язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг минтақавий ваколатли вакили бошқармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.11.1992 й. 538-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1992 йил 17 ноябрдаги

538-сонли қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий

алоқалар вазирлигининг Минтақавий ваколатли

вакили бошқармаси тўғрисида

НИЗОМ



1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг (матнда бундан кейин "Вазирлик" деб юритилади) вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича (матнда бундан кейин "Минтақа" деб юритилади) Минтақавий ваколатли вакили бошқармаси (матнда бундан кейин "Ваколатли вакил бошқармаси" деб юритилади) минтақада ягона иқтисодий сиёсат ўтказиш ва уни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш, ташқи бозорда умумдавлат манфаатларини таъминлаш, иқтисодий, илмий-теҳникавий, савдо, маданий, спорт, туристик ва бошқа хил алоқалар самарадорлигини ошириш, хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантириш, бу соҳада бошқарувни такомиллаштириш ҳамда халқаро майдонда самарали иш олиб бориш учун минтақанинг ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига зарур шароитлар яратиб бериш мақсадида тузилади.


2. Ваколатли вакил бошқармаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг бошқа қарорлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги тўғрисидаги Низомга ва ушбу Низомга амал қилади.


3. Ваколатли вакил бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг мустақил таркибий бўлинмаси сифатида тузилади ва у ўз фаолиятини ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантиришнинг умумдавлат, савдо-иқтисодий, режавий, таҳлилий ва бошқа масалаларига ҳамда вазирликлар, идоралар, ташқи иқтисод ташкилотлари, бирлашмалари ва корхоналарига, жамоат ташкилотларига, консорциумлар, корпорациялар, концернлар, уюшмалар, кооперативлар ҳамда бошқа давлат ва ўзга хил жамоат корхоналарига, мулчиликнинг барча шаклидаги ташкилотларга, хусусий тадбиркорларга (матнда бундан кейин "Ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилар" ёки "Ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчилари" деб юритилади) уларнинг ташқи иқтисодий фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантиришга кўмаклашишга қаратади.


4. Ваколатли вакил бошқармаси ўз фаолиятини Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги бўлинмалари, Вазирлик тасарруфидаги ташкилотлар, хўжалик ҳисобидаги ташқи иқтисод ва ташқи савдо бирлашмалари ҳамда фирмалари билан, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги савдо ваколатхоналари билан ўзаро ҳамкорлик асосида амалга оширади.


5. Ваколатли вакил бошқармаси ташқи иқтисодий алоқалар соҳасидаги ишларни давлат ҳокимияти ва бошқарувининг маҳаллий идоралари билан ўзаро жипс ҳамкорликда олиб боради.


6. Ваколатли вакил бошқармасининг асосий вазифалари:

Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар билан ташқи иқтисодий алоқаларини ҳар тарафлама ва тенг ҳуқуқли асосда ривожлантиришни таъминлаш замирида минтақада Ўзбекистон Республикасининг ягона ташқи иқтисодий, валюта-кредит ва инвестиция сиёсатини ўтказишни, бу алоқаларнинг республикани, минтақани иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришдаги самарадорлигини оширишни таъминлашдан;

минтақанинг, Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий валюта-кредит ва инвестиция сиёсатининг ҳамда ташқи иқтисодий алоқаларини ривожлантиришнинг узоқ муддатга мўлжалланган муҳим масалалари ҳамда бундай алоқаларни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган режалари ва дастурларининг лойиҳалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқишда қатнашишдан;

минтақанинг мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ҳам ички, ҳам ташқи бозорда республика манфаатларига риоя этишлари устидан назоратни амалга оширишдан, уларнинг ташқи иқтисодий фаолиятини, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқувчи мажбуриятлар билан боғлиқ фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ва бошқариб туришдан;

Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг ташқи савдо ташкилотларида умумреспублика аҳамиятига молик моллар юзасидан экспорт-импорт аъмолларини ўтказишда кўмаклашиш, бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида объектлар қуришда чет эл фирмалари, ташкилотларига техникавий ва иқтисодий кўмак беришдан;

минтақанинг ташқи иқтисодий алоқалари самарадорлигини ошириш, шу жумладан минтақа, умуман республиканинг талаб-эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда экспорт ва импорт тузилмасининг таркибини яхшилаш, валюта маблағларини оқилона сарфлаш йўли билан бундай алоқалар самарадорлигини оширишдан;

ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига ташкилий-услубий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан ҳам импорт бўйича, ҳам экспорт бўйича жаҳон бозорларидаги талаб-эҳтиёжлар ва баҳоларни ўрганиш ҳамда истиқболини белгилаш орқали ёрдам кўрсатишдан, экспорт асосини вужудга келтириш ва ривожлантиришга, экспорт маҳсулотларининг техникавий даражаси ва рақобатга қобиллигини таҳлил этиш ва экспорт моллари, маҳсулотларини аниқлаш ишларини йўлга қўйишга кўмаклашиш, манфаатдор корхоналар ва ташкилотларни ахборот, маслаҳатлар билан таъминлаш ва аудиторлик хизмати кўрсатишдан, ҳам республиканинг ўзида, ҳам чет элларда кадрларни тайёрлаш ва стажировкадан ўтказишдан;

ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчиларининг ташқи бозорга чиқишлари учун, шунингдек, тадбиркорлик учун амалдаги қонунларга мувофиқ энг қулай шароитлар яратиб беришдан;

мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари тузадиган савдо-иқтисодий шартномалар, битимлар ва аҳдлашувларнинг тижорат сирлари сақланишини таъминлаган ҳолда уларни мажбурий экспертизадан ўтказиш ва ҳисобга олиб боришдан, лицензиялар асосида экспорт ва импорт қилинадиган моллар, маҳсулотлар, ишлар, хизматлар рўйхати бўйича битимлар бундан мустасно;

мамлакатлар ва моллар (ишлар, xизматлар)нинг турлари бўйича ташқи иқтисодий аъмолларни ўтказиш учун квотадан фойдаланиш ва лицензиялар бериш, уларни тарифсиз бошқаришнинг бошқа тадбирлари юзасидан Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига киритиш учун таклифлар тайёрлашдан, берилган лицензиялар истифода этилиши устидан назоратни таъминлашдан;

квота ва лицензияларни танлов ёки кимошди савдоси асосида сотишни йўлга қўйишда қатнашишдан;

минтақада бозор тизимини шакллантиришда, моллар ишлаб чиқариш тармоқларини, шунингдек, савдо уйлари, товар биржалари, ярмаркалар ва кимошди савдолари тармоғини кенгайтиришдан, шу мақсадда ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчиларини уларга жалб этишдан;

Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ахбороти учун минтақанинг экспорт имкониятлари тўғрисида маълумотлар тўплашда қатнашиш, минтақанинг ички бозори мувозанатлаштирилган бўлишини ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя этилишини таъминлашга кўмаклашишдан;

тегишли минтақаларда Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий алоқалар соҳасидаги қонунларининг қўлланиш амалиётини умумлаштириш ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига шу хусусда тегишли ахборот ва таклифлар тайёрлашдан;

шартнома мажбуриятлари, моллар, маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт ва импорт қилиш юзасидан белгиланган давлат топшириқлари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва битимларидан келиб чиқиб Ҳукумат белгилайдиган топшириқлар бажарилишини таъминлашдан;

ташқи иқтисодий алоқаларнинг хўжалик ташкилий-ҳуқуқий тартиботларини такомиллаштиришга ва бундай алоқалар самарадорлигини оширишга кўмаклашишдан;

чегара пунктларида (портларда, темир йўл станцияларида, юклар туширилиб қайта ортиладиган базаларда, аэропортларда) экспорт ва импорт юкларининг ҳолати устидан минтақада давлат назоратини ташкил этишда қатнашишдан иборат.


7. Ваколатли вакил бошқармаси:

минтақавий иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг тамойиллари ва асосий йўналишларини, шу жумладан узоқ муддатга мўлжалланган бошқа дастурлар ва режаларнинг республиканинг ташқи иқтисодий ва ижтимоий алоқаларини ривожлантиришга доир қисмини ишлаб чиқишда, шунингдек, ташқи бозорда харидоргир, рақобатга қобил экспорт моллари, маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш тадбирларида қатнашади;

минтақанинг экспорт ва импортга доир жамлама кўрсаткичлари, чет эл валютасидаги тушумлар ва тўловлар юзасидан бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотларнинг таклифлари асосида дастурларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатнашади ҳамда маҳаллий ҳокимият идоралари (ҳокимликлар) билан келишиб, уларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига тақдим этади;

корхоналар, бирлашмалар, ташкилотлар ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари экспорт ва импортга доир давлат буюртмасини қандай бажараётганликларини назорат қилиб боради;

Вазирлик тасарруфидаги, минтақада жойлашган ва ўз фаолиятини шу ерда амалга ошираётган барча ташкилотлар ишини кузатиб боради. Вазирлик раҳбариятининг топшириғига кўра бевосита бу ташкилотлардаги ишлар аҳволини текширади ҳамда тегишли ахборот тайёрлайди, уларнинг ишида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тақдим этади;

ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчилари, маҳаллий статистика бошқармалари, божхона ва бошқа ташкилотлар юборадиган кўрсаткичлар ва маълумотлар асосида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг ишини таҳлил қилади, ташқи савдо битимлари ва савдога тааллуқли бўлмаган аъмоллар бажарилиши ҳисобини юритади ва назорат қилиб боради, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига тегишли жамлама ахборот тайёрлайди;

Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги топшириғига кўра белгиланган тартибда (шу жумладан Молия вазирлигининг, Давлат солиқ бош бошқармасининг ва бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг минтақа бўлинмалари билан биргаликда) мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчиларининг ташқи иқтисодий фаолиятини ялписига ва муайян йўналиш бўйича текшириш ишини ташкил этади ва ўтказади;

номақбул рақобат, лицензия шартларини бузиш ҳоллари содир бўлган тақдирда, экспорт-импорт аъмолларининг олдини олади ва уларни тезлик билан тўхтатиб қўяди, республика қонунларини бузаётган ва Ўзбекистон манфаатларига зиён етказаётган ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига нисбатан чора кўриш, шунингдек, тўхтатиб қўйилган аъмолларни тиклаш тўғрисида Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига белгиланган тартибда таклифлар киритади;

минтақада экспорт-импорт аъмолларини олиб бориш, ташқи иқтисодий алоқаларни, аккредитациялаш ишларини йўлга қўйиш масалалари юзасидан чет эл мамлакатлари ташкилотлари ва фирмаларининг мурожаатларини кўриб чиқишда қатнашади ёки Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги билан келишиб, ўзи кўриб чиқади, шунингдек, мазкур масалалар юзасидан Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига белгиланган тартибда таклифлар тақдим этади, манфаатдор бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотлар иштирокида шериклар билан музокаралар олиб боради;

чет эл давлатларининг Ўзбекистон билан ташқи иқтисодий ҳамкорликда камситувчи (чекловчи) иш амалиётига ўта бошлаган, ўз мажбуриятларини ҳалол бажармайдиган компаниялари, фирмаларининг рўйхатини олиб боради, бу компаниялар ва фирмалар тўғрисида ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигини, республиканинг манфаатдор ташкилотларини хабардор этади;

ўз тасарруфидаги ташқи иқтисодий ташкилотлар, фирмаларнинг хўжалик тартиботини такомиллаштириш чораларини кўради;

корхоналар, шу жумладан қўшма корхоналар ташкил этишда ташаббускор бўлиб чиқади, бундай корхоналарни минтақа ҳудудида ва чет элларда мустақил равишда, қолаверса тегишли бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотлар билан биргаликда қуриш ҳамда улардан фойдаланиш ишини, шунингдек, ўз эҳтиёжлари учун амалга ошириладиган қурилиш-монтаж ишларини йўлга қўяди;

Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва унинг таркибидаги бўлинмалар, фирмалар ва бирлашмалар орқали ташқи савдо юклари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва бошқа республикалар ҳудудидан олиб ўтиладиган чет эл транзит юклари, энг аввало давлат буюртмаси асосидаги юклар ташилиши ҳамда уларга транспорт-экспедиторлик хизмати кўрсатилишини ташкил этади;

ташқи савдо юкларининг ташилишини такомиллаштириш, уларни сақлаб туришни яхшилаш ҳамда асралишини таъминлаш тадбирларини ишлаб чиқишда ва амалга оширишда қатнашади;

республикада ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ҳудудида, чет элларда тижорат кўргазмалари ва ярмаркаларини ташкил этиш ҳамда ўтказишда фаол қатнашади, минтақа, республика экспорт-импорт аъмоллари қатнашчиларининг доирасини кенгайтириш мақсадида ахборот-реклама ва ноширлик фаолиятини амалга оширади;

халқаро, республика ташкилотлари, комиссиялари, уюшмаларининг чет эл мамлакатлари билан савдо-иқтисодий ва амалий ҳамкорликка доир ишида қатнашади, халқаро ҳамкорлик масалаларига бағишланган конференцияларда, конгрессларда, симпозиум ва кенгашларда иштирок этади;

бошқарма ҳузурида ташкил этилган фирмалар, ташкилотларнинг бухгалтерия ҳисоботи, молия режалари ва товар топшириқларига оид маълумотлари ва ҳисоб-китобларини жамлаб умумлаштиради ва белгиланган тартибда Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига тақдим этади;

Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига, маҳаллий ҳокимият идораларига экспорт-импорт аъмоллари рўйхатини кенгайтириш, ташқи иқтисодий ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантириш тўғрисида таклифлар киритади;

ташқи иқтисод масалалари юзасидан маслаҳатлар бериб боради, ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланишни мўлжаллаётган ташкилотларнинг уставлари, низомлари, шартномалари ва бошқа таъсис ҳужжатларини бу ташкилотлар Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида рўйхатга олингунга қадар кўриб чиқади. Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиси сифатида рўйхатга олиш Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг ваколатли вакили тегишли ёзма хулосасидан кейин амалга оширилади;

ташқи иқтисодий алоқалар масалалари юзасидан минтақадан чет элларга хизмат сафарига борувчи шахсларнинг ҳужжатларини кўриб чиқади, улар юзасидан чиқарган хулосаларини кейинчалик сафар ҳужжатларини расмийлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этади;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви маҳаллий идоралари билан биргаликда экспорт ва импорт қилинадиган молларнинг минтақавий квоталарини тақсимлашда иштирок этади ҳамда уларнинг рўёбга чиқарилишини назорат қилиб боради;

экспорт-импорт, валюта, кредит, инвестиция ва баҳо муносабатларини бошқариб бориш ва мувофиқлаштириб туриш даражасини ошириш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви маҳаллий идоралари ҳузуридаги ташқи иқтисодий фаолият бўйича минтақавий кенгашлар (комиссиялар) ишида қатнашади;

минтақадаги объектлар қурилишига чет эл фирмалари ва ташкилотларини жалб этиш тўғрисида ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчиларидан, шунингдек, чет эллик шериклардан тушган таклифларни кўриб чиқишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви маҳаллий идоралари билан биргаликда қатнашади;

Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг тегишли таркибий бўлинмалари билан биргаликда белгиланган тартибда минтақа ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчиларини ахборотлар билан таъминлаш тизимини ташкил этади;

ташқи иқтисодий алоқаларни давлат миқёсида назорат қилиш ва бошқариб бориш тизимининг ягона ахборот тармоғини вужудга келтиришда қатнашади;

минтақа корхоналари, бирлашмалари ва ташкилотлари иштирокида хорижий мамлакатларда ташкилотлар тузилишига кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг бошқа топшириқларини бажаради.


8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг Минтақавий ваколатли вакили бошқармасига:

ўз зиммасидаги вазифаларни бажариш учун вазирлик бўлинмаларидан, бошқа идоралар ва ташкилотлардан, божхона хизмати, статистика бошқармаларидан, чет эллардаги савдо ваколатхоналаридан, ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчиларидан, Ўзбекистон Республикасининг хусусий тадбиркорларидан керакли ахборот, услубий, меъёрий ва талаб-эҳтиёжларга оид материаллар (тижорат сири сақланишини таъминлаш шарти билан) иқтисодиёт-статистикага тааллуқли маълумотлар, шу жумладан божхона статистикасига доир маълумотлар, бухгалтерия ҳисоботлари ва бошқа йўсиндаги ҳисобот маълумотларини олиш;

ягона ташқи иқтисодий сиёсат юритиш, ташқи бозорда республика манфаатларига риоя этиш, унинг экспорт имкониятларини кенгайтириш ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг бошқа масалалари юзасидан тегишли корхоналар, бирлашмалар ташқи иқтисод ташкилотлари давлат, кооператив ва бошқа жамоат ташкилотларининг маҳаллий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;

минтақа ва умуман Ўзбекистон Республикаси талаб-эҳтиёжлари, нарх-наво ва ташқи иқтисодий алоқаларнинг бошқа муаммолари юзасидан олимлар, халқ хўжалиги мутахассислари, экспертлар ва бошқа манфаатдор ташкилотларни жалб этган ҳолда ўз ҳуқуқ доирасида кенгашлар, идоралараро эксперт комиссиялари, муваққат ишчи гуруҳлари тузиш, махсус кенгашлар чақириш;

республика ташкилотлари билан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги аъзолари ва давлатларнинг ҳамда хорижий мамлакатларнинг ташкилотлари билан ташқи иқтисодий масалалар юзасидан ўзаро келишув асосида зарур ахборотлар айирбошлашни амалга ошириш ҳуқуқи берилади. Берилиши керак бўлган материаллар ҳажми ва характери Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги томонидан белгиланади;

ўз ҳуқуқ доирасида ҳам Ўзбекистон Республикасида ҳам, унинг ташқарисида давлат идоралари, муассасалар, корхоналар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва хусусий шахслар билан алоқа боғлаш;

Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги бўлинмаларининг, бошқа идоравий ташкилотларнинг, божхона, молия идоралари ва бошқа идораларнинг ходимларини, уларнинг раҳбарлари розилиги билан бошқарма ўз зиммасига юклатилтан вазифаларга мувофиқ ўтказадиган тадбирларни амалга оширишга жалб этиш;

кенгашларда ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги топшириғига кўра минтақа ташқи иқтисодий фаолиятига тааллуқли масалаларни кўриб чиқиш билан боғлиқ музокараларда Вазирлик номидан иш кўриш;

халқаро кўргазмалардаги, ярмаркалардаги, тижорат ишларига ва конференциялар, симпозиумлар, бошқа тадбирларда қатнашиш учун бошқарма ходимларини Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларига ва чет элларга хизмат сафарига юбориш тўғрисидаги таклифларни белгиланган тартибда киритиш;

Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг розилиги билан Бошқарма ҳузурида хўжалик ҳисобидаги фирмалар, кичик корхоналар, уюшмалар, қўшма корхоналар, тижорат банклари ҳамда ташқи иқтисод ташкилотларининг бошқа турларини, шу жумладан чет эллик шериклар иштирокида мустақил юридик шахс сифатида ва бундай ҳуқуқсиз фаолият кўрсатадиган шундай ташкилотлар тузиш, шунингдек, уларни белгиланган тартибда қайта ташкил этиш ва тугатиш;

Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг розилиги билан акцияли жамиятлар, қўшма корхоналарга муассис сифатида кириш, ўзаро ҳамкорлик қилиш Бошқармага ўз вазифа ва функцияларини янада тўлиқроқ ва самаралироқ бажаришига ёрдам бериши мумкин бўлган уюшмалар, федерациялар ва бошқа бирлашмалар таркибига кириш;

Бошқарма ҳузурида ташкил этилган хўжалик ҳисобидаги тузилмалар даромадидан ривожлантириш, рағбатлантириш, кадрлар тайёрлаш фондларини барпо этиш учун сўмлар ва валюталардаги ажратмаларнинг меъёрларини Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги розилиги билан белгилаб қўйиш:

белгиланган тартибда, шартнома асосида консалтинг, инжиниринг, маркетинг хизматлари кўрсатиш;

мустақил балансга эга бўлиш;

белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисобини юритиш, бухгалтерия, статистика ва оператив ҳисоботлар тузиш  ҳамда уларни тегишли ташкилотларга тақдим этиш;

бошқарувни такомиллаштириш мақсадида белгиланган иш ҳақи фонди ва ходимларнинг чегараланган сони доирасида бошқарма таркибий тузилишини ўзгартириш юзасидан Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига таклифлар киритиш ҳуқуқи берилади.


9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг Ваколатли вакили бошқармасига Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг ваколатли вакили - Бошқарма бошлиғи бошчилик қилади. Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг ваколатли вакили - Бошқарма бошлиғи кейинчалик маҳалий ҳокимият идораси (вилоятлар, шаҳарларнинг ҳокимликлари) тасдиғига тақдим этиш шарти билан Вазирнинг буйруғи билан тайинланади.

Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ваколатли вакилининг ўринбосари - Бошқарма бошлиғининг ўринбосари ҳам худди шу тартибда тайинланади. Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг Ваколатли вакили - Бошқарма бошлиғи Бошқарма ходимларини Вазир билан келишиб туриб тайинлайди. Бошқарма ҳузуридаги хўжалик ҳисобидаги фирмалар ва ташкилотларнинг раҳбарларини Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг ваколатли вакили - Бошқарма бошлиғи Вазир билан келишиб туриб тайинлайди.

Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг ваколатли вакили - Бошқарма бошлиғи Бошқарманинг бутун фаолиятига раҳбарлик қилади ва у Бошқарма зиммасига юклатилган вазифалар бажарилиши ҳамда ўз зиммасидаги вазифалар самарали адо этилиши учун, шу жумладан Бошқарма ҳузурида ташкил этилган хўжалик ҳисобидаги фирмалар ва ташкилотлар фаолияти учун шахсан жавоб беради, у ўз ўринбосари, Бошқарма ходимлари ҳамда хўжалик ҳисобидаги фирмалар, ташкилотлар раҳбарларининг ўз зиммаларидаги вазифа ва мажбуриятларни бажаришлари учун жавобгарлиги даражасини белгилаб беради.

Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг ваколатли вакили - Бошқарма бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг минтақадаги бирдан-бир мухтор вакили ҳисобланади.

Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг марказий аппарати, Вазирлик тасарруфидаги ташкилотлар давлат ҳокимияти ва бошқарув маҳаллий идораларига мурожаат этганлари тақдирда Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг ваколатли вакили албатта хабардор этилиши лозим.

Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва унинг тасарруфида бўлган ташкилотларнинг минтақага хизмат сафарига юборилган ходимлари Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг ваколатли вакили - Бошқарма бошлиғини хизмат сафаридан кўзланган мақсад тўғрисида хабардор этишлари шарт (Вазирлик раҳбариятининг Ваколатли вакил бошқармаси ҳамда унинг ҳузурида ташкил этилган фирмалар, ташкилотлар фаолиятини текширишга доир махсус топшириқлари билан борилган ҳоллар бундан мустасно).


10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг Ваколатли вакили бошқармаси ўз ҳуқуқ доирасида, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг фармойишлари ва буйруқлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар минтақадаги корхоналар, бирлашмалар, ташкилотлар, кооперативлар бошқа жамоат ташкилотлари, ташқи иқтисодий фаолиятнинг барча қатнашчилари, хусусий шахслар бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради, шунингдек, уларнинг ижросини текшириб боради.


11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг Ваколатли вакили башқармасининг таркибий тузилиши, штат жадвали, баланси, даромадлар бўйича харажатларнинг махсус банди Вазир томонидан тасдиқланади. Ваколатли вакил бошқармасининг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги Низомни, ваколатли вакил бошқармаси ҳузурида барпо этилган фирмалар, ташкилотларнинг уставлари ва бошқа таъсис ҳужжатларини Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг ваколатли вакили - Бошқарма бошлиғи Вазир билан келишган ҳолда тасдиқлайди. Ваколатли вакил бошқармаси ҳузурида барпо этилган хўжалик ҳисобидаги ташқи иқтисод ва ташқи савдо фирмалари ташкилотлари қўшимча даромад манбаларига эга бўлиш мақсадида акцияли жамиятларда, уюшмаларда, қўшма корхоналарда ва тадбиркорликнинг бошқа шаклларида иштирок этиш, шу жумладан уларни таъсис этиш учун Вазирликнинг розилигини оладилар.


12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг Минтақавий ваколатли вакили бощқармаси Ўзбекистон Республикаси давлат герби тасвири туширилган ва номи Ўзбекистон Республикаси давлат тилида ёзилган ўз муҳрига, шу жумладан махсус иш қоғозларига, Вазир тасдиқлайдиган уч (тўрт) бурчакли штампга, маҳаллий (республика) банкларида ўзининг счётлари, шу жумладан валюта счётларига эга бўлади. Ваколатли вакил бошқармаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг топшириғига кўра бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш учун Вазир тасдиқлаб берадиган махсус рақамли муҳрга ҳам эга бўлиши мумкин.