язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Эркин индустриал-иқтисодий зоналар. Махсус индустриал зоналар/ "Навоий" эркин индустриал-иқтисодий зонасининг маъмурий кенгаши тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.04.2009 й. 105-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2009 йил 9 апрелдаги

105-сон қарорига

1-ИЛОВА


"Навоий" эркин индустриал-иқтисодий

зонасининг маъмурий кенгаши тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Навоий" эркин индустриал-иқтисодий зонасининг маъмурий кенгаши (кейинги ўринларда Маъмурий кенгаш деб аталади) фаолият кўрсатиши тартибини белгилайди.


2. Маъмурий кенгаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан давлат органлари вакилларидан ташкил этиладиган коллегиал орган ҳисобланади.

Маъмурий кенгашнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


3. Маъмурий кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.



II. МАЪМУРИЙ КЕНГАШНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


4. Қуйидагилар Маъмурий кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

"Навоий" эркин индустриал-иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда "Навоий" ЭИИЗ деб аталади) фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш;

юқори технологик, жаҳон бозорларида рақобатбардошли маҳсулотларнинг кенг доирасини ишлаб чиқариш учун замонавий юқори унумли асбоб-ускуналар ва техника, технологик линиялар ва модуллар, инновация технологиялари жорий этилишини назарда тутадиган "Навоий" ЭИИЗни ўртача муддатли ва узоқ муддатли ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини белгилаш;

"Навоий" ЭИИЗ фаолият кўрсатиши билан боғлиқ масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

Дирекциянинг "Навоий" ЭИИЗни ривожлантириш бўйича асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаш ҳамда унинг фаолияти устидан назорат қилиш;

тасдиқланган мезонлар асосида "Навоий" ЭИИЗ ҳудудида ишлаб чиқаришни жойлаштиришда инвесторларнинг инвестиция буюртманомаларини кўриб чиқиш ва тегишли қарорлар қабул қилиш;

"Навоий" ЭИИЗнинг самарали фаолият кўрсатиши билан боғлиқ бошқа вазифалар.



III. МАЪМУРИЙ КЕНГАШНИНГ

ФУНКЦИЯЛАРИ ВА ҲУҚУҚЛАРИ


5. Юкланган вазифаларга мувофиқ Маъмурий кенгаш қуйидаги функцияларни амалга оширади:

"Навоий" ЭИИЗни ўртача муддатли ва узоқ муддатли ривожлантириш ҳамда унинг фаолият кўрсатиши самарадорлигини оширишнинг стратегик йўналиши бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

"Навоий" ЭИИЗнинг самарали фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган йиллик инвестиция дастурлари ва бошқа ташкилий-техник тадбирларни тасдиқлайди, шунингдек уларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқади;

"Навоий" ЭИИЗнинг бош режасини кўриб чиқади ва марказлаштирилган манбалар ҳисобига молиялаштириладиган "Навоий" ЭИИЗнинг ишлаб чиқариш инфратузилмасини қуриш лойиҳаларини тасдиқлайди;

"Навоий" ЭИИЗни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни, "Навоий" ЭИИЗни ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш манбаларини ва маблағлардан фойдаланиш тартибини тасдиқлайди;

давлат мулки бўлган ер участкалари, бинолар ва иншоотларнинг ижара қийматини белгилаш йўли билан "Навоий" ЭИИЗ фаолиятининг бутун даври мобайнида "Навоий" ЭИИЗ ҳудудидан фойдаланиш ва бошқаришни амалга оширади, ер участкалари, бинолар ва ишноотларни ижарага бериш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан "Навоий" ЭИИЗ фаолият кўрсатишининг белгиланган тартибига риоя қилиниши устидан мониторинг олиб боради;

тасдиқланган инвестиция дастурлари ва бошқа ташкилий-техник тадбирлар асосида "Навоий" ЭИИЗ дирекциясининг амалий саъй-ҳаракатлари режасини тасдиқлайди;

қабул қилинган қарорлар Дирекция томонидан ўз вақтида ижро этилиши, шунингдек "Навоий" ЭИИЗнинг мустақил бюджети ва "Навоий" ЭИИЗни ривожлантириш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат қилади ва мониторинг олиб боради;

"Навоий" ЭИИЗ дирекцияси директорини тайинлайди, у билан меҳнат шартномаси тузади ва унинг фаолияти тартибини белгилайдиган ҳужжатларни тасдиқлайди;

"Навоий" ЭИИЗ дирекцияси штат жадвалини ва унинг харажатлари сметасини тасдиқлайди;

"Навоий" ЭИИЗ дирекциясига "Навоий" ЭИИЗ хўжалик фаолияти қатнашчилари билан тегишли ижара шартномаси тузиш ваколатини беради;

ҳар чораклик асосида директорнинг "Навоий" ЭИИЗ дирекцияси молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитади;

"Навоий" ЭИИЗда жойлаштириш учун инвесторларни танлайди, инвестициялаш тўғрисидаги битимларнинг асосий шартларини белгилайди;

қабул қилинган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда инвестициялаш тўғрисидаги битимларни муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилади.

Маъмурий кенгаш унинг ваколатига киритилган бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.


6. Маъмурий кенгаш ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун:

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралардан, хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан Маъмурий кенгашнинг ваколатига тегишли бўлган маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакилларининг, шунингдек Маъмурий кенгаш аъзоларининг Маъмурий кенгаш ваколатига тегишли масалалар бўйича ҳисоботлари ва маърузаларини мажлисларда эшитиш;

кенгаш фаолиятининг энг муҳим масалалари ва унга юкланган вазифаларни амалга ошириш бўйича таклифларни ўрганиш ва тайёрлаш учун ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

халқаро эътироф этилган компанияга "Навоий" ЭИИЗни бошқариш бўйича ҳуқуқларни шартнома асосида бериш учун бундай компанияни танловда танлаш тартиби ва шартларини белгилаш;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралардан, хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, шунингдек "Навоий" ЭИИЗ ҳудудида ишлаб чиқаришни жойлаштириш учун инвестиция буюртманомалари берадиган инвесторлардан таклиф этилаётган лойиҳа билан боғлиқ статистик маълумотларни ва бошқа маълумотларни сўраш ҳуқуқига эга.

Маъмурий кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



IV. МАЪМУРИЙ КЕНГАШ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


7. Маъмурий кенгашга раис бошчилик қилади, унинг ваколатига қуйидагилар киради:

Маъмурий кенгаш мажлислари кун тартибини белгилаш ва уларни чақириш;

Маъмурий кенгаш томонидан қабул қилинган қарорлар бажарилиши назорат қилинишини ташкил этиш;

юкланган вазифалар бўйича Маъмурий кенгаш аъзоларининг ишини мувофиқлаштириш;

Маъмурий кенгашнинг самарали ишлашини таъминлаш юзасидан бошқа саъй-ҳаракатларни бажариш.


8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Маъмурий кенгашнинг ишчи органи (кейинги ўринларда ишчи орган деб аталади) ҳисобланади.


9. Маъмурий кенгашнинг ишчи органи:

Маъмурий кенгашнинг навбатдаги мажлисига барча зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди ҳамда унга "Навоий" ЭИИЗ дирекциясидан, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралардан, хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан ва Маъмурий кенгаш аъзоларидан зарур материаллар ва эксперт хулосаларни олиш ҳуқуқи берилади;

кун тартиби масалалари бўйича таҳлилий материаллар тайёрланишини ташкил этади ва кўриб чиқиш учун уларни Маъмурий кенгашга тақдим этади;

Маъмурий кенгашнинг қарорларига мувофиқ бошқа материалларни Маъмурий кенгашнинг кўриб чиқиши учун тақдим этади.


10. Маъмурий кенгаш ўз мажлисини заруриятга кўра, бироқ йил чорагида камида бир марта ўтказади.


11. Мажлисни Маъмурий кенгаш раиси ўтказади, у бўлмаганда эса - у томонидан ваколат берилган Маъмурий кенгаш раисининг ўринбосари ўтказади.

Маъмурий кенгаш мажлиси, агар рўйхатдан ўтказиш тамом бўлиш пайтида мажлисда қатнашиш учун кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми рўйхатдан ўтган бўлса ҳуқуқий ваколатли бўлади (кворумга эга бўлади).


12. Маъмурий кенгашнинг қарори мажлисда қатнашаётган аъзоларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда Маъмурий кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Маъмурий кенгашнинг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўз фикрини ёзма ифодалаш ҳуқуқига эга.

Маъмурий кенгаш раиси қарорлар тезкор қабул қилиниши мақсадида комиссия аъзолари билан келишилган айрим масалалар бўйича сўров ўтказиш йўли билан кенгашнинг қарорини тасдиқлаши мумкин.


13. Маъмурий кенгаш қарорлари Маъмурий кенгаш мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Маъмурий кенгаш мажлисининг баённомасига унинг барча аъзолари виза қўяди, котиб томонидан имзоланади, Маъмурий кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда Маъмурий кенгаш аъзоларига ва манфаатдор ташкилотларга юборилади.

Маъмурий кенгаш баённомасининг асл нусхаси ва унга оид материаллар ишчи органда сақланади.


14. Маъмурий кенгаш қарорлари бажарилишини назорат қилиш ишчи орган томонидан амалга оширилади.


15. Ишчи орган Маъмурий кенгаш қарорлари бажарилишини мунтазам равишда ўрганади ва кўриб чиқади, зарурият бўлса Маъмурий кенгаш раисига тегишли таклифларни киритади.


16. Маъмурий кенгаш аъзоларидан бирининг ташаббуси билан навбатдан ташқари мажлис ўтказилиши мумкин. Маъмурий кенгашнинг навбатдан ташқари мажлисини ўтказиш тўғрисидаги асосланган талаб ёзма шаклда ишчи органга юборилади.


17. Навбатдаги мажлисда кўриб чиқиш учун Маъмурий кенгаш кун тартибига киритилган масалалар ишчи орган томонидан мажлис ўтказилишидан олдин 5 кундан кечикмай Маъмурий кенгашнинг ҳар бир аъзосига юборилади.


18. Кун тартиби ўзгарган тақдирда ишчи орган Маъмурий кенгашнинг ҳар бир аъзосини мажлис бошланишидан олдин уч кундан кечикмай бундан ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилади.


19. Маъмурий кенгаш "Навоий" ЭИИЗ тугатилгандан кейин белгиланган тартибда ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан муддатидан олдин ўз фаолиятини тўхтатади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 15-сон, 189-модда.