язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.07.1995 й. 287-сон "Ташқи иқтисодий фаолиятни янада эркинлаштириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

25.07.1995 й.

N 287



ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТНИ ЯНАДА

ЭРКИНЛАШТИРИШ ВА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида ташқи иқтисодий фаолиятни янада эркинлаштириш тўғрисида"ги Фармонини бажариш юзасидан, нотарифли тартибдан тариф тартибига ўтиш учун шарт-шароитларни таъминлаш, эксперт-импорт операцияларини амалга ошириш механизмини соддалаштириш, уни халқаро амалиётга мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

2. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси савдо-иқтисодий муносабатларда энг қулай тартибни яратиш тўғрисида битимга эга бўлмаган мамлакатлардан импорт қилинадиган товарларга нисбатан икки баравар кўпайтирилган бож пошлиналари ставкалари қўлланилади.

5.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги томонидан бериладиган лицензиялар бўйича импорт қилинадиган махсус товарлар рўйхати 5-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасига импорт қилиш (олиб келиш) тақиқланган буюмлар рўйхати 9-иловага мувофиқ;

товар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлаш қоидалари 10-иловага мувофиқ;

республикада ишлаб чиқарилган экспортга етказиб бериладиган маҳсулотни аниқлаш қоидалари 11-иловага мувофиқ;

хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар ўз эҳтиёжлари учун импорт қиладиган маҳсулотларни аниқлаш қоидалари 12-иловага мувофиқ;

экспорт-импорт юкларни расмийлаштиришда божхона органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати 13-иловага мувофиқ.

6. Белгилансинки, 3-иловага мувофиқ стратегик муҳим товарларнинг хўжаликлар ва корхоналар ихтиёрида қоладиган ҳажмларига экспорт квоталари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан бир йилда бир марта тасдиқланади.


7. Белгилаб қўйилсинки, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва унга қарашли бўлинмалар товарнинг келиб чиқишини сертификациялашни, республикада ишлаб чиқарилган экспортга етказиб бериладиган маҳсулотни сертификациялашни ҳамда хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар ўз эҳтиёжлари учун импорт қиладиган маҳсулотни сертификациялашни амалга оширадилар.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги сертификациялаш тартибини белгиловчи норматив ҳужжатларни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


8. Мулкчилик шаклларидан қатъи назар, барча хўжалик юритувчи субъектлар экспорт қилинаётган товарга белгиланган шаклдаги товарнинг келиб чиқиш сертификатларини илова қилсинлар, шунингдек, импорт қилинаётган товарларни қабул қилишни "Ўздавстандарт" марказида рўйхатдан ўтказилган ташкилотларнинг вакил қилинган экспертлари иштирокида амалга оширсинлар.


9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Давлат эҳтиёжлари учун асосий озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилувчи ташқи савдо фирмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги Низомни ҳамда ушбу фирмалар тўғрисидаги намунавий низомларни бир ҳафта муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


10. Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги Молия вазирлиги, "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси, Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда бир ой муддатда ташқи савдо фирмалари томонидан давлат эҳтиёжлари учун 15-иловага мувофиқ асосий озиқ-овқат товарлари етказиб бериш бўйича тендерлар ўтказиш тартибини ишлаб чиқсин, ушбу тартибни, шунингдек, тендер комиссияси аъзолари таркибини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


11. Адлия вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика атамашунослик қўмитаси, "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси хўжалик юритувчи субъектларини рўйхатга олишда уларга ном беришнинг ягона тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


12. Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги корхоналарни, шу жумладан, собиқ СССР субъектлари бўлган мамлакатлар билан ташқи савдо алоқаларини амалга ошираётган корхоналарни ташқи иқтисодий алоқалар иштирокчиси сифатида рўйхатга олишда фақат 4 ва 5-иловаларда кўрсатилган, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 19 апрелдаги 215-сон қарорига мувофиқ алоҳида фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияларига эга бўлганлар томонидан ишлаб чиқариладиган махсус товарлар (ишлар, хизматлар)га экспорт ва импорт номенклатурасини белгиласин.

Бошқа маҳсулотлар корхоналар томонидан экспорт ва импорт номенклатураси тақдим этилмасдан экспорт ва импорт қилинади.

14. Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 25 мартдаги 163-сон қарорининг 2-банди 2-хатбоши, 4-банди 2, 3-хатбошилари, 2, 3, 4, 5, 6-иловалари ва Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 17 ноябрдаги 558-сон қарорига 1-илова, Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 21 октябрдаги 485-сон қарорига 4-5-иловалар, Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 14 апрелдаги 210-сон қарори 2-бандининг марказлаштирилган экспорт контрактлари бўйича бож пошлиналари тўлашга оид қисми ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


15. Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари ўзларининг норматив ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.


16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосарлари Ў.Т. Султонов ва Б.С. Ҳамидов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                       И. Каримов





Вазирлар Маҳкамасининг

1995 йил 25 июлдаги

287-сон қарорига

8-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали

транзит қилиш тақиқланган буюмлар

РЎЙХАТИ


1. Қурол-яроғ буюмлари, ўқ-дорилар ва ҳарбий аслаҳалар.


2. Учувчи аппаратлар, уларнинг қисмлари, улар учун приборлар ва аслаҳалар.


3. Қурол-яроғ буюмлари, ўқ-дорилар ва учувчи аппаратлар тайёрлаш учун мўлжалланган станоклар ва машиналар.


4. Портловчи моддалар.

6. Ўзбекистон Республикасига келтириш тақиқланган буюмлар.


Эслатма: юқорида санаб ўтилган буюмларни транзит қилиш Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги томонидан бериладиган транзит учун рухсатномага кўра амалга оширилиши мумкин.






Вазирлар Маҳкамасининг

1995 йил 25 июлдаги

287-сон қарорига

9-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикасига импорт қилиш

(олиб келтириш) тақиқланган буюмлар

РЎЙХАТИ


Давлат ва ижтимоий тузумни қўпоришга, ҳудудий яхлитликни бузишга, сиёсий мустақиллик ва давлат суверенитетига қарши қаратилган урушни, террорчиликни, зўравонликни, миллий устунликни ва диний нафратни, ирқчилик ва унинг турлари (сионизм, антисемитизм, фашизм)ни тарғиб қилувчи матбаа маҳсулотлари, қўлёзмалар, клишелар, расмлар, фотосуратлар, фотоплёнкалар, негативлар, кино, видео ва аудио маҳсулотлар, грампластинка ёзувлари, овоз материаллари, шунингдек, порнографик мазмундаги материаллар.






Вазирлар Маҳкамасининг

1995 йил 25 июлдаги

287-сон қарорига

10-ИЛОВА


Товарлар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлаш

ҚОИДАЛАРИ


1. Товарлар ишла6 чиқарилган мамлакатни аниқлашнинг мазкур қоидалари Ўзбекистон Республикаси бож ҳудудига товар импортини ҳамда ушбу ҳудуддан товарлар экспортини тартибга солишнинг тарифли ва тарифсиз чора-тадбирларини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. Товарлар келиб чиққан мамлакатни аниқлаш принциплари мавжуд халқаро амалиётга асосланади.


2. Маҳсулотни Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган деб ҳисоблаш белгиланган шаклдаги товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги (кейинги ўринларда сертификат деб аталади) сертификат билан тасдиқланади.


3. Мазкур қоидалар Ўзбекистон Республикаси қатнашчиси ҳисобланган халқаро битимларга ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистон Республикасига импорт қилинадиган ва унинг ҳудудидан экспорт қилинадиган товарларга татбиқ этилади.


4. Ўзбекистон Республикаси преференцияларнинг Умумий тизими доирасида тариф преференциялари берадиган мамлакатлардан импорт қилинадиган товарларга нисбатан товарлар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлаш учун 1980 йилги "Преференцияларнинг Умумий тизими доирасида тариф преференцияларини беришда товарларнинг ривожланаётган мамлакатларда ишлаб чиқарилганлигини аниқловчи бирхиллаштирилган қоидалар тўғрисидаги битим" қоидалари қўлланилади.


5. Товарлар тўлиқ ишлаб чиқарилган ёки етарлича қайта ишланган ёки уларга ишлов берилган мамлакат товарлар ишлаб чиқарилган мамлакат ҳисобланади.


6. Қуйидаги товарлар ушбу мамлакатда тўлиқ ишлаб чиқарилган ҳисобланади:

а) унинг ҳудудида ёки ҳудуди сувларида ёки унинг континентал шельфида ва, башарти мамлакат ушбу ер ости бойликларини қазиб олишда мутлақ ҳуқуқларга эга бўлса, денгиз остидан қазиб олинган фойдали қазилма бойликлар;

б) унинг ҳудудида етиштирилган ва йиғиб олинган деҳқончилик маҳсулотлари;

в) унда туғилган ва етиштирилган тирик ҳайвонлар;

г) ушбу мамлакатда етиштирилган ҳайвонлардан олинган маҳсулотлар;

д) ушбу мамлакатда етиштирилган овчилик, балиқ овлаш ва денгиз маҳсулотлари;

е) Жаҳон океанида ушбу мамлакат кемалари ёки у томонидан ижарага олинган кемалар томонидан тутилган ва (ёки) ишлаб чиқарилган денгиз овчилиги маҳсулотлари;

ж) ушбу мамлакатда амалга ошириладиган ишлаб чиқариш операциялари ва бошқа операцияларнинг натижаси ҳисобланган иккиламчи хом ашё ва чиқитлар;

з) ушбу мамлакатга тегишли бўлган ёки у томонидан ижарага олинган коинот кемаларида очиқ коинотда олинган юқори технологияли маҳсулотлар;

и) ушбу мамлакатда истисносиз мазкур банднинг "а" - "з" кичик бандларида кўрсатилган маҳсулотлардан ишлаб чиқарилган товарлар.


7. Агар товарни ишлаб чиқаришда икки ёки ундан ортиқ мамлакат қатнашса, товарнинг келиб чиқиши "етарлича қайта ишлаш" мезонига мувофиқ аниқланади.


8. Товарни "етарлича қайта ишлаш" мезонлари ушбу мамлакатда қуйидагилар ҳисобланади:

а) товарни қайта ишлаш натижасида ТИФ ТН бўйича дастлабки 4 белгининг исталган бири даражасида ТИФ ТН бўйича товар позициясида (товарнинг таснифлаш коди)да юз берган ўзгариш;

б) товар ушбу операциялар амалга оширилган мамлакатдан келиб чиққан деб ҳисобланиши учун кифоя қиладиган ёки кифоя қилмайдиган ишлаб чиқариш ёки технологик операцияларни бажариш;

в) адвалор улуш қоидаси - товар қийматини ўзгартириш, бунда фойдаланилган материаллар қиймати ёки қўшилган қийматнинг фоиз улуши етказиб бериладиган товар нархининг белгиланган улушига етади.


9. Аниқ товарлар ёки аниқ мамлакат (мамлакатлар)га нисбатан товарларнинг келиб чиқиши мезони алоҳида айтилмаса, умумий қоидалар қўлланилади, ушбу қоидаларга мувофиқ товар, башарти Товар номенклатураси бўйича дастлабки тўрт белгилардан исталган бири даражасида товар позицияси , (товарнинг таснифлаш коди) ўзгарса, товар етарлича қайта ишланган ҳисобланади.


10. Қуйидагилар "етарлича қайта ишлаш" "мезонига жавоб бермайди деб ҳисобланади:

а) сақлаш ёки транспортда ташиш вақтида товарларни сақлашни таъминлаш бўйича операциялар;

б) товарларни сотишга ёки транспортда ташишга тайёрлаш операциялари (гуруҳларга ажратиш, жўнатишларни ташкил қилиш, навларга ажратиш, қайта ўраш);

в) оддий йиғиш операциялари;

г) товарлар (компонентлар)ни олинган маҳсулотнинг дастлабки таркибидан жиддий фарқлайдиган тус бермайдиган қилиб аралаштириш;

д) юқорида кўрсатилган икки ёки ундан кўп операциялар комбинацияси;

е) молни сўйиш.


11. Етарлича ишлов бериш мезонлари адвалор улуш орқали ифодаланган тақдирда қиймат кўрсаткичлари қуйидагича ҳисоблаб чиқилади:

а) Импорт қилинган материаллар учун - олиб келишда бож солиғи солинадиган қиймат бўйича (СИФ базасида); ёки уларнинг келиб чиқиши номаълум бўлган тақдирда - ишлаб чиқариш амалга оширилган мамлакат ҳудудидаги биринчи сотишнинг белгиланган нархи бўйича;

б) тайёр товарлар учун - франко-завод нархи бўйича ёки экспорт нарх бўйича.


12. Товарларни ишлаб чиқариш ёки транспорт шароитларига кўра бир партияда юклаб жўнатиш мумкин бўлмаганда бир неча партияларга бўлиб юбориладиган қисмларга ажратилган ёки йиғилмаган кўринишдаги товарлар, декларантнинг истагига кўра, товар ишлаб чиқарилган жойни аниқлаш нуқтаи назаридан ягона буюм сифатида қаралиши керак.

Қуйидагилар ушбу қоидани қўллаш шартлари ҳисобланади:

а) Ўзбекистон Республикаси божхона органининг бўлакларга ажратилган ёки йиғилмаган товарни бир неча партияга ажратиш тўғрисида бунинг сабаблари кўрсатилган олдиндан берган билдиришномаси, ТИФ ТН бўйича товарлар кодлари, ҳар бир партияга кирувчи товарларнинг қиймати ва улар ишлаб чиқарилган мамлакат кўрсатилган ҳолда батафсил рўйхатини тақдим этиш;

б) товарларни бир неча партияларга ажратиш хато эканлигини, агар бир неча партияга ажратилган бўлса, ҳужжатлар билан тасдиқлаш;

в) барча партияларнинг бир мамлакатдан бир етказиб берувчи томонидан етказиб берилиш;

г) барча партияларнинг бир божхона (божхона пости) орқали олиб келиниши;

д) товарларнинг барча партияларини божхона декларацияси қабул қилинган санадан бошлаб ёки биринчи партияга нисбатан уни етказиб бериш муддатлари тамом бўлгандан кейин 6 ойдан ошмайдиган муддатда етказиб бериш.


13. Товарлар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлашда уларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган иссиқлик ва электр энергияси, машиналар, асбоб-ускуналарнинг келиб чиқиши ҳисобга олинмайди.


14. Товар, агар ушбу товар ишлаб чиқарилган жойнинг белгиланган мезонларига ва бошқа шартларига мос келибгина қолмасдан, балки экспорт қиладиган мамлакатда белгиланган тартибда рўйхатга олинган корхона, фирма томонидан бевосита харид қилинса ва ушбу мамлакатдан импорт қилинадиган мамлакатга тўғридан-тўғри юклаб жўнатиш йўли билан импорт қилинса экспорт қилинган мамлакатда ишлаб чиқарилган ҳисобланади.

Географик, транспорт, техник ёки иқтисодий сабаблар оқибатида бир ёки бир неча мамлакат ҳудуди орқали транспортда ташиладиган товарлар, шунингдек, товарлар ҳамма вақт транзит қилувчи мамлакатнинг божхона назоратида бўлиши шарти билан ушбу мамлакатлар ҳудудидан вақтинча олиб ўтилганда ёки омборларда жойланганда ҳам тўғридан-тўғри юклаб жўнатиш талабларига жавоб беради.

Бундан ташқари импорт қилувчи томонидан кўргазмаларда ёки ярмаркаларда сотиб олинган товарлар ҳам ушбу товарлар кўргазма ёки ярмаркага жўнатилгандан кейин кўргазма мақсадларидан бошқа мақсадларда фойдаланилмаса ҳамда кўргазма ёки ярмарка давомида божхона назорати остида бўлса тўғридан-тўғри юклаб жўнатиш қоидаларига жавоб беради.


15. Ўзбекистон Республикаси божхона органи товарнинг ушбу мамлакатда ишлаб чиқарилганлигига ишонч ҳосил қилиш учун товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат тақдим этилишини талаб қилишга ҳақлидир.


16. Товарларни Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилишда сертификат зарур бўлганда ва бу тегишли контрактларда, импорт қилувчи мамлакат миллий қоидаларида қайд этилган ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларида назарда тутилган ҳолларда берилади.


17. Ўзбекистон Республикасининг бож ҳудудига товарларни импорт қилишда сертификат мажбурий тартибда:

а) Ўзбекистон Республикаси бож тартиби бўйича тариф преференциялари берувчи мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга;

б) ушбу мамлакатдан импорт қилиш миқдорий чеклашлар (квоталар) билан ёки ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солишнинг бошқа усуллари билан тартибга солинадиган товарларга;

в) агар бу Ўзбекистон Республикаси қатнашчиси ҳисобланган халқаро битимларда, шунингдек, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлиги, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини, жамоат тартибини, давлат хавфсизлигини ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ҳаётий муҳим манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлса;

г) божхона расмийлаштириши учун тақдим этиладиган ҳужжатларда товарлар ишлаб чиқарилган жой тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаган ёхуд божхона органи товарлар ишлаб чиқарилган жой тўғрисида ҳақиқий бўлмаган маълумотлар декларация қилинаяпти деб ҳисоблаши учун асос бўлган ҳолларда тақдим этилади.


18. Сертификат кўрсатиб ўтилган товар тегишли мамлакатда ишлаб чиқарилганлигини аниқ тасдиқлаши, яъни унга қуйидагилар бўлиши керак:

а) экспорт қилувчининг товар ишлаб чиқарилган жой тўғрисидаги тегишли мезонни қондириши ҳақидаги ёзма тасдиқномаси;

б) сертификатда берилган маълумотлар ҳақиқатга мувофиқлиги тўғрисида сертификат берган товарни ташқарига чиқарувчи мамлакат ваколатли органининг ёзма қайди.


19. Агар Ўзбекистон Республикаси билан экспорт қилувчи мамлакат ўртасидаги битимда ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, сертификатда товар тўғрисидаги қуйидаги зарур маълумотлар бўлиши керак:

а) экспорт қилувчининг номи ва манзили;

б) импорт қилувчининг номи ва манзили;

в) ташиладиган транспорт воситаси ва қатнов йўналиши (бу қанчалик маълум бўлса);

г) ўринлар сони ва ўраш-жойлаш тури, товарни идентификациялаш учун барча зарур маълумотлар мавжуд бўлган товар таърифи;

д) брутто ва нетто оғирлиги (ушбу кўрсаткичлар, масалан, транспортда ташишга товарнинг оғирлиги жиддий равишда ўзгарганда бирликлар ёки ҳажм сони ёки ушбу бирликлар товарнинг ушбу турига андозали қўлланганда бошқа кўрсаткичлар билан алмаштирилиши мумкин);

е) счёт-фактуранинг тартиб рақами ва санаси.


20. Сертификат Ўзбекистон Республикаси божхона органига машинкада ёзилган ҳолда тузатишларсиз, рус ёки инглиз, ёки француз, ёки испан тилларида тақдим этилади.


21. Сертификат юкнинг божхона декларацияси ҳамда бож расмийлаштирилишида зарур бўлган бошқа ҳужжатлар билан биргаликда тақдим этилади.

Сертификат йўқотиб қўйилган тақдирда унинг расман тасдиқланган дубликати қўлланилади.


22. Товарларнинг унча катта бўлмаган партиялари (фактура қиймати 5000 АҚШ долларигача бўлган) ишлаб чиқарилган жойни тасдиқлашда экспорт қилувчи товар ишлаб чиқарилган мамлакатни счёт-фактурада ёки товарга илова қилинган бошқа илова ҳужжатларида декларация қилиши мумкин.


23. Зарур тартибда расмийлаштирилган сертификат ёки товар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлаш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар тақдим этилмагунга қадар товар ушбу мамлакатда ишлаб чиқарилган деб ҳисобланмайди.


24. Зарур тартибда расмийлаштирилган сертификат ёки товар ишлаб чиқарилган жой тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилмаслиги товарни Ўзбекистон Республикаси бож чегараси орқали ўтказиб юборишни рад этиш учун асос бўлиб ҳисобланмайди.

Божхона органи юк Ўзбекистон Республикаси қатнашчиси ҳисобланган халқаро битимларга, ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ товарлар Ўзбекистон Республикасига киритилиши мумкин бўлмаган мамлакатда ишлаб чиқарилган деб ҳисобланиши учун етарлича асослар мавжуд бўлган тақдирдагина товарни ўтказиб юборишни рад этиши мумкин.

Ушбу банднинг иккинчи хатбоши қоидаларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган жойи ишончли равишда аниқланмаган товарлар Ўзбекистон Республикасига Ўзбекистон Республикаси бож тарифининг энг юқори ставкалари бўйича бож пошлиналари тўланган ҳолда ўтказилади.


25. 24-банднинг учинчи хатбошида кўрсатилган товарларга уларнинг ишлаб чиқарилган жойи тўғрисида товар етказиб берилгандан (ўтказиб юборилгандан) кейин камида бир йилдан кечикмай улар ишлаб чиқарилган жой тўғрисида тегишли тасдиқнома олинган тақдирда энг қулай тартиб ёки преференция тартиби қўлланилиши (тикланиши) мумкин.






Вазирлар Маҳкамасининг

1995 йил 25 июлдаги

287-сон қарорига

11-ИЛОВА


Корхоналар ўзлари ишлаб чиқарган экспортга

етказиб бериладиган маҳсулотни аниқлаш

ҚОИДАЛАРИ


1. Корхоналар ўзлари ишлаб чиқарган экспортга етказиб бериладиган маҳсулотни аниқлашнинг мазкур Қоидалари (кейинги ўринларда - Қоидалар деб аталади) "Чет эл инвестициялари ва чет эллик инвесторлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасини амалга ошириш мақсадида, шунингдек, мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотни аниқлаш тартибини такомиллаштириш ва корхоналар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотни экспорт қилишда божхона назоратини тартибга солиш зарурияти муносабати билан ишлаб чиқилган.


2. Маҳсулотни ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот деб ҳисоблаш мезони ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот сертификати билан тасдиқланади. Сертификат олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхати, уларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш тартиби, сертификат бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот сертификати тўғрисидаги Низомга мувофиқ белгиланади.


3. Мазкур Қоидалар Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги томонидан бериладиган лицензиялар бўйича экспорт қилинадиган маҳсулот турларига жорий этилади.


4. Корхоналарнинг ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот деганда тўлиқ ушбу корхонада ишлаб чиқарилган ёки қуйидаги асосий қоидаларга риоя қилинган ҳолда қайта ишлов берилган маҳсулотлар тушунилади:

а) амалдаги қонунчилик билан белгиланган ҳолларда фаолиятнинг тегишли турини амалга оширишга махсус рухсатнома мавжудлиги;

б) моддий ва (ёки) молиявий ресурслар кўринишидаги ўз асосий ва оборот фондларидан фойдаланилиши;

в) маҳсулот ишлаб чиқаришнинг асосий технологик жараёнлари ушбу корхонада иш билан доимий равишда банд бўлган ходимлар томонидан бажарилиши;

г) ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси (ТИФ ТН) позицияси рақамли кодини маҳсулотни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган таянч хом ашё ва материалларга нисбатан дастлабки тўрт белги (нефтни қайта ишлаш корхоналари учун - кейинги уч белги) бўйича тайёрланган маҳсулот таснифи ўзгартирилиши (қазиб олувчи саноат тармоқлари корхоналарининг хом ашё маҳсулотидан ташқари);

д) экспортга мўлжалланган пировард маҳсулот қийматида ушбу корхонада қўшилган қиймат камида 30 фоиз бўлиши (қазиб олувчи саноат тармоқлари корхоналарининг хом ашё маҳсулотидан ва мазкур қоидаларнинг 6, 7 ва 8-бандларида кўрсатилган маҳсулотдан ташқари).


5. Қазиб олувчи саноат тармоқлари корхоналари учун корхона томонидан ер ости бойликларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензияда белгиланган ҳажмлар доирасида ҳақиқатда қазиб олинадиган маҳсулот, шунингдек, уни қайта ишлаш натижасида ушбу корхонада тегишли ҳажмларда ишлаб чиқарилган маҳсулот ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот ҳисобланади.

Қазиб олинган маҳсулотни улушли тақсимлаш тўғрисида битим мавжуд бўлган тақдирда кўрсатиб ўтилган битимга мувофиқ корхонага бериладиган маҳсулотнинг бир қисми ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотга тегишли бўлади.


6. Маҳсулот корхонанинг ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот ҳисобланган хом ашёдан ҳамда ушбу корхона томонидан қайта ишлаш учун берилган ёки сотилган хом ашёдан ишлаб чиқарилган ҳолларда ўзи ишлаб чиқарган пировард маҳсулот деб:

хом ашё эгаси учун - маҳсулотнинг қайта ишлаш учун ҳақ тўлаш сифатида қайта ишловчи корхона ихтиёрида қоладиган қисмини чиқариб ташлаган ҳолда хом ашё қайта ишлангандан кейин олинган маҳсулотни;

қайта ишловчи корхона учун - корхонадан сотиб олинган хом ашё қайта ишланганлиги ёки хом ашёдан олинган маҳсулотга ҳақ тўлаш сифатида унинг ихтиёрида қолувчи маҳсулотни ҳисоблаш керак.


7. Нефть ва газ қазиб олувчи ҳамда нефть ва газни қайта ишловчи корхоналар учун "Ўзбекнефтгаз" корпорацияси томонидан ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни аниқлашнинг қўшимча шартлари белгиланади.


8. Мазкур Қоидаларда назарда тутилмаган ҳолларда маҳсулотни ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотга тегишли деб ҳисоблаш ҳақидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Божхона бош бошқармаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг тегишли вазирликлари ва идоралари билан келишган ҳолда қабул қилинади.






Вазирлар Маҳкамасининг

1995 йил 25 июлдаги

287-сон қарорига

12-ИЛОВА


Хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар

ўз эҳтиёжлари учун импорт қилаётган

маҳсулотларни аниқлаш

ҚОИДАЛАРИ


1. Мазкур Қоидалар "Чет эл инвестициялари ва чет эллик инвесторлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасини амалга ошириш ҳамда хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар ўз эҳтиёжлари учун импорт қилаётган маҳсулотларни аниқлаш тартибини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар ўз эҳтиёжлари учун импорт қилаётган маҳсулотлар сертификати (кейинги ўринларда сертификат деб аталади) қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар ушбу корхонанинг илтимоси (буюртманомаси) бўйича берилади.

Хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар ўз эҳтиёжлари учун импорт қилаётган маҳсулотлар сертификатининг йўқлиги амалдаги қонунчиликда назарда тутилган умумий тартибда улар томонидан амалга ошириладиган импорт бўйича фаолиятни чеклаш учун асос ҳисобланмайди.


2. Маҳсулотларни хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар (кейинги ўринларда корхона деб аталади) ўз эҳтиёжлари учун импорт қилаётган маҳсулотлар тоифасига тегишли деб топиш факти тегишли сертификат билан тасдиқланади.

Сертификатни олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхати, уларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш тартиби, сертификат бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ўз эҳтиёжлари учун экспорт қилаётган маҳсулотлар сертификати тўғрисидаги Низомга мувофиқ белгиланади.


3. Ўз эҳтиёжлари учун импорт қилинаётган маҳсулотлар деганда корхоналарнинг мол-мулки, шу жумладан, хом ашё, материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, асбоб-ускуналар ҳамда корхоналар томонидан технология жараёнида қуйидаги асосий талабларга риоя қилган ҳолда бевосита фойдаланиладиган бошқа материаллар тушунилади:

а) амалдаги қонунчилик билан белгиланган ҳолларда фаолиятнинг тегишли турини амалга оширишга махсус рухсатнома борлиги;

б) маҳсулотнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган экологик нормаларга мувофиқлиги;

в) моддий ва (ёки) молиявий ресурслар кўринишидаги ўз асосий ва оборот фондларидан фойдаланилиши;

г) ишлаб чиқаришнинг асосий технологик жараёнлари ёки маҳсулот сифатини яхшилаш ушбу корхонада доимий равишда иш билан банд бўлган ходимлар томонидан амалга оширилиши;

д) корхонанинг ишлаб чиқариш майдонларида (шу жумладан, ижарага олинган) ишлаб чиқариш технологик жараёнларининг ёки маҳсулот сифатини яхшилашнинг амалга оширилиши.


4. Сертификатда ушбу корхонанинг имкониятларидан ва ўз маҳсулотини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган импорт қилинадиган маҳсулот сарфи нормаларидан келиб чиқиб корхона томонидан ўз эҳтиёжлари учун импорт қилинадиган маҳсулот ҳажмлари кўрсатилади.


5. Корхона томонидан ўз эҳтиёжлари учун импорт қилинадиган маҳсулот сифати даражасига кўра Ўзбекистон Республикасида шунга ўхшаш маҳсулотга қўйиладиган талаблардан паст бўлмаслиги керак, бу сертификат берувчи ташкилот томонидан тасдиқланади.


6. Сертификат олган корхона ҳар олти ойда сертификат берган ташкилотга ўз эҳтиёжлари учун импорт қилинадиган маҳсулотдан фойдаланиш тўғрисида декларация тақдим этади.

Кўрсатилган декларация тақдим этилмаган тақдирда ёки агар сертификат берган ташкилот ўз эҳтиёжлари учун импорт қилинган маҳсулотдан ўз маҳсулотини ишлаб чиқариш ёки унинг сифатини яхшилаш учун эмас, балки мазкур қоидаларда назарда тутилмаган бошқа мақсадларда (қайта сотиш, бартер алмаштириш ва бошқалар) фойдаланилганлигини аниқласа, корхона амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавоб беради, шунингдек, берилган сертификатдан маҳрум этилади.


7. Мазкур Қоидаларнинг амал қилиши бўйича низоли масалалар пайдо бўлган тақдирда маҳсулотни корхонанинг ўз эҳтиёжлари учун импорт қилинадиган маҳсулотларга тегишли деб ҳисоблаш ҳақидаги қарор Ўзбекистон Республикасининг тегишли вазирликлари ва идоралари билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Божхона бош бошқармаси томонидан биргаликда қабул қилинади.






Вазирлар Маҳкамасининг

1995 йил 25 июлдаги

287-сон қарорига

13-ИЛОВА


Экспорт-импорт юкларини расмийлаштиришда божхона

органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар

РЎЙХАТИ


1. Мувофиқлик сертификати*

2. Товарнинг келиб чиқиш сертификати*

3. Контракт (шартнома, битим)

4. Божхона юк декларацияси


-------------------------

* Изоҳ: МДҲ мамлакатларига етказиб бериладиган тез бузулувчи мева-сабзавот маҳсулотларидан ташқари.