ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Иқтисодиётнинг умумий масалалари / Ижтимоий-иқтисодий тараққиёт якунлари /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг 18.07.2007 й. 3-сон Баёни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ

МАЖЛИСИНИНГ

БАЁНИ

18.07.2007 й.

N 3



Раислик қилувчи:

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

Мирзиёев Ш.М.

Қатнашганлар:


Ўзбекистон Республикаси

Бош вазирининг

ўринбосарлари


Р.С.Азимов, А.Н.Арипов, С.Т.Иномова,

Р.С.Қосимов, Э.Р.Шаисматов, Қ.С.Санақулов,

Н.М.Ханов, Р.В.Абдуқодиров

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг Давлат

маслаҳатчилари

Шамшиев Р.С., Голишев В.А.,

Абдуллаев И.Б., Салихов Т.П.


Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари, Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг раислари, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, матбуот вакиллари (рўйхат бўйича).



2007 йилнинг I ярим йиллигида республикани

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов

томонидан республика Ҳукуматининг 2007 йил 12

февралдаги мажлисида белгилаб берилган иқтисодий

ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор

вазифалари сўзсиз бажарилишини таъминлаш

бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

(Мирзиёев, Хўжаев, Ғафуров, Акрамов, Хаитов, Усмонов,

Зайниев, Камалов, Сайиджалолов, Боймуродов, Нажмиддинов,

Саидова, Аҳмедов, Рўзиқулов, Жўраев, Эшмуродов, Жулибеков,

Абдуллаев, Муллажонов, Раҳимов, Арипов, Абдуллаев,

Абдуллаев, Қосимов, Алимуҳамедов, Назиров, Янгибоев,

Баҳромов, Исмоилов, Жалолов, Ниязов, Мирзиёев)


1. Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан 2007 йил 12 февралда Вазирлар Маҳкамаси мажлисида белгилаб берилган 2007 йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг энг мухим устувор вазифаларига мувофиқ, шунингдек кўрсатиб ўтилган мажлиснинг 1-сон протоколини бажариш юзасидан вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва йирик корхоналар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари томонидан 2007 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг устувор вазифаларини амалга ошириш бўйича комплекс тармоқ ва ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилди.


Қабул қилинган ижтимоий-иқтисодий стратегик устувор вазифаларнинг амалга оширилиши натижасида 2007 йилнинг биринчи ярим йиллигида:


иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатлари ва иқтисодиётнинг макроиқтисодий баланслилиги таъминланди. Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 9,7 фоизни, инфляция даражаси 2,7 фоизни ташкил этди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,9% профицит билан ижро этилди;


иқтисодиётнинг барча асосий тармоқлари ва республика ҳудудлари изчил ривожланиши таъминланди. Саноат ишлаб чиқариши ҳажми 11,6 фоизга ўсди, шу жумладан истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 19%, пудрат қурилиш ишлари - 20,5%, чакана товар айланмаси - 16,8% ва пулли хизматлар 25,1%, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш - 5,5 фоизга ўсди. Маҳсулот экспорти 39 фоизга ошди. Унда асосий улушни - 70 фоизни хом ашё бўлмаган экспорт ташкил этади. Ташқи савдонинг ижобий салъдоси 1656,5 млн долларни ташкил қилди;


солиқ юкини камайтириш ва инвестиция муҳитини яхшилаш учун қўшимча рағбатлар ва имтиёзлар берилиши таъминланди. Жалб этилган хорижий инвестициялар 1,9 баравар ўсди, улар умумий миқдорининг қарийб 85 фоизи тўғридан-тўғри инвестициялардир. Ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кафолатланмаган кредитлар 2,2 баравардан ортиқ, корхоналарнинг маблағлари ҳисобига инвестициялар 1,3 баравар ўсди. Бюджет инвестицияларини ўзлаштиришнинг юқори суръатлари умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларни янги ўқув йилига ўз вақтида тайёрлаш, шунингдек қишлоқ врачлик пунктларини фойдаланишга топшириш имконини беради;


иқтисодиётни кенг кўламли модернизация қилиш, унинг энг муҳим тармоқларини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бошланди. Ушбу мақсадларга капитал қўйилмаларнинг умумий ҳажмидан 49,1 фоизи, шу жумладан корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича 65 фоизи йўналтирилди. Пахтани қайта ишлаш, ёғ-мой саноати, қурилиш материаллари саноати ва қора металлургия корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш дастурлари қабул қилинди;


тадбиркорликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, кичик бизнесга солиқ юкини камайтириш ва унинг фаолият кўрсатиши шарт-шароитларини эркинлаштириш юзасидан илгари қабул қилинган қарорларга қатъий риоя қилиш ҳисобига тадбиркорлик фаолиятининг юқори даражадаги фаоллиги таъминланди. Йирик бизнеснинг ўсиш суръатлари юқори бўлгани ҳолда кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2006 йил 6 ойидаги 34,1 фоиздан 38,1 фоизгача ўсди;


қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш таьминланди. Ширкатларни фермер хўжаликларига айлантириш жараёни амалда тугалланди. Жорий йилнинг I ярим йиллигида 2006 йилнинг шу даврига таққослаганда бошоқли дон экинлари, картошка, сабзавот, полиз маҳсулотлари, гўшт ва пилла кўп етиштирилди;


аҳолининг иш билан бандлик даражасини ва даромадларини ошириш таъминланди. Шу йилнинг биринчи ярим йиллигида 314,8 минг янги иш ўринлари, шу жумладан хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасида - 75 мингдан ортиқ, касаначиликни ташкил этиш ҳисобига - 40,2 минг иш ўринлари яратилди. Аҳолининг реал даромадлари 21,3 фоизга ўсди;


"Ижтимоий ҳимоя йили" дастурининг белгиланган параметрлари бажарилиши таъминланди. Жорий йилнинг ҳисобот даврида 2 ёшгача болани парвариш қилиш билан банд бўлган 440 минг ишламаётган оналар, 18 ёшгача болалари бўлган 880 минг оила нафақа олди. 44 минг кам таъминланган оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Ногиронлар учун 2049 иш ўрни ташкил этилди. Шу йилнинг 1 июлидаги ҳолатига кўра ёш оилаларга 20,4 млрд сўм кредит, шу жумладан ўз бизнесини ташкил этишга 10,6 млрд сўм имтиёзли микрокредит берилди, 28,5 минг кам таъминланган ва кўп болали оила бепул қорамол олди.


Шу билан бирга, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида айрим вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар, айниқса туманлар ҳокимликлари томонидан тармоқлар ва иқтисодиёт соҳаларини ривожлантиришнинг мақсадли комплекс дастурлари прогноз параметрларига эришиш таъминланмади.

Қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш соҳаси суст ривожланмоқда. Жумладан, қишлоқ жойларда молия, транспорт, алоқа ва коммуникациялар соҳасида кўрсатилаётган хизматлар даражаси шаҳарлардагига қараганда бир неча баравар паст.

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг ташқи савдо компаниялари, тижорат банкларининг фермер хўжаликларини ва ташкил этилган агрофирмаларни мини-технологиялар билан жиҳозлашда қўллаб-қувватлаш бўйича ишларини фаоллаштириш талаб қилинади.

Автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари етарли суръатларда олиб борилмаяпти. Тошкент, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида пудрат ташкилотлари томонидан йўл ишларининг белгиланган ҳажмлари бажарилмади.

Тижорат банклари капиталлашувининг ҳозирги даражаси уларнинг инвестиция жараёнларидаги иштироки кенгайишига тўсқинлик қилмоқда, иқтисодиётнинг асосий тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш лойиҳаларини кредитлашда молиявий имкониятларини чеклаб қўймоқда.

Ерларнинг, айниқса ботқоқлашган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун қўшимча ташкилий чора-тадбирлар кўриш ва молиявий ресурсларни қидириб топиш ишлари тўлиқ ҳажмларда амалга оширилмаган.


2. Қуйидагиларга:

Қашқадарё (Зайниев), Навоий (Рўзиев), Сурхондарё (Эшмуродов) ва Фарғона (Абдуллаев) вилоятлари ҳокимликларига - хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш юзасидан;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Янгибоев), Жиззах (Анорбоев) ва Сурхондарё (Эшмуродов) вилоятлари ҳокимликлари, "Ўзқурилишматериаллари" акциядорлик компанияси (Акрамов)га - цемент ишлаб чиқариш бўйича янги корхоналар қурилиши учун инвесторларни жалб этиш юзасидан;

Тошкент (Ниязов), Сирдарё (Жалолов) ва Хоразм (Бобожонов) вилоятлари ҳокимликларига - автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш юзасидан;

Андижон (Усмонов), Наманган (Нажмиддинов) вилоятлари ҳокимликлари ва тижорат банкларига - мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича агрофирмаларни жадал ривожлантириш, уларни зарур мини-технологиялар билан жиҳозлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш юзасидан давлат ва мақсадли комплекс дастурларни бажариш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилсин.

Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳокимликлар, хўжалик бирлашмалари ва тижорат банклари бир ҳафта муддатда мавжуд сабаблар ва муаммоларни танқидий ва ҳар томонлама тахлил қилсинлар, уларни бартараф этишга доир амалий чора-тадбирлар кўрсинлар. Йўл қўйилган қолоқликни бартараф этишга оид ишларнинг натижалари тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига шу йил 1 сентябргача ахборот берилсин.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари 10 кун муддатда кенгайтирилган мажлисларда танқидий тахлил асосида:

иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг мухим устувор вазифалари, шунингдек 2007 йилга белгиланган тасдиқланган тармоқ ва ҳудудий дастурлар амалга оширилишини кўриб чиқсинлар ҳамда уларнинг жорий йил охиригача сўзсиз бажарилиши учун қўшимча ташкилий ва иқтисодий чора-тадбирлар кўрилишини таъминласинлар;

аҳолининг иқтисодий фаоллигини оширишга ва ижтимоий ҳимоясини таъминлашга, турмуш сифатини яхшилашга йўналтирилган қўшимча тадбирлар амалга оширилишини назарда тутган ҳолда ижтимоий дастурларнинг, шу жумладан "Ижтимоий ҳимоя йили" Давлат дастурининг амалда рўёбга чиқарилишини кўриб чиқсинлар;

2007 йилги Инвестиция дастурига киритилган лойиҳаларнинг тўлиқ амалга оширилиши бўйича комплекс қўшимча чора-тадбирлар кўрилишини;

2008 йилда тармоқлар ва минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилишини таъминласинлар.

Ушбу топшириқнинг бажарилиши тўғрисида икки ҳафта муддатда Вазирлар Махкамасига ахборот берилсин.


4. Бош вазир ўринбосари - Иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари комплекси раҳбари Р.С.Азимов, Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев) манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан биргалнкда Вазирлар Маҳкамасига:

жорий йилнинг 1 августигача - 2008 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг тармоқлар ва ҳудудлар бўйича мувофиқлаштирилган прогнозини;

жорий йилнинг 1 августигача - 2008 йилги солиқ-бюджет сиёсати концепциясини ва давлат бюджети прогнозини;

жорий йилнинг 15 августигача - унга тармоқларни ривожлантириш, модернизация қилиш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлашнинг ўртача муддатли дастурларига мувофиқ лойиҳаларни киритган ҳолда 2008 йилги Инвестиция дастури лойиҳасини;

жорий йилнинг 1 сентябригача - вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ҳудуддар бўйича 2008 йил учун махсулотлар, товарлар ва хизматлар экспорти прогнозини;

тасдиқланган муддатларда - 2008 йил учун маҳсулотлар, хом ашё ва материаллар асосий турларининг моддий ва қиймат баланслари лойиҳаларини киритсинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (Муллажонов), Молия вазирлиги (Гуськова), Савдо-саноат палатаси (Шайхов), Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Ғаниев) тижорат банклари билан биргаликда Мева-сабзавот ва чорвачилик махсулотларини қайта ишлаш бўйича мини-технологиялар ва ихчам асбоб-ускуналар сотиб олиш, шу жумладан лизингга олиш учун фермерлар ва тадбиркорларга имтиёзли кредитлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни 10 кун муддатда ишлаб чиқсинлар ҳамда тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Ғаниев), Марказий банки (Муллажонов) тижорат банклари билан биргаликда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан келишган ҳолда "Uzbekistan Agrominitech Expo-2007" II Халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдода тузилган шартномалар (контрактлар) асосида замонавий мини-технологиялар ва асбоб-ускуналар харид қилиш лойиҳаларини амалга ошириш тадбирларини ва тегишли жадвалларни бир ҳафта муддатда ишлаб чиқсинлар ва уларнинг бажарилиши тўғрисида ҳар ўн кунда Вазирлар Махкамасига ахборот берсинлар.


6. "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси раиси (Рўзиқулов)га Андижон ("Бобур" ОАЖ), Бухоро ("Бухоротекс" ОАЖ) вилоятларидаги ҳамда Тошкент ("Тоштўқимачи" ОАЖ) шаҳридаги йирик тўқимачилик комбинатларини модернизация қилиш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлашга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ҳамда мамлакатимиз инвестицияларини жалб этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмаганлиги кўрсатиб ўтилсин.

"Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси (Рўзиқулов), Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Ғаниев), Давлат мулки қўмитаси (Мусаев), Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси (Улашев), Иқтисодиёт вазирлиги (Тўлаганов), Молия вазирлиги (Турсунов) тижорат банклари билан биргаликда кўрсатиб ўтилган корхоналарга тугалланган ишлаб чиқариш циклига эга бўлган замонавий тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ташкил этиш учун йирик стратегик инвесторларни жалб этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрсинлар.

Протокол ушбу бандининг бажарилиши жорий йилнинг 10 сентябрида ва 12 ноябрида Вазирлар Маҳкамаси Президиуми мажлисларида кўриб чиқилсин.


7. "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси (Мажидов), "Ўзкимёсаноат" давлат-акциядорлик компанияси (Ибрагимов), "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси (Тян), Олмалиқ кон-металлургия комбинати (Рўзиев), Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов) Иқтисодиёт вазирлиш (Саидова) ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (Ғуломов) билан биргаликда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобига биргаликда молиялаштириладиган лойиҳалар бўйича ишлаб чиқилган жадвалларга мувофиқ тендер тартиботларини туталлаш, техник-иқтисодий асослашларни тайёрлаш ва тасдиқлаш, молиялаштиришни бошлаш ва лойиҳаларни амалда рўёбга чиқаришга киришиш юзасидан зарур ташкилий чора-тадбирларни кўрсинлар.

Иқтисодиёт вазирлиги (Саидова), "Ўзоғирнефтгазкимёлойиҳа" институти (Назаров), Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (Ғуломов) вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда Жамғарма маблағлари ҳисобига, шу жумладан 2008-2011 йилларда тармоқларни модернизация қилиш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш дастурига киритилган лойиҳалардан биргаликда молиялаштириладиган истиқболли лойиҳалар портфелини шакллантириш бўйича ишларни давом эттирсинлар.

Протокол ушбу бандининг бажарилиши жорий йилнинг 17 сентябрида ва 3 декабрида Вазирлар Маҳкамаси Президиуми мажлисларида кўриб чиқилсин.


8. Халқ таълими вазирлиги (Жўраев) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда жорий йилнинг 15 августигача объектларни қабул қилишни ва жорий йилнинг аниқ дастурига киритилган янгидан қурилган ва мукаммал реконструкция қилинган умумтаълим мактаблари қурилиши тўлиқ тугалланганлиги тўғрисидаги давлат қабул далолатномалари имзоланишини, шунингдек уларни зарур асбоб-ускуналар ва инвентарлар билан жиҳозлашни таъминласин.

Вазирликнинг ва унинг ҳудудий бошқармаларининг раҳбарлари мактабларнинг асбоб-ускуналар ва зарур инвентарлар билан ўз вақтида жиҳозланиши учун шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилсин.

Натижалари тўғрисида жорий йилнинг 20 августида Вазирлар Маҳкамаси Президиуми мажлисида ахборот берилсин.


9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Халқ таълими вазирлиги (Жўраев), Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази (Каримов), Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси (Очилов) ва "Давархитектқурилиш" қўмитаси (Тўхтаев) билан биргаликда:

жорий йилнинг 20 августигача - 2008 йилда умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва болалар спорти объектлари қурилишларининг дастлабки манзилли рўйхатларини келишиш учун Иқтисодиёт вазирлигига тақдим этсинлар;

жорий йилнинг 1 октябригача - Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича 2008 йилда умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ҳамда болалар спорти объектларини қуриш ва мукаммал реконструкция қилиш юзасидан пудрат ташкилотларини аниқлаш бўйича тендер савдолари ўтказилишини тугалласинлар;

2008 йил бошигача - 2008 йилда фойдаланишга топшириш назарда тутилган объектлар бўйича қурилиш ишларининг "ноль цикли" тугалланишини таъминласинлар.

Молия вазирлиги (Азимов) жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб таълим объектларини қуриш ишларининг "ноль цикли"га аванс бериш учун зарур молиявий ресурсларни назарда тутсин.

Мазкур банд топшириқларининг бажарилиши Вазирлар Маҳкамаси Президиуми мажлисларида кўриб чиқилсин.


10. Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси (Жулибеков), "Ўзавтойўл" давлат-акциядорлик компанияси (Абдуллаев):

жорий йилнинг 10 августигача - 2007 йил учун режалаштирилган барча йўл-қурилиш ишлари ҳажмларининг юқори сифатда ва молиявий ресурслардан самарали фойдаланилган ҳолда сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар;

жорий йилнинг 1 сентябригача - тасдиқланган Концепцияга мувофиқ 2008 йилда йўлларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишини тугалласинлар;

жорий йилнинг 1 ноябригача - 2008 йил дастури бўйича йўл-қурилиш ишларини бажарадиган пудрат қурилиш ташкилотларини танлаш юзасидан тендер савдолари ўтказсинлар ва 2008 йил учун қурилишларнинг аниқ рўйхатларини Иқтисодиёт вазирлигига тасдиқлаш учун тақдим этсинлар.

Мазкур банд топшириқларининг бажарилиши Вазирлар Маҳкамаси Президиуми мажлисларида кўриб чиқилсин.


11. Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), "Ўзқурилишматериаллари" акциядорлик компанияси (Акрамов), "Қурилиш-лизинг" компанияси (Ўмаров) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Қенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда республика ҳудудлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда жорий йил охиригача кичик ғишт заводлари қуриш юзасидан икки ҳафта муддатда аниқ таклифлар ишлаб чиқсинлар ва Вазирлар Махкамасига киритсинлар.


12. Бош вазир ўринбосари Н.М.Ханов "Ўзавтойўл" давлат-акциядорлик компанияси тизими бўлинмалари моддий-техника базасининг ҳолатини танқидий таҳлил қилиш ва уни мустаҳкамлаш чора-тадбирлари комплексини тайёрлаш учун махсус ишчи гуруҳ таркиби бўйича Вазирлар Маҳкамаси фармойиши лойиҳасини жорий йилнинг 25 июлигача бўлган муддатда киритсин, бунда 2007-2010 йилларда ва узоқ муддатли истиқболда Умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини ривожлантириш концепциясида мўлжалланган ишларнинг бажарилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш назарда тутилсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (Муллажонов)га:

тижорат банклари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва йирик корхоналар билан биргаликда тармоқларни модернизация қилиш ҳамда техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда тижорат банкларининг фаол қатнашиши юзасидан чора-тадбирлар комплексини бир ой муддатда ишлаб чиқиш;

инфляция даражасини прогноз кўрсаткичларидан ошмайдиган миқдорларда сақлаш мақсадида пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда тўловларни кенгроқ қўллаш ҳисобига умумий пул массасини тартибга солишнинг барча мавжуд механизмларидан самарали фойдаланишни таъминлаш;

бир ой муддатда - банк соҳасида амалдаги норматив-ҳуқуқий базани танқидий таҳлил қилиш ҳамда уни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш, бунда тижорат банкларига хос бўлмаган назорат функцияларини улардан олишни ҳамда молия, солиқ ва божхона органларига беришни, банк сирлари сўзсиз таъминланишини назарда тутиш;

бир ой муддатда - Молия вазирлиги (Гуськова), Иқтисодиёт вазирлиги (Шоабдураҳмонов), "Ипотека-банк" (Абдуллаев) ва бошқа тижорат банклари билан биргаликда 2007-2008 йилларда ипотека кредити беришнинг аниқ дастурини ишлаб чиқиш ва уни кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш тавсия қилинсин.


14. "Ижтимоий ҳимоя йили" Давлат дастури топшириқларини бажаришда:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Янгибоев), Бухоро (Хусенов), Самарқанд (Баҳромов), Тошкент (Ниязов) вилоятлари ҳокимликлари раҳбарларининг эътибори - "Меҳрибонлик" уйларини ва ихтисослаштирилган мактаб-интернатларни қуриш, реконструкция қилиш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ишларини амалга ошириш, "Меҳрибонлик" уйларида тарбияланиб чиққанлар учун оилавий ётоқхоналар ташкил этиш, ногирон болаларни компьютер техникаси ва мультимедияли ўқитиш дастурлари билан таъминлаш бўйича;

"Давархитектқурилиш" қўмитаси раиси (Тўхтаев)нинг эътибори -ногиронлар аравачасида ҳаракатланувчи ногиронларнинг турар жойларга ва жамоат муассасаларига бориши учун янгидан қурилаётган биноларни, шунингдек ногиронлар яшайдиган тиббий-ижтимоий муассасаларни мажбурий тартибда махсус йўлкалар ва пандуслар билан таъминлаш орқали шарт-шароитлар яратилишини назорат қилиш бўйича;

Транспорт ва транспорт коммуникациялари уюшмаси раиси (Файзуллаев)нинг эътибори - шаҳар жамоат автотранспорти тизимига ногиронлар учун кўтаргичлар билан жиҳозланган транспорт воситаларининг махсус турларини жорий қилиш бўйича қолоқликка йўл қўйилаётганлигига қаратилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар Дастурнинг бажарилишини танқидий таҳлил қилиш асосида манфаатдор муассасалар, ташкилотлар ва ҳомийларни жалб этган ҳолда барча топшириқларнинг белгиланган муддатларда сифатли бажарилишини назарда тутувчи қўшимча чора-тадбирларни амалга оширсинлар.

Кўрилган чора-тадбирлар натижалари тўғрисида жорий йилнинг 1 октябригача Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


15. "Ўзагромашсервис" уюшмаси (Солиҳбоев) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда 2007 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш учун пахта териш комбайнларини тайёрлаш жорий йилнинг 15 августигача тугалланишини таъминласин.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов) 2007 йил пахта ҳосилини етиштириш бўйича агротехника тадбирларининг сифатли ўтказилиши устидан қатъий назоратни таъминласин. Амалга оширилаёган ишларнинг натижалари тўғрисида ҳар ҳафтада Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


16. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов), "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси (Қудратов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда жорий йилнинг 1 августигача бўлган муддатда кузги дон экишнинг ташкил қилиниши, 2008 йилда бошоқли дон экинлари ҳосилини етиштириш ва давлат эҳтиёжлари учун харид қилиш ҳажмлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрласинлар ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.


17. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов), Иқтисодиёт вазирлиги (Салимов), Молия вазирлиги (Турсунов), Давлат табиатни мухофаза қилиш қўмитаси (Алихонов), "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси (Абдуазизов) тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргалиқда:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 25 июндаги Ф-2770-сон фармойишига мувофиқ 2008-2012 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 4 майдаги 218-ф-сон фармойишига мувофиқ иқтисодиётнинг барча тармоқларида қисқа ва узоқ муддатли давр учун сувни тежаш бўйича дастурларнинг сифатли тайёрланишини ва ўз вақтида Вазирлар Махкамасига киритилишини таъминласинлар.


18. "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компанияси (Тешабоев), "Ўзбеккўмир" очиқ акциядорлик жамияти (Абдуллаев) ижтимоий соҳа корхоналари ва ташкилотларининг эҳтиёжлари учун шартномаларда назарда тутилган ҳажмларда зарур кўмир захираларини шакллантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўрсинлар ҳамда ушбу топшириқнинг бажарилиши тўғрисида жорий йилнинг 15 сентябригача бўлган муддатда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берсинлар.


19. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари, Ҳукумат қарорлари ва ўз қарорларининг бажарилиши учун жойлардаги ижро этувчи органлар раҳбарлари фаолиятига танқидий баҳо беришни назарда тутган ҳолда, тегишли вилоят бошқармаларида, шаҳар ва туман ҳокимликларида ижро интизомининг аҳволини ўрганиш жадвалини икки ҳафта муддатда тасдиқласинлар.


20. Мазкур протоколнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари зиммасига юклансин.

Протокол топшириқларининг бажарилиши ҳар ҳафтада Вазирлар Маҳкамаси Президиуми мажлисларида кўриб борилсин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                          Ш.Мирзиёев












Время: 0.0576
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск