язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Халқаро кўргазмалар, танловлар, савдолар, кимошди савдолари, ярмаркалар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.08.2012 й. 245-сон "Қишлоқ хўжалиги техникаси, машиналари ва асбоб-ускуналарининг "Uzbekistan AGROTECHMASH EXPO-2012" халқаро ихтисослаштирилган кўргазмасини ўтказишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.08.2012 й.

N 245


ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ТЕХНИКАСИ,

МАШИНАЛАРИ ВА АСБОБ-УСКУНАЛАРИНИНГ

"UZBEKISTAN AGROTECHMASH EXPO-2012" ХАЛҚАРО

ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН КЎРГАЗМАСИНИ ЎТКАЗИШНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2012 - 2016 йилларда Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш дастури тўғрисида" 2012 йил 21 майдаги ПҚ-1758-сон қарорини бажариш юзасидан, шунингдек қишлоқ хўжалигини жаҳон талабларига ва стандартларига жавоб берадиган, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологик асбоб-ускуналар билан таъминлаш даражасини тубдан ошириш, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш учун хорижий инвестицияларни, энг аввало, етакчи чет эл компанияларининг тўғридан-тўғри инвестицияларини кенг жалб этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 майдаги ПҚ-1758-сон қарори билан ташкил этилган Идоралараро комиссиянинг (кейинги ўринларда Идоралараро комиссия деб аталади), Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг "Ўзэкспомарказ" Миллий кўргазма марказининг кўргазма майдонлари негизида 2012 йил 10 октябрдан 12 октябргача Қишлоқ хўжалиги техникаси, машиналари ва асбоб-ускуналарининг "Uzbekistan AGROTECHMASH EXPO-2012" халқаро ихтисослаштирилган кўргазмасини (кейинги ўринларда кўргазма деб аталади) ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар:

Қишлоқ хўжалиги техникаси, машиналари ва асбоб-ускуналарининг "Uzbekistan AGROTECHMASH EXPO-2012" халқаро ихтисослаштирилган кўргазмасини ўтказишнинг тематик режаси 1-иловага* мувофиқ;

ҳар кунлик тематик семинарларни ўтказишнинг намунавий сценарийси 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


3. Белгилаб қўйилсинки, "Ўзэкспомарказ" Миллий кўргазма марказининг кўргазма майдонлари иштирокчиларга 3-иловага* мувофиқ имтиёзли шартларда берилади, кўргазма стендларини қуриш ва қўшимча кўргазма ускуналарини тақдим этиш ва хизматлар кўрсатиш белгиланган нормативларга мувофиқ амалга оширилади.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, агрофирмалар ва фермер хўжаликлари раҳбарларининг кўргазмага ташрифини таъминласинлар.


5. Идоралараро комиссия Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси билан биргаликда етакчи қишлоқ хўжалиги техникаси, машиналари ва асбоб-ускуналари ишлаб чиқарувчиларини, шу жумладан, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни кўргазмада қатнашишга жалб этиш юзасидан фаол реклама-ахборот ишларини ва ташкилий ишларни амалга оширсин.


6. Ўзбекистон Республикаси резидентларига кўргазмада тузилган контрактлар бўйича қишлоқ хўжалиги техникаси, машиналари ва асбоб-ускуналарини тендер савдолари ўтказмасдан харид қилишга истисно тариқасида рухсат берилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда кўргазманинг сифатли ўтказилишини ва кўргазма доирасида тузилган контрактларнинг рўйхатга олинишини таъминласин.


8. Идоралараро комиссия Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан биргаликда кўргазма натижаларига кўра ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалигига етказиб бериш учун энг яхши жаҳон намуналарига мос келадиган ҳамда халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган техниканинг замонавий ва юқори унумли турларини танлаб олиш юзасидан 2012 йил 31 октябргача бўлган муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналарининг буюртманомаларига кўра кўргазманинг хорижий иштирокчиларига кириш визаларининг консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирмасдан тезкорлик билан расмийлаштирилишини таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги кўргазма ўтказиладиган, шунингдек кўргазма иштирокчилари яшайдиган жойларда жамоат тартиби ва ёнғин хавфсизлигини тўлов ундирмасдан таъминласин.


11. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси:

"Тошкент" аэропортида кўргазма иштирокчиларини кутиб олишни ва кузатиб қўйишни, уларга транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш бўйича фаолият кўрсатаётган штабнинг ишлари мувофиқлаштирилишини таъминласин, уни зарур миқдорда ташкилий техника ва алоқа воситалари билан жиҳозлашни назарда тутсин;

кўргазма иштирокчиларига манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг ўз вақтида тақдим этилган буюртманомаларига кўра авиачипталар банд қилиб қўйилишини ва сотилишини таъминласин;

"Тошкент" аэропортида кўргазма иштирокчиларига СIP зали орқали хизмат кўрсатилишини, шунингдек кўргазма юкларининг юклаб-туширилишини тўлов ундирмасдан таъминласин;

аэропорт биноси хоналарининг кўргазмани ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита томонидан тақдим этилган кўргазма рекламалари билан безатилишини таъминласин.


12. "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компанияси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, кўргазмада иштирок этадиган қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналарининг буюртманомаларига кўра кўргазмага юборилаётган кўргазма юкларининг белгиланган ставкаларнинг камида 30 фоизи миқдорида чегирма билан махсус имтиёзли тарифлар бўйича ташилишини, тўлов ундирмасдан юкларнинг белгиланган манзилга етказиб берилиши ва кўргазмага темир йўлда олиб келинаётган юкларни тушириш учун вагонларнинг ўз вақтида қўйилиши тезкор кузатиб турилишини таъминласин.


13. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги кўргазма ишларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласинлар.


14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.У. Розуқулов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                              Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 33-34-сон, 392-модда