Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш /

Йўлларда ҳаракатланиш Қоидалари (АВ томонидан 19.01.1994 й. 16-сон билан рўйхатга олинган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

19.01.1994 й.

N 16




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ

ДАВЛАТ АВТОМОБИЛЬ БОШҚАРМАСИ

ТОМОНИДАН ТАСДИҚЛАНГАН

Йўлларда ҳаракатланиш

ҚОИДАЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1.1. Ушбу йўлларда ҳаракатланиш Қоидалари* Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги йўлларда ҳаракатланишнинг ягона тартибини белгиловчи меъёрий ҳужжатдир. Йўллардаги ҳаракатланишга таъсир этиши мумкин бўлган барча меъёрий ҳужжатлар ушбу Қоидаларнинг талабларига асосланиши шарт.


1.2. Ўзбекистонда транспорт воситаларининг ўнг томонлама ҳаракатланиш тартиби амалда бўлади.


1.3. Йўлларда ҳаракатланиш иштирокчилари ушбу Қоидаларни билишлари, милиция ходимлари, йўл коммунал хўжаликлари, темир йўл кесишмалари, сол кечувида хизмат вазифасини бажараётган ходимлар, светофор ишоралари, йўл белгилари (1-илова), қатнов қисмидаги чизиқлар (2-илова) талабларини бажаришлари шарт.

Ҳаракатланишни тартибга солишга вакил шахслар берилган ваколат доирасида ҳаракат қилишлари, уларда тегишли гувоҳнома ва таниқли белгилари (қўлбоғич, жезла, қизил нур қайтаргичли доирача, байроқча) бўлиши лозим.


1.4. Ушбу Қоидаларга амал қилаётган ҳар бир ҳаракат иштирокчиси, бошқа шахслар ҳам қоида талабларини бажаради деб ҳисоблашга ҳақли.


1.5. Йўлларда ҳаракатланиш иштирокчилари ва бошқа шахслар ҳаракатга хавф ёки тўсқинлик туғдирмаслиги, йўл ва йўл иншоотлари, давлат, жамоат ташкилотлари ҳамда фуқароларга зарар етказмасликлари керак.


1.6 Фуқаролар, ташкилотлар ва ширкатлар томонидан ўзбошимчалик билан йўл белгиларини ўрнатиш тақиқланади.


1.7 Республика ҳудудидаги жорий стандарт талабларига жавоб бермайдиган транспорт воситаларидан фойдаланиш ман этилади.


1.8. Йўлларда ҳаракатланиш қоидалари барча ўрта мактабларда, махсус билим юртларида, мактабгача бўлган болалар муассасаларида ўқитилиши лозим.


1.9. Йўлларда ҳаракатланиш иштирокчилари ўзаро хушмуомала бўлишлари лозим.


1.10. "Йўлларда ҳаракатланиш қоидалари"ни қайта чоп этиш ва кўпайтириш Республика ИИВ ДАН Бошқармаси бошлиғининг розилиги билан амалга оширилади.


1.11. Мазкур Қоидаларни бузган шахслар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Қонунчилигига биноан жавобгарликка тортилади.



II. АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР ВА АТАМАЛАР


"Йўлларда ҳаракатланиш иштирокчиси" -ҳайдовчи, пиёда, йўловчи, чорва молларини бошқарувчи, йўлни таъмирловчилар, йўлларда ҳаракатланишни тартибга солаётган шахслар.


"Ҳайдовчи" - транспорт воситасини бошқараётган шахс.


"Пиёда" - транспорт воситасидан ташқарида бўлган, йўлда иш билан банд бўлмаган ҳолда ҳаракатланаётган шахс. Велосипед, мопед, мотоцикл, чана етаклаган, аравача ёки болалар кажавасини тортиб кетаётган, ногиронларнинг юргизгичсиз кажавасида ҳаракатланаётган шахслар ҳам пиёда ҳисобланадилар.


"Йўловчи" - транспорт воситасида кетаётган (ҳайдовчидан ташқари) шахс.


"Имтиёз" - ҳаракатнинг бошқа иштирокчиларидан олдин ҳаракатланиш ҳуқуқи.


"Йўл бериш" - йўлларда ҳаракатланиш иштирокчисининг бошқа иштирокчига хавфсиз ҳаракатланиш учун имкон яратиб бериши.


"Тўхташ" - транспорт воситасини 10 дақиқадан ортиқ бўлмаган муддатга тўхташи.


"Тўхтаб туриш" - транспорт воситасини 10 дақиқадан ортиқ тўхтаб туриши.


"Мажбурий тўхташ" - милиция ходимининг талабига кўра, техник нуқсон, ташилаётган юк хавф туғдирганда, йўлларда, сунъий иншоотларда, темир йўл кесишмаларида носозликлар пайдо бўлганда, ҳайдовчи ва йўловчининг ҳолатига, об-ҳаво шароитига боғлиқ ҳолда транспорт воситаси ҳаракатининг тўхтатилиши.


"Қувиб ўтиш" - йўлнинг қарама-қарши қатнов қисмига чиқиб бир ёки бир неча транспорт воситасидан ўзиб кетиш ва яна ўз қатнов қисмига қайтиб ўтиш.


"Етарли кўринмаслик" - қаттиқ шамол, довул, чанг-тўзон, туман, ёмғир ва қор ёғиши туфайли ҳамда ғира-шира қоронғилиқда кўриш масофасининг 300 метрдан кам бўлган ҳолати.


"Қоронғи вақт" - оқшомдан тонггача бўлган вақт.


"Йўл" - ҳаракатланишда фойдаланиладиган кўча, шохкўча, тор кўчанинг бутун эни, қатнов қисми билан бир сатҳдаги трамвай йўли, йўл ёқаси, ажратувчи бўлаклар ва тротуар.


"Асосий йўл" - тупроқли йўлга нисбатан қопламаси бўлган, кесишаётган йўлга нисбатан имтиёзли йўл белгилари билан белгиланган йўл. Иккинчи даражали йўлнинг чорраҳага туташ қисмининг қопламали бўлиши уни асосий йўл билан тенг ҳуқуқли қилмайди.


"Сунъий иншоотлар" - йўлларнинг қатнов қисмидаги кўприклар, ер ости йўллари ва ҳоказо.


"Қатнов қисми" - йўлнинг транспорт воситалари ҳаракатланиши учун мўлжалланган қисми. Йўлнинг қатнов қисми бир нечта бўлиши мумкин, ажратувчи бўлаклар уларнинг чегараси ҳисобланади.

Трамвай йўли рельссиз транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун мўлжалланган қатнов қисмининг чегараси ҳисобланади.


"Ажратувчи бўлак" - йўлнинг ёнма-ён қатнов қисмларини махсус баланд қурилма ва унинг икки ёнидаги ётиқ чизиқ ҳамда кўкаламзорлаштириш учун мўлжалланган жой билан ажратувчи, транспорт воситаларининг ҳаракатланиши ёки тўхташи учун мўлжалланмаган қисми.


"Ҳаракатланиш бўлаги" - транспорт воситаларининг бир қаторда ҳаракатланиши учун етарли кенгликка эга бўлган, чизиқлар ва йўл белгилари билан белгиланган ёки белгиланмаган қатнов қисмининг бўйлама бўлаги.


"Чорраҳа" - йўлларнинг ўзаро бир сатҳда кесишишидан ҳосил бўлган майдон. Йўл ёқасида жойлашган муассаса, ташкилот, корхона ҳудудининг кириш ва чиқиш йўлларидан ҳосил бўлган кесишмалар чорраҳа ҳисобланмайди.


"Тротуар" - қатнов қисмига туташган ёки ундан майсазор, ариқ, ва махсус қурилмалар (бордюр, панжара) билан ажратилиб, пиёдаларнинг ҳаракати учун мўлжалланган йўлнинг бир қисми.


"Пиёдалар йўлкаси" - йўлнинг пиёдалар ҳаракатланиши учун мўлжалланган, транспорт ҳаракати тақиқланган қисми.


"Пиёдалар ўтиш жойи" - йўлнинг пиёдалар ўтиши учун мўлжалланган, махсус чизиқлар ва белгилар билан ажратилган қисми.


"Темир йўл кесишмаси" - йўлнинг темир йўл билан бир сатхда кесишган жойи.


ҳоли яшайдиган жой" - аҳоли доимий истиқомат қилаётган кириш ва чиқиш йўллари 5. 225. 25 белгилари билан кўрсатилган ҳудуд.


"Транспорт воситаси" - одамлар ёки юкларни ташишга мўлжалланган мослама.


"Механик транспорт воситаси" - юргизгич (двигатель) билан жиҳозланган транспорт воситаси, бу атама трактор ва ўзиюрар мосламаларни ҳам ўз ичига олади.


"Мотоцикл", "Мотороллер" - кажавали ёки кажавасиз, икки ёки уч ғилдиракли механик транспорт воситаси.


"Мопед" - юргизгичнинг (двигателнинг) иш ҳажми 50 сантиметр кубгача бўлган, тезлиги соатига 50 км дан ошмайдиган механик транспорт воситаси.


"Велосипед" - одамнинг мушак кучи билан ҳаракатлантириладиган транспорт воситаси (ногиронлар кажавасидан ташқари).


"Умум фойдаланадиган транспорт воситаси" - белгиланган йўналишда йўловчи ташиш учун ҳаракатланадиган автобус, троллейбус, трамвай ва белгиланган йўналишдаги таксилар.


"Тиркама" - механик транспорт воситаси таркибида ҳаракатланувчи мослама. Бу атама ярим тиркамалар ва узайтирилган тиркамаларни ҳам ўз ичига олади.


"Тўла вазн" - ишлаб чиқарувчи корхона томонидан белгиланган, аслаҳаланган транспорт воситасининг ҳайдовчи, йўловчи, юк билан бирга рухсат этилган энг юқори вазни (миқдори).

Бир таркибда ҳаракатланаётган (тиркама ва ҳ. к.) транспорт воситаларининг тўла вазнига шу таркибга кирувчи транспорт воситалари тўла вазнининг йиғиндиси киради.



III. ҲАЙДОВЧИЛАРНИНГ УМУМИЙ МАЖБУРИЯТЛАРИ


3.1. Механик транспорт воситаси ҳайдовчиси қуйидаги ҳужжатларни ёнида олиб юришга мажбур:

- тегишли тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома ва унинг талони;

- транспорт воситасини рўйхатдан ўтказилгани ҳақида ҳужжат;

- йўл ёки йўналиш варақаси (хусусий транспорт воситалари эгаларидан ташқари), ташилаётган юкнинг ҳужжатлари;

- транспорт воситасининг эгаси ёнида бўлмаганида, транспорт воситасидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи қонуний расмийлаштирилган ишонч қоғози, шартнома ёки умумий эгалик ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномаси бўлиши лозим. Ҳайдовчилар мазкур ҳужжатларни ДАН ва милиция ходимлари талаб этганда беришлари лозим.


3.2. Ҳайдовчи (шахсий транспорт воситаларининг эгаларидан ташқари) умум фойдаланадиган транспорт воситаларини текширув-тафтиш хизмати ходимларига тўхташи ва йўл варақаси, юк ҳужжатларини текшириш учун бериши шарт.


3.3. Шахсий транспорт воситасининг эгаси ёки ишонч қоғозига эга шахс тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган бошқа шахсга ўзининг транспорт воситасини вақтинча бошқаришга рухсат этиши мумкин. Аммо ўзи ёнида бўлиши керак.


3.4. Транспорт воситасида Ўзбекистонга келаётган ёки хорижга кетаётган ҳайдовчида:

- транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақида ҳужжат (олди-сотди шартномаси, нотариал тасдиқланган ишонч қоғози, божхона гувоҳномаси);

- 1968 йилги "Йўлларда ҳаракатланиш ҳақидаги Конвенция" талабига мувофиқ ҳайдовчилик гувоҳномаси;

- транспорт воситасида у тарк этаётган давлатнинг рақам ва фарқловчи белгиси бўлиши шарт.


3.5. Ҳайдовчининг мажбуриятлари :

- ҳаракатланишдан олдин транспорт воситасининг созлигини, тозалигини ва тўлиқ жиҳозланганлигини текшириш;

- транспорт воситасининг техник ҳолатини кузатиб бориш;

- мотоцикл, мотороллер, мопедни махсус бош кийимда бошқариш, йўловчиларни ҳам махсус бош кийим билан таъминлаш;

- ҳаракатланишдан олдин йўловчиларнинг транспорт воситасига тўлиқ чиқиб, жойларини эгаллаган бўлишларига, одам ташиш учун махсус жиҳозланган юк ташувчи транспорт воситаларида одам ташиётганда йўловчиларни мазкур қоиданинг 7.5 банди талабларини бажарганликларига ишонч ҳосил қилган бўлиши, транспорт воситасининг эшикларини ёпиши шарт.

- ҳайдовчи ўз ҳаракатида пиёда, хусусан болалар, ногирон ва қарияларга, велосипедчиларга нисбатан ниҳоятда эҳтиёткорлик чораларини кўриши лозим;

- ҳайдовчи йўллардан фойдаланувчиларга, унинг чеккасида яшовчи кишиларга юқори даражада шовқин солиб, сув сачратиб ва чанг кўтариб, ноқулайликлар туғдирмасликка ҳаракат қилиши лозим.


3.6. Ҳайдовчи қуйидаги ҳолларда транспорт хизмати кўрсатиши шарт:

- хизмат вазифаси билан боғлиқ ҳолларда милиция ходимларига;

- тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларга;

- йўлтранспорти ҳодисаси туфайли шикастланган транспорт воситаларини шатакка олиб боришда (фақат юк автомобиллари ҳайдовчилари);

- тиббий ёрдам кўрсатиш учун шу йўналишда кетаётган тиббиёт ходимларига, шунингдек ҳаракат йўналишидан қатъи назар, ҳаёти хавф остида қолган беморни яқин орадаги даволаш муассасасига олиб боришда (махсус ва дипломатик транспорт воситалари бундан мустасно).


3.7. Милиция ва тиббиёт ходимлари ҳайдовчи талаб қилганда ўз гувоҳномаларини кўрсатишлари, ҳайдовчининг йўл варақасига юрилган вақти, босиб ўтилган масофа, ўз исми-шарифи, мансаби, ташкилотнинг номини ёзиб беришлари лозим.


3.8. Ногирон таниқли белгиси билан белгиланган, ногиронлар бошқараётган транспорт воситалар ва кажавали ёки кажавасиз мотоцикллар 3.2., 3.3 ва 3.28 белгилари талабларидан четга чиқишлари мумкин. Қўшимча 7.18 белгиси бўлганда 3.27 белгисининг таъсир чегарасида тўхташга рухсат этилади.


3.9. Ҳайдовчига қуйидагилар ман қилинади:

- ҳар қандай мастлик (меъёридан қатъи назар) ёки гиёҳванд моддалар таъсирида бетоблик, ҳаракатланиш хавфсизлигига таҳдид соладиган даражада чарчоқлик, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсири остида транспорт воситасини бошқариш;

- ҳар қандай мастлик ёки гиёҳванд моддалар, ҳаракатланишга таҳдид соладиган даражада чарчаган, эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсиридаги, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берадиган тегишли тоифадаги гувоҳномаси бўлмаган ёки бўлсада, йўл варақасида исми-шарифи кўрсатилмаган шахсларга транспортни бошқариш учун топшириш;

- техник носоз транспорт воситаларини бошқариш;

- мопед, мотороллер ва мотоциклларни овоз ўчиргич (глушитель)сиз бошқариш ёки уни олиб қўйиб юриш;

- тегишли рухсатсиз транспорт воситаларига махсус техник жиҳозлари (рация, сирена ва ҳ. к.)ни ўрнатиш.



IV. МАХСУС ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИНГ ИМТИЁЗЛАРИ


4.1. Махсус рангга эга бўлган (ГОСТ 2139275) кўк рангли ялт-ялт этувчи чироқмаёқча ва (ёки) махсус товушли ишора ёқилган тезкор (оператив) транспорт воситаларининг ҳайдовчилари кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажараётиб, ушбу Қоидаларнинг (ДАН ходимлари кўрсатмасидан ва қоиданинг 3.9 банди, 26-бобнинг бандларида кўрсатилган ҳолатлардан ташқари) талабларидан четга чиқишлари мумкин.

Чироқмаёқча ва (ёки) махсус товушли ишора ёқиб бораётган транспорт воситаларининг кузатувидаги транспорт воситаларининг ҳайдовчилари ҳам шу имтиёздан фойдаланадилар.


4.2. Ҳайдовчилар кўк рангли маёқча ёки махсус товуш мосламасини қўллаб яқинлашиб келаётган транспорт воситаларига йўл беришлари, зарур бўлганда бу транспорт воситаларини бемалол ўтиб кетишлари учун транспорт воситасини йўлнинг ўнг томонига олиб, тўхташлари шарт.

Яқинлашиб келаётган транспорт воситаларида ялтировчи кўк ва қизил рангли маёқчалар ёқилган бўлсада йўналишда, иккитадан ортиқ, ҳаракат бўлаги бўлмаган йўлларда шу йўналишдаги, ажратувчи бўлак бўлмаганда эса қарама-қарши томондаги транспорт воситаларининг ҳайдовчилари ҳам йўл четида тўхташлари шарт. Саф охирида бораётган кўк ёки яшил рангли маёқча ёқилган транспорт воситаси ўтиб кетгачгина ҳаракатни бошлашга рухсат этилади.


4.3. Ялтировчи зарғалдоқ рангли маёқчаси ёқилган, йўлдан фойдаланиш хизматига тегишли мослама ва транспорт воситаларининг ҳайдовчилари иш бажариш жараёнида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш шарти билан ушбу қоидаларнинг йўл белгилари, йўл чизиқлари ҳамда 11.4., 11.5., 11.7 ва 18.1 бандларидаги талаблардан четга чиқишлари мумкин.

Зарғалдоқ рангли маёқча ҳаракатланишда имтиёз бермайди. У ҳайдовчиларнинг эътиборини жалб этиш ва хавф-хатардан огоҳлантириш учунгина хизмат қилади.



V. ЙЎЛ-ТРАНСПОРТ ҲОДИСАСИ РЎЙ

БЕРГАНДА ҲАЙДОВЧИНИНГ ВАЗИФАСИ


5.1. Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда ҳайдовчи:

- дарҳол транспорт воситасини тўхтатиши, мажбурий тўхтаганини билдирувчи чироқни ёқиши ёки белги ўрнатиши, транспорт воситасини ва ҳодисага дахлдор буюмларни қўзғатмаслиги;

- шикастланганларга биринчи тиббий ёрдам бериш учун зарурий чораларни кўриши, "Тез тиббий ёрдам" хизматини чақириши, агар бунинг имкони бўлмаса, шикастланганларни ўз транспортида ёки бошқа йўловчи транспортида яқин орадаги даволаш муассасасига олиб бориши, у ерда ўз исми-шарифи, транспорт воситасининг давлат рақам белгисини айтиши ва воқеа содир бўлган жойга қайтиб келиши;

- ҳодиса ҳақида милицияга хабар бериши, гувоҳларнинг исми-шарифи, манзилгоҳини ёзиб олиши, милиция ходимлари келишини кутиши;

- ҳодиса изларини сақлаб қолиш учун барча чораларни кўриши, воқеа жойини тўсиб қўйиши ва у ердан четлаб ўтишни ташкиллаштириши;

- бошқа транспорт воситалари қатновини таъминлаш зарур бўлганда, гувоҳлар иштирокида, аввало транспорт воситасининг, ҳодисага алоқадор нарсалар ва изларнинг ҳолатини қайд этиб, кейин қатнов қисмини бўшатиши керак.


5.2. Йўл-транспорт ҳодисасида шикастланганлар бўлмаса, етказилган моддий зарар қимматга тушмаса, транспорт воситаси ҳаракатланишини тақиқловчи носозликлар бўлмаса, ҳайдовчилар ўзаро розилик билдирсалар, ҳодиса чизмасини тузиб, уни имзолаб, яқин орадаги ДАН масканига ёки милиция идорасига ҳодисани расмийлаштириш учун боришлари мумкин.



VI. ПИЁДАЛАРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


6.1. Пиёдалар тротуардан ёки пиёдалар йўлкасидан ўнг томонлама, агар улар бўлмаса, йўл ёқасидаги ёки қатнов қисмининг четидан (ажратувчи бўлаги бор йўлларда ташқи чеккасидан) бир қатор бўлиб юришлари керак.

Аҳоли яшамайдиган жойларнинг йўл ёқасида ёки қатнов қисмининг четида ҳаракатланаётган пиёдалар транспорт воситаларининг ҳаракатига қарши, ногиронлар юргизгичсиз кажавасида ҳаракатланаётган, мотоцикл, мопед, велосипед етаклаб бораётган шахслар эса транспорт воситаларининг ҳаракати бўйлаб юришлари керак.


Эслатма:

Пиёдалар йўлкасида, тротуарларда, йўлнинг марзаларида пиёдалар, хусусан ногирон ва қариялар ҳаракатига халақит берувчи қурилма ва жиҳозлар ўрнатиш ман этилади.


6.2. Одамлар гуруҳи қатнов қисмининг ўнг томонидан саф қаторини тўрттадан оширмай юришлари мумкин. Сафлар олди ва орқасидаги кузатувчилар чап томонда қизил байроқча кўтариб, қоронғи ва етарли кўринмаслик шароитида эса олдинда оқ, орқада қизил рангли чироқча кўтариб боришлари керак.

Болалар гуруҳига фақат тротуар ва пиёдалар йўлкасида улар бўлмаганда эса йўл ёқасида катта ёшдагилар кузатувида юришларига рухсат этилади.


6.3 Пиёдалар йўлнинг қатнов қисмини пиёдалар ўтишига мўлжалланган жойидан, у бўлмаган чорраҳаларда тротуар чизиғи ёки йўл ёқаси бўйлаб ҳаракатланишга хавф туғдирмасдан, кесиб ўтишлари лозим.


6.4. Пиёдалар светофор ёки ҳаракатни тартибга солувчининг ишорасига бўйсунишлари шарт.

Пиёдалар зарурат бўлмаганда қатнов қисмида ушланиб қолмасликлари, тўхтамасликлари керак. Ўтишга улгурмаган пиёдалар хавфсизлик оролчасида ёки қарама-қарши йўналишдаги ҳаракат оқимини ажратувчи чизиқларда тўхтаб туришлари лозим. Хавфсизликка ишонч ҳосил қилингачгина ҳаракатланишни давом эттиришлари мумкин.


6.5 Пиёдаларга ман қилинади:

- ажратувчи бўлаги бўлган йўлларда пиёдаларнинг ўтиши мўлжалланмаган, йўл тўсиқлари ўрнатилган жойлардан қатнов қисмини кесиб ўтиш;

- йўлнинг қатнов қисмида туришлари;

- чорраҳаларда ва йўлнинг қатнов қисмида тўхтаган транспорт воситаларининг ойналари ва бошқа қисмларини (айниқса болалар томонидан) ўзбошимчалик билан тозалаш;

- яқинлашиб келаётган транспорт воситасининг йўқлигига ишонч ҳосил қилмасдан, кўринишни чекловчи бирор тўсиқ ёки тўхтаб турган транспорт воситаси орқасидан тўсатдан чиқиш;

- ҳаракатланаётган транспорт воситасига осилиш, транспорт воситаси эшикларини ёпилишига тўсқинлик қилиш.

- 6.6. белгиси билан белгиланган йўлда пиёдалар ўтиш, дам олиш ёки тўхтаб туриш жойларидан ташқарида юриш.



VII. ЙЎЛОВЧИЛАРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


7.1. Автобус, троллейбус, трамвай, таксиларни фақат бекатларда, улар бўлмаган тақдирда йўл ёқасида туриб кутиш лозим.


7.2. Йўловчи транспорт воситаси тўхтагандан кейингина ундан тушиши ёки чиқиши мумкин. Йўловчиларни транспорт қатнови қисми томонидан тушиши ва чиқиши, пиёдалар йўлакчаси ёки йўл ёқаси томонидан иложи бўлмаган ҳолларда, бошқа ҳаракат иштирокчиларининг ҳаракатига халақит бермайдиган ҳамда хавф туғдирмайдиган шароитдагина рухсат этилади.


7.3. Трамвай бекатларида йўловчиларни тушириш ва чиқариш майдонлари бўлмаса, йўловчилар трамвай тўхтаганидан кейингина йўлнинг қатнов қисмига чиқишлари мумкин. Трамвайдан тушган йўловчилар йўлнинг қатнов қисмини тезда тарк этишлари лозим.


7.4. Йўловчилар транспорт ҳаракатланаётган вақтда ҳайдовчини чалғитмасликлари керак.


7.5. Юк ташувчи транспорт воситалари ҳаракатланаётган вақтда унинг юкхонасида бўлган йўловчиларга тик туриш, бортда ёки ундан баланд юк устида ўтириш тақиқланади.


7.6. Тўхтаб турган автобус ва троллейбуснинг орқа томонидан, трамвайнинг эса олди томонидан йўлни кесиб ўтиши шарт.



VIII. ЙЎЛЛАРДА ҲАРАКАТЛАНИШНИ ТАРТИБГА СОЛИШ


8.1. Йўлларда ҳаракатланиш светофорнинг яшил, сариқ, қизил ва оқ рангли ёритгичлари ҳамда ДАН ходимининг (тартибга солувчи) ишоралари билан тартибга солинади.

Светофор ёритгичлари қуйидагиларни билдиради:

- доирасимон яшил ёритгич ҳаракатланишга рухсат беради;

- қора асосга олинган, яшил йўналтиргичли ёритгич кўрсатилган йўналишда ҳаракатланишга рухсат беради;

- светофорнинг қўшимча қисмидаги яшил йўналтиргич ҳам шу маънони англатади (чапга бурилишга рухсат этувчи йўналтиргич орқага қайрилишга ҳам рухсат беради);

- милтилловчи яшил ёритгич ҳаракатланишга рухсат беради, таъсир вақти тугаётгани ва тақиқловчи ёритгич ёнишидан огоҳ қилади;

- яшил ёритгичнинг ўчишига қанча сония қолгани ҳақида ҳайдовчиларни огоҳлантириш учун рақамли табло қўлланиши мумкин;

- сариқ ёритгич ҳаракатни тақиқлайди, ёритгичлар ранги алмашиши ҳақида огоҳлантиради;

- милтилловчи сариқ ёритгич ёки навбат билан милтилловчи иккита сариқ ёритгич ҳаракатланишга рухсат беради ва ҳаракатланиш тартибга солинмаган чорраҳа ёки пиёдалар ўтиш жойи борлигидан хабардор қилади;

- қизил ёритгич, жумладан милтилловчи ёки навбатма навбат милтилловчи иккита қизил ёритгич ҳаракатланишни тақиқлайди.

Қизил ва сариқ ёритгичларнинг бир вақтда ёниши ҳаракатни тақиқлайди ва тез орада яшил ёритгич ёниши ҳақида ахборот беради.

Қизил ва сариқ ёритгичлардаги қора тасвирли йўналтиргичлар бу ёритгичлар маъносини ўзгартирмайди, балки у светофорнинг яшил ёритгичи ёнганда рухсат этилган ҳаракат йўналиши ҳақида ахборот беради.

Светофорнинг асосий яшил ёритгичига туширилган қора тасвирли йўналтиргич, қўшимча қисм ёритгичидан фарқли бошқа йўналишда ҳаракатланишга рухсат беради ва ҳайдовчиларга қўшимча қисм борлигини билдиради.

Светофор ёритгичларида одамлар тасвирининг кўриниши, пиёдалар ҳаракатини йўналтиради.


8.2. Йўл қатнов қисмининг ҳаракат йўналиши қарама-қарши томонга ўзгариши мумкин бўлган бўлакларида "X" симон қизил ёритқичли, яшил рангли йўналтиргичи пастга қаратилган реверсив светофорлар қўлланилади.

Улар қайси бўлак устига қўйилган бўлса, ўша бўлакдаги ҳаракатланишни тақиқлайди ёки рухсат беради.

Ёритгичлари ўчирилган реверсив светофор икки томони 1.9 чизиғи билан белгиланган йўл бўлаги устига қўйилган бўлса, бу бўлакка кириш тақиқланади.


8.3. Трамвайларнинг ҳаракати, шунингдек алоҳида бўлакда ҳаракатланувчи умум фойдаланадиган бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатини тартибга солиш учун "Т" симон оқ рангли, тўртта ёритқичли светофорлар қўлланиши мумкин. Пастки ва юқориги бир неча ёки битта ёритгичи баробар ёнганда ҳаракатланишга рухсат берилади. Улардан чапдагиси чапга, ўртадагиси тўғрига, ўнгдагиси ўнг томонга ҳаракатланишга рухсат беради. Юқоридаги учта ёритгич ёнса ҳаракатланиш тақиқланади.


8.4. Тартибга солувчининг гавда ҳамда қўлларининг ҳолати ишора ҳисобланади ва қуйидаги маънони билдиради:

- қўллар ён томонга узатилса ёки пастга туширилса чап ва ўнг томондан трамвай учун тўғрига, рельссиз транспорт воситаси учун тўғри ва ўнгга ҳаракатланиш, пиёдалар учун эса қатнов қисмини кесиб ўтишга рухсат этилади;

- кўкрак ва орқа томондаги барча транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракатланиши тақиқланади.

Ўнг қўл олдинга узатилган:

- чап ёнидан трамвай учун чапга, рельссиз транспорт воситалари учун барча йўналишлар бўйича ҳаракатланишга рухсат этилади.

- кўкрак томондан барча транспорт воситалари учун фақат ўнг томонга ҳаракатланишга рухсат этилади;

- пиёдаларга тартибга солувчининг орқа томонидан қатнов қисмини кесиб ўтишга рухсат этилади.

- орқа ва ўнг томондаги транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.

Қўл юқорига кўтарилган:

- барча транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракатланиши тақиқланади.

Тартибга солувчи ҳайдовчи ва пиёдалар учун тушунарли бўлган бошқа ишораларни ҳам бериши мумкин.

Тартибга солувчи ишораларнинг яққол кўринишини таъминлаш мақсадида ёритгичли таёқча, қизил ёритгичли ёки нур қайтаргичли доирача қўллаши, ҳаракатланувчилар эътиборини жалб этиш учун ҳуштакдан фойдаланиши мумкин.


8.5. Ҳайдовчилар светофор ёки тартибга солувчининг танловчи ишорасида тўхташ чизиғи (улар бўлмаганида, кесишманинг қатнов қисми олдида) ёки пиёдалар ўтиш жойига етмасдан, бошқа тартибга солинган жойларда эса светофор олдида тўхташлари керак.


8.6. Сариқ ёритгич ёнганда ёки тартибга солувчи қўлини юқори кўтарганда тўхташ керак, чорраҳага кирган ҳайдовчилар ҳаракатни давом эттиришлари мумкин. Қатнов қисмида бўлган пиёдалар эса ўтишни тугатишлари ёки хавфсизлик оролчасида ё қарама-қарши йўналишдаги транспорт воситаларининг оқимини ажратувчи чизиқда тўхташлари керак.


8.7. Ҳайдовчи ва пиёдалар светофор ёритгичларига, йўл белгилари, тортилган чизиқларга зид бўлишига қарамай, тартибга солувчининг ишора ва кўрсаткичларига бўйсунишлари керак.



IX. ОГОҲЛАНТИРУВЧИ ИШОРАЛАР


9.1. Бурилишни кўрсатувчи ёруғлик ёки қўл билан берилаётган ишоралар, товушли ишоралар; фара чироғини учиб-ёқилиши, кундуз куни яқинни ёритувчи фара чироғини ёқилиши, мажбурий тўхташни англатувчи чироқлар - огоҳлантирувчи ишоралар ҳисобланади.


9.2. Ҳайдовчи ҳаракатланишни бошлаш, қайта тизилиш, қайрилиш, бурилиш, тўхташ олдидан бурилишни билдирувчи ёруғлик кўрсаткичлари билан, улар носоз ёки умуман бўлмаган тақдирда қўл ишораси орқали огоҳлантириши шарт.


9.3. Чап қўлни ёнга ёки ўнг қўлни тирсакдан юқорига қарата букиш чапга бурилиш маъносини билдиради.

Ўнг қўлни ёнга ёки чап қўлни тирсакдан юқорига қарата букиш ўнгга бурилишни билдиради.

Ўнг ёки чап қўлни юқори кўтариш - тўхташ демакдир.


9.4. Бурилиш кўрсаткичи ёки қўл билан берилаётган ишора манёвр бажарилишидан олдин берилиши ва манёвр тугалланиши билан тўхтатилиши (қўл билан берилаётган ишора эса, манёвр бошланишидан олдин тугатилиши мумкин) лозим. Бундай ишоралар бошқа ҳаракат қатнашчиларини чалғитмаслиги керак.

Ҳайдовчи орқада келаётган, қувиб ўтишни бошлаган ҳайдовчига халақит бермаслигига ишонч ҳосил қилгачгина чапга бурилиш ёки қайрилиш ишорасини бериши керак.

Огоҳлантирувчи ишоралар уни бераётган ҳайдовчига имтиёз бермайди ва уни зарурий эҳтиёт чораларини кўриш масъулиятидан озод қилмайди.


9.5. Аҳоли яшайдиган жойларда товуш мосламаларидан фақат йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадидагина фойдаланиш мумкин. Ишлаб чиқарувчи корхона томонидан ўрнатилган товуш мосламасини бошқа хил товуш чиқарувчи мосламалар билан алмаштириш тақиқланади.


9.6. Қувиб ўтилаётган транспорт воситаси ҳайдовчисининг эътиборини жалб қилиш учун фара (чироқ)ларни ўчириб ёқиш, аҳоли яшамайдиган жойларда эса товуш мосламасидан ҳам фойдаланиш мумкин.


9.7 Бошқа ҳайдовчиларнинг кўзини қамаштириши мумкин бўлган ҳолларда фараларнинг узоқни ёритувчи (орқа томонни кўрсатувчи кўзгу орқали ҳам) чироқларидан огоҳлантирувчи ишора сифатида фойдаланиш тақиқланади.


9.8 Кундузи ҳаракатланаётган транспорт воситасининг яқинни ёритувчи чироқлари қуйидаги ҳолларда ёқилиши керак:

- сафланиб ҳаракатланганда;

- транспорт оқими йўналишига қарши 5.9 белгиси билан белгиланган бўлакда ҳаракатланаётганда;

- автобус ёки махсус жиҳозланган юк автомобилларида болалар гуруҳи ташилаётганда;

- йирик ҳажмли (ташқи ўлчамлари) ва оғир вазнли юклар ташилаётганда;

- механик транспорт воситаси шатакка олинганда.

Сунъий тарзда ёритилган ер ости йўллари (тоннеллар)да ҳаракатланаётган транспорт воситасининг габарит чироқлари ёки фараларнинг яқинни ёритувчи чироқлари ёқилган бўлиши керак.


9.9. Шатакка олинган транспорт воситасининг габарит чироқлари ҳар қандай шароитда ёқилган бўлиши шарт. Агар улар техник носоз бўлса, шатакка олинган транспорт воситасининг орқасига мажбурий тўхташ (кейинги матнларда "Фалокат" деб берилади) белгиси ўрнатилиши керак.


9.10. Тўхташ тақиқланган жойларда мажбурий тўхталганда, йўлнинг ёритилмаган қисмида ёки етарли кўринмаслик шароитида тўхталганда, тўхтаб турилганда, габарит ёки тўхтаб туриш чироқлари бузуқ бўлса, мажбурий тўхташ ёритгичлари ёқилиши керак.


9.11. Мажбурий тўхташ ёритгичи бўлмаса ёки носоз бўлса, шунингдек бирор йўналишда йўлнинг 100 метрдан камроқ қисми кўринадиган жойларда мажбурий тўхтаган механик транспорт воситасининг (кажавасиз мотоциклдан бошқа) ҳайдовчиси аҳоли яшайдиган жойларда транспорт воситасининг орқа қисмига 1520 метр, аҳоли яшамайдиган жойларда эса 30-40 метр етмасдан ҳаракат йўналишига қараб, "Фалокат" белгисини ёки фонар, фонус, ялт-ялт этувчи қизил белги ўрнатиши керак.



X. ҲАРАКАТЛАНИШНИ БОШЛАШ,

ЙЎНАЛИШЛАРНИ ЎЗГАРТИРИШ


10.1. Ҳайдовчи ҳаракатланишни бошлашда, қайта тизилишда, йўналишни ўзгартирганда бошқа ҳаракатланиш иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаши шарт.


10.2. Ҳовли, тўхтаб туриш жойи, ёнилғи қуйиш тармоғи ва йўлга бевосита туташган бошқа жойлардан йўлга чиқаётган ҳайдовчи ўзи кесиб ўтаётган ҳаракат йўлидаги транспорт воситалари ва пиёдаларга йўл бериши керак.


10.3. Ҳайдовчи қайта тизилишда қўшни қаторда ҳаракатланаётган транспорт воситасига йўл бериши лозим. Ёнма-ён ҳаракатланаётган транспорт воситалари бир вақтда қайта тизилаётганда, ҳайдовчи ўнг томонидаги транспорт воситасига йўл бериши керак.


10.4. Ҳайдовчи айланма ҳаракатланиш ташкил қилинган чорраҳадан ташқари ҳолларда ўнгга, чапга бурилиш ёки қайрилишда тегишли четки ҳолатни эгаллаши шарт.

Ҳайдовчи бурилишни шундай бажариши керакки, транспорт воситаси қатнов қисмларининг кесишмасидан чиқишда қарама-қарши ҳаракатланиш бўлагига тушиб қолмасин.


10.5. Транспорт воситаси габарит ўлчамлари ёки бошқа сабаблари туфайли четки бўлакдан бурила олмаса, бошқа транспорт воситаларига халақит бермаган ҳолда бурилишни ушбу Қоидалар талабидан четга чиқиб амалга оширишига йўл қўйилади. Хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаш учун ҳайдовчи бошқа шахслар ёрдамидан фойдаланиши лозим.


10.6. Рельссиз транспорт воситасининг ҳайдовчиси чорраҳадан ташқари йўлларда чапга бурилиш ёки қайрилишда рўпарадан келаётган транспорт воситаларига йўл бериши керак.

Агар қатнов қисмининг кенглиги четки чап бўлакдан қайрилиш учун етарли бўлмаса, уни қатнов қисмининг ўнг четидан амалга оширишга йўл қўйилади. Бунда қайрилаётган ҳайдовчи ўзи билан бир йўналишдаги ва рўпарадаги транспорт воситаларига йўл бериши керак.


10.7. Транспорт воситаларининг ҳаракат йўналишлари кесишадиган ҳолларда (ўтиш навбати ушбу Қоидаларнинг 15.3., 15.10, 15.13 бандлари, светофорнинг, тартибга солувчининг ишоралари, йўл белгилари талаблари ва бошқа кўзда тутилмаган ҳолатлар бундан мустасно), ўнг томондан яқинлашиб келаётган транспорт воситаларига йўл берилиши керак.


10.8. Секинлашиш бўлаги бўлган йўлларда бурилмоқчи бўлаётган ҳайдовчи ўз вақтида шу бўлакка тизилиши ва тезликни камайтириши лозим;

Йўлга чиқиш жойида тезланиш бўлаги бўлса, ҳайдовчи ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл бериб, сўнг оқимга қўшилиши керак.


10.9. Қуйидаги ҳолатларда қайрилиш тақиқланади:

- пиёдаларни ўтиш жойларида;

- тонелларда;

- кўприкларда;

- осма йўллар, осма кўприксимон иншоотлар ва уларнинг остида;

- темир йўл кесишмасида;

- йўлнинг кўриниши бир йўналишда 100 метрдан кам бўлса.


10.10. Транспорт воситасини орқага ҳаракатлантираётган ҳайдовчи ҳаракатнинг бошқа иштирокчиларига халал бермаслиги керак. Зарур бўлганида хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаш учун бошқа шахсларнинг ёрдамидан фойдаланиш лозим.



XI. ЙЎЛНИНГ ҚАТНОВ ҚИСМИДА

ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИНГ ЖОЙЛАШУВИ


11.1 Рельссиз транспорт воситалари ҳаракатланадиган бўлаклар сони йўл чизиқлари ёки махсус белгилар (5.8.1, 5.8.2, 5.8.7, 5.8.8) билан белгиланади. Бундай чизиқлар ёки белгилар бўлмаган тақдирда, ҳаракат қисмининг кенглиги, транспорт воситаларининг габарит ўлчамлари ва улар орасидаги зарурий оралиқ (интервал)ларни ҳисобга олган ҳолда ҳайдовчининг ўзи аниқлайди.


11.2 Икки томонлама ҳаракатланиладиган тўрт ёки ундан ортиқ бўлакли йўлларда, қарши ҳаракатланишга мўлжалланган томонга чиқиш тақиқланади.


11.3. Икки томонлама ҳаракатланиладиган уч бўлакли йўлларда ўрта бўлакка фақат четлаб ўтиш, қувиб ўтиш, чапга бурилиш ва қайрилиш учунгина чиқишга рухсат этилади. Йўлнинг қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган четки чап бўлагига чиқиш тақиқланади.


11.4 Аҳоли яшамайдиган жойларда ҳайдовчи транспорт воситасини имкони борича қатнов қисмининг ўнг четига яқинроқ олиб ҳаракатланиши керак.

Аҳоли яшайдиган жойларда йўлнинг бир йўналишдаги ҳар қандай бўлагида ҳаракатланишга рухсат этилади. Бир йўналишда уч ёки ундан кўп бўлак бўлса, четки чап бўлакка фақат бошқа бўлаклар серқатнов бўлганда ҳамда чапга бурилиш, қайрилиш, бир томонлама ҳаракатланадиган йўлларда эса тўхташ учун чиқишга рухсат этилади.

Тўла вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк ташувчи транспорт воситалари йўлнинг чап бўлагига фақат чапга бурилиш, қайрилиш, бир томонлама ҳаракатланадиган йўлларда эса юк ортиш, тушириш учун чиқишлари мумкин.


11.5. Тезлигини соатига 40 км дан ошириши мумкин бўлмаган ёки техник сабабларга кўра тезликни бундан ошира олмайдиган транспорт воситалари қувиб ўтиш, ўзиб кетиш, айланиб ўтиш бурилиш ёки қайрилиб олишдаги тизилишдан бошқа ҳолларда, фақат йўлнинг четки ўнг бўлагида ҳаракатланишлари керак.


11.6. Бўлаклар, ҳаракат йўналиши алоҳида белгилар билан белгиланмаган, серқатнов (тирбанд) бўлганда айланиб ўтиш, ўзиб кетиш, чорраҳадан ўтиш вақтида чапда жойлашган бир йўналишдаги трамвай изидан ҳаракатланишга рухсат этилади. Бироқ бу трамвай ҳаракатига халал бермаслиги керак.

Қарама-қарши йўналишдаги трамвай изидан ҳаракатланиш тақиқланади.


11.7. Чизиқлар билан бўлакларга ажратилган йўлларда транспорт воситалари бўлаклар бўйлаб ҳаракатланишлари шарт. Қайта тизилиш вақтидагина узуқ-узуқ чизиқларни босиб ўтишга рухсат этилади.


11.8. 5. 37. белгиси билан ифодаланган реверсив ҳаракатли йўлга бурилаётган ҳайдовчи йўлнинг четки ўнг бўлаги бўйлаб ҳаракатланиши керак.

Реверсив светофордан ёки бошқа бўлакларда ҳам ҳаракатланишга рухсат берувчи 5.8.7. белгидан ўтилгандан кейингина қайта тизилиш мумкин.


11.9. Ҳамма бўлаклар банд бўлган серқатнов йўлларда ҳаракатланиш бўлагини фақат бурилиш, қайрилиш, тўхташ учунгина ўзгартиришга рухсат этилади.


11.10 Тротуар бўйлаб жойлашган савдо ва бошқа корхоналарга хизмат кўрсатувчи транспорт воситаларининг тротуарда хавфсизликни тўла таъминлайдиган ҳолда ҳаракатланишига рухсат этилади.


11.11 Секин ҳаракатланувчи транспорт воситаларининг ҳайдовчилари, қўшимча йўл бўлагига тегишли белги ўрнатилган бўлса, шу бўлакдан фойдаланишлари лозим.



XII. ҲАРАКАТЛАНИШ ТЕЗЛИГИ ВА ОРАЛИҚ МАСОФА


12.1. Ҳайдовчи белгиланган тезликни оширмаслиги, ҳаракатнинг серқатновлиги, транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти, ҳолати, йўл, об-ҳаво шароити, шунингдек йўналишдаги кўринишни ҳисобга олган ҳолда ҳаракатланиши керак.

Ҳайдовчи бирор хавф ёки тўсиқни аниқлаганда транспорт воситасининг тезлигини, зарур бўлса тухтагунга қадар камайтириши, тўсиқни бошқа ҳаракат иштирокчилари учун хавфсиз тарзда айланиб ўтиши ҳамда уни бартараф этиш чорасини кўриши керак.


12.2 Аҳоли яшайдиган жойларда барча транспорт воситаларининг тезлиги соатига 70 км дан ошмаслиги керак.


12.3 Аҳоли яшамайдиган жойларда:

- енгил ва тўла вазни 3,5 тоннадан ошмайдиган юк автомобиллари тезликни соатига 100 км дан;

- барча турдаги автобуслар, тиркамали енгил ва тўла вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари тезликни соатига 90 км дан;

- мотоцикл ҳайдовчиларига тезликни соатига 70 км дан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади.


12.4. Ҳайдовчиларга қуйидагилар тақиқланади:

- тезликни мазкур транспорт воситасининг техник тавсифномасида кўрсатилган меъёрдан ошириш;

- транспорт воситасига ўрнатилган таниқлик белгисида кўрсатилган тезликдан ошириш;

- бесабаб жуда секин юриб, бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишига халақит бериш;

- заруратсиз транспортни кескин тўхтатиш.


12.5 Ҳайдовчи, олдиндаги транспорт воситаси кескин тўхтаганда, урилиб кетмасликни кафолатловчи оралиқ масофани ва хавфсизликни таъминлайдиган ёнлама оралиқ масофани таъминламоғи шарт.


12.6 Тезликни соатига 50 км дан ошириш мумкин бўлмаган транспорт воситасининг, шунингдек тўла вазни 12 тоннадан ортиқ бўлган транспорт воситасининг ҳайдовчиси аҳоли яшамайдиган жойлардаги йўлларда ҳаракатланганда оралиқ масофани шундай сақлаши керакки, қувиб ўтаётган бошқа транспорт воситаси йўлнинг ўнг томонига бемалол қайта тизила олсин. Агар ҳайдовчи қувиб ўтишга тайёрланаётган ёки ҳаракат серқатнов бўлса, юқоридаги талаб ўз кучини йўқотади.



XIII. ҚУВИБ ЎТИШ ВА ҚАРАМА-ҚАРШИ ҲАРАКАТЛАНИШ


13.1. Ҳайдовчи қувиб ўтишни бошлашдан олдин:

- орқада ҳаракатланаётган ҳайдовчининг уни қувиб ўтишига ҳаракат қилмаётганига;

- олдинда кетаётган транспорт воситаси ҳайдовчисининг чапга бурилишга (қайта тизилишга) огоҳлантириш ишорасини бермаганлигига;

- қувиб ўтиш вақтида рўпарадан келаётган транспорт воситасига тўсқинлик қилмаслигига;

- қувиб ўтишни тугаллаганда, қувиб ўтилаётган транспорт воситасига тўсқинлик қилмасдан қайта тизила олишига ишонч ҳосил қилиши керак.


13.2. Қувиб ўтилаётган транспорт воситаси ҳайдовчисининг тезликни ошириб ёки бошқа хил ҳаракатлар билан қувиб ўтаётган ҳайдовчига тўсқинлик қилиши тақиқланади.


13.3. Қуйидаги ҳолларда қувиб ўтиш тақиқланади:

- кесиб ўтилаётган йўлга нисбатан асосий бўлган йўлларда қувиб ўтиш ҳолларидан ташқари, барча чорраҳаларда;

- темир йўл кесишмасида ва уларга 100 метрдан кам масофа қолганда;

- тепаликнинг юқори қисмида, кескин бурилишларда ва йўлнинг кўриниши чекланган бошқа жойларида.


13.4. Аҳоли яшамайдиган жойларда йўлларнинг кенглиги, ҳолати, секин ҳаракатланаётган катта ҳажмли ёки маълум тезликка амал қилаётган транспорт воситасини қувиб ўтишга халақит берса, унинг ҳайдовчиси мумкин қадар йўлнинг ўнг томонидан ҳаракатланиши, зарур ҳолларда эса тўхтаб, орқада тўпланиб қолган транспорт воситаларини ўтказиб юбориши керак.


13.5. Агар қарама-қарши ҳаракатланишдаги йўлнинг бирор бўлагида тўсиқ бўлса, тўсиқ ўз томонида бўлган ҳайдовчи йўл бериши керак.

Тегишли белгилар қўйилган тепаликларда тўсиқ бўлса, унинг қайси томондалигидан қатъи назар, нишаблик томонга қараб ҳаракатланаётган транспорт воситасининг ҳайдовчиси йўл бериши керак.



XIV. ТЎХТАШ ВА ТЎХТАБ ТУРИШ


14.1. Транспорт воситаларининг йўлни ўнг томонида, йўл ёқасида, мумкин қадар ўнгроқда тўхташи ва тўхтаб туришига рухсат этилади.

Аҳоли яшайдиган жойларда йўлнинг чап томонида тўхташ ва тўхтаб туришга фақат ҳаракатланиш бир томонлама бўлган йўлларда, ҳамда ўртасида трамвай излари бўлмаган, ҳар қайси йўналишда биттагина бўлаги бор йўлларда рухсат этилади.


14.2. Йўлнинг қатнов қисмида транспорт воситаларининг фақат бир қатор бўлиб тўхташи ва тўхтаб туришига рухсат этилади.

Кажавасиз мотоцикллар, мопедлар ва велосипедларни эса икки қатор қилиб қўйишга рухсат этилади.

Бошқа транспорт воситалари ҳаракатига тўсқинлик қилмайдиган жойларда транспорт воситаларини қатнов қисмининг четига бурчак кўринишида қўйишга рухсат этилади.


14.3. Аҳоли яшамайдиган жойларда узоқ вақт тўхтаб туриш (дам олиш, тунаб қолиш ва ҳ. к.) га фақат тўхтаб туриш майдончаси ёки йўлдан ташқарида рухсат этилади.


14.4. Транспорт воситасини ўз-ўзидан юриб кетиши ёки ҳайдовчи йўқлигида ундан фойдаланишга имкон бермайдиган зарур чоралар кўрилган ҳолдагина ҳайдовчи ўз жойини ташлаб кетиши ёки транспорт воситасини қаровсиз қолдириши мумкин.


14.5. Тўхтаб туриш жойлари тротуарга яқин бўлса, тротуарга ёндошиб тўхтаб туришга рухсат этилади. Тўхтаб туриш усули махсус белгилар билан кўрсатилганда унга тўла амал қилиниши шарт.

Енгил транспорт воситалар ва мотоциклларга йўлга туташ тротуар четида тўхтаб туриш пиёдалар ҳаракатланишига халақит бермаслик шарти билангина рухсат этилади.


14.6. Хавфсизликка таҳдид туғдирса ёки ҳаракатланишнинг бошқа иштирокчиларига халақит берадиган бўлса, тўхтаган транспорт воситасининг эшикларини очиш тақиқланади.


14.7. Қуйидаги ҳолларда тўхташ ва тўхтаб туриш тақиқланади:

- трамвай ҳаракатига халақит берса трамвай изларида ва трамвай изларига яқин жойларда;

- темир йўл кесишмаларида, тонеллар, осма кўприклар, кўприклар, осма йўллар остида;

- тўхтаган транспорт воситаси билан сидирға чизиқ орасида 3 метрдан камроқ масофа қолган жойларда;

- пиёдаларнинг ўтиш жойлари ва уларга 5 метрдан камроқ масофа қолганда;

- қатнов қисмини кесиб ўтиш чегарасига 5 метрдан камроқ масофа қолганда (сидирға чизиқ тортилган ёки йўлни ажратувчи қисми бўлган уч томонли чорраҳаларда ёндошган йўлнинг қарши томонида тўхташ ва тўхтаб туриш бундан мустасно);

- тўхташ майдонига, улар бўлмаганда эса умум фойдаланадиган транспорт воситалари ёки такси бекатларини кўрсатувчи белгиларга 15 метрдан яқинда;

- транспорт воситаси светофор ёритгичларини ёки белгиларни бошқа ҳайдовчилардан тўсиб қўядиган жойларда.


14.8. Тўхтаб туриш қуйидаги ҳолларда тақиқланади:

- аҳоли яшамайдиган жойлардаги йўлнинг хавфли бурилишларида, йўлнинг лоақал бир йўналишида 100 метрдан кам масофа кўринадиган жойларда;

- темир йўл кесишмаларига аҳоли яшайдиган жойларда 50 метрдан кам, аҳоли яшамайдиган жойларда эса 100 метрдан кам қолганда;

- кўприкларда, осма кўприк ва осма йўлларда;

транспорт воситалари ёки пиёдаларнинг ҳаракатланишига халақит берадиган бошқа жойларда.



XV. ЧОРРАҲАЛАРДА ҲАРАКАТЛАНИШ


15.1. Ҳайдовчи чапга бурилишда ёки қайрилишда қарама-қарши йўналишдан тўғрига ёки ўнгга ҳаракатланаётган транспорт воситасига йўл бериши керак.


15.2. Чапга ёки ўнгга бурилаётган ҳайдовчи ўзи бурилаётган йўлнинг қатнов қисмидан ўтаётган пиёдага, велосипедчига йўл бериши керак.


15.3. Ҳаракатланишга рухсат бир вақтда берилганда, аввал ҳаракатланиш имтиёзи трамвай ҳайдовчисига берилади.


15.4. Ҳайдовчи тўхташга мажбур бўлган ҳар қандай ҳолатда ҳам чорраҳа ёки йўлнинг қатнов қисмлари кесишадиган жойни банд қилмаслиги керак.


Тартибга солинган чорраҳаларда ҳаракатланиш


15.5. Светофорнинг рухсат этувчи ёритгичлари ёнганда чорраҳага кирган ҳайдовчи, ундан чиқиш пайтида тўхташ чизиғи бўлмаса, светофорнинг бошқа ёритгичлари ёнишидан қатъи назар, кўзда тутилган йўналишда чиқиб кетиши керак. Бироқ, чорраҳада ҳайдовчининг юрадиган йўлида жойлашган светофорлар олдида тўхташ чизиғи бўлса, у ҳар бир светофор ёритгичи ишорасига амал қилиши керак.


15.6. Ҳайдовчи светофорнинг рухсат этувчи ёритгичи ёнганда ҳаракатланишни бошлаган, бурилишни ёки қайрилишни тугатаётган транспорт воситасига йўл бериши керак.


15.7 Светофорнинг сариқ ёки қизил чироғи қўшимча қисми билан ёнганда, йўналтиргич кўрсатиб турган йўналишда ҳаракатланаётган ҳайдовчи бошқа йўналишдаги транспорт воситасига йўл бериши керак.

"Т" симон чорраҳаларда тўғрига ҳаракатланишни кўрсатиб турган қўшимча қисмли светофор ёниб турган бўлса, йўлнинг қайси бўлагида тўхташ чизиғи бўлмаса, транспорт воситаларига шу бўлакдан тўғрига ҳаракатланишга рухсат этилади.


15.8. Ҳаракатланиш қўшимча қисмли светофор билан тартибга солинган чорраҳада, бурилиш имконини берадиган бўлакда ҳаракатланаётган ҳайдовчининг тўхташи орқадаги транспорт воситаларининг ҳаракатланишига тўсқинлик қилса, у йўналтиргич кўрсатаётган йўналишда ҳаракатни давом эттириши лозим.


15.9. Агар тартибга солинган чорраҳада светофор ўчирилган ёки милтилловчи сариқ чироқ ишлаётган бўлса, ҳайдовчи ўрнатилган имтиёз белгиларига амал қилиши керак.


Тартибга солинмаган чорраҳалардан ўтиш


15.10. Тенг аҳамиятга эга бўлмаган йўллар чорраҳасида, асосий йўл бўйлаб ҳаракатланаётган транспорт воситасига йўл берилади.


15.11. Тенг аҳамиятли йўллар чорраҳасида ҳайдовчи ўнгдан келаётган транспорт воситасига йўл бериши керак.


15.12. Асосий йўлнинг йўналиши чорраҳада ўзгарганда, асосий йўлда ҳаракатланаётган ҳайдовчилар ўзаро тенг аҳамиятли йўллар чорраҳасидан ўтиш қоидасига амал қилиши керак. Иккинчи даражали йўлда ҳаракатланаётган ҳайдовчилар ҳам ўзаро шу қоидага амал қилишлари лозим.


15.13. Агар ҳайдовчи ўзи ҳаракатланаётган йўлнинг қопламаси бор-йўқлигини аниқлай олмаса (қоронғи вақтда, лой, қор ва ҳ. к., имтиёз белгилари бўлмаса, унда бу йўлни иккинчи даражали деб ҳисоблаш керак.



XVI. ПИЁДАЛАРНИНГ ЎТИШ, УМУМ ФОЙДАЛАНАДИГАН

ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИНГ ТЎХТАШ ЖОЙЛАРИ


16.1. Ҳайдовчи пиёдаларнинг тартибга солинмаган ўтиш жойларига яқинлашаркан, шу йўналишнинг қатнов қисмида бўлган пиёдаларни ўтказиб юбориш учун тезликни камайтириши ёки тўхташи керак.


16.2. Пиёдаларнинг тартибга солинмаган ўтиш жойи олдида бирор транспорт воситаси тўхтаган ёки тўхтаётган бўлса, бошқа транспорт воситасининг ҳайдовчиси тўхтаб турган транспорт олдида пиёдалар йўқлигига ишонч ҳосил қилганидан кейингина ҳаракатни давом эттириши мумкин.


16.3. Ҳайдовчи ҳар қандай ҳолларда кўзи ожиз пиёдаларга йўл бериши керак. Кўзи ожиз пиёдалар қўлида оқ ҳасса ёки ҳуштак бўлиши мумкин.


16.4. Ҳайдовчи светофорнинг яшил чироғи ёки тартибга солувчининг рухсат ишорасига қарамай, пиёдаларнинг шу йўналиш бўйича ўтиб бўлишларига имкон бериши керак.


16.5. Ҳайдовчи ҳаракатланишнинг тирбандлиги ва бошқа сабаблар туфайли тўхташга мажбур бўлган тақдирда ҳам йўлнинг пиёдалар ўтиш жойини банд қилмаслиги керак.


16.6. Ҳайдовчи бекатда (йўл ўртасида) тўхтаган трамвайга бораётган ёки ундан тушиб келаётган пиёдаларга йўл бериши керак.


16.7. "Болалар" белгиси бўлиб, тўхтаб турган транспорт воситасига яқинлашаётган ҳайдовчи қатнов қисмидан ўтаётган болалар гуруҳига йўл бериши керак.



XVII. ТЕМИР ЙЎЛ КЕСИШМАЛАРИДАН ЎТИШ


17.1. Ҳайдовчи темир йўлни кесиб ўтишда яқинлашаётган поездга (локомотив, дрезина) йўл бериши керак.


17.2. Ҳайдовчи темир йўл кесишмасига яқинлашиб келаётган поезд йўқлигига ишонч ҳосил қилиши, шлагбаум ҳолати, чироққа, йўл белгилари ва чизиқларига, навбатчининг кўрсатмасига амал қилиши керак. Навбатчининг кўкрак томони ёки орқа ўгириб, таёқча (қизил байроқча)ни бошидан юқори кўтариб туриши ёки қўлларини ён томонларига узатиб туриши ҳаракатланишни тақиқловчи ишора ҳисобланади.


17.3. Шлагбаум ёпиқ бўлганда ёки ёпила бошлаганда, шунингдек светофорнинг тақиқловчи ишорасида (шлагбаум ҳолатидан ёки унинг йўқлигидан қатъи назар) кесишмага чиқиш тақиқланади. Агар светофор, шлагбаум ишламаса ёки улар умуман бўлмаса, ҳайдовчи яқинлашиб келаётган поезд йўқлигига ишонч ҳосил қилганидан кейингина ҳаракатланиши мумкин.


17.4. Темир йўл кесишмаларида ҳаракат тақиқланганда ёки яқинлашаётган поездни ўтказиб юборишда ҳайдовчи тўхташ чизиғида, махсус белги ёки светофор олдида тўхташи керак. Улар бўлмаган тақдирда шлагбаумга 5 метр етмай, агар шлагбаум бўлмаса биринчи рельсга камида 10 метр етмасдан тўхташи керак. Поезднинг йўқлигига ишонч ҳосил қилгачгина ҳаракатни бошлаш лозим.


17.5. Ҳайдовчига ҳар қандай вазиятда темир йўл кесишмаларида тўхташ ёки уни банд қилиш тақиқланади.


17.6. Ҳайдовчи кесишмада мажбуран тўхтаганда, одамларни транспорт воситасидан тушириш ва кесишмани бўшатиш чораларини кўриши керак.

Агар транспорт воситасини кесишмадан узоқлаштиришнинг иложи бўлмаса, ҳайдовчи:

- бор имкониятлардан фойдаланиб, темир йўлнинг ҳар икки томонига из бўйлаб 1000 метр масофага икки кишини (агар бир киши бўлса, уни темир йўлнинг яхши кўринмайдиган томонига) жўнатиши, уларга поезд ҳайдовчисига тўхташ ишорасини қандай бериш кераклигини тушунтириши;

- транспорт воситаси ёнида қолиши ва умумий хатар борлиги ишорасини бериши.


*) Матнда қоидалар деб ёзиш мумкин.










































Время: 0.0183
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск