язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Эркин индустриал-иқтисодий зоналар. Махсус индустриал зоналар/ "Жиззах" махсус индустриал зонасининг Маъмурий кенгаши тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 15.05.2013 й. 130-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 15 майдаги

130-сон қарорига

2-ИЛОВА


"Жиззах" махсус индустриал зонасининг

Маъмурий кенгаши тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Жиззах" махсус индустриал зонаси Маъмурий кенгашининг (кейинги ўринларда Маъмурий кенгаш деб аталади) фаолият кўрсатиши тартибини белгилайди.


2. Маъмурий кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари вакилларидан ташкил этиладиган коллегиал орган ҳисобланади.


3. Маъмурий кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.

Маъмурий кенгашнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, шунингдек уларда фаолият кўрсатувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.



II. МАЪМУРИЙ КЕНГАШНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


4. Қуйидагилар Маъмурий кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

"Жиззах" махсус индустриал зонаси қатнашчилари бўлган хўжалик юритувчи субъектларга МИЗ ҳудудида амалга ошириш учун истиқболли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, хорижий инвесторларни жалб этиш, молиялаштириш манбаларини аниқлашда кўмаклашиш;

ташкилотларга "Жиззах" МИЗ қатнашчиси мақомини бериш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

"Жиззах" МИЗда лойиҳаларнинг амалга оширилиши учун масъул бўлган вазирликлар ва идоралар, хўжалик бирлашмаларининг лойиҳа, тендер ва контракт ҳужжатларини ўз вақтида тайёрлаш ҳамда уларни экспертизадан ўтказиш бўйича ишларини, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг "Жиззах" МИЗнинг фаолият кўрсатиши билан боғлиқ масалалар бўйича ишларини мувофиқлаштириш;

ишламаётган ташкилотларни ва давлат мулкида бўлган мол-мулкларни нолга тенг харид қиймати бўйича "Жиззах" МИЗ қатнашчиларига сотиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

"Жиззах" МИЗда объектларни қуриш ва ўз вақтида ишга тушириш бўйича тасдиқланган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини тизимли асосда назорат қилиш;

"Жиззах" МИЗнинг транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмасини жадал ривожлантириш дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

"Жиззах" МИЗда фаолиятни амалга ошираётган ташкилотларнинг ишлаб чиқариш ва молиявий кўрсаткичлари доимий мониторингини ташкил этиш, уларга инвестиция лойиҳасида назарда тутилган параметрларга эришишда, ишлаб чиқариш қувватларини энг тўлиқ даражада иш билан таъминлашда, барқарор кооперация алоқаларини йўлга қўйишда ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт қилишда кўмаклашиш;

"Жиззах" МИЗнинг самарали фаолият кўрсатишини ташкил этиш, "Жиззах" МИЗ дирекциясини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш ва унинг фаолиятини назорат қилиш;

"Жиззах" МИЗ фаолияти самарадорлигини оширишга йўналтирилган бошқа вазифаларни амалга ошириш.



III. МАЪМУРИЙ КЕНГАШНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ

ВА ҲУҚУҚЛАРИ


5. Юкланган вазифаларга мувофиқ Маъмурий кенгаш қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига "Жиззах" МИЗни ўрта муддатли ва узоқ муддатли ривожлантириш ҳамда унинг фаолият кўрсатиши самарадорлигини оширишнинг стратегик йўналишлари бўйича таклифлар киритади;

"Жиззах" МИЗ ҳудудида амалга ошириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олади, "Жиззах" МИЗ қатнашчиси мақомини олишга буюртманомаларни ва лойиҳаларнинг бизнес-режаларини кўриб чиқади, инвестициялаш тўғрисидаги битимларнинг асосий шартларини белгилайди;

"Жиззах" МИЗ ҳудудида белгиланган мезонларга мувофиқ бўлган ташкилотларни жойлаштириш, уларга "Жиззах" МИЗ қатнашчиси мақомини бериш, шунингдек ишламаётган ташкилотларни ва давлат мулки бўлган мол-мулкларни нолга тенг харид қиймати бўйича "Жиззах" МИЗ қатнашчиларига сотиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

"Жиззах" МИЗни ривожлантиришнинг Бош режасини кўриб чиқади ва "Жиззах" МИЗнинг марказлаштирилган манбалар ҳисобига молиялаштириладиган ишлаб чиқариш инфратузилмасини қуриш лойиҳаларини тасдиқлайди;

"Жиззах" МИЗ дирекцияси фаолиятига раҳбарлик қилади ва унинг фаолияти юзасидан назоратни амалга оширади, "Жиззах" МИЗ дирекцияси директорини тайинлайди, "Жиззах" МИЗ дирекцияси иш режасини тасдиқлайди, шунингдек "Жиззах" МИЗнинг мустақил бюджети ва "Жиззах" МИЗни ривожлантириш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг "Жиззах" МИЗнинг фаолият кўрсатиши билан боғлиқ масалалар бўйича фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширади;

"Жиззах" МИЗнинг ишлаб чиқариш ва транспорт инфратузилмасини, шунингдек "Жиззах" МИЗ ҳудудида жойлашган ижтимоий инфратузилма объектларини жадал ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича дастурлар ишлаб чиқади ва таклифлар киритади;

"Жиззах" МИЗ ҳудудида лойиҳаларнинг амалга оширилиши юзасидан доимий мониторинг олиб боради, "Жиззах" МИЗ дирекциясининг молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни ҳар чоракда эшитади, вужудга келадиган муаммоли масалаларни ҳал этиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини таъминлайди;

қабул қилинган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, инвестициялаш тўғрисидаги битимларни муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади;

"Жиззах" МИЗни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни, "Жиззах" МИЗни ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланишнинг ҳар йилги сметасини тасдиқлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.


6. Маъмурий кенгаш ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун:

давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, "Жиззах" МИЗ қатнашчиларидан "Жиззах" МИЗнинг ваколатига тегишли бўлган ахборотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

"Жиззах" МИЗ қатнашчиларининг инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини, берилган имтиёзлар ва преференцияларнинг қатнашчилар томонидан қўлланишининг тўғрилигини, шу жумладан, жойига борган ҳолда ўрганишни ташкил этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакилларининг, шунингдек Маъмурий кенгаш аъзоларининг Маъмурий кенгаш ваколатига тегишли масалалар бўйича ҳисоботлари ва ахборотларини мажлисларда эшитиш;

Маъмурий кенгаш фаолиятининг энг муҳим масалаларини ва унга юкланган вазифаларнинг амалга оширилишини ўрганиш ва таклифлар тайёрлаш учун ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, шунингдек "Жиззах" МИЗ ҳудудида ишлаб чиқаришни жойлаштириш учун инвестиция буюртманомалари бераётган инвесторлардан таклиф этилаётган лойиҳа билан боғлиқ статистик ва бошқа маълумотларни сўраш ҳуқуқига эга.

Маъмурий кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



IV. МАЪМУРИЙ КЕНГАШ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


7. Маъмурий кенгашга раис бошчилик қилади, унинг ваколатига қуйидагилар киради:

Маъмурий кенгаш мажлислари кун тартибини белгилаш ва уларни чақириш;

Маъмурий кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан назоратни ташкил этиш;

Маъмурий кенгаш аъзоларининг юкланган вазифаларни бажариш бўйича ишларини мувофиқлаштириш;

Маъмурий кенгашнинг самарали ишлашини таъминлаш юзасидан қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа саъй-ҳаракатларни амалга ошириш.


8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Маъмурий кенгашнинг ишчи органи (кейинги ўринларда ишчи орган деб аталади) ҳисобланади.


9. Ишчи орган:

Маъмурий кенгашнинг навбатдаги мажлисига барча зарур материалларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди ҳамда унга "Жиззах" МИЗ дирекциясидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан ва Маъмурий кенгаш аъзоларидан зарур материаллар ва эксперт хулосаларни олиш ҳуқуқи берилади;

Маъмурий кенгаш аъзолари, Дирекция, лойиҳалар ташаббускорлари, инвесторлар, манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг таклифларига мувофиқ Маъмурий кенгаш мажлиси кун тартибини шакллантиради ҳамда келишиш учун Маъмурий кенгаш раисига киритади;

кун тартибидаги масалалар бўйича таҳлилий материаллар тайёрланишини ташкил қилади ва кўриб чиқиш учун уларни Маъмурий кенгашга тақдим этади;

Маъмурий кенгашнинг қарорларига мувофиқ бошқа материалларни унинг кўриб чиқиши учун тақдим этади;

Маъмурий кенгаш мажлислари протоколларини юритади ва уларни Маъмурий кенгаш аъзолари билан келишиб олади;

Маъмурий кенгаш қарорларининг бажарилишини назорат қилади;

Маъмурий кенгашга унинг қарорларининг бажарилиши тўғрисида мунтазам равишда ахборот беради;

Маъмурий кенгаш аъзоларига Дирекциядан тушган инвестиция буюртманомалари, бизнес-режалар ва "Жиззах" МИЗ ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан бошқа материалларни кўриб чиқиш учун юборади.


10. Маъмурий кенгаш ўз мажлисини заруриятга кўра, бироқ ҳар чоракда камида бир марта ўтказади.


11. Мажлисни Маъмурий кенгаш раиси, у бўлмаганда эса - Маъмурий кенгаш раисининг ўринбосари ўтказади.

Маъмурий кенгаш мажлиси, агар рўйхатдан ўтказиш тамом бўлиш пайтида мажлисда қатнашиш учун Маъмурий кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми рўйхатдан ўтган бўлса, ҳуқуқий ваколатли бўлади (кворумга эга бўлади).


12. Маъмурий кенгашнинг қарори мажлисда қатнашаётган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, Маъмурий кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Маъмурий кенгашнинг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўз фикрини ёзма ифодалаш ҳуқуқига эга.

Маъмурий кенгаш раиси қарорларни тезкор қабул қилиш мақсадида комиссия аъзолари билан келишилган айрим масалалар бўйича сўров ўтказиш йўли билан кенгашнинг қарорини тасдиқлаши мумкин.


13. Маъмурий кенгаш қарорлари Маъмурий кенгаш мажлисининг протоколи билан расмийлаштирилади. Маъмурий кенгаш мажлисининг протоколига унинг барча аъзолари виза қўяди, у котиб томонидан имзоланади, Маъмурий кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда Маъмурий кенгаш аъзоларига ҳамда манфаатдор ташкилотларга юборилади.

Маъмурий кенгаш протоколининг асл нусхаси ва унга оид материаллар ишчи орган томонидан сақланади.


14. Маъмурий кенгаш қарорларининг бажарилишини назорат қилиш ишчи орган томонидан амалга оширилади.


15. Ишчи орган Маъмурий кенгаш қарорларининг бажарилишини мунтазам равишда ўрганади ва кўриб чиқади, зарурият бўлса, Маъмурий кенгаш раисига тегишли таклифлар киритади.


16. Маъмурий кенгаш аъзоларидан бирининг ташаббуси билан навбатдан ташқари мажлис ўтказилиши мумкин. Маъмурий кенгашнинг навбатдан ташқари мажлисини ўтказиш тўғрисидаги асосланган талаб ёзма шаклда ишчи органга юборилади.


17. Навбатдаги мажлисда кўриб чиқиш учун Маъмурий кенгаш кун тартибига киритилган масалалар ишчи орган томонидан мажлисни ўтказиш санасидан камида беш кун олдин Маъмурий кенгашнинг ҳар бир аъзосига юборилади.


18. Кун тартиби ўзгарган тақдирда ишчи орган Маъмурий кенгашнинг ҳар бир аъзосини мажлис бошланишидан олдин уч кундан кечикмай бундай ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилади.


19. Маъмурий кенгаш ўз фаолиятини "Жиззах" МИЗ белгиланган тартибда тугатилгандан кейин ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорига биноан муддатидан олдин тўхтатади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 20 май, 20-сон, 256-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 5-сон, 30-модда