язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Халқаро кўргазмалар, танловлар, савдолар, кимошди савдолари, ярмаркалар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.05.2014 й. 122-сон "Республика агросаноат комплекси учун мини-технологиялар ва ихчам асбоб-ускуналарнинг "Uzbekistan Agrominitech Expo-2014" IХ Халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдосини ҳамда Қишлоқ хўжалиги техникаси, машиналари ва асбоб-ускуналарининг "Uzbekistan Agrotechmash Expo-2014" III Халқаро ихтисослаштирилган кўргазмасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида'ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.05.2014 й.

N 122


РЕСПУБЛИКА АГРОСАНОАТ

КОМПЛЕКСИ УЧУН МИНИ-ТЕХНОЛОГИЯЛАР

ВА ИХЧАМ АСБОБ-УСКУНАЛАРНИНГ "UZBEKISTAN

AGROMINITECH EXPO-2014" IХ ХАЛҚАРО

ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН КЎРГАЗМА-САВДОСИНИ ҲАМДА

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ТЕХНИКАСИ, МАШИНАЛАРИ

ВА АСБОБ-УСКУНАЛАРИНИНГ "UZBEKISTAN

AGROTECHMASH EXPO-2014" III ХАЛҚАРО

ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН КЎРГАЗМАСИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2012 - 2016 йилларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш дастури тўғрисида" 2012 йил 21 майдаги ПҚ-1758-сон қарорини бажариш юзасидан, қишлоқда саноат ишлаб чиқариши ва қурилишни янада жадал ривожлантириш, энг янги технологиялар ва замонавий техника билан жиҳозланган мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ихчам корхоналарни ташкил этиш, етакчи хорижий компаниялар томонидан ишлаб чиқариладиган илғор, юқори самарали мини-технологиялар ва асбоб-ускуналар билан танишиш учун фермер хўжаликлари, агрофирмалар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек уларни сотиб олишда уларга кўмаклашиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Фермерлари кенгашининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 майдаги ПҚ-1758-сон қарори билан ташкил этилган 2012 - 2016 йилларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш дастури бажарилишини таъминлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш ва масалаларни тезкор ҳал этиш Идоралараро комиссиясининг (кейинги ўринларда Идоралараро комиссия деб аталади) 2014 йил 3 - 6 июнда Тошкент шаҳрида "Ўзэкспомарказ" Миллий кўргазмалар компанияси" очиқ акциядорлик жамиятининг кўргазма майдонлари базасида:

Республика агросаноат комплекси учун мини-технологиялар ва ихчам асбоб-ускуналарнинг "Uzbekistan Agrominitech Expo-2014" (кейинги ўринларда "Uzbekistan Agrominitech Expo-2014" деб аталади) IХ Халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдосини;

қишлоқ хўжалиги техникаси, машиналари ва асбоб-ускуналарининг "Uzbekistan Agrotechmash Expo-2014" (кейинги ўринларда "Uzbekistan Agrotechmash Expo-2014" деб аталади) III Халқаро ихтисослаштирилган кўргазмасини биргаликда ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Белгилаб қўйилсинки, "Ўзэкспомарказ" Миллий кўргазмалар компанияси" очиқ акциядорлик жамиятининг кўргазма майдонлари кўргазма иштирокчиларига бепул берилади, кўргазма стендларини қуриш ва қўшимча кўргазма ускуналарини тақдим этиш ва хизматлар кўрсатиш эса белгиланган нормативларга мувофиқ амалга оширилади.


3. Қуйидагилар:

кўргазмаларни ўтказишнинг мавзули режалари 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ;

кўргазмалар доирасида 2014 йил 3 - 6 июнь даврида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси кўмагида, фермер хўжаликлари, агрофирмалар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун маҳаллий ва хорижий компаниялар вакиллари тақдимотларини ташкил этган ҳолда, "Ўзэкспомарказ" Миллий кўргазмалар компанияси" очиқ акциядорлик жамияти кинолекторийсида ҳар кунги мавзули семинарларни ўтказишнинг намунавий сценарийси 3-иловага* мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, республика вилоятлари, шаҳарлари ва туманлари ҳокимликлари раҳбарларининг, республиканинг барча минтақаларидаги фермер хўжаликлари, агрофирмалар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакилларининг кўргазмаларга келиш жадвали, шунингдек минтақалардан кўргазма иштирокчиларининг Тошкент шаҳрида бўлиши бўйича биркитилган масъул шахслар рўйхати 4-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалиги учун мини-технологиялар ва ихчам ускуналарнинг халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдосини ўтказишни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2006 йил 24 августдаги ПҚ-449-сон қарори билан ташкил этилган Республика агросаноат комплекси учун мини-технологиялар ва ихчам асбоб-ускуналарнинг Халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдосини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита Идоралараро комиссия, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси билан биргаликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш учун мини-технологиялар ҳамда ихчам асбоб-ускуналар, шунингдек қишлоқ хўжалиги техникаси, машиналар ва асбоб-ускуналарнинг етакчи жаҳон ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларини кўргазмаларда қатнашишга жалб этиш бўйича фаол реклама-ахборот ва ташкилий ишларни амалга оширсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги кўргазмалар иштирокчилари ўртасида шартнома асосида тарқатиш мақсадида Ўзбекистонда ва хорижда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги учун мини-технологиялар ва ихчам асбоб-ускуналарнинг муфассал каталогини нашр этсин.


6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон Фермерлари кенгаши билан биргаликда:

фермер хўжаликлари, агрофирмалар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан кўплаб талаб қилинадиган мини-технологиялар ва ихчам асбоб-ускуналар турлари бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига бир ҳафта муддатда тақдим этсинлар;

фермер хўжаликлари, агрофирмалар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакилларининг, шунингдек республика минтақаларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳалар ташаббускорларининг қатнашишини таъминласинлар ва контрактларни имзолашида кўмаклашсинлар.


7. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалиги учун мини-технологиялар ва ихчам ускуналарнинг халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдосини ўтказишни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2006 йил 24 августдаги ПҚ-449-сон қарорининг 7-бандида назарда тутилган имтиёзлар "Uzbekistan Agrominitech Expo-2014" кўргазмасида иштирок этиш доирасида, шунингдек кўргазма-савдо давомида тузилган контрактларни бажариш юзасидан қишлоқ хўжалиги учун мини-технологиялар ва ихчам асбоб-ускуналарни четдан келтирувчи ташкилотларга татбиқ этилади.


8. Ўзбекистон Республикаси хўжалик юритувчи субъектларига "Uzbekistan Agrotechmash Expo-2014" кўргазмаси доирасида тузилган контрактлар бўйича қишлоқ хўжалиги техникаси, машиналар ва асбоб-ускуналарни тендер савдолари ўтказмасдан сотиб олишга истисно тартибида рухсат этилсин.


9. Идоралараро комиссия Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда "Uzbekistan Agrotechmash Expo-2014" кўргазмаси натижаларига кўра 2014 йил 30 июнгача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалигига етказиб бериш учун жаҳондаги энг яхши ишлаб чиқарувчилардан халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган техниканинг замонавий ва юқори унумли турларини танлаб олиш юзасидан таклифлар киритсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги буюртманомаларига биноан кўргазмаларнинг хорижий иштирокчиларига кириш визаларининг консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги кўргазмалар ўтказиладиган, шунингдек уларнинг иштирокчилари яшайдиган жойларда жамоат тартиби ва ёнғин хавфсизлигининг тўлов ундирилмасдан қўриқланишини таъминласин.


12. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси:

кўргазмалар иштирокчиларини "Тошкент" аэропортида кутиб олиш ва кузатиб қўйишларни ташкил этиш штаби ишлари мувофиқлаштирилишини, бунда штабнинг зарур миқдорда ташкилий-техника ва алоқа воситалари билан жиҳозланишини, шунингдек "Тошкент" аэропортида уларга транспорт хизмати кўрсатилиши назарда тутилишини;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги буюртманомаларига биноан кўргазмага юборилаётган кўргазма юкларининг имтиёзли юк тарифлари бўйича ташилишини, белгиланган юк тарифларидан 30 фоизли чегирма берилишини, юкларнинг "Тошкент" аэропортида ишланиши ва сақланиши учун йиғимлар тўловидан озод қилинишини;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг буюртманомаларига биноан "Uzbekistan Agrominitech Expo-2014" ва "Uzbekistan Agrotechmash Expo-2014" кўргазмалари иштирокчилари учун авиачипталарнинг банд қилиниши ва сотилишини;

кўргазмалар иштирокчиларига "Тошкент" аэропортининг СIP залида тўлов ундирилмасдан хизматлар кўрсатилишини;

аэропорт биноси хоналарининг "Uzbekistan Agrominitech Expo-2014" ва "Uzbekistan Agrotechmash Expo-2014" кўргазмалари реклама кўрсаткичлари билан жиҳозланишини таъминласин.


13. "Ўзбекистон темир йўллари" компанияси:

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги тизимига кирувчи ташкилотларнинг ҳамда "Uzbekistan Agrominitech Expo-2014" ва "Uzbekistan Agrotechmash Expo-2014" кўргазмалари иштирокчиларининг буюртманомаларига биноан кўргазмага юборилаётган кўргазма юкларининг имтиёзли тарифлар бўйича ташилишини, белгиланган ставкаларнинг камида 30 фоизи миқдорида чегирма берилишини, белгиланган манзилга етказиб беришнинг ва темир йўлда кўргазмага олиб келинаётган юкларни тушириш учун вагонларнинг йиғимлар ундирилмасдан ўз вақтида беришнинг тезкор кузатиб турилишини;

кўргазмага келаётган вагонларнинг бўш туриб қолганлиги учун тўловлардан озод қилишни таъминласин.


14. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги кўргазмаларга тайёргарлик ва кўргазмалар ишларининг матбуот ва электрон оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, интернет-нашрларда кенг ёритилишини таъминласинлар.


15. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг буюртманомаларига биноан "Uzbekistan Agrominitech Expo-2014" ва "Uzbekistan Agrotechmash Expo-2014" кўргазмаларига келувчилар учун шартнома асосида, имтиёзли шартларда маълумотнома-ахборот буклетлари ҳамда сумкалар тайёрланишини таъминласин.


16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                        Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 19 май, 20-сон, 228-модда