ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Соғлиқни сақлаш соҳасида бошқарув ва назорат /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 26.06.2015 й. 170-сон “Республика санитария-эпидемиология хизмати фаолиятини ва уни малакали кадрлар билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

26.06.2015 й.

N 170



РЕСПУБЛИКА САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИЯ

ХИЗМАТИ ФАОЛИЯТИНИ ВА УНИ МАЛАКАЛИ

КАДРЛАР БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ТИЗИМИНИ

ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш тадбирлари изчил амалга оширилиши натижасида аҳоли соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик базаси шакллантирилди. Қишлоқ врачлик пунктларидан тортиб республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларигача барча даражаларни қамраб олувчи аҳолига тиббий-профилактик ёрдам беришнинг яхлит ташкилий тузилмаси ташкил этилди.

Санитария-эпидемиология масалаларида аҳолининг хотиржамлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида республикада алоҳида ўта хавфли юқумли касалликлар четдан кириб келишининг олди олинди, чақалоқларнинг полиомиелит, дифтерия, қизилча, қоқшол касалликлари қайд этилмаяпти. Болаларни режали эмлаш билан қамраб олиш 98,3 фоизни ташкил этди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат санитария-эпидемиология хизмати, шунингдек уларнинг ҳудудий бўлинмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида" ва "Давлат санитария назорати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари талаблари тўлиқ ҳажмда бажарилиши таъминланмаяпти.

Раҳбарлик усулларини такомиллаштириш, санитария-эпидемиология хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш, унинг моддий-техника базасини назорат қилиш ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашнинг аҳволи, шунингдек санитария-эпидемиология масалаларида аҳолининг хотиржамлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўсиб бораётган замонавий талабларга жавоб бермайди.

Санитария-эпидемиология назорати марказларининг моддий-техника базасининг таҳлили махсус лабораторияларнинг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланганлиги 60 - 70 фоизни ташкил этишини кўрсатди.

Санитария-эпидемиология хизмати раҳбар кадрларини танлаш тизимида, биринчи навбатда уларнинг малакаси етарлича эмаслиги ва қўйиладиган талабларга номувофиқлиги билан боғлиқ жиддий камчиликлар ва нуқсонлар мавжуд. Санитария-эпидемиология хизматининг врач кадрлар билан таъминланганлиги 84,4 фоизни ташкил этади. Врачлар умумий сонининг 45 фоизи малака тоифасига эга эмас, шу жумладан, раҳбар ходимлар орасида ушбу кўрсаткич 30 фоизни ташкил этади. Лавозим мавқеини суиистеъмол қилиш ва ўз касби билан боғлиқ вазифаларга совуққонлик билан қараш каби салбий ҳолатлар бартараф этилмаган.

Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш, санитария-эпидемиология масалаларида аҳолининг хотиржамлигини таъминлаш, бошқарувнинг илғор шакллари ва усулларини жорий этиш, юксак касбий ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаган, замонавий талабларга жавоб берадиган юқори малакали кадрларни танлаш ва улар билан тўлиқ таъминлаш масалаларида давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

иш берувчилар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар бўлимлари бошлиқлари билан 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга меҳнат шартномаси тузадилар;

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар бўлимлари бошлиқлари 3 йилда бир марта даврийликда аттестациядан ўтишлари керак;

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар бўлимлари бошлиқлари эгаллаб турган лавозимида муваффақиятли ишлашнинг беш йиллик муддати тамом бўлгандан кейин эгаллаб турган лавозимидан паст бўлмаган лавозимга янги иш жойига ўтказилиши керак. Ишда жиддий камчиликлар мавжуд бўлган тақдирда, ушбу шартли муддат сезиларли даражада қисқартирилиши мумкин;

санитария-эпидемиология хизмати органлари тизимининг раҳбар ва бошқарув кадрлари янги иш жойига ўтказилганда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хизмат турар жойи ёки у ижарага олинганлиги учун компенсация тўлови билан таъминланадилар.

2. Қуйидагилар санитария-эпидемиология хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятининг энг муҳим йўналишлари этиб белгилансин:

республикада санитария-эпидемиологик аҳвол ва радиация ҳолати мониторингини олиб бориш, келгусида аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашга, яшаш муҳити омилларининг инсонга зарарли таъсирини бартараф этишга, атмосфера ҳавоси, тупроқ, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимлик сув таъминоти манбалари ифлосланишининг олдини олишга қаратилган комплекс санитария-гигиена, эпидемияга қарши ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш;

энг аввало, ўта хавфли юқумли касалликлар профилактикаси, уларнинг ўчоқларини бартараф этиш ва тарқалиб кетишининг олдини олишга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобига аҳолини вирусли ва юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш;

бинолар ва иншоотларни, сув таъминоти, канализация, оқова сувларни тозалаш, гидротехника иншоотлари тизимларини ва бошқа объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилишда, хом ашёнинг янги турларини, озиқ-овқат маҳсулотлари, саноат буюмлари, қурилиш материаллари, ионлаштирувчи нурланиш манбалари, кимёвий моддалар, биология воситалари, тиббий ва иммунобиологик препаратларни ишлаб чиқариш ва қўллашда санитария нормалари, қоидаларига ва гигиена нормативларига риоя қилиниши устидан назоратни таъминлаш;

аҳоли пунктлари ва ҳудудларни сақлаш, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хўжалик-маиший чиқиндиларни, шу жумладан, радиоактив ва зарарли моддаларни тўплаш, сақлаш, ташиш ва утилизация қилиш устидан зарур санитария-эпидемиологик назоратни таъминлаш;

аварияли вазиятларни тугатишда санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш, манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг тегишли бўлинмаларини жалб этган ҳолда юқумли ва паразитар касалликларни аниқлаш;

оилада тиббий маданиятни ошириш, санитария нормалари ва қоидаларига риоя қилиниши, шунингдек санитария-эпидемиология масалаларида хотиржамликни таъминлаш бўйича аҳоли орасида кенг тушунтириш ишлари олиб борилишини ташкил этиш.

4. Санитария-эпидемиология хизмати органлари тизимининг раҳбар ва бошқарув кадрлари лавозимларига тавсия этиладиган юкланган вазифалар ва мажбуриятларни самарали бажаришни таъминлашга қодир бўлган номзодлар танланиши бўйича шахсий масъулият Соғлиқни сақлаш вазири, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари зиммасига юклансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

Ўзбекистон Республикаси Давлат санитария-эпидемиология хизматининг бошқарув тузилмасини янада такомиллаштириш;

ўқув режалари ва дастурларни қайта кўриб чиқиш ва янгилашга алоҳида эътибор қаратган ҳолда давлат санитария-эпидемиология хизмати органлари тизимининг бошқарув кадрлари ва мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

санитария-эпидемиология хизмати муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва модернизациялаш бўйича таклифлар киритсинлар.


6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

ушбу қарор талаблари ҳисобга олинган ҳолда "Санитария-эпидемиология масалаларида аҳолининг хотиржамлиги тўғрисида"ги қонун лойиҳаси пухта ишланиши ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилишини таъминласин;

Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 8 апрелдаги 147-сон қарори билан тасдиқланган амалдаги Санитария қонунларини бузганлик учун жазо жарималаридан тушадиган маблағлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни қайта кўриб чиқсин, бунда давлат санитария-эпидемиология хизмати органлари тизимининг раҳбар ва бошқарув кадрлари Республика комиссиясининг қарори билан янги иш жойига ўтказилганда хизмат турар жойи ёки у ижарага олинганлиги учун компенсация тўлови билан таъминланишини назарда тутсин;

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.И. Икрамов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                          Ш. Мирзиёев


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 6 июль, 26-сон, 337-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2015 йил, 6-сон, 50-модда
































Время: 0.1138
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск