язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Эркин индустриал-иқтисодий зоналар. Махсус индустриал зоналар/ Махсус индустриал зоналар (МИЗ)/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.12.2014 й. ПҚ-2269-сон "Ангрен" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида резинотехника буюмлари заводи қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

04.12.2014 й.

N ПҚ-2269


"АНГРЕН" ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАСИ

ҲУДУДИДА РЕЗИНОТЕХНИКА БУЮМЛАРИ

ЗАВОДИ ҚУРИЛИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ва автомобиль шиналари, конвейер ленталари ишлаб чиқарилишини ташкил этиш ва шунинг асосида республиканинг юқори технологияли саноат корхоналарини рақобатбардош маҳсулотлар билан таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

"Ангрен" ЭИЗ ҳудудида конвейер ленталари, қишлоқ хўжалиги ва автомобиль шиналари ишлаб чиқаришни ташкил этиш" инвестиция лойиҳасининг дастлабки техник-иқтисодий асоси белгиланган тартибда тасдиқланганлиги;

тўғридан-тўғри музокаралар натижаларига кўра "Ўзкимёсаноат" ДАКнинг "Резинотехника буюмлари заводи қурилиши дирекцияси" МЧЖ ҳамда "Poly Technologies Inc." (ХХР) компанияси ўртасида қиймати 183,96 млн. АҚШ долларига тенг бўлган бир йилда 100 минг погон метр конвейер ленталари, 200 минг дона қишлоқ хўжалиги шиналари ва 3 000 минг дона автомобиль шиналари ишлаб чиқарадиган заводни фойдаланишга тайёр ҳолда қуриш тўғрисида шартнома тузилганлиги;

"Ўзавтосаноат" АК "Дженерал Моторс" (АҚШ) компанияси билан "Джи Эм Узбекистан" АЖ томонидан ишлаб чиқариладиган автомобилларни ўзимизда ишлаб чиқариладиган автомобиль шиналари билан бутлаш тўғрисида келишувга эришганлиги, бунда ушбу маҳсулот "Дженерал Моторс" компаниясининг халқаро стандартлари ва талабларига мувофиқ сертификация ва лаборатория синовларидан муваффақиятли тарзда ўтиши шартлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат рақобат қўмитаси, "Ўзкимёсаноат" ДАК, "Ўзавтосаноат" АК, "Олмалиқ КМК" АЖ ҳамда "Навоий КМК" ДКнинг Дирекция устав фондини қиймати 30 млн. АҚШ долларига эквивалент бўлган миқдоргача ошириш, унда "Ўзкимёсаноат" ДАК 50 фоизли, "Ўзавтосаноат" АК 30 фоизли, "Олмалиқ КМК" АЖ ва "Навоий КМК" ДК 10 фоизли улушлар билан қатнашиши тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


3. Қуйидагилар "Ангрен" ЭИЗ ҳудудида конвейер ленталари, қишлоқ хўжалиги ва автомобиль шиналари ишлаб чиқаришни ташкил этиш" лойиҳасини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Дирекцияга шартнома қийматининг 15 фоизи миқдоридаги аванс тўловларини тўлаш учун "Асака" ДАТБ томонидан қайта молиялаштириладиган, 10 йил муддатга, шу жумладан 4 йил имтиёзли давр билан; йиллик 2,25 фоиз ставкали, қайта молиялаштирадиган банкнинг йиллик 0,25 фоизли маржасини ҳам ҳисобга олган ҳолда ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 27,60 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари;

шартнома қийматининг 85 фоиз тўловларини тўлаш учун "Асака" ДАТБ томонидан қайта молиялаштириладиган банкнинг йиллик 0,25 фоиз маржасини ҳам ҳисобга олган ҳолда 156,36 млн. АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли узоқ муддатли хорижий кредитлар маблағлари;

имтиёзли узоқ муддатли хорижий кредитларга, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда "Асака" ДАТБ кредитларига хизмат кўрсатиш бўйича фоизлар ва комиссияларни тўлаш, шунингдек бирламчи айланма капиталини шакллантириш, лойиҳа-қидирув ишларини олиб бориш, техник кузатиб бориш, экспертиза ва дирекциянинг таъминоти учун ишлатиладиган Дирекция таъсисчиларининг 30,0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари;

"Асака" ДАТБ Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва "Ўзкимёсаноат" ДАК билан бирга бир ой муддатда хорижий банклар ва бошқа молия институтлари билан мазкур лойиҳани биргаликда молиялаштириш учун имтиёзли узоқ муддатли кредитларни жалб этишни ўрганиб чиқсин.


4. Белгилаб қўйилсинки:

"Ўзкимёсаноат" ДАК қарз ва кредит маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳамда лойиҳани ўз вақтида амалга оширишга масъул ижрочи орган ҳисобланади;

"Ўзкимёсаноат" ДАКнинг "Резинотехника буюмлари заводи қурилиши дирекцияси" МЧЖ лойиҳа доирасида жалб этилаётган кредитлар бўйича қарз олувчи ҳисобланади ҳамда асосий қарзни қайтариш, фоизлар, воситачилик ҳақларини тўлаш билан боғлиқ харажатлар ва қарз бўйича бошқа харажатларни ўз маблағлари ҳамда "Ўзкимёсаноат" ДАК ҳузуридаги Кимё саноати ташкилотларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасидан жалб этилган маблағлар ҳисобидан қоплайди.


5. Ўзбекистон Республикаси молия вазири мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ҳамда хорижий банкларнинг жалб этилаётган валюта кредитлари юзасидан Дирекция мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг кафолатини беришга вакил этиб тайинлансин.


6. Ўзбекистан Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Дирекция билан "Poly Technologies Inc." компанияси ўртасида музокаралар якунларига кўра шакллантирилган қиймат асосида имзоланган шартнома бўйича хулосалар беришни таъминласин, бунда ортиб жўнатишдан олдинги инспекция ва нарх-наво экспертизаси механизмини қўллаган ҳолда лойиҳанинг амалга ошириб борилишига қараб ускуналар ва материалларни деталлаштириш ва спецификациясини экспертизадан ўтказиш шарт.


7. Ушбу лойиҳани амалга ошириш доирасида "Резинотехника буюмлари заводи қурилиши дирекцияси" МЧЖ ва "Ўзкимёсаноат" ДАКга:

"Poly Technologies Inc." компанияси билан биргаликда 2016 йилнинг 1 январигача қурилиш ишларини лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда олиб боришга;

конкурс танловлари асосида лойиҳа ечимларининг объектлар ишончлилиги ва хавфсизлиги, шунингдек техник назорати бўйича халқаро стандартларга ва "Дженерал Моторс" компаниясининг талабларига мувофиқлигини аниқлаш учун мустақил халқаро маслаҳатчиларни жалб этишга;

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда "Асака" ДАТБ билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида экспертизадан ўтган импорт шартномалари, шунингдек маҳаллий пудратчи ва таъминотчи ташкилотлар билан тузилган шартномалар бўйича лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси тасдиқлангунга қадар молиялаштиришни очишга рухсат берилсин.


8. "Ўзкимёсаноат" ДАК лойиҳанинг техник-иқтисодий асосининг ваколатли экспертиза органлари билан келишиб олинишини ва 2015 йилнинг 1 июлига қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси белгиланган тартибда лойиҳа бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизаси амалга оширилишини таъминлаб, қурилиш ишларининг бажарилиш сифати устидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.


10. "Ангрен" ЭИЗ ҳудудида конвейер ленталари, қишлоқ хўжалиги ва автомобиль шиналари ишлаб чиқаришни ташкил этиш" лойиҳасини амалга ошириш доирасида:

республикада ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар, машина ва механизмлар, бутловчи буюм ва узеллар, эҳтиёт қисмлар, хом ашё ва материаллар, технологик жиҳозлар, шунингдек "Poly Technologies Inc." компанияси ва унинг ёрдамчи пудратчи ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар асосида олиб келадиган ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва металл прокат учун 2020 йилнинг 1 октябрига қадар бож тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан;

