ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Темирйўл транспорти /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.09.2015 й. 269-сон "Поп - Қўқон - Андижон" участкасини электрлаштирган ҳолда "Ангрен - Поп" электрлаштирилган темир йўл линиясини қуриш" лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
17.09.2015 й.
N 269
"ПОП - ҚЎҚОН - АНДИЖОН"
УЧАСТКАСИНИ ЭЛЕКТРЛАШТИРГАН ҲОЛДА
"АНГРЕН - ПОП" ЭЛЕКТРЛАШТИРИЛГАН ТЕМИР
ЙЎЛ ЛИНИЯСИНИ ҚУРИШ" ЛОЙИҲАСИНИ
АМАЛГА ОШИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА
ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ангрен - Поп" электрлаштирилган темир йўл линияси қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2013 йил 18 июндаги ПҚ-1985-сон қарорига мувофиқ ва Фарғона водийсининг транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ангрен - Поп" электрлаштирилган темир йўл линияси қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2013 йил 18 июндаги ПҚ-1985-сон қарорига мувофиқ:
"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ томонидан "Ангрен - Поп" электрлаштирилган темир йўл линиясини қуриш амалга оширилаётганлиги;
"Ангрен - Поп" электрлаштирилган темир йўл линиясини қуриш ишларини 2016 йил июль ойида тугаллаш назарда тутилганлиги, бунда маблағларнинг "Ангрен - Поп" электрлаштирилган темир йўл линиясини қуриш лойиҳасининг тасдиқланган техник-иқтисодий асосланишига нисбатан тежалиши кутилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг узунлиги 186 км бўлган "Поп - Қўқон - Андижон" темир йўл участкасини электрлаштириш, кўрсатиб ўтилган ишларни "Ангрен - Поп" электрлаштирилган темир йўл линиясини қуриш" лойиҳаси таркибига унинг тасдиқланган умумий қиймати доирасида киритиш бўйича таклифи маъқуллансин.
3. "Ангрен - Поп" электрлаштирилган темир йўл линиясини қуриш" лойиҳасининг тасдиқланган молиялаштириш манбалари доирасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг, "Ўзбекэнерго" АЖнинг ўз маблағлари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредитлари "Поп - Қўқон - Андижон" темир йўл участкасини электрлаштириш ишларини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.
4. 2016 йил 1 апрелгача "Ўзбекистон темир йўллари" АЖга ва "Ўзбекэнерго" АЖга "Поп - Қўқон - Андижон" темир йўл участкасини электрлаштиришни ҳамда ташқи электр таъминоти объектларини қуришни лойиҳалаштириш, ишчи ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир пайтда амалга оширишга истисно тариқасида рухсат этилсин.
5. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ, "Ўзбекэнерго" АЖ ваколатли экспертиза органлари билан биргаликда "Ангрен - Поп" электрлаштирилган темир йўлини қуриш" лойиҳасининг "Поп - Қўқон - Андижон" темир йўл участкасини электрлаштириш ишларини киритишни назарда тутувчи янгиланган техник-иқтисодий асосланишини 2016 йил 1 июлгача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсинлар.
6. "Ўзбекэнерго" АЖ ўз маблағлари ҳисобига "Поп - Қўқон - Андижон" темир йўл участкасининг ташқи электр таъминоти объектлари лойиҳалаштирилишини, қурилишини ва фойдаланишга топширилишини таъминласин.
7. "Ўзбекэнерго" АЖ, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ўз маблағлари ҳисобига, тегишлигига кўра, қурилиш ҳудудидаги мавжуд муҳандислик коммуникацияларининг кўчирилишини ва уланишини, шунингдек электрлаштириладиган "Поп - Қўқон - Андижон" темир йўл участкасининг лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ муҳандислик коммуникациялари ва объектларининг уланишини таъминласинлар.
8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, "Ўзметкомбинат" АЖ, "Ўзқурилишматериаллари" АК ва "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси бош буюртмачилар томонидан ишчи ҳужжатларни ҳисобга олган ҳолда тақдим этиладиган асосланган ҳисоб-китобларга кўра, "Поп - Қўқон - Андижон" темир йўл участкасини электрлаштириш учун зарур бўлган цемент, металл прокатининг - тартибга солинадиган нархлар бўйича, ёнилғи-мойлаш материалларининг - шартномавий нархлар бўйича тўғридан-тўғри шартномаларга биноан ажратилишини ва етказиб берилишини таъминласинлар.
9. Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятлари ҳокимликлари белгиланган тартибда:
лойиҳа-смета ҳужжатларининг тақдим этилишига кўра, "Поп - Қўқон - Андижон" темир йўл участкасини электрлаштириш объектлари учун ер участкаларининг бир ой муддатда ажратилишини;
ушбу қарорга мувофиқ "Ангрен - Поп" электрлаштирилган темир йўлини қуриш" лойиҳаси таркибига киритиладиган "Поп - Қўқон - Андижон" темир йўл участкасини электрлаштириш ишлари доирасида объектлар учун ажратиладиган ер участкаларида яшаётган фуқароларнинг зарурият бўлганда ўз вақтида кўчирилишини;
кўчириладиган фуқароларга тўловлар ва компенсациялар тўлашнинг маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилишини таъминласинлар.
10. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилишини ва "Поп - Қўқон - Андижон" темир йўл участкасини электрлаштириш ишлари доирасида қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши сифати юзасидан зарур даражада давлат архитектура-қурилиш назорати амалга оширилишини таъминласин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.И. Закиров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2015 йил 21 сентябрь, 37-сон, 489-модда