язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Ташқи савдо фаолияти. Экспорт-импорт. Инкотермс/ Ўзбекистон Республикасининг экспорт имкониятларини ривожлантириш Давлат дастури (ЎзР ВМ 12.03.1998 й. 110-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1998 йил 12 мартдаги

110-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН


Ўзбекистон Республикасининг экспорт

имкониятларини ривожлантириш

ДАВЛАТ ДАСТУРИ


Дастур концепцияси ва мақсадлари


Ушбу экспорт имкониятларини ривожлантириш Давлат дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Иқтисодий ислоҳот, тадбиркорлик ва хорижий инвестициялар бўйича Идоралараро кенгашнинг 1997 йил 6 февралдаги ИК-97-112-сон қарорини, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 28 февралдаги 116-сон қарорини бажариш юзасидан ишлаб чиқилган.

Дастурда халқ хўжалиги ва ташқи иқтисодий аҳволда Ўзбекистон учун кўзга ташланаётган ижобий ўзгаришлар билан биргаликда шу соҳадаги мавжуд муаммолар, шу жумладан, илгари юзага келган экспортнинг хом ашёвий йўналишини бартараф этиш чора-тадбирлари ҳисобга олинган.

Республиканинг экспорт сиёсати макроиқтисодий барқарорликни қўллаб-қувватлашга, ишлаб чиқаришни ривожлантиришга, инвестиция фаолиятини жонлантиришга йўналтирилган. Айниқса саноатнинг қайта ишловчи тармоқларида ва хизмат кўрсатиш соҳаларида экспорт имкониятларини ривожлантириш, таркибий ислоҳотлар ва мамлакат иқтисодиётини технологик замонавийлаштиришнинг муҳим қисми бўлиши керак.

Мавжуд ресурслар ва ишлаб чиқариш имкониятларидан энг кўп даражада фойдаланиш ва уларни янада ривожлантириш асосида экспорт ҳажмлари барқарор ўсиши учун шарт-шароитларни таъминлаш ва унинг таркибини такомиллаштириш Дастурнинг асосий мақсади ҳисобланади.

Олдинга қўйилган мақсадларга эришиш экспортнинг янги тармоқ ва географик таркибини аниқ мақсадни кўзлаб шакллантириш, экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг турларини кенгайтириш ва рақобатбардошлигини ошириш зарурлигини тақозо этади.

Экспорт имкониятларини ривожлантириш дастури ва 2000 йилгача иқтисодиёт тармоқлари экспорти ўсишининг прогноз параметрлари 1 ва 2-иловаларда*, экспорт таркибини ўзгартиришнинг тадрижий ўсиши ва Дастурни амалга оширишнинг биринчи навбатдаги чора-тадбирлари жадвали 3 ва 4-иловаларда* келтирилган.



Нефть ва газ комплекси


Ўзбекистонни энергия билан таъминлаш стратегияси барча асосий энергия манбаларини қазиб олиш ва ишлаб чиқаришни яқин йигирма йиллик даврда республикани энг иқтисодий тежамли ва экологик жиҳатдан тоза энергия манбаи билан таъминлашга қодир бўлган газ саноатига устуворлик берган ҳолда оқилона қўшиб олиб боришни назарда тутади.

Дастурнинг амалга оширилиши "Ўзбекнефтгаз" корпорациясига экспорт ҳажмини 1997 йилдаги 453,1 млн. АҚШ долларидан 2000 йилда 693,2 млн. АҚШ долларигача кўпайтириш имконини беради.

Дастурда углеводород хом ашёси - нефть, конденсат экспорт қилишни тўхтатиш ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларини экспорт қилишни кўпайтириш назарда тутилмоқда.



Индустрияни ривожлантириш комплекси


Республикада мавжуд бўлган хом ашё ресурсларидан энг кўп даражада фойдаланиб хорижий инвестициялар ва технологияларни жалб қилган ҳолда жаҳон бозорида рақобатга бардошли маҳсулот ишлаб чиқариш учун база яратиш машинасозлик саноати корхоналарининг асосий вазифаси ҳисобланади.

Дастур машинасозлик саноатида экспортнинг 1997 йилдаги 226,9 млн. АҚШ долларидан 2000 йилда 1155,9 млн. АҚШ долларигача ўсишини таъминлаш имконини беради.

Тармоқни ривожлантириш доирасида "Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг" холдинг компанияси корхоналарида республикага қишлоқ хўжалиги техникасини четдан олиб келишни камайтириш имконини берувчи 136 турдаги янги ва модернизация қилинган машиналар яратиш назарда тутилган.

2000 йилда тракторлар, двигателлар ва қишлоқ хўжалиги машиналарини экспорт қилиш ҳажми 31,82 млн. АҚШ долларига етади.

"Ўзмашсаноат" уюшмаси корхоналари маҳсулотларини экспорт қилиш машиналар ва асбоб-ускуналар сотиш бозорларини кенгайтириш ҳисобига 23 фоизга кўпаяди.

Мамлакатимиз автомобилсозлигини ривожлантириш машинасозлик тармоғида устувор йўналиш ҳисобланади.

2000 йилда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми 160 мингтани (экспорт - 651,3 млн. АҚШ доллари суммасига 75 мингта); юк автомобиллари - 1 мингтани (экспорт - 3,4 млн. АҚШ доллари суммасига 150 та), автобуслар - 2 мингтани (экспорт - 5,7 млн. АҚШ доллари суммасига 200 та) ташкил этади.

1998 йил мобайнида МДҲнинг турли минтақаларида 15 қўшма корхонани ўз ичига олувчи "ЎзДЭУавто" қўшма корхонаси автомобилларини сотиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича савдо тармоғи ривожлантирилади.

Авиасозлик маҳсулотлари ва хизматларини экспорт қилиш 1997 йилдаги 52,65 млн. АҚШ долларидан 2000 йилда 371,1 млн. АҚШ долларигача ўсади.

"Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси" давлат-акциядорлик бирлашмасида 2000 йилда "Ил-76" ва "Ил-114" самолётларининг ҳар хил модификацияларини ишлаб чиқаришни 40 тагача кўпайтириш назарда тутилмоқда, уларнинг 37 таси экспорт қилинади.

Электротехника ва радиоэлектроника саноати маҳсулотларини экспорт қилишнинг умумий ҳажмини 2000 йилда 32,7 млн. АҚШ долларигача етказиш назарда тутилмоқда.

Маҳсулотнинг алоҳида муҳим турлари бўйича хом ашё мустақиллигига эришиш мақсадида кимё маҳсулотларининг импортнинг ўрнини босувчи турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш йўли билан хом ашёни импорт қилиш ҳажмини сезиларли даражада қисқартириш қисқа муддатли истиқболда кимё саноатининг асосий вазифаси ҳисобланади.

Экспорт қилинадиган товарлар ҳажми ва ассортиментини, улар таркибида оғирлиги кам, илм-фанни кўплаб талаб қиладиган маҳсулотлар улушини кўпайтириш назарда тутилган.

Дастур кимё маҳсулоти экспортини 1997 йилдаги 50,8 млн. АҚШ долларидан 2000 йилда 139,4 млн. АҚШ долларигача кўпайтириш имконини беради.

Тармоқнинг экспорт имкониятларини ошириш мақсадида маҳаллий манбалар ҳисобига моддий-техника ресурслари билан таъминлаш, техника билан қайта жиҳозлаш ва ишлаб турган корхоналарни реконструкция қилиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш назарда тутилмоқда.

Металлургияни ривожлантириш стратегияси қимматбаҳо, рангли, нодир ва камёб металларни қазиб олиш ва ишлаб чиқаришни оқилона бирга қўшиб олиб боришга қаратилган.

Дастур металлургияда маҳсулот экспортини 1997 йилдаги 384,2 млн. АҚШ долларидан 2000 йилда 439,8 млн. АҚШ долларигача кўпайтиришни таъминлаш имконини беради



Қурилиш комплекси


Дастур 2000 йилда бинокорлик материаллари экспортини 1997 йилга нисбатан 3,7 баравар (62 млн. АҚШ долларигача) кўпайтиришни таъминлаш имконини беради.

Экспорт таркибида ҳам ўзгаришлар юз беради, цемент улуши 57 фоизгача камаяди, бошқа маҳсулотлар эса, шу жумладан махсус қурилиш материаллари улуши 43 фоизгача ошади. Маҳсулотнинг республика учун янги бўлган 31 тури ўзлаштирилади, уларнинг бир қисми экспорт қилинади. 46 объектда технологияни янгилаш ёки уларга қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

Пудрат ишлари ва хизматлар экспорти янада ривожланади. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг "Ўзсувхорижийқурилиш" республика бирлашмаси бўлинмалари томонидан 1998 йилдан 2000 йилгача Афғонистон, Гвинея ва Сурия ҳудудида 2 млн. АҚШ доллари миқдорида қурилиш-монтаж ва лойиҳа-қидирув ишларини бажариш режалаштирилмоқда.



Истеъмол бозори комплекси


Енгил саноат корхоналари экспорти 2000 йилда 157,72 млн. АҚШ долларини ташкил этади (ўсиш 1997 йилга нисбатан 2,37 баравар).

"Ўзбекенгилсаноат" уюшмаси бўйича Дастурнинг амалга оширилиши 19 корхонани қайта жиҳозлаш ва 9 корхона қурилишини ниҳоясига етказиш ҳисобига пахта толасини қайта ишлашни 2000 йилда 59,8 минг тоннага кўпайтириш имконини беради.

Юқори сифатли пойафзал ишлаб чиқариш ҳажмлари 4,6 млн. жуфтга кўпаяди, чарм буюмлар 73500 тани ташкил этади. Қўшма корхоналар 2000 йилда 3,0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги 1,5 млн. жуфт пойафзални экспортга етказиб бера бошлайдилар.

"Ўзбекмебель" давлат-акциядорлик бирлашмаси корхоналарида экспорт имкониятларини ривожлантириш дастури 2000 йилда 1,88 млн. АҚШ долларилик экспортга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлаш имконини беради.

Дастурнинг амалга оширилиши 2000 йилда: 30,9 млн. АҚШ долларилик 9 минг тоннагача ферментланган тамакини, 77,3 млн. АҚШ долларилик 9,2 млрд. дона сигарет маҳсулотларини экспорт қилиш имконини беради.

Умуман истеъмол бозори товарлари комплекси бўйича жами экспорт 2000 йилда 328,45 млн. АҚШ долларигача ўсади (1997 йилдагига қараганда 4 баравар).



Агросаноат комплекси


Умуман агросаноат комплекси бўйича Дастурнинг амалга оширилиши маҳсулот экспорти ҳажмини 2000 йилда 1760,0 млн. АҚШ долларигача ошириш имконини беради, бу 1997 йилдаги даражадан 154,3 млн. АҚШ долларига кўпдир.

"Ўздавпахтасаноатсотиш" уюшмаси томонидан Дастурнинг бажарилиши ўзбек пахтасининг жаҳон бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашни ва 2000 йилда валюта тушумини 1997 йилдагига қараганда 105,4 млн. АҚШ долларига кўпайтиришни таъминлайди.

Дастурнинг амалга оширилиши "Ўзмевасабзавотузумсаноат-холдинг" компаниясининг экспорт имкониятларини 2000 йилда 69 млн. АҚШ долларигача етказиш имконини беради (1997 йилда экспорт салкам 24,37 млн. АҚШ долларини ташкил этди).

Чарм хом ашёси, жун ва қоракўл тери экспорти 1,9 млн. АҚШ долларигача кўпаяди (1997 йилдаги 1,14 млн. АҚШ долларига қиёслаганда).



Хизматлар кўрсатиш соҳаси тармоқлари


"Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компанияси. 2000 йилда Ўзбекистон орқали транзит юклари ташиш хизматларини 115 млн. АҚШ долларигача кўпайтириш мўлжалланмоқда, тепловозлар, уларнинг узелларини мукаммал тузатиш ва эҳтиёт қисмлар тайёрлаш хизматлари 1,2 баравар (6,85 млн. АҚШ долларигача) кўпаяди.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси. Авиатранспорт хизматлари экспорти ҳажмини 2000 йилда 107,5 млн. АҚШ долларигача етказиш режалаштирилмоқда, бу 1997 йилдагига қараганда 7,5 млн. кўпдир.

"Ўзавтотранс" корпорацияси. Йўловчилар ва юкларни халқаро автоташишларни кенгайтириш ҳисобига 2000 йилда корпорация бўйича экспорт хизматлари ҳажми 500 минг АҚШ долларини ташкил этади, бу 1997 йилдагига қараганда 1,3 баравар кўпдир.

Алоқа тармоғи. Дастурда халқаро алоқалар бўйича хизматлар экспорти ҳажмини 7,35 млн. АҚШ долларига етказиш ёки уни 1997 йилдагига қараганда 1,85 млн. АҚШ долларига ўстириш, шу жумладан, Трансосиёевропа тола-оптика алоқа линияси ҳисобига - 1,3 млн. долларга кўпайтириш ва янги йўналишлар очиш, самарали ҳисоб-китоб таксаларини келишиб олиш ва 0,88 млн. АҚШ долларилик хизматларнинг янги турларини кўрсатиш назарда тутилмоқда.

Хорижий телекоммуникация асбоб-ускуналари ва алоқа воситаларини сертификация қилиш ҳисобига 1998-2000 йилларда 1,85 млн. АҚШ доллари миқдорида валюта тушуми кутилмоқда.

Туризм. Ҳисоб-китобларга кўра 2000 йилда туристлар оқими ҳажми 1 млн. кишига, шу жумладан, хорижий туристлар 650 минг кишига етади. Умуман хорижий туристларга хизматлар кўрсатиш ҳажми 1 млрд. АҚШ долларига етади. Шу жумладан "Ўзбектуризм" миллий компанияси туристик корхоналари томонидан 1998-2000 йиллар даврида 75 млн. АҚШ долларилик валюта тушуми таъминланади.

Хорижий сармояни фаол жалб этишни ва иқтисодиётни таркибий қайта қуришни ҳисобга олган ҳолда Дастурда белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши экспорт ҳажмини 2000 йилда 1997 йилдагига нисбатан 1,65 баравар кўпайтириш имконини беради. Экспортнинг салкам 2,36 млрд. долларга ўсиши таъминланади, ҳажми эса 6 млрд. долларга етади.

Экспортнинг энг кўп ўсишига машинасозликда (5,1 баравар) ва халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқариш комплексида (4 баравар) эришилади.

Экспорт таркиби жиддий равишда ўзгаради - пахта улуши 43,3 фоиздан 28,0 фоизгача камаяди, машина ва асбоб-ускуналар улуши 9,8 фоиздан 23 фоизгача кўпаяди, тўқимачилик маҳсулотлари улуши 1,2 баравар, озиқ-овқат товарлари улуши 1,33 баравар кўпаяди.

Дастур параметрлари ресурслар ва иқтисодий имкониятларни баҳолашни ҳамда уни амалга ошириш шарт-шароитларини, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, бозор муносабатлари шаклланишини ривожлантириш, ҳуқуқий ва қонунчилик базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирларини ҳисобга олган ҳолда белгиланган.

Дастур асосан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг сифатини ошириш ва техник даражасини жаҳон бозорларида рақобатлашадиган даражага етказишнинг салмоқли захиралари мавжуд бўлган қайта ишлаш саноатининг экспорт имкониятларини ислоҳ қилишга, шунингдек маҳаллий хом ашёни чуқур қайта ишлаш ҳисобига экспортга мўлжалланган тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш кўламларини кенгайтиришга қаратилган.

2000 йилгача бўлган даврда экспорт ҳажмларини янада кўпайтиришга асос солинади, экспорт инфратузилмаси ташкил этилади. Экспортга мўлжалланган ишлаб чиқариш янги тармоқларнинг ривожланишига туртки беради.

Давлат экспортга мўлжалланган ишлаб чиқаришларнинг ривожланиши ва ташқи бозорларга мамлакатимиз маҳсулотлари киришини жадаллаштиришга таъсир кўрсатишни анча кучайтиради. Анъанавий машина-техника экспортининг илмий-ишлаб чиқариш базасини мутлақо янги ташкилий-иқтисодий асосда тиклаш бошланади. Товар таркиби кўпроқ технологик йўналишга эга бўлади.

Экспорт имкониятларини ривожлантиришнинг тадрижий ўсиши кўрсаткичлари умуман мамлакат товар оборотига нисбатан экспортнинг муайян олдинда боришини, ялпи ички маҳсулот ўсиши суръатларига нисбатан экспортнинг илдам ривожланишини таъминловчи моддий базани яратиши керак.

Республика иқтисодиёти тадрижий ўсиши, иқтисодий ислоҳотлар чуқурлашиши давомида Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкор сифатидаги обрў-эътибори ошади, бу бевосита хорижий инвестициялар оқими кенгайишига кўмаклашади, мамлакат экспорт имкониятларини ривожлантириш омили бўлиб хизмат қилади.


-------------------------

* Дастурга иловалар рус тилидаги матнда берилган.