язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Умумий қоидалар/ Юқори ликвидли маҳсулотларнинг айрим турларини кимошди савдосида кафолатланган ҳажмларда сотиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.04.2004 й. 193-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 22 апрелдаги

193-сон қарорига

2-ИЛОВА



Юқори ликвидли маҳсулотларнинг айрим

турларини кимошди савдосида кафолатланган

ҳажмларда сотиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Валюта бозорини янада эркинлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2001 йил 22 июндаги 263-сон қарорига мувофиқ юқори ликвидли маҳсулотларнинг айрим турларини муқобил кимошди савдоси асосида хорижий компаниялар ҳамда фирмаларга эркин алмаштириладиган валютага кафолатланган ҳажмларда сотиш тартибини белгилайди, кимошди савдосини ўтказишнинг умумий тартибини ва унда қатнашиш шартларини тартибга солади, кимошди савдосини ўтказиш бўйича махсус органнинг ваколатларини, ҳисоб-китобларни ўтказиш механизмини ва кимошди савдосида сотиладиган юқори ликвидли маҳсулотнинг олди-сотди шартномаларини расмийлаштириш тартиботларини белгилайди.


2. Кимошди савдоларига юқори ликвидли товарларнинг хорижий компаниялар ва фирмаларга эркин алмаштириладиган валютага олдиндан ҳақ тўлаш шартларида, ҳам етказиб бериш муддатини кечиктирган ҳолда, ҳам тузилган контракт бўйича етказиб берган ҳолда, ушбу экспорт контрактларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлигида рўйхатдан ўтказмасдан сотишга мўлжалланган айрим турлари қўйилади.


3. Ким ошди савдосида сотиладиган юқори ликвидли маҳсулотларнинг аниқ турлари ва миқдори Ҳукумат қарори билан ҳар йили товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилиш прогнозини тасдиқлаш чоғида, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Марказий банки ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги таклифлари асосида белгиланади.


4. Юқори ликвидли маҳсулотлар айрим турларининг кимошди савдоларини зарур даражада ташкил этиш ва назорат қилишни таъминлаш учун Бирлашган барқарорлаштириш жамғармасини бошқариш кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги, Марказий банки, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси вакилларидан Юқори ликвидли маҳсулотлар айрим турларини сотиш бўйича ким ошди савдоларини ташкил этиш кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) тузилади, унинг шахсий таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Кенгаш юқори ликвидли маҳсулотларнинг белгиланган турлари бўйича уларнинг ҳар қайси ким ошди савдосига қўйиладиган аниқ миқдорларини ва лотларнинг бошланғич нархларини белгилайди, ушбу Низомга риоя этилиши, маҳсулот сотишдан тушган маблағларнинг Бирлашган барқарорлаштириш жамғармасига тўлиқ ва ўз вақтида ўтказилиши устидан назоратни амалга оширади.


5. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг шўъба корхонаси - “Ўзаукционсавдо” (кейинги ўринларда “Агент” деб аталади) юқори ликвидли маҳсулотларнинг айрим турларини сотиш бўйича кимошди савдоларини ўтказувчи ихтисослаштирилган ташкилот ҳисобланади. Агент фаолияти устидан назоратни Кенгаш амалга оширади.

Кимошди савдолари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг савдо майдончасида ўтказилади.



II. АГЕНТНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ,

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


6. Агентга қуйидаги функциялар юкланади:

кимошди савдосига қўйиладиган савдо лотлари ҳужжатларини қабул қилиб олиш ва текшириш;

кимошди савдосини ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатларни расмийлаштириш;

кимошди савдоси ўтказилиши тўғрисидаги хабарни чоп этиш;

кимошди савдоси қатнашчиларини кимошди савдоларига қўйиладиган товарлар турлари ва миқдорлари тўғрисида хабардор қилиш;

қўйилаётган лотни идентификациялаш учун потенциал қатнашчиларга ҳужжатларни тақдим этиш;

кимошди савдоси қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш ва қатнашчиларга чипталар бериш;

кимошди савдосини ташкил этиш;

кимошди савдосида қатнашиш шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

кимошди савдоси қатнашчиларини кимошди савдолари натижаларидан хабардор қилиш;

кимошди савдоларининг бориши ва натижалари тўғрисида протоколлар тузиш, кейинчалик уларни Кенгашга бериш;

кимошди савдолари ғолиблари билан олди-сотди шартномаларини расмийлаштириш ҳамда уларни божхона органида ва ваколатли банкда ҳисобга қўйиш;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функциялар.


7. Агент савдоларни ўтказиш жараёнига бевосита аралашиш, шу жумладан ушбу Низом бузилган, тил бириктириш, форс-мажор ҳолатлар аниқланган ҳолларда лотни савдодан чиқариш, савдони тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга.


8. Фақат битта қатнашчи рўйхатдан ўтказилган лот, қатнашчиларни хабардор қилган ҳолда, кимошди савдосидан чиқарилади ва ушбу лот бўйича Агент томонидан ким ошди савдоси ўтказилмаганлиги тўғрисида протокол расмийлаштирилади.



III. КИМОШДИ САВДОСИНИ

ЎТКАЗИШГА ТАЙЁРГАРЛИК


9. Агент Кенгаш қарори асосида республика ва, зарурат бўлганда, хорижий оммавий ахборот воситаларида кимошди савдоси ўтказилиши тўғрисида билдиришнома эълон қилади ҳамда хабарномаларни кимошди савдоси ўтказиладиган санадан камида 30 кун олдин трейдер компанияларга жўнатади.

Товарни етказиб берувчи билан тузилган шартнома Агент томонидан кимошди савдосини ўтказиш учун асос ҳисобланади.


10. Билдиришнома ва хабарномада қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

кимошди савдосининг ўтказилиш вақти ва жойи;

кимошди савдоларига қуйиладиган товарлар номи ва миқдор, кимошди савдосини ўтказиш, шу жумладан ғолибни аниқлаш тартиби;

кимошди савдосида қатнашиш учун тўлов миқдори;

закалат суммаси ва у ўтказилиши керак бўлган ҳисоб рақами;

етказиб бериш ва тўлов шартларига биноан бошланғич нарх;

етказиб бериш ва тўлов шартлари (товар турига кўра);

етказиб бериш муддатлари;

буюртманомаларни қабул қилиш тугайдиган муддат ва қатнашчи қатнашишни рад этган тақдирда берилган буюртманомани қайтариб олишнинг охирги муддати;

низоларни ҳал қилиш тартиби;

кимошди савдоси қатнашчиларига қўйиладиган талаблар;

олди-сотди шартномаси шакли.

Кўрсатиб ўтилган шартлар Кенгаш томонидан белгиланади.


11. Кўрсатиб ўтилган маълумотларни тақдим этиш шакли, шартлари ва қўшимча маълумотлар рўйхати Агент томонидан белгиланади.


12. Билдиришнома эълон қилинган ёки хабарнома олинган вақтдан бошлаб Агент кимошди савдосининг барча қатнашчиларига қўйиладиган лотни идентификация қилиш учун ҳужжатларни тақдим этади.

Кимошди савдосининг потенциал қатнашчилари талабига кўра товарни етказиб берувчи ҳар қайси лот намунасини танишиш учун тақдим этади.

Товарни етказиб берувчи кимошди савдосининг потенциал қатнашчиларига тақдим этиш учун маҳсулотни сотиш бўйича олди-сотди шартномаси шаклини Агентга тақдим этиши лозим.

Пахта толасини сотишда "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмаси навбатдаги кимошди савдоси бошланишидан камида 15 календарь кун олдин маҳсулотнинг сортлари, класслари, типлари, миқдори, шунингдек унинг ишлаб чиқарувчилари тўғрисида Агентни ва "Ўзпахтасаноат" уюшмасини ёзма равишда хабардор қилади. Кўрсатиб ўтилган миқдордаги сертификатланган маҳсулот савдо бошланишидан камида 10 календарь кун олдин минтақавий пахта терминалларига жўнатилади. Бунда маҳсулотни терминалларга етказиш харажатлари "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмасига юкланади. Агар кўрсатиб ўтилган миқдордаги маҳсулот савдода сотилмаса, маҳсулот "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмаси билан келишган ҳолда ташқи савдо компаниялари ва/ёки Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг контрактлари бўйича 20 кун мобайнида жўнатилади.


13. Кимошди савдосида қатнашганлик учун тўлов, қайтариб берилмаган закалатлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар кимошди савдоларини ташкил этиш учун молиявий маблағлар манбалари ҳисобланади.



IV. КИМОШДИ САВДОСИДА

ҚАТНАШИШ ШАРТЛАРИ


14. Агентга Агент томонидан белгиланган муддатда қуйидагиларни тақдим этган хорижий компаниялар ва фирмалар кимошди савдосида қатнашиш ҳуқуқига эга:

кимошди савдосида қатнашиш учун буюртманома;

Агентнинг ҳисоб рақамига эркин алмаштириладиган валютада буюртманома тақдим этилаётган лот бошланғич қийматининг 0,1 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда кимошди савдосида қатнашиш учун тўлов тўланганини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхаси;

Агентнинг ҳисоб рақамига буюртманома тақдим этилаётган лотга қараб Кенгаш томонидан белгиланган миқдорда эркин валютада закалат тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхаси;

хорижий компания ёки фирма номидан савдода бевосита қатнашувчи вакилга берилган ишончнома.


15. Агент томонидан зарур ҳужжатларни қабул қилиш ва қатнашчиларни рўйхатдан ўтказиш кимошди савдоси ўтказилишидан олдинги кунда соат 18-00 да тўхтатилади, қабул қилинган буюртманомалар эса савдо бошланишидан камида 3 соат олдин қайтариб олиниши мумкин.


16. Кимошди савдосида қатнашишга қўйилган хорижий компаниялар ва фирмаларга қатнашчининг тартиб рақами ёзилган кимошди савдоси қатнашчисининг чиптаси берилади.


17. Агар буюртманома берган хорижий компания ёки фирма мазкур Низомнинг 14-бандида белгиланган талабларни бажармаган бўлса, унинг кимошди савдосида қатнашиши рад этилиши мумкин.


18. Кимошди савдосида қатнашиш учун буюртманома берган хорижий компаниялар ва фирмалар тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмайди.



V. КИМОШДИ САВДОСИНИ

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


19. Кимошди савдоларини ўтказиш мақсадида Агент аукциончини тайинлайди, аукциончи Агентнинг ўз ходими ҳам, контракт асосида жалб этилган шахс ҳам бўлиши мумкин.


20. Агент ва аукциончи ўзлари ташкил этган кимошди савдосида қатнашчиларнинг манфаатларини ифодалаш ҳуқуқига эга эмаслар.


21. Кимошди савдосини ўтказиш тартиботи қуйидагиларни назарда тутади:

аукциончи кимошди савдоси бошлангунга қадар сотилаётган лотнинг тартиб рақамини эълон қилади, кимошди савдосига қўйилган товарни ва савдо шартларини тавсифлаб беради;

аукциончи тегишли лот бўйича кимошди савдосида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтказилган қатнашчиларнинг рўйхатдан ўтиш тартиб рақамини эълон қилади. Аукциончи томонидан тартиб рақами эълон қилинган иштирокчи кимошди савдосида қатнашаётганлигини тасдиқлаб қатнашчи карточкасини кўтариши лозим;

аукциончи лотнинг бошланғич баҳосини ва кимошди савдосининг қадамини эълон қилган вақт кимошди савдоси бошланган вақт ҳисобланади. Кимошди савдоси қадамлари тўғрисидаги қарор аукциончи томонидан ҳар бир лот учун алоҳида қабул қилинади. Зарурият бўлганда аукциончи кимошди савдоси давомида қадамни ўзгартириши мумкин;

бошланғич баҳо эълон қилингандан кейин аукциончи таклифларни кутади, агар қатнашчи қатнашчи карточкасини кўтарса - бу унинг товарни бошланғич баҳода сотиб олишга тайёрлигини билдиради;

юқорироқ баҳони таклиф этмоқчи бўлган қатнашчи ўзининг қатнашчи карточкасини кўтаради, бу белгиланган қадам бўйича баҳони оширишга доир таклиф ҳисобланади. Аукциончи биринчи бўлиб юқорироқ баҳони таклиф этган иштирокчини эълон қилар экан таклиф этилган баҳо ва мазкур қатнашчининг тартиб рақамини эълон қилади. Агар аукциончи таклиф этган баҳони уч марта эълон қилганидан кейин қатнашчилардан ҳеч ким юқорироқ баҳо таклиф этмаса, аукциончи болғачанинг учинчи зарби билан айни бир вақтда лотнинг мазкур баҳони таклиф этган қатнашчига сотилганлигини эълон қилади. Шундан сўнг мазкур лотга доир кимошди савдоси ёпилган ҳисобланади.


22. Лотнинг бошланғич баҳоси эълон қилингандан кейин уни харид қилишни хоҳловчилар бўлмаса лот кимошди савдосидан чиқарилади.


23. Кимошди савдоси ғолиби (кейинги ўринларда харидор деб аталади) ва Агент ким ошди савдоси натижалари тўғрисидаги икки нусхадаги протоколни савдо ўтказилган кунда имзолайдилар, унинг бир нусхаси харидорга берилади ва кейинчалик товарни етказиб берувчи - контракт эгаси билан олди-сотди шартномасини тузиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Протоколда етказиб берувчи ва харидор тўғрисидаги маълумотлар, товарнинг номи, товарнинг узил-кесил баҳоси кўрсатилади.

Харидор кимошди савдоси натижалари тўғрисидаги протоколни имзолашдан бош тортган тақдирда, Агент кимошди савдоси натижаларини бекор қилади. Бунда ютиб олинган лот (лотлар)нинг эълон қилинган қийматига мутаносиб закалат суммаси қайтарилмайди.


24. Агар лот бўйича кимошди савдоси лотнинг ким ошди савдосидан чиқарилганлиги ёхуд бошқа сабабларга кўра ўтказилмаган деб эълон қилинган бўлса ўтказилмаган кимошди савдосининг протоколи тузилади.



VI. ШАРТНОМАНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА

КИМОШДИ САВДОСИ ҚАТНАШЧИЛАРИ

БИЛАН ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ


25. Олди-сотди шартномаси товарни етказиб берувчи - контракт эгаси ва харидор ўртасида кимошди савдоси натижалари тўғрисидаги протокол асосида ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ, кимошди савдоси тугаган ва протокол расмийлаштирилгандан кейин икки ҳафтадан кечикмай тузилади.

Агар харидор белгиланган муддатда олди-сотди шартномасини имзоламаса, савдо натижалари Агент томонидан бекор қилиниши мумкин. Бунда харидор томонидан ютиб олинган, рад этилган лот (лотлар)нинг эълон қилинган қийматига мутаносиб закалат суммаси қайтарилмайди.

Томонлардан бири шартнома тузишдан бош тортган тақдирда иккинчи томон шартномани тузишга мажбур қилиш, шунингдек шартнома тузишдан бўйин товлаш туфайли етказилган зарар тўғрисидаги талабнома билан судга мурожаат этишга ҳақлидир.

Пахта толасини сотишда олди-сотди шартномаси ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси (кейинги ўринларда экспорт қилувчи деб аталади) ва харидор ўртасида тузилади. Экспорт қилувчи ва етказиб берувчи минтақавий пахта терминаллари билан маҳсулотни қабул қилиб олиш ва кейинчалик экспортга жўнатиш тўғрисида зарур шартномалар тузадилар. Экспорт қилувчи минтақавий пахта терминалларига ўз вақтида экспорт билдиришномалари тақдим этилишини таъминлайди.


26. Харидор билан шартнома тузиш чоғида у тўлаган закалат суммаси тузилган шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши сифатида ҳисобга олинади. Кимошди савдосининг қолган барча иштирокчиларига закалат суммаси кимошди савдоси натижалари эълон қилинган вақтдан эътиборан 3 иш куни мобайнида қайтариб берилади.


27. Олди-сотди шартномасида қуйидагилар кўрсатилади:

сотилган товарнинг номи;

сотилган товарнинг баҳоси ва миқдори;

товарни етказиб берувчи ва харидор тўғрисидаги маълумотлар;

товарни етказиб бериш шартлари;

тўлов шакли ва муддатлари;

томонлар масъулиятининг юзага келиш шартлари ва доираси;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ шартноманинг бошқа шартлари.

Савдо натижаларига кўра тузилган олди-сотди шартномаси товарни етказиб берувчига хизмат кўрсатувчи ваколатли банкда ҳамда божхона органида белгиланган тартибда ҳисобга қўйилиши керак.


28. Кимошди савдоси натижалари бўйича тузилган олди-сотди шартномаси:

юқори ликвидли маҳсулотни олдиндан тўлов асосида маҳсулот етказиб бериш муддатини кейинга суриш, шунингдек олди-сотди шартномаси тузилганлиги факти бўйича етказиб бериш шартларида сотишни;

кимошди савдоси шартларидан фарқ қилувчи маҳсулот етказиб беришга доир қўшимча шартларни назарда тутиши мумкин.

Ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотнома товарни етказиб берувчига хизмат кўрсатувчи ваколатли банк томонидан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг билдиришномаси асосида закалат суммасини ҳисобга олган ҳолда расмийлаштирилади.


29. Харидор олди-сотди шартномасига мувофиқ тўловларни шартнома имзоланган вақтдан эътиборан 20 иш кунидан кечиктирмай амалга ошириши шарт.


30. Агар харидор олди-сотди шартномасига мувофиқ белгиланган муддатда ҳисоб-китоб қилмаса, Агент кимошди савдолари натижаларини бекор қилиш ҳамда товарни етказиб берувчи билан келишган ҳолда сотилмаган миқдордаги товарни келгуси савдоларга қўйиш ҳуқуқига эга.

Ушбу ҳолларда Агент:

харидор томонидан ютиб олинган лот (лотлар)нинг протоколда кўрсатилган эълон қилинган қийматига мутаносиб ҳолда ҳисоблаб чиқилган закалатни ўз фойдасига олиб қолади;

Кенгаш қарорига кўра харидорни Агент томонидан ўтказиладиган бошқа савдоларда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилиши мумкин.


31. Кимошди савдосида сотилмай қолган лотлар кейинги кимошди савдоларига (шу жумладан охирги кимошди савдосида эълон қилинганидан бошқа баҳолар бўйича) қўйилиши мумкин.


32. Кимошди савдосини ўтказиш жараёнида пайдо бўлган эътирозлар кимошди савдоси ёпилгунга қадар Агент томонидан кўриб чиқилади. Агентнинг қарорлари юзасидан ваколатли органларга ёки суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.


33. Кимошди савдоси натижаларига оид тўлиқ маълумотлар мавжуд бўлган ҳисобот кимошди савдоси ўтказилгандан кейин икки кун муддатда Кенгашга киритилади.



VII. ЮҚОРИ ЛИКВИДЛИ ТОВАРЛАР КИМОШДИ

САВДОЛАРИДА СОТИЛГАНЛИГИ УЧУН

ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


34. Савдо натижалари тўғрисидаги протокол асосида тузилган олди-сотди шартномасида сотиб олинадиган товар учун маблағлар Агентнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Операциялар бошқармасида очилган махсус транзит валюта ҳисоб рақамига ёки Агентнинг товар етказиб берувчи ёхуд экспорт қилувчининг ваколатли банкида очилган иккиламчи валюта ҳисоб рақамига тушиши назарда тутилиши керак.


35. Агент валюта тушумини Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига, уни Бирлашган барқарорлаштириш жамғармасига мақсадли йўналтирган ҳолда, мажбурий тартибда сотади.

Бунда:

пахта толасини сотишда Агент валюта тушумининг ҳаммасини мажбурий тартибда сотади. Бунда Агент мажбурий тартибда сотишни валюта тушуми суммасининг 10 фоизгачасини чегирган ҳолда амалга оширишга ҳақли, уни олди-сотди шартномаси бўйича узил-кесил ўзаро ҳисоб-китоб қилингандан кейин сотади;

марказлаштирилмаган экспорт номенклатураси ва ҳажмларидан ажратилган товарларни сотишда Агент валюта тушумини 50 фоиз миқдорида мажбурий тартибда сотади, валюта тушумининг қолган қисмини эса товар етказиб берувчининг ҳисоб рақамига ўтказади. Бунда валюта тушумининг сотилган қисми товар етказиб берувчининг мажбурий тартибда сотиши сифатида ҳисобга олинади.

Агентнинг валютанинг бир қисмини мажбурий тартибда сотиши белгиланган тартибда амалга оширилади.


36. Агентга Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан миллий валютада тушган тушум тузилган олди-сотди шартномасига мувофиқ товар етказиб берувчи ҳисобига ёки пахта толаси экспорт қилинганда - экспорт қилувчи ҳисобига (Агентнинг Кенгаш томонидан белгиланган воситачилик ҳақи чегирилган ҳолда) ўтказилади.

Пахта толаси экспорт қилинганда экспорт қилувчи ҳисобига тушган миллий валютадаги маблағлар, пахта толасини экспорт қилиш сарф-харажатларнинг чекланган миқдорлари билан белгиланган харажатларни, шу жумладан экспорт қилувчининг 1,5 фоиз миқдоридаги воситачилик ҳақини чегирган ҳолда, товар етказиб берувчи ҳисобига ўтказилади.



VIII. КИМОШДИ САВДОСИДА

ИТИШУВЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШДА

ТОМОНЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


37. Товарни етказиб берувчи Агентга, улар асосида Агент савдо ўтказадиган бошланғич баҳолар, етказиб бериш шартлари ва муддатлари, тўлов шартлари ва бошқа шартлар бўйича ёзма ахборот берилиши учун жавоб беради.

Товарни олди-сотди шартномасида назарда тутилган миқдорда, номенклатурада, сифат ва муддатларда етказиб бериш бўйича жавобгарлик товар етказиб берувчининг зиммасига юкланади.


38. Агент ва кимошди савдоси иштирокчиларининг жавобгарлиги Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда белгиланади.


39. Агар савдода қатнашиш учун тўлов тўлангандан кейин Агент томонидан кимошди савдосини ўтказиш рад этилган ёки қатнашчи томонидан берилган буюртманома қайтариб олишнинг сўнгги муддати тугагунга қадар қайтариб олинган бўлса, Агент ўзи таклиф этган иштирокчилар томонидан тўланган тўловларни 3 иш кун мобайнида уларга қайтаради.