язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Эркин индустриал-иқтисодий зоналар. Махсус индустриал зоналар/ "Ангрен" махсус индустриал зонаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.05.2012 й. 146-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 29 майдаги

146-сон қарорига

1-ИЛОВА


"Ангрен" махсус индустриал зонаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Ангрен" махсус индустриал зонаси фаолият кўрсатишининг ҳуқуқий асосларини белгилайди.


2. Ушбу Низом мақсадлари учун қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


"Ангрен" махсус индустриал зонаси (кейинги ўринларда - "Ангрен" МИЗ деб аталади) - Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ангрен" махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида" 2012 йил 13 апрелдаги ПФ-4436-сон Фармонига 1-иловага мувофиқ ва "Ангрен" МИЗ Маъмурий кенгашининг қарорларига биноан чегаралар билан Ўзбекистон Республикаси Тошкент вилояти ҳудудининг бир қисми;


"Ангрен" МИЗнинг Маъмурий кенгаши (кейинги ўринларда Маъмурий кенгаш деб аталади) - Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан "Ангрен" МИЗ фаолиятини мувофиқлаштириш ва давлат томонидан бошқариш функциясини амалга оширадиган, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари вакилларидан тузиладиган коллегиал орган;


"Ангрен" МИЗ дирекцияси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) - "Ангрен" МИЗ фаолиятини тезкор бошқариш учун ташкил этиладиган давлат унитар корхонаси шаклидаги юридик шахс;


инвестор - белгиланган тартибда танловдан ўтган ҳамда "Ангрен" МИЗ ҳудудида инвестициялашни амалга оширадиган инвестиция фаолияти субъекти;


"Ангрен" МИЗ ҳудудида инвестициялаш тўғрисидаги битим (кейинги ўринларда инвестициялаш тўғрисидаги битим деб аталади) - Дирекция билан инвестор ўртасида тузиладиган, уларнинг ҳуқуқлари, мажбурияти ва жавобгарлигини белгилайдиган битим;


"Ангрен" МИЗ хўжалик фаолияти қатнашчиси (кейинги ўринларда "Ангрен" МИЗ қатнашчиси деб аталади) - белгиланган тартибда "Ангрен" МИЗ ҳудудида рўйхатдан ўтказилган ва Дирекция томонидан "Ангрен" МИЗ қатнашчилари реестрига киритилган хўжалик юритувчи субъект;


ер участкасидан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома - Тошкент вилояти ҳокимлиги билан "Ангрен" МИЗ қатнашчиси ўртасида тузиладиган "Ангрен" МИЗ ҳудудида ер участкасидан муддатли фойдаланиш тўғрисидаги шартнома;


"Ангрен" МИЗ ҳудудидаги фаолият - "Ангрен" МИЗ қатнашчисининг "Ангрен" МИЗ ҳудуди доирасида инвестициялаш тўғрисидаги битимда назарда тутилган товарлар ва маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳамда қайта ишлаш, шунингдек уларни сотиш бўйича хўжалик фаолияти.


3. "Ангрен" МИЗ ҳудудида давлат органларининг фаолияти ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг қўлланилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ангрен" махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида" 2012 йил 13 апрелдаги ПФ-4436-сон Фармонида ва уни ижро этиш мақсадида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, инвестициялаш тўғрисидаги халқаро шартномалар ва битимларда, шунингдек ушбу Низомда назарда тутилган хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.


4. "Ангрен" МИЗ ҳудудида архитектура ва шаҳарсозлик фаолияти қуришнинг дастлабки режасига ёки "Ангрен" МИЗни ривожлантириш бош режасига мувофиқ амалга оширилади. Лойиҳа-смета ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан келишилади.


5. "Ангрен" МИЗ ҳудудидаги ер участкалари тўғридан-тўғри Тошкент вилояти ҳокимлиги тасарруфида бўлади ва унинг томонидан "Ангрен" МИЗ қатнашчиларига Маъмурий кенгашнинг қарори асосида, белгиланган тартибда берилади.


6. "Ангрен" МИЗнинг фаолият кўрсатиш муддати 30 йилни ташкил этади. Ушбу муддат Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан узайтирилиши мумкин.



II. "АНГРЕН" МИЗНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


7. Қуйидагилар "Ангрен" махсус индустриал зонаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари ҳисобланади:

ички ва жаҳон бозорларида рақобатбардошли бўлган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича замонавий, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни барпо этиш ва уларнинг самарали фаолият юритиши учун инвестициялар, энг аввало тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш борасида қулай шарт-шароитларни шакллантириш;

махсус индустриал зонага кирувчи минтақанинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланишни таъминлаш, минерал-хом ашё ресурсларини янада чуқур қайта ишлаш бўйича янги ишлаб чиқаришларни барпо этиш;

махсус индустриал зона ва умуман республика корхоналари ўртасида мустаҳкам кооперация алоқалари ўрнатиш ҳамда саноат кооперациясини ривожлантириш асосида маҳаллий хом ашё ва материаллар негизида юқори технологияли маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш;

транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш ҳамда улардан самарали фойдаланиш, "Ангрен" логистика маркази салоҳиятини, юкларни автомобиль ва контейнерларда ташиш борасида яратилган тизимни янада ривожлантириш ҳамда улардан кенг кўламда фойдаланишни таъминлаш.



III. "АНГРЕН" МИЗНИНГ БОШҚАРИШ

ТУЗИЛМАСИ ВА БЮДЖЕТИ


8. "Ангрен" МИЗ фаолиятини мувофиқлаштириш ва давлат томонидан тартибга солиш функцияси Маъмурий кенгаш томонидан амалга оширилади. Маъмурий кенгаш тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


9. "Ангрен" МИЗ фаолиятини тезкор бошқариш Дирекция томонидан амалга оширилади.


10. "Ангрен" МИЗ дирекцияси:

"Ангрен" МИЗ Маъмурий кенгашининг қабул қилинган қарорларига мувофиқ "Ангрен" МИЗ қатнашчиларини рўйхатдан ўтказади;

инвесторлар билан "Ангрен" МИЗ ҳудудида инвестициялаш тўғрисида битимлар, давлат эгалигида бўлган мол-мулкни нолга тенг харид қиймати бўйича сотиш тўғрисида ва "Ангрен" МИЗнинг Маъмурий кенгаши қарорларига мувофиқ ер участкаларидан фойдаланиш тўғрисида "Ангрен" МИЗ қатнашчилари билан шартномалар тузади;

белгиланган тартибда танлаб олинган инвесторлар томонидан ўз зиммаларига қабул қилинган мажбуриятларнинг зарур тарзда бажарилишини назорат қилади, кейинчалик унинг натижаларини Маъмурий кенгашга тақдим этади;

"Ангрен" МИЗ ҳудудида жойлашган давлат мулки бўлган кўчмас мулк объектларини ўзига берилган ваколатлар доирасида бошқаради;

қабул қилинган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда инвестициялаш тўғрисидаги битимларни бекор қилиш тўғрисида даъво аризалари билан Маъмурий кенгашнинг қарорлари асосида судга мурожаат қилади;

"Ангрен" МИЗ фаолиятини тезкор бошқариш бўйича бошқа функцияларни амалга оширади.


11. "Ангрен" МИЗ дирекцияси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда, ҳар йили тегишли молиявий йил учун "Ангрен" МИЗнинг мустақил бюджети лойиҳасини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Маъмурий кенгашга тақдим этади.

"Ангрен" МИЗнинг мустақил бюджети:

давлат мулки бўлган ва "Ангрен" МИЗ ҳудудидаги бинолар ва иншоотларни ижарага беришдан тушумлар;

хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;

"Ангрен" МИЗ қатнашчиларининг Маъмурий кенгаш томонидан белгиланадиган миқдорлардаги ажратмалари;

инвестиция дастурида назарда тутилган мақсадли бюджет маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар ҳисобига шакллантирилади.


12. "Ангрен" МИЗ бюджети маблағларидан:

маблағлари "Ангрен" МИЗ инфратузилмасини ривожлантиришга ва унинг фаолият кўрсатиши самарадорлигини оширишга йўналтириладиган "Ангрен" МИЗни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш;

белгиланган тартибда "Ангрен" МИЗ дирекцияси таъминоти;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ангрен" махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида" 2012 йил 13 апрелдаги ПФ-4436-сон Фармонини бажаришга йўналтирилган бошқа вазифалар амалга оширилишини молиялаштириш учун фойдаланилади.

"Ангрен" МИЗни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом Маъмурий кенгаш томонидан тасдиқланади.


13. Дирекциянинг штат жадвали ва харажатлари сметаси Маъмурий кенгаш томонидан тасдиқланади.



IV. "АНГРЕН" МИЗ ҲУДУДИДА ХЎЖАЛИК

ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ


14. Қуйидагилар "Ангрен" МИЗ қатнашчиси мақомини бериш учун хўжалик юритувчи субъектларни танлаб олиш мезонлари ҳисобланади:

замонавий ишлаб чиқаришлар ташкил этиш ёки ишлаб турган корхоналарни чуқур модернизация қилиш, уларни юқори технологик асбоб-ускуналар ва технологиялар билан жиҳозлаш;

табиий хом ашё ресурсларини қазиб олиш ва дастлабки қайта ишлаш корхоналаридан ташқари, фаолият ихтисослашувининг "Ангрен" МИЗнинг асосий вазифаларига мувофиқлиги;

муассисларнинг ўз маблағлари ва улар томонидан Ўзбекистон Республикасининг кафолатлари берилмаган жалб этилган кредитлар ҳисобига инвестицияларни амалга ошириш;

"Ангрен" МИЗда харидоргир бўлган, импортнинг ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича технологик боғлиқликни босқичма-босқич шакллантириш;

имтиёзлар амал қилиши мобайнида уларнинг қўлланилишидан олинган даромаднинг камида 50 фоизини корхонага қайта инвестициялаш бўйича инвесторлар томонидан мажбуриятлар қабул қилиниши.


15. "Ангрен" МИЗ қатнашчисига бериладиган гувоҳнома унинг "Ангрен" МИЗ ҳудудидаги фаолиятига нисбатан унинг алоҳида солиқ режими ва божхона имтиёзларини қўллаш ҳуқуқларининг тасдиғи ҳисобланади.


16. "Ангрен" МИЗ қатнашчисига, у белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилгандан кейин "Ангрен" МИЗ ҳудудидаги фаолиятга тегишли қисми юзасидан инвестициялаш тўғрисидаги тегишли битимда мустаҳкамланган мажбуриятлар юкланади.

"Ангрен" МИЗ қатнашчиси инвестициялаш тўғрисидаги битим бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга беришга ҳақли эмас.


17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ангрен" махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида" 2012 йил 13 апрелдаги ПФ-4436-сон Фармонида белгиланган имтиёзлар ва устунликлар фақат Дирекция билан тузиладиган инвестициялаш тўғрисидаги битимда назарда тутилган "Ангрен" МИЗ қатнашчиси фаолияти турларига жорий этилади.


18. "Ангрен" МИЗ қатнашчиларига ер участкалари Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан қурилишнинг дастлабки режасига ёки "Ангрен" МИЗнинг Бош режасига мувофиқ ер участкаларидан фойдаланиш тўғрисидаги шартномалар асосида берилади.


19. "Ангрен" МИЗ қатнашчилари бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар "Ангрен" МИЗ ҳудудида фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириш ҳуқуқига эга.


20. "Ангрен" МИЗ қатнашчиларининг Ўзбекистон Республикасида "Ангрен" МИЗ ҳудудидан ташқарида ўз филиалларини ташкил этишига йўл қўйилмайди.


21. "Ангрен" МИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этишга ихтиёрий ёки суд тартибида йўл қўйилади.


22. "Ангрен" МИЗга доир низолар қонун ҳужжатларига ва инвестициялаш тўғрисидаги битимларга мувофиқ ҳал этилади.



V. "АНГРЕН" МИЗНИНГ МАХСУС ҲУҚУҚИЙ

РЕЖИМИ ВА БОЖХОНА ИМТИЁЗЛАРИ


23. Махсус солиқ режими ва божхона имтиёзларининг амал қилиши фақат қатнашчиларнинг "Ангрен" МИЗ ҳудудида амалга ошириладиган фаолиятига татбиқ этилади.


24. Қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ва устунликларнинг амал қилиш муддати хўжалик юритувчи субъект "Ангрен" МИЗ қатнашчилари реестрига киритилган санадан бошлаб ҳисобланади.


25. "Ангрен" МИЗ қатнашчиларининг бошқа соҳалардаги фаолиятини тартибга солиш умумий белгиланган тартибда амалга оширилади.



VI. "АНГРЕН" МИЗ ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ


26. "Ангрен" МИЗ фаолияти уни ташкил этишнинг белгиланган муддати тамом бўлгандан кейин тўхтатилиши мумкин.


27. "Ангрен" МИЗ фаолиятининг муддатидан олдин тўхтатилишига Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлиги манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш зарур бўлганда, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда йўл қўйилади.


28. "Ангрен" МИЗ фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 22-сон, 243-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2012 йил, 5-сон, 35-модда