Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ёқилғи-энергетика комплекси /

Энергия самарадорлиги ва энергиянинг тикланадиган манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича Республика комиссияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.08.2015 й. 238-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2015 йил 13 августдаги

238-сон қарорига

1-ИЛОВА



Энергия самарадорлиги ва энергиянинг

тикланадиган манбаларини ривожлантириш

масалалари бўйича Республика комиссияси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Энергия самарадорлиги ва энергиянинг тикланадиган манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича Республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб аталади) иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани барқарор ривожлантириш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида энергия самарадорлиги, энергиянинг тикланадиган манбаларини жорий этиш ва ривожлантириш, ёқилғини қазиб олиш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ва истеъмол қилиш (кейинги ўринларда ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш деб аталади), энергия ва унинг манбалари соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органларини назорат қилиш ва уларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш бўйича мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.


2. Республика комиссияси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.


3. Республика комиссияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.

Республика комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг энергия самарадорлиги ва энергиянинг тикланадиган манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича ҳудудий комиссияларидан (кейинги ўринларда ҳудудий комиссиялар деб аталади) иборат.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳудудий комиссияларнинг раҳбарлари ҳисобланадилар.

Ҳудудий комиссияларнинг намунавий таркиби, вазифалари, функциялари ва ҳуқуқлари Республика комиссиясининг раиси томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Республика комиссиясининг ишчи органи (кейинги ўринларда комиссиянинг Ишчи органи деб аталади) ҳисобланади.



II. РЕСПУБЛИКА КОМИССИЯСИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


4. Қуйидагилар бўйича чора-тадбирларни ташкил этиш Республика комиссиясининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳисобланади:

ялпи ички маҳсулотнинг энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергияни тежайдиган технологиялар ва тизимларни жорий этиш;

фақат замонавий энергия жиҳатидан самарали ва энергияни тежайдиган технологиялар базасида янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва мавжудларини модернизациялашни давом эттириш йўли билан ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг энергия сарфи ҳажмини пасайтириш;

ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича ташкилий-техник тадбирларни ва энергияни тежаш дастурларини ишлаб чиқиш ва бажариш;

корхоналар ва ташкилотларни халқаро амалиётга мувофиқ энергетик текшириш (энергетик аудит);

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергиянинг тикланадиган манбаларини, шу жумладан, қуёш энергиясидан фойдаланишнинг синаб кўрилган технологияларини ривожлантириш, жорий этишни жадаллаштириш;

энергияни тежайдиган асбоб-ускуналар, приборлар ва материалларнинг янги турларини, шунингдек ёқилғи-энергетика ресурслари сарфини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини ишлаб чиқишни кенгайтириш, уларни ҳамма жойда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада жорий этиш;

замонавий архитектура-қурилиш ечимларини ва қурилиш конструкцияларининг янги, энергияни тежайдиган турларини, шунингдек изоляцияловчи материалларни қўллаш орқали турар жой ва маъмурий биноларни, саноат объектларини қуришда ва мавжудларини реконструкция қилишда энергия самарадорлигини таъминлаш;

энергия самарадорлигини ва энергиянинг тикланадиган манбаларини жорий этиш ва ривожлантириш соҳасида асосий йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалда рўёбга чиқариш юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг келишилган ҳаракатларини таъминлаш;

энергия самарадорлигини ва энергиянинг тикланадиган манбаларини жорий этиш ва ривожлантириш соҳасида ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш, шунингдек уларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

энергия жиҳатидан самарали иқтисодиётни шакллантиришга ва энергия тежалишини рағбатлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган таклифларни кўриб чиқиш;

энергия самарадорлиги, энергиянинг тикланадиган манбаларини жорий этиш ва ривожлантириш соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, энергияни тежашнинг тармоқ, минтақавий дастурларини, шунингдек ёқилғи ва энергиянинг муқобил турларини фаол қўллаган ҳолда ёқилғи-энергетика ресурсларини диверсификациялаш чора-тадбирларини амалга ошириш;

табиий монополиялар субъектларининг энергия жиҳатидан самарали технологияларни ва энергиянинг муқобил манбаларини жорий этишга йўналтирилган ривожланишнинг устувор дастурлари ва инвестиция дастурлари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш, ўз эҳтиёжлари ва технологик эҳтиёжлар учун ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишда ёқилғи ва энергия сарфларини мақбуллаштириш;

ички бозорнинг ёқилғи-энергетика ресурсларига бўлган эҳтиёжларини, шу жумладан, ёқилғи ва энергиянинг муқобил турларини жалб этган ҳолда ёқилғи-энергетика балансларини диверсификациялаш йўли билан қондириш;

энергия самарадорлигини, энергиянинг тикланадиган ва муқобил манбаларини ривожлантириш ва жорий этишни рағбатлантирувчи тариф сиёсати масалалари бўйича таклифларни кўриб чиқиш;

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлиги ва энергиянинг тикланадиган манбалари принциплари ва технологияларини жорий этишда маъмурий тўсиқларни камайтириш;

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлиги ва энергиянинг тикланадиган манбаларини жорий этиш ва ривожлантириш соҳасида тармоқ, минтақавий узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқиш, уларнинг самарадорлиги ва бажарилиши натижалари ҳолатини таҳлил қилиш;

энергия самарадорлигини, энергиянинг тикланадиган ва муқобил манбаларини жорий этиш ва ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифларни кўриб чиқиш;

ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш юзасидан назоратни амалга оширувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда энергетик текширишлар (энергетик аудит) бўйича хизматлар кўрсатувчи корхоналар ва ташкилотларнинг энергия самарадорлиги бўйича тавсиялари бажарилиши мониторингини олиб бориш;

ҳудудий комиссиялар фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш.



III. РЕСПУБЛИКА КОМИССИЯСИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


5. Республика комиссияси:

ўз мажлисларида Республика комиссиясининг ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича Республика комиссияси аъзоларининг, ҳудудий комиссиялар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ташкилотлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартиришга, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этишга йўналтирилган чора-тадбирлар бажарилишини таъминлаш бўйича тегишли қарорлар қабул қилиш, ҳудудий комиссиялар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ташкилотлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари раҳбарларига топшириқлар бериш;

Ишчи орган орқали сўровлар юбориш йўли билан Республика комиссияси ваколатларига тегишли масалалар бўйича ҳудудий комиссиялар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ташкилотлардан зарур материалларни сўраш ва олиш;

зарурият бўлганда Республика комиссияси ишига илмий-тадқиқот муассасалари, жамоат бирлашмаларининг, шунингдек бошқа ташкилотларнинг мутахассисларини жалб этиш;

ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш соҳасида қонун ҳужжатларига риоя этилиши, ёқилғи-энергетика ресурсларини ишлаб чиқаришнинг самарадорлигини таъминлаш ва истеъмол қилишнинг ҳолати, энергия самарадорлиги, энергиянинг тикланадиган манбаларини жорий этиш ва ривожлантириш, ёқилғи ва энергиянинг муқобил турларини жалб этган ҳолда ёқилғи-энергетика балансларини диверсификациялаш чора-тадбирлари амалга оширилиши устидан назорат қилиш масалаларида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек ҳудудий комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш;

ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергиянинг тикланадиган манбаларини жорий этиш ва ривожлантириш соҳасида қонун ҳужжатлари бузилишига олиб келган раҳбарлар ва мансабдор шахсларга нисбатан чора-тадбирлар кўриш тўғрисида тавсиялар бериш ҳуқуқига эга.

Республика комиссияси амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


6. Республика комиссиясининг раиси ёки унинг ўринбосарининг топшириғи бўйича энергияни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш зарур бўлганда вазирликлар ва идоралар Республика комиссиясига белгиланган тартибда таклифлар киритадилар.


7. Республика комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурийдир.



IV. РЕСПУБЛИКА КОМИССИЯСИНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Республика комиссияси ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ:

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлиги ва энергиянинг тикланадиган манбаларини жорий этиш ва стратегик ривожлантиришни тадқиқ қилиш масалалари бўйича республикада ишларни бажарувчи ҳудудий комиссиялар, корхоналар ва ташкилотлар, шунингдек халқаро ташкилотлар миссияларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича ташкилий-техник тадбирлар ва энергияни тежаш, энергиянинг тикланадиган манбаларини жорий этишнинг тармоқ дастурлари ишлаб чиқилишини ташкил қилади, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб боради;

халқаро амалиётга мувофиқ корхоналар ва ташкилотларни энергетик текширишларни (энергетик аудитларни) ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашади;

Республика комиссиясининг ваколатларига тегишли масалалар бўйича ҳудудий комиссияларнинг, шунингдек корхоналар ва ташкилотларнинг фаолияти ўрганилишини ташкил этади;

энергияни ҳисобга олиш, назорат қилиш ва бошқариш асбобларини, энергия жиҳатидан самарали ва экологик хавфсиз энергетика қурилмаларини ишлаб чиқариш бўйича саноат базаси ривожланишига кўмаклашади;

энергияни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишда ундан оқилона фойдаланиш, энергетик текширишларни (энергетик аудитларни) ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

корхоналар, ташкилотлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларини ўрганиш бўйича ишларни белгиланган тартибда ташкил этади;

республикада иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ҳамда энергиянинг тикланадиган манбаларини стратегик ривожлантиришни жорий этиш ва тадқиқ қилиш, кам углеродли энергияни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари бўйича ишларни бажарадиган ташкилотларнинг, халқаро ташкилотлар миссияларининг (дастлабки, оралиқ, якуний) ҳисоботларини эшитади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, ташкилотларнинг иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳада энергетика бўйича текширувларни (энергетика бўйича аудитларни), объектларни энергетика бўйича паспортлаштиришни ташкил этиш, ўтказиш ва уларнинг самарадорлиги масалалари бўйича ҳисоботларини эшитади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларининг бажарилиши ҳақида ҳудудий комиссиялар раҳбарларининг энергия самарадорлигини ва энергиянинг тикланадиган манбаларини жорий этиш ва ривожлантиришга доир тадбирларнинг улар томонидан амалга оширилиши бўйича ҳисоботларини эшитади;

энергияни тежайдиган лойиҳалар ҳамда энергиянинг муқобил манбаларини ишлаб чиқаришга жалб этишни таъминловчи лойиҳалар бўйича лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишни молиялаштириш, энергияни тежайдиган технологиялар ва ишлаб чиқаришларнинг жорий этилишини назарда тутадиган лойиҳаларнинг инвестиция жалб этувчанлигини ошириш, ёқилғи-энергетика ресурсларини истеъмол қилиш ва улардан фойдаланишни ҳисобга олиш, уларнинг режимларини назорат қилиш ва бошқариш тизимларини, шунингдек энергияни тежашнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг тақдимномалари бўйича энергия таъминотининг махсус республика тармоқлараро ҳисоб рақамидаги пул маблағларидан мақсадли фойдаланиш юзасидан қарорлар қабул қилади;

ҳудудий комиссияларнинг намунавий тузилмасини, вазифалари, ҳуқуқлари ва функцияларини тасдиқлайди.



V. РЕСПУБЛИКА КОМИССИЯСИ

ИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Республика комиссиясига раис бошчилик қилади, у Республика комиссияси фаолиятига раҳбарликни ишчи орган орқали амалга оширади.


10. Республика комиссияси раиси:

Республика комиссияси ишларини ташкил қилади;

Республика комиссияси фаолиятининг истиқболли ва жорий режаларини белгилайди;

Республика комиссияси мажлисининг кун тартибини тасдиқлайди, шунингдек Республика комиссияси мажлисини чақиради ва бошқаради;

Республика комиссияси ва ҳудудий комиссиялар аъзоларига, ижро этувчи ҳокимият органларига Республика комиссиясига юкланган вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар бўйича топшириқлар беради;

Республика комиссияси мажлиси протоколларини тасдиқлайди.


11. Республика комиссияси раисининг ўринбосари бўлади, у Республика комиссияси раиси бўлмаган вақтда унинг вазифаларини бажаради ва:

Республика комиссияси раисининг топшириғига биноан Республика комиссияси мажлисини бошқаради;

Республика комиссиясининг ўзи ўтказган мажлислари натижалари бўйича қабул қилинган протоколларни тасдиқлайди.

Республика комиссияси раисининг ўринбосари Республика комиссияси раисининг бошқа топшириқларини ҳам бажариши мумкин.


12. Республика комиссияси ишларни Республика комиссияси раиси томонидан тасдиқланадиган ҳар йилги иш режаси асосида ташкил қилади.

Республика комиссияси мажлислари тасдиқланган иш режасига мувофиқ, лекин ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.


13. Иш режасига мувофиқ Республика комиссияси томонидан энергияни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишда унинг самарадорлигини ва ундан оқилона фойдаланилишини ўрганиш, ёқилғи ва энергия ишлаб чиқарадиган асбоб-ускуналарнинг, энергия таъминоти тизимлари ва тармоқларининг техник ҳолати, энергиянинг тикланадиган манбалари ривожланиши билан боғлиқ масалалар, шунингдек Республика комиссияси функцияларига мувофиқ бошқа масалалар белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Тасдиқланган иш режасига мувофиқ кун тартибидаги масалаларни ўрганиш Республика комиссияси аъзоси бошчилик қиладиган ишчи гуруҳ томонидан, жойига борган ҳолда ташкил этилади. Ишчи гуруҳларнинг таркиблари Республика комиссияси раиси ёки унинг ўринбосари томонидан тасдиқланади.

Ишчи гуруҳлар масалаларни ўрганиш натижалари бўйича умумлаштирилган маълумотномани кейинчалик умумлаштириш ва Республика комиссиясига тақдим этиш учун Республика комиссиясининг ишчи органига топширади, маълумотномага ўрганилган масалалар бўйича Республика комиссиясининг келишилган қарорини илова қилади.

Тасдиқланган иш режасига мувофиқ Республика комиссияси мажлисининг кун тартибидаги масала бўйича материаллар ишчи органга масала кўриб чиқиладиган ойнинг 20-кунидан кечикмай, лекин мажлиснинг тегишли хабарномада кўрсатилган ўтказиладиган санасидан уч кун олдин тақдим этилади.


14. Республика комиссияси мажлисида масалалар ҳудудий комиссиялар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳокимликлари, корхоналар ва ташкилотлар раҳбарларини таклиф этган ҳолда кўриб чиқилади.

Мажлисга таклиф этилган шахсларнинг рўйхати Республика комиссиясининг раиси ёки Республика комиссиясининг ўринбосари томонидан тасдиқланади.


15. Қабул қилинган қарорлар Республика комиссияси мажлисининг протоколи билан расмийлаштирилади ва тегишли бажарувчиларга етказилади.


16. Республика комиссиясининг ишчи органига қуйидагилар юкланади:

Республика комиссияси қарорларининг бажарилиши юзасидан тизимли назоратни ташкил қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 5 майдаги ПҚ-2343-сон қарори билан тасдиқланган 2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари Дастурининг - "йўл харитаси"нинг, энергия самарадорлигини ошириш, энергиянинг тикланадиган манбаларини жорий этиш ва ривожлантириш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги бошқа тегишли қонун ҳужжатларининг ўз вақтида бажарилишини таъминлашга доир амалий чора-тадбирлар режасининг рўёбга чиқарилиши юзасидан ўз вақтида ва сифатли, фактларга асосланган мониторингни амалга ошириш;

ҳудудий комиссиялар, ташкилотлар, шунингдек иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ҳамда энергиянинг тикланадиган манбаларини стратегик ривожлантиришни жорий этиш ва тадқиқ қилиш, кам углеродли энергияни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари бўйича ишларни бажарадиган халқаро ташкилотлар миссиялари фаолиятини мувофиқлаштириш;

иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳада энергия сарфини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни ва энергиянинг тикланадиган манбаларини жорий этиш бўйича ҳудудий ва тармоқ дастурларининг бажарилиши юзасидан мониторингини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энергетика текширувларини (энергетика аудитини) ўтказиш хизматлари кўрсатадиган юридик шахсларни аккредитация қилишни ва уларнинг реестрини юритишни, энергетика текшируви (энергетика аудити) натижалари, маҳсулотлар ва хизматларнинг энергия сарфи бўйича энергетика паспортлари маълумотлари базасини шакллантиришни ташкил этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг энергия самарадорлигини ҳамда энергиянинг тикланадиган манбаларини жорий этиш ва ривожлантириш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

Республика комиссиясининг ҳар йилги иш режалари лойиҳасини, шунингдек Республика комиссияси мажлислари материалларини тайёрлаш.


17. Республика комиссиясининг ишчи органи ўз функцияларини амалга ошириш доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ҳудудий комиссиялардан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашидан, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, ташкилотлардан Республика комиссияси ваколатига кирадиган масалалар бўйича ахборотларни сўраш ва олиш;

энергия самарадорлигини, энергиянинг муқобил ва қайта тикланадиган манбаларини ривожлантириш ва жорий этишни рағбатлантириш масалалари бўйича таклифларни кўриб чиқиш ва киритиш;

Республика комиссиясига юкланган вазифаларни ҳал этиш билан боғлиқ айрим муаммолар бўйича таклифларни, шу жумладан тартибга солиб борилиши Республика комиссияси ваколатига кирадиган масалалар бўйича республикада ишлаётган халқаро ташкилотларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқиш учун вақтинчалик ва доимий ишлайдиган эксперт ҳамда ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

жойларда ишчи гуруҳларнинг кун тартибидаги масалаларини ўрганиш, Республика комиссияси мажлисига материалларни тайёрлаш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, уларнинг натижадорлигини таъминлаш мақсадида қўшимча ўрганишлар ўтказиш;

ҳудудий комиссияларда, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларида, ташкилотларда Республика комиссияси ваколатига кирадиган масалалар бўйича материаллар билан танишиш, улардан Республика комиссияси фаолиятини амалга ошириш, энергия самарадорлиги ва энергиянинг тикланадиган манбаларини жорий этиш бўйича кўриб чиқиладиган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган ахборот ва материалларни олиш.


18. Республика комиссияси котиби қуйидагиларни таъминлайди:

Республика комиссиясининг иш режасини ишлаб чиқиш, унинг бажарилишини назорат қилиш, шунингдек тасдиқланган иш режасига мувофиқ Республика комиссиясининг жорий ишларини ташкил этиш;

жойлардаги энергия самарадорлигининг ҳолати масалаларини ўрганувчи ишчи гуруҳлар билан биргаликда Республика комиссияси мажлисига материаллар тайёрлашни ташкил этиш;

ҳудудий комиссиялар, вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда Республика комиссияси томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан назоратни амалга ошириш, Республика комиссияси раисига тегишли ахборот ва таклифларни киритиш;

тушган хат-хабарларни кўриб чиқиш ҳамда Республика комиссияси ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар тайёрлаш;

ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаш ва Вазирлар Маҳкамасига киритишни ташкил этиш.


19. Республика комиссияси котиби ўз функцияларини амалга ошириш доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ҳудудий комиссиялар, вазирликлар, идоралар ва ташкилотлардан Республика комиссиясининг фаолияти, Республика комиссияси топшириқларининг бажарилиши ва уларнинг ҳолати билан боғлиқ масалалар бўйича ахборотлар сўраш;

ҳудудий комиссиялар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Тошкент шаҳри ҳокимликларидаги Республика комиссияси ваколатига кирадиган масалалар бўйича материаллар билан танишиш, шунингдек улардан Республика комиссияси фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборот ва материалларни олиш.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 17 август, 32-сон, 433-модда






























Время: 0.1170
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск