язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Эркин индустриал-иқтисодий зоналар. Махсус индустриал зоналар/ Махсус индустриал зоналар (МИЗ)/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.05.2013 й. 146-сон "Ангрен" МИЗ ҳудудида турли диаметрли мис қувурлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

29.05.2013 й.

N 146


"АНГРЕН" МИЗ ҲУДУДИДА ТУРЛИ

ДИАМЕТРЛИ МИС ҚУВУРЛАР ИШЛАБ

ЧИҚАРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ" ИНВЕСТИЦИЯ

ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


[Кўчирма]


Мис хом ашёсини янада чуқур қайта ишлаш ҳамда ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошли, юқори қўшилган қийматли, саноатнинг юқори технологияли тармоқларида барқарор равишда талаб қилинадиган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қайд этилсинки, "Ангрен" МИЗ ҳудудида турли диаметрли мис қувурлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида лойиҳанинг капитал қўйилмалар ҳажми 35,48 млн. АҚШ долларига тенг бўлган миқдордаги техник-иқтисодий асослаши ишлаб чиқилган ва у ваколатли органларда белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилган.

Фойдаланишга топшириш муддати 2013 йилнинг IV чораги этиб белгиланган "Ангрен" МИЗ ҳудудида турли диаметрли мис қувурлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш" инвестиция лойиҳаси техник-иқтисодий асослашининг асосий техник параметрлари иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


2. Қуйидагилар лойиҳани молиялаштиришнинг манбалари этиб белгилансин:

"Олмалиқ КМК" АЖнинг 10,28 млн. АҚШ долларига тенг суммадаги ўз маблағлари, жумладан махсус инвестиция ҳисоб рақамлари маблағлари;

"Ипотека банк" АТИБнинг 7 йил муддатга, шу жумладан 3 йилдан иборат имтиёзли даврга, 6,0 йиллик фоиз ставкаси билан берилаётган 12,27 млн. АҚШ доллари суммасидаги кредити;

"Ипотека банк" АТИБнинг 7 йил муддатга, шу жумладан 3 йилдан иборат имтиёзли даврга, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган фоиз ставкаси бўйича берилаётган 12,93 млн. АҚШ долларига тенг суммада миллий валютадаги кредити.


3. "Ангрен" МИЗ ҳудудида турли диаметрли мис қувурлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш" инвестиция лойиҳаси амалга оширилишини таъминлаш учун "Олмалиқ КМК" АЖ томонидан қуйидаги компаниялар билан:

"Jiangsu Xingrong Нigh Tech Co., Ltd" (ХХР) билан - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 19 июндаги Ф-3858-сон фармойишига мувофиқ, умумий қиймати 9,67 млн. АҚШ доллари бўлган технологик асбоб-ускуналарни етказиб бериш ва йиғиш, шеф-монтаж ҳамда ишга тушириш-созлаш ишларини бажариш юзасидан;

"TOSHELECTROAPPARAT" МЧЖ ХК билан - умумий қиймати 3,79 млн. АҚШ долларига тенг бўлган, фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартлари билан лойиҳалаш, қуриш, монтаж қилиш, ишга тушириш-созлаш ишларини бажарган ҳолда электротехника асбоб-ускуналарини тайёрлаш ва етказиб бериш юзасидан;

"SAM Bouilding Contracting LLC" (БАА) билан - умумий қиймати 5,57 млн. АҚШ доллари бўлган ишлаб чиқариш биносининг металл ва девор конструкцияларини, унинг учун асбоб-ускуналарни етказиб бериш, монтаж қилиш ҳамда ишга тушириш-созлаш ишларини бажариш юзасидан контрактлар тузилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


4. "Ипотека банк" АТИБга лойиҳани амалга ошириш доирасида "Олмалиқ КМК" АЖ билан умумий суммаси 25,20 млн. АҚШ долларига тенг бўлган кредит шартномаларини бир нафар қарз олувчи ёки ўзаро боғлиқ бўлган қарз олувчилар гуруҳи учун максимал таваккалчилик бўйича нормативни қўлламасдан тузишга истисно тартибида рухсат этилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, "Олмалиқ КМК" АЖнинг "Ангрен" МИЗ ҳудудида турли диаметрли мис қувурлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш натижасида вужудга келган мулкий комплекс негизида "Олмалиқ КМК" АЖ таркибида юридик шахс мақомига эга бўлмаган таркибий бўлинма ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

7. Белгилансинки:

"Олмалиқ КМК" АЖ "Ангрен" МИЗ ҳудудида турли диаметрли мис қувурлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, жалб этилаётган кредитлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун масъул бўлган қарз олувчи ва ижро этувчи орган ҳисобланади;

жалб этилаётган кредитларни қайтариш ва уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар "Олмалиқ КМК" АЖнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

10. "Олмалиқ КМК" АЖга, истисно тартибида, "Ангрен" МИЗ ҳудудида турли диаметрли мис қувурлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида:

2013 йил 30 сентябргача қурилиш-монтаж ишларини лойиҳа-смета ҳужжатларини параллел равишда ишлаб чиққан ҳолда амалга ошириш;

зарурат бўлганда, субпудрат ишларини бажариш учун тўғридан-тўғри музокаралар асосида республиканинг ихтисослаштирилган қурилиш-монтаж ва бошқа ташкилотларини жалб этган ҳолда қурилиш-монтаж ишларини ўз кучлари билан амалга ошириш ҳуқуқи берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси лойиҳа-смета ҳужжатларининг белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилишини таъминласин ва кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга ошириш доирасида қурилиш-монтаж ишларини бажариш сифати юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги "Олмалиқ КМК" АЖнинг буюртманомаларига биноан, кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга кириш визаларининг расмийлаштирилишини белгиланган тартибда таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги "Олмалиқ КМК" АЖнинг буюртманомаларига биноан, кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларнинг вақтинчалик яшаш жойида вақтинчалик пропискадан ўтказилишини ва унинг муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги "Олмалиқ КМК" АЖнинг буюртманомаларига биноан, кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи малакали хорижий мутахассисларни Ўзбекистон Республикасига жалб этиш юзасидан рухсатномаларнинг белгиланган тартибда берилишини (уларнинг муддати узайтирилишини) таъминласин.

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И. Ибрагимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                         И. Каримов



*) Илова берилмайди.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 3 июнь, 22-сон, 284-модда