Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ташқи иқтисодий фаолият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Эркин индустриал-иқтисодий зоналар. Махсус индустриал зоналар /

Ўзбекистон Республикасининг 25.04.1996 й. 220-I-сон "Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

25.04.1996 й.

N 220-I



ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАЛАР ТЎҒРИСИДА


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Эркин иқтисодий зона тушунчаси

Эркин иқтисодий зона - минтақани жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун мамлакат ва чет эл капиталини, истиқболли технология ва бошқарув тажрибасини жалб этиш мақсадида тузиладиган, аниқ белгиланган маъмурий чегаралари ва алоҳида ҳуқуқий тартиботи бўлган махсус ажратилган ҳудуддир.

Эркин иқтисодий зона ҳудудида юридик шахслар ва фуқаролар (жисмоний шахслар) хўжалик, молиявий ва бошқа фаолиятнинг исталган турлари билан шуғулланишига йўл қўйилади, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ман этилган фаолият турлари бундан мустасно.



2-модда. Эркин иқтисодий зоналар

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Эркин иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг эркин иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Эркин иқтисодий зонани тузиш

Эркин иқтисодий зона Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан ташкил этилади. Эркин иқтисодий зонанинг мақоми, шунингдек унинг қанча муддатга ташкил этилиши мазкур зонани ташкил этиш тўғрисидаги қарор билан белгиланади.

Эркин иқтисодий зонанинг чегаралари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Эркин иқтисодий зонанинг фаолият кўрсатиш муддатини узайтириш белгиланган муддат тугашидан камида уч йил олдин Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан амалга оширилади.



4-модда. Эркин иқтисодий зона мақомини тугатиш

Эркин иқтисодий зонанинг мақоми:

уни ташкил этиш тўғрисидаги қарорда белгиланган муддат тугаганидан кейин;

уни ташкил этиш тўғрисидаги қарорда назарда тутилган вазифалар бажарилмаганда ва мақсадларга эришилмаганда тугатилади.

Эркин иқтисодий зонанинг мақомини тугатиш тўғрисидаги қарор белгиланган муддат тугашидан камида уч йил олдин Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинади.



5-модда. Эркин иқтисодий зоналарнинг турлари

Эркин иқтисодий зоналар:

эркин савдо зоналари;

эркин ишлаб чиқариш зоналари;

эркин илмий-техникавий ва бошқа зоналар тарзида тузилиши мумкин.


6-модда. Эркин савдо зоналари

Эркин савдо зоналари консигнация омборларини, эркин божхона зоналарини, шунингдек товарларга ишлов  бериш,  уларни ўраш-жойлаш, саралаш, сақлаш зоналарини ўз ичига олади.

Эркин савдо зоналари чегарага туташ пунктларда, аэропортларда, темирйўл узелларида ёки Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудининг бошқа жойларида тузилади.



7-модда. Эркин ишлаб чиқариш зоналари

Эркин ишлаб чиқариш зоналари - тадбиркорликни рағбатлантириш, иқтисодиётнинг устун тармоқларига чет эл инвестицияларини жалб этиш, истиқболли технологияларни жорий этиш мақсадида хўжалик-молиявий фаолиятнинг алоҳида тартиботи жорий этиладиган ҳудудлардир.

Эркин ишлаб чиқариш зоналари экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш зоналарини, агрополисларни, тадбиркорлик зоналарини, индустриал-иқтисодий зоналарни ва бошқа зоналарни ўз ичига олади.


8-модда. Эркин илмий-техникавий зоналар

Эркин илмий-техникавий зоналар алоҳида ажратилган ҳудудлардан иборат бўлиб, у ерда илмий-ишлаб чиқариш ва ўқув марказлари жамланади ҳамда улар учун илмий ва ишлаб чиқариш имкониятини ривожлантиришга қаратилган махсус ҳуқуқий тартибот ўрнатилади.

Эркин илмий-техникавий зоналар юксак технологиялар амал қиладиган зоналар, технопарклар, минтақавий инновация марказлари - технополислар шаклида ташкил этилади.



9-модда. Юридик ва жисмоний шахслар ҳуқуқлари

ҳамда манфаатларининг кафолатлари

Ўзбекистон Республикаси эркин иқтисодий зона ҳудудида фаолият юритаётган юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилишини кафолатлайди.

Эркин иқтисодий зоналарда инвесторларнинг Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган барча кафолатлари ва имтиёзларига риоя этилиши таъминланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан қўшимча кафолатлар ва имтиёзлар назарда тутилиши мумкин.

Давлат органлари ва бошқа органлар ёхуд мансабдор шахсларнинг юридик ва жисмоний шахслар фаолиятига асоссиз аралашуви натижасида уларга етказилган зарарнинг ўрни, шунингдек бой берилган фойда ҳамда етказилган маънавий зиён суд тартибида қопланиши ёки компенсация қилиниши керак.


10-модда. Эркин иқтисодий зонани ривожлантириш дастури

Эркин иқтисодий зона Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган дастурга мувофиқ ривожлантирилади.

Эркин иқтисодий зонани ривожлантириш дастури ишлаб чиқариш ва бозор инфраструктурасини яратишни, алоҳида ҳуқуқий тартиботни таъминлашни, юридик ва жисмоний шахсларнинг фаолиятини иқтисодий рағбатлантириш чораларини ўз ичига олади.

Эркин иқтисодий зонани ривожлантириш дастурини молиявий таъминлаш зонанинг ўз ресурслари ҳамда хусусий ва бошқа манбалардан маблағлар жалб этиш, шу жумладан, халқаро дастурлар ҳисобига, шунингдек мазкур ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга республика бюджетидан ва маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.


II. ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАЛАРНИНГ

ҲУҚУҚИЙ ТАРТИБОТИ

11-модда. Ҳуқуқий тартиботнинг ўзига хос жиҳатлари

Эркин иқтисодий зоналарда алоҳида божхона, валюта, солиқ тартиботи, шунингдек фуқаролар кириши, чиқиши ва бу ерда бўлишининг, меҳнат муносабатлари, молия-кредит фаолиятининг алоҳида тартиботи ҳамда инвестицияларни жалб этишга, тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантиришга ва зонани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган бошқача тартибот ўрнатилиши мумкин.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг алоҳида ҳуқуқий тартиботни бузиш йўли билан олган даромади (фойдаси) қонун ҳужжатларига мувофиқ ундириб олинади.


12-модда. Алоҳида божхона тартиботи

Алоҳида божхона тартиботи:

товарларни олиб кириш ва олиб чиқиш учун божхона божларини бекор қилиш ёки камайтиришни;

экспорт ёки импорт учун тарифдан ташқари чеклашларни бекор қилиш ёки енгиллаштиришни;

товарларни белгиланган тартибда албатта баённомага киритган ҳолда эркин иқтисодий зонанинг божхона чегараси орқали олиб ўтишнинг соддалаштирилган тартибини назарда тутиши мумкин.

Эркин иқтисодий зона ҳудудида алоҳида божхона тартиботини Ўзбекистон Республикасининг божхона органлари таъминлайди.

Алоҳида божхона тартиботи эркин иқтисодий зона ҳудуди орқали товарларни транзит олиб ўтишга нисбатан татбиқ этилмайди.


13-модда. Алоҳида валюта тартиботи

Алоҳида валюта тартиботи миллий ва чет эл валюталарининг эркин муомалада бўлиши ҳамда айирбошланишини назарда тутади.

Алоҳида валюта тартиботининг амал қилиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилайди.


14-модда. Солиқлар ва бошқа мажбурий

тўловлар бўйича имтиёзлар

Эркин иқтисодий зона ҳудудидаги хўжалик фаолияти қатнашчилари (юридик ва жисмоний шахслар) мамлакат инвесторлари ва чет эллик инвесторлар учун тенг шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлардан фойдаланади.


15-модда. Меҳнат ресурслари

Эркин иқтисодий зонадаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ишлаш учун энг аввало маҳаллий меҳнат ресурслари жалб этилади, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа минтақаларида яшовчи шахслар ва чет эл фуқаролари ҳам жалб этилиши мумкин. Эркин иқтисодий зонага меҳнат ресурсларини жалб этиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


16-модда. Эркин иқтисодий зоналарда меҳнат

муносабатларини тартибга солиш

Эркин иқтисодий зоналарда меҳнат муносабатлари қонун ҳужжатлари, жамоа шартномалари (келишувлари) ва якка тартибдаги меҳнат шартномалари (контрактлари) билан тартибга солинади.

Жамоа шартномалари ва якка тартибдаги меҳнат шартномалари мазкур корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ходимларининг аҳволини қонун ҳужжатларида, шунингдек Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси ҳам қатнашчиси бўлган конвенцияларида назарда тутилган шартларга нисбатан ёмонлаштириши мумкин эмас.


17-модда. Эркин иқтисодий зонанинг бюджети

Эркин иқтисодий зона мустақил бюджетга эга бўлади.

Эркин иқтисодий зонани шакллантириш босқичида кредитлар бериш ёки ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфраструктура объектларини тўғридан-тўғри инвестициялаш тарзида республика бюджети ва маҳаллий бюджетдан маблағлар жалб этилиши мумкин.

Эркин иқтисодий зонанинг бюджети эркин иқтисодий зонанинг Маъмурий кенгаши (бундан буён матнда Маъмурий кенгаш деб юритилади) фойдаланиши ва бошқарувида бўлган ер, бинолар ва иншоотларни ижарага беришдан, хизматлар кўрсатишдан келадиган тушумлардан ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлардан шакллантирилади.


18-модда. Эркин иқтисодий зонага кириш, эркин иқтисодий

зонадан чиқиш ва унинг ҳудудида бўлиш тартиби

Эркин иқтисодий зонага чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кириши, иқтисодий зонадан чиқиши ва шу ҳудудда бўлишининг қонун ҳужжатларида белгилаб қўйиладиган соддалаштирилган тартиботи жорий этилиши мумкин.


19-модда. Суғурта

Эркин иқтисодий зона қатнашчиларининг инвестициялари ва таваккалчилигини суғурта қилиш ихтиёрийлик асосида амалга оширилади.

Суғурта ҳимояси қонун ҳужжатларига мувофиқ таъминланади.


III. ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАНИ БОШҚАРИШ

20-модда. Эркин иқтисодий зонанинг бошқарув органлари

Эркин иқтисодий зонанинг фаолияти Маъмурий кенгаш томонидан мувофиқлаштирилади.

Эркин иқтисодий зона дирекцияси (бундан буён матнда дирекция деб юритилади) эркин иқтисодий зонанинг оператив бошқарув органидир.


21-модда. Эркин иқтисодий зонанинг Маъмурий кенгаши

Маъмурий кенгаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тузилади.

Маъмурий кенгашга раис бошчилик қилади. Эркин иқтисодий зонанинг чегаралари Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирлиги (туман, шаҳар, шаҳардаги туман) чегарасига тўғри келган тақдирда, Маъмурий кенгаш раисининг вазифаларини ижро этиш тегишли ҳоким зиммасига юкланади.



22-модда. Эркин иқтисодий зона Маъмурий

кенгашининг ваколатлари

Маъмурий кенгаш:

алоҳида ҳуқуқий тартиботга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

эркин иқтисодий зонани ривожлантириш дастурини ишлаб чиқади;

эркин иқтисодий зонада жойлаштириш учун инвесторлар танловини амалга оширади;

эркин иқтисодий зонанинг фаолият кўрсатиши билан боғлиқ масалалар бўйича давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

эркин иқтисодий зонага инвестицияларни жалб этиш учун қўшимча шартлар белгилайди;

эркин иқтисодий зонанинг ҳар йилги бюджетини кўриб чиқади ва тасдиқлайди.

Маъмурий кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Маъмурий кенгашнинг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари эркин иқтисодий зона ҳудудидаги хўжалик фаолияти қатнашчилари (юридик ва жисмоний шахслар) ижро этиши учун мажбурийдир.


23-модда. Эркин иқтисодий зонада давлат мулки

ҳуқуқининг ўзига хос жиҳатлари

Эркин иқтисодий зона чегараларида жойлашган давлат мулки объектлари (ер, сув, ер ости бойликлари ва бошқа табиий ресурслар, бинолар, иншоотлар) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўз ваколатлари доирасидаги қарорига кўра оператив бошқариш ёки хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида Маъмурий кенгашга топширилиши мумкин.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Маъмурий кенгашга топширилган ер, сув, ер ости бойликлари бошқа табиий ресурслар ва объектларидан оқилона фойдаланилиши ҳамда уларнинг муҳофаза қилиниши устидан назоратни таъминлайди.

Эркин иқтисодий зона ҳудудида жойлашган давлат мулки объектларини хусусий мулк қилиб сотиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


24-модда. Эркин иқтисодий зона дирекцияси

Дирекция юридик шахс бўлиб, у қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади.

Дирекция:

алоҳида ҳуқуқий тартиботнинг амал қилишини таъминлайди;

Маъмурий кенгаш томонидан танлаб олинган инвесторлар мажбуриятлари лозим даражада бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

эркин иқтисодий зонани ривожлантириш дастури амалга оширилишини таъминлайди;

эркин иқтисодий зона ҳудудида хўжалик фаолияти қатнашчиларининг (юридик ва жисмоний шахсларнинг) рўйхатдан ўтказилишини амалга оширади;

экологик ҳолатнинг яхшиланиши устидан назоратни таъминлайди, шунингдек моддий маданий мерос объектларининг бут сақланиши учун жавобгар бўлади.

Дирекция қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Дирекция юридик ва жисмоний шахсларнинг оператив хўжалик, молиявий фаолиятига ҳамда бошқа фаолиятига аралашишга ҳақли эмас, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.


25-модда. Эркин иқтисодий зона ҳудудида хўжалик

фаолияти қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш

Эркин иқтисодий зона ҳудудида хўжалик фаолиятини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар дирекцияда рўйхатдан ўтади.

Дирекция рўйхатдан ўтказилган юридик ёки жисмоний шахсга эркин иқтисодий зонада рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома беради ва бу ҳақда тегишли давлат бошқаруви органларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хабар қилади.

Юридик ва жисмоний шахслар қонун ҳужжатларини бузган тақдирда, дирекция эркин иқтисодий зона ҳудудида юридик ёки жисмоний шахснинг фаолиятини тугатиш ҳамда унга берилган гувоҳномани бекор қилиш тўғрисида судга мурожаат қилишга ҳақли.


26-модда. Корхоналар, муассасалар, ташкилотларни

қайта ташкил этиш ва тугатиш

Эркин иқтисодий зонада ишлаб турган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.

Корхоналар, муассасалар ёки ташкилотлар қайта ташкил этилган ва тугатилган тақдирда, меҳнат шартномаси (контракт) бекор қилинаётган ходимда қонун ҳужжатларида белгиланган кафолатлар сақланиб қолади.


27-модда. Низоларни ҳал этиш

Эркин иқтисодий зоналар соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                   И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси, 1996 й., 5-6-сон, 58-модда


































Время: 0.2036
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск