язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.08.2004 й. 409-сон қарорига 6-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 28 августдаги

409-сон қарорига

6-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий

алоқалар агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш соҳасидаги давлат бошқаруви ваколатли органи ҳисобланади ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб беради.


2. Агентлик тизимига Қорақалпоғистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ташқи иқтисодий алоқалар бошқармалари, ихтисослаштирилган хўжалик ҳисобидаги ташкилотлар, хорижий давлатлардаги Агентликка қарашли ташкилотлар бўлган савдо ва иқтисодий ваколатхоналар киради.

Ҳудудий бўлинмалар икки томонлама бўйсунадилар ҳамда Агентликка ва тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига ҳисоб берадилар.


3. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорларига ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив ҳужжатларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


4. Агентлик ўз фаолиятини давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


5. Агентликни ва унинг ҳудудий бўлинмаларини моддий-техник таъминлаш, шунингдек Агентлик тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ажратиладиган маблағлар доирасида давлат бюджети маблағлари, ўзига қарашли ташкилотлар ажратмалари ҳисобига, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


6. Агентлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



II. АГЕНТЛИКНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ташқи иқтисодий фаолият соҳасида ягона давлат сиёсати ўтказилишини таъминлаш ва уни ривожлантириш стратегиясини шакллантиришда қатнашиш;

миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлилигини ривожлантириш ва ошириш ҳамда унинг жаҳон иқтисодиёти тизимига интеграциялашуви бўйича шарт-шароитлар яратиш ва чора-тадбирларни амалга оширишда қатнашиш;

республиканинг экспорт салоҳиётини ривожлантириш дастурларини амалга оширишга кўмаклашиш;

республика ишлаб чиқарувчилари товарларининг ташқи бозорларга кириб бориши учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш чора-тадбирлари комплексини амалга ошириш;

хорижий инвестицияларни жалб этиш соҳасида давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш;

ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар, халқаро иқтисодиёт ва молия институтлари, бошқа халқаро ҳуқуқ субъектлари билан савдо-иқтисодий ва молиявий ҳамкорлигини ривожлантиришни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий хавфсизлиги ва иқтисодий манфаатлари, Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш.


8. Агентлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) ягона давлат ташқи иқтисодий сиёсати ўтказилишини таъминлаш соҳасида:

тенг шериклик ва камситмаслик принципларига асосланган ташқи иқтисодий сиёсатни эркин ва тенг ҳуқуқли амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратишда қатнашади;

давлат бошқарув органларининг ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш соҳасидаги ишларини мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикасини ташқи иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларини, ташқи савдо, валюта балансининг асосий индикаторлари параметрларини шакллантиришда ҳамда мамлакатнинг валюта, божхона-тариф ва солиқ сиёсатини такомиллаштиришда қатнашади;

товарлар, шу жумладан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тўқимачилик товарлари, фуқаро авиатехникаси билан халқаро савдо қилиш, хизматлар кўрсатиш, интеллектуал мулк объектлари билан халқаро савдо қилиш, давлат харидларини, юклаб жўнатишдан олдинги инспекцияни амалга ошириш, ташқи савдода санитария, фитосанитария ва техник чора-тадбирларнинг қўлланиши соҳасида давлат сиёсати ўтказилиши билан боғлиқ тадбирларни мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Раҳбариятини ва Вазирлар Маҳкамасини ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича зарур ахборотлар билан таъминлашни амалга оширади;

ташқи иқтисодий алоқалар, товарлар билан халқаро савдо қилишнинг аҳволини, хорижий давлатлардаги иқтисодий вазиятни таҳлил қилади, конъюнктурани ўрганади ва шу асосда жаҳон товарлар ва хизматлар бозори ривожланиши тенденцияларини прогнозлаштиради, минтақавий иқтисодий интеграциялашни амалга ошириш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқади;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда эркин иқтисодий зоналар бўйича давлат сиёсатини шакллантириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

ташқи иқтисодий алоқалар муаммолари бўйича илмий тадқиқотлар ўтказилишини, Агентлик тизими ва бошқа вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва хўжалик юритувчи субъектлар ходимлари учун чет элларда қисқа муддатли ва узоқ муддатли ўқув стажировкалари ва семинарлар, Агентлик ўқув марказида, ўқиганлик тўғрисида сертификат берган ҳолда, ўқувлар ташкил этади;

электрон тижорат соҳасида савдо сиёсатини шакллантиришда қатнашади, давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ташқи иқтисодий фаолиятда электрон савдо соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

б) миллий иқтисодиётни ривожлантириш ва унинг рақобатбардошлилигини ошириш ҳамда уни жаҳон иқтисодиёт тизимига интеграциялаш соҳасида:

республика хўжалик юритувчи субъектларининг ташқи бозорларга кириб бориши учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади ҳамда ташқи иқтисодий ҳамкорликнинг турли шаклларини кенгайтиришга кўмаклашади;

Вазирлар Маҳкамасига товарлар экспорти ва импорти юзасидан миқдорий чеклашлар жорий этиш тўғрисида, товарларнинг айрим турлари экспорти ва/ёки импортига давлат монополиясини ўрнатиш тўғрисида, шунингдек товарларни олиб кириш ва олиб чиқишга нисбатан ҳимоя чоралари, компенсация, демпингга қарши чоралар ва бошқа чораларни қўллаш тартиби тўғрисида таклифлар киритади;

ҳимоя чораларини, антидемпинг ва компенсация божларини жорий этишдан олдин, белгиланган тартибда текширувлар ўтказади;

Вазирлар Маҳкамасига чет элларда Ўзбекистон Республикасининг савдо ваколатхоналарини очиш ва ёпиш тўғрисида таклифлар киритади;

республиканинг коммуникация тизимларини халқаро транспорт коммуникациялари тизимига интеграциялаш мақсадида манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда транспорт коммуникациялари, ташқи савдо юкларини ташишни мақбуллаштириш, янги транспорт йўналишлари ва йўлакларини ишлаб чиқиш соҳасида ташқи иқтисодий сиёсат масалалари бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

вазирликлар ва идоралар, хўжалик юритувчи субъектлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасида ва чет элда халқаро савдо  саноат кўргазмалари, ярмаркалар, анжуманлар, тақдимотлар, конференцияларни ва бошқа шу каби тадбирларни ташкил этади ва ўтказади, реклама-ахборот ишларини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси хўжалик юритувчи субъектларига ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда, хорижий шериклар излашда ва уларнинг ишончлилиги ва ишбилармонлигини ўрганишда ташқи иқтисодий фаолият субъектларига кўмаклашади;

ташқи иқтисодий фаолият субъектларини ҳуқуқ, нарх, валюта, молия, кредит масалалари, ташқи бозорнинг экспортга етказиб берилаётган маҳсулотлар сифатига, техник тавсифномаларига талаблари бўйича методик, ахборот ва консультатив таъминлашни амалга оширади;

импортнинг ўрнини тўлдириш ва маҳаллий хом ашё негизида тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари бўйича таклифлар киритади, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш концепциялари ва дастурларини ишлаб чиқишда қатнашади;

товарларнинг келиб чиқишини сертификациялаш, юридик шахслар томонидан, шу жумладан ўз эҳтиёжлари учун хорижий инвесторлар томонидан олиб келинадиган маҳсулотларни сертификациялаш, мамлакатда ишлаб чиқарилган, экспортга етказиб бериладиган маҳсулотларни сертификациялашни, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган четдан олиб келинадиган технология асбоб-ускуналари, эҳтиёт қисмлар, материаллар ва компонентларни маҳаллийлаштириладиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришда технология жараёнида фойдаланиладиганлар тоифасига киритиш тўғрисида хулосалар беришни мустақил амалга оширади ёки бу борадаги ваколатларни бошқаларга беради;

ўз ваколатлари доирасида ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги қонунчилик бўйича шарҳлар ва тушунтиришлар беради;

в) республиканинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш дастурларини амалга оширишга кўмаклашиш соҳасида:

республиканинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишда қатнашади, экспорт қилувчи корхоналарни иқтисодий рағбатлантириш бўйича таклифлар киритади;

энг муҳим товарларни, шу жумладан пахта толаси, рангли металлар ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳамда экспортга етказиб бериш балансларини ишлаб чиқишда қатнашади;

қисқа, ўртача ва узоқ муддатли даврда пахта толаси жаҳон бозорида вазиятнинг ривожланиши бўйича тадқиқотлар ўтказади ҳамда унинг сценарийсини ишлаб чиқади;

ташқи бозорлар талабларини ва маҳаллий моддий-хом ашё ресурсларидан тўлиқ фойдаланиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда экспортнинг турли механизмлари ва схемаларини, ишлаб чиқариш жараёнини мақбуллаштириш бўйича тавсияларни ишлаб чиқади;

ташқи сотиш бозорлари эҳтиёжини ва талабларини ўрганади, экспорт стратегиясини, шунингдек экспорт номенклатурасини кенгайтириш ва ҳажмларини кўпайтириш, экспортни маблағ билан таъминлаш механизмини такомиллаштириш, миллий товар ишлаб чиқарувчиларнинг анъанавий экспорт номенклатураси билан савдо қилишда шарт-шароитларни мақбуллаштириш ва ҳам янги воситаларни жорий этиш ҳисобига, ҳам анъанавий бўлмаган экспортнинг бошқа хил маҳсулотлар (ишлар ва хизматларни) олиб кириш ва экспорт номенклатурасини диверсификациялаш ҳисобига халқаро бозорларга чиқиши бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

миллий экспортнинг бутун номенклатураси бўйича маркетинг тадқиқотлари ўтказади ҳамда маркетинг ва таҳлилий шарҳлар тайёрлайди;

ўзининг даврий нашрлари ва техник воситалари орқали Ўзбекистон Республикасининг хўжалик юритувчи субъектларини республикада ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни сотишнинг ташқи бозорлари аҳволини, шунингдек унинг бошқа турларини сотишнинг потенциал бозорларига экспорт қилиш истиқболлари тўғрисида хабардор қилади;

экспорт қилинадиган товарлар миқдори ва сифатини эксперт баҳолаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва киритади;

республика корхоналари, шу жумладан кичик ва ўрта бизнес корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар экспортини ташкил этишда қатнашади, уларга хорижий бозорлар маркетинг тадқиқотларини ўтказишда кўмаклашади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан тақдим этиладиган ахборотлар асосида экспорт ва импорт прогнозларининг бажарилишини мониторинг ва таҳлил қилади ҳамда экспорт суръатларини, нисбатини ва самарадорлигини натурал ва нарх ифодасида прогноз қилади;

ташқи савдо инфратузилмасини электрон савдонинг жаҳон тизимига интеграциялаш, "Интернет"нинг глобал тармоғида миллий экспортчилар иштирокини кучайтириш, Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият ахборот марказини барпо этиш бўйича дастурлар ва чора-тадбирлар комплексларини ишлаб чиқади;

экспортга йўналтирилган маҳсулотлар, шунингдек экспорт маҳсулотларининг тармоқ ишлаб чиқарувчилари ва экспорт қилувчилар бўйича маълумотлар базасини шакллантиради ва юритади;

Ўзбекистоннинг ташқи савдо инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

г) хорижий инвестицияларни жалб этиш соҳасида:

давлат органларининг хорижий инвесторлар билан ишлаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини такомиллаштиришга, хорижий инвестицияларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқишда ва амалга оширишда қатнашади;

тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш учун иқтисодиётнинг устувор секторлари рўйхатини ва энг муҳим ишлаб чиқаришларни аниқлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади, йирик корхоналарни хусусийлаштириш бўйича танловлар ташкил этишда қатнашади;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида хўжалик юритувчи субъектларнинг уларга тадбиркорлик объектларида моддий ва номоддий бойликлар ва ҳуқуқлар бериш ва чет элдаги бошқа фаолият билан боғлиқ бўлган инвестиция фаолиятини тартибга солувчи чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

стратегия жиҳатидан муҳим бўлган инвестиция дастурлари ва устувор лойиҳаларни амалга ошириш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни, ташқи кредитларни жалб этади, ташкилотлар ва корхоналар томонидан тақдим этиладиган ахборотлар асосида улардан самарали фойдаланилиши бўйича мониторинг олиб боради;

инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши мониторингини, шу жумладан инвестиция шартномалари шартларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади;

ташқи иқтисодий фаолият субъектларини хорижий инвесторларни жалб этиш масалаларида ахборотлар билан таъминлайди;

хорижий инвесторларни республикадаги мавжуд потенциал инвестиция имкониятлари ва амалга ошириладиган лойиҳалар ҳақидаги ахборотлар билан таъминлайди;

тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимларини таҳлил қилади, уларни жалб этиш ва рағбатлантириш бўйича жаҳон тажрибасини ўрганади ва умумлаштиради;

д) ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш соҳасида:

ташқи иқтисодий фаолият субъектлари фаолиятини ўз ваколатлари доирасида мувофиқлаштиради ва тартибга солади;

республика ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг, хорижий жисмоний ва юридик шахсларнинг республика ҳудудидаги ҳамда чет эллардаги фаолиятини мавзули ва комплекс ўрганишни ташкил этади ва амалга оширади;

хорижий тижорат ташкилотлари ваколатхоналарини ва уларнинг ходимларини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аккредитация қилади, шунингдек ана шундай ваколатхоналар томонидан тақдим этиладиган улар фаолияти тўғрисидаги ахборотларни кўриб чиқади;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг ТИФ ТН (Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси)ни ишлаб чиқади;

республика резидентларининг чет элдаги корхоналари, филиаллари ва ваколатхоналари мониторингини амалга оширади;

қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда экспорт-импортни лицензиялайди, тегишли рухсатномалар беради;

Ўзбекистон Республикаси резидентлари иштирокида чет элда ташкил этилган корхоналар, филиаллар ва ваколатхоналарнинг давлат реестрини ва ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчилари реестрини, шунингдек хорижий тижорат ташкилотларининг аккредитация қилинган ваколатхоналари бўйича маълумотлар банкини юритади;

юридик шахс бўлмасдан тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни импорт қилувчи якка тартибдаги тадбиркорларни ташқи иқтсодий алоқалар қатнашчилари сифатида рўйхатдан ўтказади;

хорижий мамлакатларнинг сиёсий-иқтисодий аҳволи, улар томонидан қўллаб-қувватланадиган ташқи савдо режимлари, шу жумладан эркин савдо зоналарининг, божхона иттифоқларининг фаолият кўрсатиши, энг кўп қулайлик берадиган режимлар, амалдаги божхона-тариф қоидалари, лицензиялаш ва квоталаш тартиб-қоидалари, товарларнинг божхона қийматини ва келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш масалалари ва бошқа масалалар билан боғлиқ ахборотларни тўплайди ва туркумлаштиради;

ташқи савдо битишувлари ва халқаро шартномалар шартларига мувофиқ енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатлари тўғрисида хабар беради;

импорт контрактларини белгиланган тартибда олдиндан экспертизадан ўтказади, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ташқи иқтисодий фаолият субъектлари томонидан тузиладиган бошқа савдо-иқтисодий шартномаларни рўйхатдан ўтказади ва ҳисобга олади;

Ўзбекистон Республикаси ташқарисида корхоналар, филиаллар, корхоналар ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси резидентларининг сармоясини олиб чиқиб кетиш стратегияси ва тартибини ишлаб чиқиш бўйича таклифлар киритади, ўз ваколатлари доирасида чет элда республика резидентлари корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлайди;

экспорт назорати соҳасида ишларни мувофиқлаштиради ва амалга оширади, импорт қилувчи (пировард фойдаланувчи)нинг Ўзбекистон Республикасига олиб келинадиган специфик товарлар ва икки томонлама вазифага эга бўлган товарлардан буюртма берилган мақсадларда фойдаланиш тўғрисидаги кафолатини тасдиқловчи сертификатлар беради, экспорт назорати объектларининг миллий рўйхатлари бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

миллий транспорт ташкилотларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, республиканинг транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва транзит юк оқимларини жалб этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда қатнашади;

олиб келинаётган ва олиб чиқиб кетилаётган товарларни сертификациялаш қоидаларини ишлаб чиқишда, техник, фармакологик, санитария, ветеринария, экология стандартлари ва талабларини белгилашда, шунингдек ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш чоғида юклаб жўнатишдан олдинги инспекциялар, божхона расмиятчилиги, экология, ветеринария, фитосанитария ва санитария нормалари талабларига риоя этилишини таъминлашда қатнашади;

товарлар (ишлар, хизматлар) экспорти ва импортини тартибга солиш, шу жумладан стандартлар, мувофиқликни тасдиқлаш тизимлари бўйича талабларни қўллаш, товарлар хавфсизлиги нормаларига, уларни идишларга жойлаш ва маркировка қилиш қоидаларига риоя қилиш, товарга доир ҳужжатларнинг тегишли шаклларидан фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

корхоналар ва ташкилотларда маркетинг хизматлари ташкил этилишига ва фаолият кўрсатилишига методик ва амалий кўмаклашади;

е) Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар, халқаро иқтисодий ва молиявий институтлар, халқаро ҳуқуқнинг бошқа субъектлари билан савдо-иқтисодий ва молиявий ҳамкорлигини ривожлантиришни таъминлаш соҳасида:

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар, халқаро ва ҳукумат ташкилотлари билан ташқи иқтисодий ҳамкорлиги стратегиясини шакллантиришда қатнашади;

ташқи иқтисодий фаолият масалалари, шу жумладан савдо-иқтисодий, инвестиция, молия, солиқ, транспорт-коммуникация, илмий-техник ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари лойиҳаларини хорижий мамлакатлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан келишиб олади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг топшириғига кўра музокаралар ўтказади ва халқаро шартномалар тузади, шунингдек бошқа давлатларнинг ташқи иқтисодий органлари, фирмалари, компаниялари ва корхоналари ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузади;

хорижий давлатлар ва халқаро молия институтларининг техникавий, мурувват, беғараз ёрдамини ва бошқа ёрдамларини олиш жараёнини мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси делегацияларининг хорижий давлатларга давлат ташрифлари билан боғлиқ тадбирларни ахборот-таҳлил, шартномавий-ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан таъминлашда қатнашади;

хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиялар (қўмиталар, кенгашлар)нинг Ўзбекистон бўйича котибияти функцияларини бажаради;

ташқи иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича хорижий делегацияларни қабул қилиш ва уларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиши, шу жумладан кутиб олиш ва кузатишларни ташкил этиш, делегация аъзоларига визалар олиш ва уларнинг муддатини узайтириш, уларни меҳмонхоналарга жойлаштириш, уларга транспорт хизмати кўрсатиш, музокаралар, бизнес-семинарлар, конференциялар, Ўзбекистон Республикаси бўйлаб сафарларни ташкил этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар комплексини амалга оширади;

ж) Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида:

Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини чет элда белгиланган тартибда ифодалайди ва ҳимоя қилади, Ўзбекистон Республикаси вакилларининг халқаро ва хорижий ташкилотлар томонидан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этишига кўмаклашади;

Ташқи ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда ўз вакилларини Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги элчихоналари ҳузуридаги иқтисодий маслаҳатчилар сифатида йўллайди, улар фаолиятини мувофиқлаштиради;

Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия котибияти функциясини бажаради, мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига кириши, шу жумладан қонун ҳужжатларини Жаҳон савдо ташкилотининг нормалари ва қоидаларига мослаштириш бўйича тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазирликлар ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди;

Савдо ва тариф бош битими/Жаҳон савдо ташкилоти принципларига мувофиқ юклаб жўнатишдан олдинги инспекция бўйича фаолиятнинг ташкил этилишини мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикасига нисбатан ишбилармонлик амалиётини чеклайдиган ёки республиканинг хўжалик юритувчи субъектлари олдидаги мажбуриятларини ноҳалол бажарган хорижий давлатлар компаниялари рўйхатини юритади, ушбу рўйхатнинг мундарижаси бўйича ташқи иқтисодий фаолият субъектларига маслаҳат беради;

ташқи иқтисодий ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича томонларнинг мажбуриятлари бажарилиши мониторингини амалга оширади;

тижорат, валюта ва тўлов шартлари ҳамда давлат ташқи қарзлари ҳисобига ёки ҳукумат кафолатлари остида маблағ билан таъминланадиган контрактлар бўйича, шунингдек экспорт ва/ёки импорт қилишга давлат монополияси ёки миқдорий чеклашлар белгиланган товарларнинг айрим турлари бўйича ташқи савдо нархлари устидан назоратни амалга оширади;

белгиланган ҳолларда инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосланишини экспертизадан ўтказади, улар амалга оширилиши мониторингини олиб боради;

халқаро иқтисодий низоларни ҳал этиш юзасидан таклифлар киритади, хўжалик низоларини судгача тартибга солишда хорижий мамлакатларда Ўзбекистон Республикасининг хўжалик юритувчи субъектларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасида хорижий юридик ва жисмоний шахсларга белгиланган тартибда ёрдам беради;

хавфли юклар, ҳарбий техника, ҳарбий мол-мулк, портловчи моддалар ва буюмларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзити чоғида белгиланган тартибда хулосалар беради ва назоратни амалга оширади;

белгиланган ҳолларда товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида ёки унинг ташқарисида қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асосларини келишади;

товарларни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларига зарар етказмаслиги ҳақида белгиланган тартибда хулоса беради.



III. АГЕНТЛИКНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


9. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ таклифлар киритиш, қарорлар ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини келишиш;

хорижий давлатларнинг органлари, чет элда халқаро ва бошқа ташкилотлар, фирмалар, компаниялар ва корхоналар, хорижий давлатларнинг элчихоналари ва миссиялари, Ўзбекистон Республикасидаги халқаро ташкилотлар ва хорижий фирмалар, компаниялар ва корхоналар билан тўғридан-тўғри алоқаларни амалга ошириш;

хорижий давлатлар билан белгиланган тартибда техник ва иқтисодий ахборотларни айирбошлашни амалга ошириш ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ вазирликлар, идоралар ва ташқи иқтисодий фаолият субъектларидан ахборотларни сўраб олиш;

ташқи иқтисодий алоқалар, шу жумладан транспорт ва транспорт йўлаклари соҳасидаги масалалар бўйича тегишли ваколатли органлар, хўжалик юритувчи субъектлардан статистик маълумотлар, таклифлар, хулосаларни, ташқи савдо асосий индикаторлари параметрларини ишлаб чиқиш ва уларнинг бажарилишини текшириш учун зарур бўлган, шунингдек транспорт коммуникациялари соҳасида ташқи иқтисодий сиёсатнинг стратегик масалалари бўйича таклифларни ўрганиб чиқиш ва ишлаб чиқиш мақсадларида шу жумладан идоравий статистика материалларини ва бошқа ахборотнома материалларни белгиланган тартибда олиш, шунингдек юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ ёзишмалар олиб бориш;

тегишли вазирликлар, идоралар, давлат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимият ва давлат бошқаруви органлари, шунингдек корхоналар масъул шахсларининг ташқи иқтисодий сиёсатни амалга ошириш, ташқи бозорда республика манфаатларига риоя қилиниши, республиканинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш масалалари ҳамда ташқи иқтисодий алоқаларга оид бошқа масалалар бўйича ҳисоботларини эшитиш;

ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишнинг белгиланган тартибини бузаётган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва ҳолларда чоралар кўриш;

Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий алоқалари муаммолари бўйича мувофиқлаштирувчи, илмий-техник ва бошқа кенгашлар, идоралараро эксперт комиссиялари тузиш, махсус кенгашлар чақириш, шунингдек маслаҳатлар олиш, ушбу муаммоларни ўрганиш ва ҳал қилиш учун ҳам республикадан, ҳам хориждан олимлар, мутахассислар ва экспертларни шартнома асосида жалб қилиш;

ўз қурилиш моддий-техника базасини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш;

Агентлик ва унга қарашли бўлинмалар томонидан республикада ва хорижда турли хизматлар кўрсатиш ва фаолиятдан олинадиган ўз ихтиёрида қоладиган бюджетдан ташқари маблағлардан ўз моддий-техника базасини ривожлантириш ва ижтимоий мақсадлар учун фойдаланиш;

ўз ваколатлари доирасида хорижий давлат, банк ва тижорат кредитларини жалб этиш, валюта маблағларидан оқилона фойдаланилишини, Ҳукумат кафолатлари билан таъминланган кредитларнинг қайтарилишини назорат қилиш, уларнинг ҳисобини юритиш ишларида қатнашиш, шунингдек ўзига қарашли ташқи иқтисодий ташкилотларга кредитлар ҳисобига операцияларни амалга ошириш ҳамда амалга оширилиши Вазирлар Маҳкамаси томонидан Агентликка юкланган лойиҳалар бўйича кредитлар ҳисобига тузилаётган контрактларнинг кредит бериш шартларига мувофиқлигини тезкор назорат қилишни топшириш;

Агентлик ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

ходимларнинг лавозим маошларига шахсий қўшимчалар, шунингдек хорижий тилларни билиши ва белгиланган хизмат муддати учун устамалар тўлаш;

Агентликнинг ва Агентлик розилиги билан ўзига қарашли ташкилотларнинг расмий таклифига кўра Ўзбекистонга келган хорижий делегацияларнинг республика ҳудудида яшаши ва транспорт харажатларига ҳақ тўлаш;

ташқи иқтисодий алоқалар инфратузилмасини ривожлантириш манфаатларини кўзлаб ҳам республика ҳудудида, ҳам хорижда объектларни, шу жумладан хорижий фирмалар иштирокида, қуриш ва реконструкция қилишни ташкил этиш;

Агентлик тизимида бюджет маблағларидан оқилона фойдаланилишини мунтазам назорат қилиш, ўзига қарашли ташкилотларнинг тижорат, молия ва хўжалик фаолиятини текшириш ва тафтиш қилиш;

Агентлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


10. Агентлик ўз ваколатлари доирасида вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақлидир.

Агентлик зарур ҳолларда бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар чиқаришга ҳақлидир.


11. Агентлик ўзига юкланган вазифалар самарали бажарилиши учун жавоб беради.



IV. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Агентликка қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган Раис бошчилик қилади.

Раиснинг тўрт нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.

Агентлик раиси мақомига кўра вазирга, раиснинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари тегишли равишда вазирнинг биринчи ўринбосарига ва ўринбосарига тенглаштирилади.


13. Агентлик раиси:

Агентлик фаолиятига яккабошчилик асосида умумий раҳбарликни амалга оширади;

Агентлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ҳамда Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

мансабдор шахслар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, тизим мансабдор шахсларининг ваколатларини белгилайди, Агентлик фаолиятининг айрим участкаларига раҳбарлик қилиш ва Агентликка қарашли ташкилотлар иши учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги даражасини белгилайди;

Агентлик тизими ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида Агентлик марказий аппарати тузилмасига ўзгартиришлар киритади, штат жадвалини, шунингдек Агентлик марказий аппарати харажатлари сметасини тасдиқлайди;

Агентлик марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалар ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.

Агентлик марказий аппарати бўлинмалари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ташқи иқтисодий алоқалар бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

Раис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


14. Агентликда Раис (ҳайъат раиси), Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи алоқалар масалалари ахборот-таҳлил департаменти мудири (келишув бўйича), раис ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги раиси (лавозимига кўра), Агентлик, Агентликка қарашли ташкилотларнинг бошқа раҳбар ходимларидан 11 кишидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади. Ҳайъат мажлисларига, зарур ҳолларда, республика ҳуқуқни муҳофаза қилиш, молия органлари ва бошқа вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий алоқаларини бошқаришда қатнашувчи вакиллари таклиф қилиниши мумкин.

Ҳайъатнинг шахсий таркиби Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат ўзининг мунтазам равишда ўтказиладиган мажлисларида:

Агентлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ташқи иқтисодий алоқалар бошқармалари, ўзига қарашли компаниялар, фирмалар, марказлар ва ташкилотлар, савдо ваколатхоналари, Ўзбекистон Республикаси элчихоналари ҳузуридаги иқтисодий маслаҳатчилар фаолияти билан боғлиқ;

Агентлик аппарати бўлинмалари раҳбарларини, Қорақалпоғистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги раиси ва унинг ўринбосарини, ўзига қарашли ташкилотлар раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларини, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги элчихоналари ҳузуридаги иқтисодий маслаҳатчиларни белгиланган тартибда тасдиқлаш билан боғлиқ;

Ҳукумат топшириқларини бажариш ва Агентлик фаолияти прогнозлари билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади.

Ҳайъат Агентлик ваколатига тегишли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқишга ҳақлидир.

Ҳайъат унинг мажлисида аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.

Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Ҳайъат қарорлари раиснинг буйруқлари билан ҳаётга татбиқ этилади.

Ҳайъат аъзолари билан раис ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, Раис ўз қарорини амалга оширади. Келиб чиққан келишмовчиликлар тўғрисида раис Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот беради.


15. Агентлик белгиланган тартибда Агентлик тизимини, шу жумладан ўзига қарашли ташкилотлар тизимини сафарбарлик юзасидан тайёрлашга доир тадбирларни амалга оширади.


16. Агентликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 34-35-сон, 393-модда.