язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Эркин индустриал-иқтисодий зоналар. Махсус индустриал зоналар/ Ўзбекистон Республикасининг 14.06.1991 й. 285-XII-сон "Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

14.06.1991 й.

N 285-XII



ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТ ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


1-модда. Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари


Ушбу Қонун ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, унинг иқтисодий суверенитети ва иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, миллий иқтисодиёт ривожини рағбатлантириш, мамлакат иқтисодиётининг жаҳон иқтисодий тизимига интеграциялашуви учун шарт-шароитлар яратишдан иборатдир.



2-модда. Ташқи иқтисодий фаолият

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолият тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Ташқи иқтисодий фаолият


Ташқи иқтисодий фаолият деганда Ўзбекистон Республикаси юридик ва жисмоний шахсларининг хорижий давлатларнинг юридик ва жисмоний шахслари, шунингдек халқаро ташкилотлар билан ўзаро фойдали иқтисодий алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантиришга қаратилган фаолияти тушунилади.

Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган юридик шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлган ва якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинган жисмоний шахслар ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланишга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишлари мумкин.



4-модда. Ташқи иқтисодий фаолиятнинг

асосий принциплари


Ташқи иқтисодий фаолиятнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг эркинлиги ва иқтисодий мустақиллиги;

ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг тенглиги;

савдо-иқтисодий муносабатларни амалга оширишда камситишларга йўл қўйилмаслиги;

ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишдан ўзаро манфаатдорлик;

ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари давлат томонидан

ҳимоя қилиниши.


5-модда. Ташқи иқтисодий фаолият субъектлари


Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари ташқи иқтисодий фаолият субъектлари ҳисобланадилар.



6-модда. Ташқи иқтисодий фаолият объектлари

Олди-сотди ёки айирбошлаш объекти бўлган товарлар, ишлар (хизматлар), ҳар қандай мол-мулкка, шу жумладан, қимматли қоғозлар, валюта қимматликларига, электр, иссиқлик энергияси ва бошқа турдаги энергияга, транспорт воситаларига, интеллектуал мулк объектларига нисбатан, ташқи иқтисодий фаолиятда фойдаланилиши қонун ҳужжатлари билан тақиқланганларини истисно этганда, ташқи иқтисодий фаолият амалга оширилиши мумкин.



7-модда. Ташқи иқтисодий фаолият

субъектларининг ҳуқуқлари


Ташқи иқтисодий фаолият субъектлари бундай фаолиятни амалга оширишда тенг ҳуқуқларга эгадир.

Ташқи иқтисодий фаолият субъектлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонун ҳужжатлари доирасида ташқи иқтисодий фаолиятда қатнашиш шаклларини мустақил белгилаш, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун ўз хоҳишига кўра бошқа юридик ва жисмоний шахсларни шартнома асосида белгиланган тартибда жалб қилиш;

ташқи иқтисодий фаолият натижаларига, шу жумладан, миллий ва чет эл валютасидаги даромадга қонун ҳужжатларига мувофиқ мустақил равишда эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш.

Ташқи иқтисодий фаолият субъектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



8-модда. Ташқи иқтисодий фаолият

субъектларининг мажбуриятлари


Ташқи иқтисодий фаолият субъектлари:

ташқи иқтисодий фаолият тўғрисидаги ҳисоботни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этиши;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган товарларнинг Ўзбекистонда белгилаб қўйилган техникавий, фармакология, санитария, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария, экология стандартлари, талаблари, қоидалари ва нормаларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларни белгиланган тартибда тақдим этиши шарт.

Ташқи иқтисодий фаолият субъектлари зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



9-модда. Ташқи иқтисодий фаолиятнинг

асосий йўналишлари


Ташқи иқтисодий фаолиятнинг асосий йўналишлари қуйидагилардир:

халқаро иқтисодий ва молиявий ҳамкорлик;

ташқи савдо фаолияти;

чет эл инвестицияларини жалб қилиш;

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги инвестиция фаолияти.


10-модда. Халқаро иқтисодий ва молиявий ҳамкорлик


Халқаро иқтисодий ва молиявий ҳамкорлик ишлаб чиқариш, молия, банк ва суғурта фаолияти, таълим ва кадрларни тайёрлаш, туризм, соғлиқни сақлаш, илмий-техникавий, маданий, экология, гуманитар ва бошқа соҳаларда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг хорижий давлатларнинг юридик ва жисмоний шахслари, шунингдек халқаро ташкилотлар билан ўзаро фойдали алоқаларни ўрнатиши ва кенгайтиришга қаратилган ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишдир.



11-модда. Ташқи савдо фаолияти

Ташқи савдо фаолияти халқаро товарлар, ишлар (хизматлар) савдоси соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятидир.

Ташқи савдо фаолияти товарларни, ишларни (хизматларни) экспорт ва импорт қилиш йўли билан амалга оширилади.

Товарларнинг Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан уларни қайта олиб кириш тўғрисидаги мажбуриятни олмасдан олиб чиқиб кетилиши, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, товарлар экспортидир.

Товарларнинг Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига уларни қайта олиб чиқиб кетиш тўғрисидаги мажбуриятни олмасдан олиб кирилиши товарлар импортидир.

Ўзбекистон Республикасининг юридик ёки жисмоний шахси томонидан хорижий давлатнинг юридик ёки жисмоний шахси учун ишлар бажариш (хизматлар кўрсатиш), уларнинг бажарилиш (кўрсатилиш) жойидан қатъи назар, ишлар (хизматлар) экспортидир.

Хорижий давлатнинг юридик ёки жисмоний шахси томонидан Ўзбекистон Республикасининг юридик ёки жисмоний шахси учун ишлар бажариш (хизматлар кўрсатиш), уларнинг бажарилиш (кўрсатилиш) жойидан қатъи назар, ишлар (хизматлар) импортидир.



12-модда. Чет эл инвестицияларини жалб қилиш


Чет эллик инвесторлар томонидан тадбиркорлик фаолияти объектларига ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятнинг бошқа турларига киритилаётган моддий ва номоддий неъматларнинг барча турлари ҳамда уларга бўлган ҳуқуқлар, шу жумладан, интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқлар, шунингдек чет эл инвестицияларидан олинадиган ҳар қандай даромад Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл инвестициялари деб эътироф этилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл инвестицияларини амалга ошириш шакллари ва тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


13-модда. Ўзбекистон Республикасидан

ташқаридаги инвестиция фаолияти


Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги тадбиркорлик ва бошқа фаолият объектларига моддий ва номоддий неъматларни ҳамда уларга бўлган ҳуқуқларни қўйиш билан боғлиқ ташқи иқтисодий фаолият субъектлари ҳаракатларининг йиғиндиси Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги инвестиция фаолияти деб эътироф этилади.

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги инвестиция фаолияти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги йўллар билан амалга оширилиши мумкин:

юридик шахслар ташкил этиш ёки устав фондларида (капиталларида) улушбай асосда, шу жумладан, мол-мулк ва акциялар сотиб олиш йўли билан қатнашиш;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ваколатхоналар, филиаллар ва бошқа алоҳида бўлинмалар таъсис этиш;

қимматли қоғозларни, шу жумладан, хорижий давлатларнинг резидентлари томонидан тасдиқланган қарз мажбуриятларини сотиб олиш;

концессияларни, шу жумладан, табиий ресурсларни қидириш, излаб топиш, қазиб олиш ёхуд улардан фойдаланишга мўлжалланган концессияларни қўлга киритиш;

мулк ҳуқуқини, шунингдек ерга ҳамда бошқа табиий ресурсларга эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритиш.

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги инвестиция фаолияти хорижий давлатнинг қонун ҳужжатларида ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.



14-модда. Хорижий давлатларнинг ва улар юридик

шахсларининг Ўзбекистон Республикаси

ҳудудидаги ваколатхоналари


Ўзбекистон Республикасида хорижий давлатларнинг савдо-иқтисодий масалалар бўйича ваколатхоналари Ўзбекистон Республикаси тегишли хорижий давлатлар билан тузадиган халқаро шартномалар асосида таъсис этилади.

Ажнабий юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатхоналар очишга ҳақлидирлар.


15-модда. Ташқи иқтисодий фаолият субъектлари

ҳуқуқ ва манфаатларининг кафолатлари


Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланишини кафолатлайди.

Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилаётган фаолиятига аралашишга шунингдек ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда улардан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиб олишга ҳақли эмас.

Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг ушбу Қонунда белгиланган ҳуқуқларини бузувчи ҳужжатлар қабул қилган тақдирда, уларга етказилган зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларига мувофиқ қопланади.


16-модда. Ахборот олиш эркинлиги


Ташқи иқтисодий фаолият субъектлари ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги ўз ҳуқуқлари ва манфаатларига дахлдор бўлган ва маҳфий тусда бўлмаган ахборотларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат органларидан олишга ҳақлидир. Ахборотнинг маҳфийлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланади.

Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солувчи ва умуммажбурий тусдаги қонун ҳужжатлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши ва ташқи иқтисодий фаолият субъектлари улардан эркин фойдалана олишлари шарт.


17-модда. Ташқи иқтисодий фаолиятни давлат

томонидан тартибга солиш


Ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:

ташқи иқтисодий фаолиятнинг қонунчилик негизини шакллантириш ва такомиллаштириш;

валюта билан тартибга солиш;

солиқ билан тартибга солиш;

тариф ва нотариф тартибга солиш;

Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларига риоя этилиши учун ҳимоя, компенсация ва демпингга қарши чораларни қўллаш;

ташқи савдо фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилаш, шу жумладан, миқдорий чекловлар ўрнатиш ҳамда товарларнинг айрим турлари экспорт ва импорт қилиниши устидан давлат монополиясини ўрнатиш;

экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб қилинадиган ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхатини белгилаш;

ўз хосса ҳамда хусусиятларига кўра ялпи қирғин қуролини (ядровий, кимёвий, бактериологик (биологик) ва заҳарловчи қурол) ҳамда уни етказиб бериш воситаларини (ракеталар ва ялпи қирғин қуролини етказиб беришга қодир бошқа техника воситаларини), бошқа турдаги қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техникани яратишда муҳим ҳисса қўшиши мумкин бўлган, экспорт назорати объектлари рўйхатларида кўрсатилган товарлар, асбоб-ускуналар, илмий-техника ахбороти, ишлар ва хизматлар, интеллектуал фаолият натижаларига нисбатан экспорт назоратини ўрнатиш;

олиб кириладиган ва олиб чиқиладиган товарларни сертификатлаш;

техникавий, фармакология, санитария, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария, экология стандартлари, талаблари, қоидалари ва нормаларини белгилаш;

ташқи иқтисодий фаолият субъектлари учун преференция ва имтиёзлар бериш.

Ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқача усулларда ҳам амалга оширилиши мумкин.



18-модда. Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш соҳасида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий хавфсизлигини, иқтисодий мустақиллиги ва иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди;

ташқи иқтисодий фаолият соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузади;

Ўзбекистон Республикасининг тўлов балансини ишлаб чиқади;

чет элдан олинадиган кредитлар учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолатларини беради.

Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги мулкига эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



19-модда. Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга

солиш соҳасидаги ваколатли давлат органи

Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги:

ташқи савдо фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқади ва унинг амалга оширилишини таъминлайди;

ташқи савдо фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги давлат бошқаруви органлари ишини мувофиқлаштиради;

қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлари доирасида ташқи савдо фаолияти субъектлари фаолиятини мувофиқлаштиради ва тартибга солиб туради;

ташқи савдо фаолияти соҳасига оид қонунчилик базасини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси:

инвестициялар бўйича ягона давлат сиёсатини шакллантиради ва унинг амалга оширилишини ҳамда чет эл инвестициялари жалб қилинишини таъминлайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг чет эл инвестицияларини жалб қилиш бўйича асосий йўналишларни белгилаш ва уни амалга оширишга, шунингдек халқаро молия институтлари ва чет эллик инвесторлар билан инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни амалга оширишга доир фаолиятини мувофиқлаштиради;

инвестиция фаолиятига оид қонунчилик базасини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



20-модда. Экспорт, импортни тақиқлаш ҳамда чеклаш


Ўзбекистон Республикасида қонун ҳужжатлари билан товарлар экспорти, импортини тақиқлаш ҳамда чеклаш белгиланиши мумкин ва улар қуйидаги мақсадларни кўзлайди:

миллий хавфсизликни таъминлаш;

фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;

ижтимоий ахлоқ-одобга ва ҳуқуқ-тартиботга риоя этиш;

Ўзбекистон Республикаси халқининг маданий меросини сақлаш;

маданий бойликларни ноқонуний олиб чиқиш, олиб кириш ва уларга бўлган мулк ҳуқуқларини бошқага ўтказишдан ҳимоя қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг тўлов балансини сақлаб туриш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш;

тиклаб бўлмайдиган табиий ресурслар тугатилишининг олдини олиш;

Ўзбекистон Республикасининг бошқа манфаатларини ҳимоя қилиш.


21-модда. Товарлар айрим турларининг экспорт

ва импортини лицензиялаш ҳамда квоталаш


Товарларнинг айрим турларини экспорт ва импорт қилиш фақат уларни олиб кириш ёки олиб чиқиш учун тегишли рухсатнома (лицензия) олинганидан кейин амалга оширилади. Товарлар айрим турларининг экспорти ва импортини амалга ошириш учун лицензиялар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган органлар томонидан берилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси айрим товарлар турларини экспорт ва импорт қилишга нисбатан миқдорий чекловлар (квоталар) белгилаши мумкин.

Квоталарни тақсимлаш, қоида тариқасида, танлов ёки кимошди савдоси асосида амалга оширилади.

Экспорт ва импорт қилиниши лицензияланиши ҳамда квоталаниши зарур бўлган товарлар айрим турларининг рўйхати, шунингдек лицензияларни бериш ва квоталарни тақсимлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



22-модда. Экспорт назорати

Ўз хосса ҳамда хусусиятларига кўра ялпи қирғин қуролини (ядровий, кимёвий, бактериологик (биологик) ва заҳарловчи қурол) ҳамда уни етказиб бериш воситаларини (ракеталар ва ялпи қирғин қуролини етказиб беришга қодир бошқа техника воситаларини), бошқа турдаги қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техникани яратишда муҳим ҳисса қўшиши мумкин бўлган, экспорт назорати объектлари рўйхатларида кўрсатилган товарлар, асбоб-ускуналар, илмий-техника ахбороти, ишлар ва хизматлар, интеллектуал фаолият натижаларига нисбатан ташқи иқтисодий фаолият амалга оширилаётганда Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек халқаро мажбуриятларга риоя этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида экспорт назорати тизими амал қилади. Экспорт назорати объектлари рўйхатлари, шунингдек уларни олиб чиқиш ва улардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


23-модда. Ўзбекистон Республикасининг ҳамда

ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг

иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш


Хорижий давлат томонидан Ўзбекистон Республикасининг ва ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг иқтисодий манфаатларини бузувчи чоралар қабул қилинган тақдирда, шунингдек ушбу давлат халқаро шартномаларга кўра Ўзбекистон Республикаси олдида қабул қилган ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормалари ва принципларига мувофиқ ташқи иқтисодий фаолият соҳасида жавоб чораларини киритишга ҳақлидир.


24-модда. Муҳофаза чоралари

Товар импортининг кўпайганлигига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан муҳофаза чоралари қўлланилиши мумкин.

Муҳофаза чораларининг қўлланилиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


25-модда. Антидемпинг божлари

Демпинг нархларидаги товар импортига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан антидемпинг божлари қўлланилиши мумкин.

Антидемпинг божларининг қўлланилиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


26-модда. Компенсация божлари

Субсидия билан таъминланган товар импортига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан компенсация божлари қўлланилиши мумкин.

Компенсация божларининг қўлланилиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


27-модда. Олиб кирилаётган товарларга қўйиладиган

техникавий, фармакология, санитария, ветеринария,

ветеринария-санитария, фитосанитария ва экология

стандартлари, талаблари, қоидалари ва нормалари

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган товарлар Ўзбекистон Республикасида белгиланган техникавий, фармакология, санитария, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария ва экология стандартлари, талаблари, қоидалари ва нормаларига мувофиқ бўлиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига:

ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган стандартлар, талаблар, қоидалар ва нормаларга мос келмайдиган товарларни;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда сертификатга, маркировкага ёки мувофиқлик белгисига эга бўлмаган товарларни олиб кириш тақиқланади.



28-модда. Эркин иқтисодий зоналар


Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида эркин иқтисодий зоналар учун ташқи иқтисодий фаолиятнинг алоҳида тартиби (божхона, валюта, солиқ ва бошқалар) ўрнатилиши мумкин бўлиб, у эркин иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солиб турилади.


29-модда. Эркин савдо


Ўзбекистон Республикаси божхона божлари, солиқлар ва уларга тенг кучга эга бўлган йиғимларни бекор қилишга, товарларни экспорт ва импорт қилишнинг миқдорий чекловларига, товарларнинг эркин ҳаракат қилиши йўлидаги бошқа тўсиқларни бекор қилишга қаратилган эркин савдо тўғрисида хорижий давлатлар билан халқаро шартномалар тузиши мумкин.


30-модда. Низоларни ҳал қилиш


Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисидаги шартномани амалга ошириш натижасида юзага келадиган низолар шартномада назарда тутилган тартибда ҳал қилинади. Шартномада низоларни ҳал қилишни тартибга солувчи қоидалар бўлмаган тақдирда, қўлланиладиган ҳуқуқ ва ҳал қилинадиган жой халқаро хусусий ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларига мувофиқ белгиланади.

Ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан низолари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади.



31-модда. Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 2000 йил, 5-6-сон, 148-модда