ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Иқтисодиётнинг умумий масалалари / Ижтимоий-иқтисодий тараққиёт якунлари /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг 17.02.2003 й. "2002 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2003 йилда ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ

МАЖЛИСИНИНГ

ҚАРОРИ

17.02.2003 й.



2002 ЙИЛДА РЕСПУБЛИКАНИ

ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНТИРИШ

ЯКУНЛАРИ ҲАМДА 2003 ЙИЛДА ИСЛОҲОТЛАРНИ

ЧУҚУРЛАШТИРИШНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ

ТЎҒРИСИДА



1. Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, 2002 йилда иқтисодий ислоҳотларни эркинлаштириш, чуқурлаштириш, иқтисодиётни барқарор ва мутаносиб ўстиришни таъминлаш йўли изчил ва аниқ мақсадга йўналтирилган ҳолда амалга оширилди. Натижада:

кўп укладли иқтисодиёт фаол шакллантирилмоқда, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, корхоналарнинг иқтисодий эркинлигини кенгайтириш, хусусий сектор улушини кўпайтириш чора-тадбирлари амалга оширилди;

ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 104,2 фоизни, саноатда 108,5 фоизни, қишлоқ хўжалигида 106,1 фоизни, чакана товар айланмаси 101,7 фоизни ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш 108,3 фоизни ташкил қилди. Аҳолининг ўртача жон бошига даромадлари 12,6 фоизга ўсди. Ташқи савдода 276,4 млн АҚШ доллари миқдорида ижобий сальдога эришилди;

қатъий пул-кредит сиёсати ўтказилиши ҳисобига инфляциянинг ўртача ойлик ўсиш суръати 1,6 фоиз даражасигача камайди, пул массасининг ўсиш суръатлари пасайди, давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,8 фоиз миқдорида тақчиллик билан ижро этилди;

иқтисодиётнинг реал сектори базавий тармоқларига инвестиция жалб этиш сиёсати изчиллик билан ўтказилмоқда, юқори технологияларга асосланган ва рақобатбардошли маҳсулот чиқарувчи ишлаб чиқаришлар ишга туширилди;

иқтисодий ночор, зарар кўриб ишлаётган корхоналарни молиявий соғломлаштириш, таркибий ўзгартириш ва тугатиш чора-тадбирлари таъминланмоқда. 304 корхона зарар кўриб ишлаш ҳолатидан чиқарилди, 154 корхона бўйича турли банкротлик тартиботлари амалга оширилди;

давлат ва назорат органларининг корхоналарнинг хўжалик фаолиятига аралашиши камаймоқда;

корхоналарнинг биржадан ташқари валюта бозорига кириб бориши анча эркинлаштирилди, юридик шахслар учун хорижий валютани конвертациялаш ва сотиб олиш тартиби бирмунча соддалаштирилди.

Шу билан бирга, иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳада ислоҳотлар йўлида тўсиқ бўлаётган ҳал қилинмаган масалалар ва муаммолар мавжудлигича қолмоқда.

Иқтисодиётнинг кўпгина тармоқлари ва соҳаларида - қишлоқ хўжалигида, капитал қурилишда, коммунал хизмат кўрсатишда ва умуман, иқтисодиётда иқтисодий ислоҳотлар пала-партишлик билан амалга оширилмоқда, ҳали мантиқий якунига етказилмаган, бу эса амалда кўрилаётган чора-тадбирлар самарасини пасайтирмоқда.

Хусусийлаштириш кўп ҳолларда расмиятчилик билан амалга оширилмоқда. Корпоратив бошқариш принципларига риоя этилмаяпти. Уюшма ва компаниялар корхоналарнинг хўжалик фаолиятига ҳамон аралашмоқда, турлича тартибга солиш ишларини давом эттиришмоқда.

Кўпгина корхоналар бозор шароитларига ва талабларига ниҳоятда сусткашлик билан мослашмоқда. Паст сифатли, талаб катта бўлмаган маҳсулотлар ишлаб чиқариш давом этмоқда, бир қанча тармоқларда паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналар улуши юқорилигича қолмоқда.

Ички бозорни сифатли, энг аввало, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган истеъмол товарлари билан тўлдириш ниҳоятда қониқарсиз таъминланмоқда, улгуржи ва чакана савдо тизими суст ташкил этилган, товарларнинг республика бозорларига ноқонуний, контрабанда йўли билан кириб келиши ҳолларига барҳам берилмаган.


2. Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари минтақаларда, иқтисодиёт тармоқлари ва секторларида иқтисодий ислоҳотлар якунларини танқидий кўриб чиқсинлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов маърузасида қўйилган вазифаларни рўёбга чиқариш юзасидан амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини таъминласинлар.


3. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов маърузасида баён қилинган талаблардан келиб чиққан ҳолда қуйидагилар ҳал этилиши учун 2003 йилда саъй-ҳаракатлар ва ресурслар жамланадиган, иқтисодиётни янада эркинлаштириш ва ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги пала-партишликни тугатиш ва, биринчи навбатда, мамлакат иқтисодиётида хусусий секторнинг ролини кучайтириш;

хусусийлаштиришда расмиятчиликдан реал хусусийлаштиришга ўтиш, хусусийлаштирилган корхоналарнинг устав сармоясида давлатнинг улушини тубдан қисқартириш, бошқарувнинг корпоратив тизимини мустаҳкамлаш, акциялаштирилган жамиятни бошқаришда акциядорларнинг ролини кучайтириш, хўжалик бирлашмаларининг корхоналарнинг молия-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашишини тугатиш;

қишлоқда бозор муносабатларини чуқур жорий этиш, бозор хусусиятига эга бўлган ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари фаолиятининг эркинлигини чекламайдиган принципиал жиҳатдан янги баҳолаш мезонларига ўтиш, қишлоқ хўжалигини бошқариш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш;

иқтисодиётнинг барқарор ва мутаносиб ўсишини таъминлаш, қатъий пул-кредит сиёсатини ўтказиш, инфляция даражасини кескин қисқартириш, миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш;

солиқ-бюджет соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлат харажатларини сарфлаш механизмини мақбуллаштирган ҳолда уларни қисқартириш;

республика ҳудудига истеъмол товарлари ноқонуний, контрабанда йўли билан олиб келинишига йўл қўймаслик, товарларни республикада ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш ва шу асосда ички истеъмол бозори тўлдирилишини таъминлаш, савдони ташкил этиш тизимини такомиллаштириш;

валюта бозорини янада эркинлаштириш, жорий операциялар бўйича миллий валютанинг эркин конвертацияланишини таъминлаш;

Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга оширишни давом эттириш, ишчи кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, касб маҳоратини ўстиришни рағбатлантириш бўйича яхлит тизимни яратиш;

қабул қилинган ижтимоий дастурларни, биринчи навбатда аҳолининг ижтимоий ночор табақаларини аниқ тарзда қўллаб-қувватлаш, соғлом авлодни тарбиялаш, “Обод маҳалла йили” ва бошқа дастурларни рўёбга чиқариш асосида аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ижтимоий сиёсатнинг таъсирчанлигини ва аниқ тарзда қўллаб-қувватлашини кучайтириш.


4. Давлат мулки қўмитаси (Асқаров), бошқарувнинг тармоқ органлари раҳбарларининг эътибори хусусийлаштиришдан кейинги даврда корхоналар фаолияти, давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлиги устидан зарур назоратнинг мавжуд эмаслигига, корхоналарни акциялаштириш жараёнларига инвесторларни жалб этиш, акцияларида давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятларида давлатнинг ишончли вакиллари ва ишончли бошқарувчиларни танлаш ишларининг сустлигига қаратилсин.

Хусусийлаштирилган корхоналарни бошқаришни такомиллаштириш масалалари бўйича махсус комиссия (Азимов), Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон иқтисодиётида хусусий секторнинг улуши ва аҳамиятини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2003 йил 24 январдаги ПФ-3203-сон Фармони талабларини амалга ошириш юзасидан комплекс амалий чора-тадбирлар кўрилишини;

хусусийлаштирилган корхоналар, акцияларида давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари, ишончли бошқарувчилар ва давлатнинг ишончли вакиллари фаолияти устидан 2003 йилнинг биринчи чорагида мониторинг тизими жорий этилишини;

қимматли қоғозлар билан битишувлар фақат уюшган фонд бозорида тузилишини, савдоларнинг ошкоралиги ва қулайлигини назарда тутган ҳолда қимматли қоғозлар иккиламчи бозорини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминласинлар.

Амалга оширилган ишлар натижалари тўғрисида 2003 йил I ярим йиллиги якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


5. Адлия вазирлиги Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда икки ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасига акцияларнинг давлатга тегишли пакетларини хўжалик бирлашмаларининг ишончли бошқарувига бериш амалиётини бекор қилувчи, ишончли бошқарувчиларни тайинлаш тартибини ва уларнинг масъулиятини аниқ тартибга солувчи, хусусийлаштирилган корхонани корпоратив бошқариш механизмини аниқ регламентловчи қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси (Саидова):

Олий хўжалик суди (Абдусаломов) билан биргаликда Иқтисодий ночор ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарни тугатиш ҳамда таркибий ўзгартириш бўйича қабул қилинган дастурни сўзсиз бажариш, иқтисодиётнинг реал секторларида молиявий аҳволни соғломлаштириш ишларини фаоллаштирсин;

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда ижтимоий соҳа объектларини жойлардаги ҳокимият органлари балансига бериш ва тасдиқланган таркибий ўзгартириш дастурига эга бўлган корхоналарнинг фойдаланилмаётган қувватларини консервация қилиш, шунингдек зарар кўриб ишлаётган хусусийлаштириладиган корхоналар мол-мулкини баҳолаш механизмини такомиллаштириш юзасидан бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ер ресурслари давлат қўмитаси, Адлия вазирлиги, Олий хўжалик суди норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришни ҳисобга олган ҳолда, бир ой муддатда шартномалар тузилиши ва аниқ субъектлар - қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчилар ва қишлоққа хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида мажбуриятларга риоя этилиши ҳолати устидан пухта текшириб борувчи аниқ механизм барпо этилишини, уларнинг бажарилиши учун масъулият оширилишини назарда тутган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш юзасидан амалдаги намунавий шартномаларга ўзгартиришлар киритсинлар.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг жойлардаги органлари барча даражаларда шартномаларнинг сифати ва тузилган шартномаларнинг мажбурий бажарилиши устидан назоратни кучайтирсинлар.


8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги мавсум оралиғидаги даврда агротехника ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишга доир илғор тажрибани ўрганиш учун фермерларни хорижий мамлакатларга юборишни амалда кенг қўлласин.


9. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига паррандачиликни ривожлантиришни янада жадаллаштириш юзасидан Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин, тармоқ корхоналарининг ҳудудлар бўйича оқилона жойлаштирилишини, озуқа базасини мустаҳкамлашни ва маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтиришни назарда тутсин.


10. Молия вазири М.Б.Нурмуродов бошчилигидаги махсус комиссия жорий йилнинг 15 апрелигача қурилиш қиймати ўсишига таъсир кўрсатувчи омилларни чуқур ўрганиб чиқсин, ўтказилаётган танлов савдолари натижаларини, қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналарни харид қилишнинг шаклланган тизимини танқидий баҳоласин ҳамда ушбу масалалар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритсин.


11. “Давархитектқурилиш” қўмитаси (Тохтаев), “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси (Акрамов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тендер савдолари расмиятчилик билан ўтказилишини бартараф этишда, пудрат ишлари бозорини яратишда, нархларни шакллантириш тизимида, ассортиментни янгилашда, маҳсулотнинг импортнинг ўрнини босувчи турларини ишлаб чиқаришни кўпайтиришда ижобий силжишларнинг мавжуд эмаслиги кўрсатиб ўтилсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (К.Н.Тўлаганов) бир ой муддатда капитал қурилишдаги ишларнинг аҳволини тубдан ўзгартириш юзасидан Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2003-2005 йилларда қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви ва табиий газ билан таъминлаш дастурининг мўлжалланган параметрларини танқидий қайта кўриб чиқсин ҳамда айниқса газ ва сув қувурлари тармоқлари билан таъминланганлик даражаси паст минтақаларда уларни ишга туширишни жадаллаштириш юзасидан реал молиявий манбалар билан таъминланган қўшимча чора-тадбирлар кўрсин.


13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, “Ўзкоммунхизмат” агентлиги 1991 йилгача қурилган кўп квартирали уйларни мукаммал таъмирлаш бўйича йўл қўйилган қолоқликни тўлдиришни ҳисобга олган ҳолда 2003 йил учун тасдиқланган жадвалнинг, уй-жой фондини табиий газ ва сувни ҳисобга олиш приборлари билан жиҳозлаш бўйича топшириқларнинг сўзсиз бажарилишини таъминласинлар.


14. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари республикага истеъмол товарларининг ноқонуний, контрабанда йўли билан олиб келинишининг олдини олиш масалалари бўйича Давлат божхона қўмитаси бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорликни кучайтирсинлар.


15. Вазирлар Маҳкамаси жорий йилнинг биринчи ярим йиллик якунлари бўйича улгуржи ва чакана савдони тартибга солишга, республика ҳудудида улгуржи базалар, дўконлар, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш корхоналари тармоғини ривожлантиришга қаратилган қабул қилинган Ҳукумат қарорлари бажарилишини кўриб чиқсин ҳамда зарурат бўлганда тегишли тузатишлар киритсин.


16. Қуйидагиларнинг:

“Кўмир” акциядорлик бирлашмаси (Клименко), “Махсус-қотишма” республика ташкилоти (Шарипов), “Ўзмашсаноат” уюшмаси (Набиев), “Ўзкимёсаноат” (Ҳасанов), “Ўзбекнефтгаз” (Мажитов), “Ўзбекенгилсаноат” (Исмоилов) компаниялари раҳбарларининг эътибори - корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ривожлантиришда ташаббускорлик ва тадбиркорликнинг йўқлигига, экспортга маҳсулот етказиб бериш прогноз ҳажмлари таъминланмаганлигига;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси (Тангирберганов), Андижон (Обидов), Бухоро (Ҳусенов), Наманган (Жабборов), Самарқанд (Мирзиёев), Тошкент (Мирзақулов), Фарғона (Отабоев) вилоятлари ва Тошкент шаҳри (Шоабдураҳмонов) ҳокимларининг эътибори - коммунал хизматлар кўрсатиш соҳасида рақобат муҳитини яратиш, қарзларни камайтириш ишларининг етарли эмаслигига қаратилсин.

Кўрилган чора-тадбирларнинг натижалари тўғрисида 2003 йил биринчи ярим йиллигидаги иш якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


17. Икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т.Султонов бошчилигида республикада кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг яхлит тизимини барпо этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича махсус комиссия ташкил этилсин. Ушбу комиссия таркибига ўз ходимлари малакасини оширишдан бевосита манфаатдор бўлган уюшмалар, корпорациялар, концернлар, компаниялар, бошқа хўжалик бирлашмалари ва корхоналарнинг, шунингдек кадрлар малакасини ошириш ва уларни ўқитиш жараёнини ташкил этишни таъминлаши мумкин бўлган ташкилотларнинг вакиллари киритилсин.

Комиссия:

икки ой муддатда кадрлар, энг аввало ишчи кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоғини барпо этиш ва унинг самарали ишлаши юзасидан аниқ дастурни ишлаб чиқсин;

кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнига Ўзбекистонда ҳозир бўлган йирик хорижий компанияларни ҳамда бошқа хорижий шерикларни, шунингдек халқаро молиявий тузилмаларнинг грантлари ва техник ёрдамини жалб этиш юзасидан фаол иш олиб борсин.

Амалга оширилган ишларнинг натижалари тўғрисида 2003 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ахборот берилсин.


18. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат тест маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари республика комиссияси ва минтақавий комиссиялар тузсинлар ва икки ой муддатда:

махсус ишлаб чиқилган тест дастурлари асосида халқ таълими вилоят бошқармалари, туман ва шаҳар бўлимлари ходимларини аттестациядан ўтказсинлар ҳамда аттестация натижаларига кўра уларнинг профессионал таркиби кучайтирилишини ва контракт асосида янги меҳнат шартномалари тузилишини таъминласинлар.

Умумтаълим мактаблари ўқитувчилари таълим ва касб даражасининг ўқитувчиларга қўйиладиган малака талабларига мувофиқлигини, уларнинг самарали фаолият кўрсатишлари ва касб тайёргарлигини оширишлари учун шарт-шароитлар ва рағбатлар мавжудлигини ўрганиб чиқсинлар. Ўрганиш натижаларига кўра ҳар бир мактаб, туман ва минтақа бўйича вужудга келган аҳволни яхшилаш юзасидан тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқсинлар ва амалга оширсинлар;

педагог кадрларнинг асосий фаолияти, қайта тайёргарликдан ва малака оширишдан ўтиши натижаларига кўра уларга тоифалар бериш механизми бўйича таклифлар киритсинлар.


19. Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий комплекси (Кароматов), Ахборот-таҳлил бошқармаси (Хўжаев), “Ўзтелерадио” компанияси (Кўчимов), Матбуот ва ахборот агентлиги (Шоғуломов) мамлакат иқтисодиётини ислоҳ қилиш жараёнларини оммавий ахборот воситаларида холисона, малакали ва чуқур ёритиш мақсадида:

ушбу ишга вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари раҳбарлари ва етакчи мутахассисларини, фан ходимларини ва жамоатчилик вакилларини кенг жалб этсинлар;

ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ихтисослашаётган журналистлар учун мунтазам равишда семинарлар ташкил этсинлар, уларни тегишли статистика маълумотлари ва бошқа маълумотлар билан таъминласинлар.


20. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Бегалиев), “Ўзагромашсервис” уюшмаси (Нишонов), “Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг” компанияси (Матчонов) 2003 йил 15 мартгача баҳорги дала ишларини ўтказиш учун зарур бўлган барча қишлоқ хўжалиги техникаси, 1 майгача эса - ғалла ўрим-йиғим комбайнлари ва чорва озуқаси йиғиштириш техникаси тайёрлаб қўйилишини таъминласинлар.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги экиш мавсуми бошлангунга қадар коллектор-дренаж ва суғориш тармоқларини тозалашни ва таъмирлашни, насос станциялари ва гидротехника иншоотларини таъмирлашни тугалласин.

“Ўзпахтасаноат” уюшмаси ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ғўзани жойлаштиришнинг тасдиқланган схемасига мувофиқ жорий йилнинг 1 мартигача юқори классли уруғлик чигит тайёрлаб қўйилишини ва уларнинг ўз вақтида сифатли дориланишини таъминласинлар.


21. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т.Султонов зиммасига юклансин.

Ушбу қарорнинг бажарилиши йилнинг ҳар чорагида ҳамда 2003 йил якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида кўриб чиқилсин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                   И. Каримов



"Халқ сўзи", 41 (3153)-сон, 2003 йил 19 февраль

















Время: 0.0052
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск