ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Иқтисодиётнинг умумий масалалари / Ижтимоий-иқтисодий тараққиёт якунлари /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг 17.10.2008 й. 5-сон Баёни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ

МАЖЛИСИНИНГ

БАЁНИ

17.10.2008 й.

N 5



Раислик қилувчи:

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

Мирзиёев Ш.М.

Қатнашганлар:


Ўзбекистон Республикаси

Бош вазирининг ўринбосарлари


Р.С.Азимов, А.Н.Арипов, Ф.Ш.Акбарова,

Р.С.Қосимов, У.У.Розуқулов, Н.М.Ханов,

Э.Р.Шаисматов


Ўзбекистон Республикаси

Президентининг Давлат

маслаҳатчиси


В.А.Голишев

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари, Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатаси қўмиталари раислари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг, Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг масъул ходимлари, матбуот вакиллари (рўйхат бўйича).


Жорий йилнинг 9 ойида республикани ижтимоий-иқтисодий

ривожлантириш якунлари ҳамда Ҳукуматнинг 2008 йил 8 февраль

ва 18 июлдаги мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Президенти

И.А.Каримов томонидан белгилаб берилган иқтисодий ислоҳотларни

чуқурлаштиришнинг устувор вазифаларини сўзсиз бажаришни

таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

(Мирзиёев, Мансуров, Ғаниев, Жумаев, Ибрагимов, Қаландаров,

Шукуров, Абдуллаев, Янгибоев, Рахимов, Арипов,

Мустафаев, Мирзаев, Тўхтаев)


1. Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шу йил 8 февралда ва 18 июлда республика Ҳукумати мажлисларида белгилаб берилган 2008 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифаларини амалга ошириш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар иқтисодиётни барқарор, мувозанатли ва изчил ривожлантиришнинг белгиланган прогнозларига эришишни, макроиқтисодий мутаносибликни таъминламоқда.

Жорий йилнинг 9 ойида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 9,4 фоизни, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми - 12,4 фоизни, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ҳажми - 4,1 фоизни, истеъмол товарлари ҳажми - 18,4 фоизни, хизматлар ҳажми - 18,5 фоизни ташкил этди. Энг аввало экспортнинг 62,9 фоизга ўсиши ҳисобига ташқи савдо айланмаси юқори суръатлар билан ўсмоқда. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,9 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди.

Иқтисодиётда таркибий қайта ўзгартиришлар, етакчи тармоқларни модернизация қилиш ва технологик жиҳатдан янгилаш жадал давом эттирилмоқда. Ушбу мақсадлар учун жалб этилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 25,8 фоизга, шу жумладан ўзлаштирилгани 22,4 фоизга кўпайди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 33,5 фоизга ўсди. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларидан устувор лойиҳаларни амалга оширишга 125,9 млн доллар ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,3 баравар кўп маблағ йўналтирилди. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш дастурлари доирасида 137,3 млрд сўмлик 51 та лойиҳани амалга ошириш тугалланди. Кичик бизнес соҳаси билан бирга 284 та ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилди, шундан 134 таси дотация оладиган 69 туманда ишга туширилди.

Аҳолининг иш билан бандлиги ва фаровонлигини оширишнинг муҳим йўналиши сифатида кичик бизнес, хизматлар ва сервис соҳасини, касаначиликни янада ривожлантириш таъминланмоқда. Кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ўтган йилнинг тегишли давридаги 43,1 фоиз ўрнига 45,3 фоизгача ўсди, хизматлар соҳасининг салмоғи 40,5 фоиз ўрнига ялпи ички маҳсулотда 44,9 фоизни ташкил этди. Қишлоқ жойларда хизматлар жадал ўсишининг ижобий тенденцияси кузатилмоқда, натижада хизматларнинг умумий ҳажмидаги уларнинг улуши 2007 йилнинг тегишли давридаги 23,7 фоиз ўрнига 26,5 фоизни ташкил этди. Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 545,2 мингта янги иш ўринлари, шу жумладан кичик ва хусусий тадбиркорлик соҳасида  303,4 мингта, касаначиликда  85,1 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди. Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида аҳолининг реал пул даромадлари 24,4 фоизга ўсди.

Бозор инфратузилмаси фаол ривожланмоқда, етакчи банкларнинг капиталлашувини ошириш, суғурта, аудиторлик ва баҳолаш хизматлари бозорларини ривожлантириш юзасидан бир қанча муҳим Ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Банкларнинг жами капитали 2007 йилнинг 9 ойи кўрсаткичларига таққослаганда 41,1 фоизга, жами активлари  29,6 фоизга, кредит қўйилмалари  27,5 фоизга, аҳолининг банк депозитларидаги маблағлари эса  50,8 фоизга кўпайди. Суғурта мажбуриятлари ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига таққослаганда 26,2 фоизга, суғурта мукофотлари йиғиш  20,9 фоизга кўпайди.

Ижтимоий мақсаддаги объектларни, ишлаб чиқариш ва уй-жой-коммунал инфратузилма объектларини қуриш ва реконструкция қилиш юқори суръатларда амалга оширилмоқда. 100,5 минг ўқувчи ўринли 149 та касб-ҳунар коллежи, 13,8 минг ўқувчи ўринли 22 та академик лицей, 210,2 минг ўқувчи ўринли 634 та умумтаълим мактаби, болалар спортини ривожлантиришнинг 184 та объекти, 20 та қишлоқ врачлик пункти ишга туширилди, 594 км халқаро ва давлат аҳамиятига эга бўлган умумий фойдаланиладиган автомобиль йўллари, 300,8 п.м узунликдаги 9 та кўприк ҳамда 2029,4 км сув қувурлари ва 631,4 км газ тармоқлари, 6083,4 минг кв.м турар жой қурилди ва реконструкция қилинди.

2008-2012 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастурини фаол амалга ошириш бошланди. Дастур доирасида ўтган даврда 30,94 млрд сўм ўзлаштирилди. 

Шу билан бирга, "Ўзбекнефтгаз" миллий-холдинг компанияси, "Ўзқурилишматериаллари" акциядорлик компанияси, "Ўзфармсаноат" давлат концерни, Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Тошкент трактор заводи, Ўзбекистон қийин эрийдиган ва ўтга чидамли металлар комбинати, "Ўзагромашсервис",  "Ўзэлтехсаноат" уюшмаларининг бир қанча корхоналари томонидан ишлаб чиқариш ва маҳсулотларнинг айрим турлари бўйича экспорт прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши таъминланмади. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 26 та лойиҳа бўйича маҳаллийлаштириладиган маҳсулот ишлаб чиқарилмади, 100 та лойиҳа бўйича ишлаб чиқариш прогнозларининг бажарилиши таъминланмади.

"Ўзбекэнерго", "Ўзбекенгилсаноат"  давлат-акциядорлик компанияларида, Андижон, Жиззах, Фарғона ва Хоразм вилоятларида зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналар сонини камайтириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ижобий натижа бермаяпти. Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси   банкрот корхоналарни самарали мулкдорларга сотишни жадаллаштиришда етарли даражада фаоллик кўрсатмаяпти.

Кўпгина банкларнинг ўз капитали даражаси уларнинг инвестиция жараёнларидаги, иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашдаги иштирокини янада кенгайтириш учун етарли эмас.

Корхоналар ва ижтимоий соҳа муассасаларини 2008-2009 йилларнинг куз-қиш даврида барқарор фаолият кўрсатишга тайёрлашни, шунингдек бўлажак қиш даврига мева-сабзавот маҳсулотлари ғамлаш ишларини тугаллашни, айниқса Қашқадарё, Сирдарё, Хоразм  вилоятларида ва Тошкент шаҳрида жадаллаштириш  зарур.

Фермер хўжаликлари ихтиёридаги ерларнинг меҳнатни оқилона ташкил этишни, ишлаб чиқариш самарадорлигини янада оширишни ва фермер хўжаликларининг молиявий аҳволини мустаҳкамлашни таъминлайдиган миқдорларини мақбуллаштириш чора-тадбирларини кўриш талаб этилади. 



Жорий йилнинг 9 ойи якунлари бўйича мамлакатни

ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор

вазифалари, мақсадли комплекс дастурларнинг амалга оширилиши

ва экспорт прогнозининг бажарилиши ҳамда 2008 йилда асосий прогноз

параметрларининг бажарилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида

(Мирзиёев, Азимов, Саидова, Абдуллаев, Джулибеков, Хаитов,

Ғаниев, Турдимов,  Фармонов, Якубов, Шаисматов, Вагапов, Юнусов)


2. Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, корхоналар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 10 кун муддатда кенгайтирилган мажлисларда:

2008 йилнинг 9 ойида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ва иқтисодий ислоҳотларнинг боришини танқидий таҳлил қилсинлар;

тасдиқланган энг муҳим мақсадли комплекс дастурлар, Инвестиция дастури, маҳаллийлаштириш, иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларини модернизация қилиш, техника билан қайта жиҳозлаш дастурлари, асосий моддий ва қиймат балансларининг барча прогноз кўрсаткичлари ва чора-тадбирлари жорий йилнинг охиригача бажарилишини таъминлашга йўналтирилган қўшимча чора-тадбирлар кўрсинлар, ҳар бир корхонада аниқланган қолоқликни бартараф этиш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўрилишига асосий эътиборни қаратсинлар;

2009 йилнинг I чорагида ва бутун йил мобайнида иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш учун мустаҳкам замин яратиш, шу жумладан инвестиция лойиҳалари бўйича зарур лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, тендерлар ўтказиш ва молиялаштиришни бошлаш, буюртмалар портфелини, шунингдек 2009 йилнинг ишлаб чиқариш дастури учун хом ашё, ёқилғи ва материаллар захирасини шакллантириш учун ярмарка ва харид кампаниялари ўтказиш чора-тадбирларини белгиласинлар.


3. Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев):

2009 йилда тармоқларни ва ҳудудларни ривожлантиришнинг аниқлаштирилган мақсадли прогноз кўрсаткичларини, уларнинг келгуси йилги макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози билан ўзаро боғлиқлигини ҳисобга олган ҳолда, вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари эътиборига жорий йилнинг 15 декабригача бўлган муддатда етказсин;

манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда 2009 йил учун маҳсулотлар, хом ашё ва материалларнинг асосий турларини ишлаб чиқариш моддий балансларининг жорий йилда бажарилиши бўйича кутилаётган натижаларни эътиборга олган ҳолда ўз вақтида ишлаб чиқилишини таъминласин, бунда биринчи навбатда ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш захираларини, ички бозорни тўлиқ таъминлашни ва юқори ликвидли ресурсларни асосан биржа савдолари орқали сотишни назарда тутсин. 


4. Қуйидагиларнинг:

ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашнинг энг муҳим инвестиция лойиҳалари ва дастурлари амалга оширилишини таъминлаш юзасидан - "Ўзкимёсаноат" давлат-акциядорлик компанияси (Ибрагимов), "Ўзфармсаноат" давлат концерни (Юнусов), "Ўзқурилишматериаллари" акциядорлик компанияси (Акромов) раҳбарларининг эътибори;

Ҳукумат кафолати остидаги хорижий кредитлар ҳисобига инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни таъминлаш юзасидан - Халқ таълими вазирлиги (Шоумаров), Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази (Сатторов) раҳбарларининг эътибори;

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига киритилган лойиҳаларни амалга оширишни таъминлаш юзасидан - "Ўзагромашсервис" (Абдуқодиров), "Ўзэлтехсаноат" (Избосаров) уюшмалари, "Ўзфармсаноат" давлат концерни (Юнусов), Андижон (Усмонов), Бухоро (Хусенов), Самарқанд (Барноев), Тошкент (Ниязов), Хоразм  (Оллаберганов) вилоятлари  ва Тошкент шаҳри  (Тўхтаев) ҳокимликлари раҳбарларининг эътибори;

хизматлар соҳасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш юзасидан - Жиззах (Анорбоев), Навоий (Рўзиев), Наманган (Нажмиддинов), Сурхондарё (Жўраев) ва Хоразм  (Оллаберганов) вилоятлари  ҳокимликлари раҳбарларининг эътибори жорий йил охиригача қўшимча чора-тадбирлар кўриш зарурлигига қаратилсин.


5. Олмалиқ кон-металлургия комбинати (Фармонов) ва Навоий кон-металлургия комбинати (Санақулов) Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев) ва Молия вазирлиги (Гуськова)  билан биргаликда  2009 йилнинг 1 январигача бўлган муддатда тармоқни қисқа муддатли, ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда барқарор ривожлантиришни таъминлайдиган ишлаб чиқаришни техник модернизация қилиш ва кенгайтириш бўйича лойиҳалар рўйхатини ва уларни амалга ошириш муддатларини аниқлаштириш юзасидан, молиявий ресурслар билан боғлаган ҳолда таклифлар киритсинлар.


6. Касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларни ўз вақтида ишга тушириш масалалари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 18 июлдаги мажлиси қарори бажарилмаганлиги учун Бухоро (Хусенов), Сирдарё (Жалолов), Тошкент (Ниязов) вилоятлари ҳокимликлари раҳбарларига  ҳайфсан эълон қилинсин.

Сурхондарё вилояти ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Н.Тўраевнинг эгаллаб турган лавозимидан озод қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Юқорида кўрсатиб ўтилган вилоятларнинг ҳокимлари жорий йилда назарда тутилган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларни ишга тушириш ишларини жадаллаштириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўрсинлар.


7. "Ўзавтойўл" давлат-акциядорлик компанияси раиси М.Абдуллаев қурилиш ишларининг тугалланиши ва 2008 йил Инвестиция дастурига киритилган автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича объектлар қишнинг совуқ кунлари бошлангунга қадар фойдаланишга топширилиши таъминланиши, шунингдек капитал қўйилмаларнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобига йўл-қурилиш техникаси сотиб олиниши учун шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилсин.

Андижон (Усмонов), Бухоро (Хусенов), Қашқадарё (Зайниев), Навоий (Рўзиев), Самарқанд (Барноев), Сирдарё (Жалолов), Тошкент (Ниязов) ва Хоразм  (Оллаберганов) вилоятлари ҳокимликлари бир ҳафта муддатда маҳаллий аҳамиятга эга бўлган умумий фойдаланиладиган автомобиль йўллари бўйича йўл-таъмирлаш ишларини ташкил этиш юзасидан етарлича иш олиб борилмаганлиги учун ягона буюртмачи хизматлари раҳбарларининг жавобгарлиги даражасини белгиласинлар.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.М.Ханов юқорида кўрсатиб ўтилган вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ҳафта муддатда маҳаллий аҳамиятга эга бўлган умумий фойдаланиладиган автомобиль йўллари бўйича таъмирлаш ишларини бажаришда йўл қўйилган қолоқликнинг ўрнини тўлдириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин.

"Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси (Назаров) "Ўзавтойўл" давлат-акциядорлик компанияси томонидан тақдим этилган ҳисоб-китобларга мувофиқ 2008 йилда умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича прогноздан ортиқча ишлар ҳажмини бажариш учун хом нефть ва суюқ битумни қўшимча юклаб жўнатиш юзасидан таклифлар киритсин.


8. Республика йўл жамғармаси (Джулибеков) "Ўзавтойўл" давлат-акциядорлик компанияси (Абдуллаев), "Ўзнефтмаҳсулот" акциядорлик компанияси (Азизов), "Ўзнефтгазинспекция" (Шералиев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда йўл битуми ва бошқа қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ҳажмлари билан қатъий боғлиқ ҳолда 2009 йил учун халқаро ва давлат аҳамиятига эга бўлган умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини таъмирлаш дастурини тасдиқлаш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини шу йил 15 декабргача бўлган муддатда белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компанияси (Раматов) манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ихтисослаштирилган лойиҳалаш институтлари билан биргаликда ҳаракатланадиган ва тортадиган таркибни мақбуллаштириш ва улардан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини кўпайтириш, йўловчилар ташишни ривожлантириш, шохобча йўллар, омбор хўжалиги, ортиш-тушириш фронтларини ривожлантириш ҳамда вагонлар ва локомотивларнинг идоравий паркини янгилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини назарда тутадиган 2009-2013 йилларда темир йўл тармоғини ривожлантиришнинг комплекс дастурини шу йил охиригача ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, хўжалик бошқаруви органлари:

2008 йилги иш ўринлари барпо этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳудудий дастурларида назарда тутилган корхоналар билан меҳнат шартномалари бўйича касаначилик иш ўринлари яратиш параметрлари бажарилишини;

Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда - аҳоли иш билан кам таъминланган ва меҳнат миграциясининг юқори кўрсаткичларига эга бўлган туманлар ва шаҳарларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда 2009  йил учун меҳнат шартномалари бўйича касаначиликнинг янги иш ўринларини ташкил этиш ҳудудий дастурлари  прогноз параметрларининг шу йил 1 декабргача ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласинлар.


11. Бухоро (Хусенов), Наманган (Нажмиддинов), Қашқадарё (Зайниев) ва Андижон (Усмонов) вилоятлари ҳокимларининг эътибори зооветеринария пунктларини ташкил этиш ва ҳайвонларни сунъий қочириш хизматлари кўрсатиш ишлари етарли ташкил этилмаганлигига қаратилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов) билан биргаликда:

жорий йил охиригача зооветеринария пунктларини ташкил этиш ва уларни зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, ҳайвонларни сунъий қочириш ишларини ташкил этиш, шунингдек омихта ем, шрот ва шелуха сотиш бўйича ташкил этилган ихтисослаштирилган пунктларнинг самарали фаолият кўрсатиши юзасидан чорвачиликни ривожлантириш дастурининг мақсадли параметрлари бажарилишини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар кўрсинлар;

бир ҳафта муддатда бинолар ва қўтонларни таъмирлаш, шунингдек дағал, ширали ва концентрацияланган озуқани зарур ҳажмда ғамлаш бўйича чора-тадбирлар ташкил этилишини назарда тутадиган қоракўлчилик ва чорвачилик хўжаликларини қишловга тайёрлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар;

"Ўзулгуржисавдоинвест" уюшмаси (Файзиев), "Матлуботсавдо" ҳудудий компаниялари билан биргаликда узоқ жойлардаги отарларга чўпонлар учун қиш даврида нормал иш шароитларини таъминлайдиган зарур ҳажмдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг, иссиқ махсус кийим-кечак ва анжомларнинг мақсадли етказиб берилишини ташкил этсинлар.


12. Марказий банкка (Муллажонов), тижорат банкларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов) билан биргаликда қорамол, шу жумладан наслдор қорамол сотиб олиш, паррандачилик хўжаликлари ташкил этиш учун фермер ва деҳқон хўжаликларига, шунингдек мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича мини-технологиялар ва асбоб-ускуналар харид қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ғамлаш  учун агрофирмаларга қўшимча равишда имтиёзли кредитлар бериш чора-тадбирларини кўриш тавсия қилинсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари, Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарлари мутасаддилик қилинадиган хўжалик бирлашмалари ва корхоналарнинг Республика саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида қатнашишининг натижадорлиги ва уларда тузилган контрактларнинг бажарилиши устидан назорат ўрнатсинлар. Натижалари тўғрисида 2008 йил 10 ноябрда ва 2009 йил 12 январда Вазирлар Маҳкамаси Президиуми мажлисларида ахборот берилсин.


14. Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Ғаниев), Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев) манфаатдор вазирликлар ва идоралар, шунингдек хўжалик бирлашмалари билан биргаликда икки ҳафта муддатда экспорт прогнозига киритилган корхоналарнинг имкониятларидан ва ўсиб бораётган ишлаб чиқариш қувватларидан келиб чиққан ҳолда жорий йилнинг IV чорагида товарлар ва хизматлар экспорти ҳажмини қўшимча равишда кўпайтириш бўйича таклифларни кўриб чиқсинлар ва киритсинлар.

Вазирликлар ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, ташқи савдо компаниялари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари экспортга мўлжалланган товарлар ва маҳсулотлар ҳажмини хорижий шериклар билан пухта ишлаб чиқиш, контрактлаштириш, шу жумладан захира харидорлар топиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрсинлар.


15. Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Ғаниев), Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), хўжалик бирлашмалари ва корхоналар 2009 йилнинг ишлаб чиқариш дастури учун экспорт буюртмалари портфелини шакллантириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрсинлар.

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Ғаниев) мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларига уларнинг маҳсулотлари ташқи бозорларга чиқиши ҳамда энг аввало қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотлар экспорти ҳажми ва турларини кенгайтириш учун зарур бўлган ахборотлар билан таъминласин ва амалий ёрдам берсин.



Норентабель, ишламаётган ва истиқболсиз корхоналар, шу

жумладан акциядорлик жамиятлари сонини қисқартириш

юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида

(Азимов, Мусаев, Улашов, Акромов, Ибрагимов, Абдуллаев)


16. Қуйидагиларнинг:

"Ўзбекэнерго" (Тешабоев), "Ўзбекенгилсаноат" (Рўзиқулов) давлат-акциядорлик компаниялари,  Андижон (Усмонов), Жиззах (Анорбоев), Фарғона (Ғафуров) ва Хоразм (Оллаберганов)  вилоятлари ҳокимликлари раҳбарларининг эътибори - зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналар сонини қисқартириш ишларининг самарадорлиги пастлигига;

"Ўзқурилишматериаллари" акциядорлик компанияси раҳбарларининг (Акромов) эътибори - тармоқда банкрот корхоналар негизида рақобатбардошли ва бозорда талаб қилинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган замонавий ишлаб чиқаришлар ташкил этиш ишларининг етарли эмаслигига;

Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси (Улашов) раисининг эътибори - ўтган йиллардан буён тугатиш жараёнидаги корхоналарни тугатишни якунлаш таъминланмаганлигига, суд бошқарувчилари тайёрлаш даражасининг пастлигига қаратилсин.


17. Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси (Улашов):

Молия вазирлиги (Гуськова), Давлат мулки қўмитаси (Мусаев), Иқтисодиёт вазирлиги (Саидова) билан биргаликда икки ҳафта муддатда хусусийлаштирилган давлат корхоналари негизида ташкил этилган ва ягона солиқ тўлови тўлайдиган ишлаб чиқариш корхоналарини, ушбу корхоналар томонидан кейинги икки чорак мобайнида товарлар ишлаб чиқарилмаган (ишлар бажарилмаган, хизматлар кўрсатилмаган) тақдирда, шунингдек агар ишлаб чиқариш қувватларининг иш билан таъминланганлиги 10 фоиздан камни ташкил этса ёки кўрсатиб ўтилган даврда ялпи тушум солиқ органлари томонидан белгиланадиган ер солиғининг ҳисоблаб чиқилган 6 ойлик суммасидан камни ташкил этса, солиқ солишнинг умумий белгиланган тизимига ўтказишга оид тартибни жорий этиш бўйича таклифлар киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Олий хўжалик суди, бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда икки ҳафта муддатда суд бошқарувчилари фаолиятини такомиллаштириш, уларни тайёрлаш сифатини янада ошириш ва аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш, суд бошқарувчилари томонидан банкротлик тартиб-қоидалари бузилишига йўл қўйилмаслиги устидан назоратни кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва киритсин.


18. Давлат мулки қўмитаси (Мусаев) Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), Молия вазирлиги (Гуськова), Адлия вазирлиги (Мухитдинов) ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда  бир ой муддатда акциядорлик жамиятлари учун устав фондининг энг кам миқдорига қўйиладиган талабларни тубдан кўпайтиришга, шунингдек кам қувватли ва паст самарали акциядорлик жамиятларини турлича ташкилий-ҳуқуқий шакллардаги хусусий корхоналарга айлантиришга йўналтирилган таклифлар киритсин.


19. "Ўзқурилишматериаллари" акциядорлик компанияси (Акромов), "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси (Рўзиқулов) Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси (Улашов), Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда, қурилиш материаллари ва енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган банкрот корхоналарнинг мол-мулки ҳолатини ўрганиш, уларнинг мулкдорлари ва потенциал инвесторлар билан биргаликда мазкур масалани ишлаб чиқиш асосида ушбу корхоналар негизида рақобатбардошли ва бозорда талаб қилинадиган маҳсулотларни чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришлар барпо этиш юзасидан аниқ таклифлар киритсинлар.



Молия-банк тузилмаларининг 9 ойдаги  фаолияти якунлари

ва умуман 2008 йилда кутилаётган кўрсаткичлар тўғрисида.

(Муллажонов, Мирзаев, Раҳимов, Атаханов,

Мустафоев, Жумагалдиев, Абдуллаев)


20. Тижорат банкларининг инвестиция фаолияти етарли эмаслиги қайд этиб ўтилсин.

Марказий банкка (Муллажонов) Банклар уюшмаси ва тижорат банклари билан биргаликда:

тижорат банкларининг инвестиция фаолиятини кучайтириш, шу жумладан иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш жараёнларида уларнинг иштирокини янада кенгайтириш;

сотиб олинган банкрот корхоналарда ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш бўйича инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва молиялаштиришда қатнашиш, шунингдек ушбу корхоналарни кейинчалик стратегик инвесторларга сотиш юзасидан  тижорат банкларида ишларни фаоллаштириш;

муаммоли корхоналарни инқироз ҳолатида бошқариш йўналишлари бўйича банклар ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари ташкил этиш, лойиҳавий молиялаштириш, инвестиция лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш ва амалга ошириш, зарар кўриб ишлайдиган ва ночор корхоналарни тиклаш ва модернизация қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни икки ҳафта муддатда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тавсия қилинсин.


21. Марказий банкка (Муллажонов) мажбурий захира меъёрларини тартибга солишнинг ўзгарувчан тизими механизмини жорий этиш юзасидан чора-тадбирлар кўриш тавсия этилсин.


22. "Ўзмиллийбанк" (Раҳимов), "Асака" банки (Орипов), "Ўзсаноатқурилишбанк" (Мустафоев) ва банкрот корхоналарнинг мол-мулкини ўз мулки қилиб сотиб оладиган бошқа тижорат банклари Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Ғаниев), Иқтисодиёт вазирлиги (Саидова), Молия вазирлиги (Гуськова), Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (Ғуломов) ҳамда хўжалик бирлашмалари билан биргаликда Инвестиция дастурига киритиш учун 2009 йилда ва кейинги йилларда банк капитали иштирокида амалга ошириладиган аниқ инвестиция лойиҳалари тўғрисида таклифлар киритсинлар. 


23. Тижорат банкларига:

2009-2011 йилларда қўшимча акциялар ва қарз билан боғлиқ бошқа қимматли қоғозлар эмиссияси ва уларни сотиш ҳисобига банкларнинг капиталлашуви даражасини ошириш ва ресурс базасини мустаҳкамлаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг жалб этиладиган депозитларини ўстириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

суғурта ва аудиторлик компаниялари, бозор инфратузилмасининг бошқа тузилмалари билан биргаликда молиявий ва маслаҳат хизматларининг барча турларини кўрсатадиган, шу жумладан кредитлар олиш, янги ишлаб чиқаришлар ташкил этиш, инвестицияларни жалб этиш, халқаро амалиёт асосида бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш масалалари бўйича маслаҳатлар бериш марказлари ташкил этиш чора-тадбирларини кўриш тавсия қилинсин.



2008-2012 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив

ҳолатини яхшилаш давлат дастурининг амалга оширилиши ва

2008 йил якунлари бўйича кутилаётган кўрсаткичлар тўғрисида

(Мирзиёев, Юсупов, Бўронов, Мамараимов, Ғаниев)


24. Қуйидагиларга:

Бухоро (Ҳусенов), Сирдарё (Жалолов), Фарғона (Ғафуров) ва Хоразм (Оллоберганов) вилоятлари ҳокимларига - мелиорация объектларини таъмирлаш ва тиклаш бўйича лойиҳаларни ўз вақтида ишлаб чиқиш ҳамда экспертизадан ўтказиш устидан назорат сусайтирилганлиги;

Сурхондарё (Жўраев), Сирдарё (Жалолов) вилоятлари ҳокимларига - мелиорация объектларини реконструкция қилиш ва қуриш лойиҳаларини амалга оширишда маблағларни ўзлаштириш бўйича қолоқликка йўл қўйилганлиги кўрсатиб ўтилсин.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов), Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини бошқариш департаменти (Юсупов) кўрсатиб ўтилган вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2008 йил 1 ноябргача бўлган муддатда 2008 йилда назарда тутилган мелиорация объектларида таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишни ва экспертизадан ўтказишни тугалласинлар.


25. Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини бошқариш департаменти (Юсупов), Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:

бир ҳафта муддатда 2008 йилнинг аниқ йўналтирилган рўйхатига киритилган ҳар бир лойиҳа амалга оширилиши ҳолатини таҳлил қилсинлар, ишларнинг белгиланган муддатларда тугалланишини назарда тутадиган ҳар бир лойиҳа бўйича алоҳида жадвалларни ишлаб чиқсинлар. Жадвалларнинг бажарилиши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ҳар ўн кунда ахборот берилсин;

лойиҳалаш ташкилотлари ва "Давархитектқурилиш" қўмитаси (Максумов) билан биргаликда шу йил 1 декабргача бўлган муддатда 2009 йилнинг I чорагида амалга ошириладиган мелиорация объектлари лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилишини ва экспертизадан ўтказилишини таъминласинлар;

мелиорация ишларининг сифатли бажарилиши, бюджет маблағларининг мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан назоратни кучайтирсинлар.


26. "Ўзмелиомашлизинг" давлат компанияси (Ҳимматов):

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Ғаниев) билан биргаликда 2008 йил учун назарда тутилган мелиоратив техникани етказиб бериш юзасидан контрактларнинг белгиланган тартибда тузилишини шу йил 15 ноябргача бўлган муддатда тугаллаш;

жорий йил учун назарда тутилган мелиоратив техника республикага 2008 йил 25 декабргача бўлган муддатда олиб келинишини ва уларнинг лизинг олувчиларга етказиб берилишини таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўрсин.



Пахта йиғим-терим мавсумини якунлаш, кузги бошоқли дон

экинларини ўз вақтида ва сифатли экиш ҳамда кузги шудгорлашга

тайёргарлик кўриш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган

чора-тадбирлар тўғрисида.

(Мирзиёев, Абдуқодиров, Барноев, Комилов)


27. Навоий (Рўзиев), Тошкент (Ниязов), Наманган (Нажмиддинов), Фарғона (Ғафуров), Бухоро (Хусенов) вилоятлари ҳокимларига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига (Янгибоев) меҳнат ресурсларини сафарбар қилиш, пахта терувчиларни рағбатлантириш, пахта териш техникасидан ва бошқа омиллардан фойдаланиш бўйича пахта териш мавсумини ташкил этишдаги жиддий камчиликларнинг ҳосил йиғим-терими муддатлари чўзилиб кетишига ва унинг сифат параметрлари пасайишига олиб келганлиги кўрсатиб ўтилсин.


28. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов), "Ўзпахтасаноат" (Омонов) ва "Ўзагромашсервис" (Абдуқодиров) уюшмалари, "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси (Қудратов):

жорий йилнинг 1 ноябригача пахта ҳосилини йиғиштириб олишни тўлиқ тугаллашни таъминлаш учун меҳнат ва моддий-техника ресурсларини юқори даражада сафарбар қилиш  чора-тадбирларини кўрсинлар;

жорий йилнинг 25 октябригача бўлган муддатда - 2009 йил ҳосили учун кузги шудгорлаш ишларини қисқа муддатларда, сифатли амалга ошириш учун ҳайдов  тракторлари, плуглар ва бошқа техникаларни тайёрлашни тугалласинлар;

суғориладиган ерларда кузги бошоқли дон экинлари экишни - жорий йилнинг 10 ноябригача, лалми ерларларда - жорий йилнинг 15 ноябригача тугалласинлар.

Бажарилиши тўғрисида белгиланган муддатларда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


29. "Ўзнефтмаҳсулот" (Азизов) ва "Ўзкимёсаноат" (Ибрагимов) компаниялари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ҳафта муддатда кузги шудгорлаш ишлари учун ёнилғи-мойлаш материаллари ва минерал ўғитлар етказиб бериш жадвалини ишлаб чиқсинлар ва унинг бажарилишини таъминласинлар.


30. Тасдиқланган балансга мувофиқ жорий йилда 2009 йил ҳосили учун агротехника тадбирларининг ўз вақтида молиялаштирилишини таъминлаш юзасидан шахсий жавобгарлик Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси (Хидиров), Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Турдимов) ва тижорат банклари раҳбарлари зиммасига юклансин.

Амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳар ҳафтада Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритилсин.


31. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 6 октябрдаги Ф-3077-сон фармойишига мувофиқ, фермер хўжаликларининг молиявий аҳволини чуқур ва пухта ўрганиш ҳамда амалда улар ихтиёридаги  ер майдонлари миқдорини хатловдан ўтказиш асосида фермер хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва ҳар бир районлаштирилган зона бўйича фермер хўжаликлари ихтиёридаги ер майдонларини мақбуллаштириш юзасидан шу йил 1 ноябргача бўлган муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсинлар.    



Иқтисодиёт тармоқлари, уй-жой фонди, ижтимоий соҳа объектлари

ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини куз-қиш даврига тайёрлашнинг

аҳволи, шунингдек мева-сабзавот маҳсулотлари ва картошка

ғамлашнинг бориши тўғрисида

(Ханов, Шаисматов, Вагапов, Тешабоев, Назиров, Шоумаров,

Салимов, Тўхтаев, Абдуллаев, Мирзиёев)


32. Республика иқтисодиёти тармоқларини 2008/2009 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси раиси Н.М.Ханов республика иқтисодиёти тармоқларини ва ижтимоий соҳа муассасаларини 2008/2009 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш юзасидан тасдиқланган тадбирлар ва топшириқларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажарилиши учун унинг шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилсин.


33. Наманган (Нажмиддинов), Фарғона (Ғофуров), Сирдарё (Жалолов), Сурхондарё (Жўраев) ва Тошкент (Ниязов) вилоятлари ҳокимликларининг уй-жой фонди объектларини 2008-2009 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш, шунингдек 1991 йилгача қурилган, 2008 йилда мукаммал таъмирланиши зарур бўлган кўп квартирали уйларнинг умумий фойдаланиладиган жойларини ва муҳандислик коммуникацияларини мукаммал таъмирлаш дастурини бажариш юзасидан ишлари қониқарсиз деб ҳисоблансин. 

Юқорида кўрсатиб ўтилган вилоятлар раҳбарлари жорий йилнинг 1 ноябрига қадар иқтисодиёт тармоқларини, ижтимоий соҳа ва уй-жой фонди объектларини 2008-2009 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича мавжуд камчиликларнинг бартараф этилишини ва барча ишлар тугалланишини таъминласинлар.


34. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, "Ўзбеккўмир" ОАЖ (Хурсанов) ва "Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси  (Вагапов) жорий йилнинг 20 ноябригача бўлган муддатда 2007/2008 йиллар куз-қиш даврида газ таъминотида узилишлар бўлган аҳоли пунктларини ёқилғи-энергетика ресурсларининг муқобил турлари (кўмир, суюлтирилган газ, печка ёқилғиси ва бошқалар) билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқсинлар.


35. 2008-2009 йиллар куз-қиш даврида газ етказиб бериш ва энергия таъминоти объектларининг барқарор ишлашини, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳолига табиий газ ва электр энергияси узлуксиз  етказиб берилишини таъминлаш, шунингдек табиий газ ва электр энергияси истеъмолчиларининг барча тоифалари билан қонун ҳужжатларида қатъий белгиланган тартибга мувофиқ 2009 йил учун ўз вақтида шартномалар тузиш юзасидан шахсий жавобгарлик "Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясининг бош директори И.Х.Вагапов, "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компанияси бошқаруви раиси Б.М.Тешабоев зиммасига юклансин.


36. Соғлиқни сақлаш вазири Ф.Ғ.Назиров ва Халқ таълими вазири Ғ.Б.Шоумаровнинг соғлиқни сақлаш ва халқ таълими объектларини 2008/2009 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича барча тадбирларнинг  бажарилганлиги тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.


37. Истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергияси ва табиий газ учун дебиторлик қарзларни қисқартириш, аҳоли тўловларини ҳисобга  олишни мақбуллаштиришни ва уларнинг тўлиқ йиғилишини таъминлаш, электр энергияси ва газ тармоқларига ноқонуний уланишларни аниқлаш, хизматларнинг таннархини камайтириш  бўйича  "Ўзбекэнерго"  давлат-акциядорлик компанияси (Тешабоев) ва "Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси (Вагапов)нинг ишлари қониқарсизлиги қайд этиб ўтилсин.

"Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компанияси (Тешабоев) Молия вазирлиги (Гуськова), Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси (Улашов), Давлат солиқ қўмитаси (Парпиев), бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2009 йил 15 январгача бўлган муддатда Вазирлар Маҳкамасига электр энергиясини сотиш бўйича функцияларни шахсий операторларга бериш учун танлов савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби, электр энергияси чакана бозори фаолиятининг ягона қоидаларини белгилаш, хусусий оператор-компаниялар учун электр энергиясига тарифларни белгилаш бўйича таклифлар киритсин.

"Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси (Вагапов) Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда табиий газ сотиш функциясини шахсий операторларга бериш масаласини  ишлаб чиқсин, мазкур амалиётни   табиий газ учун аҳоли энг кўп қарздор бўлган айрим туманларда тажриба тариқасида жорий қилсин. Амалга оширилган ишларнинг натижалари тўғрисида 2009 йил 19 январда Вазирлар Маҳкамаси Президиуми мажлисида ахборот берилсин.


38. “Ўздавнефтгазинспекция” (Шералиев), “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси (Назаров), "Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси (Вагапов), "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компанияси (Тешабоев) манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда энергия ресурсларидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишга йўналтирилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича, шу жумладан қуйидагиларни:

маҳсулотнинг асосий турларини ишлаб чиқаришга энергия ресурслари сарфи меъёрларини ишлаб чиқишни;

ҳар бир ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга сарф-харажатларнинг таклиф этилган меъёрларига мувофиқ истеъмол ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, шунингдек қаттиқ совуқ даврларида хўжалик юритувчи субъектлар учун табиий газга табақалаштирилган тарифларни;

энергия тизимларига ноқонуний уланганлик ва энергия ресурсларининг ҳақиқий истеъмол ҳажмларини яширганлик учун жавобгарлик оширилишини назарда тутувчи таклифларни киритсинлар.


39. "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компанияси (Тешабоев), "Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси (Вагапов), Давлат солиқ қўмитаси (Парпиев) Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (Ходжаев), Матбуот ва ахборот агентлиги (Алимов) ҳамда Миллий ахборот агентлиги (Ҳазратқулов) билан биргаликда ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш, электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш масалалари, энергия ресурслари учун хорижий давлатлардаги нархлар мисолида Ўзбекистон Республикасида уларни оширмаслик бўйича олиб борилаётган сиёсатнинг мазмун-моҳияти, шунингдек истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловни ўз вақтида тўламаганлик учун амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарлик чораларини аҳолига етказиш бўйича доимий равишда оммавий ахборот воситаларида (телевидение, газеталар, радио) ижтимоий реклама-тушунтириш ишлари амалга оширилишини таъминласинлар.


40. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмаси (Файзиев) ва “Матлуботсавдо” ҳудудий компаниялари билан биргаликда:

тайёрлов ташкилотлари билан биргаликда мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий турлари ва картошка жорий йилнинг ноябрь ойи охиригача белгиланган ҳажмларда ғамланишини тугаллаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўрилишини таъминласинлар. Натижалар тўғрисида 1 декабргача Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин;

2008 йил декабрь - 2009 йил май ойлари мобайнида  мева-сабзавот маҳсулотлари ва картошка нархларининг асоссиз равишда ошиб кетишига йўл қўймасдан аҳолига сотиш учун захира ҳисобидан мева-сабзавот маҳсулотлари ва картошканинг мунтазам равишда ички бозорга чиқарилишини таъминласинлар. Бунда йирик шаҳарлар ва саноат марказлари аҳолисини мева-сабзавот маҳсулотлари ва картошка билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилсин. Захирадаги ҳажмлардан фойдаланиш ҳақида 2008 йил  10 декабрдан бошлаб ҳар ўн кунда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


41. Ушбу мажлис қарорининг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосарлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ижро этувчи аппарати бошқарувчиси зиммасига юклансин.

Мазкур мажлис қарорининг бажарилиши ҳар ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Президиуми мажлисларида кўриб борилсин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                               Ш. Мирзиёев


















Время: 0.0059
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск