ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Иқтисодиётнинг умумий масалалари / Ижтимоий-иқтисодий тараққиёт якунлари /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг 20.10.2005 й. 5-сон Баёни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ

МАЖЛИСИНИНГ

БАЁНИ

20.10.2005 й.

N 5



Раислик қилувчи:

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

Мирзиёев Ш.М.

Қатнашганлар:


Ўзбекистон Республикаси

Бош вазирининг ўринбосарлари


А.Н.Арипов, В.А.Голишев, С.Т.Иномова,

Р.С.Қосимов, Ў.Т.Султонов, Н.М.Ханов

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг Давлат маслаҳатчилари

Р.С.Шамшиев, Т.А.Худайбергенов, Б.А.Хўжаев

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати қўмиталари раислари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, матбуот вакиллари (рўйхат бўйича).



2005 йилнинг 9 ойида республикани

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда

иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш

жараёнларини чуқурлаштириш юзасидан устувор

вазифаларнинг амалга оширилиши тўғрисида


(Мирзиёев, Ханов, Холмуҳамедов, Улашов, Шоисматов, Вагапов, Хожибоев, Жалилов,

Йўлдошев, Тўхтаев, Саидова, Ишметов, Аюпов, Рўзиқулов, Тангриев, Эркаев, Асқаров, Баҳромов,

Тўраев, Болтабоев, Мирзаев, Голишев, Қобилов, Худоёров, Тўхтабоев, Холов, Қосимов,

Муллажонов, Боймуротов, Жумагалдиев, Мирзиёев)



1. Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2005 йил 28 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати қўшма мажлисида белгилаб берилган вазифаларга мувофиқ бозор ислоҳотларини жадаллаштириш ва иқтисодиётни янада эркинлаштириш чора-тадбирларининг амалга оширилиши жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатди:

иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари сақланиб қолди ва ялпи ички маҳсулотга нисбатан 7,2 фоизни ташкил этди. Саноат ишлаб чиқариши ҳажми 7,7 фоизга, юк айланмаси - 7,9 фоизга, йўловчи ташиш айланмаси - 15,7 фоизга, чакана товар айланмаси - 8,6 фоизга ва пулли хизматлар кўрсатиш - 14,5 фоизга ўсди;

давлат бюджетининг даромад қисми ортиғи билан бажарилиши ҳисобига унинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,5% миқдоридаги профицити таъминланди;

мўътадил-қаттиқ пул-кредит сиёсати инфляция даражасини прогноз параметрлари (3,1%) доирасида сақлаш ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ўзаро ҳисоб-китобларига пул билан етарлича хизмат кўрсатиш, нақд пулларни, энг аввало иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни ўз вақтида тўлаш имконини берди;

экспорт ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 9,7 фоизга кўпайди. Ташқи савдонинг ижобий сальдоси 901,0 млн АҚШ долларини ташкил этди;

иқтисодиётнинг аграр секторида ислоҳотларнинг изчил амалга оширилиши дон экинлари ва пахта хом ашёсидан мўл ҳосил олиш имконини берди, шу билан бирга ҳосилни қисқа муддатларда йиғиб-териб олиш таъминланди. Натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг ўсиш суръатлари 7,3 фоизни ташкил этди;

инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар инвестицияларнинг 6,9 фоизга, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг 1,6 баравар кўпайишини таъминлади. Пудрат қурилиш ишлари ҳажми ўтган йилнинг шу давридаги даражага нисбатан 6,6 фоизга ўсди;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш ва уларнинг фаолият кўрсатиш шарт-шароитларини эркинлаштириш ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес улушини 2004 йилдаги 32,4 фоиздан 34,3 фоизгача кўпайтириш имконини берди.

Шу билан бирга:

саноат ишлаб чиқариши ҳажми ўтган йилнинг тегишли давридагига нисбатан электр энергетикасида, фармакология саноатида, ип газлама маҳсулотлари ва ипак газламалар ишлаб чиқаришда пасайган;

ишлаб чиқариш харажатлари ва хизматлар тарифлари шаклланиши устидан етарли назоратнинг йўқлиги, шунингдек ҳисобга олинмаган истеъмолчиларнинг кўплиги натйжасида Самарқанд, Хоразм вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида коммунал хизматлар бўйича дебиторлик қарзларнинг анча кўпайишига йўл қўйилган;

илгари хусусийлаштирилган айрим корхоналар қониқарсиз молиявий аҳволдадир. Андижон, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Хоразм, Наманган ва Тошкент вилоятларида хусусийлаштирилган корхоналар умумий сонида молиявий нобарқарор корхоналар салмоғи энг каттадир;

"Ўзқурилишматериаллари" (Акрамов), "Ўзбекенгилсаноат" (Баҳромов) ва "Ўзбексавдо" (Файзиев) компанияларида, "Ўзбеккино" миллий агентлиги (Исҳоқов), "Тошшаҳарйўловчитранс" (Муҳамаджонов), "Ёғмойтамакисаноат" (Худоёров) ва "Ўзиртаъмирқурилиш" (Тожиев) уюшмаларида айрим йирик корхоналарни хусусийлаштиришда муддатидан орқада қолинмоқда;

инвестиция мажбуриятлари эвазига текин берилган 64 корхона ва объект бўйича инвестиция мажбуриятлари бажарилмаяпти, улардан 21 объект бўйича инвесторлар инвестиция мажбуриятларини бажаришга киришмаганлар;

қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлаш ва уларнинг даромадларини кўпайтириш омили сифатида чорвачилик соҳасидаги шахсий ёрдамчи, фермер ва деҳқон хўжаликлари потенциалидан етарли фойдаланилмаяпти;

жорий йил охиригача Инвестиция дастурида назарда тутилган хорижий инвестициялар ва кредитларни ўзлаштириш параметрларини тўлиқ бажариш, шунингдек коллеж ва академик лицейлар қуриш дастурларини амалга оширишдаги қолоқликни бартараф этиш учун қўшимча чора-тадбирлар кўриш талаб этилади.


2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар ҳисобот давридаги иш якунларини ҳамда 2005 йил учун иқтисодиётни ислоҳ қилиш бўйича белгиланган устувор вазифаларнинг бажарилишини кенгайтирилган мажлисларда танқидий таҳлил қилсинлар. Жорий йилнинг қолган даврида белгиланган кўрсаткичларни бажариш бўйича қўшимча комплекс ташкилий ва иқтисодий чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини таъминласинлар.

Мажлис қарори ушбу бандининг бажарилиши тўғрисида икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


3. "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси (Азизов):

2005 йил учун тасдиқланган моддий балансларга мувофиқ нефть маҳсулотлари ва газ ишлаб чиқариш ҳамда уларни истеъмолчиларга етказиб бериш таъминланишини ҳисобга олган ҳолда, жорий йилнинг IV чорагида ҳисобот даврида йўл қўйилган қолоқликнинг ўрнини тўлдиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўрсин;

нефтни қайта ишлаш заводларининг ишлаб чиқариш қувватларини иш билан оқилона таъминлаш даражасини ошириш, шунингдек компаниянинг хизматлари экспортини кўпайтириш мақсадида икки ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасига толлинг асосида хом ашёни қайта ишлашни кенгайтириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклиф киритсин.


4. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Назиров), "Ўзбектуризм" компанияси (Қурбонов) раҳбарларининг эътибори 2005 йил Инвестиция дастурининг аниқ рўйхатига киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишларининг қониқарсиз эканлигига қаратилсин.

Вазирлар Маҳкамасининг ахборот-таҳлил департаментлари лойиҳалар ташаббускори бўлган вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари билан биргаликда жорий йил Инвестиция дастурида назарда тутилган лойиҳаларни амалга оширишдаги мавжуд қолоқликни бартараф этиш тадбирлари жадвалини бир ҳафта муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.


5. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази (Каримов), Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси (Тохтаев), Иқтисодиёт вазирлиги (Шоабдураҳмонов) Молия вазирлиги (Раҳимов) ва ҳудудий ваколатли органлар билан биргаликда 2005 йилнинг охиригача Вазирлар Маҳкамасига янги идоравий қурилиш нормалари талабларини ҳисобга олган ҳолда академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари қувватларининг 2006-2009 йилларга белгиланган параметрларини мақбуллаштириш юзасидан таклифлар киритсинлар.


6. Қуйидагиларнинг:

Қашқадарё (Зайниев), Сурхондарё (Эшмуродов), Фарғона (Нурматов), Тошкент (Тўлаганов), Наманган (Нажмиддинов), Навоий (Рўзиев) вилоятлари ва Тошкент шаҳри (Тўхтаев) ҳокимликлари раҳбарларининг эътибори - иссиқлик таъминоти бўйича тарифларни пасайтиришнинг аниқланган катта резервлари мавжудлигига;

Андижон (Бегалиев), Жиззах (Яманқулов) ва Самарқанд (Нурмуродов) вилоятлари ҳокимликлари раҳбарларининг эътибори - иссиқлик таъминоти бўйича кўрсатилган хизматлар учун истеъмолчилар қарздорлиги даражасининг юқорилигига қаратилсин.

Маҳаллий ижро этувчи органларнинг кўрсатиб ўтилган раҳбарлари бир ой муддатда:

Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси (Саидова) ҳамда Молия вазирлиги (Раҳимов) билан биргаликда совуқ ва иссиқ сув таъминоти, марказлашган иситиш учун тарифларни барқарорлаштиришга доир ҳар бир ҳудуд бўйича ишлаб чиқилган тадбирларнинг бажарилишини таъминласинлар;

коммунал хизматларнинг барча тоифадаги истеъмолчилари билан шартномалар тузилишини тугалласинлар.

Амалга оширилган ишларнинг натижалари тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига жорий йилнинг 10 декабригача ахборот берилсин.


7. Адлия вазирлиги (Мустафоев, Шукуров) коммунал хизматлар кўрсатаётган ташкилотларнинг дебиторлик қарзларини ундириш бўйича суд органлари қарорлари (ижро хужжатлари) ўз вақтида бажарилишини таъминласин ҳамда ижронинг бориши тўғрисида Тарифлар ва уй-жой-коммунал хўжалигидаги иқтисодий ислоҳотлар дастури бажарилиши мониторингини олиб бориш республика комиссиясига йилнинг ҳар чорагида ахборот берсин.


8. Молия вазирлиги (Раҳимов) Иқтисодиёт вазирлиги (Шоабдураҳмонов), Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси (Саидова), Давлат солиқ қўмитаси (Парпиев), Давлат статистика қўмитаси (Қудратов) ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига сув ва иссиқлик таъминоти корхоналари бўйича:

бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга умидсиз боқиманда тўловлар (илгари кечиктирилган қарздорликни ҳисобга олган ҳолда), шунингдек электр энергияси, истеъмол қилинган газ бўйича муддати ўтказиб юборилган қарзларга ҳисобланган пенялар, монополияга қарши, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва солиқ қонунчилиги бузилганлиги учун жарималарни ҳисобдан чиқариш, ушбу маблағларни кейинчалик корхоналарнинг асосий фондларини реконструкция қилиш ва замонавийлаштиришга йўналтириш тўғрисида;

асосий воситаларнинг технологик тури ва фойдаланишга топширилган муддатларига қараб пасайтирувчи коэффициентлар белгилаган ҳолда асосий воситаларни қайта баҳолаш тўғрисида таклифлар тайёрласин.


9. Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини 2005-2006 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашда йўл қўйилган қолоқлик ва ишларни ташкил этиш даражасининг пастлиги учун:

Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари А.Йўлдошевнинг эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги масаласи белгиланган тартибда кўриб чиқилсин;

Тошкент шаҳар ҳокими А.Тўхтаев, Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Р.Жалилов, Ангрен шаҳар ҳокими А.Юсупов қаттиқ огоҳлантирилсин.


10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига:

уй-жой фондини ва иқтисодиёт тармоқларини 2005-2006 йиллар куз-қиш даврида ишлашга тайёрлаш, шу жумладан, буғқозонлар, иссиқлик тармоқлари ва уларнинг изоляцияларини, 1991 йилгача қурилган кўп хонадонли уй-жойларни мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича тадбирларнинг жорий йилнинг 10 ноябригача тугалланиши учун;

"Ўзбеккўмир" очиқ акциядорлик жамияти (Клименко) ва "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси (Азизов) билан биргаликда жорий йилнинг 1 декабригача бўлган муддатда аҳолига кўмир ва сиқилган газ зарур миқдорда сотилишини таъминлаш учун;

тураржойларда, мактаблар, касалхоналар, поликлиникалар ва болалар боғчалари биноларида иссиқлик ва энергиянинг энг кўп тежалиши таъминланиши устидан жамоатчилик назорати тизими жорий этилган ҳолда уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш даврида ишлашга тайёрлаш жараёнига жамоатчилик, биринчи навбатда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари кенг жалб этилиши учун шахсий жавобгарлик юклансин.


11. Бош вазир ўринбосари Р.С.Қосимов ва Фарғона вилояти ҳокими Ш.Нурматов бир ҳафта муддатда жойига бориб Сўх тумани аҳолисининг куз-қиш даврига тайёргарлик масалалари бўйича мурожаати сабабларини кўриб чиқсинлар.

Мавжуд камчиликларни бартараф этишга, айбдор мансабдор шахсларни аниқлаш ва жазолашга қаратилган амалий чора-тадбирлар кўрилиши таъминлансин ва амалга оширилган йшлар натижалари тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


12. Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти (Назиров) соғлиқни сақлаш объектларини куз-қиш даврига тайёрлаш ишларининг боришини бир ҳафта муддатда танқидий таҳлил қилсин ва Вазирлик ҳайъати мажлисида кўриб чиқсин. Кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида 2005 йил 1 ноябргача Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


13. "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси (Баҳромов), "Ўзбек ипаги" (Рўзиқулов), "Ўзэлтехсаноат" (Умаров), "Ёғмойтамакисаноат" (Худоёров) уюшмалари, "Ўзкоммунхизмат" агентлиги (Холмуҳамедов) раҳбарларига иқтисодий ночор корхоналар сонининг ўсиши давом этаётганлиги ва уларнинг молиявий аҳволини мустаҳкамлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмаётганлиги кўрсатиб ўтилсин.


14. Зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор, истиқболи йўқ корхоналарни тугатиш ва таркибий қайта ўзгартириш минтақавий дастурларини бажариш масалаларига зарур даражада эътибор қаратмаганлиги учун Сурхондарё (Тангриев) ва Сирдарё (Эркаев) вилоятлари ҳокимларининг ўринбосарлари қаттиқ огоҳлантирилсин.

Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси (Саидова) Молия вазирлиги (Раҳимов) ва "Ўзкоммунхизмат" агентлиги (Холмуҳамедов) билан биргаликда:

жойига борган ҳолда ҳудудий комиссияларнинг зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни, шу жумладан, коммунал корхоналарни таркибий ўзгартириш дастурларининг бажарилишини назорат қилиш бўйича фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминласин;

таркибий ўзгартириш режалари бажарилмаганлиги ҳоллари аниқланган тақдирда уларнинг зарур даражада бажарилишини таъминламаган мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги юзасидан ўз ваколатлари доирасида чора кўрсин ва зарурат бўлганда иқтисодий ночор коммунал корхоналарга нисбатан банкротлик ишларини бошласин.

Олий хўжалик суди (Ишметов)га:

корхоналарни банкрот қилиш ишларини кўриб чиқишнинг белгиланган тартиб ва муддатларига судлар томонидан риоя этилиши устидан зарур назоратни таъминлаш;

"Ўзтелерадио" компанияси (Ходжаев) билан биргаликда хўжалик судларининг корхоналар банкротлиги билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш бўйича ишлари моҳиятини очиб берадиган кўрсатувлар туркумини бериш дастурини ўн кун муддатда ишлаб чиқиш тавсия этилсин.

Амалга оширилган ишлар тўғрисида 2005 йил якунлари бўйича ва 2006 йилда ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


15. Молия вазирлиги (Раҳимов), Иқтисодиёт вазирлиги (Розуқулов) "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси (Баҳромов), "Ўзпахтасаноат" уюшмаси (Зикриёев) ва Ўзбекистон Товар-хом ашё биржаси (Тўхтабоев) билан биргаликда, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларига пахта толасини Ўзбекистон Товар-хом ашё биржаси орқали сотиш механизмини такомиллаштиришга қаратилган Ҳукумат қарори лойиҳасини бир ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.


16. "Ўзбек ипаги" уюшмаси (Рўзиқулов):

Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси (Саидова), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2005-2006 йилларда "Ўзбек ипаги" уюшмасига қарашли, зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича тасдиқланган ҳудудий тадбирларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг ўрнатсин;

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов), Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Азимов), Иқтисодиёт вазирлиги (Салимов), Молия вазирлиги (Раҳимов) ҳамда Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси (Саидова) билан биргаликда республикада етиштирилаётган ипак хом ашёсини тўлиқ қайта ишлаш таъминланишини назарда тутувчи 2006-2010 йилларда чет эл ҳамда маҳаллий инвестицияларини ипак йигириш, шойи тўқиш ва шойи газламалардан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга жалб этиш дастурини бир ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


17. Қуйидагиларга:

"Тошшаҳарйўловчитранс" (Муҳамаджонов), "Ўзқурилишматериаллари" (Акромов) акциядорлик компаниялари, "Ўзбеккино" миллий агентлиги (Исҳоқов) ва "Ўзиртаъмирқурилиш" уюшмаси (Тожиев) раҳбарларига - 2005-2006 йилларда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш дастурига мувофиқ давлат активларини сотиш бўйича, хорижий инвесторларни ушбу жараёнларга жалб этиш ҳамда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан маблағлар тушуми бўйича прогноз топшириқларининг таъминланмаганлиги;

Наманган (Нажмиддинов), Самарқанд (Нурмуродов), Андижон (Бегалиев) ва Тошкент (Тўлаганов) вилоятлари ҳокимликлари раҳбарларига - Хусусийлаштириш дастурини бажариш, шунингдек хусусийлаштириш жараёнларига хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича ишларининг етарли эмаслиги;

Қашқадарё (Зайниев) ва Жиззах (Яманқулов) вилоятлари ҳокимликлари раҳбарларига - ҳудудий танлов комиссияларининг инвестиция мажбуриятлари эвазига текин берилган объектлар бўйича инвесторлар мажбуриятлари бажарилиши устидан назоратни таъминлашга доир ишларидаги камчиликлар кўрсатиб ўтилсин.


18. Хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан чиқариш дастури бажарилишини ташкил этиш масалаларидаги мавжуд камчиликлар учун Давлат мулки қўмитаси раиси А.Асқаровга ҳайфсан эълон қилинсин.

Давлат мулки қўмитаси (Асқаров)га Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, ушбу протоколда кўрсатиб ўтилган ҳамда хусусийлаштириш дастури топшириқларини бажаришда қолоқликка йўл қўйган бошқа хўжалик бирлашмалари раҳбарлари билан биргаликда жорий йил охиригача Дастур параметрларининг бажарилишини таъминловчи қўшимча чора-тадбирлар кўриш юклансин.


19. Давлат мулки қўмитаси (Асқаров) 2005 йил 15 декабргача Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси (Саидова) билан биргаликда 2005-2006 йилларда хусусийлаштириш дастурининг кутилаётган бажарилишини танқидий таҳлил қилиш асосида, 2006 йилда инвестиция мажбуриятлари эвазига текин бериш учун паст рентабелли, зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор давлат корхоналарининг ва паст ликвидли объектларнинг қўшимча рўйхатини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


20. Қуйидагиларнинг:

Қорақалпогистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг - қишлоқ туманлари аҳолисини иш билан таъминлаш ва уларнинг даромадларини кўпайтириш омили сифатида чорвачилик соҳасидаги шахсий ёрдамчи, фермер ва деҳқон хўжаликлари потенциалидан фойдаланиш бўйича;

"Ўзгўштсутсаноат" уюшмаси (Холов)нинг - чорвачилик маҳсулотларини тайёрлаш ва қайта ишлашни ташкил этиш, чорвачилик корхоналари фаолиятини ташкил қилишнинг бозор методларини жорий этиш бўйича ишларининг етарли эмаслиги қайд қилиб ўтилсин.


21. Тармоқ корхоналари томонидан фермерларга шрот ва шелуха етказиб бериш бўйича шартномавий мажбуриятларни бажариш механизмини такомиллаштириш ишларининг қониқарсизлиги учун "Ёғмойтамакисаноат" уюшмаси раиси М.Худоёровга ҳайфсан эълон қилинсин.

Ўзбекистон Товар-хом ашё биржаси раҳбарияти (Тўхтабоев) "Ёғмойтамакисаноат" уюшмаси (Худоёров) билан биргаликда биржа савдо майдончаларида сотилаётган шрот ва шелуха ҳажмларини бир ой муддатда танқидий таҳлил қилсин ҳамда савдога қўйиладиган мазкур маҳсулотлар турларини савдога бир маромда қўйиш чора-тадбирларини кўрсин.


22. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 24 октябрдаги Ф-2354-сон фармойишига мувофиқ тузилган Шахсий ёрдамчи хўжаликлар, фермер ва деҳқон хўжаликларида чорва мол, биринчи навбатда қорамол бош сони кўпайишини рағбатлантиришнинг 2006-2010 йилларга мўлжалланган дастурини ишлаб чиқиш бўйича Ишчи гуруҳ (Голишев) қуйидаги вазифаларнинг ҳал этилишини назарда тутувчи Дастур лойиҳасини жорий йилнинг 1 декабригача Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

қишлоқда аҳолини иш билан таъминлашнинг муҳим шакли сифатида хонадонларда ва деҳқон хўжаликларида қорамоллар бош сонини биринчи навбатда кўпайтиришни рағбатлантириш;

хонадонларда чорва моллари ўстириш билан шуғулланувчи фуқароларни иш билан таъминланган аҳоли сифатида юридик жиҳатдан тасдиқлайдиган ва уларнинг фаолиятини меҳнат стажига қўшадиган зарур норматив ва қонунчилик нормалари ишлаб чиқиш;

чорвачиликни ривожлантириш бўйича ҳисоботлар ва аҳолининг иш билан таъминланганлигини ҳисобга олиш методологиясини такомиллаштириш;

деҳқонларга чорва моллари, биринчи навбатда наслдор моллар, озуқа сотиш ҳамда молларни гўштга сўйиш ва чорвачилик маҳсулотлари харид қилиш тизимини такомиллаштириш;

деҳқон хўжаликларига қорамол харид қилиш учун имтиёзли микрокредитлар бериш, жойлардаги ветеринария хизматлари инфратузилмасини кенгайтириш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимлари икки ҳафта муддатда чорвадор деҳқон хўжаликларини янада ривожлантириш, уларни ёш қорамол, тўйимли озуқа билан таъминлаш, уларга зарур сервис хизматлари кўрсатиш бўйича комплекс ҳудудий тадбирларни ишлаб чиқсинлар, уларни Дастурга киритиш учун Ишчи гуруҳга тақдим этсинлар.


23. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов), "Ўзагромашсервис" уюшмаси (Солиҳбоев), "Ўзнефтмаҳсулот" (Аҳмедов) ва "Ўзкимёсаноат" (Иброҳимов) компаниялари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари:

суғориладиган майдонларда кузги шудгорлаш ўтказилишини декабргача таъминласинлар;

коллектор-дренаж ҳамда ирригация тизимларини тозалаш, насос станциялари ва гидротехника иншоотларини таъмирлаш бўйича кузги-қишки агротехника тадбирлари комплексини ишлаб чиқсинлар ва амалга оширсинлар;

кузги шудгорлашни ва бошқа кузги-қишки агротехника тадбирларини ўтказиш учун ёнилғи-мойлаш материалларини етказиб бериш жадвалини ишлаб чиқсинлар ва уларнинг узлуксиз берилишини белгиланган тартибда таъминласинлар;

кузги бошоқли дон экинларини экиш ва кузги шудгорлаш учун минерал ўғитларнинг ўз вақтида етказиб берилишини таъминласинлар, шунингдек улардан самарали фойдаланилишини назорат қилсинлар.


24. "Ўзпахтасаноат" уюшмаси (Зикриёев) ва "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси (Қудратов) Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармасининг пахта толаси, дон ва ун сотишдан олинадиган маблағлари ўз вақтида ва тўлиқ жамғарилиши чора-тадбирларини кўрсинлар.


25. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.М.Муллажоновнинг жорий йилнинг август-сентябрь ойларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 5 августдаги ПҚ-147-сон қарорини бажариш юзасидан кўрилган амалий чора-тадбирлар натижалари тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, солиқ органлари, тижорат банклари раҳбарлари нақд пул маблағларининг банклар кассасига тушишини анча кўпайтиришга ва нақд пулларнинг мижозларнинг биринчи талабига кўра ўз вақтида берилишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўрсинлар, шунингдек коммунал хизматлар бўйича қарзларни ундириб олиш, энг аввало, уюшган савдони рағбатлантириш, аҳоли учун қулай жойларда янги савдо шохобчалари очиш, уларни зарур турдаги товарлар билан тўлдириш ҳисобига нақд пул маблағларининг банкдан ташқари айланишини қисқартириш ишларини кучайтирсинлар.

Ушбу масалани Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида ҳар чоракда муҳокама қилиш амалиётга киритилсин.


26. Ўзбекистон банклар уюшмаси (Абдуллаев), тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари пластик карточкалардан фойдаланиш соҳасини кенгайтириш бўйича тадбирлар режасини бир ҳафта муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар, унда коммунал тўловларни қабул қилиш шохобчаларини, чакана савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳаси объектларини хисоб-китоб терминаллари билан жиҳозлаш, тизим қатнашчиларининг улардан тўлиқ фойдаланишдан манфаатдорлигини ошириш, реклама тадбирларини амалга ошириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратсинлар.

Ушбу банднинг бажарилиши тўғрисида ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


27. Вазирлар Маҳкамаси ахборот-таҳлил Департаментлари, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шаҳарлар, туманлар ҳокимликлари "Сиҳат-саломатлик йили" дастури амалга оширилишининг кутилаётган натижалари таҳлилидан келиб чиққан ҳолда унинг сўзсиз бажарилиши юзасидан чора-тадбирлар кўрсинлар.

Бош вазир ўринбосари Р.С.Қосимов ҳамда Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари ахборот-таҳлил департаменти (Қурбонов) Дастур параметрлари бажарилиши устидан қатъий назоратни таъминласинлар.


28. Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Азимов) Иқтисодиёт вазирлиги (Розуқулов), Молия вазирлиги (Раҳимов), Давлат божхона қўмитаси (Матлюбов), Давлат статистика қўмитаси (Қудратов) билан биргаликда:

экспорт-импорт операциялари тенденцияларини чуқур таҳлил қилиш, ишлаётган ва янгидан ишга туширилган қувватларни хатловдан ўтказиш асосида импорт бўйича келтирилаётган, энг аввало мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари ишлаб чиқараётган ана шундай маҳсулотларни келтириш ҳажмини мақбуллаштириш юзасидан бир ой муддатда таклифлар киритсинлар;

товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда божхона тўловларини тўлаш бўйича берилаётган имтиёзларни хатловдан ўтказсинлар ва пухта таҳлил қилсинлар ҳамда уларни қисқартириш ва тартибга солиш юзасидан бир ой муддатда аниқ таклифлар киритсинлар.


29. Мазкур протоколнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири                                                                       Ш. Мирзиёев




















Время: 0.0377
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск