язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Фавқулодда вазиятлар, уларнинг оқибатларини бартараф этиш/ Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.08.2011 й. 242-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 24 августдаги

242-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларда

уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш

давлат тизими тўғрисида

НИЗОМ


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими (кейинги ўринларда ФВДТ деб аталади)нинг асосий вазифаларини, фаолиятини ташкил этишни, унинг таркибини ҳамда фаолият кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. ФВДТ бошқарув органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фавқулодда вазиятларда аҳолини ва ҳудудларни ҳимоя қилиш масалаларини ҳал этиш ваколатига кирадиган бошқа ташкилотларнинг куч ва воситаларини бирлаштиради ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасидаги тадбирларни ташкил этиш ва амалга ошириш, улар юзага келганда аҳоли хавфсизлигини, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишни ҳамда тинчлик ва ҳарбий даврда давлат иқтисодиётига зарарни камайтиришни таъминлашга мўлжалланган.


3. ФВДТ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси бошлиғи ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирининг буйруқлари ва кўрсатмаларига, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига, ушбу Низомга, шунингдек бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилади.


4. Қуйидагилар ФВДТнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

тинчлик ва ҳарбий даврда аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

республика ҳудудидаги мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни прогнозлаштириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини баҳолаш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга, одамлар хавфсизлигини таъминлашга, хавфли технологиялар ва ишлаб чиқаришларнинг таваккалчилигини пасайтиришга, иқтисодиёт тармоқлари ва бошқа ташкилотлар фаолият кўрсатишининг барқарорлигини оширишга қаратилган мақсадли ва комплекс илмий-техник дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

бошқарув органлари ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш учун мўлжалланган куч ва воситаларнинг доимий тайёрлигини таъминлаш;

аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги ахборотларни йиғиш, ишлаб чиқиш, айирбошлаш ва бериш;

аҳолини, бошқарув органларининг мансабдор шахсларини, ФВДТ кучлари ва воситаларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш;

аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида давлат экспертизаси, назорати ва текширувини амалга ошириш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш;

фавқулодда вазиятлардан зарар кўрган аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга доир тадбирларни амалга ошириш;

аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида фуқароларнинг, шу жумладан, уларни тугатишда бевосита қатнашган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш;

аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш;

вужудга келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлардан суғурта қилишнинг мақбул тизимини таъминлаш.


5. ФВДТ ҳудудий ва функционал қуйи тизимлардан иборат бўлади ҳамда таркибида ахборот-бошқарув тузилмаси фаолият кўрсатадиган республика, маҳаллий ва объектлар миқёсидаги уч даражага эга бўлади.


6. ФВДТнинг ҳар бир даражаси қуйидагиларга эга бўлади:

ФВДТ раҳбар органлари;

ФВДТ кундалик бошқарув органлари;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш кучлари ва воситалари;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захиралари;

хабар бериш, алоқа тизимлари, бошқарув ва ахборот билан таъминлашнинг автоматлаштирилган тизимлари.


7. ФВДТнинг ҳудудий қуйи тизимлари ўз маъмурий ҳудудлари доирасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тузилади ҳамда тегишли туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар миқёсидаги бўғинлардан иборат бўлади.

ФВДТ ҳудудий қуйи тизимларининг вазифалари, уларни ташкил этиш, куч ва воситалари таркиби, фаолият кўрсатиш тартиби мазкур Низом, маҳаллий геофизик ва табиий-иқлим шароитларини, юқори даражада хавфли объектларнинг мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиладиган ушбу қуйи тизимлар тўғрисидаги низомлар билан белгиланади ҳамда ФВВ билан келишган ҳолда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан тасдиқланади.


8. ФВДТнинг функционал қуйи тизимлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар ва объектларда атроф табиий муҳит ва юқори даражада хавфли объектлар ҳолатини кузатиш ва назорат қилишни амалга ошириш, шунингдек идоравий мансуб объектларда уларнинг ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш учун ташкил этилади ҳамда ФВДТ хизматларидан, қуйи тизимларнинг давлат назорати органлари, куч ва воситаларидан иборат бўлади.

ФВДТ хизматлари, давлат назорати органлари ҳамда кузатиш ва назоратнинг бошқа ташкилотлари, ФВДТ функционал қуйи тизимлари фавқулодда вазиятларни тугатиш кучлари ва воситаларининг вазифалари, уларни ташкил этиш ҳамда таркиби ушбу Низом, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек бошқа ташкилотларнинг атроф табиий муҳитнинг ҳолатини кузатиш ва назорат қилиш соҳасидаги функциялари, идоравий мансуб юқори даражада хавфли объектлардаги ишлаб чиқариш технологияларининг хусусияти ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқиладиган ушбу қуйи тизимлар тўғрисидаги низомлар билан белгиланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (кейинги ўринларда ФВВ деб юритилади) билан келишган ҳолда тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари томонидан тасдиқланади.


9. ФВДТнинг ахборот-бошқарув тузилмаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

ФВВнинг танг вазиятларни бошқариш маркази;

ФВДТ ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг ахборот-таҳлил марказлари;

атроф табиий муҳит ва юқори даражада хавфли объектлар ҳолатини кузатиш ва назорат қилиш органларининг ахборот марказлари;

турғун бошқарув пунктлари;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш куч ва воситаларини бошқаришнинг ҳаракатланувчи пунктлари;

ФВДТнинг ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг навбатчилик-диспетчерлик хизматлари;

алоқа ва ахборот узатиш воситалари, шу жумладан, бошқариш ва ахборот билан таъминлашнинг автоматлаштирилган тизими.

Ахборот-бошқарув тузилмаси қуйидагиларни таъминлаши лозим:

ФВДТнинг ҳудудий ва функционал қуйи тизимларидан олинган сейсмологик, геологик, гидрометеорологик хавфли ҳодисалар, саноат ва транспортдаги авариялар ва ҳалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар, эпифитотиялар, радиоактив, кимёвий ва биологик (бактериологик) аҳвол тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш (таҳлил қилиш, сақлаш);

раҳбар органлар, ФВДТнинг кундалик бошқарув органлари, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш кучлари ва воситалари ҳамда аҳолини фавқулодда вазиятларнинг юзага келиши ҳолатлари, хусусиятлари, ривожланиш кўламлари ва кечиши, юз бериши мумкин бўлган оқибатлари, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш тартиби тўғрисида хабар қилиш ва ахборот бериш;

ФВДТ қуйи тизимлари ва бўғинлари, ФВДТнинг раҳбарлик қилувчи бошқарув органлари, бошқарув пунктлари, фавқулодда вазиятларни тугатиш кучлари ва воситалари ўртасида ўзаро ахборотлар айирбошлаш.

Фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги ахборотларнинг мезонлари, мазмуни ва турлари, уларни ФВДТга, унинг қуйи тизимлари ва бўғинларига, шунингдек аҳолига етказиш муддатлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси бошлиғи томонидан тасдиқланадиган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар ўртасида фавқулодда вазиятлар масалалари бўйича кундалик ҳамкорлик қилиш ва хабар бериш йўриқномасида белгиланади.


10. ФВДТ раҳбар органлари - бу ваколатига аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича қуйидаги масалаларни ҳал этиш кирадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар ва объектлардир:

республика даражасида - ФВВ марказий аппарати, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда атроф табиий муҳит ва юқори даражада хавфли объектларнинг ҳолатини кузатиш ва назорат қилиш учун масъул бўлган, шунингдек таркибида кимёвий, портловчи, ёнғин чиқиши мумкин бўлган ва бошқа хавфли объектлар мавжуд бўлган ташкилотлар;

маҳаллий даражада - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;

объектлар даражасида - ташкилотлар ва объектлар маъмурияти.

ФВДТ, унинг қуйи тизимлари ва бўғинларининг фаолиятини ташкил этиш, аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича уларга юкланган вазифаларни бажаришга тайёрлиги учун тўлиқ жавобгарлик тегишли раҳбар органларга юкланади.


11. ФВДТнинг кундалик бошқарув органлари - бу ФВДТнинг тегишли ҳудудий ва функционал қуйи тизимларига ҳамда унинг бўғинларига бевосита кундалик бошқарувни амалга оширувчи бошқарув органларидир, улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

республика даражасида - ФВВнинг танг вазиятларда бошқариш маркази, давлат назорати органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фавқулодда вазиятлар бўйича бўлимлари (шўъбалари ёки махсус тайинланган мансабдор шахслари) ва навбатчилик-диспетчерлик хизматлари;

маҳаллий даражада - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармалари, шаҳарлар ва туманлар фавқулодда вазиятлар бўлимлари, ташкилотлар ва объектларнинг фавқулодда вазиятлар бўйича бошқармалари (бўлимлари)нинг навбатчилик-диспетчерлик хизматлари;

объектлар даражасида - объектларнинг фавқулодда вазиятлар бўйича бўлимлари (шўъбалари ёки махсус тайинланган мансабдор шахслари) ва навбатчилик-диспетчерлик хизматлари;

тегишли равишда ҳар бир даражанинг ФВДТ раҳбарлик қилувчи органларининг фавқулодда вазиятларни тугатиш кучлари ва воситаларини бошқариш турғун ва ҳаракатланадиган пунктлари.

ФВДТ кундалик бошқарув органларини жойлаштириш доимий жойлаштириш пунктларида, фавқулодда вазиятлар юз берганда эса - фавқулодда вазиятларни тугатиш кучлари ва воситаларини бошқариш турғун ва ҳаракатланадиган пунктларида ташкил этилади, улар олдиндан тегишли хабар бериш, алоқа, ахборотни ишлаб чиқиш ва узатишнинг тегишли техник воситалари билан жиҳозланади ҳамда уларга юкланган вазифаларни бажаришга доимий тайёр ҳолатда сақланади.


12. Қуйидагилар республика даражасидаги ФВДТ бошқарув органларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

фавқулодда вазиятлар шароитларида иқтисодиёт тармоқлари ҳамда алоҳида муҳим юқори даражада хавфли объектлар фаолият кўрсатишининг барқарорлигини оширадиган фавқулодда вазиятлар оқибатларини имкони борича камайтирувчи чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга раҳбарлик қилиш;

аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида республика мақсадли ва илмий-техник дастурларини ишлаб чиқишда қатнашиш;

республика марказлаштирилган хабар бериш тизимини, шунингдек, ахборот билан таъминлаш ва бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш ва уни доимий тайёр ҳолатда сақлаш;

бошқариш ва ахборотни узатиш учун умумий фойдаланиладиган телекоммуникациялар вилоят тармоқларидан ва телекоммуникацияларнинг идоравий тармоқларидан, радио, телевидение ва бошқа техник воситалардан марказлаштирилган ҳолда фойдаланишни таъминлаш;

кимёвий ва бошқа юқори даражада хавфли объектларда ҳамда уларга ёндош ҳудудларда хабар бериш ва ахборотларнинг маҳаллий тизимини, шунингдек сув омборларининг гидротехника иншоотларида сигнализация ва хабар беришнинг автоматлаштирилган маҳаллий тизимларини лойиҳалаштириш ва яратишни назорат қилиш;

атроф табиий муҳит ҳамда юқори даражада хавфли объектларнинг ҳолатини кузатиш ва назорат қилиш тизимини ташкил этиш, фавқулодда вазиятларни прогнозлаштириш;

бошқарув органлари, бошқарув пунктлари, ФВДТ кучлари ва воситаларининг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлигини таъминлаш;

юзага келган фавқулодда вазиятлар, уларнинг ривожланиш кўламлари ва кечиши, бўлиши мумкин бўлган оқибатлари ҳамда фавқулодда вазиятларни бартараф этишга оид қабул қилинаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ахборотларнинг тўпланишини ва айирбошланишини ҳамда хабар қилинишини таъминлаш ва назорат қилиш;

қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни, шу жумладан, зарар кўрган аҳолининг ҳаёт шароитларини таъминлаш ишларини, эвакуация ишларини амалга оширишга оид тадбирларнинг бажарилишини таъминлаш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этишга жалб қилинадиган ФВДТ функционал қуйи тизимлари куч ва воситаларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш ва ишларини ташкил этиш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун республика (идоравий) молиявий ва моддий ресурслар захирасини, шунингдек ФВДТнинг махсус суғурта жамғармасини ташкил этишга ва ундан фойдаланишга раҳбарлик қилиш;

фавқулодда вазиятлардан зарар кўрган аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга доир тадбирларни амалга оширишда қатнашиш;

идоравий мансуб объектларнинг раҳбарлари таркиби ва кучлари, шунингдек ходимларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлашни мувофиқлаштириш;

ишлаб чиқариш ва технологиялар хавфсизлиги, шунингдек ходимларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишнинг тармоқ нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқишда қатнашиш.


13. Қуйидагилар маҳаллий даражадаги ФВДТ бошқарув органларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, фавқулодда вазиятлар шароитларида юқори даражада хавфли объектлар ишининг ишончлилигини таъминлашга доир ташкилий ва муҳандислик-техник тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни тугатиш бўйича ҳудудий (вилоят) мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашиш;

вилоят ичидаги алоқа ва хабар бериш тизимлари, шунингдек бошқарувнинг ва ахборот билан таъминлашнинг автоматлаштирилган тизимини ташкил этиш ва доимий тайёр ҳолатда сақлаш;

бошқариш ва ахборотни узатиш учун умумий фойдаланиладиган телекоммуникациялар вилоят тармоқларидан ва телекоммуникацияларнинг идоравий тармоқларидан, радио, телевидение ва бошқа техник воситалардан марказлаштирилган ҳолда фойдаланишни таъминлаш;

ФВДТнинг манфаатдор функционал қуйи тизимлари билан биргаликда кимёвий ва бошқа юқори даражада хавфли объектлар ва уларга ёндош ҳудудларда хабар бериш ва ахборотнинг маҳаллий тизимларини, шунингдек сув омборларининг гидротехника иншоотларида сигнализация ва хабар беришнинг маҳаллий автоматик тизимларини яратиш;

атроф табиий муҳитнинг ҳолатини, юқори даражада хавфли объектлардаги вазиятни доимий кузатиш ва назорат қилишни таъминлаш, фавқулодда вазиятларни прогнозлаштириш;

бошқарув органлари, бошқарув пунктлари, куч ва воситаларнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича ҳаракатларга доимий тайёрлигини таъминлаш;

юзага келган фавқулодда вазиятлар, уларнинг ривожланиш кўламлари ва кечиши, етказиши мумкин бўлган оқибатлари, уларни бартараф этишга доир кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ахборотларни тўплаш ва айирбошлаш устидан ўз вақтида хабар қилиш ва назоратни таъминлаш;

ФВДТ ҳудудий қуйи тизимлари куч ва воситаларининг, шунингдек кўнгилли тузилмалар, қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг фавқулодда вазиятлар чоғида қутқарув ишларини ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга оширишига раҳбарлик қилиш ва ҳаракатларининг уйғунлигини таъминлаш, меҳнатга лаёқатли аҳолини ишга жалб қилишни ташкил этиш;

аҳолини эвакуация қилиш (вақтинча олиб чиқиш)ни, эвакуация қилинган аҳолини жойлаштириш, ҳаёт шароитини таъминлаш ҳамда уларнинг фавқулодда вазиятлар бартараф этилгач доимий яшаш жойларига қайтишини режалаштириш ва амалга ошириш;

ўта танг хавфли зоналардаги аҳоли пунктларида ва хўжаликларда яшовчиларни хавфсиз жойларга доимий яшаш учун кўчириш ҳамда уларнинг ҳаётий шароитини ҳар томонлама таъминлаш;

молиявий ва моддий ресурслар захираларини шакллантириш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича тадбирларни молиялаштириш;

ФВДТ хизматлари ва тузилмаларини, қутқарув тузилмалари ва қутқарув хизматларини белгиланган тартибда ташкил этиш;

фавқулодда вазиятлардан зарар кўрган аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга доир тадбирларни амалга ошириш;

фуқароларни, уларнинг уй-жойи ва мол-мулкини мақсадли суғурта қилишни ташкил этиш ҳамда аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан суғурта билан ҳимоя қилиш самарадорлигини таъминлаш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва суғурта ташкилотларининг биргаликдаги фаолияти бўйича тадбирларни амалга ошириш;

аҳолини, бошқарув органларининг мансабдор шахсларини, куч ва воситаларни фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлашга раҳбарлик қилиш.


14. Қуйидагилар объектлар даражасида ФВДТ бошқарув органларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, объектлар ишининг фавқулодда вазиятлар чоғида ишончлилиги ва барқарорлигини оширишга доир тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга раҳбарлик қилиш;

кимёвий ва бошқа юқори даражада хавфли объектларда хабар қилиш ва ахборотнинг маҳаллий тизимларини, шунингдек гидротехника иншоотларида сигнализация ва хабар қилишнинг маҳаллий автоматик тизимларини яратиш ишларини ташкил этиш;

бошқарув органларининг, объектлар куч ва воситаларининг фавқулодда вазиятлар чоғидаги ҳаракатларга тайёрлигини таъминлаш;

хабар қилиш, ахборот тўплашни таъминлаш ва назорат қилиш, юзага келган фавқулодда вазият, унинг ривожланиш кўламлари ва кечиши, етказиши мумкин бўлган оқибатлари, фавқулодда вазиятни бартараф этиш учун кўрилаётган чора-тадбирлар ва зарур ёрдам тўғрисида юқори органларга маълумот бериш;

тузилмаларни, қутқарув хизматларини ва қутқарув тузилмаларини белгиланган тартибда ташкил этиш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш тадбирлари бажарилишини, объектнинг зарар кўрган ходимларини ва объект яқинида яшайдиган аҳолини эвакуация қилиш ва ҳаёт шароитларини таъминлаш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш;

юқори даражада хавфли объектлар учун техник ҳужжатлар нусхаларини яратиш ва сақлаш ишларини ташкил этиш;

объектларнинг хавфсизлигини паспортлаштириш ва декларациялаш, табиий ва техноген хавфи юқори бўлган зоналар чегараларини белгилаш.


15. ФВДТнинг куч ва воситалари қуйидагилардан иборат бўлади:

фуқаро муҳофазаси қўшинлари;

ФВВга тўғридан-тўғри ҳамда тезкор бўйсунувчи республика ихтисослаштирилган тузилмалари, қутқарув тузилмалари;

вазирликлар ва идораларнинг профессионал ихтисослаштирилган бўлинмалари ва тузилмалари, республика, маҳаллий ва объектлар даражасида ФВДТ тегишли ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари, хизматлари ва тузилмалари;

Ўзбекистон Қизил Ярим ой Жамиятининг кўнгиллилар отрядлари (командалари, гуруҳлари), "Ватанпарвар" мудофаага кўмаклашувчи ташкилоти.


16. Фуқаро муҳофазаси қўшинлари ФВВга бўйсунади ҳамда ўз тезкор йўналишларига мувофиқ ҳарбий даврда республиканинг муҳим мудофаа ва саноат объектларида фавқулодда вазиятларни тугатишга доир ишларни олиб боради.

Фуқаро муҳофазаси қўшинлари йирик кўламдаги ишлаб чиқариш авариялари, ҳалокатлар, табиий офатлар чоғида қутқарув ишларини ҳамда бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш ва махсус приборлар, техникалар, асбоб-ускуналар ва тайёрланган мутахассисларни талаб этувчи фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондонининг фармойишига биноан жалб этилиши мумкин.


17. ФВВга тўғридан-тўғри бўйсунувчи қутқарув тузилмалари малакали мутахассислар билан бутланган ва махсус техника, асбоб-ускуналар, аслаҳа-анжомлар ва бошқа қутқариш воситалари билан жиҳозланган, қутқарув ишларини автоном режимда камида 72 соат ичида таъминлашга мўлжалланган, доимий тайёр ҳолатдаги қутқарув тузилмаларини ўз ичига олади.


18. ФВВга тезкор бўйсунувчи республика ихтисослаштирилган ва қутқарув тузилмалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасининг алоҳида мураккаб ва узоқ давом этадиган ёнғинларни ўчириш бўйича республика ихтисослаштирилган отрядини, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Махсус авария-тиклаш бошқармасини, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика тезкор тиббий ёрдам илмий марказини ва унинг филиалларини, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясининг қидирувчи ҳаво кемаларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари автоташувчилари ҳудудий уюшмалари автотранспорт ва автосанитария отрядларини, шунингдек фавқулодда вазиятларни тугатишга ҳамда ФВДТ кучлари ҳаракати ва тадбирларини таъминлашга мўлжалланган ФВДТ функционал қуйи тизимларининг бошқа таркибий бўлинмаларини ўз ичига олади.

Тезкор бўйсунадиган тузилмаларнинг вазифалари, тайёрланиш муддатлари, уларни жалб этиш тартиби ушбу тузилмаларнинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ҳаракат режалари ҳамда ФВДТ тегишли функционал қуйи тизимлари билан шартномаларда белгиланади.


19. Вазирликлар ва идораларнинг ҳарбийлаштирилган ва профессионал авария-қутқарув, авария-тиклаш ва бошқа ихтисослаштирилган бўлинмалари идоравий мансуб объектларда ишлаб чиқариш-технология авариялари ва ҳалокатлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, шунингдек эпидемиялар, эпизоотиялар ва эпифитотиялар юзага келганда махсус вазифаларни ҳал этиш учун мўлжалланган.

Вазирликлар ва идораларнинг ёнғин, кон, газ-қутқарув, қурилиш, қурилиш-монтаж, тиббиёт ва бошқа ихтисослаштирилган бўлинмалари ва ташкилотлари негизида фавқулодда вазиятларнинг тарқалишини чеклаш ҳамда уларнинг оқибатларини тугатиш бўйича биринчи навбатдаги ишлар учун доимий тайёр ҳолатдаги идоравий тузилмалар тузилиши мумкин.

Доимий тайёр ҳолатдаги идоравий тузилмалар идорадан ташқари авария объектларидаги фавқулодда вазиятларни тугатиш ишларига амалдаги харажатлар қопланган ҳолда контракт асосида жалб этилади.


20. Ҳудудий қуйи тизимлар ва уларнинг бўғинларида - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманларда - фуқаро муҳофазаси бошлиқлари - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси ҳамда тегишли ҳокимлар қарорлари билан геофизик, табиий-иқлим ва бошқа маҳаллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда қурилиш, монтаж-қурилиш, автокорхоналар ва бошқа ташкилотлар негизида маҳаллий давлат органларининг ҳудудий авария-қутқарув ва авария-тиклаш тузилмалари, шунингдек ФВВнинг вилоят (шаҳар, туман) автоотрядлари, тезкор тиббий ёрдам марказлари, қутқарув командалари ташкил этилади.


21. Ташкилотлар раҳбарларининг қарорлари билан юқори даражада хавфли объектларда мавжуд ихтисослаштирилган хизматлар ва бўлинмалар (қурилиш, кимё, тиббий ва бошқалар) негизида бевосита объектларда кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш учун мўлжалланган штатдан ташқари ихтисослаштирилган тузилмалар тузилади.


22. Авариялар, ҳалокатлар ва табиий офатлар оқибатида келиб чиқиши мумкин бўлган фавқулодда ҳодисалардан аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилишга доир вазифаларни ҳал этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳарлар, туманларда ва объектларда фуқаро муҳофазаси бошлиқлари - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси ва тегишли ҳокимларнинг қарорлари билан умумий ва махсус мақсадлардаги ҳудудий ҳамда объектларнинг тузилмалари тузилади.


23. Табиий ва техноген тусдаги йирик кўламли фавқулодда вазиятлар юзага келганда тезкор қутқарув ишларини бажариш ҳамда зарар кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг кимёвий ҳимоя, муҳандислик-сапёр ва бошқа ҳарбий бўлинмалари, ҳарбий-транспорт авиацияси ҳамда ҳарбий-тиббий хизмат муассасалари жалб этилиши мумкин.


24. Прогнозлаштирилаётган ёки юзага келган фавқулодда вазиятларнинг ҳолати, кўламларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири - Фуқаро муҳофазаси бошлиғи, шунингдек фуқаро муҳофазаси бошлиғи - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, тегишли вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан муайян бир ҳудуд доирасида ФВДТ фаолият кўрсатишининг қуйидаги режимларидан бири ўрнатилади:

кундалик фаолият режими - меъёрдаги ишлаб чиқариш-саноат, радиацион, кимёвий, биологик (бактериологик), сейсмик ва гидрометеорологик вазиятда, эпидемиялар, эпизоотиялар ва эпифитотиялар бўлмаганда;

юқори тайёргарлик режими - ишлаб чиқариш-саноат, радиацион, кимёвий, биологик (бактериологик), сейсмик ва гидрометеорологик вазият ёмонлашганда, фавқулодда вазиятлар юзага келиши мумкинлиги тўғрисида прогноз олинганда;

фавқулодда режим - фавқулодда вазиятлар юзага келганда ва фавқулодда вазиятлар даврида.


25. Қуйидагилар ФВДТ фаолият кўрсатиши чоғида амалга ошириладиган асосий тадбирлар ҳисобланади:

а) кундалик фаолият режимида:

атроф табиий муҳитнинг ҳолатини, юқори даражада хавфли объектлар ва уларга ёндош ҳудудлардаги вазиятни кузатиш ва назорат қилишни амалга ошириш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳоли хавфсизлиги ва муҳофазасини таъминлаш, етказилиши мумкин бўлган зарар ва зиённи қисқартириш, шунингдек фавқулодда вазиятлар шароитида тураржой бинолари, саноат объектлари, ҳаёт таъминоти тизимлари ва иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини ошириш бўйича мақсадли ва илмий-техник дастурлар ҳамда чора-тадбирларни режалаштириш ва бажариш;

фавқулодда вазиятлар бўйича бошқарув органлари ва ФВДТ кучларини фавқулодда вазиятлар чоғидаги ҳаракатларга тайёрлашни такомиллаштириш, аҳолини фавқулодда вазиятлар чоғида муҳофаза қилиш усуллари ва ҳаракат қилишга ўргатишни ташкил этиш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш ва тўлдириш;

суғуртанинг мақсадли турларини амалга ошириш;

б) юқори тайёргарлик режимида:

фавқулодда вазиятлар юзага келиши хавфи тўғрисида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларга хабар бериш ҳамда аҳолини хабардор қилиш;

ФВДТ тегишли қуйи тизимлари ва бўғинлари фаолиятига бевосита раҳбарлик қилишни давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўз зиммасига олиши, зарурат бўлганда вазиятнинг ёмонлашиши сабабларини аниқлаш учун офат юз бериши мумкин бўлган минтақаларда тезкор гуруҳларни ташкил этиш, вазиятни нормаллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

доимий жойлашиш пунктларида ФВДТ раҳбарлари таркибининг кеча-кундуз навбатчилигини жорий этиш;

фавқулодда вазиятлар бўйича ҳудудий бошқармалар (бўлимлар)нинг тезкор гуруҳлари ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, объектлар ва бошқа ташкилотларнинг навбатчилик-диспетчерлик хизматлари навбатчилигини ташкил этиш;

атроф табиий муҳитнинг ҳолати, юқори даражада хавфли объектлар ва уларга ёндош ҳудудлардаги вазиятни кузатиш ва назорат қилишни кучайтириш, фавқулодда вазиятларнинг юзага келиши эҳтимолини, уларнинг кўламлари ва оқибатларини прогнозлаштириш;

фавқулодда вазиятлар шароитларида аҳоли ва атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек тураржой бинолари, ҳаёт таъминоти тизимлари, объектлар ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш;

кучлар ва воситаларни тайёр ҳолатга келтириш, уларнинг ҳаракат режаларини аниқлаштириш ҳамда зарур бўлганда фавқулодда вазиятлар тахмин қилинаётган ҳудудга силжитиш;

в) фавқулодда режимда:

фавқулодда вазиятлар юзага келганлиги тўғрисида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига хабар бериш ва аҳолини хабардор қилиш;

тезкор гуруҳларни фавқулодда вазиятлар ҳудудига силжитиш;

аҳолини муҳофаза қилишни ташкил этиш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этишни ташкил қилиш;

фавқулодда вазиятлар зоналари чегараларини белгилаш;

иқтисодиёт объектларининг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш, зарар кўрган аҳолининг ҳаёт шароитларини таъминлаш ишларини ташкил этиш;

фавқулодда вазиятлар ҳудудларидаги атроф табиий муҳитнинг ҳолати, авария объектлари ва уларга ёндош ҳудудлардаги вазият бўйича мониторинг олиб бориш.


26. Фавқулодда вазиятларни тугатиш учун қуйидаги маблағлардан фойдаланилади:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ва давлат захирасининг моддий ресурслари захираси - Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан;

молиявий ва моддий ресурсларнинг идоравий захираси - ФВДТ функционал қуйи тизимлари маблағлари ҳисобидан;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий ва моддий ресурслари захираси - Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан;

объектларнинг молиявий ва моддий ресурслари захираси - ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан;

халқаро ташкилотлар ва хорижий донорларнинг мурувват ёрдами.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун Ўзбекистон Қизил Ярим ой Жамиятининг табиий офатлардан зарар кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш учун биринчи навбатда зарур бўлган товарлар омборлари ва захиралари тизимларидан унинг розилиги билан фойдаланиш мумкин.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захиралари турлари ва ҳажми уларни ташкил этган ташкилот томонидан белгиланади.


27. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш "авария объектлари", улар балансида турадиган вазирликлар ва идораларнинг, ҳудудида фавқулодда вазиятлар юзага келган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг кучлари ва воситалари билан амалга оширилади.


28. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш объектларнинг раҳбарлари, вазирликлар ва идораларнинг тезкор гуруҳлари (мутахассислар) ва ҳокимларнинг бевосита раҳбарлигида амалга оширилади.


29. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун ресурслар етарли бўлмаган тақдирда, улар объект маъмурияти, ФВДТ функционал ва ҳудудий қуйи тизимлари раҳбарларининг илтимосномасига биноан ФВДТнинг юқори органлари захираларидан ажратилиши мумкин.

Алоҳида ҳолларда фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун Ҳукумат комиссияси ташкил қилиниши мумкин.


30. Аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича дастурларни молиялаштириш, тармоқлар ва объектларнинг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш ҳар бир даражада тегишли бюджетлар, ФВДТ функционал ва ҳудудий қуйи тизимлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича тадбирларни маблағ билан таъминлаш фавқулодда вазиятлар зоналарида жойлашган объектларнинг маблағлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ҳамда ФВДТ функционал ва ҳудудий қуйи тизимлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Кўрсатилган маблағлар мавжуд бўлмаган ёки етарли бўлмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан маблағлар ажратилади.


31. Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, улар юзага келганда зиён ва зарарлар миқдорини камайтириш бўйича олдиндан чоралар кўриш мақсадида ҳаракат қилишнинг республика ва идоравий режалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва объектларнинг ҳаракат қилиш режалари, шунингдек ФВДТнинг барча даражаларида ўзаро биргаликда ҳаракат қилиш режалари ишга солинади.

ФВДТ ҳаракатларини режалаштиришга ташкилий-методик раҳбарлик қилишни ФВВ амалга оширади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 34-35-сон, 350-модда