2020 йилнинг 1 октябригача Дирекция ва "Poly Technologies Inc." компанияси ҳамда унинг ёрдамчи пудратчи ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар асосида ўзларининг доимий муассасалари орқали вақтинча олиб келадиган ускуналар, махсус техника, машина ва механизмлар учун даврий тўланадиган бож тўловларидан;

ёрдамчи пудратчи транспорт компаниялари - Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига кириш йиғимини тўлашдан ва Ўзбекистон Республикасининг умум фойдаланадиган автомобиль йўлларидан оғир юкли ва йирик габаритли транспорт воситаларининг юриши учун тўловлардан;

Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан бажариладиган иш (хизмат)лар, шунингдек маҳаллий таъминотчи ва ёрдамчи пудратчи ташкилотларнинг "Poly Technologies Inc." компаниясига амалда Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқилмасдан сотадиган товар (иш, хизмат)лар учун қўшилган қиймат солиғи тўлашдан;

"Poly Technologies Inc." компанияси ва унинг ёрдамчи пудратчи ташкилотлари, чет эл молия институтлари ва консалтинг компаниялари, шунингдек уларнинг доимий муассасалари - Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан тўланиши лозим бўлган барча солиқлардан (шу жумладан, тўлов манбаидан ундириладиган фойда солиғини тўлашдан);

Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган жисмоний шахслар - лойиҳани амалга ошириш доирасида олинадиган жисмоний шахсларнинг даромад солиғини тўлашдан;

кўрсатилаётган хизматлар, олиб келинаётган товарлар, ускуналар, машина ва механизмлар, бутловчи буюм ва узеллар, эҳтиёт қисмлар, хом ашё, материаллар ва технологик жиҳозларни Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органларида лицензиялаш ва сертификатлаш учун йиғимлар, давлат божлари ва тўловлар тўлашдан;

республикада тегишли аккредитация қилинган синов лабораториялари бўлмаган тақдирда, импорт қилинадиган ускуналар, асбоблар, хом ашё ва материаллар, истисно тариқасида, мажбурий сертификатлаш жараёнидан озод этилсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, "Ўзметкомбинат" АЖ, "Ўзқурилишматериаллари" АК ва "Ўзбекнефтгаз" МХК мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида "Ўзкимёсаноат" ДАКга тақдим этиладиган талабномалар бўйича "Poly Technologies Inc" компаниясига тўғридан-тўғри шартномалар асосида, эркин алмаштириладиган валютага, тартибга солинадиган нархда - цемент, келишилган нархда - металл прокати, биржа котировкасининг ўртача меъёрдаги нархларида ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ажратилишини ва сотилишини таъминласин.


12. Тошкент вилояти ҳокимлиги "Ангрен" ЭИЗ Маъмурий кенгашининг қарорига асосан резинотехника буюмлар заводининг қурилиши учун ер участкалари ажратиб берсин.


13. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун иловага* мувофиқ таркибда Ишчи гуруҳи ташкил этилсин, унинг зиммасига лойиҳани, шунингдек ушбу қарор талабларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган барча масалалар комплексини ўз вақтида ва тезкорлик билан ҳал этиш учун вазирликлар ва идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси юклатилсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги "Ўзкимёсаноат" ДАКнинг талабномаларига кўра, ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмаган ҳолда кўп марталик кириш визалари расмийлаштирилишини таъминласин.


15. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги "Ўзкимёсаноат" ДАКнинг талабномаларига кўра, ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга давлат божи ундирилмаган ҳолда кўп марталик кириш визалари бериш ва муддатини узайтириш, шунингдек вақтинчалик яшаш жойи бўйича вақтинчалик рўйхатга қўйиш ва муддатини узайтиришни белгиланган тартибда таъминласин.


16. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги "Ўзкимёсаноат" ДАКнинг талабномаларига кўра, ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи юқори малакали хорижий мутахассисларни Ўзбекистон Республикасига жалб қилишга рухсатномалар беришни (муддатини узайтиришни), шунингдек уларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига тасдиқнома беришни (муддатини узайтиришни) таъминласин.


17. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      И. Каримов



*) Илова рус тилидаги матнда берилган



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 22 декабрь, 51-сон, 602-модда