язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Эркин индустриал-иқтисодий зоналар. Махсус индустриал зоналар/ Махсус индустриал зоналар (МИЗ)/ "Жиззах" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси" давлат унитар корхонасининг Устави (ЎзР ВМ 15.05.2013 й. 130-сон қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 15 майдаги

130-сон қарорига

3-ИЛОВА


"Жиззах" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси"

давлат унитар корхонасининг

УСТАВИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "Жиззах" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси" давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) тезкор бошқарув учун ўзига берилган давлат мулки бўлган мулк базасида давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этилган тижорат ташкилоти ҳисобланади, у ўзига биркитилган мулкка нисбатан, қонунда белгиланган доирада, ўз фаолияти мақсадларига, Муассис топшириқларига мувофиқ эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади.

2. Дирекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек ушбу Уставга амал қилади.


3. Дирекция юридик шахс ҳисобланади, алоҳида мулкка, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига, шу жумладан, валюта ҳисоб рақамларига, рамзга, штамплар ва бланкларга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бошқа реквизитларга эга бўлади.


4. Дирекциянинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - "Jizzax" erkin iqtisodiy zona direktsiyasi" Davlat unitar korxonasi;

қисқартирилган номи - "Jizzax" EIZ direktsiyasi" DUK;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Государственное унитарное предприятие "Дирекция свободной экономической зоны "Джизак";

қисқартирилган номи - ГУП "Дирекция СЭЗ "Джизак";

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - "Directorate of the free economic zone "Jizzakh" State Unitary Company;

қисқартирилган номи - "Directorate of FEZ "Jizzakh" SUC.

5. Дирекциянинг жойлашган жойи (почта манзили): Жиззах вилояти, Жиззах шаҳри, Ш. Рашидов шоҳ кўчаси, 63-уй.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Дирекциянинг муассиси (кейинги ўринларда Муассис деб аталади) ҳисобланади.


7. Дирекция ўз номидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ва амалга ошириши, мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши, низоларни ҳал этишда бошқа органларда вакиллик қилиши мумкин.


8. Дирекция Муассиснинг розилигига кўра тижорат ташкилотларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ юридик шахсларнинг қатнашишига йўл қўйиладиган нотижорат ташкилотларда қатнашчи (акциядор, аъзо) бўлиши мумкин.


9. Дирекция давлат бошқа корхонасининг муассиси бўлиши мумкин эмас.



II. ДИРЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИНГ МАҚСАДИ

ВА АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


10. "Жиззах" эркин иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда "Жиззах" ЭИЗ деб аталади) фаолиятини, шу жумладан, "Жиззах" ЭИЗни ривожлантириш давлат дастурларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини, "Жиззах" ЭИЗ ҳудудида алоҳида ҳуқуқий режимга риоя этилишини таъминлаш йўли билан тезкор бошқариш, шунингдек "Жиззах" ЭИЗ ҳудудидаги хўжалик фаолияти қатнашчиларига (кейинги ўринларда "Жиззах" ЭИЗ қатнашчилари" деб аталади) хизматлар кўрсатишдан ҳамда ушбу Уставда назарда тутилган бошқа ишлар ва хизматларни бажаришдан фойда олиш Дирекция фаолиятининг мақсади ҳисобланади.

11. Қуйидагилар Дирекция фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

"Жиззах" ЭИЗ қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг реестрини юритиш, уларга тегишли гувоҳномалар бериш;

"Жиззах" ЭИЗ ҳудудида "Жиззах" ЭИЗ қатнашчилари ҳисобланмайдиган бошқа хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобини юритиш;

белгиланган тартибда танланган инвесторлар билан Эркин иқтисодий зоналар Маъмурий кенгаши (кейинги ўринларда Маъмурий кенгаш деб аталади) қарорларига мувофиқ "Жиззах" ЭИЗ ҳудудида инвестициялаш тўғрисида битимлар, "Жиззах" ЭИЗ қатнашчилари билан фаолият кўрсатмай турган ташкилотларни ва давлат мулки бўлган мол-мулкни нолга тенг харид қиймати бўйича сотиш тўғрисида шартномалар тузиш;

белгиланган тартибда танланган инвесторлар томонидан ўз зиммасига қабул қилган мажбуриятларнинг зарур даражада бажарилишини назорат қилиш, кейинчалик унинг натижаларини Маъмурий кенгашга тақдим этиш;

"Жиззах" ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларни излаш ва жалб этиш;

Маъмурий кенгаш қарорлари ва "Жиззах" ЭИЗнинг ишлаб чиқилган бош режаси бўйича маъқулланган инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш;

"Жиззах" ЭИЗ ҳудудида жойлашган давлат мулки бўлган кўчмас мулк объектларини Дирекцияга берилган ваколатлар доирасида бошқариш;

"Жиззах" ЭИЗ қатнашчиларига инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш, ташкилотларни ишга тушириш ва уларнинг фаолияти учун зарур бўлган инфратузилма (электр энергияси, газ ва сув таъминоти, канализация, кириш йўллари ва бошқалар) билан таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда кўмаклашиш;

"Жиззах" ЭИЗ қатнашчиларига, шу жумладан, давлат органларида уларнинг манфаатларини ифодалаш йўли билан хизматлар кўрсатиш;

Маъмурий кенгаш ваколатларига кирувчи масалалар бўйича унинг мажлисларида кўриб чиқиш учун материаллар тайёрлаш;

"Жиззах" ЭИЗ фаолиятини тезкор бошқариш бўйича бошқа функцияларни амалга ошириш.

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ушбу Уставда назарда тутилган тегишли фаолият турининг лицензияланиши зарурлиги белгиланган тақдирда, Дирекция фаолиятнинг ушбу турини лицензия олмасдан, тегишли лицензияловчи орган билан тузилган лицензия битими асосида амалга оширишга ҳақлидир.


12. Дирекция Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятнинг бошқа турларини амалга ошириши мумкин.



III. ДИРЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ БОШҚАРИШ


13. Дирекция Муассисга ва Маъмурий кенгашга ҳисобот беради.


14. Муассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Дирекция фаолиятининг мақсади ва йўналишларини белгилаш;

Дирекция Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

Дирекциянинг ортиқча, фойдаланилмаётган ёхуд белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган мулкини олиб қўйиш ва тасарруф этиш;

Дирекцияга берилган мулкдан фойдаланишдан олинган соф фойданинг бир қисмини ёки ҳаммасини олиш;

Дирекция мулки билан амалга оширилган битишувларни ҳаққоний эмас деб эътироф этиш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш;

Дирекцияга етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида даъво тақдим этиш;

Дирекцияни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш ва тугатиш балансини тасдиқлаш;

меҳнатга оид қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин тўхтатиш;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиш.


15. Маъмурий кенгаш Дирекция фаолиятига раҳбарликни ва назоратни, шунингдек "Жиззах" ЭИЗнинг мустақил бюджети ҳамда "Жиззах" ЭИЗни ривожлантириш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан назоратни амалга оширади.

17. Маъмурий кенгаш ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун Дирекция фаолиятига тааллуқли ҳужжатларни талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга. Олинган ҳужжатлардан Маъмурий кенгаш томонидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланилади.


18. Дирекциянинг жорий фаолиятига раҳбарликни Маъмурий кенгаш томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Директор амалга оширади.


19. Директор ижро этувчи орган ҳисобланади.


20. Директор:

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларини бажаришга, Дирекция ходимларининг меҳнат шароитларини муҳофаза қилиш ва яхшилашга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норма ва қоидаларга риоя этилишини таъминлашга йўналтирилган тадбирларни ишлаб чиқади ва жорий этади;

"Жиззах" ЭИЗни ривожлантириш дастурлари амалга оширилишини ташкил қилади;

Дирекциянинг асосий фаолиятини такомиллаштиришга, бошқаришнинг энг янги услубларини жорий этишга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш чора-тадбирларини кўради;

Дирекция номидан ишончномасиз ҳаракат қилади, барча ташкилотларда, шу жумладан, хорижий ташкилотларда унинг манфаатларини ифодалайди;

ходимларни ишга қабул қилади, улар билан меҳнат шартномалари (контрактлари) тузади ҳамда уларни ўзгартиради ва тўхтатади;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради;

кадрларни тайёрлаш ва ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш чора-тадбирларини кўради;

Дирекциянинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар ва кўрсатмалар чиқаради;

Дирекциянинг ички иш тартибини ва хўжалик фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларни тасдиқлайди;

Дирекция томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ташкил этиш ва назорат қилишни таъминлайди;

Дирекцияга юкланган мақсадлар ва вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа функцияларни амалга оширади.


21. Директор муассис ва Маъмурий кенгаш олдида Дирекция фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисобот беради.


22. Директор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва вазифаларини бажаришда Дирекция манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳаракат қилиши лозим ҳамда бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи барча талабларнинг ва уларга тенглаштирилган тўловларнинг қондирилиши, бевосита ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ эҳтиёжларга маблағлар ўтказилмаганлиги, Дирекциянинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан, шу жумладан, Дирекцияга берилган давлат мол-мулки йўқотилган тақдирда, етказилган зарар юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.


23. Директор "Жиззах" ЭИЗнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Маъмурий кенгаш томонидан тасдиқланадиган мустақил бюджет маблағларининг тасарруф этувчиси ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига "Жиззах" ЭИЗнинг мустақил бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни келишиш учун белгиланган тартибда тақдим этади.

24. Директор ўз зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши, шунингдек Дирекцияга берилган давлат мулкининг сақланиши ва ундан мақсадли фойдаланилиши юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



IV. ДИРЕКЦИЯНИНГ УСТАВ ФОНДИ


25. Дирекциянинг устав фонди "Жиззах" ЭИЗ фаолиятини тезкор бошқаришни амалга ошириш учун Муассис томонидан ўзига берилган маблағлар, мулклар ва бошқа активлар йиғиндисидан иборат бўлади.

26. Дирекция устав фондининг миқдори 1,0 млрд. сўмни ташкил қилади.



V. ДИРЕКЦИЯНИНГ УСТАВ ФОНДИНИ

КЎПАЙТИРИШ ВА КАМАЙТИРИШ ТАРТИБИ


27. Дирекциянинг устав фондини кўпайтириш ёки камайтириш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, Муассис қарорига биноан амалга оширилади.



VI. ДИРЕКЦИЯ МУЛКИНИ ТАСАРРУФ ЭТИШ


28. Муассис томонидан Дирекцияга тезкор бошқарув ҳуқуқи билан биркитилган асосий фондлар ва айланма маблағлар Дирекция мулкини ташкил қилади.


29. Дирекциянинг асосий фондлари ва айланма маблағлари бўлинмайди ва улушлар (ҳиссалар, пайлар) бўйича тақсимланиши мумкин эмас.


30. Маъмурий кенгаш Дирекцияга берилган давлат мулкидан белгиланган мақсадда фойдаланилишини ва унинг сақланишини, шунингдек ўзгага берилишини Муассис номидан назорат қилади.


31. Директор Муассис билан келишган ҳолда Дирекция мулкини қуйидаги ҳолатларда тасарруф этиши мумкин:

асосий воситаларни сотиш, уларни ижарага ёки гаровга бериш;

мулкни бошқа хўжалик жамиятининг устав фондига улуш сифатида киритиш;

бошқа хўжалик жамиятларининг акциялари (улушлари)ни сотиб олиш ва сотиш;

мулкни бошқача тарзда тасарруф этиш.



VII. ДАРОМАДЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


32. Дирекция даромади:

хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;

давлат мулки бўлган ва "Жиззах" ЭИЗ ҳудудида жойлашган бинолар ва иншоотларни ижарага беришдан тушумларнинг бир қисми;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар ҳисобига шакллантирилади.



VIII. ЗАХИРА ФОНДИНИ ВА БОШҚА ФОНДЛАРНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


33. Дирекция ўз тасарруфида қоладиган соф фойда ҳисобига захира фондини, шунингдек бошқа фондларни ташкил этиши мумкин, уларнинг миқдори ва шакллантириш тартиби Муассис томонидан тасдиқланади.



IX. ДАРОМАД (ФОЙДА)НИ ТАҚСИМЛАШ

ВА ЗАРАРЛАРНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ


34. Дирекцияда қоладиган соф фойда барча солиқлар ҳамда бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек давлат корхонасининг соф фойдасидан давлат бюджетига Акциядорлик бирлашмалари ва компанияларидаги акциялар давлат улушидан самарали фойдаланилиши устидан мониторинг олиб бориш комиссияси томонидан белгиланадиган ажратмалар тўлангандан кейин Дирекция тасарруфида қолади ва ундан Муассис қарорига кўра фойдаланилади.


35. Муассис ўз қарори билан бегона юридик ва жисмоний шахсларга ҳомийлик ёрдами кўрсатишга йўналтириладиган пул маблағларининг чекланган суммасини, уларни тасарруф этиш ҳуқуқини Директорга берган ҳолда белгилайди.


36. Дирекциянинг хўжалик фаолияти натижасида кўрилган зарарларини қоплаш ушбу мақсадлар учун ташкил этилган захира фонди маблағлари ҳисобига амалга оширилиши мумкин.



X. ҲИСОБОТЛАР ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ


37. Дирекция ҳисобот даври тугагач ваколатли органларга молия ҳисоботини ва рўйхати Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатларни тақдим этади ҳамда ҳужжатларнинг сақланиши ва уларнинг давлат томонидан сақлашга берилиши юзасидан белгиланган тартибда жавоб беради.


38. Дирекциянинг хўжалик субъекти сифатидаги фаолиятини назорат қилиш Маъмурий кенгаш томонидан, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


39. Директор ҳар чоракда Дирекция фаолияти натижалари ва тасдиқланган ривожлантириш дастурларининг амалга оширилиши тўғрисида Маъмурий кенгашга ҳисобот беради.



XI. ДИРЕКЦИЯНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


40. Дирекция ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мулк билан жавоб беради. Муассис Дирекциянинг мулки етарли бўлмаган тақдирда унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарликни амалга оширади.


41. Дирекция Муассис мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.



XII. ДИРЕКЦИЯНИ ТУГАТИШ ВА ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ


42. Дирекция Муассиснинг қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ёки суд қарорига биноан тугатилиши ёки қайта ташкил этилиши мумкин.


43. Дирекцияни тугатиш Дирекция фаолиятининг ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтмаган ҳолда тўхтатилишига сабаб бўлади, Дирекция қайта ташкил этилган тақдирда, ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳуқуқий ворисга ўтади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 20 май, 20-сон, 256-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 5-сон, 30-модда