язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Халқаро кўргазмалар, танловлар, савдолар, кимошди савдолари, ярмаркалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.08.2006 й. ПҚ-449-сон "Қишлоқ хўжалиги учун минитехнологиялар ва ихчам ускуналарнинг халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдосини ўтказишни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

24.08.2006 й.

N ПҚ-449



ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ

УЧУН МИНИТЕХНОЛОГИЯЛАР

ВА ИХЧАМ УСКУНАЛАРНИНГ ХАЛҚАРО

ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН КЎРГАЗМА-

САВДОСИНИ ЎТКАЗИШНИ ТАШКИЛ

ҚИЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган кичик корхоналарни етакчи хорижий компаниялар томонидан ишлаб чиқариладиган замонавий, илғор минитехнологиялар ва ускуналар билан таништириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек уларни сотиб олиш ва ишлаб чиқаришга татбиқ этишга ва шу асосда қишлоқ хўжалиги хом ашёсини янада чуқурроқ қайта ишлашни таъминлаш, сифатли, рақобатбардош маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Фермер хўжаликлари уюшмасининг:

2006 йил 21 октябрдан 10 ноябргача Тошкент шаҳрида "Ўзэкспомарказ" МКК" ОАЖнинг кўргазма майдонларида қишлоқ хўжалиги учун минитехнологиялар ва ихчам ускуналарнинг Халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдосини ўтказиш тўғрисидаги;

2006 йилнинг 10 ноябридан бошлаб "Ўзэкспомарказ" МКК" ОАЖ ҳудудида фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган кичик корхоналар учун минитехнологиялар ва ускуналарнинг доимий ишлайдиган кўргазма-савдосини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдосига минитехнологиялар ва ихчам ускуналар ишлаб чиқарувчи етакчи хорижий компанияларни кенг кўламда жалб қилиш ва уларнинг иштирок этишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида "Ўзэкспомарказ" МКК" ОАЖнинг кўргазма майдонлари кўргазма иштирокчиларига текин берилиши белгилаб қўйилсин.


2. Қуйидагилар:

қишлоқ хўжалиги учун минитехнологиялар ва ихчам ускуналарнинг Халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдосини ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг таркиби 1-иловага* мувофиқ;

қишлоқ хўжалиги учун минитехнологиялар ва ихчам ускуналарнинг Халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдоси ("Uzbekistan Agrominitech Expo-2006")ни ўтказишнинг мавзу-экспозиция режаси 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


3. Ташкилий қўмита (Ш.М. Мирзиёев) Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси билан биргаликда шу йилнинг 20 октябригача Германия, Венгрия, Италия, Бельгия, Австрия ва бошқа мамлакатлардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш учун минитехнологиялар ва ихчам ускуналар ишлаб чиқарадиган етакчи компанияларни кўргазма-савдода қатнашишга жалб этиш бўйича фаол реклама - ахборот ва ташкилий ишларни олиб борсин.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг раҳбарлари, шунингдек республиканинг барча минтақаларидаги агрофирма ва фермер хўжаликларининг вакиллари томонидан кўргазмани бориб кўриш жадвали 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги:

Савдо-саноат палатаси, тижорат банклари ва лизинг компаниялари билан биргаликда кўргазма доирасида импорт минитехнологиялари асосидаги лойиҳаларни амалга оширишга тааллуқли тематик семинарларни 4-иловага* мувофиқ ташкил қилсин;

кўргазма қатнашчилари орасида тарқатиш учун чет элларда ишлаб чиқариладиган минитехнологиялар ва ихчам ускуналарнинг батафсил каталогини нашр этсин.


6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари Савдо-саноат палатаси ҳамда Фермер хўжаликлари уюшмаси билан биргаликда ўн кун муддатда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига фермер хўжаликлари, агрофирмалар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича кичик корхоналар томонидан эҳтиёж мавжуд бўлган минитехнологиялар ва ихчам ускуналарнинг турлари бўйича таклифларни тақдим этсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистон Республикасига 2 йилгача бўлган муддатга минитехнологиялар ва ихчам ускуналар намуналарини вақтинча олиб кириш режимида кейинчалик уларни тузилган импорт ёки лизинг шартномалари асосида агрофирмалар ва фермер хўжаликларига сотилишига шароит яратиш учун, истисно тариқасида, божхона тўловларисиз расмийлаштирсин.

Кўргазма-савдоларда иштирок этиш мақсадида қишлоқ хўжалиги учун минитехнологиялар ва ихчам ускуналар олиб келувчи компаниялар божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари), шунингдек мазкур минитехнологиялар ва ускуналарни маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга сотишда қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод этилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг талабномаларига кўра кўргазманинг хорижий иштирокчиларига кириш визалари консуллик йиғими ва бошқа йиғимлар ундириб олинмасдан тезкор расмийлаштирилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдоси ўтказиладиган жойлар ва кўргазма иштирокчиларининг яшаш жойларида тўлов ундирилмаган ҳолда жамоат тартиби сақланишини таъминласин.


10. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдоси иши оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.


11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                              И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 34-35-сон, 342-модда.