ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Уй-жой қонунчилиги /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 23.11.1992 й. 551-сон "Тошкент шаҳрида давлат уй-жой фондини хусусийлаштиришни жадаллаштиришнинг кўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
23.11.1992 й.
N 551
ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ДАВЛАТ УЙ-ЖОЙ
ФОНДИНИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШНИ
ЖАДАЛЛАШТИРИШНИНГ КЎШИМЧА
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎFРИСИДА
Тошкент шаҳрида давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш жараёнини жадаллаштириш ва бозор муносабатлари шароитларида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни бундан буён ҳам таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Тошкент шаҳридаги Акмал Икромов, Миробод, Ҳамза ноҳиялари ҳокимликларининг, "Ўзбекенгилсаноат" давлат уюшмаси, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси, Мелиорация ва сув хўжалиги вазирлиги раҳбарларининг эътибори уй-жойларни хусусийлаштиришнинг боришини суст назорат қилганликларига, ушбу ишни ташкил этишда сусткашликка йўл қўйганликларига қаратилсин ҳамда уларга Вазирлар Маҳкамасининг "Тошкент шаҳрида давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида" 1992 йил 13 августдаги 378-сон қарорини бажариш юзасидан қисқа муддатларда чора-тадбирлар кўриш юклатилсин.
2. Уй-жойларни қуриш смета қийматининг анча қимматлашганлиги муносабати билан 1992 йилда фойдаланишга топширилган уйлар (алоҳида уйлар, коттежларга, квартираларни хусусийлаштирищ кейинчалик қарзларни 20 йил давомида узиш шарти билан квартира қийматининг 10 фоизи миқдорида дастлабки пай бадали тўланган ҳолда амалга оширилсин.
3. 1993 йил 1 январгача хусусийлаштирилган 1992 йилда қурилган уйлардаги квартиралар қиймати бир йўла тўланаётганда уй-жой қийматининг 20 фоизи миқдорида камайтирилган тарздаги имтиёз беришга рухсат этилсин.
4. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Давлат мулки қўмитаси билан келишган ҳолда квартираларни сотиб олишга ва ижарага олишнинг ижара шартларига ўтишга қодир бўлмаган меҳнатга лаёқатсиз ёлғиз кекса шахслар эгаллаб келган давлат уй-жой фондини келгусида сақлаш ва фойдаланиш Тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
5. Ўзининг уй-жойини 1993 йил 1 январгача хусусийлаштирган Тошкент шаҳри аҳолиси иморат солиғи тўлашдан икки йил муддатга озод қилинсин.
6. Улуғ Ватан уруши меҳнат фронти қатнашчиларига, фашист концлагерларининг собиқ маҳбусларига, Ленинград қамалида бўлганларга уй-жойларни бепул хусусийлаштириш бўйича имтиёз берилсин.
7. Бузилган хусусий уй-жойлар ўрнига пул компенсацияси тўланмасдан Тошкент шаҳри аҳолиси томонидан олинган давлат уй-жойи фуқароларга бепул шахсий мулк қилиб берилсин.
1989-91 йилларда бузилган хусусий уй-жой ўрнига 1992 йилда давлат квартираси (алоҳида уй, коттеж) олган ёки оладиган фуқароларга, улар тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этишган тақдирда, уй-жойларни хусусийлаштириш учун (1991 йилдаги нархларда) имтиёзли ҳуқуқ берилсин.
8. Аукцион савдолар ташкил этиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддат ичида зарур жой ажратсин, Коммунал мулк ва хусусийлаштириш Бош бошқармаси кўчмас мулк савдоси бўйича универсал марказ ташкил этсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда уй-жойларни имтиёзли шартларда хусусийлаштириш бўйича асосий қоидаларни ва Ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирларни тушунтиришда барча оммавий ахборот воситаларидан ва аҳоли билан бевосита алоқада бўлиш усулларидан фойдалансинлар.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари ўртоқ К.Н. Тўлаганов зиммасига юклатилсин, қарорнинг қандай бажарилаётганлиги 1993 йил декабрь ойида, кейинчалик йилнинг ҳар чорагида кўриб чиқилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Муталов