ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Иқтисодиётнинг умумий масалалари / Ижтимоий-иқтисодий тараққиёт якунлари /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг 19.07.2006 й. 3-сон Баёни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ

МАЖЛИСИНИНГ

БАЁНИ

19.07.2006 й.

N 3



Раислик қилувчи:

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

Мирзиёев Ш.М.

Қатнашганлар:


Ўзбекистон Республикаси

Бош вазирининг ўринбосарлари


Р.С.Азимов, А.Н.Арипов, С.Т.Иномова,

Р.С.Қосимов, Н.М.Ханов, Э.Р.Шаисматов,

Р.В.Абдуқодиров

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг Давлат маслаҳатчилари

Р.С. Шамшиев, Ш.Р.Ғофуров,

В.А.Голишев, А.К.Ворисов

Қорақаллоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Президент Девони, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари (рўйхат бўйича).



2006 йил I ярим йиллигида республикани

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва

2006 йилга белгиланган прогноз кўрсаткичларга

эришишга йўналтирилган қўшимча

чора-тадбирлар тўғрисида


(Мирзиёев, Хўжаев, Исмоилов, Эшмуратов, Қудратов, Эсонов, Нурматов, Рофиев, Яманқулов, Обидов, Раззоқов,

Нажмиддинов, Умаров, Куччиев, Азимов, Бобоев, Нурмуротов, Мамажонов, Акрамов, Рўзиқулов, Саиджалалов,

Саидова, Азизов, Каримов, Абдуллаев, Зайниев, Шаисматов, Ханов, Холмуҳамедов, Вагапов, Назиров, Жўраев,

Тўхтаев, Мухамедханов, Маҳкамов, Мирзиёев)


I. Макроиқтисодий кўрсаткичларнинг бажарилиши якунлари ҳамда

2006 йилнинг биринчи ярим йиллигида иқтисодиёт тармоқлари ва

соҳаларини ривожлантиришнинг энг муҳим мақсадли комплекс

дастурларининг амалга оширилиши тўғрисида


1. Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, 2006 йил 10 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан белгилаб берилган бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни янада эркинлаштйришга доир комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши 2006 йилнинг I ярим йиллигида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ижобий тенденцияларни янада мустаҳкамлаш имконини берди.

Биринчидан, ижобий макроиқтисодий кўрсаткичлар:

инфляция даражасининг 3,5 фоиз бўлишини ва ялпи ички маҳсулот ўсишининг юқори суръатларини (6,6%) белгилаб берган қаттиқ пул-кредит сиёсати, шунингдек даромадларнинг бюджет харажатларидан ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,2 фоиз миқдорида ошиши;

саноат (9,7%), қишлоқ хўжалиги (7,2%), пудрат қурилиш ишлари (6,1%), савдо (11,6%) ва хизматлар (13,3%) соҳасининг жадал ривожланиши;

мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларини экспорт қилишнинг 5,2 фоизга ўсиши;

савдо балансининг 883,1 млн. АҚШ доллари миқдоридаги ижобий сальдоси ҳисобига таъминланди.

Иккинчидан, иқтисодиётдаги таркибий қайта ўзгартиришлар изчил амалга оширилмоқда:

ялпи ички маҳсулот таркибида саноат улуши ўтган йилнинг тегишли давридаги 24,8 фоиздан 26,0 фоизгача ўсди;

дон ва пахта етиштириш билан боғлиқ бўлмаган маҳсулотларни - мева-сабзавот, полиз ва чорвачилик маҳсулотларини етиштириш улуши ўсмоқда.

Учинчидан, кичик бизнес ва тадбиркорлик янада жадал ривожланмоқда:

ишлаб турган кичик бизнес корхоналари сони 24,6 фоизга, ялпи ички маҳсулот таркибида уларнинг маҳсулотлари, ишлари (хизматлари) салмоғи эса ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 3,2 фоизга ўсди;

кичик бизнесни ривожлантириш ҳисобига қўшимча равишда 196 минг янги иш ўринлари ташкил этилди.

Тўртинчидан, инвестиция жараёнларини янада кенгайтириш таъминланмоқда:

асосан марказлаштирилмаган капитал қўйилмалар, шу жумладан, хорижий инвестициялар ҳисобига инвестицияларнинг ўсиши 6,9 фоизни ташкил этди. Молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобига ўзлаштирилган капитал қўйилмалар ҳажмлари 1625,0 млрд. сўмни ташкил қилди.

Бешинчидан, ижтимоий муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган мақсадли дастурлар изчил амалга оширилмоқда. Булар: касаначиликни, хизматлар соҳаси ва сервисни кенгайтириш, чорвачилик, мева-сабзавотчиликни ривожлантириш ва агрофирмалар ташкил этишдир. Касаначилик соҳасида, шу жумладан, йирик саноат корхоналари билан кооперациялаш йўли билан 78,3 минг иш ўринлари ташкил этилди. Аҳолига кўрсатилаётган пулли хизматлар ҳажми анча ошди ва у қарийб 890 млрд. сўмни ташкил қилди. Ихтисослаштирилган 210 та мева-сабзавотчилик ва узумчилик хўжаликлари негизида 39,0 минг фермер хўжаликлари ташкил этилди, 195 та агрофирма фаолият кўрсата бошлади. Кимошди савдоларида аҳолига 12,0 минг бошдан зиёд қорамол сотилди.

Автомобиль йўллари қуриш дастурига мувофиқ 40,1 млрд. сўм миқдорида халқаро ва республика аҳамиятига эга бўлган йўлларни реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди.

Олтинчидан, "Ҳомийлар ва шифокорлар йили" дастурини амалга ошириш доирасида аҳолининг ижтимоий ночор қатламларига ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан 21,7 минг оилага қорамол текин берилди, 1,5 минг ёлғиз фуқароларнинг уйлари ва квартиралари таъмирланди, кам таъминланган оилаларга ва кекса кишиларга қарийб 3 млрд. сўм моддий ёрдам кўрсатилди. Умуман олганда давлат томонидан кўрсатилган ижтимоий қўллаб-қувватлаш миқдори қарийб 106,0 млрд. сўмни ташкил этди.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси Комплекслари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ташкилотчилик ишлари етарлича олиб борилмаганлиги туфайли жорий йил вазифаларининг барчаси ҳам талаб қилинадиган ҳажмда ва муддатларда бажарилмаяпти.

Машинасозлик, енгил саноат, қурилиш материаллари, вино-ароқ ва спирт саноатининг бир қатор йирик корхоналарида менежментнинг қониқарсизлиги, маркетинг ишларининг сустлиги, шунингдек маҳаллий ҳокимият органлари ва тижорат банклари кўмагининг етарли эмаслиги туфайли қувватларни ишлатиш даражаси ҳамон мавжуд салоҳиятдан анча пастлигича қолмоқда, бу саноат ишлаб чиқариши ҳажмининг янада ўсишига тўсқинлик қилмоқда.

116 корхона саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайишига йўл қўйди, уларнинг асосий қисми Андижон, Тошкент вилоятларига, "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компаниясига, "Ўзфармсаноат" концернига, шу жумладан, юқори даражада капитал қўйилмалар билан ташкил этилган 18 қўшма корхонага тўғри келади.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзбекенгилсаноат", "Ўзбекнефтгаз", "Ўзбектуризм", "Ўзбекистон темир йўллари" компаниялари, "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси, "Ўзкоммунхизмат" агентлиги, Бухоро, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳри бўйича Инвестиция дастурида назарда тутилган капитал қўйилмаларни ўзлаштириш прогноз параметрларидан орқада қолмоқда.

"В.П.Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси" очиқ акциядорлик жамияти, "Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг" компанияси, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг ташқи савдо акциядорлик компаниялари, Жиззах вилоятининг минтақавий корхоналари экспортга маҳсулот етказиб беришни амалда бошламадилар ёки уни топшириқларга нисбатан анча қолоқлик билан амалга оширдилар.

Якка тартибдаги лойиҳалар бўйича сотиладиган объектларни хусусийлаштириш суръатлари секинлашди.

Навоий вилоятининг Хатирчи, Нурота туманларида, Наманган вилоятининг Наманган шаҳрида ва Чуст туманида, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида, Бўка туманида касаначилик, шу жумладан, йирик саноат корхоналари билан кооперациялаш асосидаги касаначилик суст ривожланмоқда. Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида, Сирдарё ва Мирзаобод туманларида ҳамда Фарғона вилоятининг Бағдод туманида хизматлар ва сервис соҳасини ривожлантириш дастурлари ниҳоятда паст суръатларда бажарилмоқда.

Тошкент, Самарқанд ва Наманган вилоятларида агрофирмалар ташкил этиш, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида наслдор чорва моллари келтириш ва кам таъминланган оилаларга бир бошдан қорамол бериш мақсадли дастурлари суст бажарилмоқда.

Иқтисодиёт тармоқлари корхоналарини ва ижтимоий соҳа объектларини 2006-2007 йиллар куз-қиш даврига тайёрлаш, бунда ташкил этилган 3026 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг роли ва масъулиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш талаб этилади.


2. Вазирликлар ва идоралар, Қорақаллоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ҳафта муддатда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилишини танқидий кўриб чиқсинлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан 2006 йил 10 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисида жорий йилга белгилаб берилган устувор вазифаларнинг сўзсиз бажарилиши учун зарур бўлган қўшимча чора-тадбирларни белгиласинлар.


3. Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев) вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат корхоналари билан биргаликда:

муҳим тармоқлар ва йирик корхоналарнинг фаолияти устидан мониторинг олиб бориш давомида натура ифодасида саноат маҳсулотининг стратегик турларини ишлаб чиқаришни, шунингдек экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни кўпайтириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал этишга алоҳида эътибор берсин. Ишларнинг аҳволи тўғрисида ҳар ойда Вазирлар Маҳкамаси Президиуми мажлисида ахборот берилсин;

бир ой муддатда - ишлаб турган корхоналардан фойдаланиш даражасини ошириш ва кенгайтириш, шунингдек уларнинг янги қувватларини ишга тушириш ҳисобига 2007 йилда саноат ишлаб чиқариши ҳажмини сезиларли даражада кўпайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин, бунда корхоналарда менежмент ва маркетинг ишлари яхшиланишини, техник ва молиявий жиҳатдан таркибий ўзгартириш ўтказилишини, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва кооперациялаш дастурлари ривожлантирилишини, ички ва ташқи бозорларда рақобатга бардошли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари кенгайтирилишини назарда тутсин;

бир ой муддатда - Вазирлар Маҳкамаси комплекслари билан биргаликда иқтисодиётнинг базавий ва етакчи тармоқларидаги хорижий инвестициялар жалб этилган ҳолда ташкил этилган, техник-иқтисодий асослашда назарда тутилган маҳсулот ишлаб чиқариш ва унинг экспорти ҳажмлари бўйича кўрсаткичлар бажарилишини таъминламаётган корхоналарнинг ишини ўргансин. Натижаси бўйича улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритилсин;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 12 июндаги ПҚ-375-сон қарори талабларига мувофиқ республика иқтисодиёти тармоқлари ва соҳаларини ривожлантиришнинг энг муҳим мақсадли дастурлари амалга оширилиши, шунингдек 2006 йил моддий баланслари бажарилиш устидан мониторингнинг тизимли ташкил этилишини таъминласин.


4. Молия вазирлиги (Азимов) ва Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев) жорий йилнинг 1 августигача бўлган муддатда 2007 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳасини ҳамда асосий макроиқтисодий параметрлар прогнозини, шунингдек Солиқ кодекси лойиҳасини белгиланган тартибда киритсинлар.


5. Наманган вилояти ҳокими И.Нажмиддинов, "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси раиси Ш.Ўмаров, Наманган шаҳри ҳокими М.Юсупов, Ангрен шаҳри ҳокими А.Юнусов касаначилик соҳасида, шу жумладан, йирик корхоналар билан тузилган меҳнат шартномалари асосида янги иш ўринлари ташкил этишда йўл қўйилган қолоқлик учун шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар чораклик мажлисларда мансабдор шахсларнинг жавобгарлигига шахсан баҳо берилган ва прогноз топшириқларига эришиш учун тегишли чора-тадбирлар кўрилган ҳолда, энг аввало, касаначиликни ривожлантириш ҳисобига янги иш ўринлари ташкил этишнинг мақсадли дастурлари бажарилиши танқидий таҳлил қилинишини таъминласинлар.


6. Бош вазир ўринбосарлари, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш вазирлиги (Обидов) хўжалик бирлашмалари билан биргаликда бир ой муддатда белгиланган мақсадли параметрлар ҳисобга олинган холда 2006 йилнинг II ярим йиллиги ва 2007 йил учун йирик корхоналар ва касаначилар ўртасида кооперацияни ривожлантиришнинг тармоқ дастурлари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласинлар. Мазкур банднинг бажарилиши тўғрисида 2006 йил 31 июлда Вазирлар Маҳкамаси Президиуми мажлисида ахборот берилсин.


7. Жиззах (Яманқулов) ва Фарғона (Нурматов) вилоятлари, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳри (Эрбеков), Сирдарё (Раззоқов) ва Мирзаобод (Бобоқулов) туманлари ҳокимликларининг хизматлар ва сервис соҳасини, айниқса қишлоқ жойларда, жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича етарлича иш олиб бормаганлиги қайд этилсин. Кўрсатиб ўтилган раҳбарлар зиммасига қўшимча чора-тадбирлар кўриш ва натижалари тўғрисида 9 ой ва 2006 йил якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот бериш юклансин.


8. Молия вазирлиги (Ашрафхонов), Давлат солиқ қўмитаси (Парпиев), Адлия вазирлиги (Мустафоев) бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида 2006-2010 йилларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2006 йил 17 апрелдаги ПҚ-325-сон қарори билан берилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш тартибини тасдиқласинлар ҳамда ундан тадбиркорларнинг кенг фойдаланишини таъминласинлар.


9. Андижон (Бегалиев), Сурхондарё (Эшмуратов), Тошкент (Куччиев) вилоятлари, Улуғнор (Эсонов), Беруний (Самандаров), Пайариқ (Ғуломов) туманлари ҳокимларининг, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов), "Ўздонмаҳсулот" (Қудратов) компаниясининг деҳқон ва фермер хўжаликларига қорамол сотиш, уларни омухта ем билан таъминлаш, ташкил этилган зооветеринария пунктларини ва бошқа инфратузилма объектларини жиҳозлаш ҳамда уларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича ишларни етарли ташкил этмаганлиги қайд қилиб ўтилсин.

"Ўздонмаҳсулот" компанияси раиси Э.Қудратов омухта ем сотиш бўйича ихтисослаштирилган савдо шохобчаларининг самарали фаолиятини ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар кўрсин, бунда уларни сотиш ҳажмларини, шу жумладан, фермер хўжаликлари ихтиёрида қоладиган донни харид қилиш юзасидан шартномалар тузиш ҳисобига кўпайтиришни назарда тутсин.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири (Исмоилов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш вазирлиги билан биргаликда ўн кун муматда кўрсатиб ўтилган камчиликларнинг сабабларини республиканинг ҳар бир тумани бўйича танқидий таҳлил қилиб чиқсин ҳамда шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорвачиликни ривожлантириш бўйича ҳудудий мақсадли дастурларнинг тасдиқланган прогноз параметрлари бажарилишини таъминласин.

Кўрилган чора-тадбирларнинг натижалари тўғрисида 9 ой ва 2006 йил якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


10. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш вазирлиги (Обидов):

2006 йил 1 августгача - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 23 мартдаги ПҚ-308-сон қарорига мувофиқ Иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармасидан жорий йилнинг I ярим йиллиги учун назарда тутилган қорамол сотиб олишга бериладиган микрокредитларнинг (6,5 млрд. сўм) тўлиқ ҳажмда ажратилишини тугалласин ва 2006 йилнинг III чорагида қўшимча равишда 1,5 млрд. сўм ажратсин;

2006 йил 1 октябргача - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларида қорамол боқаётган ҳамда етиштирилган чорвачилик маҳсулотларини сотиш билан шуғулланаётган фуқаролар хатловдан ўтказилишини ва ҳисобга олинишини, уларга меҳнат дафтарчалари тегишлича расмийлаштирилишини таъминласин;

2006 йилнинг III чораги мобайнида - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда фермер хўжаликларини ёлланма ходимлар билан ўзаро меҳнат муносабатларини юридик расмийлаштириш юзасидан хатловдан ўтказсин ва ёлланма ходимларни меҳнат дафтарчалари билан таъминласин.


11. Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Ғаниев) ва Молия вазирлиги (Ашрафхонов) зарур наслчилик материали ва асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун грант маблағлари олишда "Насл хизмат" уюшмасига ёрдам берсинлар.


12. Тошкент вилояти ҳокими М.Куччиев мева-сабзавотчилик ва узумчилик тизимида иқтисодий ислоҳотларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда амалга оширилиши ҳамда ушбу тармоқдаги мавжуд жиддий камчиликларнинг бартараф этилиши учун шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилсин.

Жорий йилнинг 9 ойидаги ишлар якуни бўйича М.Куччиев ҳисоботи эшитилсин. Мева-сабзавотчилик ва узумчиликдаги фермер хўжаликлари ишларининг натижадорлиги бўйича қабул қилинган Ҳукумат қарорларининг бажарилиши юзасидан зарур назоратнинг йўқлиги учун Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани ҳокими И.Мамажоновга ҳайфсан эълон қилинсин. Унинг лавозимида қолишининг мақсадга мувофиқлиги иш натижаларига кўра 2007 йил январь ойида кўриб чиқилсин.


13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов) бир ой муддатда:

тижорат банклари билан биргаликда мева-сабзавот маҳсулотлари ва узум етиштириш билан шуғулланадиган қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига белгиланган прогнозга мувофиқ аванс бериш учун кредитлар олишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхоналарга ёрдам берсинлар;

Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев) билан биргаликда қўшни мамлакатларда мева-сабзавот маҳсулотларига талаб ортиб бораётганлигини ҳисобга олиб, умуман қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш тузилмасини такомиллаштириш ҳисобига 2007 йилдан бошлаб сабзавот ва полиз экинлари экишни кўпайтириш имкониятларини ўрганиб чиқсинлар ва зарурат бўлганда таклифлар киритсинлар.



II. Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурининг

амалга оширилиши тўғрисида


14. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов), "Ўзбектуризм" компанияси, "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси (Умаров), "Ўзкоммунхизмат" агентлиги (Холмуҳамедов), Бухоро (Хусенов), Наманган (Нажмиддинов) вилоятлари ва Тошкент шаҳар (Тўхтаев) ҳокимликларининг жорий йил Инвестиция дастури параметрларини амалга ошириш бўйича ишлари қониқарсиз деб ҳисоблансин.

Кўрсатиб ўтилган вазирликлар, хўжалик бирлашмалари, ҳокимликлар Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев, Саидова), Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Ғаниев) билан биргаликда шу йил августгача инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги мавжуд қолоқликнинг ўрнини 2006 йил III-IV чораклари мобайнида тўлдириш жадвалларини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.

Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарлари 2006 йил Инвестиция дастурига киритилган лойиҳалар амалга оширилиши ҳар ойда танқидий кўриб чиқилишини таъминласинлар, бунда асосий ва муаммоли масалалар юзасидан амалий чора-тадбирлар кўрилишини, зарурият бўлганда эса, республика Ҳукуматига таклифлар киритилишини назарда тутсинлар.


15. Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Н.Нажимовга Инвестиция дастурини амалга ошириш билан боғлиқ импорт контрактларини рўйхатдан ўтказишда муддатларни асоссиз равишда чўзиб юбориш ва сансалорлик ҳолатларига йўл қўйиб бўлмаслиги кўрсатиб ўтилсин.

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Ғаниев):

Инвестиция дастурининг хорижий инвестициялар ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳалар қисми бажарилиши юзасидан самарали мониторинг олиб борилишини таъминласин, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси комплексларига вужудга келаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш учун зарур бўлган чора-тадбирлар тўғрисида ўз вақтида ахборот берсин;

Инвестиция дастурига киритилган лойиҳаларга мувофиқ тузилган контрактларнинг ўз вақтида, сифатли экспертизадан ўтказилишини таъминлаш, контрактларни рўйхатдан ўтказишнинг белгиланган муддатлари бузилиши ва чўзилиб кетишининг ҳар бир ҳолатида мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини аниқлаш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўрсин;

вазирликлар ва идораларга жорий йилнинг II ярим йиллиги мобайнида 2006 йил учун назарда тутилган хорижий инвестициялар ҳажмларини ўзлаштиришда ҳамда хорижий инвесторларни 2007 йил лойиҳаларига жалб этишда амалий ёрдам кўрсатсин, бунда, энг аввало, мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳажмларини кўпайтиришни назарда тутсин.

Кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


16. Вазирлар Маҳкамасининг "Республика тўқимачилик тармоғига инвестициялар жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2005 йил 27 январдаги 38-сон қарори билан тасдиқланган 2005-2008 йилларда тўқимачилик тармоғига инвестициялар жалб этиш дастурини амалга ошириш бўйича ишлар етарли эмас деб ҳисоблансин.

"Ўзбекенгилсаноат" компанияси раиси Р.Рўзиқулов ва унинг биринчи ўринбосари Н.Қаландаров кўрсатиб ўтилган дастурнинг бажарилиши учун шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огохлантирилсин.

"Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси (Рўзиқулов, Қаландаров):

шу йил 1 августгача - 2006-2008 йиллар учун мазкур дастурнинг бажарилишини назорат қилишнинг инвестицияларни ўзлаштириш ва ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширишни ойлар бўйича прогнозлашни назарда тутувчи режасини ишлаб чиқсин. Дастур лойиҳаларига (хорижий инвестицияларни жалб этишнинг пировард мақсадли кўрсаткичларини ва пахта хом ашёсини ички қайта ишлаш улушини ўзгартирмасдан) тузатишлар киритиш зарур бўлганда Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклифлар тақдим этсин;

бир ой муддатда - Марказий банк (Рофиев), тижорат банклари, Молия вазирлиги (Ашрафхонов), Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси (Улашов), Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев) билан биргаликда ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичларини техник-иқтисодий асослашда (бизнес-режаларда) назарда тутилганлардан чекиниш ҳолларини аниқлаш мақсадида хорижий инвестицияларни ва тижорат банкларининг кредитларини жалб этган тўқимачилик тармоғи корхоналарининг молиявий аҳволини пухта таҳлил қилсин. Ўрганиш якунларига кўра уларни молиявий соғломлаштириш ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда банкрот қилиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрсин.


17. Қуйидагиларга:

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази раҳбари А.Каримовга, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси Б.Янгибоевга, Сирдарё вилояти ҳокими А.Жалоловга ва Тошкент вилояти ҳокими М.Куччиевга 2005 йилда фойдаланишга топширилиши назарда тутилган академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларини фойдаланишга топшириш муддатларидаги узилишлар қатъий кўрсатиб ўтилсин.

Уларга кўрсатиб ўтилган объектларни жорий йилнинг 15 августигача фойдаланишга топширишни таъминлаш ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот бериш юклансин.


18. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Янгибоев), Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (Эшмуродов), "Ўзқурилишматериаллари" компанияси (Акрамов), Давлат геология қўмитаси (Аҳмедов) бир ой муддатда тендер хужжатларини ишлаб чиқсинлар ва 2006-2007 йилларда мавжуд конларда замонавий, энергияни тежайдиган цемент ишлаб чиқаришларини ташкил этиш юзасидан белгиланган тартибда тендер эълон қилсинлар.


19. Молия вазирлиги (Ашрафхонов), Республика йўл жамғармаси (Жўлибеков), "Ўзавтойўл" давлат-акциядорлик компанияси (Абдуллаев), Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев) икки ҳафта муддатда мавжуд аҳволни таҳлил қилсинлар ва илгари қайта ташкил этилган ширкатлар балансида бўлган хўжаликлараро автомобиль йўлларини таъмирлаш механизми тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсинлар.


20. Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев):

Молия вазирлиги (Ашрафхонов), Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Ғаниев) ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда, иқтисодий ривожлантиришда эришилган натижаларни ва 2006 йилги истиқболларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикасининг 2007-2008 йиллар Инвестиция дастури лойиҳасига Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамгармаси маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳаларни киритган ҳолда унинг жорий йилнинг 20 августигача бўлган муддатда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилишини таъминласин;

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Ғаниев), "Давархитектқурилиш" қўмитаси (Тўхтаев) билан биргаликда тендерлар ўтказиш, Инвестиция дастурига киритилган инвестиция лойиҳалари бўйича аниқ рўйхатларни келишиш муддатларини мақбуллаштириш юзасидан икки ҳафта муддатда таклифлар киритсин, бунда ушбу ишларнинг навбатдаги календарь йил бошлангунгача тугаллагишини назарда тутсин.



III. Иқтисодиёт тармоқларини ва ижтимоий соҳа объектларини

куз-қиш даврига тайёрлашнинг бориши тўғрисида


21. Қуйидагиларнинг:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Янгибоев), Андижон (Бегалиев), Қашқадарё (Зайниев), Сурхондарё (Эшмуродов), Тошкент (Куччиев), Фарғона (Нурматов) вилоятлари ҳокимликларининг - уй-жой фондини, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш объектларини 2006-2007 йиллар иситиш мавсумига тайёрлаш бўйича;

Бухоро (Хусенов), Сирдарё (Жалолов) вилоятлари ҳокимликларининг - газ тармоқларини мукаммал таъмирлаш бўйича;

Жиззах (Яманқулов), Самарқанд (Нурмуродов) вилоятлари ҳокимликларининг - маънавий эскирган ва тежамсиз буғ агрегатларини алмаштириш бўйича ишларининг етарли эмаслиги қайд этилсин.


22. 2006-2007 йиллар куз-қиш даврига тайёргарлик ишларининг қониқарсиз ташкил этилганлиги, шунингдек хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти самарадорлигининг пастлиги учун Тошкент шаҳар ҳокими А.Тўхтаев огоҳлантирилсин, Учтепа (Мухамедхонов), Чилонзор (Маҳкамов) туманлари ҳокимларига ҳайфсан эълон қилинсин.

Мухамедхонов ва Маҳкамовнинг лавозимларида қолишининг мақсадга мувофиқлиги улар томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижалари бўйича 2007 йил январь ойида кўриб чиқилсин.


23. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари иқтисодиёт тармоқларини ва ижтимоий соҳа объектларини 2006-2007 йиллар куз-қиш даврида ишлашга тайёрлаш бўйича мавжуд қолоқликни бартараф этиш юзасидан бир ҳафта муддатда қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқсинлар.

Кўрилган чора-тадбирлар натижалари тўғрисида 2006 йил 1 сентябрда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


24. "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси (Азизов), "Ўзтрансгаз" компанияси (Вагапов), "Ўзкоммунхизмат" агентлиги (Холмуҳамедов) жорий йилнинг 15 сентябригача бўлган муддатда ўртача ва паст босимли газ тармоқларини "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси балансига қабул қилиб олишни тугаллашни таъминласинлар, бунда:

газнинг исроф бўлишини жиддий камайтиришга кўмаклашадиган табиий газни етказиб бериш технологиясига ва унинг гидравлик балансига риоя қилинишини таъминлашни;

куз-қиш мавсумига тайёрланиш даврида ўртача ва паст босимли тармоқларнинг техник ҳолатини анча яхшилашни;

истеъмолчиларга кўрсатиладиган хизматларнинг хавфсизлигини ва сифатини оширишни ҳисобга олсинлар.


25. "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компанияси (Тешабоев), "Ўзбеккўмир" очиқ акциядорлик жамияти (Клименко) кўмирни ўз вақтида жамғариш мақсадида, етказиб бериладиган кўмирнинг сифатига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, ижтимоий соҳа ташкилотларини - жорий йилнинг 15 сентябригача, аҳолини эса - 2006 йил 1 октябргача шартномаларда назарда тутилган ҳажмларда кўмир билан таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўрсинлар.


26. Бош вазир ўринбосарлари бир ҳафта муддатда ишларнинг аҳволини танқидий кўриб чиқсинлар ва тегишли тармоқларнинг 2006-2007 йиллар қиш даврида барқарор ишлашини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга оширсинлар.

Республика иқтисодиёти тармоқларини 2006-2007 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда:

1991 йилгача қурилган уй-жойларни мукаммал таъмирлаш бўйича йўл қўйилган қолоқликнинг ўрнини тўлдиришни ва умуман жадвалнинг бажарилишини ҳамда бутун уй-жой фондини 2000-2007 йиллар куз-қиш даврига сифатли тайёрлашни;

республика иқтисодиёти тармоқларини куз-қиш даврига тайёрлаш тадбирларининг бажарилиши юзасидан ҳар ойда мониторинг ва назоратнинг амалга оширилишини таъминласин, бунда коммуникация тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ишларининг тўлиқ тугалланишини ҳамда суюқ ва қаттиқ ёқилғининг зарур ҳажми ўз вақтида ғамланишини таъминласин.

Кўрилган чора-тадбирлар натижалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 9 ойи якунлари бўйича мажлисида ахборот берилсин.


27. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар, ташкилотлар бир ҳафта муддатда "Ҳомийлар ва шифокорлар" йили дастурини амалга оширишнинг боришини пухта таҳлил қилсинлар ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрсинлар.


28. Мазкур протоколнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосарлари зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири                                                                                Ш. Мирзиёев









Время: 0.0071
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск