мансабдор шахслар рўйхати 2-иловага мувофиқ;

Хорижий мамлакатларга хизмат сафарига чиқиши Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг тегишли хизматлари билан махсус келишувни талаб қиладиган мансабдор шахслар рўйхати 3-иловага мувофиқ.


2. Ўзбекистон Республикасининг "Давлат сирларини сақлаш тўғрисида"ги Қонуни билан давлат сири ёки ҳарбий сирни ташкил этувчи маълумотлар билан ишлаётган ёки ишлаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари уларнинг ёзма равишда берган розиликлари билан чекланиши мумкинлиги белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.

Белгилансинки, давлат сири ёки ҳарбий сирни ташкил этувчи маълумотлардан хабардор мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиши белгиланган тартибда махсус келишувга асосан амалга оширилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, уларнинг девонлари масъул ходимларининг хорижий мамлакатларга хизмат сафарларига тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси кенгашлари қарорларига асосан чиқиши тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тавсия қилинсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга хизмат сафарларини ташкил этиш қоидаларини тасдиқласин, унда режа-топшириқ ва хизмат сафари натижалари бўйича ҳисобот тузиш тартиби, хизмат сафарига юборилаётган мансабдор шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шу жумладан, хизмат сафарининг мақсади ва вазифаларини самарали амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, расмий ва норасмий маросимларни ўтказиш пайтида бўлиб турган мамлакат қонунчилигига ва умумэътироф этилган юриш-туриш қоидалари (этикет)га риоя этиш, шунингдек давлат сирларидан хабардор шахсларнинг чет элга чиқиши муносабати билан маҳфийлик режимини таъминлаш назарда тутилсин.


5. Давлат ҳокимияти ва хўжалик органлари раҳбарлари зиммасига хизмат сафарларининг асослантирилганлиги, самарали ташкил этилиши ва натижадорлиги, хизмат сафари харажатлари учун ажратилган маблағларнинг мақсадли ва оқилона сарфланиши, ушбу Қарор талабларининг бажарилиши учун шахсий жавобгарлик юклансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Олий суд, Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қонунга хилоф равишда чет элга чиққанлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

қонун ҳужжатларига ушбу Қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин;

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ушбу Қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 6 январдаги 8-сон "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга боришлари тартибини ва Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспорти тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорининг 2-банди тўртинчи ва бешинчи хатбошилари, шунингдек қарорга 4-илова ўз кучини йўқотган деб топилсин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси И. Абдуллаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                        И. Каримов






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2014 йил 5 мартдаги

ПҚ-2142-сонли қарорига

1-ИЛОВА



Хорижий мамлакатларга хизмат сафарига чиқиши

Ўзбекистон Республикаси Президенти билан махсус

келишувни талаб қиладиган мансабдор шахсларнинг

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари;


2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, унинг ўринбосарлари;


3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери, унинг ўринбосарлари;


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши Котиби, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Ишлар бошқарувчиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг бошқа мустақил бўлинмалари раҳбарлари, шунингдек уларнинг ўринбосарлари.


5. Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппаратининг масъул ходимлари;


6. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ректори;


7. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг директори;


8. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтининг директори;


9. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси ва унинг ўринбосари;

10. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман);


10-1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили;

11. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раиси;


12. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси, унинг ўринбосарлари;


13. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди раислари, шунингдек уларнинг ўринбосарлари;

14. Вазирлар ва давлат қўмиталарининг раҳбарлари, шунингдек уларнинг ўринбосарлари;


15. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг раиси ва унинг ўринбосарлари;


16. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, унинг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти бошлиғи;


17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аппарати бошқарувчиси;

18. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг раиси, унинг ўринбосари ва масъул ходимлари;


19. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Президенти;


20. Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази директори;

21. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Ижрочи директори;


22. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси Раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси;


23. Вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари.


Изоҳ: мазкур Рўйхатда кўрсатилган мансабдор шахслар ўриндошлик асосида бошқа лавозимларни эгаллаган тақдирда, ўриндошлик асосида эгаллаган лавозими йўналиши бўйича чет элга хизмат сафарига чиқиши ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти билан махсус келишувни талаб этади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2014 йил 5 мартдаги

ПҚ-2142-сонли қарорига

2-ИЛОВА



Хорижий мамлакатларга хизмат сафарига чиқиши

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

билан махсус келишувни талаб қиладиган

мансабдор шахсларнинг

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарати ахборот-таҳлил департаментларининг (бошқармаларининг, бўлимларининг) раҳбарлари;


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг масъул ходимлари;


3. Республика давлат бошқаруви органларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари (вазирликлар ва давлат қўмиталари бундан мустасно);


4. Хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари;


5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари;


6. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори;


7. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси, унинг ўринбосарлари;


8. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Ижроия қўмитасининг раиси;


9. Давлат олий таълим муассасаларининг раҳбарлари (ректорлари) (МХХ, Ички ишлар, Мудофаа, Адлия вазирликларининг таълим муассасалари бундан мустасно);

10. "Шарқ" НМАК, "Навоий кон-металлургия комбинати" Давлат корхонаси, "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" ОАЖ, "Ўзбекистон металлургия комбинати" ОАЖ бош директорлари;


11. Ўзбекистон Бадиий академиясининг раиси;


12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосарлари;


13. Устав фондида давлат улуши мавжуд бўлган тижорат банклари бошқаруви раислари;


14. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари;


15. Туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари (Тошкент шаҳри бундан мустасно).


Изоҳ:

1. Мазкур Рўйхатда кўрсатилган мансабдор шахслар ўриндошлик асосида бошқа лавозимларни эгаллаган тақдирда, ўриндошлик асосида эгаллаган лавозими йўналиши бўйича чет элга хизмат сафарига чиқиши ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан махсус келишувни талаб этади.

2. Вазирлар Маҳкамаси томонидан чет элга хизмат сафарига чиқиши Вазирлар Маҳкамаси билан махсус келишувни талаб қиладиган қўшимча лавозимлар ҳам белгиланиши мумкин.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2014 йил 5 мартдаги

ПҚ-2142-сонли қарорига

3-ИЛОВА


Хорижий мамлакатларга хизмат сафарига чиқиши

Ўзбекистон Республикаси Президенти девони тегишли

хизматлари билан махсус келишувни талаб қиладиган

мансабдор шахсларнинг

РЎЙХАТИ



Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизмати


1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти директори ўринбосари;


2. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялари;


3. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Олий суди судьялари;


4. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курслари, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази ва Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ёнғин хавфсизлиги институти, Ҳарбий-техника институти раҳбарлари;



Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни

ривожлантириш масалалари хизмати


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагоглар ва илмий кадрлар малакасини ошириш "Истеъдод" жамғармасининг Ижрочи директори;



Оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат,

маданият, санъат ва ижодий ташкилотларни

ривожлантириш масалалари хизмати


1.Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасининг раҳбари;



Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Хавфсизлик кенгаши аппарати


1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосарлари;


2. Ташқи ишлар ва Ички ишлар вазирликлари, МХХ, МХХ ДЧХ.ҚҚ, Адлия, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Олий суд, Бош прокуратура, Давлат божхона қўмитасининг, шу жумладан уларнинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларининг масъул ходимлари - халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг (БМТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқалар) расмий тадбирларида қатнашиш учун;


3. Мудофаа вазирлигининг олий таълим муассасалари раҳбарлари, шунингдек уларнинг ўринбосарлари.


Изоҳ:

1. Мазкур Рўйхатда кўрсатилган мансабдор шахслар ўриндошлик асосида бошқа лавозимларни эгаллаган тақдирда, ўриндошлик асосида эгаллаган лавозими йўналиши бўйича чет элга хизмат сафарига чиқиши ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти девони тегишли хизматлари билан махсус келишувни талаб этади.

2. Мансабдор шахсларнинг халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг расмий тадбирларида қатнашишини келишиш Ташқи ишлар вазирлиги орқали амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 10 март, 10-сон, 103-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси",

2014 йил, 3-сон, 70-модда